Nikolay Gogol. Dilijon. Hikoya & Uylanish. Radiospektakl

22 1 апрель — Николай Гоголь  туғилган кун

  Ёш бека хуррак отаётган эри ёнидан турган пайтни қишлоқдагилар «чошгоҳ» дейишади. Эри уйга ярим кечаси келгани эсига тушиб, уйғотгани кўзи қиймайди-да, Петербургдан олдирган хонаки бошмоғини кийиб, эгнида қуйилаётган сувдек жилвагар, нафис оқ кофтада пардозхонасига чиқди, ўзидай тиниқ ва тоза сувга ювиниб, ойна ёнига келди…

Николай ГОГОЛЬ
ДИЛИЖОН
Миртемир таржимаси
011

267px-Gogol_karandash.jpg  Николай Васильевич Гоголь [1809.20.3(1.4), Полтава губерняси, Миргород уезди — 1852.21.2 (4.3), Москва] — рус ёзувчиси. Рус адабиётида танқидий реализмга асос солган. Нежин гимназиясини тугатиб (1828), Петербургга келган. Рассомлик қилган, драма тўгаракларида фаол қатнашган, айрим юмористик ролларни ижро этиб, бадиий ижод билан ҳам шуғулланган. В. Алов тахаллуси билан ёзилган «Ганц Кюхельгартен» романтик достони (1829) салбий баҳолангач, чет элга кетган. Германиянинг Любек, Гамбург шаҳарларида бўлган. Петербургга қайтиб, давлат маҳкамаларида хизмат қилади. Маҳкамалардаги қоғозбозлик, сансалорлик каби иллатлар Гоголь учун бой мавзу бўлди («Петербург қиссалари, 1830).

А.С. Пушкин билан учрашуви (1831) Гоголь ижодида бурилиш ясади. «Диканька қишлоғи оқшомлари» (1831—32) тўпламига кирган ҳикоя ва қиссалари («Сорочино ярмаркаси», «Даҳшатли қасос» ва б.) Гоголга шуҳрат келтирди. Бунда Малороссиядаги турмуш тарзи, одамлар онги, ахлоқи, халқнинг юморга бой афсоналари, урф-одатлари акс эттирилган. Гоголь Санкт-Петербург университети умумтарих кафедрасида профессор бўлиб ишлади (1834), бу унга тарих билан чуқурроқ танишиш имконини берди. «Миргород» («Иван Иванович билан Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш жанжаллар ҳикояти», «Вий» ва бошқа қиссалар) тўплами ҳамда «Арабескалар» («Нева шоҳ кўчаси», «Портрет», «Тентак мактублари» қиссалари) тўпламида (1835) шаҳар ҳаёти манзаралари «кўздан ёш чиққунча» кулги қўзғатадиган усулда тасвирланади. «Тарас Бульба» (1835) қиссаси украин халқининг чет эл босқинчиларига қарши курашига бағишланган. Гоголь 30-йиллар 1-ярмида «3-даражали Владимир» (тугалланмаган), «Уйланиш» (1842 йилда нашр этилди) комедиялари устида ишлади. «Ревизор» (1836) комедиясида Россиядаги мансабпарастлик, хазинани талон-торож қилиш, порахўрлик ва бошқа ҳажв остига олинган. Гоголь ижодининг чўққиси бўлган «Ўлик жонлар» (1842) достон-романида Россиядаги ўша давр ҳаётига умумий тавсиф берилган.

Гоголь ўз дунёқарашида содир бўлган ахлоқпарастлик гоялари таъсирида «Дўстлар билан ёзишмалардан танланган саҳифалар» (1847) асарини эълон қилади. Мазкур асар В. Г. Белинский томонидан танқидга учрайди («Н.В. Гоголга хат»).

Гоголнинг «Ревизор» (1935—52, Кибриё Қаҳҳорова ва Абдулла Қаҳҳор таржимаси), «Иван Иванович ва Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш жанжаллар ҳикояти» (1972, Н. Алимуҳамедов таржимаси), «Ўлик жонлар» (1959, Рустам Абдураҳмонов таржимаси) ва бошқа асарлари ўзбек тилида нашр этилган. «Ревизор», «Уйланиш» пьесалари Ўзбекистан театрлари саҳнасида қўйилган

011

Отлиқ аскарлар полки тура бошлагандан кейин, Б. шаҳарчаси жуда хушчақчақ бўлиб кетди. Унгача ўлгудек кўнгилсиз эди…

Гоҳо йўлинг тушиб қолиб ундан ўтганингда кўча юзида ғоят мунғайиб турувчи пастак ва кичик гувала уйларга кўзинг тушса, таъбинг шу қадар хира бўлардики, буни ифодалаб бериш қийин, худди бор-йўғингни қиморга бой бергандек ёки бемаҳал бирон номаъқулчилик қилиб қўйгандек ғуссага ботарди киши, хулласи, нохуш бўлардинг. Уйларнинг лойсувоқлари ёмғирдан ивиб-ўпирилиб тушган-у, деворлар ола-қуроққа айланган; аксари томларга, одатда бизнинг жанубий шаҳарларимизда бўлганидек, қамиш ёпилган; боғларни эса шаҳар ҳокими, манзара чиройли бўлсин деб, аллақачон чоптириб ташлатган. Кўчаларда жон асарини учрата олмайсан, тизза бўйи чанг билқиллаб ётган йўлни кесиб биронта хўроз ўтиб қолмаса…

Агар жиндек ёмғир ёғиб қолгудек бўлса борми, ботқоққа айланади-ю, иннанкейин Б. шаҳарчасининг кўчаларига унинг ҳокими: «Фаранглар», деб атаган бўрдоқи ҳайвонлар тўлиб кетади. Улар бесўнақай тумшуқларини чўзиб чунонам хир-хирлашадики, ўткинчиларнинг отларини тезроқ қамчилашдан бошқа иложи қолмайди. Шуниси ҳам борки, Б. шаҳарчасида ўткинчини учратиш қийин.

Аҳён-аҳёнда, ўн бир жоннинг* эгаси, малларанг чўзимдан дағал тўн** кийган бирон помешчик аллақандай шалдироқ аравада тош йўлни тарақлатиб ўтиб қолади, ун тўла қоплар орасидан мўралаганича жийрон бияга қамчи уради, биянинг кетидан қулуни чопиб кетаётган бўлади, албатта. Бозор майдони дейиладиган жойнинг турқи ундан ҳам кўнгилсиз: тикувчининг уйи жуда бесўнақай тушган, пештоқи кўриниб турса ҳам майли-я, бурчаги туртиб чиққан, унинг қаршисидаги икки деразалик ғиштин иморат ўн беш йилдан бери қурилмоқда, ундан нарироқда тахта деворли, мундоқ қарашда тузуккина бир қўра турибди, у балчиққа ўхшаш кулранг мойга бўялган, уни шаҳар ҳокими ёшлик вақтида ўэга иморатларга ибрат тарзида қурдирган, у вақтларда ҳали ҳокимнинг тушки овқатдан кейиноқ ухлаш, кечаси ётиш олдидан аллақандай шифобахш қайнатқи ичиш одати йўқ эди.

Бошқа деворларнинг деярлик ҳаммаси четандан; майдон ўртасидаги майда-чуйда дўконларда ҳаммавақт боғлам-боғлам тешик кулчалар сотилади; бундан ташқари қизил дурра боғлаган аёлу бир пуд совунни, бир неча қадоқ аччиқ бодому милтиқнинг ўқ-дориларини, ип газламаю эшик олдида ҳамиша михқозиқ ўйини билан банд бўлган икки гумаштани кўриш мумкин. Аммо, Б. деган бу шаҳарчада отлиқ аскарлар полки тура бошлаши биланоқ ҳаммаёқ ўзгариб кетди. Кўчалар ола-ғовур бўлиб, жонланди, бошқа тусга киргандай туюлди.

Пастак уйлар ёнидан ўтиб борувчи абжир, серсавлат, бошига жиға таққан офицер тез-тез кўзга ташланиб қолар, у иш юзасидан, ноёб тамаки борасида дўсти билан гаплашмоқ учун, баъзида генералдан яшириқча полкка ўтиб кетган от-аравани қиморга тикиш учун ўтар эди: негаки, бу арава полк доирасида ҳамманинг қўлига бир-бир кириб чиқарди; унда бугун майор сайр қилса, эртага поручикнинг отхонасида пайдо бўларди, бир ҳафта ўтгандан кейин қарабсанки, тағин майорнинг навкари мойлаяпти. Уйларнинг оралиқларидаги четан қозиқларни аскарларнинг офтобга ёйилган фуражкалари босиб кетган, сурранг шинель албатта аллақаердаги дарвозада қўнқайиб турар, тор кўчаларда этик чўткасидай дағал мўйловли солдатлар учраб қолар эди. Қаерга қарасанг, шу мўйловлар. Ёғлоғи кўтарган мешчан хотинлар бозорда тўпланиб қолгудек бўлса, уларнинг кифтлари оша ҳам мўйловлар кўриниб қоларди.

Дор қурилган жойда мўйловдор аскар бир оми қишлоқининг соқолини уқалар, униси эса, кўзлари ола-кула бўлиб, яккаш инқиллар эди. Шу вақтга қадар аллақайси руҳонийнинг беваси билан бир уйда истиқомат қилувчи ҳакамдан ва салгина фаҳм-фаросатлироғ-у, лекин туну кун — тушдан то оқшомгача, оқшомдан тушгача ухлагувчи шаҳар ҳокимидангина иборат маъракаларни энди офицерлар қизитиб юборишди. Бригада генералининг маҳкамаси бу ёққа кўчирилгандан кейин эса, маърака яна ҳам серфайз бўлиб, қизиқарли тус олди. Оламда бор-йўқликлари шу вақтгача бировнинг хаёлига ҳам келмаган овлоқ қишлоқларнинг мулкдорлари жаноб офицерлар билан кўришмоқ ниятида, баъзида эса қарта ўйнаш учун шаҳарчага тез-тез келиб турадиган бўлиб қолишди, кўнгилхушликлар уларнинг экин-тикин ташвиши, хотинларининг хархашаларию қуёнлар дахмазаси билан ғовлаган каллаларида ширин хаёл сингари фавқулодда шавқ туғдирарди.

Афсуски, бригада генералининг нима муносабат билан катта зиёфат бериб қолганини эслай олмайман, лекин зиёфатга тайёргарлик жуда зўр бўлди: генерал ошхонасидаги пичоқларнинг тақир-туқури ҳарбий шаҳарча нарёғидан ҳам эшитилиб турар эди. Зиёфат учун бозордаги бор-йўқ нарса кўтариб кетилди, натижада ҳакам билан руҳоний бевасининг куни ниманингдир унидан ёпилган кулчаю картошкадан тайёрланган буламиққа қолди. Г

енерал турган уйнинг кичкина ҳовлиси дилижону извошлар билан тўлган бўлиб, маъракага офицерлар, шу теваракдаги баъзи ер эгалари таклиф қилинган эди. Мулкдорлар орасида диққатга сазоворроғи — сайловларда ҳаммадан кўра кўпроқ жар соладиган Пифагор Пифагорович Чертокуцский кўз-кўз қилишга арзигулик дилижонда келган эди. У илгари отлиқ аскарлар полкидан бирида хизмат қилган, анча тузук ва кўзга кўринган офицерлар жумласидан ҳисобланарди. Уларнинг полки кўчиб борган жойларда бўлиб ўтган талай базму маъракаларда уни илгари ҳам кўрганлари аниқ, дарвоқе, бу ҳақида Тамбов ва Симбир губернияларининг қизларидан сўралса ҳам бўлади.

Агар, одатда хунук машмаша деб аталадиган бир кўнгилсизлик туфайли истеъфога чиқмаганида, у бошқа жойларда ҳам шуҳрат орттириши эҳтимолдан узоқ эмас эди. Қариган чоғида бировни тарсакилаганми, ё ўзи тарсаки еганми, буниси аниқ эсимда йўқ, ҳайтовур ундан истеъфога чиқа қолишини ўтиниб сўрадилар. Аммо бу билан ўз қадрини қиттак ҳам йўқотгани йўқ: ҳамон ҳарбий мундир бичимидаги хипчабел фрак кияр, белига тақилган аслаҳасию бурни тагидаги мўйловлари ҳам бояги-боягидек эди. Йўқса, дворянлар уни пиёда аскарлар полкида хизмат қилган, деб ўйлашлари мумкин эди-да, пиёдаларни эса у гоҳо-гоҳо калака қилиб туришни яхши кўрарди. У Россиянинг аёллару гўдаклар, қизлару семиз мулкдорлардан иборат бутун авра-астари кўнгилхушлик қилиш учун барча турдаги нақлиёт воситаларига, ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган аломат извошларга тушиб борадиган гавжум ярмаркаларнинг биттасидан ҳам қолмасди. Қаерга отлиқ аскарлар полки келиб қўнмасин, дарҳол искаб топардию келиб, албатта жаноби офицерлар билан учрашарди.

Уларнинг олдига енгил дилижондан ёки извошдан чаққонлик билан сакраб тушарди-да, дарров ҳол-аҳвол сўрашиб кетар эди. Ўтган сайловларда у дворянларга жуда яхши зиёфат берди, зиёфат чоғида, агар уни пешволикка сайлашса, дворянларнинг ишини ривож топтиражагини маълум қилди. Ўша вилоятда истиқомат қиладиган одамлардан эшитишимча, у ўзини тўралардек тутар, яқинда битта дўндиққа уйланган — уни икки юз жондану бир неча минг сармоядан иборат сепи билан хотинликка олган экан. Сармоя эса ўша заҳотиёқ олтита ажойиб арғумоқ ва нақшин қулфлар, ўргатилган маймуну француз эшикоғаси олиш учун сарф қилинибди. Икки юз жон эса қандайдир тижорат ишларини юргизиш учун гаровга тикилган эмиш. Хуллас, мулкдор деса дегудай, бориб турган помешчик эди. Генерал зиёфатида ундан бошқа ҳам анча-мунча помешчиклар бор эди-ю, лекин улар ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ. Уларнинг ҳаммаси ўша полк ҳарбийлари ва иккита катта офицер полковник билан хийла йўғон майордан иборат. Генералнинг ўзи дард кўрмаган, хўппа семиз, офицерлар берган баҳога қараганда чакки бошлиқ эмас эди. Хийла дўриллаган, салмоқдор овоз билан гапирарди.

Зиёфат жуда қуюқ бўлди: маромига етказиб қоврилган балиқлару тувалоқ, сарсабил, бедана, каклик, қўзиқоринлар ошпазнинг кечадан бери туз тотмаганидан, тўртта аскар қўлида пичоқ билан тун бўйи унга қийма қайла тайёрлашда кўмаклашиб чиққанидан далолат берарди. Мусаллас, ўткир шароблару ажойиб ёз куни, ланг очилган деразалару муз солиб столга қўйилган ликобчалар, жаноби офицерларнинг охиригача ечилмаган тугмаларию кенг-мўл фракларининг ғижимланган ўнгирлари, ғала-ғовуру ҳангома — ҳаммаси бир-бирига мос тушар эди. Зиёфатдан кейин, қоринларидаги оғирликдан ҳузур қилиб, меҳмонлар ўринларидан туришдию узунқисқа бўлишиб зинапояга чиқишди. Генерал, полковник, ҳаттоки, майор мундиридаги тугмалар бутунлай ечиғлиқ бўлганидан уларнинг ноёб ипак тасмалари кўзга чалиниб турарди, жаноби офицерлар ўзларига ярашгулик одоб сақлаб, сўнгги уч тугмани назарга олмаганда, қолган ҳамма тугмаларини тақиб олган эдилар.

— Мана энди кўрмоқ мумкин, — деди генерал. — Азизим, марҳамат қилиб… — деди у адъютанти бўлмиш хушсурат, хийла абжир ёш йигитга мурожаат қилиб, — айтиб қўй, жийрон байтални буёққа олиб чиқишсин!.. Мана ҳозир ўз кўзларингиз билан кўрасизлар. —Генерал трубкасини тортиб, тутун чиқарди. — Байтал унча ҳам боқувда эмас, парвариши кам, лаънати шаҳарчада тузукроқ отхона ҳам йўқ!

— Зоти олийлари, пуф-пуф, байтални қачон олгансиз? — деди Чертокуцский.

— Пуф-пуф, пуф-пуф, хўш… пуф, яқинда. От заводидан олганимга атиги икки йил бўлди!

— Олганларида ўргатилган эканми, ёки олганларидан кейин шу ерда ўргатиб олдиларми?
— Пуф-пуф… шу ерда, — дедию тутун ичида тамом ғойиб бўлди генерал.

Бу орада отхонадан отилиб бир аскар чиқди, туёқ дупури эшитилди, ниҳоят, узун оқ чакмон кийган, баҳайбат, қора мўйловлик бошқа аскар пайдо бўлди. У дир-дир титраган, ҳурккан отнинг жиловидан тутиб, етаклаб келмоқда эди. От бирдан бошини тепага силтадию ерга чўнқайиб ўтириб қолган аскарни мўйлов-пўйлови билан бирга осмонга ирғитишига сал қолди.

— Ҳай, дейман, ҳай, Аграфена Ивановна! — дедй аскар отни зинапоя тагига етаклаб келаётиб.

Байталнинг номи Аграфена Ивановна экан. Жануб гўзалидай асов байталнинг туёқлари зарбидан ёғоч зинапоя гумбирлаб кетдию от таққа тўхтади.

Генерал оғзидан трубкасини олди, чиройи очилиб, кўкраги кўтарилиб Аграфена Ивановнага қаради. Шахсан полковник зинадан тушиб, Аграфена Ивановнанинг тумшуғидан ушлади. Шахсан майор Аграфена Ивановнанинг оёғини силаб қўйди, бошқалар танглайларини тақиллатишди.

Чертокуцский зинадан тушдию айланиб байталнинг орқасига ўтди. Аскар тизгинини ушлаганича қаққайиб турар, худди бир сакраб қадалиб қолмоқчи бўлгандай, меҳмонларга қараб ўқраяр эди.

— Обдон, обдон яхши байтал! — деди Чертокуцский.— Ажаб келишган от! Ҳа, минмоқликка ижозат беринг, зоти олийлари, юриши қандай?

— Оёқ олиши яхши, лекин… не билай, манови аҳмоқ отбоқар қандай ем егизган экан, мана икки кун бўлдики, аксиргани-аксирган.

— Обдон, обдон яхши! Хўш, зоти олийларининг шу отга муносиб аравалари шайми?

— Арава… Ахир бу салт минадиган от-ку!

— Бунисини билиб турибман, аммо мен зоти олийларидан бошқа отлари учун муносиб аравалари борми-йўқлигини билмоқ мақсадида сўрадим.

— Ҳа, менда аравалар унча етарли эмас. Мен сизга ростини айтсам, кўпдан буён янги дилижон олишни орзу қиламан. Бу тўғрида Петербургда турадиган акамга хат ёзган эдим, қайдам, юборармикин, йўқми?

— Менимча, зоти олийлари, — деб гапга аралашди полковник, — Вена дилижонидан тузуги бўлмас.

— Фикрингиз тўғри, пуф-пуф…

— Менда, зоти олийлари, нақ Венада ясалган дегулик антиқа дилижон бор.

— Қайси у?.. Ҳали тушиб келганингизми?

— Йўғ-э! Буниси шунчаки, у ёқбуёққа бориб туришим учун, аммо униси… жуда ҳайрон қоладиган — қушдай енгил, унга тушган вақтингизда-чи, зоти олийларининг ижозатлари билан айтсам, худди энагангиз бешикда тебратаётгандай бўласиз.

— Шунақа беозор денг?
— Жудаям беозор: болишлари, рессорлари бамисоли суратга солингандай!
— Яхши экан.

— Кенг-мўллигини айтмайсизми! Чунончи, мен, зоти олийлари, мунақасини ҳали кўрган эмасман. Хизмат қилган вақтимда менинг қутимга ўн бутилка ром, йигирма қадоқ тамаки жойланар, бундан ташқари, ёнимда олтитагача мундир, ич кийим, ҳамда зоти олийлари ижозатлари билан айтсам, найи гижжадан ҳам узун икки трубкам юрар эди, ён халталарига бутун бошли ҳўкиз сиғар эди.

— Яхши экан.
— Зоти олийлари, у менга тўрт мингга тушган!

— Нархига қараганда, яхшига ўхшайди, сиз ўзингиз сотиб олганмидингиз?

— Йўқ, зоти олийлари, қўлимга тасодифан тушиб қолди. Уни бир оғайним — ўзи ноёб одам, болаликдан ўртоғим, ўзини кўрсангиз дидингизга ёқиб қоларди — ўша сотиб олган, икковимизнинг орамизда сеникию меники деган гап йўқ, ҳаммаси ўртада эди-да. Мен ундан дилижонни қарта ўйинида ютиб олдим. Зоти олийлари, эртага каминаникида овқатланишга розилик бериб, марҳамат кўрсатсалар бир йўла дилижонни ҳам кўриб келардилар.

— Қайдам, таклифингизга нима десам экан? ёлғиз ўзим боришга сал… ё жаноби офицерлар билан бирга боришга рухсат этармикансиз?

— Жаноби офицерларни ҳам ожизона таклиф этаман. Жаноблар, сизларни ўз уйимда кўрар кунга етишсам, буни зўр шараф деб ҳисоблайман! Полковник, майор ва бошқа офицерлар қуюқ таъзим билан миннатдорчилик изҳор қилдилар. Сўнг Чертокуцский давом этди: — Мен, зоти олийлари, шундай фикрдаманки, агар буюм сотиб олар экансан, албатта, яхшисини олиш керак, ёмонини олиш овора бўлишга ҳам арзимайди. Мана, эртага қадам ранжида қилиб мени шу шарафгағарқ этганларида, мен ўзим рўзғорда ўрнатган баъзи қоидаларимни кўрсатарман.

Генерал бир қараб қўйдию оғзидан тутун чиқарди. Чертокуцский жаноби офицерларни уйига таклиф қилганидан оғзи қулоғида эди. У хаёлида ҳалитданоқ турли-туман қиймалару қайлалар буюрмоқда… Чертокуцский талтайиброқ ўртага чиқди, бу шавқу завқи беҳад ошиб кетганидан эди.

— У ерда зоти олийлари уй бекаси билан танишадилар.
— Мен жуда хурсандман, — деди генерал мўйловини силаб.

Чертокуцский бу гапдан кейин эртага меҳмонларни кутиб олишга ҳамма ҳозирликни барвақт кўриш учун дарров уйига жўнамоқчи бўлди, у шляпасини қўлига олмоқчи ҳам эди-ю, бироқ бир бало бўлдида, тағин хийла вақт қолиб кетди. Бу орада хонага махсус столлар тизиб қўйилган эди. Ҳадемай, бутун маърака тўртта-тўрттадан даврага бўлиниб, генерал уйининг бурчак-бурчакларида қимор ўйнашга тушдилар.

Шамлар ёқилди. Чертокуцский ўйинга ўтириш ё ўтирмаслигини билмай узоқ гарангсиб турди. Лекин, жаноби офицерлар ёнларига таклиф қилишгач, рад этиш улфатчилик қоидаларига жуда хилофдай кўринди-да, ўтириб қолди. Олдида қаёқдандир арақ тўла стакан пайдо бўлиб қолдию ўша заҳотиёқ ичиб юборди. Чертокуцский икки қўл ўйнагандан кейин қараса, яна лиқ тўла бир стакан пайдо бўлиб қолипти, уни ҳам… Лекин ичишдан аввал:

— Вақт бўлди, жаноблар, ростда, уйга кеч қолдим шекилли, — деб қўйди. Аммо беихтиёр кейинги ўйинга ҳам бай тикиб юборди.

Бу орада уйнинг бурчак-бурчакларидаги гурунглар ғалати тус олди: қарта ўйнаётганлар хийла камгап, бироқ ўйинга аралашмай, четдаги диванда ўтирганлар қизғин суҳбатда эди. Бир бурчакда, оғзида трубкаси, болишга ёнбошлаган штаб-ротмистр ўз ишқий саргузаштларини хийла бетакаллуф ва равон ҳикоя қилар, атрофдагиларнинг диққатини ўзига қаратиб олган эди. Калтабақай қўллари бесўнақай битган картошкага ўхшаброқ кетган, сўқимдай семиз бир мулкдор юзлари минг турланиб, ҳузур қилиб гапга қулоқ солар, фақат онда-сонда тамакидонини олиш учун қўлини сербар белига чўзганида қийналиб қолар эди. Бошқа бурчакда ҳарбий машқлар борасида анча қизғин баҳс бошланиб кетди, бу вақт, икки кичик қарта ўрнига битта кўзир ташлаган Чертокуцский нохос четдаги гапга аралашиб, турган жойида «Қайси йилда?.. Қайси полкни?» деб бақиришга тушди. Саволининг суҳбатга ҳеч қандай муносабати йўқлигини пайқамас эди. Ниҳоят, кечки овқатдан бир неча дақиқа олдин қарта ўйини тўхтатилди, лекин ўйин гапда давом этар эди. Гўё ҳамманинг калласи ҳамон қимор билан банд эди. Чертокуцский яхши эслардики, у жуда кўп ютди, қўл чўзиб ҳеч нима олгани йўқ, ҳозир у ўрнидан тураркан, бурун артиш учун чўнтагидан дастрўмолини қидиргандай узоқ ивирсиб қолди. Бу орада кечки овқат ҳам келтирилди. Ўнгу сўлида бутилка турганидан кейин Чертокуцский ора-чора беихтиёр ўзига қуйиб олиши кераклиги ўз-ўзидан маълум эди, албатта.

Овқат устида гурунг чўзилиб кетди. 1812 йилги уруш вақтида хизмат қилган бир помешчик шунақанги бир жанг ҳақида гапирардики, аслида, бунақаси сира ҳам бўлган эмас. Кейин у, ҳе йўқ-бе йўқ, графиннинг тиқинини олиб ўрнига пирожное тиқиб қўйди. Хуллас, тарқала бошлаганларида соат уч бўлиб қолган, извошчилар баъзи аслзодаларни худди харид буюмлари солинган бўхчани қучоқлагандек даст кўтариб, аравага солишга мажбур бўлдилар. Чертокуцский эса асл аслзодалигига қарамай, извошда ўтирган жойидан чунонам эгилиб таъзим қилдики, натижада мўйловига икки дона тўнғизтароқ илашиб уйига қайтди.

Уйда катта-кичик ҳамма ухларди, извошчи камердинерини излаб-излаб аранг топди, у эса хўжайинини меҳмонхонадан олиб ўтиб, оқсоч қизга топширди. Чертокуцский қизнинг ортидан амал-тақал қилиб ётоқхонасига етиб олдию қордай оқ, ички кўйлагида, гул-гул ёниб ётган ёш ва сухсурдеккина хотини ёнидан жой олди. Эрининг каравотга тап этиб ташлашидан у уйғониб кетди. Керишиб, киприкларини очди, лекин бу гал эри қитдек ҳам эркалашни истамаганини кўргач ҳафсаласи пир бўлди-да, ўгирилиб олди ва гулгун ёноқларини қўлига қўйиб, яна ухлаб қолди.

Ёш бека хуррак отаётган эри ёнидан турган пайтни қишлоқдагилар «чошгоҳ» дейишади. Эри уйга ярим кечаси келгани эсига тушиб, уйғотгани кўзи қиймайди-да, Петербургдан олдирган хонаки бошмоғини кийиб, эгнида қуйилаётган сувдек жилвагар, нафис оқ кофтада пардозхонасига чиқди, ўзидай тиниқ ва тоза сувга ювиниб, ойна ёнига келди. Бир-икки марта ойнага қарагандан кейин пайқадики, бугунги кўриниши унча ҳам чакки эмас. Ойна олдида кундагидан икки соат ортиқ туриб қолишга мажбур этган сабаб ҳам шу бўлса керак.

Ниҳоят, у силлиққина кийиниб, салқинлаш учун боққа чиқди. Ҳаво ҳам жанубдаги ёз кунига хос — оромбахш эди. Чошгоҳдан оққан қуёш шуълалари бутун тафтини тўкиб ловуллатмоқда, лекин хиёбон соя-салқин, қуёш нурига чўмилган гуллар ҳиди анқиб ётар эди. Бека соат ўн икки бўлганини ҳам, эри ҳамон ухлаб ётганини ҳам бутунлай унутиб қўйди.

Тушликдан кейин боғ орқасидаги отхонада уйқуга кетган икки аравакаш ва битта форейторнинг хуррак тортишлари унинг қулоғига етиб келмоқда. Лекин бека ҳамон салқин хиёбонда ўтирар, шу ердан аниқ кўринаётган кимсасиз катта йўл манзараларига паришон назар солмоқда эдики, тўсатдан олисдан кўтарилган чанг унинг диққатини жалб этди. У тикилиб бир неча экипажни кўрди: олдинда икки кишилик енгилгина очиқ коляскача келмоқда, унда эполетлари қуёшда ярқираган йўғон генерал, ёнида полковник ўтирар эди. Унинг кетидаги тўрт кишилик извошда майор ва генералнинг адъютанти, уларнинг рўпарасида икки офицер, унинг орқасидан ҳаммага маълум бўлган полкараваси изма-из келар, бу гал у йўғон майорнинг ихтиёрида эди, арава кетидан келаётган тўрт кишилик бонвояжда тўрт офицер ўтирар, бешинчиси осилиб олган, бонвояж орқасида жийрон отларда уч офицер кўринар эди.

«Бизникига келишаётган бўлса-я,— деб ўйлади уй бекаси.— Вой шўрим! Чиндан ҳам кўприкка бурилишди-ку!» У қийқириб юборди, чапак отдию гулларни босиб ўтиб, эрининг ётоқхонасига югуриб кетди. Эри данг қотиб ётарди.

— Тур! Тур! Тезроқ тур! — деб бақирарди бека, эрининг қўлини силкаб.
— Ҳа? — деб қўйди керишиб, ҳамон кўзлари юмуқ Чертокуцский.

— Тургин, пулпулжон! Эшитяпсанми? Меҳмонлар келишяпти!

— Меҳмонлар, қанақа меҳмонлар? — шундай дегач, тумшуғи билан онасининг елинини тимирскилаётган бузоққа ўхшаб мўнграб қўйди. «Им…», деб минғиллади:

— Қани жоним, бўйнингни чўзчи, битта ўпай!

— Жонгинам, худо ҳаққи, тезроқ тур. Генерал офицерлари билан келяпти. Вой шўрим, мўйловингга тўнғизтароқ ёпишиб ётипти-я!

— Генерал? Ия, келяпти дегин? Бу нима деган гап, ҳеч ким мени уйғотмапти! Зиёфат-чи, зиёфат нима бўлади, ҳар тугул, овқатлар шайми?

— Қанақа овқат?
— Мен буюрмовдимми?

— Сен?!. Сен ярим кечаси келдинг-ку, шунча гапирсам ҳам ҳеч нарса демадинг. Пулпулжон, сени шунинг учун ҳам уйғотмадимки, жуда оз ухладинг, раҳмим келди…— деди бека ёлворувчан оҳангда.

Чертокуцский яшин урган одамдай кўзларини бақрайтириб яна бир дақиқа тўшакда ётди. Охири ёлғиз кўйлакда тўшакдан сакраб турди, бу одобдан эмаслигини ҳам унутди.

— Оҳ, отга ўхшамай ўлай! — деди у пешонасига уриб. — Мен уларни зиёфатга чақирган эдим. Энди нима қилса бўлади? Улар ҳали узоқдами?

— Қайда-а-м… ҳозир кириб келишса керак.

— Жонгинам… бекин! Ҳой, менга қара! Ҳой қиз! Келавер, нимадан қўрқяпсан, эси паст!.. Ҳозир офицерлар кириб келади, уларга: тўра уйда йўқлар, де, келмайдилар, наҳорлаб чиқиб кетган эдилар, деб айт, уқдингми?! Ҳовлидагиларга ҳам шундай деб тушунтир, бор тезроқ!

Шундоқ дедию апил-тапил чопонини олиб бекиниш учун саройга қараб югуриб қолди, у ерда хатардан холи бўламан деб ўйлади. Лекин саройнинг бурчагига бориб турар экан, бу ердан ҳам кўриб қолишлари мумкинлигини пайқади. «Шундай қилсам тузук бўлар» деган хаёл лип этиб бошидан ўтди, шу дақиқанинг ўзидаёқ ёнида турган дилижоннинг зиналарини туширди-ю, сакраб ичига кирди, эшикларини беркитиб олди, бехавотир бўлсин деб фартук ва чарм ғилофни ёпиниб олди, чопонига ўралиб нафасини ичига ютди.

Бу орада экипажлар эшик олдига етиб келдилар. Генерал пастга тушиб, уст-бошини қоқди, кетидан шляпасидаги жиғасини тузата-тузата полковник тушди. Кейин аравадан қўлтиғидаги қиличини ушлаб, йўғон майор сакраб тушди. Бонвояжда осилиб келган прапоршчик билан бирга хипча подпоручиклар тап-тап ташладилар. Ниҳоят, от устида кўринган офицерлар ҳам эгардан тушдилар.

— Хўжайин уйда йўқлар, — деди ён эшикдан чиққан хизматкор.

— Нега йўқ бўлади? Ҳар қалай тушки овқат пайтига етиб келса керак?

— Асло. У киши кун бўйи бўлмайдилар. Эртага шу вақтларда келиб қолишлари мумкин.

— Ана, холос!—деди генерал, — Нима гап ўзи?..
— Ўйпайманки, бу ҳазил, — деди полковник кулиб.

— Йўғ-э, шунақаям ҳазил бўлармиди!—деди генерал ранжиб.— Ўл-э… лаънати, ахир, кутиб ололмас экансан, нега қистайсан?..

— Мен, зоти олийлари, тушунолмай қолдим, бунга қандай журъат қилиш мумкин, — деди бир ёш офицер.

— Нима? — деди генерал, — обер-офицерлар билан гаплашганда шу саволни кўндаланг қўйиш унга одат бўлиб қолган эди.

— Мен айтдимки, зоти олийлари, қандоқ қилиб шундоқ қилиш мумкин?

— Шуни айтинг-а… Ахир, бирон ҳодиса юз берган бўлса лоақал хабар бер, ёки илтимос қилиб чақирма-да!

— Майли, зоти олийлари, начора, қайтайлик!—деди полковник.

— Турган гап, бошқа йўли йўқ. Дарвоқе, дилижонни усиз кўриб кетсак, ҳам бўлади-ку. Ёнида олиб кетмагандир дейман… Ҳой, ким бор? Қани, бери кел, оғайни!

— Хизмат?
— Сен отбоқармисан?
— Отбоқарман, зоти Олийлари.

— Хўжайиннинг яқинда олган янги дилижонини бизга кўрсатгинчи!
— Саройга марҳамат!

Генерал офицерлар билан саройга қараб юрди.

— Ижозат беринг, мен уни берироққа ғилдиратиб чиқай, у ер сал қоронғироқ.
— Бўлди, бўлди, яхши!

Генерал ва офицерлар дилижоннинг атрофида айланиб, ғилдирак ва рессорларини синчиклаб кўздан кечирдилар.

— Ваҳима қиладиган жойи йўқ, — деди генерал, — оддийгина дилижон.

— Жуда кўримсиз, — деди полковник, — қитдек ҳам мақтайдиган жойи йўқ.

— Мен ўйлайманки, зоти олийлари, тўрт мингга арзийдиган ҳоли йўқ, — деди ёш офицерлардан бири.

— Нима?

— Мен айтяпманки, тўрт мингга арзигулик арава эмас, зоти олийлари!

— Тўрт минг нимаси, икки мингга ҳам арзимайди! Ҳеч балоси йўқ, агар ичида бирон гап бўлмаса… қани, азизим, чарм ғилофини тортинг-чи…— Офицерларнинг кўз олдида чопонига ўралиб икки букланиб ўтирган Чертокуцский намоён бўлди.

— Ия, шу ердамисиз? — деди ажабланган генерал ва Чертокуцскийнинг устига фартукни ташлаб, дилижон эшигини тарсиллатиб ёпди-да, жаноби офицерлар билан бирга жўнаб қолди.

1835 йил

1 aprel  Nikolay Gogol  tug‘ilgan kun

Atoqli rus adibi Nikolay Gogolning komediyasi (Abdulla Qodiriy tarjimasi) asosida 1975 yili rejissyor V. Iogelsen tomonidan Hamza nomidagi O’zbek akademik drama teatrida sahnalashtirilgan spektaklning radiointsinirovkasi. Radiospektaklь 1979 yili O’zbekiston radiosida magnit tasmasiga tushirilgan. Asardagi asosiy rollarni Nabi Rahimov, Hojiakbar Nurmatov, Erkin Komilov, Yodgor Sa’diyev, Mashrabxon Oripova, Dilbar Ikromova, Po’lat Nosirov, Gavhar va Jamshid Zokirovlar ijro etishgan.

Nikolay GOGOL
DILIJON
Mirtemir tarjimasi
011

08Nikolay Vasilyevich Gogol [1809.20.3(1.4), Poltava gubernyasi, Mirgorod uyezdi — 1852.21.2 (4.3), Moskva] — rus yozuvchisi. Rus adabiyotida tanqidiy realizmga asos solgan. Nejin gimnaziyasini tugatib (1828), Peterburgga kelgan. Rassomlik qilgan, drama to‘garaklarida faol qatnashgan, ayrim yumoristik rollarni ijro etib, badiiy ijod bilan ham shug‘ullangan. V. Alov taxallusi bilan yozilgan «Gans Kyuxelgarten» romantik dostoni (1829) salbiy baholangach, chet elga ketgan. Germaniyaning Lyubek, Gamburg shaharlarida bo‘lgan. Peterburgga qaytib, davlat mahkamalarida xizmat qiladi. Mahkamalardagi qog‘ozbozlik, sansalorlik kabi illatlar Gogol uchun boy mavzu bo‘ldi («Peterburg qissalari, 1830).

A.S. Pushkin bilan uchrashuvi (1831) Gogol ijodida burilish yasadi. «Dikanka qishlog‘i oqshomlari» (1831—32) to‘plamiga kirgan hikoya va qissalari («Sorochino yarmarkasi», «Dahshatli qasos» va b.) Gogolga shuhrat keltirdi. Bunda Malorossiyadagi turmush tarzi, odamlar ongi, axloqi, xalqning yumorga boy afsonalari, urf-odatlari aks ettirilgan. Gogol Sankt-Peterburg universiteti umumtarix kafedrasida professor bo‘lib ishladi (1834), bu unga tarix bilan chuqurroq tanishish imkonini berdi. «Mirgorod» («Ivan Ivanovich bilan Ivan Nikiforovich oralarida bo‘lib o‘tmish janjallar hikoyati», «Viy» va boshqa qissalar) to‘plami hamda «Arabeskalar» («Neva shoh ko‘chasi», «Portret», «Tentak maktublari» qissalari) to‘plamida (1835) shahar hayoti manzaralari «ko‘zdan yosh chiqquncha» kulgi qo‘zg‘atadigan usulda tasvirlanadi. «Taras Bulba» (1835) qissasi ukrain xalqining chet el bosqinchilariga qarshi kurashiga bag‘ishlangan. Gogol 30-yillar 1-yarmida «3-darajali Vladimir» (tugallanmagan), «Uylanish» (1842 yilda nashr etildi) komediyalari ustida ishladi. «Revizor» (1836) komediyasida Rossiyadagi mansabparastlik, xazinani talon-toroj qilish, poraxo‘rlik va boshqa hajv ostiga olingan. Gogol ijodining cho‘qqisi bo‘lgan «O‘lik jonlar» (1842) doston-romanida Rossiyadagi o‘sha davr hayotiga umumiy tavsif berilgan.

Gogol o‘z dunyoqarashida sodir bo‘lgan axloqparastlik goyalari ta’sirida «Do‘stlar bilan yozishmalardan tanlangan sahifalar» (1847) asarini e’lon qiladi. Mazkur asar V. G. Belinskiy tomonidan tanqidga uchraydi («N.V. Gogolga xat»).

Gogolning «Revizor» (1935—52, Kibriyo Qahhorova va Abdulla Qahhor tarjimasi), «Ivan Ivanovich va Ivan Nikiforovich oralarida bo‘lib o‘tmish janjallar hikoyati» (1972, N. Alimuhamedov tarjimasi), «O‘lik jonlar» (1959, Rustam Abdurahmonov tarjimasi) va boshqa asarlari o‘zbek tilida nashr etilgan. «Revizor», «Uylanish» pyesalari O‘zbekistan teatrlari sahnasida qo‘yilgan

011

Otliq askarlar polki tura boshlagandan keyin, B. shaharchasi juda xushchaqchaq bo‘lib ketdi. Ungacha o‘lgudek ko‘ngilsiz edi…

Goho yo‘ling tushib qolib undan o‘tganingda ko‘cha yuzida g‘oyat mung‘ayib turuvchi pastak va kichik guvala uylarga ko‘zing tushsa, ta’bing shu qadar xira bo‘lardiki, buni ifodalab berish qiyin, xuddi bor-yo‘g‘ingni qimorga boy bergandek yoki bemahal biron noma’qulchilik qilib qo‘ygandek g‘ussaga botardi kishi, xullasi, noxush bo‘larding. Uylarning loysuvoqlari yomg‘irdan ivib-o‘pirilib tushgan-u, devorlar ola-quroqqa aylangan; aksari tomlarga, odatda bizning janubiy shaharlarimizda bo‘lganidek, qamish yopilgan; bog‘larni esa shahar hokimi, manzara chiroyli bo‘lsin deb, allaqachon choptirib tashlatgan. Ko‘chalarda jon asarini uchrata olmaysan, tizza bo‘yi chang bilqillab yotgan yo‘lni kesib bironta xo‘roz o‘tib qolmasa…

Agar jindek yomg‘ir yog‘ib qolgudek bo‘lsa bormi, botqoqqa aylanadi-yu, innankeyin B. shaharchasining ko‘chalariga uning hokimi: «Faranglar», deb atagan bo‘rdoqi hayvonlar to‘lib ketadi. Ular beso‘naqay tumshuqlarini cho‘zib chunonam xir-xirlashadiki, o‘tkinchilarning otlarini tezroq qamchilashdan boshqa iloji qolmaydi. Shunisi ham borki, B. shaharchasida o‘tkinchini uchratish qiyin.

Ahyon-ahyonda, o‘n bir jonning* egasi, mallarang cho‘zimdan dag‘al to‘n** kiygan biron pomeshchik allaqanday shaldiroq aravada tosh yo‘lni taraqlatib o‘tib qoladi, un to‘la qoplar orasidan mo‘ralaganicha jiyron biyaga qamchi uradi, biyaning ketidan quluni chopib ketayotgan bo‘ladi, albatta. Bozor maydoni deyiladigan joyning turqi undan ham ko‘ngilsiz: tikuvchining uyi juda beso‘naqay tushgan, peshtoqi ko‘rinib tursa ham mayli-ya, burchagi turtib chiqqan, uning qarshisidagi ikki derazalik g‘ishtin imorat o‘n besh yildan beri qurilmoqda, undan nariroqda taxta devorli, mundoq qarashda tuzukkina bir qo‘ra turibdi, u balchiqqa o‘xshash kulrang moyga bo‘yalgan, uni shahar hokimi yoshlik vaqtida o‘ega imoratlarga ibrat tarzida qurdirgan, u vaqtlarda hali hokimning tushki ovqatdan keyinoq uxlash, kechasi yotish oldidan allaqanday shifobaxsh qaynatqi ichish odati yo‘q edi.

Boshqa devorlarning deyarlik hammasi chetandan; maydon o‘rtasidagi mayda-chuyda do‘konlarda hammavaqt bog‘lam-bog‘lam teshik kulchalar sotiladi; bundan tashqari qizil durra bog‘lagan ayolu bir pud sovunni, bir necha qadoq achchiq bodomu miltiqning o‘q-dorilarini, ip gazlamayu eshik oldida hamisha mixqoziq o‘yini bilan band bo‘lgan ikki gumashtani ko‘rish mumkin. Ammo, B. degan bu shaharchada otliq askarlar polki tura boshlashi bilanoq hammayoq o‘zgarib ketdi. Ko‘chalar ola-g‘ovur bo‘lib, jonlandi, boshqa tusga kirganday tuyuldi.

Pastak uylar yonidan o‘tib boruvchi abjir, sersavlat, boshiga jig‘a taqqan ofitser tez-tez ko‘zga tashlanib qolar, u ish yuzasidan, noyob tamaki borasida do‘sti bilan gaplashmoq uchun, ba’zida generaldan yashiriqcha polkka o‘tib ketgan ot-aravani qimorga tikish uchun o‘tar edi: negaki, bu arava polk doirasida hammaning qo‘liga bir-bir kirib chiqardi; unda bugun mayor sayr qilsa, ertaga poruchikning otxonasida paydo bo‘lardi, bir hafta o‘tgandan keyin qarabsanki, tag‘in mayorning navkari moylayapti. Uylarning oraliqlaridagi chetan qoziqlarni askarlarning oftobga yoyilgan furajkalari bosib ketgan, surrang shinel albatta allaqayerdagi darvozada qo‘nqayib turar, tor ko‘chalarda etik cho‘tkasiday dag‘al mo‘ylovli soldatlar uchrab qolar edi. Qayerga qarasang, shu mo‘ylovlar. Yog‘log‘i ko‘targan meshchan xotinlar bozorda to‘planib qolgudek bo‘lsa, ularning kiftlari osha ham mo‘ylovlar ko‘rinib qolardi.

Dor qurilgan joyda mo‘ylovdor askar bir omi qishloqining soqolini uqalar, unisi esa, ko‘zlari ola-kula bo‘lib, yakkash inqillar edi. Shu vaqtga qadar allaqaysi ruhoniyning bevasi bilan bir uyda istiqomat qiluvchi hakamdan va salgina fahm-farosatlirog‘-u, lekin tunu kun — tushdan to oqshomgacha, oqshomdan tushgacha uxlaguvchi shahar hokimidangina iborat ma’rakalarni endi ofitserlar qizitib yuborishdi. Brigada generalining mahkamasi bu yoqqa ko‘chirilgandan keyin esa, ma’raka yana ham serfayz bo‘lib, qiziqarli tus oldi. Olamda bor-yo‘qliklari shu vaqtgacha birovning xayoliga ham kelmagan ovloq qishloqlarning mulkdorlari janob ofitserlar bilan ko‘rishmoq niyatida, ba’zida esa qarta o‘ynash uchun shaharchaga tez-tez kelib turadigan bo‘lib qolishdi, ko‘ngilxushliklar ularning ekin-tikin tashvishi, xotinlarining xarxashalariyu quyonlar daxmazasi bilan g‘ovlagan kallalarida shirin xayol singari favqulodda shavq tug‘dirardi.

Afsuski, brigada generalining nima munosabat bilan katta ziyofat berib qolganini eslay olmayman, lekin ziyofatga tayyorgarlik juda zo‘r bo‘ldi: general oshxonasidagi pichoqlarning taqir-tuquri harbiy shaharcha naryog‘idan ham eshitilib turar edi. Ziyofat uchun bozordagi bor-yo‘q narsa ko‘tarib ketildi, natijada hakam bilan ruhoniy bevasining kuni nimaningdir unidan yopilgan kulchayu kartoshkadan tayyorlangan bulamiqqa qoldi. G

yeneral turgan uyning kichkina hovlisi dilijonu izvoshlar bilan to‘lgan bo‘lib, ma’rakaga ofitserlar, shu tevarakdagi ba’zi yer egalari taklif qilingan edi. Mulkdorlar orasida diqqatga sazovorrog‘i — saylovlarda hammadan ko‘ra ko‘proq jar soladigan Pifagor Pifagorovich Chertokusskiy ko‘z-ko‘z qilishga arzigulik dilijonda kelgan edi. U ilgari otliq askarlar polkidan birida xizmat qilgan, ancha tuzuk va ko‘zga ko‘ringan ofitserlar jumlasidan hisoblanardi. Ularning polki ko‘chib borgan joylarda bo‘lib o‘tgan talay bazmu ma’rakalarda uni ilgari ham ko‘rganlari aniq, darvoqe, bu haqida Tambov va Simbir guberniyalarining qizlaridan so‘ralsa ham bo‘ladi.

Agar, odatda xunuk mashmasha deb ataladigan bir ko‘ngilsizlik tufayli iste’foga chiqmaganida, u boshqa joylarda ham shuhrat orttirishi ehtimoldan uzoq emas edi. Qarigan chog‘ida birovni tarsakilaganmi, yo o‘zi tarsaki yeganmi, bunisi aniq esimda yo‘q, haytovur undan iste’foga chiqa qolishini o‘tinib so‘radilar. Ammo bu bilan o‘z qadrini qittak ham yo‘qotgani yo‘q: hamon harbiy mundir bichimidagi xipchabel frak kiyar, beliga taqilgan aslahasiyu burni tagidagi mo‘ylovlari ham boyagi-boyagidek edi. Yo‘qsa, dvoryanlar uni piyoda askarlar polkida xizmat qilgan, deb o‘ylashlari mumkin edi-da, piyodalarni esa u goho-goho kalaka qilib turishni yaxshi ko‘rardi. U Rossiyaning ayollaru go‘daklar, qizlaru semiz mulkdorlardan iborat butun avra-astari ko‘ngilxushlik qilish uchun barcha turdagi naqliyot vositalariga, hech kimning yetti uxlab tushiga ham kirmagan alomat izvoshlarga tushib boradigan gavjum yarmarkalarning bittasidan ham qolmasdi. Qayerga otliq askarlar polki kelib qo‘nmasin, darhol iskab topardiyu kelib, albatta janobi ofitserlar bilan uchrashardi.

Ularning oldiga yengil dilijondan yoki izvoshdan chaqqonlik bilan sakrab tushardi-da, darrov hol-ahvol so‘rashib ketar edi. O‘tgan saylovlarda u dvoryanlarga juda yaxshi ziyofat berdi, ziyofat chog‘ida, agar uni peshvolikka saylashsa, dvoryanlarning ishini rivoj toptirajagini ma’lum qildi. O‘sha viloyatda istiqomat qiladigan odamlardan eshitishimcha, u o‘zini to‘ralardek tutar, yaqinda bitta do‘ndiqqa uylangan — uni ikki yuz jondanu bir necha ming sarmoyadan iborat sepi bilan xotinlikka olgan ekan. Sarmoya esa o‘sha zahotiyoq oltita ajoyib arg‘umoq va naqshin qulflar, o‘rgatilgan maymunu fransuz eshikog‘asi olish uchun sarf qilinibdi. Ikki yuz jon esa qandaydir tijorat ishlarini yurgizish uchun garovga tikilgan emish. Xullas, mulkdor desa deguday, borib turgan pomeshchik edi. General ziyofatida undan boshqa ham ancha-muncha pomeshchiklar bor edi-yu, lekin ular haqida gapirishning hojati yo‘q. Ularning hammasi o‘sha polk harbiylari va ikkita katta ofitser polkovnik bilan xiyla yo‘g‘on mayordan iborat. Generalning o‘zi dard ko‘rmagan, xo‘ppa semiz, ofitserlar bergan bahoga qaraganda chakki boshliq emas edi. Xiyla do‘rillagan, salmoqdor ovoz bilan gapirardi.

Ziyofat juda quyuq bo‘ldi: maromiga yetkazib qovrilgan baliqlaru tuvaloq, sarsabil, bedana, kaklik, qo‘ziqorinlar oshpazning kechadan beri tuz totmaganidan, to‘rtta askar qo‘lida pichoq bilan tun bo‘yi unga qiyma qayla tayyorlashda ko‘maklashib chiqqanidan dalolat berardi. Musallas, o‘tkir sharoblaru ajoyib yoz kuni, lang ochilgan derazalaru muz solib stolga qo‘yilgan likobchalar, janobi ofitserlarning oxirigacha yechilmagan tugmalariyu keng-mo‘l fraklarining g‘ijimlangan o‘ngirlari, g‘ala-g‘ovuru hangoma — hammasi bir-biriga mos tushar edi. Ziyofatdan keyin, qorinlaridagi og‘irlikdan huzur qilib, mehmonlar o‘rinlaridan turishdiyu uzunqisqa bo‘lishib zinapoyaga chiqishdi. General, polkovnik, hattoki, mayor mundiridagi tugmalar butunlay yechig‘liq bo‘lganidan ularning noyob ipak tasmalari ko‘zga chalinib turardi, janobi ofitserlar o‘zlariga yarashgulik odob saqlab, so‘nggi uch tugmani nazarga olmaganda, qolgan hamma tugmalarini taqib olgan edilar.

— Mana endi ko‘rmoq mumkin, — dedi general. — Azizim, marhamat qilib… — dedi u ad’yutanti bo‘lmish xushsurat, xiyla abjir yosh yigitga murojaat qilib, — aytib qo‘y, jiyron baytalni buyoqqa olib chiqishsin!.. Mana hozir o‘z ko‘zlaringiz bilan ko‘rasizlar. —General trubkasini tortib, tutun chiqardi. — Baytal uncha ham boquvda emas, parvarishi kam, la’nati shaharchada tuzukroq otxona ham yo‘q!

— Zoti oliylari, puf-puf, baytalni qachon olgansiz? — dedi Chertokusskiy.

— Puf-puf, puf-puf, xo‘sh… puf, yaqinda. Ot zavodidan olganimga atigi ikki yil bo‘ldi!

— Olganlarida o‘rgatilgan ekanmi, yoki olganlaridan keyin shu yerda o‘rgatib oldilarmi?
— Puf-puf… shu yerda, — dediyu tutun ichida tamom g‘oyib bo‘ldi general.

Bu orada otxonadan otilib bir askar chiqdi, tuyoq dupuri eshitildi, nihoyat, uzun oq chakmon kiygan, bahaybat, qora mo‘ylovlik boshqa askar paydo bo‘ldi. U dir-dir titragan, hurkkan otning jilovidan tutib, yetaklab kelmoqda edi. Ot birdan boshini tepaga siltadiyu yerga cho‘nqayib o‘tirib qolgan askarni mo‘ylov-po‘ylovi bilan birga osmonga irg‘itishiga sal qoldi.

— Hay, deyman, hay, Agrafena Ivanovna! — dedy askar otni zinapoya tagiga yetaklab kelayotib.

Baytalning nomi Agrafena Ivanovna ekan. Janub go‘zaliday asov baytalning tuyoqlari zarbidan yog‘och zinapoya gumbirlab ketdiyu ot taqqa to‘xtadi.

General og‘zidan trubkasini oldi, chiroyi ochilib, ko‘kragi ko‘tarilib Agrafena Ivanovnaga qaradi. Shaxsan polkovnik zinadan tushib, Agrafena Ivanovnaning tumshug‘idan ushladi. Shaxsan mayor Agrafena Ivanovnaning oyog‘ini silab qo‘ydi, boshqalar tanglaylarini taqillatishdi.

Chertokusskiy zinadan tushdiyu aylanib baytalning orqasiga o‘tdi. Askar tizginini ushlaganicha qaqqayib turar, xuddi bir sakrab qadalib qolmoqchi bo‘lganday, mehmonlarga qarab o‘qrayar edi.

— Obdon, obdon yaxshi baytal! — dedi Chertokusskiy.— Ajab kelishgan ot! Ha, minmoqlikka ijozat bering, zoti oliylari, yurishi qanday?

— Oyoq olishi yaxshi, lekin… ne bilay, manovi ahmoq otboqar qanday yem yegizgan ekan, mana ikki kun bo‘ldiki, aksirgani-aksirgan.

— Obdon, obdon yaxshi! Xo‘sh, zoti oliylarining shu otga munosib aravalari shaymi?

— Arava… Axir bu salt minadigan ot-ku!

— Bunisini bilib turibman, ammo men zoti oliylaridan boshqa otlari uchun munosib aravalari bormi-yo‘qligini bilmoq maqsadida so‘radim.

— Ha, menda aravalar uncha yetarli emas. Men sizga rostini aytsam, ko‘pdan buyon yangi dilijon olishni orzu qilaman. Bu to‘g‘rida Peterburgda turadigan akamga xat yozgan edim, qaydam, yuborarmikin, yo‘qmi?

— Menimcha, zoti oliylari, — deb gapga aralashdi polkovnik, — Vena dilijonidan tuzugi bo‘lmas.

— Fikringiz to‘g‘ri, puf-puf…

— Menda, zoti oliylari, naq Venada yasalgan degulik antiqa dilijon bor.

— Qaysi u?.. Hali tushib kelganingizmi?

— Yo‘g‘-e! Bunisi shunchaki, u yoqbuyoqqa borib turishim uchun, ammo unisi… juda hayron qoladigan — qushday yengil, unga tushgan vaqtingizda-chi, zoti oliylarining ijozatlari bilan aytsam, xuddi enagangiz beshikda tebratayotganday bo‘lasiz.

— Shunaqa beozor deng?
— Judayam beozor: bolishlari, ressorlari bamisoli suratga solinganday!
— Yaxshi ekan.

— Keng-mo‘lligini aytmaysizmi! Chunonchi, men, zoti oliylari, munaqasini hali ko‘rgan emasman. Xizmat qilgan vaqtimda mening qutimga o‘n butilka rom, yigirma qadoq tamaki joylanar, bundan tashqari, yonimda oltitagacha mundir, ich kiyim, hamda zoti oliylari ijozatlari bilan aytsam, nayi gijjadan ham uzun ikki trubkam yurar edi, yon xaltalariga butun boshli ho‘kiz sig‘ar edi.

— Yaxshi ekan.
— Zoti oliylari, u menga to‘rt mingga tushgan!

— Narxiga qaraganda, yaxshiga o‘xshaydi, siz o‘zingiz sotib olganmidingiz?

— Yo‘q, zoti oliylari, qo‘limga tasodifan tushib qoldi. Uni bir og‘aynim — o‘zi noyob odam, bolalikdan o‘rtog‘im, o‘zini ko‘rsangiz didingizga yoqib qolardi — o‘sha sotib olgan, ikkovimizning oramizda senikiyu meniki degan gap yo‘q, hammasi o‘rtada edi-da. Men undan dilijonni qarta o‘yinida yutib oldim. Zoti oliylari, ertaga kaminanikida ovqatlanishga rozilik berib, marhamat ko‘rsatsalar bir yo‘la dilijonni ham ko‘rib kelardilar.

— Qaydam, taklifingizga nima desam ekan? yolg‘iz o‘zim borishga sal… yo janobi ofitserlar bilan birga borishga ruxsat etarmikansiz?

— Janobi ofitserlarni ham ojizona taklif etaman. Janoblar, sizlarni o‘z uyimda ko‘rar kunga yetishsam, buni zo‘r sharaf deb hisoblayman! Polkovnik, mayor va boshqa ofitserlar quyuq ta’zim bilan minnatdorchilik izhor qildilar. So‘ng Chertokusskiy davom etdi: — Men, zoti oliylari, shunday fikrdamanki, agar buyum sotib olar ekansan, albatta, yaxshisini olish kerak, yomonini olish ovora bo‘lishga ham arzimaydi. Mana, ertaga qadam ranjida qilib meni shu sharafgag‘arq etganlarida, men o‘zim ro‘zg‘orda o‘rnatgan ba’zi qoidalarimni ko‘rsatarman.

General bir qarab qo‘ydiyu og‘zidan tutun chiqardi. Chertokusskiy janobi ofitserlarni uyiga taklif qilganidan og‘zi qulog‘ida edi. U xayolida halitdanoq turli-tuman qiymalaru qaylalar buyurmoqda… Chertokusskiy taltayibroq o‘rtaga chiqdi, bu shavqu zavqi behad oshib ketganidan edi.

— U yerda zoti oliylari uy bekasi bilan tanishadilar.
— Men juda xursandman, — dedi general mo‘ylovini silab.

Chertokusskiy bu gapdan keyin ertaga mehmonlarni kutib olishga hamma hozirlikni barvaqt ko‘rish uchun darrov uyiga jo‘namoqchi bo‘ldi, u shlyapasini qo‘liga olmoqchi ham edi-yu, biroq bir balo bo‘ldida, tag‘in xiyla vaqt qolib ketdi. Bu orada xonaga maxsus stollar tizib qo‘yilgan edi. Hademay, butun ma’raka to‘rtta-to‘rttadan davraga bo‘linib, general uyining burchak-burchaklarida qimor o‘ynashga tushdilar.

Shamlar yoqildi. Chertokusskiy o‘yinga o‘tirish yo o‘tirmasligini bilmay uzoq garangsib turdi. Lekin, janobi ofitserlar yonlariga taklif qilishgach, rad etish ulfatchilik qoidalariga juda xilofday ko‘rindi-da, o‘tirib qoldi. Oldida qayoqdandir araq to‘la stakan paydo bo‘lib qoldiyu o‘sha zahotiyoq ichib yubordi. Chertokusskiy ikki qo‘l o‘ynagandan keyin qarasa, yana liq to‘la bir stakan paydo bo‘lib qolipti, uni ham… Lekin ichishdan avval:

— Vaqt bo‘ldi, janoblar, rostda, uyga kech qoldim shekilli, — deb qo‘ydi. Ammo beixtiyor keyingi o‘yinga ham bay tikib yubordi.

Bu orada uyning burchak-burchaklaridagi gurunglar g‘alati tus oldi: qarta o‘ynayotganlar xiyla kamgap, biroq o‘yinga aralashmay, chetdagi divanda o‘tirganlar qizg‘in suhbatda edi. Bir burchakda, og‘zida trubkasi, bolishga yonboshlagan shtab-rotmistr o‘z ishqiy sarguzashtlarini xiyla betakalluf va ravon hikoya qilar, atrofdagilarning diqqatini o‘ziga qaratib olgan edi. Kaltabaqay qo‘llari beso‘naqay bitgan kartoshkaga o‘xshabroq ketgan, so‘qimday semiz bir mulkdor yuzlari ming turlanib, huzur qilib gapga quloq solar, faqat onda-sonda tamakidonini olish uchun qo‘lini serbar beliga cho‘zganida qiynalib qolar edi. Boshqa burchakda harbiy mashqlar borasida ancha qizg‘in bahs boshlanib ketdi, bu vaqt, ikki kichik qarta o‘rniga bitta ko‘zir tashlagan Chertokusskiy noxos chetdagi gapga aralashib, turgan joyida «Qaysi yilda?.. Qaysi polkni?» deb baqirishga tushdi. Savolining suhbatga hech qanday munosabati yo‘qligini payqamas edi. Nihoyat, kechki ovqatdan bir necha daqiqa oldin qarta o‘yini to‘xtatildi, lekin o‘yin gapda davom etar edi. Go‘yo hammaning kallasi hamon qimor bilan band edi. Chertokusskiy yaxshi eslardiki, u juda ko‘p yutdi, qo‘l cho‘zib hech nima olgani yo‘q, hozir u o‘rnidan turarkan, burun artish uchun cho‘ntagidan dastro‘molini qidirganday uzoq ivirsib qoldi. Bu orada kechki ovqat ham keltirildi. O‘ngu so‘lida butilka turganidan keyin Chertokusskiy ora-chora beixtiyor o‘ziga quyib olishi kerakligi o‘z-o‘zidan ma’lum edi, albatta.

Ovqat ustida gurung cho‘zilib ketdi. 1812 yilgi urush vaqtida xizmat qilgan bir pomeshchik shunaqangi bir jang haqida gapirardiki, aslida, bunaqasi sira ham bo‘lgan emas. Keyin u, he yo‘q-be yo‘q, grafinning tiqinini olib o‘rniga pirojnoye tiqib qo‘ydi. Xullas, tarqala boshlaganlarida soat uch bo‘lib qolgan, izvoshchilar ba’zi aslzodalarni xuddi xarid buyumlari solingan bo‘xchani quchoqlagandek dast ko‘tarib, aravaga solishga majbur bo‘ldilar. Chertokusskiy esa asl aslzodaligiga qaramay, izvoshda o‘tirgan joyidan chunonam egilib ta’zim qildiki, natijada mo‘yloviga ikki dona to‘ng‘iztaroq ilashib uyiga qaytdi.

Uyda katta-kichik hamma uxlardi, izvoshchi kamerdinerini izlab-izlab arang topdi, u esa xo‘jayinini mehmonxonadan olib o‘tib, oqsoch qizga topshirdi. Chertokusskiy qizning ortidan amal-taqal qilib yotoqxonasiga yetib oldiyu qorday oq, ichki ko‘ylagida, gul-gul yonib yotgan yosh va suxsurdekkina xotini yonidan joy oldi. Erining karavotga tap etib tashlashidan u uyg‘onib ketdi. Kerishib, kipriklarini ochdi, lekin bu gal eri qitdek ham erkalashni istamaganini ko‘rgach hafsalasi pir bo‘ldi-da, o‘girilib oldi va gulgun yonoqlarini qo‘liga qo‘yib, yana uxlab qoldi.

Yosh beka xurrak otayotgan eri yonidan turgan paytni qishloqdagilar «choshgoh» deyishadi. Eri uyga yarim kechasi kelgani esiga tushib, uyg‘otgani ko‘zi qiymaydi-da, Peterburgdan oldirgan xonaki boshmog‘ini kiyib, egnida quyilayotgan suvdek jilvagar, nafis oq koftada pardozxonasiga chiqdi, o‘ziday tiniq va toza suvga yuvinib, oyna yoniga keldi. Bir-ikki marta oynaga qaragandan keyin payqadiki, bugungi ko‘rinishi uncha ham chakki emas. Oyna oldida kundagidan ikki soat ortiq turib qolishga majbur etgan sabab ham shu bo‘lsa kerak.

Nihoyat, u silliqqina kiyinib, salqinlash uchun boqqa chiqdi. Havo ham janubdagi yoz kuniga xos — orombaxsh edi. Choshgohdan oqqan quyosh shu’lalari butun taftini to‘kib lovullatmoqda, lekin xiyobon soya-salqin, quyosh nuriga cho‘milgan gullar hidi anqib yotar edi. Beka soat o‘n ikki bo‘lganini ham, eri hamon uxlab yotganini ham butunlay unutib qo‘ydi.

Tushlikdan keyin bog‘ orqasidagi otxonada uyquga ketgan ikki aravakash va bitta foreytorning xurrak tortishlari uning qulog‘iga yetib kelmoqda. Lekin beka hamon salqin xiyobonda o‘tirar, shu yerdan aniq ko‘rinayotgan kimsasiz katta yo‘l manzaralariga parishon nazar solmoqda ediki, to‘satdan olisdan ko‘tarilgan chang uning diqqatini jalb etdi. U tikilib bir necha ekipajni ko‘rdi: oldinda ikki kishilik yengilgina ochiq kolyaskacha kelmoqda, unda epoletlari quyoshda yarqiragan yo‘g‘on general, yonida polkovnik o‘tirar edi. Uning ketidagi to‘rt kishilik izvoshda mayor va generalning ad’yutanti, ularning ro‘parasida ikki ofitser, uning orqasidan hammaga ma’lum bo‘lgan polkaravasi izma-iz kelar, bu gal u yo‘g‘on mayorning ixtiyorida edi, arava ketidan kelayotgan to‘rt kishilik bonvoyajda to‘rt ofitser o‘tirar, beshinchisi osilib olgan, bonvoyaj orqasida jiyron otlarda uch ofitser ko‘rinar edi.

«Biznikiga kelishayotgan bo‘lsa-ya,— deb o‘yladi uy bekasi.— Voy sho‘rim! Chindan ham ko‘prikka burilishdi-ku!» U qiyqirib yubordi, chapak otdiyu gullarni bosib o‘tib, erining yotoqxonasiga yugurib ketdi. Eri dang qotib yotardi.

— Tur! Tur! Tezroq tur! — deb baqirardi beka, erining qo‘lini silkab.
— Ha? — deb qo‘ydi kerishib, hamon ko‘zlari yumuq Chertokusskiy.

— Turgin, pulpuljon! Eshityapsanmi? Mehmonlar kelishyapti!

— Mehmonlar, qanaqa mehmonlar? — shunday degach, tumshug‘i bilan onasining yelinini timirskilayotgan buzoqqa o‘xshab mo‘ngrab qo‘ydi. «Im…», deb ming‘illadi:

— Qani jonim, bo‘yningni cho‘zchi, bitta o‘pay!

— Jonginam, xudo haqqi, tezroq tur. General ofitserlari bilan kelyapti. Voy sho‘rim, mo‘ylovingga to‘ng‘iztaroq yopishib yotipti-ya!

— General? Iya, kelyapti degin? Bu nima degan gap, hech kim meni uyg‘otmapti! Ziyofat-chi, ziyofat nima bo‘ladi, har tugul, ovqatlar shaymi?

— Qanaqa ovqat?
— Men buyurmovdimmi?

— Sen?!. Sen yarim kechasi kelding-ku, shuncha gapirsam ham hech narsa demading. Pulpuljon, seni shuning uchun ham uyg‘otmadimki, juda oz uxlading, rahmim keldi…— dedi beka yolvoruvchan ohangda.

Chertokusskiy yashin urgan odamday ko‘zlarini baqraytirib yana bir daqiqa to‘shakda yotdi. Oxiri yolg‘iz ko‘ylakda to‘shakdan sakrab turdi, bu odobdan emasligini ham unutdi.

— Oh, otga o‘xshamay o‘lay! — dedi u peshonasiga urib. — Men ularni ziyofatga chaqirgan edim. Endi nima qilsa bo‘ladi? Ular hali uzoqdami?

— Qayda-a-m… hozir kirib kelishsa kerak.

— Jonginam… bekin! Hoy, menga qara! Hoy qiz! Kelaver, nimadan qo‘rqyapsan, esi past!.. Hozir ofitserlar kirib keladi, ularga: to‘ra uyda yo‘qlar, de, kelmaydilar, nahorlab chiqib ketgan edilar, deb ayt, uqdingmi?! Hovlidagilarga ham shunday deb tushuntir, bor tezroq!

Shundoq dediyu apil-tapil choponini olib bekinish uchun saroyga qarab yugurib qoldi, u yerda xatardan xoli bo‘laman deb o‘yladi. Lekin saroyning burchagiga borib turar ekan, bu yerdan ham ko‘rib qolishlari mumkinligini payqadi. «Shunday qilsam tuzuk bo‘lar» degan xayol lip etib boshidan o‘tdi, shu daqiqaning o‘zidayoq yonida turgan dilijonning zinalarini tushirdi-yu, sakrab ichiga kirdi, eshiklarini berkitib oldi, bexavotir bo‘lsin deb fartuk va charm g‘ilofni yopinib oldi, choponiga o‘ralib nafasini ichiga yutdi.

Bu orada ekipajlar eshik oldiga yetib keldilar. General pastga tushib, ust-boshini qoqdi, ketidan shlyapasidagi jig‘asini tuzata-tuzata polkovnik tushdi. Keyin aravadan qo‘ltig‘idagi qilichini ushlab, yo‘g‘on mayor sakrab tushdi. Bonvoyajda osilib kelgan praporshchik bilan birga xipcha podporuchiklar tap-tap tashladilar. Nihoyat, ot ustida ko‘ringan ofitserlar ham egardan tushdilar.

— Xo‘jayin uyda yo‘qlar, — dedi yon eshikdan chiqqan xizmatkor.

— Nega yo‘q bo‘ladi? Har qalay tushki ovqat paytiga yetib kelsa kerak?

— Aslo. U kishi kun bo‘yi bo‘lmaydilar. Ertaga shu vaqtlarda kelib qolishlari mumkin.

— Ana, xolos!—dedi general, — Nima gap o‘zi?..
— O‘ypaymanki, bu hazil, — dedi polkovnik kulib.

— Yo‘g‘-e, shunaqayam hazil bo‘larmidi!—dedi general ranjib.— O‘l-e… la’nati, axir, kutib ololmas ekansan, nega qistaysan?..

— Men, zoti oliylari, tushunolmay qoldim, bunga qanday jur’at qilish mumkin, — dedi bir yosh ofitser.

— Nima? — dedi general, — ober-ofitserlar bilan gaplashganda shu savolni ko‘ndalang qo‘yish unga odat bo‘lib qolgan edi.

— Men aytdimki, zoti oliylari, qandoq qilib shundoq qilish mumkin?

— Shuni ayting-a… Axir, biron hodisa yuz bergan bo‘lsa loaqal xabar ber, yoki iltimos qilib chaqirma-da!

— Mayli, zoti oliylari, nachora, qaytaylik!—dedi polkovnik.

— Turgan gap, boshqa yo‘li yo‘q. Darvoqe, dilijonni usiz ko‘rib ketsak, ham bo‘ladi-ku. Yonida olib ketmagandir deyman… Hoy, kim bor? Qani, beri kel, og‘ayni!

— Xizmat?
— Sen otboqarmisan?
— Otboqarman, zoti Oliylari.

— Xo‘jayinning yaqinda olgan yangi dilijonini bizga ko‘rsatginchi!
— Saroyga marhamat!

General ofitserlar bilan saroyga qarab yurdi.

— Ijozat bering, men uni beriroqqa g‘ildiratib chiqay, u yer sal qorong‘iroq.
— Bo‘ldi, bo‘ldi, yaxshi!

General va ofitserlar dilijonning atrofida aylanib, g‘ildirak va ressorlarini sinchiklab ko‘zdan kechirdilar.

— Vahima qiladigan joyi yo‘q, — dedi general, — oddiygina dilijon.

— Juda ko‘rimsiz, — dedi polkovnik, — qitdek ham maqtaydigan joyi yo‘q.

— Men o‘ylaymanki, zoti oliylari, to‘rt mingga arziydigan holi yo‘q, — dedi yosh ofitserlardan biri.

— Nima?

— Men aytyapmanki, to‘rt mingga arzigulik arava emas, zoti oliylari!

— To‘rt ming nimasi, ikki mingga ham arzimaydi! Hech balosi yo‘q, agar ichida biron gap bo‘lmasa… qani, azizim, charm g‘ilofini torting-chi…— Ofitserlarning ko‘z oldida choponiga o‘ralib ikki buklanib o‘tirgan Chertokusskiy namoyon bo‘ldi.

— Iya, shu yerdamisiz? — dedi ajablangan general va Chertokusskiyning ustiga fartukni tashlab, dilijon eshigini tarsillatib yopdi-da, janobi ofitserlar bilan birga jo‘nab qoldi.

1835 yil

09

(Tashriflar: umumiy 2 468, bugungi 1)

Izoh qoldiring