Nazar Eshonqul. «Chizgilar» turkumidan: Jeyms Joys.

joyic
 Бундан роппа-роса 72 йил аввал 1941 йилнинг 13 январида атоқли адиб Жеймс Жойснинг ҳаёт шамчироғи ўчган эди. Аммо, ўтган вақт адибнинг жаҳон адабиётига бўлган таъсири сўнмаганини кўрсатди. Бу таъсирни замонавий ўзбек прозасида ҳам кўришимиз мумкин. Уни энг аввало янги,ноанъанавий тарзда ижод қилаётган 2-3 адиб ижодида кўзга ташланаётганини сезиш мумкин. Бу таъсир «оммавий»  тус олмаслигининг сабаби бор. Асарни ўзбек тилига таржима қилган Иброҳим Ғофуров ёзганидек, ««Улисс» каби романларни оммавий суратда қабул қилиш қийин. Бу асар оммага мўлжалланмаган ва унга қаратилмаган. Жеймс Жойс бу асарини Европа ва Америка интеллектуаллари, ақлий, илмий ўсишларида анча илгарилаб кетган Фрейд, Юнг, Эзра Пауид, Эллиот сингари ўзига тенг даражада турган замондошларини мўлжаллаб ёзган, уларнинг тушунишлари, акс-садо беришлари, баҳс-мунозараларини назарда тутган. ХХ асрнинг йигирманчи йиллари бошланишидаёқ журналда босилиб чиқа бошлаган бу асарни тушуниш қийин деб бутун дунёда тан олинган. Лекин бу асарни тушуниб бўлмайди дегани эмас, асло. Фақат «Минг бир кеча»ни ўқиш билан «Улисс»ни ўқишнинг фарқи бор. «Улисс»ни ўқиш бу қаттиқ меҳнатни талаб қилади. Узлуксиз бош қотиришга, бутун диққат-эътиборни шу асарга қаратишга, унинг ранг-баранг оламлари ичида яшашга тўғри келади. Унинг ичига чуқурроқ кириб борганингиз сари адабиётимиз билан ўхшаш томонларни ҳис қилиб бораверасиз…»
Бугун сизга ушбу адиб ва унинг романи ҳақида истеъдодли ўзбек адиби Назар Эшонқулнинг фикрмулоҳазаларини тақдим этамиз.

666

Назар Эшонкул
ЖЕЙМС ЖОЙС

«Модерн адабиётнинг бош китоби бўлмиш «Улисс» (ўзбекчада «Улисснинг саргузаштлари») романи журнал вариантида («Жаҳон адабиёти» 2008. №4–9) ниҳоят, ўзбек тилида ҳам нашр этилди. Гап шундаки, кўлами ва салмоғи жиҳатидан ХХ асрнинг энг йирик ва энг шов-шувли асари ҳисобланган, бутун Ғарб маданиятини ларзага келтирган «Улисс» дунёнинг қайси тилига таржима қилинмасин, ўзига хос миллий ҳодиса сифатида эътироф этиладиган асарлар сирасига киради. Бу асар таржимаси ҳар қандай тилни синовдан ўтказади, унинг қудратини кўрсатади, имкониятларини кенгайтиради. Таржима учун таниқли таржимон Иброҳим
Ғафуровнинг жасоратига алоҳида тасанно айтиш керак. Чунки «Улисс» ҳар ким ҳам таржима қиладиган ёки таржима қилишга жазм этадиган асар эмас. Бу асарни машҳур Виржиния Вульф «роман-энциклопедия» деган бўлса, бошқа бир тадиқиқотчи ундаги мавзулар ва шарҳлар қамровини бутун бошли илмий текшириш институтига тенглаштирганди.
Асар изоҳларининг ўзи таржимондан адабиёт, тарих, мусиқа, санъат ҳақида чуқур билимни талаб қиларди. Бошқа адиблар ва таржимонларнинг бу асар таржимасига қўл ургани ҳақида ҳар хил гаплар юрарди. Аммо ўша пайтдаёқ бу асар таржимасини фақат И.Ғафуров эплаши ҳақидаги эътирофлар ўзини оқлади. Шунинг учун асар таржимаси билан ўзбек адабиётини қутлаш керак.
Мен бугун таржиманинг хусусиятлари ҳақида гапирмоқчи эмасман. Ҳали бу ҳақда кўп ва хўп гапирилади. Йигирма йил олдин бу асарни русчадан ҳижжалаб ўқиганимда пайдо бўлган тассуротлар ўзбекча таржимасини ўқиётиб яна қайта уйғонди. Аввало, Иброҳим ака асарнинг услубини ва тилини билганини, Жойснинг стихиясини тўғри англаганини, асарнинг моҳиятини тушунганини алоҳида таъкидлаш керак. Асарнинг тили шу даражада оғир ва тийиқсизки, жумлаларда баъзан нима ҳақда гап кетаётганини англаш қийин. «Улисс» ҳамма ҳам ўқийверадиган, ҳамма ҳам ҳафсала қилаверадиган асар. Ўқилиши, ҳазм қилиниши жуда оғир асар ҳисобланади. Шу сабабли ўз адабиётимизда ҳам, бошқа адабиётларда ҳам унга етарлича тошлар отилган, мағзавага беланган. Аммо барибир ҳали- ҳануз бу асар сўнгги юз йилликнинг энг яхши ва энг забардаст романи сифатида эътироф
этиб келиняпти.
Роман Гомернинг «Одиссуй» достони билан тузилишига кўра ва сюжет йўналишига биноан ўхшаш. Аслида Жойс бу асарида 20 асрнинг ўзига хос «Одиссияси»ни – мифини яратишни мақсад қилиб олган ва асар ичидаги воқеалар антик мифнинг сюжетига тўлиқ
бўйсундирилган. Қадим достоннинг макон ва замони битта шаҳарнинг бир кеча-кундузлик маконига ва замонига айлантирилган. 18 та бобдан иборат асарнинг ҳар бир воқеасига қадим «Одиссуй» достонининг қайсидир йўналиши асос қилиб олинади. Блум – бу Одиссей, Стивент эса Телемак, Молли Блум Пенелопа ва ҳ.к. тарзда антик достон бобларига қолиплаштирилган. Шу сабабли асар тўла маънода миф-роман деб аталади.
Жойс ХХ аср Ғарб маънавий дунёсини тадқиқ қилиш учун атайлаб ана шу қадим қолипни танлайди. Бунда иккита урғу бор: антик одамнинг орзу, умиди ва яшаш тарзи, ҳаётдан мақсади Жойс замондошлари ҳаёти ва орзулари билан солиштирилади. Асарни ўқиганингиз сайин сиз бунга гувоҳ бўлиб борасиз ва Гомер қаҳрамонлари нимани улуғлаб яшаган ва бугунги дунё одамлари нимани улуғлаяпти, нимага эътиқод қиляпти, инсоният нимани топди, нимани бой берди, муҳаббат, эътиқод, садоқат, ватанпарварлик қандай тушуниляпти? Умуман, мифлар давридан буён инсоннинг онгу шуури ўсдими, мифлар даврида одамзодни қийнаган муаммолар ХХ асрда ҳал бўлдими?
Асарда ХХ аср бошидаги Ирландия ҳаёти қаламга олинган. Ёзувчи нигоҳи бу ҳаётнинг икир-чикирларигача, ҳатто одам товуш чиқариб айтишга уяладиган кечинмаларгача кириб боради. Жойснинг усули ана шунга имкон беради. Бу усулда «сен», «мен», «у» ўртасида ифода қилиш, баён чегараси бузилиб кетади, гўё асарда қайси шахс ҳикоя қилаётганини, қайси шахс ровий, қайси шахс қаҳрамон, англаб олиш анча мушкул. Набоков бу асарни қалб ё ҳиссиёт билан эмас, мия билан ўқиш керак деб айтганда юз карра ҳақ эди. Асар кутилмаган бадиий услублар, приёмлар ва тимсолларга, ғоя ва ҳикматларга, ташбеҳу истилоҳларга шунчалик
бойки, бошқа бундай романни топиш қийин. Блум ҳақида ҳикоя қилаётиб, бирдан «мен»га, кейин «сен», «у» шахсига осонгина ўтиб кетилади, сизни асар жозибаси ва шуури қамраб олади. Аста-секин асар ичига кирганингиз сайин миф билан воқелик, ҳаёт билан хаёлнинг, ровий билан қаҳрамон орасидаги чегара йўқолади.
Адибнинг инсон туйғулари ва майлларини худди кўзгудагидек аниқ акс эттириш усули барибир одамни ҳайратга солади. Бу усул биринчи марта Жойснинг ушбу романида ўзини тўла оқлади. Илгари насрчиликда баён шахснинг фақат биттаси тилидан ёки нуқтаи
назаридан ҳикоя қилинарди. Бу асарда бир қаҳрамоннинг ўзида учта шахс ифодаси ёнма-ён кетаверади. Мазкур усул шунчаки зўраки тарзда сингдирилмаган. Асарни ўқиётганингизда бу нотабиий туюлмайди. Бу ифода усули Ғарб адабиётидаги «поток
сознания»- «онг ости кечинмалари»ни кенг ва чуқур акс эттириш имконини беради. Бошқа бир томондан, Жойсда тушунарсиз, маъноси йўқ жумлалар жуда кўп. Газетадаги хабар каби расмий ва қуруқ тилдаги лавҳалар ҳам тез-тез учрайди. Баъзида шеърга ўхшаш сажлар келиб қолади, баъзида тиниш бегиларга бўйсунмаган гаплар тузилиб қолади. Буларнинг ҳаммаси маълум мақсад билан асарга киритилган. Бу инсон ҳаётининг бизга маълум бўлмаган ички дунёси ифодаларидир. Жойс асарда ўзи ифода этаётган турли қаҳрамонларнинг ички дунёси шундай тушунарсиз ҳиссиётлар қоришиғидан иборат, бу кечинмаларнинг кўпини ўша кишининг ўзи ҳам билмайди, нималигини сезмайди, аммо бу кечинмалар – онг ости оқими инсонни таҳлил қилиш учун энг муҳим майллар бўлиб қолаверади деб таъкидлайди. Аслида ҳам шундай.
Бугунги инсон ботини уйига ва ватанига қайтишни ният қилиб, шу йўлда улуғвор саргузаштларни бошдан кечирган антик Одиссейдан тубдан фарқ қилади. Асарда вақт, замон, давр ўз моҳиятини йўқотади. Воқеа инсониятнинг ўтмишида ҳам, ҳозирида ҳам, келажагида ҳам содир бўладигандек туюлади. Буюк Одиссейнинг Троя жангидан уйга қайтиши билан Мартин Блумнинг фоҳишахонадан уйга қайтиши истеҳзо тарзида қиёс қилиб олинган. Одиссия қанча саргузаштларни бошдан кечирган бўлса, Блумнинг бир куни ҳам шунча саргузаштларга – ички, ботиннинг фош этилган саргузаштларига тўла.
«Улисс» романининг «Одессей» билан композицион тузилиши ва воқеалар ривожининг бир хиллигида иккита урғу бор: биринчи урғу антик одамнинг нияти, мақсади, орзу-умиди билан ХХ аср кишисининг орзу-умидини, қалбини ва ҳаётини қиёслаш.
Асарни ўқиган сайин кўз олдингизда мешчанларча яшашга ўрганган, юксак мақсаддан мосуво оломон пайдо бўлади. Блумлар, Стивенлар ХХ аср кишилари! Уларда юксак мақсаднинг ўзи йўқ, кураш ва қаҳрамонликдан асар ҳам йўқ. Улар қурт каби ўрмалаб умр кечирувчи бир тўда ҳашаротдирлар. Қадим қаҳрамон Оддессейдаги муҳаббат, эзгулик учун курашиш сўниб бўлган. Энди булар ақл ва жинсий шаҳватнинг бир гуруҳ қурбонларига айланган. Шу сабабли ҳам романдаги мураккаб тил, тушунарсиз жумлалар, бемақсад ишлатилган боблар жуда кўп. Бу одамлар на қалб, на ахлоқ, на эзгулик қоидаларига бўйсунадилар.

(Tashriflar: umumiy 67, bugungi 1)

Izoh qoldiring