Toshio Udo. Qirmizi binafsha

012
Жаноб У. қоғоз халтага, яна бир неча қават газетага ўралган бинафшали тувакни кўтариб, ваъдалашган кун уйимга кириб келди. Босиққина бу одам эскича мулозамат билан саломлашди-да, бинафшани қандай парваришлаш ҳақида узундан-узоқ маъруза қила кетди. Мен гуллар ишқибози эмасдим, лекин озодликка чиқиб эркин нафас ола бошлаган ажабтовур бинафшани кўрдиму унинг шўхчан, тиниқ рангига маҳлиё бўлиб қолдим. Қалин барглари чиндан-да ҳайратомуз бу бинафша бўлиқ ва бақувват эди. Уни япроқли ўсимликлар қаторига қўшса бўлармикин дея ўйлаб қолдим.

001
Тошио Удо
ҚИРМИЗИ БИНАФША
Русчадан Дилдора Алиева таржимаси
02

Атоқли япон ёзувчиси ва адабиётшуноси Тошио Удо (Toshio Udō (右遠 俊郎) 1926 йил 1 сентярбда Окаяма префектурасида туғилган. Ёшлик йилларини Далиянда ўтказган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Токио университетининг япон тили ва адабиёти бўлимида таҳсил олган. Худди ўша йиллари адабий журналлар билан ҳамкорлиги бошланган. 1959 йили Акутагава мукофотига тақдим этилганлар рўйхатига кирган.
Тошио Удо 1989 йили япон демократик ёзувчилари иттифоқининг мукофоти билан тақдирланган. Адибнинг 20 дан ортиқ ҳикоя, эссе, қисса ва романларидан иборат китоблари нашр этилган.

02

021Жаноб У. менга тувакда бинафша совға қилди. Мен Сизларга шу инсон ҳақида гапириб бермоқчиман.

Жаноб У.нинг касби – байтар, яъни мол дўхтири. Ҳозир кўплар уйида мол боқади. Шу боис жаноб У.нинг бош қашишга қўли тегмаса керак деб ўйлагандим, йўқ, мен ҳақиқий аҳволдан бутунлай бехабар эканман. Айни пайтда жониворлар шифохоналарига эмас, аксинча, кучук ва мушуклар билан бемалол кириш мумкин бўлган меҳмонхоналарга ва итлар сартарошхоналарига эҳтиёж кўпроқ экан.

Бунинг устига жаноб йўл-йўлакай кирган мижознинг ити борми, мушуги борми шунчалик қунт билан даволар эканки, ҳисоб-китоб қилиб чиқиб кетган мол эгалари бу ерда қайта қораларини ҳам кўрсатмас эканлар.
Жаноб У.нинг рўзғор тебратиш учун ягона чораси қолганди, у ҳам бўлса шу яқин орада яшайдиган бошланғич ва ўрта синф ўқувчиларига хусусий дарс ўтиш. Менимча, жаноб У. урушдан кейин қанчадир вақт америкаликлар ҳузуридаги бош қароргоҳда ишлаб, инглиз тилини ўрганиб олганди.

Ўн йил бурун эса у ўзини адабиётда синаб кўрмоқчи бўлганди. Бу йил жаноб У. олтмишга кирганини нишонлади, демак, у пайтларда унинг ёши элликда бўлганди, одамлар назарида гўё у тақдирига тан бергандек эди-ю, лекин жанобнинг тўсатдан руҳи кўтарила бошлади. Байтар сифатида ўз ишининг устаси эканига гап йўқ, бироқ қўй оғзидан чўп олмаган бу одам, ҳалиги “меҳмонхона”ва “сартарошхона”лар ҳужумига бас келолмасди.

Мен у билан ўша пайтлари – бундан ўн йил бурун адабиёт сабоқларида танишиб қолгандим. Афсус, буни мен сизларга аввалроқ айтишим лозим эди: гап шундаки, камина ёзувчиман – бу ишда нечоғлик муваффақиятга эришганман, бунинг аҳамияти йўқ. Мен шу сабоқларда дарс берардим. Сабабини билмадим-у, лекин ўша пайтларда адабиётга ихлосмандлар кўп эди, тўгарак ҳам кундан-кунга ривожланиб, гуллаб-яшнаб борарди.
Жаноб У.га кўзим тушган заҳоти билдимки, ундан ҳеч нима чиқмайди. Роман ёзиш учун одамда алоҳида бир истеъдод бўлиши зарур деган қатъий фикрдан йироқман, лекин ўзимнинг камтарона тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, агар инсон ҳалол яшаса, ҳар бир қўяётган қадамини ўйлаб босса, шунинг ўзи ҳеч бўлмаганда битта қиссани дунёга келтириш учун етарли деган бўлардим. Тўгаракдагиларни кузатганимда, уларнинг ёшига, жинсига аҳамият бермаганман ва биронтасига умидсиз назар билан қарамаганман.
Афсуски, жаноб У. айнан ўшандай ношудлар сирасидан эди. Балки мен қаттиқ кетиб юборгандирман. Аммо-лекин, мен, кўпни кўрган инсон сифатида узоқ йиллар давомида пешланиб, мукаммаллашган ўз ички сезгиларим садосига ишонардим.

Сочларига оқ оралаб, бир оз букчайиб юрса-да, у ўзини мағрур тутарди; одамларга ҳаддан ташқари илтифотли эди, улар ҳам уни бенуқсон ва ҳалол инсон деб билар эдилар. Афтидан, жаноб ёшининг юкини ҳис этиб турса керакки, ёшлар даврасига кирганида ўзини камситилгандек кўзларини ерга қадаганча букчайиб тураверарди. Бундай жойга адашиб тушиб қолганини ўйлаб, афсусланарди.

Ҳафталар кўз очиб-юмгунча ўтди-кетди, уч ойлик сабоқдаги дарс-лар ҳам ниҳоялаб, бошқалар қатори жаноб У. ҳам имтиҳонга ўз қасидаларини тақдим этди. Унинг ёзганларини ўқиб чиққач, ички сезгиларим мени мутлақо алдамаганига амин бўлдим. Ёзилганларни мутлақо адабиёт деб бўлмасди, сюжет ёки композиция тўғрисида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Унинг услуби бошқаларникидан ёмон эди демоқчимасман; ёки бўлмаса баъзи жойлари ғазабни қўзғар даражада ёмон ҳам деёлмайман, шунчаки, ёзилганларининг бари бир-бирига сира боғланмаганди. Сен адабиётни қўй, яхшиси, ўша ҳайвонларинг-ни даволайвер, демоқчи ҳам бўлдим. Лекин унинг юзи бирдан жиддий тортганини кўрдиму тилимни тишлаб қолдим. Кейин ўзим ҳам астойдил қилинган меҳнат зое кетмас деган қарорга келдим ва у ёғига ўзи аста-секин тушуниб, қўлидан келмайдиган ишдан воз кечар деб ўйладим.

Жаноб У. биринчи босқични тугатиб, иккинчи босқичга ўтди. Сочларига оқ оралаб, букчайиб қолганига қарамай, бу одам учинчи босқичда ҳам ўшандай қатъият билан ўқишни давом эттирди, ёмғирли, изғиринли кунларда ҳам биронта дарс қолдирмай, машғулотларга муттасил қатнашиб турди.

Мен унга маърузаларнинг маъно-мазмуни мураккаблашмагани, ўзи билган мавзулар такрорланишини, фақат ўқитувчилар ўзгарганини, қўрқмай босқичдан-босқичга ўтавериши мумкинлигини айтдим. Жаноб У. ни буларнинг биронтаси безитмади, ўша иштиёқ, ўша жиддийлик билан машғулотларга қатнашиб турди. Бу ҳам менинг ғашимга тегарди. Хўп, мана, келдинг, эшитдинг, асосларни ўзлаштирдинг, энди у ёғи ўзингга ҳавола. Сабоқдан бу даражада умидвор бўлиш, ёзувчи бўламан деганга ярашмайди.

Баъзан У. билан учрашиб қолганимда, ёзганларини бир сидра ўқиб чиқардим ва уни бир қадам ҳам олға силжимагани аён бўларди-қоларди. Мен ҳар ҳолда ёзувчиман, яхши-ёмон асарнинг фарқига бораман. Жаноб У.да пичоққа илинарли бирон нима топилмасди.. У ҳақдаги илк таассуротим мутлақо тўғрилигига ишонч ҳосил қилдим.

Охири, унинг ўзи ҳам буни пайқади, шекилли – дарсларда кўринмай қолди. Мен ҳам уни эсдан чиқариб юборгандим – бирдан у тўгаракларида нашр этилган журнални менга жўнатди. Унда жаноб У.нинг ҳикояси босилганди. Ўқиб, ҳайрон бўлдим. Бу насрга ўхшаб кетарди, яна унда қандайдир кучни сезиб турардингиз ва бу ёзилганлар ўқувчини ўзига торта оларди.

У ерда гап аскар ҳаёти ҳақида борарди. Албатта, бу ёшда уни армияни ёки урушни кўрмаган деб бўлмасди, зеро унинг аввалги ҳикояларида ҳам худди шу мавзу кўтарилганди.

Мен унинг айнан уруш таассуротлари ва кечинмалари ҳақида ёзмоқчи эканини англаб етдим. Мен бундан таъсирландим. Чалкаш, тушуниб бўлмас сюжетларни жон куйдириб қидириш шарт эмас, бошдан кечирганларингни рўйирост баён қилсанг, шунинг ўзи кифоя.

Жаноб У.га ҳикояси менга маъқул тушганини ёздим. Муваффақиятга эришаётганидан хурсандлигимни, айни пайтда ҳайратда эканимни ҳам яширмадим. Ундан жавоб келмади, лекин жаноб У.дан олган ибратим руҳимни кўтарди. Мени яна бир тушуниб етганим шу бўлдики, қунт ва тиришқоқлик ҳатто адабиётда ҳам зое кетмас экан.

Ўшандан бери жаноб У. йилда бир ё икки бор ёзганларини доимо менга жўнатиб туради. У ўз ижоди билан тўгарак журнали ва нашрларида қатнашади, атиги бир маротаба бўлса ҳам маҳаллий газетада бошқа новеллалар қаторида ёзганлари босилиб туради. Ҳикояларини бекаму кўст асарлар қаторига қўшиб бўлмаса-да, унда ўқувчини ўзига жалб эта оладиган ўзига яраша бир куч бор.

Ўтган йилнинг охирларида жаноб У. уйимга ташриф буюриб, тувакда бинафша олиб келди. Бундан бир ҳафта бурун эса доимий анъанага кўра, навбатдаги асарини жўнатганди. Ёзганлари яна ўша газетада чоп этилиб, бу сафар энг яхши деб топилганди. Бу бир зобитнинг сўнгги кунлари ва ўлими ҳақида ҳикоя қилувчи, унча катта бўлмаган йигирма бетлик ҳикоя бўлиб, афтидан, жаноб У.нинг ҳарбий тажрибалари маҳсули эди.
Ҳикояни ўқиб чиқдим-да, унга ўз таассуротларимни ёзиб юбордим ва ҳаял ўтмай жаноб У.дан жавоб хатини олдим. Унда у мен берган юксак баҳодан миннатдор эканини мамнуният билан изҳор этганди. Тезда ўзи ҳам қўнғироқ қилиб қолди. Оғир, вазмин бу одам уйимга ташриф буюришини сўраб, оёқ тираб туриб олди. Сира қўявермагач, рози бўлдим-да, келадиган кунни белгиладим.

Мен, бу ташриф сабабини тушунолмай, ўзимча, кўрсатган эътиборим учун миннатдорчилик билдирса керак, деб ўйлагандим. Ҳатто уйим узоқлигини рўкач қилиб, уни йўлдан қайтармоқчи ҳам бўлдим, у эътирозимни қабул қилмади.

Жаноб У. қоғоз халтага, яна бир неча қават газетага ўралган бинафшали тувакни кўтариб, ваъдалашган кун уйимга кириб келди. Босиққина бу одам эскича мулозамат билан саломлашди-да, бинафшани қандай парваришлаш ҳақида узундан-узоқ маъруза қила кетди. Мен гуллар ишқибози эмасдим, лекин озодликка чиқиб эркин нафас ола бошлаган ажабтовур бинафшани кўрдиму унинг шўхчан, тиниқ рангига маҳлиё бўлиб қолдим. Қалин барглари чиндан-да ҳайратомуз бу бинафша бўлиқ ва бақувват эди. Уни япроқли ўсимликлар қаторига қўшса бўлармикин дея ўйлаб қолдим.

Бошда у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик, сўнг иккимизни бирдай қизиқтирадиган мавзу унча кўп бўлмагани боис унинг сўнгги ҳикоясини муҳокама қилишга кўча қолдик. Воқеа урушда мағлуб бўлган, қиши қаттиқ келган Маньчжурияда бўлиб ўтганди. Совуқ уриб, ҳолдан тойган япон зобити ватанини қўмсаб, ҳарбий госпиталда жон беради; тирик қолган дўстлари музлаб ётган ерни аранг кавлаб, уни ўша ерга дафн этишади.

Мен:
– Нима, ўзингиз ҳарбий госпиталда ҳеч бўлмаганмисиз?—деб сўрадим.
– Бўлганман.
– Айнан қаерда?
– Телин деган жойда.

Маньчжурияда ўсиб-улғайганим учун бу ном менга таниш эшитилди.
– Ўшанда тобингиз қочганмиди? Ёки ярадор бўлганмидингиз?—дея унга қараб қўйдим. Унинг қисми Шимолий ва Марказий Хитойда жанг қилганини билардим. – Бу қандай содир бўлганди?

У бошини экканча, жим турарди.
– Биласизми… – дея зўрға гап бошлади, томоғига бир нима тиқилгандек, иккиланиб. Кейин лабини пирпиратиб минғирлади у. – Мана, қаранг… – деб ўнг қўли кафтини менга узатди.
Қўлдайин қўл, беш бармоқнинг бари бут, бир қарашда ҳаммаси жойидадек, лекин синчиклаб разм солиб қарагандим, кафтидаги бир неча чандиққа кўзим тушди, ўртада, улар туташган жойда куйгандан қолган силлиқ доғ бор эди.
Бирдан миямда фикр пайдо бўлди..

– Наҳотки ўзингизни отган бўлсангиз?
– Ҳа.

Жаноб ҳаяжонланмай, бепарвогина им қоқиб қўйди-да, бошқа ҳеч нима демади. Лекин мен воқеа қандай содир бўлганини кўз олдимга келтирмоқчи бўлдим. Ахир бир ойгина бўлса ҳам армияда хизмат қилган ва нималарнидир билишга улгурган эдим-да. Афтидан, у яқин-атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ўнг қўлини милтиқ оғзига тўғрилаган ва чап қўли билан тепкини босган.

Шу ҳам гап бўлдими. Жаноб У. олган жароҳатини қуролдан фойдаланишда эҳтиётсизликка йўл қўйдим дея тушунтирмоқчи бўлди ҳам дейлик, лекин бу шунчаки жўн иш эмаслиги маълум-ку. Биринчидан, қурол ўз ҳимоя воситасига эга, шу боис бундай ҳодисалар кўпам учрайвермайди. Милтиқ ўқланганда эса уни тозалаш, тузатиш асло мумкин эмас, устига-устак яқин-атрофдан солдатлар чиқиб қолишлари ҳам мумкин.

Хуллас, келтирилган далиллар ўзини ўзи отиш мутлақо тасодифий ҳодиса эмаслигини тасдиқлаб турибди, демак, ўз қўлини мўлжалга олиб отишга на фақат журъат керак, бундай латифани тўқиб чиқарадиган одамда бой тасаввур ҳам бўлиши лозим.

Мен хиралик қилиб жаноб У.нинг жонига тегмоқчи эмасдим-у, унга маъқул бўлар деб ўйлаб, ишлари қандай кетаётгганини суриштириб билмоқчи бўлдим. Суҳбатимиз уни қизиқтирадиган мавзу бўлгани боис саволларимга жон-жон деб жавоб берарди.

Уларнинг отряди дарё соҳилига яширинганди, рўпарага эса Саккизинчи* армия жойлашгани боис, худди ёпишиб қолгандек жойларидан қимир этолмасдилар. Вақти-вақти билан нариги қирғоқдан уларга варақачалар отишарди ёки бўлмаса, карнайда япончалаб таслим бўлишни таклиф қилишарди. Аввалига жаноб У. қочиш учун пайт пойлади, сўнг бундан бирон наф чиқмаслигини тушуниб етгач, унда ўзини отиш фикри туғилди.

Тахмин қилганимдек, жаноб У. бу бошлаган иши мушкул савдо эканини охири ўзи ҳам тан олди. У барини тарозига солиб, ҳақиқатга яқин афсонани тўқиб ҳам қўйганди, фақат қулай фурсат кутарди, холос.
Ниҳоят, кутилган фурсат етиб келди. Қуроллар алмаштириладиган бўлди, У. ҳам эски милтиғини топшириб, яп-янги қурол – “тян”**ини олди. Ўлжа сифатида берилган милтиқларни зобитлар шундай деб атардилар, Саккизинчи армия шу милтиқ билан қуролланган эди. Унинг омади чопиб, “тян”нинг тасмаси узилиб кетиб, ҳимоя воситаси ишдан чиққан экан.

У тўқиб чиқарган афсона барига мос келарди. Охири У.ни разведкага юборишди. У орзу қилган нарсалар бирин-кетин амалга ошаётган эди.

У. тепаликкача етиб борди-да, ўзини аросатда қолгандай ҳис этди – бу у тўқиб чиқарган латифанинг бошланиши эди. Ҳақиқатга яқин келиш учун баландлик бўлиши керак эди ва у шу жойга етиб келди. Қўлида милтиқ билан қияликка кўтарилиш қийин эди. Ҳалиги “тян”нинг эса тасмаси узуқ эди. Нима қилиш керак? У милтиқни тепаликка отди-да, ўзи ҳам икки қўли билан тирмашиб тепага чиқа бошлади. Тепалик чўққисига чиқиб олди-да, қўлини чўзиб, милтиқни учидан тутди ва ўзи томонга торта бошлади, бир вақт тепки аллақандай илдизгами, шохгами тегди-да, милтиқ отилиб кетди.

Жаноб У. яна бир маротаба афсонани текшириб кўрди ва ҳаммаси жойида эканига ишонч ҳосил қилгач, тепалик этагида ётди, милтиқ оғзига ўнг қўли кафтини қўйди, кўзини чирт юмди, сўнг чап қўли билан тепкини босди, олдинига оғриқни сезмади, қўли худди пардек енгил бўлиб қолди ва осмонга учиб кетди.

У хавотир билан кўзини очди. Ўнг қўлининг кафтида тешикни кўрди, нозиккина, оппоқ суякчалари шундоқ кўриниб турарди. Зум ўтмай яраси қонга тўлди. Қон пастга томиб туша бошлади. Шунда у режасини ўзгартирди. Ўзини тепаликдан қулаб тушгандай қилиб кўрсатмоқчи бўлди-да, иккинчи ёнига ағанади ва бақириб одамларни ёрдамга чақира бошлади. Қичқириқни эшитиб, дарров бир неча одам ёрдамга етиб келди ва ярани боғлашди.

– Сўроқ ҳам бўлгандир?
– Бўлганда қандоқ, жуда қаттиқ сўроқ бўлди! Бир амаллаб қутулиб чиқдим.
– Воқеа қачон юз берди?
– Қирқ тўртинчи йилда.

Икковимиз ҳам сукутга чўмдик, сўнг мен яна бир нимани аниқламоқчи бўлдим:
– Фақатгина армияга бўлган нафратдан бундай иш қилиш мумкин эмас. Балки сиз марксизм ғояларига хайрихоҳдирсиз?
– Ҳа, – оддийгина қилиб ҳаяжонсиз жавоб қайтарди у.

Хайрлашиш олдидан жаноб У. ўша-ўша вазмин ҳолда деди:
– Мен госпиталда ётганимда баъзан фронтдаги дўстларимни қаттиқ қўмсардим.

Жаноб У. хайрлашди-да, кетатуриб, қўлини кўксига қўйиб деди:
– Тўғрисини айтсам, мен бу ҳақда ёзмоқчи эдим, шунинг учун ёзувчилик ҳунарини эгалламоқчи бўлгандим, лекин бу иш қўлимдан келмади. Кеча икки юз эллик бетлик нарсани ёзиб тугатдим ва ўзимни шундай енгил ҳис этдимки, асти қўяверасиз. Мен сиздан жуда-жуда миннатдорман. Шу йиллар ичи сиз менга кўп яхшиликлар қилдингиз.

Томоғимга нимадир тиқилди. Мен унинг ўнг қўлига қарадим. Ўша қўли соябон тутишга ярамаса ҳам қалам ушлашга асқотиши мумкин эди. Демак, ўша қўли сабаб ва яна ўша қўл билан икки юз эллик бет нарсани ёзиб, ўн йиллик ҳаётини сарфлабди. Урушда қатнашмаслик учун икки қўл ва икки оёқни отиш эмас, балки айнан ўнг қўлни ишдан чиқариш керак эди.

Жаноб У.нинг ўша ташрифидан сўнг бир ойча қирмизи бинафша гуллаб турди. Мана, анча вақт ўтди, лекин, дераза олдидаги менинг столимда ҳалиям қирмизи бинафша очилиб турибди. Қуёш тушганда у янаям қизилроқ тусга киради.

Мен аслида ялқов одамман, аммо-лекин, бинафшани парваришлаш билан боғлиқ кўрсатмаларни бажонудил бажараман.
_________
* С а к к и з и н ч и а р м и я – Хитой Компартияси томонидан бошқариладиган Хитой армиясининг мунтазам қисми.
** Т я н – милтиқ (хитой.).

001
Toshio Udo
QIRMIZI BINAFSHA
Ruschadan Dildora Alieva tarjimasi
02

   Atoqli yapon yozuvchisi va adabiyotshunosi Toshio Udo (Toshio Udo (?? ??) 1926 yil 1 sentyarbda  Okayama prefekturasida tug’ilgan. Yoshlik yillarini Daliyanda o’tkazgan. Ikkinchi jahon urushidan keyin Tokio universitetining yapon tili va adabiyoti bo’limida tahsil olgan. Xuddi o’sha yillari adabiy jurnallar bilan hamkorligi boshlangan. 1959 yili Akutagava mukofotiga taqdim etilganlar ro’yxatiga kirgan.
Toshio Udo 1989 yili yapon demokratik yozuvchilari ittifoqining mukofoti bilan taqdirlangan. Adibning 20 dan ortiq hikoya, esse, qissa va romanlaridan iborat kitoblari nashr etilgan.

02

021Janob U. menga tuvakda binafsha sovg’a qildi. Men Sizlarga shu inson haqida gapirib bermoqchiman.

Janob U.ning kasbi – baytar, ya’ni mol do’xtiri. Hozir ko’plar uyida mol boqadi. Shu bois janob U.ning bosh qashishga qo’li tegmasa kerak deb o’ylagandim, yo’q, men haqiqiy ahvoldan butunlay bexabar ekanman. Ayni paytda jonivorlar shifoxonalariga emas, aksincha, kuchuk va mushuklar bilan bemalol kirish mumkin bo’lgan mehmonxonalarga va itlar sartaroshxonalariga ehtiyoj ko’proq ekan.

Buning ustiga janob yo’l-yo’lakay kirgan mijozning iti bormi, mushugi bormi shunchalik qunt bilan davolar ekanki, hisob-kitob qilib chiqib ketgan mol egalari bu yerda qayta qoralarini ham ko’rsatmas ekanlar.
Janob U.ning ro’zg’or tebratish uchun yagona chorasi qolgandi, u ham bo’lsa shu yaqin orada yashaydigan boshlang’ich va o’rta sinf  o’quvchilariga xususiy dars o’tish. Menimcha, janob U. urushdan keyin qanchadir vaqt amerikaliklar huzuridagi bosh qarorgohda ishlab, ingliz tilini o’rganib olgandi.

O’n yil burun esa u o’zini adabiyotda sinab ko’rmoqchi bo’lgandi. Bu yil janob U. oltmishga kirganini nishonladi, demak, u paytlarda uning yoshi ellikda bo’lgandi, odamlar nazarida go’yo u taqdiriga tan bergandek edi-yu, lekin janobning to’satdan ruhi ko’tarila boshladi. Baytar sifatida o’z ishining ustasi ekaniga gap yo’q, biroq qo’y og’zidan cho’p olmagan bu odam, haligi “mehmonxona”va “sartaroshxona”lar hujumiga bas kelolmasdi.

Men u bilan o’sha paytlari – bundan o’n yil burun adabiyot saboqlarida tanishib qolgandim. Afsus, buni men sizlarga avvalroq aytishim lozim edi: gap shundaki, kamina yozuvchiman – bu ishda nechog’lik muvaffaqiyatga erishganman, buning ahamiyati yo’q. Men shu saboqlarda dars berardim. Sababini bilmadim-u, lekin o’sha paytlarda adabiyotga ixlosmandlar ko’p edi, to’garak ham kundan-kunga rivojlanib, gullab-yashnab borardi.
Janob U.ga ko’zim tushgan zahoti bildimki, undan hech nima chiqmaydi. Roman yozish uchun odamda alohida bir iste’dod bo’lishi zarur degan qat’iy fikrdan yiroqman, lekin o’zimning kamtarona tajribamdan kelib chiqib aytadigan bo’lsam, agar inson halol yashasa, har bir qo’yayotgan qadamini o’ylab bossa, shuning o’zi hech bo’lmaganda bitta qissani dunyoga keltirish uchun yetarli degan bo’lardim. To’garakdagilarni kuzatganimda, ularning yoshiga, jinsiga ahamiyat bermaganman va birontasiga umidsiz nazar bilan qaramaganman.
Afsuski, janob U. aynan o’shanday noshudlar sirasidan edi. Balki men qattiq ketib yuborgandirman. Ammo-lekin, men, ko’pni ko’rgan inson sifatida uzoq yillar davomida peshlanib, mukammallashgan o’z ichki sezgilarim sadosiga ishonardim.

Sochlariga oq oralab, bir oz bukchayib yursa-da, u o’zini mag’rur tutardi; odamlarga haddan tashqari iltifotli edi, ular ham uni benuqson va halol inson deb bilar edilar. Aftidan, janob yoshining yukini his etib tursa kerakki, yoshlar davrasiga kirganida o’zini kamsitilgandek ko’zlarini yerga qadagancha bukchayib turaverardi. Bunday joyga adashib tushib qolganini o’ylab, afsuslanardi.

Haftalar ko’z ochib-yumguncha o’tdi-ketdi, uch oylik saboqdagi dars-lar ham nihoyalab, boshqalar qatori janob U. ham imtihonga o’z qasidalarini taqdim etdi. Uning yozganlarini o’qib chiqqach, ichki sezgilarim meni mutlaqo aldamaganiga amin bo’ldim. Yozilganlarni mutlaqo adabiyot deb bo’lmasdi, syujet yoki kompozitsiya to’g’risida-ku, gapirmasa ham bo’ladi. Uning uslubi boshqalarnikidan yomon edi demoqchimasman; yoki bo’lmasa ba’zi joylari g’azabni qo’zg’ar darajada yomon ham deyolmayman, shunchaki, yozilganlarining bari bir-biriga sira bog’lanmagandi. Sen adabiyotni qo’y, yaxshisi, o’sha hayvonlaring-ni davolayver, demoqchi ham bo’ldim. Lekin uning yuzi birdan jiddiy tortganini ko’rdimu tilimni tishlab qoldim. Keyin o’zim ham astoydil qilingan mehnat zoe ketmas degan qarorga keldim va u yog’iga o’zi asta-sekin tushunib, qo’lidan kelmaydigan ishdan voz kechar deb o’yladim.

Janob U. birinchi bosqichni tugatib, ikkinchi bosqichga o’tdi. Soch-lariga oq oralab, bukchayib qolganiga qaramay, bu odam uchinchi bosqichda ham o’shanday qat’iyat bilan o’qishni davom ettirdi, yomg’irli, izg’irinli kunlarda ham bironta dars qoldirmay, mashg’ulotlarga muttasil qatnashib turdi.

Men unga ma’ruzalarning ma’no-mazmuni murakkablashmagani, o’zi bilgan mavzular takrorlanishini, faqat o’qituvchilar o’zgarganini, qo’rqmay bosqichdan-bosqichga o’taverishi mumkinligini aytdim. Janob U. ni bularning birontasi bezitmadi, o’sha ishtiyoq, o’sha jiddiylik bilan mashg’ulotlarga qatnashib turdi. Bu ham mening g’ashimga tegardi. Xo’p, mana, kelding, eshitding, asoslarni o’zlashtirding, endi u yog’i o’zingga havola. Saboqdan bu darajada umidvor bo’lish, yozuvchi bo’laman deganga yarashmaydi.

Ba’zan U. bilan uchrashib qolganimda, yozganlarini bir sidra o’qib chiqardim va uni bir qadam ham olg’a siljimagani ayon bo’lardi-qolardi. Men har holda yozuvchiman, yaxshi-yomon asarning farqiga boraman. Janob U.da pichoqqa ilinarli biron nima topilmasdi.. U haqdagi ilk taassurotim mutlaqo to’g’riligiga ishonch hosil qildim.

Oxiri, uning o’zi ham buni payqadi, shekilli – darslarda ko’rinmay qoldi. Men ham uni esdan chiqarib yuborgandim – birdan u to’garaklarida nashr etilgan jurnalni menga jo’natdi. Unda janob U.ning hikoyasi bosilgandi. O’qib, hayron bo’ldim. Bu nasrga o’xshab ketardi, yana unda qandaydir kuchni sezib turardingiz va bu yozilganlar o’quvchini o’ziga torta olardi.

U yerda gap askar hayoti haqida borardi. Albatta, bu yoshda uni armiyani yoki urushni ko’rmagan deb bo’lmasdi, zero uning avvalgi hikoyalarida ham xuddi shu mavzu ko’tarilgandi.

Men uning aynan urush taassurotlari va kechinmalari haqida yozmoqchi ekanini anglab yetdim. Men bundan ta’sirlandim. Chalkash, tushunib bo’lmas syujetlarni jon kuydirib qidirish shart emas, boshdan kechirganlaringni ro’yirost bayon qilsang, shuning o’zi kifoya.

Janob U.ga hikoyasi menga ma’qul tushganini yozdim. Muvaffaqiyatga erishayotganidan xursandligimni, ayni paytda hayratda ekanimni ham yashirmadim. Undan javob kelmadi, lekin janob U.dan olgan ibratim ruhimni ko’tardi. Meni yana bir tushunib yetganim shu bo’ldiki, qunt va tirishqoqlik hatto adabiyotda ham zoe ketmas ekan.

O’shandan beri janob U. yilda bir yo ikki bor yozganlarini doimo menga jo’natib turadi. U o’z ijodi bilan to’garak jurnali va nashrlarida qatnashadi, atigi bir marotaba bo’lsa ham mahalliy gazetada boshqa novellalar qatorida yozganlari bosilib turadi. Hikoyalarini bekamu ko’st asarlar qatoriga qo’shib bo’lmasa-da, unda o’quvchini o’ziga jalb eta oladigan o’ziga yarasha bir kuch bor.

O’tgan yilning oxirlarida janob U. uyimga tashrif buyurib, tuvakda binafsha olib keldi. Bundan bir hafta burun esa doimiy an’anaga ko’ra, navbatdagi asarini jo’natgandi. Yozganlari yana o’sha gazetada chop etilib, bu safar eng yaxshi deb topilgandi. Bu bir zobitning so’nggi kunlari va o’limi haqida hikoya qiluvchi, uncha katta bo’lmagan yigirma betlik hikoya bo’lib, aftidan, janob U.ning harbiy tajribalari mahsuli edi.
Hikoyani o’qib chiqdim-da, unga o’z taassurotlarimni yozib yubordim va hayal o’tmay janob U.dan javob xatini oldim. Unda u men bergan yuksak bahodan minnatdor ekanini mamnuniyat bilan izhor etgandi. Tezda o’zi ham qo’ng’iroq qilib qoldi. Og’ir, vazmin bu odam uyimga tashrif buyurishini so’rab, oyoq tirab turib oldi. Sira qo’yavermagach, rozi bo’ldim-da, keladigan kunni belgiladim.

Men, bu tashrif sababini tushunolmay, o’zimcha, ko’rsatgan e’tiborim uchun minnatdorchilik bildirsa kerak, deb o’ylagandim. Hatto uyim uzoqligini ro’kach qilib, uni yo’ldan qaytarmoqchi ham bo’ldim, u e’tirozimni qabul qilmadi.

Janob U. qog’oz xaltaga, yana bir necha qavat gazetaga o’ralgan binafshali tuvakni ko’tarib, va’dalashgan kun uyimga kirib keldi. Bosiqqina bu odam eskicha mulozamat bilan salomlashdi-da, binafshani qanday parvarishlash haqida uzundan-uzoq ma’ruza qila ketdi. Men gullar ishqibozi emasdim, lekin ozodlikka chiqib erkin nafas ola boshlagan ajabtovur binafshani ko’rdimu uning sho’xchan, tiniq rangiga mahliyo bo’lib qoldim. Qalin barglari chindan-da hayratomuz bu binafsha bo’liq va baquvvat edi. Uni yaproqli o’simliklar qatoriga qo’shsa bo’larmikin deya o’ylab qoldim.

Boshda u yoq-bu yoqdan gaplashib o’tirdik, so’ng ikkimizni birday qiziqtiradigan mavzu uncha ko’p bo’lmagani bois uning so’nggi hikoyasini muhokama qilishga ko’cha qoldik. Voqea urushda mag’lub bo’lgan, qishi qattiq kelgan Man`chjuriyada bo’lib o’tgandi. Sovuq urib, holdan toygan yapon zobiti vatanini qo’msab, harbiy gospitalda jon beradi; tirik qolgan do’stlari muzlab yotgan yerni arang kavlab, uni o’sha yerga dafn etishadi.

Men:
– Nima, o’zingiz harbiy gospitalda hech bo’lmaganmisiz?—deb so’radim.
– Bo’lganman.
– Aynan qaerda?
– Telin degan joyda.

Man`chjuriyada o’sib-ulg’ayganim uchun bu nom menga tanish eshitildi.
– O’shanda tobingiz qochganmidi? Yoki yarador bo’lganmidingiz?—deya unga qarab qo’ydim. Uning qismi Shimoliy va Markaziy Xitoyda jang qilganini bilardim. – Bu qanday sodir bo’lgandi?

U boshini ekkancha, jim turardi.
– Bilasizmi… – deya zo’rg’a gap boshladi, tomog’iga bir nima tiqilgandek, ikkilanib. Keyin labini pirpiratib ming’irladi u. – Mana, qarang… – deb o’ng qo’li kaftini menga uzatdi.
Qo’ldayin qo’l, besh barmoqning bari but, bir qarashda hammasi joyidadek, lekin sinchiklab razm solib qaragandim, kaftidagi bir necha chandiqqa ko’zim tushdi, o’rtada, ular tutashgan joyda kuygandan qolgan silliq dog’ bor edi.  Birdan miyamda fikr paydo bo’ldi..

– Nahotki o’zingizni otgan bo’lsangiz?
– Ha.

Janob hayajonlanmay, beparvogina im qoqib qo’ydi-da, boshqa hech nima demadi. Lekin men voqea qanday  sodir bo’lganini ko’z oldimga keltirmoqchi bo’ldim. Axir bir oygina bo’lsa ham armiyada xizmat qilgan va nimalarnidir bilishga ulgurgan edim-da. Aftidan, u yaqin-atrofda hech kim yo’qligidan foydalanib, o’ng qo’lini miltiq og’ziga to’g’rilagan va chap qo’li bilan tepkini bosgan.

Shu ham gap bo’ldimi. Janob U. olgan jarohatini quroldan foydalanishda ehtiyotsizlikka yo’l qo’ydim deya tushuntirmoqchi bo’ldi ham deylik, lekin bu shunchaki jo’n ish emasligi ma’lum-ku. Birinchidan, qurol o’z himoya vositasiga ega, shu bois bunday hodisalar ko’pam uchrayvermaydi. Miltiq o’qlanganda esa uni tozalash, tuzatish aslo mumkin emas, ustiga-ustak yaqin-atrofdan soldatlar chiqib qolishlari ham mumkin.

Xullas, keltirilgan dalillar o’zini o’zi otish mutlaqo tasodifiy hodisa emasligini tasdiqlab turibdi, demak, o’z qo’lini mo’ljalga olib otishga na faqat jur’at kerak, bunday latifani to’qib chiqaradigan odamda boy tasavvur ham bo’lishi lozim.

Men xiralik qilib janob U.ning joniga tegmoqchi emasdim-u, unga ma’qul bo’lar deb o’ylab, ishlari qanday ketayotgganini surishtirib bilmoqchi bo’ldim. Suhbatimiz uni qiziqtiradigan mavzu bo’lgani bois savollarimga jon-jon deb javob berardi.

Ularning otryadi daryo sohiliga yashiringandi, ro’paraga esa Sakkizinchi* armiya joylashgani bois, xuddi yopishib qolgandek joylaridan qimir etolmasdilar. Vaqti-vaqti bilan narigi qirg’oqdan ularga varaqachalar otishardi yoki bo’lmasa, karnayda yaponchalab taslim bo’lishni taklif qilishardi. Avvaliga janob U. qochish uchun payt poyladi, so’ng bundan biron naf chiqmasligini tushunib yetgach, unda o’zini otish fikri tug’ildi.

Taxmin qilganimdek, janob U. bu boshlagan ishi mushkul savdo ekanini oxiri o’zi ham tan oldi. U barini taroziga solib, haqiqatga yaqin afsonani to’qib ham qo’ygandi, faqat qulay fursat kutardi, xolos.
Nihoyat, kutilgan fursat yetib keldi. Qurollar almashtiriladigan bo’ldi, U. ham eski miltig’ini topshirib, yap-yangi qurol – “tyan”**ini oldi. O’lja sifatida berilgan miltiqlarni zobitlar shunday deb atardilar, Sakkizinchi armiya shu miltiq bilan qurollangan edi. Uning omadi chopib, “tyan”ning tasmasi uzilib ketib, himoya vositasi ishdan chiqqan ekan.

U to’qib chiqargan afsona bariga mos kelardi. Oxiri U.ni razvedkaga yuborishdi. U orzu qilgan narsalar birin-ketin amalga oshayotgan edi.

U. tepalikkacha yetib bordi-da, o’zini arosatda qolganday his etdi – bu u to’qib chiqargan latifaning  boshlanishi edi. Haqiqatga yaqin kelish uchun balandlik bo’lishi kerak edi va u shu joyga yetib keldi. Qo’lida miltiq bilan qiyalikka ko’tarilish qiyin edi. Haligi “tyan”ning esa tasmasi uzuq edi. Nima qilish kerak? U miltiqni tepalikka otdi-da, o’zi ham ikki qo’li bilan tirmashib tepaga chiqa boshladi. Tepalik cho’qqisiga chiqib oldi-da, qo’lini cho’zib, miltiqni uchidan tutdi va o’zi tomonga torta boshladi, bir vaqt tepki allaqanday ildizgami, shoxgami tegdi-da, miltiq otilib ketdi.

Janob U. yana bir marotaba afsonani tekshirib ko’rdi va hammasi joyida ekaniga ishonch hosil qilgach, tepalik etagida yotdi, miltiq og’ziga o’ng qo’li kaftini qo’ydi, ko’zini chirt yumdi, so’ng chap qo’li bilan tepkini bosdi, oldiniga og’riqni sezmadi, qo’li xuddi pardek yengil bo’lib qoldi va osmonga uchib ketdi.

U xavotir bilan ko’zini ochdi. O’ng qo’lining kaftida teshikni ko’rdi, nozikkina, oppoq suyakchalari shundoq ko’rinib turardi. Zum o’tmay yarasi qonga to’ldi. Qon pastga tomib tusha boshladi. Shunda u rejasini o’zgartirdi. O’zini tepalikdan qulab tushganday qilib ko’rsatmoqchi bo’ldi-da, ikkinchi yoniga ag’anadi va baqirib odamlarni yordamga chaqira boshladi. Qichqiriqni eshitib, darrov bir necha odam yordamga yetib keldi va yarani bog’lashdi.

– So’roq ham bo’lgandir?
– Bo’lganda qandoq, juda qattiq so’roq bo’ldi! Bir amallab qutulib chiqdim.
– Voqea qachon yuz berdi?
– Qirq to’rtinchi yilda.

Ikkovimiz ham sukutga cho’mdik, so’ng men yana bir nimani aniqlamoqchi bo’ldim:
– Faqatgina armiyaga bo’lgan nafratdan bunday ish qilish mumkin emas. Balki siz marksizm g’oyalariga xayrixohdirsiz?
– Ha, – oddiygina qilib hayajonsiz javob qaytardi u.

Xayrlashish oldidan janob U. o’sha-o’sha vazmin holda dedi:
– Men gospitalda yotganimda ba’zan frontdagi do’stlarimni qattiq qo’msardim.

Janob U. xayrlashdi-da, ketaturib, qo’lini ko’ksiga qo’yib dedi:
– To’g’risini aytsam, men bu haqda yozmoqchi edim, shuning uchun yozuvchilik hunarini egallamoqchi bo’lgandim, lekin bu ish qo’limdan  kelmadi. Kecha ikki yuz ellik betlik narsani yozib tugatdim va o’zimni shunday yengil his etdimki, asti qo’yaverasiz. Men sizdan juda-juda minnatdorman. Shu yillar ichi siz menga ko’p yaxshiliklar qildingiz.

Tomog’imga nimadir tiqildi. Men uning o’ng qo’liga qaradim. O’sha qo’li soyabon tutishga yaramasa ham qalam ushlashga asqotishi mumkin edi. Demak, o’sha qo’li sabab va yana o’sha qo’l bilan ikki yuz ellik bet narsani yozib, o’n yillik hayotini sarflabdi. Urushda qatnashmaslik uchun ikki qo’l va ikki oyoqni otish emas, balki aynan o’ng qo’lni ishdan chiqarish kerak edi.

Janob U.ning o’sha tashrifidan so’ng bir oycha qirmizi binafsha gullab turdi. Mana, ancha vaqt o’tdi, lekin, deraza oldidagi mening stolimda haliyam qirmizi binafsha ochilib turibdi. Quyosh tushganda u yanayam qizilroq tusga kiradi.

Men aslida yalqov odamman, ammo-lekin, binafshani parvarishlash bilan bog’liq ko’rsatmalarni bajonudil bajaraman.
_________
* S a k k i z i n ch i a r m i ya – Xitoy Kompartiyasi tomonidan boshqariladigan Xitoy armiyasining muntazam qismi.
** T ya n – miltiq (xitoy.).

033

(Tashriflar: umumiy 42, bugungi 1)

Izoh qoldiring