Tomas Vulf. Olis va yaqin

11   Қарийб йигирма йилдан буён Худонинг берган ҳар куни шаҳарга қатновчи поезд бу ерга яқинлашиши биланоқ ҳайдовчи зўр ҳаяжон билан сигнал беради ва яна ҳар куни, айнан шу садони эшитган заҳоти уйчалардан бирининг олдида ёшгина жувон кўринади-да, унга зўр бериб қўл силкийди.

Томас ВУЛФ
ОЛИС ВА ЯҚИН
034

023Темир йўл тарафдан кафтдек бўлиб кўзга ташланиб турадиган жимитдай шаҳарча четидан бошланиб кетадиган гугуртдек қишлоқ уйларининг бари оппоқ тахталардан ясалиб, атайлаб ёрқин кўриниши учун фақат ям-яшил пардалар билан безатиб қўйилган. Ҳар бир уйча биқинида турли ўсимлик ва сабзавотлар нақшдек қилиб экилган озода боғлар бор, улар ичидаги ихчам шийпончаларнинг узумлари август этагига бориб ғарқ ҳосилга киради. Уйларнинг қаршисида бир-бирларига елка тутиб кўкка бўй чўзган уч дона бақувват эман қад ростлаган, улар ёзнинг авжи саратонида ўзининг улкан ва осойиш кўланкаси билан одамга қайта жон бағишлагандай бўлади, дарахтларнинг атрофида бўлса хушманзара гуллар қатор қилиб экиб қўйилган. Бу маконнинг барча еридан мусаффо ва баҳузур ҳаво билан кишини ўзига тортгувчи аллақандай оҳанграбо оқиб туради.

Ҳар куни кундуз соат иккига уч-тўрт дақиқа қолганида бу ердан икки шаҳар ўртасида қатновчи поезд ўтиб кетади. Ўша вақтда улкан поезд нимагадир шаҳарча четидаги ўша сокин гўшага яқинлашиб кўпроқ нафас ростлашни истайди, бироқ у ҳали ўзининг белгиланган манзилига етиб бормасдан тезликни тўхтата олишга асло ҳақи йўқлигини яхши билади. Пўлат от ажойиб манзараларга тўйиб-тўйиб тикилганча бир муддат гумбурлаб туради, унинг узундан-узун амирона қичқиришидан теварак-атроф ларзага келади; моторлари қулоқни қоматга келтиргудек кучли гувиллаб, кетма-кет занжирдек боғланиб кетган вагонлар бир-бирига урилиб, оҳиста тарақлайди, аммо зум ўтмай яна пишқирганча олис-олисларга жўнаб кетади. Сониялар давомида ундан қолган айлана тутунлар ўжар моторнинг ташрифидан белги бўлиб, яйлов ўтлари устида ўрлаб-ўрлаб кўкиштоб осмонга кўтарилади-да, сийраклашади, дам ўтмай бутунлай ўчиб кетади, охири, куннинг уйқусираган ҳаловатини ўғирлаган поезд ғилдиракларининг кучсиз гумбурлашидан бўлак сас эшитилмай қолади.

Қарийб йигирма йилдан буён Худонинг берган ҳар куни шаҳарга қатновчи поезд бу ерга яқинлашиши биланоқ ҳайдовчи зўр ҳаяжон билан сигнал беради ва яна ҳар куни, айнан шу садони эшитган заҳоти уйчалардан бирининг олдида ёшгина жувон кўринади-да, унга зўр бериб қўл силкийди. Авваллари аёлнинг этагига ёпишиб кичкина боласи ҳам пайдо бўлар, лекин у энди балоғат остонасига етган, кўзга кўринарли қиз бўлиб вояга етганди, отаси ўтадиган ҳар кун у ҳам онасига қўшилиб, остонада турган кўйи унга соғинчли қўл силтарди.

Йиллар ҳайдовчига ҳам кексалик муҳрини босди, унинг соч-соқоли ана шу темирйўл хизматида мошкичири бўлди. У бу қудратли поездга гўё шунча йиллар ва тақдир юкини ҳам ортиб олиб, худдики бутун ер юзасини ўн минг марталаб босиб ўтгандек бўлиб яшади. Болалари аллақачон улғайиб, уйли-жойли бўлиб кетгандир. Ҳали-ҳамон эсида бор, бир гал у ҳамма болаларини битта вагонга жойлаганча, олис манзилларни кўзлаб шамолдек кетиб бораркан, кутилмаган фалокат оёқ остидан чиқиб, ҳамманинг ўтакасини бирдек ёрганди, ҳайтовур омади бор экан, уям, болалариям эсон-омон уйларига етиб келиб, қайта бундай таҳликали сафарга чиқишдан тавба қилиб олишганди. Аммо ўша ҳодиса чоғидаги саросима, қондошларнинг бир-бирларига бўлган меҳру оқибати, бир-бирларини эҳтиётлаш, суяш, қутқариш – буларнинг бари кекса ҳайдовчининг кўксини тоғдек кўтариб, меҳнатда толиққан юзларига нур улашганди. Ҳа, ҳамон бари кечагидек эсида турибди. Энди эса бечоранинг юрак-бағри худди эгалари кўчиб кетган улкан уй мисол ҳувиллаб ётибди. Бу матонатли инсон умр бўйи виждонан ишлади, ишига заррача хиё­нат қилмади, сидқидилдан ва ортиғи билан хизмат қилиб берди, бир кун ҳам нолимади, шикоят қилмади, бор кучини фақат ва фақат меҳнатга, тоза ишига бағишлади. Унинг чеҳраси мўмин-қобил, жиддий ва қайғули эди. Ҳаётдаги ҳеч бир монелик ва машаққатлардан чўчимаган ҳайдовчининг қалбини неча йиллик соғинч ҳисси пишиб ётган ғурбатдек доим эзғиларди.

Бироқ айнан ўша қадим манзара, севимли манзара – аёли билан қизчасининг қадрдон уйи остонасидан унга қўл силкиганча, уйларининг хожасига соғинчли саломларини йўллаган дамлар энг саодатбахш, ҳаётининг ҳар қандай оғриқли нуқталаридаги энг давобахш, энг жонбахш эсдалик бўлиб муҳрланган эди. Ўшандай хушбахт сонияларда унинг ёлғизлик ва мискинликда сиқилган юраги озод этилган қушлардек қанот қоқиб шоду хуррам учгиси келарди. Уй – яқинларнинг дийдори. Мусофир киши учун бу дунёда шугина дийдордан қимматлироқ неъмат бормикан?

У ўша бебаҳо лавҳани минг марталаб хаёлидан ўтказарди, юз марталаб кўз олдига келтираверарди, лекин заррача безмасди, сира тўйгиси келмасди. Жондан азиз дилбанд­лари туғилиб ўсган ўша азиз гўша унга фақат муҳаббатдан, ҳузурбахш муҳаббатдангина сўзлайверарди. Йиллар ўтиб, хизмат муддати ўз поёнига етгач, кекса ҳайдовчи ва ниҳоят бир кун қадрдон уйига кириб боради, уни соғинган, кўзлари тўрт бўлиб кутаётган фарзандларини меҳнату машаққатларда ийиғи чиқиб кетган қалтироқ қўллари билан ичиккан кўксига маҳкам босади, сўзлар кўз ёшларига, тиллар ўтли нигоҳларга айланиб кетади, ҳа, ҳаммаси ана шундай рўй беради. Ҳаммалари соғинчдан, интиқишдан порлаган кўзлар-ла сўзлашадилар, тўйиб-тўйиб сирлашадилар… Ҳайдовчининг юраги ширин энтикиб кетди, кўнгил шунақа беихтиёр бўларкан-да!

Охири, вақт шамоли кутилган кунни қувалаганча олиб келди. Туғишган инисидек бўлиб қолган темир улов остонасидан аста ерга оёқ қўяркан, у азбаройи қувонганидан етиб келган манзили – муқаддас шаҳарчасининг одам сийрак станциясига ҳам сиғмай кетди. Хаёлида минг ўй билан шаҳар кўчаларидан бир-бир ўтганча, кўзлари олдига ҳадеб қадимгидай қўл силкиган аёл билан ёш қизчаси суратини келтираверди. Ҳайдовчининг олисларда, ўз уйидан узоқда кечган йиллари гумбурлаган поезд оёқлари остида емирилиб, бир жойга етган ёши сўнгги станцияга етганида ниҳоят тин олганди. Лекин унинг ҳаётдан ҳеч гинаси йўқ, яқинларидан, уларнинг меҳру муҳаббатидан ҳамиша кўнгли тўқ бўлган, ўзига ҳам ишонган, юзларида синиқ ва соғинчли табассум жилвалангани жилваланган, барибир ҳаёт унга доимо ширинлик улашган!

Кетганидан бери шаҳарчада бир талай ўзгаришлар бўлибди, унга кўз таниш ерларнинг бари мутлақо таниб бўлмас қиёфага кирибди. Одамлар ўзгарибди, дарахтлар ўзгарибди, негадир ҳаммаси аввалгидек эмас. Ҳайдовчининг кўнгли хижил тортди. Худди бегона уйга қадам қўяётган одамдек ўнгу сўлига аланглаб, ўзини нохуш сезди. Ростданам, севикли поезди сигналини шу ерга етганида чўзиқ чалганча минг марталаб босиб ўтган шаҳарча мана шуми? Кабина ойнасидан узун энтикиш-ла тўйиб-­тўйиб термулган қадрдон уйчалар ҳақиқатдан ана шуларми? Йўқ, кўриб турганлари худди ёмон туш ичида алаҳлаётган одамнинг хира тасаввури каби уйқашиб ётибди, ҳатто қадамлари ҳам энди унга бўйсунмаётгандек чалкашиб-чалкашиб боряпти.

Авваллари ўзининг ёруғ, оппоқ ранглари билан кўзни қамаштирувчи уйларнинг туси аллақандай хира, чап­лашган бўёқ туфайли хунуклашиб кетибди, у яшаган кўча эса торайиб, негадир жуда эскирибди. Охири, кекса ҳайдовчи говмижжадек азоб бераётган ўй-хаёлларини бир нуқтага жамлади-да, ўзи қидирган уй томон дадил юриб кетди. Ана ўша мардонавор қад тутган эман дарахтлари, темирйўл станциясигача ифори учиб келган, санам қизлардек солланиб турган хушбўй гуллар; аммо барибир нимадир етишмаётгандек, нимадир йўқдек яна. Узоқ йўл чарчоғидан юзига тепчиб чиққан тер томчиларини аста сидирираркан, ҳайдовчи маъюс ва паришон алпозда ўзи яшаган хонадон дарвозасига тикилганча туриб қолди.

Одамзод олис-олислардагина Ватан туйғусини теран англайдими ёхуд инсон фақат олдида оқаётган сувдан нари кетгандагина унинг қадрига етадими, ёки бўлмасам баъзида йироқ масофалар кўнгилни ҳам яқинларидан йироқлаштириб ташлайдими? Нега юрагим бунчалик хун бўляпти, нимани тополмаяпман, дея кекса ҳайдовчи ўзини ўзи тинмай қийнар эди. Узоқ-узоқлардан унга бахт ва шодлик улашган қадрдон гўшалар наҳот яқин келганида шунчалик совиб, бирдан хунуклашиб кетса? Ёки уларнинг ҳаммаси ширин тушмиди экан? Наҳот бутун умрини чексиз рўё ичида ўтказган бўлса? Наҳот бебаҳо туйғуларининг бари фақат йўқликка аталган бўлиб чиқса? Нега у энди ўз уйига етиб келганида қалбини чигаллик, шубҳа ва умидсизлик қийноқлари эгаллаб олди?

Шунча азоблар қуршовида ўз дарвозасидан бегонадек ичкари хатларкан, уй тарафга элтувчи узун йўлакча устида ҳам бу изтироблардан халос бўлолмай, ҳайдовчи зилдек бошини эгганча одимлайверди. Мана, эшик олдига атига икки-уч қадамгина қолди. Қизиқ, нега бу қадар хавотири ортиб боряпти? Нима бўларкин? Ҳайдовчи қалтираган бармоқларини аранг қимирлатди-да, юрагининг тобора кўтарилиб бораётган дупуридан пича ўнғайсизланиб, эшикни оҳиста чертди. Ичкаридан, афтидан, тап-туп қилиб келаётган қадам товуши эшитилди, эшик очилди ва қандайдир аёл остонада пайдо бўлди.

Афсус ва надомат ҳислари қоп-қора булутлардек юракни чулғади. Ҳайдовчи кўзларига ишонолмасди, унинг қаршисида илгарилари унга соғинч-ла узоқ-узоқ қўл силтаб қолган меҳрибон аёл эмас, аллақандай бошқача, кўзлари сўниқ, юзлари ташвиш ва уқубатдан қовжираб бораётган, нигоҳларида ҳеч қандай меҳр ва муҳаббатдан асар ҳам қолмаган мутлақо бегона, бутунлай нотаниш бир аёл турарди. Шу азиз гўшасини тарк этиб кетаётганида мана шу аёл билан ҳозир оёқлари қадалиб турган худди шу остона меҳр, яқинлик, севги ва ҳаяжондан кучли ларзага келмаганмиди? Ахир, айни шу эшик ортида уларнинг бирга кечирган қайноқ кунлари, бахтли лаҳзалари яшамаганмиди? Ниҳоят, охири йўқ чигал хаёлларидан бир неча дақиқаларга чиқиб, ҳайрат ва аламдан қотиб қолган тили калимага келди-да, рўпарасида унга батамом бефарқ ва ҳиссиз қараб турган аёлга ўзининг кимлиги ва нега келганини тушунтира бошлади. Аммо гапираркан, ҳайдовчига ўзининг овози бегонадек, сўзлаган сайин товуши пасайиб, нафаси ичига тушиб кетаётгандек бўларди. Уят, ғурур, гумон, надомат ва бегоналик ҳисси алалоқибат енгиб чиқди, дардчиллик ҳайдовчининг руҳиятини тўла маҳв этди. Қанча зўр бермасин, бари беҳуда эди. У бир пайтлар ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайдиган тўлғин қувонч дамларини худди касалдек шуурсиз тарзда ўтказгандек, бедаво дарддан ҳозиргина халос бўлгандек кўзлари очилиб, ўтмишига ҳайрат ва афсус билан боқар эди.

Хотини ҳам энди довдираб қолган, у эриданам баттар қийноқда, дам суюнар, дам эсанкираганча уни ичкарига таклиф қилиб, саросимали овозда ҳадеб қизини чақиргани чақирган эди. Орадан ҳайдовчига ҳеч ҳисоби йўқдек туюлган лаҳзалар бирма-бир ўтгач, у ўзини кичкина ҳароброқ меҳмонхонада, шалоғи чиқиб кетган диван четида омонат ўтирган ҳолида ҳуши ўзига келганини идрок қилди. У минг машаққат билан йиллар бир ҳолга келтирган юзига анграйганча қотиб турган иккита аёлга гангиган, фаромуш ва айбдорларча назар билан боқар, тўғрироғи, кўзларини олиб қочар, ҳаммасининг нигоҳи бир жойда ҳечам тўқнаш келмасди.

Шу беш-ўн дақиқалик учрашувда ҳам сира гап гапга қовушмади, дудуқланганча жўнаб кетишини маълум қиларкан, кекса ҳайдовчининг кўзлари ҳеч нимани кўрмасди. Соҳибаларидан ҳам совуқроқ қараб турган уйи деворларига, дарвозасига ва йўлакчага хомуш термулганча мусофирчиликда сочи оқарган эркак яна изтироблар юкидан хам бўлган бошини эгганча, яна ўз уйини тарк этмоқда эди. У шу тобда баттар кексайиб кетганини ҳис қилди. У ҳамиша улкан ва дум-думалоқ ернинг қачондир отиши муқаррар бўлган чўқмордек тошларига, оғир-оғир зарбаларига тайёр сезарди ўзини, бошига нимаики бало ёғилсаям, ўзини енга олишга қодир ва қаҳрамондек ҳис қиларди, жуда кучли эди, жудаям, аммо-лекин айни шу бугун эмас, яқинлари билан кўзлари тўқнашган сонияларда эмас. У шу топда олис масофалар устида беихтиёр ўз яқинларини қалбан йўқотиб қўйганини англади. Бир вақтлар унга нур, ҳаёт, қудрат ва боқийлик ато этган соғинчли кунларининг энди ўшандек кўринишда қайтиб келмаслигига ич-ичидан ўксинар, айни дамда инсон қалбидаги кўз ёшининг миқдорини тасаввур қилиш қанчалик мушкуллигидан баттарроқ азобланар эди.

Инглиз тилидан Қандилат ЮСУПОВА таржимаси

03    Qariyb yigirma yildan buyon Xudoning bergan har kuni shaharga qatnovchi poyezd bu yerga yaqinlashishi bilanoq haydovchi zo’r hayajon bilan signal beradi va yana har kuni, aynan shu sadoni eshitgan zahoti uychalardan birining oldida yoshgina juvon ko’rinadi-da, unga zo’r berib qo’l silkiydi.

Tomas VULF
OLIS VA YAQIN
07

Temir yo’l tarafdan kaftdek bo’lib ko’zga tashlanib turadigan jimitday shaharcha chetidan boshlanib ketadigan gugurtdek qishloq uylarining bari oppoq taxtalardan yasalib, ataylab yorqin ko’rinishi uchun faqat yam-yashil pardalar bilan bezatib qo’yilgan. Har bir uycha biqinida turli o’simlik va sabzavotlar naqshdek qilib ekilgan ozoda bog’lar bor, ular ichidagi ixcham shiyponchalarning uzumlari avgust etagiga borib g’arq hosilga kiradi. Uylarning qarshisida bir-birlariga yelka tutib ko’kka bo’y cho’zgan uch dona baquvvat eman qad rostlagan, ular yozning avji saratonida o’zining ulkan va osoyish ko’lankasi bilan odamga qayta jon bag’ishlaganday bo’ladi, daraxtlarning atrofida bo’lsa xushmanzara gullar qator qilib ekib qo’yilgan. Bu makonning barcha yeridan musaffo va bahuzur havo bilan kishini o’ziga tortguvchi allaqanday ohangrabo oqib turadi.

Har kuni kunduz soat ikkiga uch-to’rt daqiqa qolganida bu yerdan ikki shahar o’rtasida qatnovchi poyezd o’tib ketadi. O’sha vaqtda ulkan poyezd nimagadir shaharcha chetidagi o’sha sokin go’shaga yaqinlashib ko’proq nafas rostlashni istaydi, biroq u hali o’zining belgilangan manziliga yetib bormasdan tezlikni to’xtata olishga aslo haqi yo’qligini yaxshi biladi. Po’lat ot ajoyib manzaralarga to’yib-to’yib tikilgancha bir muddat gumburlab turadi, uning uzundan-uzun amirona qichqirishidan tevarak-atrof larzaga keladi; motorlari quloqni qomatga keltirgudek kuchli guvillab, ketma-ket zanjirdek bog’lanib ketgan vagonlar bir-biriga urilib, ohista taraqlaydi, ammo zum o’tmay yana pishqirgancha olis-olislarga jo’nab ketadi. Soniyalar davomida undan qolgan aylana tutunlar o’jar motorning tashrifidan belgi bo’lib, yaylov o’tlari ustida o’rlab-o’rlab ko’kishtob osmonga ko’tariladi-da, siyraklashadi, dam o’tmay butunlay o’chib ketadi, oxiri, kunning uyqusiragan halovatini o’g’irlagan poyezd g’ildiraklarining kuchsiz gumburlashidan bo’lak sas eshitilmay qoladi.

Qariyb yigirma yildan buyon Xudoning bergan har kuni shaharga qatnovchi poyezd bu yerga yaqinlashishi bilanoq haydovchi zo’r hayajon bilan signal beradi va yana har kuni, aynan shu sadoni eshitgan zahoti uychalardan birining oldida yoshgina juvon ko’rinadi-da, unga zo’r berib qo’l silkiydi. Avvallari ayolning etagiga yopishib kichkina bolasi ham paydo bo’lar, lekin u endi balog’at ostonasiga yetgan, ko’zga ko’rinarli qiz bo’lib voyaga yetgandi, otasi o’tadigan har kun u ham onasiga qo’shilib, ostonada turgan ko’yi unga sog’inchli qo’l siltardi.

Yillar haydovchiga ham keksalik muhrini bosdi, uning soch-soqoli ana shu temiryo’l xizmatida moshkichiri bo’ldi. U bu qudratli poyezdga go’yo shuncha yillar va taqdir yukini ham ortib olib, xuddiki butun yer yuzasini o’n ming martalab bosib o’tgandek bo’lib yashadi. Bolalari allaqachon ulg’ayib, uyli-joyli bo’lib ketgandir. Hali-hamon esida bor, bir gal u hamma bolalarini bitta vagonga joylagancha, olis manzillarni ko’zlab shamoldek ketib borarkan, kutilmagan falokat oyoq ostidan chiqib, hammaning o’takasini birdek yorgandi, haytovur omadi bor ekan, uyam, bolalariyam eson-omon uylariga yetib kelib, qayta bunday tahlikali safarga chiqishdan tavba qilib olishgandi. Ammo o’sha hodisa chog’idagi sarosima, qondoshlarning bir-birlariga bo’lgan mehru oqibati, bir-birlarini ehtiyotlash, suyash, qutqarish – bularning bari keksa haydovchining ko’ksini tog’dek ko’tarib, mehnatda toliqqan yuzlariga nur ulashgandi. Ha, hamon bari kechagidek esida turibdi. Endi esa bechoraning yurak-bag’ri xuddi egalari ko’chib ketgan ulkan uy misol huvillab yotibdi. Bu matonatli inson umr bo’yi vijdonan ishladi, ishiga zarracha xiyo­nat qilmadi, sidqidildan va ortig’i bilan xizmat qilib berdi, bir kun ham nolimadi, shikoyat qilmadi, bor kuchini faqat va faqat mehnatga, toza ishiga bag’ishladi. Uning chehrasi mo’min-qobil, jiddiy va qayg’uli edi. Hayotdagi hech bir monelik va mashaqqatlardan cho’chimagan haydovchining qalbini necha yillik sog’inch hissi pishib yotgan g’urbatdek doim ezg’ilardi.

Biroq aynan o’sha qadim manzara, sevimli manzara – ayoli bilan qizchasining qadrdon uyi ostonasidan unga qo’l silkigancha, uylarining xojasiga sog’inchli salomlarini yo’llagan damlar eng saodatbaxsh, hayotining har qanday og’riqli nuqtalaridagi eng davobaxsh, eng jonbaxsh esdalik bo’lib muhrlangan edi. O’shanday xushbaxt soniyalarda uning yolg’izlik va miskinlikda siqilgan yuragi ozod etilgan qushlardek qanot qoqib shodu xurram uchgisi kelardi. Uy – yaqinlarning diydori. Musofir kishi uchun bu dunyoda shugina diydordan qimmatliroq ne’mat bormikan?

U o’sha bebaho lavhani ming martalab xayolidan o’tkazardi, yuz martalab ko’z oldiga keltiraverardi, lekin zarracha bezmasdi, sira to’ygisi kelmasdi. Jondan aziz dilband­lari tug’ilib o’sgan o’sha aziz go’sha unga faqat muhabbatdan, huzurbaxsh muhabbatdangina so’zlayverardi. Yillar o’tib, xizmat muddati o’z poyoniga yetgach, keksa haydovchi va nihoyat bir kun qadrdon uyiga kirib boradi, uni sog’ingan, ko’zlari to’rt bo’lib kutayotgan farzandlarini mehnatu mashaqqatlarda iyig’i chiqib ketgan qaltiroq qo’llari bilan ichikkan ko’ksiga mahkam bosadi, so’zlar ko’z yoshlariga, tillar o’tli nigohlarga aylanib ketadi, ha, hammasi ana shunday ro’y beradi. Hammalari sog’inchdan, intiqishdan porlagan ko’zlar-la so’zlashadilar, to’yib-to’yib sirlashadilar… Haydovchining yuragi shirin entikib ketdi, ko’ngil shunaqa beixtiyor bo’larkan-da!

Oxiri, vaqt shamoli kutilgan kunni quvalagancha olib keldi. Tug’ishgan inisidek bo’lib qolgan temir ulov ostonasidan asta yerga oyoq qo’yarkan, u azbaroyi quvonganidan yetib kelgan manzili – muqaddas shaharchasining odam siyrak stantsiyasiga ham sig’may ketdi. Xayolida ming o’y bilan shahar ko’chalaridan bir-bir o’tgancha, ko’zlari oldiga hadeb qadimgiday qo’l silkigan ayol bilan yosh qizchasi suratini keltiraverdi. Haydovchining olislarda, o’z uyidan uzoqda kechgan yillari gumburlagan poyezd oyoqlari ostida yemirilib, bir joyga yetgan yoshi so’nggi stantsiyaga yetganida nihoyat tin olgandi. Lekin uning hayotdan hech ginasi yo’q, yaqinlaridan, ularning mehru muhabbatidan hamisha ko’ngli to’q bo’lgan, o’ziga ham ishongan, yuzlarida siniq va sog’inchli tabassum jilvalangani jilvalangan, baribir hayot unga doimo shirinlik ulashgan!

Ketganidan beri shaharchada bir talay o’zgarishlar bo’libdi, unga ko’z tanish yerlarning bari mutlaqo tanib bo’lmas qiyofaga kiribdi. Odamlar o’zgaribdi, daraxtlar o’zgaribdi, negadir hammasi avvalgidek emas. Haydovchining ko’ngli xijil tortdi. Xuddi begona uyga qadam qo’yayotgan odamdek o’ngu so’liga alanglab, o’zini noxush sezdi. Rostdanam, sevikli poyezdi signalini shu yerga yetganida cho’ziq chalgancha ming martalab bosib o’tgan shaharcha mana shumi? Kabina oynasidan uzun entikish-la to’yib-­to’yib termulgan qadrdon uychalar haqiqatdan ana shularmi? Yo’q, ko’rib turganlari xuddi yomon tush ichida alahlayotgan odamning xira tasavvuri kabi uyqashib yotibdi, hatto qadamlari ham endi unga bo’ysunmayotgandek chalkashib-chalkashib boryapti.

Avvallari o’zining yorug’, oppoq ranglari bilan ko’zni qamashtiruvchi uylarning tusi allaqanday xira, chap­lashgan bo’yoq tufayli xunuklashib ketibdi, u yashagan ko’cha esa torayib, negadir juda eskiribdi. Oxiri, keksa haydovchi govmijjadek azob berayotgan o’y-xayollarini bir nuqtaga jamladi-da, o’zi qidirgan uy tomon dadil yurib ketdi. Ana o’sha mardonavor qad tutgan eman daraxtlari, temiryo’l stantsiyasigacha ifori uchib kelgan, sanam qizlardek sollanib turgan xushbo’y gullar; ammo baribir nimadir yetishmayotgandek, nimadir yo’qdek yana. Uzoq yo’l charchog’idan yuziga tepchib chiqqan ter tomchilarini asta sidirirarkan, haydovchi ma’yus va parishon alpozda o’zi yashagan xonadon darvozasiga tikilgancha turib qoldi.

Odamzod olis-olislardagina Vatan tuyg’usini teran anglaydimi yoxud inson faqat oldida oqayotgan suvdan nari ketgandagina uning qadriga yetadimi, yoki bo’lmasam ba’zida yiroq masofalar ko’ngilni ham yaqinlaridan yiroqlashtirib tashlaydimi? Nega yuragim bunchalik xun bo’lyapti, nimani topolmayapman, deya keksa haydovchi o’zini o’zi tinmay qiynar edi. Uzoq-uzoqlardan unga baxt va shodlik ulashgan qadrdon go’shalar nahot yaqin kelganida shunchalik sovib, birdan xunuklashib ketsa? Yoki ularning hammasi shirin tushmidi ekan? Nahot butun umrini cheksiz ro’yo ichida o’tkazgan bo’lsa? Nahot bebaho tuyg’ularining bari faqat yo’qlikka atalgan bo’lib chiqsa? Nega u endi o’z uyiga yetib kelganida qalbini chigallik, shubha va umidsizlik qiynoqlari egallab oldi?

Shuncha azoblar qurshovida o’z darvozasidan begonadek ichkari xatlarkan, uy tarafga eltuvchi uzun yo’lakcha ustida ham bu iztiroblardan xalos bo’lolmay, haydovchi zildek boshini eggancha odimlayverdi. Mana, eshik oldiga atiga ikki-uch qadamgina qoldi. Qiziq, nega bu qadar xavotiri ortib boryapti? Nima bo’larkin? Haydovchi qaltiragan barmoqlarini arang qimirlatdi-da, yuragining tobora ko’tarilib borayotgan dupuridan picha o’ng’aysizlanib, eshikni ohista chertdi. Ichkaridan, aftidan, tap-tup qilib kelayotgan qadam tovushi eshitildi, eshik ochildi va qandaydir ayol ostonada paydo bo’ldi.

Afsus va nadomat hislari qop-qora bulutlardek yurakni chulg’adi. Haydovchi ko’zlariga ishonolmasdi, uning qarshisida ilgarilari unga sog’inch-la uzoq-uzoq qo’l siltab qolgan mehribon ayol emas, allaqanday boshqacha, ko’zlari so’niq, yuzlari tashvish va uqubatdan qovjirab borayotgan, nigohlarida hech qanday mehr va muhabbatdan asar ham qolmagan mutlaqo begona, butunlay notanish bir ayol turardi. Shu aziz go’shasini tark etib ketayotganida mana shu ayol bilan hozir oyoqlari qadalib turgan xuddi shu ostona mehr, yaqinlik, sevgi va hayajondan kuchli larzaga kelmaganmidi? Axir, ayni shu eshik ortida ularning birga kechirgan qaynoq kunlari, baxtli lahzalari yashamaganmidi? Nihoyat, oxiri yo’q chigal xayollaridan bir necha daqiqalarga chiqib, hayrat va alamdan qotib qolgan tili kalimaga keldi-da, ro’parasida unga batamom befarq va hissiz qarab turgan ayolga o’zining kimligi va nega kelganini tushuntira boshladi. Ammo gapirarkan, haydovchiga o’zining ovozi begonadek, so’zlagan sayin tovushi pasayib, nafasi ichiga tushib ketayotgandek bo’lardi. Uyat, g’urur, gumon, nadomat va begonalik hissi alaloqibat yengib chiqdi, dardchillik haydovchining ruhiyatini to’la mahv etdi. Qancha zo’r bermasin, bari behuda edi. U bir paytlar hech narsa bilan solishtirib bo’lmaydigan to’lg’in quvonch damlarini xuddi kasaldek shuursiz tarzda o’tkazgandek, bedavo darddan hozirgina xalos bo’lgandek ko’zlari ochilib, o’tmishiga hayrat va afsus bilan boqar edi.

Xotini ham endi dovdirab qolgan, u eridanam battar qiynoqda, dam suyunar, dam esankiragancha uni ichkariga taklif qilib, sarosimali ovozda hadeb qizini chaqirgani chaqirgan edi. Oradan haydovchiga hech hisobi yo’qdek tuyulgan lahzalar birma-bir o’tgach, u o’zini kichkina harobroq mehmonxonada, shalog’i chiqib ketgan divan chetida omonat o’tirgan holida hushi o’ziga kelganini idrok qildi. U ming mashaqqat bilan yillar bir holga keltirgan yuziga angraygancha qotib turgan ikkita ayolga gangigan, faromush va aybdorlarcha nazar bilan boqar, to’g’rirog’i, ko’zlarini olib qochar, hammasining nigohi bir joyda hecham to’qnash kelmasdi.

Shu besh-o’n daqiqalik uchrashuvda ham sira gap gapga qovushmadi, duduqlangancha jo’nab ketishini ma’lum qilarkan, keksa haydovchining ko’zlari hech nimani ko’rmasdi. Sohibalaridan ham sovuqroq qarab turgan uyi devorlariga, darvozasiga va yo’lakchaga xomush termulgancha musofirchilikda sochi oqargan erkak yana iztiroblar yukidan xam bo’lgan boshini eggancha, yana o’z uyini tark etmoqda edi. U shu tobda battar keksayib ketganini his qildi. U hamisha ulkan va dum-dumaloq yerning qachondir otishi muqarrar bo’lgan cho’qmordek toshlariga, og’ir-og’ir zarbalariga tayyor sezardi o’zini, boshiga nimaiki balo yog’ilsayam, o’zini yenga olishga qodir va qahramondek his qilardi, juda kuchli edi, judayam, ammo-lekin ayni shu bugun emas, yaqinlari bilan ko’zlari to’qnashgan soniyalarda emas. U shu topda olis masofalar ustida beixtiyor o’z yaqinlarini qalban yo’qotib qo’yganini angladi. Bir vaqtlar unga nur, hayot, qudrat va boqiylik ato etgan sog’inchli kunlarining endi o’shandek ko’rinishda qaytib kelmasligiga ich-ichidan o’ksinar, ayni damda inson qalbidagi ko’z yoshining miqdorini tasavvur qilish qanchalik mushkulligidan battarroq azoblanar edi.

Ingliz tilidan Qandilat Yusupova  tarjimasi

21

(Tashriflar: umumiy 245, bugungi 1)

Izoh qoldiring