Nikolay Gogol. Burun. Qissa

Ashampoo_Snap_2016.10.20_21h36m32s_002_.png     Улуғ рус ёзувчиси Н. В. Гоголнинг “Бурун” қиссаси (1836) ҳозирги адабий танқидчилик “фусункор реализм” дея атаётган ижодий усулга мансуб асардир. Унда қаламга олинган воқеалар, таажжубки, бир қарашда батамом ҳаётий, бир қарашда эса мутлақо хаёлий туюлади. Ҳар қандай юз-хотирни четга суриб айтганда, мазкур қисса фабулавий жиҳатдан чандон фазилатли ҳам эмасдек: Ковалёв деган ўртачароқ бир амалдорнинг юзидан бурни аввал қандай сирли ғойиб бўлса, баъзи саргузаштлар оша кейин яна худди шундай сирли тарзда пайдо бўлиб қолади. Анчайин латифабоп бир гап, тўғри эмасми? Унда нега қисса салкам икки юз йилдан буён китобхонни ҳаяжонга солиб келмоқда? Бунга сабаб – асарда турли табақа кишиларининг феъл-атвори бемисл аниқлик ва теранлик билан тасвирлаб берилганида. Фақат шугина эмас, бундай қиёфаларни бугун ҳам ҳар жойдан исталганча топиш мумкинлигида! Агар сўзимизни лофга йўйсангиз, майли, қиссани ўқинг-да, теваракка назар солинг – шундоқ ёнгинангизда уларни кўришингиз турган гап. Дарвоқе, Гоголгагина хос бўлган ҳалим истеҳзо бу қиёфаларни, бадиий-эстетик маънода, янаям жозибадор этиб юборган.

Машҳур “Ўлик жонлар” муаллифининг деярли барча асосий асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Аммо “Бурун” қиссасидек бадиий дурдона мутаржимлар эътиборидан четда қолиб келаётгани, рости, бизни таажжубга солар эди. Мана, ниҳоят, таржимон Фарҳод Файзийнинг журъати ва заҳмати билан асарнинг ўзбекча таржимаси дунё юзини кўрибди. Уни сиз, муҳтарам журналхонлар эътиборига ҳавола этар эканмиз, таржимада айрим хирароқ ўринлар учраса маъзур тутарсиз деб ишонамиз. Зеро, Гоголь каби даҳо санъаткорни ўзбекчада аслиятга монанд юксак пардада сўзлата олиш осон иш эмас.

Николай Гоголь
БУРУН
Фарҳод Файзий таржимаси
006

007Николай Василевич Гоголь [1809.20.3(1.4), Полтава губерняси, Миргород уезди — 1852.21.2 (4.3), Москва] — рус ёзувчиси. Рус адабиётида танқидий реализмга асос солган. Нежин гимназиясини тугатиб (1828), Петербургга келган. Рассомлик қилган, драма тўгаракларида фаол қатнашган, айрим юмористик ролларни ижро этиб, бадиий ижод билан ҳам шуғулланган. В. Алов тахаллуси билан ёзилган «Гантс Кюхелгартен» романтик достони (1829) салбий баҳолангач, чет элга кетган. Германиянинг Любек, Гамбург шаҳарларида бўлган. Петербургга қайтиб, давлат маҳкамаларида хизмат қилади. Маҳкамалардаги қоғозбозлик, сансалорлик каби иллатлар Гоголь учун бой мавзу бўлди («Петербург қиссалари, 1830). А.С. Пушкин билан учрашуви (1831) Гоголь ижодида бурилиш ясади. «Диканка қишлоғи оқшомлари» (1831—32) тўпламига кирган ҳикоя ва қиссалари («Сорочино ярмаркаси», «Даҳшатли қасос» ва б.) Гоголга шуҳрат келтирди. Бунда Малороссиядаги турмуш тарзи, одамлар онги, ахлоқи, халқнинг юморга бой афсоналари, урф-одатлари акс эттирилган. Гоголь Санкт-Петербург университети умумтарих кафедрасида профессор бўлиб ишлади (1834), бу унга тарих билан чуқурроқ танишиш имконини берди. «Миргород» («Иван Иванович билан Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш жанжаллар ҳикояти», «Вий» ва бошқа қиссалар) тўплами ҳамда «Арабескалар» («Нева шоҳ кўчаси», «Портрет», «Тентак мактублари» қиссалари) тўпламида (1835) шаҳар ҳаёти манзаралари «кўздан ёш чиққунча» кулги қўзғатадиган усулда тасвирланади. «Тарас Бульба» (1835) қиссаси украин халқининг чет эл босқинчиларига қарши курашига бағишланган. Гоголь 30-йиллар 1-ярмида «3-даражали Владимир» (тугалланмаган), «Уйланиш» (1842 йилда нашр этилди) комедиялари устида ишлади. «Ревизор» (1836) комедиясида Россиядаги мансабпарастлик, хазинани талон-торож қилиш, порахўрлик ва бошқа ҳажв остига олинган. Гогол ижодининг чўққиси бўлган «Ўлик жонлар» (1842) достон-романида Россиядаги ўша давр ҳаётига умумий тавсиф берилган.
Гогол ўз дунёқарашида содир бўлган ахлоқпарастлик гоялари таъсирида «Дўстлар билан ёзишмалардан танланган саҳифалар» (1847) асарини эълон қилади. Мазкур асар В. Г. Белинский томонидан танқидга учрайди («Н.В. Гоголга хат»).
Гоголнинг «Ревизор» (1935—52, Кибриё Қаҳҳорова ва Абдулла Қаҳҳор таржимаси), «Иван Иванович ва Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш жанжаллар ҳикояти» (1972, Н. Алимуҳамедов таржимаси), «Ўлик жонлар» (1959, Рустам Абдураҳмонов таржимаси) ва бошқа асарлари ўзбек тилида нашр этилган. «Ревизор», «Уйланиш» песалари Ўзбекистан театрлари саҳнасида қўйилган.

006

I

0 63a.jpgМарт ойининг йигирма бешинчи куни фавқулодда ғаройиб ҳодиса рўй берди. Вознесенск кўчасида яшовчи сартарош Иван Яковлевич (унинг фамилиясини бирор кимса билмасди, ҳатто сартарошхона эшигидаги юзига совун кўпиги суртилган жаноб тасвири туширилган ҳамда “ҳаром қондан халос этади” деган ёзув битилган тахта лавҳада ҳам ҳеч вақо кўрсатилмаган эди) одатдагидан барвақтроқ уйғондию димоғига иссиқ нон ҳиди урилди. Каравотидан сал қад ростлаб, рафиқаси – ўзига етгунча кайвони, яна денг роса кофийхўр хоним қип-қизил сўлқиллама нонларни печдан узаётганини кўрди.
– Прасковья Осиповна, мен бугун кофий ичмайман, – деди Иван Яковлевич, – унинг ўрнига иссиқ нонга пиёз қўшиб егим келяпти.
(Иван Яковлевич унисига ҳам, бунисига ҳам йўқ демасди-я, аммо бирваракай ҳар иккаласини сўрамоқ одобдан эмаслигини, зеро, Прасковья Осиповнанинг бунақа хурмача қилиқларга асло тоқати йўқлигини яхши биларди.) “Майли, бу аҳмоқ нон еб қўяқолсин, – деб ўйлади хотини, – ўзимга яхши – бир финжон кофий ёнга қолади”. У столга битта нон ташлаб кетди.
Иван Яковлевич, азбаройи сипогарчилик, кўйлак устидан фрак кийди, сўнг стол қошига келиб ўтирди-да, икки бош пиёзни арчиб туз сепди ва ҳафсала билан нон кесишга киришди. Уни иккига бўларкан, ўртасида бир нима оқариб турганини кўриб ҳайрон бўлди. Пичоқ билан секин кавлади, бармоқ учини теккизди. “Қаттиққина! – деди ўзича. – Нима бўлса экан-а бу?”
Кейин бармоғини тиқиб тортиб олди – бурун экан!.. Иван Яковлевич кўзларини ишқалаб, сер солиб қаради: бурун, буруннинг ўзгинаси! Боз устига, қайсидир танишининг бурни. Иван Яковлевичнинг юзини даҳшат аломати қоплади. Аммо бу даҳшат хотини кўтарган ваҳима олдида ҳеч гап бўлмай қолди.
– Бурунни қай гўрдан кесиб олдинг, ваҳший?! – деб қичқирди у жаҳлдан кўкариб. – Ярамас! Пиёниста! Сени ўзим полицияга топшираман. Қирчанғи ҳўкиз! Эшитдим, бир эмас, уч киши айтди менга, соқолини олаётганингда бурнидан чангаллаб тортқилашингга мижозларинг аранг чидар экан.
Бироқ Иван Яковлевич серрайиб қолган эди. У билди, бу – ҳар чоршанба ва якшанба кунлари соқол олдирадиган коллеж асессори Ковалёвнинг бурни.
– Сабр қил, Прасковья Осиповна! Буни латтага ўраб бир чеккага қўйиб қўяй, шу ерда туратурсин, кейин олиб кетаман.
– Бўлмағур гапни йиғиштир! Бир камим уйда кесилган бурунни сақлаш эди ўзи! Қилтириқ, қашқатароқ! Қаранг-а, бу кишим устарани қайишга ишқашни билади, холос, яқин орада шуни ҳам эплаёлмай қолади ярамас, гўрсўхта! Сени деб полицияма-полиция чопайми энди? Вой исқирт, ислиқи-ей! Йўқот буни! Даф қил! Қаёққа бўлса ҳам олиб кет! Кўзимдан йўқот!
Иван Яковлевич бир аҳволда қаққайиб турди-турди, ўйлай-ўйлай боши шишди.
– Жин урсин, бу қанақаси? – деди ниҳоят қулоғи орқасини қашиб. – Кечаси маст бўлиб келганмидим ёки ақлу ҳушим жойидамиди, ўзим ҳам билмайман. Ҳечам ақлга сиғмайди: ахир нон деганлари печда пишса, бурун унинг ичида… Бошим қотиб қолди!..
Иван Яковлевичнинг бирдан дами ичига тушиб кетди. Полиция бурунни қидириб топиб, уни айбдор қилишини ўйлаб ақлдан озаёзди. Ҳалитдан кўзига заррин ҳошиядор қизил ёқа, шпага… кўриниб, бутун вужудини титроқ босди… Ниҳоят, алмисоқдан қолган кўйлаги ва этигини сандиқдан олди, шу увадаларни эгнига илиб, Прасковья Осиповнанинг аёвсиз қарғишлари остида бурунни латтага ўраб, кўчага чиқди.
Бу дардисарни у бирон ерга даф қилишни ўйларди: ё дарвоза ортидаги темир устунча орасига тиқиб юборади, ёхуд, билмаган киши бўлиб, у ер-бу ерга тушириб қўяди-да, ўзи дуч келган кўчага кириб кетади. Бахтга қарши, рўпарасидан таниш-билишлари чиқиб қолар ва “Йўл бўлсин!” ёки “Тонг саҳарлаб кимнинг соқолини қиртишлагани шайланиб қолдинг?” дея саволга тутар эди – шу асно Иван Яковлевич қулай фурсат топа олмади. Бир вақт бурунни тушириб қўйган киши бўлиб кетаётган эди, будкада ўтирган қоровул узоқдан ойболтасини ўқталганча, “Бир нимангни тушириб қўйдинг! Қани, ол-чи!” деб бақириб қолди. Иван Яковлевич бурунни олиб чўнтагига тиқишга мажбур бўлди. Бирдан умидсизликка тушди, боз устига, дўкону расталар очилаётган маҳал эмасми, кўча борган сари гавжумлашмоқда эди.
У Исакиевск кўпригига боришга қарор қилди: балки бу савил қолгурни Невага улоқтириб юборар?.. Аммо мен сал-пал ҳурматга сазовор жиҳатлари ҳам бўлган Иван Яковлевич ҳақида ҳанузгача бирон бир тайинли гап айтмаганим учун олдингизда андак айбдорман, муҳтарам китобхон.
Ҳар қандай рус ҳунармандига ўхшаб Иван Яковлевич ҳам ғирт пиёниста эди. Худонинг берган куни мижозлари соқолини қиртишласа-да, ўзининг соқоли умри бино бўлиб устара кўрмасди. Сира эгнидан тушмайдиган фраки (у ҳеч қачон сюртук киймасди) эса олачипор тусдами-ей: яъни, аслида қора бўлиб, ҳаммаёғини жигарранг-сариқ ва кулранг доғ-дуғ босган, ёқасининг ҳам яғири чиқиб ялтираб кетган, учта тугма ўрнида фақат ипи осилиб турар эди. У ўтакетган сурбет бўлиб, коллеж асессори1 Ковалёв ҳар соқол олдираётганида “Иван Яковлевич, қачон қарама, қўлларинг сасийди-я!” деса, сартарош унинг ўзига “Нимадан сасиркан-а?” дея савол қотарди. “Билмадим, отагинам, шу – сасигани сасиган-да”, дерди коллеж асессори. Иван Яковлевич эса тамакисини бир ҳидлаб оларди-да, бу гапи учун унинг иякларию бурни ости, қулоқлари ортию томоқларига – бир сўз билан айтганда, қаерига суртгиси келса, аямай совун кўпигини чаплаб ташларди.
Ана шу муҳтарам фуқаро Исакиевск кўпригига етиб келди. Теварак-атрофга аланг-жаланг боқиб, кейин кўприк остига қарамоқчи бўлган киши мисол тўсиқ устига энгашди, гўё балиқлар ғужғон ўйнаб юрганмикан дея кузатаётгандек турди-турди-да, латтага ўралган бурунни астагина сувга отиб юборди. Бирдан елкасидан тоғ ағдарилгандек енгил тортди-қолди. Ўзича жилмайиб ҳам қўйди. Чиновникларнинг соч-соқолини олгани бориш ўрнига, қаншарига “Егулик ва чой” деб ёзиб қўйилган емакхонага кириб бир стакан пунш2 ичаман, дея чоғланган ҳам эдики, бирдан кўприк адоғида ўзи томон тикилиб турган серсалобат, эндор чаккасоқолли, учбурчак шляпа кийган, шпага таққан квартал нозирига кўзи тушди. Сартарош жойидан қимирлаёлмай қолди, нозир эса бармоғи билан имлаб уни чақирмоқда эди:
– Қани, бу ёққа кел-чи, азизим!
Иван Яковлевич мулозамат йўриғини билгани учун узоқданоқ бош кийимини ечиб қуллуқ қилди-да, зипиллаб унинг олдига борди.
– Олийҳиммат жаноблари, саломат бўлгайлар! – деди ялтоқланиб.
– Э-э, биродар, олийҳимматинг нимаси?! Хўш, кўприк устида нима қилиб турган эдинг?
– Худо ҳаққи, жаноб, соқол олгани кетаётиб ўзим шунчаки, дарё тез оқяптимикан деб бир қарадим-да.
– Қўй ёлғонингни! Шу билан қутулиб кетаман деб ўйлама! Тўғрисини айт!
– Мен, олийҳиммат жаноблари, ҳафтада икки марта ёки ҳатто уч марта бепул соқол оламан, – деди Иван Яковлевич.
– Бэ-э, шуям гап бўптими, оғайни?! Билсанг, менинг соқолимни учта сартарош олади, улар тағин буни ўзи учун шараф деб билади! Қани, энди гапир-чи, кўприк устида нима қилиб турган эдинг?
Иван Яковлевичнинг ранги оқариб кетди… Аммо шу ўринда мазкур воқеани буткул туман чулғайди ва ундан сўнг нима бўлгани хусусида мутлақо ҳеч нарса маълум эмас.

II

118430535_img001.jpgКоллеж асессори Ковалёв анча барвақт уйғонди ва лаблари орасидан “брр…” деган овоз чиқарди – уйғонганида у доим шундай қилади-ю, бунинг сабабини ўзи ҳам билмайди. Ковалёв бир керишиб олди-да, хизматкорига стол устида турган чоғроқ тошойнани олиб келишни буюрди. У кеча бурнида пайдо бўлган ғўддага бир кўз ташлаб қўймоқчи эди; бироқ – афсус-надоматлар бўлсинким, бурни ўрни теп-текис, ҳеч вақо йўқ! Юрак-пураги чиқиб кетган Ковалёв “Сув бер!” деб бақирди. Кўзларини сочиқ билан арта-арта яна ойнага қаради: ҳа, бурни йўқ! Туш кўраётгандирман деб у ёқ-бу ёғини чимчилаб кўрди, ухлаётгани йўқ шекилли. У каравотидан сапчиб туриб, бир силкиниб қўйди: йўқ, бурни йўқ!.. Дарҳол кўчалик либосларини сўради ва кийинибоқ тўппа-тўғри обер-полицмейстер ҳузурига равона бўлди.
Дарвоқе, шу ўринда китобхон Ковалёв коллеж асессорларининг қандайин турига мансуб эканини тасаввур қилмоғи учун у ҳақда бир-икки оғиз гапириб беришга тўғри келади. Бундай унвонга илмий аттестат ёрдамида эришган коллеж асессорларини Кавказда шу унвонга сазовор бўлган коллеж асессорлари билан сираям тенглаштириб бўлмайди. Чунки булар мутлақо алоҳида-алоҳида тур ҳисобланади. Ўқимишли коллеж асессорлари… Бироқ Россия шундайин ғаройиб ўлкаки, агар биронта коллеж асессори ҳақида бир оғиз сўз айтсангиз, бас, Ригадан Камчаткагача бўлган ҳамма ҳудудларнинг коллеж асессорлари буни албатта ўзи ҳақда деб ўйлайди. Кошки барча унвону мансабларни назарда тутиб бўлса! Ковалёв кавказлик коллеж асессори эди. Бу унвонга эришганига бор-йўғи икки йил бўлган, шу боис буни бир лаҳзаям хаёлидан чиқармайди; ўзини олижаноб ва салобатли кўрсатмоқ учун эса коллеж асессори эмас, ҳаммага майор деб таништирарди. “Қулоқ сол, азизам, – дея гап бошларди у одатда кўча-кўйда манишка3 сотиб юрган хотинни учратиб қолса, – сен, яхшиси, уйимга кел, квартирам Садовая кўчасида, майор Ковалёв қаерда туради деб сўрасанг, дуч келган одам кўрсатиб қўяди”. Бордию аёл ёқимтойроқ бўлса, унга махфий топшириқ ҳам берарди-да, “Жонгинам, сен майор Ковалёвнинг квартирасини сўра”, дер эди. Биз ҳам бундан кейин бу коллеж асессорини майор деб атаймиз.
Майор Ковалёвнинг ҳар куни Нева проспектида сайр қилиш одати бор эди. Унинг манишкаси ёқаси доимо топ-тоза ва оҳорланган бўларди. Бакенбарди эса, ҳозир ҳам губерния ва уезд танобчилари, меъморлар ва полк докторлари, шунингдек, полиция хизматчилари, қўйингки, гўштдор ёноқлари қип-қизил, бостон4 ўйинини қотириб ўйнайдиган ҳамма эркаклар қўйиб юрадиган кўринишда эди. Бундай чаккасоқол ёноқларнинг қоқ ўртасидан чўзилиб бориб тўппа-тўғри бурунга тақалади. Майор Ковалёв қимматбаҳо тошдан ясалган турли-туман тамғали муҳрларни ёнида олиб юрар, улар орасида ҳатто “душанба”, “чоршанба”, “жума” ва бошқа сўзлар ўйиб ёзилганлари ҳам бор эди. У Петербургга фаолият юзасидан, аниқроқ қилиб айтганда, унвонига яраша дурустроқ мансаб эгаллаш илинжида келган: иложи топилса, вице-губернаторликка ўтсам, йўқса, бирор каттароқ департаментга экзекутор5 бўлиб жойлашиб олсам, деб мўлжалларди. Майоримизнинг уйланиш нияти ҳам йўқ эмас, агар бисоти икки юз минг ақчалик қайлиқ учраб қолгудек бўлса, кўзини чирт юмиб уйланиб юбориши турган гап. Ана энди, туппа-тузук, ўртамиёна бурни ўрнида майор ўта бемаъни, сип-силлиғу теп-текис жойни кўриб қай аҳволга тушганини китобхоннинг ўзи фараз қилаверсин.
Бахтга қарши, кўчада биронта извош кўринмасди. Майор плашига ўраниб, гўё бурнидан қон кетаётгандек тус бермоқ учун юзини дастрўмоли билан бекитиб яёв кетишга мажбур бўлди. “Ҳойнаҳой менга шундай туюлгандир, ҳе йўқ-бе йўқ, бурним ғойиб бўлиб қолиши мумкин эмас-ку?!”, деб ўйлади у ва яна ойнага қараш илинжида қандолат дўконига кирди. Яхшиямки, дўкон бўм-бўш экан; фақат югурдак болалар хоналарни супуриб-сидириб, курсиларни жой-жойига қўймоқда, баъзилари уйқусираганча патнисда қайноқ гўмма олиб чиқаётир; стол-стуллар устида кофий тўкилган кечаги газеталар қалашиб ётибди. “Хайрият, ҳеч зоғ йўқ, – деди у ўзига ўзи, – бемалол ойнага қараб олсам бўлади”. Юраги бетламайгина ойнага яқинлашди ва тикилиб қаради. “Жин урсин, бу нима кўргилик! – деди тупуриб. – Бурун ўрнида бир нима қаққайиб турса ҳам гўрга эди, ҳеч вақо йўғ-а!..”
У аламдан лабини тишлаб дўкондан чиқди ва доимий одатига хилоф равишда ҳеч кимга қарамай, ҳеч кимга жилмайиб боқмай тез-тез кета бошлади. Аммо тўсатдан бир уй олдида қоққан қозиқдек тўхтади-қолди – кўз кўриб қулоқ эшитмаган воқеа рўй берган эди: йўлак остонасига карета келиб тўхтадию ундан мундирли бир жаноб сакраб тушди-да, энгашганча зинадан чаққон-чаққон чиқиб кетди. Бу ўзининг бурни эканини кўрган Ковалёв қандай даҳшату ҳайратга тушганини таърифлашга тил ожиз! Унинг кўз ўнгида ҳаммаси айқаш-уйқаш бўлиб кетди, у аранг оёқда турарди, бироқ талвасада титраганча қандай бўлмасин ўша жанобни кутмоққа қарор қилди. Чиндан ҳам икки дақиқа ўтар-ўтмас бурун қайтиб чиқди. Каттакон тик ёқали, заррин ҳошиядор мундир ва такаки чарм панталон кийиб олган, шпагаси ҳам бор. Укпарли шляпасига қараб, камида статский советник бўлса керак, дея хулоса қилиш мумкин. Туришидан кимникигадир ташриф буюриш ниятида. У ён-верига назар ташлаб олди-да, аравакашга “Қани, кетдик!” дея бақирди ва каретага ўтирдию жўнаворди.
Бечора Ковалёв ақлдан озишига бир баҳя қолди. У ҳозиргина ўзи гувоҳ бўлган воқеадан ҳангу манг: ё тавба-а, қандай қилиб кечагина унинг юзида турган бурун бугун оёқ чиқариб, мундир кийиб бемалол кўчада юради?! Майор каретанинг кетидан чопди, хайриятки, у узоққа бормай Қозон черкови олдида тўхтади. Ковалёв ҳам шоша-пиша ўша томон югурди, кўз ўрнида иккита тешикча очиб қўйилгану бети-бошини чирмаб олган тиланчи кампирлар орасидан ўтиб черковга кирди. Ибодатчилар сийракроқ – улар фақат эшик олдида уймалашиб турарди. Ковалёв айни тобда ибодат қиладиган аҳволда эмас, аланглаб ҳар бурчакдан бояги мундирли жанобни изларди. Ниҳоят, уни топди. Бурун бир чеккада, афтини каттакон тик ёқаси билан бекитганча ўтакетган тақводорлардек берилиб ибодат қилмоқда эди.
“Унинг олдига қандай бораман-а? – деб ўйлади Ковалёв. – Савлат-салобати, мундирию шляпасидан статский советник6 экани кўриниб турибди. Жин урсин, қандоқ қилдим энди!”
Яқинроғига бориб устма-уст йўталди; лекин бурун сира ибодатдан чалғимай, қайта-қайта таъзимга эгилар эди.
– Олийҳиммат жанобим… – деди Ковалёв ўзини дадил тутишга уриниб, – олийҳиммат жанобим…
– Нима дейсиз? – деди бурун унга ўгирилиб.
– Мен таажжубдаман, олийҳиммат жанобим… Менимча… сиз ўз ўрнингизни билмоғингиз керак. Ахийри сизни топдим-а, яна қаердан денг? Черковдан! Шуни тан олгайсизким…
– Маъзур тутасиз, фаҳмим етмайроқ турибди, нима демоқчисиз ўзи… дурустроқ тушунтирсангиз-чи.
“Қандай тушунтирсам бўларкан бунга?” деб ўйлади Ковалёв ва ўзини қўлга олиб, гап бошлади:
– Мен, албатта… Ҳа, айтгандек, мен майорман. Ўзингиздан қолар гап йўқ, мендек одамнинг бурунсиз юришим уятдир ахир. Воскресенск кўпригида арчилган апельсин сотиб ўтирадиган жулдурвоқи хотиннинг бурни бўлмаса ҳеч бокиси йўқдир, бироқ мен… нуфузли лавозимга муяссар бўлишим назарда тутилса… бунинг устига, кўпгина эътиборли хонимлар, дейлик, статский советник Чехтарёва ва бошқалар билан танишман… Танангизга бир ўйлаб кўрсангиз… Нима дейишгаям ҳайронман, олийҳиммат жаноблари… (Шу ерга келганда у елкасини қисиб қўйди.) Маъзур тутгайсиз… агар бунга бурч ва номус талаби деб қараладиган бўлса… ўзингиз тушунсангиз керак…
– Мутлақо ҳеч нимани тушунмаяпман, – деди бурун. – Очиқроқ гапиринг.
– Олийҳиммат жанобим, – деди Ковалёв ич-этини егудек бўлиб. – Таажжубдаман, тушунмайдиган гапнинг ўзи йўқ-ку… Ёки сиз… Ахир – сиз менинг бурнимсиз!
Бурун майорга тик қаради, унинг қошлари чимирилиб кетди.
– Янглишасиз, муҳтарам жаноб. Мен, бу – менман. Боз устига, бизнинг ўртамизда ҳеч қандай яқинлик бўлмоғи мумкин эмас. Вицмундирингиз7 тугмаларига қараганда, сиз бошқа бир маҳкамада хизмат қиласиз чоғи.
Бурун шундай дедию ўгирилиб ибодатини давом эттираверди.
Ковалёв нима қилишни, нима дейишни билолмай эсанкираб қолди. Шу пайт заифона либосларнинг ёқимли шитир-шитири эшитилди, бошдан-оёқ тўрсимон матога бурканган кекса бир хоним билан оқ кўйлаги хушбичим қоматига чиппа ёпишган, бошига сарғиш шляпа қўндирган нозикниҳол, укпардек енгил, болдек ширин қиз пайдо бўлди. Уларнинг ортидан чаккасоқоли эндор, қат-қат ёқали новча малайи ҳам кириб, тамакидонини очди.
Ковалёв уларга яқинроқ бориб, манишкасининг батис ёқаларини чиқариб қўйди, тилла занжирга осиғлиқ муҳрларини тузатиб-тўғрилаган бўлди, сўнг ёнверидагиларга жилмайиб қаради-да, нозик бармоқчаларини пешонасига теккизганча салгина эгилиб турган кўклам чечагидек нозикниҳол хонимга тикилиб қолди. Қизнинг шляпа остидан хиёл кўзга чалинаётган оппоқ ияги ва кўклам атиргули мисол нимпушти ёноқларини кўрган Ковалёвнинг башараси табассумдан баттар ёйилди. Аммо бирдан устига қайноқ сув қуйилгандек бўлди. Бурни йўқлиги эсига тушиб, кўзидан ёш чиқиб кетди. Шунда у мундирли жанобга: ўзингизни статский советник қилиб кўрсатишга уринаётирсиз, аслида эса лўттибоз бир аблаҳсиз, менинг бурнимсиз, холос, бошқа ҳеч бало эмассиз, деб дангал айтмоққа чоғланган эди, аммо бурун аллақачон жуфтакни ростлаб қолибди. Ҳойнаҳой яна кимникигадир ташриф буюришни кўзлаб жўнаворган бўлса керак.
Ковалёв баттар руҳи тушиб, келган йўлидан изига қайтаркан, бурун у ер-бу ерда кўриниб қолмасмикан, деган илинжда теварак-атрофга синчков аланглаганча колоннадалар8 остида бир фурсат тўхтаб қолди. Шляпаси укпарли, мундири эса заррин ҳошиядор эди – буниси-ку шундоққина кўз ўнгида, аммо шинелини, каретасининг тусию унга қўшилган отларни, ҳаттоки карета ортида малайи борми, бўлса у қандай ливреяда9 эди, афсуски эслаб қолмаган экан-да. Боз устига, у ёқдан-бу ёққа ғиз-ғиз қатнаётган карета шу қадар кўп эдики, қидираётган кишингизни илғаб олиш осон эмасди; илғаб қолганингизда ҳам уни тўхтатолмасдингиз. Ажойиб, қуёш чарақлаб турган кун эди. Нева проспекти ниҳоятда гавжум, хонимлар анвойи гуллар шаршараси мисол Полицейскдан то Аничкин кўпригигача бутун йўлкаларни тўлдириб юборган. Ана, унинг таниши – ўзгалар олдида у атайин подполковник деб атайдиган надворный советник10 келаётир. Ҳув анависи эса – сенатда бўлим бошлиғи, бостон ўйинида саккизликка ўйнаганда доим ошиғи олчи турадиган яқин дўсти Яригин. Ана, Кавказда асессор унвонига сазовор бўлган бошқа бир майор қўл тўлғаб уни чорламоқда…
– Ҳе, жин урсин ҳаммангни! – деди Ковалёв. – Ҳой извошчи, мени ҳозироқ оберполицмейстер ҳузурига олиб бор!
Ковалёв усти очиқ енгил аравага ўтирдию бора-боргунча извошчига “Қани, аравангни елдек учир, учиравер!” дея бақириб кетди.
– Обер-полицмейстер шу ердами? – деб қичқирди у даҳлизга кирар-кирмас.
– Йўқ эди-я, – деди дарбон, – ҳозиргина жўнаб кетувди.
– Ана холос!
– Ҳа-я, – деди дарбон, – кетганига ҳеч қанча бўлгани йўқ, бирон дақиқа олдинроқ келганингизда уни учратган бўлардингиз.
Ковалёв дастрўмоли билан юзини бекитган кўйи аравага ўтирди-да, умидсиз бир оҳангда қичқирди:
– Ҳайда!
– Қаёққа?
– Тўғрига ҳайда!
– Тўғрига? Ахир у ёғи муюлиш-ку, ўнгга бурайми, чапгами?
Бу савол Ковалёвни ногоҳ сергаклантирди ва яна ўйлаб кўришга ундади. Унинг аҳволига тушган одам аввало Ахлоқ бошқармасига11 мурожаат қилиши лозим – бошқарма тўғридан-тўғри полицияга алоқадор бўлгани учун эмас, бошқалардан кўра буйруқлари тезроқ бажарилиши учун. Бурун хизмат қиламан деб айтган маҳкама бошлиқларидан нажот кутиш-ку ақлсизлик бўлур эди, чунки буруннинг гап-сўзию ўзини тутишиданоқ маълум – унга муқаддас нарсанинг ўзи йўқ. Мана, Ковалёв билан ҳеч қачон учрашмаганман деб имонини ютиб турибдики, яна шунга ўхшаш ёлғон тўқиб сувдан қуруқ чиқмайди деб ким айта олади?! Алқисса, Ковалёв извошчига, Ахлоқ бошқармасига ҳайда, деб буюрмоқчи бўлиб турганида бирдан хаёлига илк учрашувнинг ўзидаёқ юзсизлик қилган бу найрангбоз ва қаллоб қулай фурсатдан фойдаланиб, устомонлик билан шаҳардан қочиб қолса-я, деган ўй келди – ана унда қанча қидирманг бефойда, ёйинки қидириш ишлари, худо кўрсатмасин, бирор ойга чўзилиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Ниҳоят, Эгамнинг ўзи унга йўл кўрсатди чоғи, у буруннинг барча белги-сифатларини батафсил таърифлаб эълон бериш учун газета экспедициясига мурожаат қилиш керак деган қарорга келди. Ана шунда кўрган-билган одам уни ўша заҳотиёқ тутиб беради ёхуд, жуда бўлмаганда, яшаш жойини маълум қилади. Хуллас, шу тўхтамга келиб, извошчига газета экспедициясига ҳайда, деди ва йўл бўйи “Бўл, аблаҳ! Тезроқ ҳайда, муттаҳам!” деб унинг биқинига муштлаб борди. “Эҳ, тўрам!” дея извошчи ҳам бош чайқаганча болонка итларникидек узун ёлли отининг жиловига маҳкам ёпишиб, унга устма-уст қамчи босаверди. Арава манзилга етиб тўхтади, Ковалёв ҳаллослаганча чоғроқ қабулхонага бостириб кирди, стол қошида эски фрак кийган, кўзойнакли кекса чиновник қаламини лабига қистириб, чақа-чуқа санаб ўтирган экан.
– Эълонни ким қабул қилади? – деб шанғиллади Ковалёв. – Э, салом!
– Салом, – дея чиновник унга бир назар ташладию яна олдида уюлиб ётган пулини санайверди.
– Мен эълон бермоқчийдим…
– Мумкин бўлса, бир оз сабр қилиб турсангиз, – деди чиновник ва ўнг қўли билан қоғозга аллақандай рақамни ёзиб, чап қўли билан чўтга икки соққа ташлади.
Уқали кўйлак кийган қайсидир оқсуяк хонадон малайи қўлида хат билан стол олдида турар ва ўзининг киришимли эканини намойиш этмоққа хўб уринар эди:
– Биласизми, жаноб, кучукча аслида тўрт тангага арзимайди, мен уни сариқ чақага ҳам олмаган бўлардим, графинья эса уни нақ қўйнидаги боласидек кўради – буни қарангки, топиб берган одамга 100 рубль ваъда қилинган! Сирасини айтганда, мана шунақа – одамларнинг диди ҳечам бир-бирига сиғишмас экан; айтайлик, зўр овчимисан – исковуч итинг ёки пуделинг бўлсин, ана унда беш юзни, мингниям аяма, чунки итинг шунга арзийди-да!
Чиновник малайнинг сафсатасини гўё диққат билан тинглаётир ва айни чоқда ўзининг ҳисоб-китоби билан ҳам машғул: қўлидаги хатда қанча ҳарф борлигини санамоқда. Эълон кўтариб келган кампирлар, савдогару фаррошлар атрофини ўраб олган. Эълонларнинг мазмуни ҳам турфа хил: ичкиликка ружу қўймаган аравакаш хизматга ёлланмоқчи; обдон кир ювиш машқини олган, ҳар қандай юмушни бажариб кетаверадиган ўн тўққиз яшар чўри қиз хизматга кирмоқчи; 1814 йили Париждан келтирилган, унча кўп ишлатилмаган болалар аравачаси, битта рессори йўқ усти очиқ енгил извош, ўн етти яшар бўзранг, гижинглаган чавкар тулпор, турп ва редисканинг Лондондан олиб келинган янги нав уруғи, икки бўлмали отхона ҳамда ажойиб қайину қарағайзор боғ қилса арзигулик ер-сувли дала ҳовлининг сотилиши; эски тагчарм олмоқчи бўлганларни ҳар куни соат саккиздан эрталабки учга қадар чайқов бозорига таклиф қилувчи чақириқ дейсизми – ҳамма-ҳаммасидан бор. Ана шундай олақуроқ тўда тўпланган хона чоққина бўлиб, ҳавоси ниҳоятда оғир – бадбўй эди; бироқ коллеж асессори Ковалёв ҳид сезмасди, негаки, дастрўмоли билан юзини бекитиб олган, бурни шу тобда қаерларда изғиб юргани эса ёлғиз худога аён.
– Ижозатингиз билан сиздан бир нарсани сўрасам, муҳтарам жаноб. Мен жудаям… – деб сўз бошлади у бир маҳал бесабрлик билан.
– Ҳозир, ҳозир! Икки сўму қирқ уч тийин. Бир дақиқа! Бир сўму олтмиш тўрт тийин, – дерди чиновник кампирлару фаррошлар қўлидаги хатларга паришонҳол кўз ташлаб. – Хўш, қулоғим сизда? – деди у ниҳоят Ковалёвга юзланиб.
– Илтимосим шуки… – деди Ковалёв, – биласизми, мен ҳалиям тагига етолмаяпман, фирибгарликми-ей, найрангбозликми-ей содир бўлди-да. Сиздан илтимос, ўша аблаҳни тутиб берган киши мўмайгина мукофот олиши ҳақида газетангизда эълон босиб чиқарсангиз.
– Хўш, фамилиянгизни билсак бўладими?
– Фамилиямни нима қиласиз? Йўқ, айтолмайман. Таниш-билишларим жуда кўп: статский советник Чехтарёва, штаб-офицер Пелагея Григорьевна… Худо асрасин, таниб қолишса-я! Сиз шунчаки, коллеж асессори ёки яхшиси, майор мансабига эга бир жаноб деб ёзиб қўяқолинг.
– Қочиб юрган одам – қаролингизми?
– Қарол дейсизми? Қаролим қочса майли эди-я, фирибгарликка кирмасди бу! Қочиб кетган – бурним…
– Ҳм! Ғалати фамилия экан-а! Хўш, ўша Бурунов катта маблағингизни ўмариб кетдими?
– Бурун деганда… сиз бошқача тушундингиз! Бурним, менинг бурним қаёққадир ғойиб бўлди. Худо ураман деса шу-да!
– Қандай қилиб ғойиб бўлади? Ҳеч нимани тушунолмаяпман.
– Қандай ғойиб бўлиб қолганини ўзим ҳам билмайман, аммо у ҳозир шаҳар кезиб юрибди, ўзини статский советник деб таништиради ҳаммага. Шунинг учун уни қўлга туширган киши зудлик билан менга топшириши лозимлиги тўғрисида эълон беришингизни сўрайман. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, юзимда бурун бўлмаса, мен нима деган одам бўламан? Оёғимнинг жимжилоғи эмас¬ки, этикка тиқсаму ҳеч ким кўрмайдиям-билмайдиям десам! Ахир мен ҳар пайшанба статский советник Чехтарёва ҳузурида бўламан; штаб-офицер Подточина Пелагея Григорьевнанинг ҳам ёқимтойгина қизи бор, улар ҳам яқин танишим; хўш, айтинг-чи, мен энди нима қилай?! Шу тасқара аҳволда уларга қандай кўриниш бераман?!
Чиновник лабини қаттиқ қимтиб қолди, бу унинг чуқур ўйга толганини англатарди.
– Йўқ, бунақа эълонни газетада чиқаролмайман, – деди у узоқ сукутдан сўнг.
– Нега? Нега чиқаролмайсиз?
– Шундай. Газетанинг обрўйига футур етади. Бунақа, дуч келган одам бурним қочиб кетди, деб ёзаверса, унда… Ўзи шусиз ҳам газетада бўлмағур ва ёлғон мишмишлар чоп этиляпти, деган гаплар юрибди.
– Ахир, бунинг нимаси бўлмағур гап экан? Кечирасиз-у, миш-миш эмаслиги шундоққина кўриниб турибди, чамамда!
– Э, сиз шундай дейсиз-да. Ана, ўтган ҳафта ҳам худди шунақа иш бўлган эди. Сизга ўхшаб бир чиновник арз билан келди, эълони ҳисоб-китоб бўйича бир сўму етмиш уч тийинга баҳоланди; у қора юнгли пуделнинг қочиб кетгани ҳақида эди. Бундай олиб қаралса, оддий бир эълон, тўғрими? Кейин маълум бўлдики, бари қип-қизил ҳақорат, яъни ўша пудель, ҳозир эсимда йўқ, қайсидир бир идоранинг ғазначиси экан.
– Ахир, мен аллақандай пудель ҳақида эмас, шахсан ўз бурним ҳақида эълон бермоқчиман, демакки, ўзим ҳақимда деса ҳам бўлади.
– Йўқ, бунақа эълонни беролмайман, ҳеч иложи йўқ.
– Ҳа унда, бурнимдан айрилиб қолаверар эканман-да?!
– Бу вазиятда дўхтирга борганингиз маъқул. Айтишларича, ўзингиз хоҳлаган бурунни ёпиштириб қўйиш ҳам қўлидан келадиган дўхтирлар бор эмиш. Аммо-лекин-чи, сиз жуда хушчақчақ, ҳазилни қийиб қўядиган одам экансиз.
– Худони ўртага қўйиб онт ичаман! Ҳамонки, менга ишонмаётган экансиз – очиб кўрсатишим мумкин.
– Овора бўлишга не ҳожат! – деди чиновник тамакисини ҳидлаб. – Бироқ малол келмаса, – дея қизиқувчанлик билан қўшиб қўйди кейин: – бир кўриб қўйсак зиён қилмасди…
Коллеж асессори юзидан дастрўмолини олди.
– Ё, тавба! – деб юборди чиновник. – Чиндан ҳам бурун ўрни теп-текис-а, гўёки ҳозиргина пиширилган қуймоққа ўхшайди. Сип-силлиқ!
– Хўш, энди нима дейсиз? Ўзингиз кўриб турибсиз, эълонни чоп этмасангиз бўлмайди. Мен сиздан бағоят миннатдор бўлардим, шу баҳона сиз билан танишганимдан ҳам беҳад хурсандман…
Қарангки, майор бир оз лаганбардорлик қилиб ҳам кўрди.
– Чоп этиш-ку қийин иш эмас, – деди чиновник, – аммо бундан сизга бирон наф чиқишига кўзим етмаяпти-да. Агар жуда кўнглингиз тўлавермаса, буни бирор ўткирроқ қаламкашга сўзлаб беринг – табиатнинг ноёб ҳодисаси сифатида тасвирлаб мақола ёзсин, кейин уни ўсмирлар (у бурнини артиб қўйди) ёхуд анчайин синчков, қизиқувчан омма эътиборига ҳавола этиш учун “Северная пчела”да12 (у яна бир марта тамаки ҳидлаб олди) чоп эттиринг.
Ҳафсаласи пир бўлиб, коллеж асессори бошини қуйи солиб олди. Шунда у газетанинг спектакллар ҳақида ахборот босиладиган пастки қисмида ўзига таниш дилбаргина актрисанинг номини ўқиб қолдию юзига табассум югурай деди ва ёнимда кўк қоғоз пулдан бормикан, деган ўйда дарҳол қўлини чўнтагига тиқди; Ковалёвнинг фикрича, театрга кирганда штаб-офицерлар креслода ўтириши шарт – лекин бурни эсига тушиб, ширин хаёллари бир зумда тумтарақай бўлиб кетди!
Чиновник ҳам Ковалёвнинг аҳволига куйинаётганга ўхшарди. Мулозамат юзасидан унга икки оғиз юпанч сўз айтгиси келди:
– Сирасини айтганда, бошингизга шундай ғалати савдо тушгани кўп ачинарли иш бўпти. Тамаки ҳидлайсизми? У бош оғриғини, қайғуни кўтариб ташлайди, ҳатто бавосилга ҳам даво дейишади буни.
Чиновник шундай дея тамакидонининг шляпали бир хоним суврати чизилган қопқоғини ғоят абжирлик билан очиб, Ковалёвга тутди.
Ноўрин бу мулозаматдан Ковалёвнинг нақд қони қайнаб кетди.
– Ҳазил қилмоққа қандай ҳаддингиз сиғди, ҳайронман, – деди у жаҳл билан, – айнан ҳид билиш аъзом йўқлигини билатуриб-а? Жин урсин тамакингизни! Кўрарга кўзим йўқ! Бадбўй, хашаки тамакингиз тугул бундан юз чандон аломатига ҳам тупурган бўлардим!
Қаттиқ ранжиган Ковалёв аччиқ-аччиқ гапириб газета экспедициясидан чиқди ва тўппа-тўғри қанд йиғишга муккасидан кетган участка нозири ҳузурига йўл олди. Нозир уйининг даҳлизига – емакхонаси ҳам шу ер – савдогар дўстлари тортиқ қилган катта-катта каллақандлар13 териб қўйилган эди. Айни тобда ошпаз аёл нозирнинг ботфортини14 ечиш билан овора; шпага ва бошқа ҳарбий аслаҳалари аллақачон жой-жойига илинган, уч яшар ўғли ваҳимали учбурчак шляпасини ушлаб-ушлаб қўярди; нозир жанжалу талаш-тортишувларга қозилик билан ўтган серташвиш кун якунида дунё лаззатларидан бир тотиниш ниятида эди.
У маза қилиб керишиб, томоқ қириб, “Эҳ, икки соатгина мириқиб ухлаб оламан!” деб турган пайтда Ковалёв кириб келди. Ўз-ўзидан аёнки, Ковалёвнинг ташрифи мутлақо бемаврид эди; билмадим, шу келишида у, жуда бўлмаганда, бир неча фунт чой ёки мовут кўтариб келган тақдирда ҳам илтифот билан кутиб олиниши даргумон эди. Нозир санъатнинг барча турлари ва саноатнинг барча маҳсулотларига зўр рағбат билан қарарди, лекин ҳар нарсадан қоғоз пулни афзал кўрарди. “Дунёда бундан яхши яна нима бор экан?! – дерди у одатда. – Ош-нон сўрамаса, кўп жой эгалламаса, чўнтакка сиғиб кетаверади, қўлдан тушириб юборсанг – шикаст емайди”.
Нозир Ковалёвни совуқ қарши олди ва тушликдан сўнг тергов ишлари юритилмаслиги, инсоннинг мижози таом тановвулидан сўнг жиндак ором олишни тақозо этиши (бундан коллеж асессори участка нозирининг қадим донишмандлар бисотидан бохабар эканини билди), андишали, ҳалол одамнинг бурнини ҳеч ким юлиб олмаслигию дунёда ички-йимининг яғири чиқиб кетган, ҳар хил бўлмағур жойларда санқиб юрадиган қаланғи-қасанғи ма¬йорлар урчигандан-урчиб ётгани ҳақида сўзлади.
Юзингда кўзинг борми ҳам демади-я! Ковалёв сиркаси сув кўтармайдиган, таъби нозик мардум эканини алоҳида таъкидлаб ўтмоғимиз жоиз. У ўзи ҳақида айтилган ҳар қандай нохуш гапни унутиши мумкин-у, ўша гап мансаб ва унвонига тегишли бўлса асло кечирмасди. У ҳатто театр пьесаларида обер-офицерни ҳар қанча масхаралаш мумкиндир, аммо штаб-офицерларга тил теккизиб бўлмайди деб ҳисобларди. Нозирнинг қабулидан у шунақанги изза бўлдики, бош тебратди-да, шаънини ерга урмаган ҳолда, қўлларини керганча, “Очиқ гап, сизнинг бунақа ҳақоратомуз сўзларингиздан кейин мен бир нарса деёлмайман…”, деди ва эшикка йўналди.
У юрди-ю, ер босмади – шу кўйи уйига етиб келди. Оқшом кириб қолган эди. Шунча елиб-югуришлари беҳуда кетганидан квартираси ҳам кўзига қоронғи бир зулматдек кўринди. Даҳлизга кирибоқ яғири чиқиб кетган чарм диванда ястаниб ётган хизматкори Иванга кўзи тушди: у шифтга қараб туфлар ва ҳар сафар мўлжалга бехато теккизмоқда эди. Бу бетамизликни кўриб майорнинг баттар фиғони чиқди; Иваннинг пешонасига шляпаси билан бир тушириб, “Сен, тўнғизнинг бошқа қилар ишинг йўқми?!” деб қичқирди.
Иван ўрнидан сапчиб туриб, унинг плашини ечмоққа тутинди.
Толиққан, дарди дунёси зим-зиё бўлган майор бўлмасига кириб ўзини креслога ташладию чуқур-чуқур нафас олиб беихтиёр нола қила кетди:
– Эй, Худойим! Эй, Худойим! Нега менга бунча азоб берасан? Бундан кўра қўлсиз ёки оёқсиз қолсам бўлмасмиди?! Қулоғимдан айрилсам ҳам ёмон-у, унга чидаса бўларди, аммо бурунсиз одамни, қуриб кетсин, нима дейиш мумкин? Қуш бўлиб қуш эмас, фуқаро бўлиб фуқаро – шунчаки кераксиз матоҳдек деразадан улоқтиру юбор! Уруш ёхуд дуэлдами, ёки ўзим сабаб бирон кор-ҳол оқибатида бурундан ажраган бўлсам ҳам майли эди, ҳе йўқ-бе йўқ, ўз-ўзидан йўқолди-қолди, бекор-беҳуда, сариқ чақачалик қадри йўқдек!.. Йўқ, бу қандайин гап, – деди у ўзига ўзи, бир дам ўй суриб, – одамнинг бурни ҳам дабдурустдан йўқ бўлиб қоларканми?! Ҳойнаҳой туш кўряпман ёки хаёл сураётирман, балки соқол олдиргач юзга суртадиган арақни билмай ичиб юборгандирман. Аҳмоқ Иван, дарҳол йиғиштириб қўймаган-да, сув деб симирганман-юборганман.
Маст эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун у ўзини чунонам чимчиладики, оғриққа чидаёлмай додлаб юборди. Ковалёв туш кўрмаётгани, бу машмашалар ўнгида содир бўлаётганини англади. Секингина кўзгуга яқинлашди, зора бурним ўз ўрнида бўлса деган ўйда кўзларини қисинқираб қаради-ю, шу заҳоти ортига тисарилди:
– Бунча тасқара бўлмасам!
Ҳеч ҳам ақл бовар қилмайди. Агар тугмачами, кумуш қошиқми, соат ёки шунга ўхшаш бирор нарса йўқолса бошқа гап эди, лекин бурун ғойиб бўлиб турибди! Қаёққа гум бўлди? Қандай қилиб?.. Устига-устак, ўз уйимда йўқолса-я!.. Майор Ковалёв ҳар томонини ўйлаб кўриб, бу мени куёв қилмоқчи бўлиб юрган штаб-офицер Подточинанинг қилмиши бўлса керак, деган тахминга борди. Айнан шу тахмини ҳақиқатга яқинроққа ўхшаяпти. Тўғри, ўзи ҳам қизнинг кўнглини овлашга иштиёқманд эди-ю, аммо уйланишдан қочиб юрарди. Штаб-офицер уни куёв қилиш ниятида эканини дангал айтганида, ҳали ёшман, яна беш йилларча ишлашим керак, ана ўшанда роппа-роса қирқ иккига кираман дея, секингина қизга хушомадларини йиғиштириб қўяқолди. Шу сабабдан ҳам штаб-офицер ўч олиш мақсадида афсунгару жодугар хотинларни ёллаб, унинг “башарасини бузиш”га қарор қилган, негаки бурун кесиб олинганга ўхшамайди, бунинг иложи ҳам йўқ: хонасига ҳеч ким кирмаган бўлса, сартарош Иван Яковлевичга эса чоршанба куни соқол олдирган, ўша кун ва ҳатто пайшанба куни ҳам бурни жойида эди – шуниси аниқ эсида. Боз устига, у оғриқни сезган бўларди ва шубҳасизки, жароҳат бу қадар тез битиб, ўрни теп-текис, қуймоқдек силлиқ нарсага айланиб қолмасди. У хаёлан режалар туза бошлади: штаб-офицерни расман судга чақиртирсинми ёки олдига бориб жиноятини фош этсинми?! Эшик тирқишидан сизиб кирган шуъла унинг хаёлини бўлиб юборди – даҳлизда хизматкори шам ёққан эди. Бир оздан сўнг хона буткул ёришиб кетди: қўлида шамдон билан остонада Иваннинг ўзи ҳам пайдо бўлди. Ковалёв бу валакисаланг аҳволимни кўриб ростакамига эси оғиб қолмасин дея дарҳол дастрўмолини олиб юзини бекитди.
Иван ўз ҳужрасига кириб кетар-кетмас, даҳлизда нотаниш овоз эшитилди:
– Коллеж асессори Ковалёв шу ерда яшайдими?
– Кираверинг, майор Ковалёв шу ерда, – дея коллеж асессори ирғиб ўрнидан турди-да, эшикни очди.
Хонага қадди-басти расо, чакка¬соқоллари унча малла ҳам, қоп-қора ҳам эмас, юзи гўштдор, ҳув ўша, қиссамиз аввалида Исакиевск кўприги адоғида учратганимиз полиция чиновниги кириб келди.
– Бурни йўқолган сизмисиз?
– Худди шундай.
– Бурун топилди.
– Ростданми?! – деб қичқириб юборди Ковалёв.
Севинганидан бир он тили калимага келмай, қаршисидаги қалин лаблари ва гўштдор юзида шамнинг нури липиллаб турган квартал нозирига тикилиб қолди. Сўнг:
– Қандай қилиб? – деб сўради.
– У ғалати бир вазиятда, сафарга отланиш чоғида қўлга олинди. Дилижансга15 ўтириб, Ригага жўнавормоқчи экан. Бошпурти ҳам бир чиновникнинг номида. Аввалига мен уни расмона жаноб деб ўйлабман. Яхшиям, кўзойнагим ёнимда экан, ўша заҳоти унинг бурун эканини билдим. Ўзи яқинни равшан кўролмайман-да мен; мана, сиз қаршимда турибсиз, фақат юзингизни кўряпман, бироқ бурнингиз, соқолингиз, кўзингизни, қўйинг-чи, афтингиздаги бошқа аъзоларнинг бирортасини фарқлай олмайман. Қайнонам, яъни рафиқамнинг онаси ҳам ҳеч балони кўрмайди.
Ковалёв ўзида йўқ, ҳовлиқиб:
– Қани у? Қаерда, айтинг, ҳозироқ учиб бораман, – деди.
– Ҳеч ташвишланманг, уни олиб келдим. Биласизми, бу ишда Вознесенск кўчасидаги қаллоб сартарошнинг қўли бор экан, мана энди ўзи полиция маҳкамасида ўтирибди. Мен уни азалдан бери пиёниста, ўғри деб шубҳа қилиб юрардим, бундан уч кун аввал расталарнинг биридан бир қути тугмани ўмариб кетибди. Мана бурнингиз, соғ-саломат ҳолда келтирдик сизга!
Квартал нозири чўнтагига қўл солиб қоғозга ўралган бурунни олди.
– Худди шу! – дея қичқириб юборди Ковалёв. – Ҳа, менинг бурним шу! Келинг, бугун сизни меҳмон қилай.
– Таклифингиздан бошим кўкка етди, бироқ бунинг сира иложи йўқ. Мен ҳозир бу ердан чиқибоқ жиннихонага боришим керак… Биласиз, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи осмонда… Ўзимиз жўжабирдек жонмиз, қайнонам, яъни рафиқамнинг онаси ҳам биз билан яшайди. Тўнғич ўғлимиздан айниқса умидимиз катта-ю… жуда каллали бола-да, аммо шу, таълим-тарбиясига қўлимиз калталик қилиб турибди…
Ковалёв шамани дарров фаҳмлади ва стол тортмасидан битта қизил ўнталик олиб нозирнинг қўлига қистирди; у астойдил таъзим қилганча чиқиб кетди. Шу заҳотиёқ унинг араваси билан хиёбонни пайҳон қилган бир бефаросат мужикни бўралаб сўкаётгани эшитилди.
Квартал нозири кетгандан сўнг коллеж асессори нима қиларини билмай каловланиб қолди, бир фурсат ўтгачгина аранг ўзига келди – кўриш ва ҳис этиш қобилияти тикланди. Кутилмаган қувонч уни ана шундай карахт аҳволга солиб қўйган эди. У излай-излай топилган арзандаси – бурнини эҳтиётлик билан икки кафтига олди, синчковлик билан кўздан кечира бошлади.
– Ҳа, шу! Ўзгинамнинг бурним! – дерди нуқул майор Ковалёв. – Ана, кеча чап томонидан чиққан ғўддасигача турибди.
Майор хурсандлигидан бор овозда хохолаб юборишига сал қолди.
Бироқ бу норасо дунёда абадий нима бор?! Мана шу қувонч ҳам сал ўтиб хира тортади-да, кейин-кейин йўқола бориб, ниҳоят, ўзингиз сезмаган ҳолда одатий кайфиятингизга айланади-қолади – худди сувга тош отганда ҳосил бўлган ҳалқачалар секин-аста силлиқ сатҳга қуйишиб кетгандек.
Ковалёв мулоҳаза қила-қила бирдан сергак тортди: бу ҳали иш битди дегани эмас, бурун топилишга топилди-я, бироқ уни ўрнига ёпиштириб қўйиш ҳам керак-ку, ахир!
– Ёпишмаса-чи, унда нима бўлади? – деди ўзига ўзи.
Миясида ярқ этган бу саволдан майорнинг юраги шув этиб кетди.
Жонҳолатда стол сари отилди, бурнини қийшиқ ўрнатиб қўймаслик учун тошойнани ўзига яқинроқ суриб олди. Диққатини бир ерга жамлаб, эҳтиёткорлик билан уни жойига қўндирмоқчи бўлди. Ув, шўрим қурсин! Жойига тушмаяпти-ку!.. Кейин бурунни оғзига тутиб дами билан бир оз илитди-да, яна эски жойи – икки ёноғининг ўртасига ёпиштиришга уринди, аммо бурун ёпишмади.
– Қани! Қани, бўлақол! Ёпишсанг-чи энди, касофат! – дерди у бўғилиб. Аммо бурун худди ёғочдан ясалганга ўхшарди, бехос қўлидан тушириб юборган эди, у пўкак тиқин мисол столга “тақ” этиб тушди. Майорнинг афти бужмайиб кетди. – Энди нима бўлади? Наҳотки!.. – деди у баттар саросимада қолиб.
Бурунни ўрнаштиришга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, уринишларидан бир иш чиқмади.
У Иванни чақириб, бинонинг юқори қаватидаги энг ҳашамдор квартирада яшовчи докторни айтиб келишни буюрди. Доктор бағоят савлатли, ўктам киши эди, қатрондек тимқора чаккасоқоллари ўзига роса ярашиб турар, мудом арчилган тухумдек озода юрар, юзлари тиниқ, соғлом, эрталаб янги узилган олма ейишни канда этмас, айниқса, тиш тозалигига қатъий риоя қилар, ҳар тонг чорак соатлаб оғзини чаяр, тишларини беш хил чўтка билан тозалар эди. Доктор шу заҳотиёқ келди. Бу кўргилик қачон юз берганини сўрагач, у бурун ўрнини шунақаям чертдики, майор жонҳалпида бошини орқага ташлаган бўлса керак, энсаси билан деворга урилди. Доктор буниси ҳали ҳолва, деди ва девордан берироқ туришни сўради; аввал бошини ўнгга буриб, бурун ўрнини пайпаслаб кўрди-да, “Ҳм!” деб қўйди. Кейин бошини чап томонга буришни буюрди ва тағин “Ҳм!” деб, охирида яна бир чертган эди, тишларини кўрмоқчи бўлганингизда от қандай силтаниб-сапчиса, майор ана шундай калласини силтаб-сапчиди. Доктор шу тажрибани ўтказгач, бош чайқаб қўйди:
– Йўқ, иложи йўқ. Яхшиси, сиз шундай юраверинг, чунки бундан баттар бўлиши ҳам ҳеч гап эмас. Албатта, бурунни жойига ўрнатса бўлади, мен уни ҳозироқ ўрнатиб қўярдим-у, лекин ишонтириб айтаманки, ўзингизга ёмон бўлади.
– Қаранг-а! Нима, бурунсиз юр демоқчимисиз? – деди Ковалёв тутоқиб. – Ҳозирги аҳволимдан баттари бўлмаса керак. Жин урсин, бу не кулфат-а?! Шу ажуваи тараққос башарам билан одамларнинг кўзига қандай кўринаман? Обрўли-обрўли танишларим бор ахир! Мана, бугун ҳам иккита хонадонга зиёфатга боришим керак. Мени кўпчилик билади: статский советник Чехтарёва, штаб-офицер Подточина… ҳа, айтгандек, унинг бу қилмишидан сўнг ўртамиздаги муносабатга чек қўяман. Энди у билан фақат полиция орқали гаплашаман. Менга раҳмингиз келсин, доктор, – дея илтижо қила кетди Ковалёв, – бирон чораси бордир ахир? Бир бало қилиб ўрнатиб қўйинг, жуда рисоладагидек бўлмаса ҳам, шунчаки осилиб турсин, майли, қалтис вазиятларда уни ўзим қўлим билан ушлаб тураман. Бирон бир эҳтиётсиз ҳаракат қилиб зиён етказиб қўймасман – мен рақс тушмайман-ку, ахир. Кўнглингиз тўқ бўлаверсин, ташрифингиз учун миннатдорлик ҳам ҳамён кўтарганча бўлади.
– Ишонсангиз, – деди доктор баланд ҳам, паст ҳам эмас, лекин ёқимли, таъсирли овозда, – мен беморимни ҳеч қачон тама илинжида даволамайман. Тамагирлик менинг инсоний ақидаларим ва врачлик шаънимга мутлақо зид. Тўғри, хизматга ҳақ оламан, бунинг бирдан-бир сабаби – рад этиб мижозларимни ранжитиб қўймаслик. Бурнингизни-ку жойига келтириб қўярдим, аммо гапимга ишонмасангиз виждонимни кафил қилай, қиёфангиз бундан-да тасқарароқ бўлиб қолади. Начора, энди пешонада борини кўраверасиз-да. Тез-тез совуқ сувда ювиб туринг, ишончингиз комил бўлсинким, бурнингиз борлигида қандай бўлсангиз, бурунсиз ҳам худди шундай соппа-соғ юраверасиз. Бурунни эса спиртли банкада сақлаганингиз маъқул ёки, яхшиси, спирт ўрнига икки ошқошиқ ўткир арақ ва иситилган сирка қуйинг – ана шунда бурун эвазига мўмайгина маблағли бўлишингиз ҳам мумкин. Агар қиммат сўрамасангиз уни ўзимоқ сотиб оламан.
– Йўқ, йўқ! Сотиш ниятим йўқ! – дея қичқириб юборди Ковалёв аламидан. – Ундан кўра йўқ бўлиб кетсин!
– Маъзур тутасиз! – деди доктор тавозе билан. – Мушкулингизни осон қилиш ниятида эдим, холос… Начора! Ҳарқалай, қанча уринганимни ўзингиз кўрдингиз.
Шу гапларни айтиб доктор қаддини ғоз тутганча хонани тарк этди. Ковалёв унинг юзига ҳам боқмади, карахт аҳволда эмасми, фақат қора фракининг енгидан чиқиб турган оппоқ кўйлаги манжети кўз олдидан лип этиб ўтди, холос.
Эртаси куниёқ у маҳкамага шикоятнома битишдан аввал штаб-офицер Подточинага, каминага тегишли тана аъзосини уриш-жанжалсиз ўз ҳолига қайтариб берсангиз, деган мазмунда хат ёзишга қарор қилди.
“Муҳтарама
Александра Григорьевна хоним!
Сиз томонингиздан қилинган ғалати ишларга ҳеч тушунолмаяпман. Хотиржам бўлингким, бу йўл билан бирор нимага эришолмайсиз, яъни мени қизингизга уйланишга мажбур этолмайсиз. Шунга амин бўлингким, бурним билан боғлиқ воқеа менга кундек аён, бунга бошқа биров эмас, айнан сиз сабабчи эканингизни ҳам аниқ биламан. Бурнимнинг тўсатдан ғойиб бўлиб қолиши, қочиб кетишию ҳар хил тусларга кириши, дейлик, аввалига чиновник қиёфасида савлат тўкиб юриши ва ниҳоят яна ўз ҳолига қайтиши – сизнинг сеҳру жодуларингиз оқибати ёхуд сизга ўхшаб мана шунақа “олижаноб машғулотлар” билан шуғулланувчи кимсаларнинг кирдикоридир. Мен ўз номимдан сизни огоҳлантириб қўйишни бурчим деб биламан. Башарти, юқорида айтиб ўтганимдек, бурним бугуноқ ўз ўрнига қайтмас экан, у ҳолда мен тегишли қонун ҳимояси ва ҳомийлигига таянишга мажбур бўламан.
Шоён ҳурмат ила таъзимда
Камина қулингиз Платон Ковалёв”.
“Муҳтарам жаноб
Платон Кузьмич!
Мактубингиз мени ғоят ҳайратга солди. Эътироф этмоғим лозим, сиздан бунақа ноҳақ гина-кудуратларни асло кутмаган эдим. Олдиндан шуни маълум қиламанким, сиз тилга олган чиновникни ясама қиёфада ҳам, ўз қиёфасида ҳам уйимда қабул қилмаганман. Тўғри, хонадонимга Филипп Иванович Потанчиков келиб туради. Гарчи у қизимнинг қўлини сўраш илинжида юрган бўлса-да, бу боадаб, ўта маданиятли инсонни ҳеч қачон умидвор қилган эмасман. Сиз яна аллақандай бурун ҳақида сўз юритибсиз. Агар бу гапларингиз билан мен икки қўлимни бурнимга тиқиб қоламан, деган хаёлга борган, яъни расман рад жавобини оламан, дея ташвишланаётган бўлсангиз, буни сизнинг ўзингиздан эшитиш мени жуда таажжубга қўйди. Негаки, мен мутлақо бошқача фикрдаман. Бордию эндиликда сиз қизим билан қонуний унашиш ниятида бўлсангиз, бу истагингизни мен ҳозирнинг ўзидаёқ маъқуллашга тайёрман. Зеро, бу менинг энг катта тилагим. Ана шундай умид билан – мудом хизматингизга тайёр
Александра Подточина”.
“Йўқ, – деди Ковалёв хатни ўқиб чиққач. – Унинг бу ишга дахли йўқ. Кўриниб турибди! Жиноятда айбланаётган одам бундай хат ёзмайди. – Коллеж асессори Кавказ вилоятида бир неча бор терговга жалб этилгани боис бундай ишлардан дурустгина хабардор эди. – Қандай қилиб, қай йўсин бу савдо бошимга тушди?! Буниси энди ёлғиз худога аён!” деди у ниҳоят тақдирга тан бергандек.
Бу ёғини сўрасангиз, мазкур ғаройиб ҳодисага доир мишмишлар, табиийки, ошириб-тоширилиб бутун пойтахтга тарқаб кетди. Ўша кезлар барча ҳовлиқма кишилар айнан ғайриоддий воқеаларга ўч бўлиб қолган эди. Бундан сал аввал фақат магнетизмга оид тажрибалар жамоатнинг оғзида эди. Боз устига, Конюшен кўчасидан чиққан рақс тушувчи стуллар ҳангомаси ҳам ҳали эскирмаган эди, шунинг учун ҳамма тез орада коллеж асессори Ковалёвнинг бурни Нева проспектида роппа-роса уч соат сайр қилганмиш, дея гап бошлагани ҳеч ажабланарли эмас. Текин томошабинлар оқими кун сайин ортиб борарди. Кимдир ўша бурун Юнкер дўконида16 экан, дея гап тарқатибди. Юнкер олдига тумонат одам йиғилиб, шунақаям ур-йиқит бўптики, бу жанжал-суронни полиция аралашиб базўр тинчитибди. Театрга кираверишда қандолат-пандолат сотиб ўтирадиган, кўринишидан туппа-тузук, чаккасоқолли бир чайқовчи ёғочдан бежирим, пишиққина курсилар ясаб, ишқибозларни таклиф этибди – киши бошига саксон тийиндан олиб курси оша томоша уюштирибди. Бир фахрий полковник атайлаб уйидан барвақт чиқиб, бир амаллаб оломонни ёриб ўтибди, бироқ дўкон ойнасидан бурунни эмас, оддий жун фуфайкаю пайпоғини тузатаётган қиз ва дарахт ортидан унга мўралаб қараётган қайтарма нимчали, бир тутамгина соқолчаси бор олифта йигит тасвирланган литографик сувратни кўрибди, холос; суврат бу ерда осиғлиқ турганига ўн йилдан ошган эди. Полковник туртина-суртина бир четга чиқиб олгач, “Шунақа ёлғон ва тўмтоқ мишмишлар билан одамларни майна қилишнинг нима кераги бор-а?” деб роса дарғазаб бўлибди.
Кейин – майор Ковалёвнинг бурни Нева проспектида эмас, қачондан бери Таврия боғида сайр қилиб юрганмиш, у Хисрав Мирза17 яшаган вақтлардан буён ўша ерда эмиш, шаҳзода ҳам табиатнинг бу ғаройиб ўйинидан ғоят ҳайратланибди, деган гаплар тарқалди. Жарроҳлик академиясининг баъзи талабалари ўша ёққа йўл олибди. Таниқли ва нуфузли бир хоним эса боғ назоратчиси номига мактуб битиб, табиатнинг бу ноёб ҳодисасини болаларга кўрсатишни, агар иложи бўлса, ибратли ва насиҳатомуз изоҳлар билан ўсмирлар ўртасида тушунтиришлар олиб борилишини сўрабди.
Бўлиб ўтмиш ушбу воқеалар барча киборларга, айниқса, хонимлар димоғини чоғ қилишни хуш кўрадиган, тантанали қабул маросимларини канда этмайдиган олифталарга жуда қўл келди – захирадаги қизиқарли латифаларининг таги кўриниб қолган эди-да. Бир неча нуфузли, холис ниятли кишилар эса бу ҳолдан ўта норози эди. Бир жаноб ҳозирги маърифатли асримизда қандай қилиб мана шунақа куракда турмайдиган уйдирмалар тарқалиши мумкин, ҳеч тушунолмайман, нега бунга ҳукумат бепарво қараётир, дея жиғибийрон бўлиб гапирди. Бу жаноб, афтидан, ҳукуматни ҳамма нарсага, ҳатто эр-хотин ўртасидаги кундалик можарога ҳам аралаштиришга уринадиганлар хилидан бўлса керак. Шундан кейин… шу ерга етганда яна воқеани буткул туман чулғайди ва у ёғига нима бўлгани мутлақо маълум эмас.

III

118430536_img002.jpgДунёда ўта бемаъни ишлар ҳам кўп-да. Баъзида ҳақиқатга яқин ҳам йўламайдиган воқеаларга гувоҳ бўламиз. Статский советник мансабида ҳар ерда сайр қилиб юрган ва шаҳарда шунча шов-шув чиқарган ўша бурун гўё ҳеч нима кўрмагандек, кутилмаганда ўз жойи, яъни майор Ковалёвнинг икки ёноғи ўртасида пайдо бўлди-қолди. Бу воқеа апрель ойининг еттинчи куни рўй берди. Ковалёв уйғониб, бехосдан кўзгуга қараса – бурни жойида! Шоша-пиша ушлаб кўрди – ўзининг бурни! “Ие, ие!” дея қийқириб юборди у ва қувончи ичига сиғмай хонани оёқяланг гир айланиб югурмоқчи эди, қўққисдан кириб келган Иван халақит берди. Майор унга ювингани сув келтир, деб буюрди ва юз-қўлини чаяркан, яна бир марта ойнага қаради: бурни ўз ўрнида! Сочиққа артинаркан, тағин қаради: бурун ўша-ўша!
– Иван, қара-чи, бурнимга ғўдда чиққанга ўхшайди, – деди у ва “Агар Иван: э, жаноб, ғўдда қаёқда, буруннинг ўзи йўқ-ку, деса худо урди деявер!” деган гап ўтди хаёлидан.
Бироқ Иван:
– Йўғ-э, ҳеч қандай ғўдда-пўдда чиқмаган бурнингизга! – деди.
“Ана-а, зўр-ку!” деди ўзича майор ич-ичидан севиниб ва бармоқларини қирсиллатиб қўйди. Шу пайт қўлга тушаёзган ўғри мушукдек қўрқа-писа сартарош Иван Яковлевич эшикдан мўралади.
– Аввал менга шуни айт-чи, қўлингни ювганмисан? – деб қичқирди Ковалёв унга кўзи тушибоқ.
– Ҳа, қўлим тоза.
– Алдама!
– Худо ҳаққи, жаноб, топ-тоза.
– Бўпти, бўпти, кўрамиз ҳали…
Ковалёв курсига жойлашди. Иван Яковлевич унинг елкасига сочиқ ёпиб, чўткаси билан бир лаҳзада соқолию ёноқларига ноёб, хушбўй совун кўпигини чаплаб ташлади.
“Буни кўринг-а! – деди ўзига ўзи Иван Яковлевич унинг бурнига қараб, кейин бошини эгиб, ён томондан боқди. – Бор, йўқол-э!”, деб қўйди-да, яна бурунга тикилиб қолди. Кейин иложи борича аяб-авайлаб, унинг учидан ушламоқ бўлиб бармоқ чоғлади – Иван Яковлевичнинг соқол олиш усули шунақа эди.
– Эй, эй, кўзингга қара! – деб қичқирди Ковалёв.
Сартарош тараддуд аралаш довдираб қолди, уни шундай ҳаяжон босдики, бунақаси сира бўлмаган эди. Ниҳоят, эҳтиёткорлик билан устарасини гирд айлантириб, мижозининг иякларини аста қиртишлай бошлади. Гарчи ҳид билиш аъзосини ушламасдан соқол олиш хийла ноқулай бўлса-да, дағал бармоқларини бет ва пастки жаққа тираб, бир амаллаб ишини тугатди.
Соқол олдириб бўлган заҳоти Ковалёв кийиниб, извошга ўтирдию тўппа-тўғри қандолатхонага жўнади. Дўкон эшигидан ҳатлабоқ, “Болакай, бир финжон шоколад келтир!” деб буюрди, ўзи эса тошойнага югурди; бурни ўз жойида! Сўнгра оғзининг таноби қочиб орқасига ўгирилди ва бировининг бурни нимча тугмасидек келадиган икки ҳарбийга кўзини қисиброқ масхараомуз қараб қўйди. Дўкондан чиққач, вице-губернатор лавозимига, бордию омад чопмаса, экзекутор мансабига эришаман деб обдон остонасини чангитгани департамент девонхонасига йўл олди. Қабулхонадан ўтиб бораркан, ойнага кўз ташлаб олди: бурун жойида турибди! Бу ерда у бошқа бир коллеж асессори, яъни ўзига ўхшаган майорни зиёрат қилмоқчи эди; ҳамкасабаси ўта ҳазилкаш, бировнинг устидан кулишга суяги йўқ бўлиб, унинг илмоқли гапларига Ковалёв “Эй, қўйсанг-чи, сени биламан-ку, заҳарсан!” деб қутуларди. Йўлакда у ўзича, “Агар шу майорки мени кўриб кулгидан тарс ёрилмаса, демак, ҳеч бир хавотирга ўрин қолмайди”, деб ўйлади. Коллеж асессори эса кулмоқни хаёлига ҳам келтирмади. “Жин урсин, ишлар беш!” деди Ковалёв ўзига ўзи. Қайтаётиб у кўчада штаб-офицер Подточина билан қизини учратиб қолди. Улар Ковалёв билан илиққина, ўзаро таъзим адо этиб салом-алик қилишди. Бундан чиқди, кўриниши биппа-бинойи, юзида ҳеч бир кемтиклик йўқ! Ковалёв улар билан узоқ сўзлашди, атайин тамакидонини очиб, бурнининг ҳар иккала тешигига босиб-босиб ҳидлади. “Ҳе, товуқмиялар-эй, қараб турларинг ҳали! Қизингга уйланиб бўпман! Шунчаки par amour18 уйланадиган аҳмоғинг йўқ – хомхаёл бўлма!” дерди ичида.
Ўшандан бери майор Ковалёв, гўё ҳеч нима кўрмагандек, Нева проспектида, театру бошқа жойларда бемалол сайр қилиб юради. Бурни ҳам тўсатдан ғойиб бўлиб қолганидан бехабар, ҳеч гап бўлмагандек, мана, жойгинасида қаққайиб турибди! Кейинчалик ҳам майор Ковалёвнинг мудом ҳазил-мутойиба қилиб хушвақт юрганини, хушсуврат хонимларнинг деярли барчасини зимдан кузатишини ва ҳатто бир гал Гости¬ный дворга19 кириб, қандайдир раста олдида тўхтагани, нима учун экани номаълум-у, орден тақиладиган тасма сотиб олганини кўрганлар бор, ваҳоланки, у ҳеч қандай орден соҳиби эмас эди.
Бепоён мамлакатимизнинг шимолий пойтахтида ана шундай воқеа содир бўлди! Бироқ энди, ҳаммасини мулоҳаза қилиб кўргачгина бу ҳангоманинг ҳақиқатдан йироқ жиҳатлари кўп эканини англаб турибмиз. Ковалёв йўқолган бурун ҳақида газетада эълон бермоқ кулгили иш эканини тушунмаганидек, буруннинг башарадан узилиб чиқишию, кам эмас, кўп эмас, статский советник қиёфасида ҳар жойда пайдо бўлиши ҳам ақл бовар қилмас ҳодиса эканини гапириб ўтирмоққа ҳожат бўлмаса керак. Камина эълон чоп эттириш жуда қимматга тушажагини назарда тутаётганим йўқ, албатта, бу ғирт майдакашлик бўлардики, мен асло манфаатпарастлар сирасига кирадиган кимса эмасман. Лекин барибир нимасидир ноқулай, нодуруст-да, шундоқ эмасми? Яна ўша гап – мардумнинг юзидаги бурун қай тариқа эндигина печдан чиққан қайноқ нон ичида пайдо бўлиб қолгану Иван Яковлевичнинг ўзи қай тариқа?.. Йўқ, мен буни ҳазм қилолмайман, мутлақо! Аммо қизиқ, ёзувчилар шунақа сюжетларни қандай қаламга олар экан-а? Тан оламан, бунисига энди сира ақлим етмайди, ҳа, шундай… вассалом. Биринчидан, бунинг халққа ҳеч кераги йўқ; иккинчидан… иккинчидан ҳам бефойда. Билмайман, билмайман…
Лекин барибир ундоқ ҳам, бундоқ ҳам, бошқача ҳам бўлиши мумкин… Бундай олиб қараганда, шунга ўхшаш бемаъни, қуюшқонга сиғмайдиган воқеалар йўқ деб ким кафолат бера олади?.. Нафсиламри, яхшироқ ўйлаб кўрилса, бу хил ҳангомаларнинг замирида озми-кўпми ҳақиқат борга ўхшайди. Ким нима деса десин, дунёда шу каби ҳодисалар ҳам бўлиб туради – онда-сонда бўлса ҳам.

Манба: «Тафаккур» журнали

Изоҳлар
__________________

1 Коллеж асессори – Пётр Биринчининг ташаббуси билан таъсис этилган “Унвонлар жадвали”га кўра, саккизинчи класс чиновниги ҳарбий майорга тенглаштирилган. Кавказда маъмурлар мансабини бемалол суиистеъмол қилганидан бу унвонга эришиш осон бўлган.
2 Пунш – ром виносига сув, шакар, мева шарбати ҳамда хушбўй зираворлар қўшиб-қайнатиб тайёрланадиган спиртли ичимлик
3 Манишка – кўйлакнинг қадама кўкрак қисми
4 Бостон – қарта ўйинининг бир тури
5 Экзекутор – Чор Русиясида идора ва муассасаларнинг хўжалик ишларини бошқарувчи амалдор
6 Статский советник – Чор Русиясида 5-даражали мартаба
7 Вицмундир – чиновникларнинг махсус кийими
8 Колоннада – қатор устунлар
9 Ливрея – малайлар киядиган заррин уқали либос
10 Надворный советник – Чор Русиясида 7-даражали мартаба
11 Ахлоқ бошқармаси (Управа благочиния) – айрим суд ишларини ҳам тасарруфига олган полиция бошқармаси
12 “Северная пчела” – 1838 йилдан 1866 йилгача Русияда нашр этилган сиёсий-адабий газета
13 Биз билган каллақанддан ҳажман анча катта.
14 Ботфорт – қўнжи тиззадан баланд этик
15 Дилижанс – пассажир ва почта ташийдиган арава
16 Юнкер дўкони – Нева проспекти ва Большой Морской кўчалари муюлишидаги модалар дўкони
17 Хисрав Мирза – форс шаҳзодаси; 1829 йилда Петербургдаги Эрон элчихонасини бошқарган.
18 Par amour – севги туфайли (фр.)
19 Гостиный двор – Петербургдаги йирик савдо маркази

imgB.asp.jpgUlug‘ rus yozuvchisi N. V. Gogolning “Burun” qissasi (1836) hozirgi adabiy tanqidchilik “fusunkor realizm” deya atayotgan ijodiy usulga mansub asardir. Unda qalamga olingan voqealar, taajjubki, bir qarashda batamom hayotiy, bir qarashda esa mutlaqo xayoliy tuyuladi. Har qanday yuz-xotirni chetga surib aytganda, mazkur qissa fabulaviy jihatdan chandon fazilatli ham emasdek: Kovalyov degan o‘rtacharoq bir amaldorning yuzidan burni avval qanday sirli g‘oyib bo‘lsa, ba’zi sarguzashtlar osha keyin yana xuddi shunday sirli tarzda paydo bo‘lib qoladi. Anchayin latifabop bir gap, to‘g‘ri emasmi? Unda nega qissa salkam ikki yuz yildan buyon kitobxonni hayajonga solib kelmoqda? Bunga sabab – asarda turli tabaqa kishilarining fe’l-atvori bemisl aniqlik va teranlik bilan tasvirlab berilganida. Faqat shugina emas, bunday qiyofalarni bugun ham har joydan istalgancha topish mumkinligida! Agar so‘zimizni lofga yo‘ysangiz, mayli, qissani o‘qing-da, tevarakka nazar soling – shundoq yonginangizda ularni ko‘rishingiz turgan gap. Darvoqe, Gogolgagina xos bo‘lgan halim istehzo bu qiyofalarni, badiiy-estetik ma’noda, yanayam jozibador etib yuborgan.
Mashhur “O‘lik jonlar” muallifining deyarli barcha asosiy asarlari o‘zbek tiliga tarjima qilingan. Ammo “Burun” qissasidek badiiy durdona mutarjimlar e’tiboridan chetda qolib kelayotgani, rosti, bizni taajjubga solar edi. Mana, nihoyat, tarjimon Farhod Fayziyning jur’ati va zahmati bilan asarning o‘zbekcha tarjimasi dunyo yuzini ko‘ribdi. Uni siz, muhtaram jurnalxonlar e’tiboriga havola etar ekanmiz, tarjimada ayrim xiraroq o‘rinlar uchrasa ma’zur tutarsiz deb ishonamiz. Zero, Gogol kabi daho san’atkorni o‘zbekchada asliyatga monand yuksak pardada so‘zlata olish oson ish emas («Tafakkur» jurnali so’zboshisi).

Nikolay Gogol
BURUN
Farhod Fayziy tarjimasi
006

009Nikolay Vasilevich Gogol [1809.20.3(1.4), Poltava gubernyasi, Mirgorod uezdi — 1852.21.2 (4.3), Moskva] — rus yozuvchisi. Rus adabiyotida tanqidiy realizmga asos solgan. Nejin gimnaziyasini tugatib (1828), Peterburgga kelgan. Rassomlik qilgan, drama to‘garaklarida faol qatnashgan, ayrim yumoristik rollarni ijro etib, badiiy ijod bilan ham shug‘ullangan. V. Alov taxallusi bilan yozilgan «Gants Kyuxelgarten» romantik dostoni (1829) salbiy baholangach, chet elga ketgan. Germaniyaning Lyubek, Gamburg shaharlarida bo‘lgan. Peterburgga qaytib, davlat mahkamalarida xizmat qiladi. Mahkamalardagi qog‘ozbozlik, sansalorlik kabi illatlar Gogol uchun boy mavzu bo‘ldi («Peterburg qissalari, 1830). A.S. Pushkin bilan uchrashuvi (1831) Gogol ijodida burilish yasadi. «Dikanka qishlog‘i oqshomlari» (1831—32) to‘plamiga kirgan hikoya va qissalari («Sorochino yarmarkasi», «Dahshatli qasos» va b.) Gogolga shuhrat keltirdi. Bunda Malorossiyadagi turmush tarzi, odamlar ongi, axloqi, xalqning yumorga boy afsonalari, urf-odatlari aks ettirilgan. Gogol Sankt-Peterburg universiteti umumtarix kafedrasida professor bo‘lib ishladi (1834), bu unga tarix bilan chuqurroq tanishish imkonini berdi. «Mirgorod» («Ivan Ivanovich bilan Ivan Nikiforovich oralarida bo‘lib o‘tmish janjallar hikoyati», «Viy» va boshqa qissalar) to‘plami hamda «Arabeskalar» («Neva shoh ko‘chasi», «Portret», «Tentak maktublari» qissalari) to‘plamida (1835) shahar hayoti manzaralari «ko‘zdan yosh chiqquncha» kulgi qo‘zg‘atadigan usulda tasvirlanadi. «Taras Bulba» (1835) qissasi ukrain xalqining chet el bosqinchilariga qarshi kurashiga bag‘ishlangan. Gogol 30-yillar 1-yarmida «3-darajali Vladimir» (tugallanmagan), «Uylanish» (1842 yilda nashr etildi) komediyalari ustida ishladi. «Revizor» (1836) komediyasida Rossiyadagi mansabparastlik, xazinani talon-toroj qilish, poraxo‘rlik va boshqa hajv ostiga olingan. Gogol ijodining cho‘qqisi bo‘lgan «O‘lik jonlar» (1842) doston-romanida Rossiyadagi o‘sha davr hayotiga umumiy tavsif berilgan.
Gogol o‘z dunyoqarashida sodir bo‘lgan axloqparastlik goyalari ta’sirida «Do‘stlar bilan yozishmalardan tanlangan sahifalar» (1847) asarini e’lon qiladi. Mazkur asar V. G. Belinskiy tomonidan tanqidga uchraydi («N.V. Gogolga xat»).
Gogolning «Revizor» (1935—52, Kibriyo Qahhorova va Abdulla Qahhor tarjimasi), «Ivan Ivanovich va Ivan Nikiforovich oralarida bo‘lib o‘tmish janjallar hikoyati» (1972, N. Alimuhamedov tarjimasi), «O‘lik jonlar» (1959, Rustam Abdurahmonov tarjimasi) va boshqa asarlari o‘zbek tilida nashr etilgan. «Revizor», «Uylanish» pesalari O‘zbekistan teatrlari sahnasida qo‘yilgan.

006

I

118430546_img041.jpgMart oyining yigirma beshinchi kuni favqulodda g‘aroyib hodisa ro‘y berdi. Voznesensk ko‘chasida yashovchi sartarosh Ivan Yakovlevich (uning familiyasini biror kimsa bilmasdi, hatto sartaroshxona eshigidagi yuziga sovun ko‘pigi surtilgan janob tasviri tushirilgan hamda “harom qondan xalos etadi” degan yozuv bitilgan taxta lavhada ham hech vaqo ko‘rsatilmagan edi) odatdagidan barvaqtroq uyg‘ondiyu dimog‘iga issiq non hidi urildi. Karavotidan sal qad rostlab, rafiqasi – o‘ziga yetguncha kayvoni, yana deng rosa kofiyxo‘r xonim qip-qizil so‘lqillama nonlarni pechdan uzayotganini ko‘rdi.
– Praskovya Osipovna, men bugun kofiy ichmayman, – dedi Ivan Yakovlevich, – uning o‘rniga issiq nonga piyoz qo‘shib yegim kelyapti.
(Ivan Yakovlevich unisiga ham, bunisiga ham yo‘q demasdi-ya, ammo birvarakay har ikkalasini so‘ramoq odobdan emasligini, zero, Praskovya Osipovnaning bunaqa xurmacha qiliqlarga aslo toqati yo‘qligini yaxshi bilardi.) “Mayli, bu ahmoq non yeb qo‘yaqolsin, – deb o‘yladi xotini, – o‘zimga yaxshi – bir finjon kofiy yonga qoladi”. U stolga bitta non tashlab ketdi.
Ivan Yakovlevich, azbaroyi sipogarchilik, ko‘ylak ustidan frak kiydi, so‘ng stol qoshiga kelib o‘tirdi-da, ikki bosh piyozni archib tuz sepdi va hafsala bilan non kesishga kirishdi. Uni ikkiga bo‘larkan, o‘rtasida bir nima oqarib turganini ko‘rib hayron bo‘ldi. Pichoq bilan sekin kavladi, barmoq uchini tekkizdi. “Qattiqqina! – dedi o‘zicha. – Nima bo‘lsa ekan-a bu?”
Keyin barmog‘ini tiqib tortib oldi – burun ekan!.. Ivan Yakovlevich ko‘zlarini ishqalab, ser solib qaradi: burun, burunning o‘zginasi! Boz ustiga, qaysidir tanishining burni. Ivan Yakovlevichning yuzini dahshat alomati qopladi. Ammo bu dahshat xotini ko‘targan vahima oldida hech gap bo‘lmay qoldi.
– Burunni qay go‘rdan kesib olding, vahshiy?! – deb qichqirdi u jahldan ko‘karib. – Yaramas! Piyonista! Seni o‘zim politsiyaga topshiraman. Qirchang‘i ho‘kiz! Eshitdim, bir emas, uch kishi aytdi menga, soqolini olayotganingda burnidan changallab tortqilashingga mijozlaring arang chidar ekan.
Biroq Ivan Yakovlevich serrayib qolgan edi. U bildi, bu – har chorshanba va yakshanba kunlari soqol oldiradigan kollej asessori Kovalyovning burni.
– Sabr qil, Praskovya Osipovna! Buni lattaga o‘rab bir chekkaga qo‘yib qo‘yay, shu yerda turatursin, keyin olib ketaman.
– Bo‘lmag‘ur gapni yig‘ishtir! Bir kamim uyda kesilgan burunni saqlash edi o‘zi! Qiltiriq, qashqataroq! Qarang-a, bu kishim ustarani qayishga ishqashni biladi, xolos, yaqin orada shuni ham eplayolmay qoladi yaramas, go‘rso‘xta! Seni deb politsiyama-politsiya chopaymi endi? Voy isqirt, isliqi-ey! Yo‘qot buni! Daf qil! Qayoqqa bo‘lsa ham olib ket! Ko‘zimdan yo‘qot!
Ivan Yakovlevich bir ahvolda qaqqayib turdi-turdi, o‘ylay-o‘ylay boshi shishdi.
– Jin ursin, bu qanaqasi? – dedi nihoyat qulog‘i orqasini qashib. – Kechasi mast bo‘lib kelganmidim yoki aqlu hushim joyidamidi, o‘zim ham bilmayman. Hecham aqlga sig‘maydi: axir non deganlari pechda pishsa, burun uning ichida… Boshim qotib qoldi!..
Ivan Yakovlevichning birdan dami ichiga tushib ketdi. Politsiya burunni qidirib topib, uni aybdor qilishini o‘ylab aqldan ozayozdi. Halitdan ko‘ziga zarrin hoshiyador qizil yoqa, shpaga… ko‘rinib, butun vujudini titroq bosdi… Nihoyat, almisoqdan qolgan ko‘ylagi va etigini sandiqdan oldi, shu uvadalarni egniga ilib, Praskovya Osipovnaning ayovsiz qarg‘ishlari ostida burunni lattaga o‘rab, ko‘chaga chiqdi.
Bu dardisarni u biron yerga daf qilishni o‘ylardi: yo darvoza ortidagi temir ustuncha orasiga tiqib yuboradi, yoxud, bilmagan kishi bo‘lib, u yer-bu yerga tushirib qo‘yadi-da, o‘zi duch kelgan ko‘chaga kirib ketadi. Baxtga qarshi, ro‘parasidan tanish-bilishlari chiqib qolar va “Yo‘l bo‘lsin!” yoki “Tong saharlab kimning soqolini qirtishlagani shaylanib qolding?” deya savolga tutar edi – shu asno Ivan Yakovlevich qulay fursat topa olmadi. Bir vaqt burunni tushirib qo‘ygan kishi bo‘lib ketayotgan edi, budkada o‘tirgan qorovul uzoqdan oyboltasini o‘qtalgancha, “Bir nimangni tushirib qo‘yding! Qani, ol-chi!” deb baqirib qoldi. Ivan Yakovlevich burunni olib cho‘ntagiga tiqishga majbur bo‘ldi. Birdan umidsizlikka tushdi, boz ustiga, do‘konu rastalar ochilayotgan mahal emasmi, ko‘cha borgan sari gavjumlashmoqda edi.
U Isakievsk ko‘prigiga borishga qaror qildi: balki bu savil qolgurni Nevaga uloqtirib yuborar?.. Ammo men sal-pal hurmatga sazovor jihatlari ham bo‘lgan Ivan Yakovlevich haqida hanuzgacha biron bir tayinli gap aytmaganim uchun oldingizda andak aybdorman, muhtaram kitobxon.
Har qanday rus hunarmandiga o‘xshab Ivan Yakovlevich ham g‘irt piyonista edi. Xudoning bergan kuni mijozlari soqolini qirtishlasa-da, o‘zining soqoli umri bino bo‘lib ustara ko‘rmasdi. Sira egnidan tushmaydigan fraki (u hech qachon syurtuk kiymasdi) esa olachipor tusdami-ey: ya’ni, aslida qora bo‘lib, hammayog‘ini jigarrang-sariq va kulrang dog‘-dug‘ bosgan, yoqasining ham yag‘iri chiqib yaltirab ketgan, uchta tugma o‘rnida faqat ipi osilib turar edi. U o‘taketgan surbet bo‘lib, kollej asessori1 Kovalyov har soqol oldirayotganida “Ivan Yakovlevich, qachon qarama, qo‘llaring sasiydi-ya!” desa, sartarosh uning o‘ziga “Nimadan sasirkan-a?” deya savol qotardi. “Bilmadim, otaginam, shu – sasigani sasigan-da”, derdi kollej asessori. Ivan Yakovlevich esa tamakisini bir hidlab olardi-da, bu gapi uchun uning iyaklariyu burni osti, quloqlari ortiyu tomoqlariga – bir so‘z bilan aytganda, qaeriga surtgisi kelsa, ayamay sovun ko‘pigini chaplab tashlardi.
Ana shu muhtaram fuqaro Isakievsk ko‘prigiga yetib keldi. Tevarak-atrofga alang-jalang boqib, keyin ko‘prik ostiga qaramoqchi bo‘lgan kishi misol to‘siq ustiga engashdi, go‘yo baliqlar g‘ujg‘on o‘ynab yurganmikan deya kuzatayotgandek turdi-turdi-da, lattaga o‘ralgan burunni astagina suvga otib yubordi. Birdan yelkasidan tog‘ ag‘darilgandek yengil tortdi-qoldi. O‘zicha jilmayib ham qo‘ydi. Chinovniklarning soch-soqolini olgani borish o‘rniga, qanshariga “Yegulik va choy” deb yozib qo‘yilgan yemakxonaga kirib bir stakan punsh2 ichaman, deya chog‘langan ham ediki, birdan ko‘prik adog‘ida o‘zi tomon tikilib turgan sersalobat, endor chakkasoqolli, uchburchak shlyapa kiygan, shpaga taqqan kvartal noziriga ko‘zi tushdi. Sartarosh joyidan qimirlayolmay qoldi, nozir esa barmog‘i bilan imlab uni chaqirmoqda edi:
– Qani, bu yoqqa kel-chi, azizim!
Ivan Yakovlevich mulozamat yo‘rig‘ini bilgani uchun uzoqdanoq bosh kiyimini yechib qulluq qildi-da, zipillab uning oldiga bordi.
– Oliyhimmat janoblari, salomat bo‘lgaylar! – dedi yaltoqlanib.
– E-e, birodar, oliyhimmating nimasi?! Xo‘sh, ko‘prik ustida nima qilib turgan eding?
– Xudo haqqi, janob, soqol olgani ketayotib o‘zim shunchaki, daryo tez oqyaptimikan deb bir qaradim-da.
– Qo‘y yolg‘oningni! Shu bilan qutulib ketaman deb o‘ylama! To‘g‘risini ayt!
– Men, oliyhimmat janoblari, haftada ikki marta yoki hatto uch marta bepul soqol olaman, – dedi Ivan Yakovlevich.
– Be-e, shuyam gap bo‘ptimi, og‘ayni?! Bilsang, mening soqolimni uchta sartarosh oladi, ular tag‘in buni o‘zi uchun sharaf deb biladi! Qani, endi gapir-chi, ko‘prik ustida nima qilib turgan eding?
Ivan Yakovlevichning rangi oqarib ketdi… Ammo shu o‘rinda mazkur voqeani butkul tuman chulg‘aydi va undan so‘ng nima bo‘lgani xususida mutlaqo hech narsa ma’lum emas.

II

118430544_img0030.jpgKollej asessori Kovalyov ancha barvaqt uyg‘ondi va lablari orasidan “brr…” degan ovoz chiqardi – uyg‘onganida u doim shunday qiladi-yu, buning sababini o‘zi ham bilmaydi. Kovalyov bir kerishib oldi-da, xizmatkoriga stol ustida turgan chog‘roq toshoynani olib kelishni buyurdi. U kecha burnida paydo bo‘lgan g‘o‘ddaga bir ko‘z tashlab qo‘ymoqchi edi; biroq – afsus-nadomatlar bo‘lsinkim, burni o‘rni tep-tekis, hech vaqo yo‘q! Yurak-puragi chiqib ketgan Kovalyov “Suv ber!” deb baqirdi. Ko‘zlarini sochiq bilan arta-arta yana oynaga qaradi: ha, burni yo‘q! Tush ko‘rayotgandirman deb u yoq-bu yog‘ini chimchilab ko‘rdi, uxlayotgani yo‘q shekilli. U karavotidan sapchib turib, bir silkinib qo‘ydi: yo‘q, burni yo‘q!.. Darhol ko‘chalik liboslarini so‘radi va kiyiniboq to‘ppa-to‘g‘ri ober-politsmeyster huzuriga ravona bo‘ldi.
Darvoqe, shu o‘rinda kitobxon Kovalyov kollej asessorlarining qandayin turiga mansub ekanini tasavvur qilmog‘i uchun u haqda bir-ikki og‘iz gapirib berishga to‘g‘ri keladi. Bunday unvonga ilmiy attestat yordamida erishgan kollej asessorlarini Kavkazda shu unvonga sazovor bo‘lgan kollej asessorlari bilan sirayam tenglashtirib bo‘lmaydi. Chunki bular mutlaqo alohida-alohida tur hisoblanadi. O‘qimishli kollej asessorlari… Biroq Rossiya shundayin g‘aroyib o‘lkaki, agar bironta kollej asessori haqida bir og‘iz so‘z aytsangiz, bas, Rigadan Kamchatkagacha bo‘lgan hamma hududlarning kollej asessorlari buni albatta o‘zi haqda deb o‘ylaydi. Koshki barcha unvonu mansablarni nazarda tutib bo‘lsa! Kovalyov kavkazlik kollej asessori edi. Bu unvonga erishganiga bor-yo‘g‘i ikki yil bo‘lgan, shu bois buni bir lahzayam xayolidan chiqarmaydi; o‘zini olijanob va salobatli ko‘rsatmoq uchun esa kollej asessori emas, hammaga mayor deb tanishtirardi. “Quloq sol, azizam, – deya gap boshlardi u odatda ko‘cha-ko‘yda manishka3 sotib yurgan xotinni uchratib qolsa, – sen, yaxshisi, uyimga kel, kvartiram Sadovaya ko‘chasida, mayor Kovalyov qaerda turadi deb so‘rasang, duch kelgan odam ko‘rsatib qo‘yadi”. Bordiyu ayol yoqimtoyroq bo‘lsa, unga maxfiy topshiriq ham berardi-da, “Jonginam, sen mayor Kovalyovning kvartirasini so‘ra”, der edi. Biz ham bundan keyin bu kollej asessorini mayor deb ataymiz.
Mayor Kovalyovning har kuni Neva prospektida sayr qilish odati bor edi. Uning manishkasi yoqasi doimo top-toza va ohorlangan bo‘lardi. Bakenbardi esa, hozir ham guberniya va uezd tanobchilari, me’morlar va polk doktorlari, shuningdek, politsiya xizmatchilari, qo‘yingki, go‘shtdor yonoqlari qip-qizil, boston4 o‘yinini qotirib o‘ynaydigan hamma erkaklar qo‘yib yuradigan ko‘rinishda edi. Bunday chakkasoqol yonoqlarning qoq o‘rtasidan cho‘zilib borib to‘ppa-to‘g‘ri burunga taqaladi. Mayor Kovalyov qimmatbaho toshdan yasalgan turli-tuman tamg‘ali muhrlarni yonida olib yurar, ular orasida hatto “dushanba”, “chorshanba”, “juma” va boshqa so‘zlar o‘yib yozilganlari ham bor edi. U Peterburgga faoliyat yuzasidan, aniqroq qilib aytganda, unvoniga yarasha durustroq mansab egallash ilinjida kelgan: iloji topilsa, vitse-gubernatorlikka o‘tsam, yo‘qsa, biror kattaroq departamentga ekzekutor5 bo‘lib joylashib olsam, deb mo‘ljallardi. Mayorimizning uylanish niyati ham yo‘q emas, agar bisoti ikki yuz ming aqchalik qayliq uchrab qolgudek bo‘lsa, ko‘zini chirt yumib uylanib yuborishi turgan gap. Ana endi, tuppa-tuzuk, o‘rtamiyona burni o‘rnida mayor o‘ta bema’ni, sip-sillig‘u tep-tekis joyni ko‘rib qay ahvolga tushganini kitobxonning o‘zi faraz qilaversin.
Baxtga qarshi, ko‘chada bironta izvosh ko‘rinmasdi. Mayor plashiga o‘ranib, go‘yo burnidan qon ketayotgandek tus bermoq uchun yuzini dastro‘moli bilan bekitib yayov ketishga majbur bo‘ldi. “Hoynahoy menga shunday tuyulgandir, he yo‘q-be yo‘q, burnim g‘oyib bo‘lib qolishi mumkin emas-ku?!”, deb o‘yladi u va yana oynaga qarash ilinjida qandolat do‘koniga kirdi. Yaxshiyamki, do‘kon bo‘m-bo‘sh ekan; faqat yugurdak bolalar xonalarni supurib-sidirib, kursilarni joy-joyiga qo‘ymoqda, ba’zilari uyqusiragancha patnisda qaynoq go‘mma olib chiqayotir; stol-stullar ustida kofiy to‘kilgan kechagi gazetalar qalashib yotibdi. “Xayriyat, hech zog‘ yo‘q, – dedi u o‘ziga o‘zi, – bemalol oynaga qarab olsam bo‘ladi”. Yuragi betlamaygina oynaga yaqinlashdi va tikilib qaradi. “Jin ursin, bu nima ko‘rgilik! – dedi tupurib. – Burun o‘rnida bir nima qaqqayib tursa ham go‘rga edi, hech vaqo yo‘g‘-a!..”
U alamdan labini tishlab do‘kondan chiqdi va doimiy odatiga xilof ravishda hech kimga qaramay, hech kimga jilmayib boqmay tez-tez keta boshladi. Ammo to‘satdan bir uy oldida qoqqan qoziqdek to‘xtadi-qoldi – ko‘z ko‘rib quloq eshitmagan voqea ro‘y bergan edi: yo‘lak ostonasiga kareta kelib to‘xtadiyu undan mundirli bir janob sakrab tushdi-da, engashgancha zinadan chaqqon-chaqqon chiqib ketdi. Bu o‘zining burni ekanini ko‘rgan Kovalyov qanday dahshatu hayratga tushganini ta’riflashga til ojiz! Uning ko‘z o‘ngida hammasi ayqash-uyqash bo‘lib ketdi, u arang oyoqda turardi, biroq talvasada titragancha qanday bo‘lmasin o‘sha janobni kutmoqqa qaror qildi. Chindan ham ikki daqiqa o‘tar-o‘tmas burun qaytib chiqdi. Kattakon tik yoqali, zarrin hoshiyador mundir va takaki charm pantalon kiyib olgan, shpagasi ham bor. Ukparli shlyapasiga qarab, kamida statskiy sovetnik bo‘lsa kerak, deya xulosa qilish mumkin. Turishidan kimnikigadir tashrif buyurish niyatida. U yon-veriga nazar tashlab oldi-da, aravakashga “Qani, ketdik!” deya baqirdi va karetaga o‘tirdiyu jo‘navordi.
Bechora Kovalyov aqldan ozishiga bir bahya qoldi. U hozirgina o‘zi guvoh bo‘lgan voqeadan hangu mang: yo tavba-a, qanday qilib kechagina uning yuzida turgan burun bugun oyoq chiqarib, mundir kiyib bemalol ko‘chada yuradi?! Mayor karetaning ketidan chopdi, xayriyatki, u uzoqqa bormay Qozon cherkovi oldida to‘xtadi. Kovalyov ham shosha-pisha o‘sha tomon yugurdi, ko‘z o‘rnida ikkita teshikcha ochib qo‘yilganu beti-boshini chirmab olgan tilanchi kampirlar orasidan o‘tib cherkovga kirdi. Ibodatchilar siyrakroq – ular faqat eshik oldida uymalashib turardi. Kovalyov ayni tobda ibodat qiladigan ahvolda emas, alanglab har burchakdan boyagi mundirli janobni izlardi. Nihoyat, uni topdi. Burun bir chekkada, aftini kattakon tik yoqasi bilan bekitgancha o‘taketgan taqvodorlardek berilib ibodat qilmoqda edi.
“Uning oldiga qanday boraman-a? – deb o‘yladi Kovalyov. – Savlat-salobati, mundiriyu shlyapasidan statskiy sovetnik6 ekani ko‘rinib turibdi. Jin ursin, qandoq qildim endi!”
Yaqinrog‘iga borib ustma-ust yo‘taldi; lekin burun sira ibodatdan chalg‘imay, qayta-qayta ta’zimga egilar edi.
– Oliyhimmat janobim… – dedi Kovalyov o‘zini dadil tutishga urinib, – oliyhimmat janobim…
– Nima deysiz? – dedi burun unga o‘girilib.
– Men taajjubdaman, oliyhimmat janobim… Menimcha… siz o‘z o‘rningizni bilmog‘ingiz kerak. Axiyri sizni topdim-a, yana qaerdan deng? Cherkovdan! Shuni tan olgaysizkim…
– Ma’zur tutasiz, fahmim yetmayroq turibdi, nima demoqchisiz o‘zi… durustroq tushuntirsangiz-chi.
“Qanday tushuntirsam bo‘larkan bunga?” deb o‘yladi Kovalyov va o‘zini qo‘lga olib, gap boshladi:
– Men, albatta… Ha, aytgandek, men mayorman. O‘zingizdan qolar gap yo‘q, mendek odamning burunsiz yurishim uyatdir axir. Voskresensk ko‘prigida archilgan apelsin sotib o‘tiradigan juldurvoqi xotinning burni bo‘lmasa hech bokisi yo‘qdir, biroq men… nufuzli lavozimga muyassar bo‘lishim nazarda tutilsa… buning ustiga, ko‘pgina e’tiborli xonimlar, deylik, statskiy sovetnik Chextaryova va boshqalar bilan tanishman… Tanangizga bir o‘ylab ko‘rsangiz… Nima deyishgayam hayronman, oliyhimmat janoblari… (Shu yerga kelganda u yelkasini qisib qo‘ydi.) Ma’zur tutgaysiz… agar bunga burch va nomus talabi deb qaraladigan bo‘lsa… o‘zingiz tushunsangiz kerak…
– Mutlaqo hech nimani tushunmayapman, – dedi burun. – Ochiqroq gapiring.
– Oliyhimmat janobim, – dedi Kovalyov ich-etini yegudek bo‘lib. – Taajjubdaman, tushunmaydigan gapning o‘zi yo‘q-ku… Yoki siz… Axir – siz mening burnimsiz!
Burun mayorga tik qaradi, uning qoshlari chimirilib ketdi.
– Yanglishasiz, muhtaram janob. Men, bu – menman. Boz ustiga, bizning o‘rtamizda hech qanday yaqinlik bo‘lmog‘i mumkin emas. Vitsmundiringiz7 tugmalariga qaraganda, siz boshqa bir mahkamada xizmat qilasiz chog‘i.
Burun shunday dediyu o‘girilib ibodatini davom ettiraverdi.
Kovalyov nima qilishni, nima deyishni bilolmay esankirab qoldi. Shu payt zaifona liboslarning yoqimli shitir-shitiri eshitildi, boshdan-oyoq to‘rsimon matoga burkangan keksa bir xonim bilan oq ko‘ylagi xushbichim qomatiga chippa yopishgan, boshiga sarg‘ish shlyapa qo‘ndirgan noziknihol, ukpardek yengil, boldek shirin qiz paydo bo‘ldi. Ularning ortidan chakkasoqoli endor, qat-qat yoqali novcha malayi ham kirib, tamakidonini ochdi.
Kovalyov ularga yaqinroq borib, manishkasining batis yoqalarini chiqarib qo‘ydi, tilla zanjirga osig‘liq muhrlarini tuzatib-to‘g‘rilagan bo‘ldi, so‘ng yonveridagilarga jilmayib qaradi-da, nozik barmoqchalarini peshonasiga tekkizgancha salgina egilib turgan ko‘klam chechagidek noziknihol xonimga tikilib qoldi. Qizning shlyapa ostidan xiyol ko‘zga chalinayotgan oppoq iyagi va ko‘klam atirguli misol nimpushti yonoqlarini ko‘rgan Kovalyovning basharasi tabassumdan battar yoyildi. Ammo birdan ustiga qaynoq suv quyilgandek bo‘ldi. Burni yo‘qligi esiga tushib, ko‘zidan yosh chiqib ketdi. Shunda u mundirli janobga: o‘zingizni statskiy sovetnik qilib ko‘rsatishga urinayotirsiz, aslida esa lo‘ttiboz bir ablahsiz, mening burnimsiz, xolos, boshqa hech balo emassiz, deb dangal aytmoqqa chog‘langan edi, ammo burun allaqachon juftakni rostlab qolibdi. Hoynahoy yana kimnikigadir tashrif buyurishni ko‘zlab jo‘navorgan bo‘lsa kerak.
Kovalyov battar ruhi tushib, kelgan yo‘lidan iziga qaytarkan, burun u yer-bu yerda ko‘rinib qolmasmikan, degan ilinjda tevarak-atrofga sinchkov alanglagancha kolonnadalar8 ostida bir fursat to‘xtab qoldi. Shlyapasi ukparli, mundiri esa zarrin hoshiyador edi – bunisi-ku shundoqqina ko‘z o‘ngida, ammo shinelini, karetasining tusiyu unga qo‘shilgan otlarni, hattoki kareta ortida malayi bormi, bo‘lsa u qanday livreyada9 edi, afsuski eslab qolmagan ekan-da. Boz ustiga, u yoqdan-bu yoqqa g‘iz-g‘iz qatnayotgan kareta shu qadar ko‘p ediki, qidirayotgan kishingizni ilg‘ab olish oson emasdi; ilg‘ab qolganingizda ham uni to‘xtatolmasdingiz. Ajoyib, quyosh charaqlab turgan kun edi. Neva prospekti nihoyatda gavjum, xonimlar anvoyi gullar sharsharasi misol Politseyskdan to Anichkin ko‘prigigacha butun yo‘lkalarni to‘ldirib yuborgan. Ana, uning tanishi – o‘zgalar oldida u atayin podpolkovnik deb ataydigan nadvorn?y sovetnik10 kelayotir. Huv anavisi esa – senatda bo‘lim boshlig‘i, boston o‘yinida sakkizlikka o‘ynaganda doim oshig‘i olchi turadigan yaqin do‘sti Yarigin. Ana, Kavkazda asessor unvoniga sazovor bo‘lgan boshqa bir mayor qo‘l to‘lg‘ab uni chorlamoqda…
– He, jin ursin hammangni! – dedi Kovalyov. – Hoy izvoshchi, meni hoziroq oberpolitsmeyster huzuriga olib bor!
Kovalyov usti ochiq yengil aravaga o‘tirdiyu bora-borguncha izvoshchiga “Qani, aravangni yeldek uchir, uchiraver!” deya baqirib ketdi.
– Ober-politsmeyster shu yerdami? – deb qichqirdi u dahlizga kirar-kirmas.
– Yo‘q edi-ya, – dedi darbon, – hozirgina jo‘nab ketuvdi.
– Ana xolos!
– Ha-ya, – dedi darbon, – ketganiga hech qancha bo‘lgani yo‘q, biron daqiqa oldinroq kelganingizda uni uchratgan bo‘lardingiz.
Kovalyov dastro‘moli bilan yuzini bekitgan ko‘yi aravaga o‘tirdi-da, umidsiz bir ohangda qichqirdi:
– Hayda!
– Qayoqqa?
– To‘g‘riga hayda!
– To‘g‘riga? Axir u yog‘i muyulish-ku, o‘ngga buraymi, chapgami?
Bu savol Kovalyovni nogoh sergaklantirdi va yana o‘ylab ko‘rishga undadi. Uning ahvoliga tushgan odam avvalo Axloq boshqarmasiga11 murojaat qilishi lozim – boshqarma to‘g‘ridan-to‘g‘ri politsiyaga aloqador bo‘lgani uchun emas, boshqalardan ko‘ra buyruqlari tezroq bajarilishi uchun. Burun xizmat qilaman deb aytgan mahkama boshliqlaridan najot kutish-ku aqlsizlik bo‘lur edi, chunki burunning gap-so‘ziyu o‘zini tutishidanoq ma’lum – unga muqaddas narsaning o‘zi yo‘q. Mana, Kovalyov bilan hech qachon uchrashmaganman deb imonini yutib turibdiki, yana shunga o‘xshash yolg‘on to‘qib suvdan quruq chiqmaydi deb kim ayta oladi?! Alqissa, Kovalyov izvoshchiga, Axloq boshqarmasiga hayda, deb buyurmoqchi bo‘lib turganida birdan xayoliga ilk uchrashuvning o‘zidayoq yuzsizlik qilgan bu nayrangboz va qallob qulay fursatdan foydalanib, ustomonlik bilan shahardan qochib qolsa-ya, degan o‘y keldi – ana unda qancha qidirmang befoyda, yoyinki qidirish ishlari, xudo ko‘rsatmasin, biror oyga cho‘zilib ketishi ham hech gap emas. Nihoyat, Egamning o‘zi unga yo‘l ko‘rsatdi chog‘i, u burunning barcha belgi-sifatlarini batafsil ta’riflab e’lon berish uchun gazeta ekspeditsiyasiga murojaat qilish kerak degan qarorga keldi. Ana shunda ko‘rgan-bilgan odam uni o‘sha zahotiyoq tutib beradi yoxud, juda bo‘lmaganda, yashash joyini ma’lum qiladi. Xullas, shu to‘xtamga kelib, izvoshchiga gazeta ekspeditsiyasiga hayda, dedi va yo‘l bo‘yi “Bo‘l, ablah! Tezroq hayda, muttaham!” deb uning biqiniga mushtlab bordi. “Eh, to‘ram!” deya izvoshchi ham bosh chayqagancha bolonka itlarnikidek uzun yolli otining jiloviga mahkam yopishib, unga ustma-ust qamchi bosaverdi. Arava manzilga yetib to‘xtadi, Kovalyov halloslagancha chog‘roq qabulxonaga bostirib kirdi, stol qoshida eski frak kiygan, ko‘zoynakli keksa chinovnik qalamini labiga qistirib, chaqa-chuqa sanab o‘tirgan ekan.
– E’lonni kim qabul qiladi? – deb shang‘illadi Kovalyov. – E, salom!
– Salom, – deya chinovnik unga bir nazar tashladiyu yana oldida uyulib yotgan pulini sanayverdi.
– Men e’lon bermoqchiydim…
– Mumkin bo‘lsa, bir oz sabr qilib tursangiz, – dedi chinovnik va o‘ng qo‘li bilan qog‘ozga allaqanday raqamni yozib, chap qo‘li bilan cho‘tga ikki soqqa tashladi.
Uqali ko‘ylak kiygan qaysidir oqsuyak xonadon malayi qo‘lida xat bilan stol oldida turar va o‘zining kirishimli ekanini namoyish etmoqqa xo‘b urinar edi:
– Bilasizmi, janob, kuchukcha aslida to‘rt tangaga arzimaydi, men uni sariq chaqaga ham olmagan bo‘lardim, grafinya esa uni naq qo‘ynidagi bolasidek ko‘radi – buni qarangki, topib bergan odamga 100 rubl va’da qilingan! Sirasini aytganda, mana shunaqa – odamlarning didi hecham bir-biriga sig‘ishmas ekan; aytaylik, zo‘r ovchimisan – iskovuch iting yoki pudeling bo‘lsin, ana unda besh yuzni, mingniyam ayama, chunki iting shunga arziydi-da!
Chinovnik malayning safsatasini go‘yo diqqat bilan tinglayotir va ayni choqda o‘zining hisob-kitobi bilan ham mashg‘ul: qo‘lidagi xatda qancha harf borligini sanamoqda. E’lon ko‘tarib kelgan kampirlar, savdogaru farroshlar atrofini o‘rab olgan. E’lonlarning mazmuni ham turfa xil: ichkilikka ruju qo‘ymagan aravakash xizmatga yollanmoqchi; obdon kir yuvish mashqini olgan, har qanday yumushni bajarib ketaveradigan o‘n to‘qqiz yashar cho‘ri qiz xizmatga kirmoqchi; 1814 yili Parijdan keltirilgan, uncha ko‘p ishlatilmagan bolalar aravachasi, bitta ressori yo‘q usti ochiq yengil izvosh, o‘n yetti yashar bo‘zrang, gijinglagan chavkar tulpor, turp va rediskaning Londondan olib kelingan yangi nav urug‘i, ikki bo‘lmali otxona hamda ajoyib qayinu qarag‘ayzor bog‘ qilsa arzigulik yer-suvli dala hovlining sotilishi; eski tagcharm olmoqchi bo‘lganlarni har kuni soat sakkizdan ertalabki uchga qadar chayqov bozoriga taklif qiluvchi chaqiriq deysizmi – hamma-hammasidan bor. Ana shunday olaquroq to‘da to‘plangan xona choqqina bo‘lib, havosi nihoyatda og‘ir – badbo‘y edi; biroq kollej asessori Kovalyov hid sezmasdi, negaki, dastro‘moli bilan yuzini bekitib olgan, burni shu tobda qaerlarda izg‘ib yurgani esa yolg‘iz xudoga ayon.
– Ijozatingiz bilan sizdan bir narsani so‘rasam, muhtaram janob. Men judayam… – deb so‘z boshladi u bir mahal besabrlik bilan.
– Hozir, hozir! Ikki so‘mu qirq uch tiyin. Bir daqiqa! Bir so‘mu oltmish to‘rt tiyin, – derdi chinovnik kampirlaru farroshlar qo‘lidagi xatlarga parishonhol ko‘z tashlab. – Xo‘sh, qulog‘im sizda? – dedi u nihoyat Kovalyovga yuzlanib.
– Iltimosim shuki… – dedi Kovalyov, – bilasizmi, men haliyam tagiga yetolmayapman, firibgarlikmi-ey, nayrangbozlikmi-ey sodir bo‘ldi-da. Sizdan iltimos, o‘sha ablahni tutib bergan kishi mo‘maygina mukofot olishi haqida gazetangizda e’lon bosib chiqarsangiz.
– Xo‘sh, familiyangizni bilsak bo‘ladimi?
– Familiyamni nima qilasiz? Yo‘q, aytolmayman. Tanish-bilishlarim juda ko‘p: statskiy sovetnik Chextaryova, shtab-ofitser Pelageya Grigorevna… Xudo asrasin, tanib qolishsa-ya! Siz shunchaki, kollej asessori yoki yaxshisi, mayor mansabiga ega bir janob deb yozib qo‘yaqoling.
– Qochib yurgan odam – qarolingizmi?
– Qarol deysizmi? Qarolim qochsa mayli edi-ya, firibgarlikka kirmasdi bu! Qochib ketgan – burnim…
– Hm! G‘alati familiya ekan-a! Xo‘sh, o‘sha Burunov katta mablag‘ingizni o‘marib ketdimi?
– Burun deganda… siz boshqacha tushundingiz! Burnim, mening burnim qayoqqadir g‘oyib bo‘ldi. Xudo uraman desa shu-da!
– Qanday qilib g‘oyib bo‘ladi? Hech nimani tushunolmayapman.
– Qanday g‘oyib bo‘lib qolganini o‘zim ham bilmayman, ammo u hozir shahar kezib yuribdi, o‘zini statskiy sovetnik deb tanishtiradi hammaga. Shuning uchun uni qo‘lga tushirgan kishi zudlik bilan menga topshirishi lozimligi to‘g‘risida e’lon berishingizni so‘rayman. Axir o‘zingiz o‘ylab ko‘ring, yuzimda burun bo‘lmasa, men nima degan odam bo‘laman? Oyog‘imning jimjilog‘i emas¬ki, etikka tiqsamu hech kim ko‘rmaydiyam-bilmaydiyam desam! Axir men har payshanba statskiy sovetnik Chextaryova huzurida bo‘laman; shtab-ofitser Podtochina Pelageya Grigorevnaning ham yoqimtoygina qizi bor, ular ham yaqin tanishim; xo‘sh, ayting-chi, men endi nima qilay?! Shu tasqara ahvolda ularga qanday ko‘rinish beraman?!
Chinovnik labini qattiq qimtib qoldi, bu uning chuqur o‘yga tolganini anglatardi.
– Yo‘q, bunaqa e’lonni gazetada chiqarolmayman, – dedi u uzoq sukutdan so‘ng.
– Nega? Nega chiqarolmaysiz?
– Shunday. Gazetaning obro‘yiga futur yetadi. Bunaqa, duch kelgan odam burnim qochib ketdi, deb yozaversa, unda… O‘zi shusiz ham gazetada bo‘lmag‘ur va yolg‘on mishmishlar chop etilyapti, degan gaplar yuribdi.
– Axir, buning nimasi bo‘lmag‘ur gap ekan? Kechirasiz-u, mish-mish emasligi shundoqqina ko‘rinib turibdi, chamamda!
– E, siz shunday deysiz-da. Ana, o‘tgan hafta ham xuddi shunaqa ish bo‘lgan edi. Sizga o‘xshab bir chinovnik arz bilan keldi, e’loni hisob-kitob bo‘yicha bir so‘mu yetmish uch tiyinga baholandi; u qora yungli pudelning qochib ketgani haqida edi. Bunday olib qaralsa, oddiy bir e’lon, to‘g‘rimi? Keyin ma’lum bo‘ldiki, bari qip-qizil haqorat, ya’ni o‘sha pudel, hozir esimda yo‘q, qaysidir bir idoraning g‘aznachisi ekan.
– Axir, men allaqanday pudel haqida emas, shaxsan o‘z burnim haqida e’lon bermoqchiman, demakki, o‘zim haqimda desa ham bo‘ladi.
– Yo‘q, bunaqa e’lonni berolmayman, hech iloji yo‘q.
– Ha unda, burnimdan ayrilib qolaverar ekanman-da?!
– Bu vaziyatda do‘xtirga borganingiz ma’qul. Aytishlaricha, o‘zingiz xohlagan burunni yopishtirib qo‘yish ham qo‘lidan keladigan do‘xtirlar bor emish. Ammo-lekin-chi, siz juda xushchaqchaq, hazilni qiyib qo‘yadigan odam ekansiz.
– Xudoni o‘rtaga qo‘yib ont ichaman! Hamonki, menga ishonmayotgan ekansiz – ochib ko‘rsatishim mumkin.
– Ovora bo‘lishga ne hojat! – dedi chinovnik tamakisini hidlab. – Biroq malol kelmasa, – deya qiziquvchanlik bilan qo‘shib qo‘ydi keyin: – bir ko‘rib qo‘ysak ziyon qilmasdi…
Kollej asessori yuzidan dastro‘molini oldi.
– Yo, tavba! – deb yubordi chinovnik. – Chindan ham burun o‘rni tep-tekis-a, go‘yoki hozirgina pishirilgan quymoqqa o‘xshaydi. Sip-silliq!
– Xo‘sh, endi nima deysiz? O‘zingiz ko‘rib turibsiz, e’lonni chop etmasangiz bo‘lmaydi. Men sizdan bag‘oyat minnatdor bo‘lardim, shu bahona siz bilan tanishganimdan ham behad xursandman…
Qarangki, mayor bir oz laganbardorlik qilib ham ko‘rdi.
– Chop etish-ku qiyin ish emas, – dedi chinovnik, – ammo bundan sizga biron naf chiqishiga ko‘zim yetmayapti-da. Agar juda ko‘nglingiz to‘lavermasa, buni biror o‘tkirroq qalamkashga so‘zlab bering – tabiatning noyob hodisasi sifatida tasvirlab maqola yozsin, keyin uni o‘smirlar (u burnini artib qo‘ydi) yoxud anchayin sinchkov, qiziquvchan omma e’tiboriga havola etish uchun “Severnaya pchela”da12 (u yana bir marta tamaki hidlab oldi) chop ettiring.
Hafsalasi pir bo‘lib, kollej asessori boshini quyi solib oldi. Shunda u gazetaning spektakllar haqida axborot bosiladigan pastki qismida o‘ziga tanish dilbargina aktrisaning nomini o‘qib qoldiyu yuziga tabassum yuguray dedi va yonimda ko‘k qog‘oz puldan bormikan, degan o‘yda darhol qo‘lini cho‘ntagiga tiqdi; Kovalyovning fikricha, teatrga kirganda shtab-ofitserlar kresloda o‘tirishi shart – lekin burni esiga tushib, shirin xayollari bir zumda tumtaraqay bo‘lib ketdi!
Chinovnik ham Kovalyovning ahvoliga kuyinayotganga o‘xshardi. Mulozamat yuzasidan unga ikki og‘iz yupanch so‘z aytgisi keldi:
– Sirasini aytganda, boshingizga shunday g‘alati savdo tushgani ko‘p achinarli ish bo‘pti. Tamaki hidlaysizmi? U bosh og‘rig‘ini, qayg‘uni ko‘tarib tashlaydi, hatto bavosilga ham davo deyishadi buni.
Chinovnik shunday deya tamakidonining shlyapali bir xonim suvrati chizilgan qopqog‘ini g‘oyat abjirlik bilan ochib, Kovalyovga tutdi.
Noo‘rin bu mulozamatdan Kovalyovning naqd qoni qaynab ketdi.
– Hazil qilmoqqa qanday haddingiz sig‘di, hayronman, – dedi u jahl bilan, – aynan hid bilish a’zom yo‘qligini bilaturib-a? Jin ursin tamakingizni! Ko‘rarga ko‘zim yo‘q! Badbo‘y, xashaki tamakingiz tugul bundan yuz chandon alomatiga ham tupurgan bo‘lardim!
Qattiq ranjigan Kovalyov achchiq-achchiq gapirib gazeta ekspeditsiyasidan chiqdi va to‘ppa-to‘g‘ri qand yig‘ishga mukkasidan ketgan uchastka noziri huzuriga yo‘l oldi. Nozir uyining dahliziga – yemakxonasi ham shu yer – savdogar do‘stlari tortiq qilgan katta-katta kallaqandlar13 terib qo‘yilgan edi. Ayni tobda oshpaz ayol nozirning botfortini14 yechish bilan ovora; shpaga va boshqa harbiy aslahalari allaqachon joy-joyiga ilingan, uch yashar o‘g‘li vahimali uchburchak shlyapasini ushlab-ushlab qo‘yardi; nozir janjalu talash-tortishuvlarga qozilik bilan o‘tgan sertashvish kun yakunida dunyo lazzatlaridan bir totinish niyatida edi.
U maza qilib kerishib, tomoq qirib, “Eh, ikki soatgina miriqib uxlab olaman!” deb turgan paytda Kovalyov kirib keldi. O‘z-o‘zidan ayonki, Kovalyovning tashrifi mutlaqo bemavrid edi; bilmadim, shu kelishida u, juda bo‘lmaganda, bir necha funt choy yoki movut ko‘tarib kelgan taqdirda ham iltifot bilan kutib olinishi dargumon edi. Nozir san’atning barcha turlari va sanoatning barcha mahsulotlariga zo‘r rag‘bat bilan qarardi, lekin har narsadan qog‘oz pulni afzal ko‘rardi. “Dunyoda bundan yaxshi yana nima bor ekan?! – derdi u odatda. – Osh-non so‘ramasa, ko‘p joy egallamasa, cho‘ntakka sig‘ib ketaveradi, qo‘ldan tushirib yuborsang – shikast yemaydi”.
Nozir Kovalyovni sovuq qarshi oldi va tushlikdan so‘ng tergov ishlari yuritilmasligi, insonning mijozi taom tanovvulidan so‘ng jindak orom olishni taqozo etishi (bundan kollej asessori uchastka nozirining qadim donishmandlar bisotidan boxabar ekanini bildi), andishali, halol odamning burnini hech kim yulib olmasligiyu dunyoda ichki-yimining yag‘iri chiqib ketgan, har xil bo‘lmag‘ur joylarda sanqib yuradigan qalang‘i-qasang‘i ma¬yorlar urchigandan-urchib yotgani haqida so‘zladi.
Yuzingda ko‘zing bormi ham demadi-ya! Kovalyov sirkasi suv ko‘tarmaydigan, ta’bi nozik mardum ekanini alohida ta’kidlab o‘tmog‘imiz joiz. U o‘zi haqida aytilgan har qanday noxush gapni unutishi mumkin-u, o‘sha gap mansab va unvoniga tegishli bo‘lsa aslo kechirmasdi. U hatto teatr pesalarida ober-ofitserni har qancha masxaralash mumkindir, ammo shtab-ofitserlarga til tekkizib bo‘lmaydi deb hisoblardi. Nozirning qabulidan u shunaqangi izza bo‘ldiki, bosh tebratdi-da, sha’nini yerga urmagan holda, qo‘llarini kergancha, “Ochiq gap, sizning bunaqa haqoratomuz so‘zlaringizdan keyin men bir narsa deyolmayman…”, dedi va eshikka yo‘naldi.
U yurdi-yu, yer bosmadi – shu ko‘yi uyiga yetib keldi. Oqshom kirib qolgan edi. Shuncha yelib-yugurishlari behuda ketganidan kvartirasi ham ko‘ziga qorong‘i bir zulmatdek ko‘rindi. Dahlizga kiriboq yag‘iri chiqib ketgan charm divanda yastanib yotgan xizmatkori Ivanga ko‘zi tushdi: u shiftga qarab tuflar va har safar mo‘ljalga bexato tekkizmoqda edi. Bu betamizlikni ko‘rib mayorning battar fig‘oni chiqdi; Ivanning peshonasiga shlyapasi bilan bir tushirib, “Sen, to‘ng‘izning boshqa qilar ishing yo‘qmi?!” deb qichqirdi.
Ivan o‘rnidan sapchib turib, uning plashini yechmoqqa tutindi.
Toliqqan, dardi dunyosi zim-ziyo bo‘lgan mayor bo‘lmasiga kirib o‘zini kresloga tashladiyu chuqur-chuqur nafas olib beixtiyor nola qila ketdi:
– Ey, Xudoyim! Ey, Xudoyim! Nega menga buncha azob berasan? Bundan ko‘ra qo‘lsiz yoki oyoqsiz qolsam bo‘lmasmidi?! Qulog‘imdan ayrilsam ham yomon-u, unga chidasa bo‘lardi, ammo burunsiz odamni, qurib ketsin, nima deyish mumkin? Qush bo‘lib qush emas, fuqaro bo‘lib fuqaro – shunchaki keraksiz matohdek derazadan uloqtiru yubor! Urush yoxud dueldami, yoki o‘zim sabab biron kor-hol oqibatida burundan ajragan bo‘lsam ham mayli edi, he yo‘q-be yo‘q, o‘z-o‘zidan yo‘qoldi-qoldi, bekor-behuda, sariq chaqachalik qadri yo‘qdek!.. Yo‘q, bu qandayin gap, – dedi u o‘ziga o‘zi, bir dam o‘y surib, – odamning burni ham dabdurustdan yo‘q bo‘lib qolarkanmi?! Hoynahoy tush ko‘ryapman yoki xayol surayotirman, balki soqol oldirgach yuzga surtadigan araqni bilmay ichib yuborgandirman. Ahmoq Ivan, darhol yig‘ishtirib qo‘ymagan-da, suv deb simirganman-yuborganman.
Mast emasligiga ishonch hosil qilish uchun u o‘zini chunonam chimchiladiki, og‘riqqa chidayolmay dodlab yubordi. Kovalyov tush ko‘rmayotgani, bu mashmashalar o‘ngida sodir bo‘layotganini angladi. Sekingina ko‘zguga yaqinlashdi, zora burnim o‘z o‘rnida bo‘lsa degan o‘yda ko‘zlarini qisinqirab qaradi-yu, shu zahoti ortiga tisarildi:
– Buncha tasqara bo‘lmasam!
Hech ham aql bovar qilmaydi. Agar tugmachami, kumush qoshiqmi, soat yoki shunga o‘xshash biror narsa yo‘qolsa boshqa gap edi, lekin burun g‘oyib bo‘lib turibdi! Qayoqqa gum bo‘ldi? Qanday qilib?.. Ustiga-ustak, o‘z uyimda yo‘qolsa-ya!.. Mayor Kovalyov har tomonini o‘ylab ko‘rib, bu meni kuyov qilmoqchi bo‘lib yurgan shtab-ofitser Podtochinaning qilmishi bo‘lsa kerak, degan taxminga bordi. Aynan shu taxmini haqiqatga yaqinroqqa o‘xshayapti. To‘g‘ri, o‘zi ham qizning ko‘nglini ovlashga ishtiyoqmand edi-yu, ammo uylanishdan qochib yurardi. Shtab-ofitser uni kuyov qilish niyatida ekanini dangal aytganida, hali yoshman, yana besh yillarcha ishlashim kerak, ana o‘shanda roppa-rosa qirq ikkiga kiraman deya, sekingina qizga xushomadlarini yig‘ishtirib qo‘yaqoldi. Shu sababdan ham shtab-ofitser o‘ch olish maqsadida afsungaru jodugar xotinlarni yollab, uning “basharasini buzish”ga qaror qilgan, negaki burun kesib olinganga o‘xshamaydi, buning iloji ham yo‘q: xonasiga hech kim kirmagan bo‘lsa, sartarosh Ivan Yakovlevichga esa chorshanba kuni soqol oldirgan, o‘sha kun va hatto payshanba kuni ham burni joyida edi – shunisi aniq esida. Boz ustiga, u og‘riqni sezgan bo‘lardi va shubhasizki, jarohat bu qadar tez bitib, o‘rni tep-tekis, quymoqdek silliq narsaga aylanib qolmasdi. U xayolan rejalar tuza boshladi: shtab-ofitserni rasman sudga chaqirtirsinmi yoki oldiga borib jinoyatini fosh etsinmi?! Eshik tirqishidan sizib kirgan shu’la uning xayolini bo‘lib yubordi – dahlizda xizmatkori sham yoqqan edi. Bir ozdan so‘ng xona butkul yorishib ketdi: qo‘lida shamdon bilan ostonada Ivanning o‘zi ham paydo bo‘ldi. Kovalyov bu valakisalang ahvolimni ko‘rib rostakamiga esi og‘ib qolmasin deya darhol dastro‘molini olib yuzini bekitdi.
Ivan o‘z hujrasiga kirib ketar-ketmas, dahlizda notanish ovoz eshitildi:
– Kollej asessori Kovalyov shu yerda yashaydimi?
– Kiravering, mayor Kovalyov shu yerda, – deya kollej asessori irg‘ib o‘rnidan turdi-da, eshikni ochdi.
Xonaga qaddi-basti raso, chakka¬soqollari uncha malla ham, qop-qora ham emas, yuzi go‘shtdor, huv o‘sha, qissamiz avvalida Isakievsk ko‘prigi adog‘ida uchratganimiz politsiya chinovnigi kirib keldi.
– Burni yo‘qolgan sizmisiz?
– Xuddi shunday.
– Burun topildi.
– Rostdanmi?! – deb qichqirib yubordi Kovalyov.
Sevinganidan bir on tili kalimaga kelmay, qarshisidagi qalin lablari va go‘shtdor yuzida shamning nuri lipillab turgan kvartal noziriga tikilib qoldi. So‘ng:
– Qanday qilib? – deb so‘radi.
– U g‘alati bir vaziyatda, safarga otlanish chog‘ida qo‘lga olindi. Dilijansga15 o‘tirib, Rigaga jo‘navormoqchi ekan. Boshpurti ham bir chinovnikning nomida. Avvaliga men uni rasmona janob deb o‘ylabman. Yaxshiyam, ko‘zoynagim yonimda ekan, o‘sha zahoti uning burun ekanini bildim. O‘zi yaqinni ravshan ko‘rolmayman-da men; mana, siz qarshimda turibsiz, faqat yuzingizni ko‘ryapman, biroq burningiz, soqolingiz, ko‘zingizni, qo‘ying-chi, aftingizdagi boshqa a’zolarning birortasini farqlay olmayman. Qaynonam, ya’ni rafiqamning onasi ham hech baloni ko‘rmaydi.
Kovalyov o‘zida yo‘q, hovliqib:
– Qani u? Qaerda, ayting, hoziroq uchib boraman, – dedi.
– Hech tashvishlanmang, uni olib keldim. Bilasizmi, bu ishda Voznesensk ko‘chasidagi qallob sartaroshning qo‘li bor ekan, mana endi o‘zi politsiya mahkamasida o‘tiribdi. Men uni azaldan beri piyonista, o‘g‘ri deb shubha qilib yurardim, bundan uch kun avval rastalarning biridan bir quti tugmani o‘marib ketibdi. Mana burningiz, sog‘-salomat holda keltirdik sizga!
Kvartal noziri cho‘ntagiga qo‘l solib qog‘ozga o‘ralgan burunni oldi.
– Xuddi shu! – deya qichqirib yubordi Kovalyov. – Ha, mening burnim shu! Keling, bugun sizni mehmon qilay.
– Taklifingizdan boshim ko‘kka yetdi, biroq buning sira iloji yo‘q. Men hozir bu yerdan chiqiboq jinnixonaga borishim kerak… Bilasiz, oziq-ovqat mahsulotlarining narxi osmonda… O‘zimiz jo‘jabirdek jonmiz, qaynonam, ya’ni rafiqamning onasi ham biz bilan yashaydi. To‘ng‘ich o‘g‘limizdan ayniqsa umidimiz katta-yu… juda kallali bola-da, ammo shu, ta’lim-tarbiyasiga qo‘limiz kaltalik qilib turibdi…
Kovalyov shamani darrov fahmladi va stol tortmasidan bitta qizil o‘ntalik olib nozirning qo‘liga qistirdi; u astoydil ta’zim qilgancha chiqib ketdi. Shu zahotiyoq uning aravasi bilan xiyobonni payhon qilgan bir befarosat mujikni bo‘ralab so‘kayotgani eshitildi.
Kvartal noziri ketgandan so‘ng kollej asessori nima qilarini bilmay kalovlanib qoldi, bir fursat o‘tgachgina arang o‘ziga keldi – ko‘rish va his etish qobiliyati tiklandi. Kutilmagan quvonch uni ana shunday karaxt ahvolga solib qo‘ygan edi. U izlay-izlay topilgan arzandasi – burnini ehtiyotlik bilan ikki kaftiga oldi, sinchkovlik bilan ko‘zdan kechira boshladi.
– Ha, shu! O‘zginamning burnim! – derdi nuqul mayor Kovalyov. – Ana, kecha chap tomonidan chiqqan g‘o‘ddasigacha turibdi.
Mayor xursandligidan bor ovozda xoxolab yuborishiga sal qoldi.
Biroq bu noraso dunyoda abadiy nima bor?! Mana shu quvonch ham sal o‘tib xira tortadi-da, keyin-keyin yo‘qola borib, nihoyat, o‘zingiz sezmagan holda odatiy kayfiyatingizga aylanadi-qoladi – xuddi suvga tosh otganda hosil bo‘lgan halqachalar sekin-asta silliq sathga quyishib ketgandek.
Kovalyov mulohaza qila-qila birdan sergak tortdi: bu hali ish bitdi degani emas, burun topilishga topildi-ya, biroq uni o‘rniga yopishtirib qo‘yish ham kerak-ku, axir!
– Yopishmasa-chi, unda nima bo‘ladi? – dedi o‘ziga o‘zi.
Miyasida yarq etgan bu savoldan mayorning yuragi shuv etib ketdi.
Jonholatda stol sari otildi, burnini qiyshiq o‘rnatib qo‘ymaslik uchun toshoynani o‘ziga yaqinroq surib oldi. Diqqatini bir yerga jamlab, ehtiyotkorlik bilan uni joyiga qo‘ndirmoqchi bo‘ldi. Uv, sho‘rim qursin! Joyiga tushmayapti-ku!.. Keyin burunni og‘ziga tutib dami bilan bir oz ilitdi-da, yana eski joyi – ikki yonog‘ining o‘rtasiga yopishtirishga urindi, ammo burun yopishmadi.
– Qani! Qani, bo‘laqol! Yopishsang-chi endi, kasofat! – derdi u bo‘g‘ilib. Ammo burun xuddi yog‘ochdan yasalganga o‘xshardi, bexos qo‘lidan tushirib yuborgan edi, u po‘kak tiqin misol stolga “taq” etib tushdi. Mayorning afti bujmayib ketdi. – Endi nima bo‘ladi? Nahotki!.. – dedi u battar sarosimada qolib.
Burunni o‘rnashtirishga har qancha harakat qilmasin, urinishlaridan bir ish chiqmadi.
U Ivanni chaqirib, binoning yuqori qavatidagi eng hashamdor kvartirada yashovchi doktorni aytib kelishni buyurdi. Doktor bag‘oyat savlatli, o‘ktam kishi edi, qatrondek timqora chakkasoqollari o‘ziga rosa yarashib turar, mudom archilgan tuxumdek ozoda yurar, yuzlari tiniq, sog‘lom, ertalab yangi uzilgan olma yeyishni kanda etmas, ayniqsa, tish tozaligiga qat’iy rioya qilar, har tong chorak soatlab og‘zini chayar, tishlarini besh xil cho‘tka bilan tozalar edi. Doktor shu zahotiyoq keldi. Bu ko‘rgilik qachon yuz berganini so‘ragach, u burun o‘rnini shunaqayam chertdiki, mayor jonhalpida boshini orqaga tashlagan bo‘lsa kerak, ensasi bilan devorga urildi. Doktor bunisi hali holva, dedi va devordan beriroq turishni so‘radi; avval boshini o‘ngga burib, burun o‘rnini paypaslab ko‘rdi-da, “Hm!” deb qo‘ydi. Keyin boshini chap tomonga burishni buyurdi va tag‘in “Hm!” deb, oxirida yana bir chertgan edi, tishlarini ko‘rmoqchi bo‘lganingizda ot qanday siltanib-sapchisa, mayor ana shunday kallasini siltab-sapchidi. Doktor shu tajribani o‘tkazgach, bosh chayqab qo‘ydi:
– Yo‘q, iloji yo‘q. Yaxshisi, siz shunday yuravering, chunki bundan battar bo‘lishi ham hech gap emas. Albatta, burunni joyiga o‘rnatsa bo‘ladi, men uni hoziroq o‘rnatib qo‘yardim-u, lekin ishontirib aytamanki, o‘zingizga yomon bo‘ladi.
– Qarang-a! Nima, burunsiz yur demoqchimisiz? – dedi Kovalyov tutoqib. – Hozirgi ahvolimdan battari bo‘lmasa kerak. Jin ursin, bu ne kulfat-a?! Shu ajuvai taraqqos basharam bilan odamlarning ko‘ziga qanday ko‘rinaman? Obro‘li-obro‘li tanishlarim bor axir! Mana, bugun ham ikkita xonadonga ziyofatga borishim kerak. Meni ko‘pchilik biladi: statskiy sovetnik Chextaryova, shtab-ofitser Podtochina… ha, aytgandek, uning bu qilmishidan so‘ng o‘rtamizdagi munosabatga chek qo‘yaman. Endi u bilan faqat politsiya orqali gaplashaman. Menga rahmingiz kelsin, doktor, – deya iltijo qila ketdi Kovalyov, – biron chorasi bordir axir? Bir balo qilib o‘rnatib qo‘ying, juda risoladagidek bo‘lmasa ham, shunchaki osilib tursin, mayli, qaltis vaziyatlarda uni o‘zim qo‘lim bilan ushlab turaman. Biron bir ehtiyotsiz harakat qilib ziyon yetkazib qo‘ymasman – men raqs tushmayman-ku, axir. Ko‘nglingiz to‘q bo‘laversin, tashrifingiz uchun minnatdorlik ham hamyon ko‘targancha bo‘ladi.
– Ishonsangiz, – dedi doktor baland ham, past ham emas, lekin yoqimli, ta’sirli ovozda, – men bemorimni hech qachon tama ilinjida davolamayman. Tamagirlik mening insoniy aqidalarim va vrachlik sha’nimga mutlaqo zid. To‘g‘ri, xizmatga haq olaman, buning birdan-bir sababi – rad etib mijozlarimni ranjitib qo‘ymaslik. Burningizni-ku joyiga keltirib qo‘yardim, ammo gapimga ishonmasangiz vijdonimni kafil qilay, qiyofangiz bundan-da tasqararoq bo‘lib qoladi. Nachora, endi peshonada borini ko‘raverasiz-da. Tez-tez sovuq suvda yuvib turing, ishonchingiz komil bo‘lsinkim, burningiz borligida qanday bo‘lsangiz, burunsiz ham xuddi shunday soppa-sog‘ yuraverasiz. Burunni esa spirtli bankada saqlaganingiz ma’qul yoki, yaxshisi, spirt o‘rniga ikki oshqoshiq o‘tkir araq va isitilgan sirka quying – ana shunda burun evaziga mo‘maygina mablag‘li bo‘lishingiz ham mumkin. Agar qimmat so‘ramasangiz uni o‘zimoq sotib olaman.
– Yo‘q, yo‘q! Sotish niyatim yo‘q! – deya qichqirib yubordi Kovalyov alamidan. – Undan ko‘ra yo‘q bo‘lib ketsin!
– Ma’zur tutasiz! – dedi doktor tavoze bilan. – Mushkulingizni oson qilish niyatida edim, xolos… Nachora! Harqalay, qancha uringanimni o‘zingiz ko‘rdingiz.
Shu gaplarni aytib doktor qaddini g‘oz tutgancha xonani tark etdi. Kovalyov uning yuziga ham boqmadi, karaxt ahvolda emasmi, faqat qora frakining yengidan chiqib turgan oppoq ko‘ylagi manjeti ko‘z oldidan lip etib o‘tdi, xolos.
Ertasi kuniyoq u mahkamaga shikoyatnoma bitishdan avval shtab-ofitser Podtochinaga, kaminaga tegishli tana a’zosini urish-janjalsiz o‘z holiga qaytarib bersangiz, degan mazmunda xat yozishga qaror qildi.
“Muhtarama
Aleksandra Grigorevna xonim!
Siz tomoningizdan qilingan g‘alati ishlarga hech tushunolmayapman. Xotirjam bo‘lingkim, bu yo‘l bilan biror nimaga erisholmaysiz, ya’ni meni qizingizga uylanishga majbur etolmaysiz. Shunga amin bo‘lingkim, burnim bilan bog‘liq voqea menga kundek ayon, bunga boshqa birov emas, aynan siz sababchi ekaningizni ham aniq bilaman. Burnimning to‘satdan g‘oyib bo‘lib qolishi, qochib ketishiyu har xil tuslarga kirishi, deylik, avvaliga chinovnik qiyofasida savlat to‘kib yurishi va nihoyat yana o‘z holiga qaytishi – sizning sehru jodularingiz oqibati yoxud sizga o‘xshab mana shunaqa “olijanob mashg‘ulotlar” bilan shug‘ullanuvchi kimsalarning kirdikoridir. Men o‘z nomimdan sizni ogohlantirib qo‘yishni burchim deb bilaman. Basharti, yuqorida aytib o‘tganimdek, burnim bugunoq o‘z o‘rniga qaytmas ekan, u holda men tegishli qonun himoyasi va homiyligiga tayanishga majbur bo‘laman.
Shoyon hurmat ila ta’zimda
Kamina qulingiz Platon Kovalyov”.
“Muhtaram janob
Platon Kuzmich!
Maktubingiz meni g‘oyat hayratga soldi. E’tirof etmog‘im lozim, sizdan bunaqa nohaq gina-kuduratlarni aslo kutmagan edim. Oldindan shuni ma’lum qilamankim, siz tilga olgan chinovnikni yasama qiyofada ham, o‘z qiyofasida ham uyimda qabul qilmaganman. To‘g‘ri, xonadonimga Filipp Ivanovich Potanchikov kelib turadi. Garchi u qizimning qo‘lini so‘rash ilinjida yurgan bo‘lsa-da, bu boadab, o‘ta madaniyatli insonni hech qachon umidvor qilgan emasman. Siz yana allaqanday burun haqida so‘z yuritibsiz. Agar bu gaplaringiz bilan men ikki qo‘limni burnimga tiqib qolaman, degan xayolga borgan, ya’ni rasman rad javobini olaman, deya tashvishlanayotgan bo‘lsangiz, buni sizning o‘zingizdan eshitish meni juda taajjubga qo‘ydi. Negaki, men mutlaqo boshqacha fikrdaman. Bordiyu endilikda siz qizim bilan qonuniy unashish niyatida bo‘lsangiz, bu istagingizni men hozirning o‘zidayoq ma’qullashga tayyorman. Zero, bu mening eng katta tilagim. Ana shunday umid bilan – mudom xizmatingizga tayyor
Aleksandra Podtochina”.
“Yo‘q, – dedi Kovalyov xatni o‘qib chiqqach. – Uning bu ishga daxli yo‘q. Ko‘rinib turibdi! Jinoyatda ayblanayotgan odam bunday xat yozmaydi. – Kollej asessori Kavkaz viloyatida bir necha bor tergovga jalb etilgani bois bunday ishlardan durustgina xabardor edi. – Qanday qilib, qay yo‘sin bu savdo boshimga tushdi?! Bunisi endi yolg‘iz xudoga ayon!” dedi u nihoyat taqdirga tan bergandek.
Bu yog‘ini so‘rasangiz, mazkur g‘aroyib hodisaga doir mishmishlar, tabiiyki, oshirib-toshirilib butun poytaxtga tarqab ketdi. O‘sha kezlar barcha hovliqma kishilar aynan g‘ayrioddiy voqealarga o‘ch bo‘lib qolgan edi. Bundan sal avval faqat magnetizmga oid tajribalar jamoatning og‘zida edi. Boz ustiga, Konyushen ko‘chasidan chiqqan raqs tushuvchi stullar hangomasi ham hali eskirmagan edi, shuning uchun hamma tez orada kollej asessori Kovalyovning burni Neva prospektida roppa-rosa uch soat sayr qilganmish, deya gap boshlagani hech ajablanarli emas. Tekin tomoshabinlar oqimi kun sayin ortib borardi. Kimdir o‘sha burun Yunker do‘konida16 ekan, deya gap tarqatibdi. Yunker oldiga tumonat odam yig‘ilib, shunaqayam ur-yiqit bo‘ptiki, bu janjal-suronni politsiya aralashib bazo‘r tinchitibdi. Teatrga kiraverishda qandolat-pandolat sotib o‘tiradigan, ko‘rinishidan tuppa-tuzuk, chakkasoqolli bir chayqovchi yog‘ochdan bejirim, pishiqqina kursilar yasab, ishqibozlarni taklif etibdi – kishi boshiga sakson tiyindan olib kursi osha tomosha uyushtiribdi. Bir faxriy polkovnik ataylab uyidan barvaqt chiqib, bir amallab olomonni yorib o‘tibdi, biroq do‘kon oynasidan burunni emas, oddiy jun fufaykayu paypog‘ini tuzatayotgan qiz va daraxt ortidan unga mo‘ralab qarayotgan qaytarma nimchali, bir tutamgina soqolchasi bor olifta yigit tasvirlangan litografik suvratni ko‘ribdi, xolos; suvrat bu yerda osig‘liq turganiga o‘n yildan oshgan edi. Polkovnik turtina-surtina bir chetga chiqib olgach, “Shunaqa yolg‘on va to‘mtoq mishmishlar bilan odamlarni mayna qilishning nima keragi bor-a?” deb rosa darg‘azab bo‘libdi.
Keyin – mayor Kovalyovning burni Neva prospektida emas, qachondan beri Tavriya bog‘ida sayr qilib yurganmish, u Xisrav Mirza17 yashagan vaqtlardan buyon o‘sha yerda emish, shahzoda ham tabiatning bu g‘aroyib o‘yinidan g‘oyat hayratlanibdi, degan gaplar tarqaldi. Jarrohlik akademiyasining ba’zi talabalari o‘sha yoqqa yo‘l olibdi. Taniqli va nufuzli bir xonim esa bog‘ nazoratchisi nomiga maktub bitib, tabiatning bu noyob hodisasini bolalarga ko‘rsatishni, agar iloji bo‘lsa, ibratli va nasihatomuz izohlar bilan o‘smirlar o‘rtasida tushuntirishlar olib borilishini so‘rabdi.
Bo‘lib o‘tmish ushbu voqealar barcha kiborlarga, ayniqsa, xonimlar dimog‘ini chog‘ qilishni xush ko‘radigan, tantanali qabul marosimlarini kanda etmaydigan oliftalarga juda qo‘l keldi – zaxiradagi qiziqarli latifalarining tagi ko‘rinib qolgan edi-da. Bir necha nufuzli, xolis niyatli kishilar esa bu holdan o‘ta norozi edi. Bir janob hozirgi ma’rifatli asrimizda qanday qilib mana shunaqa kurakda turmaydigan uydirmalar tarqalishi mumkin, hech tushunolmayman, nega bunga hukumat beparvo qarayotir, deya jig‘ibiyron bo‘lib gapirdi. Bu janob, aftidan, hukumatni hamma narsaga, hatto er-xotin o‘rtasidagi kundalik mojaroga ham aralashtirishga urinadiganlar xilidan bo‘lsa kerak. Shundan keyin… shu yerga yetganda yana voqeani butkul tuman chulg‘aydi va u yog‘iga nima bo‘lgani mutlaqo ma’lum emas.

III

118430540_img006.jpgDunyoda o‘ta bema’ni ishlar ham ko‘p-da. Ba’zida haqiqatga yaqin ham yo‘lamaydigan voqealarga guvoh bo‘lamiz. Statskiy sovetnik mansabida har yerda sayr qilib yurgan va shaharda shuncha shov-shuv chiqargan o‘sha burun go‘yo hech nima ko‘rmagandek, kutilmaganda o‘z joyi, ya’ni mayor Kovalyovning ikki yonog‘i o‘rtasida paydo bo‘ldi-qoldi. Bu voqea aprel oyining yettinchi kuni ro‘y berdi. Kovalyov uyg‘onib, bexosdan ko‘zguga qarasa – burni joyida! Shosha-pisha ushlab ko‘rdi – o‘zining burni! “Ie, ie!” deya qiyqirib yubordi u va quvonchi ichiga sig‘may xonani oyoqyalang gir aylanib yugurmoqchi edi, qo‘qqisdan kirib kelgan Ivan xalaqit berdi. Mayor unga yuvingani suv keltir, deb buyurdi va yuz-qo‘lini chayarkan, yana bir marta oynaga qaradi: burni o‘z o‘rnida! Sochiqqa artinarkan, tag‘in qaradi: burun o‘sha-o‘sha!
– Ivan, qara-chi, burnimga g‘o‘dda chiqqanga o‘xshaydi, – dedi u va “Agar Ivan: e, janob, g‘o‘dda qayoqda, burunning o‘zi yo‘q-ku, desa xudo urdi deyaver!” degan gap o‘tdi xayolidan.
Biroq Ivan:
– Yo‘g‘-e, hech qanday g‘o‘dda-po‘dda chiqmagan burningizga! – dedi.
“Ana-a, zo‘r-ku!” dedi o‘zicha mayor ich-ichidan sevinib va barmoqlarini qirsillatib qo‘ydi. Shu payt qo‘lga tushayozgan o‘g‘ri mushukdek qo‘rqa-pisa sartarosh Ivan Yakovlevich eshikdan mo‘raladi.
– Avval menga shuni ayt-chi, qo‘lingni yuvganmisan? – deb qichqirdi Kovalyov unga ko‘zi tushiboq.
– Ha, qo‘lim toza.
– Aldama!
– Xudo haqqi, janob, top-toza.
– Bo‘pti, bo‘pti, ko‘ramiz hali…
Kovalyov kursiga joylashdi. Ivan Yakovlevich uning yelkasiga sochiq yopib, cho‘tkasi bilan bir lahzada soqoliyu yonoqlariga noyob, xushbo‘y sovun ko‘pigini chaplab tashladi.
“Buni ko‘ring-a! – dedi o‘ziga o‘zi Ivan Yakovlevich uning burniga qarab, keyin boshini egib, yon tomondan boqdi. – Bor, yo‘qol-e!”, deb qo‘ydi-da, yana burunga tikilib qoldi. Keyin iloji boricha ayab-avaylab, uning uchidan ushlamoq bo‘lib barmoq chog‘ladi – Ivan Yakovlevichning soqol olish usuli shunaqa edi.
– Ey, ey, ko‘zingga qara! – deb qichqirdi Kovalyov.
Sartarosh taraddud aralash dovdirab qoldi, uni shunday hayajon bosdiki, bunaqasi sira bo‘lmagan edi. Nihoyat, ehtiyotkorlik bilan ustarasini gird aylantirib, mijozining iyaklarini asta qirtishlay boshladi. Garchi hid bilish a’zosini ushlamasdan soqol olish xiyla noqulay bo‘lsa-da, dag‘al barmoqlarini bet va pastki jaqqa tirab, bir amallab ishini tugatdi.
Soqol oldirib bo‘lgan zahoti Kovalyov kiyinib, izvoshga o‘tirdiyu to‘ppa-to‘g‘ri qandolatxonaga jo‘nadi. Do‘kon eshigidan hatlaboq, “Bolakay, bir finjon shokolad keltir!” deb buyurdi, o‘zi esa toshoynaga yugurdi; burni o‘z joyida! So‘ngra og‘zining tanobi qochib orqasiga o‘girildi va birovining burni nimcha tugmasidek keladigan ikki harbiyga ko‘zini qisibroq masxaraomuz qarab qo‘ydi. Do‘kondan chiqqach, vitse-gubernator lavozimiga, bordiyu omad chopmasa, ekzekutor mansabiga erishaman deb obdon ostonasini changitgani departament devonxonasiga yo‘l oldi. Qabulxonadan o‘tib borarkan, oynaga ko‘z tashlab oldi: burun joyida turibdi! Bu yerda u boshqa bir kollej asessori, ya’ni o‘ziga o‘xshagan mayorni ziyorat qilmoqchi edi; hamkasabasi o‘ta hazilkash, birovning ustidan kulishga suyagi yo‘q bo‘lib, uning ilmoqli gaplariga Kovalyov “Ey, qo‘ysang-chi, seni bilaman-ku, zaharsan!” deb qutulardi. Yo‘lakda u o‘zicha, “Agar shu mayorki meni ko‘rib kulgidan tars yorilmasa, demak, hech bir xavotirga o‘rin qolmaydi”, deb o‘yladi. Kollej asessori esa kulmoqni xayoliga ham keltirmadi. “Jin ursin, ishlar besh!” dedi Kovalyov o‘ziga o‘zi. Qaytayotib u ko‘chada shtab-ofitser Podtochina bilan qizini uchratib qoldi. Ular Kovalyov bilan iliqqina, o‘zaro ta’zim ado etib salom-alik qilishdi. Bundan chiqdi, ko‘rinishi bippa-binoyi, yuzida hech bir kemtiklik yo‘q! Kovalyov ular bilan uzoq so‘zlashdi, atayin tamakidonini ochib, burnining har ikkala teshigiga bosib-bosib hidladi. “He, tovuqmiyalar-ey, qarab turlaring hali! Qizingga uylanib bo‘pman! Shunchaki par amour18 uylanadigan ahmog‘ing yo‘q – xomxayol bo‘lma!” derdi ichida.
O‘shandan beri mayor Kovalyov, go‘yo hech nima ko‘rmagandek, Neva prospektida, teatru boshqa joylarda bemalol sayr qilib yuradi. Burni ham to‘satdan g‘oyib bo‘lib qolganidan bexabar, hech gap bo‘lmagandek, mana, joyginasida qaqqayib turibdi! Keyinchalik ham mayor Kovalyovning mudom hazil-mutoyiba qilib xushvaqt yurganini, xushsuvrat xonimlarning deyarli barchasini zimdan kuzatishini va hatto bir gal Gosti¬n?y dvorga19 kirib, qandaydir rasta oldida to‘xtagani, nima uchun ekani noma’lum-u, orden taqiladigan tasma sotib olganini ko‘rganlar bor, vaholanki, u hech qanday orden sohibi emas edi.
Bepoyon mamlakatimizning shimoliy poytaxtida ana shunday voqea sodir bo‘ldi! Biroq endi, hammasini mulohaza qilib ko‘rgachgina bu hangomaning haqiqatdan yiroq jihatlari ko‘p ekanini anglab turibmiz. Kovalyov yo‘qolgan burun haqida gazetada e’lon bermoq kulgili ish ekanini tushunmaganidek, burunning basharadan uzilib chiqishiyu, kam emas, ko‘p emas, statskiy sovetnik qiyofasida har joyda paydo bo‘lishi ham aql bovar qilmas hodisa ekanini gapirib o‘tirmoqqa hojat bo‘lmasa kerak. Kamina e’lon chop ettirish juda qimmatga tushajagini nazarda tutayotganim yo‘q, albatta, bu g‘irt maydakashlik bo‘lardiki, men aslo manfaatparastlar sirasiga kiradigan kimsa emasman. Lekin baribir nimasidir noqulay, nodurust-da, shundoq emasmi? Yana o‘sha gap – mardumning yuzidagi burun qay tariqa endigina pechdan chiqqan qaynoq non ichida paydo bo‘lib qolganu Ivan Yakovlevichning o‘zi qay tariqa?.. Yo‘q, men buni hazm qilolmayman, mutlaqo! Ammo qiziq, yozuvchilar shunaqa syujetlarni qanday qalamga olar ekan-a? Tan olaman, bunisiga endi sira aqlim yetmaydi, ha, shunday… vassalom. Birinchidan, buning xalqqa hech keragi yo‘q; ikkinchidan… ikkinchidan ham befoyda. Bilmayman, bilmayman…
Lekin baribir undoq ham, bundoq ham, boshqacha ham bo‘lishi mumkin… Bunday olib qaraganda, shunga o‘xshash bema’ni, quyushqonga sig‘maydigan voqealar yo‘q deb kim kafolat bera oladi?.. Nafsilamri, yaxshiroq o‘ylab ko‘rilsa, bu xil hangomalarning zamirida ozmi-ko‘pmi haqiqat borga o‘xshaydi. Kim nima desa desin, dunyoda shu kabi hodisalar ham bo‘lib turadi – onda-sonda bo‘lsa ham.

Manba: «Tafakkur» jurnali

Izohlar
__________________

1 Kollej asessori – Pyotr Birinchining tashabbusi bilan ta’sis etilgan “Unvonlar jadvali”ga ko‘ra, sakkizinchi klass chinovnigi harbiy mayorga tenglashtirilgan. Kavkazda ma’murlar mansabini bemalol suiiste’mol qilganidan bu unvonga erishish oson bo‘lgan.
2 Punsh – rom vinosiga suv, shakar, meva sharbati hamda xushbo‘y ziravorlar qo‘shib-qaynatib tayyorlanadigan spirtli ichimlik
3 Manishka – ko‘ylakning qadama ko‘krak qismi
4 Boston – qarta o‘yinining bir turi
5 Ekzekutor – Chor Rusiyasida idora va muassasalarning xo‘jalik ishlarini boshqaruvchi amaldor
6 Statskiy sovetnik – Chor Rusiyasida 5-darajali martaba
7 Vitsmundir – chinovniklarning maxsus kiyimi
8 Kolonnada – qator ustunlar
9 Livreya – malaylar kiyadigan zarrin uqali libos
10 Nadvorn?y sovetnik – Chor Rusiyasida 7-darajali martaba
11 Axloq boshqarmasi (Uprava blagochiniya) – ayrim sud ishlarini ham tasarrufiga olgan politsiya boshqarmasi
12 “Severnaya pchela” – 1838 yildan 1866 yilgacha Rusiyada nashr etilgan siyosiy-adabiy gazeta
13 Biz bilgan kallaqanddan hajman ancha katta.
14 Botfort – qo‘nji tizzadan baland etik
15 Dilijans – passajir va pochta tashiydigan arava
16 Yunker do‘koni – Neva prospekti va Bolshoy Morskoy ko‘chalari muyulishidagi modalar do‘koni
17 Xisrav Mirza – fors shahzodasi; 1829 yilda Peterburgdagi Eron elchixonasini boshqargan.
18 Par amour – sevgi tufayli (fr.)
19 Gostiniy dvor – Peterburgdagi yirik savdo markazi

004

(Tashriflar: umumiy 3 825, bugungi 1)

Izoh qoldiring