Migel de Servantes. Don Kixot & Rustam Ibragimov. Donkixotcha mahdudlik yoxud zamonga begonalik

Ashampoo_Snap_2017.04.04_16h55m29s_001_.png    Маҳдудлик – инсонни тўғри йўлдан чалғитувчи даҳшатли сароб. Бу сароб домига тушганлар эса реаллик ва хаёл дунёси орасида сарсон бўлгувчи мажруҳлардир. XVI-XVII асрлар Испаниясининг Ламанч вилоятида яшаган дворян Дон Кихот (Алонсо Кехано) ана шундай кишилардан бири эди.

ДОНКИХОТЧА МАҲДУДЛИК ЁХУД
ЗАМОНГА БЕГОНАЛИК
Рустам ИБРАГИМОВ
005

Маҳдудлик – инсонни тўғри йўлдан чалғитувчи даҳшатли сароб. Бу сароб домига тушганлар эса реаллик ва хаёл дунёси орасида сарсон бўлгувчи мажруҳлардир. XVI-XVII асрлар Испаниясининг Ламанч вилоятида яшаган дворян Дон Кихот (Алонсо Кехано) ана шундай кишилардан бири эди.

007Гиёҳвандлик ботқоғига ботганларнинг оғу тўла миясида акс этувчи карахтлик, кайф-сафо ҳамда ажал оламига, ахборот воситалари ёрдамида ёшлар онгини эгаллаб, улар миясига ғайриинсоний ғояларни сингдираётган, шу мажруҳлар қўли-ла манқуртлик дунёсини қураётганларга қарши кураш бениҳоя долзарблик касб этган бугунги ХХI аср маҳдудлиги бундан тўрт-беш аср муқаддам ўзгача “либос”да воқеланган эди. Улуғ испан адиби Мигель де Сааведра Сервантес (1547-1616) ўзининг ўлмас қаҳрамони Дон Кихот воситасида ана шу масалага эътиборни қаратар экан, у авваламбор, савдойи рицарнинг тентакликлари ибтидосини Амадис Гальский, Роланд сингари баҳодирлар қудрати васф этилган рицарлик романларида кўради. Айнан шундай романларнинг жуда кучли таъсирида қолган идальго рицарлик таомиллари бўйича кийиниб, Дульсинея Тобосская исмли хаёлий бир олийнасаб аёлни ўзига суюкли маъшуқа деб билиб, узоқ сафарга чиқади. Унинг доимий ҳамроҳи, қуролбардори эса соддадил деҳқон Санчо Панса эди. Ҳа, тентакликка тентаклик эргашар экан. Азиз Дульсинеяси учун қўрқинчли девлар, ёвуз сеҳргарлар билан олишиб, мислсиз шуҳратга, шон-шавкатга эришишни кўзлаган Дон Кихот мавжуд жамият нуқтаи назаридан ғайримеъёрий саналган ишларга қўл уриб, масхара бўлганида бу масхараларнинг бир қисми Пансага ҳам тегишли эди. Пандафиландо отли дев деб ўйлаб, вино тўла мешларни ёриб ташлаган, шамол тегирмони, қўйлар подасига қарши “жанг”ларда “матонат” кўрсатган, ашаддий жиноятчиларни бандиликдан чиқариб юборган жасур рицарнинг телбаларча гап-сўзлари, хатти-ҳаракатлари йўлда учраган одамларнинг кулгисини қистайди, баъзан эса ҳатто ғазабини ҳам қўзғайди. Хўш, бу кулгию нафратнинг бош омили нима?

Олижаноблик, мардлик, жасорат, ор-номус каби юксак фазилатлар гуллаб-яшнаган, эндиликда эса ғира-шира тушга айланган Ўрта асрларнинг, рицарлар қаҳрамонлигию шавкати билан тўлиб тошган олис ўтмишнинг турли романларда афсоналар қобиғи остида ўта бачкана кўринишда акс этиши, бу акснинг кекса идальго онгида қолдирган асорати – реал дунёнинг Дон Кихот томонидан ана ўша асарлар иллюзияси остида баҳоланиши… Дон Кихот ўзининг рицарлик “фаолият”и ҳақида қуролбардорига қуйидагиларни уқтиради:

“Дўстим Санчо, шуни билиб қўйгинки, самонинг мени шу темир асрда бунёдга келтиришдан муроди, мен ҳалиги олтин билан сайқалланган ёки олтин асрни қайта тиклашим керак. Мен пешонасига хавф-хатарлар, улуғвор ишлар ва мислсиз қаҳрамонликлар ёзилган зотлардан бўламан…”

Дон Кихот яшаётган давр эртаклар, ривоятларга ишонч барҳам топган, феодализм ўрнини капитализм эгаллай бошлаган, янгича дунёқарашдаги янги авлод вояга етган давр эди. Ўтмиш хотираси билан ҳамнафас Дон Кихотга хос фанатизм, борлиқни бутунлай нотўғри идрок қилиш бу пок ниятли, олижаноб инсон билан ўз замонаси ўртасида улкан жарлик ҳосил этди. У барча масалада – инсоний муносабатлар, севги, рицарлик бурчи, қуролбардорлик ва ҳоказолар борасида идальгонинг иқтисодчисию жияни, руҳонию сартарош каби танишлари ўтга ташлаб юборган зарарли китоблар рамкасида фикрларди. Тўғри, бундай асарлар қатида Дон Кихотнинг қуйидаги фикрларига замин ҳозирлаган руҳ мавжудлигини тан олмоқ лозим:

“Ўзимни донишманд ҳам деёлмайман. Мен фақат инсонларга улар ер юзида жаҳонгашта рицарликнинг бахтиёр замонлари барқарор этилишини тиламасдан нақадар енгилтаклик қилаётганларини тушунтириб қўймоқчиман, холос. Эҳтимолки, бизнинг мажруҳ асримиз илгариги дориломонлик гаштидан маҳрум ва унга нолойиқдир. Бундай гашт ўтмишда, жаҳонгашта рицарлар давлатни мудофаа қилганларида, хотин-қизларни ҳимоя этганларида, етим-есир, ғарибу ғураболарга кўмаклашганларида, мағрурларни жазолаб, мўминларни сийлаганларида ҳақ ва барқарор эди. Ҳозирги рицарлар муқаддас совутларни ипагу барқутга алмаштирганлар”.

Дарҳақиқат, фан-техника борасида мислсиз ютуқларга эриша борган бани одам ХХ-ХХI асрларда маънавий тубанликка томон кета бошлади. Бугунги куннинг глобал “бош оғриқлар”и – наркомания, ОИТС, одам савдоси, бир қанча Европа мамлакатларида бир жинсли никоҳга қонунан рухсат берилиши, терроризм, масскультура ва шу сингари балолар бу тубанликнинг олий кўринишларидандир. Буюк Сервантес телба донишманд Дон Кихот тилидан аслида бугунги кунларимизнинг ибтидоси тўғрисида куйиниб сўзлаганди.

Гарчи Дон Кихотнинг юқоридаги фикрлари қанчалик ҳаққоний бўлмасин, унинг тафаккур тарзи саробга, хомхаёлга асосланганди. Бу хомхаёл ортидан бошқа бир хомхаёл – тезда бойиб кетиш, катта-катта оролларнинг эгасига, ҳукмдорига айланиш орзуси эргашди. Боя айтганимиздек, тентакка тентак эргашди – саводсиз, соддадил Санчо Панса бирор оролнинг губернатори бўлиш умидида қуролбардор сифатида ўз хўжайини билан тоғу тошларда, далаларда гўр азобини тортди, калтаклашу дўппослашларни бошидан ўтказди, кўпларнинг кулгисию нафратига учради. Ўз хўжасининг телбаликлари уни-да ҳайратга солди. Кўзига тегирмон парраклари девлар, руҳонийлар эса гўзал маликани олиб қочаётган жодугарлар бўлиб кўрингувчи Дон Кихотнинг телба-тескари ишлари яроқбардорда унинг ҳақлигига шубҳа уйғотса-да, бора-бора бу гумонлар тарқаб, аллақандай меҳрга, ишончга айланди. Бу ишончга эса яна ўша олди-қочди рицарлик романларида саховатли рицарлар садоқатли хизмати эвазига қуролбардорларини муносиб тақдирлаши, жангда қўлга киритилган каттароқ ўлжани ёки эгалланган бирор ерни тортиқ қилиши тасвирлангани, Дон Кихот тилига кўчган шу тасвирларнинг Санчо Пансада катта иштиёқ уйғотгани сабаб бўлганди. Умуман, донкихотча савдойилик айнан шу Санчо Панса образи билан биргаликда янада ёрқин қиёфа касб этган.

Шуни таъкидлаш жоизки, Дон Кихот жисман реал борлиқ, руҳан эса хаёллар, орзулар оламида яшарди. Ўз жисмини ҳам ўша оламнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида тасаввур қилган (реалликни нореаллик бағрида топган) рицар ўзи яратган дунёнинг энг азиз сиймоси этиб Дульсинея Тобосскаяни танлади. Эҳтимол, бу аёл бошқалар учун оддийгина қишлоқ қизи Альдонса Лоренсодир. Аммо у заминга донғи таралган жаҳонгашта рицарнинг қалбини забт айлаган! Шу боис Дульсинея тўғрисида таҳқиромуз гап айтилганда Дон Кихот ғазаб-ла қуйидагиларни изҳор этмоқдан ўзини тиёлмайди:

“Ҳой аҳмоқ, бекорхўжа, қишлоқи, унинг хаёлининг ўзи менга қанчалик куч, жасорат бахш этишини биласизми? Эй тили илоннинг тилидай қалдираган муттаҳам, ким қиролликни эгаллаб, девнинг калласини узди ҳамда сизни макр қилиб қўйди (зероки ўйланган нарсани қилинган деб ҳисоблайман)? Ўзининг жасорати учун мени танлаб олган Дульсинеянинг қаҳрамонлиги эмасми бу? У менинг қонимда, мен билан зафар қучяпти, унинг ёди билан қалбим тепади, нафас оламан, у менинг ҳаётим, борлиғим”.

Эътиборлиси, Дон Кихотга хос бундай фанатизм, жиззакилик қай бир жиҳатлари билан ўтмишда қолган шонли Герман империясини қайта тиклаш даъвоси остида ХХ асрнинг 30-йилларида ҳокимиятга келган нацистларни ё бўлмаса ҳозирги даврда халифалик замонларини қўмсаб юрган турли диний-экстремистик ташкилотларни эслатиб юборади. Умуман олганда эса эски китоблардаги эски воқеликка бор вужуди-ла ёпишиб олган Дон Кихот табиатан ақлсиз, савиясиз эмас. Карвонсаройда кечлик овқат маҳали унинг атрофдагиларга қарата ҳарбий иш ва илм-фан ҳақида айтган доно фикрларини бир эсланг. Ўша чоғда бундан муассир бўлганлар – “Дастурхон атрофида ўтирган бошқа кишилар эса, мана шундай ақлли, ширинсўз одамнинг гап рицарлик томон бурилиши биланоқ тентакдан фарқи бўлмай қолишидан беихтиёр афсусланишди”.

Дарҳақиқат, табиат Дон Кеханони аслида оқил қилиб яратган. Бироқ кексайганда рицарлик “аллергия”сига йўлиқиб, қалбию кўзини туман қоплади. Муаллиф томонидан аччиқ истеҳзою сатирик пафос асосида муносабат билдирилган рицарлик удумларига қатъий, шу билан бирга, кўр-кўрона амал қилиб, ўзинию бошқаларни бекордан-бекорга қийнади, кўп ташвишга қўйди. Ўқиган романлари бу инсонга фақат графу графиня учун кўнгилочди томошалар манбаи бўлмоққа, кулги, масхара бўлмоққа яради, холос. Дон Кихотнинг яхшилиги жабрини тотган – айнан рицарнинг аралашуви хўжайини томонидан қасдма-қасд равишда баттарроқ калтакланишига олиб келган Андрес исмли бола эскиликка, донкихотча маҳдудликка қарата шундай дейди:

“Оламдаги барча жаҳонгашта рицарлар билан биргаликда гумдон бўлинглар!”

Ниҳоят, Дон Кихотни бу хурофотдан, маҳдудлик офатидан минг машаққатлар билан эса-да, соғлом ақл эгаси, навқирон ҳамда қатъиятли йигит – янги замон – Уйғониш даврининг типик вакили, бакалавр Самсон Карраско халос қилди. Тадбиркор йигит айнан рицарлик воситасида кекса идальгони рицарликни ташлаб, уйга қайтишга мажбур эта олди. Ўз мулкига қайтган Дон Кихотнинг мияси эндиликда маҳдудликдан фориғ бўлган, умр эса ниҳоялаб қолганди… Тентакдек яшаб, донишманддек ўлгувчи бу инсон ҳаётининг айни шу палласигача босиб ўтган йўли тўғрисида шундай хулоса қилиш мумкин: Сократ, Беруний, Ибн Сино, Коперник, Улуғбек, Жордано Бруно, Галилей сингари алломалар ўз даврларидан илгарилаб кетганлари боис замондошлари уларни сиғдирмаганди. Дон Кихот эса замонасидан бир неча аср орқада қолгани оқибатида шу кўйга тушди. Дон Кихот маҳдудлигининг ҳам, маънавий регресга олиб келаётган ХХI аср маҳдудлигининг ҳам бутун фожиаси ана шунда.

DONKIXOTCHA MAHDUDLIK YOXUD
ZAMONGA BЕGONALIK
Rustam IBRAGIMOV
005

Mahdudlik – insonni to‘g‘ri yo‘ldan chalg‘ituvchi dahshatli sarob. Bu sarob domiga tushganlar esa reallik va xayol dunyosi orasida sarson bo‘lguvchi majruhlardir. XVI-XVII asrlar Ispaniyasining Lamanch viloyatida yashagan dvoryan Don Kixot (Alonso Kexano) ana shunday kishilardan biri edi.

008Giyohvandlik botqog‘iga botganlarning og‘u to‘la miyasida aks etuvchi karaxtlik, kayf-safo hamda ajal olamiga, axborot vositalari yordamida yoshlar ongini egallab, ular miyasiga g‘ayriinsoniy g‘oyalarni singdirayotgan, shu majruhlar qo‘li-la manqurtlik dunyosini qurayotganlarga qarshi kurash benihoya dolzarblik kasb etgan bugungi XXI asr mahdudligi bundan to‘rt-besh asr muqaddam o‘zgacha “libos”da voqelangan edi. Ulug‘ ispan adibi Migel de Saavedra Servantes (1547-1616) o‘zining o‘lmas qahramoni Don Kixot vositasida ana shu masalaga e’tiborni qaratar ekan, u avvalambor, savdoyi ritsarning tentakliklari ibtidosini Amadis Galskiy, Roland singari bahodirlar qudrati vasf etilgan ritsarlik romanlarida ko‘radi. Aynan shunday romanlarning juda kuchli ta’sirida qolgan idalgo ritsarlik taomillari bo‘yicha kiyinib, Dulsineya Tobosskaya ismli xayoliy bir oliynasab ayolni o‘ziga suyukli ma’shuqa deb bilib, uzoq safarga chiqadi. Uning doimiy hamrohi, qurolbardori esa soddadil dehqon Sancho Pansa edi. Ha, tentaklikka tentaklik ergashar ekan. Aziz Dulsineyasi uchun qo‘rqinchli devlar, yovuz sehrgarlar bilan olishib, mislsiz shuhratga, shon-shavkatga erishishni ko‘zlagan Don Kixot mavjud jamiyat nuqtai nazaridan g‘ayrime’yoriy sanalgan ishlarga qo‘l urib, masxara bo‘lganida bu masxaralarning bir qismi Pansaga ham tegishli edi. Pandafilando otli dev deb o‘ylab, vino to‘la meshlarni yorib tashlagan, shamol tegirmoni, qo‘ylar podasiga qarshi “jang”larda “matonat” ko‘rsatgan, ashaddiy jinoyatchilarni bandilikdan chiqarib yuborgan jasur ritsarning telbalarcha gap-so‘zlari, xatti-harakatlari yo‘lda uchragan odamlarning kulgisini qistaydi, ba’zan esa hatto g‘azabini ham qo‘zg‘aydi. Xo‘sh, bu kulgiyu nafratning bosh omili nima?

Olijanoblik, mardlik, jasorat, or-nomus kabi yuksak fazilatlar gullab-yashnagan, endilikda esa g‘ira-shira tushga aylangan O‘rta asrlarning, ritsarlar qahramonligiyu shavkati bilan to‘lib toshgan olis o‘tmishning turli romanlarda afsonalar qobig‘i ostida o‘ta bachkana ko‘rinishda aks etishi, bu aksning keksa idalgo ongida qoldirgan asorati – real dunyoning Don Kixot tomonidan ana o‘sha asarlar illyuziyasi ostida baholanishi… Don Kixot o‘zining ritsarlik “faoliyat”i haqida qurolbardoriga quyidagilarni uqtiradi:

“Do‘stim Sancho, shuni bilib qo‘yginki, samoning meni shu temir asrda bunyodga keltirishdan murodi, men haligi oltin bilan sayqallangan yoki oltin asrni qayta tiklashim kerak. Men peshonasiga xavf-xatarlar, ulug‘vor ishlar va mislsiz qahramonliklar yozilgan zotlardan bo‘laman…”

Don Kixot yashayotgan davr ertaklar, rivoyatlarga ishonch barham topgan, feodalizm o‘rnini kapitalizm egallay boshlagan, yangicha dunyoqarashdagi yangi avlod voyaga yetgan davr edi. O‘tmish xotirasi bilan hamnafas Don Kixotga xos fanatizm, borliqni butunlay noto‘g‘ri idrok qilish bu pok niyatli, olijanob inson bilan o‘z zamonasi o‘rtasida ulkan jarlik hosil etdi. U barcha masalada – insoniy munosabatlar, sevgi, ritsarlik burchi, qurolbardorlik va hokazolar borasida idalgoning iqtisodchisiyu jiyani, ruhoniyu sartarosh kabi tanishlari o‘tga tashlab yuborgan zararli kitoblar ramkasida fikrlardi. To‘g‘ri, bunday asarlar qatida Don Kixotning quyidagi fikrlariga zamin hozirlagan ruh mavjudligini tan olmoq lozim:

“O‘zimni donishmand ham deyolmayman. Men faqat insonlarga ular yer yuzida jahongashta ritsarlikning baxtiyor zamonlari barqaror etilishini tilamasdan naqadar yengiltaklik qilayotganlarini tushuntirib qo‘ymoqchiman, xolos. Ehtimolki, bizning majruh asrimiz ilgarigi dorilomonlik gashtidan mahrum va unga noloyiqdir. Bunday gasht o‘tmishda, jahongashta ritsarlar davlatni mudofaa qilganlarida, xotin-qizlarni himoya etganlarida, yetim-yesir, g‘aribu g‘urabolarga ko‘maklashganlarida, mag‘rurlarni jazolab, mo‘minlarni siylaganlarida haq va barqaror edi. Hozirgi ritsarlar muqaddas sovutlarni ipagu barqutga almashtirganlar”.

Darhaqiqat, fan-texnika borasida mislsiz yutuqlarga erisha borgan bani odam XX-XXI asrlarda ma’naviy tubanlikka tomon keta boshladi. Bugungi kunning global “bosh og‘riqlar”i – narkomaniya, OITS, odam savdosi, bir qancha Yevropa mamlakatlarida bir jinsli nikohga qonunan ruxsat berilishi, terrorizm, masskultura va shu singari balolar bu tubanlikning oliy ko‘rinishlaridandir. Buyuk Servantes telba donishmand Don Kixot tilidan aslida bugungi kunlarimizning ibtidosi to‘g‘risida kuyinib so‘zlagandi.

Garchi Don Kixotning yuqoridagi fikrlari qanchalik haqqoniy bo‘lmasin, uning tafakkur tarzi sarobga, xomxayolga asoslangandi. Bu xomxayol ortidan boshqa bir xomxayol – tezda boyib ketish, katta-katta orollarning egasiga, hukmdoriga aylanish orzusi ergashdi. Boya aytganimizdek, tentakka tentak ergashdi – savodsiz, soddadil Sancho Pansa biror orolning gubernatori bo‘lish umidida qurolbardor sifatida o‘z xo‘jayini bilan tog‘u toshlarda, dalalarda go‘r azobini tortdi, kaltaklashu do‘pposlashlarni boshidan o‘tkazdi, ko‘plarning kulgisiyu nafratiga uchradi. O‘z xo‘jasining telbaliklari uni-da hayratga soldi. Ko‘ziga tegirmon parraklari devlar, ruhoniylar esa go‘zal malikani olib qochayotgan jodugarlar bo‘lib ko‘ringuvchi Don Kixotning telba-teskari ishlari yaroqbardorda uning haqligiga shubha uyg‘otsa-da, bora-bora bu gumonlar tarqab, allaqanday mehrga, ishonchga aylandi. Bu ishonchga esa yana o‘sha oldi-qochdi ritsarlik romanlarida saxovatli ritsarlar sadoqatli xizmati evaziga qurolbardorlarini munosib taqdirlashi, jangda qo‘lga kiritilgan kattaroq o‘ljani yoki egallangan biror yerni tortiq qilishi tasvirlangani, Don Kixot tiliga ko‘chgan shu tasvirlarning Sancho Pansada katta ishtiyoq uyg‘otgani sabab bo‘lgandi. Umuman, donkixotcha savdoyilik aynan shu Sancho Pansa obrazi bilan birgalikda yanada yorqin qiyofa kasb etgan.

Shuni ta’kidlash joizki, Don Kixot jisman real borliq, ruhan esa xayollar, orzular olamida yashardi. O‘z jismini ham o‘sha olamning teng huquqli a’zosi sifatida tasavvur qilgan (reallikni noreallik bag‘rida topgan) ritsar o‘zi yaratgan dunyoning eng aziz siymosi etib Dulsineya Tobosskayani tanladi. Ehtimol, bu ayol boshqalar uchun oddiygina qishloq qizi Aldonsa Lorensodir. Ammo u zaminga dong‘i taralgan jahongashta ritsarning qalbini zabt aylagan! Shu bois Dulsineya to‘g‘risida tahqiromuz gap aytilganda Don Kixot g‘azab-la quyidagilarni izhor etmoqdan o‘zini tiyolmaydi:

“Hoy ahmoq, bekorxo‘ja, qishloqi, uning xayolining o‘zi menga qanchalik kuch, jasorat baxsh etishini bilasizmi? Ey tili ilonning tiliday qaldiragan muttaham, kim qirollikni egallab, devning kallasini uzdi hamda sizni makr qilib qo‘ydi (zeroki o‘ylangan narsani qilingan deb hisoblayman)? O‘zining jasorati uchun meni tanlab olgan Dulsineyaning qahramonligi emasmi bu? U mening qonimda, men bilan zafar quchyapti, uning yodi bilan qalbim tepadi, nafas olaman, u mening hayotim, borlig‘im”.

E’tiborlisi, Don Kixotga xos bunday fanatizm, jizzakilik qay bir jihatlari bilan o‘tmishda qolgan shonli German imperiyasini qayta tiklash da’vosi ostida XX asrning 30-yillarida hokimiyatga kelgan natsistlarni yo bo‘lmasa hozirgi davrda xalifalik zamonlarini qo‘msab yurgan turli diniy-ekstremistik tashkilotlarni eslatib yuboradi. Umuman olganda esa eski kitoblardagi eski voqelikka bor vujudi-la yopishib olgan Don Kixot tabiatan aqlsiz, saviyasiz emas. Karvonsaroyda kechlik ovqat mahali uning atrofdagilarga qarata harbiy ish va ilm-fan haqida aytgan dono fikrlarini bir eslang. O‘sha chog‘da bundan muassir bo‘lganlar – “Dasturxon atrofida o‘tirgan boshqa kishilar esa, mana shunday aqlli, shirinso‘z odamning gap ritsarlik tomon burilishi bilanoq tentakdan farqi bo‘lmay qolishidan beixtiyor afsuslanishdi”.

Darhaqiqat, tabiat Don Kexanoni aslida oqil qilib yaratgan. Biroq keksayganda ritsarlik “allergiya”siga yo‘liqib, qalbiyu ko‘zini tuman qopladi. Muallif tomonidan achchiq istehzoyu satirik pafos asosida munosabat bildirilgan ritsarlik udumlariga qat’iy, shu bilan birga, ko‘r-ko‘rona amal qilib, o‘ziniyu boshqalarni bekordan-bekorga qiynadi, ko‘p tashvishga qo‘ydi. O‘qigan romanlari bu insonga faqat grafu grafinya uchun ko‘ngilochdi tomoshalar manbai bo‘lmoqqa, kulgi, masxara bo‘lmoqqa yaradi, xolos. Don Kixotning yaxshiligi jabrini totgan – aynan ritsarning aralashuvi xo‘jayini tomonidan qasdma-qasd ravishda battarroq kaltaklanishiga olib kelgan Andres ismli bola eskilikka, donkixotcha mahdudlikka qarata shunday deydi:

“Olamdagi barcha jahongashta ritsarlar bilan birgalikda gumdon bo‘linglar!”

Nihoyat, Don Kixotni bu xurofotdan, mahdudlik ofatidan ming mashaqqatlar bilan esa-da, sog‘lom aql egasi, navqiron hamda qat’iyatli yigit – yangi zamon – Uyg‘onish davrining tipik vakili, bakalavr Samson Karrasko xalos qildi. Tadbirkor yigit aynan ritsarlik vositasida keksa idalgoni ritsarlikni tashlab, uyga qaytishga majbur eta oldi. O‘z mulkiga qaytgan Don Kixotning miyasi endilikda mahdudlikdan forig‘ bo‘lgan, umr esa nihoyalab qolgandi… Tentakdek yashab, donishmanddek o‘lguvchi bu inson hayotining ayni shu pallasigacha bosib o‘tgan yo‘li to‘g‘risida shunday xulosa qilish mumkin: Sokrat, Beruniy, Ibn Sino, Kopernik, Ulug‘bek, Jordano Bruno, Galiley singari allomalar o‘z davrlaridan ilgarilab ketganlari bois zamondoshlari ularni sig‘dirmagandi. Don Kixot esa zamonasidan bir necha asr orqada qolgani oqibatida shu ko‘yga tushdi. Don Kixot mahdudligining ham, ma’naviy regresga olib kelayotgan XXI asr mahdudligining ham butun fojiasi ana shunda.

 

Servantes. Don Kixot Sarguzashtlari by Khurshid Davron on Scribd

004

(Tashriflar: umumiy 4 091, bugungi 1)

Izoh qoldiring