Marina Svetayeva. She’rlar

08
Қизалоқ тўрт ёшга тўлганда онаси: “Муся сўзларни тинмай қофиялаяпти. Балки, шоира бўлар?” – деб қайд қилиб қўяди кундаликларида. Бўлажак шоира шеър ёзишни 6 ёшидан, – биратўла рус, немис, француз тилларида бошлади. Марина илк шеърий тўплами – “Оқшом альбоми”ни 1910 йилда ўзи йиққан пули эвазига нашр эттирди.

081
“БОР БЎЛМОҚНИ ИСТАМАЙМАН”
Марина Мурзина
Саиджалол Саидмуродов таржимаси
022

011«Мени суйиб-ардоқлашса – ҳайрон бўламан, ёқтиришмаса ҳам ажабланаман, лек менга нисбатан лоқайд бўлишса, ҳайратим ҳаммасидан кўра кўпроқ ошади» – шоира ўзи ҳақида шундай ёзган эди.
Чиндан-да Цветаеванинг буюк шахси ва ижодига лоқайд бўлишнинг иложи йўқ. У одамни ўзининг дунёси, образлари,ҳис-туйғулари, муҳаббатга тўла қалбига чорлайди, олов каби куйдириб, бўрондек учириб кетади. Болаликнинг эртаги  “Четан шокилалари алвон бўлиб ёнганда, барглар тутдек ёғилганда келдим дунёга”. 1892 йил 8 октябрда Москванинг Трёхпрудний тор кўчасида дунёга келган қизалоққа  ўша пайтлари камёб бўлган Марина исмини қўйишди.

Отаси Иван Владимирович таниқли олим, уч университет профессори, бугунги кунда дунёга машҳур Нафис санъатлар музейи асосчиси эди. Онаси Мария Александровна эридан икки баравар ёш бўлиб, ажойиб пианино чи бўлганди. Ўзининг илк шеърларида Марина Тангрига тавалло қилиб: “Менга ёшлик инъом этдинг – эртакларданда аълороқ, энди ўлим ҳам ҳадя эт – ўн етти ёшимданоқ!” – деб ёзганди. У қисматининг фожиали, азоб-уқубат-ла якунланишини олдиндан сезгандек эди.

Маринадан кейин оилада Анастасия – Ася дунёга келди. Опа-сингилларнинг болалиги тор кўчадаги баланд девор билан ўралган ёғоч уйда, шохлари тарвақайлаб, кўкка бўй чўзган терак ва акациялар ўсиб ётган ҳовлида, энага ва хизматкорлар қарамоғида, Мавлуд арчаси-ю Пасха кулчалари ила, оналари роялда чалган мусиқа садолари остида ўтди. (“Онам бизни мусиқа уммонига ғарқ этарди”, дея хотирлайди шоира). 1919 йили Цветаевларнинг уйи бузиб ташланади. “Момоларим хумор ифтихори, кўҳна Москва кулбалари, одми тор кўчалардан тамом кетмоқдасиз  йўқликка томон…”

Ўша йили ёзда оила Ока дарёси бўйидаги Тарусага кўчиб ўтади. Цветаеванинг Тарусадаги дала-боғига кираверишда ёдгорликка муҳрланган ушбу сўзларни ўқиш мумкин: “Бу ерда Марина Цветаева дафн этилишни ихтиёр қилганди”.

Опа-сингиллар ўта қаттиққўллик билан тарбияланади, айниқса, Марина. Она дуркун, тўлачадан келган, узоқни яхши кўра олмайдиган қизида ўзи етишолмаган орзу – буюк навозандани кўради. Чиндан ҳам Маринанинг пианино чалишга қобилияти кучли эди. Лекин қизалоқ тўрт ёшга тўлганда онаси: “Муся сўзларни тинмай қофиялаяпти. Балки, шоира бўлар?” – деб қайд қилиб қўяди кундаликларида. Бўлажак шоира шеър ёзишни 6 ёшидан, – биратўла рус, немис, француз тилларида бошлади. Марина илк шеърий тўплами – “Оқшом альбоми”ни 1910 йилда ўзи йиққан пули эвазига нашр эттирди.

Тақдиримни учратдим

Опа-сингиллар катта ҳаётга эрта қадам қўйишди. Москва адабий ҳаётида аллақачон ўз ўрнига эга, Максимилиан Волошин ва Валерий Брюсовлар сингари катта шоир ва адабиётшунослар назарига тушган Марина 1911 йили Коктебелга Волошинларникига  келади ва шу ерда ўз бахтини – 17 ёшли Сергей Эфронни учратади.“Бу йигитнинг қанчалар жўшқин, олийжаноб эканлигини билсангиз эди. Бизнинг учрашганимиз – мўъжизанинг ўзи. Биз ҳеч қачон бир-биримиздан айрилмаймиз”, – деб ёзган эди Марина. Соҳир туйғуларга ошуфта бу хушрўй йигит Коктебелга сил касалидан “тин олиш” ва оиласида рўй берган нақ икки худкушлик – ўзини-ўзи ўлдирган 14 яшар укасининг ҳамда жудоликка бардош беролмай ўз жонига қасд қилган онасининг ўлимидан сўнг ўзини бироз бўлса-да, қўлга олиш учун келганди. Марина кимки унинг севимли тоши сердолик (ярим қимматбаҳо тош) эканлигини топса, ўша йигитга турмушга чиқишни ният қилиб қўйган экан. Учрашувларнинг бирида Сергей унга айнан шу тошни совға қилади. 1912 йилнинг январида Марина ва Сергей никоҳдан ўтадилар, Полянадан уй сотиб оладилар, Италия, Германия, Франция бўйлаб сафар қиладилар. Ўша йили Эфронлар оиласида тўнғич фарзанд Ариадна – Аля дунёга келади. Марина ва Аля она-бола эмас, балки чин дугона, бир-бирига меҳрибон опа-сингил эдилар, гўё. “Аля! Улкан уфқдаги миттигина ҳилқат. Жар солиб ҳайқираман – жигарбандимдан қўлинг торт!” Бироқ онанинг фарёди бўғзида қолади. 1937 йили Париждан ўз ихтиёри билан Собиқ Иттифоққа қайтиб келган Аля икки йил ўтиб ҳибсга олинади. Минг бир қийноққа солиниб, отасига қарши гувоҳлик беришига мажбур этилади. 15 йилга сургунга юборилади. Эри эса отиб ташланади.

1914 йили уруш бошланди. Сергей кўнгиллилар сафида санитар поездида урушга жўнайди. Аниқроғи, қалбининг даҳшатли изтиробидан қочишга уринади: суюкли рафиқаси икки йиллик турмушлари давомида қайноғаси Пётрга (Пётр тез орада силдан вафот этади) илиқ туйғуларни туйишга улгурганди. Эндиликда эса… шоира София Парнокка оташин эҳтирос-ла меҳр кўрсатишни бошлаганди. Сергей ҳаммасини кечиради: “Менинг рафиқамни одатий мезонлар билан айблаб бўлмайди. У – Ижодкор!” 1922 йили Волошинга шундай ёзади: “Марина – эҳтирослар ўчоғи”. Яна аёлининг “бўронли эҳтирослари”, очкўзларча “тутантириқ учун ўтин” талаб қилаётган Маринанинг улкан қалби ҳақида ўй суради: “Мен аллақачонлар унинг оташин муҳаббатига тутантириқ бўлишга ярамай қолганимни гапиришга ҳожат бўлмаса керак”.

1917 йили оилада иккинчи қизалоқ — бахтиқаро Ирина туғилди. Сергей инқилобни шўролар билан бўлган жангларда қарши олди. Кейин эса кўнгиллилар армиясига қўшилиб,  4 йил бедарак йўқолди. Марина икки гўдаги билан Борисоглебский тор кўчасидаги рутубатли уйда ночор аҳволда қолаверди. Кунлардан бир куни унинг уйига ўғри тушади ва хонадоннинг нечоғлик қашшоқлигидан даҳшатга тушиб, ҳатто Маринага пул таклиф қилади.  1922 йилда Марина тўнғичи Аляни олиб Берлинга, дараги чиққан эрининг қошига йўл олади. Бу пайтга келиб мурғак Ира фоний дунёни тарк этганди…

Марина Цветаева шеърлари бежиз дарду изтироблардан иборат эмасди.Сарсон-саргардонлик уларни мухожирликда ҳам тарк этмайди. Чехияда ҳам, Францияда ҳам  улар қашшоқлик билан умр кечирдилар.1925 йили Прагадаги чоғроққина кулбада Яратгандантилаб олган ўғил фарзандлари – Георгий туғилади. Гўдаклигидан уни эркалаб, Мур деб чақиришади. Марина ўғлини жони-дилидан ортиқ севар, ер-у кўкка ишонмасди: “Ўғилларни суйиб-эркалаш лозим, ким билади, эртага уларни уруш кутаётгандир”. Мур онасининг ўлимидан сўнг оч-ночорликда, дардга чалиниб, 44-йилнинг апрелида навқирон 19 ёшида бу дунёдан кўз юмади.

Парижда муҳожирликда юрганда Эфрон ва Цветаевани ҳеч ким хушламайди. Оқ гвардия қаҳрамони Сергейни НКВД жосусликка ёллайди ва у 1935 йили Ватанга қайтиш уюшмасини бошқаради. 37-йилда эса сири фош бўлиб, собиқ Иттифоққа қочиб кетади. Марина яккаланиб қолади. У Россияга қайтишдан
ҳайиқарди. Полиция маҳкамасида сўроққа тутилганда эри тўғрисида шундай деганди: “Унинг кимгадир бўлган ишончи поймол бўлиши мумкин. Аммо менинг эримга бўлган ишончим ўзгармайди. У энг ҳалол ва энг виждонли одамдир”. Паспортини қўлга киритгач, Марина 1939 йили ўғли Мур билан ватанига жўнаб кетади: “Мен ҳалок бўлдим”, – деган эди Марина пароход бортига кўтарилар экан.

Бутун оилани НКВДнинг Болшеводаги дала-ҳовлисига жойлаштиришади. Тез орада Аляни,бир ой ўтиб эса Сергейни ҳибсга олишади.Марина ўғли билан совуқ дала-ҳовлида чирқиллаб қолади. Синглиси 10 йилга кесилиб кетади. Шундан сўнг яна азоб-уқубатлар бошланади – тунги ваҳималар, уйқусизлик, муз қотган поездларда қамоқдаги жигарларига егулик ташиш… 1941 йилнинг октябрида Сергей отиб ташланади. Бир неча ой давом этган сўроқ ва қийноқларда у бирор кишини сотмайди.

Марина ўғли билан Болшеводан, кейин Голицинодан бош олиб чиқиб кетгач (Ёзувчилар уйида уларга кунига бир маҳал тушлик бериб мурувват кўрсатишади, шунда ҳам ҳамма билан бир дастурхон атрофида ўтиришга рухсат этилмайди), улар бошпанасиз қоладилар. Баъзида она-бола қайнисинглисининг хонасидаги сандиқ устида тунашларига тўғри келарди.

1941 йил. Уруш. Ёв бостириб келмоқда. Марина қўрқувдан тош қотганди, гўё. Кунлардан бир куни ёлғизгина дилбанди: “Қишлоқи кампирдан фарқинг қолмабди”, дея онаизорини таҳқирлайди. Она-бола тез-тез жанжаллашиб туришарди. Ўша машъум кунларни эслаб Марина хотираномаларида шундай ёзади: “Мана бир йилдан буён ўзимни осиш учун кўзларим билан илгак ахтараётганимни бирон зот билмайди”. Мур Москвадан кетишни хоҳламайди – тағин жанжал чиқади. Марина узоқларга кўчиб кетаётган ёр-дўстларидан уни ҳам ўзлари билан олиб кетишларини ўтиниб сўрайди: “Энагалик ҳам, фаррошлик ҳам қилавераман, идиш-товоғ-у полларни, ойналарни ювишга ҳам тайёрман”. Улар Елабуғада, омонат ёғоч кулбадаги чит парда билан тўсилган бурчакда қўним топишади. Чистополга сузиб кетаётган “сараланганлар” кемасига Маринани олишмайди. Марина Елабуға НКВДсига чақиртирилиб, ҳарбий асирлар лагерида таржимонликка таклиф қилинган, деган тахмин ҳам бор. Бунинг эвазига Чистополдаги турар-жойда расман рўйхатдан ўтишга рухсат берилади ва Мур иккаласи 30 августда Чистополга кўчиб ўтишлари керак бўлади. Марина ўшандаёқ барчасини обдон ўйлаб режа тузади, учта хат ёзиб қолдиради. (Ўғлига ёзган хатида: “Болагинам! Мени кечир, ортиқ бардош беролмайман. Сени жуда яхши кўраман. Аммо бошқа чорам йўқ”, дейди.) Хатларидан бирида тишининг кавагида асраб юрган 150 рублни ҳам эсга олади, жасадини яхшилаб текшириб кўришларини, тириклайин кўммасликларини таъкидлайди.
31 августда Марина уйда ёлғиз қолади. Ўша куни Мур учун балиқ қовуриб қўйишга ҳам улгуради. Омборхонадаги сомон орасида ётган илгакни излаб топади. Арқонни эса Москвадан, Елабуғага отланаётганда Пастернакдан олганди: “Мана, Марина, пишиққина, ҳатто ўзингни оссанг ҳам кўтаради!” Кейинчалик Пастернак ўзининг гўё башорат қилиб айтган бу “ҳазил”ини бутун умр чексиз надомат билан эслаб юрган… Мур онасининг дафн маросимига келмайди. Марина Цветаеванинг қаерга кўмилганлиги ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

“Аргументы и факты” ҳафталигининг 40-сонида чоп этилган.

055
Марина Цветаева
ШЕЪРЛАР
Гулбаҳор Саид Ғани таржимаси
044

047* * *

Яхшики, мен сабаб ғамнок эмассиз,
Яхшики, сиз сабаб эмасман ғамнок.
Хайрият, ҳеч қачон шу ер курраси
Бахтдан гир айланиб учмади бебок.

Хурсандман, кулгуга қолсам-да ўзим –
Бебошман – сўзлар-ла ўйнамам енгил,
Ҳислар тўлқинидан қизармас юзим
Енгингизга тегиб кетаркан енгим.

Менга хуш ёқади: кўзим ўнгида
Ўзгани қучасиз, бемалол, хурсанд.
Ёнгин деб дўзахда, қилмассиз гина
Мен ҳам бировга-да бўсалар берсам.

Ва нозик исмимни на кундуз, кеча
Ёдга олмагайсиз еру самода,
Ибодатгоҳдаги сокинлик ичра
Янграмас бош узра ҳамду санолар.

Аҳён тўқнашардик шом тушар пайти,
Шодман, сизсиз кечар тунларим узун.
Яшайман бахтимга шукрона айтиб
Мендек “бегона”га севгингиз учун.

Ойдинда яшадик сокин, висолсиз,
Бошимизда кулмас на қуёш, афлок,
Афсуски, мен сабаб ғамнок эмассиз,
Афсуски, сиз сабаб эмасман ғамнок!..

Жаннатда

Яна хотиралар елкамни эзар.
Юргум жаннатда ҳам ерни соғиниб.
Яширмасман қайта учрашсак агар
Сўзлар доғини.

Болалар қўшиғи, арфа, нилуфар,
Бунда фаришталар учар тизилиб.
Ҳамма нарса сокин, мен эса – мустар
Нигоҳинг излаб.

Ҳурлар даврасида кибр-ла, танҳо,
Назарга илмасдан жаннат рангларин,
Куйлайман – бегона – одамларга хос
Ер оҳангларин!

Елкамни эзади тинмай хотирот.
Пайт келар яширмам ёшларимни ман,
Энди кўришмасмиз ҳеч ерда, ҳайҳот!
Висол-чун жаннатда уйғонмасмиз шан!

* * *

Чил-чил синди кўзгу. Парчалар
Ичра боқар синиқ нигоҳлар.
Маконига қайтмоқда чарчаб
Оққушларим, дилдаги оҳлар.

Юксак булут бағридир нотинч,
Нақ кўксимга патлар санчилар.
Тушларимда юбордим сочиб,
Ҳовуч-ҳовуч кумуш парчалар.

Жарангдордир кумуш саслари,
Қўшиқларим кумушга монанд.
Оққушгинам! Менинг асрандим,
Парвозингда бормикан омад?!

Қариндошлар, на мунис онам
Билмас, кўнглим кимгадир шайдо,
Черков ичра турганча хомуш
Валилардан тиларман танҳо
Мурғак оққуш ҳаққига дуо.

* * *

Борарсан. Мен каби ва зимдан
Кўзларинг ер узра қадаб жим.
Нигоҳим ер чизиб ўзим ҳам
Яшадим. Тўхтагил, ўткинчи!

Сўқирдек ўқигин аста сен
Исмимнинг Марина бўлганин
(Қўлингда қизғалдоқ дастаси)
Ва ёшим нечага тўлганин.

Бу ерда қабр деб сесканма,
Пайдо ҳам бўлмасман чақиндай.
Мен ўзим, билсанг гар, севганман
Бемаврид кулмоқни, эҳ, қандай!

Танамда гупирган қоним, ҳам
Сочларим эдилар жингала …
Бор эдим дунёда, оҳ, мен ҳам!
Тўхтагин, ўтмагил жимгина!

Ёввойи шохлардан узиб ол,
Мевасин татиб кўр эринмай.
Тенги йўқ бўлади шу мозор
Бағрида етилган қулупнай.

Ва фақат турмагил сен ғамгин
Бошингни хам қилиб ушбу он.
Мен ҳақда шунчаки ўйлагин,
Ва мени унутгил сен осон.

Сен нурдан қанчалар нурафшон!
Зарларга ўраган бу шуъла…
Қабрнинг қаъридан товушим
Қалбингга солмагай ғулғула.

* * *

Қисматимнинг қўшиқларини
Куйлайверинг такрор ва такрор.
Қўлимдаги узукларимдан
Бўса олинг сира қилмай ор.

Қиш палласи кўриб аҳволим –
Наъра тортди момогулдирак.
Ҳатто йиртқич кўксида раҳм,
Соқов сўзлаб юборди бешак.

Тунда қуёш порлар мен учун!
Ҳатто кундуз чақнар юлдузлар!
Мени мутлақ кўмади тўлқин –
Қисматимда ғамларим гўзал.

Гўё марҳум тирилди яна!
Жазо куни келди муқаррар!
Қўнғироқлар бонг урар. Мени
Малоиклар кундага элтар!

* * *

Шошилмагил ҳукм этарга:
Дунёдаги жазо муваққат.
Қанча оққа бўясанг қарға
Кабутарга айланмас ҳеч вақт.

Хоҳласанг шу – билмам, не учун
Севибман ҳаммани мен нодон,
Мумкин эрур ўшал қаро кун
Уйғонурман – сендан покдомон!

037

081
“BOR BO’LMOQNI ISTAMAYMAN”
Marina Murzina
Saidjalol Saidmurodov tarjimasi
022

017«Meni suyib-ardoqlashsa – hayron bo’laman, yoqtirishmasa ham ajablanaman, lek menga nisbatan loqayd bo’lishsa, hayratim hammasidan ko’ra ko’proq oshadi» – shoira o’zi haqida shunday yozgan edi.

Chindan-da Svetaevaning buyuk shaxsi va ijodiga loqayd bo’lishning iloji yo’q. U odamni o’zining dunyosi, obrazlari,his-tuyg’ulari, muhabbatga to’la qalbiga chorlaydi, olov kabi kuydirib, bo’rondek uchirib ketadi.Bolalikning ertagi  “Chetan shokilalari alvon bo’lib yonganda, barglar tutdek yog’ilganda keldim dunyoga”. 1892 yil 8 oktyabrda Moskvaning Tryoxprudniy tor ko’chasida dunyoga kelgan qizaloqqa  o’sha paytlari kamyob bo’lgan Marina ismini qo’yishdi.

Otasi Ivan Vladimirovich taniqli olim, uch universitet professori, bugungi kunda dunyoga mashhur Nafis san’atlar muzeyi asoschisi edi. Onasi Mariya Aleksandrovna eridan ikki baravar yosh bo’lib, ajoyib pianino chi bo’lgandi. O’zining ilk she’rlarida Marina Tangriga tavallo qilib: “Menga yoshlik in’om etding – ertaklardanda a’loroq, endi o’lim ham hadya et – o’n yetti yoshimdanoq!” – deb yozgandi. U qismatining fojiali, azob-uqubat-la yakunlanishini oldindan sezgandek edi.

Marinadan keyin oilada Anastasiya – Asya dunyoga keldi. Opa-singillarning bolaligi tor ko’chadagi baland devor bilan o’ralgan yog’och uyda, shoxlari tarvaqaylab, ko’kka bo’y cho’zgan terak va akatsiyalar o’sib yotgan hovlida, enaga va xizmatkorlar qaramog’ida, Mavlud archasi-yu Pasxa kulchalari ila, onalari royalda chalgan musiqa sadolari ostida o’tdi. (“Onam bizni musiqa ummoniga g’arq etardi”, deya xotirlaydi shoira). 1919 yili Svetaevlarning uyi buzib tashlanadi. “Momolarim xumor iftixori, ko’hna Moskva kulbalari, odmi tor ko’chalardan tamom ketmoqdasiz  yo’qlikka tomon…”

O’sha yili yozda oila Oka daryosi bo’yidagi Tarusaga ko’chib o’tadi. Svetaevaning Tarusadagi dala-bog’iga kiraverishda yodgorlikka muhrlangan ushbu so’zlarni o’qish mumkin: “Bu yerda Marina Svetaeva dafn etilishni ixtiyor qilgandi”.

Opa-singillar o’ta qattiqqo’llik bilan tarbiyalanadi, ayniqsa, Marina. Ona durkun, to’lachadan kelgan, uzoqni yaxshi ko’ra olmaydigan qizida o’zi yetisholmagan orzu – buyuk navozandani ko’radi. Chindan ham Marinaning pianino chalishga qobiliyati kuchli edi. Lekin qizaloq to’rt yoshga to’lganda onasi: “Musya so’zlarni tinmay qofiyalayapti. Balki, shoira bo’lar?” – deb qayd qilib qo’yadi kundaliklarida. Bo’lajak shoira she’r yozishni 6 yoshidan, – birato’la rus, nemis, frantsuz tillarida boshladi. Marina ilk she’riy to’plami – “Oqshom al`bomi”ni 1910 yilda o’zi yiqqan puli evaziga nashr ettirdi.

Taqdirimni uchratdim

Opa-singillar katta hayotga erta qadam qo’yishdi. Moskva adabiy hayotida allaqachon o’z o’rniga ega, Maksimilian Voloshin va Valeriy Bryusovlar singari katta shoir va adabiyotshunoslar nazariga tushgan Marina 1911 yili Koktebelga Voloshinlarnikiga
keladi va shu yerda o’z baxtini – 17 yoshli Sergey Efronni uchratadi.“Bu yigitning qanchalar jo’shqin, oliyjanob ekanligini bilsangiz edi. Bizning uchrashganimiz – mo»jizaning o’zi. Biz hech qachon bir-birimizdan ayrilmaymiz”, – deb yozgan edi Marina. Sohir tuyg’ularga oshufta bu xushro’y yigit Koktebelga sil kasalidan “tin olish” va oilasida ro’y bergan naq ikki xudkushlik – o’zini-o’zi o’ldirgan 14 yashar ukasining hamda judolikka bardosh berolmay o’z joniga qasd qilgan onasining o’limidan so’ng o’zini biroz bo’lsa-da, qo’lga olish uchun kelgandi. Marina kimki uning sevimli toshi serdolik (yarim qimmatbaho tosh) ekanligini topsa, o’sha yigitga turmushga chiqishni niyat qilib qo’ygan ekan. Uchrashuvlarning birida Sergey unga aynan shu toshni sovg’a qiladi. 1912 yilning yanvarida Marina va Sergey nikohdan o’tadilar, Polyanadan uy sotib oladilar, Italiya, Germaniya, Frantsiya bo’ylab safar qiladilar. O’sha yili Efronlar oilasida to’ng’ich farzand Ariadna – Alya dunyoga keladi. Marina va Alya ona-bola emas, balki chin dugona, bir-biriga mehribon opa-singil edilar, go’yo. “Alya! Ulkan ufqdagi mittigina hilqat. Jar solib hayqiraman – jigarbandimdan qo’ling tort!” Biroq onaning faryodi bo’g’zida qoladi. 1937 yili Parijdan o’z ixtiyori bilan Sobiq Ittifoqqa qaytib kelgan Alya ikki yil o’tib hibsga olinadi. Ming bir qiynoqqa solinib, otasiga qarshi guvohlik berishiga majbur etiladi. 15 yilga surgunga yuboriladi. Eri esa otib tashlanadi.

1914 yili urush boshlandi. Sergey ko’ngillilar safida sanitar poezdida urushga jo’naydi. Aniqrog’i, qalbining dahshatli iztirobidan qochishga urinadi: suyukli rafiqasi ikki yillik turmushlari davomida qaynog’asi Pyotrga (Pyotr tez orada sildan vafot etadi) iliq tuyg’ularni tuyishga ulgurgandi. Endilikda esa… shoira Sofiya Parnokka otashin ehtiros-la mehr ko’rsatishni boshlagandi. Sergey hammasini kechiradi: “Mening rafiqamni odatiy mezonlar bilan ayblab bo’lmaydi. U – Ijodkor!” 1922 yili Voloshinga shunday yozadi: “Marina – ehtiroslar o’chog’i”. Yana ayolining “bo’ronli ehtiroslari”, ochko’zlarcha “tutantiriq uchun o’tin” talab qilayotgan Marinaning ulkan qalbi haqida o’y suradi: “Men allaqachonlar uning otashin muhabbatiga tutantiriq bo’lishga yaramay qolganimni gapirishga hojat bo’lmasa kerak”.

1917 yili oilada ikkinchi qizaloq — baxtiqaro Irina tug’ildi. Sergey inqilobni sho’rolar bilan bo’lgan janglarda qarshi oldi. Keyin esa ko’ngillilar armiyasiga qo’shilib, 4 yil bedarak yo’qoldi. Marina ikki go’dagi bilan Borisoglebskiy tor ko’chasidagi rutubatli uyda nochor ahvolda qolaverdi. Kunlardan bir kuni uning uyiga o’g’ri tushadi va xonadonning nechog’lik qashshoqligidan dahshatga tushib, hatto Marinaga pul taklif qiladi. 1922 yilda Marina to’ng’ichi Alyani olib Berlinga, daragi chiqqan erining qoshiga yo’l oladi. Bu paytga kelib murg’ak Ira foniy dunyoni tark etgandi…

Marina Svetaeva she’rlari bejiz dardu iztiroblardan iborat emasdi.Sarson-sargardonlik ularni muxojirlikda ham tark etmaydi. Chexiyada ham, Frantsiyada ham ular qashshoqlik bilan umr kechirdilar.1925 yili Pragadagi chog’roqqina kulbada Yaratgandantilab olgan o’g’il farzandlari – Georgiy tug’iladi. Go’dakligidan uni erkalab, Mur deb chaqirishadi. Marina o’g’lini joni-dilidan ortiq sevar, yer-u ko’kka ishonmasdi: “O’g’illarni suyib-erkalash lozim, kim biladi, ertaga ularni urush kutayotgandir”. Mur onasining o’limidan so’ng och-nochorlikda, dardga chalinib, 44-yilning aprelida navqiron 19 yoshida bu dunyodan ko’z yumadi.

Parijda muhojirlikda yurganda Efron va Svetaevani hech kim xushlamaydi. Oq gvardiya qahramoni Sergeyni NKVD josuslikka yollaydi va u 1935 yili Vatanga qaytish uyushmasini boshqaradi. 37-yilda esa siri fosh bo’lib, sobiq Ittifoqqa qochib ketadi. Marina yakkalanib qoladi. U Rossiyaga qaytishdan
hayiqardi. Politsiya mahkamasida so’roqqa tutilganda eri to’g’risida shunday degandi: “Uning kimgadir bo’lgan ishonchi poymol bo’lishi mumkin. Ammo mening erimga bo’lgan ishonchim o’zgarmaydi. U eng halol va eng vijdonli odamdir”. Pasportini qo’lga kiritgach, Marina 1939 yili o’g’li Mur bilan vataniga jo’nab ketadi: “Men halok bo’ldim”, – degan edi Marina paroxod bortiga ko’tarilar ekan.

Butun oilani NKVDning Bolshevodagi dala-hovlisiga joylashtirishadi. Tez orada Alyani,bir oy o’tib esa Sergeyni hibsga olishadi.Marina o’g’li bilan sovuq dala-hovlida chirqillab qoladi. Singlisi 10 yilga kesilib ketadi. Shundan so’ng yana azob-uqubatlar boshlanadi – tungi vahimalar, uyqusizlik, muz qotgan poezdlarda qamoqdagi jigarlariga yegulik tashish… 1941 yilning oktyabrida Sergey otib tashlanadi. Bir necha oy davom etgan so’roq va qiynoqlarda u biror kishini sotmaydi.

Marina o’g’li bilan Bolshevodan, keyin Golitsinodan bosh olib chiqib ketgach (Yozuvchilar uyida ularga kuniga bir mahal tushlik berib muruvvat ko’rsatishadi, shunda ham hamma bilan bir dasturxon atrofida o’tirishga ruxsat etilmaydi), ular boshpanasiz qoladilar. Ba’zida ona-bola qaynisinglisining xonasidagi sandiq ustida tunashlariga to’g’ri kelardi.

1941 yil. Urush. Yov bostirib kelmoqda. Marina qo’rquvdan tosh qotgandi, go’yo. Kunlardan bir kuni yolg’izgina dilbandi: “Qishloqi kampirdan farqing qolmabdi”, deya onaizorini tahqirlaydi. Ona-bola tez-tez janjallashib turishardi. O’sha mash’um kunlarni eslab Marina xotiranomalarida shunday yozadi: “Mana bir yildan buyon o’zimni osish uchun ko’zlarim bilan ilgak axtarayotganimni biron zot bilmaydi”. Mur Moskvadan ketishni xohlamaydi – tag’in janjal chiqadi. Marina uzoqlarga ko’chib ketayotgan yor-do’stlaridan uni
ham o’zlari bilan olib ketishlarini o’tinib so’raydi: “Enagalik ham, farroshlik ham qilaveraman, idish-tovog’-u pollarni, oynalarni yuvishga ham tayyorman”. Ular Yelabug’ada, omonat yog’och kulbadagi chit parda bilan to’silgan burchakda qo’nim topishadi. Chistopolga suzib ketayotgan “saralanganlar” kemasiga Marinani olishmaydi. Marina Yelabug’a NKVDsiga chaqirtirilib, harbiy asirlar lagerida tarjimonlikka taklif qilingan, degan taxmin ham bor. Buning evaziga Chistopoldagi turar-joyda rasman ro’yxatdan o’tishga ruxsat beriladi va Mur ikkalasi 30 avgustda Chistopolga ko’chib o’tishlari kerak bo’ladi. Marina o’shandayoq barchasini obdon o’ylab reja tuzadi, uchta xat yozib qoldiradi. (O’g’liga yozgan xatida: “Bolaginam! Meni kechir, ortiq bardosh berolmayman. Seni juda yaxshi ko’raman. Ammo boshqa choram yo’q”, deydi.) Xatlaridan birida tishining kavagida asrab yurgan 150 rublni ham esga oladi, jasadini yaxshilab tekshirib ko’rishlarini, tiriklayin ko’mmasliklarini ta’kidlaydi.

31 avgustda Marina uyda yolg’iz qoladi. O’sha kuni Mur uchun baliq qovurib qo’yishga ham ulguradi. Omborxonadagi somon orasida yotgan ilgakni izlab topadi. Arqonni esa Moskvadan, Yelabug’aga otlanayotganda Pasternakdan olgandi: “Mana, Marina, pishiqqina, hatto o’zingni ossang ham ko’taradi!” Keyinchalik Pasternak o’zining go’yo bashorat qilib aytgan bu “hazil”ini butun umr cheksiz nadomat bilan eslab yurgan… Mur onasining dafn marosimiga kelmaydi. Marina Svetaevaning qaerga ko’milganligi hanuz noma’lumligicha qolmoqda.

“Argumenti i fakti” haftaligining 40-sonida chop etilgan.

055
Marina Svetaeva
SHE’RLAR
Gulbahor Said G’ani tarjimasi
044

077* * *

Yaxshiki, men sabab g’amnok emassiz,
Yaxshiki, siz sabab emasman g’amnok.
Xayriyat, hech qachon shu yer kurrasi
Baxtdan gir aylanib uchmadi bebok.

Xursandman, kulguga qolsam-da o’zim –
Beboshman – so’zlar-la o’ynamam yengil,
Hislar to’lqinidan qizarmas yuzim
Yengingizga tegib ketarkan yengim.

Menga xush yoqadi: ko’zim o’ngida
O’zgani quchasiz, bemalol, xursand.
Yongin deb do’zaxda, qilmassiz gina
Men ham birovga-da bo’salar bersam.

Va nozik ismimni na kunduz, kecha
Yodga olmagaysiz yeru samoda,
Ibodatgohdagi sokinlik ichra
Yangramas bosh uzra hamdu sanolar.

Ahyon to’qnashardik shom tushar payti,
Shodman, sizsiz kechar tunlarim uzun.
Yashayman baxtimga shukrona aytib
Mendek “begona”ga sevgingiz uchun.

Oydinda yashadik sokin, visolsiz,
Boshimizda kulmas na quyosh, aflok,
Afsuski, men sabab g’amnok emassiz,
Afsuski, siz sabab emasman g’amnok!..

Jannatda

Yana xotiralar yelkamni ezar.
Yurgum jannatda ham yerni sog’inib.
Yashirmasman qayta uchrashsak agar
So’zlar dog’ini.

Bolalar qo’shig’i, arfa, nilufar,
Bunda farishtalar uchar tizilib.
Hamma narsa sokin, men esa – mustar
Nigohing izlab.

Hurlar davrasida kibr-la, tanho,
Nazarga ilmasdan jannat ranglarin,
Kuylayman – begona – odamlarga xos
Yer ohanglarin!

Yelkamni ezadi tinmay xotirot.
Payt kelar yashirmam yoshlarimni man,
Endi ko’rishmasmiz hech yerda, hayhot!
Visol-chun jannatda uyg’onmasmiz shan!

* * *

Chil-chil sindi ko’zgu. Parchalar
Ichra boqar siniq nigohlar.
Makoniga qaytmoqda charchab
Oqqushlarim, dildagi ohlar.

Yuksak bulut bag’ridir notinch,
Naq ko’ksimga patlar sanchilar.
Tushlarimda yubordim sochib,
Hovuch-hovuch kumush parchalar.

Jarangdordir kumush saslari,
Qo’shiqlarim kumushga monand.
Oqqushginam! Mening asrandim,
Parvozingda bormikan omad?!

Qarindoshlar, na munis onam
Bilmas, ko’nglim kimgadir shaydo,
Cherkov ichra turgancha xomush
Valilardan tilarman tanho
Murg’ak oqqush haqqiga duo.

* * *

Borarsan. Men kabi va zimdan
Ko’zlaring yer uzra qadab jim.
Nigohim yer chizib o’zim ham
Yashadim. To’xtagil, o’tkinchi!

So’qirdek o’qigin asta sen
Ismimning Marina bo’lganin
(Qo’lingda qizg’aldoq dastasi)
Va yoshim nechaga to’lganin.

Bu yerda qabr deb seskanma,
Paydo ham bo’lmasman chaqinday.
Men o’zim, bilsang gar, sevganman
Bemavrid kulmoqni, eh, qanday!

Tanamda gupirgan qonim, ham
Sochlarim edilar jingala …
Bor edim dunyoda, oh, men ham!
To’xtagin, o’tmagil jimgina!

Yovvoyi shoxlardan uzib ol,
Mevasin tatib ko’r erinmay.
Tengi yo’q bo’ladi shu mozor
Bag’rida yetilgan qulupnay.

Va faqat turmagil sen g’amgin
Boshingni xam qilib ushbu on.
Men haqda shunchaki o’ylagin,
Va meni unutgil sen oson.

Sen nurdan qanchalar nurafshon!
Zarlarga o’ragan bu shu’la…
Qabrning qa’ridan tovushim
Qalbingga solmagay g’ulg’ula.

* * *

Qismatimning qo’shiqlarini
Kuylayvering takror va takror.
Qo’limdagi uzuklarimdan
Bo’sa oling sira qilmay or.

Qish pallasi ko’rib ahvolim –
Na’ra tortdi momoguldirak.
Hatto yirtqich ko’ksida rahm,
Soqov so’zlab yubordi beshak.

Tunda quyosh porlar men uchun!
Hatto kunduz chaqnar yulduzlar!
Meni mutlaq ko’madi to’lqin –
Qismatimda g’amlarim go’zal.

Go’yo marhum tirildi yana!
Jazo kuni keldi muqarrar!
Qo’ng’iroqlar bong urar. Meni
Maloiklar kundaga eltar!

* * *

Shoshilmagil hukm etarga:
Dunyodagi jazo muvaqqat.
Qancha oqqa bo’yasang qarg’a
Kabutarga aylanmas hech vaqt.

Xohlasang shu – bilmam, ne uchun
Sevibman hammani men nodon,
Mumkin erur o’shal qaro kun
Uyg’onurman – sendan pokdomon!

08

(Tashriflar: umumiy 1 873, bugungi 1)

Izoh qoldiring