Rabindranat Tagor. Daliya

021   Урушда қаттиқ мағлубиятга учраган шоҳ Шужоъ, Аврангзеб таъқибидан қўрқиб, бошпана излаб Аракан рожаси ҳузурига қочиб келишга мажбур бўлди. Унинг уч соҳибжамол қизи ҳам ўзи билан бирга эди. Аракан рожаси уларни ўз ўғилларига олиб бермоқчи бўлди. Буни эшитиб шоҳ Шужоъ жуда ғазабланди.

Рабиндранат Тагор
ДАЛИЯ
Тўхтасин Жалолов таржимаси
045

045     Ҳиндистоннинг буюк ёзувчиси, адиб, мутафаккир, шоир, композитор, педагог ва Нобел мукофоти совриндори Р. Тагор (Тҳокур) 1861 йил 7 майда Калкутта шаҳрида бадавлат, ўқимишли оилада туғилган. Тҳокурлар хонадонида ҳур фикрли ижодкорлар тез-тез тўпланиб турар эдилар. Шу сабабли Робиндранатда ижодга ҳавас эрта уйғонди. Инглиз тилини пухта ўрганиб олган адиб 1878 йилда Англияга ўқишга келди ва бир ярим йилдан сўнг адвокат бўлишдан воз кечиб, ватанига қайтади ва ижод билан шуғулланади. 1901 йилда ўз маблағи ҳисобидан «Шинтиникетон» («Тинчлик ўчоғи») деб ном олган мактаб очади, 1921 йилда эса шу ерда университет ташкил этади.
Шоирнинг «Оқшом қўшиқлари» деб номланган биринчи шеърлар тўплами 1881 йилда нашр этилган. «Ҳиндистоннинг виждони» деб ном олган Р. Тагорнинг «Жанганамана» қўшиғи озод Ҳиндистоннинг давлат мадҳияси сифатида жарангламоқда. «Гитанжали» номли шеърлар тўпламини 1912 йилда адибнинг ўзи инглиз талига таржима қилган. Буюк мутафаккир оғир хасталикка чалиниб, 1941 йил 7 августда вафот этган. Абдулҳамид Чўлпон у ҳақда мақолалар битган.
Асарлари: «Нур ва соялар» (1894), «Моҳамайя», «Тониш», «Дафтарча», «Мерос», «Ҳисоб-китоб», «Аёл мактуби» каби ҳикоялари, «Ҳалокат» романи (1902), «Кўзга тушган қум», «Гора», «Донишманд рожа» (1887), «Гаурмахон» (1910), «Xонадон ва жаҳон» (1916), «Уч авлод» (1928) каби романлари ва бошқ.

045

Урушда қаттиқ мағлубиятга учраган шоҳ Шужоъ*, Аврангзеб** таъқибидан қўрқиб, бошпана излаб Аракан рожаси ҳузурига қочиб келишга мажбур бўлди. Унинг уч соҳибжамол қизи ҳам ўзи билан бирга эди. Аракан рожаси уларни ўз ўғилларига олиб бермоқчи бўлди. Буни эшитиб шоҳ Шужоъ жуда ғазабланди.

Шундан сўнг, бир куни Аракан рожасининг фармони билан Шужоъ ва унинг қизларини алдаб қайиққа ўтқиздилар-да, дарёнинг ўртасига олиб келиб, ғарқ қилмоқчи бўлдилар.

Ўлим ҳавфидан даҳшатга тушган ота кичик қизи Аминани ўз қўли билан дарёга отиб юборди. Катта қизи ўз-ўзини ҳалок қилди. Ўртанча қизи Жуликхани Шужоънинг содиқ мулозимларидан Раҳмат Али деган йигит қутқазиб қолди. Шоҳ ўзи шу курашда ҳалок бўлди.

Дарёнинг асов тўлқинларида оқиб бораётган Амина тақдирнинг марҳамати билан бир балиқчининг тўрига тушиб, халос этилди. Балиқчи уни ўз кулбасига олиб бориб, тарбиялаб ўстирди.

Бу орада Араканнинг кекса рожаси ўлиб, унинг ўрнига тахтга ёш ҳоким ўтирди.

———————
* Шужоъ — Бобурий Шоҳжаҳоннинг тўрт ўғлидан  иккинчиси.
* Аврангзеб — Шоҳжаҳоннинг учинчи  ўғли («ХДК» сайтининг изоҳи).

I

Бир кун эрталаб кекса балиқчи Аминанинг олдига келиб пўнғиллади:
— Тинни (у ўзининг аракан тилида Аминани шундай атар эди)! Букун сенга нима бўлди? Сен ҳозиргача бирор иш қилмабсан-ку! Тўр ёғланмаган, қайиқ…
— Бобо, — мулойимлик билан жавоб берди қиз, — букун менинг опам келганлар; гап билан овора бўлиб, иш қилолмадим.
— У қанақа опа бўлди тағин?
— Мана мен, — деди Жуликха, гўё ер остидан пайдо бўлгандай.

Чол ҳайрон қолди. Сўнгра қизга яқинлашиб, унинг юзларига тикилганча:
— Сенинг қўлингдан бирор иш келадими?— деб оҳиста сўради.
— Бобо, опам учун мен ишлайман, — деди Амина,— у ишлаб ўрганмаган.

Чол андак жимликдан сўнг Жуликхага қараб:
— Сен қаерда яшайсан? — деб сўради.
— Амина билан.

Чол «бу яна қандай бахтсизлик» деб ўйлади-да, баланд овоз билан:
— Нима билан тирикчилик қиласан? — деди.
— Бунга маблағ топилиб қолар, — деди Жуликха ва бир олтин тангани жаҳл билан балиқчининг юзига қараб отиб юборди.

Амина ердан олтинни олиб чолга бераркан:
— Бобо, бу ҳақда ортиқ гапирманг, ишингизга боринг, вақт бўлди, — деди мулойимлик билан.

Жуликханинг Аминани балиқчи кулбасидан топгунча  эркак кийимида бутун оламни кезиб чиққанини китобхонга тушунтириш учун алоҳида ҳикоя ёзиш керак. Бу орада унинг халоскори Раҳмат Али ҳам Аракан рожасига хизматга кириб олган эди.

II

Дарё бир маромда тўлқинланиб, секин оқиб борар, ёзнинг салқин шабадаси оҳиста эсиб кайла дарахтининг қизғич япроқларини тўкарди.

Дарахт тагида Жуликха билан Амина ўтирарди.
— Парвардигор  биз опа-сингилларни отамизнинг ҳалокати учун қасос олсин, деб халос этди. Бунга бундан бошқа сабаб йўқ, назаримда — деди Жуликха.

Амина бўлса қорайиб кўринган ўрмон тарафига назар солиб, секин гапирарди:
— Опа, бу гапларнинг нима ҳожати бор? Мен, олам қандай бўлса, уни шу туришича севаман. Агар одамлар ўлишни истаса, қўйинг, бир-бирларини ўлдириша берсин. Менга шу ернинг ўзи ҳам жуда яхши.
— Оҳ, Амина! Ахир сен шоҳ қизисан! Деҳли тахти ўрнига қандайдир аракан балиқчисининг кулбасида ўтирибсан!
— Агар қизга балиқчи кулбаси билан кайла дарахтининг сояси Деҳли тахтидан кўра маъқул бўлса, бундан тожи тахтга ҳеч қандай зиён етмайди, — кулимсираб жавоб берди Амина.

Бир оз ўйлагач, Жуликха синглисига қараб яна гапирди:
— Сени бунинг учун айблаб бўлмайди, чунки сен у вақтда жуда ёш эдинг. Аммо шуни билиб қўйки, отам сени жуда севарди, шунинг учун ҳам у сени ўзи сувга ташлади. Бундай яшашдан кўра отанинг қўлида ўлиш минг марта афзал. Сенинг ҳаётингдан мурод — отамизнинг ҳалокати учун ўч олиш.

Амина ҳаёлга ботиб узоқларга тикилди. Суҳбат жиддий бўлишига қарамай, уни ҳозир кўпроқ ҳаяжонлантирган нарса салқин шабада, дарахтларнинг кўланкаси, ўз ёшлиги ва яна аллақандай ширин хотиралар эканлиги очиқ сезилиб турарди. Бир оз вақт ўтгач, Амина чуқур нафас олди-да, опасига деди:
— Опа! Сиз бир оз кутиб туринг. Мен уйнинг баъзи юмушларини қилиб қўяй. Агар мен овқат пиширмасам, бобом оч қолади.

III

Жуликха ташвишга тушиб, синглисининг феъл-атвори ҳақида ўйлаб ўтирарди. Бирдан ёнига биров сакраб тушгандай туюлди ва шу ондаёқ кимдир қўли билан унинг кўзларини беркитди. Қўрқиб кетган Жуликха қичқириб юборди:
— Ким бу!

Йигит бу овозни эшитиб, қўлини тортиб олди-да, қизнинг рўпарасига ўтиб турди. Гўё Жуликха ўзини Тинни қилиб кўрсатишга уринган-у, йигит бу ҳийлани пайқаб қолгандек:
— Сен Тинни эмассан! — деб қичқирди қизнинг юзига қараб.

Қиз кўйлагини тузатиб, ғурур билан қоматини ростлаб, йигитга нафрат тўла назар соларкан:
— Сен кимсан? — деб сўради.
— Сен мени билмайсан. Тинни билади. Қани у?

Можарони эшитиб Амина чопиб чиқди. У опасининг дарғазаб бўлиб турганини, йигитнинг саросимада ва ҳайратда қолганини кўриб, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.

— Опа, унинг сўзларини кўнглингизга олманг. Шу ҳам одамми? Ахир у ёввойи кийикнинг ўзгинаси-ку. Агар у сизга ножўя муомала қилган бўлса, мен адабини бериб қўяман. Далия, нима қилдинг? — Амина йигитга ўгирилди.

— Мен қўлим билан унинг кўзларини беркитдим. Тинни деб ўйлаган эдим, янглишибман, — деб жавоб берди йигит.
— Ана холос! Унақа ҳаддингдан ошма? — зарда қилди Амина. — Қачон сен менинг кўзларимни беркитиб юрувдинг? Жуда довюрак бўлиб кетибсанми?

— Илгари қилиб юрган бир ишни такрорлаш учун жудаям катта жасорат талаб қилинмайди. Ростини айтсам, Тинни, мен букун бир оз қўрқдим, —деди йигит кулимсираб Жуликхага қия боқаркан.

— Сен ростдан ҳам ёввойисан! Подшоҳ қизи рўпарасида туришга ҳам лойиқ эмассан! Сенга одобни ўргатиб қўйиш керак экан. Менга қара, мана мундай қилиб, салом бер…

Амина сарвқоматини ажиб бир назокат билан эгиб Жуликхага таъзим қилди. Йигит жуда қийналиб, нўноқлик билан унга тақлид этди.
— Уч одим орқага қайт, — деб буюрди Амина. Йигит бўйсунди.
— Такрорла.

У яна таъзим қилди.

Шу тариқа Амина йигитни уч қадамдан орқага юргизиб, таъзим қилдира-қилдира кулбанинг эшиги олдига олиб борди ва:
— Энди уйга кир — деди.

Йигит уйга кирди.
— Бир оз ишла, ўчоққа ўт ёқ! — деди қиз ва эшикни беркитиб опасининг олдига чиқди.
— Опа, ундан хафа бўлиб юрманг. Бу ернинг одамлари ҳаммаси шунақа, ўлгудек беор.

Аммо Аминанинг чеҳраси унинг гапларига сира мос келмасди, аслида у маҳаллий халққа ҳаддан зиёда хайрихоҳ эди.
— Амина, ростини айтсам, сенинг қилиғинг мени таажжубда қолдирди, — деди жаҳли чиққан Жуликха. — Аллақандай ёш бола сенга қўл тегизишга журъат қилса, ахир!
— Опажон, борди-ю бирор шаҳзода шундай қилганида, шубҳасиз мен уни жеркиб ташлардим, — деди Амина опасини қучоқлаб.

Жуликха ўзини кулгидан тутиб туролмади.
— Ростини айт, Амина, ўзинг айтгандай, бу дунёни бор бўйича севишинг шу ёввойи йигитча туфайли эмасми? — деб сўради опаси кулиб.

— Яшириб ўтирмайман, опа, унинг менга кўп ёрдами тегади. Гул териб юрганида ҳам, мева терганида ҳам, ов қилаётган чоғида ҳам, мен бир оғиз чақирдимми — дарров етиб келади. Баъзан унинг таъзирини бериб қўяй дейман, лекин қилолмайман. Агар жуда жаҳлим чиқиб: «Далия, мен сендан жуда хафаман», — десам, у менга қараб секин кулиб қўяди, холос. Назаримда, бу ўлкада шундай ҳазиллашадилар, чоғи. Агар уни туртиб қўйсанг, қувониб кетади. Мен буни синаб кўрдим. Ҳозир ҳам уни уйга қамаб қўйганимдан хурсанд. Агар шу тобда эшикни очсак, кўзлари қизариб, хушнудлик билан ўт ёқиб турганини кўрасиз. Опажон, уни нима қилишимни ўзим ҳам билмайман.

— Мен бирор нарса ўйлаб кўраман, — деди Жуликха.
— Илтимос, опажон, менга кўмаклашинг. Аммо унга ҳеч нарса деманг, — деди Амина уялиб жилмаяркан.

Амина Далия тўғрисида, ҳали яхши ўргатилмаган, бегона одамдан ҳуркадиган севимли кийик ҳақида гапиргандай сўзларди.

Шу палла опа-сингиллар олдига балиқчи чол келди.
— Тинни, букун Далия келмадими? — деб сўради у Аминадан.
— Келди.
— Қани?

— Бебошлик қилгани учун қамаб қўйдим, — деди қиз.
— Агар у шўхлик қилса, сен сабр қил. Унинг ёшида биз ҳаммамиз ҳам тентак эдик. Қаттиқ жазолама, — деди чол ва бир оз ўйлаб: — Кеча Далия учта балиғимга бир тилла берди, — деб қўйди.

— Бобо, хафа бўлманг, букун мен ундан икки тилла олиб, битта ҳам балиқ бермайман, — деди Амина.

Кекса балиқчи асранди қизининг зийраклик ва пухталигига қойил қолиб, эркалаб бошини силаб кетди.

IV

Қизиғи шуки, Жуликха бора-бора Далиянинг келиб туришига эътироз қилмай қўйди. Агар яхшигина ўйлаб қаралганда, бунинг таажжубланадиган ери ҳам йўқ. Дарёнинг шиддатли оқимини қирғоқлар тутиб тургандай, маърифатли кишилар орасида гўзалларнинг юрак уришини ҳам андиша тутиб туради. Аммо маданиятли кишилардан йироқда, Аракан ўрмонида андиша нима қилади! Бу ерда мавсумнинг ўзгариши билан дарахтлар куртак чиқаради. Кўк дарё ёмғир сувидан тўлиб-тошади, у қишда тинч, ёзда эса қурийди. Бу ерда қушларнинг ёқимли овозида таъна сезилмайди. Жануб шамоли эса нариги қирғоқдаги қишлоқдан араваларнинг тарақлаган овозинигина олиб келади.

Ташландиқ ва хароба сарой ўрнида тездан дарахтлар ўсиб чиққанидек, табиат ҳам яширин ҳужумида давом этиб, одамлар вужудга келтирган қаттиқ шартлилик асосларини тадрижий равишда ва сезилмас бир йўсинда вайрон этади. Хотинларга ҳеч нарса бир-бирига муносиб йигит билан қизнинг тотувлигидай ҳаловат бағишламайди. Ҳеч бир нарса улар учун шу тотувлик каби сирли ва қувончли бўлмайди. Бу ёввойи кулбада Жуликханинг нописандлиги, сиполиги йўқолгач, гуллаб турган кайла дарахти соясида Далия билан Аминанинг учрашувлари уни ҳам бошлади.

Жуликханинг ёш қалбида аллақандай орзу уйғониб, у хушнудлик ва аламдан беқарор бўлиб қолди. Бора-бора шу даражага етдики, агар йигит ҳаяллаб қолгудек бўлса, опа-сингил бир хилда сабрсизлик ва ҳаяжон билан кутар эдилар. Рассом эндигина тамомлаган суратига маҳлиё бўлиб қарагандек, улар ҳам йигитга меҳр-муҳаббат билан жилмайиб назар солардилар. Баъзан улар жанжаллашиб қолишар, шунда Жуликха Аминани, Далия билан кўришолмай қолсин деб, уйга қамаб қўярди.

Подшоҳ билан ўрмон орасида бир ўхшашлик бор: ҳар иккиси озод, ҳар иккиси ўз салтанатининг ягона ҳукмдори, на униси, на буниси ҳеч кимнинг қонунига бўйсунмайди. Ҳар иккисида аллақандай ўзига хос табиий улуғворлик ва поклик бор. Оддий одамлар бўлса жамият қонунларига бутунлай бўйсуниб яшайдилар, улар мустақил эмаслар: катталарга — қул, кичикларга — соҳибдирлар. Улар шу ўрганган ўринларини йўқотиб қўйган тақдирда ўзларини уддалай олмай қоладилар.

Табиат қўйнида беташвиш ўсган ёввойи Далияда эса, маликаларга нисбатан заррача ишончсизлик йўқ эди, улар ҳам буни ўз ўртоқлари деб ҳисоблардилар. Унинг қувноқ, пок, ҳамиша дадил ва иккиланишни билмайдиган табиатига камбағаллик ва қашшоқлик ўз муҳрини босмаган эди.

Аммо бу учрашувлар вақтида Жуликханинг юраги тез-тез сиқилиб: «Наҳотки маликанинг қисмати шу бўлса?» деб ўйларди.

Бир куни эрталаб Далия келганда, Жуликха унинг қўлидан ушлаб:
— Далия, менга шу ернинг рожасини кўрсата оласанми? — деб сўради.
— Кўрсата оламан, нега сиз уни сўраб қолдингиз?
— Мен бир ханжар сақлаб юрибман, уни рожанинг юрагига санчишим керак, — деди қиз.

Далия дастлаб бир оз таажжубланди. Кейин Жуликханинг нафрат тўла юзига боқиб, умрида бундай ўткир ҳазилни эшитмагандек жилмайди. Фақат подшоҳ қизигина бундай  ҳазил қилиши мумкин. Далия Жуликханинг бир оғиз гап-сўзсиз, сабабини ҳам айтмай, юракка ханжар уришидан рожанинг нақадар ҳайрон қолишини кўз олдига келтириб, қаттиқ қаҳ-қаҳ кулиб юборди.

V

Эртасига Раҳмат Алидан Жуликхага яширин мактуб келди. Бунда ёш рожа қайси бир йўл билан опа-сингил маликаларни топгани, бир иложини қилиб Аминани кўргани ва севиб қолгани, ҳозир саройда рожа билан Аминанинг тўйга тайёргарлик бўлаётгани хабар қилинган эди… «Ўч олиш учун бундан қулайроқ тасодиф бўлмаса керак,» — деб ёзган эди Раҳмат Али.

Шунда Жуликха синглисининг қўлини маҳкам қисиб:
— Худонинг хоҳиши аниқ. Амина, сен ўз бурчингни бажаришинг керак, энди эрмак вақти эмас.

Далия келганда, Амина разм солиб, унинг ғалати табассум қилаётганини кўрди.
— Биласанми, — деди қиз унинг кулгисидан озор топиб, — мен рожанинг хотини бўляпман.
— Бу узоққа бормайди, — деди йигит жилмайиб. «Бу чиндан ҳам ўрмон кийиги, — деб ўйлади ўксинган ва ҳайратда қолган Амина, — мен жинни бўлмасам унга одамчасига гапираманми».

Далияга масаланинг моҳиятини англатмоқ учун қиз секин гап бошлади:
— Агар мен рожани ўлдирсам, қайтиб келолмайман.
— Албатта, қайтиш қийин, — хайрихоҳлик билан жавоб берди йигит.

Аминанинг юраги пора-пора бўлиб кетгандай туюлди. Қиз чуқур нафас олиб, Жуликхага қаради:
— Опа, мен тайёрман, — деди ва сўнгра, ўзини қувноқ кўрсатишга уриниб, Далияга мурожаат қилди: — Рожага хотин бўлганимдан сўнг, биринчи ишим унга суиқасд ҳозирлашда шерик бўлганинг учун сенга жазо бериш бўлади, ундан кейин ўз бурчимни бажараман.

Далия Аминанинг сўзини эшитиб, бу билан қиз унга қандайдир жуда қиммат бир нарсани ваъда қилгандай севиниб кетди.

VI

Мана, балиқчи кулбасининг эшиклари тантанали равишда очиладиган пайт ҳам келди. Кичик уй музика садолари, байроқларнинг шитирлаши, отлар, филлар ва пиёдалараинг қадам ташлашидан ларзага келди. Шоҳ саройидан олтин билан зийнатланган икки тахтиравон олиб келдилар.

Амина Жуликханинг қўлидан ханжарни олиб, унинг фил суягидан ясалган нафис дастасига узоқ қараб қолди. Сўнгра ханжарни қўйнига яширди. Ханжар худди  ўз қинига солингандай унинг кўйлак бурмалари орасига бекинди-ю, совуқ пўлат тиғи қизнинг баданини куйдиргандай туюлди.

Қизнинг бирдан-бир хоҳиши бу таҳликали сафар олдида Далияни яна бир кўриш эди. Аммо у кечадан бери ғойиб бўлиб кетди. Кеча истеҳзо қилиб кулган Далиянинг ғурури туғён урмадимикан қиздан?

Тахтиравонга ўтиришдан олдин Амина, кўзлари, жиққа ёшга тўлган ҳолда, ёшлигида бошпана бўлган уйга, дарахтга ва уй ёнидаги дарёга назар солди. У балиқчи чолнинг қўлидан ушлаб, йиғидан қалтираб, кўксидан узилиб чиққан овоз билан деди:
— Бобо, мана энди мен кетаман, Тинни кетади, сизга ким овқат, пишираркан?

Чол ёш боладай йиғлаб юборди.
— Бобо, агар Далия келса, мана бу узукни, Тинни кетаётганда сенга қолдириб кетган эди, деб бериб қўйинг.— Сўнгра Амина дарҳол тахтиравонга кирди.

Дабдабали юриш бошланди. Дарё қирғоғи бўшаб, Аминанинг уйи билан кайла дарахтини зулмат қоплаб олди.

Ниҳоят, улуғвор юриш катта давоза орқали саройнинг ичкари ҳовлисига кирди. Опа-сингиллар тахтиравондан тушдилар.

Аминанинг чеҳраси жиддий, кўзлари қуруқ эди. Жуликха эса оппоқ оқариб кетган. Қасос соати узоқ экан чоқда бурчини адо этиш истаги зўр эди. Ҳозир эса, унинг юраги қалтираб, севикли синглисини маҳкам қучоқлади.

«Мен илк муҳаббатнинг биринчи новдасидан юлиб олинган гулни қонга ботириш учун боряпман»,— деб ўйларди Жуликха.

Бироқ ўйлаб ўтиришнинг вақти эмасди. Янгаларнинг йўлбошчилигида опа-сингил, гўё тушдагидак, юз минглаб порлаб турган чироқлар ёруғида юриб борарди.

Ниҳоят, никоҳ хонаси олдида бир онга тўхтаб, Амина:
— Опа!—деди.

Жуликха уни маҳкам қучолаб ўпди. Сўнгра иккала қиз оҳиста хонага кирдилар. Никоҳ хонасининг ўртасида, жасмин гулнинг хуш ҳидлари анқиб турган каравотда, шоҳона либос кийиб рожа ўтирарди. Амина қатъиятсизлик билан эшик олдида тайсаллаб қолди.

Жуликха яқинроққа бориб, рожанинг секин ва маъноли кулимсираб турганини кўрди.
— Далия! — деб қичқирди бирдан Жуликха. Амина хушдан кетиб йиқилди.

Далия сакраб ўрнидан турди-да, Аминанинг оҳиста кўтариб, худди ўқ теккан қушдай элтиб каравотга ётқизди. Қиз ўзига келди-да, ханжарни чиқариб опасига қаради. Жуликха Далияга қаради, йигит эса жилмайиб, сўзсиз уларга боқарди. Қиндан чиққан ханжарнинг пўлат тиғи ялтираб, кулгандай туюларди.

09

Rabindranat Tagor
DALIYA
To’xtasin Jalolov tarjimasi
045

Hindistonning buyuk yozuvchisi, adib, mutafakkir, shoir, kompozitor, pedagog va Nobel mukofoti sovrindori R. Tagor (Thokur) 1861 yil 7 mayda Kalkutta shahrida badavlat, o’qimishli oilada tug’ilgan. Thokurlar xonadonida hur fikrli ijodkorlar tez-tez to’planib turar edilar. Shu sababli Robindranatda ijodga havas erta uyg’ondi. Ingliz tilini puxta o’rganib olgan adib 1878 yilda Angliyaga o’qishga keldi va bir yarim yildan so’ng advokat bo’lishdan voz kechib, vataniga qaytadi va ijod bilan shug’ullanadi. 1901 yilda o’z mablag’i hisobidan «Shintiniketon» («Tinchlik o’chog’i») deb nom olgan maktab ochadi, 1921 yilda esa shu yerda universitet tashkil etadi.
Shoirning «Oqshom qo’shiqlari» deb nomlangan birinchi she’rlar to’plami 1881 yilda nashr etilgan. «Hindistonning vijdoni» deb nom olgan R. Tagorning «Janganamana» qo’shig’i ozod Hindistonning davlat madhiyasi sifatida jaranglamoqda. «Gitanjali» nomli she’rlar to’plamini 1912 yilda adibning o’zi ingliz taliga tarjima qilgan. Buyuk mutafakkir og’ir xastalikka chalinib, 1941 yil 7 avgustda vafot etgan. Abdulhamid Cho’lpon u haqda maqolalar bitgan.
Asarlari: «Nur va soyalar» (1894), «Mohamayya», «Tonish», «Daftarcha», «Meros», «Hisob-kitob», «Ayol maktubi» kabi hikoyalari, «Halokat» romani (1902), «Ko’zga tushgan qum», «Gora», «Donishmand roja» (1887), «Gaurmaxon» (1910), «Xonadon va jahon» (1916), «Uch avlod» (1928) kabi romanlari va boshq.

045

056Urushda qattiq magʻlubiyatga uchragan shoh Shujo’, Avrangzeb ta’qibidan qoʻrqib, boshpana izlab Arakan rojasi huzuriga qochib kelishga majbur boʻldi. Uning uch sohibjamol qizi ham oʻzi bilan birga edi. Arakan rojasi ularni oʻz oʻgʻillariga olib bermoqchi boʻldi. Buni eshitib shoh Shujo’  juda gʻazablandi.

Shundan soʻng, bir kuni Arakan rojasining farmoni bilan Shujo’ va uning qizlarini aldab qayiqqa oʻtqizdilarda, daryoning oʻrtasiga olib kelib, gʻarq qilmoqchi boʻldilar.

Oʻlim havfidan dahshatga tushgan ota kichik qizi Aminani oʻz qoʻli bilan daryoga otib yubordi. Katta qizi oʻz-oʻzini halok qildi. Oʻrtancha qizi Julikxani Shujaning sodiq mulozimlaridan Rahmat Ali degan yigit qutqazib qoldi. Shoh oʻzi shu kurashda halok boʻldi.

Daryoning asov toʻlqinlarida oqib borayotgan Amina taqdirning marhamati bilan bir baliqchining toʻriga tushib, xalos etildi. Baliqchi uni oʻz kulbasiga olib borib, tarbiyalab oʻstirdi.

Bu orada Arakanning keksa rojasi oʻlib, uning oʻrniga taxtga yosh hokim oʻtirdi.

———————
* Shujo’ — Boburiy Shohjahonning to’rt  o’g’lidan ikkinchisi.
* Avrangzeb — Shohjahonning uchinchi  o’g’li («XDK» saytining izohi).

I

Bir kun ertalab keksa baliqchi Aminaning oldiga kelib poʻngʻilladi:
— Tinni (u oʻzining arakan tilida Aminani shunday atar edi)! Bukun senga nima boʻldi? Sen hozirgacha biror ish qilmabsan-ku! Toʻr yogʻlanmagan, qayiq…
— Bobo, — muloyimlik bilan javob berdi qiz, — bukun mening opam kelganlar; gap bilan ovora boʻlib, ish qilolmadim.
— U qanaqa opa boʻldi tagʻin?
— Mana men, — dedi Julikxa, goʻyo yer ostidan paydo boʻlganday.

Chol hayron qoldi. Soʻngra qizga yaqinlashib, uning yuzlariga tikilgancha:
— Sening qoʻlingdan biror ish keladimi?— deb ohista soʻradi.
— Bobo, opam uchun men ishlayman, — dedi Ami¬na,— u ishlab oʻrganmagan.

Chol andak jimlikdan soʻng Julikxaga qarab:
— Sen qaerda yashaysan? — deb soʻradi.
— Amina bilan.

Chol «bu yana qanday baxtsizlik» deb oʻyladi-da, baland ovoz bilan:
— Nima bilan tirikchilik qilasan? — dedi.
— Bunga mablagʻ topilib qolar, — dedi Julikxa va bir oltin tangani jahl bilan baliqchining yuziga qarab otib yubordi.

Amina yerdan oltinni olib cholga berarkan:
— Bobo, bu haqda ortiq gapirmang, ishingizga boring; vaqt boʻldi, — dedi muloyimlik bilan.

Julikxaning Aminani baliqchi kulbasidan topguncha; erkak kiyimida butun olamni kezib chiqqanini kitobxonga tushuntirish uchun alohida hikoya yozish kerak. Bu orada uning xaloskori Rahmat Ali ham Arakan rojasiga xizmatga kirib olgan edi.

II

Daryo bir maromda toʻlqinlanib, sekin oqib borar, yozning salqin shabadasi ohista esib kayla daraxtining qizgʻich yaproqlarini toʻkardi.

Daraxt tagida Julikxa bilan Amina oʻtirardi.
— Xudo biz opa-singillarni otamizning halokati uchun qasos olsin, deb xalos etdi. Bunga bundan boshqa sabab yoʻq, nazarimda — dedi Julikxa.

Amina boʻlsa qorayib koʻringan oʻrmon tarafiga nazar solib, sekin gapirardi:
— Opa, bu gaplarning nima hojati bor? Men, olam qanday boʻlsa, uni shu turishicha sevaman. Agar odamlar oʻlishni istasa, qoʻying, bir-birlarini oʻldirisha bersin. Menga shu yerning oʻzi ham juda yaxshi.
— Oh, Amina! Axir sen shoh qizisan! Dehli taxti oʻrniga qandaydir arakan baliqchisining kulbasida oʻtiribsan!
— Agar qizga baliqchi kulbasi bilan kayla daraxtining soyasi Dehli taxtidan koʻra ma’qul boʻlsa, bundan toji taxtga hech qanday ziyon yetmaydi, — kulimsirab javob berdi Amina.

Bir oz oʻylagach, Julikxa singlisiga qarab yana gapirdi:
— Seni buning uchun ayblab boʻlmaydi, chunki sen u vaqtda juda yosh eding. Ammo shuni bilib qoʻyki, otam seni juda sevardi, shuning uchun ham u seni oʻzi suvga tashladi. Bunday yashashdan koʻra otaning qoʻlida oʻlish ming marta afzal. Sening hayotingdan murod — otamizning halokati uchun oʻch olish.

Amina hayolga botib uzoqlarga tikildi. Suhbat jiddiy boʻlishiga qaramay, uni hozir koʻproq hayajonlantirgan narsa salqin shabada, daraxtlarning koʻlankasi, oʻz yoshligi va yana allaqanday shirin xotiralar ekanligi ochiq sezilib turardi. Bir oz vaqt oʻtgach, Amina chuqur nafas oldi-da, opasiga dedi:
— Opa! Siz bir oz kutib turing. Men uyning ba’zi yumushlarini qilib qoʻyay. Agar men ovqat pishirmasam, bobom och qoladi.

III

Julikxa tashvishga tushib, singlisining fe’l-atvori haqida oʻylab oʻtirardi. Birdan yoniga birov sakrab tushganday tuyuldi va shu ondayoq kimdir qoʻli bilan uning koʻzlarini berkitdi. Qoʻrqib ketgan Julikxa qichqirib yubordi:
— Kim bu!

Yigit bu ovozni eshitib, qoʻlini tortib oldi-da, qizning roʻparasiga oʻtib turdi. Goʻyo Julikxa oʻzini Tinni qilib koʻrsatishga uringan-u, yigit bu hiylani payqab qolgandek:
— Sen Tinni emassan! — deb qichqirdi qizning yuziga qarab.

Qiz koʻylagini tuzatib, gʻurur bilan qomatini rostlab, yigitga nafrat toʻla nazar solarkan:
— Sen kimsan? — deb soʻradi.
— Sen meni bilmaysan. Tinni biladi. Qani u?

Mojaroni eshitib Amina chopib chiqdi. U opasining dargʻazab boʻlib turganini, yigitning sarosimada va hayratda qolganini koʻrib, qah-qah urib kulib yubordi.
— Opa, uning soʻzlarini koʻnglingizga olmang. Shu ham odammi? Axir u yovvoyi kiyikning oʻzginasi-ku. Agar u sizga nojoʻya muomala qilgan boʻlsa, men adabini berib qoʻyaman. Daliya, nima qilding? — Amina yigitga oʻgirildi.
— Men qoʻlim bilan uning koʻzlarini berkitdim. Tinni deb oʻylagan edim, yanglishibman, — deb javob berdi yigit.
— Ana xolos! Unaqa haddingdan oshma? — zarda qildi Amina. — Qachon sen mening koʻzlarimni berkitib yuruvding? Juda dovyurak boʻlib ketibsanmi?
— Ilgari qilib yurgan bir ishni takrorlash uchun judayam katta jasorat talab qilinmaydi. Rostini aytsam, Tinni, men bukun bir oz qoʻrqdim, —dedi yigit kulimsi¬rab Julikxaga qiya boqarkan.
— Sen rostdan ham yovvoyisan! Podshoh qizi roʻparasida turishga ham loyiq emassan! Senga odobni oʻrgatib qoʻyish kerak ekan. Menga qara, mana munday qilib, salom ber…

Amina sarvqomatini ajib bir nazokat bilan egib Julikxaga ta’zim qildi. Yigit juda qiynalib, noʻnoqlik bilan unga taqlid etdi.
— Uch odim orqaga qayt, — deb buyurdi Amina. Yigit boʻysundi.
— Takrorla.

U yana ta’zim qildi.

Shu tariqa Amina yigitni uch qadamdan orqaga yur-gizib, ta’zim qildira-qildira kulbaning eshigi oldiga olib bordi va:
— Endi uyga kir — dedi.

Yigit uyga kirdi.
— Bir oz ishla, oʻchoqqa oʻt yoq! — dedi qiz va eshikni berkitib opasining oldiga chiqdi.
— Opa, undan xafa boʻlib yurmang. Bu yerning odamlari hammasi shunaqa, oʻlgudek beor.

Ammo Aminaning chehrasi uning gaplariga sira mos kelmasdi, aslida u mahalliy xalqqa haddan ziyoda xayrixoh edi.
— Amina, rostini aytsam, sening qiligʻing meni taajjubda qoldirdi, — dedi jahli chiqqan Julikxa. — Allaqanday yosh bola senga qoʻl tegizishga jur’at qilsa, axir!
— Opajon, bordi-yu biror shahzoda shunday qilganida, shubhasiz men uni jerkib tashlardim, — dedi Amina opasini quchoqlab.

Julikxa oʻzini kulgidan tutib turolmadi.
— Rostini ayt, Amina, oʻzing aytganday, bu dunyoni bor boʻyicha sevishing shu yovvoyi yigitcha tufayli emasmi? — deb soʻradi opasi kulib.
— Yashirib oʻtirmayman, opa, uning menga koʻp yordami tegadi. Gul terib yurganida ham, meva terganida ham, ov qilayotgan chogʻida ham, men bir ogʻiz chaqirdimmi — darrov yetib keladi. Ba’zan uning ta’zirini berib qoʻyay deyman, lekin qilolmayman. Agar juda jahlim chiqib: «Daliya, men sendan juda xafaman», — desam, u menga qarab sekin kulib qoʻyadi, xolos. Nazarimda, bu oʻlkada shunday hazillashadilar, chogʻi. Agar uni turtib qoʻysang, quvonib ketadi. Men buni sinab koʻrdim. Hozir ham uni uyga qamab qoʻyganimdan xursand. Agar shu tobda eshikni ochsak, koʻzlari qizarib, xushnudlik bilan oʻt yoqib turganini koʻrasiz. Opajon, uni nima qilishimni oʻzim ham bilmayman.
— Men biror narsa oʻylab koʻraman, — dedi Julikxa.
— Iltimos, opajon, menga koʻmaklashing. Ammo unga hech narsa demang, — dedi Amina uyalib jilmayarkan.

Amina Daliya toʻgʻrisida, hali yaxshi oʻrgatilmagan, begona odamdan hurkadigan sevimli kiik haqida gapirganday soʻzlardi.

Shu palla opa-singillar oldiga baliqchi chol keldi.
— Tinni, bukun Daliya kelmadimi? — deb soʻradi u Aminadan.
— Keldi.
— Qani?
— Beboshlik qilgani uchun qamab qoʻydim, — dedi qiz.
— Agar u shoʻxlik qilsa, sen sabr qil. Uning yoshida biz hammamiz ham tentak edik. Qattiq jazolama, — dedi chol va bir oz oʻylab: — Kecha Daliya uchta baligʻimga bir tilla berdi, — deb qoʻydi.
— Bobo, xafa boʻlmang, bukun men undan ikki tilla olib, bitta ham baliq bermayman, — dedi Amina.

Keksa baliqchi asrandi qizining ziyraklik va puxtaligiga qoyil qolib, erkalab boshini silab ketdi.

IV

Qizigʻi shuki, Julikxa bora-bora Daliyaning kelib tur-ishiga e’tiroz qilmay qoʻydi. Agar yaxshigina oʻylab qaralganda, buning taajjublanadigan yeri ham yoʻq. Daryoning shiddatli oqimini qirgʻoqlar tutib turganday, ma’ri-fatli kishilar orasida goʻzallarning yurak urishini ham andisha tutib turadi. Ammo madaniyatli kishilardan yiroqda, Arakan oʻrmonida andisha nima qiladi! Bu yerda mavsumning oʻzgarishi bilan daraxtlar kurtak chiqaradi. Koʻk daryo yomgʻir suvidan toʻlib-toshadi, u qishda tinch, yozda esa quriydi. Bu yerda qushlarning yoqimli ovozida ta’na sezilmaydi. Janub shamoli esa narigi qirgʻoqdagi qishloqdan aravalarning taraqlagan ovozinigina olib kela¬di.

Tashlandiq va xaroba saroy oʻrnida tezdan daraxtlar oʻsib chiqqanidek, tabiat ham yashirin hujumida davom etib, odamlar vujudga keltirgan qattiq shartlilik asoslarini tadrijiy ravishda va sezilmas bir yoʻsinda vayron etadi. Xotinlarga hech narsa bir-biriga munosib yigit bilan qizning totuvligiday halovat bagʻishlamaydi. Hech bir narsa ular uchun shu totuvlik kabi sirli va quvonchli boʻlmaydi. Bu yovvoyi kulbada Julikxaning nopisandligi, sipoligi yoʻqolgach, gullab turgan kayla daraxti soyasida Daliya bilan Aminaning uchrashuvlari uni ham boshladi.

Julikxaning yosh qalbida allaqanday orzu uygʻonib, u xushnudlik va alamdan beqaror boʻlib qoldi. Bora-bora shu darajaga yetdiki, agar yigit hayallab qolgudek boʻlsa, opa-singil bir xilda sabrsizlik va hayajon bilan kutar edilar. Rassom endigina tamomlagan suratiga mahliyo boʻlib qaragandek, ular ham yigitga mehr-muhabbat bilan jilmayib nazar solardilar. Ba’zan ular janjallashib qolishar, shunda Julikxa Aminani, Daliya bilan koʻrisholmay qolsin deb, uyga qamab qoʻyardi.

Podshoh bilan oʻrmon orasida bir oʻxshashlik bor: har ikkisi ozod, har ikkisi oʻz saltanatining yagona hukmdori, na unisi, na bunisi hech kimning qonuniga boʻysunmaydi. Har ikkisida allaqanday oʻziga xos tabiiy ulugʻvorlik va poklik bor. Oddiy odamlar boʻlsa jamiyat qonunlariga butunlay boʻysunib yashaydilar, ular mustaqil emaslar: kattalarga — qui, kichiklarga — xoʻjayindirlar. Ular shu oʻrgangan oʻrinlarini yoʻqotib qoʻygan taqdirda oʻzlarini uddalay olmay qoladilar.

Tabiat qoʻynida betashvish oʻsgan yovvoyi Daliyada esa, malikalarga nisbatan zarracha ishonchsizlik yoʻq edi, ular ham buni oʻz oʻrtoqlari deb hisoblardilar. Uning quvnoq, pok, hamisha dadil va ikkilanishni bilmaydigan tabiatiga kambagʻallik va qashshoqlik oʻz muhrini bosmagan edi.

Ammo bu uchrashuvlar vaqtida Julikxaning yuragi tez-tez siqilib: «Nahotki malikaning qismati shu boʻlsa?» deb oʻylardi.

Bir kuni ertalab Daliya kelganda, Julikxa uning qoʻlidan ushlab:
— Daliya, menga shu yerning rojasini koʻrsata olasanmi? — deb soʻradi.
— Koʻrsata olaman, nega siz uni soʻrab qoldingiz?
— Men bir xanjar saqlab yuribman, uni rojaning yuragiga sanchishim kerak, — dedi qiz.

Daliya dastlab bir oz taajjublandi. Keyin Julikxaning nafrat toʻla yuziga boqib, umrida bunday oʻtkir hazilni eshitmagandek jilmaydi. Faqat podshoh qizigina bunday

hazil qilishi mumkin. Daliya Julikxaning bir ogʻiz gap-soʻzsiz, sababini ham aytmay, yurakka xanjar urishidan rojaning naqadar hayron qolishini koʻz oldiga keltirib, qattiq qah-qah kulib yubordi.

V

Ertasiga Rahmat Alidan Julikxaga yashirin maktub keldi. Bunda yosh roja qaysi bir yoʻl bilan opa-singil malikalarni topgani, bir ilojini qilib Aminani koʻrgani va sevib qolgani, hozir saroyda roja bilan Aminaning toʻyga tayyorgarlik boʻlayotgani xabar qilingan edi… «Oʻch olish uchun bundan qulayroq tasodif boʻlmasa kerak,» — deb yozgan edi Rahmat Ali./

Shunda Julikxa singlisining qoʻlini mahkam qisib:
— Xudoning xohishi aniq. Amina, sen oʻz burchingni bajarishing kerak, endi ermak vaqti emas.

Daliya kelganda, Amina razm solib, uning gʻalati tabassum qilayotganini koʻrdi.
— Bilasanmi, — dedi qiz uning kulgisidan ozor topib, — men rojaning xotini boʻlyapman.
— Bu uzoqqa bormaydi, — dedi yigit jilmayib.’ «Bu chindan ham oʻrmon kiyigi, — deb oʻyladi oʻksingan va hayratda qolgan Amina, — men jinni boʻlmasamunga odamchasiga gapiramanmi».

Daliyaga masalaning mohiyatini anglatmoq uchun qiz sekin gap boshladi:
— Agar men rojani oʻldirsam, qaytib kelolmayman.
— Albatta, qaytish qiyin, — xayrixohlik bilan javob berdi yigit.

Aminaning yuragi pora-pora boʻlib ketganday tuyuldi. Qiz chuqur nafas olib, Julikxaga qaradi:
— Opa, men tayyorman, — dedi va soʻngra, oʻzini quvnoq koʻrsatishga urinib, Daliyaga murojaat qildi: — Rojaga xotin boʻlganimdan soʻng, birinchi ishim unga suiqasd hozirlashda sherik boʻlganing uchun senga jazo berish boiadi, undan keyin oʻz burchimni bajaraman.

Daliya Aminaning soʻzini eshitib, bu bilan qiz unga qandaydir juda qimmat bir narsani va’da qilganday sevinib ketdi.

VI

Mana, baliqchi kulbasining eshiklari tantanali ravishda ochiladigan payt ham keldi. Kichik uy muzika sadolari, bayroqlaming shitirlashi, otlar, fillar va piyodalaraing qadam tashlashidan larzaga keldi. Shoh saroyidan oltin bilan ziynatlangan ikki taxtiravon olib keldilar.

Amina Julikxaning qoʻlidan xanjarni olib, uning fil suyagidan yasalgan nafis dastasiga uzoq qarab qoldi. Soʻngra xanjarni qoʻyniga yashirdi. Xanjar xuddioʻz qiniga solinganday uning koʻylak burmalari orasiga bekindi-yu, sovuq poʻlat tigʻi qizning badanini kuydirganday tuyuldi.

Qizning birdan-bir xohishi bu tahlikali safar oldida Daliyani yana bir koʻrish edi. Ammo u kechadan beri gʻoyib boʻlib ketdi. Kecha istehzo qilib kulgan Daliyaning gʻururi tugʻyon urmadimikan qizdan?

Taxtiravonga oʻtirishdan oldin Amina, koʻzlari, jiqqa yoshga toʻlgan holda, yoshligida boshpana boʻlgan uyga, daraxtga va uy yonidagi daryoga nazar soldi. U baliqchi cholning qoʻlidan ushlab, yigʻidan qaltirab, koʻksidan uzilib chiqqan ovoz bilan dedi:
— Bobo, mana endi men ketaman, Tinni ketadi, sizga kim ovqat, pishirarkan?

Chol yosh boladay yigʻlab yubordi.
— Bobo, agar Daliya kelsa, mana bu uzukni, Tinni ketayotganda senga qoldirib ketgan edi, deb berib qoʻying.— Soʻngra Amina darhol taxtiravonga kirdi.

Dabdabali yurish boshlanadi. Daryo qirgʻogʻi boʻshab, Aminaning uyi bilan kayla daraxtini zulmat qoplab oldi.

Nihoyat, ulugʻvor yurish katta davoza orqali saroyning ichkari hovlisiga kirdi. Opa-singillar taxtiravondan tushdilar.

Aminaning chehrasi jiddiy, koʻzlari quruq edi. Julikxa esa, oppoq oqarib ketgan. Qasos soati uzoq ekan choqda burchini ado etish istagi zoʻr edi. Hozir esa, uning yuragi qalitrab, sevikli singlisini mahkam quchoqladi.

«Men ilk muhabbatning birinchi novdasidan yulib olingan gulni qonga botirish uchun boryapman»,— deb oʻylardi Julikxa.

Biroq oʻylab oʻtirishning vaqti emasdi. Yangalarning yoʻlboshchiligida opa-singil, goʻyo tushdagidak, yuz minglab porlab turgan chiroqlar yorugʻida yurib borardi.

Nihoyat, nikoh xonasi oldida bir onga toʻxtab, Amina:
— Opa!—dedi.

Julikxa uni mahkam qucholab oʻpdi. Soʻngra ikkala qiz ohista xonaga kirdilar. Nikoh xonasining oʻrtasida, jasmin gulning xush hidlari anqib turgan karavotda, shohona libos kiyib roja oʻtirardi. Amina qat’iyatsizlik bilan eshik oldida taysallab qoldi.

Julikxa yaqinroqqa borib, rojaning sekin va ma’noli kulimsirab turganini koʻrdi.
— Daliya! — deb qichqirdi birdan Julikxa. Amina xushdan ketib yiqildi.

Daliya sakrab oʻrnidan turdi-da, Aminaning ohista koʻtarib, xuddi oʻq tekkan qushday eltib karavotga yotqizdi. Qiz oʻziga keldi-da, xanjarni chiqarib opasiga qaradi. Julikxa Daliyaga qaradi, yigit esa jilmayib, soʻzsiz ularga boqardi. Qindan chiqqan xanjarning poʻlat tigʻi yaltirab, kulganday tuyulardi.

09

(Tashriflar: umumiy 154, bugungi 1)

Izoh qoldiring