Boris Pasternak. Qish kechasi & Maykl Gelprin. Sham yonar edi…

09Мен узоқ йиллар Борис Пастернакнинг айрим шеърларини ўзбек тилига таржима қилишга уринганман. Неча маротиба кучим етмаётганини сезиб, нафас бағишлайдиган лаҳза ва илҳомнинг вақти-соатини кутганман. Айниқса шоирнинг «Қиш кечаси» шеъри таржимасини юзлаб карра қоралаганман десам, ишонаверинг. Фақат шу йил қиш кечаларининг бирида иш столим устида шам ёқиб, оқ қоғозга эгилишим билан керакли оҳанг қуйилиб келди. 

Майкл Гелприн
ШАМ ЁНАРДИ…
033

Таржимондан: Майкл Гелприннинг ушбу ҳикоясини илк марта ўқиганимдаёқ уни ўзбек тилига таржима қилиш истаги туғилган эди. Балки, аллақачон кимдир таржима қилган бўлса керак, деган ўй билан ишни орқага суриб келаётган эдим. Ниҳоят истагим амалга  ошди. Таржимада йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун олдиндан узр сўрайман.

033

Қўнғироқ Андрей Петрович бутунлай умидсизликка тушган бир маҳалда жиринглади.

– Салом, эълон бўйича қўнғироқ қиляпман. Сиз адабиётдан дарс берасизми?

Андрей Петрович видеофон экранига разм солди. Чамаси ўттиз ёшлардаги эркак. Жиддий кийинган – костюм, галстук. Ўзи кулиб турса ҳам, кўзлари қатъиятли. Андрей Петровичнинг юраги ҳапқириб кетди. У интернетга эълонни,  доимий одатига кўра, шунчаки, қўйганди, холос. Ўн йил ичида олти марта қўнғироқ қилишди. Учтаси рақамни адаштирганлар, иккитаси эски усулда ишловчи суғурта агентлари, яна биттаси адабиёт сўзини бошқа сўз билан адаштирган бўлиб чиқди.

— Ҳ-ҳа, дарс бераман, – ҳаяжондан бироз довдираб жавоб берди Андрей Петрович. – Уйда. Сиз адабиётга қизиқасизми?
— Қизиқаман, – бош ирғади суҳбатдош. – Менинг исмим Максим. Шартларингизни билсам бўладими?

“Текинга!” – Андрей Петровичнинг оғзидан чиқиб кетишига оз қолди.

— Тўлов соатбай, – қийналиб гапирди у – Келишув бўйича. Қачон бошламоқчисиз?
— Мен, умуман…
— Биринчи дарс текин, – шошилиб қўшиб қўйди Андрей Петрович. – Агар сизга ёқмаса, унда…
— Эртага, – қатъият билан деди Максим. – Соат ўнда, сизга маъқулми? Тўққизда болаларни мактабга элтиб қўйгач, иккигача бўшман.
— Маъқул, – деди Андрей Петрович хурсанд бўлиб. – Манзилни ёзиб олинг.
— Айтаверинг, эслаб қоламан.

Ўша тун Андрей Петрович ухлай олмади. Ҳаяжондан қалтираётган қўлларини қаёққа қўйишини билмай, туни билан кичкинагина хонасида у ёқдан бу ёққа босиб юрди. Мана ўн икки йилдирки, уни ишдан бўшатишганидан бери, у фақирона нафақага яшар эди.

– Сиз жуда тор доирадаги мутаҳасиссиз, – деганди ўшанда лицей директори кўзларини олиб қочганича. – Биз сизни тажрибали ўқитувчи сифатида қадрлаймиз, лекин сизнинг фанингиз, афсуски… Айтингчи, сиз қайта ўқишни хоҳламайсизми? Харажатнинг бир қисмини лицей тўлашга тайёр. Виртуал этика, виртуал ҳуқуқ асослари, робототехника тарихи… Сиз бемалол шу фанлардан дарс берган бўлардингиз. Ҳатто кинематографга қизиқувчилар ҳам анчагина топилса керак. Тўғри, унинг замони ҳам тугашига оз қолган… Хўш, бунга нима дейсиз?

Андрей Петрович таклифни рад этган эди. Кейинчалик афсусланиб юрди. Янги иш топишнингэса   имкони бўлмади. Адабиёт саноқли ўқув юртларидагина қолган, сўнгги кутубхоналар ёпилган, тилшунослар бирин-кетин бозори чаққон фанларга қайта ўқишяпти. У икки йилча гимназия, лицей ва махсус мактабларидан иш қидирди. Натижа бўлмагач, охири қидиришни тўхтатишга мажбур бўлди. Ярим йилча қайта ўқув курсларига қатнади. Хотини вафотидан сўнг курсларга қатнашниям тўхтатди.

Кўп ўтмай жамғармасининг  таги кўриниб қолди. Андрей Петрович камтарона ҳаёт кечиришга ўтишга мажбур бўлди. Кейироқ эски, лекин ишончли аэромобилиниям  сотди. Кейин эса  онасидан қолган антиқа сервизни, унинг кетидан турли буюмларни ҳам. Охири… Андрей Петрович ҳар сафар шу ҳақида ўйлаганда юраги орқага тортиб кетарди – гал китобларга келган эди. Қадимий, қалин жилдли, қоғоз китоблар. Улар ҳам онасидан мерос. Бундай ноёб китоблар учун коллекционерлар яхшигина тўлашарди. Шу тариқа граф Толстой Андрей Петровични бир ой боқди. Достоевский – икки ҳафта. Бунин – бир ярим ҳафта.

Ниҳоят Андрей Петровичнинг энг яхши кўрган, ўн марталаб қайта ўқилган юзтача китоби қолди, холос. Ремарк, Хемингуэй, Маркес, Булгаков, Бродский, Пастернак… Китоблар токчада  тўрт қаторни эгаллаб турар эди. Андрей Петрович ҳар куни китобларнинг жилдидаги чангларни артишни канда қилмас эди.

«Агар бу Максим деган йигит,  – девордан деворга асабий юрганича тартибсиз ўйлай бошлади Андрей Петрович – агар у… Балки унда Бальмонтни қайта сотиб олишга имкон бўлар. Ёки Муракамини. Ёки Амадани…»

«Бўлмағур гап», – бирдан юришдан тўхтади Андрей Петрович. Китобларни қайта сотиб олишнинг аҳамияти йўқ. У ўзи билган нарсаларни бошқаларга ўргатиши мумкин. Энг муҳими шу!

Максим роппа-роса ўнда эшик қўнғироғини босди.

– Кираверинг – бироз ҳовлиқиб деди Андрей Петрович. – Ўтиринг. Хўш… Шундай қилиб… Нимадан бошламоқчисиз?

– Сиз нимадан бошлашни маъқул топсангиз, ўшандан. Мени умуман ҳеч нарсага ўқитишган эмас.

– Ҳа, бўлиши мумкин, – бош чайқади Андрей Петрович, – ҳамма қатори. Умумтаълим мактабларида адабиёт ўқитилмай қўйганига юз йиллар бўлди. Ҳозир махсус мактабларда ҳам ўқитилмайди.

– Ҳеч қаерда ўқитилмайдими?

– Шундай бўлса керак деб қўрқаман. Тушуняпсизми, йигирманчи аср охирида инқироз юзага келди. Одамларнинг китоб ўқишга вақти қолмади. Аввалига болаларга китоб ўқиб беришмай қўйишди. Кейин бу болалар улғайишди. Улар ҳам болаларига китоб ўқишга вақт топишмади. Бошқа кўнгилхушлик чиқди – асосан вертуал. Ўйинлар. Турли тестлар, квестлар… – Андрей Петрович қўл силтади – Ва, албатта, техника. Техник фанлар гуманитар фанларни сиқиб чиқарди. Кибернетика, квант механикаси, электродинамика, юқори энергия физикаси. Адабиёт, география, тарих иккинчи даражали фанга айланди. Айниқса адабиёт. Максим, эшитяпсизми?

– Ҳа, илтимос, давом этинг.
– Йигирма биринчи асрга келиб китоб босишни тўхтатишди. Қоғоз ўрнини электроника эгаллади. Лекин, электрон ҳолида ҳам адабиётга бўлган талаб тушиб бораверди. Ҳар авлод алмашганида бир неча каррага. Оқибатда адабиётчилар ҳам озайди. Кейин эса умуман қолмади. Ёзмай қўйишди.

Андрей Петрович жим бўлиб қолди. Терлаб кетган пешонасини артди.

– Бу ҳақида гапириш менга осон эмас, – деди у ниҳоят. – Тушунаман, тараққиёт қонуни бу. Адабиёт замонга мослашолмади. Лекин, тушуняпсизми, болалар… Болалар! Адабиёт уларнинг онгини шакллантирар эди. Айниқса шеърият. Унинг ички дунёсини бойитади. Ҳозирги болаларнинг ички дунёси бўм-бўш, қалби қуп-қурқ. Мана шу қўрқинчли, Максим!

– Мен ўзим ҳам шу фикрдаман. Шунинг учун ҳам сизга мурожаат қилдим.
– Болаларингиз борми?

– Ҳа, – деди Максим иккиланган оҳангда. – Иккита. Павлик ва Анечка. Андрей Петрович, менга асосий нарсаларни ўргатсангиз бас, адабиётни интернетдан топиб ўқийман. Менга асосий эътибор нимага қаратилиши кераклигини ўргатинг. Ўргатасизми?

– Ҳа, қатъий жавоб берди Андрей Петрович. – Ўргатаман.

У ўрнидан туриб, қўлларини қовуштириб, фикрини бир жойга жамлади.

– Пастернак, –  деди тантанавор оҳангда. – Қор ёғарди рўйи заминда, Қор ёғар эди. Шам ёнарди столимда, Шам ёнар эди…

– Эртага келасизми, Максим? – овозидаги қалтироқни сездирмасликка уриниб сўради Андрей Петрович.

– Албатта. Лекин… Гап шундаки, мен ўзига тўқ оиланинг қўлида ишлайман. Ойлигим унча кўп эмас. Лекин мен, – Максим хонага разм ташлаганча давом этди – ул-бул олиб келишим мумкин. Озиқ овқат, хўжалик техникаси, эҳтимол… Пулнинг ўрнига шуларни олиб келсам, рози бўласизми?

Андрей Петрович беихтиёр қизариб кетди. Аслида у текинга ўқитишга ҳам тайёр эди.

– Албатта, Максим, – деди у. – Раҳмат! Эртага кутаман…

– Адабиёт – бу фақат нима ҳақида ёзилгани эмас, – дерди Андрей Петрович хонада юрганича. Бу қандай усулда ёзилгани ҳамдир. Тил, Максим, буюк шоир ва ёзувчилар ишлатадиган восита. Мана, эшитинг.

Максим диққат билан эшитар эди. У ҳудди устозининг оғзидан чиқаётган гапларини битта қўймай ёдлаб олишга ҳаракат қилаётгандек кўринар эди.

– Пушкин, – бошларди Андрей Петрович.

“Таврида”, “Анчар”, “Евгений Онегин”.

Лермонтов “Мцири”

Баратинский, Есенин, Маяковский, Блок, Бальмонт, Ахматова, Гумилёв, Мандельштам, Высоцкий…

Максим эса тингларди.

– Чарчамадингизми? – сўрарди Андрей Петрович.
– Йўқ-йўқ. Давом этинг, илтимос.

Бир кун иккинчиси билан алмашаверди. Андрес Петровичнинг кутилмаганда маъно пайдо бўлган ҳаётига қизиқиши ортди. Шеърият ўрнини наср эгаллади. Бунга вақт кўпроқ кетди. Лекин, Максим тиришқоқ ўқувчи чиқиб қолди. Андрей Петрович аввал бошда сўзнинг қадрига етмайдиган, уни ҳис қилмайдиган Максимнинг кундан кунга ўзгариб бораётганидан, адабиётни янаҳам чуқурроқ тушуниб бораётганидан ҳайратда эди.

Бальзак, Гюго, Мопассан, Достоевский, Тургенев, Бунин, Куприн. Булгаков, Хемингуэй, Бабель, Ремарк, Маркес, Набоков. ўн саккизинчи аср, ўн тўққизинчи, йигирманчи. Классика, беллетристика, фантастика, детектив. Стивенсон, Твен, Конан Дойль, Шекли, Стругацкие, Вайнерлар, Жапризо.

Бир куни, чоршанбада, Максим келмади. Балки касал бўлиб қолгандир, деб ўйлади Андрей Петрович. Йўқ, синчков, тартибли Максим касал бўлиши мумкин эмас, дерди ички овоз. Шу ўтган бир ярим йил давомида Максим бир дақиқа ҳам кечикмаганди. Мана энди қўнғироқ ҳам қилмади. Андрей Петрович кун бўйи ўзини қўярга жой топа олмади. Кечаси эса мижжа қоқмади. Эртаси куни Максим яна келмаслигига ишонч ҳосил қилгач видеофонини олиб қўнғироқ қилди.

– Сиз терган рақамга хизмат кўрсатиш тўхтилган, – жавоб берди механик овоз.

Кейинги уч-тўрт кун худди қўрқинчли тушдай ўтиб кетди. Ҳатто севимли китоблар ҳам Андрей Петровичнинг кўнглига таскин бера олишмади. Бир ярим йил давомида безовта қилмаган кераксизлик ҳисси яна уни чулғаб олган эди. Касалхоналарга, ўликхоналарга қўнғироқ қилса-чи? Хўш, кимни ёки нимани сўрайди? Ўттиз ёшлар атрофидаги йигит, исми Максим, фамилиясини билмайман, дейдими?

Тўрт девор ичида ўтиришнинг иложи қолмагач, Андрей Петрович ташқарига чиқди.

– А! Петрович! – бир қават пастда яшовчи қўшниси Нефодеев салом берди. – Кўринмайсан? Ташқаригаям чиқмайсан? Ёки уяляпсанми? Сенинг бунда айбинг йўқ!

– Уяламан? Нимадан уялишим керак?

– Анави, ҳалигингни… – Нефодеев кафтини томоғига пичоқдай тиради – сенинг олдингга келиб юрганни…. Петрович қариганда нега буларга илакишиб қолди, деб ўйлагандим ўзим ҳам.

– Нима ҳақида гапиряпсан? Анавиларинг ким?
– Кимлиги маълум. Мен буларни бир қарашдаёқ биламан. Ўттиз йил булар билан ишлаганман.

– Ким улар? Нима ҳақида гапиряпсан?
– Ие, ростдан ҳам хабаринг йўқми? Янгиликларни ўқи. Ҳамма ёқда шу ҳақида ёзишяпти.

Андрей Петрович қандай қилиб лифтга етиб олганини ўзи ҳам билмади. Ўн тўртинчи қаватга кўтарилиб қалтираган қўллари билан калитни топиб, бешинчи уринишдан сўнг эшикни очиб ичкарига кирди. Компьютерни ёқиб, янгиликларни ўқий бошлади. Юраги оғриқдан санчишни бошлади. Экранда Максимнинг сурати ва унинг остида курсив билан ёзилган хабарга кўзи тушди.

“Эгалари томонидан, – қийинчилик билан диққатини жамлаб ўқишни бошлади Андрей Петрович – озиқ-овқат, кийим-бош ва хўжалик жиҳозлари ўғирлаши чоғида ушлаган. ДРГ-439К серияли робот-тарбиячи. Бошқарув программасидаги носозлик. Мустақил равишда болалар маънавий қолоқ деган хулоса келганини ва бунга қарши курашганини маълум қилган. Ўзбошимчалик билан болаларни мактаб дастурига киритилмаган фанларга ўқитган. Ишларини ўз эгаларидан яширган. Муомаладан чиқарилди… Утилизация қилинди… Жамоатчилик ташвишда… Ишлаб чиқарувчи фирма зарарни қоплашга… Махсус комиссия қарори…”

Андрей Петрович ўрнидан турди. Ошхонага кириб буфетни очди. Пастки токчада Максим олиб келган коньякнинг қопқоғини очди. Стакан тополмай, шишаси билан кўтариб ичди. Шишани қўлидан тушиб, деворга суяниб ўтириб қолди.

Ҳаммаси бекор кетди, деган  хулосага келди. Ҳаммаси бефойда. Шунча вақт роботни — жонсиз, совуқ темирни ўқитган бўлиб чиқди.  Бор меҳрини темирга берибди. Ҳаётда нимага ишонган бўлса, нимани ҳаётининг маъноси деб билган бўлса, борини темирга берган, темирга ўргатган экан.

Андрей Петрович юрагидаги оғриқдан инқиллаганича ўрнидан турди. Дераза ойнасини жипслаб ёпди. Энди газ плитани ёқади. Ярим соат ва ҳаммаси тугайди.

Эшик қўнғироғи уни ярим йўлда ортга қайтишга мажбур қилди. Остонада иккита ёш бола турар эди. Ўн ёшли бола ва ундан тахминан бир ёш кичик, кўзларини сочлари тўсиб турган   қизалоқ.

– Сиз адабиётдан дарс берасизми? –  сўради қизча.

– Нима? Сизлар ўзи кимсизлар? – деди безовталанганча Андрей Петрович.
– Мен Павликман… – Бола шундай дея олдинга бир қадам ташлади. – Бу эса Анечка. Менинг синглим. Бизни Макс юборди.

– Ким… Ким юборди?
– Макс, – такрорлади бола. – У… уни… ҳалиги қилишларидан олдин сизга бир гап айтиб қўйишимизни тайинлади.

Шу пайт қизчанинг жарангдор овози янгради:– Қор ёғарди рўйи заминда, Қор ёғар эди.

Андрей Петрович юрагини чангаллади.

– Ҳазиллашмаяпсанми? – базўр эшитилар деди у.

– Шам ёнарди столимда, шам ёнар эди, – деди бола баланд овозда. – Макс шуни етказишимизни тайинлади. Бизни ўқитасизми?

Андрей Петрович эшикка суяниб ўрнидан туриб, ичкарига кирди.

– Э, Худо – деди у. – Киринглар, болалар. Киринглар.

Шермуҳаммад Абдуғафуров таржимаси

065

Борис Пастернак
ҚИШ КЕЧАСИ
Хуршид Даврон таржимаси
011

  Мен узоқ йиллар Борис Пастернакнинг айрим шеърларини ўзбек тилига таржима қилишга уринганман. Неча маротиба кучим етмаётганини сезиб, нафас бағишлайдиган лаҳза ва илҳомнинг вақти-соатини кутганман. Айниқса шоирнинг «Қиш кечаси» шеъри таржимасини юзлаб карра қоралаганман десам, ишонаверинг. Фақат шу йил қиш кечаларининг бирида иш столим устида шам ёқиб, оқ қоғозга эгилишим билан керакли оҳанг қуйилиб келди. 

05

Қор ёғарди рўйи заминда,
Қор ёғар эди.
Столимда шам ёнарди,
Шам ёнар эди.

Ёзда чивин ёприлгандек
Шамчироқ сари,
Деразамга ёғиларди
Қор зарралари.

Қорбўрондан ойнага зар
Нақш инар эди,
Столимда шам ёнарди,
Шам ёнар эди.

Ёритарди шифтда ёғду
Соялар аксин,
Чирмашган қўл-оёқлару
Тақдирнинг рақсин.

Бир жуфт башмоқ пол устига
Дукурлаб тушар,
Кўйлак узра томар шамдан
Оққан кўз ёшлар.

Борлиқ сингиб оқ зулматга,
Бўзга дўнарди,
Столимда шам ёнарди,
Шам ёнар эди.

Гоҳ ногаҳон эсган елдан
Шам қувват туяр,
Худди хочдай, фариштадай
Қанотин ёйар.

Бутун феврал қор инарди,
Қор инар эди.
Столимда шам ёнарди,
Шам ёнар эди.

Men uzoq yillar Boris Pasternakning ayrim she’rlarini o’zbek tiliga tarjima qilishga uringanman. Necha marotiba kuchim yetmayotganini sezib, nafas bag’ishlaydigan lahza va ilhomning vaqti-soatini kutganman. Ayniqsa shoirning «Qish kechasi» she’ri tarjimasini yuzlab karra qoralaganman desam, ishonavering. Faqat shu yil qish kechalarining birida ish stolim ustida sham yoqib, oq qog’ozga egilishim bilan kerakli ohang quyilib keldi. 

Maykl Gelprin
SHAM YONARDI…
033

Tarjimondan: Maykl Gelprinning ushbu hikoyasini ilk marta o’qiganimdayoq uni o’zbek tiliga tarjima qilish istagi tug’ilgan edi. Balki, allaqachon kimdir tarjima qilgan bo’lsa kerak, degan o’y bilan ishni orqaga surib kelayotgan edim. Nihoyat shu ish amalga oshdi. Tarjimada yo’l qo’yilgan xato va kamchiliklar uchun oldindan uzr so’rayman.

033

Qo‘ng‘iroq Andrey Petrovich butunlay umidsizlikka tushgan bir mahalda jiringladi.

– Salom, e’lon bo‘yicha qo‘ng‘iroq qilyapman. Siz adabiyotdan dars berasizmi?

Andrey Petrovich videofon ekraniga razm soldi. Chamasi o‘ttiz yoshlardagi erkak. Jiddiy kiyingan – kostyum, galstuk. O‘zi kulib tursa ham, ko‘zlari qat’iyatli. Andrey Petrovichning yuragi hapqirib ketdi. U internetga e’lonni, doimiy odatiga ko‘ra, shunchaki, qo‘ygandi, xolos. O‘n yil ichida olti marta qo‘ng‘iroq qilishdi. Uchtasi raqamni adashtirganlar, ikkitasi eski usulda ishlovchi sug‘urta agentlari, yana bittasi adabiyot so‘zini boshqa so‘z bilan adashtirgan bo‘lib chiqdi.

— H-ha, dars beraman, – hayajondan biroz dovdirab javob berdi Andrey Petrovich. – Uyda. Siz adabiyotga qiziqasizmi?
— Qiziqaman, – bosh irg‘adi suhbatdosh. – Mening ismim Maksim. Shartlaringizni bilsam bo‘ladimi?

“Tekinga!” – Andrey Petrovichning og‘zidan chiqib ketishiga oz qoldi.

— To‘lov soatbay, – qiynalib gapirdi u – Kelishuv bo‘yicha. Qachon boshlamoqchisiz?
— Men, umuman…
— Birinchi dars tekin, – shoshilib qo‘shib qo‘ydi Andrey Petrovich. – Agar sizga yoqmasa, unda…
— Ertaga, – qat’iyat bilan dedi Maksim. – Soat o‘nda, sizga ma’qulmi? To‘qqizda bolalarni maktabga eltib qo‘ygach, ikkigacha bo‘shman.
— Ma’qul, – dedi Andrey Petrovich xursand bo‘lib. – Manzilni yozib oling.
— Aytavering, eslab qolaman.

O‘sha tun Andrey Petrovich uxlay olmadi. Hayajondan qaltirayotgan qo‘llarini qayoqqa qo‘yishini bilmay, tuni bilan kichkinagina xonasida u yoqdan bu yoqqa bosib yurdi. Mana o‘n ikki yildirki, uni ishdan bo‘shatishganidan beri, u faqirona nafaqaga yashar edi.

– Siz juda tor doiradagi mutahasissiz, – degandi o‘shanda litsey direktori ko‘zlarini olib qochganicha. – Biz sizni tajribali o‘qituvchi sifatida qadrlaymiz, lekin sizning faningiz, afsuski… Aytingchi, siz qayta o‘qishni xohlamaysizmi? Xarajatning bir qismini litsey to‘lashga tayyor. Virtual etika, virtual huquq asoslari, robototexnika tarixi… Siz bemalol shu fanlardan dars bergan bo‘lardingiz. Hatto kinematografga qiziquvchilar ham anchagina topilsa kerak. To‘g‘ri, uning zamoni ham tugashiga oz qolgan… Xo‘sh, bunga nima deysiz?

Andrey Petrovich taklifni rad etgan edi. Keyinchalik afsuslanib yurdi. Yangi ish topishningesa imkoni bo‘lmadi. Adabiyot sanoqli o‘quv yurtlaridagina qolgan, so‘nggi kutubxonalar yopilgan, tilshunoslar birin-ketin bozori chaqqon fanlarga qayta o‘qishyapti. U ikki yilcha gimnaziya, litsey va maxsus maktablaridan ish qidirdi. Natija bo‘lmagach, oxiri qidirishni to‘xtatishga majbur bo‘ldi. Yarim yilcha qayta o‘quv kurslariga qatnadi. Xotini vafotidan so‘ng kurslarga qatnashniyam to‘xtatdi.

Ko‘p o‘tmay jamg‘armasining tagi ko‘rinib qoldi. Andrey Petrovich kamtarona hayot kechirishga o‘tishga majbur bo‘ldi. Keyiroq eski, lekin ishonchli aeromobiliniyam sotdi. Keyin esa onasidan qolgan antiqa servizni, uning ketidan turli buyumlarni ham. Oxiri… Andrey Petrovich har safar shu haqida o‘ylaganda yuragi orqaga tortib ketardi – gal kitoblarga kelgan edi. Qadimiy, qalin jildli, qog‘oz kitoblar. Ular ham onasidan meros. Bunday noyob kitoblar uchun kolleksionerlar yaxshigina to‘lashardi. Shu tariqa graf Tolstoy Andrey Petrovichni bir oy boqdi. Dostoyevskiy – ikki hafta. Bunin – bir yarim hafta.

Nihoyat Andrey Petrovichning eng yaxshi ko‘rgan, o‘n martalab qayta o‘qilgan yuztacha kitobi qoldi, xolos. Remark, Xeminguey, Markes, Bulgakov, Brodskiy, Pasternak… Kitoblar tokchada to‘rt qatorni egallab turar edi. Andrey Petrovich har kuni kitoblarning jildidagi changlarni artishni kanda qilmas edi.

“Agar bu Maksim degan yigit, – devordan devorga asabiy yurganicha tartibsiz o‘ylay boshladi Andrey Petrovich – agar u… Balki unda Balmontni qayta sotib olishga imkon bo‘lar. Yoki Murakamini. Yoki Amadani…”

“Bo‘lmag‘ur gap”, – birdan yurishdan to‘xtadi Andrey Petrovich. Kitoblarni qayta sotib olishning ahamiyati yo‘q. U o‘zi bilgan narsalarni boshqalarga o‘rgatishi mumkin. Eng muhimi shu!

Maksim roppa-rosa o‘nda eshik qo‘ng‘irog‘ini bosdi.

– Kiravering – biroz hovliqib dedi Andrey Petrovich. – O‘tiring. Xo‘sh… Shunday qilib… Nimadan boshlamoqchisiz?

– Siz nimadan boshlashni ma’qul topsangiz, o‘shandan. Meni umuman hech narsaga o‘qitishgan emas.

– Ha, bo‘lishi mumkin, – bosh chayqadi Andrey Petrovich, – hamma qatori. Umumta’lim maktablarida adabiyot o‘qitilmay qo‘yganiga yuz yillar bo‘ldi. Hozir maxsus maktablarda ham o‘qitilmaydi.

– Hech qayerda o‘qitilmaydimi?

– Shunday bo‘lsa kerak deb qo‘rqaman. Tushunyapsizmi, yigirmanchi asr oxirida inqiroz yuzaga keldi. Odamlarning kitob o‘qishga vaqti qolmadi. Avvaliga bolalarga kitob o‘qib berishmay qo‘yishdi. Keyin bu bolalar ulg‘ayishdi. Ular ham bolalariga kitob o‘qishga vaqt topishmadi. Boshqa ko‘ngilxushlik chiqdi – asosan vertual. O‘yinlar. Turli testlar, kvestlar… – Andrey Petrovich qo‘l siltadi – Va, albatta, texnika. Texnik fanlar gumanitar fanlarni siqib chiqardi. Kibernetika, kvant mexanikasi, elektrodinamika, yuqori energiya fizikasi. Adabiyot, geografiya, tarix ikkinchi darajali fanga aylandi. Ayniqsa adabiyot. Maksim, eshityapsizmi?

– Ha, iltimos, davom eting.
– Yigirma birinchi asrga kelib kitob bosishni to‘xtatishdi. Qog‘oz o‘rnini elektronika egalladi. Lekin, elektron holida ham adabiyotga bo‘lgan talab tushib boraverdi. Har avlod almashganida bir necha karraga. Oqibatda adabiyotchilar ham ozaydi. Keyin esa umuman qolmadi. Yozmay qo‘yishdi.

Andrey Petrovich jim bo‘lib qoldi. Terlab ketgan peshonasini artdi.

– Bu haqida gapirish menga oson emas, – dedi u nihoyat. – Tushunaman, taraqqiyot qonuni bu. Adabiyot zamonga moslasholmadi. Lekin, tushunyapsizmi, bolalar… Bolalar! Adabiyot ularning ongini shakllantirar edi. Ayniqsa she’riyat. Uning ichki dunyosini boyitadi. Hozirgi bolalarning ichki dunyosi bo‘m-bo‘sh, qalbi qup-qurq. Mana shu qo‘rqinchli, Maksim!

– Men o‘zim ham shu fikrdaman. Shuning uchun ham sizga murojaat qildim.
– Bolalaringiz bormi?

– Ha, – dedi Maksim ikkilangan ohangda. – Ikkita. Pavlik va Anechka. Andrey Petrovich, menga asosiy narsalarni o‘rgatsangiz bas, adabiyotni internetdan topib o‘qiyman. Menga asosiy e’tibor nimaga qaratilishi kerakligini o‘rgating. O‘rgatasizmi?

– Ha, qat’iy javob berdi Andrey Petrovich. – O‘rgataman.

U o‘rnidan turib, qo‘llarini qovushtirib, fikrini bir joyga jamladi.

– Pasternak, – dedi tantanavor ohangda. – Qor yog‘ardi ro‘yi zaminda, Qor yog‘ar edi. Sham yonardi stolimda, Sham yonar edi…

– Ertaga kelasizmi, Maksim? – ovozidagi qaltiroqni sezdirmaslikka urinib so‘radi Andrey Petrovich.

– Albatta. Lekin… Gap shundaki, men o‘ziga to‘q oilaning qo‘lida ishlayman. Oyligim uncha ko‘p emas. Lekin men, – Maksim xonaga razm tashlagancha davom etdi – ul-bul olib kelishim mumkin. Oziq ovqat, xo‘jalik texnikasi, ehtimol… Pulning o‘rniga shularni olib kelsam, rozi bo‘lasizmi?

Andrey Petrovich beixtiyor qizarib ketdi. Aslida u tekinga o‘qitishga ham tayyor edi.

– Albatta, Maksim, – dedi u. – Rahmat! Ertaga kutaman…

– Adabiyot – bu faqat nima haqida yozilgani emas, – derdi Andrey Petrovich xonada yurganicha. Bu qanday usulda yozilgani hamdir. Til, Maksim, buyuk shoir va yozuvchilar ishlatadigan vosita. Mana, eshiting.

Maksim diqqat bilan eshitar edi. U huddi ustozining og‘zidan chiqayotgan gaplarini bitta qo‘ymay yodlab olishga harakat qilayotgandek ko‘rinar edi.

– Pushkin, – boshlardi Andrey Petrovich.

“Tavrida”, “Anchar”, “Yevgeniy Onegin”.

Lermontov “Msiri”

Baratinskiy, Yesenin, Mayakovskiy, Blok, Balmont, Axmatova, Gumilyov, Mandelshtam, Vыsotskiy…

Maksim esa tinglardi.

– Charchamadingizmi? – so‘rardi Andrey Petrovich.
– Yo‘q-yo‘q. Davom eting, iltimos.

Bir kun ikkinchisi bilan almashaverdi. Andres Petrovichning kutilmaganda ma’no paydo bo‘lgan hayotiga qiziqishi ortdi. She’riyat o‘rnini nasr egalladi. Bunga vaqt ko‘proq ketdi. Lekin, Maksim tirishqoq o‘quvchi chiqib qoldi. Andrey Petrovich avval boshda so‘zning qadriga yetmaydigan, uni his qilmaydigan Maksimning kundan kunga o‘zgarib borayotganidan, adabiyotni yanaham chuqurroq tushunib borayotganidan hayratda edi.

Balzak, Gyugo, Mopassan, Dostoyevskiy, Turgenev, Bunin, Kuprin. Bulgakov, Xeminguey, Babel, Remark, Markes, Nabokov. o‘n sakkizinchi asr, o‘n to‘qqizinchi, yigirmanchi. Klassika, belletristika, fantastika, detektiv. Stivenson, Tven, Konan Doyl, Shekli, Strugatskiye, Vaynerlar, Japrizo.

Bir kuni, chorshanbada, Maksim kelmadi. Balki kasal bo‘lib qolgandir, deb o‘yladi Andrey Petrovich. Yo‘q, sinchkov, tartibli Maksim kasal bo‘lishi mumkin emas, derdi ichki ovoz. Shu o‘tgan bir yarim yil davomida Maksim bir daqiqa ham kechikmagandi. Mana endi qo‘ng‘iroq ham qilmadi. Andrey Petrovich kun bo‘yi o‘zini qo‘yarga joy topa olmadi. Kechasi esa mijja qoqmadi. Ertasi kuni Maksim yana kelmasligiga ishonch hosil qilgach videofonini olib qo‘ng‘iroq qildi.

– Siz tergan raqamga xizmat ko‘rsatish to‘xtilgan, – javob berdi mexanik ovoz.

Keyingi uch-to‘rt kun xuddi qo‘rqinchli tushday o‘tib ketdi. Hatto sevimli kitoblar ham Andrey Petrovichning ko‘ngliga taskin bera olishmadi. Bir yarim yil davomida bezovta qilmagan keraksizlik hissi yana uni chulg‘ab olgan edi. Kasalxonalarga, o‘likxonalarga qo‘ng‘iroq qilsa-chi? Xo‘sh, kimni yoki nimani so‘raydi? O‘ttiz yoshlar atrofidagi yigit, ismi Maksim, familiyasini bilmayman, deydimi?

To‘rt devor ichida o‘tirishning iloji qolmagach, Andrey Petrovich tashqariga chiqdi.

– A! Petrovich! – bir qavat pastda yashovchi qo‘shnisi Nefodeyev salom berdi. – Ko‘rinmaysan? Tashqarigayam chiqmaysan? Yoki uyalyapsanmi? Sening bunda aybing yo‘q!

– Uyalaman? Nimadan uyalishim kerak?

– Anavi, haligingni… – Nefodeyev kaftini tomog‘iga pichoqday tiradi – sening oldingga kelib yurganni…. Petrovich qariganda nega bularga ilakishib qoldi, deb o‘ylagandim o‘zim ham.

– Nima haqida gapiryapsan? Anavilaring kim?
– Kimligi ma’lum. Men bularni bir qarashdayoq bilaman. O‘ttiz yil bular bilan ishlaganman.

– Kim ular? Nima haqida gapiryapsan?
– Ie, rostdan ham xabaring yo‘qmi? Yangiliklarni o‘qi. Hamma yoqda shu haqida yozishyapti.

Andrey Petrovich qanday qilib liftga yetib olganini o‘zi ham bilmadi. O‘n to‘rtinchi qavatga ko‘tarilib qaltiragan qo‘llari bilan kalitni topib, beshinchi urinishdan so‘ng eshikni ochib ichkariga kirdi. Kompyuterni yoqib, yangiliklarni o‘qiy boshladi. Yuragi og‘riqdan sanchishni boshladi. Ekranda Maksimning surati va uning ostida kursiv bilan yozilgan xabarga ko‘zi tushdi.

“Egalari tomonidan, – qiyinchilik bilan diqqatini jamlab o‘qishni boshladi Andrey Petrovich – oziq-ovqat, kiyim-bosh va xo‘jalik jihozlari o‘g‘irlashi chog‘ida ushlagan. DRG-439K seriyali robot-tarbiyachi. Boshqaruv programmasidagi nosozlik. Mustaqil ravishda bolalar ma’naviy qoloq degan xulosa kelganini va bunga qarshi kurashganini ma’lum qilgan. O‘zboshimchalik bilan bolalarni maktab dasturiga kiritilmagan fanlarga o‘qitgan. Ishlarini o‘z egalaridan yashirgan. Muomaladan chiqarildi… Utilizatsiya qilindi… Jamoatchilik tashvishda… Ishlab chiqaruvchi firma zararni qoplashga… Maxsus komissiya qarori…”

Andrey Petrovich o‘rnidan turdi. Oshxonaga kirib bufetni ochdi. Pastki tokchada Maksim olib kelgan konyakning qopqog‘ini ochdi. Stakan topolmay, shishasi bilan ko‘tarib ichdi. Shishani qo‘lidan tushib, devorga suyanib o‘tirib qoldi.

Hammasi bekor ketdi, degan xulosaga keldi. Hammasi befoyda. Shuncha vaqt robotni — jonsiz, sovuq temirni o‘qitgan bo‘lib chiqdi. Bor mehrini temirga beribdi. Hayotda nimaga ishongan bo‘lsa, nimani hayotining ma’nosi deb bilgan bo‘lsa, borini temirga bergan, temirga o‘rgatgan ekan.

Andrey Petrovich yuragidagi og‘riqdan inqillaganicha o‘rnidan turdi. Deraza oynasini jipslab yopdi. Endi gaz plitani yoqadi. Yarim soat va hammasi tugaydi.

Eshik qo‘ng‘irog‘i uni yarim yo‘lda ortga qaytishga majbur qildi. Ostonada ikkita yosh bola turar edi. O‘n yoshli bola va undan taxminan bir yosh kichik, ko‘zlarini sochlari to‘sib turgan qizaloq.

– Siz adabiyotdan dars berasizmi? – so‘radi qizcha.

– Nima? Sizlar o‘zi kimsizlar? – dedi bezovtalangancha Andrey Petrovich.
– Men Pavlikman… – Bola shunday deya oldinga bir qadam tashladi. – Bu esa Anechka. Mening singlim. Bizni Maks yubordi.

– Kim… Kim yubordi?
– Maks, – takrorladi bola. – U… uni… haligi qilishlaridan oldin sizga bir gap aytib qo‘yishimizni tayinladi.

Shu payt qizchaning jarangdor ovozi yangradi:– Qor yog‘ardi ro‘yi zaminda, Qor yog‘ar edi.

Andrey Petrovich yuragini changalladi.

– Hazillashmayapsanmi? – bazo‘r eshitilar dedi u.

– Sham yonardi stolimda, sham yonar edi, – dedi bola baland ovozda. – Maks shuni yetkazishimizni tayinladi. Bizni o‘qitasizmi?

Andrey Petrovich eshikka suyanib o‘rnidan turib, ichkariga kirdi.

– E, Xudo – dedi u. – Kiringlar, bolalar. Kiringlar.

Shermuhammad Abdug’afurov tarjimasi

Boris Pasternak
QISH KECHASI
Xurshid Davron tarjimasi
011

Men uzoq yillar Boris Pasternakning ayrim she’rlarini o’zbek tiliga tarjima qilishga uringanman. Necha marotiba kuchim yetmayotganini sezib, nafas bag’ishlaydigan lahza va ilhomning vaqti-soatini kutganman. Ayniqsa shoirning «Qish kechasi» she’ri tarjimasini yuzlab karra qoralaganman desam, ishonavering. Faqat shu yil qish kechalarining birida ish stolim ustida sham yoqib, oq qog’ozga egilishim bilan kerakli ohang quyilib keldi. 

05

002Qor yog’ardi ro’yi zaminda,
Qor yog’ar edi.
Sham yonardi stolimda,
Sham yonar edi.

Yozda chivin yoprilgandek
Shamchiroq sari,
Derazamga yog’ilardi
Qor zarralari.

Qorbo’rondan oynaga zar
Naqsh inar edi,
Stolimda sham yonardi,
Sham yonar edi.

Yoritardi shiftda yog’du
Soyalar aksin,
Chirmashgan qo’l-oyoqlaru
Taqdirning raqsin.

Bir juft bashmoq pol ustiga
Dukurlab tushar,
Ko’ylak uzra tomar shamdan
Oqqan ko’z yoshlar.

Borliq singib oq zulmatga,
Bo’zga do’nardi,
Stolimda sham yonardi,
Sham yonar edi.

Goh nogahon esgan yeldan
Sham quvvat tuyar,
Xuddi xochday, farishtaday
Qanotin yoyar.

Butun fevral qor inardi,
Qor inar edi.
Stolimda sham yonardi,
Sham yonar edi.

09

(Tashriflar: umumiy 7 141, bugungi 2)

Izoh qoldiring