Muhammadjon Xolbekov. Intermatnlik va matnning turg’un unsurlari

077

Жаҳон, шу жумладан, ўзбек тилшунослигида олиб борилган лингвистик тадқиқотларга кўра, интерматнлик ҳар бир матнга хосдир, ўз ўрнида ҳар бир матн ҳам интерматндан иборат. Интерматнлик ва интерматн тушунчалари ҳам матн бир хил эмаслигидан, унинг гетероген таркибидан, ҳар хил матн турларидан ташкил топганлигидан далолат беради. Матн бошқа матнлар қуршовида, ўлар билан ўзаро таъсир, ўзаро боғлиқлик, ўзаро алмашинув, ўзаро бойитиш, бир-бирини тақозо этиш, бир-бирига сингиб кетиш доирасида ҳаракатланади. Матн ўз ичига узоқ ва яқин ўтмишда яратилган асарларнинг матнларини қамраб олади, шунингдек бошқа матнлар ичига ҳам англанган ёки англанмаган ҳолда қўшилиб кетади.

04
МУҲАММАДЖОН ХОЛБЕКОВ
ИНТЕРМАТНЛИК ВА МАТННИНГ ТУРҒУН УНСУРЛАРИ
«ХХ аср модерн адабиёти манзаралари» китобидан
02

07Таниқли адабиётшунос олим Муҳаммаджон Холбеков 1950 йилда туғилган. Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг роман-герман филологияси факультетида таҳсил олган. 1982 йили француз бадиий адабиётининг ўзбек тилига таржима қилиниши тажрибалари мавзуида номзодлик, 1991 йили эса ўзбек-француз адабий алоқалари мавзуида докторлик илмий ишини ҳимоя қилган. Самарқанд давлат чет тиллар институти профессори. Жиззах давлат педагогика институти инглиз тили ва адабиёти кафедраси мудири. Икки монография («Ўзбек мумтоз адабиёти француз маданиятида», «Француз адабиёти Ўзбекистонда».), 200 дан ортиқ мақола, кўплаб таржималар муаллифи. Олимнинг мақолалари чет эл матбуотида, шунингдек, «Тафаккур», «Жаҳон адабиёти», «Шарқ юлдузи», «Ўзбек тили ва адабиёти» каби журналларда ва газеталарда мунтазам чоп этилади.

021

Жаҳон, шу жумладан, ўзбек тилшунослигида олиб борилган лингвистик тадқиқотларга кўра, интерматнлик ҳар бир матнга хосдир, ўз ўрнида ҳар бир матн ҳам интерматндан иборат. Интерматнлик ва интерматн тушунчалари ҳам матн бир хил эмаслигидан, унинг гетероген таркибидан, ҳар хил матн турларидан ташкил топганлигидан далолат беради. Матн бошқа матнлар қуршовида, ўлар билан ўзаро таъсир, ўзаро боғлиқлик, ўзаро алмашинув, ўзаро бойитиш, бир-бирини тақозо этиш, бир-бирига сингиб кетиш доирасида ҳаракатланади. Матн ўз ичига узоқ ва яқин ўтмишда яратилган асарларнинг матнларини қамраб олади, шунингдек бошқа матнлар ичига ҳам англанган ёки англанмаган ҳолда қўшилиб кетади. Бундан ташқари, тадқиқотларда матннинг динамик (ўзгариш, ривожланиш суръати, ҳаракат ва ўзгаришларга мойиллик) хусусияти ўз исботини топади, яъни матн – бу муаллиф асосий ғоя ва фикрининг амалга оширилишга ҳамда адресант ва адресат ўртасида муносабат ўрнатишга йўналтирилган тўхтовсиз ҳаракатланаётган, ривожланаётган тизимдир. Ҳаракатланиш, ривожланиш хос бўлган матнни, қайсидир бир жиҳатдан жонли организм билан таққослаш мумкин. Шундай фикр ҳам борки, матнларнинг жонли дунёси инсон дунёсига паралелль равишда абадий яшамоқда. Бироқ, айни пайтда, матн мустаҳкам истеҳком, барқарор қурилмадир. Ҳошиялар ўртасидаги маконда матн мустаҳкам ўрнашиб олган. Матннинг жўшқин ҳаракатга ва ўзгаришларга мойиллиги, тадрижий ривожланиб бораётган моҳият ва мазмунига қарамасдан, қайси унсурлари уни стабиллаштиради, бирдек туришини таъминлайди ёки турғун мувозанатга сақлайди, деган савол туғилиши табиий. Мазкур мақолада ушбу саволга батафсил савол беришга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Биз, энг аввало, матн тадқиқотига оид замонавий ёндашувларни, унинг таърифларини таҳлил қилиб чиқамиз, шунингдек матн функцияларини аниқлаймиз, интерматн ва интерматнлик тушунчаларини тавсифлаймиз, ва ниҳоят, матннинг турғун ва доимий хусусиятларини тақозо этувчи турғун категорияларини бирма-бир белгилаб чиқамиз.

I . МАТННИНГ ИНТЕРМАТНЛИК БИЛАН БОҒЛИҚ БЎЛГАН АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ

Агар сўз – бу тил бирлиги бўлса, у ҳолда матн – коммуникация (алоқа, фикр алмашинув) бирлигидир. Сўзлар муайян маънога эга, матнлар эса – мазмунга. Ўқувчи, сўзлар маъносини била туриб, уларни контекст108да англаб олади, тушуниб етади, яъни тасаввурида муайян мазмунлар ҳосил қилади. Маъно ва мазмунларни англаш, матнни тушуниш демакдир. Матнни ўқиш жараёнида сўзлар маъносидан қанчалик кўп мазмунларни чиқарсак, шунчалик кўпроқ ўзимизни “маданийлаштирамиз”109.

Бу матн функцияларидан биридир. Интерматнликни ҳар бир матннинг, айниқса замонавий матнларда яққол ифода этилган, ажралмас қисмидек инобатга олсак, шундай бир ҳулосага келамизки, замонавий матнлар ўзида қанчалик кўп асарларни акс эттирса, шунчалик китобхонни “маданийлаштириш” салоҳиятига кўпроқ эга бўлиб чиқади. Лекин, танганинг бошқа тарафи ҳам бор, етарлича “маданийлашган” китобхон матнларни тушуниш ва англаб олиш қобилиятига эга.

Австриялик файласуф Л.Витгенштейн (Ludwig Wittgenstein, 1889-1951)) фикрича, матннинг бошқа, яъни “у ёки бу йўсинда одамлар хулқига, феъл-атворига, хатти-ҳаракатларига таъсир этиш” функцияси ҳам мавжуд. Бундан ташқари, тадқиқотлар натижасида маълум бўлишича, матн нафақат ўқувчиларга, балқи муаллифга ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Онгли равишда (тушунган ҳолда) ёки англаб етмаган ҳолда (ғайришуурий равишда) муаллиф олдинги, анча илгари яратилган матнга таянади, ўз ишида унга ҳавола қилади. Л.Витгенштейн, тилга таъриф бераркан: “Тил – бу чигаллашган йўллар тизмаси. Бир тарафдан яқинлашганингда, чиқиш йўли қаердагилини аниқ биласан. Ўша-ўша жойга бошқа тарафдан яқинлашганингда эса, чиқиш йўли қаердалигини энди умуман билмай қоласан”. Бу фикр матнга ҳам тўғри келади. Матнни, гўё “кўҳна шаҳарнинг эгри-бугри, чалкаш тор кўча ва майдонлари, эски ва янги уйлар, турли даврларга мансуб иморат ва бинолар: уларнинг ҳаммаси батартиб жойлашган, тўғри ва равон куча ҳамда стандарт кўп қаватли уйлар қурилган янги даҳалар билан қуршаб олинган”, деб ёзади109. Бундан ташқари, бу фикр бадиий асарни гўё интерматндек талқин қилишга ўхшайди, ушбу интерматнда бошқа матнлар кесишган нуқтаси мавжуд, бу нуқтада ҳеч бўлмаганда яна бир матнни ўқиш мумкин110.

Интерматн концепцияси матн бирлиги, яхлитлиги ва муайян системага асосланганлиги (батартиблиги) хусусида шаклланган тасаввур ва тушунчаларни чиппакка чиқаришга қаратилган. Интерматн, таъбир жоиз бўлса, матн чегараларини олиб ташлайди ёҳуд кенгайтиради, матн структурасини қайсидир бир жиҳатдан бўшаштиради, уни ўтказувчан, маъно ва мазмунга оид шаклини эса ўзгарувчан ва ноаниқ қилади.
Матнга киритилган дискурс ёки дискурсив (мантиқий фикрлашга асосланган) жиҳатлар унга қўшимча маъно ёки мазмун бағишламайди, балки ўзаро кесишиб, бир-бирининг таъсирини кучсизлантиради. Дискурс хусусида тўхталадиган бўлсак, дискурс (лот. discursus – нутқ, фикр-мулоҳаза, далил-исбот, суҳбат) – бу нутқ орқали билдирилган фикр ва мулоҳазаларнинг ижтимоий жиҳатдан боғланганлигини таҳлил қилиш учун ишлаб чиқилган тушунча. Ушбу атама билан бевосита ўқувчи ёки тингловчига йўналтирилган илмий, фалсафий ёҳуд бошқа муҳим концепциялар белгиланади. Дискурс сўз ва маъно, белги ва мазмун, билим ва унинг сўз орқали ифодасининг бирлигини англатади, ушбу бирлик фақат одамлар ўртасидаги алоқа, муносабат, суҳбат жараёнида муайян маъно касб этади. Бундан ташқари, дискурс – бу ўзаро ҳаракатланаётган, бир-бирига таъсир ўтказаётган ижтимоий ва сиёсий субъектларнинг ҳар хил позиция, дастур, ғоя ёҳуд мафкураларини асослаш, таққослаш, муҳокама қилишга қаратилган нутқий коммуникация кўринишларидан биридир. Яна бир муҳим жиҳати, дискурс – бу олдинлари билдириб ўтилган фикр, мулоҳаза, дунёқараш, нуқтаи назарлар замирида тушунчага ёҳуд мантиққа асосланиб исботлаб бериш жараёнидир.

Таъкидлаш лозимки, интерматн тушунчаси рус тилшунос олима Н.Н.Белозёрованинг “Интегративная поэтика” тадқиқотида батафсил таҳлил қилинган, мазкур тадқиқотда интерматн ва интерматнлик атамаларининг бир нечта таърифлари келтирилади: “Intertextuality is the general condition by which it is possible for a text to be a text: the whole network of relations, conventions, and expectations by which the text is defined”.
“Terms used to refer to the relationship between the text under discussion and other texts, which may be literary or non-literary works” 111.

Интерматн ва интерматнлик атамалари 1967 йилда франциялик тилшунос олима, постструктурализм назариётчиси Ю.Кристева томонидан жорий этилди ва кенг тарқалиб кетди.
Н.Н.Белозёрова наздида, интерматн – бу матнларнинг асрлар оша ривожланиб бораётган мажмуадир; бу мажмуа ё идеал, ё виртуал савияда, ё китоб даражасида мавжуд бўлиб, ўзига хос доирани ташкил қилади. Аҳамиятли томони шундаки, доира ичида матнлар яратилиш вақти, ўз жанри, маъно ва мазмун етказиш усули, қўлланилиш ёҳуд татбиқ қилиниш соҳаси, энг муҳими, тиллар бўйича гуруҳларга ажратилади. Бу мужмуа биринчи интерматн доираси деб аталади. Н.Н.Белозёрова ишлаб чиққан тизимга кўра, интерматннинг иккинчи доираси – бу онг ва онг ости даражасида турғун ва ўзгармас кўплик (доира) кўринишида мавжуд бўлган матнга оид шакл ва категориялар мажмуасидир112.

Юқорида таъкидланганидек, интерматн ва интерматнлик ҳар қандай матнга хос бўлиб, немис тилшунос олим В.Хейнеман ишлаб чиққан назарияга кўра, интерматн жиҳатидан бу матн адресанти, яъни юборувчиси ўзига яхши таниш бўлган матн нусҳаларидан фойдаланиб, англаган ёки англамаган ҳолда муайян матнларга таянганлиги, эргашганлиги, уларга мослашиб иш тутганлигини англатади.
Интерматнлик (матнларнинг ўзаро нисбати, боғланиши) эса икки, яъни таснифий (грамматикага оид ) ва маъновий (семантикага оид) турга ажратилади. Грамматика оид доирада сўз ўзгариши (турланиш, тусланиш), сўз тузилиши, сўз бирикмалар, гап турлари ўрганилади Бу ерда асосий эътибор морфология ва синтаксисга қаратилади. Семантика доирасида эса асосан сўз маънолари ўрганилади. Шунингдек интерматнликни тадқиқ қилишнинг учта истиқболли йўналиши мавжуд:

а) синхрония (тил ҳодисаларининг муайян бир тарихий тараққиёт босқичида бир вақтда ва ўзаро мос равишда мавжуд бўлиши ва ўзаро боғланганлиги) га асосланган тадқиқот, аниқроқ қилиб айтганда – матнларни таққослаш;
б) диахрония (тарихий тадрижийлик, тил ҳодисаларининг эволюцион ривожланиш жараёни) га асосланган тадқиқот, яъни далил келтириб исботлаш, асослаш модели, турли матнлар модели ва луғавий бирликлар келиб чиқишини аниқлаб, матн яратилиш тарихини тиклаш, ўрганиш;
в) битта, алоҳида олинган матннинг ҳар тарафлама, конкрет тадқиқоти, яъни бошқа матларнинг муайян тилга оид аломатларини аниқлаш, бир-биридан ажратган ҳолда таснифини тузиш.

Мазкур тасниф бўйича интерматнлик:
– вертикал интерматнликка эга, у муайян прототипнинг белгилари асосида бадиий матннинг таснифий хусусиятларини акс эттиради;
– горизонтал интерматнликка эга, у мантнни муайян мазмуний жиҳатдан олдинги матн билан ўзаро нисбатини, боғланишини аниқлайди.

Шунингдек, интематнлик прагматизмга асосланган ва бадиий (нафосатга асосланган) шаклга эга. Прагматизм асосчиси, америкалик файласуф Ч.С. Пирс сўзларича, билим аҳамиятини амалий натижаларига қараб таърифловчи тамойил прагматизм негизини ҳосил қилади. Америкалик файласуф, прагматизм йўналишининг йирик намояндаси Уильям Джемс (William James, 1842-1910) илмий асарларида прагматизм баҳс- у ёки бу фалсафий назариялардан ҳосил бўлган “амалий натижа”ларни таққослаш йўли орқали ҳал этиш услубидек таърифланади.

Интерматнлик цитата (матн парчаси), ишора, парафраза (бирор асар мундарижасини, маъносини бошқа сўзлар билан айтиб бериш), матн парчаларидан иборат териб чиқилган коллаж, тақлид, ўхшатма шаклларга кириши мумкин ва шу орқали бошқа матнлар мазмунига қўшилиши, сингиб кетиши, қайсидир бир жиҳатдан, уларга таъсир этиши ва ўзгартириши мумкин.
Юқорида келтириб ўтилган фикр ва далилларга асосланган ҳолда, интерматнлик нафақат ҳар қандай матнга хос, балки унинг асосий: одамга таъсир этиш ва маданийлаштириш вазифаси ўз исботини топди.

II. ИНТЕРМАТН ЗАМОНАВИЙ АДАБИЁТНИНГ АСОСИЙ ТАМОЙЛИ СИФАТИДА

Китобхон қанчалик кўп матнларга тушуниб етса, уларни англаса, шунчалик кўп у ўзини “маданийлаштиради”, деган фикр юқорида таъкидлаб ўтилган эди. Шу боис, интерматн маданиятнинг асосий тамойли (негизи) сифатида намоён бўлади. Бу ерда маданият атроф муҳитни ўзлаштириш, объектив воқеликни англашва инсоннинг унга мослашувидек тушунилади.

Матнни мутолаа қила туриб, китобхон уни ҳазм қилади, ўзлаштиради, ўрганади, қабул қилади, айни пайтда унинг хотирасида мавжуд ва воқеликнинг акси бўлган бошқа матнлар билан таққослайди, ўтмиш ва ҳозирги замоннинг реал ҳаётини билиб олади. Муайян маданиятни муайян тилнинг татбиқ қилинган, амалга ошган қоидалари асосида ўрганиш, тадқиқ қилиш, тушуниш, ўзлаштириш, қолаверса қабул қилиш мумкинлиги ҳақида фикрни кўпгина олимлар, хусусан Э.Сепир, Д.С.Лихачёв, Ю.С.Степанов ва бошқалар.

Аргентиналик машҳур адиб Хорхе Луис Борхес: “Тил – бу замонавийликнинг тимсоли, – у абадият ва чексизлик хусусида сўз очиш учун асқотмайди”, деб ёзган. Бироқ, бу фикр бадиий асарнинг жонсиз, ҳаракатсиз, турғун ҳолатдаги, бир чизиқли шаклига тааллуқли. Бугунги кунда бадиий матн турғун холатни, бир чизиқликни, дейиш мумкинки, бир қолипликни енгиб ўтиб, ўзига хос гиперматнга айланмоқда.

Юқорида таъкидлангандек, матн маданият билан параллель равишда ривожланаяпти. Маданият ва матн ривожланиш даврларни таққосласак, қуйидаги ҳолатлар келиб чиқади. Маданият азалдан ёзувга эга бўлмаган, маданият ва санъат, жумладан адабий асарлар қасиданавис куйчи шоир, бахши ва бошқалар орқали бизгача етиб келган. Асрлар ўтиб маданият ниҳоят ёзувга эга бўлди, адабий асарлар матнларни эвристика (назарий тадқиқотларда янгиликлар кашф этиш жараёнида қўлланадиган мантиқий усуллар ва методик қоидалар мажмуи ёки унумли ижодий тафаккур жараёнларини ўрганувчи фан) га асосланган ҳолда идрок этиш орқали етказилади. Шунингдек, гипермедиа маданияти мавжуд, унинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагича:

– матнлар бир чизиқдан иборат бўлмаганлиги;
– матнинг айрим унсурларига интерактив ёндашув имконияти, яъни бу семиотика жиҳатдан бир хил бўлмаган маданий маконнинг ҳар бир қисмини қўриб чиқиш, ўрганиш, тадқиқ қилиш имконияти мавжудлигини англатади.

Семиотика (юнон. semeion – белги) – бу энг содда сигнал системаси (одамнинг нутқи) дан тортиб, то табиий тилларгача бўлган белгилар системасини қиёсий ўрганиш фани. Белгилар системасининг асосий вазифалари – бу: 1) муайян ахборотни етказиш ёки маъно-мазмунни ифода этиш функцияси; 2) алоқа қилиш, муносабатда бўлиш, муомала қилиш функцияси, яъни тингловчига (ўқувчига) етказилаётган (эшиттирилаётган, ўқилаётган) информацияни тушунишини, англашини таъминлаш, шунингдек ҳаракатга ундаш, эмоционал таъсир ўтказиш ва ҳоказо. Ушбу функцияларнинг бирортасини амалга ошириш белгилар системасининг муайян ички тузилиши тақозо этади, яъни турли белги ва улар бирикмаларининг қонунияти мавжудлигини. Шунга мувофиқ семиотиканинг учта асосий қисми алоҳида ажралиб туради:
а) синтактика, ёки белгилар системаси бажараётган функцияларидан қатъий назар, уларнинг ички структурасини ўрганиш фани;
б) семантика, ёки белгилар системасини маъно ва мазмунни ифода этиш воситаси сифатида ўрганувчи фан;
в) прагматика, ёки белгилар системасининг улардан фойдаланувчига нисбатан муносабатини ўрганувчи фан.

Семиотика асосий тамойил ва тушунчаларининг таърифини илк бор Ч.С.Пирс тузиб чиқди, кейнчалик америкалик файласуф Чарльз Моррис (1901-1973) нинг “Белгилар назарияси асослари” (1938) рисоласида улар кенгроқ тадқиқ қилинди, уларнинг таснифи тузилди ва мустақил фан сифатида ишлаб чиқилди.
Демак, гиперматн концепцияси – бу, биринчи навбатда, матннинг бир чизиқлигини, изчиллигини, қолаверса, тадрижийлигини енгиб чиқиш. Гиперматн тузилиши энг аввал, муайян билимнинг муайян технологида воситасида ёзма ёки электрон шаклда ёзиб олинган ўзаро боғланган фрагментларидан иборат. Тузилишнинг тасодифий парчалардан иборат қоришмаси, изчил тартиб йўқлиги тафаккурнинг аралаш-қуралаш йиғиндисини тақозо этади, бу эса, ўз навбатида, матнларда ўз аксини топади. Тафаккур, шунинг баробарида матн – бу ғояларнинг чигаллашиб кетган тизимидир. Ҳар бир инсон ўзгача ўйлайди, фикр юритади, шунинг учун ўзгача ўқиш, мутолаа қилиш, тушуниш, англашга ҳақли.

Шундай қилиб, матннинг тадрижий ривожланиши маданиятнинг тадрижий ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ. Интерматн, ўз структурасини ривожлантириб, такомиллаштириб, гиперматнга айланади. Айни пайтда гиперматнни келажак матни, деб ҳисоблаш мумкин.

III. МАТННИНГ ИНТЕРМАТНГА ОИД ХУСУСИЯТЛАРИ УНИНГ ТАЪРИФЛАНИШИДА АКС ЭТТИРИЛИШИ

Тарту-Москва семиотика мактаби асосчиларидан бири, “Бадиий матн структураси” (1970), “Бадиий адабиёт” тушунчасининг мазмуни ва структураси ҳақида” (1973) каби кўплаб илмий тадқиқотлар муаллифи, таниқли рус адабиётшунос ва семиотик олим Ю.М.Лотман (1922-1993) фикрича, бадиий матн қандай бўлиб чиқишини, бадиий бўлмаган матнлардан фарқли ўлароқ, олдиндан башорат қилиб бўлмайди, негаки бадиий бўлмаган матнларнинг кейинги қисмларини китобхонлар олдиндан осонликча пайқаб олар эди113.

Рус тилшунос олима Н.Л. Мышкина наздида, матн тўрт ўлчовли (предметда узунлик, кенглик ва баландлик ва проекциянинг мавжуд бўлиши) маконда ҳаракатланади, тўрт ўлчовли хусусиятга эга бўлади: семантика майдони (белгиларнинг воқеликда белгиланаётган объектга ва улар ҳақида тушунчаларга нисбатан муносабати; синтаксис майдони (белгиларнинг бир-бирига муносабати); прагматика майдони (белгиларнинг муайян тилдан фойдаланаётган одамга нисбатан муносабати); синтагматика майдони (белгиларнинг нутқ оҳанги ва маъно жиҳатдан яхлит бўлиб, бир ёки бир нечта сўздан иборат синтактик бирликка, ҳамда ифода этиш жиҳатдан бир-бирига муносабати). Ушбу фикрга асосланиб, матннинг янги таърифини тузиб чиқиш мумкин. Матн – бу тўхтовсиз ҳаракатланаётган, ўзгариш, ривожланиш жиҳатдан турғун мувозанат сақлаоладиган ва айни пайтда сақлаолмайдиган тизимдир114.

Энди матн хусусида бошқа бир таъриф билан таққослайлик: матн – бу ўзида адресант (муайян информация юборувчи) ва адресат (қабул қилувчи, олувчи) ўртасида коммуникатив алоқани мужассамлаштирган нутққа оид белгилар ва белгига оид изчилликлар тизимидир. Кўриниб турибдики, бу таъриф матн тузилишининг динамик ривожланиш, ўзгаришга нисбатан бўлган хусусиятларини ўзида акс эттирмайди.

Бадиий матннинг бир бутун яхлит бўлмаганлигини намоён этиш ва исботлаб беришга ҳаракат қилаётган янги интилиш ва ҳаракатларга мувофиқ, бизда матн – бу қадим ва бўлажак матнлар кўринишида ўзининг ўзоқ ўтмишдаги аждод ва келажакдаги авлодларга эга, бошқа матнлар қуршовида ривожланаётган ва такомиллашаётган жонли мавжудот, деган таассурот туғилди. Матнлар оламида, — худди кишилар дунёсида каби, — ҳеч нима, ҳеч нарса якка ҳолда, бошқалардан ажралган ҳолда мавжуд бўмайди, балки ҳамма нарса ўзаро таъсир қилади, бир-бирига чамбарчас боғлиқ, бир-бирини тақозо этади, бир-бирини бойитади, тўлдиради, маъно ва мазмун бағишлайди, ҳамжиҳатликда ҳаёт кечиради. Ҳозирги давр матни ўз ичига узоқ ва яқин ўтмишнинг матнларини сингдиради, ўзлаштириб олади, узоқ ва яқин келажак матнлар ичига қўшилиб, сингиб кетади. XIX аср ўрталарида Дж.Джоуль, Г.Гельмгольц сингари йирик физик оламлар томонидан кашф этилган энергия сақланиш ва айланиш қонунига асосан: ҳеч нарса ҳеч қаердан пайдо бўлмайди, ҳеч қаерга йўқ бўлиб кетмайди ва қайта яратилмайди. Шундан келиб чиқадики, матн ҳамма вақт ҳаракатда, ривожланишда, ўсишда, ўзгаришда…

Лекин, китоб жавонига назар ташласак, ҳамма китоблар: Шекспир, Свифт, Байрон, Пушкин, Толстой, Қодирий, Ҳошимов тинчгина ўз жойда турганлигини кўрамиз. Бу ерда савол туғилади: нима, қайси мўъжиза матнларни доим бир хил бўлишини таъминлайди, барқарор мувозанатда сақлайди. Бизнингча, уларнинг динамик структурасида қандайдир бир турғун унсурлар борки, айнан улар матн яхлитлигини сақлайди.

Таъкидлаб ўтиш керакки, матнларни талқин қилиш ва улар ичига жойлаштирилган информацияни ўрганиш билан герменевтика шуғулланади. Рус тилшунос олим Б.Л.Борухов бадиий матн тадқиқотига нисбатан тўртта ёндашувни алоҳида ажратади:
– ижобий ё салбий баҳолаш, яъни матндан мамнун бўлиб ёки нафратланиш;
– матнни талкин қилиш, яъни ифода этилиш жиҳатидан мазмун жиҳатида ёндошиш, бунинг натижасида ифодаланишда янги маъно пайдо бўлади. Бироқ бу субъектив (шахсий) ёндашув, негаки бу ерда ҳақиқатлик мезони мавжуд эмас;
– тавсифлаш, яъни матн таҳлилининг биринчи босқичи;
– имманент (у ёки бу предмет, ҳодиса ёки жараённинг ички хусусиятига хос бўлган), объектив (у ёки бу предмет, ҳодиса, жараён, хусусият, муносабат субъект онгидан ташқарида, унга боғланмаган ҳолда мавжуд бўлган), универсал (умумий ғоялардан келиб чиққан, ҳар нарсага ярайдиган, ҳартомонлама) ва бир хил, ўзгармас маънода тушунтириш. Ғоя, мавзу, фикрларнинг бир-бирига уланиб кетиши, ўзига хос оқимни ҳосил этиши натижасида муҳим асос, тушунча пайдо бўлади115.

Бадиий асарда алоҳида мавзу, онда-сонда учрайдиган факт, бир-бирига боғланмаган ғоя ва фикрларни эмас, балки уларнинг бир-бирига мантиқий уланишини, изчил кетма-кетлигини, дейиш мумкинки, онг оқимини ахтариш лозим. Айнан матндан дунёни ҳис этиш, дунёқараш категорияси келиб чиқади, чунки луғавий воситалар танлашни муаллиф дунёқараши, дунёни ҳис этиш мантиқий қонунияти тақозо этади.

Таниқли рус тилшунос олим В.В.Виноградов ўз илмий асарларида “муаллиф позицияси, унинг нуқтаи назари, дунёқараши бадиий асар яхлитлигини тақозо этади”, деб ёзади. Шунингдек, унинг фикрича, “муаллифнинг шахсий нуқтаи назарида оғзаки ва ёзма бадиий материал тузилиши, уни ёритиш услуби ва уни танлаш олиш тамойиллари намоён бўлади”116.

Ю.М.Лотман наздида, матн – бу бадиий воситалар ва услублар йиғиндиси. Унинг фикрича, бадиий воситаларни эмас, чунки белгилар етарли даражада тушунарли, яхши ўрганилган, балки услубларнинг ўзаро уйғун бирикмасидан фойдаланиш, уларни матнда қай тарзда, қайси йўсинда ишлатилишини тадқиқ қилиш қизиқарли ва фойдадан холи эмас117.

Франциялик структурализм ва постструктурализм тарафдори, файласуф Жак Лакан, постмодернизм фалсафаси ва адабиёт назариячиси Жан-Франсуа Лиотар, маданият ва тарих назариётчиси Мишель Фуко, фалсафа ва адабиётда деконструктивизм асосчиси Жак Деррида, семиотик олима Юлия Кристева ўз асарларида замонавий дунё ва ҳозирги замон онги маданий белгилар билан тўлиб тошган, деб таъкидлашади. Замонавий дунё ва ҳозирги замон онги янги белгиларга муҳтож эмас, улар белгиларнинг эски талқини, олдин канф этилган ўзаро уйғун бирикмаси борлигига қаноат қилади. Юқорида номи зикр этилган олимлар назарида, структурализм118 тарафдори бўлмиш яратувчи инсон ўз ўрнини талқин қилувчи, масаланинг туб моҳиятига етиб борувчи инсонга бўшатиб берди.

Бизнинг фикримизча, бадиий асарда интерматнлик алоқалари ҳосил бўлганида марказий ўзакнинг вақт категорияси томон силжиши кузатилади. Шунинг учун, ҳар бир янги матн, интерматнлар билан тўйинтирилганлигига қарамасдан, интерматн яратувчиларидан фарқли ўлароқ, ҳамиша муаллиф томонидан яратилган янги матн бўлиб қолаверади. Ушбу интерматн, ўз ўрнида, китобхон тасаввурида қайта, ҳар доим янги кўринишда тикланади, бироқ бу ерда китобхон нуқтаи назари, дунёқараши ҳар доим муаллиф нуқтаи назари, дунёқарашига тўғри келавермайди ёки аксинча, мутлақ тўғри келиши мумкин. Айнан шунинг учун Шекспирнинг 1601 йилда яратилган “Ҳамлет” (Hamlet, Prince of Denmark) трагедияси, бошқа, анча илгари яратилган асарларга нисбатан янги матн ҳисобланади, ўз ўрнида театр саҳнасида ва кинофильмларда сон-саноқсиз саҳналаштирилган “Ҳамлет” ўз “муаллифи” Уильям Шекспир яратган “асл” матнига янги матн бўлиб қолаверади.

Шундай қилиб, матн бошқа матнларга қўшилганлиги, ўз навбатида бошқа матнлар унинг ичига қўшилганлигига, боз устига ўзининг интерматндан ташкил топганлигига, қармасдан, ўзининг дастлабки кўринишини сақлаб қолади. Бу ерда матн бир хиллигини, ташқи таъсирлар остида ўзгармайдиган ҳолатини унинг турғун унсурларини таъминлайди.

Матн категорияларини кўп тилшунослар тадқиқ қилган; жумладан, рус тилшунос олим И.Р.Гальперин бир нечта категорияларни алоҳида ажратган ҳолда матннинг асосий категорияларига эътибор қаратади: муаллиф, персонаж, китобхон, макон ва замон категориялари, бошланиш ва хотима, ва ниҳоят, интерматнлик119.
Ушбу, ҳар бир бадиий матнга хос бўлган категориялар, қайсидир бир маънода универсал, яъни ҳар бир матнни тадқиқ қилиш учун тўғри келувчи ва ўзгармас, ўз асл ҳолатини доим сақлаб қолиш хусусиятига эга. Улар, адабий жанрдан қатъий назар, проза асари: эпос, роман, драма, трагедия, қисса, ҳикоя, новелла ва ҳоказоларга, шунингдек публицистика (ижтимоий-сиёсий муаммоларни ёритувчи) жанрга, айниқса даврий нашрлар матнига жуда ҳам хос ва мосдир. Лекин, шундай бир категория борки, у фақат бадиий асарга тааллуқли. Бу бадиий ва поэтик тўқима категориясидир. Усиз бирор бир роман, қисса, ҳикоя ёки бошқа каттаю кичик бадиий асар мукаммал, тўгалланган ҳисобланмайди, бу категориясиз бадиий асар сариқ чақага ҳам арзимайди. Бадиий асарда ушбу категория мавжуд бўлмаса, ундан қаноат ҳосил қилиш амри маҳол.

Юқорида баён этилган бизнинг ва бошқа кўплаб адабиётшунос ва тилшунос олимлар фикр ва мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда, матнда муаллиф, персонаж, китобхон, макон ва замон категориялари, бошланиш, хотима ва интерматнлик категориялари турғун унсур сифатида намоён бўлади, деган ҳулоса чиқариш мумкин. Ушбу унсурлар ҳар бир бадиий матнда муҳим вазифани ўтайди, деярли бош ролда иштирок этади, лекин турлича ифодаланади. Турли даврларга мансуб бадиий асарда мазкур категорияларнинг ифода этилиш даражасини ва услубини тадқиқ қилиш, назаримизда, матншуносликка замонавий ёндашув нуқтаи назаридан долзарб ва истиқболи порлоқ мавзудек намоён бўлади.

———————-
108 контекст — нутқ ёки асарнинг тугал фикр англатувчи парчаси;
109 Богин Г.И. Субстанциональная сторона понимания текста. Тверь: Изд-во Тверского гос. ун-та, 1993. – с. 118
109 Витгенштейн Л. Избранные философские работы / Пер. с нем. и англ. В. Руднева. — М.: Издательский дом “Территория будущего”, 2005. – с. 208
110 Косиков Г.К. Идеология. Коннотация. Текст. — М. 1994. – с. 194.
111 Белозерова Н.Н. Интегративная поэтика. Тюмень: Изд-во Тюменского гос. ун-та, 1999. – с. 98.
112 Ўша ерда, 101 бет
113 Лотман Ю.М. Структура художественного текста. – М.: Искусство, 1970. – c. 188.
114 Мышкина Н.Л. Динамико-системное исследование смысла текста. Красноярск: Изд-во Красноярского гос. ун-та, 1991.
115 Борухов Б.Л. Филологическая герменевтика и общая статистика. Тверь: Изд-во Тверского гос. ун-та, 1992. – с. 136.
116 Виноградов В.В. Лексикология и лексикография русского языка, – М.: Наука, 1977. – с. 114.
117 Лотман Ю.М. Структура художественного текста. – М.: Искусство, 1970. – c. 196.
118 структурализм — тилшуносликда тилни белгилар системаси сифатида қараб, унинг компонентлари — фонетик, грамматик, лексик бирликлари ўртасидаги ўзаро боғланиш ва муносабатларни тадқиқ этувчи назария.
119 Гальперин И.Р. Текст как объект лингвистического исследования. – М.: Наука, 1981. – с.

027

(Tashriflar: umumiy 292, bugungi 1)

Izoh qoldiring