Muhammadjon Xolbekov. Xorxe Luis Borxes ijodiga chizgilar.

012   Борхес ижодида китоб образи, аниқроғи, бадиий тафсилотга катта жой ажратилади. Худди шундай ролни унинг бошқа машҳур рамзлари — кўзгу ва лабиринтлар ўйнайди. Бу тасодифий ҳол эмас. Асарларини ўқирканмиз, «инъикос», «вариантлар кўплиги» адибнинг бадиий ижод фалсафасидаги асосий категориялар эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. Жўшқин ва серқирра ҳаёт, объектив воқелик — бутун борлиқнинг мураккаб усулидек намоён бўлади.

011
Муҳаммаджон Холбеков
ЛОТИН АМЕРИКАСИ: “СЕҲРЛИ РЕАЛИЗМ” ЖОЗИБАСИ
Хорхе Луис Борхес ижодига чизгилар
09

1960 йиллар бошида Лотин Америкаси адабиётида майдонга келган «янги роман» жанридаги мисли кўрилмаган муваффақиятлар китобхонлар эътиборини тортди. Ушбу ўзига хос «юксак ҳодиса» мазкур адабиётнинг бадиий мазмун-моҳиятини таърифлаб бера оладиган атамани ҳам тақозо қилди. Тез орада бундай атама топилди. Дарвоқе, 1925 йилда немис санъатшунос олими Франц Роо Ғарбий Европа адабиётида бўй кўрсатган экспрессионизм эстетик оқимини «сеҳрли реализм» деб номлаган эди. Аслида, бу атама бадиий ижод вазифалари, умуман олганда,Лотин Америкаси насридаги реализм тамойилларини тўла очиб бериш учун унчалик тўғри келмайди. Чунончи, Хорхе Луис Борхес, Хуан Карлос Онетти, Габриэль Гарсия Маркесларнинг бадиий тўқималари, бадиий оламни кўриш тамойиллари ёки Хулио Кортасар асарларидаги фантастик воситалар умуман бошқа қонуниятларга асосланади. Алехо Карпентьер ижодида эса «сеҳр» аксарият ҳолларда Жанубий Америкага Африка қитъасидан зўрлаб олиб келинган қора танлилар ва туб аҳоли – ҳиндуларнинг кўҳна афсона ва ривоятларига бориб тақалади, бу эса қадимдан қолган адабий анъанани янгилаш эди. XX аср Лотин Америкаси адабиётида етакчилик қилган том маънодаги реализм ҳақида ҳам айнан шу фикрни айтиш мумкин.
Адабиётда Ла-Плата кўрфази ва унинг атрофидаги улкан ҳудудларнинг муайян услубга солинган ёрқин бўёқлари ўзгача жозибага эга бўлди. У Карпентьер ва Маркес ижодидаги Гаити ва Куба ороллари, Венесуэла ва Колумбия дашту биёбонларининг «мўъжизакор реаллиги» ва ақл бовар қилмас воқелигидан кескин фарқ қилади. Бундай вазият қадимий ва замонавий афсоналарга мурожаат қилиш, қолаверса, юқорида номи зикр этилган адибларнинг ҳар бири ўзи шахсий услубини яратишга боғлиқ қонуниятлар билан ҳам изоҳланади.
Айни замонда, XX аср Лотин Америкаси адабиётидаги «сеҳрли» ва «реал» тамойилларни қайта англаш ҳамда ижодда мужассамлаштириш бир қанча босқичлардан ўтганлигини ҳам назарда тутиш лозим. Улардан дастлабкиси – муайян ҳудудда пайдо бўлган ва ривожланган бадиий тажрибани батафсил ўрганиш ва ҳудудий чегараларни «ёриб ўтиш» билан белгиланади. Иккинчиси эса 1930-40-йилларда дунёга келган ва гўзал,  бетакрор афсоналарга асосланган «ҳинду» адабиёти анъаналарининг равнақ топиши билан чамбарчас боғлиқ. Шак-шубҳасиз, «Лотин Америкаси янги романи» яратувчиларининг ҳар бирига, аниқроғи, уларнинг серқирра ижоди учун ўзи туғилиб ўсган замин ва қондош миллатнинг оғзаки ва ёзма ижодий таъсири катта аҳамиятга эга эди.
Дарҳақиқат, Лотин Америкаси адабиёти жаҳон минбарига Европа ёки АҚШ адабиётига қараганда анча кеч кўтарилди. Улкан қитъанинг асосан испан ва португал тилларида битилган шеърияти ва бадиий насри учун француз адиблари Оноре де Бальзак ва Эмиль Золянинг адабий мероси 1920-йилларда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган эди. Шу билан бирга ўша пайтларда бу ҳудудларда ҳам «саҳнага шахдам чиққан» модернизм шеърияти Европа адабиёти учун долзарб бўлган «цивилизация инқирози» муаммосига жиддий эътибор берганлиги муҳим ҳодиса эди. Фарқи шундаки, Европа адабиёти ва санъатидаги символизм эстетик оқимига ўхшаган ҳодиса Лотин Америкаси адабиёти ва санъатида «модернизм» деб қабул қилинди. 1910-20-йиллар Лотин Америкаси адабиётида катта мавқеда бўлган авангардизм йўналишига мансуб шоир (Мексикадаги экстридентизм, Бразилиядаги «Антропофа- жия» гуруҳи,  Аргентинадаги ультраизм) ларнинг фаолияти ҳам уларнинг «цивилизация инқирози» муаммосига жиддий қарагани, ундан қаттиқ хавотирга тушганидан дарак беради. Сирасини айтганда, Лотин Амери- каси адабиётида ҳам худди Европадаги каби, анъаналарга содиқ қолиш ва бадиий маҳоратни ошириш, изланиш руҳи ҳукмрон эди.
1921 йилда ёш бўлишига қарамай, етарлича ҳаётий ва ижодий тажриба орттирган Хорхе Луис Борхес (1899-1986) Европадан Буэнос-Айресга қайтади ва, кўп ўтмай, газеталардан бирида ўзининг «Ультраизм» деб номланган, бир қарашда оддий ва жўн кўринса-да, манифест, яъни мурожаатномадек янграган мақоласини эълон қилади. Шу тариқа ар- гентиналик китобхонлар испан авангард адабиёти билан танишадилар. Ўша йиллар Аргентина адабиётида бир вақтнинг ўзида ҳар хил, баъзан бир-бирига мутлақо зид анъаналар ёнма-ён яшарди. Инчунин, XIX аср ўрталарида Хосе Эрнандес (1834-1886) куйлаган халқ қаҳрамони, бутун умрини Аргентинанинг бепоён даштларида ўтказган отлиқ чўпон — «гаучо ҳақида роман»лар машҳур эди. 1926 йилда ёзувчи Рикардо Гуиральдес (1876-1926) ўзининг «Дон Сегундо Сомбра» (1926) романида юксак маҳорат билан гаучонинг идеал портретини, аниқроғи — ёрқин қиёфасини тасвирлади. Ёзувчи Бенито Линч (1881-1951) 1910-20 йилларда ёзилган романларида гаучо ва авлодлари ҳаётининг ижтимоий муҳити ҳамда психологик қиёфасини тасвирлаб берди.
Француз романнависи Эмиль Золядан таъсирланган ёзувчи Мануэль Гальвес (1882-1951) ўзининг катта шов-шувга сабаб бўлган «Нача Ре- гулес» (1919) ва «Шаҳар атрофидаги харобалар тарихи» (1922) романларида шаҳарнинг қоронғи ва хилват туманларидаги «яширин ҳаётни аёвсиз фош этади». Мазкур романларда тасвирланган дунёнинг «сеҳрли таровати» машҳур бастакор Эваристо Карриего (1883-1912)нинг мусиқий асарларидаги танго садолари поэтикасига жуда яқин эди. Кишиларнинг ҳаёти ва ўлимини бошқарадиган илоҳий, ғайритабиий кучлар ҳақида ҳикоя қилувчи фалсафий қиссалар муаллифи Орасио Кирога (1879-1937) ижоди эса мутлақ бошқа руҳда ривожланди.
Борхес ва унинг маслакдошлари учун бундай хилма-хил йўналишдаги асарлар вазиятни тўғри баҳолаш, энг муҳими, ўз йўли ва оҳангини топишда, ўртадаги чегарани аниқ белгилаб олишда катта ёрдам берди. Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда 1920 йилларда «Флорида» ва «Боэдо» ижодий гуруҳлари шаклланди. Биринчи гуруҳ ўз номини шаҳарнинг бадавлат зодагонлари истиқомат қилувчи тумандан, иккинчиси эса — камбағаллар яшовчи даҳадан олган эди. «Флорида» гуруҳини Борхес атрофидаги шоирлар ташкил қилди; «Боэдо» гуруҳига эса асосан ёзувчилар тўпланган эди. «Флорида» аъзолари бир қадар шуҳрат қозониб, адабиёт аҳли эътиборини ўзига қаратишга муваффақ бўлишди. Борхес ва унинг сафдошлари 1924-27 йилларда нашр этган «Мартин Фьерро» журнали Аргентина маданиятида кўзга кўринарли ҳодисага айланиб, ўтмишга холисона эътибор туфайли тилга тушди. Бу ерда гаучолар оламига муносабат Линч ёки Гуиральдес асарларидаги романтик дунё талқинидан кескин фарқ қиларди. Борхеснинг ўз ижодида муайян бадиий замон ва макон, аниқроғи, танго поэзияси образлари, анъаналари билан суғорилган шеърларидаги ёрқинлик айнан шу билан изоҳланади. Бундай образлилик унинг «Эваристо Каррьего» (1930) тўпламига кирган шеърлардаги маиший икир-чикирлар, ғарибона ҳаёт тафсилотларидан кескин фарқ қилади.
Борхеснинг 1920 йилларда ёзган шеърларида танго мавзуси марказий ўрин эгаллайди. Уларда шаҳар атрофидаги хароба маҳаллалар, жазирама пайтида одамларга тўлиб кетадиган қаҳвахоналар, дам олувчиларнинг севимли эрмаги — патефонда мусиқа тинглаш ва рақсга тушиш муайян вақтга боғлиқ бўлмаган рамзий маъно касб этади. Булар — ёзувчининг келажакдаги фалсафий фикрлари, бадиий тафаккури учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди, десак янглишмаган бўламиз. Адолатсизлик ва зулмга қарши чиқиш, ўлимни очиқ юз билан кутиб олишга тайёр довюрак гаучо образи ва унинг «авлоди» бўлмиш — шаҳар четидаги харобаларда туғилиб ўсган «ошна»си насроний черков тан олмайдиган китобларда тасвирланган аждодларга хос хотиржамлик ва эҳтиросини ўзида мужассам этганлигини Борхес, кейинчалик, «Танго тарихи» (1952) эссесида эътироф этган эди. Адиб, фикрини давом эттириб, «биз бу дунёга яқинлашгудек бўлсак, қачонлардир йўқотиб қўйган ўтмишимизни қайта топиб оламиз», деб таъкидлайди. Масалан, «Жануб» (1953) ҳикоясида тасвирланган китобсевар Дальман ё алаҳсираб, ё кимнингдир сеҳр-жоду иродаси туфайли ўз уйини ташлаб, қандайдир  «бошқа ҳаёт», яъни овлоқда, номаълум темир йўл бекатида, ўтган аср либосидаги гаучолар ёнига тушиб қолади ва шу тариқа ўтмишни ўз кўзи билан кўради. Журъатсиз Дальман олдига танлаш зарурати қўйилади: яъни у яккама-якка курашишга «даъват» қилинади. Дальман чангда ётган дудама ханжарни кўтариши ёки айни пайтдаги кескин вазият ўнгида эмас, хаёлида кечаётганлигини англаб, фикр ортига «бекиниб олиши» мумкин. Дальман беҳаловат уйқу «мантиғи»га итоаткорона бўйсунади ва ханжарни кўтаради. Шу тариқа унинг олдинги ҳаётида устувор бўлган «мутлақо бошқа» мантиқ йўққа чиқади. Муқаррар ўлим олдидан у «бегона» — бир вақтнинг ўзида романтик ва қаҳрамонона — ўтмиш қандайлигини ҳис этиб кўради. Бироқ ҳикоянинг «тантанавор» хотимаси ўқувчини чалғитмаслиги, икки ёқлама тушунишга йўл қўймайдиган тарзда ўқилиши лозим. Эҳтимол, Дальман қалбида осмонўпар тоғлар ва бепоён ям-яшил даштликлар макони — бағри кенг Аргентинада туғилиб ўсган алпқомат гаучонинг «ирсий хотира»си уйғонгандир. Балки кутубхоначи Дальман, китоб шайдоси Дальман, ҳаётни китоблардан ўрганган Дальман, фанога абадий ғарқ бўлишдан олдин, жонидан ортиқ севган китоблардаги хаёлий дунёга «қайтгандир».
Нима бўлганда ҳам, бадиий тўқима, Борхес наздида, сеҳрли кучга эгадир. Тасаввур кучи бутун бошли мамлакат, кейинчалик бутун бошли сайёра («Хаёллар», 1944) тўпламидаги «Тлён, Укбар ва Учинчи олам» (новелласи) ни вужудга келтиради, десак аниқроқ бўлади. Бадиий тўқимадан ранглари уйғун, товушлари оҳангдош, хушманзарали, ҳар томонлама қулай ва гўзал дунёнинг пайдо бўлиши – бу кундалик ҳаётга қарши чиқишнинг утопик шаклидир. Аммо бу бир вақтнинг ўзида антиутопия ҳамдир, негаки, бадиий тўқима реал ҳаётимизга ёриб кириб, уни ўзига тўлиқ бўйсундиради. Новелла сўнгида ровий Тлён сайёраси реаллигидан бошқа бадиий тўқима — ўзи яратган китоблар оламига «яшириниш»га мажбур бўлади. Бир-бирига қарама-қарши қўйилган бадиий маконлар ҳақида бундай тасаввур Борхес томонидан имкон қадар мураккаблаштирилган. Новелла кўп нарса ҳақида оғиз очмасдан ўқувчини алдай оладиган ровий маҳорати ҳақидаги суҳбат билан бошланиши бежиз эмас, албатта. Новеллани ўқиганимизда, икки, гоҳида бир нечта маънога эга бўлиш, ноаниқлик, ўй-фикрларни ниқоблар остида яшириш Борхеснинг бадиий тамойили эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. Ахир дунё ҳақида ростакам сўзлаб бериш, уни сўз билан ифодалаш, қолаверса, дунё ҳақидаги ҳикояга нуқта қўйиш, ёзувчи фикрича, мумкин эмас. Зеро, ёзувчи персонажлари ҳаётнинг ҳар томонлама пухта ўйланган, таърифи аниқ формуласини яратиш, қолаверса, мукаммалликка эришиш, ўз тақдирини олдиндан билишга интилиш, Курраи заминнинг «кутубхонаси»да керакли «китоб»ни топиш илинжида умр кечириш хусусиятига эга.
Дарҳақиқат, оламни ўзига хос тизим сифатида англаш, табиат сирларини, ҳаётнинг қадрини билиб олиш учун китобларни қайта-қайта ўқиш ақлдан оздиради. Масалан, «Қум китоби» (1975) новелласи қаҳрамони, китоблар китоби саналмиш сеҳрли китобни қўлида маҳкам ушлаб, ундан кўзини узмас экан, бу «ҳақиқат» сирини англай бошлайди. Бир вақтнинг ўзида тушунадики, Ҳаётнинг универсал рамзига яқинлашиш ақлдан айиради, пировардида телбаликка олиб келади. Билимнинг керагидан ортиқчалиги «Мен», яъни инсоннинг руҳий марказини ич-ичдан емиради,уни ҳалокат ёқасига олиб келади, чунки инсон чексизликка жон-жаҳди  билан интилади, уни ҳам, унинг ортида нима жойлашганлигини ҳам билиб олишга ҳаракат қилади. Ақлдан озишига сал қолган қаҳрамон жаҳаннамнинг шамоли уфуриб турган китобдан қутулади.
«Фунес, Хотира мўъжизаси» (1942) номли новеллада зотли айғирдан йиқилиб оғир жароҳат олган йигит ҳақида ҳикоя қилинади. Ўқувчини таажжубга соладиган новелла қаҳрамони, бедаво дардга чалиниб, ўз атрофида, бевосита содир бўлаётган унга тааллуқли воқеаларни майда тафсилотигача эслаб қолади. Фунес узоқ вақт юролмай уйда ўтиради ва атрофдаги одамлар назаридан қолиб кетади, шу сабабдан ўтган кун воқеа-ҳодисаларини эслаш, китобларни ўқиб билим олиш билан ўзини овутади. Бироқ хотирасида муҳрланиб қолган воқеа-ҳодисалар кутилмаганда уни қийнай бошлайди. Абсолют хотира юкини кўтара олмай,унинг азобига чидай олмай у ақлдан озади. Борхес дунёқарашига хос бўлган ушбу новеллада реаллик фантастика оламининг «реаллиги» билан қоришиб кетади.
Билъакс, «Алеф» (1949) новелласи қаҳрамони замонлар ва маконлар кесишган нуқтасини топиб олади. Алеф – бу дунё қулфининг калит солинадиган тешиги, яъники дунёдаги жами мавжуд воқеа, ҳодисаларнинг кесишган нуқтасидир. Алефни англаб бўлмайди, сўзлаб бўлмайди, аммо у мавжуд… Сеҳрли Алеф баҳридан ўтаркан, қаҳрамон ижодий илҳом манбаидан ҳам юз ўгиради. Ҳикояни сўзлаб бераётганда ровийнинг шундоқ сезилиб турган самимиятсизлиги, гапни хаспўшлаши, воқеаларни қисқача тасвирлаб бериши ўқувчини тагмаъно, қўшимча мазмунни ахтаришга мажбур этади. Новелла батафсиллик билан тасвирланган қаҳрамон Карлос Архентиносдан очиқдан-очиқ нафратланиш, натижада, унинг ижодий услубини қабул қилмасликка ундайди, яъни ровий атроф-муҳит,ҳайвонот ва наботот оламининг «Алефчасига» каталогини тузишни истамайди. Бироқ асосий масала бунда эмас. Мутлақ билим ва хотирадан қочиш мавзуси орқали («Фунес, Хотира мўъжизаси») ровий, яъни бош қаҳрамоннинг яна бир муҳим жиҳати – севикли аёли Беатрис хиёнатини тан олишни хоҳламаслиги ҳам моҳирона очиб берилади.
Alter ego — бу Зигмунд Фрейд кашф этган ҳодиса, тахаллус ёки бошқа ном ортида яширинган лирик қаҳрамон, қолаверса, бадиий образ ҳам бўлиши мумкин. Бу атама адабиётда, ўзаро ёки бевосита муаллиф билан чамбарчас боғлиқ персонажларни тасвирлаш жараёнида кенг қўлланади. Борхес ҳам кўп ҳолларда ўзининг alter ego (лот. — «бошқа Мен»), яъни инсоннинг реал ёки ўйлаб чиқарилган муқобил шахси орқали фикр юртишни афзал кўради. Бу эса адибнинг шахсий тавба-тазарру, кўнглидаги гапни очиқчасига айтиш шаклини англатади ва ўз ўрнида, у бадиий тўқимани янада мураккаблаштирувчи услуб эканлиги намоён бўлади.
Умри давомида қийнаб келган кўз ожизлиги, кутубхонадаги жонидан ортиқ яхши кўрган иши, бахтли онлар, яъни Европага уюштирилган саёҳатлар ва у ердаги қайноқ, сермазмун ҳаёт, бир нечта ҳаммуаллифлар билан ишлаш ва содиқ дўстлар даврасида кун ўтказиш — буларнинг ҳаммаси Борхеснинг ҳикоя қилиш услубини расмий ҳужжатлар қолипига солишга хизмат қилган эди. Айнан ушбу ўзига хос услубда инсон ҳаётига фантастика, аниқроғи, реаллик ичига нореал тасвирнинг ёриб кириши ўқувчини ҳайратга солса ажаб эмас. «Ҳужжатларга асосланган» услуб воқеага, ишга алоқадор бадиий тафсилотлар билан тўлдирилади, бойитилади. Шоирона қилиб айтганда, қоронғилик чулғаб олган ҳашаматли хонадаги жавонда турган биллур идишлар, кумуш буюмлар, деворда осиғлик суратлар, тартиб билан терилган китоблар чақмоқ ёруғида кўрингандек туюлади. Ёки дераза ёнида турган қаҳрамоннинг юзида маъюслик бор, яъни у ўлим жазосига адолатсиз ҳукм этилганлигидан кўзлари ёшга тўлгандек кўринади. Ёки пештоқ устунлари пушти рангга бўялган, сербар пешайвонига мармар тошлар қўйилган, баланд деразалари ой нурида ялтираб турган уйни ўраб олган боғдаги хиёбонларда увиллаб эсаётган шамолда, эман дарахтларининг шитирлашида арвоҳлар гапиргандек туюлади. Бу уй қаҳрамонники, лекин у остонага етолмай ҳалак. Бундай тафсилотлар Борхес асарларида ўзига хос маъно касб этади. Бу зинҳор кундалик ҳаётни, маиший икир-чикирларни тасвирлаш, бир сўз билан айтганда, баёнчилик эмас. Сўзнинг том маъносида, бу халқнинг турмуши, моддий ва маънавий маданиятини намоён этувчи бадиий тафсилотлар ҳам эмас. Ўқувчи кўз ўнгида муаллифнинг субъектив мушоҳадаси, ҳаётни шоирона ҳис этиши томон кенг йўл очиларкан, у асарнинг фалсафий мазмуни юксак бадиий парвозга яқинлашаётганини англаб боради.
Борхес учун маънавий-ахлоқий меъёрлар, инсоннинг ҳис-туйғу ва руҳий кечинмалари эмас, балки қаҳрамонларининг Курраи заминдаги қандайдир бир сирли, «сеҳрлаб, ўз оғушига олувчи» замон ва макон билан тўқнашуви муҳимдир. Ушбу сирли ва сеҳрли замон ва маконнинг жумбоғи (айнан ўхшашлик ёки кескин фарқ, қиёс ва тафовут)ни ечиш — Борхес ижодининг асосий мавзусидир. Лекин ечимларнинг универсал калити (шифри) осонликча очилмайди. Адиб яратган аксар ҳикояларнинг хотимасидаги оҳанг ўзгаришлари айнан шундан келиб чиққан. Бамайлихотир файласуфларча фикр юритиш, фалсафий фалакларда парвоз этиш қўққисдан ровийнинг «бедаво дарди ва ҳаддан толиққанлиги» ёки қаҳрамоннинг «мусибатга йўлиққанлиги ва бахтиқаролиги»ни эслатиш билан алмаштирилганлигини кузатамиз.
Аммо, пировардида, ушбу якунловчи қисмлар коинотдаги ўзга оламни барпо этувчи (Тлён сайёраси, Укбар мамлакати) ёки Ердаги ўзга олам моделини яратувчи («Тармоқланган сўқмоқлар боғи») онг куч-қудратига  бас келолмайди. Субъективлик, кенг тасаввур, ҳаёт ҳақиқатини билиб олишга интилувчан ақл-идрокнинг уйғунлиги, бир-бирига чамбарчас боғланганлиги, Борхес фикрича, бир вақтнинг ўзида, улкан кучга эга ва шу билан бирга, осонгина енгилиши мумкин. Бу уйғунлик инсонни реалликдан узоқлаштириб, хаёлий воқеликдан осмонга кўтариб, яна ҳақиқий ҳаётга қайтаради, бироқ муқаррар ўлимдан қутқара олмайди. Лекин у жон бериш, нариги дунёга рихлат қилиш пайтини, ушбу бир зумда ўтиб кетувчи лаҳзани Худо яратган оламнинг бир таркибий қисмидек англаш учун имконият яратади. Масалан, «Тармоқланган сўқмоқлар боғи» (1941) новелласидаги гўзал боғни эккан, кунни тунга улаб уни парваришлаган, қолаверса, унга бутун ҳаётини бағишлаган Боғбон ва унинг авлоди — кейинги Боғбон ҳамма нарсаларни олдиндан сезиш, ҳаттоки тақдирларидаги шодон ва қувноқ ёки қайғули-ҳасратли кунларини ҳам башорат қилишдек «сеҳрли кароматга» эгадирлар (Мазкур ҳикоя «Жаҳон адабиёти» журналида (2009) М.Маҳмудов ва А.Абдуқодиров таржимасида босилган).
«Сирли мўъжиза» (1943) новелласи қаҳрамони — Яромир Хладик исмли шоир бешафқат тақдир билан талашиб-тортишиб бошлаб қўйган драмасини якунлаш учун муҳлат олади. У яҳудийлар қирғини пайтида фашистлар отган ўқдан яраланган, ўлим олдида асарига сайқал бераркан, қуёш нурлари остида бахтиёр ҳаётга эришгандек бўлади. Шоирнинг ҳаётдан мамнунлик ҳиссини уйғотувчи ижодий фаолиятини ўзгалар эътироф этмаслиги Борхес учун унчалик муҳим эмас. Шоир драма байтларини хаёлида, тасаввурида тўқир экан, уларни оқ қоғозга  кўчириш ҳақида ўйламайди, негаки у қуёш нурларини тўсиб қўйган, унинг иссиғини ўтказмайдиган баланд зах девор олдида отиб ташланишини кутиб турибди. Умрининг мазмунига айланган драмасини охиригача етказиш учун вақт тўхтаб туради, яъни шамнинг милтираб турган оловидек ўчиб ёнувчи онгидаги вақт тўхтайди. Айни пайтда эса баланд деворлар ортида жўшқин ҳаёт қайнайди, бир сония бўлсин тўхтамайди. Ижод сеҳри, шу тариқа, алоҳида олинган шахс учунгина теран маънога эгадир. Шунга қарамасдан, истеъдодли ижодкор тафаккуридаги тўқима унинг шахсий вақти, аниқроғи, муайян замон ва маконда унга ўлчаб берилган вақт чегарасидан ўтиши мумкин. Мисол тариқасида «Хоин ва қаҳрамон мавзуси» (1944) ҳикоясида тасвирланган ирландиялик Килпатрикнинг қисматини — кечмиш-кечирмишларини келажак авлодга етказишни унинг содиқ дўсти ўз зиммасига олади ва буни бажаради. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, бош қаҳрамоннинг набираси бўлмиш Райен, машҳур бобоси ҳақидаги асарни ўқир экан, беихтиёр унинг хиёнатини ўзи ҳам такрорлайди.
Мазкур конструкция, ёки бошқача қилиб айтганда, мавзунинг ўзига хос тарзда ечилиши Борхес ижодида қандайдир бир парадоксал, яъни мантиққа зид кўринишда намоён бўлади. Ҳаётдаги ҳодисаларнинг даврийлиги, яъни ўзига хос даврни ҳосил қилиши, хоинона ҳаракат ва қаҳрамонликнинг муқаррар равишда такрорланиши, бир қарашда, Тақдир гардиши айланиб, яна жойига қайтишини англатади, яъни инсон ҳаётда ниманики режалаштирса, унинг ҳаммаси беҳуда. Худди тунда юлдуз учиб, осмон қаърида сўнгандек. Бироқ инсон бунга ҳеч қачон кўнмайди, муқаррар ўлим олдида бўй-басти билан мағрур тураверади. Фалак гардишининг тўхтовсиз айланиши, ҳаётнинг кўз очиб юмгунча ўтиб кетаётганлиги, тақдир эврилишлари инсон иродасини буколмайди. Негаки, ўша такрорланиш нуқтасидан келажакнинг сон-саноқсиз вариантлари худди дарахтнинг шох-бутоқлари каби ўсиб, тармоқлаб кетади. «Тармоқланган сўқмоқлар боғи» новелласининг қаҳрамони: «Айнан ҳозир, айнан шу он олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган тақдир, келажак мавҳумлиги олдида юракка ғулғула солувчи ҳис-туйғуни туғдиради», дея иқрор бўлади.
«Хоин ва қаҳрамон мавзуси», новелла қаҳрамони ҳардамхаёл Райеннинг«узоқ ўйланиб, тараддуд кўриши», бир қарорга келиши, тўлиқ англаган ҳолда ўз хоинона хатти-ҳаракатини аждоди Килпатрикнинг олдиндан режалаштирган сценарийсида бажарадиган ролига қора сиёҳ билан ёзиб қўйилгандек рўй беради.

Адиб ижодида Курраи замин ва Тарих кутубхона ёки китобга қиёсланади. Ушбу билим макони бўлмиш кутубхона ёки билим тажассуми бўлмиш китоб образи вазиятга қараб ўзгаради, яъни китоб хотимаси силлиққина  муқаддимасига ўтиб кетади ёки сон-саноқсиз қўшимча сюжетларни туғдиради ёхуд китобхон кўз ўнгида «Қум китоби»га айланади; уни икки марта бир жойда очиб бўлмайди, уни ҳар сафар янги-янги саҳифадан
ўқишга мажбур бўлаверасан киши. Адиб асарларини ўқирканмиз, беихтиёр муқаддас китобларни эслаймиз. Қуёш нурга тўлдирган бу дунёда ҳеч нарса янги эмас, ҳар қандай сўз эса бир вақтлар ёзилган матндан олинган бир зарра, холос («Алеф» тўпламига кирувчи «Художўйлар» (1949) новелласи). Шундай экан, ижод қилишга нима ундайди, ижодий илҳом қаердан келади, ижодий куч-шижоат нима сабабдан битмас-туганмас чашмага ўхшайди?
Борхеснинг бу саволга жавоби сўзга бўлган ишонч билан тўйинтирилган. Унинг ишончи комил, битта матнни ҳар сафар бир оҳангда ўқиш мумкин эмас, қолаверса, бир матнни икки марта ёзишнинг ҳам имкони йўқ. Бошқа замонларда бошқа одам томонидан, сўзма-сўз қилиб такрорланган бўлса ҳам майли, барибир матн бошқа бўлади. Янада аниқроқ қилиб айтганда, такрорланишлар бетакрор — Борхеснинг универсал парадокси, мантиққа, соғлом ақлга зид асарларининг бош мавзуси ана шундан иборат.
Бир-бирига сира ўхшамас, гоҳида зид, гоҳида яқин маданиятларга хос теран фалсафий мушоҳадалар, шубҳа туғдирмайдиган далилларни ипга маржон тизгандек тизган ёзувчининг ёрқин истеъдоди, билимдонлиги ақл-заковат бобида ундан ҳеч ҳам қолишмайдиган китобхонларни тақозо этади. Номлар ва парчалар, исмлар ва лавҳалар — ёзувчининг асосий материали, унинг бадиий тили, у яратган тизимнинг белгиларидир. Инсоннинг деярли барча хатти-ҳаракатлари, аниқроғи, яхши ва ёмон қилмишлари, адашув ва шубҳаланишлари, ғалаба ва мағлубиятлари Борхес томонидан қачонлардир ёзилган матндан парчалар келтиришдек акс этади, қачонлардир айтилган сўзларни ўзгача такрорлаш ёхуд субъектив тарзда талқин қилишдек туюлади. Ҳар хил босқичларда ўша-ўша яккаю ягона сўзни «тушуниш, маъносини англаш учун пинҳон шаклни намоён этиш ёки, аксинча, хаспўшлаш мумкин…
Антик даврнинг буюк шоири Ҳомер ўзининг «Илиада» ва «Одиссея»сини не-не машаққатлар билан ёзди, лекин Курраи заминнинг бепоён дашту саҳроларида, беўлчов замон ва маконда кунлардан бир кун келиб  яна бир марта «Одиссея»ни ёзишлари мумкин эмас» («Ўлмас» (1947) (Маҳкам Маҳмудов таржимаси ). Шу боисдан ҳам Борхеснинг бадиий оламида яшовчи персонажлар, «Одиссея»ни ким ёзганини тагига етишга интилар экан, китобхон ҳукмига ўзаро суриштирув жараёнида аниқланган сон-саноқсиз иқтибос ва изоҳларни тақдим этадилар. Борхес учун бундай изланишларнинг натижаси катта аҳамиятга эга эмас,унга жараённинг ўзи, яъни интеллектуал баҳс-мунозара, ақлни ишга солиб жумбоқни ечиш жараёни муҳимдир. Айрим тадқиқотчилар Борхес асарларида гапнинг мураккаб тузилиши, бошқа матнларга ҳавола қилиш ёки уларни ўзгача талқин этиш, иқтибос, мажозий маъно ва ўхшатмалар, конкрет ва мавҳум тушунчаларнинг кесишган нуқталари, умумлашмалар кўплиги худди кенг ёйилган матодаги моҳирона ишланган нақшларга ўхшайди, деб таъкидлайдилар. Асарларда теран англа- наётган ҳақиқатнинг чек-поёни йўқ. Ҳар бир асарнинг мазмун-моҳиятига ўша асарнинг акси — «антикитоб»да қарши чиқилади ва қизғин баҳсда тўғрилиги ёки нотўғрилиги исботланади. Яширинча ёки ошкора истеҳзо билан мийиғида кулиб қўяркан, адиб ушбу «антикитоб»ларни қалаштириб ташлайди, бирма-бир териб қўяди; ҳеч иккиланмасдан ўзининг бошқа ҳикояларида тасвирлаган персонажларига, илмий ва бадиий матнларига ҳавола қилади, улардан бутун бошли бобларни келтиришдан ҳам тоймайди, уларни юз марта тўғриланган парча ва иқтибослар тагмаъносига устамонлик билан жойлаштиради.
Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратайлик. Борхес ижодида китоб образи, аниқроғи, бадиий тафсилотга катта жой ажратилади. Худди шундай ролни унинг бошқа машҳур рамзлари — кўзгу ва лабиринтлар ўйнайди. Бу тасодифий ҳол эмас. Асарларини ўқирканмиз, «инъикос», «вариантлар кўплиги» адибнинг бадиий ижод фалсафасидаги асосий категориялар эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. Жўшқин ва серқирра ҳаёт, объектив воқелик — бутун борлиқнинг мураккаб усулидек намоён бўлади. Яъни «Тармоқланган сўқмоқлар боғи» новелласида Курраи замин чексизлиги ғояси мужассамлантирилиб, ўрта асрларда хитойлик донишманд Цюй-Пен йўлаклари беҳисоб лабиринтга ўхшатиб ёзган («Қизил қасрдаги туш») романида ҳам, ХХ асрда боғбон яратган сўқмоқлари айри боғда ҳам ўз ифодасини топади. «Художўйлар» новелласида лабиринт нафақат тузоққа, балки ҳақиқат ортидан қувиш метафорасига айланади. «Тлён, Укбар, Учинчи сайёра» новелласи персонажларидан бири: «Кўзгулар бор нарсани кўпайтириб кўрсатади», деб таъкидлайди. Инсон хаёлати ҳам кўзгуга ўхшайди, чунки фантазия, Борхес наздида, оламларни кўпайтиради, сеҳрли яратувчанлик кучига эга бўлади. У яратган асарларнинг кучи, «сирли реализми» бундай нуқталарда ёниқ нурга айланиб кўринади. Уларнинг кучи, барҳаётлиги шунда.

Дарвоқе…
Хорхе Луис Борхес Оскар Уайльднинг “Бахтли шаҳзода” эртагини инглиз тилидан таржима қилганида ўн ёшли болакай эди.

Манба: «Жаҳон адабиёти» журнали,2012 йил, июль

07

(Tashriflar: umumiy 97, bugungi 1)

Izoh qoldiring