Mihayel Kryuger: Nimaiki bilsam, kitoblardan o’qib,o’rganganman.

212
Бугунги замон одами ўйин-кулги, вақтичоғликларга шу қадар ружу қўйганки, оқибатда китоб мутолааси ҳамиша кейинга сурилиб қолаверади. Биринчи навбатда спорт, сайру томоша, сафар, саёҳатлар, ойнаи жаҳон ва ундан кейин агар озгина вақт ортиб қоладиган бўлсагина, қўлга китоб олинади. Гарчи муҳим, аҳамиятли ва қизиқарли китоблар шунчалик кўп бўлса ҳам, одамлар кўпроқ вақтичоғлик, кўнгилхушликка интилаётган кўринади.

333

Миҳаэл Крюгер:
НИМАИКИ БИЛСАМ, КИТОБЛАРДАН ЎҚИБ, ЎРГАНГАНМАН

Бавария Бадиий Академияси аъзоси, кўплаб адабий мукофотлар соҳиби Миҳаэл Крюгер Мюнҳендаги “Карл Ҳанзер” нашриёти раҳбари, нашриёт қошидаги “Akzente” адабиёт журналининг бош муҳарриридир. У ёзувчи, шоир, таржимон, ношир сифатида самарали фаолият юритмоқда.
М.Крюгернинг шу йил апрелда “Китоб дунёси” газетасида берилган “Йигирма йилдан сўнг… Китобнинг келажаги борми?” номли эссеси мухлисларда катта қизиқиш уйғотган эди.

– Инсоният ўз аждодларига нисбатан юқори даражада қулайликлар яратди ва бу қулайликлардан шитоб билан фойдаланмоқда. Бундай қараганда энди унинг вақти ошиб-тошиб кетиши керак эмасмиди, аммо китоб ўқишга вақт йўқдай… Машҳур ёзувчилардан бири иш вақтида китоб ўқигани учун ишдан ҳайдалгани ҳақида ўқиганмиз. Китоб ўқишга вақт топиш хусусида нима дейсиз, Вақт етишмайдими ёки хоҳиш-истак?
– Бугунги замон одами ўйин-кулги, вақтичоғликларга шу қадар ружу қўйганки, оқибатда китоб мутолааси ҳамиша кейинга сурилиб қолаверади. Биринчи навбатда спорт, сайру томоша, сафар, саёҳатлар, ойнаи жаҳон ва ундан кейин агар озгина вақт ортиб қоладиган бўлсагина, қўлга китоб олинади. Гарчи муҳим, аҳамиятли ва қизиқарли китоблар шунчалик кўп бўлса ҳам, одамлар кўпроқ вақтичоғлик, кўнгилхушликка интилаётган кўринади.

– Китоблар кўп, уларни танлай билиш ҳам керакми?
– Асосий масала ҳозир ва келгусида ҳам қандай китобларни ўқиш лозимлигида. Бундан 500 йил илгариёқ одамлар китобларнинг кўплигидан нолишган. Бугун эса китоблар шунчалик кўпайиб кетганки, фақат уларнинг арзимаган маълум бир қисминигина ўқишга улгуриш мумкинлигини ҳамма билади. Шунинг учун китобларни холис таҳлил, танқид ва тавсия қиладиган адабий танқид жуда зарур. Адабиёт тарихига келсак, адабиётшунослар бугун қайси китобларни ўқиш кераклигини аниқлаб беришлари лозим, деб ўйлайман.

– Китоб инсонга дўст, дейдилар. Ҳамма китоблар ҳам дўст бўлиши мумкинми?
– Ҳар бир кишининг энг яхши кўрган китоблари бўлади! Улардан баъзилари умрбод дўст бўлиб қолади, бошқалари эса, бир марта ўқиб чиқилган заҳоти унутилади. Бу ҳам унчалик ёмон эмас, чунки мабодо барча китобларга дўст деб қараладиган бўлса, унда мия жуда ғовлаб кетган бўлар эди.

– Таниқли ношир сифатида китоб савдосини янада ривожлантириш учун нималар қилиш керак, дейсиз?
– Китоб савдосини янада ривожлантириш керак! Ҳар бир киши китобларни қўлига олиш имкониятига эга бўлмоғи лозим. Китоблар нафақат мазмун, балки шакл ҳам ҳисобланади.

– Неча асрлар илгари чоп этилган китоблар бизгача етиб келган ва уларнинг аксариятини ҳозир ҳам ўқиса бўлади. Бугунги чоп этилаётган китобларни ҳам бир неча асрдан сўнг китобхонлар мутолаа қила оладими?
– Бугун ёзилаётган китобларни 500 йилдан кейин ҳам ўқиса бўладими-йўқми, бу ҳақда бир нима дея олмайман. Тарих тажрибаларидан шу нарса маълумки, бир асрдан атиги камгина китоблар сақланиб қолади. Лекин бу ҳам ёмон эмас. Чунки китоблар аслида юз йилдан кейинги башарият учун эмас, балки энг аввало, бугунги инсоният учун ёзилади.

– Сизнинг ҳаётингизда китоб қандай ўрин тутади? Қайси китоблар Сизни болалигингизда ҳайратга солган?
– Болалигимда наботот ва ҳайвонот олами ҳақидаги ҳамда Таврот мен учун севимли китоблар бўлган. Ҳар ҳолда бизда булардан ортиғи ҳам бўлмаган. Мен учун дўстлар ва ҳамкасблар билан бир қаторда китоблар ҳам оламшумул аҳамият касб этади. Нимаики билсам, мактабда эмас, балки китоблардан ўқиб, ўрганганман. Бироқ ҳеч нарса ўрганиб бўлмайдиган китоблар ҳам борки, уларга энг аввало, ишқий романлар киради.

– Қизиқ, ходимлар малакасини ошириш маъносида иш кунларидан бири (иш ҳақи тўлангани ҳолда) ихтиёрий тарзда китобхонлик куни, деб белгиланса, дунёдаги саводли одамларнинг неча фоизи шу куни чиндан ҳам мутолаага машғул бўларди, деб ўйлайсиз?
– Агар барча кишилар ҳаётида бир кун фақат мутолаа учун ажратилса, ажойиб иш бўларди, деб ўйлайман. Лекин ҳар ҳолда буни назорат қилиш мушкул бўлса керак. Чунки кўпчилик одамларга қолса, бир бет ўқиб, сўнг ҳеч нарса қилмасликлари ҳам мумкин. Одамлар ҳақиқатан ҳам ўқийдими-йўқми, агар буям текшириб кўриладиган бўлса, ундан ёмони йўқ.

– Сизнингча, дунё болаларининг тарбиясига таъсир қилишда китоб, интернет, мобил телефон, радио-телевидение кабиларнинг қай бирлари етакчилик қилмоқда? Оиланинг ўрни-чи? Уларнинг қай бири етакчилик қилиши мақсадга мувофиқ?
– Менимча, бугунги кунда интернет ҳақиқатан ҳам етакчи медиумга айланган. Бир-бирини танимайдиган одамлар интернет орқали ўзаро алоқа боғлайди, кўрган-кечирганларини, ғам-ташвишларини Сиз билан баҳам кўради. Бу нарса менга ғалати, ғаройиб туюлади. Менингча, ҳаётда аслида ўзаро фикр алмашадиган бир неча дўстларинг бўлса, шунинг ўзи кифоя.

– “Китоб дунёси” газетасига тилакларингиз.
– Камина “Китоб дунёси” газетасига барча эзгу тилакларимни билдираман. Газетангиз саҳифаларида адабиётга келгусида янада кенгроқ ўрин ажратасиз, деб умид қиламан! Шеърларни ҳар доим чоп этаверинглар, шеърлар – адабиётнинг энг олий шаклидир. Мен газетага барча яхшиликларни тилайман ва бир кун келиб албатта дийдор кўришамиз, деб умид қилиб қоламан.

Мирзаали АКБАРОВ суҳбатлашди, “Китоб дунёси” газетаси, 2012 йил 5 октябрь, 12(145)-сон

Миҳаэл Крюгер шеърлари Хуршид Даврон таржимасида (саҳифага ўтиш)

776

УФҚ УЗРА ҚАД РОСТЛАР БИР ҚУШ…

ЮРАК ЗАРБИ

Бизга уйқу бермас:
Юрак зарби,
қўл олишу ҳайрон аланглаш
каби оддий нарсалар.
Мустасно бундан албат
Тумтароқ хаёллар, ғалати ўйлар,
Ҳақиқатнинг телба-тескари
ҳазиллари.
Катта оёқ изидир у,
Бизга ногоҳ йўл кўрсатгучи,
Ярим амирона, ярим дуогўй.
Гуп-гуп уриб юракларимиз,
Тушда қоқиниб юрамиз.

ОЧИҚ ҲАВОДА

Тонгда уфқ ниҳоят очилиб,
Мудроқ қуёшга нигоҳинг тушар.
Қадимий маъбудлар ичра кимдир,
Гарчи ғирром йўл тутар, бахт-омадинг
равнақига кафил экан:
Бораман мен ҳам унга эргашиб,
беғам-беташвиш, ҳозиргина уйғонган
майсалар узра, йўлимда дуч келар
полизқўриқчи, яшил қўнғизлар макони.
Очиқ ҳавода айтилаверар афсоналар
ўз-ўзидан. Шамолга ҳамроҳ бўл,
гар сенга ҳеч нима демас, сўнгги ровий у.

МЕҲМОН ШОИР

Индамасдан кириб келар ҳамиша,
Ва ҳикоясин сўйлайди дилкаш,
Дарё унинг исмига етолмай сира,
Ҳамон оқиб ётади пешкаш.
Мен дарёман, дейди Шоир,
Гўё билмаймиз буни азалдан.
Бор нарсани киссага урар, ҳушёр бўлмасанг,
Иштаҳа зўр, асло қайтмас таомдан.
Гап очилса гар фазилат, обрўдан
ёки иззат-ҳурматдан, чекар хижолат.
Сувбургалар ҳамда қамишзор
энди унга мавзу бўлади албат.
Уч кун ётиб қолар у уйимиз ичра,
Уч кун термиламиз
бир-биримизга,
асли киммиз, билолмай сира.

МАЙСА ҲАҚИДА

Ўзимизча хаёл қиламиз,
сазовормиз унинг садоқатига.
Босиб, тепкилаб ўтар
жирканч одамлар уни.
Ўнгланиб олар у яна,
Қўзиқоринлар меҳроби аро.
Октябрь. Маймунжонлар
кунни қорага бўяйди.
Совуқ шамол унинг
поясин силтаб букади.
Майса титрар. Мусаввирлар
Тўғри тушунар сени фақат.

ПОЕЗДДА

Рўпарамда аёл китоб ўқийди;
Дам кулса қаттиқ овозда,
дам бўлар жиддий.
Гўё унга хавф солар
варақлар бағридаги
қаллоблик.
Ён дафтаримни олиб,
унинг қисматин ёза бошлайман:
Бўлган экан бир қўзичоқ,
Бўри бўлмоқ экан орзуси…
Мюнҳенда
тушиб қолдим поезддан.
Аёл эса елиб борар
тақдири томон.

ТАБИАТНИНГ БИР БЎЛАГИ

Уфқ узра қад ростлаб турар бир қуш.
Қуён елдай чопар ўтлоқзор бўйлаб,
Вақт эса борар жуфтакни ростлаб.
Боқий бурган* ичра пусиб сичқон,
Чумоли – бедорликнинг жонли тимсоли.
Буларнинг барчасин кўриб турар у.
Майдароқ қушларни ҳам.
Уларнинг шовқинидан
уйғониб кетар ҳатто мудроқ деворлар.
У бизни ҳам кўриб турибди, одамзот эрур
ёқимтой, жасур хилқат, шиоридир ҳақиқат.
Гап бўлиши мумкинмас, анграйма фақат.

ХОТИРА

Кўҳна уйлар турар сафма-саф,
Илмга ҳавасманд кўчалар бўйлаб.
Қишлоқда дерди ким биров
“Ҳис-туйғулар сафсата буткул”.
Бу ҳақда ўйлама зинҳор!
Дерди бобом, чунки
кириб келар эди қиш.
Балиқ овига борардик биз
аёз олдидан.
Одамларга қулоқ солма, дерди у.
Узоқларни кўзлар эди нигоҳи,
Типирчилаб унда туйғулар.

*Бурган – ўт (ўсимлик)

Немисчадан Мирзаали АКБАРОВ таржимаси

Миҳаэл Крюгер шеърлари Хуршид Даврон таржимасида (саҳифага ўтиш)

(Tashriflar: umumiy 105, bugungi 1)

Izoh qoldiring