O. Henri. Yozilmagan hikoya

089    Мен сизларга ҳикоя қилмоқчи бўлган ушбу воқеа «Тонгги маёқ» газетасида ишлаб юрган пайтларим содир бўлган. Мен Нью Йорк кўчалари бўйлаб кезар, йўлимда учраган не ходиса борки, ҳикоя қилиб ёзаверардим. Тирикчилигим ҳам шунинг орқасидан, газетада доимий штатда бўлмаганим учун маблағ масаласи ҳаминқадар эди.

О.Ҳенри
ЁЗИЛМАГАН ҲИКОЯ
Аслиятдан Нодирабегим Иброҳимова таржимаси
065

09Таниқли америкалик адиб О. Ҳенри (O. Henry; 1862-1910)нинг асл номи Уилям Сидни Портер бўлиб, ижод йўлига киришдан аввал дорихонада, дўконда сотувчи, китоб безакчиси, ношир ва бошқа касбларда ишлаган; 1896 йилдан кичик ҳикоялар, фелъетонлар ёзишни машқ қилган. Банкда ишлаганида ортиқча харажат қилганликда айбланиб, қамоққа тушгач (1897—1901) ёзган ҳикояларини О. Ҳенри тахаллуси билан яширин чоп эттира бошлаган. 1904—10 йилларда бир неча ҳикоялар тўпламлари («Ёнаётган шам», «Ғарб қалби», «Ёқимтой ўғри» ва б.), вафотидан кейин ҳам бир неча китоби босилиб чиққан. «Қироллар ва карам» (1904) романи саргиз қолдирди. Кучли юмор, киноя, қиёс, масхара каби усуллар ёрқин намоён бўлган ва энг муҳими, муаллифнинг оддий меҳнаткаш — «кичик инсон»га самимий муҳаббати, олижаноблик ва софдилликни мадҳ этиш хусусияти О. Ҳенри ҳикояларига оламшумул шуҳрат келтирди.

045

Мен сизларга ҳикоя қилмоқчи бўлган ушбу воқеа «Тонгги маёқ» газетасида ишлаб юрган пайтларим содир бўлган. Мен Нью Йорк кўчалари бўйлаб кезар, йўлимда учраган не ходиса борки, ҳикоя қилиб ёзаверардим. Тирикчилигим ҳам шунинг орқасидан, газетада доимий штатда бўлмаганим учун маблағ масаласи ҳаминқадар эди.

Оддий кунларнинг бирида столим қаршисида Трип пайдо бўлди. У газета чоп этиш бўлимида ишларди. Шунинг учун ундан доим кимёвий бўёқларнинг ҳиди келиб турар, бармоқлари ҳам кислота туфайли бужмайиб кетганди.
Трипнинг ёши 25да эди, бироқ кўрган одам унга 40дан кам бермасди. У бирор сурат масаласида келган деб ўйладим. Трипнинг тикан-тикан соқол қоплаган юзи айни пайтда жуда бечораҳол ва аянчли тус олганди. Унинг одати ҳамма қатори менга ҳам маълум: у кўп қарз сўрарди- 25 центдан то бир долларгача. Трип инқиллаганча кўлини столга тираб, бир амаллаб ёнимга ўтирди. Унинг бармоқлари титрарди! Яна ичибди-да.

Бугун мен ёзган бир ҳикоям учун 5 доллар гонарар олгандим. Шу сабабли дунё кўзимга ниҳоятда чиройли кўриниб ўтиргандим.

-Хўш, Трип?- гап бошладим мен. –Аҳволлар қалай?
-Сенда бирор доллар топилмайдими?- унинг аҳволи ҳар кунгидан оғир эди.
-Бор, -дедим. –Очиғи, 5 доллар пулим бор. Бунга минг машаққат билан эришганимни ҳам айтишим керак. Айни пулга муҳтож пайтим олдим-да, ўзиям…

Мен унинг пул сўраб улгурмасидан гапларимни қалаштириб ташладим.

-Мен қарз олмоқчи эмасдим, -Трипнинг бу сўзларидан тетикландим. –Мен сенга яхши бир ҳикоя учун воқеа топиб бермоқчийдим. Бу сенга кўп фойда келтиради, ишонавер. У жуда кизик! Бироқ улар сенга бир неча долларга тушади, холос.

-Хўш, қанақа фикрлар экан, айт-чи?

-Айтаман, –давом этди Трип. – Бир қиз… гўзал… Ҳеч қачон ҳаётингда у каби хурлиқони учратмагансан. У бир гул… 20 йилдан буён бир қишлокда яшаган ва умрида Нью Йоркни кўрмаган! Мен уни 34-кўчада учратдим. У дунёдаги энг чиройли қиз, ишонавер. Қисқаси, у мени ўша кўчада учратиб, тўхтатди ва Жорж Браунни қаердан топиши мумкинлигини сўради. Ишонаяпсанми, у Нью Йоркдай катта шаҳардан Жорж исмли кимсани топиб беришимни сўради! Бу хақида нима дейиш мумкин, ахир? Мен қиз билан суҳбатлашдим. У келаси ҳафтада Хирам Додд исмли бир фермерга турмушга чиқаётган экан. Бироқ, у илк муҳаббатини унутолмапти- яъни Жорж Браунни. Жорж бир неча йил бурун қишлоқни ташлаб, шаҳарга- ўз бахтли келажагини излаб кетган экан. Кейин эса қишлоққа қайтмапти. Қиз уни кута-кута ахийри Хирамга розилик берипти. Бир неча кун олдин эса Ада – ҳа, қизнинг исми Ада Ловери экан- бирданига поездга ўтирибдию, Нью Йорк томон йўл олибди: Жоржни излаб… Демак, қизга Жорж жудаям керак экан. Табиийки, мен қизни катта шаҳарда ёлғиз колдиролмадим. Билишимча, у шаҳарга келаману истаган одамдан Жоржни сўраб топиб оламан, деб ўйлаган. Унинг қандай болафеъллигини тушуняпсанми? Беғубор гўдак у! Сен уни кўрмасанг бўлмайди. Менинг қўлимдан нимаям келарди? Эрталабдан пулим бўлмайди. Қиз ҳам бор пулини билет олишга сарфлаган экан. Қисқаси, қизни тўғри ижара уйимга олиб бордим ва ўзим у ерни тарк этдим. Биз унинг бир кунлик ижара ҳақи учун бир доллар тўлашимиз керак. Юр, сени у ерга олиб борай…

Менинг асабим бузилди.

-Нималар деяпсан, Трип? Мен муҳим мақолами, дебман. Ҳар куни поезд шаҳарга юзлаб қизларни олиб келади! Мен бундан қанақа ҳикоя тайёрлашим мумкин ахир?
-Шундай қизиқарли нарсани кўра олмаётганингдан афсусдаман. Сен гўзаллик ва муҳаббат ҳақида ёзишинг мумкин, тушунсанг-чи? Ишончим комил, сен бунинг учун 15 доллар оласан. Бу эса сенга атиги 4 долларга тушади.

-Нега энди 4 доллар? –ажабландим мен.
-1 доллар хона учун, 2 доллар қайтиш билети учун.

-Яна бири-чи?
-Менга-да. Виски учун. Норози бўлма…

Мен жавоб бермадим ва ўз ишларимга машғул бўлгандай коғозларимга тикилдим.
-Сен тушунмадинг, -Трип бўш келмасди. –Қиз уйига қайтиши шарт! Бугуноқ! Бунинг учун ҳамма нарсага тайёрман. Мен бу ҳакда бирор нима ёзиб пул ишлаб оласан, дегандим. Лекин аслида менга ёзасанми, йўқми, барибир. Нима бўлганда ҳам, қиз қоронғу тушмасдан уйига қайтиши керак!

Бу гаплардан сўнг мен қизга ачина бошладим. Қизга 3 доллар сарфлашга-ку розиман, бироқ Трипга виски учун бир чақа ҳам бермайман. Мен оғриниб пальто ва шляпамни қўлимга олдим.

У ерга ярим соатда етиб бордик. Трип эшик қўнғироғини босди.
-Менга тез бир долларни бер, -деди Трип шошилиб.

Эшикни бир аёл очди. Трип индамай унга пулни берди. Аёл ҳам жимгина бизни ичкарига бошлади. Кейин бизга ўгирилиб деди:
— У умумий хонада ўтирибди.

Нимқоронғу хонага киргач кўзим у ерда ўтирган қизга тушди. У йиғларди. Ҳа, қиз чиндан ҳам гўзал эди. Йиғлаганида янаям чиройли кўринар- биллур ёш томчилари унинг кўзларида нақш каби товланарди.

-Ловери хоним, бу менинг дўстим жаноб Калмерс. –деди Трип. Мен кийиниши афтодаҳол бу одамнинг дўсти эканимдан бироз ҳижолат ҳам бўлдим–У анча ақлли ва ишбилармон одам. Газетада ишлайди… Ҳа, сизга албатта ёрдами тегади. Ишонаверинг, хоним, у сизга энг тўғри йўлни кўрсатади.

-Ловери хоним…- мен гапимни тополмай бироз жим колдим. –Агар сизга ёрдамим тегса, жуда хурсанд бўлардим. Аввал сиз менга барини батафсил гапириб беринг…

-Менинг Нью Йоркка биринчи келишим, –гап бошлади қиз. –Мен бу ерни бунчалик катта деб ўйламагандим. Бу ерда мен жаноб… жаноб Флиппни учратдим ва бир дўстим хақида сўрадим. У эса мени шу ерга олиб келиб кутишимни тайинлади.

-Маслаҳат бердим, Ловери хоним, -аралашди Трип. –Мен йўлда жаноб Калмерсга барини тушунтирдим.

-Ҳа, албатта, -деди Ада. –Менинг айтадиган гапим ҳам йўк, факат бир гап — мен Хирам Доддга келаси пайшанбада турмушга чиқаяпман. Унинг қишлоқда 200 акр ери ва катта фермаси бор. Бугун эрталаб онамга дугонам Сюзиникига кетаяпман, дегандим. Бу ёлғон эди… Лекин менга барибир. Мен поездга чиқдиму келавердим… жаноб… жаноб Флиппдан Жоржни сўрадим.

-Ловери хоним, -Трип қизга қаради. –Сиз Хирамни ёқтиришингизни ва Хирам ҳам сизни жуда севишини айтгандингиз-а?

-Албатта ёқтираман. У яхши одам. Умуман, ҳамма одамлар яхши, уларни яхши кўраман. Лекин… лекин мен ўтган тундан бери Жорж ҳақида ўйлай бошладим. Мен… -қиз йиғлаб юборди. Ҳудди баҳор ёмғиридек. Мен унга етарли ёрдам беролмаслигимдан ўкиндим. Чунки мен на Жорж эдим, на Хирам. Ниҳоят “ёмғир” ҳам тинди. Қиз давом этди. –Биз Жорж билан бир-биримизни ёқтирардик, ўшанда у 8, мен эса 5 ёшда эдим. Жорж 19га тўлганида, яъни 6 йил олдин, қишлоқни тарк этди. У шаҳарга келиб полициячи ёки темирйўл бошлиғи, умуман бирон касб эгаси бўлмоқчийди. У сен учун албатта қайтаман, деганди. Бироқ шу кетганича у ҳақда бирор хабар эшитмадим. Мен… мен уни севардим.

Қиз яна йиғлай бошлаганди, Трип уни тўхтатиб менга юзланди.
-Жаноб Калмерс, хозир Ада учун энг тўғри йўл қандай?

-Ловери хоним, -гап бошладим мен. –Ҳаёт йўли мураккаб… ҳаммамиз учун ҳам. Бу дунёда камдан кам инсонлар ўз муҳаббатларига эришадилар. Сиз Хирамни яхши инсон ва уни ёқтираман, дедингиз. Ишончим комилки, унга турмушга чиқиб, албатта бахтли бўласиз.

-Ҳа, -деди Ада. –Уни бу аҳволда тополмас эканман. Мен тўйим яқинлашган сари у ҳақида кўпрок ўйлай бошладим. Мен биламан, у билан бирор бахтсиз ҳодиса юз берган, акс ҳолда у менга албатта хат ёзарди. Унинг кетишидан олдин биз битта тангани болғача билан ўртасидан иккига бўлгандик. Иккимиз ҳам доимо қалбан содиқликка ва бу яримта тангани то учрашмагунимизча асраб-авайлашга келишиб қасам ичгандик.

Трип негадир кулди. Мен унинг виски учун қизга ёрдам бераётганини билгандим.
-Оҳ, -деди Трип. – Йигитлар шунака, шаҳарга келиб ўз ёрларини унутадилар. Менимча, у бошқа бир қизни топган ёки… ичкилик йўлига кириб кетган. Сиз Калмерсга қулоқ солинг ва уйингизга боринг. Шунда ҳаммаси изига тушади.

Қиз ахийри уйига кетадиган бўлди. Уччаламиз вокзал томон йўл олдик. Унинг қишлоғи томон элтадиган билет нархи 1 доллару 80 цент экан. Мен билетга қўшиб бир дона қизил атиргул ҳам сотиб олдим. Биз хайрлашдик.

Ниҳоят бари ортда қолди. Мен Трипга қарадим. У янада чўкиб қолганди.
-Сен бундан бирор ҳикоя ёзоласанми? –сўради у.

-Бирор сатр ҳам…
-Узр, ёзолмасанг ҳам пулингни сарфладик.

-Буни унутайлик. Бироқ сенга виски учун пул беролмайман.

Трип пальтосининг тугмасини бўшатиб чўнтагидан дастрўмол чиқарди. Шу пайт унинг ички чўнтагида осилган занжирнинг жаранги эътиборимни тортди. Бир неча сонияда мен бир нарсани илғадим: занжирда яримта танга осилиб турарди. Ҳа, болғача билан бўлинган танга!

-Ахир… -дедим мен ҳайратланиб.

-Ҳа, -оҳиста жавоб берди у. –Жорж Браун. Хозир эса оддийгина Трип…

Мен чўнтагимдан бир долларни олдим ва Трипнинг қўлига тутқаздим…

098

O.Henri
YOZILMAGAN HIKOYA
Inglizchadan Nodirabegim IIbrohimova tarjimasi
065

Taniqli amerikalik adib O. Henri (O. Henry; 1862-1910)ning asl nomi Uilyam Sidni Porter bo’lib, ijod yo’liga kirishdan avval dorixonada, do’konda sotuvchi, kitob bezakchisi, noshir va boshqa kasblarda ishlagan; 1896 yildan kichik hikoyalar, fel’etonlar yozishni mashq qilgan. Bankda ishlaganida ortiqcha xarajat qilganlikda ayblanib, qamoqqa tushgach (1897—1901) yozgan hikoyalarini O. Henri taxallusi bilan yashirin chop ettira boshlagan. 1904—10 yillarda bir necha hikoyalar to’plamlari («Yonayotgan sham», «G’arb qalbi», «Yoqimtoy o’g’ri» va b.), vafotidan keyin ham bir necha kitobi bosilib chiqqan. «Qirollar va karam» (1904) romani sargiz qoldirdi. Kuchli yumor, kinoya, qiyos, masxara kabi usullar yorqin namoyon bo’lgan va eng muhimi, muallifning oddiy mehnatkash — «kichik inson»ga samimiy muhabbati, olijanoblik va sofdillikni madh etish xususiyati O. Henri hikoyalariga olamshumul shuhrat keltirdi.

045

09Men sizlarga hikoya qilmoqchi bo‘lgan ushbu voqea “Tonggi mayoq” gazetasida ishlab yurgan paytlarim sodir bo‘lgandi. Men Nyu-York ko‘chalari bo‘ylab kezar ekanman, yo‘limda uchragan ne hodisa borki, hikoya qilib yozaverardim. Tirikchiligim shuning orqasidan, gazetada doimiy shtatda bo‘lmaganim uchun mablag‘ masalasi ham haminqadar edi. Oddiy kunlarning birida ish stolim qarshisida Trip paydo bo‘ldi. U gazeta chop etish bo‘limida ishlardi. Shuning uchunmi undan doim bo‘yoq hidi kelib turar, barmoqlari ham kislota tufayli bujmayib ketgandi. Trip yigirma besh yoshlar chamasida edi, biroq ko‘rgan odam uni qirqdan narida deb taxmin qilardi. Uni biror surat masalasida kelgan deb o‘yladim. Tripning tikanak soqol qoplagan yuzi ayni paytda juda bechorahol va ayanchli edi. Uning hamma qatori menga ham ma’lum bir odati bor: ko‘p qarz so‘raydi. Trip qo‘lini stolga tirab, inqillagancha yonimga o‘tirdi. Uning barmoqlari titrardi! Yana ichibdi-da.
Bugun bir hikoyam uchun besh dollar qalam haqi olgandim. Shu boisdan dunyo ko‘zimga chiroyli ko‘rinib turgandi.
— Xo‘sh, Trip? — gap boshladim men. — Ahvollar qalay?
— Senda biror dollar topilmaydimi? — uning ahvoli har kungidan og‘ir edi.
— Bor, — dedim. — Ochig‘i, besh dollar pulim bor. Ammo bunga ming mashaqqat bilan erishganimni ham aytishim kerak. Ayni pulga muhtoj paytim oldim-da o‘ziyam…
Men u pul so‘rab ulgurmasidan bahonalarimni qalashtirib tashladim.
— Aslida, qarz olmoqchi emasdim. — Tripning so‘zidan dadillashdim. — Men senga yaxshi bir hikoya uchun voqea topib bermoqchiydim, xolos. Bu senga ko‘p naf keltiradi, ishonaver. U juda qiziq! Biroq bu fikr senga bir necha dollarga tushadi.
— Xo‘sh, qanaqa fikrlar ekan, ayt-chi?
— Aytaman, — davom etdi Trip, — bir qiz… go‘zal! Hech qachon bunday hurliqoni uchratmagansan. U bir gul! Yigirma yoshda. Shu yoshiga qadar qishlog‘idan chiqmagan, umrida Nyu-Yorkni ko‘rmagan! Men uni 34-ko‘chada uchratib qoldim. U dunyodagi eng chiroyli qiz, ishonaver. Qisqasi, u meni o‘sha ko‘chada to‘xtatib, Jorj Braun ismli kimsani qaerdan topish mumkinligini so‘radi. Ishonayapsanmi, shunday katta shahardan Jorj ismli odamni topib berishimni so‘radi! Bu xaqda nima deyish mumkin, axir? Men qiz bilan suhbatlashdim. U kelasi haftada Xiram Dodd ismli fermerga turmushga chiqayotgan ekan. Biroq u ilk muhabbatini unutolmapti — Jorj Braunni. Jorj ancha yil burun qishloqni tashlab, shaharga o‘z baxtini izlab ketgan ekan. Keyin esa qishloqqa qaytmapti. Qiz uni kuta-kuta axiyri Xiramga rozilik beripti. Bir necha kun oldin esa Ada, ha-ya, qizning ismi Ada Loveri ekan, poezdga o‘tiribdiyu Jorjni izlab Nyu-Yorkka yo‘l olibdi. Men qizni katta shaharda yolg‘iz qoldirolmadim. Bilishimcha, u shaharga kelamanu istagan odamdan Jorjni so‘rab topib olaman, deb o‘ylagan. Uning qanday bolafe’lligini tushunyapsanmi? Beg‘ubor go‘dak u! Sen uni ko‘rmasang bo‘lmaydi. Mening qo‘limdan nimayam kelardi? Qisqasi, qizni to‘g‘ri ijara uyimga olib bordim va o‘zim u yerni tark etdim. Biz uning bir kunlik ijara xaqi uchun bir dollar to‘lashimiz kerak. Yur, seni u yerga olib boray…
Mening asabim buzildi.
— Nimalar deyapsan, Trip? Men biror muhim maqolami, debman. Har kuni poezd shaharga yuzlab qizlarni olib keladi! Men bundan qanaqa hikoya yozishim mumkin, axir?
— Shunday qiziqarli narsani ko‘ra olmayotganingdan afsusdaman. Sen go‘zallik va muhabbat haqida yozishing mumkin, tushunsang-chi? Ishonchim komil, sen buning uchun o‘n besh dollar olasan. Bu esa senga atigi to‘rt dollarga tushadi.
— Nega endi to‘rt dollar? — ajablandim men.
— Bir dollari xona uchun, ikki dollari esa qizning qaytish chiptasi uchun.
— Yana biri-chi?
— Menga-da. Viski uchun. Norozi bo‘lma…
Men javob bermadim, o‘z ishim bilan mashg‘ul bo‘lganday qog‘ozlarimga tikildim.
— Sen tushunmading, — Trip ham bo‘sh kelmasdi. — Qiz uyiga qaytishi shart! Bugunoq! Buning uchun hamma narsaga tayyorman. Men bu haqda biror nima yozib pul ishlab olarsan, degandim. Lekin aslida menga yozasanmi-yo‘qmi, baribir. Nima bo‘lgandayam, qiz qorong‘u tushmasdan uyiga qaytishi kerak!
Bu gaplardan so‘ng qizga achina boshladim. Qizga uch dollar sarflashga roziman, biroq Tripga bir chaqa ham bermayman. Men og‘rinib palto va shlyapamni qo‘limga oldim.
U yerga yarim soatda yetib bordik. Trip eshik qo‘ng‘irog‘ini bosarkan, “Menga tez bir dollarni ber”, dedi shoshilib. Eshikni bir ayol ochdi. Trip indamay unga pulni uzatdi. Ayol ham jimgina bizni ichkariga boshladi. Keyin bizga o‘girilib, “U umumiy xonada o‘tiribdi”, dedi.
Nimqorong‘u xonaga kirgach, ko‘zim yig‘lab o‘tirgan qizga tushdi. Ha, u chindan ham go‘zal edi. Yig‘laganida yanayam chiroyli ko‘rinar, billur yosh tomchilari uning ko‘zlarida naqsh kabi tovlanardi.
— Loveri xonim, bu mening do‘stim janob Kalmers, — dedi Trip. Men ko‘rinishi aftodahol bu odamga “do‘stligim”dan biroz xijolat bo‘ldim. — U aqlli va ishbilarmon odam. Gazetada ishlaydi… Ha, sizga albatta yordami tegadi. Ishonavering, xonim, u to‘g‘ri yo‘lni ko‘rsatadi.
— Loveri xonim… — men nima deyishni bilmay biroz jim qoldim. — Agar sizga yordamim tegsa, juda xursand bo‘lardim. Avval siz menga hammasini batafsil gapirib bering…
— Nyu-Yorkka birinchi kelishim, — gap boshladi qiz. — Bu yerni bunchalik katta deb o‘ylamagandim. Bu yerda janob… janob Flippni uchratdim va bir do‘stim xaqida so‘radim. U esa meni shu yerga olib kelib, kutishimni tayinladi.
— Loveri xonim, — gapga aralashdi Trip, — men yo‘lda janob Kalmersga barini tushuntirdim.
— Ha, albatta, — dedi Ada. — Mening aytadigan gapim ham yo‘q, faqat bir gap: men Xiram Doddga kelasi payshanbada turmushga chiqayapman. Uning qishloqda ikki yuz akr yeri va katta fermasi bor. Bugun ertalab onamga dugonam Syuzinikiga ketayapman, degandim. Bu yolg‘on edi… Poezdga chiqdimu kelaverdim, keyin janob Flippdan Jorjni so‘radim.
— Loveri xonim, — Trip qizga qaradi, — siz Xiramni yoqtirishingizni, Xiram ham sizni juda sevishini aytgandingiz-a?
— Albatta yoqtiraman. U yaxshi odam. Umuman, hamma odamlar yaxshi, ularni yaxshi ko‘raman. Lekin… lekin men o‘tgan tundan beri Jorj haqida o‘ylay boshladim. Men… — qiz yana yig‘lab yubordi. Men unga kerakli yordamni berolmasligimdan o‘kindim. Chunki men na Jorjni, na Xiramni tanir edim. Qiz davom etdi: — Biz Jorj bilan bir-birimizni yoqtirardik, o‘shanda u sakkiz, men esa besh yoshda edim. Jorj o‘n to‘qqizga to‘lganida, ya’ni olti yil oldin qishloqni tark etdi. U shaharga kelib politsiyachi yoki temiryo‘l boshlig‘i, umuman biron kasb egasi bo‘lmoqchiydi. Sen uchun albatta qaytaman, deya va’da bergandi. Biroq shu ketganicha u haqda biror xabar eshitmadim. Men uni sevardim.
Qiz yana yig‘lay boshlagandi, Trip uni to‘xtatib menga yuzlandi.
— Janob Kalmers, hozir Ada uchun eng to‘g‘ri yo‘l qanday?
— Loveri xonim, — gap boshladim men. — Hayot yo‘li murakkab… hammamiz uchun ham. Bu dunyoda kamdan-kam insonlar o‘z muhabbatiga erishadilar. Siz Xiramni yaxshi inson, dedingiz. Ishonchim komilki, unga turmushga chiqib, albatta baxtli bo‘lasiz.
— Ha, — dedi Ada, — Jorjni bu ahvolda topolmas ekanman. Men to‘yim yaqinlashgan sari u haqida ko‘proq o‘ylay boshladim. Jorjning hayotida biror baxtsiz hodisa yuz bergan bo‘lsa kerak, aks holda albatta xat yozardi. Qishloqdan ketishidan oldin biz bitta tangani bolg‘acha bilan o‘rtasidan bo‘lgandik. Ikkimiz ham doimo qalban sodiqlikka va yarimta tangani to uchrashmagunimizcha asrab-avaylashga kelishib qasam ichgandik.
Trip negadir kuldi. Men uning viski uchungina qizga yordam berayotganidan afsus chekdim.
— Oh, — dedi Trip, — yigitlar shunaqa, shaharga kelib o‘z yorlarini unutadilar. Menimcha, u boshqa bir qizni topgan yoki ichkilikka berilgan. Siz Kalmersga quloq soling va uyingizga qayting. Shunda hammasi iziga tushadi.
Qiz axiyri uyga ketadigan bo‘ldi. Uchalamiz vokzal tomon yo‘l oldik. Uning qishlog‘igacha chipta narxi bir dollaru sakson tsent ekan. Men chiptaga qo‘shib bir dona qizil atirgul ham sotib oldim. Biz xayrlashdik.
Nihoyat bari ortda qoldi. Men Tripga qaradim. U yanada cho‘kib qolgandi.
— Sen bu haqda biror hikoya yozolasanmi? — so‘radi u.
— Bir satr ham…
— Uzr, yozolmasang ham pulingni sarfladik.
— Buni unutaylik. Biroq senga viski uchun pul berolmayman.
Trip paltosining tugmasini bo‘shatib cho‘ntagidan dastro‘mol chiqardi. Shu payt uning ichki cho‘ntagiga osilgan zanjirning jarangi e’tiborimni tortdi. Bir necha soniya ichida men ilg‘agan narsa shu bo‘ldi: zanjirda yarimta tanga osilib turardi. Ha, bolg‘acha bilan bo‘lingan tanga!
— Axir… — dedim hayratlanib.
— Ha, — ohista javob berdi u. — Jorj Braun. Hozir esa oddiygina Trip…
Men cho‘ntagimdan bir dollar oldim va Tripning qo‘liga tutqazdim…

054

(Tashriflar: umumiy 153, bugungi 1)

Izoh qoldiring