Margarete Noyman. Mariya

021

Мен, қалбнинг дўстлик ва душманлик, нафрат ва муҳаббат ҳислари яширинган чуқур тубида ҳар бир инсон ўзи алоҳида бир дунё бўлади, деб азалдан ишониб келардим. Таниш ва нотаниш кишиларни бир-бирига боғлаб турадиган ҳолат ҳам у ерга йўл топавермайди, деб ўйлардим. Баъзи бир муҳим ҳолларда қариндошлик, севги ёки бўлмаса самимий дўстлик туфайли рухсат берсаккина бир ёки бир неча кишилар у ерга йўл топа олишлари мумкин, дердим.

07

01
Маргарете Нойманн
МАРИЯ
Немис тилидан Янглиш Эгамова таржимаси
011

0мен, қалбнинг дўстлик ва душманлик, нафрат ва муҳаббат ҳислари яширинган чуқур тубида ҳар бир инсон ўзи алоҳида бир дунё бўлади, деб азалдан ишониб келардим. Таниш ва нотаниш кишиларни бир-бирига боғлаб турадиган ҳолат ҳам у ерга йўл топавермайди, деб ўйлардим. Баъзи бир муҳим ҳолларда қариндошлик, севги ёки бўлмаса самимий дўстлик туфайли рухсат берсаккина бир ёки бир неча кишилар у ерга йўл топа олишлари мумкин, дердим.

Аслида эса бундай эмас экан.

Готадаги хизмат сафарим тугагач, Берлинга қай­тиш учун кечки поездга чиқдим. Юмшоқ вагон­га чиптам йўқ эди, кассада чиптани тунги вагон бош­қа­рувчисидан ҳам олаверишим мумкинлигини айтишди. Поезд аллақачон келган эди, мен залдан югуриб ўтдим-да, дуч келган купега чиқдим. Бахтимга у ер бўш эди. Дераза ёнига ўтирдим. Агар ҳеч ким келмаса яхшиси шу ерда қолавераман, деб ўйладим. Бу ер яна иссиққина экан. Ётиб олиб ухлаб кетса ҳам бўлади. Роса толиққандим, туриб тунги вагон бошқарувчисини қидиришга ҳушим келмади. Устига устак юмшоқ вагон энг орқада эмиш. Бу ер арзонроқ ва қулай ҳам, дедим яна ўз-ўзимга.
Бироқ поезд қўзғала бошлаганда – у шундай енгил силжийдики, киши буни сезмайди, фақат ташқаридаги нарсаларнинг ортда қолаётганидангина буни пайқаш мумкин – кимдир эшикни очиб, чоғроққина кулранг жомадон ва сариқ чарм сумкани тўрга ташлади. Бурилиб қарадим: булар икки ёшгина кишилар, бир эркак ва бир аёл эди. Яхши бўлди, ўйладим мен, энди юмшоқ вагонга ўтаман.

Улар менинг рўпарамдан жой олишди, аёл дераза олдига – бурчакка, эркак эса унинг ёнига, бир-бирларига қисилиб ўтиришди. Мана шу ёнма-ён ўти­­ришда мени ҳаяжонга солган нимадир: нафақат на­фислик, шу билан бирга, босиқлик, қандайдир қуд­рат, саботлилик, майинлик, қатъийлик бор эди. Мен энди туриб кетолмаслигимни тушундим. Уларни яхшиси ёлғиз қолдиришим кераклигини билсам-да, азбаройи қи­зиқишдан шу ерда қолгим келди.

Кўринишдан улар менинг кузатаётганимни пай­қамаётгандек эди. Эркак қўлини, катта қўлини аёлнинг билагидан беозоргина ўтказиб олганди. Аёл ҳар замонда юзини унинг кифтига енгилгина қўярди. Икковлари ҳам деразадан ташқарига, аҳён-аҳёнда милт-милт чироқлар кўриниб қолаётган қоронғиликка тикилиб ўтиришарди.
Уларнинг ёшлари, касбларини аниқлашга уриндим, лекин қўлимдан келмади. Аёл у қадар чиройли эмас, чеҳраси хотиржам, буғдойранг эди. Калта қўнғир сочлари худди болаларникидек шундоққина елкасида осилиб турарди. Унинг ҳаракатлари, мўъжаз оёқлари, тиззаси айниқса нафосатли эди. Аммо, бошқа бир нарса, назаримда, бошини қуйи солиб туриши ҳамда қўллари етуклик, ақл-заковат ва дард-аламга тўла эди. Йигирма саккиз ёшларда бўлса керак, ўйладим мен, балки бундан ҳам ёшдир. Ҳануз билагидан тутиб турган эркакнинг қўли устига қўлини қўйиб кўзларини юмганида унинг ёши менга каттароқ туюлди. Ўттиз-ўттиз учларда, деб гумон қилдим. Бошқа бир пайт, у эркакнинг бир гапидан кулиб юборганида, йигирма уч ёшда, дея фикримни яна ўзгартирдим. Барибир аниқ бир хулосага келолмадим.

Эркак-чи? Аввалига у кўзимга ёшроқ кўринди. Бироқ унинг қўлларига кўзим тушди! Шу қадар азоб-уқубат тортган, шунчалар оқил, шунчалар меҳрибон. Бутун бир олам эди улар!

Унинг кўзлари қора эди. Гоҳида у аёлга нигоҳ таш­лаб қўярди, ҳатто унга қарамаган пайтларида ҳам унинг кўзларида садоқат акс этиб турарди. Мен буни тасвирлашга ожизман, ҳатто мусаввир ҳам бунинг уддасидан чиқолмаса керак. Эҳтимол мусиқада ифодалаш мумкиндир буни. У аёлни қай даражада севишини кўриб турардим.
Икковлари ҳам, ҳозирги пайтда кўпинча учраб тур­ганидек, ортиқча эътибор билан, ўта дид билан бўлмаса-да, ҳар ҳолда анча бежирим кийинишган эди. Айтиш мумкин эдики, улар ясан-тусанга у қадар диққат қилиб, беҳуда вақт сарфлаб ўтирмайдиган кишиларга ўхшашарди. Аёлнинг чап қўлидаги катта кумуш узуккина эътиборни жалб қиларди, узук унинг кичкина қўлига оғирлик қилаётган бўлса-да, унга ярашиб турарди.
Буларнинг қаршисида бир умр ўтирсам ҳам гап нимадалигини барибир билолмасам керак, деган фикр хаёлимдан кечди. Шуниси қизиқки, бу нарса гўё менга ҳам тегишлидек эди. Негалигини олдин англаёлмадим. Кейинроқ тушундим: улар қалбан шу қадар яқин эдиларки, одатда биз буни хаёлан фақат орзу қиламиз. Улар бир-бирларини ана шу орзудаги муҳаббат билан севардилар. Мен билишни истаган нарса шу эдики, улар адашмаяптимикан, хаёлий ҳисларга берилишмаяптимикан, ўз-ўзларини алдамаяптилармикан, ёки шунақаси ҳам бўлармикан? Шунақа севги ҳам бормикан?

Улар кам сўзлашишарди. Аҳён-аҳёнда бир-бир­ларига қараб қўйишарди. Икки нарса: изтироб ва бахт ёнма-ён эди. Шу тахлит узоқ йўл босдик. Чироқни ўчириб қўйдик, тунги кўк чироқ нури таъсирида купе нимқоронғи эди. Аммо мен уларнинг юзларини аниқ кўриб турардим. Ёруғ нур аёлни ортиқ ёритмай қўйгач, унинг юз ифодаси янада ўткирлашгандек туюлди. Поезд зулматни ёриб олға югурарди. Унинг оғир узук таққан қўли ҳамроҳининг қўли устида шундай ётардики, фақат бармоқларининг учигина унга тегиб турарди.
Гаплашганларида мен уларнинг сўзларига эътибор қилмасдим, балки товушларигагина қулоқ тутардим. Эркакнинг товуши хотиржам, бўғиқроқ бўлиб, “р”ни қаттиқ талаффуз қиларди. Аёлники эса, унинг тиззалари, ҳаракатлари сингари қизларга хос эди.

Ногаҳон улар соатга қарашди. Эркак: “Биламан” деди. Аёл кескин бурилиб, манглайини унинг кифтига қўйди. Кейин илғоқдан кофтасини олди, эркак эса тўрдан жомадонни олиб берди. Аёл унга қўлини узатди, сўнгра эшикка томон йўналди.

Поезд бу ерда тўхтамайди-ку, хаёлдан кечирдим мен. У қаерга бораркин? Нега ёлғиз ўзи?
У эшикни очишдан олдин, – шуниси қизиқки, эшикни унга эркак очиб бермади, аксинча, у орқада турарди – эркакка бурилиб қаради.
– Майли, Мария, боравер. Сен ухлашинг керак. Уйқуга тўймасанг, эртага қийналиб қоласан, – деди у.
– Ҳа, – жавоб берди аёл. Сўнгра бошини бурди-да, ярим эгилиб, пешанаси билан унинг юзини тағин бир силади.

У аёлни ўпади, ўйлардим мен. Муносабатларига кўра у ҳозир аёлни ўпиши керак. Лекин у қимир этмасдан қаққайиб турарди. Мен уларнинг кўзларини кўрмасдим, бироқ у кўзларда нима кечаётганини сезиб турардим.
– Ухла, эшитаяпсанми? Энди бориб ухла, – деди у яна. Аёл бош ирғади, кейин эшикни очди-да, чиқиб кетди.
Эркак ўша ҳолатда туриб қолди. Сўнгра секин бурилди-да, жойига келиб ўтирди. Бошини орқа суянчиққа ташлади. Унинг лаблари очиқ, қунишиб олганди. Аниқ билдим: улар хайрлашишди.

Мен ўз-ўзим билан курашардим. Икки кишининг шунчалар якдиллиги ҳеч қачон бўлганми, дея фикр­лардим. Бу қадар якдиллик! Бундайлар хайрлашмасликлари керак. Нима учун? Айниқса ҳозирги даврда кишиларни бир-биридан айиришга қодир қандай куч бўлиши мумкин? Қандай куч?! Қандай сабаб бўлиши мумкин?
Тўлқинланиб кетдим. Ўзимни юпатишга уриндим: эҳтимол мен адашаётгандирман. У бор-йўғи юмшоқ вагонга ўтгандир. Эртага тонгда, Берлинга етиб боргач, улар яна бирга кетаверишади. Лекин унинг юзига қараб билдимки, улар ҳақиқатан ҳам хайрлашишган эди.

У чалиштирилган қўлларини ён суянчиққа тираб, гавдасини ҳозиргина ҳамроҳи ўтирган томонга буриб олганча, поезд маромига қараб чайқалиб борарди.

Мен ўз-ўзимдан сўрардим: Бу қанақаси? Бу мени бунча ҳаяжонга соляпти? Бизнинг тезкор замонимизда ҳам икки киши бирга қолиши керакми ёки йўқми, деган масаланинг шу қадар муҳимлик касб этишига ҳожат борми? Ёки бўлмаса: инсон умид-интилишлари ўртасидаги зиддиятлар кескинлашган ҳозиргидек бир даврда яшаб туриб, бирор кишининг ўз севгилиси билан хайрлашишига шунчалик аҳамият беришга ҳаққи бормикин? Кўплаб юртларда кишилар ўз озодликлари учун жон олиб, жон бераётган бир пайтда, ҳамма халқлар янги, бахтли ҳаёт билан бир қаторда инсониятнинг умуман ҳаётини сақлаб қолиш учун тинмай курашаётган бир пайтда унинг шундай қилишга ҳаққи борми? “Мен сени севаман” деган тушунча шунчалик аҳамият касб этиши жоизми? Ишхонамизда чизмалар устида бош қотиришимизни ўйлаб кетдим: турар жой мавзелари, гаражлар, мактаблар, касалхона, спорт майдонлари, театр, стадионлар лойиҳалари, режа ва ҳисоблашларимиз билан тунгача банд бўламиз. Буларнинг қай даражада аҳамияти борлигини биламиз. Ҳозир кишини иш тамоман банд этиши зарур эмасмикан? – сўрайман ўз-ўзимдан. Мана шу хайрлашишга ўхшаган нарсалар кишига шунчалик муҳим туюлиши мумкинми, зарурмикан? Шу тахлит ўзимни сўроққа тутарканман, жавобни ҳам топдим: биз бажараётган ишларнинг бирортаси ҳам – эзилган халқларнинг озодлик учун курашларию шаҳарларнинг бунёд этилиши ҳам, халқлар осойишталиги учун оғишмай интилаётган йирик давлат арбобларининг нутқлари ҳамда кенгашларию атом урушлари хавфига қарши норозилик намойишлари ҳам – асл мақсад эмас. Буларнинг барчаси инсоният ҳаёти давомида бўлаверадиган ишлар. Шулар ичида муҳаббат энг қимматлисидир. Агар биз уни қурбон берсак, ўйлардим энди, биз амалга ошираётган ишларнинг ҳаммаси маъносиз бўлиб қолган бўларди.
Энди бошқа нарсани, ўзимнинг хайрлашганимни ўйлаб кетдим. Мен севган киши шошма-шошарлик қилиб, беҳуда ўлимга жўнаб кетди. Уни олиб қолиш қўлимдан келмаганди. Унинг қиёфаси ҳозир ҳам кўз ўнгимда: юзи қўрқув ва ҳаяжондан оқариб кетган эди. У кетди ва ортига бурилиб ҳам қарамади. Иккаламиз ҳам, у ҳақиқатни ҳимоя қилишга кетдими ёки ноҳақликними, билмасдик. Бу сўнгги урушнинг охирги йилида содир бўлганди. Ўшандан буён ҳаётимни дарз кетган чинни идишга ўхшатаман, унинг уваланиб тушишидан чўчиб яшайман. Мен мана шу эркак қаршисида ўтирарканман, буни англаб етдим.

Бироқ ўз-ўзимдан сўрардим: ҳозир, шу лаҳзада, бу қадар азоб билан хайрлашишнинг маъноси нима экан? У буни мендан яширолмайди, ахир мен унинг қанчалик ўртанаётганини кўриб турибман. Унинг қўллари ҳам буни айтиб турипти. Мен буни аёлда ҳам пайқагандим. Кўряпман-у, ўзим бундан ўртаниб кетяпман. Уларнинг изтироблари мени ларзага соляпти. Кўзларимга ёш қалққанини сездим-да, аччиғим чиқди. Нега? Нима учун? Бунга қандай сабаб бўлиши мумкин?

Эҳтимол у менинг кузатиб турганимни пайқа­ган­дир. Менга бурилиб қаради.
– Кечирасиз, – деди-да, жилмайишга уринди. Унинг олдида ноқулай аҳволда қолдим. Чунки улардаги ҳолатга мен гувоҳ эдим. Буни ҳатто янада чуқур билишга ҳам ҳаракат қилдим. Аммо мен улар учун бор-йўқлиги фарқсиз, жонсиз бир жисм бўлиб қолавердим.

Кейин у сўник товуш билан: “Жуда оғир”, деди.
Юрагимни очсам, енгил тортаман, деб ўйлагандир балки. Киши ўз бошидан кечирган воқеаларни бошқа ҳеч ким бошдан кечиролмайди, деб ўйлагани сабабли ўз кечинмаларини мутлақо бегона бир кишига тўкиб солишни истаб қолиши мумкин.

Мен бош ирғадим, ўзимни қўлга олдим-да, сў­рашга журъат қилдим.
– Нега ахир? Нега шундай бўлиши керак? Менга ишонаверинг, менинг ёшим Сиздан кўра улуғроқ. Мен ҳамиша шундай севгини орзу қилардим. Тушунаяпсизми? Лекин ҳеч қачон шундай бўлмаган. Бунақаси ҳар доим ҳам бўлавермайди, менга ишонинг, – дедим.
– Биламан, – жавоб берди у, – эҳтимол гапирсам дуруст бўлар. Бир бошдан сўзлаб бергандагина кўп нарса бирмунча ойдинлашади. Истасангиз, сўзлаб беришим мумкин…

У ҳикояни шу заҳотиёқ бошламади. Биз хийла муддат жим қолдик. Поезд дала бўйлаб тун қўйнида елиб борарди. Купе нимқоронғи ва иссиқ эди. Вақтимиз кўп, Берлингача ҳали анча йўл бор. Биз чуқур пастқамликда жойлашган бир қишлоқ ёнидан ўтдик. Баъзи уйларда ҳали чироқлар кўринарди. Тор, узун бир бинонинг деразалари қандайдир қизғиш нур таратиб турарди.

– Қаранг, инкубатор, – деди, у энди очилиб гапирарди. – У ерда ҳамма нарса кун сайин ўзгариб туради. Биз буни кўрамиз-да, ҳа, бу табиий ҳол, деб қўяверамиз. Ҳатто бунинг янада тезроқ, тубдан ўз­гаришини хоҳлаймиз. Буни мутлақо янгилашни истаймиз ва шунга интиламиз. Фақат бизнинг ўзимиз, қалбимиз, демоқчиман, яъни инсонлар орасидаги муносабатлар қандай бўлса шундайлигича қолаверса керак, деб ўйлаймиз. Улар бир-бирларини азалдагидек севаверадилар ва бирга қола оладиларми-йўқми, деган масала ҳам назаримизда аллақачон ҳал этилган. Лекин кейин нима бўлади, бу ҳақиқий севгими? – бу ҳақда сўраб ҳам ўтирмаймиз.

– У қай даражада юксак ёки камроқ қадрланади, демоқчимисиз?
– Йўқ, – деди у, – буни мен у қадар оддий тасаввур қилмайман.
Унинг чеҳраси ҳам энди бошқача эди, у менга каттароқ, шу билан бирга, қатъийроқ кўринди. Товуши ҳам бир оз равшанроқ туюлди.
– У қадар оддий эмас, – такрорлади у. – Мен уч йиллик армия хизмати давомида мудом бир қизни ўйлардим. Бунинг нималигини ўзингиз тушунасиз: киши ҳамиша – кечаси ҳам, бирор ёққа бораётганида ҳам ёки постда турганида ҳам, хуллас, ўзи холи қолдими, бас, хаёл суришга тушади. Хизмат орасида таътилга келганим заҳотиёқ унинг ҳузурига шошилардим. Хизмат муддатим тугагач, нималар қилишимиз ҳақида ширин орзулар қилардик. Бугун бир нарсани хаёл қилсак, эртасига бошқасини ўйлаб топардик, қисқаси, биргаликдаги ҳаётимизнинг қандай бўлиши хусусида хаёл суришдан чарчамасдик.

Бир-биримизни кўпдан билардик. Ҳунар мактабида ўқиб юрган пайтимизда танишгандик. Мен механикликка ўқирдим, у эса слесарликка. Ўқишни тугатганимдан кейин анча вақт бир корхонада ишладик. У қизлар ичида энг чиройлиси эди. Бу мақтов эмас, аслида шундай эди. Шундай қиз мени ёқтирганидан бениҳоя бахтли эдим. Ҳамманинг менга ҳаваси келарди.

У оқишдан келган, сочлари узун қиз эди. Уста ҳамиша ундан сочини қирқтириб ташлашни талаб қиларди. Ростдан ҳам шундай қилмаса эди, деб хавотирланардим. Чунки унинг сочлари рўмол ичига сиғмасди. Биласизми, айниқса у ишга тамоман берилиб кетган пайтларда йўғон соч ўримлари тушиб кетаверарди. У сочларини қирқтирмади, чунки мен унга, сочларингни ўқувчи қизлардек иккита қилиб ўриб қўйсанг менга ёқади, дегандим. Диди ҳам баланд эди, айтганча, унинг исми Вера. Чиройли исм-а, шундай эмасми? Бир корхонада ишлаган кезларимизда уйга ҳам кўпинча бирга қайтардик. Автобусда қатнардик, деярли ярим соатлик йўл эди. Эрталаб тағин учрашардик.

Бир куни ишдан кейин кинога бордик. Мен эндигина ўқишимни тугатган, у ҳалиям ўқирди. У мендан бир ёш кичик. Экранда нималар бўлганини билмайман, унинг ёнида ўтирганимни эслайман, холос. Унинг жиддий томоша қилишини кузатардим, ҳис-туйғулари юзида акс этарди. Шу пайтгача у менга ёқарди, холос. Энди эса қандайдир бир илиқликни ҳис этдим, суянчиқда менинг қўлим ёнида турган қўлини оҳиста силагим келди. Уйга қайтишда елкасига қўлимни қўйдим, у қаршилик қилмади. Илгари мен уни уйигача кузатмасдим. Бу сафар бирга бордим. Дарвоза олдида у менга қўлини узатди, кейин дарҳол югуриб кетди. Биз гўдакларга ўхшардик. Мен ҳам бахтли, ҳам мағрур эдим. Кейинроқ, армия хизматида бўлган пайтимда биз ўпишдик. Ҳамманинг менга ҳаваси келарди: шаҳримиздагилар уни билганлари учун, хизматдош дўстларим суратини кўрганлари учун. Тез-тез ёзишиб турардик. Таътиллар орасидаги кунларни санаб ўтказардик. Бир куни яқин жойда машқ ўтаётганимизда кечқурун бир соатга яшириқча келдим. Хизматим тугашини орзиқиб кутардик.

У жим бўлиб қолди ва деразадан ташқарига назар ташлади. Мен энди унинг юзини ён томондан кўриб турардим. У хотиржам, ўзини тутиб олган, бир оз жонланган эди.
– Ўша кунлар ҳозир менга узоқ ўтмишдек туюлади, – сўзида давом этди у ниҳоят, – ваҳоланки бу ўтган йилги воқеа. Биз уззукун бирга бўлардик. У ҳали ҳам ўша корхонада ишларди. Усталар тайёрлайдиган курс­да ўқимоқчи эди. Армиядан қайтгач, мен машинасозлик соҳасини танладим ва пайвандчи бўлиб ишга жойлашдим. Менинг ҳам ўз режаларим бор эди: хизмат даврида курсда ўқиб аттестат олгандим. Энди сиртдан ўқий бошладим. Машинасозликка, тушунаяпсизми?

Мен бош ирғадим. Мени қандайдир қувонч чулғаб олганди. У ҳикоя қилар экан, менга илгаригидан кўра бошқача бир тарзда сирдош, яқин бўлиб қолганди. Шу лаҳзада ундаги турли-туман хислатларнинг бир-бирига қўшилиб кетганини пайқадим: у ёш, келажакка ишонган, кучга тўлиқ эди. Унда олдин кузатганим меҳрибонлик, етуклик, мулойимлик ва сезгирлик хусусиятлари энди уни янада кучли ва қувноқ кўрсатарди.

У назарини мендан олиб, яна ташқарига – липиллаб ўтаётган зулматга тикилганча сўзида давом этди.
– Вера иккимиз анчагача “кейин, кейин” деб юрдик. Ниҳоят мана шу кейин ҳам етиб келди. Гоҳида шундай туюлардики, гўё бизнинг бунга журъатимиз етмасди. Биз ёнма-ён ўтирардик-да, ниманидир кутардик. Хийла вақт буни унутиб юборардик, аммо кейинроқ кутиш ҳисси борган сари кучайиб борди. Ҳали ёшмиз, дея ўзимизни овутардик. Бироқ бу ҳам сабаб эмаслигини билардик. Вера йигирма бирда эди. Бизга етишмаган нарса фақатгина бизни улғайтираётган вақтнинг ўтиши эмас эди. Баъзан ўзим ёлғиз қолган чоғларимда вақтнинг ўтишидан қўрқиб кетардим. Мана биз биргамиз, бироқ шундай пайт келадики, бу биргаликнинг бошланиши эмас, балки ниҳояси бўлади ва вақт ҳамма чизиқларни ўчириб ташлайди, деб хаёл қилардим.
Биз яна “кейин” дея бошладик. “Кейин, ўз бошпанамизга эга бўлганимиздан сўнг”, “ундан кейин болаларимиз бўлади”, деярдик. Бироқ бу ҳам гарчи дастлаб бизни бирмунча овутган бўлса-да, умуман ҳеч нарсани ўзгартиролмаслигидан қўрқардик. Шу сабабли гоҳида келажак ҳақида сўзлашадиган бўлсак, у қадар шошилмасдик ҳам. Кўнглимизнинг нотинчлигини, тушкунликка тушишимизни бир-биримиздан яширишга уринардик ва бу ҳолатни ё хафагарчиликка, бирор кўнгилсизликка ёки бўлмаса шунга ўхшаш нарсаларга ағдарардик.
Ёзда бирга таътилга чиқдик. Чодир сотиб олдик-да, мен болалигимдан билган кўл бўйига жўнаб кетдик. Мактабда ўқиб юрганимизда уч ҳафтани у ерда роса мазза қилиб ўтказгандик. Бу ҳақда ўйлаганимда кўз олдимга ложувард осмон ҳамда сувнинг оёқларим остида ёқимли тўлқинланиб қирғоқ тошларига урилиши келарди. Вера иккимиз бир неча ҳафта давомида нуқул шу ҳақда гаплашдик. Жўнайдиган кун етиб келгач, азонлаб мотоциклга ўтирдик. Биз қувонч ва сабрсизликдан тошиб борардик. Туш бўлмай етиб келдик, чодирни тикдик ва юкхалталардаги нарсаларни чиқардик. Ундан кейин сув бўйига, қўнғир харсанг тошлар устига ўтирдик. Кейин ўрмонга югуриб кетдик, биздан бошқа жон зоти йўқ эди. Кунларимизни роса гаштли ўтказамиз, деб ўйлагандик.

Дастлаб ҳаммаси кутганимиздек бўлди. Биз қуёшда тобланиб ётганча дарахтларни томоша қи­лар­дик. Айниқса кечқурунлари сув ҳаводан кўра илиқ­роқ бўлган пайтларда узоқ-узоқларга сузиб кетардик. Ўт босиб кетган эгри-бугри сўқмоқлар бўйлаб мириқиб кезардик. Қушларнинг сайрашига қулоқ тутардик ва уларнинг номларини бир-биримизга айтардик.
Биз ҳануз кутаётганимизга иқрор бўлишдан тортинардик.

У бир зум жим бўлиб қолди. Кейин изоҳ берди:
– Тўғриси буни ўзимиз ҳам англаб етмасдик. Бунинг ҳаммаси кўпроқ нотинчлик эди чамамда. Рост. Бизнинг биргаликдаги ҳаётимиз ҳеч қачон шу кўраётганимиздан ортиқ нарса беролмас эди. Биз бир-биримизни тушунардик, яширадиган сирларимиз ҳам йўқ эди. Ҳамма нарса ҳақида бир-биримиз билан ўртоқлашардик. Бизга нимадир етишмаслигини ҳеч тан олмасдик. Бахтли эканимизга иқрор бўлардик. Вера жуда гўзал, келишган, сарвқомат эди.

У бурчакка суяниб олганди. Мен унинг чеҳраси­да­ги нурни кўриб турардим, холос. Сўнг анави, бошқаси келган, хаёлдан кечирдим мен.

У яна олдинга эгилди-да, юзини қўллари билан бекитди. У шу қадар секин гапирардики, мен уни анг­лаб олишга зўр бериб уринардим. Дарвоқе, у менга гапирардими?
– Кейин Мария келди. Икки чодир тўла ўғил ва қиз болалар келишди. Улар икки аёл – бир муаллима ва болалардан бирининг онаси бошчилигида эди. Улар чодирларини ялангликнинг нариги четига тикишди. Биз уларни сувдагина кўрардик. Вера иккимиз кун бўйи яшил соябон остида ёнма-ён, бир-биримизнинг тафтимизни, томир уришимизни ҳис этиб сўзлашмасдан ётардик. Веранинг елкалари, сони ва узун жигарранг оёқлари менга тегиб турарди. Мен Верани меҳр ва шу билан бирга, аллақандай ачиниш билан кузатардим. Биз тез-тез бир-биримизни, ўтларни, гулларни, сув устига эгилган дарахтларни суратга туширардик, гўё шу билан ўткинчи нарсани тутиб қолмоқчи бўлардик.

Бир куни кечқурун Мария бизнинг олдимизга келди. Улар гугурт сотиб олишни унутишган экан. Болалар ухлагач, муаллима билан икковлари келишди. Негадир мен аксинча ўйлабман: Марияни муаллима, анави малла сочли аёлни эса болалардан бирининг онаси дебман. Мария ўғли ҳақида сўзлаб бергачгина буни билдим.
Бу менга ғалати таъсир қилди. Унинг ўғли ҳақида гапириши ғалати таъсир қилди. Сўзлаш оҳанги ҳам ғалати таъсир қилди. Ҳаётида қандайдир бахтсизлик бўлганини дарҳол англаб етдим.

Биз болалар ҳақида сўзлашдик. Мен мактабда ўқиб юрганимда, худди шу тарзда, мана шу ерларда бўлганимни гапириб бердим. Ўқувчилик давримизда бўлган қизиқ воқеалар, шўхликларимиз ҳақида ҳикоя қилдик. Суҳбат чоғида малла сочли муаллима сув устига эгилган дарахтга суяниб ўтирар, Вера икковимиз ҳали қуёш тафти кетмаган тошлар устида ўтирардик. Мария бўлса салгина четроқда, бизнинг қаршимиздаги биз ясаган тошкурсида, сувга қараб ўти­рар, фақат гапиргандагина биз томонга буриларди.

Мен уни аллақачон севиб қолганмидим-йўқми, билмайман. Аммо у бизга бурилганда, гўё мен қўлимни Веранинг елкасидан олишим керакдек туюларди. Мен бундай қилмасдим. Аксинча, уни ўзимга янада яқинроқ тортардим. Гўё шу билан Вераними ёки ҳар иккимизними, нимадандир ҳимоя қилмоқчидек бўлардим.

Шу кундан сўнг мен Марияни ахтарадиган бўлиб қолдим, аввалига буни англаб етмадим. Бироқ уни кўрсам ёки овозини эшитсам, алланечук титраб кетардим. Бир неча кундан кейин ўзимча пинҳона унинг ҳар лаҳза қаердалигини белгилаб юрадиган одат чиқардим. У ҳозир чодирда. Энди болалар билан копток ўйнаяпти. Энди ёй отишни машқ қилишаяпти. Ҳозир ёлғиз ўзи чўмилишга кетди. Ёки бўлмаса: ҳозир қишлоққа харид қилишга кетди. Бир куни тушдан кейин унинг қаердалигини анчагача билолмадим. Қанча кузатган бўлмайин, унинг бирор ёққа чиққанини кўрмагандим. Мен уни билмайман-ку, ахир, дердим ўз-ўзимга. Мен нима истайман ўзи? Бирортаси уни йўқлаб келган бўлиши ҳам мумкин-ку. Улар ҳозир ша­ҳарда, бирор кафеда бирга ўтиришгандир эҳтимол, нега бўлмасин. Бунинг менга нима алоқаси бор? Бироқ Мария ҳақида хаёл суришдан энди ўзимни тиёлмасдим. Вера буни сезардими-йўқми, билмайман. Биз чўмилиб чиқиб қуёшда тобланардик. Вера билагини менинг бошим остидан ўтказиб олганди. Бошимни буриб, унинг билагини юзимда ҳис этдим. Қалбан у билан эмаслигимни сезиб қолишидан қўрқардим. Ўзимни қўлга олишга уринардим. Лабларим билан билагини силадим. Бу ахир ёлғон-ку, деб ўйладим-да, титраб кетдим. Вера туриб ўтирди-да, менга қаради.
– Нима бўлди – сўради у, – совқотаяпсанми?
Мен бош ирғадим.

Мария ҳақида сўз очиш учун гап айлантириб, ҳозир ёдимда йўқ, қандайдир бир баҳона топдим.
– У менга ёқади, – деди Вера. – У баъзи аёллардан кўра мустақилроқ, қатъийроқ. Мана шу хусусият менга ёқади. Диди ҳам чакки эмас.

Биз унинг ким бўлиб ишлаши хусусида баҳс­лаш­дик, тахмин қилдик.
– У врач, – деди Вера.
– Рассомми ёки шунга ўхшаш бирор касбдадир, – дедим мен.
Бари бир аниқ бир фикрга келолмадик. Анча тортишдик. Мария ҳақида сўзлашиш менга хуш ёқарди. Кечқурун Мариянинг ўзидан касбини сўраб олишга келишдик. Вера, кечқурун, деди, мен кечқурун Мариянинг бу ерда аниқ бўлишига гумон қилсам-да, майли, кечқурун, деб қўяқолдим.

Мен кеч тушишини кута бошладим. Чунонам кутдимки, ҳатто у келганда, – гўё у менинг сабрсизлик билан, яна ясаниб кутиб туришимни биладигандек – тамоман ҳолдан тойгандим. Мен унга қарадим, назаримда у яшариб кетгандек эди. Уни севиб қолганимга энди имоним комил эди. Бироқ охири нима бўлишини ўйлаб ҳам кўрмасдим. Мен унинг ёнида бўлишим керак – фақат шугина муҳим эди. Биз ростдан ҳам унинг касбини сўрадик. У назарий физика илмий-тадқиқот институтида илмий ходим эканлигини айтганида мен унча ажабланмадим. Бу унга мос келарди. Ундаги айрим хусусиятлар буни айтиб турарди. Тушдан кейин қаерда бўлганини сўрашга, шубҳасиз, ботинолмадим.

Бу пайтлар Вера иккимизнинг вақтимиз кўнгил­лироқ ўтарди. Кун бўйи деярли болалар билан бў­лардик. Улар ҳам бизга ўрганишиб, гапимизга бўй­сунадиган бўлиб қолишганди. Болалар билан осон тил топишадиган Вера кичик қизчаларни сузишга ўргатарди. Катта болалар мен билан эди.

Мен уларга ичи ковак дарахтларни, ғорларни ва ўзим илгаридан биладиган бошқа хилват жойларни кўрсатардим. Биз теварак-атроф билан танишиш мақсадида узоқ-узоқ кезардик. Нотаниш жойни тахминлаб топишга ўргатадиган турли ўйинлар ташкил этар, қизғин кураш тушардик. Баъзан Мария ҳам биз билан бирга келарди. Лекин у бунда бўлмаган пайтларда ҳам мен уни ёнимда ҳис этардим. Айниқса, унинг ўғли – онасига ҳечам ўхшамайдиган, жасур, пишиққина, узун бўйли, сариқ сочли бола ёнимдалигидан шундай бўларди. Гоҳида мен болада онасига хос бирор хислатни топардим: бошини буриши ёки ерда ўтирганида қўллари билан тиззасини қучоқлаб ўтириши, бирор киши гапираётганда қулоқ солиши унга ўхшаб кетарди. Чунки биз ёмғир ёққан пайтларда бирор ғордами ё дарахтлар остидаги қуруқ жойдами яшириниб олиб ҳикоя айтишардик. Менга Марияни яқинлаштирган мана шу лаҳзалар туфайли болани яхши кўриб қолдим.

Кунлар шу тахлит ўтарди.
Тунлар ҳам бошқача бўлиб қолди. Биздаги туй­ғунинг ҳижрони ҳам бор эди. Йўқ, биз буни билмасдик. Буни мен энди англаяпман. Мендаги ўзгаришни Вера сезганмиди-йўқми, менга қоронғи. Бу ҳақда гап очмасдик. Бир-биримиз билан илгаригидек муомала қилардик. Бироқ биз алдаш учун эмас, балки бир-биримизни ранжитмаслик мақсадида шундай қилардик назаримда ва буни иккимиз ҳам билардик.

Фақат охирги куни кечқурун аҳвол ўзгарди. Тўрттовимиз бизнинг чодиримиз олдида, кўл бўйида ўтирдик. Гулхан ёқдик ва қўрга картошка кўмдик. Иссиқ картошкаларни қўрдан чиқариб олиш учун Вера чўп ясаб келди. Биз ёнма-ён ўтирардик, олдимизда ликопчада туз ҳамда бир идишчада ёғ турарди. Хайрлашувга аталган вино сувга ташлаб қўйилганди. Ҳаво илиқ, тинч ва осуда эди. Бироқ мени, яна бироздан кейин Мариядан айрилиш ва уни балки бир умр кўролмаслик даҳшати қийнарди. Мен қандайдир қулай бир йўл қидирардим. Вақт ўтгани сари қийноқ тобора кучаяр ва хаёлимни чувалаштирарди. Мен уни қайта кўришим лозимлигини унга билдиришим керак эди.

Лекин қандай қилиб? Сувдан винони келтирдим. Вера қувноқ эди, эҳтимол биз кетаётганимиз учундир. Шишани очиб ҳаммага вино қуйдим. Ичдик. Бу итальян виноси эди. Оловга тикилиб ўтирардик. Ёлқинга тикилиб, унинг ҳаракатини, турфа шаклларда товланишини кузатиш завқли эди. Мен Мариянинг ёнида ўтирардим. У стаканларни яна тўлдирди. Унга стаканни узатаётиб қўлини секин силадим. Бунинг атайлаб қилинганини у пайқади ва менга қўрқув билан назар ташлади. Унинг билагини оҳиста силадим. Бу ҳаракатимни сездирмаслик учун нимадир, қанақадир тушуниксиз бир нарса дедим.

У ҳам мендек қийналаётганини билдим, фақат эндигина билдим. Буни оғзидан сездим. Оғзи бироз очилиб, лаблари титраб турарди.

Тағин бир шиша виномиз бор эди. Уни сувга таш­ламаёқ ичдик. Биз бир-биримиздан кўзимизни уз­­­масдик. Мен Верани унутган эдим. Кечаси тар­қа­лаётганимизда унинг қўлини қайта силадим.
Вера билан тонг ғира-ширасида жўнаб кетдик. Улар ҳали уйқуда эди. Вера ҳеч нарса сўрамади. Якшанба тонги эди. Душанба куни биз ишда бўлишимиз лозим. Уйга етиб келгач:
– Мен қайтиб кетишим керак, – дедим.

Вера шунда ҳам лом-мим деб оғиз очмади. Чарм курткамни ечмасдан буюмларни киритишга кўмак­лашдим.
– Эртага азонлаб келаман, – дедим, – бошқа иложим йўқ, боришим керак. У эшикка суяниб турарди, мен жўнаб кетганимда ҳам ўша ҳолатда қолди. Мен йўлимдан қайта олишим, уни ўпиб, узр сўрай олишим мумкин эди. Бироқ кетишим ҳам керак эди.

У ерга кечга яқин етиб бордим. Болалар ов­қат­ла­ни­шарди. Қайинлар орасидаги узун столда болалар билан ўтирган Мария ўрнидан отилиб туриб менга томон югурди. Бирга ўрмонга кетдик. Лагердан анча узоқлашгач, тўхтадик. У пешанасини юзимга қўйди.
– Нима қиламиз? Нима қилишимиз керак? – шивирлади у.

Унинг ранги оқариб кетган эди. Мен нима деб жавоб беришимни билмасдим. Кўзларимдан ўт чақнарди, эҳтимол жадал йўл босиб келганимдандир ёки шу қадар бахтли, ё бўлмаса шу қадар бахтсиз эканлигимдандир. Шу алфозда узоқ туриб қолдик. Ўпишишга журъат қилолмасдик. Ундан кейин ҳамма нарсанинг ҳал бўлишини билардик. Мен унинг юзини силадим. Биз орқага қайтдик. Чодир олдида унга қўлимни узатдим, шундан сўнг қайтиб кетдим.

Веранинг юзи, оппоқ юзи, унинг кўз ёшлари – булар ҳаммаси ҳозир менга худди ярқ этган чақмоқдек туюлади.
– Оқибати нима бўлади, билмайман. Тўғриси буни билмайман, Вера. Гапнинг ростини айтиш керак-ку ахир, тушунасанми? – дейман унга.

Энг даҳшатлиси шу эдики, мен бахтли эдим. Ҳаётимда илк бор бахтли эдим. Ҳеч қачон бу қадар бахтли бўлмагандим. Ҳамма ерда, ҳар он Мариянинг чеҳрасини кўрардим. У табиат қўйнида, далаларда, қирларда, ўрмонларда, мен юрган йўлларда, шаҳримиздаги қатор уйлар узра сузиб юрарди. Пайвандлаётганимда эриётган металлнинг товланишида кўринарди. Тунда эса тинч ва осуда чеҳраси юмуқ кўзларим тубида турарди. Ҳамма жойда у эди, мен эса унга эргашиб юрардим. Тонгда бўлса бошқача ҳолатда, илгари мутлақо ҳис этмаган қувонч билан уйғонардим. Бугун пайшанба, эртага жума, шанба куни уни кўраман, деб хаёлан шошилардим.
Верани ҳар куни кўрардим. У билан ҳамишагидек муомала қилардим. Бирга овқатланишга борардик, илгаригидек ҳазил-мутойиба қилардик. Ўшанда у катта фрезер станогида ишларди. Мен уни ишдан сўнг олиб кетардим, бирга бекатга борардик. Ёнимда бораркан, у қўлига крем суртарди.

– Ғадир-будир бўлиб қолмасин, дейман-да, билдингми? – дерди кейин.
У ўзини гўё ҳеч гап бўлмагандек тутар, бу билан менга енгиллик туғдирарди. Бизга одамларнинг ҳамишагидек ҳаваслари келарди. Мен унга меҳр билан боқар ва ёрдами учун ундан миннатдор эдим. Шу билан бирга унинг олдида хижолат тортардим. Бироқ мана шу хижолатликда ҳам сохталик борлигини билардим.

Тўғриси, мен ҳали бўлаётган воқеаларни тўлиқ тушуниб етмасдим. Бунинг охири нима билан ҳал бў­лишини ҳам билмасдим. Навбатдаги шанба куни у:
– Бугун мен кетяпман. С. да мактабдош дугонам бор. Ўша ёққа бормоқчиман, – деди.
Бунинг учун ундан миннатдор бўлдим. Шундай бўлса-да, мен унинг ўзи ҳақида эмас, балки кетса яхши бўларди, деб ўйлардим. Тушдан кейин мен Мария ёнига кетдим.

У жим бўлиб қолди. Чеҳраси сокин эди. Мен унга қарадим. Уни тушуна оламанми-йўқми, ҳали билмасдим. Мен шўрлик Вера ҳақида ўйламоқчи бўл­дим. Бироқ у қолиб, Мария ҳақида хаёл суриб кетдим. У боргач Мариянинг нақадар қувониши, нима қилишни билмасдан довдираб қолиши, кейин унинг истиқболига югуришини кўз олдимга келтирардим. Гўё ҳеч гап бўлмагандек улар саломлашишади. Уларнинг кўзларигина юракдаги гапни айтиб туради, холос. Ке­йин у муаллима билан сўрашади. Болалар билан ҳам саломлашади, улар уни гўё ўзларини йўқлаб келган, деб ўйлашади. У болаларга бирга бекинмачоқ ўйнашга ваъда беради. Эҳтимол йўлда кўрганларини сўзлаб берар. Шунда Мариянинг кўзларини учратади.

Болалар ухлашгач, улар кўл бўйига кетишади. Тош устига ўтиришади. Аллақачон қоронғи тушган бўлади. Мен уларнинг овозларини эшитяпман, уларнинг яқинлигини, юрак уришларини сезяпман. Кейин чодирга кириб ётишади. Тонгда уйқудан турганларида уларнинг ихтиёрларида яна бутун бир кун бўлади. Биринчи кун. Уларнинг ҳақиқий биринчи кунлари, ўй­лайман мен.

Ўзи ҳамма нарса энди бошланади-да, хаёл сураман яна. Уларнинг бирга қолишга умид боғлашдан ўзга ўйлари бўлмайди, дейман ичимда. Шунда қўрқиб кетдим: у ҳикоя қилаётганда ташландиқ қиз (Верани ўзимча шундай атадим) томонда эдим, энди эса нуқул Мария ҳақида хаёл сурардим. Мен Марияни боягина шу ерда, унинг ёнида ўтирганини, манглайини унинг билагига босганини ва қай тарзда чиқиб кетганини қайта кўз олдимга келтирдим. Агар ҳозир у: бу оддий адашиш, ҳозиргиси ҳам шунчаки амалга ошмайдиган қандайдир бир хаёлдан бошқа нарса эмас, деса, нақадар даҳшат бўларди, деган фикр кечди миямдан. Бу – бундай ҳоллар ҳамиша ёлғон, сароб, дегани бўлади-ку. Юрагим қаттиқ урарди. У ҳикоясини давом эттиришини истардим. Бироқ у узоқ сукут сақлади. Кўзлари менга тикилган, аммо мени кўрмасди. Сўнгра менинг сўзсиз, талабчан саволимга жавоб қайтарди:
– Мария иккимизнинг ўртамизда кейин нима бўл­ганини тасвирлаш жуда оғир.

Биз қайиққа ўтириб кўлнинг нариги қирғоғига кетдик, у ер бизнинг қирғоқдан кўра бошқача, анча тикроқ эди. У ердаги текис тош устида узоқ ўтирдик-да, сокин, тубида ранг-баранг тошлар кўриниб турган тип-тиниқ сувни кузата бошладик. Гоҳида Мария оёғининг учи билан сувни ҳаракатга келтирар, шунда сув тубидаги тошлар жилоланарди.
Бизнинг севгимиз ҳам ана шундай.

Мен ўз-ўзимдан шундай фикрга келганим йўқ, биз ёнма-ён ётган биринчи кечада мен шундай туш кўрдим: тушимга тип-тиниқ сув кирганмиш, унинг тубидаги тошлар қуёш нурида товланармиш. Уйғонганимдан сўнг, бизнинг севгимиз ҳам ана шундай деб хаёлдан кечирдим. Марияни эслаганимда ҳам у менга ўшандай: тиниқлик, сокинлик, софлик, бебаҳолик тимсоли, қўйингчи, бутун борлиғи билан бениҳоя шодлик манбаи бўлиб туюлади. Илгарилари ҳам шодлик нималигини биламан, деб юрарканман. Лекин бу, шодлик ҳақидаги тасаввурдан бўлак нарса эмас экан. Ажо­йиб кун нималигини биламан, деб ўйларканман. Дарахт, майса нима, булутларнинг сузиши-ю ўрмон оралаб кетган сўқмоқ йўл нима – буларни биламан, деб ўйларканман. Кейин англасам, мен шу пайтгача ҳеч нарсани равшан кўрмаган, ҳеч нарсани билмаган ва ҳис этмаган эканман. Гўё буларнинг барчаси қия очиқ эшик ортида эди-ю, менинг уларга тасодифан биргина назар ташлашим кифоя эди. Йўлимда қуёш нурининг жилвасини кўрарканман, бир кун келадики, уни чинакам кўраман, деган умиднигина ҳис этиб юрган эканман. Дарахтни, унинг бўйини, шох-бутоқларини, япроқларини кўрардим-да, ўзимча, бу дарахт, деб қўяқолардим. Қушларнинг учишини кўрардим – қаноти бор, учади. Аммо ўзим англаб, ҳис этгачгина ҳақиқий парвоз нималигини кўрдим, буларнинг барчасини мен шу пайтгача билмасдим. Кишиларга муносабатим ҳам шундай эди. Биров чиройлими ёки хунукми, ақллими ёки ақлсизми, ҳарқалай, ажрата оламан, деб ўйлардим. Бироқ ўша одамнинг ўзини – на ақлли ё ақлсиз, на чиройли ё хунук, балки мудом тиниб-тинчимайдиган, гоҳ ақлли, гоҳ ақлсиз, гоҳ хунук, гоҳида чиройли шахсиятини кўрмас эканман. Мен унинг ҳис-туйғуларини, унинг интилишларини, зеҳнини, унинг фикрлашини билмаганман. Ҳатто Верани ҳам билмас эканман. Энг ёмони шу бўлдики, одамларга ҳам шундай кўз билан қараганман. Мен… – у бироз тўхтаб олиб сўзида давом этди, – худди қадам ташласа ҳам оёқлари остидаги ерни ҳис этмайдиган кишидек яшаганман. Заминда маҳкамроқ туриш учун нима қилиш лозимлигини билмаганман.

Мана шуларнинг барчасини энди бошқача назар билан кузатадиган бўлдим. Тўғрироғи, биз бунга икковимиз биргалашиб эришдик. Чунки Мариянинг ҳам ҳолати меникидек бўлган. Олдинига буни пайқамай юрдим. Мени атрофга бошқача назар билан қарашга, ҳаётни чуқур тушуниб етишга, ундаги буюк ҳақиқат ичига кириб боришга ўргатган нарса ундаги етуклик, шахсиятидаги қудрат, куч, деб ўйладим. Лекин у ҳам худди мендек экан. Биз бирга гўё бир одам эдик. Бир-биримизни янада етук қилиб, тўлдириб турардик.

Дастлабки кезларда Мариясиз ёлғиз қолга­ним­даноқ ўзимдаги янгича ҳис-туйғуни тағин йўқотиб қўярдим. Душанба куни эрталаб ишга келиб, паришон ҳолда нима қилишимни билмай турардим. Эриётган металлнинг жилоланиши мени қийнар, толиқтирар, цехдаги машиналарнинг шовқини ғашимга тегарди. Кечқурунлари китоб ўқирканман, фикрларим чалкашиб кетар, уларни бир жойга тўплаёлмасдим. Очиқ саҳифага тикилганча Марияни ўйлаб кетардим. Мен унинг ёнига, ўзимни янгича ҳис қила оладиган ўша бирдан-бир жойга кетишни орзу қилардим. Анчадан кейингина ўзимни бир оз тутиб олдим. Бундай ҳолат ҳеч нарсадан ҳайрон қолмайдиган бўлганимдан сўнг юз берди ва мендаги бу янги ўзгариш зилол сув тубидаги ялтироқ тошларга ўхшар эди. Шу пайтлар ишим ҳам энди бошқача бўлди.

У илк марта ёдга олинаётган воқеа ҳақида гапираётгандек тутилиб-тутилиб сўзларди.
– Қандай мақсадни кўзлашимни илгаридан ҳам билардим, албатта. Одамларнинг ишини енгиллатадиган, ҳатто уларни оғир ишдан озод қиладиган машиналар яратишни истардим. Бироқ, аввало инсон нималигини билмаганман. Рост. Мен буни билмаган эканман. Мен ундаги қудратнинг нақадар улуғлигини билмаган эканман. Ҳатто ўзимни ҳам англаб етмаган эканман-да. Қандай тушунтирсам экан? Мария мени севганидан буён, мени севувчи инсон у бўлгани учун ўзимни юксакликда тасаввур этаман. У…

Эркак жим бўлиб қолди. Мени унутиб қўйди, деб ўйладим. Қимирлашга журъат қилмасдим. Бир оздан сўнг деди:
– Тушунасизми? Сўзлаш оғир. Эҳтимол мени тушунарсиз.
Улар кўл бўйидан аллақачон кетишган, биз гоҳ менинг, гоҳ унинг шаҳрида учраша бошладик. Учрашувларимиз орасидаги вақтни зўрға ўтказардик. Мария ўзини тута биладиган, мулоҳазалироқ бўлса-да, мен “биз” деяпман. Биз иложи борича шанба кунлари учрашишга келишган бўлсак-да, мен оралиқда, чоршанба ёки жума кунлари ҳам борардим-да, эртасига азонда ишга етиб келардим. Борган сари аҳвол қийинлашар, бир-биримизга янада қаттиқроқ боғланиб борардик. Биз бирга бўлишга, ҳеч бўлмаса бир шаҳарда яшашга қарор қилдик. Бунинг учун мен ишимдан бўшашим керак эди. Мария институтдан кетолмасди. Олдин бу шунчаки жўн ишдек туюлди. Мен Марияга яқин жойдан иш ахтардим.

Энди Вера ҳақида гапираман. Мен Верани унутгандим. Уни ҳар куни кўрсам-да, унутгандим. Унга дуч келиш менга ҳатто малол келабошлади. Баъзан чидаёлмасдан: “Нима истайсан мендан? Аҳволни кўряпсан-ку!” деб юборгим келарди. Шундай бўлса-да, у билан яхши муносабатда бўлардим ва унга юрагимни очмаганимдан ўзимни гуноҳкор сезардим. Шу боисдан мен корхонадан ва шаҳримдан кетганимдан афсусланмадим.

Вера заррача қаршилик қилмади. Айнан шу нарса мени қўрқитди. Йўқ, ҳаяжонга солди. Бироқ буни юзага чиқаришни истамасдим. Эҳтимол ҳаддан ортиқ банд бўлганимданми, бу ҳолатни ўзимдан нари қувардим. Кейинроқ Вера Юрген исмли муҳандисимиз билан учрашадиган бўлди. Мен уларни тез-тез, кўчада, кинода бирга кўрардим. Ҳаммаси тинчгина ҳал бўлди, у ҳам бошқа бировни топди, энди ёлғиз эмас. У ҳақда қайғурмасам ҳам бўлади, дея ўзимни юпата бошладим.

Мария мендан Верани сўраганда унга муҳандис ҳақида сўзлаб бердим. У менга савол назари билан қаради. Мен бош чайқадим: қўявер, шундай бўлгани яхши. Шу билан бирга бунинг яхши эмаслигини ҳам билардим. Вера Юрген билан атайлаб мени учратадиган жойга боришини билиб турардим. Юрген унга бутунлай бошқа мақсадда, яъни мени кутмаётганлигини, руҳан тетиклигини исботлаш учун кераклигини пайқаш қийин эмасди. Бу шундоқ кўриниб турарди. Бундай бўлиши мумкин эмаслигини, Юргенни ҳам ўйлаш лозимлигини англардим. Бу ҳам ўз-ўзимни алдашдан бошқа нарса эмас эди. Аммо худди шу нарса – Веранинг аҳволини кўриб туришим, лекин бунинг олдини ололмаслигим мени иложи борича тезроқ кўчиб кетишга ундади.

Мен Марияга яқин жойдаги вагон заводида ишлай бошладим. Биз ҳар куни кўришиб турардик. Верани деярли ортиқ ўйламай қўйдим.

Якшанба кунларидан бирида Паула билан Ирмгард менинг олдимга келишди. Улар Веранинг бригадасидан эди. Қизлар мендан гина қилишди.
– У бунга чидаёлмайди, – дейишди.
– Нега у Юрген билан қолавермайди? – деб сў­радим.

Уларнинг юзларига қараёлмасдим.
– У фақат Юрген билан эмас, бугун биттаси, эртага бошқаси билан учрашади. Бунга сен айбдорсан, – жавоб беришди улар.
Ғазабим қайнаб кетди. Уларнинг аралашишга ни­ма ҳақлари бор? Улар ҳеч нарсани билишмайди-ку. Бировнинг шахсий ишига нега бошқалар аралашади? Биров бировга қарамми? Улар мендан нима истайдилар? Энг асосий нарса тўғрилик. Мен виждонсизлик қилганим йўқ. Нима ўйлаган бўлсам, қизларнинг бетига айтдим. Хафа бўлиб жўнаб кетишди.

Уларнинг келишганини Марияга айтолмадим. Нимадир мени тутиб қолди. Бироқ ўз-ўзимга яккаш, бунинг бошқаларга алоқаси йўқ, дердим. Улар нимани билишади? Бир нарсага ақллари етса, бошқасига етмайди. Улар Марияни билишмайди. Тўғриси, мени ҳам яхши билишмайди. Улар мени зангори кўзойнакда иш устида эгилиб турганимни кўришган, холос. Юзимни ёритган нур мени фақатгина ташқи томондан уларга кўрсатган. Ишдан қайтаётганимда эса, улар менинг ҳали ёш бўлсам-да, букилган елкамнигина кўришган. Улар мени ошхонада, Вера билан шошиб-пишиб овқатланаётганимда кўришган. Бунда кўрадиган ҳеч вақо йўқ. Гоҳо мажлисларда сўзга чиқардим, бу жуда камдан-кам бўлиб, диққатни ҳам тортмасди. Шунинг учун уларнинг аралашишга ҳақлари йўқ, деб ўйладим.

Лекин ўша кундан сўнг Веранинг чеҳраси кўз ўн­гимдан кетмай қолди. Уни хаёлимдан қуволмасдим. Уни унутмаганимни, у ҳали қалбимда эканини англадим. Унинг кулишини тасаввуримда жонлантирардим, лекин бу унинг кулгисига ўхшамасди.

Кўнглимдаги нотинчликни Марияга сездирмас­дим. Бунга чек қўйишим лозим, деярдим. Хато қи­лаётганимни билардим. Аммо, уни ранжитмаслигим лозим, деб ўйлардим. У ўшанда мураккаб бир масала устида бош қотирарди, – у ҳаяжон ичида олдинга эгилди, – микроскопик жисмларнинг ҳаракат қонунлари устида. Эйнштейн яратган ягона майдон назариясининг охирги вариантларидан келиб чиқадиган турли хил назариялар мавжуд. У микроскопик жисмларнинг тўғри чизиқ бўйлаб эмас, балки Эйнштейн кўрсатганидек эгри чизиқ бўйлаб ҳаракат қилишини исботлашга уринарди… Бу биз тасаввур қилганчалик оғир масала эмас. Буни ҳар томонлама чуқур ўйлаб, мағзига кириб борсангиз, анча қизиқ. Мен ҳали бу ҳақда унча кўп нарса билмайман. Ўшанда Мария катта анжуманга тайёрланаётган эди. Институтдан кеч қайтар ва ярим кечагача ҳисоблаб ўтирарди. Мен дарҳол бирор егулик тайёрлаб, ёзув столига қўярдим. Бошини кўтарганда унга кўзим тушсин учун рўпарасига ўтириб олиб китоб ўқишни яхши кўрардим. Уни энди аввалгидан ҳам ортиқроқ севаман, деб ўйлардим.

Ҳаётим тушга ўхшарди. Мария билан ҳамиша шу тахлит яшайвераман, деб хаёл қилардим, шундоқ жўнгина хаёл қилардим. Биримиз иккинчимизга тиргак бўлиб, ширин, мусаффо бир бутунликни ташкил қилиб яшайверамиз, деб ўйлардим. Бу яна ўша зилол сувни ва унинг тубидаги ялтироқ тошларни эслатарди. Кейин хаёлим Верага кетарди. Назаримда биз ҳамма нарсани эндигина бошлаганмиз-у, гўё бир қарорга келинган-у, бирон нарса охирига етказилмаган эди. Бу дарахтлар орасидан жимирлаб кўринаётган зангор денгиздек хаёлий, бажариб бўлмайдиган ваъдага ўхшарди. Кўз олдимда номаълум, совуқ, қуп-қуруқ келажак гавдаланарди.
Марияни иш эзиб ташлади. Нафақат иш. Азобланаётгани қўллариданоқ кўриниб турарди. Буни кўриб юрагим эзилиб кетарди. Мен уни бениҳоя севардим. У менга қараса, мен бошимни четга бурардим. Ўзим, ёлғиз ўзим бор муаммони ҳал қиламан, деб ўйлардим…

Суҳбатдошим яна ўзини орқага ташлади. Юзи аниқ кўринмасди, аммо тиззасида ётган қўлларини аниқ кўриб турардим.
– Кейин Марияга буни айтдингизми? – сўрадим мен.
– Йўқ, – дея бошини чайқади у. – У аллақачон ўзи сезган эди. У менга: “Веранинг олдига бор. Унинг аҳволидан хабар ол. У билан сўзлаш” деди. Ишнинг нима билан ҳал бўлишини у биларди, лекин бу ҳақда оғиз очмасди. “Аввал у ёққа бор” деди.

– Сиз бордингизми?
– Ҳа, ўша шанба куниёқ бордим. Верани кўчада учратдим. У ёшгина бир аскар йигит билан кулишиб турарди. Мени кўргач, ҳамроҳини кўчанинг нариги томонига етаклади. Бу витриналарга бой гавжум кўча эди. У ясаниб-тусанган, бунинг устига ниҳоятда гўзал эди. Мен кетидан бордим. У бегона киши билан турган бўлса-да, унга мурожаат қилдим:
– Вера, сен билан гаплашмоқчийдим, – дедим.
– Марҳамат, – жавоб берди у ва гўё мен у билан ўша ерда, анави йигит олдида гаплашаверадигандек. – Ахимга кейин барибир ҳаммасини айтиб беришим керак, – деб қўшиб қўйди-да, қаҳ-қаҳ отиб кулди. Бу даҳшатли эди. Жавоб тариқасида нимадир дедим-да, бурилиб кетдим. Кечқурун уйига бордим. У ҳалиям ўша эски жойда яшарди. У кечқурун анча босилиб қолган эди. Гўё мен маълум бир муддатга таътилгами ёки шунга ўхшаш бирор ёққами кетиб, ё даволаниб қайтиб келгандек унинг ўқиши, корхона ҳақида гаплашиб ўтирдик. Мен уникидан тезда кетдим ва уйга кечаси етиб бордим.

– Мария-чи? У нима қилди?
– У ҳаммасини биларди. Ҳеч нарса сўрамади ҳам.
– Сиз кетишга астойдил қарор қилганингизни ҳамми?
– Биз иккимиз шундай қарорга келгандик. Мария иккимиз.
– Энди-чи? Бугун, демоқчиман.
– Эртага Мария анжуманда бўлади. Мен кетяпман. Вокзалда мени Вера кутиб олади.
– Шу ишингиздан хурсандмисиз?

У менга тикилиб қаради.
– Ҳа, – деди у, – биласизми, биз қатъий қарорга келганмиз.
– Шундай қилганларингиз Мария учун ҳам тўғри бўлган, деб ўйлайсизми? – сўрадим мен, – мени ке­чиринг-у, иккингизнинг муносабатингизни ҳозиргина кўрдим-ку.

Мен ҳаяжонланардим.
– Ҳа, унинг учун ҳам шундай қилганимиз тўғри.

Бу одамнинг гўзаллигини эндигина пайқадимми ёки бўлмаса у ҳозир аввалгидан ҳам гўзаллашиб кетдими, билмайман. У олдинга энгашди.

– Агар биз ҳеч гап бўлмагандек бирга қола­вер­ганимизда, – деди у хотиржам оҳангда, – ҳамма нарсани бузган бўлардик, бир-биримизни алдаган, чал­ғитган бўлардик. Биз, мен ва Мария, иккимиз бир одаммиз. Қалбан ягонамиз.

Биз узоқ жим қолдик. Кейин у ёқ-бу ёқдан гаплашиб кетдик. У тўғри йўл тутганми-йўқми, билмасдим. Буни мен фақат кейинроқ, уйда ёлғиз қолганимдагина тушуниб етдим.

Манба: Ёшлик” журнали. 2014 йил, 7-сон

011

013XX аср немис адабиётининг сермаҳсул вакили, адиба ва шоира Маргарете Нойманн 1917 йили Германиянинг Пириц (Померания вилояти) шаҳрида туғилган. Кёнигсбергдаги ижтимоий-педагогик семинарияда таҳсил олган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Германия демократик республикасида яшаган. 1991 йили Германияда юз берган ўзгаришларни қабул қилолмай Туниснинг Сус шаҳрида яшай бошлайди ва 2001 йили ватанига қайтади. “Йўл дала бўйлаб ўтади”, “Гўрков”, “Севишганлар”, “Яшил салон”, “Магда Адомайт” сингари романлар, юзлаб шеър­лар ҳамда ҳикоялар муаллифи. Ҳайнрих Манн ҳамда Фриц Ройтер номидаги мукофотлар соҳибаси. 2002 йилда 85 ёшида вафот этган.

XX asr nemis adabiyotining sermahsul vakili, adiba va shoira Margarete Noymann 1917 yili Germaniyaning Pirits (Pomeraniya viloyati) shahrida tug’ilgan. Kyonigsbergdagi ijtimoiy-pedagogik seminariyada tahsil olgan. Ikkinchi jahon urushidan keyin Germaniya demokratik respublikasida yashagan. 1991 yili Germaniyada yuz bergan o’zgarishlarni qabul qilolmay Tunisning Sus shahrida yashay boshlaydi va 2001 yili vataniga qaytadi. “Yo’l dala bo’ylab o’tadi”, “Go’rkov”, “Sevishganlar”, “Yashil salon”, “Magda Adomayt” singari romanlar, yuzlab she’r­lar hamda hikoyalar muallifi. Haynrix Mann hamda Frits Royter nomidagi mukofotlar sohibasi. 2002 yilda 85 yoshida vafot etgan.

01
Margarete Noymann
MARIYA
Nemis tilidan Yanglish Egamova tarjimasi
011

0мen, qalbning do’stlik va dushmanlik, nafrat va muhabbat hislari yashiringan chuqur tubida har bir inson o’zi alohida bir dunyo bo’ladi, deb azaldan ishonib kelardim. Tanish va notanish kishilarni bir-biriga bog’lab turadigan holat ham u yerga yo’l topavermaydi, deb o’ylardim. Ba’zi bir muhim hollarda qarindoshlik, sevgi yoki bo’lmasa samimiy do’stlik tufayli ruxsat bersakkina bir yoki bir necha kishilar u yerga yo’l topa olishlari mumkin, derdim.

Aslida esa bunday emas ekan.

Gotadagi xizmat safarim tugagach, Berlinga qay­tish uchun kechki poezdga chiqdim. Yumshoq vagon­ga chiptam yo’q edi, kassada chiptani tungi vagon bosh­qa­ruvchisidan ham olaverishim mumkinligini aytishdi. Poezd allaqachon kelgan edi, men zaldan yugurib o’tdim-da, duch kelgan kupega chiqdim. Baxtimga u yer bo’sh edi. Deraza yoniga o’tirdim. Agar hech kim kelmasa yaxshisi shu yerda qolaveraman, deb o’yladim. Bu yer yana issiqqina ekan. Yotib olib uxlab ketsa ham bo’ladi. Rosa toliqqandim, turib tungi vagon boshqaruvchisini qidirishga hushim kelmadi. Ustiga ustak yumshoq vagon eng orqada emish. Bu yer arzonroq va qulay ham, dedim yana o’z-o’zimga.Biroq poezd qo’zg’ala boshlaganda – u shunday yengil siljiydiki, kishi buni sezmaydi, faqat tashqaridagi narsalarning ortda qolayotganidangina buni payqash mumkin – kimdir eshikni ochib, chog’roqqina kulrang jomadon va sariq charm sumkani to’rga tashladi. Burilib qaradim: bular ikki yoshgina kishilar, bir erkak va bir ayol edi. Yaxshi bo’ldi, o’yladim men, endi yumshoq vagonga o’taman.

Ular mening ro’paramdan joy olishdi, ayol deraza oldiga – burchakka, erkak esa uning yoniga, bir-birlariga qisilib o’tirishdi. Mana shu yonma-yon o’ti­­rishda meni hayajonga solgan nimadir: nafaqat na­fislik, shu bilan birga, bosiqlik, qandaydir qud­rat, sabotlilik, mayinlik, qat’iylik bor edi. Men endi turib ketolmasligimni tushundim. Ularni yaxshisi yolg’iz qoldirishim kerakligini bilsam-da, azbaroyi qi­ziqishdan shu yerda qolgim keldi.

Ko’rinishdan ular mening kuzatayotganimni pay­qamayotgandek edi. Erkak qo’lini, katta qo’lini ayolning bilagidan beozorgina o’tkazib olgandi. Ayol har zamonda yuzini uning kiftiga yengilgina qo’yardi. Ikkovlari ham derazadan tashqariga, ahyon-ahyonda milt-milt chiroqlar ko’rinib qolayotgan qorong’ilikka tikilib o’tirishardi.Ularning yoshlari, kasblarini aniqlashga urindim, lekin qo’limdan kelmadi. Ayol u qadar chiroyli emas, chehrasi xotirjam, bug’doyrang edi. Kalta qo’ng’ir sochlari xuddi bolalarnikidek shundoqqina yelkasida osilib turardi. Uning harakatlari, mo»jaz oyoqlari, tizzasi ayniqsa nafosatli edi. Ammo, boshqa bir narsa, nazarimda, boshini quyi solib turishi hamdaqo’llari yetuklik, aql-zakovat va dard-alamga to’la edi. Yigirma sakkiz yoshlarda bo’lsa kerak, o’yladim men, balki bundan ham yoshdir. Hanuz bilagidan tutib turgan erkakning qo’li ustiga qo’lini qo’yib ko’zlarini yumganida uning yoshi menga kattaroq tuyuldi. O’ttiz-o’ttiz uchlarda, deb gumon qildim. Boshqa bir payt, u erkakning bir gapidan kulib yuborganida, yigirma uch yoshda, deya fikrimni yana o’zgartirdim. Baribir aniq bir xulosaga kelolmadim.

Erkak-chi? Avvaliga u ko’zimga yoshroq ko’rindi. Biroq uning qo’llariga ko’zim tushdi! Shu qadar azob-uqubat tortgan, shunchalar oqil, shunchalar mehribon. Butun bir olam edi ular!

Uning ko’zlari qora edi. Gohida u ayolga nigoh tash­lab qo’yardi, hatto unga qaramagan paytlarida ham uning ko’zlarida sadoqat aks etib turardi. Men buni tasvirlashga ojizman, hatto musavvir ham buning uddasidan chiqolmasa kerak. Ehtimol musiqada ifodalash mumkindir buni. U ayolni qay darajada sevishini ko’rib turardim.
Ikkovlari ham, hozirgi paytda ko’pincha uchrab tur­ganidek, ortiqcha e’tibor bilan, o’ta did bilan bo’lmasa-da, har holda ancha bejirim kiyinishgan edi. Aytish mumkin ediki, ular yasan-tusanga u qadar diqqat qilib, behuda vaqt sarflab o’tirmaydigan kishilarga o’xshashardi. Ayolning chap qo’lidagi katta kumush uzukkina e’tiborni jalb qilardi, uzuk uning kichkina qo’liga og’irlik qilayotgan bo’lsa-da, unga yarashib turardi.Bularning qarshisida bir umr o’tirsam ham gap nimadaligini baribir bilolmasam kerak, degan fikr xayolimdan kechdi. Shunisi qiziqki, bu narsa go’yo menga ham tegishlidek edi. Negaligini oldin anglayolmadim. Keyinroq tushundim: ular qalban shu qadar yaqin edilarki, odatda biz buni xayolan faqat orzu qilamiz. Ular bir-birlarini ana shu orzudagi muhabbat bilan sevardilar. Men bilishni istagan narsa shu ediki, ular adashmayaptimikan, xayoliy hislarga berilishmayaptimikan, o’z-o’zlarini aldamayaptilarmikan, yoki shunaqasi ham bo’larmikan? Shunaqa sevgi ham bormikan?

Ular kam so’zlashishardi. Ahyon-ahyonda bir-bir­lariga qarab qo’yishardi. Ikki narsa: iztirob va baxt yonma-yon edi. Shu taxlit uzoq yo’l bosdik. Chiroqni o’chirib qo’ydik, tungi ko’k chiroq nuri ta’sirida kupe nimqorong’i edi. Ammo men ularning yuzlarini aniq ko’rib turardim. Yorug’ nur ayolni ortiq yoritmay qo’ygach, uning yuz ifodasi yanada o’tkirlashgandek tuyuldi. Poezd zulmatni yorib olg’a yugurardi. Uning og’ir uzuk taqqan qo’li hamrohining qo’li ustida shunday yotardiki, faqat barmoqlarining uchigina unga tegib turardi. Gaplashganlarida men ularning so’zlariga e’tibor qilmasdim, balki tovushlarigagina quloq tutardim. Erkakning tovushi xotirjam, bo’g’iqroq bo’lib, “r”ni qattiq talaffuz qilardi. Ayolniki esa, uning tizzalari, harakatlari singari qizlarga xos edi.

Nogahon ular soatga qarashdi. Erkak: “Bilaman” dedi. Ayol keskin burilib, manglayini uning kiftiga qo’ydi. Keyin ilg’oqdan koftasini oldi, erkak esa to’rdan jomadonni olib berdi. Ayol unga qo’lini uzatdi, so’ngra eshikka tomon yo’naldi.

Poezd bu yerda to’xtamaydi-ku, xayoldan kechirdim men. U qaerga borarkin? Nega yolg’iz o’zi?
U eshikni ochishdan oldin, – shunisi qiziqki, eshikni unga erkak ochib bermadi, aksincha, u orqada turardi – erkakka burilib qaradi.
– Mayli, Mariya, boraver. Sen uxlashing kerak. Uyquga to’ymasang, ertaga qiynalib qolasan, – dedi u.
– Ha, – javob berdi ayol. So’ngra boshini burdi-da, yarim egilib, peshanasi bilan uning yuzini tag’in bir siladi.

U ayolni o’padi, o’ylardim men. Munosabatlariga ko’ra u hozir ayolni o’pishi kerak. Lekin u qimir etmasdan qaqqayib turardi. Men ularning ko’zlarini ko’rmasdim, biroq u ko’zlarda nima kechayotganini sezib turardim.
– Uxla, eshitayapsanmi? Endi borib uxla, – dedi u yana. Ayol bosh irg’adi, keyin eshikni ochdi-da, chiqib ketdi.
Erkak o’sha holatda turib qoldi. So’ngra sekin burildi-da, joyiga kelib o’tirdi. Boshini orqa suyanchiqqa tashladi. Uning lablari ochiq, qunishib olgandi. Aniq bildim: ular xayrlashishdi.

Men o’z-o’zim bilan kurashardim. Ikki kishining shunchalar yakdilligi hech qachon bo’lganmi, deya fikr­lardim. Bu qadar yakdillik! Bundaylar xayrlashmasliklari kerak. Nima uchun? Ayniqsa hozirgi davrda kishilarni bir-biridan ayirishga qodir qanday kuch bo’lishi mumkin? Qanday kuch?! Qanday sabab bo’lishi mumkin?To’lqinlanib ketdim. O’zimni yupatishga urindim: ehtimol men adashayotgandirman. U bor-yo’g’i yumshoq vagonga o’tgandir. Ertaga tongda, Berlinga yetib borgach, ular yana birga ketaverishadi. Lekin uning yuziga qarab bildimki, ular haqiqatan ham xayrlashishgan edi.

U chalishtirilgan qo’llarini yon suyanchiqqa tirab, gavdasini hozirgina hamrohi o’tirgan tomonga burib olgancha, poezd maromiga qarab chayqalib borardi.

Men o’z-o’zimdan so’rardim: Bu qanaqasi? Bu meni buncha hayajonga solyapti? Bizning tezkor zamonimizda ham ikki kishi birga qolishi kerakmi yoki yo’qmi, degan masalaning shu qadar muhimlik kasb etishiga hojat bormi? Yoki bo’lmasa: inson umid-intilishlari o’rtasidagi ziddiyatlar keskinlashgan hozirgidek bir davrda yashab turib, biror kishining o’z sevgilisi bilan xayrlashishiga shunchalik ahamiyat berishga haqqi bormikin? Ko’plab yurtlarda kishilar o’z ozodliklari uchun jon olib, jon berayotgan bir paytda, hamma xalqlar yangi, baxtli hayot bilan bir qatorda insoniyatning umuman hayotini saqlab qolish uchun tinmay kurashayotgan bir paytda uning shunday qilishga haqqi bormi? “Men seni sevaman” degan tushuncha shunchalik ahamiyat kasb etishi joizmi? Ishxonamizda chizmalar ustida bosh qotirishimizni o’ylab ketdim: turar joy mavzelari, garajlar, maktablar, kasalxona, sport maydonlari, teatr, stadionlar loyihalari, reja va hisoblashlarimiz bilan tungacha band bo’lamiz. Bularning qay darajada ahamiyati borligini bilamiz. Hozir kishini ish tamoman band etishi zarur emasmikan? – so’rayman o’z-o’zimdan. Mana shu xayrlashishga o’xshagan narsalar kishiga shunchalik muhim tuyulishi mumkinmi, zarurmikan? Shu taxlit o’zimni so’roqqa tutarkanman, javobni ham topdim: biz bajarayotgan ishlarning birortasi ham – ezilgan xalqlarning ozodlik uchun kurashlariyu shaharlarning bunyod etilishi ham, xalqlar osoyishtaligi uchun og’ishmay intilayotgan yirik davlat arboblarining nutqlari hamda kengashlariyu atom urushlari xavfiga qarshi norozilik namoyishlari ham – asl maqsad emas. Bularning barchasi insoniyat hayoti davomida bo’laveradigan ishlar. Shular ichida muhabbat eng qimmatlisidir. Agar biz uni qurbon bersak, o’ylardim endi, biz amalga oshirayotgan ishlarning hammasi ma’nosiz bo’lib qolgan bo’lardi.
Endi boshqa narsani, o’zimning xayrlashganimni o’ylab ketdim. Men sevgan kishi shoshma-shosharlik qilib, behuda o’limga jo’nab ketdi. Uni olib qolish qo’limdan kelmagandi. Uning qiyofasi hozir ham ko’z o’ngimda: yuzi qo’rquv va hayajondan oqarib ketgan edi. U ketdi va ortiga burilib ham qaramadi. Ikkalamiz ham, u haqiqatni himoya qilishga ketdimi yoki nohaqliknimi, bilmasdik. Bu so’nggi urushning oxirgi yilida sodir bo’lgandi. O’shandan buyon hayotimni darz ketgan chinni idishga o’xshataman, uning uvalanib tushishidan cho’chib yashayman. Men mana shu erkak qarshisida o’tirarkanman, buni anglab yetdim.

Biroq o’z-o’zimdan so’rardim: hozir, shu lahzada, bu qadar azob bilan xayrlashishning ma’nosi nima ekan? U buni mendan yashirolmaydi, axir men uning qanchalik o’rtanayotganini ko’rib turibman. Uning qo’llari ham buni aytib turipti. Men buni ayolda ham payqagandim. Ko’ryapman-u, o’zim bundan o’rtanib ketyapman. Ularning iztiroblari meni larzaga solyapti. Ko’zlarimga yosh qalqqanini sezdim-da, achchig’im chiqdi. Nega? Nima uchun? Bunga qanday sabab bo’lishi mumkin?

Ehtimol u mening kuzatib turganimni payqa­gan­dir. Menga burilib qaradi.
– Kechirasiz, – dedi-da, jilmayishga urindi. Uning oldida noqulay ahvolda qoldim. Chunki ulardagi holatga men guvoh edim. Buni hatto yanada chuqur bilishga ham harakat qildim. Ammo men ular uchun bor-yo’qligi farqsiz, jonsiz bir jism bo’lib qolaverdim.

Keyin u so’nik tovush bilan: “Juda og’ir”, dedi.
Yuragimni ochsam, yengil tortaman, deb o’ylagandir balki. Kishi o’z boshidan kechirgan voqealarni boshqa hech kim boshdan kechirolmaydi, deb o’ylagani sababli o’z kechinmalarini mutlaqo begona bir kishiga to’kib solishni istab qolishi mumkin.

Men bosh irg’adim, o’zimni qo’lga oldim-da, so’­rashga jur’at qildim.
– Nega axir? Nega shunday bo’lishi kerak? Menga ishonavering, mening yoshim Sizdan ko’ra ulug’roq. Men hamisha shunday sevgini orzu qilardim. Tushunayapsizmi? Lekin hech qachon shunday bo’lmagan. Bunaqasi har doim ham bo’lavermaydi, menga ishoning, – dedim.
– Bilaman, – javob berdi u, – ehtimol gapirsam durust bo’lar. Bir boshdan so’zlab bergandagina ko’p narsa birmuncha oydinlashadi. Istasangiz, so’zlab berishim mumkin…

U hikoyani shu zahotiyoq boshlamadi. Biz xiyla muddat jim qoldik. Poezd dala bo’ylab tun qo’ynida yelib borardi. Kupe nimqorong’i va issiq edi. Vaqtimiz ko’p, Berlingacha hali ancha yo’l bor. Biz chuqur pastqamlikda joylashgan bir qishloq yonidan o’tdik. Ba’zi uylarda hali chiroqlar ko’rinardi. Tor, uzun bir binoning derazalari qandaydir qizg’ish nur taratib turardi.

– Qarang, inkubator, – dedi, u endi ochilib gapirardi. – U yerda hamma narsa kun sayin o’zgarib turadi. Biz buni ko’ramiz-da, ha, bu tabiiy hol, deb qo’yaveramiz. Hatto buning yanada tezroq, tubdan o’z­garishini xohlaymiz. Buni mutlaqo yangilashni istaymiz va shunga intilamiz. Faqat bizning o’zimiz, qalbimiz, demoqchiman, ya’ni insonlar orasidagi munosabatlar qanday bo’lsa shundayligicha qolaversa kerak, deb o’ylaymiz. Ular bir-birlarini azaldagidek sevaveradilar va birga qola oladilarmi-yo’qmi, degan masala ham nazarimizda allaqachon hal etilgan. Lekin keyin nima bo’ladi, bu haqiqiy sevgimi? – bu haqda so’rab ham o’tirmaymiz.

– U qay darajada yuksak yoki kamroq qadrlanadi, demoqchimisiz?
– Yo’q, – dedi u, – buni men u qadar oddiy tasavvur qilmayman.
Uning chehrasi ham endi boshqacha edi, u menga kattaroq, shu bilan birga, qat’iyroq ko’rindi. Tovushi ham bir oz ravshanroq tuyuldi.
– U qadar oddiy emas, – takrorladi u. – Men uch yillik armiya xizmati davomida mudom bir qizni o’ylardim. Buning nimaligini o’zingiz tushunasiz: kishi hamisha – kechasi ham, biror yoqqa borayotganida ham yoki postda turganida ham, xullas, o’zi xoli qoldimi, bas, xayol surishga tushadi. Xizmat orasida ta’tilga kelganim zahotiyoq uning huzuriga shoshilardim. Xizmat muddatim tugagach, nimalar qilishimiz haqida shirin orzular qilardik. Bugun bir narsani xayol qilsak, ertasiga boshqasini o’ylab topardik, qisqasi, birgalikdagi hayotimizning qanday bo’lishi xususida xayol surishdan charchamasdik.

Bir-birimizni ko’pdan bilardik. Hunar maktabida o’qib yurgan paytimizda tanishgandik. Men mexaniklikka o’qirdim, u esa slesarlikka. O’qishni tugatganimdan keyin ancha vaqt bir korxonada ishladik. U qizlar ichida eng chiroylisi edi. Bu maqtov emas, aslida shunday edi. Shunday qiz meni yoqtirganidan benihoya baxtli edim. Hammaning menga havasi kelardi.

U oqishdan kelgan, sochlari uzun qiz edi. Usta hamisha undan sochini qirqtirib tashlashni talab qilardi. Rostdan ham shunday qilmasa edi, deb xavotirlanardim. Chunki uning sochlari ro’mol ichiga sig’masdi. Bilasizmi, ayniqsa u ishga tamoman berilib ketgan paytlarda yo’g’on soch o’rimlari tushib ketaverardi. U sochlarini qirqtirmadi, chunki men unga, sochlaringni o’quvchi qizlardek ikkita qilib o’rib qo’ysang menga yoqadi, degandim. Didi ham baland edi, aytgancha, uning ismi Vera. Chiroyli ism-a, shunday emasmi? Bir korxonada ishlagan kezlarimizda uyga ham ko’pincha birga qaytardik. Avtobusda qatnardik, deyarli yarim soatlik yo’l edi. Ertalab tag’in uchrashardik.

Bir kuni ishdan keyin kinoga bordik. Men endigina o’qishimni tugatgan, u haliyam o’qirdi. U mendan bir yosh kichik. Ekranda nimalar bo’lganini bilmayman, uning yonida o’tirganimni eslayman, xolos. Uning jiddiy tomosha qilishini kuzatardim, his-tuyg’ulari yuzida aks etardi. Shu paytgacha u menga yoqardi, xolos. Endi esa qandaydir bir iliqlikni his etdim, suyanchiqda mening qo’lim yonida turgan qo’lini ohista silagim keldi. Uyga qaytishda yelkasiga qo’limni qo’ydim, u qarshilik qilmadi. Ilgari men uni uyigacha kuzatmasdim. Bu safar birga bordim. Darvoza oldida u menga qo’lini uzatdi, keyin darhol yugurib ketdi. Biz go’daklarga o’xshardik. Men ham baxtli, ham mag’rur edim. Keyinroq, armiya xizmatida bo’lgan paytimda biz o’pishdik. Hammaning menga havasi kelardi: shahrimizdagilar uni bilganlari uchun, xizmatdosh do’stlarim suratini ko’rganlari uchun. Tez-tez yozishib turardik. Ta’tillar orasidagi kunlarni sanab o’tkazardik. Bir kuni yaqin joyda mashq o’tayotganimizda kechqurun bir soatga yashiriqcha keldim. Xizmatim tugashini orziqib kutardik.

U jim bo’lib qoldi va derazadan tashqariga nazar tashladi. Men endi uning yuzini yon tomondan ko’rib turardim. U xotirjam, o’zini tutib olgan, bir oz jonlangan edi.
– O’sha kunlar hozir menga uzoq o’tmishdek tuyuladi, – so’zida davom etdi u nihoyat, – vaholanki bu o’tgan yilgi voqea. Biz uzzukun birga bo’lardik. U hali ham o’sha korxonada ishlardi. Ustalar tayyorlaydigan kurs­da o’qimoqchi edi. Armiyadan qaytgach, men mashinasozlik sohasini tanladim va payvandchi bo’lib ishga joylashdim. Mening ham o’z rejalarim bor edi: xizmat davrida kursda o’qib attestat olgandim. Endi sirtdan o’qiy boshladim. Mashinasozlikka, tushunayapsizmi?

Men bosh irg’adim. Meni qandaydir quvonch chulg’ab olgandi. U hikoya qilar ekan, menga ilgarigidan ko’ra boshqacha bir tarzda sirdosh, yaqin bo’lib qolgandi. Shu lahzada undagi turli-tuman xislatlarning bir-biriga qo’shilib ketganini payqadim: u yosh, kelajakka ishongan, kuchga to’liq edi. Unda oldin kuzatganim mehribonlik, yetuklik, muloyimlik va sezgirlik xususiyatlari endi uni yanada kuchli va quvnoq ko’rsatardi.

U nazarini mendan olib, yana tashqariga – lipillab o’tayotgan zulmatga tikilgancha so’zida davom etdi.
– Vera ikkimiz anchagacha “keyin, keyin” deb yurdik. Nihoyat mana shu keyin ham yetib keldi. Gohida shunday tuyulardiki, go’yo bizning bunga jur’atimiz yetmasdi. Biz yonma-yon o’tirardik-da, nimanidir kutardik. Xiyla vaqt buni unutib yuborardik, ammo keyinroq kutish hissi borgan sari kuchayib bordi. Hali yoshmiz, deya o’zimizni ovutardik. Biroq bu ham sabab emasligini bilardik. Vera yigirma birda edi. Bizga yetishmagan narsa faqatgina bizni ulg’aytirayotgan vaqtning o’tishi emas edi. Ba’zan o’zim yolg’iz qolgan chog’larimda vaqtning o’tishidan qo’rqib ketardim. Mana biz birgamiz, biroq shunday payt keladiki, bu birgalikning boshlanishi emas, balki nihoyasi bo’ladi va vaqt hamma chiziqlarni o’chirib tashlaydi, deb xayol qilardim.Biz yana “keyin” deya boshladik. “Keyin, o’z boshpanamizga ega bo’lganimizdan so’ng”, “undan keyin bolalarimiz bo’ladi”, deyardik. Biroq bu ham garchi dastlab bizni birmuncha ovutgan bo’lsa-da, umuman hech narsani o’zgartirolmasligidan qo’rqardik. Shu sababli gohida kelajak haqida so’zlashadigan bo’lsak, u qadar shoshilmasdik ham. Ko’nglimizning notinchligini, tushkunlikka tushishimizni bir-birimizdan yashirishga urinardik va bu holatni yo xafagarchilikka, biror ko’ngilsizlikka yoki bo’lmasa shunga o’xshash narsalarga ag’darardik.Yozda birga ta’tilga chiqdik. Chodir sotib oldik-da, men bolaligimdan bilgan ko’l bo’yiga jo’nab ketdik. Maktabda o’qib yurganimizda uch haftani u yerda rosa mazza qilib o’tkazgandik. Bu haqda o’ylaganimda ko’z oldimga lojuvard osmon hamda suvning oyoqlarim ostida yoqimli to’lqinlanib qirg’oq toshlariga urilishi kelardi. Vera ikkimiz bir necha hafta davomida nuqul shu haqda gaplashdik. Jo’naydigan kun yetib kelgach, azonlab mototsiklga o’tirdik. Biz quvonch va sabrsizlikdan toshib borardik. Tush bo’lmay yetib keldik, chodirni tikdik va yukxaltalardagi narsalarni chiqardik. Undan keyin suv bo’yiga, qo’ng’ir xarsang toshlar ustiga o’tirdik. Keyin o’rmonga yugurib ketdik, bizdan boshqa jon zoti yo’q edi. Kunlarimizni rosa gashtli o’tkazamiz, deb o’ylagandik.

Dastlab hammasi kutganimizdek bo’ldi. Biz quyoshda toblanib yotgancha daraxtlarni tomosha qi­lar­dik. Ayniqsa kechqurunlari suv havodan ko’ra iliq­roq bo’lgan paytlarda uzoq-uzoqlarga suzib ketardik. O’t bosib ketgan egri-bugri so’qmoqlar bo’ylab miriqib kezardik. Qushlarning sayrashiga quloq tutardik va ularning nomlarini bir-birimizga aytardik.Biz hanuz kutayotganimizga iqror bo’lishdan tortinardik.

U bir zum jim bo’lib qoldi. Keyin izoh berdi:
– To’g’risi buni o’zimiz ham anglab yetmasdik. Buning hammasi ko’proq notinchlik edi chamamda. Rost. Bizning birgalikdagi hayotimiz hech qachon shu ko’rayotganimizdan
ortiq narsa berolmas edi. Biz bir-birimizni tushunardik, yashiradigan sirlarimiz ham yo’q edi. Hamma narsa haqida bir-birimiz bilan o’rtoqlashardik. Bizga nimadir yetishmasligini hech tan olmasdik. Baxtli ekanimizga iqror bo’lardik. Vera juda go’zal, kelishgan, sarvqomat edi.

U burchakka suyanib olgandi. Men uning chehrasi­da­gi nurni ko’rib turardim, xolos. So’ng anavi, boshqasi kelgan, xayoldan kechirdim men.

U yana oldinga egildi-da, yuzini qo’llari bilan bekitdi. U shu qadar sekin gapirardiki, men uni ang­lab olishga zo’r berib urinardim. Darvoqe, u menga gapirardimi?
– Keyin Mariya keldi. Ikki chodir to’la o’g’il va qiz bolalar kelishdi. Ular ikki ayol – bir muallima va bolalardan birining onasi boshchiligida edi. Ular chodirlarini yalanglikning narigi chetiga tikishdi. Biz ularni suvdagina ko’rardik. Vera ikkimiz kun bo’yi yashil soyabon ostida yonma-yon, bir-birimizning taftimizni, tomir urishimizni his etib so’zlashmasdan yotardik. Veraning yelkalari, soni va uzun jigarrang oyoqlari menga tegib turardi. Men Verani mehr va shu bilan birga, allaqanday achinish bilan kuzatardim. Biz tez-tez bir-birimizni, o’tlarni, gullarni, suv ustiga egilgan daraxtlarni suratga tushirardik, go’yo shu bilan o’tkinchi narsani tutib qolmoqchi bo’lardik.

Bir kuni kechqurun Mariya bizning oldimizga keldi. Ular gugurt sotib olishni unutishgan ekan. Bolalar uxlagach, muallima bilan ikkovlari kelishdi. Negadir men aksincha o’ylabman: Mariyani muallima, anavi malla sochli ayolni esa bolalardan birining onasi debman. Mariya o’g’li haqida so’zlab bergachgina buni bildim.Bu menga g’alati ta’sir qildi. Uning o’g’li haqida gapirishi g’alati ta’sir qildi. So’zlash ohangi ham g’alati ta’sir qildi. Hayotida qandaydir baxtsizlik bo’lganini darhol anglab yetdim.

Biz bolalar haqida so’zlashdik. Men maktabda o’qib yurganimda, xuddi shu tarzda, mana shu yerlarda bo’lganimni gapirib berdim. O’quvchilik davrimizda bo’lgan qiziq voqealar, sho’xliklarimiz haqida hikoya qildik. Suhbat chog’ida malla sochli muallima suv ustiga egilgan daraxtga suyanib o’tirar, Vera ikkovimiz hali quyosh tafti ketmagan toshlar ustida o’tirardik. Mariya bo’lsa salgina chetroqda, bizning qarshimizdagi biz yasagan toshkursida, suvga qarab o’ti­rar, faqat gapirgandagina biz tomonga burilardi.

Men uni allaqachon sevib qolganmidim-yo’qmi, bilmayman. Ammo u bizga burilganda, go’yo men qo’limni Veraning yelkasidan olishim kerakdek tuyulardi. Men bunday
qilmasdim. Aksincha, uni o’zimga yanada yaqinroq tortardim. Go’yo shu bilan Veranimi yoki har ikkimiznimi, nimadandir himoya qilmoqchidek bo’lardim.

Shu kundan so’ng men Mariyani axtaradigan bo’lib qoldim, avvaliga buni anglab yetmadim. Biroq uni ko’rsam yoki ovozini eshitsam, allanechuk titrab ketardim. Bir necha kundan keyin o’zimcha pinhona uning har lahza qaerdaligini belgilab yuradigan odat chiqardim. U hozir chodirda. Endi bolalar bilan koptok o’ynayapti. Endi yoy otishni mashq qilishayapti. Hozir yolg’iz o’zi cho’milishga ketdi. Yoki bo’lmasa: hozir qishloqqa xarid qilishga ketdi. Bir kuni tushdan keyin uning qaerdaligini anchagacha bilolmadim. Qancha kuzatgan bo’lmayin, uning biror yoqqa chiqqanini ko’rmagandim. Men uni bilmayman-ku, axir, derdim o’z-o’zimga. Men nima istayman o’zi? Birortasi uni yo’qlab kelgan bo’lishi ham mumkin-ku. Ular hozir sha­harda, biror kafeda birga o’tirishgandir ehtimol, nega bo’lmasin. Buning menga nima aloqasi bor? Biroq Mariya haqida xayol surishdan endi o’zimni tiyolmasdim. Vera buni sezardimi-yo’qmi, bilmayman. Biz cho’milib chiqib quyoshda toblanardik. Vera bilagini mening boshim ostidan o’tkazib olgandi. Boshimni burib, uning bilagini yuzimda his etdim. Qalban u bilan emasligimni sezib qolishidan qo’rqardim. O’zimni qo’lga olishga urinardim. Lablarim bilan bilagini siladim. Bu axir yolg’on-ku, deb o’yladim-da, titrab ketdim. Vera turib o’tirdi-da, menga qaradi.
– Nima bo’ldi – so’radi u, – sovqotayapsanmi?
Men bosh irg’adim.

Mariya haqida so’z ochish uchun gap aylantirib, hozir yodimda yo’q, qandaydir bir bahona topdim.
– U menga yoqadi, – dedi Vera. – U ba’zi ayollardan ko’ra mustaqilroq, qat’iyroq. Mana shu xususiyat menga yoqadi. Didi ham chakki emas.

Biz uning kim bo’lib ishlashi xususida bahs­lash­dik, taxmin qildik.
– U vrach, – dedi Vera.
– Rassommi yoki shunga o’xshash biror kasbdadir, – dedim men.
Bari bir aniq bir fikrga kelolmadik. Ancha tortishdik. Mariya haqida so’zlashish menga xush yoqardi. Kechqurun Mariyaning o’zidan kasbini so’rab olishga kelishdik. Vera, kechqurun, dedi, men kechqurun Mariyaning bu yerda aniq bo’lishiga gumon qilsam-da, mayli, kechqurun, deb qo’yaqoldim.

Men kech tushishini kuta boshladim. Chunonam kutdimki, hatto u kelganda, – go’yo u mening sabrsizlik bilan, yana yasanib kutib turishimni biladigandek – tamoman holdan toygandim. Men unga qaradim, nazarimda u yasharib ketgandek edi. Uni sevib qolganimga endi imonim komil edi. Biroq oxiri nima bo’lishini o’ylab ham ko’rmasdim. Men uning yonida bo’lishim kerak – faqat shugina muhim edi. Biz rostdan ham uning kasbini so’radik. U nazariy fizika ilmiy-tadqiqot institutida ilmiy xodim ekanligini aytganida men uncha ajablanmadim. Bu unga mos kelardi. Undagi ayrim xususiyatlar buni aytib turardi. Tushdan keyin qaerda bo’lganini so’rashga, shubhasiz, botinolmadim.

Bu paytlar Vera ikkimizning vaqtimiz ko’ngil­liroq o’tardi. Kun bo’yi deyarli bolalar bilan bo’­lardik. Ular ham bizga o’rganishib, gapimizga bo’y­sunadigan bo’lib qolishgandi. Bolalar bilan oson til topishadigan Vera kichik qizchalarni suzishga o’rgatardi. Katta bolalar men bilan edi.

Men ularga ichi kovak daraxtlarni, g’orlarni va o’zim ilgaridan biladigan boshqa xilvat joylarni ko’rsatardim. Biz tevarak-atrof bilan tanishish maqsadida uzoq-uzoq kezardik. Notanish joyni taxminlab topishga o’rgatadigan turli o’yinlar tashkil etar, qizg’in kurash tushardik. Ba’zan Mariya ham biz bilan birga kelardi. Lekin u bunda bo’lmagan paytlarda ham men uni yonimda his etardim. Ayniqsa, uning o’g’li – onasiga hecham o’xshamaydigan, jasur, pishiqqina, uzun bo’yli, sariq sochli bola yonimdaligidan shunday bo’lardi. Gohida men bolada onasiga xos biror xislatni topardim: boshini burishi yoki yerda o’tirganida qo’llari bilan tizzasini quchoqlab o’tirishi, biror kishi gapirayotganda quloq solishi unga o’xshab ketardi. Chunki biz yomg’ir yoqqan paytlarda biror g’ordami yo daraxtlar ostidagi quruq joydami yashirinib olib hikoya aytishardik. Menga Mariyani yaqinlashtirgan mana shu lahzalar tufayli bolani yaxshi ko’rib qoldim.

Kunlar shu taxlit o’tardi.
Tunlar ham boshqacha bo’lib qoldi. Bizdagi tuy­g’uning hijroni ham bor edi. Yo’q, biz buni bilmasdik. Buni men endi anglayapman. Mendagi o’zgarishni Vera sezganmidi-yo’qmi, menga qorong’i. Bu haqda gap ochmasdik. Bir-birimiz bilan ilgarigidek muomala qilardik. Biroq biz aldash uchun emas, balki bir-birimizni ranjitmaslik maqsadida shunday qilardik nazarimda va buni ikkimiz ham bilardik.

Faqat oxirgi kuni kechqurun ahvol o’zgardi. To’rttovimiz bizning chodirimiz oldida, ko’l bo’yida o’tirdik. Gulxan yoqdik va qo’rga kartoshka ko’mdik. Issiq kartoshkalarni qo’rdan chiqarib olish uchun Vera cho’p yasab keldi. Biz yonma-yon o’tirardik, oldimizda likopchada tuz hamda bir idishchada yog’ turardi. Xayrlashuvga atalgan vino suvga tashlab qo’yilgandi. Havo iliq, tinch va osuda edi. Biroq meni, yana birozdan keyin Mariyadan ayrilish va uni balki bir umr ko’rolmaslik dahshati qiynardi. Men qandaydir qulay bir yo’l qidirardim. Vaqt o’tgani sari qiynoq tobora kuchayar va xayolimni chuvalashtirardi. Men uni qayta ko’rishim lozimligini unga bildirishim kerak edi.

Lekin qanday qilib? Suvdan vinoni keltirdim. Vera quvnoq edi, ehtimol biz ketayotganimiz uchundir. Shishani ochib hammaga vino quydim. Ichdik. Bu ital`yan vinosi edi. Olovga tikilib o’tirardik. Yolqinga tikilib, uning harakatini, turfa shakllarda tovlanishini kuzatish zavqli edi. Men Mariyaning yonida o’tirardim. U stakanlarni yana to’ldirdi. Unga stakanni uzatayotib qo’lini sekin siladim. Buning ataylab qilinganini u payqadi va menga qo’rquv bilan nazar tashladi. Uning bilagini ohista siladim. Bu harakatimni sezdirmaslik uchun nimadir, qanaqadir tushuniksiz bir narsa dedim.

U ham mendek qiynalayotganini bildim, faqat endigina bildim. Buni og’zidan sezdim. Og’zi biroz ochilib, lablari titrab turardi.

Tag’in bir shisha vinomiz bor edi. Uni suvga tash­lamayoq ichdik. Biz bir-birimizdan ko’zimizni uz­­­masdik. Men Verani unutgan edim. Kechasi tar­qa­layotganimizda uning qo’lini qayta siladim.Vera bilan tong g’ira-shirasida jo’nab ketdik. Ular hali uyquda edi. Vera hech narsa so’ramadi. Yakshanba tongi edi. Dushanba kuni biz ishda bo’lishimiz lozim. Uyga yetib kelgach:
– Men qaytib ketishim kerak, – dedim.

Vera shunda ham lom-mim deb og’iz ochmadi. Charm kurtkamni yechmasdan buyumlarni kiritishga ko’mak­lashdim.
– Ertaga azonlab kelaman, – dedim, – boshqa ilojim yo’q, borishim kerak. U eshikka suyanib turardi, men jo’nab ketganimda ham o’sha holatda qoldi. Men yo’limdan qayta olishim, uni o’pib, uzr so’ray olishim mumkin edi. Biroq ketishim ham kerak edi.

U yerga kechga yaqin yetib bordim. Bolalar ov­qat­la­ni­shardi. Qayinlar orasidagi uzun stolda bolalar bilan o’tirgan Mariya o’rnidan otilib turib menga tomon yugurdi. Birga o’rmonga ketdik. Lagerdan ancha uzoqlashgach, to’xtadik. U peshanasini yuzimga qo’ydi.
– Nima qilamiz? Nima qilishimiz kerak? – shivirladi u.

Uning rangi oqarib ketgan edi. Men nima deb javob berishimni bilmasdim. Ko’zlarimdan o’t chaqnardi, ehtimol jadal yo’l bosib kelganimdandir yoki shu qadar baxtli, yo bo’lmasa shu qadar baxtsiz ekanligimdandir. Shu alfozda uzoq turib qoldik. O’pishishga jur’at qilolmasdik. Undan keyin hamma narsaning hal bo’lishini bilardik. Men uning yuzini siladim. Biz orqaga qaytdik. Chodir oldida unga qo’limni uzatdim, shundan so’ng qaytib ketdim.

Veraning yuzi, oppoq yuzi, uning ko’z yoshlari – bular hammasi hozir menga xuddi yarq etgan chaqmoqdek tuyuladi.
– Oqibati nima bo’ladi, bilmayman. To’g’risi buni bilmayman, Vera. Gapning rostini aytish kerak-ku axir, tushunasanmi? – deyman unga.

Eng dahshatlisi shu ediki, men baxtli edim. Hayotimda ilk bor baxtli edim. Hech qachon bu qadar baxtli bo’lmagandim. Hamma yerda, har on Mariyaning chehrasini ko’rardim. U tabiat qo’ynida, dalalarda, qirlarda, o’rmonlarda, men yurgan yo’llarda, shahrimizdagi qator uylar uzra suzib yurardi. Payvandlayotganimda eriyotgan metallning tovlanishida ko’rinardi. Tunda esa tinch va osuda chehrasi yumuq ko’zlarim tubida turardi. Hamma joyda u edi, men esa unga ergashib yurardim. Tongda bo’lsa boshqacha holatda, ilgari mutlaqo his etmagan quvonch bilan uyg’onardim. Bugun payshanba, ertaga juma, shanba kuni uni ko’raman, deb xayolan shoshilardim.Verani har kuni ko’rardim. U bilan hamishagidek muomala qilardim. Birga ovqatlanishga borardik, ilgarigidek hazil-mutoyiba qilardik. O’shanda u katta frezer stanogida ishlardi. Men uni ishdan so’ng olib ketardim, birga bekatga borardik. Yonimda borarkan, u qo’liga krem surtardi.

– G’adir-budir bo’lib qolmasin, deyman-da, bildingmi? – derdi keyin.
U o’zini go’yo hech gap bo’lmagandek tutar, bu bilan menga yengillik tug’dirardi. Bizga odamlarning hamishagidek havaslari kelardi. Men unga mehr bilan boqar va yordami uchun undan minnatdor edim. Shu bilan birga uning oldida xijolat tortardim. Biroq mana shu xijolatlikda ham soxtalik borligini bilardim.

To’g’risi, men hali bo’layotgan voqealarni to’liq tushunib yetmasdim. Buning oxiri nima bilan hal bo’­lishini ham bilmasdim. Navbatdagi shanba kuni u:
– Bugun men ketyapman. S. da maktabdosh dugonam bor. O’sha yoqqa bormoqchiman, – dedi.
Buning uchun undan minnatdor bo’ldim. Shunday bo’lsa-da, men uning o’zi haqida emas, balki ketsa yaxshi bo’lardi, deb o’ylardim. Tushdan keyin men Mariya yoniga ketdim.

U jim bo’lib qoldi. Chehrasi sokin edi. Men unga qaradim. Uni tushuna olamanmi-yo’qmi, hali bilmasdim. Men sho’rlik Vera haqida o’ylamoqchi bo’l­dim. Biroq u qolib, Mariya haqida xayol surib ketdim. U borgach Mariyaning naqadar quvonishi, nima qilishni bilmasdan dovdirab qolishi, keyin uning istiqboliga yugurishini ko’z oldimga keltirardim. Go’yo hech gap bo’lmagandek ular salomlashishadi. Ularning ko’zlarigina yurakdagi gapni aytib turadi, xolos. Ke­yin u muallima bilan so’rashadi. Bolalar bilan ham salomlashadi, ular uni go’yo o’zlarini yo’qlab kelgan, deb o’ylashadi. U bolalarga birga bekinmachoq o’ynashga va’da beradi. Ehtimol yo’lda ko’rganlarini so’zlab berar. Shunda Mariyaning ko’zlarini uchratadi.

Bolalar uxlashgach, ular ko’l bo’yiga ketishadi. Tosh ustiga o’tirishadi. Allaqachon qorong’i tushgan bo’ladi. Men ularning ovozlarini eshityapman, ularning yaqinligini, yurak urishlarini sezyapman. Keyin chodirga kirib yotishadi. Tongda uyqudan turganlarida ularning ixtiyorlarida yana butun bir kun bo’ladi. Birinchi kun. Ularning haqiqiy birinchi kunlari, o’y­layman men.

O’zi hamma narsa endi boshlanadi-da, xayol suraman yana. Ularning birga qolishga umid bog’lashdan o’zga o’ylari bo’lmaydi, deyman ichimda. Shunda qo’rqib ketdim: u hikoya qilayotganda tashlandiq qiz (Verani o’zimcha shunday atadim) tomonda edim, endi esa nuqul Mariya haqida xayol surardim. Men Mariyani boyagina shu yerda, uning yonida o’tirganini, manglayini uning bilagiga bosganini va qay tarzda chiqib ketganini qayta ko’z oldimga keltirdim. Agar hozir u: bu oddiy adashish, hozirgisi ham shunchaki amalga oshmaydigan qandaydir bir xayoldan boshqa narsa emas, desa, naqadar dahshat bo’lardi, degan fikr kechdi miyamdan. Bu – bunday hollar hamisha yolg’on, sarob, degani bo’ladi-ku. Yuragim qattiq urardi. U hikoyasini davom ettirishini istardim. Biroq u uzoq sukut saqladi. Ko’zlari menga tikilgan, ammo meni ko’rmasdi. So’ngra mening so’zsiz, talabchan savolimga javob qaytardi:
– Mariya ikkimizning o’rtamizda keyin nima bo’l­ganini tasvirlash juda og’ir.

Biz qayiqqa o’tirib ko’lning narigi qirg’og’iga ketdik, u yer bizning qirg’oqdan ko’ra boshqacha, ancha tikroq edi. U yerdagi tekis tosh ustida uzoq o’tirdik-da, sokin, tubida rang-barang toshlar ko’rinib turgan tip-tiniq suvni kuzata boshladik. Gohida Mariya oyog’ining uchi bilan suvni harakatga keltirar, shunda suv tubidagi toshlar jilolanardi.
Bizning sevgimiz ham ana shunday.

Men o’z-o’zimdan shunday fikrga kelganim yo’q, biz yonma-yon yotgan birinchi kechada men shunday tush ko’rdim: tushimga tip-tiniq suv kirganmish, uning tubidagi toshlar
quyosh nurida tovlanarmish. Uyg’onganimdan so’ng, bizning sevgimiz ham ana shunday deb xayoldan kechirdim. Mariyani eslaganimda ham u menga o’shanday: tiniqlik,
sokinlik, soflik, bebaholik timsoli, qo’yingchi, butun borlig’i bilan benihoya shodlik manbai bo’lib tuyuladi. Ilgarilari ham shodlik nimaligini bilaman, deb yurarkanman. Lekin bu, shodlik haqidagi tasavvurdan bo’lak narsa emas ekan. Ajo­yib kun nimaligini bilaman, deb o’ylarkanman. Daraxt, maysa nima, bulutlarning suzishi-yu o’rmon oralab ketgan so’qmoq yo’l nima – bularni bilaman, deb o’ylarkanman. Keyin anglasam, men shu paytgacha hech narsani ravshan ko’rmagan, hech narsani bilmagan va his etmagan ekanman. Go’yo bularning barchasi qiya ochiq eshik ortida edi-yu, mening ularga tasodifan birgina nazar tashlashim kifoya edi. Yo’limda quyosh nurining jilvasini ko’rarkanman, bir kun keladiki, uni chinakam ko’raman, degan umidnigina his etib yurgan ekanman. Daraxtni, uning bo’yini, shox-butoqlarini, yaproqlarini ko’rardim-da, o’zimcha, bu daraxt, deb qo’yaqolardim. Qushlarning uchishini ko’rardim – qanoti bor, uchadi. Ammo o’zim anglab, his etgachgina haqiqiy parvoz nimaligini ko’rdim, bularning barchasini men shu paytgacha bilmasdim. Kishilarga munosabatim ham shunday edi. Birov chiroylimi yoki xunukmi, aqllimi yoki aqlsizmi, harqalay, ajrata olaman, deb o’ylardim. Biroq o’sha odamning o’zini – na aqlli yo aqlsiz, na chiroyli yo xunuk, balki mudom tinib-tinchimaydigan, goh aqlli, goh aqlsiz, goh xunuk, gohida chiroyli shaxsiyatini ko’rmas ekanman. Men uning his-tuyg’ularini, uning intilishlarini, zehnini, uning fikrlashini bilmaganman. Hatto Verani ham bilmas ekanman. Eng yomoni shu bo’ldiki, odamlarga ham shunday ko’z bilan qaraganman. Men… – u biroz to’xtab olib so’zida davom etdi, – xuddi qadam tashlasa ham oyoqlari ostidagi yerni his etmaydigan kishidek yashaganman. Zaminda mahkamroq turish uchun nima qilish lozimligini bilmaganman.

Mana shularning barchasini endi boshqacha nazar bilan kuzatadigan bo’ldim. To’g’rirog’i, biz bunga ikkovimiz birgalashib erishdik. Chunki Mariyaning ham holati menikidek bo’lgan. Oldiniga buni payqamay yurdim. Meni atrofga boshqacha nazar bilan qarashga, hayotni chuqur tushunib yetishga, undagi buyuk haqiqat ichiga kirib borishga o’rgatgan narsa undagi yetuklik, shaxsiyatidagi qudrat, kuch, deb o’yladim. Lekin u ham xuddi mendek ekan. Biz birga go’yo bir odam edik. Bir-birimizni yanada yetuk qilib, to’ldirib turardik.

Dastlabki kezlarda Mariyasiz yolg’iz qolga­nim­danoq o’zimdagi yangicha his-tuyg’uni tag’in yo’qotib qo’yardim. Dushanba kuni ertalab ishga kelib, parishon holda nima qilishimni bilmay turardim. Eriyotgan metallning jilolanishi meni qiynar, toliqtirar, sexdagi mashinalarning shovqini g’ashimga tegardi. Kechqurunlari kitob o’qirkanman, fikrlarim chalkashib ketar, ularni bir joyga to’playolmasdim. Ochiq sahifaga tikilgancha Mariyani o’ylab ketardim. Men uning yoniga, o’zimni yangicha his qila oladigan o’sha birdan-bir joyga ketishni orzu qilardim. Anchadan keyingina o’zimni bir oz tutib oldim. Bunday holat hech narsadan hayron qolmaydigan bo’lganimdan so’ng yuz berdi va mendagi bu yangi o’zgarish zilol suv tubidagi yaltiroq toshlarga o’xshar edi. Shu paytlar ishim ham endi boshqacha bo’ldi.

U ilk marta yodga olinayotgan voqea haqida gapirayotgandek tutilib-tutilib so’zlardi.
– Qanday maqsadni ko’zlashimni ilgaridan ham bilardim, albatta. Odamlarning ishini yengillatadigan, hatto ularni og’ir ishdan ozod qiladigan mashinalar yaratishni istardim. Biroq, avvalo inson nimaligini bilmaganman. Rost. Men buni bilmagan ekanman. Men undagi qudratning naqadar ulug’ligini bilmagan ekanman. Hatto o’zimni ham anglab yetmagan ekanman-da. Qanday tushuntirsam ekan? Mariya meni sevganidan buyon, meni sevuvchi inson u bo’lgani uchun o’zimni yuksaklikda tasavvur etaman. U…

Erkak jim bo’lib qoldi. Meni unutib qo’ydi, deb o’yladim. Qimirlashga jur’at qilmasdim. Bir ozdan so’ng dedi:
– Tushunasizmi? So’zlash og’ir. Ehtimol meni tushunarsiz.
Ular ko’l bo’yidan allaqachon ketishgan, biz goh mening, goh uning shahrida uchrasha boshladik. Uchrashuvlarimiz orasidagi vaqtni zo’rg’a o’tkazardik. Mariya o’zini tuta biladigan, mulohazaliroq bo’lsa-da, men “biz” deyapman. Biz iloji boricha shanba kunlari uchrashishga kelishgan bo’lsak-da, men oraliqda, chorshanba yoki juma kunlari ham borardim-da, ertasiga azonda ishga yetib kelardim. Borgan sari ahvol qiyinlashar, bir-birimizga yanada qattiqroq bog’lanib borardik. Biz birga bo’lishga, hech bo’lmasa bir shaharda yashashga qaror qildik. Buning uchun men ishimdan bo’shashim kerak edi. Mariya institutdan ketolmasdi. Oldin bu shunchaki jo’n ishdek tuyuldi. Men Mariyaga yaqin joydan ish axtardim.

Endi Vera haqida gapiraman. Men Verani unutgandim. Uni har kuni ko’rsam-da, unutgandim. Unga duch kelish menga hatto malol kelaboshladi. Ba’zan chidayolmasdan: “Nima istaysan mendan? Ahvolni ko’ryapsan-ku!” deb yuborgim kelardi. Shunday bo’lsa-da, u bilan yaxshi munosabatda bo’lardim va unga yuragimni ochmaganimdan o’zimni gunohkor sezardim. Shu boisdan men korxonadan va shahrimdan ketganimdan afsuslanmadim.

Vera zarracha qarshilik qilmadi. Aynan shu narsa meni qo’rqitdi. Yo’q, hayajonga soldi. Biroq buni yuzaga chiqarishni istamasdim. Ehtimol haddan ortiq band bo’lganimdanmi, bu holatni o’zimdan nari quvardim. Keyinroq Vera Yurgen ismli muhandisimiz bilan uchrashadigan bo’ldi. Men ularni tez-tez, ko’chada, kinoda birga ko’rardim. Hammasi tinchgina hal bo’ldi, u ham boshqa birovni topdi, endi yolg’iz emas. U haqda qayg’urmasam ham bo’ladi, deya o’zimni yupata boshladim.

Mariya mendan Verani so’raganda unga muhandis haqida so’zlab berdim. U menga savol nazari bilan qaradi. Men bosh chayqadim: qo’yaver, shunday bo’lgani yaxshi. Shu bilan birga buning yaxshi emasligini ham bilardim. Vera Yurgen bilan ataylab meni uchratadigan joyga borishini bilib turardim. Yurgen unga butunlay boshqa maqsadda, ya’ni meni kutmayotganligini, ruhan tetikligini isbotlash uchun kerakligini payqash qiyin emasdi. Bu shundoq ko’rinib turardi. Bunday bo’lishi mumkin emasligini, Yurgenni ham o’ylash lozimligini anglardim. Bu ham o’z-o’zimni aldashdan boshqa narsa emas edi. Ammo xuddi shu narsa – Veraning ahvolini ko’rib turishim, lekin buning oldini ololmasligim meni iloji boricha tezroq ko’chib ketishga undadi.

Men Mariyaga yaqin joydagi vagon zavodida ishlay boshladim. Biz har kuni ko’rishib turardik. Verani deyarli ortiq o’ylamay qo’ydim.

Yakshanba kunlaridan birida Paula bilan Irmgard mening oldimga kelishdi. Ular Veraning brigadasidan edi. Qizlar mendan gina qilishdi.
– U bunga chidayolmaydi, – deyishdi.
– Nega u Yurgen bilan qolavermaydi? – deb so’­radim.

Ularning yuzlariga qarayolmasdim.
– U faqat Yurgen bilan emas, bugun bittasi, ertaga boshqasi bilan uchrashadi. Bunga sen aybdorsan, – javob berishdi ular. G’azabim qaynab ketdi. Ularning aralashishga ni­ma haqlari bor? Ular hech narsani bilishmaydi-ku. Birovning shaxsiy ishiga nega boshqalar aralashadi? Birov birovga qarammi? Ular mendan nima istaydilar? Eng asosiy narsa to’g’rilik. Men vijdonsizlik qilganim yo’q. Nima o’ylagan bo’lsam, qizlarning betiga aytdim. Xafa bo’lib jo’nab ketishdi.

Ularning kelishganini Mariyaga aytolmadim. Nimadir meni tutib qoldi. Biroq o’z-o’zimga yakkash, buning boshqalarga aloqasi yo’q, derdim. Ular nimani bilishadi? Bir narsaga aqllari yetsa, boshqasiga yetmaydi. Ular Mariyani bilishmaydi. To’g’risi, meni ham yaxshi bilishmaydi. Ular meni zangori ko’zoynakda ish ustida egilib turganimni ko’rishgan, xolos. Yuzimni yoritgan nur meni faqatgina tashqi tomondan ularga ko’rsatgan. Ishdan qaytayotganimda esa, ular mening hali yosh bo’lsam-da, bukilgan yelkamnigina ko’rishgan. Ular meni oshxonada, Vera bilan shoshib-pishib ovqatlanayotganimda ko’rishgan. Bunda ko’radigan hech vaqo yo’q. Goho majlislarda so’zga chiqardim, bu juda kamdan-kam bo’lib, diqqatni ham tortmasdi. Shuning uchun ularning aralashishga haqlari yo’q, deb o’yladim.

Lekin o’sha kundan so’ng Veraning chehrasi ko’z o’n­gimdan ketmay qoldi. Uni xayolimdan quvolmasdim. Uni unutmaganimni, u hali qalbimda ekanini angladim. Uning kulishini tasavvurimda jonlantirardim, lekin bu uning kulgisiga o’xshamasdi.

Ko’nglimdagi notinchlikni Mariyaga sezdirmas­dim. Bunga chek qo’yishim lozim, deyardim. Xato qi­layotganimni bilardim. Ammo, uni ranjitmasligim lozim, deb o’ylardim. U o’shanda murakkab bir masala ustida bosh qotirardi, – u hayajon ichida oldinga egildi, – mikroskopik jismlarning harakat qonunlari ustida. Eynshteyn yaratgan yagona maydon nazariyasining oxirgi variantlaridan kelib chiqadigan turli xil nazariyalar mavjud. U mikroskopik jismlarning to’g’ri chiziq bo’ylab emas, balki Eynshteyn ko’rsatganidek egri chiziq bo’ylab harakat qilishini isbotlashga urinardi… Bu biz tasavvur qilganchalik og’ir masala emas. Buni har tomonlama chuqur o’ylab, mag’ziga kirib borsangiz, ancha qiziq. Men hali bu haqda uncha ko’p narsa bilmayman. O’shanda Mariya katta anjumanga tayyorlanayotgan edi. Institutdan kech qaytar va yarim kechagacha hisoblab o’tirardi. Men darhol biror yegulik tayyorlab, yozuv stoliga qo’yardim. Boshini ko’targanda unga ko’zim tushsin uchun ro’parasiga o’tirib olib kitob o’qishni yaxshi ko’rardim. Uni endi avvalgidan ham ortiqroq sevaman, deb o’ylardim.

Hayotim tushga o’xshardi. Mariya bilan hamisha shu taxlit yashayveraman, deb xayol qilardim, shundoq jo’ngina xayol qilardim. Birimiz ikkinchimizga tirgak bo’lib, shirin, musaffo bir butunlikni tashkil qilib yashayveramiz, deb o’ylardim. Bu yana o’sha zilol suvni va uning tubidagi yaltiroq toshlarni eslatardi. Keyin xayolim Veraga ketardi. Nazarimda biz hamma narsani endigina boshlaganmiz-u, go’yo bir qarorga kelingan-u, biron narsa oxiriga yetkazilmagan edi. Bu daraxtlar orasidan jimirlab ko’rinayotgan zangor dengizdek xayoliy, bajarib bo’lmaydigan va’daga o’xshardi. Ko’z oldimda noma’lum, sovuq, qup-quruq kelajak gavdalanardi.Mariyani ish ezib tashladi. Nafaqat ish. Azoblanayotgani qo’llaridanoq ko’rinib turardi. Buni ko’rib yuragim ezilib ketardi. Men uni benihoya sevardim. U menga qarasa, men boshimni chetga burardim. O’zim, yolg’iz o’zim bor muammoni hal qilaman, deb o’ylardim…

Suhbatdoshim yana o’zini orqaga tashladi. Yuzi aniq ko’rinmasdi, ammo tizzasida yotgan qo’llarini aniq ko’rib turardim.
– Keyin Mariyaga buni aytdingizmi? – so’radim men.
– Yo’q, – deya boshini chayqadi u. – U allaqachon o’zi sezgan edi. U menga: “Veraning oldiga bor. Uning ahvolidan xabar ol. U bilan so’zlash” dedi. Ishning nima bilan hal bo’lishini u bilardi, lekin bu haqda og’iz ochmasdi. “Avval u yoqqa bor” dedi.

– Siz bordingizmi?
– Ha, o’sha shanba kuniyoq bordim. Verani ko’chada uchratdim. U yoshgina bir askar yigit bilan kulishib turardi. Meni ko’rgach, hamrohini ko’chaning narigi tomoniga yetakladi. Bu vitrinalarga boy gavjum ko’cha edi. U yasanib-tusangan, buning ustiga nihoyatda go’zal edi. Men ketidan bordim. U begona kishi bilan turgan bo’lsa-da, unga murojaat qildim:
– Vera, sen bilan gaplashmoqchiydim, – dedim.
– Marhamat, – javob berdi u va go’yo men u bilan o’sha yerda, anavi yigit oldida gaplashaveradigandek. – Aximga keyin baribir hammasini aytib berishim kerak, – deb qo’shib qo’ydi-da, qah-qah otib kuldi. Bu dahshatli edi. Javob tariqasida nimadir dedim-da, burilib ketdim. Kechqurun uyiga bordim. U haliyam o’sha eski joyda yashardi. U kechqurun ancha bosilib qolgan edi. Go’yo men ma’lum bir muddatga ta’tilgami yoki shunga o’xshash biror yoqqami ketib, yo davolanib qaytib kelgandek uning o’qishi, korxona haqida gaplashib o’tirdik. Men unikidan tezda ketdim va uyga kechasi yetib bordim.

– Mariya-chi? U nima qildi?
– U hammasini bilardi. Hech narsa so’ramadi ham.
– Siz ketishga astoydil qaror qilganingizni hammi?
– Biz ikkimiz shunday qarorga kelgandik. Mariya ikkimiz.
– Endi-chi? Bugun, demoqchiman.
– Ertaga Mariya anjumanda bo’ladi. Men ketyapman. Vokzalda meni Vera kutib oladi.
– Shu ishingizdan xursandmisiz?

U menga tikilib qaradi.
– Ha, – dedi u, – bilasizmi, biz qat’iy qarorga kelganmiz.
– Shunday qilganlaringiz Mariya uchun ham to’g’ri bo’lgan, deb o’ylaysizmi? – so’radim men, – meni ke­chiring-u, ikkingizning munosabatingizni hozirgina ko’rdim-ku.

Men hayajonlanardim.
– Ha, uning uchun ham shunday qilganimiz to’g’ri.

Bu odamning go’zalligini endigina payqadimmi yoki bo’lmasa u hozir avvalgidan ham go’zallashib ketdimi, bilmayman. U oldinga engashdi.

– Agar biz hech gap bo’lmagandek birga qola­ver­ganimizda, – dedi u xotirjam ohangda, – hamma narsani buzgan bo’lardik, bir-birimizni aldagan, chal­g’itgan bo’lardik. Biz, men va Mariya, ikkimiz bir odammiz. Qalban yagonamiz.

Biz uzoq jim qoldik. Keyin u yoq-bu yoqdan gaplashib ketdik. U to’g’ri yo’l tutganmi-yo’qmi, bilmasdim. Buni men faqat keyinroq, uyda yolg’iz qolganimdagina tushunib yetdim.

Manba: Yoshlik” jurnali. 2014 yil, 7-son

011

(Tashriflar: umumiy 147, bugungi 1)

Izoh qoldiring