Oskar Uayld. Ikki ertak-hikoya: Xudbin pahlavon & Baxtiyor shahzoda

Ashampoo_Snap_2017.11.30_23h42m21s_001_.png   Кўркам боғлари билан машҳур бир шаҳарда фақат бир кишининггина боғи кўкармайди, унда қиш ва муз ҳукмрон. Боғнинг эгаси Паҳлавон ҳайрон: ҳамманинг боғига қишдан сўнг баҳор келади, уникида эса… абадий қаҳратон. Жумбоқнинг сири нимада?..
Ҳар бир эртакда ибратли ҳикмат мужассам. Машҳур инглиз ёзувчиси Оскар Уайлд эртаклари қизиқарли воқеалари, улар замиридаги чуқур фалсафий мулоҳазалари билан кичкинтойларни ҳам, катталарни ҳам бирдек ўзига тортади.

Оскар Уайльд
ИККИ ЭРТАК-ҲИКОЯ
021

03Оскар Уайлд (инглизча Oscar Wilde) (1854.16.10, Дублин — 1900.30.11, Париж) — инглиз ёзувчиси, танқидчи. Ҳашамдор шеърлари билан француз символистларига яқин туради. 1882 йилда АҚШ шаҳарлари бўйлаб саёҳатда бўлиб, эстетика бўйича маърузалар ўқиган. Бу даврда ва кейинроқ яратилган «Эътиқод ёки Нигилистлар» (1882), «Герцогиня Падунская» (1883), «Саломея» (1893) драмаларида ёш ёзувчининг исёнкор кайфияти ифодаланиб, ижтимоий ҳаёт масалалари муҳим ўрин эгаллайди. Лондонга қайтиб, газета ва журналлар билан ҳамкорлик қилган. Ахлоқсизликда айбланиб, 2 йил (1895—97) қамоқда ётиб чиққач, Парижга кўчиб ўтган. Қамоқдан сўнг Уайлд ҳаётида рўй берган руҳий тушкунлик «Рединг қамоқхонаси балладаси» (1898) автобиографик асари ҳамда ўлимидан кейин эълон қилинган «Қамоқхонадаги тавба» (1905)да ўз аксини топган. «Уиндермир хонимнинг елпиғичи» (1892), «Бенуқсон эркак» (1895), «Жиддий бўлиш қандай муҳим» (1896) комедиялари, «Бахтли шаҳзода» ва «Юлдузли бола» (1888) адабий эртаклар тўпламларида ўзи яшаган муҳит урфодатларини танқидий акс эттирган. «Дориан Грей портрети» (1891) — 19-аср охиридаги интеллектуал романнинг ажойиб намунаси. 80-йиллардаги танқидий мақолаларида («Ўй-ниятлар» тўплами, 1891) Уайлд ҳозирги инглиз адабиётидаги ўзига яқин воқеа-ҳодисаларни ёритган. Айни пайтда халқ қўшиқчилик ижодини, П. Беранже шеъриятини юқори баҳолаган, О. Бальзак, Л. Н. Толстой, И. С. Тургенев ва Ф. М. Достоевскийлар бадиий маҳоратини меҳр билан тасвирлаган. Уайлд пьесалари асосида фильмлар яратилган.

021

ХУДБИН ПАҲЛАВОН

unnamed.pngҲар куни пешиндан сўнг мактабдан қайтган болалар Пахлавоннинг боғига келиб ўйнашни одат қилиб олишган эди.

Бу боғ жуда кенг, ям-яшил майса билан қопланган, майсалар орасида эса, чарақлаб турган юлдузлардек, гуллар очилиб туришарди, тағин боғда ўн икки туп шафтоли дарахти бўлиб, улар кўклам чоғи марваридсимон гулларга берканишар, кузда эса ғарқ пишган мевалари оғирлигидан пастга эгилишарди. Дарахтларга қўнган қушчалар шундай ёқимли сайрашардики, болалар кўпинча беихтиёр ўйинларидан тўхтаб қушчалар овозига махлиёларча қулоқ солишарди. “Қандай мазза-а бу ерда!”, чуғурлашишарди улар бир-бирларини қувлашиб.

Кунлардан бир кун Пахлавон уйига қайтиб келди. У ўртоғи бўлмиш одамхўр Корниуэлникида етти йил меҳмон бўлиб, етти йил суҳбатлаша-суҳбатлаша, охири, гапи тамом бўлгач, ўз қўрғонига қайтган эди. Келиши биланоқ унинг кўзи, боғда ўйнаётган болаларга тушди.

“Нима қилаяпсизлар бу ерда?”, дея ўшқирди у ҳирқироқ овозда. Болалар эса дуч келган томонга тўзғиб, қочиб кетишди.

“Бу менинг ва фақат менинг боғим, — деди Паҳлавон. — Ҳамма билсинки, ўзимдан бошқа ҳеч кимга бу ерда ўйнашга рухсат йўқ”.

Шундан кейин у боғ атрофини баланд девор билан ўраб олиб, огоҳлантирувчи тахтача осиб қўйди:

РУХСАТСИЗ КИРГАНЛАР ҚОНУНАН ЖАЗОЛАНАДИ

Бечора болалар энди қаерда ўйнашни билишмасди. Улар бир-икки катта йўл бўйларида ўйнаб кўришди, лекин йўллар жуда чанг ва майда тошлар билан қоплангани учун уларнинг кўнглига ёқмас эди. Кўпинча улар дарслардан кейин баланд девор тагида юришиб, ичкаридаги ажойиб боғни қўмсашарди. “Қандай мазза қилардик-а у ерда”, дея эслашарди.

Баҳор келиб ўлканинг ҳамма жойларида дарахтлар гул билан қопланди, қушлар учиб келишди. Фақат Худбин Паҳлавон боғида ҳали ҳам Қиш эди. Қушчалар сайроғидан дарак ҳам йўқ, чунки болалардан дарак йўқ эди-да; дарахтлар эса гўё гуллашни эсидан чиқаргандек.

Ҳар кўкламда очиладиган  гўзал гуллар майсалар орасидан мўралашиб огоҳлантириш тахтачасини кўриб қолиб, шунчалар хафа бўлиб кетишдики, бошларини яна ўтлар орасига олиб, уйқуга кетишди. Боғда фақатгина Қор билан Аёзни эъзозлайдиган ўсимлигу жонзотлар қолишди. “Баҳор бизнинг боғни эсидан ҳам чиқариб юборди, — деб қувонишарди улар, — биз энди бутун йил давомида шу ерда яшайверамиз”.

Қор ўзининг оппоқ чопони билан майсазорларни ёпиб ётарди, Аёз эса дарахтларни кумуш рангга бўяш билан овора эди. Кейин улар Шимол Шамолини ўзларига кўмакка чақиришди. У ўзининг момиқ чопонига ўралиб келиб, кун бўйи боғ устида айланди, хоналардаги ўчоқ мўриларининг ичигача кириб чийиллади. “Ажойиб жой экан бу боғ, — деди у, — биз бу ерга Дўлни ҳам чақиришимиз керак”. Ҳаял ўтмай Дўл ҳам боғда ҳозир бўлди. У, кунига уч соатлаб, қўрғон томи сополини синдиргунча гумбирлатди, кейин кўрғон ва боғ устида чир айланиб  юрди.

“Во ажаб, нега Баҳор келмаяпти, — дерди Худбин Паҳлавон дераза ёнида ўтириб оппоқ ва совуқ боғига тикиларкан. — Лекин об-ҳаво ўзгариб қолишидан умидим бор”.

Аммо боғга на Баҳор ва на Ёз келди. Бошқа боғларга Куз кўпдан-кўп ширин-шакар меваларни тўкиб солди, лекин Паҳлавонга ҳеч нима бермади. “У ўта худбин кимса”, дерди Куз. Шундай қилиб  Худбин Паҳлавоннинг боғидан Қиш аримади ва Шимол Шамоли, Дўл, Аёз ва Қор дарахтлар атрофини айланиб рақсга тушаверишди.

Бир куни эрталаб Паҳлавон, эндигина уйқудан уйгониб тўшагида ётганида, нафис бир мусиқани эшитиб қолди. У шундай ёқимли эдики, бундай куйларни фақатгина шу атрофдан ўтиб кетаётган қирол созандаларигина чалиши мумкин эди. Ҳақиқатда эса, бу, ташқаридаги митти уруғхўр қушчанинг сайроғи эди. Лекин Худбин ўз боғида қуш овозини шунчалик кўпдан бери эшитмагани учун бу унга дунёдаги энг дилрабо куйдек эшитиларди. Шу топда боғ тепасида рақсга тушаётган Дўл тўхтади, Шимол Шамоли эса ўкиришини бас қилди ва очиқ деразадан хушбўй ифор кириб келди. “Шубҳасиз, ниҳоят Баҳор келди”, деди Паҳлавон ва ўрнидан ирғиб ташқарига қаради.

Ҳайҳот?!

Унинг кўзи ташқаридаги ғаройиб бир манзарага тушди. Боғ деворидаги кичкина бир тирқишдан биқиниб болалар кириб келишар ва боғдаги дарахт шохларига тирмашиб чиқишга уринишарди. Худбин Паҳлавон боғининг ҳар бир дарахти шохида биттадан болакай ўтирарди. Дарахтлар эса, болалар қайтишганидан шунчалик хурсанд бўлишгандики, уларнииг шохлари болаларнинг бошлари устида меҳрибон қўллар мисоли майин тебранишарди. Қушчалар атрофда айланиб қувноқ сайрашар, гуллар эса ўтлар орасидан юқорига қараб хурсанд бўлишарди.

Бу ўта оромбахш манзара эди, лекин боғнинг узоқдаги бир чеккасида ҳали ҳам қиш ҳукм сурарди. У ердаги дарахт остида бир болакай юрарди. У шундай кичкина эдики, дарахтнинг шохларига бўйи етмасдан унинг атрофида айланиб, аччиқ-аччиқ йиғларди. Бечора дарахт эса ҳалигача Аёз ва Қорнинг забтида бўлиб, Шимол Шамоли унинг устида айланиб эсарди. “Устимга чиқиб олақол, болакай”, дерди дарахт ва шохларини имкони борича эгиб унга узатарди, лекин бола жуда кичкина эди.

Бу ҳолни кўрган Пахлавоннинг юраги эзилиб кетди. “Қанчалар аблаҳ эканман-а! Бу ерга нега Баҳор келмаганини энди тушундим. Ҳозир анави болакайни кўтариб анави дарахтнинг баланд шохига ўтказаману  кейин лаьнати деворни бузиб-бузиб ташлайман, бундан буён боғим болалар учун ўйин майдончаси бўлади”.

У қилмишидан астойдил пушаймон бўлган эди.

Алқисса, Паҳлавон зинадан тушиб, ташқи эшикни оҳиста очиб боғга чикди. Лекин уни кўрган болалар қўрқиб ҳар томонга тўзғиб кетишди ва шу заҳоти боғга яна Қиш кириб келди. Фақат митти болакайгина кўзлари ёшга тўла бўлгани учун Пахлавонни кўрмади ва қочиб кетмади. Паҳлавон болакайга оҳиста яқинлашиб, уни авайлаб қўлига олди ва дарахт шохига ўтказиб қўйди. Ўша заҳотиёқ дарахт гул билан қопланди, болакай қўлларини чўзиб Паҳлавоннинг бўйнидан қучоқлаб олиб ўпиб қўйди. Бошқа болалар Паҳлавоннинг дарғазаб  эмаслигини кўриб чопқиллаб боққа қайтишди. Болалар билан Баҳор ҳам қайтиб келди. “Бу энди сизларнинг боғингиз, болакайлар”, деди Пахлавон ва ўзининг улкан болтасини олиб чор атрофдаги деворларни парчалаб йиқитди. Ўша куннинг чошгоҳида, бозорга кетаётганлар, одам ақлини лол қолдирадиган бу кўркам боғда, болалар билан ўйнаётган Паҳлавонни кўриб ҳайратда эдилар.

Болалар кун бўйи, тўйгунча ўйнаб, кечқурун хайрлашиш учун Пахлавоннинг ёнига келишди.

“Ия, анави кичкина ўртоғингиз қани? — сўради у. — Мен уни дарахтга ўтқазиб кўйгандим”.

Паҳлавон ўзини ўпиб қўйгайи учун уни жуда яхши кўриб қолган эди.

“Биз билмаймиз, — жавоб беришди болалар. — У  кетган бўлса керак”.

“Сиз унга айтиб қўйинг, эртагаям албатта боққа келсин”, — деди Паҳлавон. Лекин болалар, унинг қаерда яшашини билмасликларини ва уни илгари ҳеч қачон кўрмаганликларини айтишди.

Ҳар куни болалар мактабдан келиб Паҳлавон билан ўйнашарди. Лекин у, меҳри тушиб қолган ўша кичкина болакайни бошқа қайтиб кўрмади. Паҳлавон болаларни кўрганидан хурсанд бўларди, лекин шунга қарамасдан суюкли миттивойни кутар ва уни жуда кўп эсларди. “Уни кўришни жудаям истардим”, — дерди у ҳаяжондан  энтикиб.

Йиллар ўтди. Паҳлавон қариб, дармонсизланди. У бошқа деярли ўйнай олмас, ўзининг оромкурсисида ўтирганча, болалар ўйинини томоша қилиб, боғининг кўринишидан лаззатланарди. “Менинг гулларим бениҳоя чиройли, — дерди у, — лекин болалар уларнинг ҳаммасидан ҳам гўзалроқ”.

Қиш тонгларидан бирида, Паҳлавон ўз деразасидан боғ мазарасини  кузатар эди. У энди Қишни ёқтирмас, аммо унинг учун Қиш — ухлаётган Баҳор бўлиб, гуллар эса  қор остида дам олишаётгандек туюларди.

Бирдан Паҳлавон ҳайратдан кўзларини катта очиб ташқарига тикилиб қолди. Қаршисида чиндан ҳам ғаройиб бир кўриниш зоҳир бўлган эди. Боғнинг узоқ бир чеккасидан оппоқ нафис гул билан қопланган дарахт кўринарди. Унинг шохлари олтиндан бўлиб, улардан кумуш мевалар тўкилиб турар, пастда эса ўша, Паҳлавоннинг меҳри тушиб қолган митти болакай юрарди.

Қувончини ичига сиғдиролмаган Паҳлавон югуриб  боғга тушди. У шошиқиб, майсаларни босиб-янчиб болага яқинлашди. Аммо, бирдан  болакайнинг кафтчалари-ю оёқчаларида иккита михдан қолган  жароҳат изларини кўриб,   ғазабдан қизариб кетганича сўради: “Қайси манфур сени бундай жароҳатлашга журъат қилди?”

“Айт менга, қайси манфур бу ишни қилди? — деб ҳайқирарди Паҳлавон. — Айт, токи мен уни катта қиличим билан чопқилаб ташлай!”

“Бундай қилишинг шарт эмас, — жавоб берди бола, — ахир,  бу излар Меҳр жароҳатлари-ку”.

“Аслида кимсан ўзинг?” — деди Пахлавон ва илтифот билан болакай қаршисида тиз чўкди.

Шунда бола Паҳлавонга жилмайиб жавоб берди: “Қачонлардир, бир куни, сен менга ўз боғингда ўйнашга рухсат бермагандинг, бугун эса сен мен билан  Жаннатдаги боғимга кетасан”.

Тушликдан кейин боғга келган болалар Паҳлавоннинг оппоқ гуллаб турган дарахт тагида ўлиб ётганини кўришди.

Инглизчадан Элдор Фозилов таржимаси

Манба: «Ёшлик» журнали, 2001 йил, 3-сон

БАХТИЁР ШАҲЗОДА

scrn_big_01.jpgШаҳар марказида Бахтиёр Шаҳзода ҳайкали турарди. Ҳайкалнинг бутун танаси қимматбаҳо тошлардан ишланган. Ноёб дурдан ясалган кўзи худди тирик одамникидек чақнар, ял-ял ёнаётган қиличи эса соф олтиндан эди.

У одамларнинг ишонч ва умид тимсолига айланган эди. Яшашдан умидини буткул узган, тушкунликка тушган ҳар қандай одам унга нигоҳи тушгани ҳамон кўнгли бир қадар таскин топиб, ҳаётга ишончи ортарди.

Ширинлик тегмагани туфайли оймомога тикилганча хархаша қилиб ўтирган болакайга онаси: “Сен Бахтиёр Шаҳзоданинг қўлига сув ҳам қуёлмайсан. У ҳеч қачон, ҳеч нарса учун кўзёшини оқизмаган”, дерди.

Дарсдан қайтаётган мактаб ўқувчилари унинг ёнидан ўтаётиб:
– Фариштага ўхшаркан-а! – дея ҳайкалга ҳайрат билан боқдилар.

Уларнинг бу гапидан ажабланган математика ўқитувчиси:

– Қаердан биласиз? Тириклигида унга ҳеч қачон дуч келмагансиз-ку! – деди.
– Тушимизда кўрганмиз уни, – дея жавоб қилди болалар.

Ҳайрати ошган ўқитувчи чуқур ўйга толди.

Унга каттаю кичик ҳамма ҳавас билан тикиларди. Ўзини гўё ашаддий санъат шайдосидай кўрсатишга уринаётган шаҳар ҳокими:

– У нафақат ғуруримиз, балки чинакам санъат дурдонасидир, – деди. Атрофдагилар унинг санъатни яхши тушунмаслигини фаҳмласалар-да, оғзидан чиққанини маъқуллашарди.

Тунда шаҳар узра митти қалдирғоч учиб ўтди. Сафдошлари олти ҳафта бурун Мисрга учиб кетган, бироқ у денгиз ўсимликларидан кўнгил узолмай ортда қолганди. Денгиз узра пастлаб учаркан, сап-сариқ капалакка кўзи тушди ва беихтиёр унга мафтун бўлди. Бироз ўйноқлаб учгач, капалак билан суҳбатлашгани тўхтади. Баногоҳ соҳилда барқ уриб турган япроққа кўзи тушди-ю, капалакни тамоман унутиб, япроққа парвона бўлди. Япроқ ҳам унга гўё ҳурмат бажо келтириб таъзим қилаётгандек эди. Қалдирғоч уни айланиб учаверди, учаверди. Митти қанотчаларини қоқиб, питирлаб сувни тўлқинлантирар, оғзига сув олиб, япроқ пойига қуярди. Япроқ қушнинг жуфтига айланганди гўё. Қалдирғоч ўша ерда ёз охиригача қолиб кетди, аммо вақт ўтгани сайин тобора ёлғизлик гирдобига ғарқ бўлиб борарди. Япроқ ҳамон сассиз, қалдирғоч рашк ўтида азобланарди. Унинг ҳисларига япроқнинг бепарволиги аён бўлиб қолди. Сокин эсаётган майин шабада япроқни эркалатар, у эса бахтдан масрур рақс тушарди. Бундан қалдирғоч дарғазаб бўлди ва япроқдан ихлоси қайтди. Қалдирғоч ўзига-ўзи: “У саёҳат қилолмайди, парвозга ҳам ярамайди. Менинг эса саёҳат жону дилим, устига-­устак, жаҳонгаштаман. Бўлғуси жуфтим ўзимга ўхшаса нур устига нур эди-я”, дея хаёлидан ўтказди ва япроқдан сўнгги бор:

– Мен билан бирга кетасанми? – деб сўради.

Япроқ эса бош эгганича жим тураверди. Негаки, унинг танаси ўз жойига мустаҳкам ўрнашган, Худо уни шундай яратганди. Чинданам, улар ҳеч қандай жиҳатдан бир-бирига ўхшамасди. Шу боис бу муҳаббатда мантиқ йўқ эди. Чунки улар буткул бошқа-бошқа жинс бўлиб яралганди. Ниҳоят юрак-бағри тилка-пора қалдирғоч: “Алвидо!” деганича япроқни умрбод тарк этиб учиб кетди.

У кун бўйи учди ва тун қоронғисида улкан шаҳарга етиб келди. Узоқ ва машаққатли парвоздан сўнг ҳолдан тойган қалдирғоч: “Қаерга қўнсам экан, шаҳар аҳли менга у-бу нарса ҳозирлаб қўйгандир”, дея кўнглидан ўтказди. Кутилмаганда, баланд тепаликдаги улкан ҳайкалга кўзи тушди. Ўзига-ўзи: “Шу ерга қўнаман, бу ерда тоза ҳаво кўп бўлади, – деди. Шундай қилиб, у бахтиёр шаҳзода ҳайкалини танлади ва бироз тин олиш учун атрофга аланглади, – Ухлагани энг мақбул жой, – дея ўзига-ўзи пичирлади у ва мизғиб олгани жажжи бошини қанотлари остига қўйган ҳам эдики, қаердандир бир томчи сув томди. – Қизиқ, осмонда булут кўринмайди. Юлдузлар равшан порлаб туришига қарамай ёмғир ёғса-я, – ҳайрон бўлди у. – Денгиз япроғи ёмғирни севарди, бироқ бу ҳам унинг худбинлигидан эди. – Кейин яна бир томчи тушди. – Бу қандай ҳайкал бўлди-я, ёмғирдан паналашгаям ярамаса, ҳойнаҳой, яхшигина бир мўри топмасам бўлмайди чоғи, – деб энди учишга чоғланиб турган эди, учинчи томчи келиб тушди. – Нималар бўляпти ўзи?” – у кўраётганига ишонолмасди.

Бахтиёр Шаҳзоданинг мунгли кўзи қайғуга тўлган. Аламли ёшлари яноқларидан оқиб турарди. Ой шуъласида унинг нурли юзи шу қадар гўзал эдики…

– Кимсан? – сўради қалдирғоч.
– Мен Бахтиёр Шаҳзодаман, – жавоб берди у.

– У ҳолда нега йиғлаяпсан? Ҳамма ёқни оби дийданг билан шалоббо қилиб юбординг-ку!

– Тириклигимда, юрак кўксимда уриб турганда, кўз ёши нималигини билмасдим, – давом этди ҳайкал, – Санс-Сауси қасрида ғам-андуҳсиз яшардим. Кунни дўстларим билан боғда, тунни эса ҳашаматли қасримда жононлар билан рақс тушиб ўтказардим. Боғ атрофидаги улкан девор ортида нималар бўлаётганига қизиқмасдим ҳам. Ҳаётим беташвиш ва бетакрор ўтарди. Аъёнларим мени Бахтиёр Шаҳзода деб атарди. Роҳат-фароғат бахт саналса, чинданам саодатманд эдим. Шу аснода яшадим-у, шу зайлда вафот этдим. Қисқагина умрим фақат ўйин-кулгидан иборат бўлди. Вафотимдан сўнг шарафимга мана шу улуғвор ҳайкални қўйишди. Бугун баланд девор ортида нималар бўлаётганини равшан кўряпман, аммо начора, қўлимдан ҳеч нарса келмайди, мен энди бор-йўғи тош қотган бир ҳайкалман, холос. Жафокашу меҳнаткаш халқим бошидан ўтказаётган қийинчилигу заҳматини кўриб, ўзимдан нафратланяпман. Тош қалбим эриб ларзага келмоқда, тириклигимда ёш кўрмаган кўзларим, энди зор-зор йиғламоқда.

Қалдирғоч ўйга чўмиб қолди: “Наҳотки соф олтиндан ясалган жонсиз ҳайкал одамларга ачинса-я! Наҳот унинг қалби ҳамон тирик”. Тўсатдан унинг хаёлини ҳайкалнинг маҳзун ноласи бузди.
– Жин кўчада ғоят камбағал бир хонадон бор, – давом этди у: – Ланг очиқ деразадан мунг чекиб ўтирган бир аёлни кўряпман. Юзи ҳорғин ва маъюс. Тикувчи-да шўрлик, қаварган қўлларига игна киравериб, илма-тешик бўлиб кетган. Ҳозир у қироллик саройи хонимларига тунги базм учун кўйлак тикяпти. Хонанинг бир бурчида эса ўспирин ўғли тўшакка михланиб ётибди. Иситмалаётган болакай онасидан апельсин шарбати сўраб инграяпти. Онаизорда эса дарё сувидан бўлак ҳеч вақо йўқ. Бечора болакай эса тинмай йиғлайди. Қалдирғоч, қалдирғочгинам, қиличимдаги тошларни юлиб унга ҳадя қилмайсанми? Менинг оёқларим устунларга маҳкам боғланган. Юролмайман барибир, жойимдан жилолмайман.

Ҳайкалнинг юракни жунбишга солувчи гапларидан эсанкираган қалдирғоч:

– Мисрга кетишим керак, биродарларим аллақачон Нил дарёсидан учиб ўтди. Ҳадемай улар буюк фиръавн қабри устига қўнади, – деди.

Ҳайкал нола қила бошлади:

– Қалдирғоч, қалдирғочгинам, бир кеча минг кеча эмас, хабарчим бўлолмайсанми? Норасида бола жуда чанқаган, онаизор эса кучдан қолиб, ғамга ботган.

– Тўғриси, болаларни жиним суймайди, – давом этди қалдирғоч: – Ўтган йили ёзда, дарё бўйлаб учиб юрганимда, тарбиясиз болалар менга тинмай тош отди. Шунга қарамай, улар мени тошбўрон қилолмаган. Чунки биз қалдирғочлар бу борада устаси фарангмиз. Отилган тошларига чап берганман. Шундай бўлса-да, бу шумтакалардан нафратланишимга етарлича асос, деб ўйлайман.

Қалдирғочнинг жавобидан Бахтиёр Шаҳзода ғамга ботди. Буни кўрган қалдирғоч:

– Бу ерлар менга совуқлик қилади, лекин илтимосингни ерда қолдирмайман, – деди.

Шундай қилиб, қалдирғоч Шаҳзоданинг қиличидаги тошларни тумшуғи билан чўқилаб олиб, шаҳар узра учиб кетди. У ибодатхоналар устидан ўтиб, серҳашам қаср устига етганда раққосларнинг дилларга сурур берувчи қувноқ кулгисини эшитди. Бир гўзал қиз дераза олдида йигит билан суҳбатлашарди.

– Умид қиламанки, кечки базмга қадар оқшом кўйлагим тайёр бўлади, бироқ анови тикувчи аёл роса дангаса-да, – дерди у ўз жуфтига.

Қушча парвоз қилишда давом этди. У бепоён денгиз узра учаркан, бир тўда қайиқчиларга кўзи тушди. Улар ўз қайиғига тунда сузиш осон бўлиши учун махсус ёритгичлар ўрнатарди. Сўнг қалдирғоч яҳудийлар яшайдиган овулдан ўтди. Улар ниманидир бир-бири билан тортишиб савдолашарди. Ниҳоят Бахтиёр Шаҳзода айтган ўша ночор аёл уйига ҳам етиб борди. Аввалига она-болани зимдан кузатди. Болакай ҳануз беҳуш, иситмалаб ётар, онаизор эса ҳолдан тойиб ухлаб қолганди. Қушча дарчадан ичкарига оҳиста учиб кирди ва стол устида турган ангишвона ёнига тумшуғидаги қимматбаҳо тошни қўйди. Сўнг болакайнинг пешонаси узра жажжи қанотларини секин силкитди. Бемор майин шабададан ором олиб, ширин уйқуга кетди. Қалдирғоч Бахтиёр Шаҳзода ҳузурига қайтиб, кўрган-кечирганини бирма-бир айтиб берди. Қалдирғоч ҳайкалга:

– Қаҳратон эшик қоққанига қарамай совқотмаяпман, – деди.
– Чунки сен эзгу иш қилдинг, – деб жавоб қилди Бахтиёр Шаҳзода.

Чарчаб қолган қалдирғоч беихтиёр уйқуга кетди. Тонг отгач, у тунда Мисрга учгани тараддудлана бошлади. Шаҳзода эса яна фарёд чекди:

– Қалдирғоч, қалдирғочгинам, мен билан яна бир кеча қололмайсанми?

– Мисрга учмасам бўлмайди. Эртага биродарларим иккинчи дарёдан ҳам учиб ўтади, – жавоб қилди қалдирғоч.

– Қалдирғоч, қалдирғочгинам, – давом этди Шаҳзода, – Шаҳар чеккасидаги кўримсиз кулбада, бир кишини кўряпман. Иш столида қоғозларга кўмилиб ўтирибди. Сочи тўзиган, ҳорғин ва ўйчан кўзлари атрофга умид билан боқади. У ниманидир ёзиб тугатишга ҳаракат қиляпти, аммо қаҳратондан қалтираб қалам тебратгани мадори қолмаган. Очлигу совуқ тинкасини қуритган.

– Майли, сен билан яна бир кеча қолишга розиман. Қимматбаҳо тошингдан унга ҳам олиб бориб берайми? – сўради қалдирғоч.

– Афсус, менда бошқа ундай тош йўқ, бору йўғим кўзимда. Улар жуда қиммат жавоҳир. Минг йил бурун Ҳиндистондан келтирилган. Бирини чўқиб ол-у, ўша ижодкорга ҳадя қил. У уни заргарга сотиб, ўтину егулик харид қилади ва ўз ишини охирига етказади.

Юрак-бағри эзилиб йиғлай бошлаган қалдирғоч:

– Қадрли Шаҳзодам, мен бундай қилолмайман… Кўзларингни ўйиб ололмайман.

– Қалдирғоч, қалдирғочгинам, илтимос, сўзимни ерда қолдирма, – ёлворди Шаҳзода.

Ноилож қолган қалдирғоч Шаҳзоданинг бир кўзини ўйиб, ёзувчи кулбаси томон учди. Ичкарига кириш қийин бўлмади. Чунки афтодаҳол кулба деразасининг ойналари ҳам йўқ эди.

Совуқдан азоб чекаётган ёзувчи қават-қават кийимларига ўраниб, бошига қалин қалпоғини қўндириб олганидан қушчани пайқамади ҳам. Бироздан сўнг иш столига эринибгина қараган адиб ҳайратдан қотиб қолди. Қалашиб ётган қоғозлар устида ноёб дур турарди. Терисига сиғмай кетган ижодкор:

– Бу қандай мўъжиза! Менга ҳам Худонинг атагани бор экан! Ниҳоят асаримни якунлайдиган бўлдим, – дея қичқириб юборди.

Атрофга қоронғилик тушиб, ой самода сузаётган бир маҳал қалдирғоч яна Шаҳзода ҳузурига йўл олди.

– Энди видолашишга тўғри келади, – деди қалдирғоч.

– Қалдирғоч, қалдирғочгинам, менга бир кеча ҳамроҳлик қил, – ёлворди Бахтиёр Шаҳзода.

– Қаҳратон ҳам келди, – давом этди қалдирғоч, – Ҳадемай қор ёғади. Мисрда эса қуёш чарақламоқда. Ҳамроҳларим ин қуриш билан банд. Оппоқ кабутарлар уларни қизиқиш билан кузатиб, мусиқий оҳангда куйлаяпти. Қадрли Шаҳзодам, сени тарк этиш вақти-соати етди. Бироқ сени ҳеч қачон унутмайман, унутолмайман. Кейинги йил баҳорда биз албатта кўришамиз. Ўшанда сенга дунёдаги энг гўзал тошларни совға қиламан.

– Шаҳарнинг жанубий қисмида маъсума бир қизалоқ бор, – давом этди Шаҳзода. – Жоҳил ўгай отаси қизалоққа доим ёмонликни раво кўради. Ундан ҳар куни пул топиб келишни талаб қилади. Қизча эса ҳали жуда кичкина, оёғида этиги, бошида қалпоғи ҳам йўқ. Агар у ўгай отасига пул олиб бориб бермаса, муттаҳам қизалоқни калтак­лаб жазолайди. Илтимос, иккинчи кўзимни ҳам юлиб ол ва уни қизалоққа обориб бер. Токи унга ўгай отаси зулм қилмасин.

– Яна бир кеча қолишга розиман, аммо иккинчи кўзингни ўйиб ололмайман. Мабодо шундай қилсам, буткул сўқир бўлиб қоласан, – деди қалдирғоч.

– Қалдирғоч, қалдирғочгинам, илтимосимни ерда қолдирма, – деди Шаҳзода.

Шундай қилиб, қалдирғоч Шаҳзоданинг иккинчи кўзини ҳам ўйиб, йўлга отланди. У ноёб дурни кўзлари мўлтираб турган қизалоқнинг жажжи кафтига қўйди. Бундан ҳайратга тушган қизча:

– Қандай мўъжиза! – деганча ўзида йўқ хурсанд бўлиб, уйи томон чопқиллаб кетди.

Қалдирғоч Шаҳзода ҳузурига қайтди.

– Энди сен басирсан. Сен билан умрбод бирга қолишга қарор қилдим, – деди.

– Йўқ, жажжи ошнам, Мисрга парвоз қилиш вақт-соати етди, – деди.

– Йўқ, Бахтиёр Шаҳзодам, ёнингда умрбод бирга қоламан, – дея Шаҳзоданинг оёқлари орасида ухлаб қолди қалдирғоч.

Шу тариқа бу қаҳратонда ҳайкалу қалдирғоч ўртасида самимий дўстлик куртак ёзди. Бунда на манфаат ва на ғараз бор эди. Уларнинг пок виждони ва бир-бирига садоқати илиқ муҳаббатни пайдо қилганди. Иккиси борган сари бир-бирига боғланиб, янада яқин бўлиб борар, кечинмаларини ҳикоя қилиб дардлашарди. Айниқса, қалдирғоч ҳамсуҳбатига бир-биридан қизиғу қувноқ ҳикоялар айтиб беришдан эринмасди.

Кунлардан бир кун:
– Азизим қалдирғоч, менга ажойиб кўнгил­очар ҳикояларингни айтиб кўнглимни хушнуд этдинг! Лекин мени бундан-да бахтли қиладигани  – одамларнинг қувончини кўриш, уларнинг дардига шерик бўлишдир. Қалдирғочгинам, шаҳрим узра парвоз қил ва кўрган-кечирганларингни менга айтиб бер, – деди.

Қалдирғоч улкан шаҳар узра парвоз қиларкан, бойлар олтину зарларга кўмилиб, айш-ишрат билан бандлигини, ночору камбағаллар эса бир бурда нонга зорлигини пайқади. У парвоз қилишда давом этди ва очликдан ранг-рўйи сарғайган етим болалару совуқдан жунжикиб, бир-бирининг пинжига тиқилган қизалоқларни кўриб юраги ларзага келди. У бутун бошли шаҳарни парвоз қилиб чиқди ва Шаҳзодага ҳаммасини афсусу надомат билан сўзлаб берди.

– Танамга соф олтин суви югуртирилган. Олтинларни сидириб, бечораларга улаш, – деди Шаҳзода.

Қалдирғоч ҳар куни Шаҳзода танасидан олтинларни тумшуғи билан сидириб, бева-бечораларга обориб берарди. Бу ҳол Бахтиёр Шаҳзоданинг танаси буткул кулранг тусга киргунича давом этди. Қанчадан-қанча бева-бечоралар, камбағал-қашшоқлар, етим-есирларнинг қозони қайнади, усти бут бўлди. Ниҳоят қор ёғди. Кўчалар музлаб, кумушдек товланди. Болалар кўчаларда чанғи учиб, қорбўрон ўйнаб ҳайқириб куларди.

Бечора қалдирғоч совуқдан аъзои бадани қалтираб азобланса ҳам, Шаҳзодани тарк этолмасди. Негаки, меҳрибон ва олижаноб Шаҳзодага бутун вужуди билан боғланганди. Афсус, бундай қаҳратонда қалдирғочнинг омон қолиши имконсиз эди. У Шаҳзода билан видолашув онлари яқинлашаётганини билар, ичидан нимадир узилгандай бўлар ва унсиз йиғларди. Парвоз қилгани мадори қолмаганди. Шунга қарамай бор кучини тўплаб, мажолсиз қанотларини зўрға қоқди-да, Шаҳзоданинг елкасига қўнди ва:

– Алвидо, Шаҳзодам, алвидо! – деди.

– Ниҳоят Мисрга кетишга қарор қилганингдан хурсандман, – деди Шаҳзода. – Мен билан узоқ қолдинг, кўнглимни қувончга тўлдирдинг! Парвозинг бехатар бўлсин, борақол, азизим!

– Мисрга учмаяпман, – деди қалдирғоч, – ўлим водийсига кетяпман! Ўлим ҳам уйқудек гап! Уйқунинг акаси, шундай эмасми?

Қалдирғоч Шаҳзоданинг лабларидан бўса олиб, унинг пойига йиқилди ва оҳиста жон берди.

Тонг саҳарлаб сайр қилиб юрган шаҳар ҳокими ва миршаб ҳайкал ёнидан ўтаётиб, бироз муддат тўхтаб қолди. Авваллари улар бу ҳайкалдан фахрланарди. Энди эса ундан жирканиб нафратланишди. Чунки у тароватини йўқотиб, хунук тошга айланганди.

– Қадрдоним, бу Шаҳзода ҳайкали бунча хунук бўлмаса, – дея сўз бошлади шаҳар ҳокими.

Унинг гапини маъқуллаб турган миршаб:

– Тўғри айтасиз, ростдан ҳам жуда хунук бўлиб қолибди. Қиличидаги кўзни қамаштирадиган қимматбаҳо тошлар, кўзидаги ажойиб дурлар қани? Танасидаги олтин суви ҳам ўчиб кетибди. Бундан гадой ҳам яхшироқ, – деди миршаб. – Бунга нима дейсиз, жаноб, унинг оёқлари остида ўлик қуш ётибди. Ўлик қушларнинг жасади шаҳар ўртасига ташланмаслиги тўғрисида қонун ишлаб чиқаришимиз керак! Умуман олганда, кўримсиз ҳайкалнинг энди кераги йўқ, деб ўйлайман.

Хуллас, улар Бахтиёр Шаҳзода ҳайкалини қулатди ва уни майдалаб эритди. Миршаб эритилган метални нима қилиш кераклиги тўғрисида бош қотириб кенгаш чақирди.

– Биз бошқа бир ҳайкал барпо қилишимиз керак, – дея сўз бошлади миршаб. – Ўйлайманки, бунга энг муносиб номзод менман!

Бу гаплардан шаҳар ҳокими ғижиниб қўйди:

– Бекорларнинг бештасини айтибсан! Менга ҳайкал қурилади! – деди у.

– Иккингиз ҳам тушингизни сувга айтинг! Менга атаб ҳайкал қурилиши керак! – дея даъво қилди бошқа мансабдор.

Жанжал авжига минди. Эшитишимга қараганда, улар ҳануз жанжаллашаётган экан.

Ҳайкални эритган хизматчи ажиб бир ҳолга дуч келди. Унинг барча қисмлари осонлик билан эриб кетганига қарамай кўкрак қисми эримасди.

– Воажаб, бу қандай мўъжиза! – ажабланди хизматчи ва уни қалдирғоч ўлиги ётган жойга улоқтириб юборди.

Тангри фаришталаридан бирига: “Менга ердан энг азизу қимматбаҳо буюм келтиринг”, деб амр қилди.

Шунда фаришта унинг ҳузурига Бахтиёр Шаҳзода ҳайкалининг парчаланган юрагию қалдирғочнинг ўлик жасадини олиб борди.

– Танлашда адашмабсан, – деди Яратган. – Бу жажжи қушча жаннатим боғида абадий сайраб, неъматларимдан баҳраманд бўлсин! Бу қалби пок ҳайкал эса олтиндан барпо қилинган шаҳримда абадий Бахтиёр Шаҳзодага айланиб қолсин!

Манба: «Ёшлик» журнали, 2017 йил

Инглиз тилидан Шермуҳаммад Тилиев таржимаси

5795_1284122367.jpg  Shahar markazida Baxtiyor Shahzoda haykali turardi. Haykalning butun tanasi qimmatbaho toshlardan ishlangan. Noyob durdan yasalgan ko‘zi xuddi tirik odamnikidek chaqnar, yal-yal yonayotgan qilichi esa sof oltindan edi.

Oskar UAYLD
IKKI ERTAK-HIKOYA
021

Mashhur ingliz adibi Oskar Uayld (1854 –1 1900) «E’tiqod yoki Nigilistlar» (1882), «Padua gersoginyasi» (1883), «Salome» (1893) dramalari, «Uindermir xonimning yelpig‘ichi» (1892), «Benuqson erkak» (1895), «Jiddiy bo‘lish qanday muhim» (1896) komediyalari, «Baxtiyor shahzoda» va «Yulduzli bola» (1888) adabiy ertaklar to‘plamlari mashhur.

021

XUDBIN PAHLAVON

62944073.JPGHar kuni peshindan so‘ng maktabdan qaytgan bolalar Paxlavonning bog‘iga kelib o‘ynashni odat qilib olishgan edi.

Bu bog‘ juda keng, yam-yashil maysa bilan qoplangan, maysalar orasida esa, charaqlab turgan yulduzlardek, gullar ochilib turishardi, tag‘in bog‘da o‘n ikki tup shaftoli daraxti bo‘lib, ular ko‘klam chog‘i marvaridsimon gullarga berkanishar, kuzda esa g‘arq pishgan mevalari og‘irligidan pastga egilishardi. Daraxtlarga qo‘ngan qushchalar shunday yoqimli sayrashardiki, bolalar ko‘pincha beixtiyor o‘yinlaridan to‘xtab qushchalar ovoziga maxliyolarcha quloq solishardi. “Qanday mazza-a bu yerda!”, chug‘urlashishardi ular bir-birlarini quvlashib.

Kunlardan bir kun Paxlavon uyiga qaytib keldi. U o‘rtog‘i bo‘lmish odamxo‘r Korniuelnikida yetti yil mehmon bo‘lib, yetti yil suhbatlasha-suhbatlasha, oxiri, gapi tamom bo‘lgach, o‘z qo‘rg‘oniga qaytgan edi. Kelishi bilanoq uning ko‘zi, bog‘da o‘ynayotgan bolalarga tushdi.

“Nima qilayapsizlar bu yerda?”, deya o‘shqirdi u hirqiroq ovozda. Bolalar esa duch kelgan tomonga to‘zg‘ib, qochib ketishdi.

“Bu mening va faqat mening bog‘im, — dedi Pahlavon. — Hamma bilsinki, o‘zimdan boshqa hech kimga bu yerda o‘ynashga ruxsat yo‘q”.

Shundan keyin u bog‘ atrofini baland devor bilan o‘rab olib, ogohlantiruvchi taxtacha osib qo‘ydi:

RUXSATSIZ KIRGANLAR QONUNAN JAZOLANADI

Bechora bolalar endi qayerda o‘ynashni bilishmasdi. Ular bir-ikki katta yo‘l bo‘ylarida o‘ynab ko‘rishdi, lekin yo‘llar juda chang va mayda toshlar bilan qoplangani uchun ularning ko‘ngliga yoqmas edi. Ko‘pincha ular darslardan keyin baland devor tagida yurishib, ichkaridagi ajoyib bog‘ni qo‘msashardi. “Qanday mazza qilardik-a u yerda”, deya eslashardi.

Bahor kelib o‘lkaning hamma joylarida daraxtlar gul bilan qoplandi, qushlar uchib kelishdi. Faqat Xudbin Pahlavon bog‘ida hali ham Qish edi. Qushchalar sayrog‘idan darak ham yo‘q, chunki bolalardan darak yo‘q edi-da; daraxtlar esa go‘yo gullashni esidan chiqargandek.

Har ko‘klamda ochiladigan go‘zal gullar maysalar orasidan mo‘ralashib ogohlantirish taxtachasini ko‘rib qolib, shunchalar xafa bo‘lib ketishdiki, boshlarini yana o‘tlar orasiga olib, uyquga ketishdi. Bog‘da faqatgina Qor bilan Ayozni e’zozlaydigan o‘simligu jonzotlar qolishdi. “Bahor bizning bog‘ni esidan ham chiqarib yubordi, — deb quvonishardi ular, — biz endi butun yil davomida shu yerda yashayveramiz”.

Qor o‘zining oppoq choponi bilan maysazorlarni yopib yotardi, Ayoz esa daraxtlarni kumush rangga bo‘yash bilan ovora edi. Keyin ular Shimol Shamolini o‘zlariga ko‘makka chaqirishdi. U o‘zining momiq choponiga o‘ralib kelib, kun bo‘yi bog‘ ustida aylandi, xonalardagi o‘choq mo‘rilarining ichigacha kirib chiyilladi. “Ajoyib joy ekan bu bog‘, — dedi u, — biz bu yerga Do‘lni ham chaqirishimiz kerak”. Hayal o‘tmay Do‘l ham bog‘da hozir bo‘ldi. U, kuniga uch soatlab, qo‘rg‘on tomi sopolini sindirguncha gumbirlatdi, keyin ko‘rg‘on va bog‘ ustida chir aylanib yurdi.

“Vo ajab, nega Bahor kelmayapti, — derdi Xudbin Pahlavon deraza yonida o‘tirib oppoq va sovuq bog‘iga tikilarkan. — Lekin ob-havo o‘zgarib qolishidan umidim bor”.

Ammo bog‘ga na Bahor va na Yoz keldi. Boshqa bog‘larga Kuz ko‘pdan-ko‘p shirin-shakar mevalarni to‘kib soldi, lekin Pahlavonga hech nima bermadi. “U o‘ta xudbin kimsa”, derdi Kuz. Shunday qilib Xudbin Pahlavonning bog‘idan Qish arimadi va Shimol Shamoli, Do‘l, Ayoz va Qor daraxtlar atrofini aylanib raqsga tushaverishdi.

Bir kuni ertalab Pahlavon, endigina uyqudan uygonib to‘shagida yotganida, nafis bir musiqani eshitib qoldi. U shunday yoqimli ediki, bunday kuylarni faqatgina shu atrofdan o‘tib ketayotgan qirol sozandalarigina chalishi mumkin edi. Haqiqatda esa, bu, tashqaridagi mitti urug‘xo‘r qushchaning sayrog‘i edi. Lekin Xudbin o‘z bog‘ida qush ovozini shunchalik ko‘pdan beri eshitmagani uchun bu unga dunyodagi eng dilrabo kuydek eshitilardi. Shu topda bog‘ tepasida raqsga tushayotgan Do‘l to‘xtadi, Shimol Shamoli esa o‘kirishini bas qildi va ochiq derazadan xushbo‘y ifor kirib keldi. “Shubhasiz, nihoyat Bahor keldi”, dedi Pahlavon va o‘rnidan irg‘ib tashqariga qaradi.

Hayhot?!

Uning ko‘zi tashqaridagi g‘aroyib bir manzaraga tushdi. Bog‘ devoridagi kichkina bir tirqishdan biqinib bolalar kirib kelishar va bog‘dagi daraxt shoxlariga tirmashib chiqishga urinishardi. Xudbin Pahlavon bog‘ining har bir daraxti shoxida bittadan bolakay o‘tirardi. Daraxtlar esa, bolalar qaytishganidan shunchalik xursand bo‘lishgandiki, ularniig shoxlari bolalarning boshlari ustida mehribon qo‘llar misoli mayin tebranishardi. Qushchalar atrofda aylanib quvnoq sayrashar, gullar esa o‘tlar orasidan yuqoriga qarab xursand bo‘lishardi.

Bu o‘ta orombaxsh manzara edi, lekin bog‘ning uzoqdagi bir chekkasida hali ham qish hukm surardi. U yerdagi daraxt ostida bir bolakay yurardi. U shunday kichkina ediki, daraxtning shoxlariga bo‘yi yetmasdan uning atrofida aylanib, achchiq-achchiq yig‘lardi. Bechora daraxt esa haligacha Ayoz va Qorning zabtida bo‘lib, Shimol Shamoli uning ustida aylanib esardi. “Ustimga chiqib olaqol, bolakay”, derdi daraxt va shoxlarini imkoni boricha egib unga uzatardi, lekin bola juda kichkina edi.

Bu holni ko‘rgan Paxlavonning yuragi ezilib ketdi. “Qanchalar ablah ekanman-a! Bu yerga nega Bahor kelmaganini endi tushundim. Hozir anavi bolakayni ko‘tarib anavi daraxtning baland shoxiga o‘tkazamanu keyin lanati devorni buzib-buzib tashlayman, bundan buyon bog‘im bolalar uchun o‘yin maydonchasi bo‘ladi”.

U qilmishidan astoydil pushaymon bo‘lgan edi.

Alqissa, Pahlavon zinadan tushib, tashqi eshikni ohista ochib bog‘ga chikdi. Lekin uni ko‘rgan bolalar qo‘rqib har tomonga to‘zg‘ib ketishdi va shu zahoti bog‘ga yana Qish kirib keldi. Faqat mitti bolakaygina ko‘zlari yoshga to‘la bo‘lgani uchun Paxlavonni ko‘rmadi va qochib ketmadi. Pahlavon bolakayga ohista yaqinlashib, uni avaylab qo‘liga oldi va daraxt shoxiga o‘tkazib qo‘ydi. O‘sha zahotiyoq daraxt gul bilan qoplandi, bolakay qo‘llarini cho‘zib Pahlavonning bo‘ynidan quchoqlab olib o‘pib qo‘ydi. Boshqa bolalar Pahlavonning darg‘azab emasligini ko‘rib chopqillab boqqa qaytishdi. Bolalar bilan Bahor ham qaytib keldi. “Bu endi sizlarning bog‘ingiz, bolakaylar”, dedi Paxlavon va o‘zining ulkan boltasini olib chor atrofdagi devorlarni parchalab yiqitdi. O‘sha kunning choshgohida, bozorga ketayotganlar, odam aqlini lol qoldiradigan bu ko‘rkam bog‘da, bolalar bilan o‘ynayotgan Pahlavonni ko‘rib hayratda edilar.

Bolalar kun bo‘yi, to‘yguncha o‘ynab, kechqurun xayrlashish uchun Paxlavonning yoniga kelishdi.

“Iya, anavi kichkina o‘rtog‘ingiz qani? — so‘radi u. — Men uni daraxtga o‘tqazib ko‘ygandim”.

Pahlavon o‘zini o‘pib qo‘ygayi uchun uni juda yaxshi ko‘rib qolgan edi.

“Biz bilmaymiz, — javob berishdi bolalar. — U ketgan bo‘lsa kerak”.

“Siz unga aytib qo‘ying, ertagayam albatta boqqa kelsin”, — dedi Pahlavon. Lekin bolalar, uning qayerda yashashini bilmasliklarini va uni ilgari hech qachon ko‘rmaganliklarini aytishdi.

Har kuni bolalar maktabdan kelib Pahlavon bilan o‘ynashardi. Lekin u, mehri tushib qolgan o‘sha kichkina bolakayni boshqa qaytib ko‘rmadi. Pahlavon bolalarni ko‘rganidan xursand bo‘lardi, lekin shunga qaramasdan suyukli mittivoyni kutar va uni juda ko‘p eslardi. “Uni ko‘rishni judayam istardim”, — derdi u hayajondan entikib.

Yillar o‘tdi. Pahlavon qarib, darmonsizlandi. U boshqa deyarli o‘ynay olmas, o‘zining oromkursisida o‘tirgancha, bolalar o‘yinini tomosha qilib, bog‘ining ko‘rinishidan lazzatlanardi. “Mening gullarim benihoya chiroyli, — derdi u, — lekin bolalar ularning hammasidan ham go‘zalroq”.

Qish tonglaridan birida, Pahlavon o‘z derazasidan bog‘ mazarasini kuzatar edi. U endi Qishni yoqtirmas, ammo uning uchun Qish — uxlayotgan Bahor bo‘lib, gullar esa qor ostida dam olishayotgandek tuyulardi.

Birdan Pahlavon hayratdan ko‘zlarini katta ochib tashqariga tikilib qoldi. Qarshisida chindan ham g‘aroyib bir ko‘rinish zohir bo‘lgan edi. Bog‘ning uzoq bir chekkasidan oppoq nafis gul bilan qoplangan daraxt ko‘rinardi. Uning shoxlari oltindan bo‘lib, ulardan kumush mevalar to‘kilib turar, pastda esa o‘sha, Pahlavonning mehri tushib qolgan mitti bolakay yurardi.

Quvonchini ichiga sig‘dirolmagan Pahlavon yugurib bog‘ga tushdi. U shoshiqib, maysalarni bosib-yanchib bolaga yaqinlashdi. Ammo, birdan bolakayning kaftchalari-yu oyoqchalarida ikkita mixdan qolgan jarohat izlarini ko‘rib, g‘azabdan qizarib ketganicha so‘radi: “Qaysi manfur seni bunday jarohatlashga jur’at qildi?”

“Ayt menga, qaysi manfur bu ishni qildi? — deb hayqirardi Pahlavon. — Ayt, toki men uni katta qilichim bilan chopqilab tashlay!”

“Bunday qilishing shart emas, — javob berdi bola, — axir, bu izlar Mehr jarohatlari-ku”.

“Aslida kimsan o‘zing?” — dedi Paxlavon va iltifot bilan bolakay qarshisida tiz cho‘kdi.

Shunda bola Pahlavonga jilmayib javob berdi: “Qachonlardir, bir kuni, sen menga o‘z bog‘ingda o‘ynashga ruxsat bermaganding, bugun esa sen men bilan Jannatdagi bog‘imga ketasan”.

Tushlikdan keyin bog‘ga kelgan bolalar Pahlavonning oppoq gullab turgan daraxt tagida o‘lib yotganini ko‘rishdi.

Inglizchadan Eldor Fozilov tarjimasi

Manba: «Yoshlik» jurnali, 2001 yil, 3-son

BAXTIYOR SHAHZODA

Oscar_Wilde_19.jpegShahar markazida Baxtiyor Shahzoda haykali turardi. Haykalning butun tanasi qimmatbaho toshlardan ishlangan. Noyob durdan yasalgan ko‘zi xuddi tirik odamnikidek chaqnar, yal-yal yonayotgan qilichi esa sof oltindan edi.

U odamlarning ishonch va umid timsoliga aylangan edi. Yashashdan umidini butkul uzgan, tushkunlikka tushgan har qanday odam unga nigohi tushgani hamon ko‘ngli bir qadar taskin topib, hayotga ishonchi ortardi.

Shirinlik tegmagani tufayli oymomoga tikilgancha xarxasha qilib o‘tirgan bolakayga onasi: “Sen Baxtiyor Shahzodaning qo‘liga suv ham quyolmaysan. U hech qachon, hech narsa uchun ko‘zyoshini oqizmagan”, derdi.

Darsdan qaytayotgan maktab o‘quvchilari uning yonidan o‘tayotib:
– Farishtaga o‘xsharkan-a! – deya haykalga hayrat bilan boqdilar.

Ularning bu gapidan ajablangan matematika o‘qituvchisi:

– Qayerdan bilasiz? Tirikligida unga hech qachon duch kelmagansiz-ku! – dedi.

– Tushimizda ko‘rganmiz uni, – deya javob qildi bolalar.

Hayrati oshgan o‘qituvchi chuqur o‘yga toldi.

Unga kattayu kichik hamma havas bilan tikilardi. O‘zini go‘yo ashaddiy san’at shaydosiday ko‘rsatishga urinayotgan shahar hokimi:

– U nafaqat g‘ururimiz, balki chinakam san’at durdonasidir, – dedi. Atrofdagilar uning san’atni yaxshi tushunmasligini fahmlasalar-da, og‘zidan chiqqanini ma’qullashardi.

Tunda shahar uzra mitti qaldirg‘och uchib o‘tdi. Safdoshlari olti hafta burun Misrga uchib ketgan, biroq u dengiz o‘simliklaridan ko‘ngil uzolmay ortda qolgandi. Dengiz uzra pastlab ucharkan, sap-sariq kapalakka ko‘zi tushdi va beixtiyor unga maftun bo‘ldi. Biroz o‘ynoqlab uchgach, kapalak bilan suhbatlashgani to‘xtadi. Banogoh sohilda barq urib turgan yaproqqa ko‘zi tushdi-yu, kapalakni tamoman unutib, yaproqqa parvona bo‘ldi. Yaproq ham unga go‘yo hurmat bajo keltirib ta’zim qilayotgandek edi. Qaldirg‘och uni aylanib uchaverdi, uchaverdi. Mitti qanotchalarini qoqib, pitirlab suvni to‘lqinlantirar, og‘ziga suv olib, yaproq poyiga quyardi. Yaproq qushning juftiga aylangandi go‘yo. Qaldirg‘och o‘sha yerda yoz oxirigacha qolib ketdi, ammo vaqt o‘tgani sayin tobora yolg‘izlik girdobiga g‘arq bo‘lib borardi. Yaproq hamon sassiz, qaldirg‘och rashk o‘tida azoblanardi. Uning hislariga yaproqning beparvoligi ayon bo‘lib qoldi. Sokin esayotgan mayin shabada yaproqni erkalatar, u esa baxtdan masrur raqs tushardi. Bundan qaldirg‘och darg‘azab bo‘ldi va yaproqdan ixlosi qaytdi. Qaldirg‘och o‘ziga-o‘zi: “U sayohat qilolmaydi, parvozga ham yaramaydi. Mening esa sayohat jonu dilim, ustiga-­ustak, jahongashtaman. Bo‘lg‘usi juftim o‘zimga o‘xshasa nur ustiga nur edi-ya”, deya xayolidan o‘tkazdi va yaproqdan so‘nggi bor:
– Men bilan birga ketasanmi? – deb so‘radi.

Yaproq esa bosh egganicha jim turaverdi. Negaki, uning tanasi o‘z joyiga mustahkam o‘rnashgan, Xudo uni shunday yaratgandi. Chindanam, ular hech qanday jihatdan bir-biriga o‘xshamasdi. Shu bois bu muhabbatda mantiq yo‘q edi. Chunki ular butkul boshqa-boshqa jins bo‘lib yaralgandi. Nihoyat yurak-bag‘ri tilka-pora qaldirg‘och: “Alvido!” deganicha yaproqni umrbod tark etib uchib ketdi.

U kun bo‘yi uchdi va tun qorong‘isida ulkan shaharga yetib keldi. Uzoq va mashaqqatli parvozdan so‘ng holdan toygan qaldirg‘och: “Qayerga qo‘nsam ekan, shahar ahli menga u-bu narsa hozirlab qo‘ygandir”, deya ko‘nglidan o‘tkazdi. Kutilmaganda, baland tepalikdagi ulkan haykalga ko‘zi tushdi. O‘ziga-o‘zi: “Shu yerga qo‘naman, bu yerda toza havo ko‘p bo‘ladi, – dedi. Shunday qilib, u baxtiyor shahzoda haykalini tanladi va biroz tin olish uchun atrofga alangladi, – Uxlagani eng maqbul joy, – deya o‘ziga-o‘zi pichirladi u va mizg‘ib olgani jajji boshini qanotlari ostiga qo‘ygan ham ediki, qayerdandir bir tomchi suv tomdi. – Qiziq, osmonda bulut ko‘rinmaydi. Yulduzlar ravshan porlab turishiga qaramay yomg‘ir yog‘sa-ya, – hayron bo‘ldi u. – Dengiz yaprog‘i yomg‘irni sevardi, biroq bu ham uning xudbinligidan edi. – Keyin yana bir tomchi tushdi. – Bu qanday haykal bo‘ldi-ya, yomg‘irdan panalashgayam yaramasa, hoynahoy, yaxshigina bir mo‘ri topmasam bo‘lmaydi chog‘i, – deb endi uchishga chog‘lanib turgan edi, uchinchi tomchi kelib tushdi. – Nimalar bo‘lyapti o‘zi?” – u ko‘rayotganiga ishonolmasdi.

Baxtiyor Shahzodaning mungli ko‘zi qayg‘uga to‘lgan. Alamli yoshlari yanoqlaridan oqib turardi. Oy shu’lasida uning nurli yuzi shu qadar go‘zal ediki…

– Kimsan? – so‘radi qaldirg‘och.
– Men Baxtiyor Shahzodaman, – javob berdi u.

– U holda nega yig‘layapsan? Hamma yoqni obi diydang bilan shalobbo qilib yubording-ku!

– Tirikligimda, yurak ko‘ksimda urib turganda, ko‘z yoshi nimaligini bilmasdim, – davom etdi haykal, – Sans-Sausi qasrida g‘am-anduhsiz yashardim. Kunni do‘stlarim bilan bog‘da, tunni esa hashamatli qasrimda jononlar bilan raqs tushib o‘tkazardim. Bog‘ atrofidagi ulkan devor ortida nimalar bo‘layotganiga qiziqmasdim ham. Hayotim betashvish va betakror o‘tardi. A’yonlarim meni Baxtiyor Shahzoda deb atardi. Rohat-farog‘at baxt sanalsa, chindanam saodatmand edim. Shu asnoda yashadim-u, shu zaylda vafot etdim. Qisqagina umrim faqat o‘yin-kulgidan iborat bo‘ldi. Vafotimdan so‘ng sharafimga mana shu ulug‘vor haykalni qo‘yishdi. Bugun baland devor ortida nimalar bo‘layotganini ravshan ko‘ryapman, ammo nachora, qo‘limdan hech narsa kelmaydi, men endi bor-yo‘g‘i tosh qotgan bir haykalman, xolos. Jafokashu mehnatkash xalqim boshidan o‘tkazayotgan qiyinchiligu zahmatini ko‘rib, o‘zimdan nafratlanyapman. Tosh qalbim erib larzaga kelmoqda, tirikligimda yosh ko‘rmagan ko‘zlarim, endi zor-zor yig‘lamoqda.

Qaldirg‘och o‘yga cho‘mib qoldi: “Nahotki sof oltindan yasalgan jonsiz haykal odamlarga achinsa-ya! Nahot uning qalbi hamon tirik”. To‘satdan uning xayolini haykalning mahzun nolasi buzdi.

– Jin ko‘chada g‘oyat kambag‘al bir xonadon bor, – davom etdi u: – Lang ochiq derazadan mung chekib o‘tirgan bir ayolni ko‘ryapman. Yuzi horg‘in va ma’yus. Tikuvchi-da sho‘rlik, qavargan qo‘llariga igna kiraverib, ilma-teshik bo‘lib ketgan. Hozir u qirollik saroyi xonimlariga tungi bazm uchun ko‘ylak tikyapti. Xonaning bir burchida esa o‘spirin o‘g‘li to‘shakka mixlanib yotibdi. Isitmalayotgan bolakay onasidan apelsin sharbati so‘rab ingrayapti. Onaizorda esa daryo suvidan bo‘lak hech vaqo yo‘q. Bechora bolakay esa tinmay yig‘laydi. Qaldirg‘och, qaldirg‘ochginam, qilichimdagi toshlarni yulib unga hadya qilmaysanmi? Mening oyoqlarim ustunlarga mahkam bog‘langan. Yurolmayman baribir, joyimdan jilolmayman.

Haykalning yurakni junbishga soluvchi gaplaridan esankiragan qaldirg‘och:

– Misrga ketishim kerak, birodarlarim allaqachon Nil daryosidan uchib o‘tdi. Hademay ular buyuk fir’avn qabri ustiga qo‘nadi, – dedi.

Haykal nola qila boshladi:

– Qaldirg‘och, qaldirg‘ochginam, bir kecha ming kecha emas, xabarchim bo‘lolmaysanmi? Norasida bola juda chanqagan, onaizor esa kuchdan qolib, g‘amga botgan.

– To‘g‘risi, bolalarni jinim suymaydi, – davom etdi qaldirg‘och: – O‘tgan yili yozda, daryo bo‘ylab uchib yurganimda, tarbiyasiz bolalar menga tinmay tosh otdi. Shunga qaramay, ular meni toshbo‘ron qilolmagan. Chunki biz qaldirg‘ochlar bu borada ustasi farangmiz. Otilgan toshlariga chap berganman. Shunday bo‘lsa-da, bu shumtakalardan nafratlanishimga yetarlicha asos, deb o‘ylayman.

Qaldirg‘ochning javobidan Baxtiyor Shahzoda g‘amga botdi. Buni ko‘rgan qaldirg‘och:
– Bu yerlar menga sovuqlik qiladi, lekin iltimosingni yerda qoldirmayman, – dedi.

Shunday qilib, qaldirg‘och Shahzodaning qilichidagi toshlarni tumshug‘i bilan cho‘qilab olib, shahar uzra uchib ketdi. U ibodatxonalar ustidan o‘tib, serhasham qasr ustiga yetganda raqqoslarning dillarga surur beruvchi quvnoq kulgisini eshitdi. Bir go‘zal qiz deraza oldida yigit bilan suhbatlashardi.

– Umid qilamanki, kechki bazmga qadar oqshom ko‘ylagim tayyor bo‘ladi, biroq anovi tikuvchi ayol rosa dangasa-da, – derdi u o‘z juftiga.

Qushcha parvoz qilishda davom etdi. U bepoyon dengiz uzra ucharkan, bir to‘da qayiqchilarga ko‘zi tushdi. Ular o‘z qayig‘iga tunda suzish oson bo‘lishi uchun maxsus yoritgichlar o‘rnatardi. So‘ng qaldirg‘och yahudiylar yashaydigan ovuldan o‘tdi. Ular nimanidir bir-biri bilan tortishib savdolashardi. Nihoyat Baxtiyor Shahzoda aytgan o‘sha nochor ayol uyiga ham yetib bordi. Avvaliga ona-bolani zimdan kuzatdi. Bolakay hanuz behush, isitmalab yotar, onaizor esa holdan toyib uxlab qolgandi. Qushcha darchadan ichkariga ohista uchib kirdi va stol ustida turgan angishvona yoniga tumshug‘idagi qimmatbaho toshni qo‘ydi. So‘ng bolakayning peshonasi uzra jajji qanotlarini sekin silkitdi. Bemor mayin shabadadan orom olib, shirin uyquga ketdi. Qaldirg‘och Baxtiyor Shahzoda huzuriga qaytib, ko‘rgan-kechirganini birma-bir aytib berdi. Qaldirg‘och haykalga:

– Qahraton eshik qoqqaniga qaramay sovqotmayapman, – dedi.
– Chunki sen ezgu ish qilding, – deb javob qildi Baxtiyor Shahzoda.

Charchab qolgan qaldirg‘och beixtiyor uyquga ketdi. Tong otgach, u tunda Misrga uchgani taraddudlana boshladi. Shahzoda esa yana faryod chekdi:

– Qaldirg‘och, qaldirg‘ochginam, men bilan yana bir kecha qololmaysanmi?

– Misrga uchmasam bo‘lmaydi. Ertaga birodarlarim ikkinchi daryodan ham uchib o‘tadi, – javob qildi qaldirg‘och.

– Qaldirg‘och, qaldirg‘ochginam, – davom etdi Shahzoda, – Shahar chekkasidagi ko‘rimsiz kulbada, bir kishini ko‘ryapman. Ish stolida qog‘ozlarga ko‘milib o‘tiribdi. Sochi to‘zigan, horg‘in va o‘ychan ko‘zlari atrofga umid bilan boqadi. U nimanidir yozib tugatishga harakat qilyapti, ammo qahratondan qaltirab qalam tebratgani madori qolmagan. Ochligu sovuq tinkasini quritgan.

– Mayli, sen bilan yana bir kecha qolishga roziman. Qimmatbaho toshingdan unga ham olib borib beraymi? – so‘radi qaldirg‘och.

– Afsus, menda boshqa unday tosh yo‘q, boru yo‘g‘im ko‘zimda. Ular juda qimmat javohir. Ming yil burun Hindistondan keltirilgan. Birini cho‘qib ol-u, o‘sha ijodkorga hadya qil. U uni zargarga sotib, o‘tinu yegulik xarid qiladi va o‘z ishini oxiriga yetkazadi.

Yurak-bag‘ri ezilib yig‘lay boshlagan qaldirg‘och:
– Qadrli Shahzodam, men bunday qilolmayman… Ko‘zlaringni o‘yib ololmayman.

– Qaldirg‘och, qaldirg‘ochginam, iltimos, so‘zimni yerda qoldirma, – yolvordi Shahzoda.

Noiloj qolgan qaldirg‘och Shahzodaning bir ko‘zini o‘yib, yozuvchi kulbasi tomon uchdi. Ichkariga kirish qiyin bo‘lmadi. Chunki aftodahol kulba derazasining oynalari ham yo‘q edi.

Sovuqdan azob chekayotgan yozuvchi qavat-qavat kiyimlariga o‘ranib, boshiga qalin qalpog‘ini qo‘ndirib olganidan qushchani payqamadi ham. Birozdan so‘ng ish stoliga erinibgina qaragan adib hayratdan qotib qoldi. Qalashib yotgan qog‘ozlar ustida noyob dur turardi. Terisiga sig‘may ketgan ijodkor:

– Bu qanday mo‘jiza! Menga ham Xudoning atagani bor ekan! Nihoyat asarimni yakunlaydigan bo‘ldim, – deya qichqirib yubordi.

Atrofga qorong‘ilik tushib, oy samoda suzayotgan bir mahal qaldirg‘och yana Shahzoda huzuriga yo‘l oldi.
– Endi vidolashishga to‘g‘ri keladi, – dedi qaldirg‘och.

– Qaldirg‘och, qaldirg‘ochginam, menga bir kecha hamrohlik qil, – yolvordi Baxtiyor Shahzoda.

– Qahraton ham keldi, – davom etdi qaldirg‘och, – Hademay qor yog‘adi. Misrda esa quyosh charaqlamoqda. Hamrohlarim in qurish bilan band. Oppoq kabutarlar ularni qiziqish bilan kuzatib, musiqiy ohangda kuylayapti. Qadrli Shahzodam, seni tark etish vaqti-soati yetdi. Biroq seni hech qachon unutmayman, unutolmayman. Keyingi yil bahorda biz albatta ko‘rishamiz. O‘shanda senga dunyodagi eng go‘zal toshlarni sovg‘a qilaman.

– Shaharning janubiy qismida ma’suma bir qizaloq bor, – davom etdi Shahzoda. – Johil o‘gay otasi qizaloqqa doim yomonlikni ravo ko‘radi. Undan har kuni pul topib kelishni talab qiladi. Qizcha esa hali juda kichkina, oyog‘ida etigi, boshida qalpog‘i ham yo‘q. Agar u o‘gay otasiga pul olib borib bermasa, muttaham qizaloqni kaltak­lab jazolaydi. Iltimos, ikkinchi ko‘zimni ham yulib ol va uni qizaloqqa oborib ber. Toki unga o‘gay otasi zulm qilmasin.

– Yana bir kecha qolishga roziman, ammo ikkinchi ko‘zingni o‘yib ololmayman. Mabodo shunday qilsam, butkul so‘qir bo‘lib qolasan, – dedi qaldirg‘och.

– Qaldirg‘och, qaldirg‘ochginam, iltimosimni yerda qoldirma, – dedi Shahzoda.

Shunday qilib, qaldirg‘och Shahzodaning ikkinchi ko‘zini ham o‘yib, yo‘lga otlandi. U noyob durni ko‘zlari mo‘ltirab turgan qizaloqning jajji kaftiga qo‘ydi. Bundan hayratga tushgan qizcha:

– Qanday mo‘jiza! – degancha o‘zida yo‘q xursand bo‘lib, uyi tomon chopqillab ketdi.

Qaldirg‘och Shahzoda huzuriga qaytdi.

– Endi sen basirsan. Sen bilan umrbod birga qolishga qaror qildim, – dedi.
– Yo‘q, jajji oshnam, Misrga parvoz qilish vaqt-soati yetdi, – dedi.

– Yo‘q, Baxtiyor Shahzodam, yoningda umrbod birga qolaman, – deya Shahzodaning oyoqlari orasida uxlab qoldi qaldirg‘och.

Shu tariqa bu qahratonda haykalu qaldirg‘och o‘rtasida samimiy do‘stlik kurtak yozdi. Bunda na manfaat va na g‘araz bor edi. Ularning pok vijdoni va bir-biriga sadoqati iliq muhabbatni paydo qilgandi. Ikkisi borgan sari bir-biriga bog‘lanib, yanada yaqin bo‘lib borar, kechinmalarini hikoya qilib dardlashardi. Ayniqsa, qaldirg‘och hamsuhbatiga bir-biridan qizig‘u quvnoq hikoyalar aytib berishdan erinmasdi.

Kunlardan bir kun:
– Azizim qaldirg‘och, menga ajoyib ko‘ngil­ochar hikoyalaringni aytib ko‘nglimni xushnud etding! Lekin meni bundan-da baxtli qiladigani – odamlarning quvonchini ko‘rish, ularning dardiga sherik bo‘lishdir. Qaldirg‘ochginam, shahrim uzra parvoz qil va ko‘rgan-kechirganlaringni menga aytib ber, – dedi.

Qaldirg‘och ulkan shahar uzra parvoz qilarkan, boylar oltinu zarlarga ko‘milib, aysh-ishrat bilan bandligini, nochoru kambag‘allar esa bir burda nonga zorligini payqadi. U parvoz qilishda davom etdi va ochlikdan rang-ro‘yi sarg‘aygan yetim bolalaru sovuqdan junjikib, bir-birining pinjiga tiqilgan qizaloqlarni ko‘rib yuragi larzaga keldi. U butun boshli shaharni parvoz qilib chiqdi va Shahzodaga hammasini afsusu nadomat bilan so‘zlab berdi.

– Tanamga sof oltin suvi yugurtirilgan. Oltinlarni sidirib, bechoralarga ulash, – dedi Shahzoda.

Qaldirg‘och har kuni Shahzoda tanasidan oltinlarni tumshug‘i bilan sidirib, beva-bechoralarga oborib berardi. Bu hol Baxtiyor Shahzodaning tanasi butkul kulrang tusga kirgunicha davom etdi. Qanchadan-qancha beva-bechoralar, kambag‘al-qashshoqlar, yetim-yesirlarning qozoni qaynadi, usti but bo‘ldi. Nihoyat qor yog‘di. Ko‘chalar muzlab, kumushdek tovlandi. Bolalar ko‘chalarda chang‘i uchib, qorbo‘ron o‘ynab hayqirib kulardi.

Bechora qaldirg‘och sovuqdan a’zoi badani qaltirab azoblansa ham, Shahzodani tark etolmasdi. Negaki, mehribon va olijanob Shahzodaga butun vujudi bilan bog‘langandi. Afsus, bunday qahratonda qaldirg‘ochning omon qolishi imkonsiz edi. U Shahzoda bilan vidolashuv onlari yaqinlashayotganini bilar, ichidan nimadir uzilganday bo‘lar va unsiz yig‘lardi. Parvoz qilgani madori qolmagandi. Shunga qaramay bor kuchini to‘plab, majolsiz qanotlarini zo‘rg‘a qoqdi-da, Shahzodaning yelkasiga qo‘ndi va:
– Alvido, Shahzodam, alvido! – dedi.

– Nihoyat Misrga ketishga qaror qilganingdan xursandman, – dedi Shahzoda. – Men bilan uzoq qolding, ko‘nglimni quvonchga to‘ldirding! Parvozing bexatar bo‘lsin, boraqol, azizim!

– Misrga uchmayapman, – dedi qaldirg‘och, – o‘lim vodiysiga ketyapman! O‘lim ham uyqudek gap! Uyquning akasi, shunday emasmi?

Qaldirg‘och Shahzodaning lablaridan bo‘sa olib, uning poyiga yiqildi va ohista jon berdi.

Tong saharlab sayr qilib yurgan shahar hokimi va mirshab haykal yonidan o‘tayotib, biroz muddat to‘xtab qoldi. Avvallari ular bu haykaldan faxrlanardi. Endi esa undan jirkanib nafratlanishdi. Chunki u tarovatini yo‘qotib, xunuk toshga aylangandi.

– Qadrdonim, bu Shahzoda haykali buncha xunuk bo‘lmasa, – deya so‘z boshladi shahar hokimi.

Uning gapini ma’qullab turgan mirshab:

– To‘g‘ri aytasiz, rostdan ham juda xunuk bo‘lib qolibdi. Qilichidagi ko‘zni qamashtiradigan qimmatbaho toshlar, ko‘zidagi ajoyib durlar qani? Tanasidagi oltin suvi ham o‘chib ketibdi. Bundan gadoy ham yaxshiroq, – dedi mirshab. – Bunga nima deysiz, janob, uning oyoqlari ostida o‘lik qush yotibdi. O‘lik qushlarning jasadi shahar o‘rtasiga tashlanmasligi to‘g‘risida qonun ishlab chiqarishimiz kerak! Umuman olganda, ko‘rimsiz haykalning endi keragi yo‘q, deb o‘ylayman.

Xullas, ular Baxtiyor Shahzoda haykalini qulatdi va uni maydalab eritdi. Mirshab eritilgan metalni nima qilish kerakligi to‘g‘risida bosh qotirib kengash chaqirdi.

– Biz boshqa bir haykal barpo qilishimiz kerak, – deya so‘z boshladi mirshab. – O‘ylaymanki, bunga eng munosib nomzod menman!

Bu gaplardan shahar hokimi g‘ijinib qo‘ydi:
– Bekorlarning beshtasini aytibsan! Menga haykal quriladi! – dedi u.

– Ikkingiz ham tushingizni suvga ayting! Menga atab haykal qurilishi kerak! – deya da’vo qildi boshqa mansabdor.

Janjal avjiga mindi. Eshitishimga qaraganda, ular hanuz janjallashayotgan ekan.

Haykalni eritgan xizmatchi ajib bir holga duch keldi. Uning barcha qismlari osonlik bilan erib ketganiga qaramay ko‘krak qismi erimasdi.

– Voajab, bu qanday mo‘jiza! – ajablandi xizmatchi va uni qaldirg‘och o‘ligi yotgan joyga uloqtirib yubordi.

Tangri farishtalaridan biriga: “Menga yerdan eng azizu qimmatbaho buyum keltiring”, deb amr qildi.

Shunda farishta uning huzuriga Baxtiyor Shahzoda haykalining parchalangan yuragiyu qaldirg‘ochning o‘lik jasadini olib bordi.

– Tanlashda adashmabsan, – dedi Yaratgan. – Bu jajji qushcha jannatim bog‘ida abadiy sayrab, ne’matlarimdan bahramand bo‘lsin! Bu qalbi pok haykal esa oltindan barpo qilingan shahrimda abadiy Baxtiyor Shahzodaga aylanib qolsin!

Ingliz tilidan Shermuhammad Tuliyev tarjimasi

Manba: «Yoshlik» jurnali, 2017 yil

09

(Tashriflar: umumiy 3 811, bugungi 3)

4 izoh

Izoh qoldiring