Sergey Dovlatov. Akam. Nizom Komil tarjimasi

005      Шўро замонида давлат нашриётларида чоп этиладиган бадиий асарлардан ташқари норасмий тарқаладиган адабиёт намуналари ҳам учрарди. Соцреализм қолипларига унчалик ҳам мос тушавермайдиган ёки бирон бир жиҳати мавжуд мафкурага ётроқ кўринган бу тоифа асарлар кўпинча қўлёзма шаклида қўлма-қўл юрар, аччиқ бир алам биланми «самиздат» деб аталар, шу йўналишдаги муаллифларнинг шуҳрати эса гоҳо адабиёт майдонида расман тан олинган адибларникидан қолишмас эди. Аммо турли таъқиб-тазйиқлар остида қолиб, уларнинг аксарияти муҳожиротга кетишга мажбур бўлгани ҳам аён. Нобель мукофоти совриндорлари Александр Солженицин ёки Иосиф Бродскийнинг ижодий тақдири бунга далил бўла олади.

002Сергей Довлатов (1941-90) рус адабиётининг хорижда донг таратган ана шундай номдор вакилларидан. Эркинроқ  феъл-атвори ва муросасиз танқидий  қарашлари учун кўп жафоларга дучор бўлган адиб муҳожиротда ўн икки йил яшаб, ўн икки китоби нашр этилди, жаҳонга машҳур  ёзувчилардан бирига айланди.

Сергей Довлатовнинг таржимаи ҳолига қизиққан китобхон унинг асарларини ўқиб кўрса кифоя. Китобийликдан, анъанавий  қонун-қоидалардан бирмунча йироқ, ҳаёт ҳақиқатини бўямай-бежамай акс эттирган бу асарларни муаллиф умрининг бадиий солномаси дейиш мумкин. Буни журналхонларга тақдим этилаётган асардан ҳам билса бўлади.

Сергей Довлатов
АКАМ
Низом Комил таржимаси
034

(«Уруғ-аймоғим» китобидан бир ҳикоя)

Ҳаёт холаваччам Боряни – мен уни ака дердим – қип-қизил жиноятчига айлантирди-қўйди. Омади чопгани шу-да. Акс ҳолда, худо уриб, каттакон бир партия арбоби бўпкетармиди…

Бундай дейишга важкарсонларим етиб ортади. Лекин ҳозирча шошмай турайлик…

Холам баобрў адабий муҳаррирлардан эди. Эри Арон ҳарбий шифохонанинг бошлиғи ўлиб, саломатлик тўғрисида маърузалар ўқиб турар, бунинг устига, турли-туман маркалар йиғиш билан шуғулланарди. Хуллас, рисоладагидай оила эди.

Акамнинг дунёга келиши антиқа бўлган. Қизлик чоғида холамнинг бошига ҳам ишқ савдоси тушган. У Сергей Миронович Кировнинг муовини Александр Угаровни севиб қолган. Ленинградлик қариялар обкомнинг таниқли бу арбобини ҳали-ҳали эслашади.

Унинг оиласи бор эди. Холамни никоҳга чап бериб тузоққа илинтирган экан-да.

Шуйтиб, холам ҳомиладор бўпқолади.

Туғиш пайти яқинлашади. Уни туғруқхонага олиб кетишади.

Онам Смольнийга боради. Минг машаққат билан Кировнинг ўринбосари ҳузурига кириб, аҳволни тушунтиради.

Угаров қовоғини солиб, кимларгадир топшириқ беради. Обком югурдаклари туғуруқхонага кетма-кет гул ва мева-чева таший бошлайди. Холамнинг уйига қарта ўйнашга мўлжаллаб ясалган нақшинкор стол элтиб қўйишади. Чамаси, синфий ёт унсурлардан мусодара қилинган чиқаров.

Холам истараси иссиқ, паҳлавонкелбат ўғил туғади. Мен ака деб ўсган Боря – шу. Онам обкомга яна боради. Лекин ичкарига киролмайди. Угаров кеккайиб кетгани учун эмас. Иўқ. У халқ душмани сифатида қамоққа олинган эди.

Ўттиз саккизинчи йил эди… Холам қўлида чақалоғи билан қолади.

Яхшиям Угаров эри эмас экан. Бўлмаса, холамни сургун қилишарди. Шундоқ бўладики, арбобнинг хотини билан фарзандлари Сибирга жўнатилади. Бунисиям яхши эмас, албатта. Лекин начора…

Англашимча, холам билиб туриб шу ишни қилган. У чиройли, серғайрат ва ўзига ишонган аёл эди. Ҳеч нарсадан тап тортмасди. Фақат… партиявий танқиддан чўчирди.

Шу орада Арон пайдо бўлади. У холамни қаттиқ севиб қолиб, унга уйланади.

Арон шляпа тикадиган устахона эгасининг ўғли эди. У бошқа яҳудийларга – мижғов, нимжон, калтабин ва хаёлпараст қавмдошларига ўхшамас, баланд бўйли, бақувват ва матонатли киши эди. Собиқ инқилобчи талаба, қизил аскар, нэпчи. Кейинчалик – маъмурий идора ходими. Ва ниҳоят, кексайган чоғида – ревизионист ва диссидент…

Арон холамни еру кўкка ишонмасди. Уни дада деб чақалоқнинг тили чиқди.

Уруш бошланди. Биз Новосибирскка бориб қолдик. Боря уч ёшга тўлди. У боқчага қатнар, мен ҳали гўдак эдим.

Боря боқчадан оқ қанд опкеларди. Аста лунжидан чиқазиб ликобчага қўярди.

Мен «емайман» деб тантиқлик қилардим.

Борянинг хуноби ошарди:

– Қанд эриб кетади-ку…

Кейин уруш тугади. Очлик ҳам барҳам топди.

Акамнинг бўйи чўзилиб, Ғарбий овруполик йигитлардай чиройли ўспирин бўлиб қолди. Кўзлари кўм-кўк, сочлари жингалак. У прогрессив итальян киноларидаги ёш қаҳрамонларни эслатарди. Ҳарқалай, қариндош-уруғнинг назарида шундай эди…

У бенуқсон совет боласи эди. Пионер, аълочи, футболчи, темир-терсак йиғувчи. Кундалик тутиб, улуғ зотларнинг ҳикматли сўзларини ёзиб борарди. Ҳовлисига қайин кўчати ўтқазган эди. Драма тўгарагида унга ёш гвардиячиларнинг ролини топширишарди…

Мен ундан кичкина бўлсам-да, расво бола эдим. Ҳар доим уни менга ўрнак қилиб кўрсатишарди.

Акам ростгўй эди, сипо ва билағон эди. Ҳамма менга писанда қиларди: қара, Боря яхши ўқийди, ота-онасига ёрдам беради, спорт билан шуғулланади… Боря район олимпиадасида ғолиб бўлди… Боря ярадор қушни даволади… Боря детекторли приёмник ясади. (Ўлай агар, бунинг нималигини ҳалигача билмайман.)

Во дариғ! Ўша кунлари кўз кўриб қулоқ эшитмаган бир воқеа юз берса бўладими! Бай-бай-бай-бай! Айтишга бетим чидамайди. Уят, уят…

Қўйинг-чи, акам мактаб директорининг устига сийворди-да-ей!

Бу бемаънилик дарсдан кейин содир бўлади. Акам физкультурачилар кунига бағишланган деворий газета чиқараётган экан. Атрофида – синфдошлари.

Кимдир деразага қараб:
– Исковуч келяпти! – дейди.
(Мактаб директори Чеботарёвга шундай лақаб қўйишган эди.)

Бу ёғи кетди – акам сакраб дераза рафига чиқади. Қизлардан тескари қараб туришни сўрайди. Масофани обдон чамалаб туриб… чоптириворади-да ярамас. Директор бошдан-оёқ ҳаром бўлади.

Ана ҳангома, мана ҳангома! Бировга айтсангиз ишонмайди. Орадан бирор ой ўтгач, шу воқеага гувоҳ бўлганларнинг ўзлари ҳам, буни худди тушларида кўргандай, иккиланиб юришди. Манзара чиндан ҳам мудҳиш ва аянчли эди.

Директор Чеботарёвни-ку қўяверинг, бақа бўлиб қолган экан у. Кейин бирдан гезариб-бўзариб бидирлай кетади:
– Мен сенга ўхшаганларни зонада иштончан эмаклатганман, иблис! Менинг совунимга кир ювмагансан қали!

Шу тобда Чеботарёвнинг томирларида собиқ турма ишбошисининг қони гупуради. Ким билибди дейсиз! Мудом башанг кийиниб юради: бошида новвотранг шляпа, эгнида жужунча, қўлида қаппайган портфель…

Акам бу қилғилиқни мактабни тугатишига бир ҳафта қолганда қилди. Нақд бўлиб турган олтин медалдан маҳрум бўлди. Ота-онаси унга етуклик аттестати беришга директорни зўрға кўндиришди.

Ўшанда акамдан сўрадим:
– Нега бундай қилдинг?

– Мен ҳар бир ўқувчи пинҳона орзу қиладиган ишни қилдим, – деди акам. – Исковучни кўрдиму шу заҳоти бир қарорга келдим – ё ҳозир, ёки ҳеч қачон! Ҳозир айни пайти! Шу ишни қилмасам, ўзимдан ихлосим қайтади…

Ўша кезлардаёқ бадхоҳлик қонимда бор эканми, тилимни тиёлмадим:
– Мактабинг пештоқига юз йилдан кейин мана шундай лавҳа ўрнатиб қўйишади: «Бу ерда Борис Довлатов ўқиган… Унинг кимлигини ўзингиз биласиз…»

Акамнинг ножўя қилмиши бир неча ой муҳокама қилинди. Кейин Борис театр санъати институтига ўқишга кирди. Санъатшунос бўлмоқчи эди. Унинг хурмача қилиғи унутила борди. Институтда яхши ўқирди-да. Комсомол ташкилотининг котиби эди. Яна – бебилиска қон берадиган донор, деворий газета муҳаррири, футболда дарвозабон…

Акам улғайиб, янаям очилиб кетди. Ростдан ҳам итальян киноактёрларига ўхшарди. Қизлар ортидан эргашиб юрарди.

Шунга қарамай, у маъсум ва уятчан йигитлигича қолган эди. Қизларнинг ноз-карашмаси унга ёқмасди. Кундалигида ёзилган манови гаплар ёдимда қолган:

«Китоб билан аёл зотидаги энг муҳим нарса – шакл эмас, мазмун…»

Ҳатто ҳозир, дунёга буткул қўл силтаб қўйганимдан кейин ҳам, бундай «ҳикмат» менга бемаъни туюлади. Мен, аввалгидай, чиройли аёлларни ёқтираман.

Бундан ташқари, бидъатга берилган одамман. Мана, масалан, семиз аёллар ёлғончидай туюлаверади менга. Айниқса – ўзи семиз-у, сийнаси бебарака аёллар…

Дарвоқе, гап мен ҳақимда эмас.

Акам институтни битирди. Имтиёзли диплом олди. Комсомолдаги ишлари ҳам таҳсинга сазовор эди.

У чўлқувар ҳамда қурилиш отрядининг командири бўлди. Милицияга кўмаклашиш дружиналарида жавлон урди. Кишилар онгидаги капитализм иллатларига қарши аёвсиз жанг қилди.

Бутун микрорайонда акамнинг нигоҳидай бокира нигоҳ ҳеч кимда йўқ эди…

Борис Ленин комсомоли номидаги театрга адабий маслаҳатчи бўлиб ишга жойлашди. Бу энди ақл бовар қилмас гап эди. Она сути оғзидан кетмаган кечаги талаба-ю, мана шундай мўътабар даргоҳ!

У вазифасига астойдил киришди. Борис прогрессив санъат тарафдори эди. Шу йўлда жонбозлик кўрсатди. Албатта, ҳаддидан ошмай, одоб-андиша билан. Аста-секин Вампилов, Боршаговский, Мрожек кабиларнинг юзага чиқишига сабабчи бўлди.

Номдор-номдор совет драматурглари ундан ҳайиқишарди. Исёнкор театрпараст ёшлар эса у билан фахрланарди.

Борисни масъулиятли хизмат сафарларига жўнатишарди. У ҳатто Кремлдаги кенгашларда қатнашган эди. Партияга киришни шама қилганлар ҳам бўлди. Акам иккиланарди. Ўзини муносибмасман деб ҳисобларди.

Кутилмаганда акажоним яна ўзини кўрсатди. Қандай сўзлаб беришни ҳам билмайман. Қисқаси, Боря ўн иккита талончиликка қўл урди.

Институтда Чапин деган ошнаси бўларди. Икковлашиб ажнабий сайёҳлар юрадиган ўн икки автобусга ҳамла қилишади. Сайёҳлар жомадонлари, радиоприёмниклари, магнитофонлари, ёмғирпўшу шляпаларигача – жамики бор-будлари билан видолашишади. Иккала шоввоз автобусларнинг эҳтиёт ғилдиракларини қолдириб кетишни ҳам эп кўришмайди.

Эртасига уларни ҳибсга олишди. Биз карахт бўлиб қолган эдик. Холам дўсти, ёзувчи Юрий Германнинг олдига чопди. У милициядаги генерал ўртоқларига қўнғироқ қилди.

Акамни судда шаҳарнинг энг олди адвокати Киселёв ҳимоя қилди.

Суд жараёнида бошқа тафсилотлар ҳам ойдинлашди. Маълум бўлишича, жабрдийдалар ривожланаётган мамлакатларнинг фуқаролари ва социалистик ташкилотларнинг аъзолари экан.

Киселёв шундан фойдаланмоқчи бўлди. Акамга шошиб савол ташлади:

– Судланувчи Довлатов, айтингчи, сайёҳлар ривожланаётган мамлакатларнинг фуқаролари ва социалистик ташкилотларнинг вакиллари эканини билганмидингиз?

– Афсуски, йўқ, – деди Борис. Менимча, жавоб жўяли бўлди.

– Билганингизда-чи, шу ишни қилармидингиз?

Акамнинг юзи тундлашди. Адвокатнинг саволи бемаънидек туюлди унга. Пешонаси тиришди, қошлари чимирилди. «Шу ҳам савол бўлдими?!» деган ифода бор эди унда.

Киселёвга жон кирди:
– Хўп, майли, – деди у, – охирги савол. Балки, бу жанобларни жамиятнинг реакцион қатламига мансуб кишилар деб ўйлагандирсиз?

Судья унинг гапини бўлди:
– Ўртоқ адвокат, судланувчини жаҳон инқилобининг жангчисига айлантириб юборманг!

Аммо акам адвокатнинг бояги саволига бош силкишга улгурган эди. Яъни, ҳа, шу гап кўнглимга келувди… Судья овозини кўтарди:

– Терговда мавжуд далилларга асосланиб гапириш керак!

Акам уч йилга кесилди.

Боря судда ўзини мардона тутди. Бўлар-бўлмасга илжаявериб, судьянинг ғашига тегди.

Ҳукм ўқилганда акамнинг бир туки ҳам ўзгармади. Уни суд залидан соқчилар кузатувида олиб чиқиб кетишди.

Сўнг юқори суд органларига шикоят аризаси, қандайдир югур-югурлар, қўнғироқлар… Ҳеч биридан наф бўлмади.

Акамни Тюменга жўнатишди. Қаттиқ тартибли лагерга. Хат ёзишиб турдик. Унинг барча номалари шундай сўзлар билан бошланарди: «Ҳаммаси жойида. Михдайман…»

Бора-бора ундан келадиган мактубларнинг руҳи ҳам, мазмуни ҳам ўзгарди: «Бир жуфт жун пайпоқ… Инглиз тилини мустақил ўрганиш учун қўлланма… Сирма шим… Умумий дафтар… Немис тилини мустақил ўрганиш учун қўлланма… Саримсоқпиёз… Лимон… Авторучка… Француз тилини мустақил ўрганиш учун қўлланма… Ва яна – гитара чалишни мустақил ўрганиш учун қўлланма…»

Лагердан келаётган хабарлар таскинбахш эди. Катта тарбиячи Букин холамга шундай деб ёзибди:

«Борис Довлатов лагерь тартибига қатъий риоя қилади… Маҳбуслар ўртасида обрўйи яхши… Меҳнат топшириқларини ортиғи билан бажаради… Бадиий тўгарак ишларида фаол… «

Акам бир хатида навбатчиликка тайинланганини, кейин – бригадир бўлганини, кейин – бригадирлар кенгашининг раиси ва ниҳоят – ҳаммом мудири лавозимига лойиқ кўрилганини ёзган эди.

Бу кишини ҳайратда қолдирадиган суръат эди. Лагерда бундай мартабага эришиш жуда қийин. Шу ғайрат билан эркинликда бюрократик раҳбариятнинг ёғли, сердаромад жойларига ўрнашиб олиш ҳеч гап эмас. Масалан, тақсимот идораларига. У ёғи – далаҳовли, чет эл сафарлари…

Акам шиддат билан тузалиш йўлидан борарди. У лагернинг машъали эди. Унга ҳам ҳасад, ҳам ҳавас қилишарди.

Бир йилдан сўнг уни «кимё»га ўтказишди. Яъни, эркинликда яшашга. Маҳаллий кимё комбинатида ишлаш шарти билан.

Ўша ерда уйланди. Фидойи курсдоши Лиза кўргани борган экан. Декабристларнинг хотинига ўхшагиси келган-да. Турмуш қуриб қўяқолишибди…

Бу орада эса мен университетдан ҳайдалдим, холос. Кейин армияга чақирилдим. Соқчилар ротасига тушиб қолдим. Лагерга назоратчи этиб тайинлашди.

Фалакнинг гардишини қарангки, мен – соқчи, Боря – маҳбус.

Акамни қўриқлаган иайтларим ҳам бўлди. Лекин бу ҳол узоққа чўзилмади. У кунларни эслагим ҳам, гапиргим ҳам келмайди. Гапирсам, адабий асарга ўхшаб қолади. Худди Шолоховнинг «Дон ҳикоялари»дай.

Мен – соқчи, акам – маҳбус, вассалом.

Иккаламиз деярли бир вақтда қайтдик. Акам озод этилди, мен хизматдан бўшадим.

Қариндош-уруғлар «Метрополь»да дабдабали зиёфат уюштиришди. Асосан акамнинг қайтиши нишонланди. Менинг шаънимга ҳам илиқ сўзлар айтилди, албатта.

Роман тоғам эҳтиросларини қуйидагича ифода этди:
– Шундай одамлар бўладики, улар судралувчи жонзотлардан фарқ қилмайди. Маконлари – ботқоқлик. Лекин шундай инсонлар ҳам борки, беихтиёр тоғ бургутлари кўз олдингга келади. Улар қанотларини баралла ёзиб, осмони фалакда парвоз қилишади. Келинглар, Боря учун – тоғ бургути учун ичамиз! Илоҳим, булутлар ортда қолаверсин! Қани, олдик!

– Офарин! – дея қийқиришди хеш-ақраболар. – Қойил, Боря! Тоғ бургути, йигитларнинг гули!

Шунда Горькийнинг «Бўрон қуши қўшиғи» эсимга келди. Тоғам овозини сал пасайтириб қўшимча қилди:
– Энди Серёжа учун, бургутча учун ичамиз! Тўғри, у ҳали полапон, қанотлари заифроқ. Лекин уни ҳам поёнсиз кенгликлар кутмоқда!

– Худо асрасин! – дея ўтирган жойида бақирворди онам. Тоғам у томонга бир сигирқараш қилиб қўйди.

Холам яна аллакимларга қўнғироқ қилди. Натижада акамни «Ленфильм»га ишга олишди. Ёритувчими… шунга ўхшаш бир юмушга тиркаб қўйишди.

Мен кўп нусхали газетага ишга жойлашдим. Бунинг устига, ҳикоялар ёза бошладим.

Акам хизмат пиллаиояларидан жадал кўтарила бошлади. Кўи вақт ўтмай лаборант бўлди. Кейин – диспетчер. Кейин – катта диспетчер. Ва ниҳоят – картина директорининг ўринбосари. Яъни, моддий ашёларга масъул шахс.

Лагерда юрганида тузалишнинг машқини роса олган экан азамат. Мана, энди ўзини тўхтатолмаётганга ўхшарди.

Бир ойдан сўнг сурати «Ҳурмат тахтаси»га илинди. Уни режиссёрлар, операторлар ва шахсан «Ленфильм» директори Звонарёв яхши кўриб қолди. Фаррошларни айтмайсизми…

Тез кунларда картина директорлигига тайинлашни ҳам ваъда қилишган эди.

«Ленфильм»нинг ўн олти нафар кекса коммунисти унга партияга кириши учун тавсиянома ёзиб беришга тайёр турарди. Аммо акам ҳамон иккиланарди.

У «Анна Каренина»даги Левинни эслатарди. Никоҳ арафасида Левин ёшликда қилган зиноларини ўйлаб эзилган бўлса, акамни ҳам шу масала қийнарди. Хўш, олдин жиноят қилган одам коммунист бўлиши мумкинми?

Кекса коммунистлар мумкин деб ҳисоблашарди…

Менга қиёслаганда акам тамом бошқача эди. Хушчақчақ, гапга чечан, ишбилармон. Уни ўта муҳим хизмат сафарларига жўнатишарди. Порлоқ келажагига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Қамалиб чиққанига-ку бировни ишонтириш амримаҳол эди. Узоқроқ таниш-билишлар у эмас, мени турмада ётган деб ўйлашарди.

Иттифоқо яна нимадир содир бўла бошлади. Бирдан эмас, албатта, аста-секин. Гўё равон таралаётган дилрабо куйга ғийчиллаган ёқимсиз товуш аралашиб қолаётганга ўхшарди.

Акам ҳамон от устида эди. Мажлисларда нутқ сўзлар, хизмат сафарларига боришни канда қилмасди. Аммо ича бошлаган ва аёлларга айланишадиган одат чиқарган эди.

Уни бетайин давраларда учратадиган бўлиб қолишди. У кўпинча пиёнисталар, чайқовчилар, ўзини Халхин-Гол қаҳрамони деб атайдиган мубҳам фахрийлар қуршовида юрарди.

Кайфи тарқагач, яна мажлисга чопар, нутқ сўзлаб бўлиб дарҳол изига – улфатлари даврасига қайтарди.

Акам ўзининг оёғига ўзи болта ураётганини билмасди.

У уч кунлаб уйига келмасди. Қандайдир кўски аёлларникида қолиб кетарди. Бундай аёллар орасида ниҳоятда хунуклари кўп учрарди. Янглишмасам, биттасининг исми Грета эди. Томоғида буқоғи ҳам бор эди. Бир куни акамга:
– Тузукроғини топсанг ўласанми? – дедим энсам қотиб.

– Тентак! – У мени жеркиб ташлади. – Ишхонасидан спирт олиб чиқишини биласанми? Хоҳлаганича олади!

Кўриниб турибдики, акам ёшлигида қулоғига қуйиб олган гапга ҳануз амал қиларкан: «Китоб билан аёл зотидаги энг муҳим нарса – шакл эмас, мазмун…»

Кейин Борис «Нарва» ресторанида официантни дўппослаб қўйди. Акам ундан «Сулико»ни чалишни талаб қилган…

Тез-тез милицияга тушадиган бўлиб қолди. Ҳар гал «Ленфильм»нинг партбюроси жонига ора кирарди.

Биз бу саргузаштлар нима билан тугашини кутардик…

Ёзда «Даурия» фильмини суратга олувчи гуруҳ билан Читага кетди. Орқасидан шумхабар келди: Борис давлат машинасида одам босиб кетибди. Тағин денг, совет армиясининг зобитини. Зобит ўлибди…

Бизнинг бўларимиз бўлди. Нима қилишимизни билмасдик. Читадан бир-бирига зид турли-туман хабарлар келиб турарди. Эмишки, Борис ғирт маст ҳолда рулга ўтирган. Бошқа бир хабарга кўра, зобит ҳам кайфда бўлган. Албатта, бунинг энди аҳамияти йўқ, у ўлган…

Холамга ҳеч нарсани билдирмадик. Тоғаларим тўрт юз сўм пул йиғиб беришди. Мен Читага учишим керак эди – нима гаплигини аниқлаш ва бирон бир маънили тадбир қўллаш учун. Маҳбусга ул-бул нарса киритиш, адвокат ёллаш ва ҳоказо…

– Иложи топилса, терговчининг оғзини мойлаш керак, – дерди Роман тоғам.

Йўл ҳозирлигини кўра бошладим.

Бирдан, ярим тунда, телефон жиринглаб қолди. Гўшакни олдим. Сукунат қаъридан қулоғимга акамнинг овози сирғалиб кирди: – Ухлаётганмидинг?

– Боря! – деб қичқириб юбордим. – Тирикмисан?! Отмайдими ишқилиб?! Мастмидинг?

– Тирикман, – деди акам. – Отмайди, отмайди… Фалокат-да… Ичмаган эдим… Нари борса тўрт йил берар. Сигаретни олдингми?
– Қанақа сигарет?

– Японларники. Чита Япония билан бир томонлама савдо битими тузган. Бу ерда «Хи лайт» деган ажойиб сигарет сотади. Туғилган кунингга бир ўрамини жўнатувдим. Олмадингми?
– Йўқ. Гап бунда эмас ҳозир…

– Нега энди? Зўр сигарет! Американинг лицензияси бўйича тайёрланган.

Сўзини бўлдим:
– Турмадамисан?

– Э, йўғ-э, – деб жавоб берди акам, – нафасинг қурсин! Меҳмонхонадаман. Терговчи олдимга кептуради. Исми Лариса. Лўмбиллаган… Мана, сенга салом айтяпти…

Гўшакдан аёл кишининг овози эшитилди:
– Ту-ту-ту, жўжагинам!

Яна акам гапни илиб кетди:
– Овора бўлиб Читага келиб юрма. Суд Ленинградда бўлади. Ойимнинг хабари борми?
– Йўқ.
– Яхши бўпти…

– Боря! – деб қичқирдим яна. – Нима жўнатайлик? Аҳволинг оғирдир? Ҳарҳолда, одам ўлдиргансан! Одам ўлдиргансан!

– Бақирма мунча. Зобитлар ўлиш учун туғилади-да. Яна қайтараман – фалокат бу, тасодиф… Ҳа, айтгандай, юборган сигаретларим қаёққа ғойиб бўлдийкан?

Ҳеч қанча вақт ўтмай Читадан ўша ҳодисанинг икки нафар иштирокчиси келди. Жумбоқ ойдинлашди. Уларнинг гапига қараганда, бундоқ бўлган.

Кимнингдир туғилган куни экан. Шуни табиат қўйнида нишонламоқчи бўлишади. Боря эса кечқурун давлат машинасида келиб, даврага қўшилади. Одатдагидай, ичкилик етмай қолади. Дўконлар берк. Меҳмонларнинг таъби тирриқ. Шунда Боря отилиб чиқади:
– Самогон топиб келаман! Ким мен билан боради?

Кайфи борлиги учун уни шаштидан қайтармоқчи бўлишади. Акам оёқ тираб туриб олади. Пировардида уч киши у билан бирга жўнайди. Машина ҳайдовчиси ҳам орқа ўриндиқда мудраб бораётган экан.

Ярим соат ўтар-ўтмас, мотоциклни уриб кетишади. Эгаси ҳушига келмай жон беради.

Ҳамма талвасага тушади. Аммо акам ҳушёр! Қароридан қайтмайди, яъни самогон излаб кетади. Ўн беш минутда топиб, даврадошларини обдон сийлайди. Сал ўзига келган ҳайдовчига ҳам ичиради. У яна пинакка кетади.

Ана шундан кейингина акам милицияга қўнғироқ қилади. Изқуварлар тезда етиб келишади.

Мурда ва мажақланган мотоцикль дарров топилади. Тезкор ходимлар қаршисида тўрт нафар маст одам чайқалиб турарди. Уларнинг орасида энг ҳушёри акам экан.
– Ҳайдовчи ким? – деб сўрайди лейтенант Дудко.

Акам хуррак отиб ётган ҳайдовчини кўрсатади. Уни мошинага ортишади. Бошқаларни уй-уйларига элтиб қўйиб, манзилларини ёзиб олишади.

Акам уч кунгача яшириниб юради. Баданида спиртдан асар қолмагач, милицияга келиб, айбига иқрор бўлади.

Бу вақт орасида ҳайдовчи ҳам ўзига келади. Уни дастлабки тергов камерасига қамаб қўйишган экан. У кайфда одам босиб кетганига чиппа-чин ишонади.

Кутилмаганда акам кириб келиб, рулда мен ўтирган эдим, дейди.

– Нега бўлмаса Крахмальниковни кўрсатдингиз? – дейди лейтенант аччиқланиб.

– Сиз ҳайдовчи ким деб сўрадингиз, мен жавоб бердим…

– Уч кундан бери қайси гўрда юрувдингиз?
– Қўрқиб кетдим-да, хўжайин…

Акамнинг юзидаги сохта ифодани лейтенант пайқайди.
– Қўрққанмишлар-а!

Кейин тағин савол беради:
– Ўшанда кайфингиз бормиди?
– Мутлақо! – дейди акам.

Аммо энди ҳеч нарсани исбот қилиб бўлмасди. Базми жамшид иштирокчилари, Боря ичмаган эди, деб бир гапда туриб олишади. Ҳайдовчи ишхонаси берган ҳайфсан билан қутулиб кетади.

Акам билиб йўл тутган эди. Энди уни кайфда рулга ўтирган киши сифатида эмас, бахтсиз ҳодиса сабабчиси сифатида суд қилишади.

Терговчи Лариса акамга бундай деган экан:
– Сен ҳатто тўшакда ётиб ҳам терговни чалғитасан…

Бир ҳафтадан кейин Борис Ленинградга келди.

Бу вақтда холам ҳаммасидан хабардор эди. Йиғлаб-сиқтаб ўтирмади. Милицияда таниши бор ёзувчиларга қўнғироқ қилди. Яна ўша – Юрий Герман, Меттер, Сапаров.

Шулар туфайли акамга тегишмади. Судгача тинч қўйишди. Фақат, шаҳардан жилмаслик тўғрисида тилхат олишди. Бир куни уйимизга акам кириб келди.

– Сен Ленинград яқинида хизмат қилгансан-а? Шу атрофдаги лагерларни ҳам биларсан?
– Ҳа, Обуховода бўлганман… Гореловода, Пискарёвода ҳам бўлганман.

– Хўш, сенингча, қайси бирида ётганим маъқул?
– Обуховода тартиб сал юмшоқроқ, назаримда.
– Яхшиси, бориб кўриб келамиз…

Обуховога жўнадик. Казармага кирдик. Навбатчи билан гаплашдик. Эски танишларни суриштирдик. Ҳаял ўтмай казармага сержантлар Годеридзе билан Осипенколар чопиб киришди.

Қучоқлашиб кўришдик. Уларга акамни таништирдим. Лагернинг эски маъмуриятидан кимлар қолганини сўрадим.
– Капитан Дерябин, – дейишди улар.

Капитан Дерябинни яхши биламан. Кўнгли очиқ, араққа тўймайдиган бир одам. Мен хизмат қилган кезларда у лейтенант эди.

Зонага қўнғироқ қилдик. Дерябин бир зумда етиб келди.

– О-о! – деб қийқирди у остонаданоқ. – Серёга кепқопти-ку! Қайси шамол учирди? Ўзгариб кетибсан-а, хумпар! Ёзувчи бўпкетган деб эшитдим, шу ростми? Рост бўлса, сенга ёзадиган нарса топиб қўйганман. Қулоқ сол. Шу десанг, сантехниклар бригадасини ишга опчиқувдим. Соқчи тайинлаб, ўзим ёзилгани кетсам, бир маҳбус қочмоқчи бўпти. Ростдан ҳам қочибди. Йўқ, учиб кетибди. Ҳа, ҳа, парвоз қипти. Шериклари девор ёнида ўсган қарағайнинг учини эгишибди-да, маҳбуснинг қўлтиғидан ўтказилган монтаж қайишини дарахтнинг учига илиб, уни қўйиб юборишибди. Маҳбус қарағай қаддини ростламасдан бурун қайишни ечиб юбориши керак экан. Аммо мўлжални нотўғри олган шекилли, қор уюми устига эмас, тўппа-тўғри военкоматнинг ҳовлисига бориб тушибди. Ановини қара! Ҳа, сенбоп яна бир деталь – уни қўлга олаётганларида военкомнинг бурнини тишлавопти, хумпар!

Мен Дерябинни акам билан таништирдим.

– Лёха, – деди капитан қўлини чўзиб.
– Боб.
– Бир иш бор, – дедим Дерябинга, – ўзингдан қолар гап йўқ…

Биз казармадан кўра ўрмон четидаги ялангликни маъқул кўрдик. Годеридзе билан Осипенкони ҳам таклиф қилдик. Портфелдан тўрт шиша «Зверобой»ни олдик. Ағанаб ётган арча устига тизилишдик.

– Ўлмагунча яшайверайлик! – дейишди турмачилар стаканларни чўқиштириб. Сал ўтмай акам билан Дерябин оғиз-бурун ўпиша бошлашди. Айни пайтда Боря саволни ҳам канда қилмасди:
– Ичкари иссиқми? Блокпостларда соқчи итлар нечта? Қўриқлашнинг камера принципига риоя қилинадими?

– Ғам ема, – дейишди янги улфатлар.
– Яхши зона, – дели Годеридзе, – дам оласан, маишат қиласан, уйингга сал эт қўйиб кетасан-да…

– Дўкон ҳам узоқ эмас, – дея гапни илиб кетди Осипенко. – Оқидан дейсанми, қизилидан дейсанми, пивоми…

– Мен боримда ётиб қолинглар, йигитлар. Лёха Дерябинни ишдан бўшатишса, аҳволингизга вой… Ўрнимга қандайдир тўлиқсиз олий маълумотли кишилар келиб қолса, ана ўшанда эслайсизлар мени!..

Боря унинг уй телефонини ёзиб олди.

– Мен ҳам ёзволай, – деди Дерябин.
– Ҳожати йўқ, – деди акам, – бир ойдан кейин шу ерда бўламан.

Электрпоездда уйга қайтаётганимизда: – Бошланиши чакки эмас, – деб қўйди у.

Мен йиғлаворай дедим. Ё «Зверобой» таъсир қилдими…

Ҳеч қанча вақт ўтмай суд бошланди. Акамни яна ўша адвокат Киселёв ҳимоя қилди. Залда ўтирганлар унинг гапларига қарсак чалиб туришди.

Қизиғи шундаки, ҳалок бўлган зобит Коробченко эмас, менинг акам жабрланувчига айланиб қолди.

Пировардида адвокат бундай деди:
– Инсон ҳаёти кўпдан-кўп хатарли бурилишлари бўлган тоғ йўлини эслатади. Менинг ҳимоямдаги судланувчи ана шундай бурилишлардан бирининг қурбони бўлди.

Акам яна уч йилга кесилди.

Суд бўлаётган куни Читадан бандероль олдим. Унда японларнинг ўн қути «Хи лайт» сигарети бор эди.

Боряни Обуховога жўнатишди. Шароит яхши, соқчилар меҳрибон деган мазмунда хатлар келиб турди.

Капитан Дерябин сўзининг устидан чиқадиган одам экан. Акамни нон кесувчиликка қўйибди. Турмада бу – катта мансаб.

Бу орада акамнинг хотини қиз туғди. Бир куни менга қўнғироқ қилиб:
– Боряни кўришга рухсат беришди. Бўш бўлсанг, бирга борайлик. Чақалоқ билан қийналаман, – деб қолди.

Тўрт киши йўлга тушдик – холам, кеннойим Лиза, икки ойлик Наташа ва мен.

Августнинг диққинафас куни эди. Наташа манзилга етгунимизча йиғидан тўхтамади. Лиза ҳолдан тойди. Холамнинг бошига оғриқ кирди.

Мана, ниҳоят, учрашув бўладиган хонадамиз. Бу ерда биздан бошқа яна олти киши бор эди. Маҳбусларни шиша тўсиқ биздан ажратиб турарди.

Лиза чақалоқни йўргакдан ечди. Акамдан дарак йўқ. Соқчининг олдига бордим:
– Қани Довлатов?

– Кутинглар, – деди у тўнғиллаб.
– Навбатчига қўнғироқ қил, акамни чақирсин. Лёха Дерябинга келганимни айт.

Соқчи сал паст тушди:
– Мен Дерябинга бўйсунмайман. Менинг хўжайиним бошқа.
– Бўлақол, оғайничалиш!

Шу пайт акам келиб қолди. Эгнида лагерь коржомаси. Мошинкада олинган сочи сал ўсибди. Ранги тиниқ, тўлишган.

Холам туйнукдан олма, колбаса ва шоколад узатди. Лиза нуқул қизига гапирарди:
– Ана даданг, кўряпсанми, ана даданг…

Акам негадир мендан кўз узмасди.
– Шимингнинг аҳволини қара, – деди у ниҳоят, – ранги ҳам молбўқими-ей… Бир яҳудий билан таништириб қўяйми? Зонада қулинг ўргилсин шимлар тикади. Ленинградда ҳам унга тенг келадигани йўқ.

– Э, қўйсанг-чи! Шу тобда менинг ташвишимни қиласанми?
– Қўрқма, – дея давом этди у, – текин. Пул бераман, шимбоп газмол оласан, яҳудий тикиб беради. Бунақа юриш ярашмайди сенга.

– Пул бераман?! – Холамнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. – Пул нима қилади сенда? Лагерда пул олиб юриш мумкин эмас-ку!
– Пул микробга ўхшаган нарса, – деди Борис, – ҳамма ерда бўлади. Мана, коммунизм қурсак – балки бошқача бўлар…

– Қизингга бир қараб қўйсанг-чи, – деди Лиза ялингандай.
– Кўрдим, кўрдим, ажойиб қизча.

– Овқатлари тузукми? – деб сўрадим Борисдан.
– Мазаси йўқ. Мен ошхонага бормайман. Бирортасини гастрономга жўнатамиз. Лекин тушдан кейин ҳеч нарса топиб бўлмайди. Бу Никита тушмагур қишлоқ хўжалигини барбод қилди. Бир вақтлар бутун  Оврупони боққанмиз-а! Эндиги умид – хусусий сектордан…
– Секинроқ, – деб қўйди холам.

Акам хизмат муддати тугаганидан кейин қолиб ишлаётган бир йигитни чақириб, қулоғига бир нималар деди. У ўзини оқлай бошлади. Узуқ-юлуқ гаплари қулоғимга чалинди.
– Илтимос қилувдим-ку, – дерди акам.
– Тўғри. Ташвишланма. Ўн минутда келади.

– Ўн икки яримга, деганман.
– Иложи бўлмади-да.

– Мени хафа қилдиларинг.
– Боря, мени биласан-ку… Гапим – гап. Толик беш минутдан кейин шу ерда бўлади…

– Лекин ҳозир ичгимиз келяпти.
– Нима гап ўзи? – деб сўрадим акамдан.

– Бир арбобни араққа жўнатувдим, ҳалигача йўқ… Бу ер ҳарбий бўлинма эмас, каптархона…
– Карцерга тушасан, – деди Лиза.
– Нима, карцердагилар одаммасми?!

Чақалоқ яна йиғини бошлади. Лиза тумтайди. Акамнинг беэътиборлигидан хафа бўлган эди. Холам кетма-кет дори юта бошлади.

Учрашув вақти тугаб борарди. Маҳбуслардан бирини деярли судраб олиб кириб кетишди. У орқасига қайрилиб, кўргани келган хотинига бақирди:
– Надька, бировга иштонингни ечсанг – ўлдираман! Ернинг тагидан бўлса ҳам топиб, абжағингни чиқараман! Мени биласан-а?!

– Кетайлик, – дедим мен, – вақтимиз тугади.

Холам юзини бурди. Лиза нуқул чақалоғини силкитарди.
– Арақ-чи? – деди акам.
– Ўзларинг ичаверинглар.

– Сен билан ичмоқчи эдим-да.
– Кераги йўқ, ака, ҳозир кўнгилга сиғармиди…
– Ҳа, майли… Лекин анови Толикни барибир аспаласопинга жўнатаман. Мен учун инсондаги энг муҳим фазилат – масъулиятни ҳис эта билиши.

Шу пайт шиша кўтариб, ҳаллослаганча Толик келиб қолди.
– Мана, бир сўму ўттиз тийин қайтими…
– Мен кўрмай қўяқолай, – деди навбатчи Боряга сирланган кружкасини тутатуриб.

Акам чапдастлик билан кружкани тўлдирди. Ҳамма бир қултумдан ичди. Маҳбуслар ҳам, кўргани келганлар ҳам, назоратчи ҳам, ҳатто навбатчи ҳам четда қолмади.

Соқоли ўсган бир маҳбус кружкани баланд кўтариб хитоб қилди:
– Буюк ватанимиз учун! Шахсан ўртоқ Сталин учун! Фашистлар Германияси устидан қозонган ғалабамиз учун! Барча тўплардан бараварига ўт очилсин – бабах!

– Яшасин Имре Наднинг ашаддий реакцион тўдаси! – дея уни қўллаб-қувватлади бошқа бир маҳбус.

Навбатчи акамнинг елкасига аста қўлини қўйди:
– Боб, сен борақол энди.

Биз хайрлашдик. Туйнукдан акамга қўлимни узатдим. Холам ўғлига мўлтираб қаради. Лиза бирдан ўкириворган эди, чақалоқ уйғониб кетиб чириллай бошлади. Зонани тарк этдик…

Орадан бир йилча ўтди. Акамдан хат келиб турди. Ҳамон нон кесаркан. Дерябин пенсияга чиққач, Боряни электр монтёрлигига ўтказишибди.

Кейин уни Ички ишлар бошқармасининг вакили сўроқлаб кебди. Лагерлар тўғрисида ҳужжатли фильм яратишга қарор қилишган экан. Совет лагерлари – дунёдаги энг инсонпарвар лагерлар экани ҳақида. Фильм фақат хизмат доирасидагина намойиш этилармиш. Номи: «Ахлоқ тузатиш меҳнат колонияларини қўриқлаш усуллари».

Акам узоқ-яқин лагерларни айланиб чиқибди. Унга «ГАЗ-61» мошинасини бериб қўйишибди. Зарур ускуналар билан таъминлашибди. Акамни икки соқчи – Годеридзе билан Осипенко ҳар доим қўриқлаб юраркан.

Борис уйга ҳам тез-тез келиб турарди.

Ёзга чиқиб фильм тайёр бўлади. Борис бир вақтнинг ўзида ҳам кинооператор, ҳам режиссёр, ҳам дикторлик вазифасини бажарибди.

Июнь ойида фильм раҳбарларга кўрсатилибди. Залда нуқул генераллар билан полковниклар эмиш. Муқокама чоғида генерал Шурепов:
– Яхши, керакли фильм… – дебди. – Худди «Минг бир кеча»нинг ўзгинаси!

Борисни мақташибди. Сентябрга қолмай озодликка чиқаришни ҳам ваъда қилишибди.

Акамнинг табиатидаги энг асосий хислатни мана энди англаб етгандекман. У беором, бебошу беҳаловат турмушни хуш кўраркан. Боря фавқулодда вазиятлардагина эркин нафас олиши мумкин. Қамоқда мартаба орттиради, жар ёқасига келиб қолганида яшаш учун курашади.

Ниҳоят уни озод қилишди.

Бу ёғи такрор. Чархпалак яна ишга тушди. Холам Юрий Германга қўнғироқ қилди. Акамни ҳужжатли фильмлар студиясига оддий ишчи қилиб олишди. Икки ойдан кейин у овоз оператори бўлди. Ярим йилдан сўнг эса – таъминот бўлимининг бошлиғи.

Айни ўша кунларда мени ишдан бутунлай ҳайдашди.

Мен ҳикоя ёзар ва онамнинг нафақасига кун кўрар эдим…

Холам касалга чалиниб оламдан ўтгач, қоғозлари орасидан қўйкўз, истараси иссиқ бир кишининг сурати чиқиб қолди. Бу Кировнинг ўринбосари – Александр Иванович Угаров эди. Акамнинг худди ўзи.

Сал ёшроқ кўринади, холос.

Боря отаси кимлигини олдин ҳам биларди. Энди очиқчасига гаплашдик.

Акам ота томон қариндошларини излаб топса бўларди. Лекин хоҳламади. Гапимни чўрт кесди:
– Менга ўзинг етиб-ортасан. Бошқа одамнинг кераги йўқ.

Кейин ўйланиб туриб, қўшиб қўйди:
– Қизиқ! Мен – чала русман. Сен – чала яҳудийсан. Аммо иккаламиз ҳам арақ билан пивога ўчмиз-а…

Етмиш тўққизинчи йили мен муҳожиротга кетишга аҳд қилдим. Акамни қистасам, кўнмади. У яна ича бошлаган, ресторанда муштлашмаган куни йўқ эди. Тепасида ишдан ҳайдалиш хавфи муаллақ турарди.

Шунда бир нарсага қатъий ишонч ҳосил қилдим: эркинликда яшаш Бориснинг мижозига ёқмас экан, унга – қамоқ тузук экан.

Охирги марта ўтиндим:
– Кетайлик.

Акам маъюс жавоб қайтарди:
– Ке, қўй. Менга тўғри келмайди, – деди у. – Яҳудийлигимни исботлаш учун идорама-идора лўкиллашим керак… Бундан ортиқ таҳқир бўладими… Арағимдан қўймасин. Ичвосам бас – менга Нью-Йорк нимаю Ленинград нима! Пошшодек юравераман…

Аэропортда акам кўзёши қилди. Қарибди чоғи. Иннайкейин, кузатиб қолишдан кўра жўнаб кетиш ҳамиша енгил кечади…

Мана, тўрт йилдирки, мен Нью-Йоркда яшайман. Ленинградга мунтазам посилка жўнатиб тураман. Бир куни, кутилмаганда, у ёқдан бандероль келди.

Почтахонадаёқ очдим. Қарасам – Олимпия ўйинлари рамзи туширилган ҳаворанг кўйлак. Яна – шиша тиқинини суғурадиган қўлбола очқич.

Ўйланиб қолдим – шунча йил яшаб, эсда қоладиган, мен учун табаррук нима бор ўзи? Кейин топдим: тўрт чақмоқ қанд, японларнинг «Хи лайт» сигарети, ҳаворанг кўйлак ва мана шу очқич…

Манба: «Тафаккур» журнали

03 Sho’ro zamonida davlat nashriyotlarida chop etiladigan badiiy asarlardan tashqari norasmiy tarqaladigan adabiyot namunalari ham uchrardi. Sotsrealizm qoliplariga unchalik ham mos tushavermaydigan yoki biron bir jihati mavjud mafkuraga yotroq ko’ringan bu toifa asarlar ko’pincha qo’lyozma shaklida qo’lma-qo’l yurar, achchiq bir alam bilanmi «samizdat» deb atalar, shu yo’nalishdagi mualliflarning shuhrati esa goho adabiyot maydonida rasman tan olingan adiblarnikidan qolishmas edi. Ammo turli ta’qib-tazyiqlar ostida qolib, ularning aksariyati muhojirotga ketishga majbur bo’lgani ham ayon. Nobel` mukofoti sovrindorlari Aleksandr Soljenitsin yoki Iosif Brodskiyning ijodiy taqdiri bunga dalil bo’la oladi.

Sergey Dovlatov (1941-90) rus adabiyotining xorijda dong taratgan ana shunday nomdor vakillaridan. Erkinroq fe’l-atvori va murosasiz tanqidiy qarashlari uchun ko’p jafolarga duchor bo’lgan adib muhojirotda o’n ikki yil yashab, o’n ikki kitobi nashr etildi, jahonga mashhur yozuvchilardan biriga aylandi.

Sergey Dovlatovning tarjimai holiga qiziqqan kitobxon uning asarlarini o’qib ko’rsa kifoya. Kitobiylikdan, an’anaviy qonun-qoidalardan birmuncha yiroq, hayot haqiqatini bo’yamay-bejamay aks ettirgan bu asarlarni muallif umrining badiiy solnomasi deyish mumkin. Buni jurnalxonlarga taqdim etilayotgan asardan ham bilsa bo’ladi.

Sergey Dovlatov
AKAM
Nizom Komil tarjimasi
034

(«Urug’-aymog’im» kitobidan bir hikoya)

099Hayot xolavachcham Boryani – men uni aka derdim – qip-qizil jinoyatchiga aylantirdi-qo’ydi. Omadi chopgani shu-da. Aks holda, xudo urib, kattakon bir partiya arbobi bo’pketarmidi…

Bunday deyishga vajkarsonlarim yetib ortadi. Lekin hozircha shoshmay turaylik…

Xolam baobro’ adabiy muharrirlardan edi. Eri Aron harbiy shifoxonaning boshlig’i o’lib, salomatlik to’g’risida ma’ruzalar o’qib turar, buning ustiga, turli-tuman markalar yig’ish bilan shug’ullanardi. Xullas, risoladagiday oila edi.

Akamning dunyoga kelishi antiqa bo’lgan. Qizlik chog’ida xolamning boshiga ham ishq savdosi tushgan. U Sergey Mironovich Kirovning muovini Aleksandr Ugarovni sevib qolgan. Leningradlik qariyalar obkomning taniqli bu arbobini hali-hali eslashadi.

Uning oilasi bor edi. Xolamni nikohga chap berib tuzoqqa ilintirgan ekan-da.

Shuytib, xolam homilador bo’pqoladi.

Tug’ish payti yaqinlashadi. Uni tug’ruqxonaga olib ketishadi.

Onam Smol`niyga boradi. Ming mashaqqat bilan Kirovning o’rinbosari huzuriga kirib, ahvolni tushuntiradi.

Ugarov qovog’ini solib, kimlargadir topshiriq beradi. Obkom yugurdaklari tug’uruqxonaga ketma-ket gul va meva-cheva tashiy boshlaydi. Xolamning uyiga qarta o’ynashga mo’ljallab yasalgan naqshinkor stol eltib qo’yishadi. Chamasi, sinfiy yot unsurlardan musodara qilingan chiqarov.

Xolam istarasi issiq, pahlavonkelbat o’g’il tug’adi. Men aka deb o’sgan Borya – shu. Onam obkomga yana boradi. Lekin ichkariga kirolmaydi. Ugarov kekkayib ketgani uchun emas. Io’q. U xalq dushmani sifatida qamoqqa olingan edi.

O’ttiz sakkizinchi yil edi… Xolam qo’lida chaqalog’i bilan qoladi.

Yaxshiyam Ugarov eri emas ekan. Bo’lmasa, xolamni surgun qilishardi. Shundoq bo’ladiki, arbobning xotini bilan farzandlari Sibirga jo’natiladi. Bunisiyam yaxshi emas, albatta. Lekin nachora…

Anglashimcha, xolam bilib turib shu ishni qilgan. U chiroyli, serg’ayrat va o’ziga ishongan ayol edi. Hech narsadan tap tortmasdi. Faqat… partiyaviy tanqiddan cho’chirdi.

Shu orada Aron paydo bo’ladi. U xolamni qattiq sevib qolib, unga uylanadi.

Aron shlyapa tikadigan ustaxona egasining o’g’li edi. U boshqa yahudiylarga – mijg’ov, nimjon, kaltabin va xayolparast qavmdoshlariga o’xshamas, baland bo’yli, baquvvat va matonatli kishi edi. Sobiq inqilobchi talaba, qizil askar, nepchi. Keyinchalik – ma’muriy idora xodimi. Va nihoyat, keksaygan chog’ida – revizionist va dissident…

Aron xolamni yeru ko’kka ishonmasdi. Uni dada deb chaqaloqning tili chiqdi.

Urush boshlandi. Biz Novosibirskka borib qoldik. Borya uch yoshga to’ldi. U boqchaga qatnar, men hali go’dak edim.

Borya boqchadan oq qand opkelardi. Asta lunjidan chiqazib likobchaga qo’yardi.

Men «yemayman» deb tantiqlik qilardim.

Boryaning xunobi oshardi:

– Qand erib ketadi-ku…

Keyin urush tugadi. Ochlik ham barham topdi.

Akamning bo’yi cho’zilib, G’arbiy ovrupolik yigitlarday chiroyli o’spirin bo’lib qoldi. Ko’zlari ko’m-ko’k, sochlari jingalak. U progressiv ital`yan kinolaridagi yosh qahramonlarni eslatardi. Harqalay, qarindosh-urug’ning nazarida shunday edi…

U benuqson sovet bolasi edi. Pioner, a’lochi, futbolchi, temir-tersak yig’uvchi. Kundalik tutib, ulug’ zotlarning hikmatli so’zlarini yozib borardi. Hovlisiga qayin ko’chati o’tqazgan edi. Drama to’garagida unga yosh gvardiyachilarning rolini topshirishardi…

Men undan kichkina bo’lsam-da, rasvo bola edim. Har doim uni menga o’rnak qilib ko’rsatishardi.

Akam rostgo’y edi, sipo va bilag’on edi. Hamma menga pisanda qilardi: qara, Borya yaxshi o’qiydi, ota-onasiga yordam beradi, sport bilan shug’ullanadi… Borya rayon olimpiadasida g’olib bo’ldi… Borya yarador qushni davoladi… Borya detektorli priyomnik yasadi. (O’lay agar, buning nimaligini haligacha bilmayman.)

Vo darig’! O’sha kunlari ko’z ko’rib quloq eshitmagan bir voqea yuz bersa bo’ladimi! Bay-bay-bay-bay! Aytishga betim chidamaydi. Uyat, uyat…

Qo’ying-chi, akam maktab direktorining ustiga siyvordi-da-yey!

Bu bema’nilik darsdan keyin sodir bo’ladi. Akam fizkul`turachilar kuniga bag’ishlangan devoriy gazeta chiqarayotgan ekan. Atrofida – sinfdoshlari.

Kimdir derazaga qarab:
– Iskovuch kelyapti! – deydi.
(Maktab direktori Chebotaryovga shunday laqab qo’yishgan edi.)

Bu yog’i ketdi – akam sakrab deraza rafiga chiqadi. Qizlardan teskari qarab turishni so’raydi. Masofani obdon chamalab turib… choptirivoradi-da yaramas. Direktor boshdan-oyoq harom bo’ladi.

Ana hangoma, mana hangoma! Birovga aytsangiz ishonmaydi. Oradan biror oy o’tgach, shu voqeaga guvoh bo’lganlarning o’zlari ham, buni xuddi tushlarida ko’rganday, ikkilanib yurishdi. Manzara chindan ham mudhish va ayanchli edi.

Direktor Chebotaryovni-ku qo’yavering, baqa bo’lib qolgan ekan u. Keyin birdan gezarib-bo’zarib bidirlay ketadi:
– Men senga o’xshaganlarni zonada ishtonchan emaklatganman, iblis! Mening sovunimga kir yuvmagansan qali!

Shu tobda Chebotaryovning tomirlarida sobiq turma ishboshisining qoni gupuradi. Kim bilibdi deysiz! Mudom bashang kiyinib yuradi: boshida novvotrang shlyapa, egnida jujuncha, qo’lida qappaygan portfel`…

Akam bu qilg’iliqni maktabni tugatishiga bir hafta qolganda qildi. Naqd bo’lib turgan oltin medaldan mahrum bo’ldi. Ota-onasi unga yetuklik attestati berishga direktorni zo’rg’a ko’ndirishdi.

O’shanda akamdan so’radim:
– Nega bunday qilding?

– Men har bir o’quvchi pinhona orzu qiladigan ishni qildim, – dedi akam. – Iskovuchni ko’rdimu shu zahoti bir qarorga keldim – yo hozir, yoki hech qachon! Hozir ayni payti! Shu ishni qilmasam, o’zimdan ixlosim qaytadi…

O’sha kezlardayoq badxohlik qonimda bor ekanmi, tilimni tiyolmadim:
– Maktabing peshtoqiga yuz yildan keyin mana shunday lavha o’rnatib qo’yishadi: «Bu yerda Boris Dovlatov o’qigan… Uning kimligini o’zingiz bilasiz…»

Akamning nojo’ya qilmishi bir necha oy muhokama qilindi. Keyin Boris teatr san’ati institutiga o’qishga kirdi. San’atshunos bo’lmoqchi edi. Uning xurmacha qilig’i unutila bordi. Institutda yaxshi o’qirdi-da. Komsomol tashkilotining kotibi edi. Yana – bebiliska qon beradigan donor, devoriy gazeta muharriri, futbolda darvozabon…

Akam ulg’ayib, yanayam ochilib ketdi. Rostdan ham ital`yan kinoaktyorlariga o’xshardi. Qizlar ortidan ergashib yurardi.

Shunga qaramay, u ma’sum va uyatchan yigitligicha qolgan edi. Qizlarning noz-karashmasi unga yoqmasdi. Kundaligida yozilgan manovi gaplar yodimda qolgan:

«Kitob bilan ayol zotidagi eng muhim narsa – shakl emas, mazmun…»

Hatto hozir, dunyoga butkul qo’l siltab qo’yganimdan keyin ham, bunday «hikmat» menga bema’ni tuyuladi. Men, avvalgiday, chiroyli ayollarni yoqtiraman.

Bundan tashqari, bid’atga berilgan odamman. Mana, masalan, semiz ayollar yolg’onchiday tuyulaveradi menga. Ayniqsa – o’zi semiz-u, siynasi bebaraka ayollar…

Darvoqe, gap men haqimda emas.

Akam institutni bitirdi. Imtiyozli diplom oldi. Komsomoldagi ishlari ham tahsinga sazovor edi.

U cho’lquvar hamda qurilish otryadining komandiri bo’ldi. Militsiyaga ko’maklashish drujinalarida javlon urdi. Kishilar ongidagi kapitalizm illatlariga qarshi ayovsiz jang qildi.

Butun mikrorayonda akamning nigohiday bokira nigoh hech kimda yo’q edi…

Boris Lenin komsomoli nomidagi teatrga adabiy maslahatchi bo’lib ishga joylashdi. Bu endi aql bovar qilmas gap edi. Ona suti og’zidan ketmagan kechagi talaba-yu, mana shunday mo»tabar dargoh!

U vazifasiga astoydil kirishdi. Boris progressiv san’at tarafdori edi. Shu yo’lda jonbozlik ko’rsatdi. Albatta, haddidan oshmay, odob-andisha bilan. Asta-sekin Vampilov, Borshagovskiy, Mrojek kabilarning yuzaga chiqishiga sababchi bo’ldi.

Nomdor-nomdor sovet dramaturglari undan hayiqishardi. Isyonkor teatrparast yoshlar esa u bilan faxrlanardi.

Borisni mas’uliyatli xizmat safarlariga jo’natishardi. U hatto Kremldagi kengashlarda qatnashgan edi. Partiyaga kirishni shama qilganlar ham bo’ldi. Akam ikkilanardi. O’zini munosibmasman deb hisoblardi.

Kutilmaganda akajonim yana o’zini ko’rsatdi. Qanday so’zlab berishni ham bilmayman. Qisqasi, Borya o’n ikkita talonchilikka qo’l urdi.

Institutda Chapin degan oshnasi bo’lardi. Ikkovlashib ajnabiy sayyohlar yuradigan o’n ikki avtobusga hamla qilishadi. Sayyohlar jomadonlari, radiopriyomniklari, magnitofonlari, yomg’irpo’shu shlyapalarigacha – jamiki bor-budlari bilan vidolashishadi. Ikkala shovvoz avtobuslarning ehtiyot g’ildiraklarini qoldirib ketishni ham ep ko’rishmaydi.

Ertasiga ularni hibsga olishdi. Biz karaxt bo’lib qolgan edik. Xolam do’sti, yozuvchi Yuriy Germanning oldiga chopdi. U militsiyadagi general o’rtoqlariga qo’ng’iroq qildi.

Akamni sudda shaharning eng oldi advokati Kiselyov himoya qildi.

Sud jarayonida boshqa tafsilotlar ham oydinlashdi. Ma’lum bo’lishicha, jabrdiydalar rivojlanayotgan mamlakatlarning fuqarolari va sotsialistik tashkilotlarning a’zolari ekan.

Kiselyov shundan foydalanmoqchi bo’ldi. Akamga shoshib savol tashladi:

– Sudlanuvchi Dovlatov, aytingchi, sayyohlar rivojlanayotgan mamlakatlarning fuqarolari va sotsialistik tashkilotlarning vakillari ekanini bilganmidingiz?

– Afsuski, yo’q, – dedi Boris. Menimcha, javob jo’yali bo’ldi.

– Bilganingizda-chi, shu ishni qilarmidingiz?

Akamning yuzi tundlashdi. Advokatning savoli bema’nidek tuyuldi unga. Peshonasi tirishdi, qoshlari chimirildi. «Shu ham savol bo’ldimi?!» degan ifoda bor edi unda.

Kiselyovga jon kirdi:
– Xo’p, mayli, – dedi u, – oxirgi savol. Balki, bu janoblarni jamiyatning reaktsion qatlamiga mansub kishilar deb o’ylagandirsiz?

Sud`ya uning gapini bo’ldi:
– O’rtoq advokat, sudlanuvchini jahon inqilobining jangchisiga aylantirib yubormang!

Ammo akam advokatning boyagi savoliga bosh silkishga ulgurgan edi. Ya’ni, ha, shu gap ko’nglimga keluvdi… Sud`ya ovozini ko’tardi:

– Tergovda mavjud dalillarga asoslanib gapirish kerak!

Akam uch yilga kesildi.

Borya sudda o’zini mardona tutdi. Bo’lar-bo’lmasga iljayaverib, sud`yaning g’ashiga tegdi.

Hukm o’qilganda akamning bir tuki ham o’zgarmadi. Uni sud zalidan soqchilar kuzatuvida olib chiqib ketishdi.

So’ng yuqori sud organlariga shikoyat arizasi, qandaydir yugur-yugurlar, qo’ng’iroqlar… Hech biridan naf bo’lmadi.

Akamni Tyumenga jo’natishdi. Qattiq tartibli lagerga. Xat yozishib turdik. Uning barcha nomalari shunday so’zlar bilan boshlanardi: «Hammasi joyida. Mixdayman…»

Bora-bora undan keladigan maktublarning ruhi ham, mazmuni ham o’zgardi: «Bir juft jun paypoq… Ingliz tilini mustaqil o’rganish uchun qo’llanma… Sirma shim… Umumiy daftar… Nemis tilini mustaqil o’rganish uchun qo’llanma… Sarimsoqpiyoz… Limon… Avtoruchka… Frantsuz tilini mustaqil o’rganish uchun qo’llanma… Va yana – gitara chalishni mustaqil o’rganish uchun qo’llanma…»

Lagerdan kelayotgan xabarlar taskinbaxsh edi. Katta tarbiyachi Bukin xolamga shunday deb yozibdi:

«Boris Dovlatov lager` tartibiga qat’iy rioya qiladi… Mahbuslar o’rtasida obro’yi yaxshi… Mehnat topshiriqlarini ortig’i bilan bajaradi… Badiiy to’garak ishlarida faol… «

Akam bir xatida navbatchilikka tayinlanganini, keyin – brigadir bo’lganini, keyin – brigadirlar kengashining raisi va nihoyat – hammom mudiri lavozimiga loyiq ko’rilganini yozgan edi.

Bu kishini hayratda qoldiradigan sur’at edi. Lagerda bunday martabaga erishish juda qiyin. Shu g’ayrat bilan erkinlikda byurokratik rahbariyatning yog’li, serdaromad joylariga o’rnashib olish hech gap emas. Masalan, taqsimot idoralariga. U yog’i – dalahovli, chet el safarlari…

Akam shiddat bilan tuzalish yo’lidan borardi. U lagerning mash’ali edi. Unga ham hasad, ham havas qilishardi.

Bir yildan so’ng uni «kimyo»ga o’tkazishdi. Ya’ni, erkinlikda yashashga. Mahalliy kimyo kombinatida ishlash sharti bilan.

O’sha yerda uylandi. Fidoyi kursdoshi Liza ko’rgani borgan ekan. Dekabristlarning xotiniga o’xshagisi kelgan-da. Turmush qurib qo’yaqolishibdi…

Bu orada esa men universitetdan haydaldim, xolos. Keyin armiyaga chaqirildim. Soqchilar rotasiga tushib qoldim. Lagerga nazoratchi etib tayinlashdi.

Falakning gardishini qarangki, men – soqchi, Borya – mahbus.

Akamni qo’riqlagan iaytlarim ham bo’ldi. Lekin bu hol uzoqqa cho’zilmadi. U kunlarni eslagim ham, gapirgim ham kelmaydi. Gapirsam, adabiy asarga o’xshab qoladi. Xuddi Sholoxovning «Don hikoyalari»day.

Men – soqchi, akam – mahbus, vassalom.

Ikkalamiz deyarli bir vaqtda qaytdik. Akam ozod etildi, men xizmatdan bo’shadim.

Qarindosh-urug’lar «Metropol`»da dabdabali ziyofat uyushtirishdi. Asosan akamning qaytishi nishonlandi. Mening sha’nimga ham iliq so’zlar aytildi, albatta.

Roman tog’am ehtiroslarini quyidagicha ifoda etdi:
– Shunday odamlar bo’ladiki, ular sudraluvchi jonzotlardan farq qilmaydi. Makonlari – botqoqlik. Lekin shunday insonlar ham borki, beixtiyor tog’ burgutlari ko’z oldingga keladi. Ular qanotlarini baralla yozib, osmoni falakda parvoz qilishadi. Kelinglar, Borya uchun – tog’ burguti uchun ichamiz! Ilohim, bulutlar ortda qolaversin! Qani, oldik!

– Ofarin! – deya qiyqirishdi xesh-aqrabolar. – Qoyil, Borya! Tog’ burguti, yigitlarning guli!

Shunda Gor`kiyning «Bo’ron qushi qo’shig’i» esimga keldi. Tog’am ovozini sal pasaytirib qo’shimcha qildi:
– Endi Seryoja uchun, burgutcha uchun ichamiz! To’g’ri, u hali polapon, qanotlari zaifroq. Lekin uni ham poyonsiz kengliklar kutmoqda!

– Xudo asrasin! – deya o’tirgan joyida baqirvordi onam. Tog’am u tomonga bir sigirqarash qilib qo’ydi.

Xolam yana allakimlarga qo’ng’iroq qildi. Natijada akamni «Lenfil`m»ga ishga olishdi. Yorituvchimi… shunga o’xshash bir yumushga tirkab qo’yishdi.

Men ko’p nusxali gazetaga ishga joylashdim. Buning ustiga, hikoyalar yoza boshladim.

Akam xizmat pillaioyalaridan jadal ko’tarila boshladi. Ko’i vaqt o’tmay laborant bo’ldi. Keyin – dispetcher. Keyin – katta dispetcher. Va nihoyat – kartina direktorining o’rinbosari. Ya’ni, moddiy ashyolarga mas’ul shaxs.

Lagerda yurganida tuzalishning mashqini rosa olgan ekan azamat. Mana, endi o’zini to’xtatolmayotganga o’xshardi.

Bir oydan so’ng surati «Hurmat taxtasi»ga ilindi. Uni rejissyorlar, operatorlar va shaxsan «Lenfil`m» direktori Zvonaryov yaxshi ko’rib qoldi. Farroshlarni aytmaysizmi…

Tez kunlarda kartina direktorligiga tayinlashni ham va’da qilishgan edi.

«Lenfil`m»ning o’n olti nafar keksa kommunisti unga partiyaga kirishi uchun tavsiyanoma yozib berishga tayyor turardi. Ammo akam hamon ikkilanardi.

U «Anna Karenina»dagi Levinni eslatardi. Nikoh arafasida Levin yoshlikda qilgan zinolarini o’ylab ezilgan bo’lsa, akamni ham shu masala qiynardi. Xo’sh, oldin jinoyat qilgan odam kommunist bo’lishi mumkinmi?

Keksa kommunistlar mumkin deb hisoblashardi…

Menga qiyoslaganda akam tamom boshqacha edi. Xushchaqchaq, gapga chechan, ishbilarmon. Uni o’ta muhim xizmat safarlariga jo’natishardi. Porloq kelajagiga hech kim shubha qilmasdi. Qamalib
chiqqaniga-ku birovni ishontirish amrimahol edi. Uzoqroq tanish-bilishlar u emas, meni turmada yotgan deb o’ylashardi.

Ittifoqo yana nimadir sodir bo’la boshladi. Birdan emas, albatta, asta-sekin. Go’yo ravon taralayotgan dilrabo kuyga g’iychillagan yoqimsiz tovush aralashib qolayotganga o’xshardi.

Akam hamon ot ustida edi. Majlislarda nutq so’zlar, xizmat safarlariga borishni kanda qilmasdi. Ammo icha boshlagan va ayollarga aylanishadigan odat chiqargan edi.

Uni betayin davralarda uchratadigan bo’lib qolishdi. U ko’pincha piyonistalar, chayqovchilar, o’zini Xalxin-Gol qahramoni deb ataydigan mubham faxriylar qurshovida yurardi.

Kayfi tarqagach, yana majlisga chopar, nutq so’zlab bo’lib darhol iziga – ulfatlari davrasiga qaytardi.

Akam o’zining oyog’iga o’zi bolta urayotganini bilmasdi.

U uch kunlab uyiga kelmasdi. Qandaydir ko’ski ayollarnikida qolib ketardi. Bunday ayollar orasida nihoyatda xunuklari ko’p uchrardi. Yanglishmasam, bittasining ismi Greta edi. Tomog’ida buqog’i ham bor edi. Bir kuni akamga:
– Tuzukrog’ini topsang o’lasanmi? – dedim ensam qotib.

– Tentak! – U meni jerkib tashladi. – Ishxonasidan spirt olib chiqishini bilasanmi? Xohlaganicha oladi!

Ko’rinib turibdiki, akam yoshligida qulog’iga quyib olgan gapga hanuz amal qilarkan: «Kitob bilan ayol zotidagi eng muhim narsa – shakl emas, mazmun…»

Keyin Boris «Narva» restoranida ofitsiantni do’pposlab qo’ydi. Akam undan «Suliko»ni chalishni talab qilgan…

Tez-tez militsiyaga tushadigan bo’lib qoldi. Har gal «Lenfil`m»ning partbyurosi joniga ora kirardi.

Biz bu sarguzashtlar nima bilan tugashini kutardik…

Yozda «Dauriya» fil`mini suratga oluvchi guruh bilan Chitaga ketdi. Orqasidan shumxabar keldi: Boris davlat mashinasida odam bosib ketibdi. Tag’in deng, sovet armiyasining zobitini. Zobit o’libdi…

Bizning bo’larimiz bo’ldi. Nima qilishimizni bilmasdik. Chitadan bir-biriga zid turli-tuman xabarlar kelib turardi. Emishki, Boris g’irt mast holda rulga o’tirgan. Boshqa bir xabarga ko’ra, zobit ham kayfda bo’lgan. Albatta, buning endi ahamiyati yo’q, u o’lgan…

Xolamga hech narsani bildirmadik. Tog’alarim to’rt yuz so’m pul yig’ib berishdi. Men Chitaga uchishim kerak edi – nima gapligini aniqlash va biron bir ma’nili tadbir qo’llash uchun. Mahbusga ul-bul narsa kiritish, advokat yollash va hokazo…

– Iloji topilsa, tergovchining og’zini moylash kerak, – derdi Roman tog’am.

Yo’l hozirligini ko’ra boshladim.

Birdan, yarim tunda, telefon jiringlab qoldi. Go’shakni oldim. Sukunat qa’ridan qulog’imga akamning ovozi sirg’alib kirdi: – Uxlayotganmiding?

– Borya! – deb qichqirib yubordim. – Tirikmisan?! Otmaydimi ishqilib?! Mastmiding?

– Tirikman, – dedi akam. – Otmaydi, otmaydi… Falokat-da… Ichmagan edim… Nari borsa to’rt yil berar. Sigaretni oldingmi?
– Qanaqa sigaret?

– Yaponlarniki. Chita Yaponiya bilan bir tomonlama savdo bitimi tuzgan. Bu yerda «Xi layt» degan ajoyib sigaret sotadi. Tug’ilgan kuningga bir o’ramini jo’natuvdim. Olmadingmi?
– Yo’q. Gap bunda emas hozir…

– Nega endi? Zo’r sigaret! Amerikaning litsenziyasi bo’yicha tayyorlangan.

So’zini bo’ldim:
– Turmadamisan?

– E, yo’g’-e, – deb javob berdi akam, – nafasing qursin! Mehmonxonadaman. Tergovchi oldimga kepturadi. Ismi Larisa. Lo’mbillagan… Mana, senga salom aytyapti…

Go’shakdan ayol kishining ovozi eshitildi:
– Tu-tu-tu, jo’jaginam!

Yana akam gapni ilib ketdi:
– Ovora bo’lib Chitaga kelib yurma. Sud Leningradda bo’ladi. Oyimning xabari bormi?
– Yo’q.
– Yaxshi bo’pti…

– Borya! – deb qichqirdim yana. – Nima jo’nataylik? Ahvoling og’irdir? Harholda, odam o’ldirgansan! Odam o’ldirgansan!

– Baqirma muncha. Zobitlar o’lish uchun tug’iladi-da. Yana qaytaraman – falokat bu, tasodif… Ha, aytganday, yuborgan sigaretlarim qayoqqa g’oyib bo’ldiykan?

Hech qancha vaqt o’tmay Chitadan o’sha hodisaning ikki nafar ishtirokchisi keldi. Jumboq oydinlashdi. Ularning gapiga qaraganda, bundoq bo’lgan.

Kimningdir tug’ilgan kuni ekan. Shuni tabiat qo’ynida nishonlamoqchi bo’lishadi. Borya esa kechqurun davlat mashinasida kelib, davraga qo’shiladi. Odatdagiday, ichkilik yetmay qoladi. Do’konlar berk. Mehmonlarning ta’bi tirriq. Shunda Borya otilib chiqadi:
– Samogon topib kelaman! Kim men bilan boradi?

Kayfi borligi uchun uni shashtidan qaytarmoqchi bo’lishadi. Akam oyoq tirab turib oladi. Pirovardida uch kishi u bilan birga jo’naydi. Mashina haydovchisi ham orqa o’rindiqda mudrab borayotgan ekan.

Yarim soat o’tar-o’tmas, mototsiklni urib ketishadi. Egasi hushiga kelmay jon beradi.

Hamma talvasaga tushadi. Ammo akam hushyor! Qaroridan qaytmaydi, ya’ni samogon izlab ketadi. O’n besh minutda topib, davradoshlarini obdon siylaydi. Sal o’ziga kelgan haydovchiga ham ichiradi. U yana pinakka ketadi.

Ana shundan keyingina akam militsiyaga qo’ng’iroq qiladi. Izquvarlar tezda yetib kelishadi.

Murda va majaqlangan mototsikl` darrov topiladi. Tezkor xodimlar qarshisida to’rt nafar mast odam chayqalib turardi. Ularning orasida eng hushyori akam ekan.
– Haydovchi kim? – deb so’raydi leytenant Dudko.

Akam xurrak otib yotgan haydovchini ko’rsatadi. Uni moshinaga ortishadi. Boshqalarni uy-uylariga eltib qo’yib, manzillarini yozib olishadi.

Akam uch kungacha yashirinib yuradi. Badanida spirtdan asar qolmagach, militsiyaga kelib, aybiga iqror bo’ladi.

Bu vaqt orasida haydovchi ham o’ziga keladi. Uni dastlabki tergov kamerasiga qamab qo’yishgan ekan. U kayfda odam bosib ketganiga chippa-chin ishonadi.

Kutilmaganda akam kirib kelib, rulda men o’tirgan edim, deydi.

– Nega bo’lmasa Kraxmal`nikovni ko’rsatdingiz? – deydi leytenant achchiqlanib.

– Siz haydovchi kim deb so’radingiz, men javob berdim…

– Uch kundan beri qaysi go’rda yuruvdingiz?
– Qo’rqib ketdim-da, xo’jayin…

Akamning yuzidagi soxta ifodani leytenant payqaydi.
– Qo’rqqanmishlar-a!

Keyin tag’in savol beradi:
– O’shanda kayfingiz bormidi?
– Mutlaqo! – deydi akam.

Ammo endi hech narsani isbot qilib bo’lmasdi. Bazmi jamshid ishtirokchilari, Borya ichmagan edi, deb bir gapda turib olishadi. Haydovchi ishxonasi bergan hayfsan bilan qutulib ketadi.

Akam bilib yo’l tutgan edi. Endi uni kayfda rulga o’tirgan kishi sifatida emas, baxtsiz hodisa sababchisi sifatida sud qilishadi.

Tergovchi Larisa akamga bunday degan ekan:
– Sen hatto to’shakda yotib ham tergovni chalg’itasan…

Bir haftadan keyin Boris Leningradga keldi.

Bu vaqtda xolam hammasidan xabardor edi. Yig’lab-siqtab o’tirmadi. Militsiyada tanishi bor yozuvchilarga qo’ng’iroq qildi. Yana o’sha – Yuriy German, Metter, Saparov.

Shular tufayli akamga tegishmadi. Sudgacha tinch qo’yishdi. Faqat, shahardan jilmaslik to’g’risida tilxat olishdi. Bir kuni uyimizga akam kirib keldi.

– Sen Leningrad yaqinida xizmat qilgansan-a? Shu atrofdagi lagerlarni ham bilarsan?
– Ha, Obuxovoda bo’lganman… Gorelovoda, Piskaryovoda ham bo’lganman.

– Xo’sh, seningcha, qaysi birida yotganim ma’qul?
– Obuxovoda tartib sal yumshoqroq, nazarimda.
– Yaxshisi, borib ko’rib kelamiz…

Obuxovoga jo’nadik. Kazarmaga kirdik. Navbatchi bilan gaplashdik. Eski tanishlarni surishtirdik. Hayal o’tmay kazarmaga serjantlar Goderidze bilan Osipenkolar chopib kirishdi.

Quchoqlashib ko’rishdik. Ularga akamni tanishtirdim. Lagerning eski ma’muriyatidan kimlar qolganini so’radim.
– Kapitan Deryabin, – deyishdi ular.

Kapitan Deryabinni yaxshi bilaman. Ko’ngli ochiq, araqqa to’ymaydigan bir odam. Men xizmat qilgan kezlarda u leytenant edi.

Zonaga qo’ng’iroq qildik. Deryabin bir zumda yetib keldi.

– O-o! – deb qiyqirdi u ostonadanoq. – Seryoga kepqopti-ku! Qaysi shamol uchirdi? O’zgarib ketibsan-a, xumpar! Yozuvchi bo’pketgan deb eshitdim, shu rostmi? Rost bo’lsa, senga yozadigan narsa topib qo’yganman. Quloq sol. Shu desang, santexniklar brigadasini ishga opchiquvdim. Soqchi tayinlab, o’zim yozilgani ketsam, bir mahbus qochmoqchi bo’pti. Rostdan ham qochibdi. Yo’q, uchib ketibdi. Ha, ha, parvoz qipti. Sheriklari devor yonida o’sgan qarag’ayning uchini egishibdi-da, mahbusning qo’ltig’idan o’tkazilgan montaj qayishini daraxtning uchiga ilib, uni qo’yib yuborishibdi. Mahbus qarag’ay qaddini rostlamasdan burun qayishni yechib yuborishi kerak ekan. Ammo mo’ljalni noto’g’ri olgan shekilli, qor uyumi ustiga emas, to’ppa-to’g’ri voenkomatning hovlisiga borib tushibdi. Anovini qara! Ha, senbop yana bir detal` – uni qo’lga olayotganlarida voenkomning burnini tishlavopti, xumpar!

Men Deryabinni akam bilan tanishtirdim.

– Lyoxa, – dedi kapitan qo’lini cho’zib.
– Bob.
– Bir ish bor, – dedim Deryabinga, – o’zingdan qolar gap yo’q…

Biz kazarmadan ko’ra o’rmon chetidagi yalanglikni ma’qul ko’rdik. Goderidze bilan Osipenkoni ham taklif qildik. Portfeldan to’rt shisha «Zveroboy»ni oldik. Ag’anab yotgan archa ustiga tizilishdik.

– O’lmaguncha yashayveraylik! – deyishdi turmachilar stakanlarni cho’qishtirib. Sal o’tmay akam bilan Deryabin og’iz-burun o’pisha boshlashdi. Ayni paytda Borya savolni ham kanda qilmasdi:
– Ichkari issiqmi? Blokpostlarda soqchi itlar nechta? Qo’riqlashning kamera printsipiga rioya qilinadimi?

– G’am yema, – deyishdi yangi ulfatlar.
– Yaxshi zona, – deli Goderidze, – dam olasan, maishat qilasan, uyingga sal et qo’yib ketasan-da…

– Do’kon ham uzoq emas, – deya gapni ilib ketdi Osipenko. – Oqidan deysanmi, qizilidan deysanmi, pivomi…

– Men borimda yotib qolinglar, yigitlar. Lyoxa Deryabinni ishdan bo’shatishsa, ahvolingizga voy… O’rnimga qandaydir to’liqsiz oliy ma’lumotli kishilar kelib qolsa, ana o’shanda eslaysizlar meni!..

Borya uning uy telefonini yozib oldi.

– Men ham yozvolay, – dedi Deryabin.
– Hojati yo’q, – dedi akam, – bir oydan keyin shu yerda bo’laman.

Elektrpoezdda uyga qaytayotganimizda: – Boshlanishi chakki emas, – deb qo’ydi u.

Men yig’lavoray dedim. YO «Zveroboy» ta’sir qildimi…

Hech qancha vaqt o’tmay sud boshlandi. Akamni yana o’sha advokat Kiselyov himoya qildi. Zalda o’tirganlar uning gaplariga qarsak chalib turishdi.

Qizig’i shundaki, halok bo’lgan zobit Korobchenko emas, mening akam jabrlanuvchiga aylanib qoldi.

Pirovardida advokat bunday dedi:
– Inson hayoti ko’pdan-ko’p xatarli burilishlari bo’lgan tog’ yo’lini eslatadi. Mening himoyamdagi sudlanuvchi ana shunday burilishlardan birining qurboni bo’ldi.

Akam yana uch yilga kesildi.

Sud bo’layotgan kuni Chitadan banderol` oldim. Unda yaponlarning o’n quti «Xi layt» sigareti bor edi.

Boryani Obuxovoga jo’natishdi. Sharoit yaxshi, soqchilar mehribon degan mazmunda xatlar kelib turdi.

Kapitan Deryabin so’zining ustidan chiqadigan odam ekan. Akamni non kesuvchilikka qo’yibdi. Turmada bu – katta mansab.

Bu orada akamning xotini qiz tug’di. Bir kuni menga qo’ng’iroq qilib:
– Boryani ko’rishga ruxsat berishdi. Bo’sh bo’lsang, birga boraylik. Chaqaloq bilan qiynalaman, – deb qoldi.

To’rt kishi yo’lga tushdik – xolam, kennoyim Liza, ikki oylik Natasha va men.

Avgustning diqqinafas kuni edi. Natasha manzilga yetgunimizcha yig’idan to’xtamadi. Liza holdan toydi. Xolamning boshiga og’riq kirdi.

Mana, nihoyat, uchrashuv bo’ladigan xonadamiz. Bu yerda bizdan boshqa yana olti kishi bor edi. Mahbuslarni shisha to’siq bizdan ajratib turardi.

Liza chaqaloqni yo’rgakdan yechdi. Akamdan darak yo’q. Soqchining oldiga bordim:
– Qani Dovlatov?

– Kutinglar, – dedi u to’ng’illab.
– Navbatchiga qo’ng’iroq qil, akamni chaqirsin. Lyoxa Deryabinga kelganimni ayt.

Soqchi sal past tushdi:
– Men Deryabinga bo’ysunmayman. Mening xo’jayinim boshqa.
– Bo’laqol, og’aynichalish!

Shu payt akam kelib qoldi. Egnida lager` korjomasi. Moshinkada olingan sochi sal o’sibdi. Rangi tiniq, to’lishgan.

Xolam tuynukdan olma, kolbasa va shokolad uzatdi. Liza nuqul qiziga gapirardi:
– Ana dadang, ko’ryapsanmi, ana dadang…

Akam negadir mendan ko’z uzmasdi.
– Shimingning ahvolini qara, – dedi u nihoyat, – rangi ham molbo’qimi-yey… Bir yahudiy bilan tanishtirib qo’yaymi? Zonada quling o’rgilsin shimlar tikadi. Leningradda ham unga teng keladigani yo’q.

– E, qo’ysang-chi! Shu tobda mening tashvishimni qilasanmi?
– Qo’rqma, – deya davom etdi u, – tekin. Pul beraman, shimbop gazmol olasan, yahudiy tikib beradi. Bunaqa yurish yarashmaydi senga.

– Pul beraman?! – Xolamning ko’zlari ola-kula bo’lib ketdi. – Pul nima qiladi senda? Lagerda pul olib yurish mumkin emas-ku!
– Pul mikrobga o’xshagan narsa, – dedi Boris, – hamma yerda bo’ladi. Mana, kommunizm qursak – balki boshqacha bo’lar…

– Qizingga bir qarab qo’ysang-chi, – dedi Liza yalinganday.
– Ko’rdim, ko’rdim, ajoyib qizcha.

– Ovqatlari tuzukmi? – deb so’radim Borisdan.
– Mazasi yo’q. Men oshxonaga bormayman. Birortasini gastronomga jo’natamiz. Lekin tushdan keyin hech narsa topib bo’lmaydi. Bu Nikita tushmagur qishloq xo’jaligini barbod qildi. Bir vaqtlar butun Ovruponi boqqanmiz-a! Endigi umid – xususiy sektordan…
– Sekinroq, – deb qo’ydi xolam.

Akam xizmat muddati tugaganidan keyin qolib ishlayotgan bir yigitni chaqirib, qulog’iga bir nimalar dedi. U o’zini oqlay boshladi. Uzuq-yuluq gaplari qulog’imga chalindi.
– Iltimos qiluvdim-ku, – derdi akam.
– To’g’ri. Tashvishlanma. O’n minutda keladi.

– O’n ikki yarimga, deganman.
– Iloji bo’lmadi-da.

– Meni xafa qildilaring.
– Borya, meni bilasan-ku… Gapim – gap. Tolik besh minutdan keyin shu yerda bo’ladi…

– Lekin hozir ichgimiz kelyapti.
– Nima gap o’zi? – deb so’radim akamdan.

– Bir arbobni araqqa jo’natuvdim, haligacha yo’q… Bu yer harbiy bo’linma emas, kaptarxona…
– Kartserga tushasan, – dedi Liza.
– Nima, kartserdagilar odammasmi?!

Chaqaloq yana yig’ini boshladi. Liza tumtaydi. Akamning bee’tiborligidan xafa bo’lgan edi. Xolam ketma-ket dori yuta boshladi.

Uchrashuv vaqti tugab borardi. Mahbuslardan birini deyarli sudrab olib kirib ketishdi. U orqasiga qayrilib, ko’rgani kelgan xotiniga baqirdi:
– Nad`ka, birovga ishtoningni yechsang – o’ldiraman! Yerning tagidan bo’lsa ham topib, abjag’ingni chiqaraman! Meni bilasan-a?!

– Ketaylik, – dedim men, – vaqtimiz tugadi.

Xolam yuzini burdi. Liza nuqul chaqalog’ini silkitardi.
– Araq-chi? – dedi akam.
– O’zlaring ichaveringlar.

– Sen bilan ichmoqchi edim-da.
– Keragi yo’q, aka, hozir ko’ngilga sig’armidi…
– Ha, mayli… Lekin anovi Tolikni baribir aspalasopinga jo’nataman. Men uchun insondagi eng muhim fazilat – mas’uliyatni his eta bilishi.

Shu payt shisha ko’tarib, halloslagancha Tolik kelib qoldi.
– Mana, bir so’mu o’ttiz tiyin qaytimi…
– Men ko’rmay qo’yaqolay, – dedi navbatchi Boryaga sirlangan krujkasini tutaturib.

Akam chapdastlik bilan krujkani to’ldirdi. Hamma bir qultumdan ichdi. Mahbuslar ham, ko’rgani kelganlar ham, nazoratchi ham, hatto navbatchi ham chetda qolmadi.

Soqoli o’sgan bir mahbus krujkani baland ko’tarib xitob qildi:
– Buyuk vatanimiz uchun! Shaxsan o’rtoq Stalin uchun! Fashistlar Germaniyasi ustidan qozongan g’alabamiz uchun! Barcha to’plardan baravariga o’t ochilsin – babax!

– Yashasin Imre Nadning ashaddiy reaktsion to’dasi! – deya uni qo’llab-quvvatladi boshqa bir mahbus.

Navbatchi akamning yelkasiga asta qo’lini qo’ydi:
– Bob, sen boraqol endi.

Biz xayrlashdik. Tuynukdan akamga qo’limni uzatdim. Xolam o’g’liga mo’ltirab qaradi. Liza birdan o’kirivorgan edi, chaqaloq uyg’onib ketib chirillay boshladi. Zonani tark
etdik…

Oradan bir yilcha o’tdi. Akamdan xat kelib turdi. Hamon non kesarkan. Deryabin pensiyaga chiqqach, Boryani elektr montyorligiga o’tkazishibdi.

Keyin uni Ichki ishlar boshqarmasining vakili so’roqlab kebdi. Lagerlar to’g’risida hujjatli fil`m yaratishga qaror qilishgan ekan. Sovet lagerlari – dunyodagi eng insonparvar lagerlar ekani haqida. Fil`m faqat xizmat doirasidagina namoyish etilarmish. Nomi: «Axloq tuzatish mehnat koloniyalarini qo’riqlash usullari».

Akam uzoq-yaqin lagerlarni aylanib chiqibdi. Unga «GAZ-61» moshinasini berib qo’yishibdi. Zarur uskunalar bilan ta’minlashibdi. Akamni ikki soqchi – Goderidze bilan Osipenko har doim qo’riqlab yurarkan.

Boris uyga ham tez-tez kelib turardi.

Yozga chiqib fil`m tayyor bo’ladi. Boris bir vaqtning o’zida ham kinooperator, ham rejissyor, ham diktorlik vazifasini bajaribdi.

Iyun` oyida fil`m rahbarlarga ko’rsatilibdi. Zalda nuqul generallar bilan polkovniklar emish. Muqokama chog’ida general Shurepov:
– Yaxshi, kerakli fil`m… – debdi. – Xuddi «Ming bir kecha»ning o’zginasi!

Borisni maqtashibdi. Sentyabrga qolmay ozodlikka chiqarishni ham va’da qilishibdi.

Akamning tabiatidagi eng asosiy xislatni mana endi anglab yetgandekman. U beorom, beboshu behalovat turmushni xush ko’rarkan. Borya favqulodda vaziyatlardagina erkin nafas olishi mumkin. Qamoqda martaba orttiradi, jar yoqasiga kelib qolganida yashash uchun kurashadi.

Nihoyat uni ozod qilishdi.

Bu yog’i takror. Charxpalak yana ishga tushdi. Xolam Yuriy Germanga qo’ng’iroq qildi. Akamni hujjatli fil`mlar studiyasiga oddiy ishchi qilib olishdi. Ikki oydan keyin u ovoz operatori bo’ldi. Yarim yildan so’ng esa – ta’minot bo’limining boshlig’i.

Ayni o’sha kunlarda meni ishdan butunlay haydashdi.

Men hikoya yozar va onamning nafaqasiga kun ko’rar edim…

Xolam kasalga chalinib olamdan o’tgach, qog’ozlari orasidan qo’yko’z, istarasi issiq bir kishining surati chiqib qoldi. Bu Kirovning o’rinbosari – Aleksandr Ivanovich Ugarov edi. Akamning
xuddi o’zi.

Sal yoshroq ko’rinadi, xolos.

Borya otasi kimligini oldin ham bilardi. Endi ochiqchasiga gaplashdik.

Akam ota tomon qarindoshlarini izlab topsa bo’lardi. Lekin xohlamadi. Gapimni cho’rt kesdi:
– Menga o’zing yetib-ortasan. Boshqa odamning keragi yo’q.

Keyin o’ylanib turib, qo’shib qo’ydi:
– Qiziq! Men – chala rusman. Sen – chala yahudiysan. Ammo ikkalamiz ham araq bilan pivoga o’chmiz-a…

Yetmish to’qqizinchi yili men muhojirotga ketishga ahd qildim. Akamni qistasam, ko’nmadi. U yana icha boshlagan, restoranda mushtlashmagan kuni yo’q edi. Tepasida ishdan haydalish xavfi muallaq turardi.

Shunda bir narsaga qat’iy ishonch hosil qildim: erkinlikda yashash Borisning mijoziga yoqmas ekan, unga – qamoq tuzuk ekan.

Oxirgi marta o’tindim:
– Ketaylik.

Akam ma’yus javob qaytardi:
– Ke, qo’y. Menga to’g’ri kelmaydi, – dedi u. – Yahudiyligimni isbotlash uchun idorama-idora lo’killashim kerak… Bundan ortiq tahqir bo’ladimi… Arag’imdan qo’ymasin. Ichvosam bas – menga N`yu-York nimayu Leningrad nima! Poshshodek yuraveraman…

Aeroportda akam ko’zyoshi qildi. Qaribdi chog’i. Innaykeyin, kuzatib qolishdan ko’ra jo’nab ketish hamisha yengil kechadi…

Mana, to’rt yildirki, men N`yu-Yorkda yashayman. Leningradga muntazam posilka jo’natib turaman. Bir kuni, kutilmaganda, u yoqdan banderol` keldi.

Pochtaxonadayoq ochdim. Qarasam – Olimpiya o’yinlari ramzi tushirilgan havorang ko’ylak. Yana – shisha tiqinini sug’uradigan qo’lbola ochqich.

O’ylanib qoldim – shuncha yil yashab, esda qoladigan, men uchun tabarruk nima bor o’zi? Keyin topdim: to’rt chaqmoq qand, yaponlarning «Xi layt» sigareti, havorang ko’ylak va mana shu ochqich…

Manba: «Tafakkur» jurnali

xdk

(Tashriflar: umumiy 580, bugungi 1)

Izoh qoldiring