Mario Benedetti. Yashil piyola

032    Асар том маънодаги психологик ҳикоя бўлиб, бошдан охиригача ўқувчи диққатини сусайтирмайди. Ёзувчи иложи борича қаҳрамонлари ички оламини тасвирлашдан қочади, воқеаларга аралашмайди. Ҳикояда худди ҳеч нарса бўлмаётгандек. Ваҳоланки, инсон ички дунёсидаги қилча ўзгариш ва кечинмаларни нозикфаҳм ўқувчи қийналиброқ бўлса ҳам таҳлил қилиб боради ва беихтиёр ҳикоянинг иштирокчисига айланади. Оилада вужудга келган таранг асабий вазият, аёлнинг объектив сабабларга кўра ёмон йўлга кириб кетиши натижасидаги ҳолатлари ниҳоятда синчковлик билан қаламга олинган.

ТАРЖИМОНДАН
022

Роман очколар билан ютса, ҳикоя нокаутлар билан ғолиб келади.
Роберто Арльт

034

Бир пайтлар, эндигина битта ҳикоям “Гулистон” журналида эълон қилинган, ўзбек ёзувчиларининг ёзган асарларида ҳикмат йўқ, ўн йилга бормай эскирадиган ижтимоий муаммолардан нарига ўтишмайди, на дин тарихини, на Қуръонни, на фалсафани билишади, ҳаётдан нусха кўчириб юраверишади деб қизишиб баҳслашиб юрган кезларим буюк таржимон, чинакам мураббий, сеҳрли сўз ошуфтаси Ваҳоб Рўзиматов: “Сиз унақа ҳуда-беҳудага хуноб бўлаверманг, акаси, бу асарларни ўқиманг. Ўқийман десангиз ана хазина турибди, ўқинг, умрингиз етмайди”, деган эди. Ёшим олтмишдан ошибдики, ўша ўгит таъсиридаман. Ўшанда ортиқча ваъзхонлик қилмаганди Ваҳоб ака. Улар хазина деганда жаҳон адабиётида яратилган мумтоз асарларни назарда тутганлар, буни ҳеч бир ишорасиз тушунганман . Бу ҳам у кишининг чинакам мураббийларга хос қобилияти эканлигини энди англаяпман. Афсуски, мен уларнинг насиҳатини олибману таржимачилик соҳасидаги сабоғини олишга ёшлик қилибман.

Қисқаси, адабиётимизга, хусусан, ҳикоячилигимизга ранг-баранглик етишмасди. Ҳамма бир вақтлар ўзгалар томонидан қурилган йўлдан юрарди. Истеъдодли адиблар ҳам, истеъдодсизлари ҳам мазмуни, ўз услуби, маҳоратидан қатъий назар бир хилда ёзишарди, мактаб ўша – социалистик реализм методи. Ундан бошқа адабиёт расман тан олинмаслигининг оқибати деярли ҳеч бир ижодкорни четлаб ўтмаган эди. Таржима қилинган асарлар ҳам талаб-истак асосида танлаб олинарди.

Хайрият, айтганимиздек , бехабарлик замонлари ва ўшандай кунлар ортда қолди. Истиқбол шарафли, хайрли ва нурли бўлмоғи учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Фақат шижоат керак. Фидойилик керак. Адабиётни ўзгартириш фурсати аллақачон етган – дадил, интилувчан, билимдон, адабий тафаккури теран истеъдодларга умид билан қарайдиган давр келди.

Хуллас, мана шундай ўй-хаёллар билан “Жаҳон адабиёти” журнали саҳифаларида ҳали-ҳануз ўзбек тилига ўгирилмаган, лекин таржима қилиниши шарт бўлган машҳур ва мураккаб , гўзал ва юксак, оддий ва ғайриоддий йўлларда яратилган мумтоз ҳикояларни азбаройи сабоқ ва ибрат учун эълон қилиб боришга жазм қилдик . У.Фолкнер, Ф.Скотт Фицжералд, Э.Хемингуэй, К.Фуэнтес, М.Бенедетти, Х.Борхес, Х.Кортасар, В.Льоса, Х.Бенет каби жаҳон ҳикоячилиги мезонини кўтарган, адабий сарҳадларни кенгайтирган ёзувчиларнинг энг яхши ҳикояларини имкон қадар эътиборингизга ҳавола этишни ният қилдик.

“Ҳикоя ҳақида ҳикоя” рукнини уругвайлик адиб Марио Бенедеттининг “Яшил пиёла” асари таржимаси ва таҳлилидан бошлаймиз. Таржима ва таҳлилимиз ижодкорларга, балки адабиёт дарсларига ҳам кўмакчи бўлар.

Асар том маънодаги психологик ҳикоя бўлиб, бошдан охиригача ўқувчи диққатини сусайтирмайди. Ёзувчи иложи борича қаҳрамонлари ички оламини тасвирлашдан қочади, воқеаларга аралашмайди. Ҳикояда худди ҳеч нарса бўлмаётгандек. Ваҳоланки, инсон ички дунёсидаги қилча ўзгариш ва кечинмаларни нозикфаҳм ўқувчи қийналиброқ бўлса ҳам таҳлил қилиб боради ва беихтиёр ҳикоянинг иштирокчисига айланади. Оилада вужудга келган таранг асабий вазият, аёлнинг объектив сабабларга кўра ёмон йўлга кириб кетиши натижасидаги ҳолатлари ниҳоятда синчковлик билан қаламга олинган . Бунинг устига, ҳикоя бир сирни яширгандек, ўқувчи ғалати қизиқиш ичида қолади. Қисқаси, ярим ишораларни, махфий муносабатларни, хиёнат остонасидаги оила бекасининг асосланмаган нотайин мантиқларини кўзи ожиз бўлиб қолган эрининг бир оғиз сўзи чилпарчин қилади. Лекин аёлнинг ичига кириб олган шайтон ҳийлалари шу билан тугайдими ёки ўша ножоиз ҳолатлар давом этадими? Қолаверса, эр кўради-ю хотинини синаш учун ўзини кўрликка соляптими? Ўқувчи булардан ўзининг хулосасини чиқариши, асослашга уриниши мумкин. Шундай экан, жумбоққа жавоб топиш ҳар бир ўқувчининг ўз ҳукмига ҳавола.

Марио БЕНЕДЕТТИ
ЯШИЛ ПИЁЛА
Рус тилидан Олим ОТАХОН таржимаси
022

Қаҳва пиёлалари олти дона эди – иккитаси қизил, иккитаси қора, иккитаси яшил. Бу нафис чинни идишчаларни Марианага дугонаси Энрикета туғилган кунида совға қилган эди. Ўша-ўша бир тусли пиёлани бошқа пиёланинг тақсимчасига қўшиб ишлатиш мумкинми, йўқлиги ҳақида баҳс-мунозара тўхтамасди. Энрикета қизил пиёла билан қора тақсимча бағоят гўзал кўринади, деганди ўшанда. Аммо табиатан ўжар Мариана бир хил рангдаги идишчаларни ишлатишни яхши кўрарди.

– Қаҳва тайёр. Олиб берайми? – эридан сўраган бўлса ҳам, унинг нигоҳи қайнисида эди. Қайниси бу саволга жавобан кўз қисиб қўйди, Хосе Клаудио ҳомуза тортди.

– Тура турсин, ҳозирча. Битта чекиб олай.

Мариана бу сафар эрига тикилиб қараркан, доимгидек унинг кўрмаслигидан гумонсиради. Дарҳақиқат, Хосе Клаудионинг кўзлари кўр кишининг кўзларига ўхшамасди.

Хосе Клаудио диванни аста пайпаслай бошлади.
– Нима керак? – деб сўради Мариана.

– Чақмоқтош қани?
– Ўнг томонингда.

Хосе Клаудио хотини айтган тарафни пайпаслаб, чақмоқтошни топди. Бир амаллаб уни ёқди-ю, бироз тараддудланиб қолди, афтидан, у аланга тафтини яхши илғаёлмаётганди. Буни кўрган Алберто гугурт чақиб, унга тутди.

– Ташлаб юборишга кўзинг қиймадими? – деб сўради Алберто жилмайиб. Хосе Клаудио укасининг гап оҳангидан ишлаётганини фаҳмлади.

– Йўқ, ташлаб юборолмайман. Бу чақмоқтош мен учун жуда қадрли, Мариана совға қилган.

Мариана оҳиста тилини тишлади-да, беихтиёр хаёлга толди. Ўтган кунлар эсига тушди. 1953 йили Хосе Клаудио 35 ёшга чиққанда кўзи ҳали равшан эди. Улар – Мариана билан Хосе бўлғуси қайнотасиникига меҳмонга боришганди. Тушликдан сўнг иккови денгиз бўйига жўнади. Хосе унинг елкасидан эркалаб қучди, Мариана ўзини тетик ва хушҳол, ҳатто бахтиёр сезди. Ҳарқалай, унинг кўнглини дафъатан ҳаприқтириб юборган туйғу – бахтиёрлик туйғусига жуда-жуда ўхшарди. Улар оқшомга яқин уйга қайтишди. Хосе Клаудио уни бағрига босиб, ҳар доимгидек эркалаб, сочларидан силади. Иккови ғира-шира хонада ўтириб, ҳозиргина сотиб олишган чақмоқтошни ёқиб, сигарета тутатишди. Ана ўша куни Мариана чақмоқтошни Хосе Клаудиога совға қилганди. Энди чақмоқтош эскириб, ишдан чиқди. Мариана иримчи эмасди-ю, лекин ғалати, тан олиш керак, ўша даврдан эсдалик сифатида ҳеч нарса қолмаганди.

– Бу ой ҳам шифокорга бормадик, – деди Алберто.
– Ҳечқиси йўқ, – деди Хосе Клаудио.
– Бир гап айтайми, сенга?
– Айт.
– Хафа бўлмайсанми?
– Нега хафа бўлай.
– Менимча, яхши қилмаяпсан? Бу, тентакликдан бошқа нарса эмас.
– Бориб нима қиламан. Ҳирсдай бақувватлигимни, жигарим аъло даражада ўз вазифасини бажараётгани, юрагим, асабларим жойида экани ҳақидаги гапларни эшитганими? Шунинг учун бораманми? Ҳеч нарсани кўрмагандан кейин, нима кераги бор бунақа саломатликнинг.

Кўзи соғ пайтда ҳам Хосе Клаудионинг салга аччиғи чиқарди. Бу мусибат бошига тушмасдан аввалги Хосе Клаудионинг сокин чеҳрасини Мариана ҳамон унутмаганди. Дарҳақиқат, Хосе Клаудионинг афт-ангори ўша пайтда ҳозиргидек ташвишли ва серажин эмасди. Умуман, Мариана Хосе Клаудио билан серзавқ ва осуда дамларни кўп бошдан кечирган, у буни яширолмас, яширишни ҳам истамасди. Афсуски, шу мусибатдан кейин, Хосе Клаудио хотинининг ўзига суянчиқ бўлишини хоҳламади. Ундан, унинг қалбидан юпанч изламади. Хотин кишидан мадад кутишни ўзига ор билдимикан?! У ўшандан буён камгап, ичимдагини топ бўлиб қолди. Ҳатто баъзан гапга тушиб кетганда ҳам, унинг дилидан нималар кечаётганини англаб бўлмасди.

– Барибир, шифокорга боришинг керак, – дея қайнисининг гапини такрорлади Мариана. – Шифокор нима деганини унутдингми?
– Унутиб бўларканми? Ҳали умид қилса бўлади, деганди у. Яна бир гапи эсимда қолган: илм-фан мўъжизага ишонмайди. Эсингдами? Тўппа-тўғри айтган, мен ҳам ишонмайман мўъжизага.
– Ноумид шайтон. Умид қилиш одам боласига хос нарса.
– Шуни айтгин-а?..

Хосе Клаудио сигаретини бурқситиб тортганича хаёлга ботди. Мариана табиатан меҳрибон аёл эди, унинг меҳрибонлигидан, очиғи кўнгилчанлигидан фойдаланиш, уни бирон нимага мажбур қилиш осон эди. Унинг меҳрини қозониш қийин эмаслигидан ташқари, барча аёллар каби у ҳам жуда таъсирчан ва берилувчан эди. Тўғри, одамнинг кўздан қолиши – мусибат, лекин энг ёмони бу эмас, энг ёмони Хосе Клаудио иложи борича Мариананинг ғамхўрлиги, меҳрибончилигини истамаслиги ва бунга йўл қўймаслиги эди. Мариана эса, бутун вужуди билан унинг дардига малҳам, ғамига шерик бўлишни истар эди.

Афсуски, илгари шундай эди. Ҳозир эса – йўқ. Кейинги пайтда ҳаммаси ўзгариб кетди. Аввалига меҳр сусайди, эътибор, эркалашлар, кўнгилни кўтаришлар секин-аста оддий бурч нуқтаи назаридан қараганда беихтиёр қилинадиган одатга айланди. Тўғри, у ҳозир ҳам эрининг ташвишида елиб-югуради, уни парвариш қилади, шак-шубҳасиз. Лекин бу унга илгаригидек завқ-шавқ бахш этмасди. Кейинроқ, орада бирон жанжал чиқишидан, эру хотин ўртасида гап қочишдан қўрқиш туйғуси пайдо бўлди. Чунки Хосе Клаудио жиззаки, сержаҳл бўлиб қолди, бора-бора у аччиқ-тизиқ гап билан хотинининг дилини вайрон этишдан, шафқатсиз муомала қилишдан тоймайдиган бўлиб қолди. Мабодо Мариана гап қайтармай, эрининг инжиқликларига чидаб, сабр-тоқат билан итоат қилса ҳам, Хосе Клаудио пичинг, кесатиқ, ҳар хил таҳқиромуз гаплар билан жонини оларди. Буларнинг барчасига кўзининг ожиз бўлиб қолганлиги, аламзадалиги сабабдек туюларди.

Алберто оромкурсидан туриб, дераза ёнига борди.

– Қандай ёқимсиз манзара, – деди у. – Қара! – унинг саволи Марианага тегишли эди. Лекин Хосе Клаудио жавоб берди:
– Нимасига қарай? Мен учун қарайвер.

Алберто Марианага қаради. Улар бир-бирига жилмайиб қўйишди. Умуман, кейинги пайтда Мариана хонада Хосе Клаудио бўлса ҳам қайниси билан бемалол кўз уриштирар, унга сабаб-бесабаб жилмайиб қўяр эди. У ҳатто қайниси ўзига тикилиб қараганда, юзига қизиллик югуришини, кўзлари чақнаб кетишини сезарди. Дарҳақиқат, Албертонинг нигоҳи остида Мариана гул-гул очилиб кетарди. Бу ҳақда қайнисининг ўзи бундан роппа-роса бир йилу саккиз кун аввал, 23 апрель куни кечки пайт илк бор айтганди. Ўша куни Хосе Клаудиодан танбеҳ эшитиб, юраги сиқилган Мариана боққа чиқиб юм-юм йиғлаганди. У ўшанда биринчи марта эрининг бу қилиғини ич-ичидан кечиролмаганди. Ана шу пайтда Алберто келиб, уни юпатганди. Умуман, Алберто юпатишга, кўнгилни кўтаришга моҳир йигит эди. Баъзан у бир-икки оғиз сўз ёки шунчаки бир назар солиш билан Мариананинг дилидаги ғашликни сидириб ташларди. “Раҳмат сенга”, – деганди Мариана ўшанда. Аммо бугун ҳам у ич-ичидан, дилининг қат-қатида алоҳида бир миннатдорчилик туйди. Дастлаб Албертога бўлган меҳри миннатдорчилик туйғусидан нарига ўтмасди. Бир қараганда, унинг бу туйғуси, тўғрироғи, муносабати Албертони қаноатлантирадигандек эди. Ҳолбуки, Мариана учун севиш, ёқтириш қайсидир маънода кимдандир миннатдор бўлиш ва кимнингдир юрагида миннатдорлик туйғусини қўзғата олишни билдирарди. Ҳаётининг энг яхши дамларида у Хосе Клаудиодан тадбиркорлиги, ақлли экани, узоқни кўра билиши ва ўзидек кўзга унчалик ташланмайдиган қизни танлаб уйлангани учун беҳад миннатдор бўлар эди. Аммо эрининг қалбида ҳам мана шундай миннатдорчилик туйғуларини уйғотаман деб янглишган экан. Унинг назарида қачон бўлмасин, ўз оиласи, ҳаётининг безагига, зийнатига айланиши мумкин бўлган миннатдорлик туйғуси, фахрланиш ва фахрланиш баробарида севиш Хосе Клаудионинг қалбида ҳам уйғонадигандек эди. Мариана, ўсимлик оламига қуёш нурлари қанчалик зарур бўлганидек унга шунчалик керакман ва у менсиз бир кун ҳам яшолмайдиган бўлди, дея ич-ичидан ишонарди. Афсуски…

Албертодан эса, у бир оғиз илиқ сўзга муҳтож бўлиб, умидсиз ва ночор кўйга тушганида қўллаб-қувватлагани, овунтиргани ва юрагига умид солгани учун миннатдор бўларди. Зотан, айни чоқда Алберто ҳам Марианадан беҳад миннатдор эди, буни у яхши сезарди. Майли, Алберто оғир-вазмин йигит бўла қолсин, майли, у ўз акасини ҳурмат қила қолсин, ўз тинчлиги ва беташвиш ҳаётини яхши кўра олсин, лекин ҳаммадан бурун Алберто ёш, соғлом ва бўйдоқ йигит эди. Мариана билан Алберто узоқ вақт ўзаро ҳурмат туйғуси билан яшаб келишди. Улар бир-бирини кўрганда беихтиёр қандайдир туйғулар икковининг ҳам юрагида туғён қилар, лекин маълум вақтгача бу туйғуларни яшириб келишганди. Эҳтимол, Алберто акасининг бахтига ҳавас қилар, уни Марианадек сулув қизга уйланган бахтли йигит, деб ҳисобларди. Яқинда, Алберто Марианага бўйдоқлик ҳаётига ҳеч нарса соя солмаётганлиги ҳақида гап очиб қолганда Мариана ўзича қувониб ҳам қўйди.

– Кеча Трельес келганди, – дея гапида давом этди Хосе Клаудио. – Бундай такаллуфнинг кимга кераги бор экан? Бир ойда фабрикадан уч марта кўргани келишади. Тавба, уларнинг қуръа ташлаб ким ютқизса, омадидан нолиб бизникига келаётганини тасаввур қиляпман.

– Нега унақа дейсан, сени ростдан ҳам ҳурмат қилишар, – деди Алберто. – Эҳтимол, сен раҳбар сифатида яхши бир хотира қолдиргандирсан, шунинг учун улар сенинг саломатлигинг ҳақида қайғуришар. Одамлар сен ўйлаганчалик бу қадар тубанлашиб кетишмаган. Нимагадир, кейинги пайтда шунақа ўйлайдиган бўлиб қолдинг.
– Жуда ғалати! Ҳар куни бирон янги гап эшитасан киши.

Доимо Албертодан меҳр, маслаҳат, ширин сўз кутиб юрган Мариана тез орада Алберто ҳам ўзи каби шуларга муҳтож эканлигини, қолаверса у ҳам виждонан қийналаётгани, балки ўзи каби у ҳам ўзини айбдор ҳис қилаётганини сезиб қолди. Умуман, у Албертодан ўзининг ҳис-туйғуларини ҳурмат қилгани, қадр-қимматини, иззат-нафсини ҳимоя қилишга чоғлангани, ташна қалбини қондира олгани, умидсизлик, хаёллар оғушида қолган кечаларда, изтироб чекиб юрганида умидвор қила олгани учун беҳад миннатдор бўларди. Гўё, ўша пайтда ҳаётларидаги ҳамма нарса уларни қовуштиришга, бир-бирига иқрор бўлишга хизмат қиладигандек эди. Улар бир нигоҳнинг ўзидаёқ нимани истаётгани, нима демоқчи эканликларини фаҳмлашарди. Мана шундай кунларнинг бирида улар хуфиёна учрашишди. Мана шундай кунларнинг бирида Мариана дафъатан дунёда ўзи билан Албертодан бўлак ҳеч кимса қолмаганини ҳис қилиб қолди.

– Ана энди, қаҳвани қайнатсанг бўлади, – деди Хосе Клаудио. Мариана билинар-билинмас хўрсиниб, қаҳва тайёрлашга уннади. У ҳар хил рангдаги учта пиёла келтириб қўйганди. Пиёлаларга қараб туриб, уларнинг бир-биридан бир хил масофада жойлашганини пайқаб, ўзича ажабланди.

Сўнгра у оромкурсига ясланди. Зум ўтмай, худди ўзи кутганидек елкасида, бўйнида Албертонинг қайноқ кафтини сезди. Нақадар ажойиб! Мариана худди шуни кутаётганди, Алберто ҳам унинг дилидагини пайқагандек, сочларини силай бошлади. Алберто илк бор сочларини силашга журъат қилганида Мариана қўрқиб кетган, ташвишга тушган, шунинг учун Албертонинг эркалашларидан заррача ҳузурланмаган эди. Ҳозир эса у осойишта ўтирар, шунинг учун Албертонинг ҳар бир хатти-ҳаракати унга беҳад ҳузур бахш этарди. Ҳатто Клаудионинг кўзи кўрмаслиги ҳам унга тақдирнинг бир инъомидек туюларди.

Хосе Клаудио уларнинг қаршисида жимгина ўтирарди. Вақт ўтиши билан Алберто Марианани мана шундай эркалаш ва қучишларга одатланиб қолганди. У ҳамиша иложини қилиб Марианани эркалаб қучар, Мариана ҳам унинг бу одатига жуда-жуда ўрганганди. Ҳозир ҳам Алберто унинг бўйин-елкаларини, ёноқлари ва иягини силади. Ниҳоят, унинг бармоқлари Мариананинг лабларига келиб тўхтади. Мариана ҳар сафаргидек бу оқшом ҳам Албертонинг бармоқлари, кафтини миннатдорлик билан ўпди ва кўзларини юмди. Кўзларини очганда Хосе Клаудио ҳамон қимир этмай ўтирарди. Эрининг юзида қандайдир бегона, номаълум ифода бор эди. Гарчи у ҳиссиз ўтирган бўлса ҳам, Мариана дафъатан бир чўчиб тушди. Зум ўтмай ташвиш чекиш учун ҳеч қандай сабаб, асос йўқлигини фаҳмлаб енгил тортди.

– Қаҳва қайнаб кетмасин, – деди Хосе Клаудио. Алберто қўлини тортиб олди, Мариана чойнакни олиб, пиёлаларга қаҳва қуйди. У ҳеч кимга икки кун кетма-кет бир хил рангдаги пиёлада қаҳва бермасди. Бугун Хосе Клаудио яшил, Алберто қора, ўзи эса қизғиш пиёлада қаҳва ичиши керак эди. У яшил пиёлани олиб, эрига узатиш учун тараддудланди. Аммо узатолмади. Энди, яшил пиёлани қўлига олган ҳам эдики, эрининг беўхшов илжайганига кўзи тушди. Сўнгра эри бошини оҳиста чайқаб:

– Йўқ, азизам, – деди. – Бугун қаҳвани қизил пиёлада ичсам дейман.

Манба: «Жаҳон адабиёти», 2014 йил, сентябрь

088

TARJIMONDAN
022

Roman ochkolar bilan yutsa, hikoya nokautlar bilan g’olib keladi.
Roberto Arl`t


Bir paytlar, endigina bitta hikoyam “Guliston” jurnalida e’lon qilingan, o’zbek yozuvchilarining yozgan asarlarida hikmat yo’q, o’n yilga bormay eskiradigan ijtimoiy muammolardan nariga o’tishmaydi, na din tarixini, na Qur’onni, na falsafani bilishadi, hayotdan nusxa ko’chirib yuraverishadi deb qizishib bahslashib yurgan kezlarim buyuk tarjimon, chinakam murabbiy, sehrli so’z oshuftasi Vahob Ro’zimatov: “Siz unaqa huda-behudaga xunob bo’lavermang, akasi, bu asarlarni o’qimang. O’qiyman desangiz ana xazina turibdi, o’qing, umringiz yetmaydi”, degan edi. Yoshim oltmishdan oshibdiki, o’sha o’git ta’siridaman. O’shanda ortiqcha va’zxonlik qilmagandi Vahob aka. Ular xazina deganda jahon adabiyotida yaratilgan mumtoz asarlarni nazarda tutganlar, buni hech bir ishorasiz tushunganman . Bu ham u kishining chinakam murabbiylarga xos qobiliyati ekanligini endi anglayapman. Afsuski, men ularning nasihatini olibmanu tarjimachilik sohasidagi sabog’ini olishga yoshlik qilibman.

Qisqasi, adabiyotimizga, xususan, hikoyachiligimizga rang-baranglik yetishmasdi. Hamma bir vaqtlar o’zgalar tomonidan qurilgan yo’ldan yurardi. Iste’dodli adiblar ham, iste’dodsizlari ham mazmuni, o’z uslubi, mahoratidan qat’iy nazar bir xilda yozishardi, maktab o’sha – sotsialistik realizm metodi. Undan boshqa adabiyot rasman tan olinmasligining oqibati deyarli hech bir ijodkorni chetlab o’tmagan edi. Tarjima qilingan asarlar ham talab-istak asosida tanlab olinardi.

Xayriyat, aytganimizdek , bexabarlik zamonlari va o’shanday kunlar ortda qoldi. Istiqbol sharafli, xayrli va nurli bo’lmog’i uchun barcha shart-sharoitlar muhayyo. Faqat shijoat kerak. Fidoyilik kerak. Adabiyotni o’zgartirish fursati allaqachon yetgan – dadil, intiluvchan, bilimdon, adabiy tafakkuri teran iste’dodlarga umid bilan qaraydigan davr keldi.

Xullas, mana shunday o’y-xayollar bilan “Jahon adabiyoti” jurnali sahifalarida hali-hanuz o’zbek tiliga o’girilmagan, lekin tarjima qilinishi shart bo’lgan mashhur va murakkab , go’zal va yuksak, oddiy va g’ayrioddiy yo’llarda yaratilgan mumtoz hikoyalarni azbaroyi saboq va ibrat uchun e’lon qilib borishga jazm qildik . U.Folkner, F.Skott Fitsjerald, E.Xeminguey, K.Fuentes, M.Benedetti, X.Borxes, X.Kortasar, V.L`osa, X.Benet kabi jahon hikoyachiligi mezonini ko’targan, adabiy sarhadlarni kengaytirgan yozuvchilarning eng yaxshi hikoyalarini imkon qadar e’tiboringizga havola etishni niyat qildik.

“Hikoya haqida hikoya” ruknini urugvaylik adib Mario Benedettining “Yashil piyola” asari tarjimasi va tahlilidan boshlaymiz. Tarjima va tahlilimiz ijodkorlarga, balki adabiyot darslariga ham ko’makchi bo’lar.

Asar tom ma’nodagi psixologik hikoya bo’lib, boshdan oxirigacha o’quvchi diqqatini susaytirmaydi. Yozuvchi iloji boricha qahramonlari ichki olamini tasvirlashdan qochadi, voqealarga aralashmaydi. Hikoyada xuddi hech narsa bo’lmayotgandek. Vaholanki, inson ichki dunyosidagi qilcha o’zgarish va kechinmalarni nozikfahm o’quvchi qiynalibroq bo’lsa ham tahlil qilib boradi va beixtiyor hikoyaning ishtirokchisiga aylanadi. Oilada vujudga kelgan tarang asabiy vaziyat, ayolning ob’ektiv sabablarga ko’ra yomon yo’lga kirib ketishi natijasidagi holatlari nihoyatda sinchkovlik bilan qalamga olingan . Buning ustiga, hikoya bir sirni yashirgandek, o’quvchi g’alati qiziqish ichida qoladi. Qisqasi, yarim ishoralarni, maxfiy munosabatlarni, xiyonat ostonasidagi oila bekasining asoslanmagan notayin mantiqlarini ko’zi ojiz bo’lib qolgan erining bir og’iz so’zi chilparchin qiladi. Lekin ayolning ichiga kirib olgan shayton hiylalari shu bilan tugaydimi yoki o’sha nojoiz holatlar davom etadimi? Qolaversa, er ko’radi-yu xotinini sinash uchun o’zini ko’rlikka solyaptimi? O’quvchi bulardan o’zining xulosasini chiqarishi, asoslashga urinishi mumkin. Shunday ekan, jumboqqa javob topish har bir o’quvchining o’z hukmiga havola.

Mario BENEDETTI
YASHIL PIYOLA
Rus tilidan Olim OTAXON tarjimasi
022

09Qahva piyolalari olti dona edi – ikkitasi qizil, ikkitasi qora, ikkitasi yashil. Bu nafis chinni idishchalarni Marianaga dugonasi Enriketa tug’ilgan kunida sovg’a qilgan edi. O’sha-o’sha bir tusli piyolani boshqa piyolaning taqsimchasiga qo’shib ishlatish mumkinmi, yo’qligi haqida bahs-munozara to’xtamasdi. Enriketa qizil piyola bilan qora taqsimcha bag’oyat go’zal ko’rinadi, degandi o’shanda. Ammo tabiatan o’jar Mariana bir xil rangdagi idishchalarni ishlatishni yaxshi ko’rardi.

– Qahva tayyor. Olib beraymi? – eridan so’ragan bo’lsa ham, uning nigohi qaynisida edi. Qaynisi bu savolga javoban ko’z qisib qo’ydi, Xose Klaudio homuza tortdi.

– Tura tursin, hozircha. Bitta chekib olay.

Mariana bu safar eriga tikilib qararkan, doimgidek uning ko’rmasligidan gumonsiradi. Darhaqiqat, Xose Klaudioning ko’zlari ko’r kishining ko’zlariga o’xshamasdi.

Xose Klaudio divanni asta paypaslay boshladi.
– Nima kerak? – deb so’radi Mariana.

– Chaqmoqtosh qani?
– O’ng tomoningda.

Xose Klaudio xotini aytgan tarafni paypaslab, chaqmoqtoshni topdi. Bir amallab uni yoqdi-yu, biroz taraddudlanib qoldi, aftidan, u alanga taftini yaxshi ilg’ayolmayotgandi. Buni ko’rgan Alberto gugurt chaqib, unga tutdi.

– Tashlab yuborishga ko’zing qiymadimi? – deb so’radi Alberto jilmayib. Xose Klaudio ukasining gap ohangidan ishlayotganini fahmladi.

– Yo’q, tashlab yuborolmayman. Bu chaqmoqtosh men uchun juda qadrli, Mariana sovg’a qilgan.

Mariana ohista tilini tishladi-da, beixtiyor xayolga toldi. O’tgan kunlar esiga tushdi. 1953 yili Xose Klaudio 35 yoshga chiqqanda ko’zi hali ravshan edi. Ular – Mariana bilan Xose bo’lg’usi qaynotasinikiga mehmonga borishgandi. Tushlikdan so’ng ikkovi dengiz bo’yiga jo’nadi. Xose uning yelkasidan erkalab quchdi, Mariana o’zini tetik va xushhol, hatto baxtiyor sezdi. Harqalay, uning ko’nglini daf’atan hapriqtirib yuborgan tuyg’u – baxtiyorlik tuyg’usiga juda-juda o’xshardi. Ular oqshomga yaqin uyga qaytishdi. Xose Klaudio uni bag’riga bosib, har doimgidek erkalab, sochlaridan siladi. Ikkovi g’ira-shira xonada o’tirib, hozirgina sotib olishgan chaqmoqtoshni yoqib, sigareta tutatishdi. Ana o’sha kuni Mariana chaqmoqtoshni Xose Klaudioga sovg’a qilgandi. Endi chaqmoqtosh eskirib, ishdan chiqdi. Mariana irimchi emasdi-yu, lekin g’alati, tan olish kerak, o’sha davrdan esdalik sifatida hech narsa qolmagandi.

– Bu oy ham shifokorga bormadik, – dedi Alberto.
– Hechqisi yo’q, – dedi Xose Klaudio.
– Bir gap aytaymi, senga?
– Ayt.
– Xafa bo’lmaysanmi?
– Nega xafa bo’lay.
– Menimcha, yaxshi qilmayapsan? Bu, tentaklikdan boshqa narsa emas.
– Borib nima qilaman. Hirsday baquvvatligimni, jigarim a’lo darajada o’z vazifasini bajarayotgani, yuragim, asablarim joyida ekani haqidagi gaplarni eshitganimi? Shuning uchun boramanmi? Hech narsani ko’rmagandan keyin, nima keragi bor bunaqa salomatlikning.

Ko’zi sog’ paytda ham Xose Klaudioning salga achchig’i chiqardi. Bu musibat boshiga tushmasdan avvalgi Xose Klaudioning sokin chehrasini Mariana hamon unutmagandi. Darhaqiqat, Xose Klaudioning aft-angori o’sha paytda hozirgidek tashvishli va serajin emasdi. Umuman, Mariana Xose Klaudio bilan serzavq va osuda damlarni ko’p boshdan kechirgan, u buni yashirolmas, yashirishni ham istamasdi. Afsuski, shu musibatdan keyin, Xose Klaudio xotinining o’ziga suyanchiq bo’lishini xohlamadi. Undan, uning qalbidan yupanch izlamadi. Xotin kishidan madad kutishni o’ziga or bildimikan?! U o’shandan buyon kamgap, ichimdagini top bo’lib qoldi. Hatto ba’zan gapga tushib ketganda ham, uning dilidan nimalar kechayotganini anglab bo’lmasdi.

– Baribir, shifokorga borishing kerak, – deya qaynisining gapini takrorladi Mariana. – Shifokor nima deganini unutdingmi?
– Unutib bo’larkanmi? Hali umid qilsa bo’ladi, degandi u. Yana bir gapi esimda qolgan: ilm-fan mo»jizaga ishonmaydi. Esingdami? To’ppa-to’g’ri aytgan, men ham ishonmayman mo»jizaga.
– Noumid shayton. Umid qilish odam bolasiga xos narsa.
– Shuni aytgin-a?..

Xose Klaudio sigaretini burqsitib tortganicha xayolga botdi. Mariana tabiatan mehribon ayol edi, uning mehribonligidan, ochig’i ko’ngilchanligidan foydalanish, uni biron nimaga majbur qilish oson edi. Uning mehrini qozonish qiyin emasligidan tashqari, barcha ayollar kabi u ham juda ta’sirchan va beriluvchan edi. To’g’ri, odamning ko’zdan qolishi – musibat, lekin eng yomoni bu emas, eng yomoni Xose Klaudio iloji boricha Mariananing g’amxo’rligi, mehribonchiligini istamasligi va bunga yo’l qo’ymasligi edi. Mariana esa, butun vujudi bilan uning dardiga malham, g’amiga sherik bo’lishni istar edi.

Afsuski, ilgari shunday edi. Hozir esa – yo’q. Keyingi paytda hammasi o’zgarib ketdi. Avvaliga mehr susaydi, e’tibor, erkalashlar, ko’ngilni ko’tarishlar sekin-asta oddiy burch nuqtai nazaridan qaraganda beixtiyor qilinadigan odatga aylandi. To’g’ri, u hozir ham erining tashvishida yelib-yuguradi, uni parvarish qiladi, shak-shubhasiz. Lekin bu unga ilgarigidek zavq-shavq baxsh etmasdi. Keyinroq, orada biron janjal chiqishidan, eru xotin o’rtasida gap qochishdan qo’rqish tuyg’usi paydo bo’ldi. Chunki Xose Klaudio jizzaki, serjahl bo’lib qoldi, bora-bora u achchiq-tiziq gap bilan xotinining dilini vayron etishdan, shafqatsiz muomala qilishdan toymaydigan bo’lib qoldi. Mabodo Mariana gap qaytarmay, erining injiqliklariga chidab, sabr-toqat bilan itoat qilsa ham, Xose Klaudio piching, kesatiq, har xil tahqiromuz gaplar bilan jonini olardi. Bularning barchasiga ko’zining ojiz bo’lib qolganligi, alamzadaligi sababdek tuyulardi.

Alberto oromkursidan turib, deraza yoniga bordi.

– Qanday yoqimsiz manzara, – dedi u. – Qara! – uning savoli Marianaga tegishli edi. Lekin Xose Klaudio javob berdi:
– Nimasiga qaray? Men uchun qarayver.

Alberto Marianaga qaradi. Ular bir-biriga jilmayib qo’yishdi. Umuman, keyingi paytda Mariana xonada Xose Klaudio bo’lsa ham qaynisi bilan bemalol ko’z urishtirar, unga sabab-besabab jilmayib qo’yar edi. U hatto qaynisi o’ziga tikilib qaraganda, yuziga qizillik yugurishini, ko’zlari chaqnab ketishini sezardi. Darhaqiqat, Albertoning nigohi ostida Mariana gul-gul ochilib ketardi. Bu haqda qaynisining o’zi bundan roppa-rosa bir yilu sakkiz kun avval, 23 aprel` kuni kechki payt ilk bor aytgandi. O’sha kuni Xose Klaudiodan tanbeh eshitib, yuragi siqilgan Mariana boqqa chiqib yum-yum yig’lagandi. U o’shanda birinchi marta erining bu qilig’ini ich-ichidan kechirolmagandi. Ana shu paytda Alberto kelib, uni yupatgandi. Umuman, Alberto yupatishga, ko’ngilni ko’tarishga mohir yigit edi. Ba’zan u bir-ikki og’iz so’z yoki shunchaki bir nazar solish bilan Mariananing dilidagi g’ashlikni sidirib tashlardi. “Rahmat senga”, – degandi Mariana o’shanda. Ammo bugun ham u ich-ichidan, dilining qat-qatida alohida bir minnatdorchilik tuydi. Dastlab Albertoga bo’lgan mehri minnatdorchilik tuyg’usidan nariga o’tmasdi. Bir qaraganda, uning bu tuyg’usi, to’g’rirog’i, munosabati Albertoni qanoatlantiradigandek edi. Holbuki, Mariana uchun sevish, yoqtirish qaysidir ma’noda kimdandir minnatdor bo’lish va kimningdir yuragida minnatdorlik tuyg’usini qo’zg’ata olishni bildirardi. Hayotining eng yaxshi damlarida u Xose Klaudiodan tadbirkorligi, aqlli ekani, uzoqni ko’ra bilishi va o’zidek ko’zga unchalik tashlanmaydigan qizni tanlab uylangani uchun behad minnatdor bo’lar edi. Ammo erining qalbida ham mana shunday minnatdorchilik tuyg’ularini uyg’otaman deb yanglishgan ekan. Uning nazarida qachon bo’lmasin, o’z oilasi, hayotining bezagiga, ziynatiga aylanishi mumkin bo’lgan minnatdorlik tuyg’usi, faxrlanish va faxrlanish barobarida sevish Xose Klaudioning qalbida ham uyg’onadigandek edi. Mariana, o’simlik olamiga quyosh nurlari qanchalik zarur bo’lganidek unga shunchalik kerakman va u mensiz bir kun ham yasholmaydigan bo’ldi, deya ich-ichidan ishonardi. Afsuski…

Albertodan esa, u bir og’iz iliq so’zga muhtoj bo’lib, umidsiz va nochor ko’yga tushganida qo’llab-quvvatlagani, ovuntirgani va yuragiga umid solgani uchun minnatdor bo’lardi. Zotan, ayni choqda Alberto ham Marianadan behad minnatdor edi, buni u yaxshi sezardi. Mayli, Alberto og’ir-vazmin yigit bo’la qolsin, mayli, u o’z akasini hurmat qila qolsin, o’z tinchligi va betashvish hayotini yaxshi ko’ra olsin, lekin hammadan burun Alberto yosh, sog’lom va bo’ydoq yigit edi. Mariana bilan Alberto uzoq vaqt o’zaro hurmat tuyg’usi bilan yashab kelishdi. Ular bir-birini ko’rganda beixtiyor qandaydir tuyg’ular ikkovining ham yuragida tug’yon qilar, lekin ma’lum vaqtgacha bu tuyg’ularni yashirib kelishgandi. Ehtimol, Alberto akasining baxtiga havas qilar, uni Marianadek suluv qizga uylangan baxtli yigit, deb hisoblardi. Yaqinda, Alberto Marianaga bo’ydoqlik hayotiga hech narsa soya solmayotganligi haqida gap ochib qolganda Mariana o’zicha quvonib ham qo’ydi.

– Kecha Trel`es kelgandi, – deya gapida davom etdi Xose Klaudio. – Bunday takallufning kimga keragi bor ekan? Bir oyda fabrikadan uch marta ko’rgani kelishadi. Tavba, ularning qur’a tashlab kim yutqizsa, omadidan nolib biznikiga kelayotganini tasavvur qilyapman.

– Nega unaqa deysan, seni rostdan ham hurmat qilishar, – dedi Alberto. – Ehtimol, sen rahbar sifatida yaxshi bir xotira qoldirgandirsan, shuning uchun ular sening salomatliging haqida qayg’urishar. Odamlar sen o’ylaganchalik bu qadar tubanlashib ketishmagan. Nimagadir, keyingi paytda shunaqa o’ylaydigan bo’lib qolding.
– Juda g’alati! Har kuni biron yangi gap eshitasan kishi.

Doimo Albertodan mehr, maslahat, shirin so’z kutib yurgan Mariana tez orada Alberto ham o’zi kabi shularga muhtoj ekanligini, qolaversa u ham vijdonan qiynalayotgani, balki o’zi kabi u ham o’zini aybdor his qilayotganini sezib qoldi. Umuman, u Albertodan o’zining his-tuyg’ularini hurmat qilgani, qadr-qimmatini, izzat-nafsini himoya qilishga chog’langani, tashna qalbini qondira olgani, umidsizlik, xayollar og’ushida qolgan kechalarda, iztirob chekib yurganida umidvor qila olgani uchun behad minnatdor bo’lardi. Go’yo, o’sha paytda hayotlaridagi hamma narsa ularni qovushtirishga, bir-biriga iqror bo’lishga xizmat qiladigandek edi. Ular bir nigohning o’zidayoq nimani istayotgani, nima demoqchi ekanliklarini fahmlashardi. Mana shunday kunlarning birida ular xufiyona uchrashishdi. Mana shunday kunlarning birida Mariana daf’atan dunyoda o’zi bilan Albertodan bo’lak hech kimsa qolmaganini his qilib qoldi.

– Ana endi, qahvani qaynatsang bo’ladi, – dedi Xose Klaudio. Mariana bilinar-bilinmas xo’rsinib, qahva tayyorlashga unnadi. U har xil rangdagi uchta piyola keltirib qo’ygandi. Piyolalarga qarab turib, ularning bir-biridan bir xil masofada joylashganini payqab, o’zicha ajablandi.

So’ngra u oromkursiga yaslandi. Zum o’tmay, xuddi o’zi kutganidek yelkasida, bo’ynida Albertoning qaynoq kaftini sezdi. Naqadar ajoyib! Mariana xuddi shuni kutayotgandi, Alberto ham uning dilidagini payqagandek, sochlarini silay boshladi. Alberto ilk bor sochlarini silashga jur’at qilganida Mariana qo’rqib ketgan, tashvishga tushgan, shuning uchun Albertoning erkalashlaridan zarracha huzurlanmagan edi. Hozir esa u osoyishta o’tirar, shuning uchun Albertoning har bir xatti-harakati unga behad huzur baxsh etardi. Hatto Klaudioning ko’zi ko’rmasligi ham unga taqdirning bir in’omidek tuyulardi.

Xose Klaudio ularning qarshisida jimgina o’tirardi. Vaqt o’tishi bilan Alberto Marianani mana shunday erkalash va quchishlarga odatlanib qolgandi. U hamisha ilojini qilib Marianani erkalab quchar, Mariana ham uning bu odatiga juda-juda o’rgangandi. Hozir ham Alberto uning bo’yin-yelkalarini, yonoqlari va iyagini siladi. Nihoyat, uning barmoqlari Mariananing lablariga kelib to’xtadi. Mariana har safargidek bu oqshom ham Albertoning barmoqlari, kaftini minnatdorlik bilan o’pdi va ko’zlarini yumdi. Ko’zlarini ochganda Xose Klaudio hamon qimir etmay o’tirardi. Erining yuzida qandaydir begona, noma’lum ifoda bor edi. Garchi u hissiz o’tirgan bo’lsa ham, Mariana daf’atan bir cho’chib tushdi. Zum o’tmay tashvish chekish uchun hech qanday sabab, asos yo’qligini fahmlab yengil tortdi.

– Qahva qaynab ketmasin, – dedi Xose Klaudio. Alberto qo’lini tortib oldi, Mariana choynakni olib, piyolalarga qahva quydi. U hech kimga ikki kun ketma-ket bir xil rangdagi piyolada qahva bermasdi. Bugun Xose Klaudio yashil, Alberto qora, o’zi esa qizg’ish piyolada qahva ichishi kerak edi. U yashil piyolani olib, eriga uzatish uchun taraddudlandi. Ammo uzatolmadi. Endi, yashil piyolani qo’liga olgan ham ediki, erining beo’xshov iljayganiga ko’zi tushdi. So’ngra eri boshini ohista chayqab:

– Yo’q, azizam, – dedi. – Bugun qahvani qizil piyolada ichsam deyman.

Manba: «Jahon adabiyoti», 2014 yil, sentyabr`

088

(Tashriflar: umumiy 123, bugungi 1)

Izoh qoldiring