Ozarbayjon she’riyatidan namunalar.

033   Озарбайжон шеъриятидан намуналар: Микойил Мушфиқ, Самад Вурғун,Халил Ризо, Нигор Рафибейли,Бахтиёр Ваҳобзода, Ризо Халил Улуғтурк, Мамад Ораз, Собир Рустамхонли,Рамз Равшан, Рустам Беҳрудий, Салим Бабуллоўғли.
Ozarbayjon she’riyatidan namunalar: Mikoyil Mushfiq, Samad Vurg’un,Xalil Rizo, Nigor Rafibeyli,Baxtiyor Vahobzoda, Rizo Xalil Ulug’turk, Mamad Oraz, Sobir Rustamxonli,Ramz Ravshan, Rustam Behrudiy, Salim Babulloo’g’li.

022

ОЗАРБАЙЖОН ШЕЪРИЯТИДАН НАМУНАЛАР
042

011Микойил МУШФИҚ

ШИРИН ҚИЗ

Зариф оёқларинг бунчалар инжа,
Гўзал қоматингни кўтарганича
Қандай обормоқда, билмам, ширин қиз?

Шикоятим бордир гул қўлларингдан,
Улар юрагимни тутиб баридан
Қандай қўпормади, билмам, ширин қиз?

Сенинг марҳаматли, тўлғин кўзларинг,
Маним ҳислариму мубҳам сўзларим
Қандай англамади,билмам, ширин қиз?

Ўлмиш ҳисларимни гўзал рафторинг,
Шамолли, долғали, ширин гуфторинг,
Қандай жонлатмади,билмам, ширин қиз?

Уфқда қуёшни қандай сарғайтди,
Лоланинг кўксини қандай қорайтди,
Ёниқ ёноқларинг,билмам, ширин қиз?

Мен бир даштнинг қуши, сен бир нилуфар,
Менинг ўпишимни қандай рад этар
Гўзал дудоқларинг,билмам, ширин қиз?

КУЙЛА

Куйлагин, севдигим, ўз ҳавасинг-ла!
Илҳом қанотланур сенинг сасинг-ла!
Нағмангда ўйнасин селларнинг саси,
Тонготардан эсган елларнинг саси.
Гулларни силкиган шамоллар каби,
Қумларни кўтарган долғалар каби,
Титраган, янграган дил созинг бўлсам,
Юрагингдан кўчган овозинг бўлсам…

Куйла! Қувват келсин шеъру санъатга,
Кўнглимнинг қушини келтир ҳайратга!
Ўхшар, ўхшагандек худди ошиқлар
Умрим оҳангига сен айтган қўшиқлар.
Юрак хўрсинади сен куйлаганда,
Сен ҳам тингласайдинг мен куйлаганда!
Куйлагин, севдигим, ўз ҳавасинг-ла!
Илҳом қанотланур сенинг сасинг-ла!

ОНА

Она дедим,юрагимда ёнар ўтлар сочилди,
Она дедим, бир ҳаяжон ҳосил бўлди жонимда.
Она дедим, қаршимда бир гўзал саҳна очилди,
Она дедим,фақат уни кўрмас бўлдим ёнимда.

Она,она!.. Бу сўзни мен такрорлайман азалдан,
Бу сўз ҳуснин англатолмас минг бир сатр, минг ашъор,
Она бўлмас, ҳатто ҳар бир “болам” деган гўзаллар,
Чунки она ҳилқатида айрича бир фусун бор.

Ўзга олам яратмишдир уни гўзал бичимда,
Уни инсон гўзаллигин жилвасидан яратмиш,
Она,она!..чечакли бир ниҳолдайин, ичимда
То азалдан юрагимда новдаларин таратмиш.

Ул ниҳолни юлай дейман ғазаб билан баъзи чоғ,
Қўпорайин дейман дилдан, аммо шу он танамни
Титратганча бир сас янграр: бир сас — инжа ва титроқ
Ялинади: «Манга тегма, қийнамагин,қўй мани!

Чунки сени мен яратдим, мен улғайтдим,алқадим,
Сўйлаганим сўзларим бор бешигингнинг устинда,
Мен куйлаган қўшиқлардан бунёд бўлдинг, авлодим,
Менинг номим битилгандир ҳар китобда, ҳар динда!»

Асл тўғри ёзиқлар бор, бехабарман улардан,
Деюрларки, Мушфиқ,хаста туғилдингу онангни
Отанг совуқ қўлари-ла қучоғига оларкан,
Ёлғиз аччиқ фиғонларинг титратарди хонани.

Энди менга ҳар кас: – Онанг, отанг борми? – сўйласа,
Мен дейманки, – орзулардан узилган бир рўёдай –
Ўлган ўлди, кетган кетди, энди дилим беғусса,
Бир муқаддас, бир самимий амалим бор дунёда.

Ишонганим бир қибла бор,уни ҳар кун ҳар замон
Қўлларимла тиклаяпман, фикримда ҳам бепоён
Бир олам бор, бир оламки, самолари тилларанг,
Юксаклари, пастликлари, фазолари тилларанг!

ЯША,КЎНГИЛ!

Оҳ,бу узун савдо йўли
Қачон тушди бошга,кўнгил?!
Нишон олдим,камон отдим,
Тегди ўқим тошга,кўнгил!

Бир ўт тушди булутина,
Ёнди кўнгил ишқ ўтина,
Қолдинг ҳижрон умидина,
Айт,нетарсан,шиша кўнгил?

Тарлонсан,кўкдан энмассан,
Бу тупроқда севинмассан.
Мен кўнарам,сен кўнмассан,
Яша,кўнгил,яша,кўнгил!

КУЛИШЛАРИНГ

Қаршимда нозланиб яна кулурсан,
Билсайдинг кулишинг нимага ўхшар?
Мен айтиб ўтирмай, ўзинг билурсан,
Лола баргидаги шабнамга ўхшар.

Сенинг кулушларинг бир шамол каби
Эсаркан орзумнинг гули очилур.
Кулса дудоқларинг юлдузлар каби
Руҳима бир сарин шуъла сочилур.

Сўйла, гўзалларнинг дудоқларинда,
Бу ўйноқ кулушлар атру мушкмидур?
Сенинг қаҳқаҳанг ой қучоқларинда
Сузган булутмидур, учган қушмидур?

Сенинг кулушларинг ёз саҳариндан
Ҳиссу хаёлимга ажиб ранг олур.
Кулгин, сатрларим кулушларингдан
Ўлмакни билмаган бир оҳанг олур.

Сен кулган вақтингда бу шод кунимда
Қаршимда очилар баҳорий боғлар,
Баъзан бошим узра, баъзан ўнгимда
Чақинларим чақнаб, сувларим оқар.

Жаҳон ки, сўлмаган бир боғча-боғдир,
Бунда равомидир кулмасдан ўлмоқ!
Ҳайф ул шахсга, ким қора қабоқдир,
Нақадар ярашур инсонга кулмоқ!

ИШҚИМ

Онасиз,отасиз Офелия каби
Сочлари паришон бир қиздир ишқим.
Қалбимнинг булутли самоларинда
Титраган бир ғариб юлдуздир ишқим.

Бир меҳр кутганча ул шан кўзлардан,
Буюк Тангри каби тушиб назардан,
Чеҳраси дилдаги харобалардан
Яна ғамли,яна ҳиссиздир ишқим.

Ҳаётга боқмаган дарбадар каби,
Ҳар бир ҳодисадан бехабар каби,
Ёт элларда қолган етимлар каби
Бошида минг савдо,тенгсиздир ишқим.

РАНЖИМАЙМАН

Мен ширин лаҳжали бир булбуламки,
Гуллардан ранжийман, сендан ранжимам!
Мени ўз жонидан ҳам ортиқ суйган
Еллардан ранжийман, сендан ранжимам.

Кўзларинг мисолдир оққан сойлардан,
Кпригинг ўқлардан, қошинг ёйлардан,
Қаршимизга келган узун ойлардан,
Йиллардан ранжийман, сендан ранжимам.

Эл ичида бизни дерлар Саёдли,
Тарлон овчисиман, руҳимли қанотли,
Илҳом парисини сайратган тотли
Тиллардан ранжийман, сендан ранжимам.

Хуршид ДАВРОН таржималари

09Самад ВУРҒУН

* * *
Агар сендан тонар бўлсам насибим оҳу зор ўлсин,
Баҳорим қишга айлансин, чечаксиз бир диёр ўлсин.
Чаманзорим, боғим-боғчам тўкилсин, бори хор ўлсин,
Мазорим ўт олиб ёнсин, бу ишқим ошкор ўлсин.

Қўй эй булбул! Тин, эй довул, ки хоҳиш истироҳатдир,
Бу ерларда илинжим йўқ, юпанчим бир саёҳатдир.
Ўлим, эйвоҳ, бу неъматдир, бу бир шонли саодатдир,
Агар бевақт ўлар эрсам, рақибим бахтиёр ўлсин.

Фалакдан интиқом истар жўшиб руҳимда бўронлар,
На инсофни, на виждонни билар, ё раб, бу инсонлар.
Ёз, эй Вурғун, яна жўшсин бугун оламда тўфонлар,
Йиқилсин меҳвари олам, у тубдан тору мор ўлсин!..

ЎЙЛАР

Гоҳ-гоҳида овчи кўнглим тоғлардан ошиб,
Олис кетиб, узоқ-узоқ йўллар кезади.
Сокин ўтган куним билан у видолашиб,
Наъра тортиб, сурон солиб чўллар кезади.

Бир қушчанинг учишидан, билсангиз агар,
Нелар туяр бу шоирнинг сайёр юраги?
Инсоф билан айтилганда, бир жонли асар –
Яшил ўрмон, кўм-кўк дала, оҳу ҳуркаги…

Лочин учар уясидан шиддатли, тезкор,
Кўҳна тоғлар кифтин кўкка тираб туради.
Ким яшамас ўз қалбининг азмига ҳамкор,
Ким оламнинг ўсишига бефарқ юради?

Бу дунёнинг харитаси бир рангда эмас,
Азал бошдан ҳар сувратнинг ўз жилваси бор.
Кекса эман юз йил яшаб, чарчадим демас,
Йиқилса ҳам илдизи-ла қулар шиддаткор.

У ўлмайди, ўларми ҳеч оламда виқор?
Замон ўтар, ниҳол ўсар, битар қасрлар.
Бир қўлида ёз қуёши, бирида баҳор,
Қанча байрам қаршилайди бизнинг насллар.

Гоҳи очиб қучоғимни, бир шамолсимон,
Карвон бўлиб элдан-элга кўчгим келади.
Юрагимда бир дунёнинг кучи бегумон,
Денгизлардан, уммонлардан кечгим келади.

Қоя мисол тўлқинларнинг метин сафлари
Шиддат билан кўкрагимга сола бошлар чанг.
Енгармиди иродамни тўлқин дафлари,
Ким истамас қилишни, эҳ, пўртана-ла жанг?!

Гоҳи палла, сокин оққан ариқ ёнида,
Ўйга толиб, дардлашаман бу юрак билан.
Орзуларим мисли дарё оқар қонимда,
Кимнинг қалби урмас ахир минг тилак билан?!

Истардимки, олис йўлда сувга зор турган
Бир кимсанинг қаршисида булоқ бўлолсам;
Бир маслакли дўстларимнинг дунёда кўрган
Ташвишига, қувончига ўртоқ бўлолсам…

Истардимки, қанотини ёзганда ҳижрон
Қовуштирсам айри тушган дўст қўлларини.
Соғинишган севишганлар кўришган замон,
Шеърга солсам бу висолнинг шан йўлларини.

Бир чумчуқнинг уясини учирса шамол,
Тумшуғимда хас-чўп йиғиб ин қуриб берсам.
Чағаларга ҳадя этсам дуркунлик, камол
Ва учирма қилиш учун шохларга терсам…

Истардимки, дуч келганим у етим гўдак
Ота десин, ҳам яйрасин мени кўрганда.
Ким истамас йиқилганга бўлувни тиргак,
Ким қувонмас биров кўмак бериб турганда?..

Кўз олдимдан дунё ўтар варақма-варақ,
Мен орзулар оламига шўнғиб кетурман.
Зиёратгоҳ эшигида тургандек бу чоғ,
Милтиқ тутган аскар каби сукут этурман.

Гоҳо эса, Ер остида қўлимда чироқ,
Шахталарда чўкич уриб, маъдан қазурман.
Сочи оппоқ ҳакамларга айланиб мен гоҳ,
Ватанимнинг ёвларига ўлим ёзурман.

Бурғу қуриб, нефть чиқарган қаҳрамонларнинг
Болтасидек қояларни уриб ёргим бор.
Ер остига Ер устидан мард инсонларнинг
Олқишини, саломини ташиб боргим бор.

Соч ёйганда далаларга баҳор қуёши,
Ер юмшатиб, уруғ танлаб, сепсам дейман дон.
Қари ҳўкиз ҳолдан тойса, айланса боши,
Тортсам, дейман ўзим шунда омочни чаққон.

Шудгорларни ювиш учун отланганда сел,
Тўсиқ бўлиб, шиддатини кеса олсайдим;
Саратонда олов пуркаб ёнганида чўл,
Навбаҳорнинг насимидек эса олсайдим…

Истардимки, келажакка бўлиб бир ёдгор,
На шуҳратим, на ҳайкалим, на отим қолсин.
Курашларда зафар топган мард қаҳрамонлар
Сирасида асарларим, авлодим қолсин.

Дейдиларки, совир эмиш бир куни офтоб,
Ўйлагунча у заволни, етгунча у дам,
Бу дунёга неча минг йил келаркин шитоб,
Чўзсам эди кураш билан умрни мен ҳам.

Ўз қўлимда инжу мисол ипга тизардим
Ойларини, йилларини абадиятнинг.
Самовотда қуёш билан бирга кезардим,
Ер юзида бўлар эдим кўрки хилқатнинг.

Истардимки, қутлуғ кунлар чўлда, чаманда
Юракларга оҳанг солган най бўла олсам;
Мен ўзимни бу дунёда, дунёни менда
Идрок этиб, маъно тўла май бўла олсам…

Бир орзунинг мевасидир ҳар кичик асар,
Ўйланаман, тилга келур қалбимдан бир сас,
Дейди: шоир, жуда соз-ку бу ширин ўйлар,
Лекин Борлиқ бир юракка, афсуски, сиғмас.

Озарбайжон тилидан Раззоқ АБДУРАШИД таржималари

077

Расул РИЗО

САДОҚАТ

Турнани отдилар
айни саҳар чоғ,
Олис уфқларда
қош қизарганда.
Лолаларнинг нақши
кўл узра – чироқ,
Сояси адирлар қирда ўланда.

Турна ёлғизмасди, жуфт эди турна,
Балки муҳаббатдан суҳбати борди…
Номард ўққа учди бўлса-да ҳарна,
Лолалар титради, Ўтлар қизарди.

Керди қанотини иккинчи турна,
Юксалди кўкларга, балки қочди у.
Балки бу маъносиз, золим ўлимни
Кўриб телбаланди, шундоқ шошди у.

Турна учди, учди,
қуйида қолди
Баланд булутларнинг
устки қатлари.
Кўкда бир кўринди
қатра ёш каби

Ва бирдан йиғди-ю у қанотларин,
Ерга келиб тушди
Оғир тош каби.

Озарбайжон тилидан Раззоқ АБДУРАШИД таржималари

022

Нигор РАФИБЕЙЛИ

ШОИР ҚАРДОШЛАРИМ

Гоҳ асабий, гоҳо чарчоқ,
Гоҳ тўфонли, гоҳ сокин, боқ;
Гоҳ ошиғу девонароқ
Менинг шоир қардошларим.

Ҳар суҳбатда сўзи бордир,
Гўзалларда кўзи бордир,
Ер юзида бир баҳордир
Менинг шоир қардошларим.

Ғурурнинг жонли ҳайкали,
Озодликнинг ҳур машъали,
Кечирмас ёвуз амални
Менинг шоир қардошларим.

Узоқлардан келар уни,
Саломлашар нурли кунни,
Халққа берар ўз умрини
Менинг шоир қардошларим.

Асрлардан берди сўроқ,
Зулматда ёндирди чироқ,
Тушди ватанидан узоқ
Менинг шоир қардошларим.

Қоронғуда нур айлади,
Халққа озодлик тилади.
Тарих бўйи шунақадир
Менинг шоир қардошларим.

Золимларга бош эгмади,
Гулнинг баргига тегмади,
Зулм юкини чекмади
Менинг шоир қардошларим.

Ўз юртининг нафасидир,
Замонанинг ҳақ сасидир.
Сўз мулкининг устасидир
Менинг шоир қардошларим.

Озарбайжон тилидан Карим БАҲРИЕВ таржимаси

044

Бахтиёр ВАҲОБЗОДА

НОМСИЗ ШЕЪР

Кўзимда кўл бўлди, гул бўлди ёшлар,
Тарк этди бирма-бир дўстлар, танишлар…
Бахтсизлик – юракка санчилган тикан,
Удир ёлғизликнинг эгиз қардоши;
Ёлғизлик – тоғдай юк, белларни буккан,
Дунёнинг энг улкан, энг оғир тоши…

Ёлғон – минг бўёқли,
Ҳақ-чи, бўёқсиз.
Ёлғон қип-қизилдир, ҳақиқат оқдир.
Ёлғон – шир яланғоч, ёлғон ҳаёсиз,
Ҳақиқат ҳар замон сал тортинчоқдир.

ВИЖДОН

Икки йўлнинг ўртасида турганча,
Гоҳ у ёндан, гоҳ бу ёндан қўрқаман.
Девдан эмас, пашшачалик кучи бор,
Ўзини дев санагандан қўрқаман.

Ул даргоҳда Ҳақ девони қурилгай,
Не топгансан, бари бир-бир сўрилгай;
Иддаоси бўйнимизга юк илган –
Авф этилган шараф-шондан қўрқаман.

Бу дунёдан бир умидим мезондир,
Мен қўрққан кас у мезонни бузгандир,
Тўқ кимсанинг қутуриши ёмондир,
Очдан эмас, мен тўйгандан қўрқаман.

Ким ҳамкордир нафс деган шайтонга,
У тупурар ҳақиқату виждонга;
Ахир виждон қиймат бергай инсонга –
Виждонидан қўрқмагандан қўрқаман.

АҚЛНИНГ КЎЗИ БОР

Дўстим, бир ғалати сўз айтдинг, зотан
Дедингки, кўрмасам – ҳеч ишонмайман.
Дедим, сен орифсан, мен бир авомман,
Мен кўз-ла кўрсам-да, инонмам, аммо.
Билмайман – кўзимга кўринган дунё
Аслан ҳақиқатми ё сирли рўё?..

Баланд-паст дунёда мен яшаб юриб,
Англадим ўнг-чап не, не бутун-ярим.
Билдим – ҳақиқатдир ақлим-ла кўриб,
Аммо кўзларим-ла кўрмаганларим.
Ақлнинг кўзи бор, у йўл кўрсатар,
Кўзда-чи, ақл йўқ, у бизни алдар.

АЛВИДО

Дўстларим, умримнинг сафоси битди,
Тоққа кетдим, дала-тузга алвидо.
Кўзга туман чўкди, бошга қор ёғди,
Баҳорга алвидо, ёзга алвидо.

Сен ишқни ҳар замон муқаддас дединг,
Кунларга ёпишмоқ пуч ҳавас дединг,
Кўпни истамадинг, озга бас дединг,
Дерман: кўп йўқ эса, озга алвидо.

Энди томиридан узилган менман,
Ўрганган ошёни бузилган менман,
Энди на сен сенсан, на-да мен менман,
Энди биз бизмасмиз, бизга алвидо.

Бахтиёр, ярангдан оққан қон ҳар он
Сени кечмишингга боғлар ҳар замон;
Зулмат юрагингни ёғдулантирган,
Йўлингга шам тутган кўзга алвидо.

Озарбайжон тилидан Тоҳир ҚАҲҲОР таржималари

012

Халил Ризо Улуғтурк

МЕН ЯНА ҚАЙТУРМАН ОЗАРБАЙЖОНГА

Бу ерда ҳаво оз…
Ҳаво истайман –
Ҳазар денгизининг ўзидай бўлсин!
Бунда самосизман, само истайман –
Қуёшнинг оламга сўзидай бўлсин,
Ҳазар денгизининг ўзидай бўлсин!

Узинг занжирларни билакларимдан,
Бузинг қулфларни тилакларимдан,
Туширинг зиндонни куракларимдан!
Хайр деб совуқ тун – қўллари қонга,
Йўл олай жонажон Озарбайжонга!

Фақат онам, синглим, қондошиммас, бил,
Ватаним – абадий саодатимдир!
Минг-минг фарзандидан биридир Халил,
Ватансиз икки бор, уч бор етимдир,
Ватаним – абадий саодатимдир!

Ҳар сойи, ирмоғи – товшим, нафасим,
Ҳар тоши бадалдир лаълу маржонга.
Майли, чопинг, кесинг!..
Мен кесим-кесим
Бўлсам-да, етсам бас Озарбайжонга!
Ҳар тоши бадалдир лаълу маржонга.

Мутлоқ шарт қайтишим ота маконга,
Бир оз кучли бўлиб, бир оз-да метин.
Кур, Ораз наҳридай боғлиқман унга,
Жониман, бағриман – шудир давлатим,
Бир оз қудратлиман, бир оз-да метин.

Бузинг зиндонларни, очилсин бутун!
Мен шу кун қайтайин Озарбайжонга,
Каҳкашон бўлайин, порлайин бу тун,
Юзимдан нур ёғсин Милга, Муғонга,
Мен шу кун қайтайин Озарбайжонга.

Оқсоқолман, юртим, сен – ёш онамсан,
Боладай бағрингга жойланай бу кун,
Ойна Кўккўлимсан, Моралгинамсан,
Мен ойнинг нурига айланай бу кун,
Боладай бағрингга жойланай бу кун.

Озарбайжон яшар шу кўзларимда.
Менинг қайтишим-ла у юксалажак.
Қўшинлар келажак ҳақ сўзларимда,
Юртимга куч, ишонч, қудрат келажак,
Менинг келишим-ла у юксалажак.

Зумрад ёмғирингга, оқ туманингга,
Ўраниб-бураниб келажакман мен;
Тик, оёқ устида кела олмасам,
Йиқилиб-суриниб келажакман мен;

Нафасим узилса… Юзимни суртиб,
Тоғингдан, тошингдан қувват олурман;
Узилса қўлларим… тишим-ла тутиб,
Ёғийга сўнг бора қилич солурман,
Тоғингдан, тошингдан қувват олурман.

Йўлимга неча минг Азроил чиқса,
Умримни мозор-ла бўла олмасман;
Англа, эй имонсиз:
Озарбайжонсиз –
Мен яшай олмасман, ўла олмасман.

Мен Озарбайжонга келурман қайтиб,
Шонингни куйларман, олқиш дегайман;
Аччиқ тутунингни бол каби ютиб,
Ўтингни қаймоқдай суюб егайман;
Шонингни куйларман, олқиш дегайман.

Ярали бир бургут бўлсам-да магар,
Бир қанот билан ҳам учарман, инон.
Дарбанддан Салёнга, Занжонга қадар –
Барин етмиш қўл-ла қучарман, инон,
Бир қанот билан ҳам учарман, инон.

Кўтаринг бу оғир тошни устумдан,
Кўккўлдан сув сепинг бу ёнар жонга,
Балки минг йилларнинг боши устундан
Мен қайтиб келурман Озарбайжонга,
Кўккўлдан сев сепинг бу ёнар жонга.

Келинг, эй нафасим, эй қардошларим,
Малул-малул боққан орқадошларим,
Ёқадир оламни бу кўзёшларим,
Сиз мени қайтаринг Озарбайжонга…
Қараб шу қуёшга онт ичайинки,

Ўтмишман, бугунман, келажакман мен.
Қолмас ҳеч шоирнинг йўли боғланиб,
Отиб елкамдаги темир тоғларни,
Ўзим Ватанимга келажакман мен,
Ўтмишман, бугунман, келажакман мен.

Бағримга босурман сени, эй элим,
Мени висол куни – у кун яшатур.
Кўзимдан бир томчи ёш оқса, билинг,
Демак, озод бўлган куним ўшадур,
Мени висол куни – у кун яшатур!..

Озарбайжон тилидан Тоҳир ҚАҲҲОР таржималари

099

Мамад ОРАЗ

ОНА ХАЛҚИМ, ЙИҒЛАМА

Деразада шамол тўниб йиғласа,
Айвонига қушлар қўниб йиғласа,
Юрагингда нола ёниб йиғласа,
Ич-ичдан ён, фарёдлар бас, йиғлама,
Йиғламоқнинг ўрни эмас, йиғлама.

Бу бир жангдир – эзилган бор, эзган бор,
Ўлим ҳукмин қўлтиқлабон кезган бор,
“Бизлар” бормиз, на “ман” борман, на “сан” бор,
Йиғламагин, она халқим, йиғлама!
Топталдингми яна, халқим, йиғлама.

Ҳайқир, кўнгил, бундан баттар чоғ қайда,
Ёнаётган инсон, тупроқ, тоғ қайда.
Синглим, энди йиғлаш учун вақт қайда?
Қардош, юртдош деб басма-бас йиғлама!
Йиғламоқнинг ўрни эмас, йиғлама.

Эгилмакдир йиғламоқнинг ул юзи,
Дардга тўза билмаганни дард узур,
Йиғлаганни излаб топар дард ўзи,
Шуни ёзмиш Тангри ўзи, йиғлама,
Жим бўл энди, она қизим, йиғлама.

Бу тупроқда сўнгги қурбон мен бўлсам,
Ўз ўтимда ёниб кулга тенг бўлсам,
Юртим сари учган бир ўқдан ўлсам,
Она халқим, ўғлим деб, бас, йиғлама,
Йиғламоқнинг ўрни эмас, йиғлама!

ОҚАРМА, СОЧИМ, ОҚАРМА

Не учун сенга оқ тушди,
Қачон тушди, қандоқ тушди,
Юрагимга титроқ тушди,
Оқарма, сочим, оқарма!

Орзу сўнгсиз, умр ярим,
Ортар манглай ажинларим,
Борми сенда инсоф, шарм,
Оқарма, сочим, оқарма!

Мени ғамгин кўрса агар
Душман кулар, дўст ғам чекар.
“Ҳой амаки” дейди қизлар,
Оқарма, сочим, оқарма!

Тошдир қалъанг, тошдир жонинг,
Йўқдир туйғунг, йўқдир қонинг.
Ёшман-ку, борми виждонинг,
Оқарма, сочим, оқарма!

Умр кечар, ёмон кечар,
Қалбимдан қора қон кечар,
Гўзаллар ёнма-ён кечар,
Оқарма, сочим, оқарма!

Узоқдадир шуҳрату шон,
Кўзин тиккан менга замон,
Юрак ёшдир ҳали-ҳамон,
Оқарма, сочим, оқарма.

Истиқболда зафарим бор,
Йўлдадирман, сафарим бор,
Ёзилмаган асарим бор,
Оқарма, сочим, оқарма!

Озарбайжон тилидан Усмон Қўчқор таржималари

055

Собир РУСТАМХОНЛИ

ТОПШИР МЕНИ

Тағин руҳга қайғу тўлар,
Ёғий тилар, замон талар.
Балки қўлинг малҳам бўлар,
Қўлларингга топшир мени!

Мен наслимнинг курашиман,
Қиличиман, кўз ёшиман.
Ёлғиз қолган оққушиман,
Кўлларингга топшир мени!

Дунё ҳушсиз, мозор экан.
Севган кўзга санчар тикан.
Гўдакларнинг “Ота!” деган
Тилларига топшир мени!

БОҚА ОЛМАДИК

Қарғандикми, сеҳрландик –
Тилсимдан чиқа олмадик.
Юракларга иблис кирди,
Юракни йиқа олмадик.

Дунё қуч деб қўл берилган,
Неъматимиз мўл берилган,
Бошдан минг-минг йил берилган,
Бирига сиға олмадик.

Кўз кўролмас қош деганни,
Хушламаймиз хуш деганни,
Қўл бериб, қардош деганни
Қўлини сиқа олмадик.

Тарих туймас сасимизни,
Ер унутар изимизни.
Шарр қорайтмиш юзимизни,
Оллоҳга боқа олмадик…

Озарбайжон тилидан Тоҳир ҚАҲҲОР таржимаси

021

Рамиз РАВШАН

АЙРИЛИҚ

Яна бир шаҳарда юзма-юз келдик,
Начора, бошқа бир шаҳаримиз йўқ.
Эҳтимол, биз бахтли бўла олардик,
Эҳтимол, бахтлимиз,
хабаримиз йўқ.

Орадан шунча йил ўтиб кўрганда –
Таний олмадим мен,
мени кечиргин.
Ўйлардимки, сенсиз ўлиб қоларман,
Мен ўлмадим сенсиз,
мени кечиргин!
“Ўлмадим…” – деяпман, не билай, ахир,

Эҳтимол, мен сенсиз ўлиб қолганман,
Қабрсиз, кафансиз ўлиб қолганман.
Эҳтимол, биз унда айрилмасайдик,
На мен эндигийдим,
на сен эндиги –
Айрилдик, шайтонни кулдирдик унда:
Бу йилнинг,
бу ойнинг,
бу кунидаги
Мана шу кўчанинг шу бурчидаги
мени ҳам, сени ҳам ўлдирдик унда.
Сўлимиз, соғимиз одамга тўла,
Қўл ушлашиб эрлар, хотинлар ўтар.
Ўзидан хабарсиз,
умрида минг бор
Ўзини ўлдирган одамлар ўтар,
Ўтар ўз қонига ботган одамлар.
Дарвоқе, қон қани?
Қон, ахир, йўқдир…
Ҳамма гуноҳкордир дунёда,
аммо
Дунёда ҳеч кимнинг гуноҳи йўқдир.

Бизсиз битилмишдир бу толе, бу бахт,
Палахмондан учган бир жуфт тошмиз биз.
Балким, бу дунёда
ўн-ўн беш йилмас,
Бундан минг йил аввал айрилмишмиз биз.

Ҳалол йўлимизни қўйиб,
не учун
Адашдик, бир ўзга йўлдан кетдик биз.
Балким, минг йил аввал саҳв тушиб недир,
Минг йиллик хатога қурбон кетдик биз.

Алмашди ўрнини, балким, қиш-баҳор,
Қоришди дунёнинг шаҳари, кенти.
Балким, ўз ичида ўгай оналар
Ўгай болаларни кўтарар энди.

Умрим бошдан-оёқ ёлғондир, балким,
Толеим ўзгадир ростдан ҳам менинг.
Ҳув йўлдан ўтган қиз
онамдир, балким,
Эҳтимол, ўғлимдир бу ўғлон менинг.

Бу ёлғон умримда
сен ўзинг несан?
Балким, ҳеч севгилим эмассан менинг.
Онамсан,
синглимсан,
момомсан,
кимсан?!
Фақат Аллоҳ билар, кимимсан менинг.

Бизни ким айирар бу айрилиқдан,
Етмас додимизга на йўл, на кўприк.
Ўликсан, тириксан, ҳар несан, тўхта!
Тўхта, ҳеч бўлмаса, қўлингдан ўпай…

Дегайсан: “Ўлганман мен, ўликни ўпма…”
Қўлимнинг кафтида
қўлинг увушар.
Дегайсан: “Хайрингни берсин, қўлимни ўпма,
қарагин, қўлимдан қон иси келар…”

ЙЎҚЛОВ

Расул муаллим ва Нигорхоним хотирасига

Золим дунё – ўз ишида,
Келишида-кетишида,
Кел, йиғлайлик, етмишида
Севгилидек ўлганларга.

Юраги минг хил дард кўриб,
Кўзи минг хил сифат кўриб,
Гўзал-дилбар умр суриб,
Гўзал-дилбар ўлганларга.

Ўтиб бутазор тўсиндан,
Тиконларнинг орасиндан,
Қон сизса ҳам ярасиндан,
Қўлда чечак – ўлганларга…

Озарбайжон тилидан Карим БАҲРИЕВ таржималари

066

Рустам БЕҲРУДИЙ

ШОМОН ДУОСИ

Бу куним ҳам шунчаки
ўтади, кечиб кетар,
Шу ёшгача не қилдим,
эй Тангрим, умр – ярим.
Мени ҳеч тинч қўймайди
ичимдаги ғам-кадар,
Тинч қўймас шаҳидларнинг
тунда кезган руҳлари.

Термулар эзгин-эзгин
кечалар бош устимдан,
Чексизлик – Тангри каби,
ойи, юлдузи билан.
Шомон каби кўкларга
юз тутиб турибдирман,
Турибдирман юзма-юз
кўкнинг ёлғизи билан.

Бундоқ ғариб чоғимда
келиб мен-ла тиллашган
Оғочнинг япроғига,
гулига ишонаман.
Юртим узра таяниб,
сўнган ўчоқларнинг ман
Ичида қўр сақлаган
кулига ишонаман.

Ярамга туздек босар
савдолар ўз ўтини,
Ҳадемай кул бўламан…
қолмишман ёна-ёна.
Тавба дуоси каби
пичирладим отингни,
Товшим сенга етдими,
эшитдингми, эй она?!

Шоир бўлмоқ истайман,
она сўзга фарзандман,
Сўзга тилсим этмишман
Юрагимнинг оҳини.
Мен жонимни бергали
бир янги сўзга бандман,
Эй менга жон берган зот,
кечиргил гуноҳимни.

Шомон каби сўзлардан
мен толе тўқийдирман,
Юрагимда талотум,
руҳимда бир зилзила…
Ҳар кеча осмонларга
мен дуо ўқийдирман –
Илоҳим, бу миллатни
йўқ бўлмоқдан ҳифз айла.

ГУНОҲКОР ЖОНИМДА…

Руҳим вужудимда азият чекар,
Тилимда сўзларга чеврилар оҳи…
Гуноҳкор жонимда, мендан хабарсиз,
Қафасда қолгандир руҳим, Илоҳи!

Гуноҳкор жонимда гуноҳсиз руҳим
Негадир ҳамиша кўкларга боқур.
Не учун мени тинч яшашга қўймас,
Мен ҳам ўзгалардек одамман, ахир!

Мен ҳам ўзгалардек одамман, гарчанд…
Менинг ҳам жонимда ҳасрат, севги, ғам…
Бу маскан қайғуси, бу уй, бу фарзанд…
Наҳотки руҳимга қўшилиб учсам.

Наҳотки руҳимга қўшилиб учсам…
Юксалсам, покласа мени бу фалак.
Мени қўйиб юбор, гуноҳкор жоним,
Покликдан не учун қўрқасан, юрак?

Покликдан не учун қўрқасан, юрак,
Нега одамларнинг ҳар юзи шундоқ?!
Бу дунё, бу дунё ўзидан қочар,
Гуноҳ ичидадир ер юзи шундоқ.

Эй руҳим, яшама гуноҳ ичида…
Шундоқ ҳам юзларинг қанча сарғайди.
Эй мени ўлдирмоқ истаган одам,
Руҳим фалакдадир, жоним алдайди.

Руҳим вужудимда азият чекар,
Тилимда сўзларга чеврилар оҳи.
Гуноҳкор жонимда, мендан хабарсиз,
Қафасда қолгандир руҳим, Илоҳи!

027

Салим БОБУЛЛОЎҒЛИ

БАЪЗИ КЎРИНИШЛАР

Қўлларни кўряпман қўлларни
дўст қўли бўш қолмас ҳавода
йиғлаётган юзларни тўсар
Қўлларни кўряпман, билакларни
билаклардаги кишанларни парчаламоқда

Қўлларни кўряпман кафтларни
бахтларни бахтсизликларни
тақдир чизиқлари умр битикларини
хиромантия* билан машғул бўлмасанг ҳамки
қадоқларнинг бахтдан хабар бериши аён

Қўлларни кўряпман муштларни
кўнгилни синдирувчи бош суягига урилаётир
Қўлларни кўряпман, бармоқларни
уста пианиночиникига ўхшаб кетса-да
безбетларча кимнингдир чўнтагига тушаётир

Қўлларни кўряпман силашларни
шўрлик бир кимсанинг сочларига қўниб
бир лаҳза бўлса-да фонийликни унут айлаган

Қўлларни кўряпман, ажинзорларни
кексалар кулбасига боргувчи унутилган тўзонли
йўлларни ёдга солувчи
Қўлларни кўряпман бармоқларни
тирноқ-ла эт битган жойи ёрилиб кетган
авитаминоз** ташхиси қўйилган ҳаёт тарзидан сўзлар
титроқ дудоқларни қимтибон қаттиқ
фавқулодда ҳодисаларни абадий бекитган
Қўлларни кўряпман, нозик белларни қучиб
севги ҳақдаги энг ширин сўзларнинг
ҳақиқий маъносин англатмоқдадир

Қўлларни кўряпман қўлларни
ияклар остига қадалиб
одамларни ўз асл шаклидан рози қилмоқда

Қўлларни кўряпман оёқлар остида топталган
Катларнинг устидан осилиб тушган
ушбу кун бола-чақасидан узоқда
бир она тушида босриқмоқдадир

Қўлларни кўряпман, қўлларни
кесилган бармоқлар тушларида ўз эгаси томон учмоқда

Қўлларни кўряпман, амалларни
ҳар илинжга узанган
севги мактубларини ёзган
эшикларни зарб билан қоққан
кўчат экиш учун ясалган белкурак сопидан тутганча
жасадни кўммоққа ер қазиётир

Қўлларни кўряпман бармоқларни
умидсиз орзуларга қаршилик каби
уч бармоқ қовушган нуқтада энг қўпол рад жавоби берилаётган

Қўлларни кўряпман қўлларни
қиммат курсиларнинг кимхоб жилдига
маҳлиё бўлганча фароғатли турмуш тарзин яратаркан
катта пуллардан –
демакки жиноятлардан
қалтироқ ва қўрқувлардан сўзлаётир

Қўлларни кўряпман бармоқларни
энг арзон фатоаппарат тугмасини босаркан
энг қимматли онларни – абадият элчиларини
суратга олаётир

Қўлларни кўряпман кўкларга узанган очиқ
дуо қилаётир
қўлларни кўряпман бу дуодан туғилажак дўмбоқ қўлчаларни
бир кўринг, ҳаво хилъатини тутгани каби
малакларнинг этагидан тутмоқда улар

Қўлларни кўряпман, қўнғир сочларни тароқлаб
қора кўзлардан уйқуни қуваётир
чаккасини чангаллаб турган қўлларни кўраётирман
сўнгги сигарета қолган қути узра
тинчиб қолур тонг насимида воз кечади нуқта қўймоқдан

Озарбайжон тилидан Усмон Қўчқор таржималари

* Х и р о м а н т и я – кафтдаги чизиқларга қараб фол очиш.
** А в и т а м и н о з – витаминлар етишмаслигидан келиб чиқадиган касаллик.

Манба: «Жаҳон адабиёти» журнали,2012-10.

054

022

OZARBAYJON SHE’RIYATIDAN NAMUNALAR
042

Mikoyil MUSHFIQ

SHIRIN QIZ

Zarif oyoqlaring bunchalar inja,
Go’zal qomatingni ko’targanicha
Qanday obormoqda, bilmam, shirin qiz?

Shikoyatim bordir gul qo’llaringdan,
Ular yuragimni tutib baridan
Qanday qo’pormadi, bilmam, shirin qiz?

Sening marhamatli, to’lg’in ko’zlaring,
Manim hislarimu mubham so’zlarim
Qanday anglamadi,bilmam, shirin qiz?

O’lmish hislarimni go’zal raftoring,
Shamolli, dolg’ali, shirin guftoring,
Qanday jonlatmadi,bilmam, shirin qiz?

Ufqda quyoshni qanday sarg’aytdi,
Lolaning ko’ksini qanday qoraytdi,
Yoniq yonoqlaring,bilmam, shirin qiz?

Men bir dashtning qushi, sen bir nilufar,
Mening o’pishimni qanday rad etar
Go’zal dudoqlaring,bilmam, shirin qiz?

KUYLA

Kuylagin, sevdigim, o’z havasing-la!
Ilhom qanotlanur sening sasing-la!
Nag’mangda o’ynasin sellarning sasi,
Tongotardan esgan yellarning sasi.
Gullarni silkigan shamollar kabi,
Qumlarni ko’targan dolg’alar kabi,
Titragan, yangragan dil sozing bo’lsam,
Yuragingdan ko’chgan ovozing bo’lsam…

Kuyla! Quvvat kelsin she’ru san’atga,
Ko’nglimning qushini keltir hayratga!
O’xshar, o’xshagandek xuddi oshiqlar
Umrim ohangiga sen aytgan qo’shiqlar.
Yurak xo’rsinadi sen kuylaganda,
Sen ham tinglasayding men kuylaganda!
Kuylagin, sevdigim, o’z havasing-la!
Ilhom qanotlanur sening sasing-la!

ONA

Ona dedim,yuragimda yonar o’tlar sochildi,
Ona dedim, bir hayajon hosil bo’ldi jonimda.
Ona dedim, qarshimda bir go’zal sahna ochildi,
Ona dedim,faqat uni ko’rmas bo’ldim yonimda.

Ona,ona!.. Bu so’zni men takrorlayman azaldan,
Bu so’z husnin anglatolmas ming bir satr, ming ash’or,
Ona bo’lmas, hatto har bir “bolam” degan go’zallar,
Chunki ona hilqatida ayricha bir fusun bor.

O’zga olam yaratmishdir uni go’zal bichimda,
Uni inson go’zalligin jilvasidan yaratmish,
Ona,ona!..chechakli bir niholdayin, ichimda
To azaldan yuragimda novdalarin taratmish.

Ul niholni yulay deyman g’azab bilan ba’zi chog’,
Qo’porayin deyman dildan, ammo shu on tanamni
Titratgancha bir sas yangrar: bir sas — inja va titroq
Yalinadi: «Manga tegma, qiynamagin,qo’y mani!

Chunki seni men yaratdim, men ulg’aytdim,alqadim,
So’ylaganim so’zlarim bor beshigingning ustinda,
Men kuylagan qo’shiqlardan bunyod bo’lding, avlodim,
Mening nomim bitilgandir har kitobda, har dinda!»

Asl to’g’ri yoziqlar bor, bexabarman ulardan,
Deyurlarki, Mushfiq,xasta tug’ildingu onangni
Otang sovuq qo’lari-la quchog’iga olarkan,
Yolg’iz achchiq fig’onlaring titratardi xonani.

Endi menga har kas: – Onang, otang bormi? – so’ylasa,
Men deymanki, – orzulardan uzilgan bir ro’yoday –
O’lgan o’ldi, ketgan ketdi, endi dilim beg’ussa,
Bir muqaddas, bir samimiy amalim bor dunyoda.

Ishonganim bir qibla bor,uni har kun har zamon
Qo’llarimla tiklayapman, fikrimda ham bepoyon
Bir olam bor, bir olamki, samolari tillarang,
Yuksaklari, pastliklari, fazolari tillarang!

YASHA,KO’NGIL!

Oh,bu uzun savdo yo’li
Qachon tushdi boshga,ko’ngil?!
Nishon oldim,kamon otdim,
Tegdi o’qim toshga,ko’ngil!

Bir o’t tushdi bulutina,
Yondi ko’ngil ishq o’tina,
Qolding hijron umidina,
Ayt,netarsan,shisha ko’ngil?

Tarlonsan,ko’kdan enmassan,
Bu tuproqda sevinmassan.
Men ko’naram,sen ko’nmassan,
Yasha,ko’ngil,yasha,ko’ngil!

KULISHLARING

Qarshimda nozlanib yana kulursan,
Bilsayding kulishing nimaga o’xshar?
Men aytib o’tirmay, o’zing bilursan,
Lola bargidagi shabnamga o’xshar.

Sening kulushlaring bir shamol kabi
Esarkan orzumning guli ochilur.
Kulsa dudoqlaring yulduzlar kabi
Ruhima bir sarin shu’la sochilur.

So’yla, go’zallarning dudoqlarinda,
Bu o’ynoq kulushlar atru mushkmidur?
Sening qahqahang oy quchoqlarinda
Suzgan bulutmidur, uchgan qushmidur?

Sening kulushlaring yoz saharindan
Hissu xayolimga ajib rang olur.
Kulgin, satrlarim kulushlaringdan
O’lmakni bilmagan bir ohang olur.

Sen kulgan vaqtingda bu shod kunimda
Qarshimda ochilar bahoriy bog’lar,
Ba’zan boshim uzra, ba’zan o’ngimda
Chaqinlarim chaqnab, suvlarim oqar.

Jahon ki, so’lmagan bir bog’cha-bog’dir,
Bunda ravomidir kulmasdan o’lmoq!
Hayf ul shaxsga, kim qora qaboqdir,
Naqadar yarashur insonga kulmoq!

ISHQIM

Onasiz,otasiz Ofeliya kabi
Sochlari parishon bir qizdir ishqim.
Qalbimning bulutli samolarinda
Titragan bir g’arib yulduzdir ishqim.

Bir mehr kutgancha ul shan ko’zlardan,
Buyuk Tangri kabi tushib nazardan,
Chehrasi dildagi xarobalardan
Yana g’amli,yana hissizdir ishqim.

Hayotga boqmagan darbadar kabi,
Har bir hodisadan bexabar kabi,
Yot ellarda qolgan yetimlar kabi
Boshida ming savdo,tengsizdir ishqim.

RANJIMAYMAN

Men shirin lahjali bir bulbulamki,
Gullardan ranjiyman, sendan ranjimam!
Meni o’z jonidan ham ortiq suygan
Yellardan ranjiyman, sendan ranjimam.

Ko’zlaring misoldir oqqan soylardan,
Kpriging o’qlardan, qoshing yoylardan,
Qarshimizga kelgan uzun oylardan,
Yillardan ranjiyman, sendan ranjimam.

El ichida bizni derlar Sayodli,
Tarlon ovchisiman, ruhimli qanotli,
Ilhom parisini sayratgan totli
Tillardan ranjiyman, sendan ranjimam.

Xurshid DAVRON tarjimalari

Samad VURG’UN

* * *

Agar sendan tonar bo’lsam nasibim ohu zor o’lsin,
Bahorim qishga aylansin, chechaksiz bir diyor o’lsin.
Chamanzorim, bog’im-bog’cham to’kilsin, bori xor o’lsin,
Mazorim o’t olib yonsin, bu ishqim oshkor o’lsin.

Qo’y ey bulbul! Tin, ey dovul, ki xohish istirohatdir,
Bu yerlarda ilinjim yo’q, yupanchim bir sayohatdir.
O’lim, eyvoh, bu ne’matdir, bu bir shonli saodatdir,
Agar bevaqt o’lar ersam, raqibim baxtiyor o’lsin.

Falakdan intiqom istar jo’shib ruhimda bo’ronlar,
Na insofni, na vijdonni bilar, yo rab, bu insonlar.
Yoz, ey Vurg’un, yana jo’shsin bugun olamda to’fonlar,
Yiqilsin mehvari olam, u tubdan toru mor o’lsin!..

O’YLAR

Goh-gohida ovchi ko’nglim tog’lardan oshib,
Olis ketib, uzoq-uzoq yo’llar kezadi.
Sokin o’tgan kunim bilan u vidolashib,
Na’ra tortib, suron solib cho’llar kezadi.

Bir qushchaning uchishidan, bilsangiz agar,
Nelar tuyar bu shoirning sayyor yuragi?
Insof bilan aytilganda, bir jonli asar –
Yashil o’rmon, ko’m-ko’k dala, ohu hurkagi…

Lochin uchar uyasidan shiddatli, tezkor,
Ko’hna tog’lar kiftin ko’kka tirab turadi.
Kim yashamas o’z qalbining azmiga hamkor,
Kim olamning o’sishiga befarq yuradi?

Bu dunyoning xaritasi bir rangda emas,
Azal boshdan har suvratning o’z jilvasi bor.
Keksa eman yuz yil yashab, charchadim demas,
Yiqilsa ham ildizi-la qular shiddatkor.

U o’lmaydi, o’larmi hech olamda viqor?
Zamon o’tar, nihol o’sar, bitar qasrlar.
Bir qo’lida yoz quyoshi, birida bahor,
Qancha bayram qarshilaydi bizning nasllar.

Gohi ochib quchog’imni, bir shamolsimon,
Karvon bo’lib eldan-elga ko’chgim keladi.
Yuragimda bir dunyoning kuchi begumon,
Dengizlardan, ummonlardan kechgim keladi.

Qoya misol to’lqinlarning metin saflari
Shiddat bilan ko’kragimga sola boshlar chang.
Yengarmidi irodamni to’lqin daflari,
Kim istamas qilishni, eh, po’rtana-la jang?!

Gohi palla, sokin oqqan ariq yonida,
O’yga tolib, dardlashaman bu yurak bilan.
Orzularim misli daryo oqar qonimda,
Kimning qalbi urmas axir ming tilak bilan?!

Istardimki, olis yo’lda suvga zor turgan
Bir kimsaning qarshisida buloq bo’lolsam;
Bir maslakli do’stlarimning dunyoda ko’rgan
Tashvishiga, quvonchiga o’rtoq bo’lolsam…

Istardimki, qanotini yozganda hijron
Qovushtirsam ayri tushgan do’st qo’llarini.
Sog’inishgan sevishganlar ko’rishgan zamon,
She’rga solsam bu visolning shan yo’llarini.

Bir chumchuqning uyasini uchirsa shamol,
Tumshug’imda xas-cho’p yig’ib in qurib bersam.
Chag’alarga hadya etsam durkunlik, kamol
Va uchirma qilish uchun shoxlarga tersam…

Istardimki, duch kelganim u yetim go’dak
Ota desin, ham yayrasin meni ko’rganda.
Kim istamas yiqilganga bo’luvni tirgak,
Kim quvonmas birov ko’mak berib turganda?..

Ko’z oldimdan dunyo o’tar varaqma-varaq,
Men orzular olamiga sho’ng’ib keturman.
Ziyoratgoh eshigida turgandek bu chog’,
Miltiq tutgan askar kabi sukut eturman.

Goho esa, Yer ostida qo’limda chiroq,
Shaxtalarda cho’kich urib, ma’dan qazurman.
Sochi oppoq hakamlarga aylanib men goh,
Vatanimning yovlariga o’lim yozurman.

Burg’u qurib, neft` chiqargan qahramonlarning
Boltasidek qoyalarni urib yorgim bor.
Yer ostiga Yer ustidan mard insonlarning
Olqishini, salomini tashib borgim bor.

Soch yoyganda dalalarga bahor quyoshi,
Yer yumshatib, urug’ tanlab, sepsam deyman don.
Qari ho’kiz holdan toysa, aylansa boshi,
Tortsam, deyman o’zim shunda omochni chaqqon.

Shudgorlarni yuvish uchun otlanganda sel,
To’siq bo’lib, shiddatini kesa olsaydim;
Saratonda olov purkab yonganida cho’l,
Navbahorning nasimidek esa olsaydim…

Istardimki, kelajakka bo’lib bir yodgor,
Na shuhratim, na haykalim, na otim qolsin.
Kurashlarda zafar topgan mard qahramonlar
Sirasida asarlarim, avlodim qolsin.

Deydilarki, sovir emish bir kuni oftob,
O’ylaguncha u zavolni, yetguncha u dam,
Bu dunyoga necha ming yil kelarkin shitob,
Cho’zsam edi kurash bilan umrni men ham.

O’z qo’limda inju misol ipga tizardim
Oylarini, yillarini abadiyatning.
Samovotda quyosh bilan birga kezardim,
Yer yuzida bo’lar edim ko’rki xilqatning.

Istardimki, qutlug’ kunlar cho’lda, chamanda
Yuraklarga ohang solgan nay bo’la olsam;
Men o’zimni bu dunyoda, dunyoni menda
Idrok etib, ma’no to’la may bo’la olsam…

Bir orzuning mevasidir har kichik asar,
O’ylanaman, tilga kelur qalbimdan bir sas,
Deydi: shoir, juda soz-ku bu shirin o’ylar,
Lekin Borliq bir yurakka, afsuski, sig’mas.

Ozarbayjon tilidan Razzoq ABDURASHID tarjimalari

Rasul RIZO

SADOQAT

Turnani otdilar
ayni sahar chog’,
Olis ufqlarda
qosh qizarganda.
Lolalarning naqshi
ko’l uzra – chiroq,
Soyasi adirlar qirda o’landa.

Turna yolg’izmasdi, juft edi turna,
Balki muhabbatdan suhbati bordi…
Nomard o’qqa uchdi bo’lsa-da harna,
Lolalar titradi, O’tlar qizardi.

Kerdi qanotini ikkinchi turna,
Yuksaldi ko’klarga, balki qochdi u.
Balki bu ma’nosiz, zolim o’limni
Ko’rib telbalandi, shundoq shoshdi u.

Turna uchdi, uchdi,
quyida qoldi
Baland bulutlarning
ustki qatlari.
Ko’kda bir ko’rindi
qatra yosh kabi

Va birdan yig’di-yu u qanotlarin,
Yerga kelib tushdi
Og’ir tosh kabi.

Ozarbayjon tilidan Razzoq ABDURASHID tarjimalari

Nigor RAFIBEYLI

SHOIR QARDOSHLARIM

Goh asabiy, goho charchoq,
Goh to’fonli, goh sokin, boq;
Goh oshig’u devonaroq
Mening shoir qardoshlarim.

Har suhbatda so’zi bordir,
Go’zallarda ko’zi bordir,
Yer yuzida bir bahordir
Mening shoir qardoshlarim.

G’ururning jonli haykali,
Ozodlikning hur mash’ali,
Kechirmas yovuz amalni
Mening shoir qardoshlarim.

Uzoqlardan kelar uni,
Salomlashar nurli kunni,
Xalqqa berar o’z umrini
Mening shoir qardoshlarim.

Asrlardan berdi so’roq,
Zulmatda yondirdi chiroq,
Tushdi vatanidan uzoq
Mening shoir qardoshlarim.

Qorong’uda nur ayladi,
Xalqqa ozodlik tiladi.
Tarix bo’yi shunaqadir
Mening shoir qardoshlarim.

Zolimlarga bosh egmadi,
Gulning bargiga tegmadi,
Zulm yukini chekmadi
Mening shoir qardoshlarim.

O’z yurtining nafasidir,
Zamonaning haq sasidir.
So’z mulkining ustasidir
Mening shoir qardoshlarim.

Ozarbayjon tilidan Karim BAHRIEV tarjimasi

Baxtiyor VAHOBZODA

NOMSIZ SHE’R

Ko’zimda ko’l bo’ldi, gul bo’ldi yoshlar,
Tark etdi birma-bir do’stlar, tanishlar…
Baxtsizlik – yurakka sanchilgan tikan,
Udir yolg’izlikning egiz qardoshi;
Yolg’izlik – tog’day yuk, bellarni bukkan,
Dunyoning eng ulkan, eng og’ir toshi…

Yolg’on – ming bo’yoqli,
Haq-chi, bo’yoqsiz.
Yolg’on qip-qizildir, haqiqat oqdir.
Yolg’on – shir yalang’och, yolg’on hayosiz,
Haqiqat har zamon sal tortinchoqdir.

VIJDON

Ikki yo’lning o’rtasida turgancha,
Goh u yondan, goh bu yondan qo’rqaman.
Devdan emas, pashshachalik kuchi bor,
O’zini dev sanagandan qo’rqaman.

Ul dargohda Haq devoni qurilgay,
Ne topgansan, bari bir-bir so’rilgay;
Iddaosi bo’ynimizga yuk ilgan –
Avf etilgan sharaf-shondan qo’rqaman.

Bu dunyodan bir umidim mezondir,
Men qo’rqqan kas u mezonni buzgandir,
To’q kimsaning quturishi yomondir,
Ochdan emas, men to’ygandan qo’rqaman.

Kim hamkordir nafs degan shaytonga,
U tupurar haqiqatu vijdonga;
Axir vijdon qiymat bergay insonga –
Vijdonidan qo’rqmagandan qo’rqaman.

AQLNING KO’ZI BOR

Do’stim, bir g’alati so’z aytding, zotan
Dedingki, ko’rmasam – hech ishonmayman.
Dedim, sen orifsan, men bir avomman,
Men ko’z-la ko’rsam-da, inonmam, ammo.
Bilmayman – ko’zimga ko’ringan dunyo
Aslan haqiqatmi yo sirli ro’yo?..

Baland-past dunyoda men yashab yurib,
Angladim o’ng-chap ne, ne butun-yarim.
Bildim – haqiqatdir aqlim-la ko’rib,
Ammo ko’zlarim-la ko’rmaganlarim.
Aqlning ko’zi bor, u yo’l ko’rsatar,
Ko’zda-chi, aql yo’q, u bizni aldar.

ALVIDO

Do’stlarim, umrimning safosi bitdi,
Toqqa ketdim, dala-tuzga alvido.
Ko’zga tuman cho’kdi, boshga qor yog’di,
Bahorga alvido, yozga alvido.

Sen ishqni har zamon muqaddas deding,
Kunlarga yopishmoq puch havas deding,
Ko’pni istamading, ozga bas deding,
Derman: ko’p yo’q esa, ozga alvido.

Endi tomiridan uzilgan menman,
O’rgangan oshyoni buzilgan menman,
Endi na sen sensan, na-da men menman,
Endi biz bizmasmiz, bizga alvido.

Baxtiyor, yarangdan oqqan qon har on
Seni kechmishingga bog’lar har zamon;
Zulmat yuragingni yog’dulantirgan,
Yo’lingga sham tutgan ko’zga alvido.

Ozarbayjon tilidan Tohir QAHHOR tarjimalari

Xalil Rizo ULUG’TURK

MEN YANA QAYTURMAN OZARBAYJONGA

Bu yerda havo oz…
Havo istayman –
Hazar dengizining o’ziday bo’lsin!
Bunda samosizman, samo istayman –
Quyoshning olamga so’ziday bo’lsin,
Hazar dengizining o’ziday bo’lsin!

Uzing zanjirlarni bilaklarimdan,
Buzing qulflarni tilaklarimdan,
Tushiring zindonni kuraklarimdan!
Xayr deb sovuq tun – qo’llari qonga,
Yo’l olay jonajon Ozarbayjonga!

Faqat onam, singlim, qondoshimmas, bil,
Vatanim – abadiy saodatimdir!
Ming-ming farzandidan biridir Xalil,
Vatansiz ikki bor, uch bor yetimdir,
Vatanim – abadiy saodatimdir!

Har soyi, irmog’i – tovshim, nafasim,
Har toshi badaldir la’lu marjonga.
Mayli, choping, kesing!..
Men kesim-kesim
Bo’lsam-da, yetsam bas Ozarbayjonga!
Har toshi badaldir la’lu marjonga.

Mutloq shart qaytishim ota makonga,
Bir oz kuchli bo’lib, bir oz-da metin.
Kur, Oraz nahriday bog’liqman unga,
Joniman, bag’riman – shudir davlatim,
Bir oz qudratliman, bir oz-da metin.

Buzing zindonlarni, ochilsin butun!
Men shu kun qaytayin Ozarbayjonga,
Kahkashon bo’layin, porlayin bu tun,
Yuzimdan nur yog’sin Milga, Mug’onga,
Men shu kun qaytayin Ozarbayjonga.

Oqsoqolman, yurtim, sen – yosh onamsan,
Boladay bag’ringga joylanay bu kun,
Oyna Ko’kko’limsan, Moralginamsan,
Men oyning nuriga aylanay bu kun,
Boladay bag’ringga joylanay bu kun.

Ozarbayjon yashar shu ko’zlarimda.
Mening qaytishim-la u yuksalajak.
Qo’shinlar kelajak haq so’zlarimda,
Yurtimga kuch, ishonch, qudrat kelajak,
Mening kelishim-la u yuksalajak.

Zumrad yomg’iringga, oq tumaningga,
O’ranib-buranib kelajakman men;
Tik, oyoq ustida kela olmasam,
Yiqilib-surinib kelajakman men;

Nafasim uzilsa… Yuzimni surtib,
Tog’ingdan, toshingdan quvvat olurman;
Uzilsa qo’llarim… tishim-la tutib,
Yog’iyga so’ng bora qilich solurman,
Tog’ingdan, toshingdan quvvat olurman.

Yo’limga necha ming Azroil chiqsa,
Umrimni mozor-la bo’la olmasman;
Angla, ey imonsiz:
Ozarbayjonsiz –
Men yashay olmasman, o’la olmasman.

Men Ozarbayjonga kelurman qaytib,
Shoningni kuylarman, olqish degayman;
Achchiq tutuningni bol kabi yutib,
O’tingni qaymoqday suyub yegayman;
Shoningni kuylarman, olqish degayman.

Yarali bir burgut bo’lsam-da magar,
Bir qanot bilan ham ucharman, inon.
Darbanddan Salyonga, Zanjonga qadar –
Barin yetmish qo’l-la qucharman, inon,
Bir qanot bilan ham ucharman, inon.

Ko’taring bu og’ir toshni ustumdan,
Ko’kko’ldan suv seping bu yonar jonga,
Balki ming yillarning boshi ustundan
Men qaytib kelurman Ozarbayjonga,
Ko’kko’ldan sev seping bu yonar jonga.

Keling, ey nafasim, ey qardoshlarim,
Malul-malul boqqan orqadoshlarim,
Yoqadir olamni bu ko’zyoshlarim,
Siz meni qaytaring Ozarbayjonga…
Qarab shu quyoshga ont ichayinki,

O’tmishman, bugunman, kelajakman men.
Qolmas hech shoirning yo’li bog’lanib,
Otib yelkamdagi temir tog’larni,
O’zim Vatanimga kelajakman men,
O’tmishman, bugunman, kelajakman men.

Bag’rimga bosurman seni, ey elim,
Meni visol kuni – u kun yashatur.
Ko’zimdan bir tomchi yosh oqsa, biling,
Demak, ozod bo’lgan kunim o’shadur,
Meni visol kuni – u kun yashatur!..

Ozarbayjon tilidan Tohir QAHHOR tarjimalari

Mamad ORAZ

ONA XALQIM, YIG’LAMA

Derazada shamol to’nib yig’lasa,
Ayvoniga qushlar qo’nib yig’lasa,
Yuragingda nola yonib yig’lasa,
Ich-ichdan yon, faryodlar bas, yig’lama,
Yig’lamoqning o’rni emas, yig’lama.

Bu bir jangdir – ezilgan bor, ezgan bor,
O’lim hukmin qo’ltiqlabon kezgan bor,
“Bizlar” bormiz, na “man” borman, na “san” bor,
Yig’lamagin, ona xalqim, yig’lama!
Toptaldingmi yana, xalqim, yig’lama.

Hayqir, ko’ngil, bundan battar chog’ qayda,
Yonayotgan inson, tuproq, tog’ qayda.
Singlim, endi yig’lash uchun vaqt qayda?
Qardosh, yurtdosh deb basma-bas yig’lama!
Yig’lamoqning o’rni emas, yig’lama.

Egilmakdir yig’lamoqning ul yuzi,
Dardga to’za bilmaganni dard uzur,
Yig’laganni izlab topar dard o’zi,
Shuni yozmish Tangri o’zi, yig’lama,
Jim bo’l endi, ona qizim, yig’lama.

Bu tuproqda so’nggi qurbon men bo’lsam,
O’z o’timda yonib kulga teng bo’lsam,
Yurtim sari uchgan bir o’qdan o’lsam,
Ona xalqim, o’g’lim deb, bas, yig’lama,
Yig’lamoqning o’rni emas, yig’lama!

OQARMA, SOCHIM, OQARMA

Ne uchun senga oq tushdi,
Qachon tushdi, qandoq tushdi,
Yuragimga titroq tushdi,
Oqarma, sochim, oqarma!

Orzu so’ngsiz, umr yarim,
Ortar manglay ajinlarim,
Bormi senda insof, sharm,
Oqarma, sochim, oqarma!

Meni g’amgin ko’rsa agar
Dushman kular, do’st g’am chekar.
“Hoy amaki” deydi qizlar,
Oqarma, sochim, oqarma!

Toshdir qal’ang, toshdir joning,
Yo’qdir tuyg’ung, yo’qdir qoning.
Yoshman-ku, bormi vijdoning,
Oqarma, sochim, oqarma!

Umr kechar, yomon kechar,
Qalbimdan qora qon kechar,
Go’zallar yonma-yon kechar,
Oqarma, sochim, oqarma!

Uzoqdadir shuhratu shon,
Ko’zin tikkan menga zamon,
Yurak yoshdir hali-hamon,
Oqarma, sochim, oqarma.

Istiqbolda zafarim bor,
Yo’ldadirman, safarim bor,
Yozilmagan asarim bor,
Oqarma, sochim, oqarma!

Ozarbayjon tilidan Usmon Qo’chqor tarjimalari

Sobir RUSTAMXONLI

TOPSHIR MENI

Tag’in ruhga qayg’u to’lar,
Yog’iy tilar, zamon talar.
Balki qo’ling malham bo’lar,
Qo’llaringga topshir meni!

Men naslimning kurashiman,
Qilichiman, ko’z yoshiman.
Yolg’iz qolgan oqqushiman,
Ko’llaringga topshir meni!

Dunyo hushsiz, mozor ekan.
Sevgan ko’zga sanchar tikan.
Go’daklarning “Ota!” degan
Tillariga topshir meni!

BOQA OLMADIK

Qarg’andikmi, sehrlandik –
Tilsimdan chiqa olmadik.
Yuraklarga iblis kirdi,
Yurakni yiqa olmadik.

Dunyo quch deb qo’l berilgan,
Ne’matimiz mo’l berilgan,
Boshdan ming-ming yil berilgan,
Biriga sig’a olmadik.

Ko’z ko’rolmas qosh deganni,
Xushlamaymiz xush deganni,
Qo’l berib, qardosh deganni
Qo’lini siqa olmadik.

Tarix tuymas sasimizni,
Yer unutar izimizni.
Sharr qoraytmish yuzimizni,
Ollohga boqa olmadik…

Ozarbayjon tilidan Tohir QAHHOR tarjimasi

Ramiz RAVSHAN

AYRILIQ

Yana bir shaharda yuzma-yuz keldik,
Nachora, boshqa bir shaharimiz yo’q.
Ehtimol, biz baxtli bo’la olardik,
Ehtimol, baxtlimiz,
xabarimiz yo’q.

Oradan shuncha yil o’tib ko’rganda –
Taniy olmadim men,
meni kechirgin.
O’ylardimki, sensiz o’lib qolarman,
Men o’lmadim sensiz,
meni kechirgin!
“O’lmadim…” – deyapman, ne bilay, axir,

Ehtimol, men sensiz o’lib qolganman,
Qabrsiz, kafansiz o’lib qolganman.
Ehtimol, biz unda ayrilmasaydik,
Na men endigiydim,
na sen endigi –
Ayrildik, shaytonni kuldirdik unda:
Bu yilning,
bu oyning,
bu kunidagi
Mana shu ko’chaning shu burchidagi
meni ham, seni ham o’ldirdik unda.
So’limiz, sog’imiz odamga to’la,
Qo’l ushlashib erlar, xotinlar o’tar.
O’zidan xabarsiz,
umrida ming bor
O’zini o’ldirgan odamlar o’tar,
O’tar o’z qoniga botgan odamlar.
Darvoqe, qon qani?
Qon, axir, yo’qdir…
Hamma gunohkordir dunyoda,
ammo
Dunyoda hech kimning gunohi yo’qdir.

Bizsiz bitilmishdir bu tole, bu baxt,
Palaxmondan uchgan bir juft toshmiz biz.
Balkim, bu dunyoda
o’n-o’n besh yilmas,
Bundan ming yil avval ayrilmishmiz biz.

Halol yo’limizni qo’yib,
ne uchun
Adashdik, bir o’zga yo’ldan ketdik biz.
Balkim, ming yil avval sahv tushib nedir,
Ming yillik xatoga qurbon ketdik biz.

Almashdi o’rnini, balkim, qish-bahor,
Qorishdi dunyoning shahari, kenti.
Balkim, o’z ichida o’gay onalar
O’gay bolalarni ko’tarar endi.

Umrim boshdan-oyoq yolg’ondir, balkim,
Toleim o’zgadir rostdan ham mening.
Huv yo’ldan o’tgan qiz
onamdir, balkim,
Ehtimol, o’g’limdir bu o’g’lon mening.

Bu yolg’on umrimda
sen o’zing nesan?
Balkim, hech sevgilim emassan mening.
Onamsan,
singlimsan,
momomsan,
kimsan?!
Faqat Alloh bilar, kimimsan mening.

Bizni kim ayirar bu ayriliqdan,
Yetmas dodimizga na yo’l, na ko’prik.
O’liksan, tiriksan, har nesan, to’xta!
To’xta, hech bo’lmasa, qo’lingdan o’pay…

Degaysan: “O’lganman men, o’likni o’pma…”
Qo’limning kaftida
qo’ling uvushar.
Degaysan: “Xayringni bersin, qo’limni o’pma,
qaragin, qo’limdan qon isi kelar…”

YO’QLOV

Rasul muallim va Nigorxonim xotirasiga

Zolim dunyo – o’z ishida,
Kelishida-ketishida,
Kel, yig’laylik, yetmishida
Sevgilidek o’lganlarga.

Yuragi ming xil dard ko’rib,
Ko’zi ming xil sifat ko’rib,
Go’zal-dilbar umr surib,
Go’zal-dilbar o’lganlarga.

O’tib butazor to’sindan,
Tikonlarning orasindan,
Qon sizsa ham yarasindan,
Qo’lda chechak – o’lganlarga…

Ozarbayjon tilidan Karim BAHRIEV tarjimalari

Rustam BEHRUDIY

SHOMON DUOSI

Bu kunim ham shunchaki
o’tadi, kechib ketar,
Shu yoshgacha ne qildim,
ey Tangrim, umr – yarim.
Meni hech tinch qo’ymaydi
ichimdagi g’am-kadar,
Tinch qo’ymas shahidlarning
tunda kezgan ruhlari.

Termular ezgin-ezgin
kechalar bosh ustimdan,
Cheksizlik – Tangri kabi,
oyi, yulduzi bilan.
Shomon kabi ko’klarga
yuz tutib turibdirman,
Turibdirman yuzma-yuz
ko’kning yolg’izi bilan.

Bundoq g’arib chog’imda
kelib men-la tillashgan
Og’ochning yaprog’iga,
guliga ishonaman.
Yurtim uzra tayanib,
so’ngan o’choqlarning man
Ichida qo’r saqlagan
kuliga ishonaman.

Yaramga tuzdek bosar
savdolar o’z o’tini,
Hademay kul bo’laman…
qolmishman yona-yona.
Tavba duosi kabi
pichirladim otingni,
Tovshim senga yetdimi,
eshitdingmi, ey ona?!

Shoir bo’lmoq istayman,
ona so’zga farzandman,
So’zga tilsim etmishman
Yuragimning ohini.
Men jonimni bergali
bir yangi so’zga bandman,
Ey menga jon bergan zot,
kechirgil gunohimni.

Shomon kabi so’zlardan
men tole to’qiydirman,
Yuragimda talotum,
ruhimda bir zilzila…
Har kecha osmonlarga
men duo o’qiydirman –
Ilohim, bu millatni
yo’q bo’lmoqdan hifz ayla.

GUNOHKOR JONIMDA…

Ruhim vujudimda aziyat chekar,
Tilimda so’zlarga chevrilar ohi…
Gunohkor jonimda, mendan xabarsiz,
Qafasda qolgandir ruhim, Ilohi!

Gunohkor jonimda gunohsiz ruhim
Negadir hamisha ko’klarga boqur.
Ne uchun meni tinch yashashga qo’ymas,
Men ham o’zgalardek odamman, axir!

Men ham o’zgalardek odamman, garchand…
Mening ham jonimda hasrat, sevgi, g’am…
Bu maskan qayg’usi, bu uy, bu farzand…
Nahotki ruhimga qo’shilib uchsam.

Nahotki ruhimga qo’shilib uchsam…
Yuksalsam, poklasa meni bu falak.
Meni qo’yib yubor, gunohkor jonim,
Poklikdan ne uchun qo’rqasan, yurak?

Poklikdan ne uchun qo’rqasan, yurak,
Nega odamlarning har yuzi shundoq?!
Bu dunyo, bu dunyo o’zidan qochar,
Gunoh ichidadir yer yuzi shundoq.

Ey ruhim, yashama gunoh ichida…
Shundoq ham yuzlaring qancha sarg’aydi.
Ey meni o’ldirmoq istagan odam,
Ruhim falakdadir, jonim aldaydi.

Ruhim vujudimda aziyat chekar,
Tilimda so’zlarga chevrilar ohi.
Gunohkor jonimda, mendan xabarsiz,
Qafasda qolgandir ruhim, Ilohi!

Salim BOBULLOO’G’LI

BA’ZI KO’RINISHLAR

Qo’llarni ko’ryapman qo’llarni
do’st qo’li bo’sh qolmas havoda
yig’layotgan yuzlarni to’sar
Qo’llarni ko’ryapman, bilaklarni
bilaklardagi kishanlarni parchalamoqda

Qo’llarni ko’ryapman kaftlarni
baxtlarni baxtsizliklarni
taqdir chiziqlari umr bitiklarini
xiromantiya* bilan mashg’ul bo’lmasang hamki
qadoqlarning baxtdan xabar berishi ayon

Qo’llarni ko’ryapman mushtlarni
ko’ngilni sindiruvchi bosh suyagiga urilayotir
Qo’llarni ko’ryapman, barmoqlarni
usta pianinochinikiga o’xshab ketsa-da
bezbetlarcha kimningdir cho’ntagiga tushayotir

Qo’llarni ko’ryapman silashlarni
sho’rlik bir kimsaning sochlariga qo’nib
bir lahza bo’lsa-da foniylikni unut aylagan

Qo’llarni ko’ryapman, ajinzorlarni
keksalar kulbasiga borguvchi unutilgan to’zonli
yo’llarni yodga soluvchi
Qo’llarni ko’ryapman barmoqlarni
tirnoq-la et bitgan joyi yorilib ketgan
avitaminoz** tashxisi qo’yilgan hayot tarzidan so’zlar
titroq dudoqlarni qimtibon qattiq
favqulodda hodisalarni abadiy bekitgan
Qo’llarni ko’ryapman, nozik bellarni quchib
sevgi haqdagi eng shirin so’zlarning
haqiqiy ma’nosin anglatmoqdadir

Qo’llarni ko’ryapman qo’llarni
iyaklar ostiga qadalib
odamlarni o’z asl shaklidan rozi qilmoqda

Qo’llarni ko’ryapman oyoqlar ostida toptalgan
Katlarning ustidan osilib tushgan
ushbu kun bola-chaqasidan uzoqda
bir ona tushida bosriqmoqdadir

Qo’llarni ko’ryapman, qo’llarni
kesilgan barmoqlar tushlarida o’z egasi tomon uchmoqda

Qo’llarni ko’ryapman, amallarni
har ilinjga uzangan
sevgi maktublarini yozgan
eshiklarni zarb bilan qoqqan
ko’chat ekish uchun yasalgan belkurak sopidan tutgancha
jasadni ko’mmoqqa yer qaziyotir

Qo’llarni ko’ryapman barmoqlarni
umidsiz orzularga qarshilik kabi
uch barmoq qovushgan nuqtada eng qo’pol rad javobi berilayotgan

Qo’llarni ko’ryapman qo’llarni
qimmat kursilarning kimxob jildiga
mahliyo bo’lgancha farog’atli turmush tarzin yaratarkan
katta pullardan –
demakki jinoyatlardan
qaltiroq va qo’rquvlardan so’zlayotir

Qo’llarni ko’ryapman barmoqlarni
eng arzon fatoapparat tugmasini bosarkan
eng qimmatli onlarni – abadiyat elchilarini
suratga olayotir

Qo’llarni ko’ryapman ko’klarga uzangan ochiq
duo qilayotir
qo’llarni ko’ryapman bu duodan tug’ilajak do’mboq qo’lchalarni
bir ko’ring, havo xil’atini tutgani kabi
malaklarning etagidan tutmoqda ular

Qo’llarni ko’ryapman, qo’ng’ir sochlarni taroqlab
qora ko’zlardan uyquni quvayotir
chakkasini changallab turgan qo’llarni ko’rayotirman
so’nggi sigareta qolgan quti uzra
tinchib qolur tong nasimida voz kechadi nuqta qo’ymoqdan

Ozarbayjon tilidan Usmon Qo’chqor tarjimalari

* X i r o m a n t i ya – kaftdagi chiziqlarga qarab fol ochish.
** A v i t a m i n o z – vitaminlar yetishmasligidan kelib chiqadigan kasallik.

Manba: «Jahon adabiyoti» jurnali,2012-10.

05

(Tashriflar: umumiy 612, bugungi 2)

Izoh qoldiring