Migel Anxel Asturias. Sen’or Prezident. Roman.Ikkinchi qism.

011
Баъзи дўстлари генерал билан валақлашиш учун альбом ичидан қочиб чиқади. Камила парда орқасидан мўралайди. Суратлардаги отаси ёш, келишган, мағрур, чиройли катак шим кийган. Камзулининг ҳамма тугмалари қадалган, бошига қовоқ идишга ўхшаган ғалати шляпа кийган. Ана шу йилларда бу катта шляпани “Жин урсин!” деб аташарди.
Чанг ҳиди уриб қолган барқут пардалар орасида, ним қоронғилик ичида турган Камиланинг яшил кўзлари тиниқ якшанба оқшомини кузатади. Ўткир қорачиқлари кўчадаги барча ҳаракатларни диққат билан хушёр назардан ўтказади.

04

066Мигель Анхель Астуриас 1899 йилнинг 19 октябрида Гватемалада туғилган. 1923 йили Сан-Карлос университетининг ҳуқуқ бўлимини тугатгач, сиёсий иқтисод бўйича таълим олиш мақсадида Англияга йўл олади. Аммо, бир неча ойдан кейин Парижга боради. Сарбоннада майя ҳиндулари тарихи бўйича ўтадиган лекцияларда қатнашади,кейинчалик Лотин Америкасининг таниқли газеталари мухбири сифатида Европани кезиб чиқади, Юнонистон, Миср ва бошқа араб мамлакатларига саёҳат қилади.
Мигель Анхель Астуриас Парижда илк ижодий иши «Гватемала афсоналари» асарини ёзади ва у 1930 йили нашр этилади. 1933 йили ватанига файтган ёш адиб уни машҳур қилган «Сеньор (Жаноб) Президент» романини ёзади. Аммо, ватанидаги диктатор Хорхе Убиконинг зўравон тузуми ҳақида ёзилган асар фақатгина 1946 йили, диктаторлик тузуми ағдарилиб,Астуриас Гватемаланинг Мексикадаги элчихонасида ишлай бошлагандагина чоп этилади.
Мигель Анхель Астуриас ҳокимиятга келган Хуан Хосе Аревало ҳукуматида вазир ва Гватемаланинг Франциядаги элчиси бўлиб фаолият юритади.
1949 йили адибнинг «Жўхори йиғувчилар» романи эълон қилинади. Кетма-кет унинг энг машҳур асарлари: «Қасирға», «Яшил Папа»,»Кўзлари очиқ кетганлар», «Бир мулат хотин», «Қайғули жума» романлари ва «Лида Сал кўзгуси» деб номланган афсоналардан иборат китоби нашр этилади.
Адиб 1966 йили Совет Иттифоқи таъсис этган Тинчлик мукофоти, 1967 йили эса адабиёт соҳасидаги халқаро Нобель мукофоти билан тақдирланади.
Мигель Анхель Астуриас 1974 йилнинг 9 июнида Мадридда вафот этади (Адиб таржимаи ҳоли «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайти томонидан тайёрланган).

04

МИГЕЛ АНХЕЛ АСТУРИАС
СЕНЬОР ПРЕЗИДЕНТ
Ортиқбой Абдуллаев таржимаси

04

РОМАННИНГ ИККИНЧИ ҚИСМИ


24, 25, 26 ва 27 АПРЕЛЬ

XII
КАМИЛА

У соат ойна олдида соатлаб ўтирарди. “Ҳой, бадбашара маймун! Шайтонга йўлиққур!”  − вайсарди энага.  “Ўзим шайтонман-ку”, ¬− жавоб берарди у. Сочлари қора аланга тилларига ўхшаб хурпайган, какао ёғи суртилган қорамтир териси ялтирайди, қийғоч яшил кўзлари катта-катта. Каналеснинг ҳиндуваш қизи (дугоналари шундай аташади) тугмалари ёқасигача қадалган кўйлак кийганига қарамай балоғатга етгани сезилиб қолган, чиройи гул-гул очилиб, тобора латифлашиб, нозу карашмаси ўзига ярашиб бормоқда эди.
− Ўн бешга тўлдим, − ойнага қараб гапирарди у. − Ҳалиям ёш болага ўхшайман; холалариму амакиваччаларим искабтопарга ўхшаб атрофимда ўралашгани-ўралашган.
У сочларини тортқилади, ўзича қичқирди, афтини бужмайтирди. Энди тоқат қилолмай, қачонгача тўдалашиб юришади. Ибодат пайтида ҳам, Қоятошга борганда ҳам, от миниб сайрга чиққанда ҳам, Мажнунтол оролида ҳам ҳоли-жонига қўйишмайди.
Амакилари мўйловли маҳлуқнинг ўзи; йўғон бармоқларига қатор-қатор узуклар тақиб олишган. Амакиваччалари исқирт лапашанглар. Холалари − даҳшатли алвастилар. Уларни шундай қиёфада кўрган; умуман, амакиваччалари қизалоқни сийлашгандек конфет узатишганда жирканиб кетади; амакилари тамаки ҳиди бурқиб турган бош ва кўрсаткич бармоқлари билан энгагини кўтариб, юзини ўнгга-чапга буришади (беихтиёр бўйни таранглашади); холалари ўргимчак тўрига ўхшаган уртукларидан сўлакларини оқизиб чўлпиллатиб ўпишади.
Якшанба оқшомларида у мудраб ўтиради ё бўлмаса меҳмонхонага кириб оилавий альбомдаги жонига теккан суратларни кўришга тутинади; суратлардаги қиёфалар унга қизғиш гулдор гиламлар, қора дарахтдан ясалган столлар, дўнгтепалар, мармар зиналар устидан қараб туришади; отаси деразадан мушукдек кимсасиз кўчани томоша қилади; баъзан танишлари билан гаплашиб қолади. Улар эҳтиром билан шляпаларини қўлга олишади. Генерал ҳам шундай қилади! Генерал гулдурак овозда жавоб беради: “Хайрли тун!..”, “Эртагача…”, “Кўрганимдан хурсандман…”, “Соғ бўлинглар”.
Фотосуратлар. Онасининг ёшлик пайти. Юзи ва бармоқларигина кўринади: табиат ато этган барча неъматлари яширин − кўйлаги тўпиғигача тушади, узун қўлқопи тирсагигача чўзилиб келган, лента ва момиқ парлар тақилган шляпа, буклама соябон. Сочларини баланд турмаклаб, тиллавош таққан семиз холалари ошхонадаги йўғон қутиларга ўхшайди. Онасининг дугоналари − баъзилари нақшли шол рўмол ўраган, қўлида елпиғич; бошқалари ҳинди аёллари кийимида − оёғида шиппак, узун кўйлакда, елкасида кўза, учинчиси ясама хол қўйиб, қимматбаҳо зеб-зийнатга бурканган. Фотосуратлар Камилани аллалаб, уйқусини келтиради, ёд бўлиб кетган ёзувлар ғира-шира лип-лип этиб ўтади: “Бу сурат соядек бир умр ҳамроҳинг бўлсин”, “Сенга чексиз муҳаббатим рамзи сифатида”, “Сўзларим унутилади, аммо хотира яшайди”. Рангдор тасмачалар билан ёпиштирилган қуриган бинафшалар остидаги ёзувларни аранг ўқийди: “1898” йилни унутма”, “… жондан севганим”, “Қабргача”, “Сенинг номаълум…”
Отаси кимсасиз кўчада кетаётган таниши билан гулдурак овозда гаплашиб қолади. Унинг сўзлари ёзувларга жавобдек жаранглайди: “Бу сурат сояга ўхшаб бир умр ҳамроҳинг бўлсин”. − “Жуда хурсандман, жуда хурсандман”, “Сенга чексиз муҳаббатим рамзи сифатида”. − “Раҳмат, саломат бўлинг”, − “Сўзларим унутилиб кетади, аммо хотира яшайди”. − “Ташаккур, уйдагиларни сўраб қўйинг!”
Баъзи дўстлари генерал билан валақлашиш учун альбом ичидан қочиб чиқади. Камила парда орқасидан мўралайди. Суратлардаги отаси ёш, келишган, мағрур, чиройли катак шим кийган. Камзулининг ҳамма тугмалари қадалган, бошига қовоқ идишга ўхшаган ғалати шляпа кийган. Ана шу йилларда бу катта шляпани “Жин урсин!” деб аташарди.
Камила жилмайиб, ўзича ғўнғиллаб қўйди: “Суратлар ичида қолсангиз ҳам майли эди. Камзулингиз урфдан чиққан, буни зарари йўқ, аммо қоматингиз тик, қорин қўймагансиз, сочларингиз тўкилмаган, юзларингиз силлиқ, худди конфет шимаётгандек турибсиз”.
Чанг ҳиди уриб қолган барқут пардалар орасида, ним қоронғилик ичида турган Камиланинг яшил кўзлари тиниқ якшанба оқшомини кузатади. Ўткир қорачиқлари кўчадаги барча ҳаракатларни диққат билан хушёр назардан ўтказади.
Болохонада турган отаси атлас ёстиқчага тирсакларини тираб (кўйлагининг енглари кўзни қамаштириб ялтирайди), болохона қандайдир яқин таниши билан берилиб гаплашади. Қўлида тутқичи тилла рангли ҳасса ушлаган, бурни қармоқдек эгри мўйловли, баджаҳл жаноб кўчадан ўтиб борарди.
Генерал уни чақирди: “Кўришмаганимизга қанча вақт бўлди-я!” камила уни альбомда кўрган эди. Дабдурустдан таний олмади. Анча тикилиб қолди. Илгарилари бу бахтиқаронинг бурни ҳам бинойидек эди, думалоқ юзидан нур ёғиларди. Ҳа, шафқатсиз вақтга тараф йўқ! Энди ажин босган юзлари шалвираган, кўзлари ичига ботиб, ияги осилиб қолибди. Овози паст, секин гапиради, худди тиллани ҳидлаб кўраётгандек дам-бадам тутқични юзига тегизиб қўяди.
Йиллар учиб боради. Камила ҳам учаяпти. Ҳамма нарса қаергадир учиб кетаяпти. Ҳамма нарса қаергадир учиб кетмоқда. Денгизни биринчи марта кўрганда ҳайрат сўзлари лабидан учиб чиққан эди. Аммо холасининг “Қанақа экан? Қанақа?” − деган саволига: “Уни олдин кўрган эдим. Суратларда!” − деб ўта бефарқ жавоб берганди.
Шамол қўлидаги пушти рангли соябони кенг шляпасини учириб кетган эди. У гардишга ўхшарди. Жуда улкан, думалоқ қушни эслатарди.
Амакиваччаларининг оғзи очилиб, кўзлари бақрайиб қолганди. Қирғоққа урилаётган тўлқин овози холаларининг ҳайратли хитобларини ютиб юборганди: “Оҳ, нақадар гўзал!.. Кенгликни қаранглар!.. Қанча қудрат!.. Қаранглар, қуёш ботаяпти!.. Поездда бирон нарсамиз қолиб кетмадими? Чемодан кам кўриняпти! Қайтадан санаш керак!”
Ғижимланган кўйлак кийиб (курортчиларнинг доимий либоси), жомадонлар, бананлар шодаси (холалари бекатдан жуда арзон нархда олишди!), тугун ва саватларни кўтарган амакилари ғоздек тизилишиб меҳмонхонага қараб юришди.
Мен нима демоқчи бўлганингни ўйлаяпман, − одамшаванда амкиваччаси бехосдан гапириб қолди (Камиланинг буғдойранг юзига қизил югурди). Аммо мен сўзларингни сал бошқачароқ тушундим. Менимча, мана бундай: денгиз юрадиган суратга ўхшайди, фақат у жуда катта.
Камила юрадиган суратлар ҳақида эшитганди, уларни юз дарвоза ёнидаги Муқаддас Арк бурчагида кўрсатишарди, аммо гап нимадалигини англаб етмаганди. Ҳозир ҳаммаси жуда осон ¬¬¬¬¬¬− кўзингни қисиб денгизга қарасанг бўлди. Ҳаммаси ҳаракатда. Лаҳзалик кўринишлар − манзаралар ўзгаради, айланади, парчаланади, қайта бирлашади, улар суюқ ҳам, қаттиқ ҳам, газ ҳолатида ҳам эмас, тўртинчи − денгиз ҳолатида. Булар денгизга айланган, кинематография қиёфасига кирган нурафшон манзаралар.
Оёғининг учига туфлисини илиб олган Камила боқиб тўймайди. Бепоён денгизни сиғдириш учун дастлаб кўзларини бўшатди, энди қароқлари тўлиб-тошди. Тўлқинлар кўзларига шовуллаб кириб келди.
Амакиваччаси билан тўлқинлар қаршисига югуриб боришди − қумда юриш қийин эди. Тинч океани назокатни билмас экан, у оппоқ, бежирим қўлқопини улоқтириб юборди, йилтироқ сув оёқларига ўралди. У зўрға қочиб қолди. Океан ўлжани олиб кетди, жажжи нуқтага айланган пушти тўлқинлар устида чайқала бошлади. Камила аччиқланиб қичқирди, у аразлаб, отасига шикоят қилишга чоғланган қизча ҳолатига тушди. Ботаётган қуёш нурлари осмонни майин тўқ сариқ рангга бўяб денгиз сувини қорамтир-кўкиш тусга киритди.
Нега у қуёшда қорайиб, шўр денгиз таъмини ўзига сингдириб олган қўлларини ўпишни ёқтириб қолди? Нега ейиш тақиқланган меваларни ўпади, лабларига яқин келтириб ҳидлайди? “Ёш қизчалар нордон нарсаларни ейиши мумкин эмас, ақл ўргатишади холалари, ялангоёқ юриш, сакраш, чопиш қиз болага ярашмайди”. Камила ҳар доим отаси ва энагасини ўпар, аммо сира ҳидлаб кўрмаган эди. Аслида ҳидламаса, ўпишдан маъно йўқ экан. Шўр босган, қумдек қорайган терисини, ананаслар, беҳиларни ўпар экан, уларни ҳидлаб таъмини билиш, лаззатланиш, роҳатланиш нашидасини сурар эди. Шунга қарамай, юрадиган суратларни кўрган ва аргентина тангосини ҳуштакда чалиб берадиган амакиваччаси ҳайрлашаётиб ўпган пайтда уни ҳидлашни ҳам, тишлашни ҳам билмай, довдираб қолди.
Шаҳарга қайтишгандан кейин Камила энагасига кинематографга олиб боринг деб тиқилинч қила бошлади. У Муқаддас Арк бурчагида, Юз дарвоза ёниад эди. Отасидан яширинча, чўқиниб, дуо ўқиб, хавотир ола-ола зўрға боришди. Катта зал тўла одамни кўриб, қайтиб кетмоқчи ҳам бўлишди. Қуёш нурида товланиб турган оқ чойшаб яқинидан жой олишди. Аппаратларни мензани, электрни текширишди, улар кўча фонарларининг тилига ўхшаб титраб турарди.
Ногоҳ чироқ ўчди. Камилага бекинмачоқ ўйнашаётгандек туюлди. Масхарабозларни эслатадиган ғалати одамлар кўринди. Қандайдир соялар гаплашишади, нималарнидир чайналади, сакраб-сакраб юришади, имо-ишоралар қилишади. Кимдир ип ўтказиб, уларпни тортиб турганга ўхшайди. Камила бекинмачоқ ўйнларини эслаб хурсанд бўлганидан юрувчи суратларни бутунлай унутди. Бир бола билан том тагидаги хонага яширинишган эди. Қоронғи бурчакда − Исонинг ярим шаффоф целлулоид тасвири олдида кичкина чироқ липиллаб ёнарди. Улар каравот тагига киришди. Полга ётишга тўғри келди. Эски каравот тинмай ғижирларди. “Орқа ҳовлида “Кетяпмиз! Кетяпмиз!” − қичқиришарди. “Кетяпмиз! Кетяпмиз!” − қичқиришарди боғчадан. Қадам товушлари яқинлашиб қолди. Камиланинг кулгиси қистарди. Бола унга ўқрайди: “Кулиб юборма! Кўрасан!” У зўр-базўр ўзини тийди, аммо эшик очилиб, ичкарига кўланса ҳид кирганда барибир пишқириб юборди. Шунда бола бошига бир урган эди.
Ҳозир ҳам, худди аввалгидек, қоқилиб, туртиниб кўчага талпинди, стулларни суриб, ўзини ташқарига урган одамлар эшик олдида тўдаланиб қолган эди. Савдо қаторларига етиб келгандагина нафас ростладилар. Одамлар гуноҳга ботишдан қўрқиб қоаётганини Камила шунда фахмлади. Бояги оқ чойшабда енгил-елпи кийинган аёл мўйловдор эркак билан аргентина тангосига рақс тушаётгани кўрсатилмоқда эди.
Энагани тинчлантирган тўқмоқни ҳамон ушлаб турган Васкес имо қилди − Кара де Анхел генералнинг қизини ташқарига олиб чиқди. Улар “Тусьеп”га етиб келган пайтда полициячилар тарқала бошлаган эди. Мўмай ўлжа қўлга тушганди. Кимдир улкан денгиз тошбақаси тулуми, кимдир осма соат, кимдир тошойна, кимдир чормих, кимдир стол, товуқ, ўрдак ёки каптар − худо берган нарсанит кўтариб олган. Эркаклар костюми, аёллар туфлиси, улкан вазалар, авлиёлар тасвири, тоғоралар, темир ўчоқ, чироқлар, биллур қандиллар, шамдонлар, дори қутилари, портретлар, китоблар, соябонлар, гултуваклар…
Трактир бекаси тумбани тахт қилиб эшик олдида пойлаб турарди.
Камила икки қадам нарида генерал уни (э, худо, кеча у нақадар бахтиёр эди!) авайлаб-асраган, меҳрибон энагаси (тани-жонини худонинг ўзи асрасин) ҳар доим ғамхўрлик қилган, анвойи гуллар қулф уриб очилган (ҳозир улар пайхон қилинди), мушук ва канарейка қафаслари (улар энди йўқ − синдирилди) турадиган уйидан икки қадам нарида мана шундай бадбўй, чириган чўчқахона борлигини тасаввур ҳам қила олмас эди.
Кара де Анхел кўзини боғлаб қўйган шарфни туширди, Камила уйидан жуда узоққа кетамиз, деб ўйлаган эди. Юзларини бот-бот силади, ҳайрат ичида хонага кўз югуртириб чиқди ва ҳамма нарсани эслади. Қўли тўхтаб қолди, бағри эзилиб ингради. Йўқ, у туши эмас.
− Сеньорита, − унинг оғирлашиб қолган, карахт вужуди кеча уларни фалокатдан огоҳлантирган киши гапираётганини аниқ сезди. − Сеньорита, ҳар ҳолда сиз бу ерда хавф-хатардан узоқдасиз. Тинчланишингиз учун нима қилишимизни хоҳлайсиз?
− Ҳозирча, сув… кўмир! − шоша-пиша хитоб қилди бека ва кўмир қизариб турган катта тоғорага ишора қилди.
Пайтдан фойдаланган Лусио Васкес чаққонлик билан ичкилик солинган графинни кўтариб, ютоқиб ярмисини ичди.
Бека тишлари орасидан “Муҳаббат − оловга ўхшар!.. Олов − муҳаббатга ўхшар…” деб, кўмирни елпий бошлади. Орқасидаги қизил доғ-дуғлар тўлиб кетган деворда Васкеснинг сояси тебранар эди. У ички хонага кирди.
− Шу ерда унга айтган эди… − хотинчалиш овозда чийиллади Васкес. − Юз саволга бир жавоб… мингтасига ҳам… Ким арақни кўп нўш этар, бир кун шундан ўлар-кетар…
Бека косага ёниб турган кўмир бўлакчасини ташлади. Сув бир зумда пуштиранг тусга кирди. Кўмир сўниб, уруғига ўхшаб сув юзида суза бошлади. Бека уни қичқич билан олиб ташлади.
“Муҳаббат − оловга ўхшар, олов − муҳаббатга ўхшар”, − таъкидлади у. Камила ичди ва овози тикланаётганини сезди.
− Дадам қаерда?
− Тинчланинг! Кўмир сувидан ичинг… Генерал соғ-саломат, − жавоб берди Кара де Анхел.
− Аниқ биласизми?
− Шундай ҳисоблайман…
− Бизнинг қисматимиз…
− Тис-с-с! Бу ҳақда гапириб бўлмайди!
Камила яна унга қаради. Юзнинг ўзи сўздан кўра кўп маъно англатади. Аммо қарашлари арзанданинг ҳеч анрсани уқиб бўлмайдиган қора кўзларига сингиб кетди.
− Ўтирсангиз яхши бўларди, сеньортиа! − аралашди бека. У мана шу сеньор биринчи марта кирган пайтда Васкес ўтирган скамейкани судраб келди…
Кундузи − шундан бери қанча йил ёки қанча соат ўтди? Арзанда гоҳ генералнинг қизига, гоҳ мадонна тасвири олдида турган шамга тикилиб қолди. Аланга тебранади… Кўз олди қорайиб кетди. Боши қотиб қолди. Уни ақл билан ҳам, куч билан ҳам эгиб олиш мумкин. Синчиклаб зеҳн солди: оқарган юзларидан кўз ёшлари оқиб тушмоқда, сочлари тўзғиган, озғин, фариштадек нозик, оталарча меҳрибонлик билан қўлидан косани олар экан ичида “Бечора!” деб қўйди…
Бека йўталиб қўйди: энди уларни ёлғиз қолдириш мумкин, аммо шу заҳотиёқ ётоқхонасида маст-аласт чўзилиб ётган Васкесга кўзи тушиб жиғи-бийрони чиқиб кетди. Уй ичи бадбўй ҳидга тўлган эди. Камиланинг ноласи беканинг қарғиши ва бўғиқ йўталига қоришиб кетди.
− Ҳой, сен қирчанғи ҳайвон! − жаҳли чиққан бека энагаларга ўхшаб қарғишга тушди. − Ҳой, сен тасқара! Соғлиғингдан бутунлай ажраласан-ку! Рост айтишади, орқангдан пойлаб юриш керак!.. Мана сени севгинг! Яхши!.. Жуда яхши!.. Остона хатладим дегунча ярим графинни бўшатибди-я. Башарангга туфураман… ҳеч ким текингаям олмайди… Қани, қорангни ўчириб қол-чи!..
Маст инграйди, боши билан полга гурсиллаб қулайди, бека оёғидан судрайди. Шамол эшикни тарақлатиб ёпади. Товушлар тиниб қолади.
− Ҳаммаси ўтиб кетди, ҳаммаси орқада қолди… − тасалли беради Кара де Анхел хўнграётган Камилага. Дадангиз хавфсиз жойда, бу ерда ҳеч ким сизга тегмайди. Сизни хафа қилдириб қўймайман. Ҳаммаси яхши бўлади, фақат йиғламанг. Ўзингизни азобга қўйманг. Бўлди, йиғламанг. Қани, менга қаранг-чи, ҳозир ҳаммасини айтиб бераман… − Кара де Анхел қизнинг бошини силади.
Камила бора-бора тинчланди. У қизнинг рўмолини олиб кўз ёшларини артиб қўйди. Тонгнинг қизғиш-пушти ранглари эшик атрофларига ёйилиб, хонани ёритди. Тирик мавжудотлар бир-бирига суяниб, суйкалишади. Япроқлар орасидан қушларнинг тонгги хониши таралади. Қудуқлар ғижирлаб эснайди. Тонгги ҳаво туннинг қора сочларини, оқ-сариқ ясама соч кийдирилган марҳумларнинг қора сочларини тортқилаб тўғрилайди.
− Фақат тинчланинг, акс ҳолда ҳаммамиз нобуд бўламиз. Ўзингизни ҳам, отангизни ҳам, мени ҳам ҳалок қиласиз. Мен тезда қайтиб келаман ва сизни амакингизникига элтиб қўяман. Энг муҳими − вақтдан ютиш. Сабр қилиш керак. Бунақа ишлар бирданига битмайди.
− Мени ташвишимни тортманг! Энди қўрқмайман, сизга раҳмат. Ҳаммасига тушундим, шу ерда кутиб ўтираман. Фақат отамдан хавотирдаман. Соғ-саломатлигини билсам бўлди.
− Мен билиб келаман.
− Ҳозирми?
− Ҳа, ҳозир.
Кара де Анхел унинг юзларини меҳр билан силади.
Генерал Каналеснинг қизи ёш тўла кўзларини кўтарди.
− Марҳамат, боринг, билиб келинг.

XIII
ҚАМОҚҚА ОЛИШ

Тонг шуълалари таралмай туриб Хенаро Родаснинг хотини уйдан қочиб чиқди. Эри тўшакда ётганича (латта қўғирчоққа ўхшаб ечинмасдан ўринга ағанаган эди!) қолаверди, ўғлини саватчага жойлади. Эрталабки соат олти.
Федина генерал эшигини тақиллатган пайтда Мерсед ибодатхонасидаги соат занг чалди. Худо хоҳласа, эрта келганига хафа бўлмасалар керак, қўлидаги болғачани маҳкам ушлаб ўйлар эди у. Уларга нима бўлди? Чиқадими, йўқми? Лусио Васкес анави тентакка, эрига айтган гапларни тезроқ генералга етказиш керак.
Тақиллатишни тўхтатиб, қачон чиқишини кутиб турар экан, нималарни гапириш ҳақида тинимсиз ўйлар эди, гўё у Муқаддас Арк тагида бир телбани ўлдирган эмиш… уни қамоққа олиш учун тонг сахарда келишар эмиш… энг ёмони − сеньоритани ўғирлаб кетишар эмиш…
“Буниси ҳаммасидан ёмон! Буниси ҳаммасидан ёмон!” − такрорлар ва тақиллатар, тақиллатар эди.
Юраги шувиллаб кетди. Наҳотки қамашган бўлса? Майли, у чинакам эркак. Сеньорита бошқа гап… Худоё ўзинг сақла! Қандай шармандалик! Бу беномуслар қўлига тушгандан кўра шу ерда ўлганим яхши… Тўдалашиб келади, ифлослар! Уларга шундай топшириқ берилган.
Яна тақиллатди. Уй, кўча, ҳаво − барабаннинг ўзи. Э, худо, очишмаяпти! Вақтни ўтказиш учун трактир лавҳасини ўқишга тутинди. “Ту-с-теп”, “Яхшиям, кўп ёзишмаяпти!..” Э, йўқ, ана, ён томонига суратлар солинган!..
Бир томонда эркак, бир томонда аёл… Аёл: “Рақсга тушамизми?” деб сўраб турибди. Эркакнинг қўлида шиша, елкасида “Ташаккур” деган ёзув.
Тақиллатавериб чарчади − ҳеч ким йўқ ёки атайлаб очишмаяпти − эшикни итариб кўрди. Қўли гўё чўзилиб кетгандек бўлди. Нима бало, эшик очиқ қолганми? Узун юбкасининг этагини кўтарди ва қандайдир фалокат шарпасини сезиб, йўлакдан ўтди. Даҳлизга кирди, ҳеч ким қаршисига чиқмади. Довдираб қолди, баданидан совуқ тер чиққандек бўлди. Юзига қон қуйилди, нафаси тўхтади, нигоҳи тўхтади, оёғи юрмай қолди. Ерда юмалаб ётган гултувакларни, тўзғиб кетган қуш патларини, йиртилган пардаларни, синган ойналарни, бузилган шкафларни, сочилган қоғозлар ва кўйлакларни, стуллар, гиламларни кўрди − ҳаммаси оёқ остида кераксиз ахлатга айланиб ер билан битта бўлиб ётарди…
Боши ёрилган хизматкор аёл Чабелона вайроналар орасидашрпаек кезиб, сеньориани излаб юрарди.
− Ха-ха-ха-ха! −ххоларди у. − Хи-хи-хи-х!Камила, қаердасан?

Нега ҳеч ким жавоб бермайди?.. Кетяпман, кетяпман! Кетяпман!

У ўзини Камила билан бекинмачоқ ўйнаётгандек ҳис қиларди. Уни бурчаклардан қидирар, равотлар, гуллар тагини пайпааб кўра, эшиклар орқасига ралар,ҳаммаёқни тўзғитиб, тит-питини чиқариб изарди.
− Ха-ха-ха!..Хи-хи-хи-хи!.. Хо-хо-хо-хо! Кетяпман! Кетяпман! Чиқақол! Камила! Сени излаб тополмаяпман! Қани, бўл энди, Камилажон, излайвериб тинка-мадорим қолмади. Ха-ха-ха-ха! Чиқақол!.. Мен кетяпман! Хи-хи-хи-хи!.. Хо-хо-хо-хо!..
У излайвериб фаввора ёнига етиб келди ва осуда сувда ўз аксини кўриб, яраланган маймундек чинқириб юборди, ҳам кулги, ҳам қўрқувдан лаблари қалтиради, кафтлари билан юзларини беркитиб, икки букилиб қолди. Шивирлаб, ким билсин, ўзиданми узр сўради, сўнг бирданига қаримсиқ қўрқинчли, хўрлангна кимсага айланди. Яна чинқирди. Сочилган соч толалари ва бармоқлар панжаси орасидан тикилиб, том тепасига сакраб чиққан ш ўзига қараб келаётганини, сояси эса ичкарига қочиб кетаётганини кўрди. Ғазаби қўзиди, қаддини кўтариб ўз сояси ва аксига човут солди, қўллари билан сувни урди, ерни дўпиллатиб тепди. Супуриб ташламоқчи бўлди. Соя илондек буралди. Калтаклаётган ҳайвонга ўхшаб титраб-қақшади. Аммо қанча депсимасин у ўзгарай демасди. Саваланаётган сувдаги акси ҳазин парчаланар; тўлқинлар тинчланиши билан яна тебраниб асл ҳолатига қайтарди. У ғазаб ичида итдек ув тортар экан, тош қадамалари устидаги чангини тозалаб олмаслигига ақли етди, худди шунга ўзшаб сувда балиқдек ялтираб сузаётган бошқа чанг заррасини ҳам қўллари билан ушлай олмаслиги, мушти билан ура олмаслигини ҳис қилди.
Товонлари қонга ботди, қўлида қувват қолмади, аммо соя таслим бўлай демасди.
Ниҳоят, сабр-бардоши тугади, шайтоний ғазаб билан фавворага ташланди.
Иккита атиргул сувга йиқилди…
Атиргулнинг ўткир тикани кўзларини савалади…
У илондек буралиб, соясига қўшилиб сакраб апельсин дарахтининг тагига қулади, атиргул тикани санчилган бармоқларидан қон сизиб оқди.
Кўчада ҳарбий оркестр пайдо бўлди. Ҳарбий деганича бор! қудратни, шон-шавкатни кзринг! Улар ғалаба Арки остонасидан ўтдилар! Аммо ҳарбий созандалар қанчалик урингани, карнайчи қанчалик кучанганига қарамай шаҳарликлар уйқудан эринибгина уйғондилар. Бекорчиликдан зериккан аскарларга ўхшаб сакраб туриш қаёқда дейсиз! Байрам бўлса байрам-да!
Улар итоаткорлик билан чўқиниб, Республика Президентига нисбатан турли ёмон хаёлларга боришдан, унга қарши номуносиб ҳатти-ҳаракатлар қилишдан сақлашни худодан сўраб илтижо қила бошладилар.
Оркестр садосини эшитган Чабелона ўзига келгандек бўлди. Қоронғи. Ана, сеньорита Камила оёқ учида юриб келиб кафтлари билан кўзларини беркитди.
− Қўйвор, Камила, сен эканингни билиб турибман… − норози оҳангда минғиллади у ва қовоқларини босиб оғритаётган сеньоританинг бармоқларини суриб юборишга ҳаракат қилди.
Шамол кўчада жўхори пояларини шитирлатиб учиради. Мусиқа ва кўзини тўсган қора боғич (худди кўз боғлаш ўйини ўйнашаётгандек) кўҳна қишлоғидаги ўқувчилик йилларини эслатди, йиллар оша бир сакраб,ёши улғайиб, манго дарахти тагида ўтиргандек бўлди, яна бир сакрагандан кейин текис йўлда буқалар тортиб бораётоан аравада ёқимли ҳидлар таратаётган омборлар ёнидан ўтиб бораётганини кўрди. Ғилдираклар ғийқиллаган овози унинг қизлигини олган индамас аравакаш йигит нигоҳига сингиб кетаётгандек туюлди. Итоаткор буқалар кавшаниб, никоҳ чимилдиғини тортиб борадилар. Кенг текислик устида осмон маст одамдек чайқалади… ногоҳ хотиралар ҳар томонга сочилиб кетди, қандайдир одамлар ҳовлига селдек бостириб кирдилар… Ҳайвоний қичқириқлар, ёввойи шовқин-сурон, ҳақорат, роялнинг қаҳқаҳа, тиши суғириб олинаётган одамга ўхшаб қичқириши, тумандек ғойиб бўлиб кетган сеньорита, пешонасига урилган зарба, кимнингдир бўкириши, ҳаммаёқни босиб олган улкан соя.
Родаснинг хотини Федина уни ичкаридан қидириб топди − боши қонга беланган, сочлари тўзғиган, кўйлаги тилка-пора, пашшаларга ем бўлиб ётар; назарида юзларини кўзга кўринмас бармоқлар аёвсиз юлаётгандек эди. Фединани кўриб, беихтиёр бошқа хонага қочмоқчи бўлди.
− Оҳ, бечора, бахтиқора! − пичирлади Федина.
Бир дераза остида, полда генерал укаси Хуанга ёзган хат ётарди. Камилани унга топширмоқчи бўлган эди… Федина охиригача ўқий олмади − Чабелона даҳшат ичида қичқирар − унга қўшилиб ойналар, синган буюмлар, титиғи чиққан оромкурсилар, пачақланган қутилар, йиртилган суратлар қичқирмоқда эди, − бундан ташқари, вақт борида бу ердан кетиши керак эди. У тўрт букланган дастрўмолини ғижимлаб терларини, асабий титраётган арзон узуклар тақилган бармоқларини артди, хатни қўйнига тиқиб, эшикка қараб шошилди.
Кечикди. Қандайдир зобит қўполлик билан уни ушлади. Уни аскарлар қуршаб олганди. Ичкарида пашшалар талаётган хизматкор фарёд соларди.
Трактир бекаси ва Камиланинг илтимосига кўра “Тустеп” остонасида туриб нималар бўлаётганини кузатиб турган − Лусио Васкес қўрққанидан карахт бўлиб қолди. Бугун генерал қамалгани ҳақида валақлаб юрган ошнаси Родаснинг хотинини қўлга олишган эди.
− Ана уни қаранглар! − Фединани ушлашаётганида остона олдига келиб қолган бека қичқириб юборди.
Трактир олдига бир аскар келди. “Генералнинг қизини излашяпти!” − ўйлади музлаб кетган бека. Шундай деб тусмол қилди, қўрқувдан сочлари тиккайиб кетган Васкес ҳам. Аскар эшикни ёпинглар деб буюрди. Эшикни тамбалаб, тирқишларидан мўралай бошладилар.
Қоронғиликда дадиллашиб қолган Васкес ўзини қўрққанга солиб, бекага ёпишмоқчи бўлди. Аммо у одатдагидек бўй бермади. Ҳатто мушт тушираёзди.
− Вой, тегманозик-ей!
− Қани, қани! Яна нима хоҳлайсан! Суйкалишини қара! Кўрдингми, бугун эрталаб сенга айтган эдим-ку, бу бефаросат генерални қизи ҳақида телефонда гапириб…
− Секин гапир! Эшитиб қолишади! − гапини бўлди васкес. Улар тешикка эгилишиб, шивирлаша бошладилар.
− Майли, секин гапираман!.. Қисқаси, бу эси паст ҳамма ёққа қўнғироқ қилиб, генералнинг қизи чақалоғимни чўқинтиради деб жар солган эди… Хенарони олдига чоп, у кўрсатиб қўяди!
− Майли, − деди Васкес томоғида туриб қолган балғамини зўрға туфуриб ташлаб.
− Ҳамма ёқни ифлос қилдинг! Туф-э, ярамас! Қачонгача сенга ўргатаман!
− Жуда нозик деб ўйлаганмидинг!
− Тс-с-с!..
Шу дақиқада ҳарбий прокурор экипаждан тушди.
− Прокурор… − деди Васкес.
− У нима қилиб юрипти? − сўради Бўғма илон.
− Генерални қўлга олмоқчи..
− Олифталигини қаранг! Уҳ! Вой-бўй!.. Генералга келди дегин?
− Ҳамма нарсага қизиқаверсанг − тез қариб қоласан! Нега ясаниб олганини айтайми? Бу ердан тўғри Президент олдига боради.
− Мана одамларга бахт бериш!
− Генерални қамоққа олишмаса, кўзларим тешилсин!..
− У барибир қамалади.
− Оғзингни юм!
Прокурор каретадан чиқди. У шивирлаб буйруқ бергач, капитан бир гуруҳ аскарга бош бўлиб генералнинг уйига кириб кетди. Бир қўлида қилич, иккинчисида револьвер − рус-япон уруши тасвирланган суратларнинг айни ўзи!
Бир неча дақиқадан сўнг − ранги ўчиб кетган Васкесга бир соат ўтгандек туюлди − зобит уйдан чиқиб прокурор олдига келди. У оқариб кетган, қаттиқ ҳаяжон ичида эди.
− Қандай қилиб?… Нима?.. − ўшқирди прокурор.
Нафаси ичига тушиб, бўғилиб қолган зобитнинг тили калимага келмай қолди.
− Қандай қилиб?.. Қандай?… Қандай қилиб қочади? − ваҳшат солар эди прокурор. Чаккасидаги сўроқ белгисига ўхшаган икки қора томир ўйнаб чиқди. − Қандай?.. Қандай?.. Қандай қилиб… хонадон таланганми?..
У дарвозага қараб югурди, зобит орқасидан лўкиллади. Ҳамма ёққа кўз югуртириб чиқди-да, семиз қўли билан қилич дастасини маҳкам ушлаб кўчага чопиб чиқди. Ранги оқарганидан лаблари пашша қанотидек юпқа тортиб, мўйлабга ўхшаб қолди.
− Қандай қилиб қочиб қолди? Шуни аниқлашим керак, − бўуирди у. − Тез буйруқ беринг! Телефон нимага ўйлаб топилган? Давлат душманларини қўлга тушуриш учун! Эҳ, қари аблаҳ! Тутсам − дорга осаман! Уни ўрнида бўлишни хоҳламас эдим!
Прокурорнинг кўзи Фединага тушди. Офицер билан сержант уни прокурор олдига судраб олиб келишди.
− Ҳу, қ-қ-қанжиқ! − бўкирди у ва ундан кўзини узмасдан давом эттирди. − Қани гапирмай кўр-чи! Лейтенант, ўнта аскар олинг-да, буни тегишли жойга олиб боринг. Католикка!
Юракни эзадиган, мунгли заиф қичқироқ бўшлиқни тўлдирарди.
− У ёқда нима қилишяпти? Чормихга тортишяптими? − зорланди Васкес. Чабелонанинг ноласи юрак-бағрини ўртаб юборди.
− Ким? − масхаромуз сўради бека. − Эшитмаяпсанми, аёл киши-ку! Ҳамма сенга ўхшаган йиғлоқи деб ўйлайсанми?
− Қўйсанг-чи!..
Прокурор атрофдаги хонадонларни тинтишга буюрди. Бир тўда аскар кичик офицер бошчилигида ҳар томонга тарқалди. Улар ҳовлиларни, хоналарни, омборларни, шийпонлар, қудуқлари титишга тушдилар. Томларга тирмашиб чиқдилар, каравот тагларини, гиламларни, сандиқларни, шкафларни, чемоданларни титкиладилар, бочкаларни текширдилар. Ёпиқ эшикларни милтиқ қўндоқлари билан буздилар. Лайчалар ғингшиб, ранги деворга айланган хўжайинларининг орқасига пусиб олдилар. Ҳамма ёқни кўппакларнинг улиши тутди.
Васкес зўрға тилга кирди:
− Ҳозир бу ёққа киришади!
− Ана энди қўлга тушдик!.. Арзийдиган иш бўлсаям майли эди.
Бека Камила олдига югурди.
− Ундай бўлса, − деди Васкес , − юзини бекитиб, тез бу ердан чиқиб кетсин.
Жавобни кутиб ўтирмай эшик олдига тисарилди.
− Тзхта! Тўхтаб тур-чи! − қаттиқ шивирлади у тирқишдан мўралаб. − Прокурор бошқа буйруқ бераяпти, тинтув тамом бўлди. − Худога шукур!
Бека ҳам Лусио нимага хурсанд бўлаётганини ўз кўзи билан кўриш учун эшикка талпинди.
− Чормихга тортилган деганинг анави-ку!… шивирлади у.
− Ким ўзи у?
− Уларнинг оқсочи. Ўзинг кўрмаяпсанми? − деди у Васкеснинг очкўз қўлларига чап бера туриб. − Ўзингни бос! Ўзингни бос деяпман! Қилиғинг ярашмаяпти.
− Ух, бечорани судрашяпти.
− Мажағлаб ташлашибди-ку!
− Ўлай деб қолган одамни шунчалик хўрлашадими?
− Гапирма, кўриб қутим учиб кетди!
Қилич кўтарган капитаннинг буйруғига кўра бахтиқаро Чабелонани Каналеснинг уйидан судраб чиқишди. Прокурор ҳозир сўроқ қилолмайди. Кеча айни шу вақтларда бу хонадоннинг юраги эди, тўтиқуш қафасдан чиқиб, фаввора отилиб турганда, генерал қартада фол очиб ўтирар, Камила эркалик қилар эди.
Прокурор каретага ўтирди, зобитлар изидан бордилар. Биринчи бурчакдан ўтиб, чанг ичида ғойиб бўлдилар. Тўртта ифлос эркак Чабелонани “анатомия театри” га олиб бориш учун замбил кўтариб келишди. Аскарлар саф тортиб қалъага қайтишди, Бўғма илон корхонасини очди. Васкес ҳар доимги жойига ўтди. У, ҳибсга олинган Родаснинг хотинини ўйлаб изтироб чекаётганини яшира олмай қийналар, боши зирқираб оғрир, ҳаммаёқ заҳарга тўлиб кетгандек юлар, гоҳо сархушлиги ғолиб келиб, қочиб кетган генерал қисматидан тинимсиз ташвишланарди.
Федина эса турма йўлида аскарлар билан олишиб борарди. Уни йўлкадан катта тош йўлга судраб тушдилар; дастлаб индамай борди, сўнг тоқати тоқ бўлиб, биттасига мушт туширди. У қўндоқ билан урди − буни сира кутмаганди! Бошқаси елкасини қиздирди. Чайқалиб кетди, тишлари тақиллади, кўз олди қоронғилашди.
− Итдан тарқаганлар!… Сизларга милтиқ нимага берилган! Уялсанг бўлмайдими? − аралашди бозордан сабзавот ва меваларга тўла сават кўтариб келаётган бир аёл.
− Оғзингни юм! − дўқ урди аскар.
− Ўзинг юм, совуқ башара!
− Майли, майли! Яхшилик билан бу ердан жўнаб қолинг! Қиладиган бошқа ишингиз йўқми? − қичқирди унга сержант.
− Мени-ку ишим кўп, сенлар бекорчилар.
− Жим бўлинг, − аралашди зобит. − Жим бўлинг, йўқса аяб ўтирмаймиз!
− Шу етмай турувди! Санғиб юришади, пўписа қилишади.. ким бўпсан ўзинг! Этинг сягингга ёпиши қопти-ку! Шимингни шалвирашини қара!.. Одамларни оғзига урасан! Жанжалкаш битлиқилар! Гуноҳсиз одамларга тирғаласизлар!..
Аммо бу нотаниш ҳимоячи орқада қолиб, қўрқоқ йўловчилар орасига сингиб кетди. Мусибатга ботган, абжағи чиққан Федина узун этаги билан тош йўлни супуриб, қўриқчилар қуршовида турмага қараб борарди.
Прокурор каретада Абель Карвахал уйига етиб келган пайтда сюртук ва шляпа кийган лиценциат саройга отланмоқдаэди. Ташқи эшикни ёпиб, оқ қўлқопини шошилмай кияётган пайтда ҳамкасблари қуршовга олишди. Уни ана шу бежирим кийимлари билан байроқчалар ва қоғоз занжирлар билан безатилган полициянинг Иккинчи бўлимига олиб келишди. Бу ерда уни бетўхтов талаба ва пономар ўтирган камерага жўнатишди.

XIV
ТАНТАНА ҚИЛ, ЗАМИН!

Ёқимли ҳидларга тўлган тиниқ апрель ҳавоси мавжланиб турган даалар ва черепицали томлар оралиғидаги кўчаларда жонланиш бошланди. Ана −¬¬ сут ташийдиган хачирлар йўрғалаб бормоқда, битонларнинг қопқоғи шарақлайди, қамчилар қарсиллайди, ҳайдовчилар ҳарсиллаб нафас олади. Ана ¬− сигирлар, бой хонадонлар оғилхоналарда, камбағаллар ҳовли бурчакларида уларни соғишга киришадилар, ҳали уйқуси ўчмаган баъзи харидорлар энг яхши сигирларни ўзлари танлаб олиб соғадилар ва идишларига кўпик эмас, кўпроқ сут тушириш пайидан бўладилар. Мана – нон тарқатувчилар – ялангоёқ, қорни ичига тортилган, букилмас оёқларини авайлаб, майда қадам ташлайдилар, бошида кўтариб бораётган йўғон саватларнинг оғирлигидан бўйни елкалари ичига кириб кетган; саватлардан янги ёпилган нон ва қовурилган кунжут ҳиди анқийди. Мана – тонг сахардан мусиқа чалинади, ҳар доимгидек шаҳарни дабдабали, айни замонда ёқимли куйловчи метал шарпалари ва шамоллар уйғотади, черковлардан таралган ҳазин, журъатсиз оҳанглар эрталабки ибодатга чорлайди, уларнинг маъюс ва журъатсизлигига сабаб шуки, оддий байрам кунларида қўнғироқлар товушидан шоколад ва ширин сомсалар ҳиди таралади, миллий байрамларда эса тақиқланган мевалар таъмига қоришиб кетган бўлади.
Миллий тантаналар…
Кўчалар бўйлаб соғлом тупроқ ҳиди билан бирга шаҳарликларнинг қувончлари ҳам сузиб юради. Янги дастрўмол ҳидини эслатадиган байроқлар сояси остида дадил қадамлар ташлаб саройга қараб бораётган аскарлар оёғи остидан чанг кўтарилмасин деб одамлар деразалар остига сув сепиб қўядилар; расамади билан кийинган, бошига думалоқ ёки учбурчак шляпа қўндирган юқори мартабали жаноблар, камзуллари ичига дори-дармон халталарини яшириб олган шифокорлар, савлатдор генераллар тушган кареталар; улардан сўнг қадр-қиммати келажакда дафн маросими учун олийҳиммат ҳукумат ажратган маблағ миқдорига қараб белгиланадиган амалдорлар йўрға отларини ўйнатиб ўтадилар.
Сеньор, сеньор, ер ва осмон сенинг шаънингга мадҳиялар айтади! Мана, ниҳоят одамлардан узоқда, ниҳоят узоқда энг яқин кишилари ўртасида Президентнинг ўзи кўринади. У ўз халқидан рози; халқ ҳам тинимсиз кўрстаётган ғамхўрликлари учун ундан миннатдор.
Сеньор, сеньор, ер ва осмон сенинг шаънингга мадҳиялар айтади. Хонимлар уни худонинг суюкли бандаси ўрнида кўрадилар. Семиз руҳонийлар унга мадҳия-санолар ўқишади. Қонуншунослар уни Донишманд Альфокс деб биладилар. Нишондор дипломатлар уни кўрганда ўзларини Қуёш қирол давридаги Версалда тургандек ҳис қиладилар. Қайта тирилган Перикл ҳузурида хорижий ва ўзимизнинг журналистлар булбулигўё бўлиб кетадилар. Шоирлар ўзларини Афинада кўрадилар ва бу ҳақда бутун дунёга жар соладилар! Авлиёлар қиёфасини яратишни касб қилиб олган ҳайкалтарошлар ўзларини Фидий деб биладилар; у жилмаяди, кўзлари чарақлайди, халқ ўз буюк ҳукмдорини қанчалик улуғлаётганини кўриб, қўлларини артиб туради. Сеньор, сеньор, ер ва осмон сенинг шаънингга мадҳиялар айтади! Мотам куйлари ёзишга мослашган бастакор Бахус мухлисига ва муқаддас мадҳиялар ижодкорига айланади ва помидорга ўхшаган башарасини балкондан осилтириб ер қаерда қолди деб тикилиб ўтиради.
Агар санъат коҳинлари беихтиёр Афинага келиб қолдим деб ўйласалар, яҳудийлар Карфаген саройида ҳукумат бошлиғи ишончини қозониб, халқ пулларини фоиз тўланмайдиган ҳисоб кассаларига ўтказган ва бойиб кетиб, олтин-кумушларни суннат пайтида ўраладиган лахтак ўрнида кўрмадиган молиячи деб тасаввур қилар эилар.
Сеньор, сеньор, ер ва осмон сенинг шаънингга мадҳияларайади!
Кара де Анхел таклиф қилинганлар орасидан туртиниб-суртиниб (у чиройли ва иблис сингари маккор эди) ўтди.
− Халқ сизни чорламоқда, сеньор Президент!
− … халқ??
Шу сўздан кейин хўжайин сўроқ белгилар қўяди. Ҳамма жим бўлди. Кутилмаган мусибат юкини жаҳл билан улоқтириб ташланган (у кўзларида шу заҳотиёқ акс этди) хўжайин ўрнидан туриб, балконга чиқди.
Яқин кишилар кузатувида у халққа кўриниш берди. Тўғрироғи – халоскорлик байрами муносабати билан йиғилган уни табриклаш учун хотинлар тўдаси олдига чиқди. Сўзлаш шарафига муяссар бўлганлар:
− О, халқ ўғлони!.. – деб бошлар эди.
Хўжайин қайноқ туфугини ютди. Ҳеч шабҳасиз, турли қаланғи-қасанғи одамлар тўлиб ётган кичкина бир шаҳарчада, қашшоқ кулбада ўтказган ўқувчилик йилларини эслаган бўлса керак. Ҳамма жойда тайёр туришга улгурадиган арзанда шипшиб қўйди:
− Исо сингари халқ фарзанди…
− О-о-о, халқ фарзанди! – такрорлади нотиқ аёл. – Халқ фарзанди деб айтаман мен! Фалакдаги қуёш бебаҳо ҳаётингни улуғлаб нурини сочади ва бу илоҳий нур ҳамиша қора зулмат қўйнида машъум соялар туғдирадиган, сен – Сеньор, ўзинг айтганингдек, буғдой ўрнига юрган йўлларингга қабиҳ бомба уруғларини сепмоқчи бўлган ёвуз қўлларни куйдириб, йўқ қилиб юборади, европалик билимдонлар қанчалик зўр бериб уринмасинлар, қанчалик тиришиб кучанмасинлар, бизнинг буюк бахтимиз кулиб, сенинг қимматбаҳо соғлиғингга заррача шикаст етказа олмадилар.
Гулдирос қарсаклар Сигир Тумшуқнинг (нутқ сўзлаётган майда савдогарнинг лақаби шундай эди) мадҳиясини бўлиб қўйди.
− Яшасин Президент!
− Яшасин Сеньор Президент!
− Яшасин Республиканинг Конституциявий Сеньор Президент!
− Республиканинг Конституциявий Сеньор Президенти, Ватан халаскори, Улуғ Либерал Партиянинг доҳийси, Ҳақиқий Либерал, Ёшлар Ҳомийси бугун ва асрлар оша яшасин!
− Сеньор Президентнинг разил душманларидан мадад олаётган ёвуз кучлар ниятига етганда мана бу байроқ қора шармандалик бўёғи билан бўялган бўларди. Аммо унинг қимматбаҳо ҳаётини мададкор худо асраб-авайлашини, Миллатнинг Биринчи Фуқароси деб аталмиш бу зотни бутун халқ энг қўрқ… қўр-қинч-ли душмани, зарур пайтда ҳар доим унга қалқон бўлишини билмас эдилар.
Ҳа, сеньорлар! Бугун биз ана шу машъум кунда улар мақсадига эришганда барча цивизо… циви-ли-зация-лашган етакчиси бўлган мамлакамиз, бизнинг Ватанимиз разил душманлар қўлида етим бўлиб қолган бўларди. Улар демократияни йўқотиш учун, унинг қоқ юрагига санчиш учун қора зулмат қўйнида, буюк нотиқ Хуан Монтальво айтганидек, машъум ханжарларни қайрамоқдалар.
Ана шу сабабларга кўра байроғимиз бутун шон-шавкати билан хилпираб турибди ва гербимиздаги муқаддас қушчамиз учиб кетгани йўқ, у худди “фелекс” қушига ўхшаб кул остидан қайта ту-ғи-либ чиқди. Доҳ… бу… доҳларимиз бир томчи ҳам қон тўкмай Американинг миллий мустақиллигини эълон қилдилар ва халқнинг эркинликка бўлган талабини қон-дир-ди-лар, ҳиндиларнинг доҳ… доҳилари сўнгги нафасигача эркинлик ва бошқа инсоний ҳуқуқлар учун курашдилар!
Мана шунинг учун ҳам биз бугун муҳтожлар синфининг буюк ҳомийси, бошимизни силовчи отамиз, юқорида айтганимдек, мамлакатимизни Фультон ўз пароходи билан та-рақ-қи-ёт-га олиб борганидек, бизни бахтли манзилга етакловчи, Хуан Синта Мария Лемпира ерларини озод қилиш учун машҳур порохини ёндиргани каби халоскоримиз. Яшасин бизнинг Ватанимиз! Яшасин Республикамизнинг Конституциявий Президенти, Либерал Партия доҳийси, Ватан халоскори, Болалар, Аёллар ва Маориф Ҳомийси!
Сигир Тумшуқнинг ҳайқириқлари табриклар ёнғинида чарақлаб, қарсаклар денгизига кўмилиб кетди.
Президент ўнг қўлид билан балконнинг мармар панжарасига таянди, одамларга хиёл ўгирилиб қаради, кўзлари ёниб, хўмрайган ҳолда бир неча жумла гап айтди. Эркаклар ва аёллар кўз ёшларини артдилар.
Президент бурун қоққанини сезиб қолган Кара де Анхел:
¬ Хонага қайтадиган вақт бўлмадими, Сеньор Президент, − деб шивирлашга журъат этди. – Бу одамлар сизни ўта ҳаяжонга солиб қўйди.
Президент яқин кишилари қуршовида залга кирди. Ҳарбий прокурор генерал қочиб кетганини айтиш ва ажойиб нутқини биринчи бўлиб табриклаш учун унинг ёнига бормоқчи бўлди. Аммо бошқалар ҳам олдинга ташландилар. Прокурор тўхтади – уни қандайдир номаълум куч – қўрқув ушлаб қолди – қулини узатганча қуруқ қолмаслик учун арзанда билан кўришишни маъқул кўрди.
Арзанда ўгирилиб қаради, ҳамон қўлини узатганча турган прокурор ногоҳ гумбурлаган товушни эшитди – у яна, яна такрорланди. Одамлар бақиришарди. Қочишар, сакрашарди, стулларни улоқтиришарди. Хонимлар дод-фарёд, шовқин-сурон кўтаришарди. Аскарлар осма сумкаларини зўр-базўр очиб, милтиқларини ўқлаб югуришарди. Пулемётлар, синган ойналар, зобитлар, замбараклар…
Қандайдир полковник револьверини силкитиб юқоридаги майдон орқасига чопиб ўтди, бошқаси револьверини силкитиб айланма зинадан югуриб туша бошлади. Ҳеч нарса йўқ. Капитан револьверини силкитиб деразага тирмашди. Иккинчиси револьверини силкитиб эшикларни тепиб очди. Йўқ. Ҳеч нарса. Ҳеч нарса йўқ! Аммо хоналар совуқ эди. Баҳайбат залда ҳайратлар учади. Ҳеч нарса йўқ. Таклиф қилинганлар оз-оздан тўпланишди: кимдир қўрққанидан иштонини хўл қилиб қўйган, кимдир қўлқопини йўқотган, баъзиларининг юзига ранг кирган, аммо тили калимага келмайди, бошқаси гапиради, аммо қўрқувдан оқариб кетган. Президент қачон, қаерга ғойиб бўлганини ҳеч ким айта олмайди.
Бир зинапоянинг қуйи поғонасида катта ноғора ётарди. У даранг-дурунг қилиб пастга думалади – ҳамма ҳар томонга ўзини урди: жонингни қутқариб қол!

XV
АМАКИ ВА ХОЛАЛАР

Арзанда камзул ва цилиндр кийган, болалар чизган расмлардаги сичқонларга ўхшаб кетадиган адлия вазири ҳамда сочлари тўкилиб, қадимги авлиёларга ўхшаб мункиллаб қолган халқ вакили билан бирга саройдан чиқди. Барабанни думалатиб юборган бояги тентак уларни қаттиқ қўрқитиб қўйган, иложи топилганда ўйлаб-нетиб ўтирмай уни жазо бўлинмаси ёки унданам нарига жўнатиб хумордан чиққан бўлардилар. Ҳозир “Град отел”га ёки яқинроқдаги трактирга кирган маъқулми деб баҳслашиб боришарди. Халқ вакили, отелга бориш тарафдори, худди жамоат жойларида ўзини қандай тутиш қоидасини баён қилаётгандек (шубҳасиз, гап давлатга тегишли жойлар ҳақида эди), фикрини аниқ ва лўнда қилиб айтди. Ҳуқуқшунос гўё ҳукм ўқиётгандек кўтаринки руҳда гапирар эди: “Сохта дабдабага интилиш ярашмаган нарса, шунинг учун, дўстим, мен улуғвор отелдан кўра камтаргина трактирни афзал кўраман, у ерда ўзингни эркин ҳис қиласан. Ялтираган ҳамма нарса олтин бўлавермайди.”
Какр де Анхел улар билан бурчакда хайрлашди – давлат вакиллари баҳслашаётган пайтда нарироқда юрган маъқул – ва Хуан Каналес яшайдиган Иньсенсо маҳалласига йўл олди. У иложи борича тезроқ жиянини “Тустеп”дан олиб кетиши керак. “Ўзи олиб кетадими, ё бировни юборадими, менга нима, ¬ ўйлади арзанда. – Тезроқ кетгани яхши – масъулиятдан қутулади. Майли, илгаригидек яшайверсин. Ўтган кунгача уни билмасдим, хаёлимга ҳам келтирмагандим, мен учун ҳеч қандай аҳамияти йўқ эди…” Уч киши ҳурмат билан унга йўл бўшатди. У ким билан саломлашганини ҳам билмай жавоб қайтарди.
Генералнинг укаси Хуан зарбхона яқинидаги Инсьенсо маҳалласида қорамтир, хунук баҳайбат, бурчакларига сувоғи кўчган тўсиқ ўрнатилган уйда яшар эди. Пойдевориги ўралган тошлардан сув силқиб турибди, ёввойи ҳайвонларнинг қафасини эслатадиган темир панжарали деразалардан зал яхши кўринмасди. Бир ерга миллионлаб шайтонлар яширинган.
Арзанда тақиллатди. Ит вовуллади. Овозига қараганда у занжирланган, қўйилган қопоғон итга ўхшарди.
Кара де Анхел шляпасини қўлига олиб (у чиройли ва иблис сингари маккор эди), остонадан ўтди. Генералнинг қизи келадиган уйни кўирш мароқ эди; аммо итнинг вовуллаши ва “марҳамат қилинг!”, “марҳамат қилинг!” деб жилмайиб турган одамнинг овози – шубҳасиз дон Хуан Каналес эди – қулоғини битириб қўйди.
−Мараҳамат қилиб ичкарига киринг, бу томонга, сеньор, бу ёққа ўтинг, марҳамат!..Қандай шамол учирди? – Дон Хуан таомилдаги сўзларни беихтиёр такрорлар, овозидан президент мулозимини кўрганда довдираб қолганини сездирмасликка уринаётгани билиниб турарди.
Кара де Анхел хонани кўздан кечирди. Ярамас ит меҳмонга қараб нега бунчалик хуради? Ака-укалар тушган суратлар орасида генерал Каналес кўринмасди. Қарама-қарши томондаги катта тошойнада деворга ёпиштирилган тўртбурчак сарғимтир гулқоғозларнинг акси кўринади.
“Ит қайда бўлса ҳам уйнинг юраги, — ўйлади Кара де Анхел, − Дон Хуан ўзининг хушмуомалалик дастурини намойиш қилаётган пайтди. – Ибтидоий замонларда ҳам уйнинг юраги эди. Қабиланинг қўқриқчиси. Сеньор Президентни ҳам итлар галаси қўриқлайди.”
Ойнада хўжайин пайдо бўлди. У қўлларини асабий силкитарди. Дон Хуан Каналес таомилдаги барча сўзларни айтиб бўлгандан кейин яхши сузувчига ўхшаб қатъият билан сувга шўнғиди.
− Сеньора Каналес, − деб бошлади у, − сеньора Каналес ва ожиз бандангиз акамиз қилган ишдан қаттиқ норози бўлдик. Қандай даҳшат! Қотиллик ҳамиша нафратгасазовор, аммо бу!.. Шундай одамни ўлдириш, шундай ҳурматли, обрўли одамни, армиянинг виждони ва номуси, Сеньор Президентнинг энг яқин кишисини ўлдириш!..
Кара де Анхел жим ўтирарди. Чўкаётган бахти қарони кўриб, ёрдам беролмай югураётган кишигина шундай мум тишлаб қолади. Одатда меҳмонга борганлар ўринсиз гап айтиб қўймайин деб шундай тилини тийиб ўтиришади.
Сўзлари беҳуда кетаётганини сезган дон Хуан ўзини йўқотиб қўйди ва қўли билан ҳавони ушламоқчи бўлган ёки оёғини чўзиб, чуқур сув тагини босиб кўришга уринаётган одамнинг аҳволига тушди. Бусиз ҳам боши вақир-вуқир қайнаб ётибди. Муқаддас Арк остидаги қотилликка ва барча сиёсий ўргимчак тўрларига ўралашиб қолгандек ваҳима босди. Тўғри, у айбдор эмас. Аммо бу ҳеч нарсани англатмайди, ҳеч нарсани – аралашгансан, тамом. Лотерея бу, дўстларим, лотерея! Мамлакат рамзи. Кўчада лотерея билетларини сотувчи ашаддий католик ва эскифуруш Фульхенсио амаки шундай дейди. Бирданига у Кара де Анхел ўрнига суяклари ва жағлари асаб толаларига боғлаб қўйилган Фульхенсио амакининг скелетини кўриб қолди. Амаки суяк қўлида чарм портфелни ушлаб, шимининг орқа томонига уриб қўяр, жағларини ғалати қимирлатиб масҳарабозлик қилар, манқаланиб тамшанар эди: “Бани дўсдларим, бани дўсдларим, бу маблакатда ягода қобун латарея. Бир билетди тортшанг – турма, бошқашиди тортшанг отув. Учиншиди тортшанг – депутат, диплобат, президед, бидистр. Айар ҳамбаси латарея бўса, нимади ўйнайсан? Латарея − бани дўстим, латарея, латарея белатиди шотиб олинг!” Ғадир-будир, узум токидек эгилиб-букилган скелет тиришиб, энгашиб қолди ва оғзидан ютқизиқсиз лотерея билетлари кулгига айланиб отилиб чиқди.
Бундай хаёллардан узоқда бўлган Кара де Анхел сукутга чўмиб кузатар ва бу жирканч қўрқоқ билан Камила ўртасида қандай умумийлик борлигини ўйлар эди.
− Ғийбат қилишмоқда… Аниқроғи, қўшниларим хотинимга айтишмоқдаки, мен ҳам полковникнинг ўлимига алоқадор эмишман!.. – давом этди Каналес чўнтагидан зўрға чиқариб олган дастрўмоли билан йирик тер томчиларини артар экан.
− Мен ҳеч нарсани билмайман, — қуруқ жавоб берди мулозим.
− Аммо бу адолатсизлик! Тан оламан, биз хотиним билан Эйсебионинг ҳатти-ҳаракатларини кўпдан бери қоралаб келамиз. Деярли учрашмас эдик. Тўғрироғи, бутунлай учрашмасдик. Бегоналашиб кетгандик. Ассалому алайкум, хайрли кун, хайрли тун, салом ва хайр. Яхши бор, алвидо, алвидо ва бошқа ҳеч нарса.
Дон Хуан ёлғон гапираётгани билиниб турарди. Парда орқасидан кузатиб турган хотини ёрдам беришга шошилди.
− Нега мени таништирмаяпсан? – хитоб қилди у ва арзандага жилмайиб таъзим қилди.
− Тўғри айтасан! – паришон жавоб берди эри. Меҳмон билан баравар ўринларидан қўзғолишди. – Хотиним билан таништиришга ижозат этсангиз!
− Худит де Каналес…
Кара де Анхел бу исмни эшитган эди, аммо у тўғри гапираяптими йўқми – била олмади.
Бу ғалати, чўзилиб кетган ташриф давомида Камилага ҳеч қандай алоқаси йўқ, аммо ҳаётини издан чиқараётган, англаб бўлмайдиган ғайри табиий бир куч таъсирида эр-хотиннинг гаплари қулоғига кирмай қолди.
“Нега бу одамларни ўз жиянларини тақдири қизиқтирмайди, − деб хаёлга ботди у. − Агар Камила ҳақида гаплашганларида мен жон деб тинглаган бўлардим, хавотир оладиган ҳеч нарса йўқ, ҳеч ким сизлардан шубҳаланмаяпти, деб айтган бўлардим. Агар улар мендан сўраганларида… Э худо, нақадар тентак одамман-а! Улар қондош, мен эса бутунлай бегонаман-ку, бу ерда ёлғиз ўзим, унинг дардида ўтирибман-ку…”
Ўзини донья Худит деб танитган хоним тўрли дастрўмоли билан бурнини артиб, энди нима бўларкин дегандек, жим бўлиб қолди.
− Сиз гапираётган эдингиз. Мен сизга ҳалақит бердим… Кечирасиз…
− Биз…
− Ҳа…
− Сиз…
Айни бир пайтда учаласининг оғзидан чиққан − “Марҳамат, давом этинг!” − “Йўқ, сиз гапиринг” деган фавқулодда мулойим хитоблардан кейин гап яна номаълум сабабларга кўра дон Хуанга тегди. (Хотинининг кўзлари “Аҳмоқ!” деб қичқирар эди.)
− Эусебио полковник Парралес Сокриентени ўлдиришда қатнашганини эшитганимдан кейин (ғайри расмий. Мутлақо ғайри расмий оҳангда) иккимиз қанчалик ғазабланганимизни дўстимизга айтаётган эдим…
− О, бўлмасам-чи. Бўлмасам-чи!
Доня Худит бўртиқ кўкракларини намойиш қилгандек қаддини кўтариб, гапни илиб кетди. − Менинг қайноғам генерал, бундай мудҳиш жиноятга қўл уриб, авлодларини иснодга қолдиришга ҳеч қандай ҳақи йўқ эди! Ўзингиз ўйлаб кўринг, энди унинг касрига эрим балога қоладиган бўлди!
− Мен дон Мигелга худди шуни айтаётган эдим, кўпдан бери акам билан борди-келдини йиғиштириб қўйганмиз. Ҳатто ашаддий душманлардек бўлиб қолган эдик. Уйидаги суратларимни ҳам йиғиштириб қўйганди, мен эса ундан баттар эдим!..
− Биласизми, оилавий муносабатлар, жанжаллар, гина-қудратлар… − доня Худитнинг чуқур нафаси хона бўйлаб сузиб кетди.
− Мен ҳам шундай деб ўйлаган эдим, − деди Кара де Анхел.
− Аммо, оға-иниларни қон-қариндошлик иплари боғлаб туришини унутманг, дон Хуан…
− Нималар деяпсиз, дон Мигель? Сиз мени унга шерик қилиб қўймоқчи бўлаяпсизми?..
− Рухсат этинг!..
− Сиз нотўғри гапираяпсиз, − гап қўшди донья Худит, ҳижолатдан ерга қараб, − Пул бор жойда, ҳар қандай алоқалар узилиб кетади. Бу кўнгилсиз ҳодиса, аммо аслида шундай. Пул қариндошликдан устун туради!
− Гапимни тугатишга ижозат беринг!.. Мен оға-иниларни мустаҳкам алоқалар боғлаб туради деб ўйлайман, аммо ҳозир гап бутунлай бошқа масала ҳақида . орангиздаги келишмовчиликлар мени қизиқтирмайди, ночор аҳволда қолган генерал менга айтдики…
− Ярамас! Ўз жиноятига мени шерик қилмоқчи бўлдими? Бу туҳмат!
− Мен сизлар билан бутунлай бошқа нарса ҳақида гаплашмоқчиман.
− Хуан, Ъуан, сеньорни гапини эшит!
− У қизини сизга топширмоқчилигини айтди ва бу ҳақда сиз билан гаплашиб кўришни мендан илтимос қилди, сизнинг уйингизда…
Шу ерга келганда Кара де Анхель сўзлари беҳуда кетаётганини ҳис қилди. Юир дақиқа бу одамлар испан тилини тушунмайдими деган хаёлга ҳам борди. Сўзлар ялтираб турган қориндор Хуан ва ҳайкалдек қотиб ўтирган доня Худитга тегмасдан, уларни четлаб ўтиб, ойна ичида йўқолиб кетмоқда эди.
− Унинг тақдири нима бўлишини айнан сизлар ҳал қиласизлар…
− Ҳа, албатта… − Кара де Анхель уни қамоққа олмоқчи эмаслигини сезган дон Хуан бир лаҳзадаёқ ўз аслига қайтиб, виқор билант гапиришга ўтди. − Сизга нима дейишни ҳам билмай қолдим… ҳеч кутмаган эдим… Мени уйим ҳақида, албатта, гап бўлиши мумкин эмас. Иложимиз қанча, олов билан ўйнашиб бўлмайди! У бахти қаро бизникида тургани яхши эди… аммо биз баъзи танишларимиздан қаттиқ шубҳа қиламиз… Шу пайтгача ғубор тушмаган хонадонимизга эшигини Сеньор Президентга душман қизига очиб берсак, улар ёмон хаёлга боришади. Ўзингизга яхши маълум… бунинг устига… шавкатли акам… нима десам экан… ҳа, шавкатли акам ўз қизинии Халқлар Доҳисининг шахсий дўстига топширса, у эса ўз навбатида…
− У ўз бошини сақлаб қолиши учун ҳамма нарсага тайёр эди! − донья Худит кўкрагидаги дўнгликларни янги ҳаво билан тўлдириб, гапга аралашди. − тасаввур қилинг. Сеньор Президентнинг дўсти бу ҳақда Президентнинг ўзига хабар етказсин деб қизини орага тиқиштирмоқчи бўлдими?.. Хайриятки, бу қора ният амалга ошмади. Бизнинг “Армия князи”миз, − машҳур нутқидан кейин шундай ном орттирган эди, қочишдан бошқа чора тополмасдан жуфтакни ростлабди-ю, қизини бизга тўғрилапти-да, топган ҳийласини қаранг!
Мундирига доғ тушири, қораишдош-уруғларини шарманда қилишдан уялмаган одамдан яна нимани кутиш мумкин? Бизга ишонинг, бундай иснодни кўтариб юриш бизга осон эмас, хўрлик кўравериб, сочимиз оқарган. Бунга худо шоҳид…
Кара де Анхелнинг кўзларидан чиққан ғазаб чақмоқлари қора тунни парчалаб ўтди.
− Демак, бошқа гапдан фойда йўқ…
− Безовта бўлганингизга ачинамиз… Қўнғироқ қилсангиз ҳам бўларди…
Донья Худит қўшимча қилди:
− Сиз учун… катта мамнуният билан… бажарган бўлардик… ишонинг… аммо биласиз-ку…
Уларнинг башарасига қарамасдан индамай кўчага йўл олди, занжирини шарақлатиб жон ҳолатда юлқинаётган ит ҳуриганча қолди.
− Мен бошқа оғаларингизникига ҳам бораман, − деди у остонадан ўтаётганда.
− Маслаҳат бермайман, − шоша-пиша жавоб берид дон Хуан. − Билсангиз керак, мен консерватор сифатида танилганман… Улар бўлса либерал ҳисобланадилар!..
Сизни ақлдан озган ёки шунчаки ҳазил қилаяпти деб ўйлашади…
У меҳмонга эргашиб кўчага чиқди. Сўнг изига қайтди. Дарвозани оҳиста ёпиб, йўғон қўлларини артди… Кимнидир (фақат хотинини эмас!) силаб эркалагиси келди ва ҳамон ловуллаб турган кўппагини силаб-сийпалай бошлади.
− Ичкарига кирмоқчи бўлсанг, итни ўз ҳолига қўй! − шанғиллади донья Худит. У кечки салқинда роҳатланиб, ҳовлида атиргул кесмоқда эди.
− Мен ҳозир…
− Унда тез кийин, ҳали ибодат қилишим керак, соат олтидан кейин кўчага чиқиш ярамайди.

XVI
“ЯНГИ УЙ”ДА

Эрталаб соат саккизда (сув соатлари ҳар жиҳатдан яхши эди; соат миллари ҳам, вақт ҳам сакраб кетмасди.), роппа-роса саккизда Фединанинг ҳамма ёғини обдон тинтиб-текшириб, ўзига хос белгиларини ёзиб олишгандан кейин гўрдек совуқ ва қоронғи, гитарадек қинғир-қийшиқ камерага ўтказишди. Бошидан-оёғигача, қўлтиқ тагию-тирноқ остигача синчиклаб текширишди, сабаби генерал Каналес ўз қўли билан ёзган ва бахтиқаро аёл генерал уйидаги хоналарда дайдиб юрганда топиб олган хат енги ичидан чиқиб келганди.
У тик туравериб толиқди, узунлиги бор-йў0и икки қадам келадиган хонада юриб бўлмасди; ўтирганим яхшироқ деб ўйладиу. Полдан изиллаб совуқ чиқиб турарди, бир лаҳазада оёқлари, қўли, ҳатто қулоқларигача музлаб кетди (совуққа қанча чидаш мумкин экан!) − у ноилож ўрнидан қўзғалди; тик турди, яна ўтирди, тағин турди, ўтирди, турди, ўтирди.
Турма ҳовлисида очиқ ҳавога олиб чиқилган маҳбус аёллар қўшиқ айтишарди. Улар астойидил куйлаётганларига қарамай, қўшиқларидан хўл сабзавот ҳиди анқиётгандек туюларди. Ярим мудроқ аҳволда такрорланаётган оғир оҳанг занжирини бирдан шиддатли, аммо маъюс қичқириқ узиб юборди. Ҳақоратли куфрона сўзлар… қарғиш… Забур оҳангларини эсалатадиган чўзиқ қалтироқ овозни эшитган Фединани ваҳима босди.

Каталак хона билан
Фоҳишахона ораси
Бир қадам йўл,
Қўлингни узатсанг
Тегар осмонга;
Сен билан бир жойда турибмиз ҳозир,
Қайноқ бўсаларни тўйиб олавер.
Ай-яй-яй-яй!
Мен билан бирга бўл,
Бу ер билан
Фоҳишахона ораси
Ва ёруғ олам
Бир қадам йўл.

Қўшиқдаги баъзи сўзлар оҳангга мос келмас эди; аммо улар “Янги уй” қамоқхонаси билан исловотхона ораси узоқ эмаслигини аниқ-таниқ англатиб турарди. Тўғри, оҳангда гап кўп. Аммо бу қовушмаган мисралар аччиқ ҳақиқат фарёд солмоқда, Фединани қути учган, қалтирашга тушди. Авваллари ҳам қўрқиб қалтираган вақтлари бўлган, аммо бундай ҳолат қанчалик ваҳимали, қўрқинчли эканлигини, ниҳоятда даҳшатли эканлигини тасаввур ҳам қилиб кўрмаганди; буни у кейинчалик англаб етди, кўҳна пластинка ўз бағрида жуда кўп сир-асрорларни асрагани сингари бу товуш суяк-суякларигача зирқиратиб юборди. Эрта тонгдан бошлаб фарёд солиб куйлаш қанчалик оғир! Худди терисини шилиб олишаётгандек бадани тиришиб қолди, бу қўшиқни куйлашаётган маҳбус аёллар эса фоҳишаларнинг ётоғи турмадан кўра совуқроқ эканлигини ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаган бўлса керак, бу қўшиқ улар учун озодлик ва ёруғликка чиқиш учун эҳтимол охирги илинж эканига шубҳа йўқ.
Федина бирдан ўғлини эслади ва шу заҳоти енгил тортгандек бўлди. Уни эмин-эркин кўтариб юрган пайтлари беихтиёр кўз ўнгига келди. Гўдаклар бир умр она юрагида яшайди. Эркинликка чиқса, энг аввало уни чўқинтириш керак. Ҳозир айни пайти. Кўйлаги ҳали янги, қалпоғи ҳам − уни доня Камила совға қилган! Кейин меҳмонларни чақириш керак: нонуштага шоколад билан бўғирсоқ берса бўлади, тушликка валенсианча гуруч билан чўчқа эти ва бодом тортилади, кечки таомга лимонад, музқаймоқ, вафли… Кўккўз босмахона ходимига таклифнома буюриб қўйган, уларни яқин кишиларига тарқатади. Анави Шумановдан иккита катта извош олинса яхши бўлади, отлари худди паровознинг ўзи, қуюшқонлари кумушдек ярақлайди, кўчирлар қора камзул ва ялтироқ шляпа кийиб олишган. Бирдан чалкашиб кетаётганини сезиб қолди. Олдиндан чанг чиқариш яхши эмас − бирон ишкал чиқиб қолмасин яна, худди анави йигитнинг аҳволига тушиб ўтирсанима бўлади? У тўйга бир кун қолганда “Мана, эртага, айни шу пайтда!..” деб гапираверди. Тўй арафасида эса бошига ғишт тушиб кетса бўладими?
У яна ўғли ҳақида ўирин хаёллар сура бошлади ва ўзини тетик ҳис қилди. Ҳамма нарсани унутиб, ярамас расмлар ўргимчак тўрига ўхшатиб чизиб ташланган деворга суяниб ўтирди. Яна хаёли жойига келди ва расмларни кўздан кечира бошлади. Салблар, Инжилдан олинган эркакларнинг исми, ёзилган куни, чалкаш саналар ва мисра булар етмагандек турли ўлчамдаги бетамиз нарсалар тасвири. Бир сурат тагига “Худо” деб ёзилган, ёнига 13-число ва шамдонга ўрнатилган шайтон қиёфаси, гулбарглар шрнига бармоқ сурати солинган атиргуллар; ҳакамлар, амалдорларнинг қинғир-қийшиқ башараси, қайиқлар, лангарлар, қуёш, шиша идишлар ва туташ қўллар, кўзлар, ёй ўқи тешиб ўтган сурат ва яна узун мўйловли жандармларга ўхшаб кетадиган офтоб ва кампирнинг юзидек қаримсиқ ой ва юлдузлар ва соатлар ва сув априлари, қанотли гитаралар ва ҳанжар тасвири чизилган…
Уни ваҳима босди. Бу ярамас дунёдан тезроқ қочиб кетиши керак! Орқага тисарилган эди, яна худди шундай расмларга тўла деворга тақалди. Қўрқувдан кўзи тиниб, тили танглайига ёпишиб қолди, баландликдан думалаб тушаётгандек бўлди, дераза эмас, тоғлар турли томонга қараб чекинди, осмондаги юлдузлар аралашиб. Қоришиб кетди.
Полда бир тўда чумолилар ўлик суваракни судраб кетмоқдалар. Федина ажи-бужи расмларга тикилар экан, қандайдир мудҳиш, ярамас нарсалар юрагини зирқиратди.

Каталакхона билан
Фоҳишахона ораси
Ва чароғон осмон
Бир қадам йўл…

мисралари қўшиқнинг бағрига ханжардек санчилди.
Шаҳарда Республика Президенти шарафига тантаналар давом этарди. Марказий Майдонга худди дор ёғочига осилгандек катта сурп ўрнатилган бу ерда кечқурунлари содиқ фуқаролар учун саёз фильмлардан парчалар кўрсатилар, бу тамоша росманасига оммавий қатл манзараларига ўхшаб кетарди. Ёниб-ўчиб турадиган чироқлар билан безатилган бинолар қора тун қўйнида ярқираб кўринарди. Боғ атрофига тўпланган оламонни найзадор панжаралар тшсиб турар эди. Жамиятнинг гули ҳисобланган казо-казолар байрам маросимида қатнашиш учун боғ ичкарисига бемалол киришмоқда эди. Ўз садоқатини намойиш қилиш учун майдонга оқиб келган оддий халқнинг сукут сақлаш ва фильмлардан парчалар тамоша қилишдан бошқа иложи йўқ эди. Чоллар ва кампирлар, майиб-мажруҳлар, бир-бирининг меъдасига уриб кетган эр-хотинлар банкага солинган балиқлардек зич, қапишиб эснаб ўтиришар ва сайрга чиққанларни кузатишарди. Баъзи эркаклар маъсума қизларга кўз қисиб, танишлари билан саломлашиб қўйишни канда қилмасди. Ҳар замон, ҳар замонда осмонда мушаклар чарақлаб, шойи камалакдек етти рангда товланар ва бойлару камбағалларни бирдек ўзига маҳлиё қилар эди.
Турмадаги биринчи кун оғир кечди. Ёруғ оламдан ажралиб қоронғи зулмат қўйнида қолган маҳбус даҳшатли азобларни бошдан кечиради. Деворлар йўқолди, шифт ғойиб бўлади, пол кўзга кўринмайди, аммо барибир ўзингни эркин ҳис эта олмайсан! Наҳ гўрнинг ўзи.
Федина ғулдираб дуо ўқий бошлади: “Муқаддас авлиё, Онагинам, ўзинг мадад бер, ахир сен мадад сўраб илтижо қилган бахти қароларни ҳар доим қўллаб келгансан-ку! Сенга сиғинаман, кўз ёшларимни тўкиб, оёқларингга тиз чўкаман, илоҳий онажон! Онажоним Мария, дуоларимни қабул қил! Гуноҳкор бандангни ўзинг қўлла! Омин!”Зулмат уни бўғиб ташлади. Дуо ўқишга ортиқ мажоли қолмади. Полга узала тушди ва узун қўллари − тобора чўзилиб, ўсиб бораётган қўллари билан барча маҳбуслар, ноҳақ қамоққа олинганлар, сарсонлик-саргардонликда кезаётганлар, сайёҳлар учун совуқ гўристон бўлиб қолган ерни қучоқлаб нидо қила бошлади:

Ora pro nobis
Ora pro nobis
Ora pro nobis
Ora pro nobis
Ora pro nobis
Ora pro nobis
Ora pro nobis
Ora pro nobis

У секин-аста ҳушига келди. Қорни очди. Чақалоғини ким эмизади? Эшик тагига эмаклаб келди. Тақиллатди. Ҳеч ким эътибор бермади.

Ora pro nobis
Ora pro nobis

Олис-олисларда қўнғироқ ўн икки марта занг урди…

Ora pro nobis
Ora pro nobis
Ўғли у ёқда, ёлғиз…
Ora pro nobis

У ўн икки марта яхши санади… Анча енгиллашди. Тутқунликдан халос бўлганини кўз олдига келтирди. Мана, уйига кириб борди, ҳамма нарса жойида турибди. Хуанитега: “Сени кўрганимдан бахтиёрман” дейди. Габриелитени чақиради, дон Тимотеога таъзим қилади. У ёқда, шаҳарда тантаналар давом этмоқда, дон ўрнига ўрнатилган экран Марказий майдонни безаб турибди, боғда эса сайрга чиққан одамлар қулларга ўхшаб дарвоза олдида давра олиб айланардилар.
У кута-кута ҳолодан тойганда камера эшиги очилди. Калитлар жаранглаганда у ўзини гўё жар оғзида ўтиргандек ҳис қилди ва оёқларини тез йиғиштирди. Икки киши қоронғида тимирскиланиб уни топди ва бирон оғиз сўз айтмасдан уни шамол ғувиллаб турган тор йўлакдан судраб олиб кетишди, икки қоронғи хонадан ўтишгач, катта ёруғ хонага итариб киргизишди. Улар кирган пайтда ҳарбий прокурор котиб билан паст овозда гаплашиб ўтирган эди…
“Бу сеньор Кармелидаги Биби Марьям ибодатхонаисда орган чалади, − ўйлади Федина. − Уни таригандек бўлиб турибман. Черковда кўрганман. У ёмон одамга ўхшамайди!..”
Прокурор унга диққат билан разм солди. Сўнг расмий саволлар бера бошлади: исми, ёши, табақаси, касби, диний эътиқоди, манзили. Родаснинг хотини барча саволларга аниқ жавоб қайтарди, котиб сўнгги жавобини қайд этаётган пайтда ўзи ҳам савол берди, аммо унинг сўзлари телефон қўнғироғи остида кўмилиб кетди, қўшни хонадаги аёл кишининг кескин хирилдоқ овози қисқа сукунатни бузди: “Ҳа! Хўш қандай экан? Жуда мамнунман!.. Эрталаб у ёққа Кандучуни жўнатган эдим… Кўйлагими? Ярашгада қандоқ, роса келиштириб тикилган эди-да!.. Нима?.. Йўқ, ҳеч қандай нуқсони йўқ… айтаяпман-ку, ҳеч қандай аёби йўқ… Фақат кечикмасдан келинглар. Ҳа, ҳа. Ҳа… кечикманглар… Хайр… Хайрли тун… Хайр…”
Айни замонда прокурор Фединанинг саволига масҳаромуз оҳангда жавоб қайтарди:
− Асло ташвишланманг! Сизга ўхшаб ҳеч нарсани билмайдиганларга тушунтириш учун биз бу ерда ўтирибмиз-да…
Унинг бақа кўзлари ногоҳ ўз ўрнидан отилиб чиқди. У овозини кўтарди:
− Фақат олдин сиз менга эрталаб генерал Эусебио Каналеснинг уйида нима қилиб юрганингизни айтиб беринг-чи…
− Менми?.. Мен генералникига бир иш билан келган эдим…
− Айнан қандай иш эканини билсак бўладими?..
− Мутлақо ўзимга даҳлдор иш! Уларга айтмоқчи эдим… мен… Сиз… Майли, ҳаммасини бир бошдан айтиб бера қолай: мен анави полковникнинг ўлими муносабати билан кечқурун уни қамоққа олишмоқчи эканини билдириб қўймоқчи эдим.
− Яна шу аҳволда нима учун қамоққа олишди деб сўраяпсизми?: Қанчалик сурбетлик бу?! Шуни ўзи кам деб ўйлайсизми? Шу камлик қиладими? Камми шу? Камми?
Савол берган сари прокурорнинг ғазаби қўзиб борарди.
− Тўхтанг, аввал гапимни эшитинг! Сиз гапни бутунлай бошқа ёққа буриб кетяпсиз! Худо ҳақи, эшитинг, мен келганимда у йўқ эди. Мен уни кўрганим йўқ. Мен ҳеч кимни кўрганим йўқ, ҳамма кетиб қолган экан! Фақат энага бор эди!
− Сизнингча, бу камми? Камми, а? Қай пайтда келган эдингиз?
− Минорадаги соат олтига жом чалган эди!
− Хотирангизга қойилман! Генерални қамоққа олинади деб кимдан эшитган эдингиз?
− Менми?
− Ҳа, сиз!
− Эримдан эшитдим.
− У кимдан эшитди? Қаердан билади? Ким унга айтди?
− Бир ўртоғи, Луцио Васкес, у маҳфий полицияда ишлайди. У эримга айтган, эрим эса…
− Сиз эса генералга, − шошилинч гап қисқтирди прокурор.
Федина бошини чайқади:
− Йўқ, худо ҳақи, мен ҳеч кимга айтганим йўқ!
− Генерал қаерга кетди?
− Ё худойим-ей, мен уни кўрганим йўқ, неча марта айтаман! Эшитяпсизми? Кўрганим йўқ, кўрганим йўқ, кўрганим йўқ! Алдаб нима қиламан? Ановига айтинг, ортиқча нарсаларни ёзиб ўтирмасин!.. − у бармоғи билан котибни кўрсатди. Котиб қатор нуқталар шимдирилган босма қоғозга ўхшаб қолган сепкилдор юзини буриб, унга қаради.
− У нимани ёзиши билан ишингиз бўлмасин! Саволларга жавоб беринг! Генерал қаёққа кетди?
Узун сукунат. Яна прокурорнинг болға билан ураётгандек ғаддор товуши:
− Генерал қаёққа кетди?
− Билмайман! Мендан нимани хоҳлаяпсиз? Билмайман, уни кўрганим йўқ!.. Ё худойим-ей!..
− Сизни ўрнингизда бўлсам, тихирлик қилмасдим, ҳукумат ҳаммасини билади. Генерал билан гаплашганингиз бизга маълум!
− Ёлғон гап бу, чин сўзим!
− Яхшиси, қулоқ солинг. Истеҳзо қилишни ўрни эмас.
Ҳукумат ҳаммасини билади! Ҳаммасини! Ҳаммасини! − У ҳар гал “ҳаммасини” деганда столга мушт туширар эди. − Агар генерални кўрмаган бўлсангиз, мана бу хат қўлингизга қаердан тушиб қолди?.. Осмондан тушиб, қўлтиғингизга кириб қолдими?
− У ерда ётган экан, мен дарвозахонадан топиб олдим! Сизга айтганимдан фойда йўқ, барибир ишонмайсиз, мени ёлғончига чиқараверасиз!
− “Ерда ётган экан!” Қандай саводсизлик! − пишқирди котиб.
− Хўп, майли, эртак сўзлашни бас қилайлик! Яхшиси бор гапни айтинг. Ёлғон-яшириқларингизни тўхтатмасангиз. Ўлгунча мени унутмайдиган бўласиз!
− Мен бор гапни айтаяпман. Ишонмасангиз − ишонмай қўя қолинг. Иложим қанча? Сиз ўғлим эмассиз, калтак билан одоб беролмайман.
− Бу сизга қиматга тушади, ҳали эслаб юрасиз!
Энди бошқа саволга жавоб беринг. Генерал сизга ким бўлади? Синглисимисиз? Ёки бирон… мижозимисиз… Ундан нима керак эди сизга?
− Менга… генералдан… ҳеч нарса керак эмас… уни бор-йўғи икки марта кўрганман, холос… Бу ерда шундай бўлиб қолдики… уни қизи, уни қизи ўғлимни чўқинтирмоқчи бўлган эди…
− Бу баҳона бўлолмайди!
− У васий бўлишга розилик берган эди!
Котиб гап қўшди:
− Роса ёлғон тўқияпти.
− Мен қўрқиб кетдим, бутунлай бошимни йўқотиб қўйдим.
Ана шу Лусио кечаси генералнинг қизини ўғирлашмоқчи деб айтди…
− Ёлғонни йиғиштиринг! Генерал қаерда эканини менга айтиб берсангиз, ўзингизга яхши бўлади. у қаерда экани сизга маълум, буни мен яхши биламан, бунинг устига, бу нарса фақат сизга маълум, ҳозир у қаерда эканини менга, фақат менга айтиб берасиз… Хўш, ингиллашни йиғиштиринг, гапиринг, мен эшитаман!
Яна секин, худди руҳоний отадек дона-дона гапирди:
− Агар генерал қаердалигини менга айтсангиз… қулоқ солинг, уни қаердалигини билишингиз менга маълум, генерал яширинган жойни менга кўрсатиб берсангиз, мен сизни кечираман. Сизни озод қилишга буйруқ бераман ва мана шу ердан тўғри уйингизга борасиз… Ўйлаб кўринг, яхшилаб ўйлаб кўринг!
− Э худойим-а, билганимда ҳозироқ айтиб берардим-ку! Қанийди шуни билсам! Пешонам бунча шўр бўлмаса! Билмайман дедим-ку! Нега ишонмайсиз?! Бу чин сўзим ахир!
− Тониб нима қиласиз? Бу ишингиздан ўзингизга фақат зарар келади-ку! Наҳотки шунга ақлингиз етмаса?!
Прокурорнинг гаплари орасидаги бир лаҳзалик сукут пайтида котиб ҳуштак чалиб тишларини тозалаб ўтирарди.
− Кўраяпманки, яхшилик билан ҳеч нарсага эришиб бўлмас экан! Битлиқи халқ! − Прокурор уйғонаётган вулқондек наъра тортди. − Куч ишлатишга тўғри келади. шуни билиб қўйингки, сиз ўта оғир давлат жиноятини содир этгансиз. Сиз ҳозир қонун қўлидасиз, сотқин, исёнкор, қотил ва сеньор Президентнинг ашаддий душманини қочириб юборишда айбланасиз… Сиз билан ортиқча гаплашиб ўтиришга ҳожат йўқ!..
Хенаро Родаснинг хотини бутунлай адойи тамом бўлди.
Бу дарғазаб маҳлуқ ҳозир манфур ишга қўл уриши аниқ, улар даҳшатли, ўлимдан оғир жазони қўллашга шайланиб туришибди… Унинг қўллари қалтиради, оёқлари букилиб, тишлари тақиллай бошлади… Худди суяклари юлиб олингану, бармоқлари ўрнида қуруқ қўлқоплар осилиб тургандек. Тишлари фалокатдан огоҳлантириб, телеграф бераётгандек, тиззалари қутурган отлар қўшилган чанадан сакраб тушаётгандек букилиб-букилиб кетади.
− Сеньор! − илтижо қилди у.
− Мен билан ҳазиллашиш қандай бўлишини кўрасиз! Қани тез бўлинг, генерал қаерда?
Олис бир ерда эшик очилиб, мурғак боланинг аччиқ йиғиси эшитилди. Қайноқ, ночор, адоқсиз мунгли нола…
− Ўғлингизга ачинмайсизми?!
Унинг гапи тамом бўлмасдан Федина бошини кўтарди. У ваҳимага тушиб атрофга аланглади − бу фарёд қаердан келяпти?
− У икки соатдан бери фарёд солади. Кўраман деб беҳуда овора бўлманг − кўролмайсиз. У икки соатдан бери очликдан йиғлайди, агар генерал қаерга яширинганини айтмасангиз − очликдан тўнғиз қўпади!
Аёл эшикка интилди, аммо учта барзанги йўлини тўсди, учта баҳайбат иблис уни ўйинчоқ қилиб судраб келди. Сочлари тўзғиди, кофтаси ечилиб кетди, юбкаси сирғалиб тушди − бу латта-путталар кимга керак? У деярли ялонғоч, прокурор олдига эмаклаб келиб, тиз чўкди ва гўдакни эмизишга рухсат сўраб ялиниб-ёлворди.
− Генерал қаердалигини айтсангиз, барча истагингиз бажарилади.
− Исо алайҳиссалом ҳақи, сеньор, илтимос қиламан, − нола кўтарди у прокурор этагини қучоқлаб. − Исо ҳазратлари ҳақи эмизишга рухсат беринг, қандай қийналаётганини кўрмаяпсизми?! Бир эмизиб берай, майли, кейин мени ўлдирсангиз ҳам майли.
− Худони ўртага қўйиб нима қиласиз! Генерал қаердалигини айтмагунингизча ўрнимиздан қимирламаймиз. Ўғлингиз ёрилиб кетсин − бизга нима?
У остонада турганлар олдига тиззалаб бориб, оёқларига тиз чўкди, сўнг яна прокурор этикларини қучоқлаб, ўпишга уринди.
− Сеньор, ўғлимга раҳм қилинг!
− Келинг, ўғлингиз ҳақи, генерал қаердалигини айтинг. Тиз чўкишингиздан фойда йўқ. Майнавозчиликни бас қилинг. Саволга жавоб бермасангиз − болангизни эмизмайсиз.
Прокурор ўрнидан турди − ўтиравериш жонига теккан эди. Перо билан тишини кавлаб ўтирган котиб бахти қаро аёлнинг гапларини ёзишга чоғланди.
− Генерал қаерда?
Қиш чоғларида дамбадаги сувлар нола чекади. Чақалоқ ана шундай нола чекиб, бўғилиб йиғлар эди.
− Генерал қаерда?
Ярадор ҳайвонга ўхшаб қолган Федина лабларини тишлаб, нима қилишини билмай жим турар эди.
− Генерал қаерда?
Шу тарзда беш… ўн… ўн беш дақиқа ўтди. Ниҳоят, прокурор қора ҳошияли дастрўмол билан лабларини артиб, ошкора пўписага ўтди:
− Айтишни хоҳламасангиз, сўндирилмаган оҳак билан баданингизни артишга тўғри келади. Балки ана шунда генерал қайси йўл билан кетганини айтиб берарсиз!
− Нимани хоҳласангиз шуни қиламан… Фақат беринг менга… беринг… чақалоғимни эмизишга беринг! Сеньор, мени бунчалик хўрламанг, кўриб турибсиз-ку, бу адолатсизлик! Сеньор унинг гуноҳи йўқ. Яхшиси, қанча бўлса мени азобланг, майли!
Эшикни қўриқлаб турган одамлардан бири уни полга ағдарди. Бошқаси оёғи билан тепди, аёл полда тўлғона бошлади. У ҳеч нарсани кўрмай, ҳеч нарсани сезмай қолди фақат қулоғига биғиллаб йиғлаётган чақалоқчасининг қийқириғи этишилар, фақат шуни сезарди.
Бошқа урмасликлари учун у оҳакни арта бошлаганда соат тунги бир бўлганди. Чақалоғи йиғларди.
Ҳар замон, ҳар замонда прокурор сўраб турарди:
− Генерал қаерда? Генерал қаерда?
Соат… Икки…
Ниҳоят, уч… Ўғли йиғларди.
Уч, аслида беш бўлиши керак эди…
Ҳали тўрт бўлмапти… Ўғли ҳамон йиғлайди…
Тўрт… Йиғлайди…
− Генерал қаерда? Генерал қаерда?
Қўллари чарсиллайди, бармоқларининг териси шилиниб тушади, тирноқлари тагидан қон оқади. Федина оғриқдан инграйди, ғадир-будир бўлиб қолган қўлларидан оҳакни артиб йўқотишга уринади. Оғриқдан эмас, ўғлини сўраш учун бир амаллаб ўзини қўлга олганда уни яна калтаклашади.
Прокурорнинг овози қулоғига кирмай қолди. Ўғлининг йиғиси тобора заифлашиб, заифлашиб борарди…
Йигирма дақиқаси кам бешда улар кетишди, у полда ағдарилиб ётар, хушини йўқотган эди. Шилимшиқ сўлак лабларига ёпишиб қолган, майда-чуйда яра босган сийнасидаги нозик томирчалардан оҳакка ўхшаган оппоқ сут оқарди. Шамоллаб қизарган кўзларидан сийрак кўз ёшлари томчилайди.
Кейинроқ, тонг отганда уни камерага сударб кирадилар. У шу ерда ўзига келди. Ёнида бадани совиб, латта қўғирчоқдек шалвираб қолган чалажон ўғли ётарди. Она кўксини эмгач, унга салгина жон киргандек бўлди ва очкўзлик билан кўкракка ёпишди; аммо оҳакнинг аччиқ ҳидига чидай олмади, оғзидан чиқариб юборди, яна чинқириб йиғлашга тушди, қайта эмизишга қанча уринмасин, нафи бўлмади. Уни бир қўлида ушлаб, иккинчиси билан эшикни тақиллатиб, чақиришга тушди… Чақалоқ эса кўкариб борарди… Тобора кўкариб, кўкариб борарди. Наҳотки, бу беғубор, бегуноҳ нораста гўдакни онасининг қўлида ўлсин деб келтириб беришган бўлса?..
У яна эшикни тақиллатиб уриб, ёрдам сўраб бақира бошлади…
− Ҳой, ўғлим ўлаяпти! Ўғилчам ўлаяпти! Вой қадрдоним, вой ширин-шакарим, вой дўмбоғим! Ёрдамга келинглар! Очинглар! Очинглар! Худо ҳақи, очинглар! Ўғлим ўлаяпти! Муқаддас Биби Марьям! Авлиё Антоний! Муқаддас Катерина!
Девор ташқарисида байрам давом эатрди. Бугун байрамнинг иккинчи куни. Дорга ўхшаган экран осиғлиқ; боғда қуллар айлана бўйлаб дарвозани айлантиришади.

XVII
МУҲАББАТ ЖАФОСИ

− Келади… Келмайди…
− Гапларим эсингиздан чиқмасин!..
У кечикмоқда. Келса бўлди-да, тўғрими?
− Келмасдан иложи йўқ. Сиз ташвиш тортманг. Агар келмаса, майли, худо мени парча-парча қилиб ташласин!..
− Отам ҳақида бирон-бир гап топиб келармикин? У шунга ваъда берганди…
− Умид қилиш керак…
− Фақат ёмон хабар эшитмасам бўлгани!.. Нима бўлаётганини яхши тушунолмай қолдим. Чамаси, ақлдан озаётганга ўхшайман… У тезроқ кела қолсайди, ҳаммасини билгим келади… агар аҳвол ёмон бўлса, келмасаям майли!
Уйдаги ясатилган хос хонада бека каравотда ётган Камиланинг қалтироқ овозини эшитиб ўтирарди. Пол устига ўрнатилган Биби Марьям ҳайкали олдига қўйилган швмчироқ хира нур таратади.
− Келади, келади, яхши хабарлар олиб келади, шу гапларим ёдингизда турсин… Буни қаердан билади деб ўйлайсизми? Юрагим сезиб туради, ҳаммаси худди рисолада ёзилгандай… Аслида у эркакларни… Сизга айтиб берсам ишонмайсиз… албатта, ҳар хил бўлишади… э, қуриб кетсин, ҳаммаси бир гўр… Худди итни ўзи… Суяк ҳидини олса бўлди, уймалашиб қолади…
Камила оловни пуфлаб ёндираётган беканинг ҳаракатларига бефврқ қараб ётарди.
− Муҳаббат − музнинг ўзи. Сўра бошласанг − ширин-шакар, кейин қарасанг, биттагина чўп қолади!
Кўчада қадам товушлари эшитилди. Камиланинг юраги қаттиқ уриб кетди, иккала қўли билан кўксини чангаллади. Товушлар эшикдан узоқлашади ва аста-секин йўқ бўлди.
− У келаяпти деб ўйлагандим.
− Ҳозир келади!
− Менимча, у аввал қариндошларимникига боради. Топдим, у Хуан амаким билан бирга келади…
− Пишт! Сутга мушук тегиб қўйди. Ҳайдаш керак…
Камила мушукка қаради, стуллардан бирида турган идишдаги сутни ича бошлаган мушук беканинг ҳайқириғидан қўрқиб, мўйловларини ялаб қочишга шайланди.
− Мушугингизни оти нима?
− Ладан…
− Мениям мушукчам бор эди. Капля деб чақирардик.
− Ана, кимдир келаяпти! Балки…
У келган эди.
Бека эшикни очгунча, Камила сочларини тартибга солиб улгурди. Юраги дукуллайди. Бутун кун бўйи (унинг адоғи йўқдек туюлди) тинка-мадори қуриди, руҳан эзилди, довдиради, ўзаро пичирлашиб гаплашаётган жарроҳлар ҳузурида турган оғир беморга ўхшаб шалпайиб қолди.
Кара де Анхел остонадан ўтиши билан юзидаги ташвиш ифодасини сидириб ташлаган эди. У очиқ чеҳра билан:
− Яхши хабарлар бор, сеньорита! − деди.
Камила каравот оёғига суяниб турар, юзи тахтадек қотиб қолган, кўзлари ёшга тўла эди. Мулозим уни қўлидан ушлади.
− Аввало, энг муҳими, отангиз ҳақида. − У бекага бир қараб олиб, товуш оҳангини ўзгартирмасдан бошқа нарса ҳақида гапрди:
− Отангиз бу ерда эканингизни билмайди…
− Ўзи қаерда?
− Тинчланинг!
− У соғ-саломат эканини билсам бўлди!..
− Ўтирсангизчи, дон-н-н-н… − гапга аралашди бека унга курси қўйиб берар экан.
− Раҳмат…
− Сизлар бемалол гаплашиб олинглар, ҳозир сизларга керагим йўққа ўхшайди, яхшиси мен бориб Лусиодан хабар олай, эрталаб чиқиб кетганича дараги йўқ.
Мулозим Камила билан ёлғиз қолдириб ташқарига чиқманг демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаганича қолди. Бека кийимларини алмаштириш учун ичкари хонага кириб кетди, унинг ўрнига Камила жавоб берди:
− Қилган барча яхшиликларингиз худодан қайтсин, сеньора!Эшитяпсизми?.. У нақадар меҳрибон камбағал аёл! Фақат олижаноб гаплар билан дилимни овутди! Сиз жуда бадавлатсиз, олижаноб, насли тоза одамсиз, у сизни кўпдан бери яхши билади…
− Ҳа, меҳрибон аёл экани кўриниб турибди, аммо, шундай бўлса ҳам унинг олдида ҳамма гапни айтиш мумкин эмас, у бизни холи қолдиргани маъқул. Отангиз ҳақидаги маълумот шуки, у хавфсиз жойда, то чегарадан ўтиб кетгунча бошқа ҳеч қандай маълумом ололмайсиз. Қани, айтинг-чи, бояги хотинга отангиз ҳақида бирон нарса дедингизми?
− Йўқ, у ҳаммасидан хабар деб ўйладим.
− Шуниси маъқул, у ҳеч нарсани билмаслиги керак.
− Амакиларим нима дейишди?
− Отангиз билан бўлиб, уларникига боролмадим. Аммо эртага кириб ўтаман деб уларни огоҳлантирдим.
− ташвишга қўйганим учун кечирасиз. Ўзингиз кўриб турибсиз-ку, уларникида тинчроқ бўламан. Айниқса, Хуан амакимникида. У мени чўқинтирган отам, ўзининг қизидек бўлиб қолганман…
− Тез-тез кўришиб турардингизми?
− Деярли ҳар куни… Ҳа… Деярли… Агар боролмай қолсак, у бизникига ё бир ўзи, ё хотини билан келарди… Дадам уни жонидан ортиқ суярди. Дадам: “Мен йўқ бўлсам, Хуан билан қоласан. Сен уни ардоқлашинг ва отанг ўрнида кўришинг керак”, деб кўп такрорларди. Якшанба куни ҳар доим бирга тушлик қилардик.
− Нима бўлишидан қатъий назар, сизни полициядан яшириш учун бу ерга олиб келганимни билиб қўйганингиз яхши.
Пилига тозаланмаган шамчироқ шабкўр одамга ўхшаб тебраниб, хира нур сочарди.
− Нимани ўйлаб қолдингиз?
У содда ва хотиржам гапирарди.
− Отамни ўйлаяпман, ҳозир унга қанчалик оғир, бегона жойларда… қоронғи… сизга қандай тушунтирсам… У оч қолган, ухлагиси, сув ичгиси келади… унга қарайдиган ҳеч ким йўқ… Унга Биби Марьям мададкор бўлсин!.. Унинг сурати олдида бугун кун бўйи шам ёниб турди…
− Ҳар хил хаёлларга бориб, бошингизга фалокатни чақирманг. Пешонага нима битилган бўлса, шу бўлади. тақдир бизни учраштиради, мен отангизга ёрдам бераман деб кти ўйлаб кўрибди? − Қизнинг қўлидан ушлади, у қаршилик қилмади, иккаласи Муқаддас аёл тасвирига узоқ тикилиб ўтиришди.
Самовот эгаси ушлаб калитин
Оппоқ қорга туширди илоҳий тасвир.
Осмонда нур сочган ёруғ юлдузга
Бокира танингни қўйди муҳрлаб!
Бундай осуда дамларда айтишга сўз топилмайди, беором юраклар эса бир хилда депсиб ура бошлайди.
− Менга айтинг-чи… Дадам ҳозир жуда узоқда бўлса керак… Биз буни тахминан қачон била оламиз?..
− Аниқ айтолмайман. Фақат вақт кўрсатади.
− Кўп кутамизми?
− Йўқ…
− Хуан амаким билса керак?
− Бўлиши мумкин…
− Уларни тилга олганимда менга нега ғалати тикиласиз?
− Нималар деяпсиз? Асло ундай эмас. Аксинча, улар бўлмаса, зиммамдаги масъулият янада оғирроқ бўларди… Улар бўлмаса, сизни қаерга олиб бораман?
У қариндошлар ҳақида бутунлай бошқа оҳангда гапирар эди. (Соқчилар генерални ҳайдаб келаётганини кўз олдига келтирганда уни даҳшат босарди. Балки қонга беланган занжирга солиб олиб келишар?..)
Эшик қўққисдан зарб билан очилди. Бека ҳовлиқиб кирди. Тиргаклар полга тарақлаб тушди. Шам нури тебранди.
− Кечирасизлар, сизларни безовта қилдим… Менинг Лусиомни олиб кетишибди… Қўшним айтиб берди, ёнидан қоғоз чиқиб қолибди. Турмага жўнатишибди. Ҳаммасига ана шу мишиқи Родас сабабчи. Куни билан мен ҳам юрагим дук-дук уриб, не ҳасратда ўтирдим. Бу битлиқи бўлса сиз билан Лусико бегойимни олиб қочди деб сотқинлик қилибди…
Мулозим уни тўхтатолмай қолди. Бир дунё сўз… ва бирдан портлаш… Бир дақиқа, балки ярим дақиқа ичида ҳамма нарса: Камила, ўзи, бахти қаро севгиси осмонга учиб кетди. У ўзига келганда Камила юзини ёстиққа босиб аччиқ кўз ёши тўкар, бека эса ҳар бир сўзи тўфонга айланиб, оламга ўт қўяётгани ва ўзини ҳам тириклай ўпқонга тортиб кетаётганини ўйлаб ўтирмай, қизни қандай ўғирлашгани ҳақида тинимсиз сайрамоқда эди.
Камила узоқ йиғлади. Сўнг ойпараст қизларга ўхшаб ўрнидан турди ва ўраниб олиш учун бирон нарса беришни бекадан сўради.
− Агар сиз олижаноб одам бўлсангиз, − деди у Мигелга − бека узатган шол рўмолни олар экан, − мени амаким Хуаннинг олдига олиб боринг.
У ҳозир қизга бор ҳақиқатни айта олмаслигини, тақдир ўқи юрагини тилка-пора қилиб юбораётганини, айтилмаган сўзлари эса кўзларига жойлашиб олиб умидсиз нола чекаётганини билдиришдан ожиз эди.
− Шляпам қаерда? − сўради у бўғиқ овозда.
Шляпасини қўлига олиб, барча орзу-умидлари барбод бўлган қовоқхона ичкарисига охирги марта назар солиш учун ўрнидан турди.
− Фақат, − деди у остонада бир зум тўхтаб, − фақат кечикмадикми деб қўрқаман…
− Бегона жойга бораётганим йўқ-ку. Ўз туғишганларимникига бораман. У ер мен учун − ўз уйим.
Кара де Анхель унинг қўлини оҳиста ушлади ва худди юрагидан узиб олаётгандек шафқатсиз сўзларни айтишга мажбур бўлди:
− Уларникига бориш мумкин эмас. Улар сиз ҳақингизда эшитишни ҳам хоҳлашмайди. Улар акасидан воз кечишди. Бугун эрталаб амакингиз Хуан буни менга айтди.
− Уларни кўрганим йўқ деб ўзингиз айтдингиз-ку! Фақат бораман дегансиз уларга! Гапларингиздан тонадиган бўлиб қолдингизми? Қариндошларимга беҳуда туҳмат қилаяпсиз. Қўлингизга тушган ўлжадан воз кечолмаяпсиз − мана, гап қаерда? Мен ҳақимда эшитишниям хоҳлашмайди, мени қабул қилишмайди эмиш! Ақлдан озиб қолибсиз! Қани, кетдик!
− Ақлдан озганим йўқ. Хўрланишингизни кўргандан кўра − ўлганим яхши. Сизга ёлғон гапирдим… сабабини… билмайман. Сабаби, элдан бурун азобланишингизни хоҳламайман. Мен эртага тағин уларникига бормоқчи ва сизни кўчада қолдирмасликларини сўраб ялиниб-ёлбормоқчи эдим, энди бундай қилиб бўлмайди. Сабаби, ўзингиз бораман деб оёқ тираб олдингиз, энди ҳаммаси бекор..
Бека ҳайкалча олдидаги шамни кўтариб, уларни кўчагача кузатди. Кўчалар саҳродек кимсасиз! Мўъжазгина аланга тебраниб, ўчиб қолди.

XVIII
ЭШИКЛАР ОЛДИДА

Тақ-туқ! Тўқ-тўқ! Тўқ-тўқ-тўқ!
Дарвоза тақиллатадиган болғанинг қайноқ садолари ҳовли бўйлаб тарқалади. Роҳатланиб мудраётган ит уйғониб кетди. Ўрнидан сакраб туриб, ҳуришга тушди. Камила мулозимга ўгирилиб қаради − бу ерда − амакисининг дарвозаси тагида ҳеч кимдан қўрқмас эди − унга ғурур билан хитоб қилди:
− У мени танимай турибди. Олмос! Олмос! − қичқирди итга қараб. − Олмос, мен келдим! Танимай қолдингми-а? Югур, уларга хабар бер.
Яна йўлдошига ўгирилди:
− Озгина кутамиз.
− Ҳа-ҳа, майли, мени ўйлаб ташвишланманг, кутамиз.
У ҳамма нарсасидан ажралган ва ҳеч нарсага умид қилмайдиган одам сингари лоқайд гапирарди.
− Эшитишмаяпти, шекилли. Қаттиқроқ тақиллатиш керак.
У тилла рангига бўялган қўл шакли ясалган болғачани кўп марталаб дарвозага уриб турди.
− Оқсочлар ухлаб қолганга ўхшайди. Шу пайтгача очишлари керак эди! Дадамнинг гаплари бежиз эмас экан, биласизми, у ҳам уйқуси камлигидан қийналарди, − уйқусизликдан безор пайтларида “Оқсочлардек тўйиб ухлашни хоҳлайман!” деб қўярди.
Ит вовуллайди, ичкаридан бошқа садо чиқмайди. У гоҳ дарвоза олдидан, гоҳ ҳовлининг энг ичкарисидан тинмай акиллайди − ит ҳовлидаги тошларни шақиллатиб югуради.
− Ажабо! − деди қиз эшик олдидан қўзғалмай, жимжитлик уни руҳан эзиб ташламоқда эди. − Улар ухлаб қолишган. Қаттиқроқ тақиллатиб кўрай-чи…
− Тўқ! тўқ-тўқ! Тўқ-тўқ!-тўқ!
− Ҳозир чиқиб қолишади, эшитишмаяпти, холос.
− Қўшнилар чиқса яхши бўлмайди, − деди Кара де Анхель, туман пардаси қуюқлашган. Аммо бошқа эшикларнинг очилиб-ёпилиши эшитилиб турарди.
− Чарчаб қолганингиз йўқми?
− Ҳечқиси йўқ, тақиллатинг!Яна бир минутча кутайлик, ҳозир чиқишади.
Камила вақт тезроқ ўтсин деб ичида санай бошлади: бир, икки, уч, тўрт, беш, олти, етти, саккиз, тўққиз, ўн, ўн бир, ўн икки, ўн уч, ўн тўрт, ўн беш, ўн олти, ўн етти, ўн саккиз, ўн тўққиз, йигирма, йигирма бир, йигирма икки, йигирма уч… йигирма уч… йигирма уч… йигирма тўрт, йигирма беш…
− Келишмаяпти!
… йигирма олти, йигирма етти, йигирма саккиз, йигирма тўққиз, ўттиз, ўттиз… ўттиз, ўттиз бир, ўттиз икки, ўттиз уч… ўттиз уч, ўттиў тўрт… ўттиз беш, − у элликкача санашдан чўчимоқда эди, − ўттиз олти… ўттиз етти… ўттиз саккиз…
Ногоҳ, ҳеч кутилмаганда унинг хаёлига у Хуан амакиси ҳақида рост гапирган экан, деган фикр қуйилиб келди. Нафасини ичига ютиб, у эшикни қатъият билан қаттиқ тақиллата бошлади. − тўқ, тўқ-тўқ-тўқ, − у болғани қўлидан қўймади. Тўқ,тўқ,тўқ,тўқ,тўқ,тўқ − бўлиши мумкин эмас!.. тўқ-тўқ-тўқ-тўқ-тўқ-тўқ-тўқ-тўқ-тўқ-тўқ.
Жавоби оддий − ит тинмай акиллайди. Уларга нима ёмонлик қилган эди, нега очишмаяпти? Яна тақиллатди. Ҳар бир зарбадан кейин илинж пайдо бўларди. Эшикни очишмаса, аҳволи нима бўлади? шу хаёлнинг ўзи уни ваҳимага соларди. У тақиллатди, тақиллатди. Ашаддий душманининг бошига болға билан ураётгандек тақиллатаверди. Оёқларидан мажол кетди, оғзи қуриб қолди, тили танглайига ёпишди, қўрқувдан тишлари тақиллай бошлади.
Дераза ғийқиллади, овозлар эшитилди. Ҳаммаёқ илиб кетгандек бўлди. Келишаяпти, худойимга минг қатла шукур! Ёнидаги одамдан тезроқ қутулиш керак, унинг кўзлари қоп-қора, аммо мушукникидек ёмон тикилади. У чиройли, фариштадек кўринганига қарамай, ёмон одам. Кўчалар ва уйлар дунёси дарвоза билан тўсилганига қарамай бир-бирига қора юлдузлар сингари туташиб кетган. Уйда ҳеч кимга билдирмасдан яширинча нон ейиш мумкин − бекитиб ейилган нон ширин туюлади-да! Уй донишмандликка ўргатади, у ҳимоя қилади, мустаҳкам туради, у − худди оилавий фотосуратга ўхшайди: отаси галстук таққан, онаси қимматбаҳо либосларга бурканган, болаларнинг сочи ҳақиқий атир билан хўлланган. Кўча эса қалқиб туради, хавфли, хатарли, ойна сингари алдамчи. Кўча − умумий кирхона, у ерда етти ёд бегоналарнинг чойшаблари ювилади.
Болалигида бу эшиклар орасида неча марталаб ўйнаган эди. Ўйинлар Хуан амакисини кўчага кузатиб чиққунича давом этарди, шу ердан туриб кўм-кўк осмон остида ярқираб турган томларни томоша қиларди.
− ойна очилганини эшитдингиз-а, тўғрими? Бизга эса очишмаяпти… Балки биз… бошқа жойга келиб қолгандирмиз?
У болғачани ташлаб уйнинг пиллапоялари олдига чопиб борди. Йўқ, адашган эмас. Хуан амакисининг уй. Тунука тахтачага “Хуан Каналес. Инженер” деб ёзиб қўйилган.
Ўпкаси тўлиб, болаларча хўнграб йиғлаб юборди. Ақлининг энг теран жойларидан жажжи қора отларга минган қора фикрлар қайнаб чиқа бошлади. Кара де Анхель тўғри гапирган экан. Камила эшитишни ҳам хоҳламаган эди, аслида у ҳақ бўлиб чиқди.
Кўчани қаймоқдек қуюқ, семиз ўтдек ўткир ҳидли лойқа туман босди.
− Мени яна озгина кузатиб қўйинг. Дастлаб Луис амакимникига борамиз…
− Хоҳлаган жойингизни айтинг…
− Хўп, кетдик бўлмаса, − кўз ёшлари ёмғирдек қуюлди, − булар мени киришимни хоҳлашмаяпти.
Улар юриб кетишди. Қиз ҳар дақиқада орқасига қараб қўяр, ҳали ҳам умиди узилмаган эди; мулозим эса хўмрайиб, жим борарди. Бундай қилиқ дон Хуан Каналесга ярамайди!
Бунақа ҳақоратни кечириш мумкин эмас! Улар кетишди, ит акиллаб қолди. Умидлар узилди. Вовуллаш ҳам тинди. Зарбхона олдида сархуш хат ташувчига дуч келишди. У ойпараст каби чайқалиб, хатларни йўл-йўлакай сочиб борар, қўлларини кўкка чўзиб, ғалати овозлар чиқарарди, узун сўлаги чўзилиб, хизмат курткасидаги тугмачага ўралиб қолган эди. Камила билан Кара де Анхель бирданига унинг ёнига югуриб боришди, хатларни йиғиб, халтасига солишди ва энди бундай қилманг деб тайинлашди.
− Сиз-лар-га раҳ-мат!.. Кат-та раҳ-мат де-яп-ман…
Хатташувчи зарбхона деворига суянганча қийналиб гапирар эди. Улар кетишди. Хат ташувчи ҳам халтасини қучоқлаб, қўшиқ куйлаб йўлга тушди:

Осмонга чиқмоқ учун
Зарурдир икки зина;
Узун бўлади бири,
Иккинчиси калтароқ.
Кейин нақоратга ўтди:
О, илоҳа, сен кўкдасан,
Айт-чи қаерда манзилинг.
Ўз мамлакатинг сари
Борасан, борасан, борасан!

− Айлиё Исанн бармоғини чўзиб, хат ташувчилар орасидан мени… Гу… Гу… Гумерсиндо Соларесни кўрсатади…
Яна куйлайди:

Ўлсам агар, айтинг-чи,
Тобутимни кўтаради ким?
Фақат роҳиби аёллару,
Хизматга тайёр бир поп!
− Оҳ-оҳ-оҳ-оҳ, ҳеч кимга, ҳеч кимга ке-ра-гинг йўқ-дир се-нинг.

Қоқилиб туман ичида ғойиб бўлди. Бўйи кичкина калласи катта эди.
Айни шу дамда Хуан укаси Хосе Антониога телефон қилиб гаплашмоқда эди. Марказий тармоқ жавоб бермади. Трубкадан тинимсиз шовқин ғувиллаб турди. Ниҳоят, ер остидан чиққандек овоз келиб қолди. У дон Хосе Антонио Каналеснинг уйини сўради, ҳеч кутилмаганда акасининг таниш товушини эшитди.
− Лаббай, ҳа. Мен ўзим, Хуанман… Танимай қолдингми деб ўйлабман… Гап мундай, тасаввур қилиб кўр. Ана шу нусха билан, ҳа… Нимасини айтасан, нимасини айтасан! Ҳа, тушунарли… Ҳа… ҳа… Нима? Йў-ўқ, албатта очганимиз йўқ!.. Оқибатини ўйлаб кўргин… Бу ердан сеникига кетишгандир… Нима, нима? Ўзим ҳам шундай ўйлагандим… Ҳа, жуда қўрқиб кетдик!.. Ҳа, сизлар ҳам шундай бўлдингларми?.. Хотинингга катта зиёни тегади… Меники очмоқчи бўлди, рухсат бермадим!.. Албатта, ўз-ўзидан маълум!.. Қўшнилар-чи… Албатта, албатта! Меники ундан баттар… Жони чиқаёзди… Сендан кейин Луисникига боришса керак… А, шундайми?.. Бориб бўлишибдими?
Тонг оқимтир, заиф, ҳар жой-ҳар жойда лимон ёки апельсин шарбатини эслатадиган журъатсиз ёруғ шуъла, гуриллаб ёна бошлаган гулхан алангасининг олтинранг жилоси − тонг. Улар дон Хосе Антонио дарвозасидан узоқлашиб бормоқдалар.
Камила ҳар қадам ташлаганда:
− Уларни худо жазолайди, − деб такрорлайди.
Унинг тишлари такиллайди. Нам босган кўзларига яшил ўтлоқлар тонгга маъносиз телмуради − тонгни бу даражада аччиқ қаршилашни у тасаввур ҳам қила олмасди. У тақдир зарбаси карахт қилиб қўйган кишиларга ўхшаб гандираклайди. Оёғи тушовлангандек. Хаёли жойида эмас.
Қушлар тонгни шаҳар боғидаги ёки кичик кулбалардаги сархуш қалин бутоқларда кутиб оладилар. Самовий садолар қалтираб тонг шуъласига қоришиб кетади. Атиргуллар уйғониб тангри таолога салом берадилар, гўшт дўконидаги ўтмас болталар уларга жўр бўлади; хўрозлар қандай қанот қоқиб, қичқириб қўшиқларини машқ қиладилар; катта саватлардан нон иси таралади; тунги дайдилар тентирайдилар, эшик ғийқиллайди − кампир черковга шошилади ёки дастёр қиз хўжайинини нонушта қилиб кетмоғи учун нон дўконига чопиб боради.
Тонг ёришмоқда…
Қузғунлар ўлган мушук жасадини тортқилашади, қулунлар оч кўзларини ялтиллатиб, нафаси бўғилиб, биялар ортидан югуришади. Бир кўппак оқсоқланиб, думини қисиб, ҳадиксираб маъюс боқади ва тишларини ғижирлатади. Улар деворлару эшикларга кичик Ниагара шоввасини чоптирадилар.
Тонг ёришмоқда.
Туни билан марказий кўчаларни супуриб чиққан, шарпани эслатадигн дағал кийим кийган ҳиндулар тизилишиб, кулбаларига қараб борадилар; уларнинг кугуси ва тушуниб бўлмайдиган сўзлари тонг сукунатида чирилдоқлар товушига ўзшаб таралади. Бошлари узра соябон ўрнига супургиларини кўтариб олишган. Бодомдек тишлари оппоқ. Гоҳо-гоҳо баъзилари тўхтаб, қўриқчиларга қаратиб бурнини қоқади. Ибодатхоналар олдидан ўтаётганда ҳаммаси шляпасини қўлга олади.
Тонг отмоқда…
Биринчи маросимхонадан қуюқ тутун кўтарилади. Олисда паровозлар ҳуштак чалади.
Қовоқхона бекаси улар бирга қайтганини кўриб ниҳоятда шод бўлди.
У кечаси билан кўз юммай чиқди, улар келиши билан Васкесга озиқ-овқат бериш учун турмага чопқиллаб кетди.
Кара де Анхель хайр-маъзур қилди, Камила эса бахтсиз қисмати учун куйиб йиғлади.
− Кўришгунча, − Мигель нега шундай деганини ўзи ҳам билмай қолди. Қайтиб келиши учун ҳеч қандай сабаб йўқ эди.
Ташқарига чиқар экан, ҳозир онасининг ўлимидан кейин биринчи марта йиғлаб юборишини ҳис қилди.

XIX
ПРОКУРОР ШОКОЛАД ИЧИБ, ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛАДИ

Ҳарбий прокурор шоколадли қаҳвани ичиб бўлгач, бир томчиси ҳам қолмасин деб финжонни икки марта ағдариб қўйди. Кейин сичқонранг мўйлабини енги билан артди, чироққа қараб энгашиб, кастрюлкани текшириб кўрди.
Индамас, бадбашара, узоқни кўролмайдиган бу очкўз киши қоғозлар ва ёғ босиб кетган қонунлар орасида кўмилиб ўтирганда на эркак на аёлга ўхшамасди. У, ҳуқуқ ҳимоячиси, герб босилган қоғозлар дарахтига эгалик қилиб, томирлари энг камбағал ва хўрланганларгача бўлган барча табақаларнинг сувини сиқиб сўриб ётар эди. Гербли қоғозларга бу даражада муккасидан кетган бошқа одамни топиб бўлмайди. У бармоқлари билан кастрюлкани кавлаштириб чиқди − юқи қолмаган бўлмасин, − кўзларини кўтарди ва катта кийиб олган туфлидек оёғини доим судраб босиб, шарақ-шуруқ, шарақ-шуруқ овоз чиқариб юрувчи хизматкор аёл − қўрқинчли шарпа кабинетдаги ягорна эшикдан қараб турганини кўрди.
− Шоколадни ичиб бўлдингми?
− Ҳа, катта раҳмат. Ширин экан. Охирги томчисигача ичишни яхши кўраман!
− Финжонни қаерга қўйдинг? − сўради у столда қалашиб ётган китобларни у ёқ-бу ёққа суриб.
− Мана у! Кўрмай қолдингми?
− Яхшиси ўзингга қара. Саватингга гербли қоғозлар тўлиб кетибди. Эртага бориб хабар олиб келаман, сотиб олишармикан?
− Фақат эҳтиёт бўл, ҳеч ким билиб қолмасин.
− Ақлимни еб қўйибманми? Бу ерда тўрт юз йигирма беш сентаволик, эллик сентаволик икки юзта қоғоз бор. кечқурун дазмол қизигунча уларни санаб қўйганман.
Девор тақиллаб ходима аёлнинг гапини бўлиб қўйди.
− Тинч қўйишмайди, тентаклар!.. − тўнғиллади прокурор.
− Ҳамма ерга бурнини тиқишади… Бориб қарайчи, ким экан… Бошқа маҳал ошхонада ўтирганда ҳам эшитишади!
Ходима охирги сўзларини юриб кетаётиб айтди. У эски соябонга ўхшарди − боши кичкина, шалвираган юбкаси узун.
− Мен йўқман! − қичқирди прокурор орқасидан.
Бир неча дақиқадан кейин кампир оёғини судраб қайтди. Қўлида хат бор эди.
− Жавобини кутишяпти…
Прокурор жаҳл билан конвертни очди, ёзувларга кўз ташлар экан, ходимага юмшоқ гапирди:
− Бориб айт, розиман.
Ходима жавобни етказиш ва бирваракай деразани ҳам ёпиб қўйиш учун оёғини судраб воситачи боланинг олдига борди.
У узоқ вақт эшикни тозалади, ювилмаган финжон стол устида анчагача қолиб кетди.
Прокурор бўлса, оромкурсига ўзини ташлаб, хатни синчиклаб ўқиди. Ҳамкасбларидан бири унга фойдали иш таклиф қилмоқда эди.
“Ҳуқуқшунос донья Олтин тиш Чон, сеньор Президентнинг яқин дўсти ва фоҳишахона эгаси, юксак нуфузга эга бўлган инсон, бугун эрталаб идорамга кирди, − деб ёзган эди ҳуқуқшунос Видалитас, − “Янги уй”да ёш соҳибжамол аёлни кўрганини ва уни ёқтириб қолганини маълум қилди. Ана шу аёл учун у 10.000 песо бермоқчи. Аёлни сен қамоққа олганингни билганим учун сени безовта қилишга ҳаддим сиғди. Ана шу каттагина маблағ эвазига шу аёлни менинг мижозимга бера оласанми?”
− Яна нима керак экан, дарров айт, мен ухламоқчиман.
− Бошқа ҳеч нарса керак эмас, борақол. Яхши тушлар кўргин.
Аёл эшиклар орасида судралиб борар экан, прокурор рақамларни завқланиб ҳисоблар эди: бир… ноль…яна ноль, яна ноль… яна ноль… битта ноль Ўн минг песо!
Кампир қайтиб келди.
− Ёдимдан кўтарилай депти, руҳоний ота эртага ибодатни барвақт бошлашга ижозат сўраган эди.
− Дарвоқе, эртага шанба-ку! Мени вақтлироқ уйғот, эсингдан чиқмасин. Кеча ухлаганим йўқ, ўзим уйғоналмасам керак…
− Уйғотаман, уйғотаман.
− Оёғини судраб чиқиб кетди. Яна қайтиб келди. Ювилмаган финжонни унутиб қолдирган экан. Ечиниб бўлганида эсига тушиб қолди.
− Эслаб қолганим учун худога шукур, − минғиллади у. − Агар бўлмасам… агарда… эслолмаганимда мен… − У туфлисини қийналиб кийди. − Агар эслолмаганимда… − чуқур нафас олди. − Финжонни олганимда − тўшакда бемалол ётган бўлардим.
У келиб-кетганини прокурор сезмади. У сўнгги нодир асари − генерал Эусебио Каналес устидан ўтказиладиган суд жараёни қораламасини завқланиб ўқимоқда эди. − Тўртта асосий жиноятчи: Федина Родас, Хенаро Родас, Лусио Васкес… − у тамшаниб қўйди, − яна бир одам − Мигель Кара де Анхель етишмаяпти.
Ҳужумга учраган кальмар қора булут чиқаргани сингари генералнинг қизини ўғирлаш ҳам чалғитиш учун усталик билан тузилган режадан бошқа нарса эмас. Федина Родаснинг кўрсатмаси ишнинг бу томонига ёруғ нур ташлайди. У келгунга қадар, яъни соат олтигача, уй бўшаб қолган эди. Аёл рост гапираётганини мен дарров фаҳмлаб олдим, уни салгина бураганимга сабаб, аёлнинг кўрсатмалари Кара де Анхелнинг жиноий ишларини батамом фош этиш учун рад этиб бўлмайдиган далилларни олиш эди. Эрталаб соат олтида уй кимсасиз эди, полиция берган бошқа маълумотга қараганда, генерал тунги соат ўн иккида уйига қайтган.
Ечди, жиноятчи тунги соат иккида, яъни сохта ўғирлаш амалга оширилаётган пайтда қочиб кетган…
Ҳа, Сеньор Президент ўзининг эркатойи энг ёвуз душмани бемалол қочиб кетишини тайёрлагани ва амалга оширганидан хабардор бўлганида севиниб кетади деб ўйлайсизми?
Парралес Сонтиентонинг энг яқин дўсти қотиллардан бири қочиб кетишига ёрдам берганини эшитгандаги ҳолатини томоша қилиш бирам ғалати бўлди-да!
У ёд бўлиб кетганига қарамай Ҳарбий кодекснинг жиноятни фош этиш ҳақидаги бандини такрор-такрор ўқиб, ширин шарбат ялагандек қувончдан қувониб борарди. Ҳар бир банд охиридаги “ўлимга маҳкум қилинсин” ёки “бир умрлик қамоқ жазоси берилсин” каби ҳукмларни ўқиганда бўта кўзгулидек кўзлари ярақлар, кулранг баданига жон кириб, қизариб борарди.
Эй дон Мигелин Мигелито, ниҳоят, айни ўз пайтида қўлимга тушдинг-ку! Кечагина мени саройда мулзам қилганингда сен билан бунча тез ҳисоблашамиз деб ўйламаган эдим. Мен қасос олишни биламан, жуда биламан!
Эртаси куни соат ўн бирда у қўрғошиндек совуқ қалбида интиқом аланга ловуллаб ёниб, сарой зинапояларидан кўтарилиб борди. Қўлтиғидаги папкада мулозимни қамоққа олиш ҳақидаги фармон бор эди.
− хўш, сеньор прокурор, − деди Президент у маълумот бериб бўлгач. − Қоғозларингизни менда қолдиринг ва сўзларимни яхшилаб тингланг: сеньор родасҳам, Мигель ҳам айбдор эмас. Уни тинч қўйинг. Буйруқни йиртиб ташланг. Ким айбдорлигини билишни хоҳлайсизми? Ҳаммаларингиз! Сиз ақлсиз телбалар айбдорсизлар, ҳеч нарсага арзимайсизлар!.. Қочишга салгина уриниши билан полиция уни жойида отиб ташлаши керак эди! Мен шундай буюрган эдим. Хўш, улар очиқ эшикни хотиржам кузата олмасалар, кимни айблаш керак? Ўғрилар… лаънати телбалар! Алам қилса, бурнингизни кесинг: Кара де Анхель генерал қочишига ёрдам берган эмас. Уни ўлдиришга кўмак берган эди. Ҳаммаларингиз полиция ходими эмас, чўчқабоқарсизлар… Кетишингиз мумкин. Васкес ва Родас иккаласи билан шуғулланинг. Айниқса, Васкес билан. У керагидан ортиқ нарсаларни билади. Қорангизни ўчиринг!

XX
ДАРАХТНИНГ БИР ХИЛ МЕВАЛАРИ

Хенаро Родас (у ҳали жонсиз телбанинг ёш тўла кўзларини унута олмаган эди) ҳарбий прокурор олдида тик турар, боши эгилган, уйдаги мусибатлар ва ҳар қандай матонатли одамни ҳам букиб ташлайдиган эрксизлик азоби уни адойи тамом қилган эди. Прокурор кишанларни ечишга буюриб, малайни чақиргандек ёнига чорлади.
− Хўш, қадрдон, − деди у айни ҳукмдек таассурот қолдирадиган узоқ жимликдан кейин. − Менга ҳамма нарса маълум.
Гадонинг муқаддас арк остида қандай ҳалок бўлганига доир маълумотларни ўз оғзингдан эшитмоқчи эдим…
− Бу шундай бўлган эди… − тез бошлади Хенаро ва айтаётган гапидан ўзи қўрқиб кетган одамга ўхшаб жим туриб қолди.
− Хўш, хўш, “бу шундай бўлган эди”…
− Марҳаматли сеньор! Худо ҳақи, мени қийноққа солманг! Марҳаматли сеньор! Бундай қила кўрманг. Мен сизга бутун ҳақиқатни айтиб бераман, фақат сиз, сеньор, Исо масиҳ ҳақи мени қийноққа солманг!..
− Сен, дўстгинам, бекорга ҳаяжонланма, қонун ашаддий жиноятчиларга нисбатан қаттиқ туради, она сути оғзидан кетмаганлар бошқа гап!.. Ҳаяжонланмасдан тўғрисини гапир.
− Оҳ, фақат қийноққа солманг, кўряпсиз-ку, қўрқиб кетаяпман!
У даҳшатли азоблардан ўзини асраб қолиш умидида ялиниб-ёлворар, эгилиб-букилар эди.
− Қани, бошла!
− Бу шундай бўлган эди… Кечаси эди… қай пайтдалиги ўзингизга яхши маълум. Лусио Васкес билан Арк ёнида − ҳиндулар маҳалласи томонидаюрган эдим, Лусио деганимиз мени маҳфий хизмат бўлимига жойлаштириб қўйишга ваъда берганди. Демак, биз шартлашилган жойда учрашдик, сўзимиз сўз эди, у бир қадаҳдан ичайлик деб таклиф қилди, майдондан кўтарилишда “Уйғонган арслон” деган бир қовоқхона бор. хўш, бир қадаҳ, икки, уч, тўрт, беш… ким санаб ўтирибди…
− Шундай, шундай… − уни рағбатлантирбди прокурор баённома ёзаётган котибига имлаб.
− Мана, кўряпсизки, у мени ишга жойлаштиргани йўқ. Мен, майли, зарари йўқ дедим… У эса мени, эҳ, унутибман, арақ пулини ўзи тўлади. Ташқарига чиқиб яна Арк олдига бордик… У менга хизмат вазифасига кўра шу ерда бир қутурган телбани кутиши кераклигини ва уни ўлдириш буюрилганини айтди. Шундай қилиб, биз Арк олдига бордик. Кўчадан оҳиста кесиб ўтдик, кейин у югуриб кетди! Шундай қилиб, мен орқасидан чопдим, орқасидан кимдир қуваяпти деб ўйладим. Соқов худди девор босиб қолгандек бўкирар эди. Лусико револьверини олди ва бах, бах… Марҳаматли сеньор, мени айбим йўқ, мени қийноққа солманг, уни мен ўлдирганим йўқ! Иш қидириб юргандим. Бу ерда эса мана шунақа ишлар… Дурадгорлигимни қилиб юравермайманми?!.. Шайтон йўлдан уриб, полицияни хоҳлаб қолдим!
Родаснинг кўзларига яна муз қотган Пелеле кўринди. Прокурор авзойини заррача ўзгартирмасдан тугмачани босди. Эшикдан ходимлари билан турма бошлиғи мўралади.
− Икки юз дарра!
Прокурор овозини баландлатмади. Ўзини икки юз песо беришга имзо чекаётган банк бошлиғидек хотиржам тутди. Родас буни тушунмади. Бошини кўтариб, уни кутиб турган яланг оёқ турма ходимларига кўз ташлади. Уларнинг ҳайратланмасдан, хотиржам, ҳиссиз тургани ҳам унда ҳеч қандай шубҳа уйғотмади. Котиб сепкилли юзини буриб, лоқайд қараб қўйди. Турма бошлиғи прокурорга нималир деди. Прокурор турма бошлиғига нимадир деди. Родас эшитмади. Родас тушунмади. Шунга қарамай, турма бошлиғи олдига келиб, ёнбошдаги қуббали катта хонага ўтишга буюрганда ниҳоятда ожиз эканлигини англаб етди. Бошлиқ бор кучи билан унга мушт тушурди.
Навбатдаги жиноятчи − Васкесни олиб келишганда прокурор ҳали ўзига келмаган эди.
− Уларга яхшилик қилиб бўлмайди! Булар фақат даррани тушунади! Даррадан бошқа нарса ёқмайди!
Васкес ўзини яқин одамлари даврасида деб ҳис қилса-да, сўнгги сўзларни эшитгандан кейин хушёр тортиб, ташвишланиб қолди. Ҳа, сен аҳмоқни генерал каналес ишига ўралаштиришгандан кейин, айбинг йўқлиги билан ким ҳисоблашиб ўтиради.
− Исминг?
− Лусио Васкес.
− Келиб чиқишинг?
− Шу ерлик…
− Нима демоқчисан? Турмаданми?
− Йўғ-э, пойтахтдан.
− Хотининг борми? Бўйдоқмисан?
− Умрбод бўйдоқман.
− Тўғри жавоб беринг! Касбингиз, ҳунарингиз?
− Хизматда тураман…
− Нима?
− Давлат хизматчиси…
− Судланганмисиз?
− Ҳа.
− Қандай жиноят билан?
− Қотиллик. Босқинчилитк қилганман.
− Ёшингиз?
− Мени ёшим йўқ.
− Буни қандай тушуниш керак?
− Неча ёшга кирганимни билмайман. Ёшим жуда зарур бўлса, ўттиз беш деб ёзаберинглар.
− Пелеленинг ўлими ҳақида нималарни биласиз?
Прокурор жиноятчининг кўзига тик қараб, саволларни тўхтовсиз отмоқда. Аммо сўзлари нишонга аниқ тегмаётгани кўриниб турарди… Боплаб тушурсанг − кейин қўлингни артишга ҳам арзимайди! − Васкес жавоб берди:
− Пелеленинг ўлими ҳақида шуни биламанки, уни мен ўлдирдим.
− Янада аниқ бўлиши учун қўлини кўкрагига ниқтади: − Мен!
− Бу нимаси? Биз билан ҳазиллашмоқчимисиз? − ўкирди прокурор. − Эсингизни еб қўйганмисиз? Бу гапингиз учун қатлга боришингизни билмайсизми?
− Бўлиши мумкин…
− Нима бўлиши мумкин?
Прокурор бир дақиқа талмовсираб қолди. Васкеснинг хотиржамлиги, чийилдоқ товуши, олазарак кўзлари уни қуролсизлактира бошлаган эди. Вақтдан ютиш учун котибга ўгирилди.
− Ёзинг…
Қалтироқ овоз билан қўшимча қилди:
− Ёзинг: Лусио Васкес Хенаро Родас иштирокида телба Пелелени ўлдирганман деб кўрсатма берди.
− Ёздим, − тишлари орасидан чиқариб таъкидлади котиб.
− Мен кўряпманки, − изоҳ берид Лусио. Унинг осойишта, мазаҳ қилувчи оҳангдаги сўзлари прокурорни бутунлай издан чиқариб юборди, − мен кўряпманки, сеньор прокурор кўп нарсаларни ҳали билмайди. “Кўрсатма беради”, “кўрсатма беради!” Бу нима дегани? Менга қолса, она сути оғзидан кетмаган шу тентакка қўл кўтариб ўтирармидим…
− Судни ҳурмат қилинг, акс ҳолда ёмон бўлади!
− Мен дангалини айтаяпман. Менга қолса, тентак билан тенглашиб ўтирармидим? Қўлимда сеньор Президентнинг буйруғи бор эди.
− Жим бўл! Ёлғон гапираяпсан! Қанақасига!.
Гапи чала қолди, чунки шу дақиқада турма ходимлари пайдо бўлишди; улар Родасни судраб келишарди; унинг латтадек шалвираб қолган гавдаси диёнатли Вероника Исо Масиҳ қиёфасини туширган сочиққа ўхшаб полда чўзилиб ётарди.
− Нечта? − сўради прокурор буқа пайидан тўқилган, маймуннинг думини эслатадиган даррани кўрсатиб котибга жилмайиб қараб турган турма бошлиғидан.
− Икки юз.
− Шундай…
Котиб уни ноқулай ҳолатдан чиқарди.
− Мен унга яна икки юз қўшиш керак деяпман, − у бошқалар тушунмаслиги учун сўзларни қўшиб,тишлари орасидан чиқариб гапирди.
Прокурор илиб олди:
− Шундай. Мен буни тугатгунимча икки юз қўшинг.
“Ўзинг мана бу”сан қаримсиқ башара! Мотоцикл эгари!” − ўйлади Васкес.
Турма ходимлари қурбонни судраб кетишди. Қийноққа солинадиган бурчакда жазо столига ётқизишди. Тўрт киши қўл-оёғидан ушлаб туришди, бошқалари савалашга тушдилар. Бошлиқ зарбаларни санаб турди. Родас ғужанак бўлиб, бутунлай ҳолдан тойди, савалашга киришганларида увиллаб фарёд чекиб, тўлғона бошлади. Эгилувчан, сарғимтир-яшил хипчинда олдинги савалашдан қолган, қота бошлаган қон юқи қора доғга ўхшаб кўринарди. Унинг охирги илтижолари бўғизланган ҳайвоннинг жон аччиғидаги ноласини эслатарди. У юзи билан тахтага қапишиб қолган, овози ҳам, ҳаракати ҳам тобора сусайиб борарди.
Сочларига чигал тушди, юракни ўртовчи ноласи турмачиларнинг хансираши билан алмашди, яхши уролмай қолганларни турма бошлиғи савалар эди.
− Сиз, Лусио Васкес, оғир жиноят қилган ҳар бир фуқаро Сеньор Президентнинг буйруғини бажарганман деб жазодан ҳоли қолади деб ҳисоблайсизми? Сеньор Президент ақлдан озган эмас. У шундай буйруқ берадими? Бахтсиз телбани бу даражада шафқатсизлик ва разиллик билан ўлдириш учун берилган буйруқни тасдиқловчи ҳужжатингиз қани?
Васкес оқариб кетди. Жавоб тополмасдан қалтироқ қўллари билан шимининг чўнтакларини кавлади.
− Ўйлайманки, тергов пайтида сўзлар эмас, ҳужжатлар зарурлиги сизга маълум бўлса керак. Акс ҳолда биз қандай ишлаймиз? Буйруқ қани?
− Биласизми, бу ерда… қандай тушунтирсам экан… буйруқ менда йўқ. Топширганман. Сеньор Президент буни билиши керак.
− Нималар деяпсиз? Нега қайтариб бардингиз?
− Унда буйруқ бажарилгандан кейин қайтариб берилсин деб ёзилган эди. Менда қолмаслиги учун… Мен шундай ўйлайман… Сиз биласизми?..
− Оғзингни юм! Мени лақиллатмоқчими бўлдингми? Президент деб бошимни қотирасан! Мен сенга мактаб боласиманми?! Қонун қайд этилган ҳоллардан ташқари шахснинг оғзаки кўрсатмаси инобатга олинмайди. Бу ер жиноят кодекси ҳақида маъруза ўқиладиган жой деб ўйлайсанми? Бас қил! Бас қил деяпман!
− Агар менга ишонмаётган бўлсангиз, ундан сўраб кўринг. Балки унга ишонарсиз? Сиз гадоларни сўроқ қилаётган пайтингизда ёнингизда турган эдим.
− Оғзингни юм! Ади-бади айтишма, даррани хоҳлаяпсанми? Сеньор Президентнинг олдига бориб сўраб келайми? Ҳа, Васкес, очиқ айтиб қўя қолай, сен жуда кўп нарсани биласан! Кўзингга қара, йўқ бўлиб кетасан!
Прокурор айтган сўзлар Лусионинг боши устида гильотинага айланди. У бошини эгди. Дераза ташқарисида шамол гувилларди.

XXI
АЙЛАНМА ЙЎЛ

Кара де Анхель жаҳл билан галстуги ва ёқасини тортқилади. Бегоналарнинг ишини телбаларча қайта муҳокама қилишдан кўра аҳмоқлик йўқ, деб ўйлади у. Бегоналарнинг ишлари… Бегоналар! Аччиқ шубҳалар, таъналар… Яхшилар ҳақида тилингни тиясан, ёмонларга қўшиб-чатийсан… Қип-қизил ахлат. Очиқ ярадаги чўкиртакка ўхшаб ачитади. Йўқ, таъна-ниқобланган, маккорлик билан берилган жазо, у жуда чуқур кириб боради. Дўстона маслаҳатга ёки шунчаки ҳамдардлик билдиришга ўхшаб кўринади… Ҳатто оқсочлар! Қуриб кетсин бундай ифлос ғиди-бидиларнинг барчаси!
Кўйлагининг тугмалари тушиб кетди. Узилди! Худди кўкраги иккига бўлиниб кетгандек бўлди. Хизматкор аёллар унинг севги саргузаштлари ҳақида кўчада нималар дейишаётганини оқизмай-томизмай сўзлаб беришади. Кўпгина эркаклар шунинг учун ҳам уйланишни хоҳламайдилар. Улар битирув имтиҳонида ёдлаган нарсаларини шариллатиб қайтариб берадиган тиришқоқ қизларга ўхшаб кўчада ўзи ҳақида бўлаётган гапларни ўз уйида ҳам такрорлаб берадиган аёл билан яшашни ёқтирмайдилар.
Бундай аёллардан яхшилик кутиш мумкин эмас. Бора-бора у − Кара де Анхель сингари ўзи қилган-қилмаган ишларни оқсочларидан эшитадиган бўладилар.
Хуллас, у кўйлагини ечмасдан дераза олдига борди ва пардани ярим туширди. Ухлаш керак… майли, у қия очиқ ҳолда бугунги кун, айнан мана шу кун ҳали тамом бўлмаганини, ҳали давом этаётганини билдириб турсин.
“Ухлайман, − деб такрорлади у карот олдида. Оёқ-яланг, ёқаси очиқ кўйлакда шимини еча бошлади. − Эҳ, сени қара, шайтон! Пиджакни ечишни унутибман-ку!”
Ялангоёқ совуқ цемент полни босмаслик учун товони билан юриб, стул олдига келди ва суянчиғига пиджакни осиб, бир оёқда ҳаккага ўхшаб сакраб-сакраб яна тўшак ёнига қайтди. Ёқимсиз совуқдан қочиб, ўзини таппа ташлади. Шими қоронғида улкан соат милларига ўхшаб кўринди. Цемент музни эслатади. Нақадар расволик! Туз солинган муз. Музлаган кўз ёши. Ўзини каравотга отди − кўчаётган муз устида қолган одам қутқаришга келган қайиққа шундай сакрайди. Ҳаммасидан − барча ҳодисалардан қутилмоқ керак, каравотда − оролда, соя ва қоронғилик ўртасида оппоқ оролда кукундек тўзғиб кетаётган воқеаларнинг ҳаммасини унутиб ухлаш, ором олиш керак…
Орзу! Орзу қилганинг ё сеники, ё сеники эмас. У худди қафасдаги олтин булбулга ўхшаб кафтингда турибди. Вужудингга малҳам бўлувчи, ёмби уйқу ҳеч қандай ташриф қоғозисиз деразадан кириб келадива киприклар эшигидан чиқиб кетади. Аввалгиларга ўхшаб хотиржам, мириқиб ухлаш керак.
Зум ўтмасдан у ухлай олмаслигини англаб етди, уйқу шифтдан ташқарида, уйнинг устидаги оппоқ бўлшиқда, қайсар мангулик қучоғида турибди. У қорни билан ётди. Юрагини тинчитиш учун чап томонига ағдарилди. Кейин ўнг томонига. Аввалги роҳатбахш уйқу кейинги бир неча соат ичида қаерларда тантираб қолди. Ҳеч қандай ташвиш, ғам-ғуссани билмас эди, ётарди-ю хотиржам уйқкга кетарди. Қизни зўрлаб бўйсундирмагани учун эҳтирос уни тергашга тушди. Баъзан ҳаётдаги қора қатламлар борлиғингни бўғиб оладики, ўзингни ўлдиришдан бошқа иложи йўқ. “Мен ҳаётдан кетаман…” − деди у. Аъзойи бадани қақшаб кетди. Бир оёғи билан иккинчисини туртиб кўрди. У осилиб қолган дорда битта мих камлик қиларди. “Маст одамлар кўчада кетаётганда осилганларга ўхшайдилар, − ўйлади у. − осилганлар эса шамол тебратганда мастларга ўхшаб қолади. Туйғулар айблайди. Мастлар уруғи… Осилганлар уруғи… Сен, Кара де Анхель, ҳамон ғўр куркадан баттарсан! Ҳа, аблаҳлар ўз шаҳвоний ҳисоб-китобларида адашган эмаслар. Биз қабристонларга болаларни сиямиз. Қиёмат кунининг қувурлари… Балки улар айнан қувурлар эмасдир.олтин пичоқ тинимсиз мендаги болаларни кесади. Биз, эркаклар, чўчқа ичакларига ўхшаймиз, иблис бизни қиймаланган гўштга тўлдириб колбасага айлантиради. Мен ўзимни синдириб, Камилага қўл тегизмаганимда вужудимнинг бир қисми бўм-бўш бўлиб қолди. Мен ана шу бўшлиқни сезиб турибман, нафратланаяпман, ажабланмоқдаман, қопқондан чиқиб кетишга ҳаракат қилмоқдаман. Хотинсиз эркаклар − қиймаланган гўштсиз ичаклардир. Нақадар ифлослик! Чойшаблар аёлларнинг узун орқа этагига айланиб қолган. тердан хўл бўлган ярамас этаклар.
Кортес “Қайғу кечаси”да йиғлаган пайтда дарахт тагида япроқлар шундай қаттиқ азоб тортган бўлса керак. “Оҳ, менинг асабларим!..” Соатнинг эриган товуши. Гардонидаги шойи гажаклар… “Ҳеч қачон”. Қўшнисида фонограф бор. билмаган эканман!.. Биринчи марта эшитиб турибман. Нариги томонидагида ити бор. Эҳтимол, иккитадир. “Фонограф трубаси билан хўжайиннинг овози келаётган томонда икки ит орасида менинг уйим, менинг бошим ва ўзим. Олис ва ёнма-ён − мана “қўшни” деганлари. Фақат фонографини бурашни билади. Яна ғийбат тарқатади. Мен ҳақимда нима дейишлари маълум. Тешик халталар! Мен ҳақимдагиси майли, агар уни чайнашса… Агар у ҳақида бир оғиз ёмон гап эшитсам, уларни Либерал ёшлар гуруҳига жўнатиб юбораман. Тавбасига таянишади! Шайтон малайлари, заррача виждони йўқ. Шундай иғво тарқатишади: “Кечаси бахтсиз қизни қўлга туширди, қовоқхонага олиб бориб зўрлади. Маҳфий полиция эшикни қўриқлаб турди.” Бу лаънати тойхарлар уни қандай ечинтирганим, кўйлагини йиртиб ташлаганим, хонада қамалиб қолган қушча ўзини деразага уриб, қанотларини тўзғитгани ҳақида гапиришади. Бир оғиз эркаламасдан кўзларини юмиб зўрлади, дейишади. Шундай ўлдиришади ёки тинчлантирувчи ичимлик ичишади. Қанийди, бутунлай буни тескариси бўлгани, жувонмардлик қилганим учун афсусланиб ётганимни билишса эди! Ҳеч бўлмаганда бу гапларнинг ҳаммаси ёлғон эканини англашса эди! Чамаси, улар буни тасаввур ҳам қила олмайдилар… Йўқ, бу серафимларга Либерал ёшлар партияси кам. Ҳар иккаласи ҳам бўйдоқ − шубҳасиз бўйдоқ!.. икковига шундай хотин олиб бериш керакки… Сеньор Президентнинг меъдасига тегиб кетган иккитасини биламан. Ана шуларни! Ана шулар жуда боп! Тўғри, биттаси хомиладор… Зарари йўқ, тешиб чиқмайди. Ҳатто яхши бўлади. сеньор Президент буюргандан кейин… кимни ҳадди сиғади? Қаппайган қорнига ким қараб ўтирибди… Уйлантириб қўяман деб, уйлантираман деб қўрқитиш керак уларни…”
У ғужанак бўлиб ағдарилиб, тиззаларини қучоқлаб ётди, ёстиқ билан бошини беркитди − миясини тешиб чиқаётган яшин фикрларни тўхтата олса. Чойшабларнинг хўл бурчаклари, қутуриб чопаётган ақлнинг лаҳзалик бекатлари. У оёқларини узатди ва бармоқларини каравотнинг бронза оёқларига тегизди. Кўзларини оҳиста очди. Гўё киприкларнинг нафис тўрларини йиртгандек бўлди. Кўзлари − шифтнинг туйнуги… у туйнукда осилиб турибди, вазнсиз, нимқоронғиликка ўхшайди, суяклари йўқ, қовурғалари тоғай кемирчакларга ўхшаб юмшаб қолган, боши Ойпарастнинг пахтаванд қўли… эшик тақиллатадиган болғача. Уйлар − болғабоп дарахтлар. Уйлар − болғабоп дарахтлар ўрмони. Товуш япроқлари тўкилади… Эшикларнинг қўл тегмаган дасталари қўл тегмаган товушларни улоқтиради… Тақиллатмасдан бошқа нима қилсин? Улар эшикни очмасдан бошқа нима қилсинлар? Аммо очишмайди! Хоҳласанг эшикни бузиб ташла! Тақиллатасан, тақиллатасан, хоҳласанг эшикни бузиб ташла. Тақиллатасан, тақиллатасан − натижа йўқ. Хоҳласанг эшикни бузиб ташла…
…Ким?.. Ким у ерда?..
Кимдир ўлгани ҳақида хабар келибди.
− Майли, фақат ичкарига кирманг, у ухлаяпти. Мана бу ёққа, столга қўйинг.
“Сеньор Хоакин Серон ўтган кечаси вафот этди. Худо раҳмат қилсин. Марҳумнинг хотини, болалари ва қариндошлари бугун соат 4 да куннинг иккинчи ярмида ўтказиладиган марҳум билан видолашув маросимига қатнашишга таклиф этишни ўзларининг азадорлик бурчи деб биладилар. Марҳумнинг манзили: Карросеро тор кўчаси.”
Хоакин Сероннинг ўлими ҳақида оқсоч ўқиб бераётган хабарни, ўзи хоҳламаганига қарамай, эшитди.
Қўлини узатиб, қоғозни олди ва ёстиғи тагига тиқиб қўйди. Пешонасидан пат кийимли дон Хуан Каналес юриб ўтди, унинг қўлида тўртта чиллик туз, Исо Масихнинг тўртта юраги − қайроқ тош бор. бўйнига доня Худит миниб олган; улкан кўкракларини сиқиб қўйган корсетни ғижимлайди, корсет метал ва ўргимчак тўрларидан тикилган, қадимги замонга мослаб турмакланган сочига тож кийиб олган, алвастининг худди ўзи. Бош остига қўйиб олган қўли оқиб ётибди; у худди чаён ёпишган кўйлакни авайлаб ушлагандек бармоқларини эҳтиёткорлик билан узатди.
Аста-секин-аста-секин.
Лифт елкасига кўтарилди, ичи тўла чумоли… Лифт тирсагигача тушиб келди, ичи тўла ғалати чумолилар. Қоронғиликда қўли, билагигача труба бўйлаб қалтироқ тушиб келди… Унинг қўли − дарё. Қўли − жуфт бармоқлар… У полгача ўн мингта тирноғини ҳис қилди.
Бечора, тақиллатади, тақиллатади, натижа йўқ!.. Ана аблаҳлар, хачирлар! Очишганда башарасига туфурарди… Худди икки карра икки − тўрт… яна икки қўшилса олти… ўн олти… ўн етти… башарасига туфураман. Дастлаб қойиллатиб тақиллатди, охирига борганда − кучсиз, худди тумшуғи билан ерни чўқилагандек… Тақиллатгани йўқ − ўзларига гўр қазишди… Умидсиз ҳолда уйғониш! Эрталаб олдига бораман… Шундай қилиш мумкин… Отанг ҳақида хабар келди дейишим мумкин… Бугун ҳам бориш мумкин, хабар… Ишонмаса ҳам… мумкин…
“Мен унга ишонаман! Бу равшан нарса, жудаям равшан, улар отасидан воз кечдилар ва унга мени танишниям хоҳламайман” деб айтдилар. Камила беканинг каравотида елкасидаги оғриқдан тиршиб, эски тахталар, расмлар ва пардалар билан тўсилган ҳолда қовоқхонадаги кунда шундалардан генералнинг қочиб кетгани, қизининг ўғирланиши, арзанданинг жасорати… сингари ўтган куннинг муҳим воқеаларини эшитиб ётарди… Бека ўзини ҳеч анрса билмагандек тутар, ичидан нима ўтаётганини сездирмасди.
Боши айланиб кетди, Камила бирдан бу сассиқ ҳидли одамлардан узоқлашди. У бўлиқ ва сокинлик ичига қулаб тушди.
Қичқириш − мумкин эмас… индамай ётиш − даҳшат… У бақириб юборди. Лаъанати совуқдан бадани увишиб, музқотган қушнинг танасига ўхшаб қолди… бека югуриб кирди.
− Сизга нима бўлди? − У шишадек кўкариб кетганини кўриб қўрқиб кетди, тишини қисиб олган, кўзлари юмилган. Бека дўконга чопди, графиндаги арақдан оғзига тўлдирди ва Камиланинг олдига югуриб келиб, юзига пуркади. Ташвишланганидан мижозлари кетиб қолганини ҳам сезмади. У бутун авлиё-анбиёлар. Биби Марьям номини тилга олиб Камилани бу ердан тезроқ олиб кетсинлар деб илтижо қила бошлади.
“Эрталаб хайрлашаётганимизда у йиғлаган эди… Уни нима қилиш керак… Ҳозир ишонмаётган одамлар бир куни асл ҳақиқатни билиб оладилар − улар қайғуда ҳам, шодликда ҳам фақат кўз ёши тўкадилар…”
Кара де Анхель ўз каравотида тушида эмас, ўнгида ўз ёғига ўзи қовурилиб ётарди. Секин-аста уйқу эллита бошлади, худди пардек енгил, худди иссиқ ҳаводек жисмсиз, шаклсиз бўлиб қолди, ўзининг нафаси уни аллалай бошлади…
Камила бўлса юксак, мафтункор ва даҳшатли бўшлиқда қабр устидаги хоч кабиучиб борарди.
Қора денгиз бағрида дайдиб юрган Ҳукмдор уйқу уни ўз кемаларидан бирига чорлади. Қийма-қийма бўлиб кетган қурбонни ютаман деб талашаётган оч тўлқинлар оғзидан кўзга кўринмас қуллар сўнгги дақиқада қутқариб олди.
− Бу қанақа одам? − сўради Уйқу.
− Мигель Кара де Анхель, − деб жавоб беришди кўзга кўринмас хизматчилар. Уларнинг оппоқ, узун қўллари енгидаги қора соялардан чиқиб турарди.
− Уни кемага чиқаринглар… − Уйқу ўйланиб қолди, − ҳали бир-бирини севиб улгурмаган, аммо севаман деб ўзини ишонтириб юрганлар кемасига чиқаринглар.
Уйқу хизматчилари уни ҳаётий ташвишлар чангига кўмилиб қолган ҳаёлий кемага кўтариб бордилар; аммо тақиллаб турган узун қўл улардан юлиб олди…
… Каравот…
… Оқсоч…
Йўқ, хат эмас… Болакай!
Қўрқиб кетган Кара де Анхель кўзларини уқалаб, бошини кўтарди. Каравот ёнида болакай пишилпб турарди. Ниҳоят у тилга кирди:
− Бу ерга…сизни олдингизга… қовоқхонадаги − бека… юборди… сиз… у ёққа… тез борар… экансиз… сеньорита… ёмон…
Агар арзанда Сеньор Президент бетоблигини эшитганда ҳам бунчалик тез кийинмаган бўларди. У дуч келган шляпани бошига кийиб, ботинкаси боғланмаган, галстук тақмаган ҳолда кўчага отилди.
− У қандай аёл? − сўради Уйқу. Сувда оқиб келган атиргулни эндигина ушлаб олган хизматчилар:
− Камила Каналес, − деб жавоб бердилар.
− Шундайми? Бахтсиз ошиқлар кемасида жой қолган бўлса, уни ўша ёққа олиб боринглар…
− Хўш, доктор, аҳволи қандай? − Арзанда оталарча меҳрибонлик билан сўради.
− Ўйлайманки, ҳарорати яна кўтарилади. Ўпкаси шамоллаган.

XXII
ЖОНЛИ ҚАБР

Энди ўғилчаси йўқ… Федина иплари узилиб, яроқсиз бўлиб қолган латта қўғирчоқни ушлаган каби қовракдай енгил мурдани қайноқ юзига босди. Узоқ ўпди. Чўккалаб ўтирди − сарғиш нур эшик тирқишларидан тушиб турарди. Ўғилчасининг жасадига тўйиб қараш учун полгача − тонгнинг ёруғ жилғачасигача эгилди.
Юзлари салқиб, яранинг пўстлоғидек юпқа бўлиб қолган, кўз атрофлари қорайиб, лаблари бўзариб кетган… Эмизикли чақалоққа эмас, чала туғилган хомилага ўхшайди!.. Уни нурли йўлакчадан тортиб олиб сут тўлиб турган кўкрагига босди. У худога илтижо қилди, ўксиб йиғлади, ғулдиради. Баъзан юраги тўхтаб қолгандек бўлар ва ҳиқичоқ ичида сўзлари бўлиниб-бўлиниб чиқарди: “Бо…ла…жо..ним!..бо..ла..жо…ним!..”
Қотиб қолган юзларидан кўз ёшлари думалайди. У кучдан қолгунча йиғлади, эри ҳаёлига ҳам келмасди. Агар қўйилаётган айбни бўйнига олмаса очдан ўлдирамиз деб эълон қилишган. Аёл оҳакдан илма-тешик бўлган қўли ва кўкрагидаги оғриқни ҳам, шамоллаган кўзини ҳам, жазони ҳам ўйламас, тош, метинга айланган эди. Кўз ёшлари буткул адо бўлгандан кейин у болажонининг қабрига айланишини ҳис қилди, уни қайтадан қорнига жойлаб олди ва ўлгунча ундан ажралмайди. Унинг ниҳояси йўқ ғам-ғуссасини қисқагина қувонч йўқотгандек бўлди. Ана шу фикр − ўз ўғлининг қабрига айланиш фикри юрагини малҳамдек мойлади. Суюкли эри билан қабрга бирга бораётган фароғатли Шарқ аёллари ана шундай севинадилар. Йўқ, у улардан кўра ортиқроқ қувонди, чунки у қабрга бормади, ўзи жонли қабрга сўнгги бешигига, она бағрига айланди, улар Қиёмат кунида сур чолинишини бирга кутадилар. Кўз ёшларини артмасдан, худди байрамга бораётгандек сочларини текислади ва камера бурчагига сиқилиб ўтириб, жасадни кўкрагига, қўлларига, оёқларига босди…
Қабр марҳумларни ўпмайди − у ўпиши мумкин эмас. Улар сиқади, худди ўзига ўзшаб кучли сиқади. Улар тинчлантирадиган кўйлакка ўхшайди, тинчлантириш ва севиш кўйлаги, унинг ичида чувалчанглар ғимирлаб, нафасинг қайтса ҳам жим ётишинг керак.
Нурдан қочган қора соялар чаёнларга ўхшаб деворда оҳиста ўрмалайди. Девор − суякдан… Уятсиз расмлар билан таутировка қилинган. Федина кўзларини юмди − қабр ичи қоронғи; сукут сақлади, товушини чиқармади − қабр устида сукут сақлаш керак.
Кеча. Самовий сувлар билан ювилган сарвлар ҳид сочади. Қалдирғочлар. Ингичка ярим ой. Кўчалар ҳали ёруғ. Болалар мактабдан чопиб келишмоқда. Янги ҳаёт тўлқинлар шаҳарга интилади. Баъзилар сурбет пашшаларни ҳайдаб, беркинмачоқ ўйнашади. Бошқалар хўрозга ўхшаб уришаётганларни ўраб олишган − бурунлардан қон, мишқи, кўз ёши оқади. Учинчилари эшикларни тақиллатиб, қочиб кетишади. Тўртинчилари ҳар хил ширинликлар еб, қарта ўйнашади, асал солинган кулчаларни шакар аралаштирилган кокос ёнғоқларини бодомли печеньеларни, мерингиларни туширишади ёки қароқчиларга ўхшаб мевали корзинкаларни бўшатишади, орқадагилар юриб кетатуриб чайқовчилик қилишади, маркаларни кўришади, чекишади ва ким биландир муштлашишга ҳаракат қилишади.
“Янги уй” олдига извош келиб тўхтади. Ундан учта ёш аёл ва семиз кампир тушди. Кўринишидан кимлиги билиниб турарди. Калта қалин ип газлама кўйлаклари остидан кир босган тўр лозимлари кўриниб турибди, қизил чулки, баланд пошнали сариқ туфли, ёқаси очиқ кўйлаги киндигигача тушган. “Людовик XV”русумида турмакланган ва ҳурпайган сочлари, гажаклари сариқ, кўкимтир ленталар билан танғиб қўйилган. Қип-қизил юзлари фоҳишахоналардаги фонарни эслатади. Қора кўйлак устидан бинафшаранг рўмол ташлаб олган кампир жавоҳир узуклар тақилган семиз бармоқлари билан тутқични ушлаб, аравачадан зўрға тушди.
− Озгина кутиб туришсинми-а, Чанита? − сўради танноз хонимларнинг кичкинаси. Унинг ўткир овози кўчада ётган тошларни ҳам тешиб юборгудек эди.
− Майли, кутса-кутаверсин, − жавоб берди кампир. Тўртовлон “Янги уй”га киришди; ходима уларни ўта эҳтиром билан қаршилади.
Қабулхонада кутиб ўтирганлар мум тишлаб қолаверишди.
− Ҳой, Чинта, котибларингиз келдими? − сўради кампир.
− Ҳа, донья Чон, ҳозир келди.
− Сен унга кириб айт, мен жуда муҳим қоғоз олиб келдим.
“Ходима чиқиб кетди. Кампир жим кутиб ўтирди. Ёши улуғ хонимлар бу турма бир пайтлар монастир бўлганини яхши эслашади. Авваллари бу ерга оёғи суюқ аёлларни келтиришарди. Аёллар, аёллар… Эски деворлар устида роҳибаларнинг майин овозлари кабутарлардек учиб юради. Бинафшалар ўрнига эрталабки ҳузурбахш ёқимли оппоқ ёғдулар чарақлайди… Уларнинг ўрнига соқчилар ва занжирлар − қийноқ қуроллари − салб ҳамда ўргимчак тўри нишони остида гуллаб-яшнамоқда.”
Ходима қайтиб келгач, донья Чон котиб ҳузурига кирди. Бошлиқ аёл билан тил топишиб олган эди. Прокурор маҳбус Федина Родас шу дақиқадан бошлаб донья Чон Тилла Тишга қарашли “Лаззатлар олами” идораси − фоҳишахона шундай аталарди − ўтказиш ҳақида (ўн минг песо эвазига, аммо у бу борада сукут сақларди) кўрсатма берганди.
Қоронғи камерада нимадир икки марта шарақлади. Бахти қаро Федина боласини кўксига босган ҳолда кўзларини юмиб ҳамон бурчакка қадалиб ўтирарди. Қулоғи ҳеч нарсани эшитмасди. Калитлар фарёд солди, эскирган илгаклар узоқ вақт инграб турди. Эшик очилди ва уни камерадан итариб чиқардилар. Ёруғликка бардош беролмади, гўрдан чиққандек, кўзларини юмиб олди. Бебаҳо хазинасини кўкрагига босиб, сотиб олинган ҳайвондек судраб олиб кетишди.
− Ҳо-ҳо-ҳо, ўзини соқов кўрсатмоқчи!
− Кўзини юмиб олганини қаранг!
− Балки уялгандир!
− Ўғлим уйғонмасин деб қўрқяпти!
Бутун йўл бўйи донья Чон ва учта танноз шу алфозда гаплашиб боришди. Карета чорасиз кўчалардан гумбирлаб борарди. Дон Кихотга ўхшаб кетадиган испан ҳайдовчи кечқурун майдонга тушадиган отларини жаҳл билан саваларди, чунки у буқалар жангида найзадорлик қилиши ҳам керак. У билан бирга кўзларини очмасдан, лабларини қаттиқ қимтиб, ўғлининг жасадини бағрига босиб олган Фединаҳам, қўшиқда айтилганидек, қамоқхона билан исловотхона орасидаги бир қадам йўлни босиб ўтишга мажбур эди.
Донья Чон ҳайдовчи билан ҳисоб-китоб қилди. Нозанин аёллар дугоналар каби Фединани авайлаб ушлаб “Лаззатлар олами” эшигига олиб бордилар.
Бир неча мижоз − деярли ҳаммаси ҳарбий − меҳмонхонада маишат қилиб ўтиришарди.
− Ҳой, сен, соат неча бўлди? − Донья Чон кириши билан буфетчига қараб қичқирди.
Ҳарбийлардан бири жавоб берди:
− Еттидан йигирма дақиқа ўтди, доня Чомпипа…
− Сен ҳам шу ердамисан, ҳарбий? Сезмай қолибман!..
“Янги меҳмон” ҳаммани қизиқтирмоқда эди. Ҳаммаси уни шу кечага сўрашарди. Ўғлининг жасадини кўксига босиб олган Федина гўрга ўхшаб жим турарди. У кўзини очмас, бадани музлаб, тошга айланиб кетган эди.
− Ҳой! − доня Олтин Тиш бояги ёш таннозларга қараб қичқирди. − Уни ошхонага олиб боринглар. Мануэла яхшилаб боқсин. Қорни тўйгач, чўмилтириб, кийинтиринглар.
Кўккўз артилерия капитани “янги меҳмон”нинг олдига келиб сонини ушламоқчи бўлди. Нозанинлардан бири ёрдамга шошилди. Кўзлари чақчайган бошқа ҳарбий (кўппакнинг худди ўзи!) тишларини ялтиратиб, арақ ҳиди гупиллаб турган лаблари билан аёлнинг (кўз ёшлари қотиб, шўр бўлиб қолган) юзини чўлпиллатиб ялашга тушди. Эҳ, казарма билан фоҳишахона ораси бунча яқин! Ўқлар совуқ, аммо қизлар ҳамиша қайноқ.
− Ўзингни бос, ҳарбий, шошилма! Унга тегма! − бека аралашди (яхши эмас, ҳали ювиниб-таралмаган!)
Федина ифлос ҳаракатлардан ўзини ҳимоя қилмади, фақат кўзларини қаттиқ юмиб олди, лабларини қимтиди, хаёлида кўкрагини чўлпиллатиб эмаётган ўғлининг жасадини бағрига босиб, ёввош тортди ва ўзини гўрдек қоронғи зулмат ичига кириб қолгандек ҳис қилди.
Уни қоронғи кеча қаърига сингиб кетган фонтанли ҳовлидан олиб ўтишди. Аёллар инграшади; синиқ, ингичка садолар; беморлар ёки ўқувчи қизлар, маҳбуслар ёки роҳибаларнинг шивир-шивири; сохта кулги, қий-чув; чулкили енгилоёқ товушлари. Қайсидир хонадан ташлаб юборилган қарта дастаси тош плиталарга елпиғичдек ёйилди. Пахмоқ сочли аёл тунука остидаги деразадан энгашиб қарталарга қаради ва қисматини кўриб, туллаган юзидаги кўз ёшларини артди. Қизил фонар “Лаззатлар олами” қаршисидаги кўчани ёритди. У кўзлари шамоллаган улкан ҳайвонга ўхшайди; одамлар ва тошларни ваҳимали тусда кўрсатади. Фотолаборатория мўъжизаси. Одамлар юзларидаги чўтир изларини йўқотмоқчи бўлгандек қизил нур шуъласига бурканиб олишган. Улар худди қон ичаётганга ўхшаб (бировнинг кўзи тушиб қолмасин!) уялиб, юзларини нур остига яшираётгандек кўринадилар. Сўнг кўчадаги тиниқ нурлар ичига, чароғон шаҳарнинг оқ-сарғиш нурлари орасига, уйлардаги юмшоқ чироқлар қучоғига кириб борадилар.
Федина ҳеч нарсани кўрмас эди. У фақат ўғли учун яшамоқда эди. Кўзлари қисилган, лабларини қаттиқ тишлаб, жасадни сут тўла кўкрагига босиб олган. Танноз аёллар уни ошхонага олиб боргунча нималар қилмади дейсиз! Бари беҳуда!
Ошпаз Мануэла Кальварио “Сеҳрли олам”даги кўмир ва ахлат қутилари орасида неча йиллардан бери чинакам хўжайиндек (фақат соқоли йўқ ва ишқорланган юбка кияди) яшаб келади.
Фединага кўзи тушган муҳтарам хонимнинг юзлари бир зумда ҳавога тўлгандек шишиб кетди, улар сўзларга айланиб, отилиб чиқа бошлади:
− Яна битта шарманда келдими? Қаердан йўлиқди? Нимани кўтарибюрибди?!
Таннозлар нима учундир сукунатни бузгиси келмасдан қўлларини панжара қилиб, турмадан чиққан деб ишора қилдилар.
− Ҳой, сен, битлиқи то-вуқ! − вайсади ошпаз. Таннозлар кетгач, яна дам босди: − Бу кунингдан ўлганинг яхши-ку! Ҳой! Мана сенга тушлик! Мана сенга! Мана!
Қўлидаги сих билан Фединанинг елкасига бир неча марта туширди.
Кўзлари юмуқ, жасадни кўкрагига босиб олган Федина полга йиқилди. Энди бутунлай сезги туйғусини йўқотган эди. Ошпаз ошхонада айланиб чўқинар ва тинимсиз уни қарғар эди.
У қазноқдан катта тоғора кўтариб кирар экан, димоғи бадбўй ҳидни сезди. Қанақа ҳидлигини суриштириб ўтирмади. Фединани тепиб, бўкиришга тушди:
− Башаранг қурсин, сасиб кетибсан-ку! Йўқотинглар! Қани, тез йўқотинглар! Топган матоҳини қаранглар!
Бақириқни эшитиб, доня Чон югуриб келди, иккаласи дарахт шохини синдираётгандек, Фединанинг қўлини зўр бериб тортқилашга тушдилар. Чақалоқни юлқиб олишаётганини сезган Федина кўзини очди ва даҳшат ичида қичқириб, ҳушидан кетди.
− Жасад уриниб қолибди! У ўлиб бўлган! Вой, қанжиғ-ей! − нола солди доня Мануэла. Бека қўрқиб, қотиб қолди, ошхонага қизлар ёпирилиб киргандан кейин керакли жойга хабар бериш учун телефонга югурди. Аёлларнинг ҳаммаси чақалоқни кўрмоқчи бўлиб, бир-биридан юлиб олишар, сўлиб, салқиган юзларига сўлакларини суртиб, бетўхтов ўпишар эди. Йиғи-сиғи, дуо ўқиш бошланди. Майор Фанфаа хабар бериш учун полицияга югурди. Энг катта хонани бўшатишди. Хушбўй гиёҳлар ёқишди доня Мануэла ошхонада қатрон тутатди, локланган қора патнусга юпқа ялтироқ мато ёзиб, гуллар солди ва устига хазон баргидек буришиб сарғайган чақалоқни ётқизиб, кўтариб чиқди.
Мана шу тунда ҳамманинг боласи ўлди. Тўртта гам ёқиб қўйилди. Хона пирог ва арақ, сигарета ҳамда одамларнинг ҳидига тўлди. Оғзидаги узун сигаретани сўриш ўрнига чайнаб ташлаётган ярим сархуш аёл калта ич кўйлагидан яланғоч кўкрагина чиқариб йиғлар ва чақалоқ устига энгашиб мунгли хиргойи қилар эди:
Ухла, жоним, қўзичоғим,
Токчадаги қовоққа ўхшаб.
Сенга уйқу бермасдан ҳозир,
Очкўз бўри ямлаб ютади.
Ухла, жоним, ол ором,
Ишлар кутиб турмайди.
Онажонинг йўргакни
Ҳам ювиб, ҳам тарайди.

XXIII
СЕНЬОР ПРЕЗИДЕНТГА МАЪЛУМОТНОМА

1. Браннинг беваси пойтахтда яшовчи Алехандра, “Эркин кит” тўшак устахонасининг эгаси, маълум қилишича, унга тегишли устахона “Тустеп” қовоқхонасига туташ жойлашгани учун бу ерга кўпинча, аксари ҳолларда кечаси, номаълум еишилар христиан одатларини баҳона қилиб бемор кўришга тез-тез келаётган экан. Браннинг беваси Сеньор Президентнинг эътиборига етказишни лозим топадики, девор орқасида туриб эшитган гапларига қараганда, тилга олинган қовоқхонада генерал Эусебио Каналес яшириниб ётибди. Бу ерга келиб-кетаётган кишилар давлат тинчлигига ва Сеньор Президентнинг бебаҳо ҳаётига кўз олайтирган ёзув ниятли шахслардир.
2. пойтахтда вақтинча яшаб турган Соледад Балмарес маълум қиладики, унинг жамғармаси тамом бўлиб, ейишга ҳеч нарсаси қолмаган, бу аёл хорижлик бўлгани учун танишларидан ёрдам сўраши мумкин эмас. Ана шу ҳолатларга мувофиқ у Сеньор Президентга илтижо қилиб ўғли Мануэл бельмерес ва куёви Федерико Орнеросни қамоқдан озод этилишини сўради. Унинг айтишига қараганда, у фуқароси бўлган мамлакат элчиси фақат ҳалол меҳнат қилиб, тирикчилик ўтказиш мақсадида бу ерга келган мазкур шахслар сиёсат билан шуғулшланолмаганлигига кафолат беради. Уларнинг жинояти шундан иборатки, ишга жойлашиш осон бўлсин деб, генерал Эусебио Каналес берган тавсияномадан фойдаланган эканлар.
3. Полковник Пруденсио Перфакто пас маълум қиладики: у яқинда чегара ҳудудларида саёҳатда бўлиб, қўшинларимиз ишғол қилиши лозим бўлган ҳудудлардаги маҳаллий шароит, йўллар ва сўқмоқлар ҳақида аниқ маълумот олиб келган. Полковник Инқилобий исён рўй берган тақдирда стратегик жиҳатдан муҳим нуқталарда ҳаракат қилиш режаларини батафсил баён қилади. У яна чегараларда шубҳали шахсларни ёллашаётгани ҳақидаги хабарлар тўғри эканлигини тасдиқлайди. Ёллаш ишлари билан қандайдир Хуан Леон Парада ва яна бошқа шахслар шуғулланмоқдалар. Уларнинг ихтиёрида қўл гранаталари, пулемётлар, милтиқлар, динамит ва ҳарбий ҳаракатларда зарур бўладиган бошқа нарсалар бор. инқилобчилар йигирма беш-ўттиз кишидан иборат қуролли гуруҳларга эга. Улар ҳукумат қўшинларига доимий равишда ҳавф солиб турадилар. Зарур маълумотлар етарли бўлмагани учун полковник исёнчилар бошида генерал Каналес турибди, ана шу шароитдан фойдаланиб, дипломатик келишувларни писанд қилмасдан мамлакатимиз ичкарисига бостириб кирадилар деган хабарларни тасдиқлай олмайдилар. Полковник кейинги ойнинг бошларида ўтказиш мўлжалланаётган ҳаракатларга раҳбар бўлишга тайёр эканини билдиради ва айни замонда милтиқлар етишмаслигини маълум қилади. Полковник маълумотига кўра, қисмнинг шахсий таркибига бир неча беморни ҳисобга олмаганда яхши аҳволда, мазкур беморларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда; ҳар куни эрталаб соат олтидан еттигача унинг ўзи шахсан ўзи машғулотлар ўтказади; аскарларга ҳар куни гўштли овқат берилади; мудофаа мақсадларини назарда тутиб портга қумли қоплар учун буюртма берилди.
4. Хуан Антонио Марес касаллиги пайтида шифокорларни юбориб кўрсатган эътибори учун Сеньор Президентга чуқур миннатдорчилигини билдиради. Батамом соғайиб кетган Хуан Антонио Марес ҳуқуқ ҳимоячиси Абел Карвахелнинг сиёсий фаолияти ҳақидаги ишончли маълумотларни шахсан Сеньор Президент эътиборига етказиш учун пойтахтга келишга рухсат беришингизни сўрайди.
5. Луис Равалес М. хабар берадики, касаллиги ва даволанишга маблағи йўқлиги туфайли Қўшма Штатларга қайтишни хоҳлайди ва Сеньор Президентга самимий садоқатини ҳисобга олиб Республика консулхоналаридан биридан (Янги Орлеанддан бошқа ва аввалги шароитлардан ўзгача) жой беришини сўрайди. Луис Равалес маълум қиладики, январнинг охирида ўтказилган юксак қабул рўйхатига киритилиш шарафига ноил бўлган эди, аммо залда кутиш пайтида генерал Штабнинг ишончсизлигига дуч келиб, рўйхатдан ўчириб ташланганди. Навбати келган пайтда қандайдир зобит уни қўшни хонага олиб кириб, олинган маълумотлар асосида иш кўриши лозимлигини билдиради. Гўё номи зикр этилган Равалес ҳуқуқ ҳимоячиси Абел Карвахелнинг топшириғи билан Сеньор Президентга суиқасд қилиш мақсадида саройга келган эмиш. Луис Равалес яна маълумот берадики, у залга қайтиб кирганда, навбати ўтиб кетган экан; шундан кейин у яна бир неча марта − аммо натижасиз − Сеньор Президент билан учрашиб, қоғозга ҳам ишониб бўлмайдиган баъзи маълумотларни етказмоқчи бўлганини, аммо мақсадига эриша олмаганини билдиради.
6. Никомедес Асейтуно хабар беради: титжорат мақсадлари билан сафарга чиқиб, пойтахтга қайтиб келаётганда сув тақсимлаш минорасига Сеньор Президент номи ёзилган битикда катта хатолар борлигини кўрган. Унда олтита ҳарф етишмайди, қолганларига ҳам шикаст етказилган.
7. Ҳарбий прокурорнинг буйруғига кўра Марказий турмада сақланаётган Лусио Васкес учрашувга рухсат сўрайди.
8. Катарино Рохисио маълум қилади: у ишбошилик қиладиган генерал Эусебио Каналесга қарашли “Ер” мулкида, тилга олинган генерал ўтган йилнинг август ойида тўртта қадрдонини қабул қилган пайтида кайфи ошиб, инқилоб бўлиб қолса, икки батальонни жангга ташлаши мумкинлигини айтган эди. Батальонлардан бирига шу ердаги қадрдонларидан бири − майор Фарфан раҳбарлик қилар экан, бошқаси қандайдир подполковник ихтиёрида бўлиб, номи айтилмаган эди. Инқилоб тайёрланаётгани ҳақида хабарлар кетма-кет келиб тургани туфайли Катарино Рохисо бу маълумотларни Сеньор Президентга ёзма ҳолда билдирмоқда, чунки зўр бериб уринишига қарамай, у қабулга эриша олмади.
9. Генерал Магадео Район черков бошлиғи, руҳоний ота Антонио Блас Кустодионинг мактубини жўнатмоқда. Унда ёзилишича, руҳоний қандайдир Урхико авлиё Кустидио сеньор архиепископнинг шахсий буйруғига мувофиқ тилга олинган руҳоний Урхико ўрнига авлиё Лука жомесига ишга тайинланди деб, ёлғон-яшиқ гапларни тарқатиб юрибди. Бу тухматомуз гаплар тақводор одамларни ғазаблантирмоқда. Бундан ташқари руҳоний ота Урхиконинг (у ҳуқуқ ҳимоячиси Абел Карвахелнинг яқин дўсти) ва унинг шериги қандайдир Аркадия де Аюдонинг ҳатти-ҳаракатлари тақводор католикларни ранжитмоқда. Улар охир-оқибат ёмон ҳодисаларга олиб келиши мумкин. Магедо Район сеньор Президентни булар ҳақида огоҳлантириб қўйишни ўз бурчи деб ҳисоблайди.
10. пойтахтда яшовчи Альфредо Толедано хабар берадики, тунда уйқусизликдан азоб чекиб ётган пайтида Сеньор Президентнинг шахсий дўстларидан бири Мигел кара де Анхель генералнинг укаси ҳукуматга қарши ҳатти-ҳаракатлари билан танилган дон Хуан Каналеснинг эшигини тақиллатганига гувоҳ бўлган. Альфредо Толедано бу ҳақда Сеньор Президентни огоҳлантириб қўйиш лозим деб билади.
11. Тадбиркор Никомедас Асейтуно Қўшимча маълумот беради: сув тақсимловчи минорадаги Сеньор Президентнинг номи ёзилган ҳарфларга маст ҳолатда бўлган ҳисобчи Гильермо Лисас шикаст етказгани аниқланди.
12. Касимиро Ребеко Луна маълум қиладики, полициянинг Иккинчи бўлими уни ҳибсга олганига яқинда икки ярим йил тўлади. Қашшоқлиги ва бадавлат қариндошлари йўқлиги туфайли у озодликка чиқаришини сўраб Сеньор Президентга мурожаат қилмоқда. Душман унсурларнинг топшириғини бажариб, у пономар бўлиб хизмат қилаётган черковда осилиб турган Сеньор Президентнинг онаси ҳақидаги эълон қасддан олиб ташланганликда айбланмоқда; Касимиро Ребеко Лунанинг сўзларига кўра бу айблов ғирт уйдирмадан иборатдир. Сабаби у саводсиз бўлиб, қайси эълонни олиб қўйганини билган эмас.
13. Доктор Луис Барреньо чет элга (илмий мақсадалрда) бориш учун ўзи ва хотинига рухсат берилишини сўрайди.
14. Аделаида Пеньял “Лаззатлар олами” корхонасидан Сеньор Президентга маълум қилади: майор Модесто Фарфан мастлик ҳолатида генерал Каналес бутун армиядаги энг яхши генерал ҳисобланади деб айтди. Тилга олинган генералнинг бошига тушган кулфатларга сабаб шуки, Сеньор Президент билимдон ҳарбийлардан қўрқар эмиш. Айни замонда майор Фарфарнинг таъкидлашича, инқилоб ғалаба қозонади.
15. Марказий касалхонадаги авлиё Рафаил палатаси, 15-ўринда даволанаётган Моника Пердомино хабар беради: бемор Федина Родас алаҳсираб генерал Каналес номини тилга олган. Боши яхши ишламаётгани сабабли Моника Пердомино унинг сўзларини тўла тушунмаган; бошқа биронта одам бемор Родаснинг алаҳсирашларини тингламоғи зарур. Шунингдек, у Сеньор Президентга ожизона садоқатини изҳор қилади.
16. Томас Хавели яқинда сеньорита Аркелино Суарес билан тузилган никоҳ аҳдини Республиканинг Сеньор президентига бағишлайди.

XXIV
ФОҲИШАХОНА

− Тум-па-тоқ-ёв-па-во-па-йи-па! Қу-па-тир-па!
− Ў-па-зинг-па-кан-па-жиқ-па!
− Ман-па? Ҳойсен-па-я-па-ра-па-мас!…
− Жим бўл ҳамманг! Каллаи саҳарлаб “па-па-па!”, “па-па-па!” Мунча итдек ириллаб қолдиларинг! − қичқирди доня Олтин Тиш!
Қора кофта ва бинафшаранг юбка кийган зоти олиялари пештахта олдига қўйилган чарм оромкурсида ўтириб кечки таомни чайнамоқда эди.
Бир муддат ўтгач, у қорамағиз, ўрилган сочлари ялтираб турган хизматкор қизга мурожаат қилди:
− Панча, бориб манжалақи хотинларни бу ёққа чақириб кел! Ўйнагиси келиб қолипти-да! Одамлар келишига ҳаммаси тайёр турсин! Доим ҳайдаб юрасан, итдан туғилганлар!
Туфлисиз чулки кийган икки қиз югуриб келди.
− Югургилаб юрибсанми? Ўйнагиларинг келяптими? Ҳой сан, вой сен, моҳпарилар! Консуэло! Аделаида… Аделаида, кимга гапираяпман? − майоринг келса, қиличини олиб қол, қарзи кўпайиб кетди. Ҳой, тоғора, қарзи қанча бўлди?
− Тўққиз юз… Кеча яна ўттиз олти олди, − жавоб берди буфетчи.
− Ҳим, қиличи қопламайди… тилла эмас… Ҳой, қўтир қўйлар… Аделаида! Деворга гапираяпманми ёки сенгами?
Аделаида сочларини тортқилаётган дугонасини нари итарди ва кулгисини яшириб:
− Эшитаяпман, доня Чон, эшитаяпман, − деб бидиллади.
“Лаззатлар олами” корхонасининг қизлари эски диванларда тизилишиб ўтиришарди. Баланд бўйли, пакана, бақалоқ, ингичка, қари, ёш қизалоқ, ёввош, ўжар, оқбадан, малла, қора соч, кўзлари катта, ўйноқи, қизил танли. Хилма-хил, аммо ҳаммаси бирдек. Ҳаммасидан эркакларнинг иси келади. Чириётган чиғаноқ ҳиди. Арзон шойи кофта остидаги кўкраклари диркиллайди. Қизлар диванлар устида ағанаб бўлиқ ва таранг сонларини, хилма-хил боғичларини, турли-туман ленталар ва тўрлар билан безатилган калта лозимларини намойиш қиладилар. Кутиш жонга тегди. Улар худди вокзалда ўтиргандек кўзларини сузиб ойналар олдида уймалашадилар.
Бири мудрайди, бири чекади, учинчиси музқаймоқ шимади, тўртинчиси шифтга ёпиштирилган гулқоғоздаги саноқсиз чизиқларни санашга уринади. Рақиблар фитна чиқаришга уринади, дугоналар хаёсизларча бир-бирларини силаб-сийпалайди.
Деярли ҳаммасининг лақаби бор. шаҳло кўзлиники − Бойқуш, агар оёғи калта бўлса − Япалоққуш, узунбурунлини − Искабтопар, қорамағзини − Занжи, қизил танлини − Колбаса, қисиқкўзлини − Хитойли, оқ-сариқни − Зиғирпоя, дудуқни − Соқов дейишади. Бундан ташқари жайдари лақабалр ҳам кўп: Қарға, Чўчқача, Панжа, Ичак, Маймун, Ингичка, Каптарча, Насос, Гиламча, Бомба.
Кечга яқин бир неча эркак келади − улар бекор ўтирган қизларга суйкалишади, ялаб-юлқашади, силаб-сийпалашади. Улар олифта, башанг кийинган. Доня Чон жон деб уларни остонадан улоқтириб ташлаган бўларди − чўнтаги мирқуруқлар кимга керак! Аммо “қирол”лар ачиғланмаслиги учун чидашга тўғри келади. Эркалатишга муҳтож бечора қироличалар ана шу шафқатсиз ошиқлар, очкўз ҳомийлар ҳисобига яшайдилар. Ҳар ҳолда ўз одаминг-да!
Ана шу паллада ўсмирлар пайдо бўладилар. Улар гап тополмай чайналадилар, матрабга тушган капалаклардай титраб қалтирайдилар, оёқда зўрға турадилар, фақат кўчага чиққандан кейингина ўзига келадилар. Улар ҳам бир нави. Юввош, ўн беш ёшда. “Хайрли тун”, − “Унутиб кетманг”. Худди чувалчанг чайнагандек оғизда ифлос там (бу ерга келгунча жасорат ва гуноҳнигина билар эди), мириқиб кулганда ёки акробатика билан шуғулланганда пайдо бўладиган лаззатли ҳорғинлик. Оҳ, кўчада − бадбўй исловотхонадан узоқда юриш нақадар роҳат! Улар ҳавони янги кўкатдек тишлайдилар ва ўз куч-ғайратларининг нури бўлмиш юлдузларга мафтун тикиладилар.
Кейин жиддий мижозлар кела бошлайдилар. Эътиборли ишбилармон − юрагида ўти бор, дум-думалоқ (кетворган қорин!). иш юритувчи − худди ипак ўлчаётгандек қучоқлайди. Шифокор − бамисоли юракни тинглайди. Газетачи − қарздан боши чиқмайди! Адвокат − бачкана, ваҳимачи, уйга ўрганган мушук ёки тувакда ўсган гулга ўхшайди. Нафаси сиқадиган буржуй Мўйнадўз − тери ҳиди келиб туради. Ҳар дақиқада тақинчоқларни, ҳамён, соат ва узукларга, ўғринча қўл тегизиб қўядиган бой. Аптекачи − сартарошга қараганда камгап ва камсуқум, аммо тиш докторидек кўзи ўткир эмас.
Тун яримлаганда тутун босиб кетади. Эркаклар ва аёллар лаблари билан бир-бирини ҳолдан тойдирадилар. Шаҳват қўзғатувчи ўпичлар, сўлак суркашлар − оғритмай тишлаш, самимий истаклар, очиқ интилишлар табассумлар − хохолаш, тиқинларнинг отилиши − ростмана мардлар топилса − ўқ узишлар билан алмашади.
− Мана бу чинакам ҳаёт! − ҳайратини яширмади столга суяниб турган бир қария. Унинг кўзлари чарақлар, оёқлари чалишиб кетар, пешонасидаги кўк томирлари ўйнаб чиққан эди.
Борган сари жазаваси ошиб, ёнидаги ҳамшишасидан сўради:
− Ҳу анавини олиб кетсам бўладими?
− Албатта! У шунинг учун ўтирибди-да!
− Ёнида турганини-чи?.. Менга униси кўпроқ ёқаяпти!
− Ҳеч қандай муаммо йўқ, у ҳам кетаверади.
Бир дақиқадан кейин қора сочли аёл ялангоёқ чопиб келди.
− Мана буниси-чи?
− Қайси? Мулат қизми?
− Исми нима уни?ъ
− Аделаида, лақаби − Чўчқача. Фақат унга қараб ўтирманг, у майор Фарфар билан айтишларича, улар ҳар доим бирга.
− Вой, Чўчқачаей, мунча хушторлари кўп, − ғўнғиллади қария.
Қизалоқ Фарманни илондек ўраб олиб, сархуш қилиб қўйди, ёниқ кўзлари сеҳрлади, қучоқлаб, қалин лаблари билан бўса олди (у ўпганида марка ёпиштираётганга ўхшарди), бўлиқ, иссиқ кўкраги, думалоқ қорнини йигитнинг баданига босди.
− Мана бу иркитни йўқот! − шивирлади у майорга. Жавоб кутиб ўтирмасдан (тез ҳаракат қилиш керак!) қиличини суғуриб олди ва буфетчига узатди.
Овозлар туннели бўйлаб поезднинг қичқириғи эшитилди.
Бир жуфт рақс тушарди – бири оҳангга мос, бири билганича тебранарди, худди икки бошли ҳайвонга ўзшар эдилар. Аёллар пардоз-андоз қилиб олган, эркак пианино чаларди. Уни ҳам, пианинони ҳам тишлари етишмайди. “Мен нозик, ноёб одамман”, − дер эди у агар нега атир-упа суркайсиз деб сўраб қолишса ва аниқ бўлиши учун: “Дўстларим мени Пепе, болалар эса Виолетта деб чақиришади. Теннис ўйнамасам ҳам, гўзаллик учун кўкраги очиқ кўйлак кияман, орасталик учун монокль тақаман, эрмак учун фрак кияман. Пубра − нақадар ёқимсиз сўз! Ёғупа билан чўтирларимни бекитаман, бу лаънати конфеттидан ҳам бир сиқим тегиб қолган. менга эса барибир, яхши одамман”, − деб қўшиб қўяди.
Қичқириқлар поезди ўтди. Унинг поршен ва тишли ғилдираклари орасида ундек оппоқ оқариб кетган маст аёл қорни билан ётар, думалаб тушаётган кўз ёшлари юзидаги атир-упа ва пудраларни ювиб ташламоқда эди.
− Вой, белим! Вой, бел-ги-на-а-ам! Вой, во-о-ой, бел…гина-а-ам! Белгинам! Вой белгинам! В-о-о-ой!..
Мастлардан бошқа ҳамма югуриб келди. Хотини ва эркаклар полиция келмасдан бурун қочиб қолиш учун ярадор бўлгани йўқми деб гир айланиб суриштирар эдилар. Яна бир гуруҳ меҳмонлар ҳеч нарса бўлмагандек бемалол гаплашиб юрардилар. Аёл атрофидаги тўда кўпайиб бориб, у эса тилини чиқариб, ҳамон тиришиб тўлғанарди. Оғзидаги ясама тишлари учиб тушди. Одатдаги тутқаноқ, одатдаги телбалик. Тишлари цемент полда думалаётганини кўрган бир киши хохолаб кулди.
Доня Чон дарҳол тартиб ўрнатди. У жўжаларини ҳимоя қилаётган она товуқ сингари қанотини ёзиб, хонасидан югуриб чиқди ва беморни қўлидан ушлаб, ошхона олдигача судраб борди ва кафгир ушлаган ошпаз аёл ёрдамида уни бурчакдаги латталар уюмига улоқтириб юборди.
Ғала-ғовурдан фойдаланган Аделаиданинг қари хуштори ҳеч нарсани англамай қолган майор Фарфан қўлидан уни торитб олди.
− Одамларда оқибат қолмади, шундайми, майор Фарфан? − хитоб қилди ошхонадан қайтиб чиққан доня Чон. − Итдек эзғилашгандан кейин думғазаси оғрийди-да! Жангга кираётган аскарларингиз бирдан додлаб қолишса − нима қилоар эдингиз? Меникилар ҳам шундай, оғриб туради…
Маст-аластлар кулишади. Улар гиламлар устига туфуришаётгандек хохолашади. Бека шу аснода буфетчига гап қотади:
− Манави шилта ўрнига турмадан олиб келинган янги ҳурлиқони қўшмоқчи эдим. Оҳ, куйиб қолдим!
− Диркиллаб турган эди-я!
− Ҳимоячига очиқ айтдим, прокурор пулимни вайтариб берсин. Мен эсимни еб қўйинпманми, итдан бўлганга бекорга пул бериб…
− Албаттта-да! Ҳимоячингизни кўпдан биламан, латтадан баттар!
− Қанжиқ ит!
− Яна маълумотли эмиш!..
− Мени лақиллатиб бўпти! Ақлли бўлиб кетишибди-да! Кети йўғон аблаҳлар, ҳали…
У гапини тамомламасдан дераза олдига йўналди. Кимдир тақиллатаётган эди.
− Биби Мария! Ё, худо, ўзинг етказдинг-а! − қичқирди у эшик олдида фонарик қизғиш ёғдусига беланиб турган меҳмонга имо қилиб. Унинг бош силкитганига жавоб бермай, оқсочга қичқирди:
− Ҳой, Панча, эшикни тезроқ оч! Э, худойим-ей, тез бўл! Дон Мигелито келди, кўрмаяпсанми?!
У лпшаи билан юзини тўсиб олган эди, аммо доня Чон қора кўзига бир қарашдаёқ уни адашмай таниди, юраги алдамади.
— Мана, мўъжиза!
Кара де Анхель хонага кўз югуртирди ва диванда оғзидан сўлаги оқиб, чўзилиб ётган майор Фарфанни кўргандан кейингина хотиржам бўлди.
− Мўъжизани қаранг-а! Биз ғариблардан ҳазар қилмасдан…
− Нималар деяпсиз, доня Чон!..
− Айни вақтида келдингиз! Мен ғам-ғуссага ўралиб қолиб, барча азиз авлиёларга илтижо қилиб чиқдим. Мана, сизни худо етказди!
− Хизматингизга доим тайёрлигимни биласиз-ку…
− Сизга раҳмат. Бошимга катта ташвиш тушди, ҳозир айтиб бераман. Аввал бир қултумгина ичиб олинг!..
− Сиз ташвиш тортманг…
− Нимаси ташвиш бўларкан! Бир қултумгина, нимани ёқтирасиз, қараб кўринг-чи, сизга нима маъқул келаркин? Бизни маъзур тутасиз! Яхши виски хоҳларсиз. Яхшиси меникига кирақолайлик. Мана бу ёққа, бу ёққа.
Уйнинг бир чеккасидаги хона доня Чонники бўлиб, алоҳида бир оламга ўхшарди. Столлар, қутилар, мармар гулкурсиларнинг усти турли ҳайкалчалар, гравюралар, ҳар хил илоҳий буюмларга тўла эди. Турли ҳажмдаги муқаддас оилалар тасвири етук ишлангани билан ажралиб турарди… Диний суратлардан кейин доня Чоннинг йигирма яшарлигида − ҳатто Республика Президенти ҳам унга шайдо бўлиб юрган ва Парижга, Францияга кетишга таклиф қилган пайтида солинган сурати, ундан кейин Олий суднинг иккита ҳаками ва ярмаркада бир-бирини пичоқлаб қўйган учта қассобнинг портрети қўйилган эди.
− Диванчага ўтиринг, дон Мигелито, бу ер сизга қулай бўлади.
− Хонангиз чиройли экан, доня Чон.
− Кўп меҳнатим синган…
− Худди ибодатхонанинг ўзи!
− Бунақа даҳрийлик қилманг! Илоҳий авлиёлар устидан кулиш яхши эмас.
− Сизга қандай хизматим тегади?
− Олдин вискини ичиб олинг!
− Сизнинг соғлиғингизга, доня Чон!
− Сиз қила оласиз, Мигелито. Сиз билан ича олмаганим учун кечиринг − шамоллаганга ўхшайман. Қадаҳни мана бу ерга қўяқолинг. Мана бу ерга, стол устига… менга берақолинг…
− Ташаккур…
− Сизга боя айтдим-ку, дон Мигелито, жуда калавамни йўқотиб қўйдим. ойимтилла қизларимдан бири бетобланиб қолиб, бошқасини излашга тўғри келди, бир танишимдан “Янги уй”да хушрўйгина қиз борлигини эшитиб қолдим, − прокурорнинг ўзи ўтказган экан. Ғирт аҳмоқ бўлдим денг. Ҳимоячим дон Хуан Видалитас − у менга қизларни етказиб туради, − сеньор прокурорга илтимосимни етказди ва шу аёл учун ўн минг песо ваъда қилди.
− Ўн минг песо? Нима деяпсиз ўзи?
− Энди бу ёғини эшитинг. Прокурор ҳам орқасини олди ўйлаб ўтирмасдан пулни олди, ўзим столига қўйдим, − у ана шу қизни менга бериш ҳақида қоғоз ёзиб берди. Менга сиёсий маҳбус дейишди. Айтишларича, у генерал Каналеснинг уйида…
− Нима?
Кара де Анхель Олтин Тишнинг гапларини паришон ҳолда эшитди; ҳаёли бутунлай бошқа ёқда − майор Фарфан кетиб қолмасин деб хавотирда эди. Бу иш Каналесга алоқадорлиги вулоғига киргач, елкасида чумоли юргандек безовта бўла бошлади.
У бахти қаро аёл албатта Чадела бўлса керак, Камила алаҳсираб бир неча марта уни тилга олган эди.
− Гапингизни бўлганим учун узр… У ҳозир қаерда?
− Ҳаммасини билиб оласиз, бир бошидан айтиб берай.
Хўш, мен прокурорнинг буйруғини олиб, унинг олдига бордим, ёнимда икки қиз ҳам бор эди. Акс ҳолда мушукни ким қопга жойлаб беради дейсиз? Савлатли бўлсин деб карета ёлладик. Етиб бордик, буйруқни кўрсатдим, улар ўқиб қичишди, қаердалигини кўриб келишди, кейин олиб чиқиб менга беришди, биз уни бу ёққа олиб келдик. Ҳамма унги интизор эди. Ҳаммага ёқиб қолган эди. Кетворган жонон, Мигелито, қараб тўймайсиз!
− У қаерда ҳозир?
− Ёқиб қолдими, а? Оҳ, бу ойимтиллалар! Келинг, бошидан айтай. У ердан чиқдик, унинг кўзлари юмуқ, оғзига қулф солиб олган эди. Гапга солай деб уриниб кўрдим. Қаерда дейсиз! Барча ҳаракатларим бефойда. Деворга нўхот отгандек − бефойда… Очиғи, бунақа нарсаларни жиним севмайди. Яна бир нарсага кўзим тушди − кўксига босиб олган тугунчасида чақалоқ бор эди…
− Чақалоқ дейсизми?
− Худди шундай. Мени ошпазим − Мануэла Кальварио Кристалес, қўлидаги нима деб қараб кўрди − ўлик бола, бузила бошлаган экан. У мени чақирди. Ошхонага югуриб бордим, чақалоқни қўлидан зўрға ажратиб олдик. Мануэла қўлини синдириб қўяёзди, шунда қиз кўзини очди − нақ Қиёмат куни дейсиз! − шу-ундай фарёд солдики, бозордагилар ҳам эшитди шекилли! Кейин ағдарилиб тушди.
− Ўлиб қолдими?
− Биз ҳам шундай ўйладик. Йўқ, омон қолди. Уни чойшабга ўраб авлиё Хуанга элтиб бердик. Мен кўришниям хоҳламадим, капалагим учиб кетди. Кўзлари юмуқ бўлса ҳам кўз ёшлари сувдек оқди дейишди.
Доня Чон жим бўлди, кейин тишлари орасидан гапирди:
− Бугун қизларимиз уни кўришга боришди, аҳволи ёмон дейишди. Мен ҳам ташвишдаман. Ўзингиз тушунасиз, ўн минг песони бекорга сувга оқизмайман-ку! Бирон етимхона ёки жомега садақа қилганим яхши эмасми?
− Оқловчингиз пулни талаб қилиб олсин. Бахти қаро масаласига келганимизда…
− Икки марта бориб келишди, − кечирасиз, гапингизни бўлдим, − икки марта. Бир марта уйига, иккинчи марта ишхонасига, жавоби битта: қайтариб бермайман, гап тамом! Бу одамда зинғирча виждон йўқ. Сигир ўлиб қолса, сотган одам эмас, олган одам айбдор дейди. У тилсиз ҳайвон, бу ерда эса жонли одам бор!
Кара де Анхель индамади. Сотилган аёл ким бўлди экан? Ўлик бола кимники? Доня Чон таҳдид билан тилла тишларини ярқиратди:
− Ҳали унга кўрсатиб қўяман! Пулларимни бекорга елга совурмайман, уларни меҳнат қилиб топганман! Қари туллак, ҳинду башара аблаҳ! Бугун эрталаб қабристонда унга гўр қазиб қўйинглар деб буйруқ бердим.
− Болани кўмишдими?
− Туни билан уйда қолди. Қизларим жинни бўлаёзди. Қатламалар пиширишди.
− Байрам қилишдими?
− Нималар деяпсиз ўзи?
− Полицияга хабар қилишдими?
− Қуруғидан узатдик − рухсат бришди. Иккинчи куни дафн қилиш учун оролга бордик. Шундай яжойиб яшикка солдикки, чиройли, қимматбаҳо, оқ атласга ўарлган…
− Оиласи мурдани ёки қоғозни талаб қилади деб қўрқмадингизми?
− Шу етмай турган эди ўзи!.. Ким талаб қилади дейсиз?! Отаси сиёсий айб билан қамоққа олинган. Фамилияси Родас. Онаси эса, ўзингиз эшитдингиз, касалхонада.
Кара де Анхель хаёлан кулумсираб қўйди. Кўнгли хотиржам бўлди. У Камилага қариндош эмас…
− Менга маслаҳат беринг, дон Мигелито, сиз олим одамсиз. Пулларим қари туллакда қолиб кетмаслиги учун нима қилишим керак? Ўн минг − ҳазилакам гап эмас. У кўчада ётгани йўқ?
− Менимча, Сеньор Президентга учрашганингиз маъқул. У сизни қабул қилади, ҳамма гапни очиқчасига айтинг. У ҳаммасини тўғрилайди. Ҳамма нарса қўлида-ку.
− ўзим ҳам гуни ўйладим. Шундоқ қиламан. Эрталаб шошилинч телеграмма жўнатаман, мени қабул қилинг деб у эски қадрдоним. У вазирлик пайтидаёқ орамиздан қил ўтмасди. О, кўп сувлар оқиб кетди. Жудаям чиройли эдим у пайтларда. Худди анави суратдагидек. Онам билан қабристон орқасида турардик, жойи жаннатда бўлсин… Тўтиқуш чўқиб кўр қилиб қўйди. Мен, албатта, тўтини бўғиб ўлдирдим ва эрмак қилиш учун итга ташладим. Жиғилдонига уриб, ҳуришга тушди. Шундай замонлар бўлган эди. Энг қизиғи, уйимиз ёнидан тобутларни олиб ўтишарди. Кўтариб келишарди, кўтариб келишарди! Шу баҳона бўлиб Сеньор президент билан ажрашиб кетдик. Дафн маросимидан қўрқарди. Бу менинг айбим эмас-ку! Хаёлпараст эди, ёш болага ўхшарди. Нима десанг − шунга ишонарди. Сал нарсага хафа бўларди, хушомадни яхши кўрарди. Олдинига унга жуда ўрганиб қолдим, ранг-баранг тобутларни ўйлайвермасин деб ҳоли жонига қўймай ўпганим-ўпган эди. Кейин меъдамга урди, худонинг ўзи қўлласин деб ўйладим. Ёдимда бор, бадбўй ҳидга тўла қулоғини ялашимни ёқтирарди. Ҳозир сизни кўраётганимдек аниқ кўз олдимда турибди: бўйнига оппоқ дастрўмол боғлаган, соявонли шляпа, қизғиш тилли ботинкада, кўк костюм кийган ҳолда олдимда ўтирар эди…
− Тўй куни руҳоний ота уни зўрлаб ёнингизга ўтказиб қўйган дейишади.
− Бекорчи гаплар. Марҳум эрим, худо раҳмат қилсин, уни ёқтирмасди. Кўпинча шундай дер эди. Уйланаётган пайтида “Бу итларга ота гувоҳларгина керак, улар тилини чиқариб, сўлагини оқизишдан бошқага ярамайди”.

XXV
ЎЛИМ МАСКАНИ

Руҳоний узун ридо этагига ўралиб, ҳансираб чопиб боради. Бошқалар ҳам ўз тирикчилик ташвишлари билан тиним билмай югуриб юришади. “Дунёда жондан кўра азиз нарса борми?” − сўрайди у ўзидан. Бошқалар столда ястаниб ўтириб учта ҳалқумдан ўтказиб тушириш керак бўлган жойда ҳам арзимаган баҳона топиб, ўрнидан туриб кетаверишади. Учта ҳал-қум!.. Уч хил сохта қиёфа ва фақат бир худогина ҳақиқий!.. Менинг қўрғоним, менинг қўрғоним, менинг қўрғонимдаги ичагим қулдирайди…
Исо, сенинг қорнингдаги… Ёзилган стол, оппоқ дастурхон, тоза чинни идишлар, семиз бека қолиб кетди…
Руҳоний изидан хою томоша талаб қўшнилар ҳам хонага ёпирилиб киришди − Камиланинг бош томонида ўтирган Кара де Анхель зўрға ўрнидан турди, оёғи остидаги пол суғуриб олинаётган илдиздек ғирчиллади. Қовоқҳона бекаси руҳоний отага стул қўйиб берди − хона бир пасда бўшаб қолди.

− Мен, гуноҳкор банда, тавба қиламан… − деб ғулдирашарди кўчага чиқаётган аёллар.
− Парвардигоримиз ва ўғли номидан… Айт-чи, қизим, қачон тавба қилган эдинг?
− Икки ой олдин…
− Гуноҳларингга иқрор бўлганмидинг?
− Ҳа, отажон.
− Қилган гуноҳларингни айтиб бер…
− Бир марта ёлғон гапирганман, отажон…
− Жиддий иш эдими?
− Йўқ… дадамнинг гапига кирмаганман…
(…Тиқ-тақ, тиқ-тақ, тиқ-тақ..)
− …айбимга иқрорман, отажон…
(…тиқ-тақ…)
− …ибодат қилишга бормаган эдим…
Руҳоний ота ва бемор худди сағана ичида ўтиргандек гаплашмоқда эдилар. Шайтон, Жаброил ва Ўлим уларга қараб ўтиришарди. Камиланинг шишага айланган хира кўзлари ичидан Ўлим қараб турарди; Шайтон боши узра ўргимчак тўрини ўйнатар; Фаришта бурчакка қадалиб, бурнини тортиб йиғларди.
− Тавба қиламан, ота, ётиш олдидан ҳам, эрталаб турганимда ҳам тавба қилмасдим… яна, ота, тавба қиламан…
(…тиқ-тақ, тиқ-тақ…)
− Дугоналарим билан урушиб қолардим!
− Ўзингни ҳимоя қилибми?
− Йўқ…
− Қизим, сен худонинг қаҳрини қўзғайдиган ишларга қўл ургансан.
− Эркакларга ўхшаб от миниб юрганим учун тавба қиламан…
− Буни бошқалар кўриб қолиб жанжал қилишдими?
− Йўқ, у ерда фақат ҳиндулар бор эди.
− Сен кибру ҳавога берилиб, эркаклар билан тенглашишга урингансан, зеро, олло-таоло аёлни аёл қилиб яратган, шунинг учун у шак келтириб эркакликка даъво қилмаслиги керак; буни шайтонга ҳай бериш дейишади; худо бўламан деб катта кетгани учун шайтон ҳалокатга учради.
Хона чеккасидаги меҳроб ёнида − турли рангдаги шишалар қўйилган тўсиқ олдида Кара де Анхель, Бўғма илон ва қўшнилар бирон сўз айтишга ҳам мажоли келмай, бир-бирига умид ва хавотир ичида тикилганча, энтикиб-энтикиб нафас олиб туришар; бу нафаслар оркестрини ўлим ҳақидаги ўйлар пасайтириб қўйгандек эди. Зич ёпилмаган эшикдан ёруғ кўчалар, Менсед майдони, уйлар, галерея пештоқи кўринар; сийрак йўловчилар сирғалгандек ўтишар эди. Уларни ўлаётган Камила билан қанчалик иши бор деб алам ичида ўйлар эди Кара де Анхель; тошлар қуёш нурини тўсадиган панжарага айланган, соғлом фикрли соялар судралиб юрувчи ахлат фабрикалари…
Сукунат қўйнида руҳонийнинг сўзлари тизилиб чиқади. Бемор йўталади. Ҳаво ўпка ҳужайраларини суғуриб олади.
− Ҳозир ёдимга келмаётган барча катта-кичик гуноҳларим учун, руҳоний ота, тавба қиламан.
Гуноҳларини кечиришни сўраб лотинча ўқилган дуо, шайтоннинг жуфтакни ростлаб қочиши ва Камиланинг олдига худди нур каби кириб келган оқ, иссиқ қанотли фариштанинг енгил қадамлари кўчадаги йўловчиларни кўриб ғазаби қайнаган арзанданинг қалбида ҳамма нарсага нисбатан пайдо бўлган нафратни камайтирди, яна табиатидаги болаларча майинлик, юмшоқ кўнгиллик ғолиб чиқди. Бирдан у, ким билсин бу олижаноблик қаердан келди, ўлим хавф солиб турган қандайдир бир кишини қутқариб қолгиси келди; балки бунинг эвазига худо тиббиёт нуқтаи назаридан тузатиб бўлмайдиган Камилага шафқат кўрсатиб, дарддан халос қилар…
Руҳоний жимгина ташқарига чиқди, сигаретини тутатиш ва оёғига ўралиб қолаётган ридосини тўғрилаш учун эшик олдида бир зум тўхтади − қонун кўчада ридога ўралиб юришни тақиқлайди. У бамисоли оқимтир кулдан ясалган одамга ўхшарди. Орқасида шарпа эшитилди: беморнинг жони узилдимикин? Ичкаридан қўни-қўшнилар ва Кара де Анхель чиқди. У қарорини амалга оширишга шошилмоқда эди.
Исо тор кўчаси, “Қизил от” ошхонаси, отлиқ аскарлар казармаси. Навбатчи зобитдан майор Фарфан шу ердами деб сўради. Кара де Анхелга бир неча дақиқа кутиб туринг дейишди ва сержант овозининг борича:
− Майор Фарфан!.. Майор Фарфан!.. − деб қичқириб, уни излаб кетди.
Акс садо бутун ҳовли бўйлаб тарқалди; жавоб бўлмади. Титроқ товушлар олис уйлар орасига сингиб кетди: …йор фан-фан!.. йор-фан-фан!..
Арзанда эшикдан бир неча қадам туриб, атрофга лоқайд назар ташлади. Итлар ва қузғунлар кўча ўртасида ётган ўлик мушукни ҳар томонга тортқилашар эди. Темир панжарали дераза орқасида турган комендант мўйлабини бураб бу ёвуз олишувни тамоша қиларди. Иккита ойимқиз пашшалар ғужғон ўйнаётган дўконда шарбат ичиб ўтиришарди. Қўшни ҳовли эшигидан хомиладор сеньора ва ранги оппоқ, қиморвозга ўхшаган сеньор (ота-она) ҳамроҳлигида матросча костюм кийган бешта ўғил бола чиқди. Қассоб бир тўда болалар орасидан ўтиб бораётиб сигаретасини тутатди, унинг чолворида қон доғлари, енги шимарилган, юраги остида − ўткир болта. Аскарлар у ёқдан-бу ёққа ўтиб туришибди. Қоровулхонанинг тош тушамаларидаги ялангоёқ хўл излар илондек буралиб ичкарига кириб кетган. Темир стулда ўтирган навбатчи зобитдан салгина нарида турган қўриқчи осиб олган казарма калитлари темир қуролларга тегиб жаранглайди, атроф кўкимтир пуфакчали пуфакка тўлиб кетган.
Бир аёл шаҳдам қадамлар ташлаб, зобит олдига юриб келди. Қуёшда ошланган мисранг юзларини йиллар давомида ажинлар босиб кетган. Қўлда тўқилган рўмолини оппоқ сочлари устига ташлаган, бу − зобитга ҳурмат белгиси. У илтижо қилди:
− Мени кечирасиз, сеньор худойим сиҳат-саломатлик ато этсин, ўғлимни кўришга рухсат этсангиз Биби Марьям сизга ҳамиша мадад беради.
Зобит жавоб беришдан олдин йўталди ва балғам ташлади; кампирнинг димоғига тамаки ва тишларнинг қўланса ҳиди урилди.
− Ўғлингизни ким деб чақиришади, сеньора?
− Исмаел, суньор…
− Исмаел, ундан кейин-чи?
− Исмаел Мойсин, суньор.
Зобитнинг тишлари орасидан ипдек узун сўлаги кўринди.
− Мен фамилияси ким сўраяпман?
− Мой-син, суньор.
− Ундай бўлса, бошқа куни келинг, бугун вақтимиз йўқ.
Кампир рўмолини қўлига олмасдан, худди қайғу-ғамларини санаётгандек, секин қадам ташлаб, изига қайтди; йўлка чеккасида бир дақиқа ўйланиб турди-да, яна ҳеч нарса бўлмагандек хотиржам ўтирган зобит олдига келди.
− Мени кечиринг, суньор, бу ерга қайта келишим гумон, эллик чақирим наридан келдим, бугун уни кўриб кетмасам, ким билсин яна қачон келаман бу ёққа… Менга раҳмингиз келсин, чақириб беринг…
− Сизга айтдим-ку, биз бугун бандмиз. Жаҳлим чиқмасдан туриб қорангизни ўчиринг.
Бу манзарани кузатиб турган Кара де Анхель Камила учун худодан шифо тилаб, кампирга астойдил ёрдам беришни хоҳлаб қолди. У зобитга секин мурожаат қилди.
− Шу йигитни чақириб беринг, лейтенант, манавини олинг, сигарет пули…
Зобит нотаниш кишининг бетига қарамасдан пулни олди ва Мсмаел Мойтнни чақириб келишни буюрди. Кампир осмондан тушган фариштадек пайдо бўлган мададкорига ўгирилиб қаради.
Майор Фарфан казармадан топилмади. Қулоғига пат қадаб олган қандайдир котиб балкондан қараб, бундай пайтда уни “Лаззатлар олами”дан излаган маъқул деб айтди, зеро, Марснинг азамат ўғлони ўз вқақтини хизмат ва муҳаббат орасида ўтказар экан. Баъзан уйидан ҳам топилиб қолар экан. Кара де Анхель извошга ўтирди. Фарфае шаҳардан олисда − тубканинг тагида турар эди. Хўл бўлиб қийшайиб қолган эшикдан кириб, қоронғи уй олдига борди. Кара де Анхель бир неча марта чақирди. Уйдан садо чиқмади. У изига қайтди. “лаззатлар уйи”га боришдан олдин Камиладан хабар олиш лозим эди. Ташландиқ кўчалардаги кичкина кўпирикчаларга ётқизилган ходалар устидан гумбирлаб бораётган извош уйқуни келтиради. Туёқ ва ғилдираклар, ғилдирак ва туёқлар садоси.
Арзанда исловотхонага қайтганда Олтин Тиш Сеньор Президент билан ошиқ-маъшуқлиги ҳақида эртакларини айтиб тугатган эди. Майор Фарфанни кўздан қочирмаслик ва генерал Каналеснинг уйида қўлга олиниб, доғули прокурор томонидан ўн минг песога сотиб юборилган аёл кимлигини аниқлаш зарур.
Ўйин-кулги авжида, жуфт-жуфт бўлиб вальс тушишар, ўлгудек маст Фарфан эса хирқироқ овозда ашула айтишга уринар эди:

Не учун бу жононлар,
Севишар мени жондан.
Чунки шўх қўшиқларим,
Уларга ёқар чунон…

Бирдан у тик туриб, қўшиғини тўхтатди − маст шуури билан залда чўчқача йўқлигини идрок қилди − ҳиқичоқ тутиб бўкирди:
− Бу ерда Чўчқача йўқ, тўғрими, ҳой сўлаклар?.. У банд… тўғрими, сўлаклар?.. Хў-ўш, уни топаман… мар…ҳа…мат, то-па-ман… Мен кетдим… Нега бормаслигим керак? Марҳамат, мен бораман…
У столга таяниб, зўр-базўр ўрнидан турди, гандираклаб, қўли билан стуллар ва деворга таяниб, эшикка қараб юрди. Қизлардан бири югуриб келиб эшикни очиб берди.
− Ҳа-а, мар-ҳа-мат, мен бора-ман… У мени қизимми, қайтиб келади. тўғрими, доня Чон? Хўп, мен кетдим! Дрр…Биз, хизмат кўрсатган зобитларга ўлгунча ичишдан бошқа ҳеч нарса қолмаган, кейин бизни ёқишади, йўқ спиртга айлантириб сотишади! Яшасин калла-поча, ичак-чавоқлардан тайёрланган чохин … ва бошқа аблаҳлар!.. Уху-уху!..
Кара де Анхель уни қоралаб борди. Фарфан кўчага сиғмай, гоҳ ўнг оёғини, гоҳ чап оёғини ҳавода ўйнатиб чайқалиб зўрға қадам ташларди. Йиқилай деганда гандираклаб олдинга интилар ва “Яхши нўхта хачирни сақлар!” деб ғулдираб қўярди…
Фарфан кичик қовоқхона тўсиғи устида номаълум кишининг қўлида ҳушига келди; бегона одам худди мевалари пишган дарахтга ўхшаб силкитмоқда эди.
− Сиз мени танимадингизми, майор?
− Э… йўқ… ҳозир…. бир дақиқа…
− Эслаб кўринг.
− А! Уфф! − эснади Фарфан ва узоқ йўл босган чавандозга ўхшаб тўсиқдан сирғаниб тушди; аъзойи бадани мажақлаб ташлангандек эди.
− Мигел Кара де Анхел хизматингизга тайёр.
Майор қўлни чеккасига тегизди.
− Мени кечирасиз, дабдурустдан танимапман. Ҳа, ҳа, сиз доим Сеньор Президент билан бирга юрасиз-ку.
− Жуда гўзал! Сизни бу даражада қўполлик билан уйғотганимга ҳайрон бўлманг, майор…
− Ташвишланишга арзимайди.
− Казармага қайтадиган вақтингиз аллақачон бўлган, мен эса сиз билан яккама-якка гаплашиб олишим керак: мана бу қовоқхона бекаси қаергадир кетди, ҳозир айни пайти. Кеча туни билан сизни изладим, йўқолган игнадек топиб бўлмайди, казармага ҳам, уйингизга ҳам бордим… Ҳозир сизга айтадиган гапимни мутлақо ҳеч ким билмаслиги керак…
− Қасам ичаман…
Арзанда майорнинг қўлини хайрихоҳлик билан сиқиб қўйди ва эшикдан кўзини узмасдан унга секин гапирди:
− Сизни йўқотиш ҳақида махфий буйруқ берилганидан хабарим бор. казармага маст ҳолда келиб, ўринга ётишингиз билан сизга абадий тинчлантирадиган модда бериш ҳақида ҳарбий госпиталга кўрсатма берилган. “Лаззатлар олами”да сиз билан доим бирга бўладиган аёл “фарфарона” инқилобингиз ҳақида Сеньор Президентга маълумот берди.
Арзанданинг сўзлари михга ўхшаб миясини тешиб кирмоқда эди, у бошини чангаллади.
− Мегажин!
Қўллари билан кўксига урди, боши қуйи эгилди.
− Эҳ, худойим, энди нима қиламан?
− Биринчи навбатда ортиқча ичманг, ҳар қандай хавф-хатардан нари юринг, ва яна…
− Буни ўзим ҳам биламан, аммо иродам етмайди, жуда ҳам оғир. Нима қилсам экан?
− Казармада овқат емаслигингиз керак.
− Сизга қандай миннатдорчилик билдирсам экан?
− Сукут сақлаш билан…
− Бу-ку ўз-ўзидан маълум, аммо бу камлик қилади. Умуман, қачонлардир бирон-бир мушкулотга дуч келсангиз, ёнингизда тураман − шу гапимга ишонинг − сиз ҳаётимни сақлаб қолдингиз.
− Бир дўст ўрнида маслаҳат бераман: Сеньор Президентга ёқишга ҳаракат қилинг.
− Қўйинг-э, қандай қилиб?
− Унчалик қийин иш эмас.
Ҳар иккаласи ичида ўйлар эди: “жиноятга қўл уриш” − сирасини айтганда ҳукмдорга ёқишнинг энг самарали йўли ёки “ҳимояга муҳтож кишиларни халқ олдида ошкора ҳақорат қилиш” ёки “зўравонлик жамоатчилик фикридан баланд туришини исботлаш” ёки “давлат ҳисобига бойлик орттириш” ёки…
Қонли жиноят − энг ишончли восита; яқинларнинг қонини тўкиб жазолаш − Сеньор Президентга садоқатингни исботлашда бундан яхши йўл йўқ. Жамоатчиликни чалғитиш учун икки ой турмада ётасан, ундан кейин давлат хизматидаги энг ёғли жой сеники, садоқатли одамларга доим шундай муомала қилинади, бундан ташқари улар ўзларини билмай, катта кетиб қолса, қонун асосида яна турмага тиқиб қўйишдан осон нарса йўқ.
− Унчалик қийин иш эмас…
− Сизга қандай миннатдорчилик билдираман?..
− Ҳожати йўқ, майор, миннатдорчилик керак эмас; мен жуда, жуда оғир бемор шифо топсин деб ҳаётингизни худо йўлига бағишладим. Сизнинг саломат қолишингиз унинг ҳаёти эвазига тўлов бўлсин.
− У хотинингизми?..
Қўшиқлар қўшиғидаги
Энг ёқимли бу сўзлар шу дақиқада мўъжизали нақшларга айланиб, гулга тўлган дарахтлар устидан юксалди ва фаришталарнинг қулоғига бориб етди.
Майор кўздан ғойиб бўлди. Кара де Анхель − шу пайтгача юзлаб кишиларни ўлимга юборган киши тонг шуълалари ичида кетаётган ва ҳозиргина бир тирик жонга ҳаётини қайтариб берган киши наҳотки мен бўлсам, деб хаёлан, ўзига яна бир марта мамнун назар солибди.

XXVI
ДАҲШАТЛИ ТУШ

У эшикни ёпди − думбаси катта семиз майор кўчадан катта дум-думалоқ гўнг бўлагини юмалатиб борарди − оёқ учида юриб дўкон орқасидаги хонага ўтди. Ўзини туш кўраётгандек ҳис қилди. Туш билан ҳақиқат ўртасидаги фарқ нисбий. Ухлаяпсанми ёки хаёлинг жойидами − аҳамияти йўқ. Ғира-шира қоронғиликда ер айланиб кетаётгандек туюлди. Мана шу тантанали юришда ярим ўлик Камилани соат ва пашшалар ҳамроҳлик қилади. Соат − чиқ-чиқ, чиқ-чиқ − унинг абадиятга кетиши ва қайтишда йўлдан адашмаслик учун гуруч доналарини ташлаб боради. Пашшалар совуқ ўлимни қанотларидан силкитиб ташлаб деворда судралиб юрадилар. Ёки чарчаш нималигини билмай овозини жаранглатиб ғизиллаб учадилар. У тўшак ёнига оҳиста келди. Бемор алаҳсираб ётарди…
…Парчаланиб кетган туш синиқлари… камфара ёғининг кўлмаги… юлдузларнинг сокин суҳбати… кўзга кўринмайдиган, шўртанг ва яланғоч бўшлиқнинг силаб-сийпалаши… қўлидаги қўш сиртмоқ… мажолсиз қўллар…
“Рейтер” совунида… тўсиқлар ичида ўқиш китоблари… шкаф ичида йўлбарс… тўтиларнинг нариги дунёсида… худонинг қафасида…
…Худонинг қафасида, маросим пайтида бир томчи ойни тожига қўндириб олган хўроз…лентани чўқийди…ёнади ва учади, ёнади ва учади, ёнади ва учади… Черков хори куйлайди… У хўроз эмас; аскарчалар қуршаб олган целлулоид шиша бўғзида чақмоқ ёнади… “Оқ атиргул” ширинликлар дўконида муқаддас Розани шарафлаб чақинлар чақнайди… Маросимдаги хўроз олдида пуфакли пиво… Тантаналар учун…

Ўликни манзилга элтамиз,
Шуни билгил ва ўлдир фақат.
Бу жуда ҳам ёқимсиз ҳунар,
Шуни билгил ва ўлдир фақат.

…Барабан янграйди, − у акса урмайди, мактабда шамолни майдалаб сочма ўқларга айлантиради бу барабан… Тўхта! Бу барабан эмас, у − эшик, уни рўмолча ёки биринч материалдан ясалган қўл билан уриб артадилар! Тарақлаган товуш пармага ўхшаб, уйдани сукунатни илма-тешик қилиб юборади… Бум…бум…бум Хонаки барабан. Ҳар бир хонадонда яшайдиган одамларни чақирадиган ўз эшик-барабани бор, агар эшик очилмаса, бу ерда ўликлар яшайди… Уй олдида…дарвозада…бум-бум!.. Уй олдида…бум-бум!.. Эшик-барабан овозини эшитган жом ичидаги сувлар ҳамма кўзлари билан йўлакка тикилади ва қўрқа-писа хизматкорни чорловчи товуш эшитилади: “У ёқда тақиллатишмоқда!” Такрор-такрор жаранглаган акс-садо девордаги оҳаклардан сирғалиб тушади: “У ёқда тақиллатишмоқда: очи-и-инг-лар!” “У ёқда тақиллатишмоқда, очи-и-инг-лар!” Турма панжараси тагига тўкилган куллар ҳаяжонланади, титраб-қақшайди, аммо қўлидан ҳеч қандай иш келмайди: қаршисида доимий қўриқчиси бўлган мушук мўлтираб ўтиради. Шафқатсиз тиканларнинг гуноҳсиз қурбонлари − атиргуллар хавотирга тушади, одамлар билан арвоҳларнинг жонсиз воситач − кўзгулар росмана тилга кирадилар: “Тақиллатишмоқда − очинглар!”
Уйдаги барча буюмлар эшик барабанни ким қоқаётганини билиш учун титраб-қалтираб ташқарига чиқишга уринадилар; кострюлкалар тарақлашади; гултуваклар ўғринча мўралайдилар; тоғоралар − тарақа-туруқ-тах! Талинва ва пиёлалар чинни йўтал садолари билан; ошхонадаги кумуш буюмлар шарақлаб кулиб; кўпинча орқа хоналарда шамдон вазифасини бажарувчи майда шишачалар − катта бўш бутил бошчилигида кўз ёши қилиб; диний китоблар, уйни ҳам-кулфатлардан сақлаймиз деб ўзларини баланд олувчи табаррук новдалар, қайчилар, денгиз чиғаноқлари, суратлар, ёғдонлар, картон қутилар, гугуртлар, калитлар…
…Фақат қариндошлари бемаҳалда уйғониб, жонланиб кетган буюмлар орасида, икки кишилик орол-кравотларида димиқиб, қўланса ҳид чиқараётган одеялларига совутдек ўралиб олиб, ўзларини ухлаётганга солиб ётадилар. Эшикбарабан оғир сукунатни парчалаб ташлашга беҳуда уринади. “Ҳалиям тақиллатаяпти!” − ғўнғиллайди амакиларидан бирининг икки юзламачи мунофиқ хотини. “Ҳа, лекин ким очса, балога йўлиқади!” − жавоб берди эри қоронғида. “Соат неча бўлди? Эй, худоим-ей, қандай ширин ухлаётган эдим-а! Ҳалиям тақиллатмоқда.” − “Ҳа, лекин ким очса, балога йўлиқади!” “Қўшнилар нима дейишади?” “Ҳа, лекин ким очса, балога йўлиқади.” “Ҳозир биронтаси чиқиб эшигини очса, биз ҳақимизда нималар дейишади, бир ўйлаб кўрсанг-чи!.. Ҳалиям тақиллатмоқда!” − “Ҳа, лекин ким очса, балога йўлиқади!” “Бу яхши эмас! Бу қаерда ёзилган? Оддий ҳурматсизлик, чўчқалик!” “Ҳа, лекин ким очса, балога йўлиқади!” Амакисининг хирилдоқ овози хизматкорларнинг ютинишлари билан алмашади. Ошхонадан чиққан шарпалар хўжайинларининг ётоғига кириб шивирлашади: “Сеньор, сеньор! У ёқда тақиллатишмоқда!..” Кейин уйқусираб, кана талаган жойларини қашилаб ўз жойларига қайтадилар: “Ҳа-ҳа… лекин ким очса, балога йўлиқади!”
…Бум-бум, барабан уйда…анашу кўчаларда. Итларнинг хуриши юлдузларга, юраги қора одамларга ва ифлос кир юувучиларга бошпана бўлиб самога ёйилади; уларнинг қўлларида кумуш чақмоқларнинг кўпиги бор… − Дада…дадажон….дада!
У алаҳсираб отасини, касалхонада вафот этган бувисини, ҳатто ўлар ҳолатда бўлганида ҳам уйларига киритмаган амакиларини чақиради.
Кара де Анхель унинг пешонасига қўлини қўяди. “Тузалиб кетса, чинакам мўъжиза бўларди, − ўйлади бошини оҳиста силаб. − Қани энди кафтимнинг ҳарорати билан касалини даволай олсам.” Навниҳол вужуд кўз ўнгида сўлиб бораётгани сабабини яхши билгани унга азоб бермоқда эди, ҳиссиётлар тўлқини томоғини ёритди, судралиб бораётган ҳасратлари кўкрагига бориб ёпишди, − хўш, нима қилиш керак, нима қилиш керак? Миясидаги хаёллар илтижо билан қоришиб кетди. “Агар мен киприклари орасига кириб кўз ёшларини қурита олганимда… қувғиндан кейинги меҳрибонлик… Кўз қорачуғидаги гуллар умидимизнинг қанотларидир, худоё ўзинг мадад бер, биз, қувғиндилар, сенга сиғинамиз…сенга топинамиз. Ҳозирги ҳаётимиз − жиноят…бугунги ва кейинги… Агар севсанг…Уни ўзинг қўлла, илоҳим…”
Кўз олдига ўз уйи келди; уни бегона уйдек эслади; ҳозир уйи мана шу ер − Камила ётган жой; бу ерда яйраб ёта олмайди; аммо Камила шу ерда − ёнида… Бирдан Камила йўқ бўлиб қолса-чи?.. Енгил оғриқ юрагига ёпишди. Бирдан Камила йўқ бўлиб қолса-чи?
Шовқин-сурон кўтариб фургон ўтиб кетди. Қовоқхонадаги шишалар, эшик халқалари жаранглади, қўшни хонадонлар титраб кетди; Кара де Анхел тик турганча ухлаётганини сезиб, ваҳимага тушди. Ўтиргани яхши. Дорилар қўйилган стол ёнида стул турибди. Унга ҳорғин чўкди. Соат чиқиллаши, камфари ҳиди. Қудратли Исо де Мерсед ва исо де Канделярия тасвири олдидаги шамларнинг ёғдуси, стол, сочиқ, дорилар, авлиё Франсиска ҳурматига қўйилган чилвир − қўшнилардан бири шайтонларни ҳайдайди деб олиб келди − уларнинг ҳаммаси уйқу олдидан бирданига дармонсизланиб, бир хил овоз чиқариб тўкила бошлади; улар йўқ бўлиб кетар, яна кўринар; тиниқлашар, уйқу олдидаги кўкимтир сояларга ўхшаб яна пайдо бўлар эди.
…Гитарани ғинғиллатаётган ким бўлди?.. Номаълум тилда тез айтилаётган сўзлар… Гитара қоронғи ер қаъридан инженер-агрономнинг қўшиғини жўшиб куйламоқда… Совуқ қуюқ баргларнинг устараси… Ернинг ҳамма ёғи тўрт томонидан хохолаган адоқсиз шайтоний садолар келади… Хохолашади, туфуришади, улар нима қилишаяпти ўзи? Ҳали қоронғи тушмаган, аммо зулмат Камилани улардан яширади, азадига каллаларнинг хохолашлари зулматга айланади… тишлар орасидан қоп-қора аламзада кулги ажралиб чиқади ва ҳавога аралашиб, буғга айланади, булут бўлиб қолиш учун юқорига кўтарилади… Одамларнинг ичак-чавоғидан ясалган тўсиқлардан тупроқ пайдо бўлади. одам кўзларининг уфқларидан осмон яратилади… Отларнинг қовурғалари тор сингари довул қоқади… Мана, мотам маросими ўтказилмоқда, Камилани дафн этишмоқда. Қора кареталарнинг ғилдираклари мажақлаб ташлаган кўзлари кўпиклар устида сузиб юради… Ўлик денгизда кўз пайдо бўлади!.. Унинг яшил кўзлари… Зулмат ичида нега аравакашларнинг оппоқ қўлқоплари ярқираб кўринади? Маросимдагилар орқасидан болаларнинг суяклари қўшиқ куйлайдилар: “Оймомо, оймомо, берган ананасларингни оли, пўчоғини тоғорага сол!..” Ҳатто энг ушоқ суякчалар ҳам шундай куйлашади…нега ҳаёт одатдагидек давом этаверади?.. Нега трамвайлар тўхтаб қолмайди?.. Нега ҳамма-ҳамма бирданига ўлмайди? Камила дафн этилгандан кейин ғҳеч нарса қолмаслиги керак, қолган нарсаларнинг ҳаммаси сохта, ортиқча, аҳамиятсиз… Уларнинг устидан фақат кулиш лозим… Миноралар кулгидан қулаб тушади… Хотираларни тиклаш учун чўнтакларингни титкилайсан… Камила яшаган даврлардан қолган чанг зарралари… Ҳар хил чиқиндилар… Соч… Чамаси, ҳозир Камила… Сос… Ифлос ташриф қоғози… У колбаса ва консерваларни контрабанда йўли билан итальянларнинг дўконларида пуллайдиган дипломатика! Куйла, дунё… Кема ҳалокати… Қутқарувчи чамбаракларнинг оппоқ тожлари… Куйла, дунё… Унинг қучоғида Камиланинг ҳаракатсиз танаси… Улар кўчалардан ўтиб боришмоқда. Ҳаяжондан тиллари лол… У оқариб кетган, гапирмайди, жисмсиз… Қўлини сўраса бўлмайдими?.. Унинг ўргимчакдек вазнсиз баданини ушлайди, қўлларини излаб топади; у ерда қўл ўрнида бўм-бўш енг осилиб туради…
Телеграф симларида… Телеграф симларига қараганингда вақт сезгисини йўқотасан, аммо мана Яҳудийлар кўчасидаги уйчадан қора кўзойнакли беш киши чиқиб келади, бешаласининг чеккасидан қон тизиллаб оқади… У жон-жаҳди билан уни кутаётган Камиланинг ёнига боришаг уринади…
Кара де Анхел тушида қўлларини ёзиб, рақиблари билан жанг қилади… Кўзи тинади… Йиғлайди… Тишлари билан уни одамлар тўдасидан ажратиб турган зулматнинг юпқа чойшабини йиртишга уринади. У ёқда − тепаликда каноп чодирда ўйинчоқлар, мевалар, елим гиламчаларни сотишади… У тирноқларини чиқаради… Аччиқланади… Кўприкка ташланиб Камиланинг олдига ўтишга ҳаракат қилади, аммо қора кўзойнакли беш киши йўлини тўсиб туришибди. “Қаранглар, уни бурдалаб ташлашяпти!.. − қичқиради уларга. − Мени ўтказиб юборинглар, ҳали бутунлай майдаланмаган!.. У ўзини ҳимоя қила олмайди, сабаби жони йўқ! Кўрмаяпсизларми?.. Қаранглар! Қаранглар, ҳар бир сояда мева бор, ҳар бир мева Камиланинг бир бўлаги! Наҳотки, ўз кўзингга ишониб бўлса? Уни қандай кулишганини кўрдим, аниқ биламанки: бу бошқа одам, у мана шу ерда, мана шу қабристонда муаттар ҳид сочиб турган беҳи, манго, нок ва шафтолилар орасида, унинг танасида оппоқ каптарларга айланган, бир дюжина, юзта пахтадан ясалган каптарлар, бўйнига тақилган рангдор ленталарга “Сени унутмайман”, “Ўлгунча севаман”, “Ҳар доим ёнимдасан”, “Абадий ёд эт”, “Мени унутма” сингари таъсирли сўзлар ёзилган…” Унинг сўзлари сурнайнинг чийилдоқ овози ва қуритилган ичак-човоқлардан ясалган ноғораларнинг гумбур-гумбурига кўмилиб кетди. Бир тўдап одамлар уларнинг орасида эски арава ғилдирагига ўхшаган катта оёқларини юқори кўтарган ёши катталар ҳам бор… бешта қора шарпа битта тери ичига жойлашган… Уйқусираган тутнлар орасида сароб изғийди. Салгина нарида уларнинг шакл-шамойили чаплашиб кетади… Ҳаводан сув ичадилар. Қўлларида байроқдай кўтарилган ҳаво тўлқинлари қалтирайди… Конькада учиб юрадилар… Кўзга кўринмас конька учувчилар ичида Камила ҳам стрғанади, кўзгу ёнида на яхшилик, на ёмонликни фарқига бормайдиганлар… У ўзини ҳимоя қилиб ёқимли овоз билан жавоб қайтарганда атир-упалар таралгандек бўлади: “Йўқ, йўқ, бу ерда эмас!..” − “Нега бу ерда эмас?..” − “Сабаби мен ўлганман!” − “Хўш, нима бўпти!” − “Ҳеч нарса!” − “Нима дединг менга, нима?..” Тўсатдан уларни бепоён осмондан келаётган совуқ ва чопиб кетаётган қизил чолворли оломон ажратиб қўяди.. Камила уларнинг орқасидан эргашади… Ўрнидан қўзғалиш мумкинлигини сезгач, изма-из югуради… Ноғоранинг сўнгги зарбасидан кейин саф қўққисдан тўхтаб қолади… Сеньор Президент келмоқда… Олтинранг жонзот… Омма орқага тисланади, қалтирайди… Қизил чолворли кишилар бошларини ўйнатадилар… Қойил! Қойил! Яна бир марта! Такрорланг! Қандай моҳирлик билан бажаришади-я!.. Қизил чолворли одамлар буйруқни эмас, омманинг овозини эшитадилар ва ўз бошларини юқорига отишда давом этадилар… Уч босқич!.. Бир! Калла олинсин!.. Икки! Юқорига отилсин! Юлдузлар сочларини тараб қўйишсин! Уч! Қўл билан ушлаб, жойига қўйилсин!.. Қойил! Қойил! Яна бир марта! Такрорлансин!.. Ана шундай! Такрорлансин!.. Боши узилган товуқнинг гўшти қизаради… Аста-секин овозлар учади… Ноғора садоси эшитилади… Ҳеч ким кўришни хоҳламаган нарсани ҳамма кўарид… Қизил чолворли одамлар бошларини қўлга олиб, осмонга отадилар, аммо тутиб ололмадилар… Юқоридан қайтиб тушаётган бошлар қўллари орқасига боғланиб икки қатор териб қўйилган ҳаракатсиз мурдалар устига тушиб, пачақ-пачақ бўлиб кетди.
Эшикни қаттиқ тақиллаши Кара де Анхелни уйғотиб юборди. Қандай даҳшатли туш! Ҳайриятки, бу фақат туш. Дафн маросимидан қайтгандан кейин ҳар хил хаёлларни унутиб, енгиллаша бошлаганини сезади. Ким тақиллатаётганини билишга ошиқади. Генералдан хабар келдимикан ё президент ҳузурига шошилинч чақиришмоқдами?
− Салом…
− Салом, − жавоб берди арзанда баланд бўйли, кичкина юзлари қизғиш кишига. У Кара де Анхелнинг овозини эшитиб бошини эгди ва узоқни кўролмайдиган кўзларини қадаб, уни яхшилаб кўриб олишга уринди.
− Марҳамат қилиб кечиринг. Менга айтолмайсизми, мусиқачилар тайёрлайдиган сеньора шу ерда турадими? Мотам либосидаги сеньора?
Кара де Анхел унинг бурни тагида эшикни ёпиб қўйди.
Кўзи ўтмас киши суҳбатдошини таниб олиш учун яна бир оз қараб турди. Олдида ҳеч ким йўқлигини сезгандан кейин қўшни уйга қараб юрди.
− Оқ йўл, митти Томасита, омадингиз келсин!
− Бозор айлангани кетаяпман!
Иккала овоз бир пайтда чиқди. Эшик олдига яқинлашган Бўғма илон гап қўшди:
− Бекорчилар.
− Ундай деамнг…
− Эҳтиёт бўлинг, ўғирлаб кетишади!
− Рост айтасиз, ортиқча оғиз кимга керак!
Кара де Анхел эшик олдига келди.
− Ишларингиз қалай? − сўради у турмадан қайтган Бўғма илондан.
− Аввалгидек.
− Нима дейишяпти?
− Ҳеч нарса.
− Васкесни кўрдингизми?
− Йўқ, бўлмади, овқатни олишга олишди, аммо салдан кейин шундайлигича қайтариб беришди!
− Демак, у турмада эмас экан…
− Саватга қўл тегизилмаганини кўриб, оёқларим қалтираб кетди, аммо бир хизматчи сеньор уни ишга олиб кетишган деб айтди.
− Турма бошлиғими?
− Йўқ. Бу палидни олдимдан ҳайдаб юбордим, у билагимдан ушламоқчи бўлди. Камила яхшими?
− Аҳволи ёмон… сўлиб бораяпти, бечора!
− Жудаям, жудаям ёмонми-а? Янаям бахти бор экан; бизни аҳволимизга тушган одам тағинам нариги дунёга жўнаб қолмасинми?.. Сизга ҳам раҳмим келади. сиз учун ҳам бориб Иисус де марседга илтижо қилсаммикин? Ким билсин, балки мўъжиза юз берар?.. Бугун эрталаб турмага бораётиб муқаддас даргоҳга бир кириб чиқдим, шам ёқдим ва астойидил сиғиниб, ялиниб-ёлвордим: “Кўряпсанми, жафокаш ота, сенга бош уриб келдим, сен бизнинг халоскор отамизсан, бизга мадад бер ва нолаи зоримизни эшит, маъсума қизнинг шифо топиши сенга боғлиқ − у ўлмаслиги керак. Мен бугун эрталаб, ҳали ўрнимдан турмасдан Муқаддас онамизга илтижо қилдим, ҳозир эса сени безовта қилиб, шу илтижони такрорлайман. Сенга атаб шам ёқаман ва беқиёс қудратингга ишониб орқамга қайтаман; яна бир куни ҳузурингга бош уриб келиш ва илтимосимни ёдингга солишдан умидворман.
Карахтлиги тўла тарқамаган Кара де Анхел ҳамон туш парчалари ичида кезарди: кўзлари уккиникига ўхшаган прокурор қизил чолворли кишилар орасида имзосиз хатни ушлаб масхарабозлик қилар, уни ўпар, ялар, чеккаларини кемириб, қайта-қайта ўпиб, яна кемиришга тушар эди…”

Романнинг давомини «Жаҳон адабиёти» журналининг 2013 йил 11-12 сонларида ўқишингиз мумкин.

ХДК

(Tashriflar: umumiy 379, bugungi 1)

Izoh qoldiring