Somerset Moem. Ikki hikoya: Luiza & Qochqinlik poyoni

055     Инглиз адабиёти тарихида машҳур ёзувчи ва драматург Сомерсет Моэм (1874-1965) ижоди алоҳида ўринга эга. Адиб ўзининг асарларида қаҳрамонлар руҳий оламини теран очиб бергани, Бадиий сўз имкониятларини юксак маҳорат билан намойиш этгани боис жуда кенг китобхонлар оммасининг эътиборини қозонди.
06Сомерсет Моэмнинг «Инсоний эҳтиросларнинг уқубатлари» (1915), «Ой ва чақа» романлари, «Давра» (1921) сингари кўплаб пиесалар ва айниқса, 1926 йили нашр этилган «Казуарин дарахти» номли тўпламидан жой олганбир қанча ҳикоялари аллақачон жаҳон халқларининг талай тилларига таржима қилиниб, чоп этилган.
Сомерсет Моэм жаҳон адабиётида ихчам ҳикояларнинг моҳир устаси сифатида шуҳрат қозонган. Бу ҳикояларида ёзувчи китобхонни инсон руҳиятининг мураккаб дунёсига олиб киради, ҳаётга янгича назар билан — ҳам куюниб, ҳам кулиб қарашга мажбур этади. Адиб асарларига хос бўлган жонли, аниқ-тиниқ, ростгўй ва самимий тил уларнинг берилиб, катта қизиқиш билан ўқилишини таъминлаган.

Сомерсет Моэм
ИККИ ҲИКОЯ
Алишер Отабоев таржималари
021

ЛУИЗА

Луиза нега мени ўзига яқин олганига сира ақлим етмайди. У мени ёмон кўрарди. Имкон бўлди дегунча ортимдан хунук гапларни гапиришини сезиб юрардим. Ёқтирмаслигини очиқ айтмаса-да, пичинглари-ю, хўрсинишларидан, чиройли қўлларини силкитишларидан ҳам буни тушуниб олиш қийин эмасди. Бир-биримизни йигирма беш йилдан бери яқиндан билардик. Лекин бу нарсанинг Луиза учун ҳеч қандай аҳамияти йўқ эди. У мени қўпол, сурбет ва шафқатсиз одам, деб ҳисобларди. Шунақа ёмон кўраркан, нега мени ҳоли-жонимга қўймайди, бошим қотарди. Дам-бадам нонушта ёки тушликка чақирар, дам олиш кунлари шаҳар ташқарисидаги уйига ҳам йилига бир неча марта таклиф қиларди. Эҳтимол, ёлғиз менгина унинг ниқоб остидаги ҳақиқий башарасини кўришга қодирлигимни Луиза билгандир. Мен ҳам эртами, кечми, юзимга шунақа ниқоб кийишимга умид қилгандир.

Луизани қизлик пайтиданоқ билардим. Ўша пайтлари у катта-катта кўзлари маъюс боқувчи нимжонгина қиз эди. Ота-онаси Луизани ҳаддан зиёд яхши кўришар, еру кўкка ишонишмасди. Бунга Луизанинг дардчиллиги ҳам сабаб эди. Билишимча, Луиза болалигида қизилча касалига чалиниб, юраги заифлашиб қолган, энди у ўзини ҳар томонлама асраб-авайлаб яшашга мажбур эди.

Том Метленд унинг қўлини сўраганида, қизнинг ота-онаси қўрқиб кетишди. Улар Луизанинг бу аҳволда эрга тегишга умуман ярамаслигини билишарди. Лекин улар бойлар тоифасидан эмасдилар. Том Метленд эса бадавлат одам эди. У, Луиза хоҳласа, осмондаги ойни ҳам олиб беришга ваъда берди ва охир-оқибат улар қизларини Том Метленднинг қўлига ишониб топширишди. Том қорувли, кучли ва келишган йигит бўлиши билан бирга, яхшигина спортчи ҳам эди. У Луизани жонидан ортиқ яхши кўрарди. Юраги хаста севгилисидан яқин-орада жудо бўлишини биларди, Луиза қолган саноқли йилларини бахтли ўтказиши учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилишга ҳамиша тайёр эди.

У илгаридан қойилмақом қилиб бажариб юрган спорт машқ¬ларидан ҳам воз кечди. Йўқ, Луиза шундай бўлишини хоҳлагани учун эмас, бирор ёққа кетмоқчи бўлиб турган пайтида ҳар гал Луизанинг юраги санчиб қолгани учун машқлардан воз кечди. Жанжаллашиб қолишган вақтларида Луиза энг яхши хотин қиёфасига кириб, дарров Томга ён босарди. Кейин Луизанинг юраги безовта қилар ва у бир ҳафта мусичаи беозор бўлиб, тўшакка михланиб ётарди. Шундай пайтларда Том хотинига қаттиқ гапиришга юраги бетламасди.

Бир сафар Луиза ўзи жудаям хоҳлаб сайрга чиқиб яёв саккиз мил йўл юрганини кўриб, Том Метленд¬га Луизанинг соғлиги унча-мунча аёлларникидан яхши эканлигини айтдим. Том бошини чайқаб, хўрсинди:

«Йўқ, Луиза аслида жудаям заиф. У дунёдаги энг яхши юрак мутахассислари кўригидан ўтди. Ҳаммаси Луизанинг саноқли кунлари қолганини айтди. Метин иродаси борлиги учун ҳам ҳозир ўзини шундай тутаяпти».

Том гапларимни Луизага айт¬ди.

«Бунинг азобини эртага кўраман», деди Луиза менга қараб «уҳ» тортаркан: «Яна ўлим билан юзма-юз бўламан».

«Баъзида менга сизда ҳеч қанақа касаллик йўқдай туюлади», дедим секингина.

Гаштли ўтган меҳмондорчиликларда Луиза эрталабки бешларгача рақс тушиб чарчамаганини, бефайз ўтиришларда эса мазаси қочиб, Том уни уйига вақтли олиб кетганини бир неча марта кўргандим. Менга қараб синиққина кулиб қўйган бўлса-да, бояги гапим Луизага ёқмаганини сездим. Катта-катта кўк кўзларидан кайфи қочганлиги билиниб турарди.

«Мен сизни хурсанд қилиш учун ўлаётганим йўқ», деди у.

Луиза эридан ҳам кўпроқ яшади. Бир куни улар елканли қа¬йиқда сайр қилиб қайтишганидан кейин Том қаттиқ шамоллаб қолиб жон таслим этди. Луизани иситиш учун уни уйдаги бор гиламу кўрпалар билан ўраб қўйишга тўғри келди. Том Луизага катта бисот ва бир қиз қолдириб кетди. Луиза тасалли топмайдиган бир аҳволга тушиб қолди. Хаста юраги билан бу кулфатни кўтара олганига ақл бовар қилмасди. Бечора Том Метлендни тупроққа қўйишда Луизанинг дўстлари унга далда бўлдилар. Улар онасидан ҳам ажралиб етим бўлиб қолиши мумкин бўлган Луизанинг қизи Ирисга чиндан қайғура бошлаган эдилар. Шу боис, Луизанинг теварагида гирдикапалак бўлишарди. Дўстлари Луизанинг қўлини совуқ сувга урдирмади, уни турли ташвишлардан холи қилиш учун ҳар қандай нарсага тайёр эканликларини билдиришди. Дарҳақиқат, уларга иш ҳам топилди, чунки Луиза бирор оғирроқ ёки ёқмайдиган юмуш қилмоқчи бўлса, юраги санчиб, бир ўлиб-бир тириларди. “Агар биров менга кўз-қулоқ бўлиб турмаса, ўлишим аниқ” дерди Луиза. Шу аҳволида қизалоғи Ирисни қандай катта қилишига ақли етмасди. “Нега яна эрга тегмайсиз?”, деб сўрашарди дўстлари. “Оҳ, бу юрагим билан эрга тегиш ҳақида ўйлашга ҳам ботинолмайман”, дерди Луиза.

Лекин Томнинг ўлимидан ке¬йин бир йил ўтгач, Луиза қўлини сўраган Жорж Хобҳаузга розилик берди. Жорж келишган ва анчагина бадавлат одам эди. Бу нимжон аёлни паноҳига олишига розилик беришганида, Жорждан бахтиёр одамни кўрмадим.

“Мен сизни кўп қийнамайман”, дерди Луиза. Жорж шуҳратпараст ҳарбийлардан эди. Лекин ишини ташлаб қўйди. Луизанинг соғлиғи ёмонлашиб қишни Монте Карло, ёзни эса Дювилда ўтказишга мажбур бўлди. Жорж уч-тўрт кунлик умри қолган хотинини қўлидан келгунча хурсанд қилишга аҳд этди.

“Ҳаётим тугаб бораяпти”, дерди Луиза: “Тинчгина ўлишга ҳаракат қиламан”.

Кейинги икки-уч йил мобайнида Луиза хаста юрак билан чиройли кийиниб, энг қизғин базм¬ларга боришни, дўржи-дўржи пул тикиб қимор ўйнашни, баланд бўйли, чиройли йигитлар билан рақс тушишни ва ҳатто уларга ноз-карашма қилишни ҳам эплади. Луизанинг биринчи эридаги матонат Жорж Хобҳаузда йўқ эди ва у Луизанинг иккинчи эри сифатида зиммасидаги ташвишлардан зерикиб, ора-сира ичиб юришга мажбур бўлди. Албатта, Жорж ароққа муккасидан кетганида бу қилиқ Луизага ёқмасди. Аммо (Луизанинг бахтига) уруш бошланди. Жорж заҳирадан ўз полкига қайтиб, уч ойдан кейин ҳалок бўлди. Бу зарба Луизани эсанкиратиб қўйди. Лекин шундай мусибатдан кейин ҳам у ғам-ғуссага йўл бермаслиги лозимлигини ҳис қиларди. Агар ўша пайтда юраги хуруж этганда ҳеч ким бу ҳақда хабар топмаган бўларди. Ўзини чалғитиш учун Луиза Монте Карлодаги вилласини оёққа тураётган офитсерларга мўлжалланган шифохонага айлантирди. Дўстлари унга бу ташвиш оғирлик қилишини айтишди.

“Бу иш мени ўлдириши аниқ”, деди у: “Биламан. Лекин бунинг нима аҳамияти бор? Бош¬қаларга ёрдам беришим керак”.

Луиза ўлмади. Қайтага аввалгидан ҳам яшнаб кетди. Унинг шифохонасига тенг келадиган касалхона бутун Франтсияда йўқ эди. Уни тасодифан Парижда учратиб қолдим. Ресторанда новча ва жуда келишган ёш франтсуз билан тушлик қилаётган экан. “Бу ерда шифохонага алоқадор ишлар бўйича юрибман”, деб тушунтирди у. Луиза касалхонадаги офитсерлар унга маҳлиё эканлиги ҳақида гапирди. Улар Луизанинг касали оғирлигини тушунишаркан ва унга ҳеч қандай юмуш қолдиришмаскан. Гўё улар Луизага эридек ғамхўрлик қилишаркан. Луиза хўрсинди.

“Бечора Жорж, шу юрагим билан ундан кўп яшашимни ким ҳам ўйлабди дейсиз?”

“Эҳ, бечора Том,” дедим мен.

Нега бу гапим унга ёқмаганини тушунмайман. У менга синиққина жилмайди, кўзлари ёшга тўлди.

“Доим ўлимимни кутаётгандек гапирасиз…”

“Айтмоқчи, юрагингиз анча соғайиб қолибди, деб эшитдим?”

“Юрагим ҳеч қачон соғаймайди. Бугун эрталаб шифокор кўригига бордим. Ўлишга тайёр бўлиб туришимни маслаҳат берди”.

“Йўғ-э, бунга йигирма йилдан бери тайёрланасиз-у?”

Уруш тугагандан кейин Луиза Лондонга кўчиб ўтди. Энди ёши қирқдан ошиб қолган, аввалгидек озғин ва нимжон, кўзлари катта-катта, юзлари рангпар аёл бўлса ҳам, йигирма бешдан ошмагандек кўринарди. Мактабни тугатиб, бўйга етиб қолган Ирис эса у билан бирга яшай бошлаганди.

“У менга қарайди”, дерди Луиза: “Турган гап, мендек қари ногирон билан яшаш унга қийин бўлади. Лекин бу бир-икки кун давом этадиган нарса. Ириснинг йўқ демаслиги аниқ”.

Ирис жуда яхши қиз эди. Уни, онасининг соғлиғи ёмонлигини мунтазам уқтириб, вояга етказишганди. Бола бўлиб у бирор марта ҳам тўполон қилмаган эди. Онасини ёлғиз қолдириш мумкин эмаслигини доим ёдида сақларди. Мана энди Луиза қизига: “Ҳамманинг жонига теккан кекса аёл учун ўзингни бағишлашингга чидай олмайман”, деб қанча гапирмасин, у бу гапларга қулоқ солмади.

Луиза “уҳ” тортиб, қизига фарзандлик бурчини адо этишга рухсат берди.

“Боламга менга ғамхўрлик қилиш ёқади”, деди у.

“Дўстлари билан бирга юргани яхшимасмиди?”, деб сўрадим.

“Э, буни унга доим айтаман. Дўстларинг билан ўйнаб-кулиб юр, деб ҳеч кўндиролмадим. Тепада худо бор, бировнинг мени деб ҳузур-ҳаловатини йўқотишини ҳеч қачон хоҳламаганман”.

Мен бу гапларни Ирисга айт¬ганимда, у шундай деди: “Бечора ойижоним, менинг дўстларим билан бирга бўлишимни, ўтиришларга боришимни хоҳлайди, энди бирор жойга бораман деб турганимда юраклари санчиб қолади, шунинг учун уйда қолганим яхши”.

Лекин кўп ўтмай Ирис бир йигитга кўнгил қўйди. Ёш дўстим, бамаъни бир йигит унинг қўлини сўради ва қиз рози бўлди. Ирисни жуда яхши кўрардим. Ниҳоят ўзи учун ҳам яшаркан-да, деб қувондим. Лекин бир куни ўша йигит тушкун бир аҳволда олдимга келиб, тўй қолдирилганини айт¬ди. Ирис онасини ташлаб кетолмаскан. Бу менинг ишим бўлмаса ҳам, баҳона топиб, Луизаникига бордим. Чой ичиб ўтирган пайтида дўстлари келиб қолса, у доим хурсанд бўларди.

“Ирис эрга тегмаскан, деб эшитдим?”, дедим муддаога ўтиб.

“Билмайман. Мен хоҳлаганим билан у эрга тегмайди… Мени ўйламай эрга тегавер, деб тиз чўкиб илтимос қилсам ҳам, “Сизни ташлаб кетолмайман”, деяпти”.

“Қизингизга жабр қилмаяпсизми?”

“Балки. Лекин бу бир-икки ой давом этади. Бунинг устига мен “Ўз ҳаётидан воз кечиб, менга қарасин”, деяётганим йўқ-ку”.

“Азизим Луиза. Бир-икки ой деб, иккита эрингизни кўмдингиз. Тўғри, нимага энди яна уч-тўрттасини нариги дунёга жўнатмаслигингиз керак!”

“Биламан! Мен ҳақимда нима деб ўйлаб юрганингизни. Юрагимнинг касал эканига ҳеч қачон ишонмагансиз, шундайми?”

Луизанинг кўзига тик қарадим.

“Тўппа-тўғри. Сиз йигирма беш йил ҳаммани лақиллатдингиз. Сиз дунёдаги энг худбин, энг қабиҳ аёлсиз. Анови иккита бадбахт эркакнинг умрига зомин бўлдингиз. Энди бўлса қизингизни ҳам шу кўйга солмоқчисиз”.

Агар ўша пайт Луизанинг юраги тўхтаб қолганда ҳайрон бўлмасдим. Унинг қуюшқондан чиқиб кетишини кутгандим. У эса менга қараб мулойим жилмайди.

“Бечора дўстим, яқин кунларда бу гапларни менга айтганингиздан шундай афсусланасизки…”

“Энди Ирис ўша болага эрга тегмайдими?”

“Эрга тег”, деб қизимдан илтимос қилдим. Мени ташлаб кетса, ўлишимни биламан. Майли. Барибир, ҳамма мени ёмон кўради. Одамларга ортиқча юкман…”

“Ташлаб кетсанг — ўламан”, деб унга айтдингизми?”

“У мени шунга мажбур қилди”.

“Ўзингиз бирор иш қилишни хоҳламасангиз, ҳеч ким сизни мажбурлай олмайди”.

“Хоҳласа, ўша йигитга эртагаёқ эрга чиқсин. Шу нарса мени ўлдирса, ўлдира қолсин”.

“Келинг, бир таваккал қилиб кўрайлик, майлими?”

“Менга озгина бўлсаям раҳмингиз келмаяптими?”

“Шунақа томошалар кўрсатгансизки, сизга раҳмим келиши қийин”, дедим мен.

Луизанинг оппоқ юзларига ранг югурди. Луиза кулди, лекин кўзлари ғазаб билан қатъий боқарди.

“Ириснинг тўйи шу ойда бўлади”, деди у: “Агар менга бирор нарса бўлса сиз ҳам, Ирис ҳам ўзингизни кечира олмассиз, деб умид қиламан”.
Луиза сўзида турди. Тўй вақти белгиланди. Катта сеп буюрилди ва таклифномалар тарқатилди. Ирис ва йигит жуда хурсанд бўлишди. Тўй куни эрталаб соат ўнда, Луизанинг, ўша ёвуз аёлнинг юраги яна бир марта қаттиқ хуруж қилди ва у ўлди. Луиза ўзини ўлдирган қизи Ирисни кечириб, астагина жон берди.

Мен уни театрда учратиб қолдим, имлаётганини кўриб, танаффус пайтида ёнига бориб ўтирдим. У билан охирги марта кўришганимга ҳам анча бўлганди, агар исмини айтиб чақиришмаганида, ўйлайманки, уни танимаган бўлардим. У менга синчковлик билан мурожаат қилди:

«Ҳа, биринчи марта учрашганимизга ҳам кўп йил бўлди. Вақт қандай тез ўтади-я! Ҳечам ўзгармабсан. Сен билан биринчи марта учрашганим эсингдами? Мени нонуштага таклиф қилгандинг.»

Эсимдами?…

Бу йигирма йил бурун бўлганди. Мен Парижда яшардим. Лотин кварталида1 кичкина бошпанам бор эди ва ишлаб топган пулимга тирикчилигим аранг ўтарди. Хоним менинг китобимни ўқиб чиқди ва менга бу ҳақда хат ёзиб юборди. Мен унга миннатдорлик билдирдим ва кўп ўтмай ундан яна бир хат олдим. Хатда унинг Париждан ўтаётгани, мен билан учрашиш нияти борлиги ёзилганди. Лекин вақти чегараланган, фақат келаси пайшанба куни бўш бўларди. У мендан Фоётсда оддийгина нонушта беришимни сўраганди.

Фоётс франтсуз сенаторлари овқатланадиган жой бўлиб, ҳамёним кўтармаганидан у ерга боришни ҳатто хаёлимга келтирмаган эдим. Лекин менга хушомад қилдилар, мен эса аёл кишига «йўқ» дейиш учун ҳали жуда ёшлик қилардим. Ой охиригача тирикчилигим учун саксон франким қолганди, холос. Оддийгина нонушта эса ўн беш франкдан ошмасди. Агар кейинги икки ҳафта нафсимни кофедан тийсам, ишим жойида бўларди.

Уни Фоётсда, пайшанба куни, ўн икки яримда, кутишимни ёзиб юбордим.

Хоним мен ўйлагандек ёш эмасди. Афт-ангори унча кўримли эмас, ўзи ҳийла савлатли кўринар эди. У ҳақиқатан ҳам қирқ ёшларда

Эди, оппоқ дона-дона тишлари менга одатдагидан кўпдай туюлди. У сергап аёл эди. Мен эса мулойим-қобил тингловчи бўлишга тайёр бўлиб турдим. Чунки, афтидан, у мен ҳақимда гапирмоқчи эди. Таомномани келтиришганда ҳайрон қолдим, чунки нархлар мен чамалагандан анча юқори эди. Лекин хоним мени тинчлантирди.

«Мен нонуштага ҳеч қачон овқат емайман», деди у.

«Қўйсангиз-чи!» дедим ўзимни ҳимматли кўрсатишга уриниб.

«Фақат битта овқат ейман. Менингча, бизнинг замонамизда одамлар жуда кўп овқат ейишади. Имкони бўлса, озгина балиқ… Қизиқ, уларда лосос гўшти бормикан?»

Йўқ, бу пайтда лосос ови мавсумига ҳали эрта эди, бу таомномада ҳам йўқ эди, лекин мен офитсиантдан бирорта бордир, деб сўрадим. Ҳа, уларда битта ажойиб лосос бор экан. Мен уни меҳмоним учун буюртдим. Офитсиант: «Овқат тайёр бўлгунча бирор нима ейсизми», деб сўради.

«Йўқ, — деди хоним. — Мен фақат битта таом ейман. Агар сизда озгина увилдириқ топилса, майли. Мен ҳеч қачон увилдириққа «йўқ» демайман».

Юрагим «шув» этиб кетди. Увилдириқни ҳамёним кўтармаслигини бидардим, лекин хонимга буни айта олмасдим. Офитсиантга ҳарна қилиб бўлса-да увилдириқ келтиришни буюрдим. Ўзим учун таомномадаги энг арзон таомни танлидим. Бу қўй гўштидан тайёрланган котлет эди.

«Менингча, сиз гўштни жуда яхши кўрсангиз керак, — деди у. — Билмайман, котлетдай қувватли таомларни егач, ишга қандай киришаркансиз. Мен ҳеч қачон ошқозонимни қийнамайман.»

Сўнгра ичимликдан гап очилди.

«Мен нонушта пайти ҳеч қачон ҳеч нарса ичмайман», деди у.

«Мен ҳам», дарҳол жавоб бердим мен.

«Оқ винодан ташқари». У гуё мен гапирмагандек сўзини давом эттирди: «Бу франтсуз оқ винолари шундай кучсизки. Бу винолар овқатни ҳазм қилдиришда жуда яхши».

«Нимани хоҳлайсиз?», сўрадим ундан.

«Шифокорим менга шампан виносидан бошқа ҳеч нарса ичишга рухсат бермайди».

Афтидан, рангим озгина оқарди. Мен бир шиша буюрдим. Ўзимни хотиржам тутиб, шифокорим менга шампан виносини ичишни мутлақо тақиқлаганини айтдим.

«Ундай бўлса, сиз нима ичмоқчисиз?»

«Сув»

У увилдириқ ва лосос гўштини еб бўлди. Кейин яйраб санъат, адабиёт, мсиқа ҳақида гапирди. Мен эса ҳисоб-китоб бўйича қанча тўлашим ҳақида ўйлардим. Қўй гўштидан тайёрланган котлетим тугаганида у деди:

«Кўриб турибман, сиз нонуштага қувватли таомларни тўйиб ейишга одатланиб қолгансиз. Бу нотўғри, албатта. Нима учун менга таассуб қилиб фақат битта таом билан қаноатланмайсиз? Аминманки, шундай қилсангиз ўзингизни жуда яхши сезасиз.»

Офитсиант қўлида таомнома билан яна келганда, «Мен фақат битта таом емоқчиман», дедим.

Хоним унинг нари кетишини ишора қилди.

«Йўқ,йўқ, мен нонуштага ҳеч қачон ҳеч нарса емайман. Фақат енгилгина тамадди қиламан, бундан ортиғини хоҳламайман. Мен ҳеч нарса ея олмайман, лекин агар уларда бирорта бундайроқ сарсабил бўлганда эди. Сарсабилдан бирорта емай Париждан кетсам афсусланган бўлардим.»

Юрагим шув этиб кетди. Мен сарсабилни дўконларда кўргандим ва ҳаддан ташқари қимматлигини билардим. Уларга кўзим тушса, кўпинча сўлагим оқарди.

«Хонимнинг билгилари келаётир, сизда сарсабилдан бирорта топилармикан?», сўрадим офитсиантдан.

Мен «йўқ» дейди деб умидландим. Унинг кенг юзига мамнун табассум ёйилди ва у мени шунақа катта, шунақа чиройли, шунақа юмшоқ сарсабиллар борлигига ишонтира кетдики, ҳанг-манг бўлиб қолдим.

«Мен зиғирчаям оч эмасман, — хўрсиниб деди меҳмоним, — лекин, модомики сиз қаттиқ туриб олган экансиз, сазангиз ўлмасин, сарсабил ейишга эътироз билдирмайман.»

Мен сарсабил буюрдим.

«Сиз ҳам емоқчимисиз?»

«Йўқ, мен ҳеч қачон сарсабил емайман.»

«Биламан, уни ёқтирмайдиган одамлар ҳам бор.»

Биз сарсабил тайёр бўлгунча кутдик. Мени ваҳима босди.

Гап ойнинг охиригача қанча пулим қолишидамас, ҳозир овқатга тўлашга етиш-этмаслигида эди. Мабодо ўн франкча етмаса, меҳмонимдан қарз сўрашга тўғри келса, жуда ёмон бўларди. Бунга қурбим етмасди. Мен қанча пулим борлигини аниқ билардим ва агар тўлашга пулим етмаса, қўлимни чўнтагимга тиқиб, туйқусдан ваҳима солиб бақириб, ирғиб ўрнимдан тураман, пулимни ўғирлашибди, дейман деган қарорга келдим. Ундан ҳам овқат ҳақини тўлашга етарли пул чиқмаса, у ҳолда соатимни қолдириб, кейинроқ қайтиб келиб тўлайман, дейишдан бошқа илож қолмасди.

Хуллас, сарсабилни келтиришди. Улар жуда катта ва иштаҳани қўзғатадиган даражада эди. Қиздирилган ёғ ҳиди димоғимни қитиқлади. Хоним уларни қандай қилиб жиғилдониданўтказаётганини кузатдим ва одатдагидек хушмуомалалик билан Болконда дараматургиянинг аҳволи ҳақида гап очдим. Ниҳоят у тугатди.

«Қаҳвами?» деб сўрадим.

«Ҳа, фақат музқаймоқ билан қаҳва», жавоб берди у.

Менга энди барибир эди, мен ўзимга қаҳва ва унга музқаймоқ билан қаҳва буюрдим.

«Сиз биласиз, мен бир нарсага аминманки, — деди у музқаймоқни еб бўлиб, — икковмиздан биримиз овқатга муносабатни ўзгартиришимиз керак, биримиз эса жиндек кўпроқ ейишимиз ҳам мумкин.»

«Сиз ҳали ҳам очмисиз?» аранг сўрадим мен.

«О, йўқ, мен оч эмасман: кўриб турибсиз, мен нонуштага ҳеч нарса емайман. Эрталаб бир пиёла қаҳва ичаман, кейин тушлик, лекин ҳеч қачон нонуштага биттадан ортиқ таом емайман. Мен сизни гапираётган эдим.»

«О, тушуниб турибман!»

Кейин хунук воқеа юз берди. Биз қаҳвани кутиб турган пайтда, юзида сохта табассум билан катта-катта шафтоли тўла саватни кўтариб бош офитсиант олдимизга келди. Бу пайт шафтоли пишадиган мавсум эмас эди. Уларнинг нархи биргина яратганнинг ўзига аён. Мен ҳам билдим, бироқ сал кейинроқ, баҳонасида, у гапини давом эттира туриб паришонлик билан шафтоли олди.

«Биласизми, сиз қорнингизни гўшт билан тўйдириб олдингиз, энди ҳеч нима ея олмайсиз. Мен озгина овқат тановул қилдим, шунинг учун шафтоли еб маза қиламан.»

Тўлашим керак бўлган ҳисоб айтишди. Тўлаётганимда чўнтагимдаги пулим базур етишини кўрдим. Унинг кўзлари бир лаҳза мен офитсиантга берган уч франкка қадалди ва билдимки, у мени ўтакетган хасис одам, деб ўйлади. Бироқ ресторандан чиққан пайтимизда ҳали олдимда бутун бошли бир ой бор, чўнтагимда эса бир пенни ҳам йўқ эди.

«Мендан ўрнак олинг, — деди у биз қўл сиқишаётганимизда, — ва ҳеч қачон нонуштага биттадан кўп овқат еманг.»

«Мен бундан ҳам яхшироқ қиламан, — жавоб бердим мен. — Бугун тушликка ҳеч нарса емайман.»

«Қизиқчи, хурсандчилик билан ҳайқирди у, файтунга ирғиб чиқиб. — Сиз ҳақиқий қизиқчисиз!»

Ниҳоят мен ўчимни олдим. Ҳозирги кунда унинг вазни йигирма бир стоне[1]

________________________________________
1. ↑ 21 стоне = 133,3кг. /стоне- инглиз оғирлик ўлчови — 6,33кг

ҚОЧҚИНЛИК ПОЁНИ

Капитан билан қўл сиқишимдим, у омад тилади. Кейин йўловчиларга лиқ тўла пастки палубага тушиб, туртина-суртина нарвонгача етиб олдим. Кема бортига қарасам, юкларимни аллақачон чиқаришибди. Ҳамма ёқда қўлларини силкитиб, алланималар ҳақида гап сотишаётган шу ерлик одамлар. Менга ҳам жой топилди. Қирғоқдан уч милча узоқлашганимизда салқин шамол эса бошлаганди. Шаҳарга яқинлашганимизда кўплаб какос дарахтлари-ю, улар орасидан кўриниб турган кулранг томларга кўзим тушди. Инглизчани биладиган хитойлик: мана, бошқарувчининг тураржойи, деб айвонли оқ уйни кўрсатди. Бошқарувчининг хабари бўлмаса-да, мен айнан уникига қўнмоқчи эдим. Чўнтагимда унинг номига битилган тавсиянома бор эди. Мени тушириб, чамадонларимни соҳилга қўйишганида бир муддат ўзимни яккаланиб қолгандек ҳис қилдим. Дунёнинг бир чеккасидаги жойга, Барнеонинг шимолий қирғоғидаги шаҳарчага келиб қолгандим. Ўзимни мутлақо бегона одамга таништиришим, улов келиб борар манзилимга жўнаб кетгунимча унинг кулбасида тунашим, ош-овқатига шерик бўлишимни айтиб, қўлига ташриф қоғозимни тутқазишимни кўз олдимга келтириб хижолат бўлаётгандим.
Бироқ ҳаммаси кўгилдагидек бўлди. Айвонли уйга етиб, тавсияномани кўрсатганимда қаердандир ўша киши пайдо бўлди. Гавдали, юзлари қип-қизил, хушчақчақ одам экан. Юракдан чиқариб сўрашди. Қўлимни сиқиб, югурдак болага ичкилик опкел, деб бақирди. Бошқа бирига нарсаларимга қараб туришни буюрди. Узр сўрамоқчийдим, гапим оғзимда қолди.

«Эй худо, оғайни сизни кўрганимдан қанчалик хурсанд эканимни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Лекин мени шу ерда қолдириш учун бу гапларни гапиряпти, деб ўйламанг. Йўқ, сиздан миннатдорлигим учун шундай деяпман. Бу ерда хоҳлаганча яшашингиз мумкин. Истасангиз бир йил қолинг».

Кулиб юбордим. У иш қочиб кетмайди, деб юмушларини бир четга қўйди-да, ўзини катта курсига ташлади. Суҳбатлашдик, кейин ичдик, сўнг яна гап сотдик. Кечга яқин салқин тушганда, жунгли бўйлаб узоқ сайрга чиқдик. У ердан сувга тушган мушукдек ивиб қайтиб келдик. Сўнгра яхшилаб чўмилиб олдик-да, овқатландик. Жуда чарчаган эдим. Мезбоним туни билан тўхтовсиз гурунг беришга тайёр турган бўлса ҳам ухлашимга рухсат сўраб илтимос қилишга мажбур бўлдим.

«Майли фақат сизни хонангизга кузатиб, ҳаммаси жойидалигини кўриб оламан».

Бу икки томони айвонли ва чивин ўтказмайдиган тўр билан ўралган катта каравот қўйилган кенг хона экан.

«Кароват анча қаттиқ, бўлаверадими?»

«Ҳа йўқ, бугун тошдай қотиб ухлайман».

Мезбоним бир муддат кароватга қараб қолди.

«Бунда охирги марта бир голландиялик ухлаганди. Битта кулгили воқеани айтиб берайми?»

Ўлгудай уйқум келаётганди. Лекин ҳарқалай у менга мезбон, қолаверса кулгили воқеани айтиб бермоқчи бўлсанг-у ҳеч қулоқ солмаса одамга оғир ботади.

«Ўша голланд ҳам сиз келган кемада қелганди. Идорамга кириб, уч-тўрт кун яшашга қаердан жой топсам бўлади, деб сўради. Агар боришга жойингиз бўлмаса меникида тура қолинг, дедим. Дарров рози бўлди. Юкларингизни опкелишга одам юборайми, деб сўрадим.

«Бори шу», деди у.

Қора ялтироқ чамадончани узатди. «Жуда камбағал эканми», деб ўйладим ичимда. Лекин бу ёғи энди менинг ишим эмасди, хуллас, унга уйимга бораверинг, ишимни тугатишим биланоқ мен ҳам етиб бораман, дедим. Шу гапларни айтиб турганимда хонанинг эшиги очилиб, ёрдамчим кирди. Голланд эшикка орқаси билан турганди, балки ёрдамчим эшикни қаттиқроқ очгандир. Нима бўлганда ҳам голланд бақириб юбориб, икки қадамча жойга сакради-да, револверини чиқарди.

«Нима қиляпсиз, жин урсин?», дедим мен.

У ёрдамчимни кўриб букчайиб қолди. Ҳарс-ҳарс нафас олиб столга суянди. Агар алдасам ҳар нарса бўлай, худди тутқаноғи тутгандек қалтираётганди.

«Кечирасиз», деди у. «Ҳаммаси асабдан. Асабларим ишдан чиққан».

«Кўриниб турибди», дедим мен.

У билан совуққина гаплашдим. Ростини айтсам, унга меникида қол деганимдан пушаймон бўлгандим. Кўринишидан маст одамга ўхшамасди. Политсиядан қочиб юрган бўлса-я, деган фикр ўтди миямдан.

«Яхшиси, бориб ухлаб олинг», дедим.

У жўнади. Уйга қайтсам, айвонда жимгина ўтирган экан. Лекин гавдасини тик тутиб турганди. Чўмилиб, соқолини олибди. Тоза кийим кийиб, анча ўзига келиб қолибди.

«Нега айврнда бу аҳволда ўтирибсиз?», дедим унга. «Ётиб дамингизни олинг».

«Шундай ўтирганим яхши», деди у.

Аломат одм экан, дедим ичимда. Лекин шундай жазирамада ётгандан кўра қаққайиб ўтиришни афзал кўрса, бу энди ўзининг иши. Новча, қорувли гавдали, чорбурчак калласидаги сочи калта олинган кўримсизгина одам эди у. Ёши қирқлар атрофида, мени жуда ҳайрон қолдирган нарса унинг башараси эди. Қисиқ кўк кўзларининг аланглашига сира тушунолмадим. Юзи худди йиғламоққа тайёр турган одамникига ўхшарди. Туриб-туриб, бир нарсани эшитиб қолгандек чап томонга тез-тез алангларди. Худо шоҳид, унинг асаблари жойида эмасди. Лекин бир стакан мусаллас ичганимиздан кейин у тилга кирди. Инглизчада жуда яхши гапирарди, гапида билинар-билинмас сохталикни айтмаганда, унинг инглиз эмаслигини сезмасдингиз ҳам. Тан олиш керак, гапга жуда уста эди. Кўп жойда бўлиб, кўп ўқиган экан. Гапини эшитиб вақт ўтганини билмай қолардингиз.

Чошгоҳда уч ёки тўрт шиша вискини бўшатдик, кейин яна анча-мунча ароқ ичдик. Хуллас, тушликка ўтирганимизда икковимизнинг ҳам кайфимиз чоғ эди. «Бу зўр одам экан», деб ўйладим ўшанда. Турган гап, овқат стида ҳам уч-тўрт шиша вискини урдик. Кейин қаердандир бир шиша бенидиктик топиб олдим. Уни ҳам ичдик. Бинойидек маст бўлдик.

Ниҳоят, у нега бу ерга келганини гапириб берди. Ўша воқеа жуда ғалати эди.

Мезбоним гапиришдан тўхтадида, ўша ғаройиб воқеани эслабоқ таъсирланаётгандек, оғзини хиёл очганча менга қаради.

Суматра оролида туғилган экан ўша голланд. Кейин ачинлик бир одамга нимадир қилган эканми, ачинлик уни ўлдиришга қасам ичибди. Дастлаб голланд бунга эътибор ҳам бермабди, лекин ғаними гапида туришга икки-уч бор уриниб жонига теккач, бирор муддат четроқ жойга кетишга қарор қилибди. Батавиага ўтиб, ўша ёқда айшини суриб юрмоқчи бўлибди. Лекин бу ерга келганидан бир ҳафта ўтгач, девор орқасида яшириниб турган ачинликка кўзи тушибди. Ачинлик унинг ортидан тушган экан. Голланд ғанимнинг нияти қатъилигини тушунибди. Сурабайяга бориши кераклигини англабди. Бир куни у шу шаҳарда айланиб юриб нима бўлибди-ю орқасига ўгирилибди, қараса, ачинлик шундайгина изидан овоз чиқармай пусиб келаётган экан. Унинг капалаги учиб кетибди. Ўгирилсангу сени ўлдирмоқчи бўлиб юрган нусха шундайгина орқангда турганини кўрсанг, қўрқасан-да, албатта.

Хуллас, голланд тез-тез юриб, меҳмонхонага қайтибди-да, нарсаларини йиғиштириб, Сингапурга борадиган кемага чиқибди. Турган гапки, у голландияликлар қўнишган меҳмонхонага жойлашибди. Бир куни меҳмонхона рўпарасидаги ҳовлида ичиб ўтирган экан, ичкарига ачинлик кириб унга бир пас тикилиб турибди-да, чиқиб кетибди. Голланд ўшанда даҳшатдан қимир этолмай қолганини айтди. Агар ачинлик ўша пайт ханжарини санчмоқчи бўлганда, у ўзини ҳимоя қилиш учун қўлини ҳам кўтара олмас экан. Голланд ачинлик қулай пайтни кутаётганини тушунтирибди. Бу жирканч кимса уни ўлдиришни ният қилган экан. Жони узилаётгани кўз олдига келса, у ўзини тутолмай қоларкан».

«Нега у политсияга бормабди?», деб сўрадим мен.

«Билмайман. Менингча, политсия бу можародан хабар топишини хоҳламаган».

«Ўша одамга нима ёмонлик қилган экан?»

«Буни ҳам билмайман. Нима қилганини айтмади. Лекин сўраганимда менга қарашиданоқ каттагина иш қилиб қўйганини сездим. Ўйлашимча, ачинликнинг ҳар қандай жазосига лойиқлигини унинг ўзи ҳам тушунарди».

Мезбоним сигарета ёқди.

«Кейин нима бўлди?», деб сўрадим мен.

“Сингапур билан Кучинг орасида қатнайдиган кеманинг капитани ҳам қатнов орасида ўша меҳмонхонада туради. Кема тонгда йўлга чиқаркан. Голланд ачинликдан қутулиш учун бу яхши имконият, деб ўйлабди. Юкларини меҳмонхонада қолдириб, худди капитанни кузатиб қўяётгандай у билан бирга кемага чиқибди ва кема суза бошлаганда у ерга тушиб қолибди. Асабийлашиш одатини шу вақтларда орттирган экан. Ачинликдан қутулишдан бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламай қўйибди. Кучингда ўзини анча яхши ҳис эта бошлабди. Меҳмонхонадан жой олибди. Хитой дўконларидан ўзига жуфт кастюм, тўрт-бешта кўйлак харид қилибди. Лекин ухлай олмас экан. тушига нуқул ўша кимса кираркан. Олти мартача бўғзига тортилаётган ханжар дамидан уйғониб кетибди. Худо ҳаққи, унга жуда раҳмим келди. У бу гапларни менга қалтираб гапирди. Қўрққанидан овози хириллаб қолганди. Унинг ажабтовур қарашларига энди тушундим. Эсингиздами, гапимнинг бошида кулгили аланглашларини кўриб ҳайрон бўлганимни айтувдим. Қўрққанидан шунаа алангларкан.

Бир куни Кучингдаги клубда деразадан ташқарига қарабди ва кўзи ўша ёқда ўтирган ачинликка тушибди. Ачинлик ҳам унга қарабди. Голланд эгилибди-да, ҳушдан кетибди. Ўзига келганида миясига келган биринчи фикр бу жойдан қочиш бўлибди. Сизни олиб келган ўша кема билангина у Кучингдан тезроқ кетиши мумкин экан. Кемага чиқибди. Ачинлик кемада йўқлигини аниқ биларкан».

“Лекин нега айнан бу ерга келибди?»

“Биласизми, бояги кема кўп жойларда тўхтайди. Ачинлик голланднинг айнан бу ерга келганда тушиб қолганини билолмасди. Голланд ўзи ўтирган кема бу жойларда йўловчи ташийдиган битта-ю битта кема эканини, бортда ўн иккитача одам ўтирганини билганидан кейингина ундан тушган.

“Ҳарҳолда, бир-икки кунга бўлса ҳам бу ерда хавфдан холиман», деди у. “Озгина вақт бўлсаям тинч юрсам, асабларимни босиб оламан».

“Хоҳлаганингизча қолинг», дедим мен. “Бу ерда сизга хавф йўқ, ҳар ҳолда кейинги ой кема қайтгунча. Хоҳласангиз, ўша пайт бориб йўловчиларни текширамиз».

Қайта-қайта раҳмат айтди. Ниҳоят, кўнгли таскин топганди.

Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолганди. Ухлаш пайти бўлганини айтдим. Ҳаммаси жойидалигини билиш учун уни хонасига кузатиб қўйдим. Ҳеч қандай хавф йўқ, десам ҳам деразаларни маҳкамлаб беркитди. Хонадан чиқишим биланоқ орқамдан эшикни қулфлаганини эшитдим.

Эртаси куни эрталаб дастёр бола чойимни олиб келганида, голландни уйғотдингми, деб сўрадим. Ҳозир уйғотаман, деди у. Унинг хона эшигини қайта-қайта тақиллатаётгани эшитилди. Нимадир бўлганини сездим. Бола бор кучи билан тақиллатганди ҳам ичкаридан садо чиқмади. Асабийлашиб, ўрнимдан турдим. Мен ҳам тақиллатдим. Иккаламиз мурдани тирилтириб юборгудай шовқин кўтардик, лекин голланд уйғонмади. Шунда эшикни синдирдим. Кароватни ўраган чивин ўтказмайдиган пардани уздим. Голланд кароватда кўзини чақчайтирганча тепага қараб ётарди. У ўлган эди. Бўйнига ханжар қўйилган эди. Гапимга ишонасизми, йўқми — бу ўзингизга ҳавола, лекин худо ҳаққи қасам ичиб айтаманки, бу — рост, унинг бирор жойи ҳатто тирналмаган. Хона эса бўм-бўш эди.

Кулгили воқеа, тўғрими?»

“Энди, бу кулгини қандай тушунишга боғлиқ», деб жавоб бердим мен.

Мезбоним менга қараб қўйди.

“Шу кароватда ухлайверасиз-а, ё йўқми?»
“Йўқ, ухлайвераман. Лекин шу воқеани эртага гапириб берганингизда яхши бўларди».

032

Somerset Moem
IKKI HIKOYA
Alisher Otaboev tarjimalari
021

LUIZA

Luiza nega meni o‘ziga yaqin olganiga sira aqlim yetmaydi. U meni yomon ko‘rardi. Imkon bo‘ldi deguncha ortimdan xunuk gaplarni gapirishini sezib yurardim. Yoqtirmasligini ochiq aytmasa-da, pichinglari-yu, xo‘rsinishlaridan, chiroyli qo‘llarini silkitishlaridan ham buni tushunib olish qiyin emasdi. Bir-birimizni yigirma besh yildan beri yaqindan bilardik. Lekin bu narsaning Luiza uchun hech qanday ahamiyati yo‘q edi. U meni qo‘pol, surbet va shafqatsiz odam, deb hisoblardi. Shunaqa yomon ko‘rarkan, nega meni holi-jonimga qo‘ymaydi, boshim qotardi. Dam-badam nonushta yoki tushlikka chaqirar, dam olish kunlari shahar tashqarisidagi uyiga ham yiliga bir necha marta taklif qilardi. Ehtimol, yolg‘iz mengina uning niqob ostidagi haqiqiy basharasini ko‘rishga qodirligimni Luiza bilgandir. Men ham ertami, kechmi, yuzimga shunaqa niqob kiyishimga umid qilgandir.
Luizani qizlik paytidanoq bilardim. O‘sha paytlari u katta-katta ko‘zlari ma’yus boquvchi nimjongina qiz edi. Ota-onasi Luizani haddan ziyod yaxshi ko‘rishar, yeru ko‘kka ishonishmasdi. Bunga Luizaning dardchilligi ham sabab edi. Bilishimcha, Luiza bolaligida qizilcha kasaliga chalinib, yuragi zaiflashib qolgan, endi u o‘zini har tomonlama asrab-avaylab yashashga majbur edi.
Tom Metlend uning qo‘lini so‘raganida, qizning ota-onasi qo‘rqib ketishdi. Ular Luizaning bu ahvolda erga tegishga umuman yaramasligini bilishardi. Lekin ular boylar toifasidan emasdilar. Tom Metlend esa badavlat odam edi. U, Luiza xohlasa, osmondagi oyni ham olib berishga va’da berdi va oxir-oqibat ular qizlarini Tom Metlendning qo‘liga ishonib topshirishdi. Tom qoruvli, kuchli va kelishgan yigit bo‘lishi bilan birga, yaxshigina sportchi ham edi. U Luizani jonidan ortiq yaxshi ko‘rardi. Yuragi xasta sevgilisidan yaqin-orada judo bo‘lishini bilardi, Luiza qolgan sanoqli yillarini baxtli o‘tkazishi uchun qo‘lidan kelgan hamma narsani qilishga hamisha tayyor edi.
U ilgaridan qoyilmaqom qilib bajarib yurgan sport mashq¬laridan ham voz kechdi. Yo‘q, Luiza shunday bo‘lishini xohlagani uchun emas, biror yoqqa ketmoqchi bo‘lib turgan paytida har gal Luizaning yuragi sanchib qolgani uchun mashqlardan voz kechdi. Janjallashib qolishgan vaqtlarida Luiza eng yaxshi xotin qiyofasiga kirib, darrov Tomga yon bosardi. Keyin Luizaning yuragi bezovta qilar va u bir hafta musichai beozor bo‘lib, to‘shakka mixlanib yotardi. Shunday paytlarda Tom xotiniga qattiq gapirishga yuragi betlamasdi.
Bir safar Luiza o‘zi judayam xohlab sayrga chiqib yayov sakkiz mil yo‘l yurganini ko‘rib, Tom Metlend¬ga Luizaning sog‘ligi uncha-muncha ayollarnikidan yaxshi ekanligini aytdim. Tom boshini chayqab, xo‘rsindi:
“Yo‘q, Luiza aslida judayam zaif. U dunyodagi eng yaxshi yurak mutaxassislari ko‘rigidan o‘tdi. Hammasi Luizaning sanoqli kunlari qolganini aytdi. Metin irodasi borligi uchun ham hozir o‘zini shunday tutayapti”.
Tom gaplarimni Luizaga ayt¬di.
“Buning azobini ertaga ko‘raman”, dedi Luiza menga qarab “uh” tortarkan: “Yana o‘lim bilan yuzma-yuz bo‘laman”.
“Ba’zida menga sizda hech qanaqa kasallik yo‘qday tuyuladi”, dedim sekingina.
Gashtli o‘tgan mehmondorchiliklarda Luiza ertalabki beshlargacha raqs tushib charchamaganini, befayz o‘tirishlarda esa mazasi qochib, Tom uni uyiga vaqtli olib ketganini bir necha marta ko‘rgandim. Menga qarab siniqqina kulib qo‘ygan bo‘lsa-da, boyagi gapim Luizaga yoqmaganini sezdim. Katta-katta ko‘k ko‘zlaridan kayfi qochganligi bilinib turardi.
“Men sizni xursand qilish uchun o‘layotganim yo‘q”, dedi u.
Luiza eridan ham ko‘proq yashadi. Bir kuni ular yelkanli qa¬yiqda sayr qilib qaytishganidan keyin Tom qattiq shamollab qolib jon taslim etdi. Luizani isitish uchun uni uydagi bor gilamu ko‘rpalar bilan o‘rab qo‘yishga to‘g‘ri keldi. Tom Luizaga katta bisot va bir qiz qoldirib ketdi. Luiza tasalli topmaydigan bir ahvolga tushib qoldi. Xasta yuragi bilan bu kulfatni ko‘tara olganiga aql bovar qilmasdi. Bechora Tom Metlendni tuproqqa qo‘yishda Luizaning do‘stlari unga dalda bo‘ldilar. Ular onasidan ham ajralib yetim bo‘lib qolishi mumkin bo‘lgan Luizaning qizi Irisga chindan qayg‘ura boshlagan edilar. Shu bois, Luizaning tevaragida girdikapalak bo‘lishardi. Do‘stlari Luizaning qo‘lini sovuq suvga urdirmadi, uni turli tashvishlardan xoli qilish uchun har qanday narsaga tayyor ekanliklarini bildirishdi. Darhaqiqat, ularga ish ham topildi, chunki Luiza biror og‘irroq yoki yoqmaydigan yumush qilmoqchi bo‘lsa, yuragi sanchib, bir o‘lib-bir tirilardi. “Agar birov menga ko‘z-quloq bo‘lib turmasa, o‘lishim aniq” derdi Luiza. Shu ahvolida qizalog‘i Irisni qanday katta qilishiga aqli yetmasdi. “Nega yana erga tegmaysiz?”, deb so‘rashardi do‘stlari. “Oh, bu yuragim bilan erga tegish haqida o‘ylashga ham botinolmayman”, derdi Luiza.
Lekin Tomning o‘limidan ke¬yin bir yil o‘tgach, Luiza qo‘lini so‘ragan Jorj Xobhauzga rozilik berdi. Jorj kelishgan va anchagina badavlat odam edi. Bu nimjon ayolni panohiga olishiga rozilik berishganida, Jorjdan baxtiyor odamni ko‘rmadim.
“Men sizni ko‘p qiynamayman”, derdi Luiza. Jorj shuhratparast harbiylardan edi. Lekin ishini tashlab qo‘ydi. Luizaning sog‘lig‘i yomonlashib qishni Monte Karlo, yozni esa Dyuvilda o‘tkazishga majbur bo‘ldi. Jorj uch-to‘rt kunlik umri qolgan xotinini qo‘lidan kelguncha xursand qilishga ahd etdi.
“Hayotim tugab borayapti”, derdi Luiza: “Tinchgina o‘lishga harakat qilaman”.
Keyingi ikki-uch yil mobaynida Luiza xasta yurak bilan chiroyli kiyinib, eng qizg‘in bazm¬larga borishni, do‘rji-do‘rji pul tikib qimor o‘ynashni, baland bo‘yli, chiroyli yigitlar bilan raqs tushishni va hatto ularga noz-karashma qilishni ham epladi. Luizaning birinchi eridagi matonat Jorj Xobhauzda yo‘q edi va u Luizaning ikkinchi eri sifatida zimmasidagi tashvishlardan zerikib, ora-sira ichib yurishga majbur bo‘ldi. Albatta, Jorj aroqqa mukkasidan ketganida bu qiliq Luizaga yoqmasdi. Ammo (Luizaning baxtiga) urush boshlandi. Jorj zahiradan o‘z polkiga qaytib, uch oydan keyin halok bo‘ldi. Bu zarba Luizani esankiratib qo‘ydi. Lekin shunday musibatdan keyin ham u g‘am-g‘ussaga yo‘l bermasligi lozimligini his qilardi. Agar o‘sha paytda yuragi xuruj etganda hech kim bu haqda xabar topmagan bo‘lardi. O‘zini chalg‘itish uchun Luiza Monte Karlodagi villasini oyoqqa turayotgan ofitserlarga mo‘ljallangan shifoxonaga aylantirdi. Do‘stlari unga bu tashvish og‘irlik qilishini aytishdi.
“Bu ish meni o‘ldirishi aniq”, dedi u: “Bilaman. Lekin buning nima ahamiyati bor? Bosh¬qalarga yordam berishim kerak”.
Luiza o‘lmadi. Qaytaga avvalgidan ham yashnab ketdi. Uning shifoxonasiga teng keladigan kasalxona butun Frantsiyada yo‘q edi. Uni tasodifan Parijda uchratib qoldim. Restoranda novcha va juda kelishgan yosh frantsuz bilan tushlik qilayotgan ekan. “Bu yerda shifoxonaga aloqador ishlar bo‘yicha yuribman”, deb tushuntirdi u. Luiza kasalxonadagi ofitserlar unga mahliyo ekanligi haqida gapirdi. Ular Luizaning kasali og‘irligini tushunisharkan va unga hech qanday yumush qoldirishmaskan. Go‘yo ular Luizaga eridek g‘amxo‘rlik qilisharkan. Luiza xo‘rsindi.
“Bechora Jorj, shu yuragim bilan undan ko‘p yashashimni kim ham o‘ylabdi deysiz?”
“Eh, bechora Tom,” dedim men.
Nega bu gapim unga yoqmaganini tushunmayman. U menga siniqqina jilmaydi, ko‘zlari yoshga to‘ldi.
“Doim o‘limimni kutayotgandek gapirasiz…”
“Aytmoqchi, yuragingiz ancha sog‘ayib qolibdi, deb eshitdim?”
“Yuragim hech qachon sog‘aymaydi. Bugun ertalab shifokor ko‘rigiga bordim. O‘lishga tayyor bo‘lib turishimni maslahat berdi”.
“Yo‘g‘-e, bunga yigirma yildan beri tayyorlanasiz-u?”
Urush tugagandan keyin Luiza Londonga ko‘chib o‘tdi. Endi yoshi qirqdan oshib qolgan, avvalgidek ozg‘in va nimjon, ko‘zlari katta-katta, yuzlari rangpar ayol bo‘lsa ham, yigirma beshdan oshmagandek ko‘rinardi. Maktabni tugatib, bo‘yga yetib qolgan Iris esa u bilan birga yashay boshlagandi.
“U menga qaraydi”, derdi Luiza: “Turgan gap, mendek qari nogiron bilan yashash unga qiyin bo‘ladi. Lekin bu bir-ikki kun davom etadigan narsa. Irisning yo‘q demasligi aniq”.
Iris juda yaxshi qiz edi. Uni, onasining sog‘lig‘i yomonligini muntazam uqtirib, voyaga yetkazishgandi. Bola bo‘lib u biror marta ham to‘polon qilmagan edi. Onasini yolg‘iz qoldirish mumkin emasligini doim yodida saqlardi. Mana endi Luiza qiziga: “Hammaning joniga tekkan keksa ayol uchun o‘zingni bag‘ishlashingga chiday olmayman”, deb qancha gapirmasin, u bu gaplarga quloq solmadi.
Luiza “uh” tortib, qiziga farzandlik burchini ado etishga ruxsat berdi.
“Bolamga menga g‘amxo‘rlik qilish yoqadi”, dedi u.
“Do‘stlari bilan birga yurgani yaxshimasmidi?”, deb so‘radim.
“E, buni unga doim aytaman. Do‘stlaring bilan o‘ynab-kulib yur, deb hech ko‘ndirolmadim. Tepada xudo bor, birovning meni deb huzur-halovatini yo‘qotishini hech qachon xohlamaganman”.
Men bu gaplarni Irisga ayt¬ganimda, u shunday dedi: “Bechora oyijonim, mening do‘stlarim bilan birga bo‘lishimni, o‘tirishlarga borishimni xohlaydi, endi biror joyga boraman deb turganimda yuraklari sanchib qoladi, shuning uchun uyda qolganim yaxshi”.
Lekin ko‘p o‘tmay Iris bir yigitga ko‘ngil qo‘ydi. Yosh do‘stim, bama’ni bir yigit uning qo‘lini so‘radi va qiz rozi bo‘ldi. Irisni juda yaxshi ko‘rardim. Nihoyat o‘zi uchun ham yasharkan-da, deb quvondim. Lekin bir kuni o‘sha yigit tushkun bir ahvolda oldimga kelib, to‘y qoldirilganini ayt¬di. Iris onasini tashlab ketolmaskan. Bu mening ishim bo‘lmasa ham, bahona topib, Luizanikiga bordim. Choy ichib o‘tirgan paytida do‘stlari kelib qolsa, u doim xursand bo‘lardi.
“Iris erga tegmaskan, deb eshitdim?”, dedim muddaoga o‘tib.
“Bilmayman. Men xohlaganim bilan u erga tegmaydi… Meni o‘ylamay erga tegaver, deb tiz cho‘kib iltimos qilsam ham, “Sizni tashlab ketolmayman”, deyapti”.
“Qizingizga jabr qilmayapsizmi?”
“Balki. Lekin bu bir-ikki oy davom etadi. Buning ustiga men “O‘z hayotidan voz kechib, menga qarasin”, deyayotganim yo‘q-ku”.
“Azizim Luiza. Bir-ikki oy deb, ikkita eringizni ko‘mdingiz. To‘g‘ri, nimaga endi yana uch-to‘rttasini narigi dunyoga jo‘natmasligingiz kerak!”
“Bilaman! Men haqimda nima deb o‘ylab yurganingizni. Yuragimning kasal ekaniga hech qachon ishonmagansiz, shundaymi?”
Luizaning ko‘ziga tik qaradim.
“To‘ppa-to‘g‘ri. Siz yigirma besh yil hammani laqillatdingiz. Siz dunyodagi eng xudbin, eng qabih ayolsiz. Anovi ikkita badbaxt erkakning umriga zomin bo‘ldingiz. Endi bo‘lsa qizingizni ham shu ko‘yga solmoqchisiz”.
Agar o‘sha payt Luizaning yuragi to‘xtab qolganda hayron bo‘lmasdim. Uning quyushqondan chiqib ketishini kutgandim. U esa menga qarab muloyim jilmaydi.
“Bechora do‘stim, yaqin kunlarda bu gaplarni menga aytganingizdan shunday afsuslanasizki…”
“Endi Iris o‘sha bolaga erga tegmaydimi?”
“Erga teg”, deb qizimdan iltimos qildim. Meni tashlab ketsa, o‘lishimni bilaman. Mayli. Baribir, hamma meni yomon ko‘radi. Odamlarga ortiqcha yukman…”
“Tashlab ketsang — o‘laman”, deb unga aytdingizmi?”
“U meni shunga majbur qildi”.
“O‘zingiz biror ish qilishni xohlamasangiz, hech kim sizni majburlay olmaydi”.
“Xohlasa, o‘sha yigitga ertagayoq erga chiqsin. Shu narsa meni o‘ldirsa, o‘ldira qolsin”.
“Keling, bir tavakkal qilib ko‘raylik, maylimi?”
“Menga ozgina bo‘lsayam rahmingiz kelmayaptimi?”
“Shunaqa tomoshalar ko‘rsatgansizki, sizga rahmim kelishi qiyin”, dedim men.
Luizaning oppoq yuzlariga rang yugurdi. Luiza kuldi, lekin ko‘zlari g‘azab bilan qat’iy boqardi.
“Irisning to‘yi shu oyda bo‘ladi”, dedi u: “Agar menga biror narsa bo‘lsa siz ham, Iris ham o‘zingizni kechira olmassiz, deb umid qilaman”.
Luiza so‘zida turdi. To‘y vaqti belgilandi. Katta sep buyurildi va taklifnomalar tarqatildi. Iris va yigit juda xursand bo‘lishdi. To‘y kuni ertalab soat o‘nda, Luizaning, o‘sha yovuz ayolning yuragi yana bir marta qattiq xuruj qildi va u o‘ldi. Luiza o‘zini o‘ldirgan qizi Irisni kechirib, astagina jon berdi.

QOCHQINLIK POYONI

Kapitan bilan qo‘l siqishimdim, u omad tiladi. Keyin yo‘lovchilarga liq to‘la pastki palubaga tushib, turtina-surtina narvongacha yetib oldim. Kema bortiga qarasam, yuklarimni allaqachon chiqarishibdi. Hamma yoqda qo‘llarini silkitib, allanimalar haqida gap sotishayotgan shu yerlik odamlar. Menga ham joy topildi. Qirg‘oqdan uch milcha uzoqlashganimizda salqin shamol esa boshlagandi. Shaharga yaqinlashganimizda ko‘plab kakos daraxtlari-yu, ular orasidan ko‘rinib turgan kulrang tomlarga ko‘zim tushdi. Inglizchani biladigan xitoylik: mana, boshqaruvchining turarjoyi, deb ayvonli oq uyni ko‘rsatdi. Boshqaruvchining xabari bo‘lmasa-da, men aynan unikiga qo‘nmoqchi edim. Cho‘ntagimda uning nomiga bitilgan tavsiyanoma bor edi. Meni tushirib, chamadonlarimni sohilga qo‘yishganida bir muddat o‘zimni yakkalanib qolgandek his qildim. Dunyoning bir chekkasidagi joyga, Barneoning shimoliy qirg‘og‘idagi shaharchaga kelib qolgandim. O‘zimni mutlaqo begona odamga tanishtirishim, ulov kelib borar manzilimga jo‘nab ketgunimcha uning kulbasida tunashim, osh-ovqatiga sherik bo‘lishimni aytib, qo‘liga tashrif qog‘ozimni tutqazishimni ko‘z oldimga keltirib xijolat bo‘layotgandim.

Biroq hammasi ko‘gildagidek bo‘ldi. Ayvonli uyga yetib, tavsiyanomani ko‘rsatganimda qaerdandir o‘sha kishi paydo bo‘ldi. Gavdali, yuzlari qip-qizil, xushchaqchaq odam ekan. Yurakdan chiqarib so‘rashdi. Qo‘limni siqib, yugurdak bolaga ichkilik opkel, deb baqirdi. Boshqa biriga narsalarimga qarab turishni buyurdi. Uzr so‘ramoqchiydim, gapim og‘zimda qoldi.
“Ey xudo, og‘ayni sizni ko‘rganimdan qanchalik xursand ekanimni tasavvur ham qilolmaysiz. Lekin meni shu yerda qoldirish uchun bu gaplarni gapiryapti, deb o‘ylamang. Yo‘q, sizdan minnatdorligim uchun shunday deyapman. Bu yerda xohlagancha yashashingiz mumkin. Istasangiz bir yil qoling”.
Kulib yubordim. U ish qochib ketmaydi, deb yumushlarini bir chetga qo‘ydi-da, o‘zini katta kursiga tashladi. Suhbatlashdik, keyin ichdik, so‘ng yana gap sotdik. Kechga yaqin salqin tushganda, jungli bo‘ylab uzoq sayrga chiqdik. U yerdan suvga tushgan mushukdek ivib qaytib keldik. So‘ngra yaxshilab cho‘milib oldik-da, ovqatlandik. Juda charchagan edim. Mezbonim tuni bilan to‘xtovsiz gurung berishga tayyor turgan bo‘lsa ham uxlashimga ruxsat so‘rab iltimos qilishga majbur bo‘ldim.
“Mayli faqat sizni xonangizga kuzatib, hammasi joyidaligini ko‘rib olaman”.
Bu ikki tomoni ayvonli va chivin o‘tkazmaydigan to‘r bilan o‘ralgan katta karavot qo‘yilgan keng xona ekan.
“Karovat ancha qattiq, bo‘laveradimi?”
“Ha yo‘q, bugun toshday qotib uxlayman”.
Mezbonim bir muddat karovatga qarab qoldi.
“Bunda oxirgi marta bir gollandiyalik uxlagandi. Bitta kulgili voqeani aytib beraymi?”
O‘lguday uyqum kelayotgandi. Lekin harqalay u menga mezbon, qolaversa kulgili voqeani aytib bermoqchi bo‘lsang-u hech quloq solmasa odamga og‘ir botadi.
“O‘sha golland ham siz kelgan kemada qelgandi. Idoramga kirib, uch-to‘rt kun yashashga qaerdan joy topsam bo‘ladi, deb so‘radi. Agar borishga joyingiz bo‘lmasa menikida tura qoling, dedim. Darrov rozi bo‘ldi. Yuklaringizni opkelishga odam yuboraymi, deb so‘radim.
“Bori shu”, dedi u.
Qora yaltiroq chamadonchani uzatdi. “Juda kambag‘al ekanmi”, deb o‘yladim ichimda. Lekin bu yog‘i endi mening ishim emasdi, xullas, unga uyimga boravering, ishimni tugatishim bilanoq men ham yetib boraman, dedim. Shu gaplarni aytib turganimda xonaning eshigi ochilib, yordamchim kirdi. Golland eshikka orqasi bilan turgandi, balki yordamchim eshikni qattiqroq ochgandir. Nima bo‘lganda ham golland baqirib yuborib, ikki qadamcha joyga sakradi-da, revolverini chiqardi.
“Nima qilyapsiz, jin ursin?”, dedim men.
U yordamchimni ko‘rib bukchayib qoldi. Hars-hars nafas olib stolga suyandi. Agar aldasam har narsa bo‘lay, xuddi tutqanog‘i tutgandek qaltirayotgandi.
“Kechirasiz”, dedi u. “Hammasi asabdan. Asablarim ishdan chiqqan”.
“Ko‘rinib turibdi”, dedim men.
U bilan sovuqqina gaplashdim. Rostini aytsam, unga menikida qol deganimdan pushaymon bo‘lgandim. Ko‘rinishidan mast odamga o‘xshamasdi. Politsiyadan qochib yurgan bo‘lsa-ya, degan fikr o‘tdi miyamdan.
“Yaxshisi, borib uxlab oling”, dedim.
U jo‘nadi. Uyga qaytsam, ayvonda jimgina o‘tirgan ekan. Lekin gavdasini tik tutib turgandi. Cho‘milib, soqolini olibdi. Toza kiyim kiyib, ancha o‘ziga kelib qolibdi.
“Nega ayvrnda bu ahvolda o‘tiribsiz?”, dedim unga. “Yotib damingizni oling”.
“Shunday o‘tirganim yaxshi”, dedi u.
Alomat odm ekan, dedim ichimda. Lekin shunday jaziramada yotgandan ko‘ra qaqqayib o‘tirishni afzal ko‘rsa, bu endi o‘zining ishi. Novcha, qoruvli gavdali, chorburchak kallasidagi sochi kalta olingan ko‘rimsizgina odam edi u. Yoshi qirqlar atrofida, meni juda hayron qoldirgan narsa uning basharasi edi. Qisiq ko‘k ko‘zlarining alanglashiga sira tushunolmadim. Yuzi xuddi yig‘lamoqqa tayyor turgan odamnikiga o‘xshardi. Turib-turib, bir narsani eshitib qolgandek chap tomonga tez-tez alanglardi. Xudo shohid, uning asablari joyida emasdi. Lekin bir stakan musallas ichganimizdan keyin u tilga kirdi. Inglizchada juda yaxshi gapirardi, gapida bilinar-bilinmas soxtalikni aytmaganda, uning ingliz emasligini sezmasdingiz ham. Tan olish kerak, gapga juda usta edi. Ko‘p joyda bo‘lib, ko‘p o‘qigan ekan. Gapini eshitib vaqt o‘tganini bilmay qolardingiz.
Choshgohda uch yoki to‘rt shisha viskini bo‘shatdik, keyin yana ancha-muncha aroq ichdik. Xullas, tushlikka o‘tirganimizda ikkovimizning ham kayfimiz chog‘ edi. “Bu zo‘r odam ekan”, deb o‘yladim o‘shanda. Turgan gap, ovqat stida ham uch-to‘rt shisha viskini urdik. Keyin qaerdandir bir shisha benidiktik topib oldim. Uni ham ichdik. Binoyidek mast bo‘ldik.
Nihoyat, u nega bu yerga kelganini gapirib berdi. O‘sha voqea juda g‘alati edi.
Mezbonim gapirishdan to‘xtadida, o‘sha g‘aroyib voqeani eslaboq ta’sirlanayotgandek, og‘zini xiyol ochgancha menga qaradi.
Sumatra orolida tug‘ilgan ekan o‘sha golland. Keyin achinlik bir odamga nimadir qilgan ekanmi, achinlik uni o‘ldirishga qasam ichibdi. Dastlab golland bunga e’tibor ham bermabdi, lekin g‘animi gapida turishga ikki-uch bor urinib joniga tekkach, biror muddat chetroq joyga ketishga qaror qilibdi. Bataviaga o‘tib, o‘sha yoqda ayshini surib yurmoqchi bo‘libdi. Lekin bu yerga kelganidan bir hafta o‘tgach, devor orqasida yashirinib turgan achinlikka ko‘zi tushibdi. Achinlik uning ortidan tushgan ekan. Golland g‘animning niyati qat’iligini tushunibdi. Surabayyaga borishi kerakligini anglabdi. Bir kuni u shu shaharda aylanib yurib nima bo‘libdi-yu orqasiga o‘girilibdi, qarasa, achinlik shundaygina izidan ovoz chiqarmay pusib kelayotgan ekan. Uning kapalagi uchib ketibdi. O‘girilsangu seni o‘ldirmoqchi bo‘lib yurgan nusxa shundaygina orqangda turganini ko‘rsang, qo‘rqasan-da, albatta.
Xullas, golland tez-tez yurib, mehmonxonaga qaytibdi-da, narsalarini yig‘ishtirib, Singapurga boradigan kemaga chiqibdi. Turgan gapki, u gollandiyaliklar qo‘nishgan mehmonxonaga joylashibdi. Bir kuni mehmonxona ro‘parasidagi hovlida ichib o‘tirgan ekan, ichkariga achinlik kirib unga bir pas tikilib turibdi-da, chiqib ketibdi. Golland o‘shanda dahshatdan qimir etolmay qolganini aytdi. Agar achinlik o‘sha payt xanjarini sanchmoqchi bo‘lganda, u o‘zini himoya qilish uchun qo‘lini ham ko‘tara olmas ekan. Golland achinlik qulay paytni kutayotganini tushuntiribdi. Bu jirkanch kimsa uni o‘ldirishni niyat qilgan ekan. Joni uzilayotgani ko‘z oldiga kelsa, u o‘zini tutolmay qolarkan”.
“Nega u politsiyaga bormabdi?”, deb so‘radim men.
“Bilmayman. Meningcha, politsiya bu mojarodan xabar topishini xohlamagan”.
“O‘sha odamga nima yomonlik qilgan ekan?”
“Buni ham bilmayman. Nima qilganini aytmadi. Lekin so‘raganimda menga qarashidanoq kattagina ish qilib qo‘yganini sezdim. O‘ylashimcha, achinlikning har qanday jazosiga loyiqligini uning o‘zi ham tushunardi”.
Mezbonim sigareta yoqdi.
“Keyin nima bo‘ldi?”, deb so‘radim men.
“Singapur bilan Kuching orasida qatnaydigan kemaning kapitani ham qatnov orasida o‘sha mehmonxonada turadi. Kema tongda yo‘lga chiqarkan. Golland achinlikdan qutulish uchun bu yaxshi imkoniyat, deb o‘ylabdi. Yuklarini mehmonxonada qoldirib, xuddi kapitanni kuzatib qo‘yayotganday u bilan birga kemaga chiqibdi va kema suza boshlaganda u yerga tushib qolibdi. Asabiylashish odatini shu vaqtlarda orttirgan ekan. Achinlikdan qutulishdan boshqa hech narsa haqida o‘ylamay qo‘yibdi. Kuchingda o‘zini ancha yaxshi his eta boshlabdi. Mehmonxonadan joy olibdi. Xitoy do‘konlaridan o‘ziga juft kastyum, to‘rt-beshta ko‘ylak xarid qilibdi. Lekin uxlay olmas ekan. tushiga nuqul o‘sha kimsa kirarkan. Olti martacha bo‘g‘ziga tortilayotgan xanjar damidan uyg‘onib ketibdi. Xudo haqqi, unga juda rahmim keldi. U bu gaplarni menga qaltirab gapirdi. Qo‘rqqanidan ovozi xirillab qolgandi. Uning ajabtovur qarashlariga endi tushundim. Esingizdami, gapimning boshida kulgili alanglashlarini ko‘rib hayron bo‘lganimni aytuvdim. Qo‘rqqanidan shunaa alanglarkan.
Bir kuni Kuchingdagi klubda derazadan tashqariga qarabdi va ko‘zi o‘sha yoqda o‘tirgan achinlikka tushibdi. Achinlik ham unga qarabdi. Golland egilibdi-da, hushdan ketibdi. O‘ziga kelganida miyasiga kelgan birinchi fikr bu joydan qochish bo‘libdi. Sizni olib kelgan o‘sha kema bilangina u Kuchingdan tezroq ketishi mumkin ekan. Kemaga chiqibdi. Achinlik kemada yo‘qligini aniq bilarkan”.
“Lekin nega aynan bu yerga kelibdi?”
“Bilasizmi, boyagi kema ko‘p joylarda to‘xtaydi. Achinlik gollandning aynan bu yerga kelganda tushib qolganini bilolmasdi. Golland o‘zi o‘tirgan kema bu joylarda yo‘lovchi tashiydigan bitta-yu bitta kema ekanini, bortda o‘n ikkitacha odam o‘tirganini bilganidan keyingina undan tushgan.
“Harholda, bir-ikki kunga bo‘lsa ham bu yerda xavfdan xoliman”, dedi u. “Ozgina vaqt bo‘lsayam tinch yursam, asablarimni bosib olaman”.
“Xohlaganingizcha qoling”, dedim men. “Bu yerda sizga xavf yo‘q, har holda keyingi oy kema qaytguncha. Xohlasangiz, o‘sha payt borib yo‘lovchilarni tekshiramiz”.
Qayta-qayta rahmat aytdi. Nihoyat, ko‘ngli taskin topgandi.
Vaqt ham allamahal bo‘lib qolgandi. Uxlash payti bo‘lganini aytdim. Hammasi joyidaligini bilish uchun uni xonasiga kuzatib qo‘ydim. Hech qanday xavf yo‘q, desam ham derazalarni mahkamlab berkitdi. Xonadan chiqishim bilanoq orqamdan eshikni qulflaganini eshitdim.
Ertasi kuni ertalab dastyor bola choyimni olib kelganida, gollandni uyg‘otdingmi, deb so‘radim. Hozir uyg‘otaman, dedi u. Uning xona eshigini qayta-qayta taqillatayotgani eshitildi. Nimadir bo‘lganini sezdim. Bola bor kuchi bilan taqillatgandi ham ichkaridan sado chiqmadi. Asabiylashib, o‘rnimdan turdim. Men ham taqillatdim. Ikkalamiz murdani tiriltirib yuborguday shovqin ko‘tardik, lekin golland uyg‘onmadi. Shunda eshikni sindirdim. Karovatni o‘ragan chivin o‘tkazmaydigan pardani uzdim. Golland karovatda ko‘zini chaqchaytirgancha tepaga qarab yotardi. U o‘lgan edi. Bo‘yniga xanjar qo‘yilgan edi. Gapimga ishonasizmi, yo‘qmi — bu o‘zingizga havola, lekin xudo haqqi qasam ichib aytamanki, bu — rost, uning biror joyi hatto tirnalmagan. Xona esa bo‘m-bo‘sh edi.
Kulgili voqea, to‘g‘rimi?”
“Endi, bu kulgini qanday tushunishga bog‘liq”, deb javob berdim men.
Mezbonim menga qarab qo‘ydi.
“Shu karovatda uxlayverasiz-a, yo yo‘qmi?”
“Yo‘q, uxlayveraman. Lekin shu voqeani ertaga gapirib berganingizda yaxshi bo‘lardi”.

052

(Tashriflar: umumiy 117, bugungi 1)

Izoh qoldiring