Muhammadjon Xolbekov. Marsel Prust prozasi.

0443
Ёзувчидан кейин унинг китоблари қолади, деб бежиз айтишмаган. Пруст вафотидан сўнг, унинг китоблари навбатма-навбат дунё юзини кўрди. Туркумнинг сўнгги романи саналмиш “Топилган вақт” 1927 йилда босилиб чиқди. Мунаққидлар Прустнинг нашр қилинмаган асарлари “Топилган вақт” романи билан чекланиб қолмаганлигини аниқлашди. 1950 йил Пруст қаламига мансуб, 1909 йилда ёзилган “Сент-Бёвга қарши” мақоласининг қўлёзмаси, 1952 йил тугалланмай қолган “Жан Сантейль” қиссаси, 1953 йил адибнинг онасига ёзган мактублари ҳам топилди.

04

МАРСЕЛЬ ПРУСТ ПРОЗАСИ
Муҳаммаджон Холбеков
филология фанлари доктори, профессор

04

     Француз адиби Марсель Пруст ижоди йигирманчи аср француз романчилиги таназзулга учраган бир пайтда, унинг тараққиёт жараёнида кескин ўзгаришларни белгилаб берди. Адиб асарлари, асосан, 1912-1922 йиллар оралиғида, яъни, бутун Европани ларзага келтирган Биринчи жаҳон уруши ва ундан кейинги ижтимоий-сиёсий оқибатларидан танг ҳолатга тушиб қолган Франция ҳаётининг муҳим босқичида яратилган бўлиб, ўша давр руҳини ўзида тўлиқ мужассам этди. Ёзувчининг “Йўқотилган вақтни ахтариб” номли романлар туркуми XX аср адабиётида реализмга хос бўлган ижтимоий роман анъаналарига қарши турган модернизм руҳидаги “онг оқими” романига асос солди, десак муболаға бўлмайди.

Марсель Пруст (1871–1922) Парижда, Сорбонна университети тиббиёт факультети профессори Адриан Пруст оиласида дунёга келди. Ўқимишли Жанна Вейль хоним фарзандларининг ақл-заковатли бўлиб улғайишида ҳам она, ҳам мураббия сифатида катта роль ўйнайди. Болалигидан касалманд ўсган, ўта таъсирланувчан ва нозик табиатли Марсель бутун умрини тўрт девор орасида ўтказди. Онасининг саъй-ҳаракати туфайли савод чиқарди, кенг билим олишга муваффақ бўлди.

1882 йилда Марсель Пруст Кондорсе лицейига ўқишга киради, бироқ касаллиги туфайли, дарсларга мунтазам қатнай олмайди, машғулотларни, асосан, уйда олишга мажбур бўлади. 1886 йил у ўзининг “Қуёш тутилиши” ва “Булутлар” деб номланган илк ҳикояларини ёзади. Лицейдаги таълимининг сўнгги йили Марсель фалсафа ўқитувчиси Альфонс Дарлю билан яқинлашади ва унинг таъсирида фалсафий асарларни мутолаа қила бошлайди. Айни пайтда, унинг китоб жавонида Альфред де Мюссе, Анде де Виньи, Виктор Гюго, Шарль Бодлер сингари машҳур ижодкорларнинг китобларини учратиш мумкин эди. Ёш Марсель маърифатпарвар ва инсонпарвар адиблар Жан Расин, Лабрюйер, Сен-Симон ижодига ўзгача меҳр қўйганди, замондошларидан М. Баррес, Ж.Э. Ренан, П. Лоти, М. Метерлинк асарларини диққат билан ўқирди.

1889 йил Пруст бакалавр унвонини олиш учун битириш имтиҳонларини топширади, Корнел ва Расин ҳақида ёзган битирув малакавий иши мақтов ёрлиғига сазовор бўлади. Лицейда олган билими ва ушбу ютуғи уни адабиёт оламига чорлаган бўлса, ажаб эмас. Лицейни тугатгач, Пруст Сорбонна университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга киради, тез орада адабиёт аҳли, рассом ва журналистлар орасида танилади, адабий кечалар, ҳар хил ижодий кўргазмаларга қатнай бошлайди, айнан, шу йилларда унинг бадиий ижодга бўлган мустақил қарашлари шаклланади.

Пруст университетда ўқиб юрган пайтида, файласуф Анри Бергсоннинг “Онгнинг бевосита белгилари хусусида тажриба” деб номланган тадқиқотини диққат билан ўрганади. Бу асар бўлғуси ёзувчи дунёқарашига, дунёни ўзгача ҳис этишига катта таъсир кўрсатади. Кейинчалик Пруст ижодида Бергсоннинг асосий ғоялари, яъни, вақт оқими тушунчаси, инсоннинг ички ҳиссиёти орқали англашиладиган ғайришуурийлик тушунчаси, инсон онгида беихтиёр юзага қалқиб чиқувчи ва ақл-идрок орқали англаб олинадиган ассоциация (тасаввур) ҳамда хотира (мушоҳада)нинг аҳамияти ўзига хос тарзда талқин этилади.

Университетни битиргач, нозик табиатли, доимо хаёллар оғушида бўлувчи паришонхотир Пруст бир қанча вақт мазмунсиз ва мақсадсиз умргузаронлик қилди. Зодагонлар даврасида ўтказилган дабдабали базм ва кечаларида азиз меҳмон бўлиб, айни пайтда, “Фигаро” газетасида маданий-маиший ҳаётга бағишланган рукнни олиб борди. Янги таассуротларга эга бўлиш, янги танишлар орттириш мақсадида, чет элга, жумладан, Венеция, Голландия, Германияга саёҳат қилади, бироқ у ерда ҳам зодагонлар даврасидаги қайноқ ва жўшқин ҳаётга шўнғийди. Диққат-эътиборини санъатга қаратган Пруст ватанига қайтгач, Парижда ўтказиладиган ижодий кечалар, кўргазмалар, спектакль ва концертларга фаол қатнашади, энг муҳими, адабиёт аҳли орасида ҳақиқий санъат ихлосманди ва нозик дидли танқидчи сифатида танилади.

Ўша йиллари Парижда фаолият олиб борган адабий салонлардан учтаси, яъни, бастакор Жорж Бизенинг рафиқаси мадам Женевьев Галеви, ёзувчи Анатоль Франс ижоди “мухлиса”си, шоира мадам де Кайаве ҳамда бадавлат хоним Мадлена Лемер салонлари Пруст ҳаётида муҳим роль ўйнади. Бу ерда у Ги де Мопассан, Оскар Уайльд, Анри Бергсон сингари машҳур ижодкорлар билан суҳбат қуради. 1892 йил мадам Женевьев Галеви салонида ёш ижодкорлар томонидан “Банкет” номли журнални ташкил этишади. Унда Пруст ҳам Роберт Дрейфус, Даниель Галеви, Анри Барбюс каби ёш қаламкашлар билан елкама-елка туриб фаолият кўрсатади. Тез орада катта муваффақиятга эришган журнал жамоаси уни модерн услубига, аниқроғи ўша пайтда майдонга чиққан модернизм йўналишига бурди. Журналда Шопенгауэрнинг фалсафий қарашлари, Ницше таълимоти, Россетти ва Суинберн ижоди хусусида мақолалар чоп этилар, Пруст эса китобхонлар диққатига сазовор бўлган бу йўналишдаги китобларга тақриз ёзиш билан машғул эди. Ушбу тақризларда унинг символизм каби турли-туман декаданс “мактаб”лар фаолиятига бефарқ қараши, уларга аҳамият бермаслиги ҳамда модернизм тамойиллари, модерн услубига бўлган ўзгача эътибори яққол кўриниб турарди.

1889 йил Орлеан шаҳри яқинида жойлашган ҳарбий қисмда бир йиллик кўнгилли хизмат Пруст дунёқарашларини кенгайтирди: ҳаётга бўлган муносабатини кескин ўзгартирмаган бўлсада, ҳаётдаги ўз ўрнини топиш йўлида муҳим босқичга айланди, десак муболаға бўлмайди.

1894 йил Пруст ўзининг тушкунлик, умидсизлик кайфиятдаги шеърларини нашр эттиради. Бу китобча адабиёт аҳлининг эътиборини қозонмаган бўлсада, Пруст ижодкор дўстлари даврасида ҳаваскор шоир деган номга сазовор бўлди. Орадан икки йил ўтиб, у ўзининг новеллалардан иборат “Кўнгил хушлиги ва кунлар” номли илк китобини нашр эттирди. Китобга муқаддимани Анатоль Франс ёзган эди. Унда, жумладан, шундай иборалар бор: “Бу новеллаларда муаллифнинг ғам-андуҳи ўткир ақл, нозик дид ва ҳайратланарли даражада кузатувчанлиги билан уйғунлашиб, тушунарли, ўта ёқимли ва турфа ранглар ифодасида намоён бўлади”.

Адабий танқидчиликда бир мунча обрўли бўлган романнавис Жан Лоррен эса дабдурустдан бу китобга салбий тақризини эълон қилади: у китобдаги нафақат ҳар бир новелла, балки унинг ҳар бир саҳифасига раддия билдириб, кескин танқид остига олади. Бетакаллуф муомала Пруст ҳамиятига қаттиқ теккан эди: ёш ёзувчи сурбет танқидчини дуэльга чақиради. Дуэль 1897 йил Парижнинг жануби-ғарбий тумани – Мёдоне шаҳарчаси яқинида бўлиб ўтади. Пруст секунданти бўлган рассом Жан Беро томонларни муросага келтира олди: Лоррен қўпол хатти-ҳаракати ва ножўя сўзлари учун кечирим сўради. Прустнинг тантилиги тутиб, унинг узрини қабул қилади. Қизиғи шундаки, Лоррен бу воқеадан сўнг Прустни ва унинг ижодини қадрловчи мунаққидга, бир сўз билан айтганда, унинг дўстига айланди.

Синчков ўқувчи Пруст новеллаларида зодагонлар ҳаётининг зоҳирий назокати, сиртдан қараганда, сермазмун ва тўлақонли, ичдан эса – бўм-бўш ва маъносиз ҳаётдан завқланганини дарров сезади. Бу ёзувчининг ортиқча бежиримли ва тумтароқ услубида акс этмасдан қолмади. Символизм руҳидаги мавҳум образлар ва услубнинг ғайритабиийлиги Пруст романининг тили, пухта ва изчил яратилган образлар силсиласидан анча узоқдир. Нима бўлганда ҳам, “Кўнгил хушлиги ва кунлар” китоби бадиий ижодда ўз йўлини топган адибнинг ҳақиқий истеъдодидан дарак беради.

Тобора ривож олиб бораётган оғир хасталикка йўлиққан Пруст учун бадиий ижод ўзига хос қаҳрамонлик эди. Адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган бир қатор тадқиқотларда Прустнинг пўкак дарахт пўстлоғи билан қопланган хона, тунги бедорлик, кундузги беҳаловат, соғлигини бир маромда ушлаб туриш учун кучли таъсир қилувчи дори-дармонларни истеъмол қилиш, асабларни таранг этган беором ёлғизликдан иборат яшаш тарзи жамиятда ўзини ўта маданиятли, ўқимишли, билимдон, дид-фаросатли ҳисобловчи худбин одамнинг ғалати “тентакнамолиги” дея тушуниларди. Аслида эса, бу оғир хасталикка учраган адибнинг бу тахлитда яшашини меҳнат орқали кўпроқ маънавий ва жисмоний куч-қувватини сақлаб қолишга бўлган интилиши тақозо этган, десак янглишмаган бўламиз.

Пруст ҳаёти давомида кўп жудоликларга учради: 1903 йилда отаси вафот этди, 1905 йил мушфиқ она ҳам ўғлининг бахтли онларини кўролмасдан оламдан кўз юмди. Ота-онадан Прустга катта мерос қолди, аммо у бойликнинг аксар қисмини касаллик билан олишувга сарфлашга мажбур эди. 1906 йилдан бошлаб астма хуружи уни узлатда ҳаёт кечиришга мажбур этди.

Шунга қарамасдан, Пруст роман яратиш ҳақидаги дастлабки режаларини тузади ва енгни шимариб ишга киришиб кетади. 1911 йилга келиб романнинг биринчи, хомаки шакли тайёр бўлди. У уч қисм (“Йўқотилган вақт”, “Гуллаган қизлар соясида” ва “Топилган вақт”)дан иборат бўлиб, икки ҳажмдор жилдга сиғдирилиши кўзда тутилганди. Трилогияга дастлаб “Ҳис-туйғуларнинг тўхташи” деб ном берилди. Кейинчалик улар “Йўқотилган вақтни ахтариб” деган ном остида бутун бошли туркумга айланиб кетди. Сабот-матонат ва сабр-тоқат билан олишган йиллар бошланди: адиб бутун куч-ғайратини тўплаб меҳнат қилди. Бу билан Пруст нимжон соғлигига янада путур етказган бўлсада, бироқ ўз ниятига етишди: 1913 йил бошида туркумнинг дастлабки уч жилдли варианти тайёр бўлди. Аммо туркумнинг “Сван томон сари” деб номланган биринчи романини нашр қилиш осон кечмади. Романни “нозик табиатли ҳаваскор” қаламкаш ёзганлигини баҳона қилиб, “Нувель ревю Франсез” журнали бош муҳаррири, таниқли адиб Андре Жид уни босишдан бош тортди. Унга эргашган бошқа ноширлар ҳам турли сабаблар топиб, ўзларини четга олдилар. Йил охирида “Фаскель” ва “Галлимар” нашриётларидан ҳам рад жавоблари келди. Ундан сўнг “Оллендорф” нашриётидан китобни чиқаролмаслик ҳақида расмий хат олинди. Бироқ Пруст булардан ранжимади, аксинча, эътибор бермасдан, уйқусиз тунларини романга сайқал бериш билан ўтказди. Қора кунлар ортидан, албатта, ёруғ кунлар келади деганларидек, ношир ҳам топилди: “Грасс” нашриёти директори Бернар Грассе қўлёзмани жиддий қисқартишни талаб қилган ҳолда, 1913 йил китобни муаллиф ҳисобидан нашр қилди. Роман муваффақият қозонмади, адабиёт аҳли ва танқидчилик уни совуққина кутиб олди.

Биринчи жаҳон урушининг бошланиши туркумга кирган кейинги романларнинг нашр қилинишини беш йил орқага сурди. Ношир Бернар Грассе бошқа ватандошлари каби фронтга жўнаб кетди. Кўпгина нашриётлар уруш даврида ёпилди. Бу оғир дамларда Пруст айрим ижодкорлар каби миллатчилик ғоялари ва шовинистик тарғиботга алданмади. Яқин дўст ва ҳаммаслак қаламкашларнинг уруш майдонларида жон бераётганларини эшитган ёзувчи руҳан эзилди, миллат бошига тушган фалокатдан қандай қилиб қутулишни, одамларга қандай ёрдам беришни билмай ўзини йўқотиб қўйди. Ҳа, тан олиш керак, Пруст урушга қарши ўз сўзини айтолмади. Айтолмасди ҳам. Қандай айтсин, ахир, у доимо ўзини ижтимоий-сиёсий ҳаётдан четда, иложи борича ундан қочиб яшарди. Эҳтимол, бетоблиги имкон бермагандир.

Уруш тугаб, Европада омонатгина тинчлик ўрнатилгандан сўнг, Пруст ҳаётида туб ўзгаришлар рўй берди. “Нувель ревю Франсез” журнали адибнинг иккинчи – “Гуллаган қизлар соясида” деб номланган романидан катта парчани босиб, журналнинг янги, урушдан кейинги фаолиятини бошлаб юборди. 1919 йилда эса, “Нувель ревю Франсез” журнали билан ҳамкорлик қилган “Галлимар” нашриёти романни тўлалигича чоп этди. Иккинчи роман муаллифга шуҳрат келтирди. У Гонкур мукофотига сазовор бўлди. Тез орада Пруст Франциянинг олий мукофоти – Фахрий легион ордени билан тақдирланди. Беором, баҳаловат тунлар, тинимсиз, серғалва кунлар, не-не машаққатлар эвазига орзулар ушалгандек туюларди. Аммо, танганинг иккинчи тарафи бор деганларидек, бахт ортидан бахтсизлик ҳам етиб келди: адиб соғлиги тобора ёмонлашиб борарди. У ётган тўшакдан деярли турмас, хос хонасидан камдан-кам ҳоллардагина чиқар, Франсуа Мориак, Жан Кокто, Жак Ривьер каби содиқ дўстлар даврасида онда-сонда кўнгилхушлик қиларди.

Нима бўлганда ҳам, Пруст ўз қобиғига ўралиб қолмади. Ўзида ажал билан курашишга куч-шижоат борлигини кўрсатишга астойдил ҳаракат қилди. Дардга ён бермасдан ишлади, қўли остидан қораланган қоғоз ортидан қоғоз чиқди, роман ортидан роман дунё юзини кўрди.

1920 йил туркумнинг яна бир асари “Германтлар томонида” романининг биринчи қисми; 1921 йил иккинчи қисми, шунингдек, 1922 йили “Содом ва Гоморра” романининг биринчи жилди нашрдан чиқди. Туркумдаги романлар сони борган сари кенгайиб борар, унга янги номдаги “Асира” ва “Қочоқ қиз” деб номланган жилдлар қўшилди. Ёзувчи босмахонада терилган матнни ўқиб, хатоларни тузатишда мусаҳҳиҳ каби таҳрир қилар, ўзгартиришлар киритаркан, қўлёзмага қайта ишлов бериб, аксар ҳолларда, матнни икки баробар ошириб юборарди. 1918 йилда “Йўқотилган вақтни ахтариб” туркумини ёзиб битирдим, деб ҳисобласада, Пруст кунни тунга улаб, тиним билмасдан ишлади, ҳаётининг охирги дамларигача туркумдаги романлар матнига тузатишлар киритиш билан машғул бўлди.

1922 йил ноябрь ойининг ёмғирли кунларида Прустнинг аҳволи янада оғирлашади. Унга зотилжам касаллиги ташхисини қўядилар. Кўрилган муолажалар наф бермайди. Ҳаётдан тўйиб баҳра ололмаган, унинг қувончларидан бағри тўлмаган, ёлғиз ўзи бу дунёда қолиб кетган адиб 1922 йил 18 ноябрда дунёдан кўз юмади. Дафн маросимига йиғилган кам сонли содиқ дўстлари уни охирги йўлга кузатиб қўядилар.

Ёзувчидан кейин унинг китоблари қолади, деб бежиз айтишмаган. Пруст вафотидан сўнг, унинг китоблари навбатма-навбат дунё юзини кўрди. Туркумнинг сўнгги романи саналмиш “Топилган вақт” 1927 йилда босилиб чиқди. Мунаққидлар Прустнинг нашр қилинмаган асарлари “Топилган вақт” романи билан чекланиб қолмаганлигини аниқлашди. 1950 йил Пруст қаламига мансуб, 1909 йилда ёзилган “Сент-Бёвга қарши” мақоласининг қўлёзмаси, 1952 йил тугалланмай қолган “Жан Сантейль” қиссаси, 1953 йил адибнинг онасига ёзган мактублари ҳам топилди.

Хуллас, 1950 йилларда Пруст қаламига мансуб барча асарларнинг чоп этилиши адиб ижодининг номаълум жиҳатларини аниқлашга кенг имкон яратди. Масалан, аслида, “Кўнгил хушлиги ва кунлар” 1895 йилда ёзилган бўлса, “Сван томон сари” романига адиб фақат 1909 йилда қўл урганлиги маълум бўлди. Ўтган ўн тўрт йил мобайнида, Пруст томонидан “Фигаро” журналида фақат бир нечта мақолалар ҳамда Рёскин ижодидан қилган икки асар таржимаси эълон қилинган, холос. Адиб 1899 йилда ёзган мактубларининг бирида: “Анча вақтдан бери катта асар устида ишлаяпман, лекин ҳали уни тугатолганим йўқ”, дея маълумот беради. Ушбу асар устида у 1906 йилгача ишлайди. Айни пайтда, “Жан Сантейль” қиссаси учун материал ҳам йиғади. Юқорида қайд этилган асар Пруст маънавий, қолаверса, руҳий изланишлари тарихига айланиши лозим эди. Аммо бу асар ёзувчи истаганидек чиқмади. Ундан қаноат ҳосил қилмагач, Пруст қўлёзмани йўқ қилиб ташлайди: “Мен қилган меҳнат самарасиз бўлди, асар қўнглимдагидек чиқмади”, деб ёзади у 1906 йилда.

“Жан Сантейль” қиссаси яратилиш вақти “Сван томон сари” романи яратилишдан олдин бўлган қисқа босқичга тўғри келади. Унинг қўлёзмаси Пруст архивидан кейинчалик топилди. Бошида мунаққидлар бу қўлёзмани муаллифнинг барчага таниш асарларининг турли қисмлари, хомаки ёзувлари, режалари, ишланмаган қораламалари деб ўйлашган эди. Нашрга тайёрланаётган пайтда, “Жан Сантейль” қиссасининг биринчи қисми муаллиф қўлёзмасида мавжуд бўлиб, қолганлари шу мавзу атрофида бирлаштирилди ва хронологик тартибда жойлаштирилди. Таъкидлаш лозимки, бу асар, “Кўнгил хушлиги ва кунлар”га қараганда, анча пухта ёзилган эди. Қиссага яхши ишлов берилмаганлиги ва пала-партиш тузилганлиги, такрорлар кўплигига қарамасдан, унинг устида муаллиф кўп меҳнат қилгани сезилиб туради. Бу асарда Пруст ўзини ёрқин психологик портрет яратгувчи чуқур таҳлил устаси сифатида кўрсатаолди. Буни биз бош қаҳрамон образининг тасвирида ҳам кўришимиз мумкин. Муаллиф “Жан Сантейль” ҳақида: “Эҳтимол, бу романдан каттароқ ёки ундан кичикроқ ҳам бўлиши мумкин, бу – ҳаётимнинг асл моҳияти, ҳеч бир аралашма ва қўшимчасиз… Бу китоб ёзилган эмас, балки йиғилган”, деб ёзади.

Ҳақиқатдан ҳам, “Жан Сантейль” кўлёзмасида ҳикоя ва хроника, портрет ва табиат манзаралари, ҳикматли сўзлару диалоглар бир-бири билан қоришиб кетган. Буларнинг ҳаммаси “Йўқотилган вақтни ахтариб” туркумида якдил маънавий-ахлоқий ва бадиий концепция негизида бир-бирига чамбарчас боғланган ва бетакрор кўринишда кўз ўнгимизда намоён бўлади.

“Йўқотилган вақтни ахтариб” туркумининг ўзига хослиги шундаки, унда, биринчи навбатда, романнинг асрлар мобайнида қўлланилиб келинаётган, одатий бўлиб қолган сюжет тушунчаси тубдан қайта кўриб чиқилиб, қайта англаб олинади. Ҳикоя қилиш қаҳрамон номидан хотиралар шаклида олиб борилади, унинг образи эса муаллиф шахси билан чамбарчас боғланган: Марсель-ҳикоячи ҳаёти, айни пайтда, ёзувчи Марсель Прустнинг ҳаётига ўхшайди. У гўзал табиат қўйнида жойлашган қадим Комбре шаҳрида ўтган болалиги, оила қўйнидаги тинч ва осуда ҳаёти, қариндош ва дўстлари, энг муҳими, нозик дид соҳиби, насл-насаби аслзодаларга тегишли Сван ҳақида ҳикоя қилади (“Сван томон сари”). Сван ҳаёти туркумга кирган барча романлардан ўтади. Болакай ўсмирга айланади, эс-ҳушини йўқотиб Сван эркатой қизи Жильбертага кўнгил қўяди; кейинчалик муҳаббат ришталари бирданига узилади; унинг ўрнига Баальбек курортида дам олиш онлари ва у ерда соҳибжамол Альбертина билан танишишдан олинган таассуротлар келади; айнан, Альбертина Марсельнинг иккинчи муҳаббатига айланади (“Гуллаган қизлар соясида”). Марсель ёшлигиданоқ “сара” жамиятга тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинади: герцог Германтский, барон Шарлюс, княгиня Пармская каби зодагонлар уни ўз уйида азиз меҳмондек кутиб олишади. Пруст романлари (“Германтлар томонида”, “Содом ва Гоморра”) даги барча қаҳрамонларнинг Париж аристократлар даврасида жонли прототиплари бўлган. Марсель қалбини эгаллаган соф ва беғубор туйғу: Альбертинага бўлган беқарор, қийноққа солувчи, зиддиятларга тўла муҳаббати ушбу икки жилдда кўз ўнгимизда очилади ва “Асира” ҳамда “Қочоқ қиз” романларида ўз интиҳосини топади. Ниҳоят, “Топилган вақт” романида қаҳрамон, ҳис-туйғулар гирдобидан, дил ва юрак изтиробидан қутулиб, бесаранжом, беҳаловат ҳаётдан тинч ва осуда ҳаётга қайтади, ҳаётдаги юксак бурчи – ижодий фаолият эканлигини тушуниб етади ва ёзувчилик меҳнатида таскин топади. Айнан, адабиётда унинг этик ва эстетик дунёқарашлари шаклланади, уларга мувофиқ тарзда бадиий ижод Марсель учун ҳақиқий, тўлақонли ҳаётга айланади.

Пруст тасвирининг асосий объекти – дунёни субъектив тарзда идрок қилувчи “онг оқими”дир. Ёзувчи инсон томонидан дунёни янгича, бевосита ҳис этишни қўмсайди, ушбу ўткинчи, ёлғон дунёга ижтимоий муносабатлар туширган “муҳр”дан халос этишга интилади. Ва бу шаффоф сувдек тиниқ, субҳидам ҳавосидек беғубор янгича қарашни у “йўқотилган вақтни ахтариш”да, авваламбор, ёш бола, кейинчалик ўсмир йигит руҳиятида топади. Ёзувчи наздида, шу ёшдаги одамларда табиатни, жамиятни, бир қарашда аҳамиятсиз бўлиб кўринган воқеа-ҳодисларни ички ҳис-туйғу орқали идрок қилиш юксак ғоя ва фикрлар билан булғанмаган, турли “ғамхўр таъсир ва таважжуҳ”лардан айнимаган: ёш болаларнинг дунёга боқишларидек тоза ва тиниқ кўринади. Пруст учун инсон руҳини бойитувчи, унга мазмун бағишловчи тоғдек юксак ҳис-туйғу айнан шундадир.

“Сван томон сари” романининг биринчи фаслида “онг оқими” бадиий услуби шоду хуррам ато этувчи, умид-ишончга тўла натижаларга олиб келади. “Йўқотилган вақт”ни эсларкан, Пруст болалик деган ёрқин оламнинг кичкина қувонч ва шодликлари (гуллаган дўлана дарахти гўзаллиги, онасининг меҳрга тўла бўсаси, қушлар сайраши, майсалар майинлиги, отасининг қўлларига кўтариб ҳавога учириши ва ҳоказо)да улкан поэзияни топади, илҳомланади, шеърият қанотларида осмону фалакка парвоз қилади. Туркумда “Сван томон сари” сайр қилиш Жильбертага бўлган болаларча романтик муҳаббат, Комбре шаҳарининг қадим черков гумбазлари, эски боғи ва қадрдон уй манзаралари ҳақида хотиралар билан ассоциация орқали фикран боғланади.

Ушбу мураккаб ҳиссиётлар ва интуитив равишда идрок қилинган оламни тасвирлаш учун Пруст бир-бири билан ўзига хос тарзда уйғунлашган икки услубдан фойдаланади: биринчидан – реал дунёни “ўз ичига” қабул қилиш, одамларни, табиатни, нарсаларни индивидуал психологик тасаввурлар категориясига ўтказиш; иккинчидан – эслаш, хотирага келтириш, бу ўринда, ассоциациялар қатори ўтмиш ва ҳозирги даврларни бир-бирига чамбарчас боғлайди. Натижада, улкан макон ва замонда ушбу даврларнинг бир-биридан узилишига барҳам берилади, улар яхлит бир вақтдек кўз ўнгимизда гавдаланади. Шу тариқа, чексизликка ғарқ бўлиб кетган асрлар, ўтиб кетган вақт тасаввури ўз-ўзидан ечим топади. Масалан, Марсель ўзининг нотаниш гўзал аёли ҳақида ўсмирлик хаёлларини якшанба кунлари Комбре боғида мириқиб ўқиган китобларидаги гўзал манзаралардан ахтаради: “Бошимни кўтариб кўз ўнгимда очилган қалам ожизлик қилувчи манзарага қараганимда, китобда кенг майдон бўйлаб ёйилаётган гўзал дунё менинг фикримга жо бўлиб, эҳтиросли таъсир кўрсатарди”. Шу боис, келажакда, албатта, севиладиган нотаниш гўзал аёлнинг шарпага ўхшаш қиёфаси Пруст тасаввурида бинафша гулларга бурканган қиёфада намоён бўлади. Аслида, бинафша ранг Пруст асарларида муҳим аҳамият касб этади. Кейинчалик китобдан олинган таассуротларга атроф-муҳитни: хиёбонни соя-салқин роҳат маконга айлантирган каштан дарахтлар, ёзда кўм-кўк манзарали жаннатга ўхшовчи сўлим боғдан эсаётган хушбўй сабо, дарахтлар орасидан кўзга ташланиб турувчи минорадаги соатнинг бонг уриши ва бу овознинг атрофга таралиши ҳам кўшилади.

Пруст бу ўтқинчи ва ёлғон дунёдир, унда объектив воқелик ҳақида фақат нисбий ва субъектив тасаввур ҳосил қилишимиз мумкин, деб таъкидлайди. “Қурраи заминда жамики мавжуд туйғу ва кечинмаларни биз бир дунёда ҳис қиламиз ва бошимиздан кечирамиз, бироқ фикрлаш, тушунча ҳосил қилиш, ўз ўзлигимизни англаш бошқа дунёда кечади; биз бу икки дунё ўртасида кўприк ташлай оламиз, туташтирувчи нуқталарни ҳам топаоламиз, бироқ улар ўртасида беўлчов масофани тўлдиришга ожизмиз” (“Германтлар томонида”). Бу нимани билдиради? Пруст фикрича, субъект ва объект ўртасида ошиб бўлмас ғов-тўсиқдек билиш жараёни турибди, шу боисдан ҳам ҳис-туйғулар олами ва фикр юргизиш, тажриба орқали идроқ қилиш, ақл билан иш тутиш олами – бир-бирига бегона демакдир. Инсон дунёни эмас, балки ўзининг дунёсини идрок қилишини тушуниб етгани боис, Пруст нуқтаи назарида, мазкур тасаввурда ҳеч қандай реал ва ўзгармас объектив мазмун бўлиши мумкин эмас: ҳаммаси ўткинчидир. Замонлар ўтиб кетади, одамлар ҳам ўтиб, фанога ғарқ бўлиб кетишади. Шунинг учун Пруст ижодида инсон образи беқарор ва ўзгарувчан. Ахир, Прустнинг дунёни ҳис этиш концепциясига кўра, инсон ҳақида ҳосил қилинган ҳар бир тасаввур субъект томонидан билиб олинаётган объектив ҳақиқатнинг бир бўлаги эмас, балки ушбу субъект ички оламининг бир заррачасидир, холос.

Пруст наздида, ҳеч қандай бир бутун, яхлит, метиндек мустаҳкам, барқарор ва ўзгармас характернинг ўзи бўлиши мумкин эмас; одам томонидан бир одат ва хислатни йўқотиш ва уларни бошқасига алмаштириш ўзининг “мен” – руҳий марказини йўқотиши, шахснинг ўлими билан тенгдир. Тўғри, бу ўлимдан сўнг шахс яна ҳаётга қайтади, лекин бу сафар бошқа “мен” қиёфасида.

Одат кишининг иккинчи табиати, деганларидек, одатларга боғланиб қолиш – бу, Пруст фикрича, “кўз очиб юмгунча ўтадиган ҳар бир лаҳзада биздан шахсиятимизнинг бир парчасини юлиб олувчи, ҳар бир сонияда ҳаётимизга совуқ ва бадбашара тумшуғини суқувчи, қадам-бақадам яқинлашиб келувчи ўлимга қарши пинҳоний, жисман сезиб, қўл билан ушлаб, онг билан ҳис этиб қўриш мумкин бўлган шаклдан бошқа ҳеч нарса эмас”.

“Йўқотилган вақтни ахтариб” туркумида Пруст ташқи дунёни ўз қаҳрамони идроки, дунёни ҳис этиши нуқтаи назаридан изчил тасвирлашга ҳаракат қилади. Бу ғоя дунё ҳақида реал воқеа-ҳодисаларнинг кетма-кет содир бўлишида ёки макон ва замоннинг ўзаро муносабатида, бир-бирига чамбарчас боғланганлигида эмас, балки ассоциациялар туфайли хотира қаъридан юзага қалқиб чиқувчи субъектив ҳолатларни тартиб билан эслаш орқали ҳикоя қиладиган романларнинг композицион тузилишини бадиий тафсилотигача белгилаб беради. Объектив дунё ва одамлар роман саҳифаларида ижтимоий муносабатлар орқали бир-бирига боғланган тарзда эмас, балки инсон онгига шахсий, индивидуал ҳис-туйғуси кўринишида “кираоладиган” қисм, парча, ҳатто зарраларгача тарқоқ ҳолатда намоён бўлади.

Аксар француз тадқиқотчилари Пруст ижодига рус адиби Толстой таъсири хусусидаги масалани кундаланг қўйишади. Шубҳасиз, Толстойнинг психологик таҳлил услубини Пруст диққат билан ўрганган, унинг кўп жиҳатларини ўзлаштириб олган дейишимиз мумкин. Масалан, инсон психологияси билан боғлиқ тамойиллар: ички монолог, ўзи ўзини таҳлил қилишга мойиллик, ғайришуурийлик (онг ости)ка ўтиш ҳаракатларини ҳам ўзлаштиргани ва ўз асарларида татбиқ қилганини кузатамиз. Пруст наздида, реал дунёни, объектив борлиқни шахс (индивидуум)нинг психологик жараёнларини чуқур таҳлил қилиш орқали тушуниб етиш, англаш мумкин. Толстойда эса, қаҳрамоннинг руҳий олами, ҳиссиёти ва тафаккури – ўз ичига қурраи заминдаги барча нарсаларни қамраб олган реал дунёнинг бир қисмидир, холос. Пруст ижодида Толстойнинг психологик таҳлил услубидан фойдаланишнинг қарама-қарши хусусиятлари мазкур зиддиятликдан келиб чиққан: бу услуб француз ёзувчиси ижодида кўп ҳолларда ўзининг аксига айланади, десак янглишмаган бўламиз.

Таъкидлаш лозимки, Пруст инсон хатти-ҳаракати, ҳис-туйғу, майл-истаклари пайдо бўлишида сабаб ва оқибат алоқадорлигини инкор этмайди. Аксинча, психологик ҳолатларнинг таҳлилида у юзага қалқиб чиққан қатор ассоциациялар орқали у ёки бу жўшқин интилиш, кайфият, руҳий ҳолатнинг ўзгариш сабабларини мантиқий равишда аниқлайди. Бироқ, ушбу ассоциациялар, одатда, бир-бирига уланган муайян ғоялардек эмас, балки, айнан, шу пайтда, кўнгилда кечаётган ҳис-туйғу, англаб бўлмас тарзда пайдо бўлувчи хоҳиш-истакни идрок қилиш орқали хотирадаги мураккаб, баъзида тушунарсиз тасвирларга айланади. Пруст психологик жараёнлар, руҳий ҳолатлар учун нафақат рационал, яъни, ақл-идрокка асосланган, балки унинг нуқтаи назаридан ғайришуурийликда, ички ҳис-туйғуларда чуқур илдизларни топишга ҳаракат қилади.

Шу билан бирга Пруст ҳеч қандай вазиятда ҳам “маҳмадоналик” қилмайди, ўзини ҳеч қачон “донишманд” қилиб кўрсатишга уринмайди, “фалсафий само”га интилмайди, ўзини сирли ва тушунарсиз қиёфага солмайди. Қаҳрамоннинг ички оламини, айни пайтдаги руҳий ҳолатини табиий инстинктлар, иррационал, яъни, ақлдан ташқари, мантиқан билиб бўлмайдиган майл-истакларнинг тартибсизлиги, чалкашлиги ҳолатида тавсифламайди. Билъакс, инсон психологиясига ўтиб, у инсоннинг ички олами, руҳияти қанчалик мураккаб ва серқирра эканлигини кўрсатишга ҳаракат қилади. Масалан, Сваннинг енгил табиат, суюқоёқ, аммо хушфеъл ва хушсуҳбат аёл Одеттага бўлган муҳаббати юқоридаги фикрларни тўлиқ исботлайди. Одеттани эъзозлаган, бу аёл сиймосида ўзига яқин одамни кўрган Сван охир-оқибат унга уйланади. Пруст ушбу меҳр-садоқат, яқинлик туйғусини Сваннинг табиати, феъл-атворининг ўзига хослиги, бошқалардан кескин фарқ қилиши билан изоҳлайди. Тўғри, Сван қалбини эгаллаган муҳаббатнинг “аҳмоқона тарихи” одоб-ахлоқ меъёрларидан ташқари, ношоён “сўз”лар билан, бир ёқлама ва юзаки тушунтирилиши мумкин эди, аммо Пруст романида гўзалик шайдоси, юксак маданиятли, боадаб, нозик дид соҳибининг ҳаётдан кўнгли совиши, умидлари рўёбга чиқмаслиги тарихидек очилади. Ёзувчи ўз қаҳрамонини ҳаётда рўй бериши мумкин нохуш, ўткинчи ва оқибатсиз вазиятлардан доимо қутқаради; унинг ички оламини, руҳий ҳолатини нозик, ҳар қандай вазиятда ҳам одоб-ахлоқни сақловчи майл-истаклардан тўқилганлигини кўрсатади. Масалан, Сван учун Одеттанинг бевафолиги ҳақидаги гумонини айтиши, бу ҳақда унга савол бериши ақл бовар қилмайдиган нарса: Сван буни ўзига эп кўрмайди. Ҳаттоки, кундек ёруғ, сувдек тиниқ далил-исботлар ҳам Сванни ишонтира олмайди, чунки улар, айнан, “кундек ёруғ, сувдек тиниқ ва қўпол” бўлганлиги учун ҳам асоссиздир.

Пруст ўзининг романлари туркумида Сваннинг Одеттага, маркиз Робер де Сен-Лунинг олифта сатанг аёл Рахильга, Марсельнинг соҳибжамол Жильберта, герцогиня Германтская, мадемуазель Стермария, ва, ниҳоят, мафтункор Альбертинага бўлган муҳаббатининг пайдо бўлиши ва сўниши мавзусига кўп марта қайтади. Бу борада, Стендаль ва Флобер ижоди Прустга катта таъсир кўрсатгани, шубҳасиз.

Аммо, Стендаль асарларига тақлид қилиш, улардан таъсирланиш билан бир қаторда, “муҳаббат ўзгарувчанлиги” мавзуси Прустнинг психологик таҳлилида аёлга бўлган муносабати ўзига хос тарзда талқин қилинади. Пруст асарларида севикли аёл образи доим иккита, яъни, тасаввурдаги, хаёлдаги идеал аёл ва ўткинчи, бир пайдо бўлиб, ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетувчи тимсоллар қиёфасида намоён бўлади. Гўёки муҳаббат объектдан алоҳида мавжуд бўлаётгандек туюлади. Масалан, маркиз Робер де Сен-Лунинг Рахильга бўлган муҳаббатига Рахильнинг ғаразли ниятлари ҳам, ҳақоратомуз қўполликлари ҳам, ҳаттоки, унинг сон-саноқсиз ишқий алоқалари хақида хабарлар ҳам заррача таъсир этмайди. Аксинча, уни янада мустаҳкамлайди. Сабаби шундаки, Робер тасодифий ассоциация таъсирида севикли аёл ҳақидаги тасаввурларини Рахильга ўтказади ва Рахильнинг жамики мавжуд ижобий ва салбий хислатларию хатти-ҳаракатларини ушбу хаёлий тасаввур орқали идрок қилади.

Пруст романларида тасвирланаётган воқеа-ҳодисаларнинг объектив мантиғи ушбу романларни мутолаа қилган ўқувчини ҳар қандай меъёр-мезонларни рад этувчи хулосаларга олиб келмайди. Сван, Робер де Сен-Лу ёки Марсельларнинг умидсизликка тушишлари, ишончлари оқланмаслиги оқибатида алданганликлари мавҳум шароитда, реал воқеликдан узоқ бўлган вазиятда эмас, балки “Германтлар томонида”, “Содом ва Гоморра”да, хушманзаралари курорт ва аристократлар даврасида юз беради. Ахир, ҳаёт синовларида суяги қотган, унинг аччиқ-чучугини тотиб кўрган Марсель ёки Сван бутун ҳаёти давомида, айнан, шундай шароитда яшайди. Умидвор Марсель бундай муҳитда нафис дид, нозик ҳис-туйғулар, маънавий гўзаллик ва беғаразликни топиш илинжида яшайди. Унинг тасаввурида оддий ҳаёт икир-чикирларидан, кундалик ташвишларидан сўнг, айнан, шу муҳитда бошпана топиш мумкин туюлади. Насл-насаби, жамиятдаги мавқеи, ақл ва маданияти даражаси бўйича тенг аристократлардан Марсель маънавий мадад, олижаноблик, ҳамфикрлик, руҳан бирлашувни кутади. Бироқ Марсель хаёллари пучга айланади: мартаба ва унвонлар, юксак мавқе ва бойлик, тубанлашиб кетган қалбларнинг сохталиги ва пасткашлиги, қизиқиш ва интилишларнинг ҳеч нарсага арзимаслиги, фисқ-фужур ҳамда нодонликни ва, ниҳоят, бағритошлик, қабиҳлик ва ахлоқий бузуқликни хаспўшлаб туради.

Пруст, нафақат, энг нозик, қалбнинг қаърида яширинган руҳий кечинмаларни тасвирлаш, балки моҳир ҳажвчи, нуқсонлар ва иллатларни фош этишда қалами ўткир ёзувчи бўлганлигига ишонч ҳосил қилиш учун “Содом ва Гоморра” романининг “Жаноб Шарлюс аристократлар даврасида” номли биринчи бобини ўқишнинг ўзи кифоя. Асардаги барча қаҳрамонлар ўзлари эгаллаган ижтимоий мавқе жиҳатидан аниқ ва тушунарли тасвирланган. Ҳақиқий юксак ҳис-туйғулар завол топишига инсон табиати эмас, балки “нозик таъб соҳибларининг сермулозамат ва сулукатли жамият” муҳити айбдор деган ҳулосага китобхоннинг ўзи келади, чунки бундай муҳитда на ҳақиқий меҳр-муҳаббат, на самимий дўстлик, на садоқат бўлиши мумкин. Ич-ичига сингиб кетган сунъий муносабат ва юзаки расм-русумлар, нимаики қилса ҳам барибир жазосиз қолиш ҳисси, қолаверса, авжига чиққан ахлоқсизлик ва маънавий инқироз Шарлюс, Вердюрен, Одетта ва Альбертиналар жамиятини, уларнинг инсонийлик қиёфасини таниб бўлмас даражагача ўзгартиб юборади. Шу тариқа, Пруст, ижтимоий зиддиятларга тил тегизмай, аммо инсон психологияси ва кундалик турмуш тарзини ҳаққоний тасвирлашга интиларкан, имкон қадар жамиятнинг тепасида турган, ўзларини дунё хўжайинлари деб билганларнинг ғайриинсоний қиёфасини, одамгарчиликдан йироқ муомаласини, маънавий-ахлоқий жиҳатдан бузилиб кетганликларини аёвсиз фош этади, аниқ ва ифодали тасвирлаб беради.

Аристократия жамиятида қабул қилинган тартиб-қоидаларга кўркўрона эргашувчи, ўзини олий даражада маданиятли, билимдон, нозик дид соҳиби ва мислсиз фаросат эгаси деб ҳисоблаган худбин одам ҳақида гапираркан, Пруст чин юракдан кулади, уларни аёвсиз танқид қилади. Масалан, Вердюрен оиласининг аъзолари ҳақиқий зодагонларга ўхшаб гапиришлари, уларнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилишларини мазахлайди, барон Шарлюс ҳаёти ҳақида гапирганида эса, заҳарханда сўзлардан ўзини тия олмайди.

Прустнинг айнан ушбу истеҳзоли муносабати эҳтироссиз, вазмин ва объектив баён ниқоби остига яширинган танқидий назарини, чуқур психологизмини тўлиқлигича ифода этади, деб таъкидлаш мумкин. Баъзида, камдан-кам ҳолларда, бу аччиқ истеҳзо ва мулойимгина айтилган ҳазил хаспўшлаб турувчи парданинг кўтарилишига олиб келади ва Прустга тўғридан-тўғри зарба беришга имкон яратади. Масалан, Пруст холисона, объектив равишда Баальбек курортида дам олаётган ва соғлигини тиклаётган одамлар ташкил этган жамият ҳаётини, уларнинг кундалик турмушини зарда ва нафрат, гўё ям-яшил далани қовжиратган чўлга айлантирган оловдек куйдирувчи сўзлар билан тасвирлайди: мовий денгиз соҳилларига келган бу одамлар Парижда одатланиб қолган худбинларча турмуш тарзидан, ҳатто ўзларига олтин ва маржон берсалар ҳам, чиқишни асло хоҳламайдилар. Гўёки улар учун ўзгартириб ва бузиб бўлмас одатга айланган ва кўникиб кетилган ҳаёт тарзидан, эски ва қадрдон таниш-билишлар доирасидан бошқа ҳеч нарса йўқдек туюлади; ҳаттоки, денгиз мавжлари, қумли соҳиллар, қирғоқлардаги дарахтлар, қолаверса, бутун борлиқни қамраб олган табиат гўзалликлари улар учун бегона ва тажовузкор бўлиб кўринади. Курорт меҳмонхонасида улар нонушта, тушлик ва кечки овқат тановул қилганларида, “меҳмонхона улкан сеҳрли аквариумни эслатар эди, шаффоф ойна ортида эса Баальбекни ишчи ва денгизчи аҳоли, қамбағал оилалар тўпланиб, муҳташам аквариум ичида башанг қийинган, зеб-зийнатга бурканган одамларнинг дабдабали турмушини, ғарра-шарра еб-ичишлари, рақс тушиш ва сайр қилишларини, кўзларини катта-катта очиб, гўё эс-ҳушидан айрилган одамлардек кузатишади. Улар учун бу ҳаёт гўё ноёб, камдан-кам учрайдиган балиқлардек, алланечук, тушунарсиз, сирли эди”. Манзарани тўлдириш учун Пруст: “Муҳим ижтимоий масала: ушбу нодир, камёб жониворларнинг базму жамшидларини мўрт шишадан ясалган ойна қачонгача ҳимоя қиларкан, умуман, ўз ичида соғ-омон сақлаб қолармикан? Бир кунмас бир кун қоронғуликдан, зимдан очкўзлик билан, ҳирс ва нафсини зўрға тийиб пойлаб турувчи нотаниш ва номаълум одамлар келиб, уларни аквариумдан тутиб, еб қўймасмикан?” деб қўшиб қўяди.

Таъкидлаш лозимки, бу тасвирда Прустнинг маъқулловчи сўзларини топаолмаймиз, у на манзур кўради, на ижобий баҳо беради: ўзининг башорати юзасидан на қайғуради, на ҳадиксирайди. Бироқ, кейинги жумласида ўзи собитқадамлик билан эгаллаган позициясини икки хил тушунишга йўл бермовчи оҳангда баён этади: “Шу орада эса, бир жойда қотиб, зимистонда турган оломон ичида, эҳтимол, қандайдир бир ёзувчи, одамлар ва балиқларни ўрганувчи ҳаваскор-тадқиқотчи турган бўлиши мумкин. У, кемшик ялмоғиз кампирлар, баҳайбат махлуқларнинг кавшанишларини кузатаркан, аквариум ойнасининг икки томонида турган одамларни ҳар хил, бир-бирига етти ёт бегона турларга ажратганидан мамнун бўлиб, адашмаганидан ўзига ўзи тасалли берар эди”.

Бир ҳисобда, одамлар ва ҳайвонларнинг хилма-хил турларини кузатган ва ўрганган мутахассис сифатида намоён бўлаётган Прустнинг муаллифлик позицияси, ўзининг машҳур “Инсон комедияси”да хилма-хил ва ранг-баранг ижтимоий қатламлардан келиб чиққан “жондор”лар таснифини тузган, “инсон қалби овчиси ва табиби” ҳисобланмиш Бальзак эгаллаган позициясига озми-кўпми ўхшаб кетади. Аммо, бундай таққослаш оддий заҳматкашлар ҳаёти, орзу-умидларини яхши билган ҳамда уларни юксак қадрлаган Бальзак баҳоси ҳамда зодагонларни “ноёб инжу ва нодир олмос”, авом халқни эса – “номаълум зот”, деб ҳисоблаган Пруст баҳоси ўртасидаги кескин фарқни намоён қилади.

Аслини олганда, Пруст оддий халқни билмаган ва тушунмаган, у фақат хизматкорларнигина яхши билган, уларнинг турмуш тарзини, кундалик ҳаётини синчковлик билан кузатган ва ўрганган. Тан олиш керак, Пруст бундай одамларни икки тоифага бўларкан, бир томондан, итоаткорона бўйин эгувчи, қўзичоқлардек сукут сақловчи, иккинчи томондан эса халқ орасидан чиққан, эркин, аммо ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган қуйи табақага мансуб одамларни кўрган. Энг муҳими, мазкур икки тоифани бир-биридан ажратиб, уларни турли қиёфада тушунишга йўл қўймайди. Масалан, иккинчи тоифадаги одамларда табиатан соғлом фикрни, собитқадамликни, мустаҳкам ирода, куч-шижоат ва олижанобликни кўрса, биринчи тоифа одамларда лаганбардорликни – хўжайин (бой) ва малай қул (хизматчи) ўртасида айнан ўхшашликни кўришга ҳаракат қилади, бироқ униси ҳам, буниси хам кимгадир бўйин эгиб хизмат қилади. Шу боис, итоатгўй хизматкор, қарол ва официант психологик портрети, маънавий ва ақлий қиёфаси Пруст романларида аристократлар табақасига мансуб кишининг психологик портрети, маънавий ва ақлий қиёфасидан кўпинча фарқ қилмайди. Пруст оддий, кўзга ташланмайдиган, қолаверса, назар-эътибордан четда турувчи одамларда кўрган маданият, дид-фаросат ва тарбиянинг етишмаслиги олий табақа (сарой аъёнлари ва дворян)га мансуб кишиларда қўпол, хунук ва кечириб бўлмас даражада намоён бўлади. Гарчи Пруст кекса хизматкор аёл Франсуазанинг саводсизлиги, ўқиш ва ёзишдаги хатоларини француз халқининг дунёқараши, дунёни ҳис этиш ва тушуниш анъаналари билан боғлаган бўлса, герцог Германтскийнинг нодонлиги, ақлий ва ахлоқий қолоқлигини, аристократларнинг дунёқарашлари торлиги, тўнглиги, қўпол хатти-ҳаракати ва муомиласи, ўзи ўзидан мағрурланиши, иззатталаблиги, заиф нафсонияти, худбинлиги билан изоҳлашга ҳаракат қилади.

Ёзувчи Германт ва Шарлюслар ҳаётига, Содом ва Гоморранинг зулмат қоплаган дунёсига чуқур кириб боргани сари, муаллифга ушбу сохта ва юзаки бўлиб кўринган қалтис ҳамда хатарли дунёда, айш-ишрат ва шаҳвоний ҳирсга берилган муҳитда “йўқотилган вақт”нинг сонияларини, соғлом ақлнинг зиғирдай доначаларини ахтариш, биллурдек шаффоф осмонда тиниқ сув томчисида, одам оёғи босмаган табиат қўйнида дунёни кўриш, идроқ қилиш ҳолати мураккаблашиб боради. Шунинг учун Пруст туркумининг охирги романларида сунъийлик, ортиқча бежамдорлик, ғайриоддийлик, оҳанг ва ранглар уйғунлигининг номувофиқлиги кўзга ташланади: бу ерда соғлом ақлга зид, носоғлом шаҳвоний мавзуларга ҳаддан ташқари эътибор берилганликни пайқаб олиш қийин эмас. “Содом ва Гоморра” романининг иккинчи қисмида герцог Германтскийнинг серҳашам уйидаги қабул маросимни ва кейинги шоҳона базмни моҳирона тасвирлаш бошқа боблардан алоҳида ажралиб туради, чунки снобларга хос хулқ-атвор, қуруқ олифтагарчилик, худбинлик, зодагонларнинг беҳаловат ва бефойда ҳаёти, саробга айланаётган орзу-умидлари, “сара жамият”нинг маънавий қашшоқлиги, охир-оқибат, тушкунликка йўлиқиши ва завол топиши муаллиф томонидан, чаён нишидек аччиқ ва дудама ханжардек ўткир сўзлар воситасида заҳарханда жилмайиш билан фош этилади. Романнинг ўзаги бўлган иккинчи, қолаверса, биринчи қисмидаги фасл ва боблар мазмуни ўзини ўзи такрорлаган муаллифнинг кузатувларига, психологик таҳлилига бирон-бир янги жиҳатларни олиб кирмайди. Шундай бўлса ҳам, янгилик деб муҳим бир жиҳатни, у ҳам бўлса пессимизмнинг кучайиб бориши, роман саҳифаларида содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга муаллифнинг бепарволиги, борган сари умидсизлик исканжасига йўлиқишини кўрсатиш мумкин. Ахлоқи бузуқ, маънавияти паст, баднафс ва ҳирсини қондириш балосига мубтало бўлган, тубанлашиб кетган қаҳрамонларнинг ҳис-туйғулари ва интилишларини ипидан игнасигача таҳлил қиларкан ёзувчи, бора-бора киноя қилишни, истеҳзоли нигоҳ орқали қарашни, мазах ила жилмайишни бас қилади, унинг муносабати адолат тарозисида ўлчаб кўрилгандей холисона, лоқайд, ҳаққоний бўлиб боради. Алҳосил, муаллиф ахлоқсизлик ва разолатга тушган, шаҳвоний ҳирсга берилган скрипкачи Морельнинг қабоҳат ва ярамас хатти-ҳаракатларини “туғма инстинкт ёхуд феъл-атворининг зиддиятлари” билан изоҳлайди ва унинг гуноҳидан кечади. Бу етмагандек, адиб қабих ва аблаҳ Шарлюснинг ҳис-туйғулари, ички кечинмаларини реал ҳаётдаги севган ва севилган кишининг ҳис-туйғулари, ички кечинмалари, қолаверса, қайғу-ҳасрат ва шодлик-қувончларига яқинлаштириш, бир-бири билан қиёслаш жоиз деб билади, бунга уриниб ҳам кўради. Кишида нафрат уйғотишдан бошқа ҳеч нарсага ярамайдиган, қилиқлари ва гаплари ёқимсиз Шарлюс кутилмаганда, бирдан инсон қиёфасига киради, унга инсонларга хос бўлган ижобий хислат ва фазилатлар асло ёт тушунча эмаслиги аён бўлади, муаллиф буни инкор этмайди, Шарлюс ўзгача меҳр-муҳаббат билан Бальзак асарларини мутолаа қилишга киришади. Бу ерда Пруст адолат тарозиси паллаларида эзгулик ва ёвузликни ўлчаш қобилиятини, аниқроғи, яхшилик ва ёмонлик мезонини йўқотади. Муаллифнинг “Содом ва Гоморра” романидаги қаҳрамонларга нисбатан асар бошида намоён бўлган нафратланиш ҳисси табиий ва ғайритабиий ҳолларда бир хил бўлган инсон табиати аввалбошдан ёвузликка йўғрилганлиги, инсон кўзини очганидан, нафас олишидан ахлоқсизлиги, эс-ҳуши фақат ҳирс ва нафсни қондиришга қаратилганлиги, ишрат ва шаҳватпарастлигини ортиқча ҳаяжонсиз, вазмин оҳангда, ёрқин рангларда, майда тафсилотларигача қайд этишга интилиб боради.

Дарвоқе, муаллиф “Содом ва Гоморра” романидан эътиборан, туркумнинг сўнгги романларида бош қаҳрамон – Марсельнинг олижаноб фазилатлари, эзгу ният ва нозик ҳис-туйғулари билан бир вақтда, унинг тубан ҳаракатлари ва феъл-атворининг бузилиб кетишини совуққонлик билан қайд этиб боради, синчков таҳлил қилади. Ахлоқий покизалик, беғуборлик, шунингдек, бадахлоқлик, разилликка нисбатан эътиборсизлик, юксак ҳис-туйғу ва муҳаббат – буларнинг ҳаммаси, наинки, Робер де Сен-Лу, балки Марсель қалбини чулғаб олганлиги асарда сезилиб туради. Марсельнинг Жильбертага бўлган муҳаббатига қараганда, Альбертинага бўлган олижаноб ва беғубор ҳис-туйғулари оддийроқ, тушунарлидир. Альбертина қалбини эгаллаб олган ҳис-туйғуга дош беролмай, бор вужуди билан Марсельни севиб қолади, бироқ бадбинлик ботқоғига тушиб қолган Марсель, ўзининг айш-ишратга мойиллиги, бебурдлиги, бадахлоқлиги туфайли парипайкар Альбертинадан кўнгли совийди. Бундай чигал вазиятда муаллиф Альбертинани ҳам, Жильбертани ҳам шоирона тасвирлаш, ижобий хислатларини бўрттириб кўрсатиш, бир сўз билан айтганда, идеаллаштиришдан ўзга чора тополмайди.

Пруст туркумининг сўнгги романларида маънавий-ахлоқий қадриятларга эътиборсизлик, инсонийликка қарши йўғрилган ғоялар салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Аслида, туркумнинг илк романларида Пруст жон-жаҳди билан бу ғояларга қарши чиққан, “йўқотилган вақтда” соф ва беғубор ҳис-туйғуларни, олижанобликка йўғрилган мурувватни, ҳақиқий инсонийликни ахтарган эди. Шу боис ҳам Марсель ва Альбертиналарнинг муҳаббат тарихи ўқувчида юракни эзувчи, қалбни тилка-пора қиладиган оғир таассурот қолдиради. Негаки, бу ерда муҳаббатдек юксак ҳис-туйғу хаёлий, ёлғон ва сохта, реал ҳаётдан йироқлиги хусусида олдинги мавзуларнинг такрорланиши билан бир қаторда, Марсель ва Альбертиналар ўртасидаги муносабатлар ҳам жозибадорлигини, тароватини йўқотади, аксига олиб рашқ, ёлғон ва ишончсизлик туфайли, ўта шафқатсиз, бир-бирини қийнаш, чидаб бўлмас даражада азоблашга айланади.

Туркумнинг сўнгги – “Асира” ва “Қочоқ қиз” романлари ўқувчини охирги қисм “Топилган вақт” романига бевосита рўбару қилади. Бу ерда муаллиф дилда сир сақлаган, ҳеч кимга, ҳеч қачон айтилмаган фикри, яъни, фанога ғарқ бўлувчи, ҳудди осмондаги булутлар каби тарқалиб кетаётган, тўхтовсиз оқиб бораётган “йўқотилган вақт” ортидан қувиш, изма-из таъқиб этиш, унга бир қадам бўлса-да, яқинлашиш орқали инсон топадиган ягона қадрият ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашади. Пруст наздида, бу ягона қадрият – санъат ва ижодий жараён бўлиб кўринади.

Таъкидлаш лозимки, Прустнинг “Йўқотилган вақтни ахтариб” романлар туркуми негизини адабиёт ва санъат мавзуси ташкил этади. Бор вужуди билан адабиётга берилиш, ҳаёт маъносини ижодда кўриш, ижодий фаолият билан яшаш мавзуси Пруст яратган романлар туркумининг бошидан охиригача ўтади, бир-бирини чамбарчас боғлаб, ўзига хос яхлит бир тизимга келтиради. Романларда ёрқин тасвирланган мусаввир Эльстир, бастакор Вентейль, ёзувчи Бергот каби персонажларнинг ижодини, улар яратган асарларини таҳлил қилишда Пруст ўз бадиий ва эстетик қарашларини мужассамлантиради, десак муболаға бўлмайди. Айни пайтда, француз адабиётшунос ва файласуфлари таъқидлашича, адиб ижодида Эльстир ва Огюст Ренуар, Вентейль ва Клод Дебюсси, Бергот ва Анри Бергсон ўртасида тўғридан-тўғри ўхшашлик мавжудлиги хусусидаги фикрни илгари суришади. Бизнингча, муҳими бунда эмас, балки Пруст ўз тасаввуридаги санъат ихлосмандлари, моҳир ижодкор ва уларнинг асарларини таҳлил қиларкан, шу тариқа, ўзининг бадиий ижод концепциясини ҳам ифодалайди.

Пруст фикрича, санъатни ҳаётдан устун қўювчи жиҳат – бу ҳар қандай ҳаётий таассуротни ижод орқали бадиий асарга айлантириш жараёнидир. Фақат ижод, ижодий меҳнат дунёга, ҳаётдаги воқеа-ҳодиса, моддий ва руҳий нарсалар туб моҳиятига чуқур сингиб боришга, қолаверса, йўқотилган ҳис-туйғу ва кечинмаларни жонлантиришга, хотирага келтиришга қодирдир. Пруст таъкидлашича, бир лаҳзага бўлса ҳам бизни замон ва макондан ташқарига қўювчи, объектив борлиқдан устун турувчи таассуротга қайтариш, такроран қалбга солиш инсонга ҳақиқий завқ бахш этади. Бироқ, беихтиёр ҳиссий ассоциация асосида, ҳаётда рўй берувчи таассуротнинг қайтарилиши ўткинчи, фонийдир. Агар бу он муҳрлаб қўйилса, таассурот учун ўзига хос руҳий эквивалент, яъни, санъат асари яратилса, ушбу таассурот боқий қолиши мумкин.

Шундай қилиб, Прустнинг эстетик назарияси санъатни кенг маънода, реалликдан ажратишга, реал ҳаётга боғламасликка, тор маънода эса ижтимоий ҳаётга боғламай, объектив воқеликдан муайян макон ва замонга тааллуқсиз субъектив ҳиссиётлар дунёсига шўнғиб кетишга даъват этади, “ижодий жараёнда ҳаётни тиклаш, эсга солиш” йўли орқали уни интуитив англаш ва аслидай тасвирлашдан узоқлаштиришга чорлайди.

Мазкур “субъектив” дастурга қатъий риоя қилиш, уни бадиий ижодга татбиқ этиш объектив дунёни билиш ва акс эттиришнинг ўзига хос шакли сифатида намоён бўлувчи санъатни, пировардида, бошдан-охиригача барбод бўлишга олиб келишини пайқаш қийин эмас. Аммо, Пруст моҳир ёзувчи ва нигоҳи ўткир психолог сифатида, кўпинча, ўзи қўйган талабларни бажармайди, шунинг учун ҳам унинг “онг оқими” услубида ёзилган романлари бадиий-эстетик аҳамиятга эгадир. Кўп ҳолларда “онг оқими” Пруст романларида гўё иккига ажралгандек – у гоҳ тасвир объектига, гоҳ реал воқеликнинг образларини ўзгача талқин этиш усулига айланади. Ёзувчи қаҳрамонлари қалбида кечаётган ҳис-туйғу ва руҳий кечинмалар, четдан қараганда, ҳаётдаги одамшавандалик, маданият ва одоб ниқобида намоён бўлувчи шафқатсизлик, ўта тартибсизлик, ножўя хатти-ҳаракатлар, маънавий ва ахлоқий тубанликка етакловчи омиллар билан тўқнашганда, охир-оқибат янги асрнинг манфаатпарастлигини, маънавий қашшоқлиги, ақлий заифлиги ва қўполлигини қабул қилолмаган француз интеллигенцияси “йўқотилган авлод”ининг маънавий ва руҳий ёлғизлигини кўрсатади. Нима бўлганда ҳам, алоҳида олинган шахс (индивидуум)нинг маънавий-ахлоқий, руҳий, қолаверса, ақлий фаолият соҳасини ижтимоий ҳаёт, объектив воқелик билан мутаносиблаштира олмаслик, ўртадаги нисбатни аниқлай билмаслик, пировардида, шахсни энг юксак қадрият, дунёдаги моддий ва маънавий бойликнинг негизини ташкил этувчи асосий манба деб эълон қилиш Прустни танқидий реализм тамойилларидан узоқлаштиради.

Прустнинг бадиий нияти, яъни, “онг оқими” романлар туркумининг ўзига хослиги шундаки, муаллифдан ушбу ниятни изчил ва аниқ амалга ошириш учун сюжет ва композиция, образ ва образлилик, бадиий нутқ ва услубга оид янги шаклларни кашф этишни ва татбиқ қилишни тақозо этган. 1914 йил бошида, “Сван томон сари” романи дунё юзини кўргач, Пруст Жак Ривьерга йўллаган мактубида: “…Йўқ, агар менинг интеллектуал кучимга ишончим, ўз ҳаётий маслакларим бўлмаганида, мен фақат эслашни, хотиралар оғушида юришни хоҳлаганимда… касалманд бўла туриб, ёзишни, ижод қилишни зиммамга олмаган бўлардим. Бироқ, мен тафаккур, муайян ғоя ёки фикр тадрижий ривожланишини мавҳум образлар ёки мавҳум тушунчалар орқали таҳлил қилишни эмас, балки тафаккур, ғоя, фикрни жонли қилиб кўрсатишни, уни яшашга мажбурлашни хоҳлаган эдим”, деб ёзган.

“Йўқотилган вақтни ахтариб” романлар туркумининг тузилиши муаллифнинг янги композицион усул, сюжет қурилиши, диалог ва ички монолог орқали серқирра, қатламлари кўп инсон онгини англашга интилганлигидан далолат беради. Романлар туркуми, чексиз бадиий макон ва замонда ёйилганлигига қарамасдан, сюжет ва композиция жиҳатидан аниқ кўринади, уларнинг муаяйн тартибда жойлашганлигини кузатамиз. “Топилган вақт” романининг сўнгги саҳифалари “Сван томон сари” романининг илк саҳифалари, айниқса, ўтмишни чуқур ҳис-туйғулар орқали эслаш эпизодига таяниши бежиз эмас, албатта. Бироқ, тан олиш керакки, Прустнинг бадиий тафсилотларга бўлган ўзгача меҳри, баъзида меъёрдан чиқиб кетган ҳолда, ҳажман номутаносибликка, ўз ўрнида ёки бемаврид қўшиб қўйилганликка олиб келади, шу каби жузъий камчиликларга қарамасдан, “йўқотилган вақтни ахтариш” ички мавзуси бутун туркум бўйлаб пухта ўйлаб чиқилган режа асосида ривожланади ва мантиқий ечимига етказилади. Шу билан бирга, теран психологизмга йўғрилган “вақт оқими” билан бир қаторда, муаллиф тасвирланаётган аристократлар дунёсининг умумий манзарасини кўздан қочирмайди. Пировардида, аристократларча эстетизм, нозик дид, гўзалликка шайдолик, дунёни субъектив ҳис этиш, умуман олганда, юқори жамиятнинг ҳаёт тарзи маълум тадрижий ривожланиш жараёнидан ўтади: дунёқарашлар яқинлиги, манфаатлар умумийлиги аниқланган ҳолда, ўзаро боғловчи ғоя ва мафкура топилиб, буржуазия ва заминдорлар “сара жамияти” бирлашади. Асарнинг бирмунча чўзилганлигига қарамасдан, ҳар бир қаҳрамоннинг сюжет чизиғи узлуксиз кузатиб борилади. Эътиборга молик яна бир жиҳати шундаки, “Сван томон сари” романининг дастлабки қирқ саҳифасида туркумнинг деярли барча персонажлари кўриниш беради, кейинчалик, роман ривожлангани сари, улардан бирортаси ҳам назардан қочирилмайди.

Пруст ўзи романлар туркуми композиясига, туркумга кирган ҳар бир алоҳида олинган романнинг изчил тартибда тузилиши, мустаҳкам ички структурасига эга бўлишига катта аҳамият берган. Дарвоқе, Жак Ривьерга йўллаган мактубида адиб: “Менинг китобим ўзига хос конструкция касб этишини англаган ўқувчимни ниҳоят кашф этдим”, деган эди. Парча, қисм, саҳна, боб, фасл, умуман олганда, романлар ўртасидаги ўзаро нисбат, узвий алоқадорлик, бир-бирини тақозо этиши муаллифни услуб сайқали, нутқ равонлиги, изчил баён, мантиқий сюжетдан кам бўлмаган даражада ташвишлантиради. Ўртадан олти йил ўтиб, Пруст “конструкция” атамасини яна қўллайди: “Модомики, бу конструкция бўлгани учун унда очиқ жойлар, пайвандланган устун, тирговуч, зинапоялар бор; иккала қават ёки икки устун орасида мен манзара, саҳна ва кўринишларни батафсил тасвирлашим мумкин”. Сюжетда воқеалар ривожланиш йўлини кўрсатувчи, аниқроқ қилиб айтганда, унинг негизини ташкил этувчи ушбу ранг-баранг манзара, саҳна ва кўринишлар Пруст учун муҳим воқеа, исботлашни талаб этмовчи факт, тарихий ёки ижтимоий ҳодисаларни кўрсатиш учун ўзига хос фон, яъни, муайян замон ва макон сифатида жуда ҳам зарур, чунки буларсиз туркумдаги романларнинг чуқур психологизмга йўғрилганлиги ёки ҳар бир романнинг психологик чизиғи таваккал олиб борилгани, аниқроғи, асоссиз бўлиб кўринарди, яъни, психологик таҳлилни тўғри, бу йўл ўзини ўзи тўлиқ оқлаган, деб бўлмайди.

Дарҳақиқат, француз адабий анъаналари учун Пруст услуби мутлақо янги ҳодиса касб этган бўлса, ажаб эмас. Пруст услуби йигирманчи аср формализм, яъни, шаклни мазмундан, назарияни амалиётдан ажратишга интилувчи йўналиш руҳидаги адабиётда олиб борилувчи сўз ўйини, мавҳум тимсол ва маъюсона кайфиятдан, “донишмандона” сафсаталар, бежамдор ва тумтароқли лирик чекинишлардан йироқ.

Адиб табиатнинг гўзал ва бетакрор манзараларини шоирона тасвирлайди, табиатни идрок қилиш – “дунёни очиш”га ўхшайди, десак муболаға бўлмайди. Сервиқор тоғлар, ям-яшил дашту биёбонлар, қалин ўрмонлар, сокин дарё ва тепаликлар, уфқгача чўзилган денгиз ва қирғоқлар, шаҳар ва қишлоқлардаги қадим бино ва кўчаларни қуёшнинг ёритиши ёхуд ойдин кечаларда шаҳар таниб бўлмас даражада ўзгариб кетишини тасвирлашда Прустнинг тасаввурида қўққисдан юзага қалқиб чиқувчи ассоциациялар ҳеч қачон йўқ жойда, гўё атайлаб пайдо бўлмайди.

Дарҳақиқат, гуркираб яшнаётган табиатнинг (айниқса, “Содом ва Гоморра” романи саҳифаларида) гўзалликларига алоҳида урғу бериш Пруст санъат концепциясининг негизини ташкил қилади. Бу концепция қанчалик зиддиятли бўлмасин, адибнинг шахсий нуқтаи назарига, услубига ва дунёқарашига кўп вазиятларда мос келмасин, барибир, табиий гўзалликни куйлаш, табиатдан илҳомланиш Пруст учун яшаш демакдир.

Кунлар ўтган сари куч-қувватдан қолаётганлигига қарамасдан, бор вужуди билан яшашга интилган Пруст вафотидан сал олдин: “Дарахтлар, сизлар менга бошқа ҳеч нарса айтолмайсизлар…”, деб ёзади. Табиат инсоннинг ички дунёсидаги кўп жиҳатларни очиб беришини ўз вақтида пайқаган ва ушбу жиҳатларни ўз ижодида акс эттиришга интилган адиблар сирасига Прустни ҳам бемалол киритишимиз мумкин.

“Нувель ревю Франсез” журналнинг 1923 йил январь сонида, яқиндагина вафот этган Пруст хотирасига бағишлаб мухлислардан келган “Олтмишта ёқлов сўзи” босилиб чиққач, “Йўқотилган вақтни ахтариб” деб номланган улкан асар муаллифининг шуҳрати бутун жаҳонга ёйилди. Адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий ишларни бирма-бир санаб ўтиш анча вақтни талаб этади. Клод Мориак, Эмиль Анрио, Андре Моруа, Ролан Барт, Андре Жермен, Шарль Брюнон, В.В. Набоков, С.Г. Бочаров, М.К. Мамардашвили, М.В. Толмачёв каби ёзувчи ва мунаққидларнинг Пруст ҳақидаги кенг эътироф этилган тадқиқотларини кўрсатиб ўтиш билан чекланамиз. Бу тадқиқотларда адибнинг XX аср модернизм адабиёти яловбардори, модернистик проза анъаналарининг асосчиси эканлиги атрофлича тадқиқ қилинган.

Ваҳоланки, айрим чет эллик адабиётшунослар француз модернизм солномасини Прустдан эмас, балки Андре Жиднинг “Қалбаки пул ясовчилар” романидан бошланган, дейишга одатланган. Бу қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини аниқлашга уринмаймиз, фақат айтиб ўтмоқчимизки, бу концепцияда ҳам “Йўқотилган вақтни ахтариб” романи Камю ижодигача бўлган йўлда, қолаверса, модернизм адабиёти тараққий этишида муҳим босқич бўлиб қолаверади. Алҳосил, 1950 йилларда экзистенциализм тарафдор(Жан-Поль Сартр, Альбер Камю, Симона де Бувуар)ларини майдондан сиқиб чиқарган “янги роман” мактаби намояндалари Ален Роб-Грийе, Натали Саррот ва Мишель Бютор ҳеч иккиланмасдан Прустни ўзларига устоз, деб билганлар.

Таъкидлаш жоизки, Прустнинг “онг оқими” бадиий услуби, нафақат, француз, балки XX аср Ғарбий Европа адабиётида психологик роман жанри ривожига катта таъсир кўрсатганлиги, шубҳасиз. Адибнинг инсон руҳияти, ҳис-туйғу ва ички кечинмалар дунёсини теран тасвирлаши вақт ўтиб, реализм тарафдорлари бўлмиш Стефан Цвейг, Франсуа Мориак, Альберто Моравия каби қаламкашлар томонидан чуқур ўзлаштирибгина қолмасдан, балки улар ижодида ўзига хос кўринишда намоён бўлди. Шунга қарамасдан, Пруст издошлари, хусусан, “янги роман” мактаби ёзувчилари унинг услубига тақлид қилишаркан, бугунги кун одами образида Пруст қаҳрамонларининг маънавий-руҳий қиёфасини ва уларнинг дунёга бўлган муносабатини тасвирлаб хатога йўл қўйишмоқда. Синчков разм солсак, замонавий одамнинг мураккаб маънавий дунёсини рангсиз ва нурсиз қилиб кўрсатганликларини, инсоннинг мураккаб ва серқирра феъл-атвори, хатти-ҳаракати, юксак идеалга интилишларини, дунёни ҳис этиш ва тушунишини жузъий ва аҳамиятсиз фикр-мулоҳаза, субъектив мушоҳадалари билан алмаштирганликларини пайқаб олиш қийин эмас. Шу тариқа, бугунги кун қаҳрамони ўз даврининг тарихий аниқлигини, муайян даврда яшаганлигини батафсил англашидан фориғ бўлгандек туюлади. Бу муҳим жиҳат Прустнинг ўзига хос дунёни ҳис этишида, унга ўз муносабатини билдиришида, қолаверса, дунёқарашида юксак баҳоланган ва қадрланган. Энг муҳими, ўз даврининг тарихий аниқлигини, муайян даврда яшаганлигини чуқур тушуниш, шунга қараб ўз ҳаётий маслакларини, ҳаётдаги йўлини танлаб олиб, ундан оғмасдан охиригача босиб ўтиш жараёнини Пруст “йўқотилган вақт”нинг аниқ аломатларига эга етти романдан иборат туркумида турли кўринишларда тасвирлаган бўлса, ажаб эмас.

Манбаъ: “Шарқ юлдузи” журнали 2011 йил 2-сон

022

(Tashriflar: umumiy 47, bugungi 1)

Izoh qoldiring