Safarboy Ro’zimboyev. Tarjima ermak emas, haqiqiy ijoddir

03

Шахсий ижод фикр изланиши билан пайдо бўлса, таржима асарлари мос сўзлар излаш билан вужудга келади. Чунки таржима қилинадиган асарда тайёр фикр, тайёр ғоя, тайёр концепция мавжуд.Таржимон унга шакл ва чиройли ифодаланадиган мантиқан теран сўз топиши керак. Бу сўз танлашнинг ўзи ҳам ижодкорнинг луғат бойлиги, ўткир диди, нозик таъбига боғлиқ ижодий бир жараёндир. Шундай экан, таржимонлик қилишга бел боғлаган ҳар бир ижодкор сўз бойлиги ва сўз санъатини мукаммал эгаллаган юксак дидли, зукко шахс бўлиши лозим.

022
ТАРЖИМА ЭРМАК ЭМАС, ҲАҚИҚИЙ ИЖОДДИР
С.Р.РЎЗИМБОЕВ
011

Филология фанлари доктори, профессор Сафарбой Рўзимбоев 1942 йилда Қўшкўпир тумани Кўназей қишлоғида таваллуд топган. У қирқ йилдан зиёд илмий фаолияти давомида Хоразм достонлари бўйича тинмай иш олиб борди ва бугун ҳақли равишда Хоразм фольклорининг дарғаси деган шарафга эга бўлди. Домла Гўрўғли достонларининг “бу ёғидан кириб, у ёғидан чиқди”. Қардош халқлар ижодидаги Гўрўғли образининг илмий асосланган типологиясини яратди, Мунис ва Огаҳийнинг “Фирдавс ул-иқбол” асарини нашр қилиш учун заҳмат чекди.
Сафарбой оға Аллоҳни ва у яратган оламни, олам ичра азиз одамларни зикр этиб, ўзлигини таниган инсондир. У бахт туйғусини ҳис қилган, бахт унинг қалбида тажаллий этиб, янги изланишларга чорлаб турган инсонлар сирасига киради.

011

003адиий ижод ҳар қандай шахсдан юксак истеъдод ва қобилият талаб қилгани каби таржима ҳам унинг ижрочисидан талант, маҳорат ва зукколикни талаб қилади. Бадиий ижод билан таржима ёнма ён туради. Шу сабабдан таржима қилинадиган асар муаллифи қанчалик истеъдод эгаси бўлса, унинг таржимони ҳам ўша шахсдан кам бўлмаган етук ижодкор бўлиши зарур.

Зотан, шахсий ижод фикр изланиши билан пайдо бўлса, таржима асарлари мос сўзлар излаш билан вужудга келади. Чунки таржима қилинадиган асарда тайёр фикр, тайёр ғоя, тайёр концепция мавжуд.Таржимон унга шакл ва чиройли ифодаланадиган мантиқан теран сўз топиши керак. Бу сўз танлашнинг ўзи ҳам ижодкорнинг луғат бойлиги, ўткир диди, нозик таъбига боғлиқ ижодий бир жараёндир 1.Шундай экан, таржимонлик қилишга бел боғлаган ҳар бир ижодкор сўз бойлиги ва сўз санъатини мукаммал эгаллаган юксак дидли, зукко шахс бўлиши лозим.

Кейинги пайтларда қардош халқлар, хусусан туркман адабиётидан айрим шеърий асарларни таржима қилишга эътибор кучайди. Жумладан, Эргаш Очилов буюк туркман шоирлари Махтумқули ва Мулланафасларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, муайян муваффақиятларга эришди. Ўз навбатида Мулланафас шеърларини таржима қилишда ёш шоиралардан Ойгул Суюндиқова ва Гўзал Бегимлар ҳам ўз маҳоратларини синаб кўрдилар.

Туркман адабиётида ўз ижоди билан Махтумқулидан кейин иккинчи турадиган таниқли лирик шоир Мулланафаснинг 200 йиллик таваллудига бағишлаб, унинг 98 та шеъри ўзбек тилига ўгирилди. Бу шеърларнинг 50 тасини Гўзал Бегим, 40 тасини Ойгул Суюндиқова, 8 тасини Эргаш Очилов ўзбек тилига таржима қилиб, китоб тарзида 2010 йилда чоп этилди2.

Китобда ўқувчига завқ-шавқ бағишлайдиган, аслиятнинг тароватини ўз ҳолича қайта жилолантира олган шеърлар анчани ташкил этади. Бунга “Кетдим” (Гўзал Бегим таржимаси) “Гадосидур” (О.Суюндиқова таржимаси), “Уйғонмадинг” (Гўзал Бегим таржимаси), “Уйғотмадинг нозла ёр” “Гўзал Бегим таржимаси), “Ёй энди” (О.Суюндиқова таржимаси), “Ҳеч кўрмадим элларда” (Гўзал Бегим таржимаси), “Ул илон” (Гўзал Бегим таржимаси), “Нозли ёр0” (О.Суюндиқова таржимаси), “Ўртанур” (Гўзал Бегим таржимаси), “Бу кун” (О.Суюндиқова таржимаси) каби шеърларни мисол қилиб кўрсатса бўлади.

Ўз навбатида китобдаги барча шеърларни ҳам ушбу номи келтирилган шеърлар даражасида таржима этилган, деб бўлмайди.
“Маълумки, таржима энг аввало санъат асари бўлмоғи керак. Бунинг учун у санъаткор қўли билан бунёд этилмоғи, бундай асарда санъатга хос жозиба ва бадиият намоён бўлмоғи лозим. Борди-ю таржима ўша хусусиятлардан маҳрум бўлар экан, у санъат асари сифатида талабга жавоб бера олмайди: асар тузсиз ва туссиз жумлалар йиғиндисига айланади, бунинг устига ўқувчи наздида муаллиф ижодининг эътибори сусаяди”3.

Агарда Мулланафаснинг туркман шеъриятининг йирик намояндаси, буюк лирик шоир эканлигини эътиборга олсак, бундай истеъдодли шоир шеърларини таржима қилишга ҳамма ҳам журъат қилавермайди.

Мулланафас шеърларини таржима қилишга Эргаш Очиловдан кейин журъат қилган шоирлар Гўзал Бегим ва Ойгул Суюндиқовалардир.
Бу шоиралар ўзига хос поэтик оҳангга эга бўлган таъсирчан ва гўзал шеърлари билан элга танилган ижодкорлардир. Аммо шоирлик ўз йўлига, таржимонлик ўз йўлига бўлган алоҳида соҳалардир. Агарда таржимон аслиятга алоқадор тилнинг қонуниятларини, ўша тилда сўзлашувчи халқнинг тарихи, урф-одатларини билмаса, луғат устида ишламаса, ўша тил мутахассислари билан маслаҳатлашиб иш тутмаса шоирлик истеъдоди билан таржимонликни уддалаб бўлмайди. Таваккал билан ишга киришиш эса муваффақиятсизликка олиб келади.

Бу ҳолатни Мулланафас шеърлари таржимасида яққол кўриш мумкин.

Китобнинг 67-саҳифасида “Co`ratmas” шеъри берилган. (О.Суюндиқова таржимаси). Аввало шеърнинг номи “Сўратмас” эмас. Негаки, туркманча аслиятда у “Seretmez” деб номланган. Бу сўз ўзбекчада “Назар қилмас”, “Кўз ташламас”, “Қарамас”, “Боқмас” каби маъноларни англатади. Шу сабабли мисралардаги асосий фикр оқими радиф тарзидаги ушбу сўз маъносига келиб боғланади. Агарда “Сўратмас” шаклидаги радифни танласангиз мисралар унга боғланмайди. Биринчи бандни олиб қарайлик:

Seni ishqingda kuyib, gavhari kondan so‘ratmas,
Jonona vasling istab, ul shirin jondan so‘ratmas.
Jannatda jovidonlar bulki makondan so‘ratmas,
Senga tushgan ko‘zlarim qiz-juvondan so‘ratmas,
Sen yaxshining yaxshisi, men yomondan so‘ratmas. (67-бет.)

Бу мисралар аслиятда қуйидигича:

Seniň yşkyňda köýen göwher-käne seretmez,
Janana wasyl bolgan şirin jana seretmez.
Jennetde jawydanlar bul mekana seretmez,
Saňa düşgen gözlerim gyz-juwana seretmez
Sen ýagşynyň ýagşysy, men ýamana seretmez4.

Мулланафаснинг айтмоқчи бўлган фикрини сўзма-сўз таржима қилса бу банддаги маъно қуйидагича чиқади:

Сенга ошиқ бўлган киши гавҳар-конга боқмайди,
Жонон васлига етишган киши ширин жонига ҳам парво қилмайди,
Жаннатда абадий яшайдиганлар, биз яшаётган бу маконга боқмайди, Сени кўрган кўзларим бошқа қиз-жувонга боқмайди,
Сен яхшининг яхшисисан, мен ёмонга боқмайсан.

Ўзбек тилига ўгирилган мисраларда ушбу маъно мутлақо акс этмаган. Фикр оқими мужмал, маъно мавҳум. Ҳатто биринчи мисрада қаратқич келишиги ўрнига тушум келишиги қўлланилиб, грамматик хатога ҳам йўл қўйилган. Жўналик келишиги ўрнига чиқиш келишиги қўлланган.

Учинчи банд таржимасида эса таржимон ўз “маҳоратини” яна бир поғона оширган:

Syýa zülpüň “Welleýli”, jemalyň “Wazzuhadyr”,
Perileriň soltany, husn içre patyşadyr,
Men sen ýaryň yşkynda ölmekligim rowadyr,
Mähriňe dawagär men, iki gözüm güwädir,
Nazar salyp gözümden akan gana seretmez.

Таржимаси:
Suydim zulfing “Valloha”, jamoling “Vasiqa”dur,
Parilarning sultoni, qusnlar ichra podshodir,
Men sen yorning ishqida o`lmoqligim ravodir,
Mehringga da`vogarman, ikki ko`zim guvohdir,
Nazar solib ko`zimdan oqqan qondan so`ratmas.

Биринчи мисра: сиё зулфинг “Валлайли”, жамолинг “Ваззиҳодир”, тарзида берилиб, шоир маъшуқасининг сочини тун қоронғусига, жамолини чарақлаган кундузга ўхшатади. Таржимон эса “сиё зулфинг” бирикмасини “суйдим зулфинг”, “Валлайли”ни, “Валлоҳа”, “Ваззуҳо”ни “Васиқа” тарзида таржима этиб, қўпол маъновий хатога йўл қўйган.

Чунки, “Валлоҳа” деган сўз ўзбек тили изоҳли луғатида учрамайди. Агар уни “Валлоҳи” деб олсак, “Худо ҳақи” деган маънони, “Васиқа” эса “Ҳужжат” маъносини англатади. Аслиятда бундай сўзлар йўқ. Иккинчи мисрада ҳам таржимон аслиятда учрамайдиган маъноларни “кашф” этган. Мулланафас бу мисрада “Париларнинг султони ҳуш ичра подшодир”, деганда, ёрим ақлу ҳушимнинг подшосидир, демоқчи. Таржимон эса “ҳуш” сўзидан “қуш” сўзини ясаган.Охирги мисрада “Қонга” сўзи “Қондан” шаклида ўзгартирилиб, маъно мутлақо мавҳумлашиб қолган.
Шеър таржимаси жараёнида таваккалчасига ўзгартирилган сўзлар анчани ташкил этади. Иккинчи банднинг охирги мисраси аслиятда қуйидагича:

Rowzan kimin bu çeşmim özge ýana seretmez.
Таржимон уни ўзича қуйидагича янгилаган:
Ul rizvon bulki jismim o`zga yondan so`ratmas.

Шоир ушбу мисрада кўзим худди туйнук каби (туйнук фақат бир томонга боқади) фақат сен томонга боқади, ўзга ёнга боқмайди, демоқчи. Таржимон эса Равзан (туйнук) сўзини Ризвон (беҳишт) сўзига чашмни жисмга айлантириб, ҳеч ким тушунмайдиган бир мисрани “ижод” қилган.

Навбатдаги келтириладиган мисраларда ҳам шу ҳолат кузатилади:

Hyjyl çeker şekerler dahan içre diliňden,
Bag Eremde dal çykan arguwana seretmez.

Tarlaň kimin dalmynyp, akyl-huşum alyp sen.

Таржимон бу мисраларга ҳам зид маъноли сўзларни муқобил қилиб келтирган:

Ming xijolar chekarlar dahan ichra tilingdan,
Bog`i Eram dol etgan arg`uvondan so`ratmas.
Tarlon bilan talpinib, aqlu hushim olibsan.

Аслиятдаги маъно шундай:

Оғзинг ичра тилингнинг ширинлигидан шакар
ҳижолат чекади. Боғи Эрамдан чиққан
киши оддий қизил гулга қарамайди,
Тарлон каби талпиниб, ақлу ҳушим олибсан.

Таржимон биз мисолга тортган парчанинг биринчи мисрасидаги чоғиштириш учун танланган шакар сўзини тушириб қолдирган, иккинчи мисрадаги маъно ҳам мавҳумлигича қолган. Охирги мисрада тарлон каби бирикмаси тарлон билан шаклида олинганлиги учун маъно ўзгарган.

Охирги якунловчи мисрада жўналиш келишиги қўшимчаси чиқиш келишиги билан алмаштирилгани учун маъно ғализлашган:

Nafas husning zoridir, bekdan, xondan so`ratmas.
Nepas husnuň zarydyr, bege-hana seretmez.

Умуман олганда шеър мазмуни мутлақо очилмаган. Барча мисралар мавҳум ва мужмал сўзлар йиғиндисига айланиб қолган.
Ойгул Суюндиқова туркман тилини мутлақо тушунмайди. Шу сабабли деярлик барча шеърлар таржимасида қўпол хатоларга йўл қўйган.

“Ҳайрона қолур” шеъри бу фикримизни тасдиқлайди.

Аслиятда:

Bag içine ýar sallanyp girende,
Bilbiller saýramaz, haýrana galar.
Keşt edip, serçemen üzre ýőrende,
Ganatdan aýrylar, perwana galar. (75-бет.)

Таржимада:

Bog` ichinda yor sollanib kirganda,
Bulbullar sayrashib hayrona qolur.
Kech kirib, gul chaman uzra yurganda,
Jannatdan ayrodur, parvona qolur. (36-бет.)

Сўзма-сўз таржима қилинса банд қуйидагича маънога эга:

Боғ ичига ёр соллониб кирганда,
Булбуллар сайрамас, ҳайрона қолур.
Гашт этиб, сарчаман узра юрганда,
Қанотдан айрилур, парвона қолур.

Таржимон “гашт” сўзини “кеч”, “этиб” сўзини “кириб”, “қанот” сўзини “жаннат” тарзида ўзи билганча ўгириб ташлаган. Энг қизиғи шоир “Булбуллар сайрамас” деса, таржимон “Булбуллар сайрашиб” дея фикрни тескарига айлантириб юборган ва яна келишик қўшимчасини нотўғри ўзгартирган.

Таржимон ҳар бир шеърни ўгиришда ўзига хос “кашфиётлар” қилишга эришган.

Аслиятда:
Bag Epemde gül-gülüstan içinde,
Gudrat bilen bir şanada biten gyz. (83-бет.)

Таржимаси:

Bog`i Eram, gul-guliston ichinda,
Hayrat ila ul shaharda o`sgan qiz. (42-бет.)

Иккинчи мисрага эътибор берсангиз ажабланмай иложингиз йўқ. Таржимон “шоха”ни “шаҳар” га, “қудрат”ни “ҳайратга” айлантириб ташлаган.

Аслида шоир: “Боғи Эрамда қиз Оллоҳнинг қудрати билан гул шохасида битган (пайдо бўлган) демоқчи. Қизнинг Эрам Боғидаги шаҳарда ўсганини таъкидламоқчи эмас.

Навбатдаги “Дилбарим” шеърига ўтайлик.

Аслиятда:

Gara gözüñ gabagynyñ çetinden,
Pelek turup, kast eýlemiş dilberim,
Aly böküp düşüp gidip atyndan
Salam berip durmuş, saňa dilberim. (86-бет.)

Таржимаси:

Qora ko`zing qabog`ining chetidan,
Falak turib, kasb aylamish, dilbarim.
Ali boqib, tushib kelib otidin,
Senga salom berib turur, dilbarim. (45-бет.)

Таржимон яна ўша тамойил-“кашфиёт” яратиш йўлидан бориб, “қасд” сўзини “касб”, “бўкиб” сўзини “боқиб” шаклида таржима қилади. “Бўкиб” сўзи туркман тилида “сакраб” маъносига эга.

Шеър таржимасида қофия масаласи алоҳида эътиборни талаб қилади. Шоирамиз биринчи мисра охиридаги сўздан чиқиш келишигининг “дан”шаклини, учинчи мисрада “дин” шаклини қўллайди. Уларни бир хил шаклда берганда поэтик оҳангдорлик сақланган бўлар эди.

Шеърнинг кейинги бандлари таржимасида “кашфиётлар” тобора ошиб боради.

Аслиятда:

Üstündäki ala ýorgan atylyp,
Uýamazmy süýt aşgara gatilip?
Gahar bilen dertli döşüm itilip,
“Itil” diyip gahar kildyñ, dilberim.

Таржимада:

Ustundagi ola yo`rg`a otilib,
Uyg`onmasmu azoblaring tutilib?
G`azab bilan boqding hushim uchirib,
“Ketgil” debon qahr qilding, dilbarim.

Аслиятнинг биринчи мисрасида “йўрған” деган сўз бор. Бу сўз туркман тилида кўрпа маъносини билдиради. Таржимон бу сўзни йўрға-от деб тушунган. Натижада таржимада биринчи мисра мутлақо мужмал маънога эга бўлган:

Устундаги ола йўрға отилиб?

Шоир бу ерда ёри устига ёпилган ола кўрпа ҳақида сўзлаётир.Иккинчи мисрада сутнинг уюниши ҳақида сўз бораётир. Таржимон уюнишни уйғониш деб олгану қолган сўзларни тушунмасдан ўзича бир нарсаларни тўқиб ташлаган. Маъно эса очилмай қолган.
Шу ҳолатни “Раҳм этмасму ҳолима” шеъри таржимасида ҳам кўриш мумкин.

Аслиятда:

Hüsnuñ mätäjidir mahy-münewwer. (102-бет.)

Таржимаси:

Qusning mahtalidir mohi munavvar. (55-бет.)

Аслиятда:

Her zülpüñe müñ gul baha goýsalar.

Таржимаси:

Har zulfingga ming gul baho berarlar.

Биринчи мисрада ҳуснинг сўзи қуснингга, иккинчи мисрада қул сўзи гулга ўзгартирилиб, маънога путур етказилган.
“Сарбасар” шеъри таржимасида бу нуқсонлар янада кўпайган.

Аслиятда:
Bir gözel gözdüm, besi uşbu jahana serbeser,
Külli älem ülkesi ýok, ol janana serbeser. (132-бет.)

Таржимаси:
Bir go`zal ko`rdim avval usbu jahonga sarbasar,
Butun olam o`lkasi yo`q ul jahona sarbasar. (75-бет.)

“Сарбасар” сўзи ўзбек тилида бошдан–оёқ, бутунлай деган маъноларни англатади.

Аммо туркман тилида ушбу маънодан ташқари баробар, тенг деган маъноларга ҳам муқобил тарзда қўлланилади. Ушбу шеър мазмуни мазкур фикрни тасдиқлайди. Шу сабабли бу сўз радиф бўлиб келган барча мисралар ўша маънога мос бўлиши зарур. Аммо таржимон бу масалага унчалик эътибор қаратмаган.

Юқорида келтирилган биринчи мисрадаги аввал сўзи аслиятда йўқ. Таржимон бу сўзни ўзидан қўшган шу боисдан мисра радиф билан боғланмайди.

Иккинчи мисрада жонон сўзи жаҳон сўзига алмаштирилган ва маъно янада ғализлашган. Қолаверса, биринчи мисрадаги қофия жаҳонга, иккинчи мисрадагиси жаҳона тарзида такрорланган. Бунинг устига биттасида жўналиш келишигининг –га шакли, иккинчисида-а шакли ишлатилган. Натижада оҳангдорликка путур етган.

Радифга боғланмаган мисралар бошқа бандларда ҳам учрайди:

Аслиятда:

Düşdi ot jan birle jism-u ustuhana serbeser.

Таржимада:

Tushdi o`t jon birla jisming ustixonga sarbasar.

Бу мисра:
Тушди ўт жон бирла жисму устихона сарбасар,
Шаклида ўгирилиши керак эди. Чунки жисму устихона бирикмаси умумлаштирувчилик хусусиятига эга.

Бирор халқ шоири асарини таржима қилаётган шахс ўша халқ ёзма ва оғзаки адабиёти билан ҳам озми-кўпми таниш бўлиши, шеърда ишлатилган айрим асарлар номини билиши зарур.

Ушбу шеърда шундай мисра учрайди:

Аrzy ol Gambar diýip, bisar-u saman geçdiler.

Таржимон туркий халқлар фольклорида машҳур бўлган “Арзу-Қамбар” достони ҳақида эшитмаган бўлса керакки, мисрани ўзбекчалаштиришда хатога йўл қўйган. Бу сўзларнинг исмлар эканини англаб етмаган.

Arz etib qambar ko`yida rangi somon kechdilar.

Ушбу мисрани ўқиб бирор маъно англаш амри маҳол.
Бундай мисоллар таржимада тўлиб-тошиб ётибди. Уларнинг айримларидан битта мисрадан мисол келтирамиз:

Аслиятда:

Nerkes diýmek hatadyr ol wahşyýy-gazala. (134-бет.)

Таржимада:

Nargis deyish xatodur, g`azallarim havola. (77-бет.)

Аслиятдаги “gazal” –ғизол-оҳу маъносида берилиб, наргис кўзли оҳу-маъшуқа ҳақида сўз бораётир. Ғазал ҳавола қилиши масаласи бутунлай бошқа нарса.

Аслиятда:

Gullar azat eýladiler, tersaga amandyr bu gün. (139-бет.)
Bermez patyşalar bu gün gul-gyrnaga azary. (139-бет.)

Таржимада:

Gulni ozod ayladi, kim tersa, omondir bu kun.
Ravo ko`rmas xon-podsholar gulgа, gulnorga ozor. (78-бет.)

Сўзма –сўз таржимаси:

Қуллар озод айладилар тарсога (ғайридин) омондир бугун.
Бермас подшолар бугун қул-қирноққа озорни.

Таржимон икки мисрада ҳам “қул” сўзини “гул”га, “қирноқ” (чўри) сўзини гулнорга, “тарсо”ни “терса”га айлантириб “янгилик яратган”.

Аслиятда:

Içden –daşdan ýandim-la ataşy-nara, dilbar.
Tilla heykal dakýnyp ýap boýuna çykar sen
Jilwe bilen ot berip, beyle meni ýakar sen. (151-бет.)

Таржимаси:

Ichdan tashdan yondim-ey, otashu na`ra, dilbar,
Tilla tumorlar taqib, yor qoshiga chiqarsan,
Jilva bilan o`t solib, bo`ylab meni yoqarsan (159-бет.)

Биринчи мисолдаги мисрада нор-олов, ўт сўзи наъра сўзига, иккинчи мисолдаги ёп (анҳор) бўйига бирикмаси ёр қошига шаклига, учинчи мисрадаги бунча мени (beyle) маъносини англатувчи тушунча бойлаб сўзига ўзгартирилиб, мужмал жумлалар тузилган, фикр оқими мантиқан бузилган.

“Қораўғлон” шеъридан мисоллар келтирамиз.
Аслиятда:

Duşmany tyg bilen, gähi al bulen.
Şahydym çoh erer türkmen ilinden.
Serim pida bоlsun merdiń ýoluna.
Din yslam ýolunda bagyr dagladyp. (162-бет.)

Таржимада:

Dushmanni tig` bilan, gohi qo`l bilan
Ko`rsam chohlar turar tuzkman elinda.
Zarim fido bo`lsin mardning yo`liga.
Din islom yo`linda boqur dog`latib.

Биринчи қаторда ол сўзи қўл сўзига алмаштирилган. Ол сўзи ҳийла маъносини англатади.
Иккинчи қаторда бирор маънони англаб олиш қийин. Туркманча берилган мисранинг сўзма-сўз таржимаси қуйидагича бўлади:
Шоҳидим чўх (кўп) эрур туркман элидин.
Учинчи қаторда сaрим (бошим) сўзи зарим шаклига ўтган, маъно мужмал, охирги қаторда бағир сўзи боқур тарзида ўзгартирилган. Боқур доғлатиб бирикмасини тушуниб бўлмайди. Чунки нутқда бағир доғлатиш ибораси ишлатилади.
“Барқарор бўлсин” шеърида ҳам бундай ёт сўзлар тўлиб-тошиб ётибди. Ғўч ўғлон-қўш ўғил, содиқ сўз-сўқир-кўз; Бирубор-доим бор тарзида келишса-келишмаса таваккалига ўгирилаверган. Қуйидаги банд эса ҳаммасидан ошиб тушган:
Аслиятда:

Rozy-magşar sünnüleriń ýarydyr,
Garyplar gamhory, howandarydyr,
Senden dogan ogul äriń äridir,
Ondan dogan ogul meger är olsun. (167-бет.)

Таржимаси:

Ro`zi mahshar sunnatlarning yoridir,
G`ariblar hamrohi darmondoridir,
Sening o`g`ling dedim erlar oridir,
Undan tug`ilajak magar er bo`lsin. (96-)бет.

Эътибор қилсангиз суннийлар-суннатлар; ғамхори-ҳамроҳи; ховандори (ҳомийси) дармондори; эрлар эридир-эрлар оридир тарзида таржима қилиниб, мавҳум мисралар йиғиндиси ҳосил бўлган.
“Сардорга” шеърига разм солайлик:
Аслиятда:

Barçasy bir dogan, ärlerin äri.
Dowamat duş gelen duşmanyn kоwlap.
Gözüm sataşmady sen kimin merde.
Husny mylakatly, tawyl kamatly,
Nepes diýr syryńy rakypdan gizle. (174-бет.)

Таржимада:

Barchasi bir tog`li erlarning eri.
Devqomat qush kelgan dushmanni quvlab.
Ko`zimga ilmadim kimni bir mirga
Husni malohatli, temir qanotli.
Nafas aytur, siring raqibdan izla. (155-156-бетлар.)

Биринчи мисолдаги қаторда “dogan” –туғишган сўзи тоғли тарзида нотўғри талқин қилинган. Иккинчи мисолдаги туркманча “Dowamat” сўзи ўзбекчада доимо, ҳамиша каби маъноларни билдиради. Таржимон эса уни “девқомат”га айлантирган. Энг қизиғи дуч келган-учраган, йўлиққан каби маъноларга эга бўлган “duş” –дуч сўзи қуш деб ўгирилган.
Учинчи мисра сўзма-сўз ўгирилганда қуйидагича бўлади:

Ҳеч кўзим тушмади сен каби мардга.
Таржимон уни: Кўзимга илмадим кимни бир мирга тарзида мужмал ва нотўғри ўгирган.

Тўртинчи келтирилган мисрада тавил сўзи темир шаклига ўтган. Ҳолбуки бу сўз узун деган маънога эга.
Охирги мисрада гизла-яшир сўзи изла тарзида зид маъно ташувчи муқобилга айлантирилган.

“Ул чоқларда” шеъри таржимасида ҳам худди шу нуқсонлар такрорланган. Бу шеър туркманчада “Gelen çaglary” деб номланган. Таржимада ушбу маъно акс этмаган. Шу сабабли шеърни “Келган чоқлари” деб атаган маъқул. Негаки, бу бирикмага ўрин-пайт келишиги қўшимчаси қўшилса шеър мисраларидаги фикр оқими бир-бирига боғланмайди:

Бир мисрани олиб кўрайлик:
Аслиятда:

Serlerine hyýal gelen çaglary. (179-бет.)

Таржимаси:

Sorlariga xayol ketar chog`larda. (107-бет.)

Қаранг муаллиф “Келган чоқлари” деса таржимон “Кетар чоқлари” деб маънони чалғитаётир. Қолаверса ўзбек тилида сорларига деган сўз йўқ. Агарда бу сўзнинг ўзагини сор деб олсак, унда чуғурчиқ деган маънони билдиради. Бу сўз сар-бош маъносини англатади, шу сабабли мисрани “Бошига ўй-хаёл келган чоқлари” деб таржима қилса тўғри бўлади.

Яна бир бандни олиб кўрайлик:
Аслиятда:

Engam geler patyşadan, her handan,
Her ülkeden, her şäherden, her ýandan,
Guragly tüpleri aýyr meýdandan,
Bir ýasawda nabut eder tuglary.

Таржимада:
Yenggan kelar har podishoh, har xondan,
Har o`lkadan, har shahardan, har yondan.
Go`ro`g`li tulpori ayg`ir maydonda,
Bir silkishda mag`lub etar tig`larda.

Биринчи мисрадаги “Engam” сўзи “Енгган” шаклида ўгирилган. Бу сўз туркман тилида “инъом, сарпой, совға” маъноларида қўлланилган. Учинчи мисрадаги фикр ҳам хато ўгирилган, унинг сўзма-сўз таржимаси:

Йиғилган қўшинни йўқот майдондан.

Бу мисрани таржимон умуман тушунмаган. Шу сабабли “Гўрўғли тулпори айғир майдонда” дея таржима этган. Ҳолбуки аслиятда Гўрўғли, тулпор, айғир деган сўзлар йўқ. Таржимон “guragly” сўзини Гўрўғли, tüpleri сўзини тулпори, aýyr сўзини айғир тарзида “қайта кашф этган”.

Охирги мисра таржимаси ҳам шунга монанд:

Бир ҳужумда нобуд этар туғларни, дейиш ўрнига туғ-байроқ сўзини “тиғ” қилиб ўзгартирган ва маънони чалкаштирган.
Таржимоннинг “Boyla” шеърининг таржимаси хусусида алоҳида тўхталишга тўғри келади. Аввало, шеър сарлавҳаси “Бойла-боғла” эмас. Чунки туркман тилидаги “Beýle” сўзи ўзбек тилида “бундай”, “шундай”, “шу тахлитда” каби маъноларни англатади. Э.Очилов ҳам бу шеърни “Шундай” деган ном остида таржима қилган. Матнга разм солайлик:

Sebgi-semewatda, arşyň erkinde,
Dolanmyş atlaryň dessana beýle.
Parsda, arapda, ajam türkünde,
Gelmez özi kimin jahana beýle. (182-бет.)

Таржимада:

Sebgi-samovotda, arshning erkinda,
Qo`llamish otlaring dostonga boyla.
Forsda, arab, ajam ila turkindan
Kelmish o`zi kiming jahonga boyla. (110-бет.)

Sebgi сўзи туркман тилида етти қат осмон маъносини билдиради. Таржимон уни севги тарзида таржима қилиб қўя қолган.
Иккинчи мисрадаги dolanmyş сўзи ўзбекчада ёзилмиш, битилмиш, чекилмиш сўзлари маъносига мос келади. Таржимон уни осонгина қўлламиш шаклига айлантирган. Тўрт мисрадан ҳам бирор маъно англаш қийин. Иккинчи мисра сўзма-сўз таржимада қуйидагича:

Ёзилмиш номларинг достона шундай.
Таржимон ўгирган шаклни эса англаш қийин:
Қўлламиш отларинг достонга бойла.
Охирги мисра ҳам мавҳум:
Келмиш ўзи киминг жаҳонга бойла.

Навбатдаги банд таржимаси ҳам мужмал:
Аслиятда:

Yslamyň kuwwaty illere başdyr,
Eger baş bolmasa, göwreler läşdir,
Barça umaradan germejiň daşdyr,
Saglygyňda hoşdur zamana beýle.

Таржимаси:
Islomning quvvati ellarga boshdir,
Agar bosh bo`lmasa, qovrilar loshdir,
Barcha umarodan ko`rmaging toshdir,
Sog`lig`ingda bu xos zamonga boyla.

Иккинчи мисрадаги туркманча “Göwre” сўзи ўзбекча гавда маъносини беради. Аслида бу ерда “Бош бўлмаса гавда лош” деган мақол ишлатилаётир. Таржимон бу сўзни “qovrilar” тарзида нотўғри ўгирган. Учинчи мисрадаги “germej” сўзи макон, жой маъносини, англатади, “daş” эса ташқари, чет маъноларига эга. Таржимон бу сўзларни ҳам ўзи билганча ўгираверган. Тўртинчи мисрада шоир: агар соғ бўлсанг замона сенга хуш ёқади, демоқчи. Аммо таржимада бу маъно йўқ. Мужмал сўзлар йиғиндисидан иборат. Ундаги маънони англаб ҳам бўлмайди.
Қуйидаги мисралар таржимаси ҳам талабга жавоб бермайди:
Аслиятда:

Garaoglan at aldy otuz bäşinde,
Barça begler haýran olar daşynda,

Таржимаси:

Qora o`g`lon ot soldi o`ttiz boshinda,
Barcha beklar hayron qolar tashinda

Шоир ўз элининг сардори бўлмиш йигитнинг ўттиз беш ёшда Қораўғлон деган номга эга бўлганини айтаётир.
Таржимон ном сўзини минадиган отга, бешни бошга айлантирган. Мисрадаги бирорта маънони англаш қийин.

Аслиятда:
Nepes diýer, sözüm aňlana sapdyr,
Aňlamaz adama bir gury lapdyr,

Таржимаси:

Nafas aytur, so`zim anglasa sobdir,
Anglamas odamga ul quruq lofdir.

Нафас шоир кимки менинг сўзимни англаса, айтаётганим ёлғон эмас, ростдир, сўзим софдир демоқчи.
Таржимон соф сўзини соб тарзида таржима қилиб, мисрадаги маънони мавҳумлаштирган. Чунки соб-тамом бўлмоқ деган маънони англатади.

Хуллас, камчиликларни айтиб адо қилиб бўлмайди. Шу сабабли таҳлилимизни ниҳоясида қолган шеърлардаги энг кўп нуқсонга йўл қўйилган жойларни қайд қилиб ўтамиз.

“Султонидир” шеъри 6-банди, охирги мисрасида уй-ой, аъло-йиғла, такани-дегани тарзида нотўғри ўгирилган.
“Хўжамсан” шеъри, иккинчи банди охирги мисрасида ёлғончи-ўланчи, 4-банди охирги мисрасида сарф-сабр, нонни-номли тарзида таржима этилган.

“Ул мардона-мастондир” шеъри, 4-банди учинчи мисрасида маъво-мева, охирги банднинг 4-мисрасида ҳамхона-ғамхона шаклида ўзбекчалаштирилган.

“Давронинг келди” шеъри, иккинчи банди учинчи қаторда тўни зарбоф –донни сермаб, учинчи банди тўртинчи қаторда боронинг (ёмғир) келди-бағрингда келди шаклида янглиш ўгирилган.

Умуман олганда, Мулланафас шеърлари Ойгул Суюндиқова таржимасида ўзининг поэтик руҳига эга бўла олмаган. Мавҳум ва мужмал мисралар йиғиндисига айланган, вазн ва қофияга эътибор берилмаган. Шоир фикрларини бузиб, баъзан зид талқин қилган.

Мулланафас шеърларининг салмоқли қисмини Гўзал Бегим таржима қилган. Таржимон ушбу жараёнда бор маҳоратини ишга солган. Хоразмда, туркманларга яқин ҳудудларда туғилиб ўсганлиги сабабли шеърлардаги лексик маъноларни Ойгул Суюндиқовага қараганда анча чуқур фаҳмлаган. Аммо кўплаб хатоларга ҳам йўл қўйган.

Мулланафаснинг “Aňsa” шеърини “Туйса” тарзида тўғри таржима қилган. Бу шеърни Э. Очилов “Овози келса” шаклида ғализ таржима қилган.

Ўз навбатида Гўзал Бегим ҳам сўз маъноларини тескари тушинишда Э. Очиловдан қолишмайди. Аслиятда қуйида мисралар бор:

Otag-orun bolsa bilbili-zara,
Otaga ot salar gül sesin aňsa. (33-бет.)

Таржимаси:

O`tlog uya bo`lmas bulbuli zorga,
Ovtloqqa o`t solar, gul sasin tuysa. (7-бет.)

Аслиятдаги ўтов сўзини таржимон ўтлоқ деб ўйлаган. Ўзбекчада “Ўт солар” бирикмаси ўрнига “ўт қўяр” шаклини олиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Иккинчи мисрадаги ovtloq сўзини тушуниб бўлмайди.
“Gülge rowan” шеъри таржимасида бундай “ёт” сўзлар янада кўп учрайди:
Аслиятда:

Özün kyldy bizden pynhan. (59-бет.)

Таржимада:

O`zi kuldi bizdan pinhon. (23-бет.)

Мисрада “қилди” –“кулди”га айланган.

Аслиятда:

Böküp çykdy toty-reýhan.

Таржимада:

Boqib chőkdi toti rayhon.

Туркман тилидаги böküp сўзи “сакраб” маъносини англатади. Мисра:
Сакраб чиқди тўти-райҳон, тарзида таржима қилиниши керак эди. Ҳатто тўти сўзини ҳам таржимон “toti” тарзида берган. Мисрада нима айтилаётгани номаълум бўлиб қолган.

Аслиятда:

Gatyşmyşdyr gyzlar bilen.

Таржимада:

Chatishmishdir ko`zlar bilan

Бу мисра:

Қўшилишиб қизлар билан, шаклида таржима қилинса тўғри бўлади. Шеърнинг саккизинчи бандида ҳам “қиз” “кўз” тарзида ўгирилган.

Аслиятда:
Permanga gyzlar ýetişdi

Таржимаси:

Fazmonda ko`zlar yetishdi.

Бундан ташқари келишик қўшимчаси нотўғри ўзгартирилган.
Аслиятда:

Gőzüm ýaşy galyp ýasda.

Таржимада:

Ko`zing yoshi qolur yoshda.

Мисра: Кўзим ёши қолиб ёсда, тарзида ўгирилса тўғри бўлади. Ёс –мотам маъносини англатади.

Мулланафаснинг ўзбек халқи орасида машҳур бўлган “Hary bilen” шеъри бор. Бу шеърни Комилжон Отаниёзов ўтган асрнинг ўрталарида таржима қилиб репертуарига киритган эди. Шундан бери кўплаб хонандалар бу қўшиқни ижро қилиб келмоқдалар. Гўзал Бегим “Har” сўзини “хор” билан адаштириб, шеърни “Tikani bilan” тарзида нотўғри таржима қилган.

Ҳолбуки “Har” сўзи “чучук тил”, “ширин сўз” деган маъноларга эга. “Бу жоним менинг” шеърида ҳам кўпгина сўзлар нотўғри таржима қилинган.
Аслиятда:

Suratda syhhatlyk, serge otaga.

Таржимада:
Suvrati sumanbar, yashil o`tloqqa. (80-бет.)

Аслиятда:

Derýa syýa bolsa, şejerler qalam.
Boýnumga webalym, ýagşy-ýamanym. (146-бет.)

Таржимаси:

Daryo siyoh bolsa, sachraydi qalam.
Bosh ustda vafolim, yaxshim, yomonim.

Биринчи мисолда аслиятни сўзма-сўз ағдарса қуйидагича бўлади:

Танага сиҳатлик, бошга ўтоға (бошпана, ўтов) Таржимон мисрадаги сўзларни англамасдан ўгирган. Бу мисрада суврат, суманбар сўзлари ва яшил ўтлоқ бирикмаси йўқ. Иккинчи мисрадаги şejerler сўзи дарахт маъносини беради. Шоир дарахтлардан қалам, дарёдан сиёҳ бўлса ,деб орзу қилаётир. Унинг қаламни сачратиш нияти йўқ.

Учинчи мисолдаги webal сўзи гуноҳ маъносига эга. Шоир яхши-ёмоним, гуноҳим бўйнимда, демоқчи. Таржимоннинг бош устда вафолим деган сўзлари мисрага алоқадор эмас, уларни англаб ҳам бўлмайди.
“Гўзал” шеъри таржимасида ҳам таваккалчилик билан иш кўрилган.
Аслиятда:

Boz maralyň owlagy, gaşlary keman, Gözel.
Bahаr möwsümi gelse, dag başynda gaý, Gözel. (155-бет.)

Таржимада:

Jayronni ovlaguvchi, qoshlari kamon, Go`zal.
Bahor charaqlaganda bog` boshida qoy, Go`zal. (86-бет.)

Биринчи мисрадаги owlag сўзи таржимада ovlaguvchi тарзида берилган. Бу сўз аслида ўзбек тилидаги улоқ сўзига тўғри келади.
Бу мисрада шоир ўз ёрини оҳунинг боласи каби чиройли, дуркун, шаддод маъноларида таърифламоқчи бўлган. Шунга кўра бу сўзни “Бўз оҳунинг боласи” шаклида таржима қилиш мақсадга мувофиқдир.

Иккинчи мисрада адашиш янада кучайган. Таржимон шоирнинг тоғ бошида деган бирикмасини боғ бошида қилиб ўзгартирган ва қай сўзига тўзон, довул дея изоҳ берган. Ҳолбуки, бу сўз учмоқ маъносига эга. Шоир баҳор келганда тоғ бошида чарх уриб уч, демоқчи. Шеърнинг охирги бандини бутунлай бузган. Биринчи, иккинчи мисраларда қофия йўқ. Қолган мисралардаги қофиялар зўрама зўраки: Хушлама-тошма; туташма-ошма каби. Аслиятда эса: олма-солма-қолма-чалма каби равон қофиялар жойлашган. Охирги иккинчи мисрани келтирамиз:
Аслиятда:

Eşretli zaman geldi, ýas heňin çalma Gözel,
Men Nepesi ýyglatyp, armana goýma Gözel.

Таржимада:

Dilhuzur zamon kelar, kuy bilan toshma, Go`zal,
Nafasning yoshin to`kib, armonga qo`shma, Go`zal.

Биринчи мисрадаги ýas heňin бирикмаси ўзбекчада мотам куйи бирикмасига маънодошдир. Шоир айш-ишрат сурадиган давримиз келганда шодликни мотамга айлантирма, демоқчи. Таржимадаги мисрадан маъно англашни ўзингизга ҳавола қиламиз. Иккинчи мисра ҳам маъно жиҳатдан мукаммал эмас. Шоир армонга қўйма, деса таржимон армонга қўшма тарзида ғализ бирикмани ўқувчига тақдим этади.
“Беклар” шеърида ушбу ҳолат янада кўп кўзга ташланади.
Аслиятда:

Tarlaň daş olmaz baglardan. (157-бет.)

Bu pany dünýä ýalandyr,
Ýalança çohlar gelendyr,
At-owazasy dolandyr,
Ýedi yklym-jahana, begler.

Niçe waqt, nice eýýam,
Jumla-jahan boldy aram.
Tebdil tapdy gadym nyzam
Öwrüldi zamana, begler.

Ner kim gezer bu röwüşde,
Kuwwat tapar barça işde.
Tyg ursa, daglar ýuz para,
Galmagaý nyşana, begler.

Söweş gün geçip serinden.

Таржимада:

Tarlon tosh olmas tog`lardan. (88-бет.)

Bu foniy dunyo yolg`ondir,
Yolg`onchini kim bilgandir,
Ovozasi ko`p bo`lgandir,
Yetti taraf-janona beklar.

Qancha vaqt kechdi davron,
Jahonga yetdi darmon,
Tadbildir qadim nizom,
Evrildi zamona beklar.

Yar kim kezar, bu yo`shinda,
Quvvat olar barcha ishda,
Tig` ursa, bog`lar yuz pora.

Kelmagay nishona beklar.
Sinovlar o`tkarib boshindan.

Келтирилган намуналарнинг биринчисида daş сўзи туркман тилида ташқари, чет, узоқ деган маъноларни билдиради. Таржимон уни тош сўзига айлантирган. Тарлон тоғлардан узоққа кетмайди, демоқчи шоир.

Иккинчи намунадаги банднинг биринчи мисраси тўғри ўгирилган. Аммо иккинчи мисрадаги маъно мужмал. Шоир бу дунёга кўп инсонлар келиб-кетган, демоқчи. Учинчи мисрадаги маъно ҳам ғализ. Dolandyr-тўлгандир сўзи бўлгандир сўзи билан маънодош эмас. Шунингдек, таржимадаги етти тараф-етти иқлим маъносини бера олмайди.

Учинчи намунадаги бандда таржимон янги қофиялар тузишга уринган, аммо эплай олмаган, улар аслиятдаги каби оҳангдор эмас. Қолаверса иккинчи мисрада вазн камлигидан ташқари, маъно ғализ. Учинчи мисрадаги tаdbil сўзи ўзбек тилида йўқ, табдил бўлса бошқа гап.

Тўртинчи намунада келтирилган банд таҳлилига ўтсак, биринчи мисра аслиятдаги маънога мутлақо мос келмайди. Аслиятда ҳар ким кезар шу равишда, дейилган. Таржимадаги Yar kim деган сўзга тушуниб бўлмайди. Учинчи мисрада тоғлар сўзи боғларга айланган.Энди мисрадаги маънога бир эътибор қилинг. Тоғларга тиғ урса пора-пора бўлиши мумкин.Аммо боғларга тиғ уришни тасаввур қилиб бўлмайди. Банднинг охирги мисрасида ҳам қолмагай сўзи келмагай шаклида нотўғри ўгирилган.

Охирги келтирилган бир мисралик мисолдаги маъно ҳам бузиб талқин этилган. Урушда бошидан кечмоқ мисрасини синовлар ўткариб бошиндан тарзида ўгириб, маъно ҳосил қилиб бўлмайди.

“Достон ичинда” шеърини батафсил таҳлил қилишга тўғри келади. Таржимоннинг матнга ёндашиш тамойили ўзгарувчан. Шахс, сон билан алоқадор маънолар уни қизиқтирмайди. Уларни истаганча алмаштириб юбораверади, шоир фикри уни қизиқтирмайди. Биринчи банддаги икки мисрага эътибор қатарайлик.
Аслиятда:

Şikär еýläp dagy- düzün,
Hak mübarek kylmyş özün,
Bellidir merdan içinde. (204-бет.)

Таржимаси:

Shikor etsam tog`u toshda,
Haq muborak bo`lmish boshdan,
Ayondir maydon ichinda. (125-бет.)

Биринчи мисрани шоир учинчи шахсга нисбатан айтаётир. Таржимон бу мисрани шоир шахсига ўтказган ва биринчи шахсга боғлаган. Қофиялар мажбуран мослаштирилган. Бундан ташқари, иккинчи мисранинг таржимасида мазмун мавҳум.
Аслиятда бу мисра ҳам учинчи шахсга тегишли. Энди учинчи мисрага эътибор қаратинг.
Таржимон мардон сўзига тушунмайди. Шу сабабли уни майдон тарзида ўзгартириб қўяқолган.
Учинчи бандни кўриб чиқайлик:
Аслиятда:

Awun algan algyr bazdyr,
Söhbetinde günde sazdyr,
Gamgyn könül serefrazdyr,
Bir açylgan lälezardyr,
Ilatlar seýran içinde.

Таржимаси:

Ovin olmish olg`ir lochin,
Suhbat uchun kunda qoyim,
G`amga to`lgan ko`ngli doim,
Lolazordir gir bu ochun,
Elatlar sayr ichinda.

Таржимада маъно чигаллашган. Шоир Авазмуродхонни васф этаётир. Банд мазмуни шундай: Авазмуродхон ҳамиша овини олган олғир боз (лочин дейиш шарт эмас), ҳузурида ҳамиша созу суҳбат, суҳбатда ғамгин кўнгил шод бўлади, маскани очилган лолазор, эл-элат унда сайр қилади.

Шоирамиз мисраларни қайта тузиб, чиққан, қофияларни бузган, охирги мисрадаги доимий такрорланувчи қофиянинг бир бўғинини тушириб қолдирган. Агарда бандни ўз ҳолича ўзбек тилида такрорлаганда қуйидаги мисралар ҳосил бўлади:

Овин олган олғир боздур,
Мажлисида суҳбат-создур,
Ғамгин кўнгил сарафроздур,
Очилган бир лолазордур,
Эл-улус сайрон ичинда.

Таржимоннинг гап тузишига тушуниб бўлмайди:

Dushmanga tortdirib nola,
Judolar qon ichinda.

Биринчи мисра тўғри ўгирилган, иккинчи мисрадан ҳеч нима англаб бўлмайди.
Аслиятда бу мисралар тубандагича:

Duşmana çekdirip nala,
Ser jydalar gan içinde.

Бу мисрада шоир:
Бошин кесар қон ичинда, демоқчи.
Қуйидаги мисралар ҳам таржимада ўз маъносини топмаган: Аслиятда:

Şalar buty-tagty-täji,
Titredip lerzan içinde.

Таржимаси:

Bus-butun ul taxti-toji,
Titraydi larzon ichinda.

Биринчи мисрада бус-бутун деган сўз йўқ. Шоир ғайри динлар-бут парастлар ҳақида сўз юритаётир. Авазмуродхон бутпарастларнинг бутию тахти-тожини титратиб, ларзон ичига солди, демоқчи.
Тубандаги мисралар таржимаси янада антиқа характер касб этади:
Аслиятда:

Bent eýleýip şahy-mara,
Bir bozuk weýran içinde.

Таржимаси:

Band etgancha shohni mora,
Bir yengil jayron ichinda.

Бузуқ, вайрон сўзлари ўзбек тилида ҳам бор. Аммо негадир таржимон уларни енгил, жайрон тарзида ўзбекчалаштиради. Биринчи мисрада ҳам ғализлик мавжуд. Шоҳимор изофа. Илонлар шоҳи маъносига эга. Таржимон изофани шоҳни морга шаклида нотўғри ағдарган. Шоҳни мор-илонга қандай қилиб банд этиш мумкин. Шоир: бир бузуқ вайрона ичидаги илонлар шоҳини Авазмуродхон банд айлади, демоқчи.
Охирги икки мисрага эътибор қилинг:

Hümmetiň ýetişer çendan,
Bendäge zyndan içinde.

Таржимаси:

Qimmating yetishsin chandon,
Bandangga zindon ichinda.

Мулланафас Авазмуродхоннинг қиммати ҳақида эмас, балки ҳиммати ҳақида сўзлаётир. Гап банда эмас банди-тутқун хусусида бормоқда. Сен ҳатто зиндон ичидаги тутқун-бандига ҳам саховат кўрсатадиган шафқатли инсонсан деяётир.
“Туш бўлар” шеъри таҳлилига ўтамиз. Аввало бу шеър “Туш бўлар” эмас, балки “Дуч бўлар” деб номланиши зарур.
“Дуч бўлмоқ”, “Учрашмоқ” маъносидаги бирикманинг биринчи компоненти “Туш” маъносига ўтгандан кейин шеърдаги фикр оқимининг тескари томонга (тўғрироғи мавҳум томонга) йўналишини бемалол тасаввур қилса бўлади.
Аслиятда:

Adamzat bir guwwas, dünýä bir derýa,
Dünýä geler bu derýaga duş bolar. (232-бет.)

Таржимаси:

Odamzod g`avvosdir, dunyo bir daryo,
Kelganing daryoga ajib tush bo`lar. (139-бет.)

Таржимадаги иккинчи мисрадан бирорта маънони англаб олиш қийин. Шеър муаллифининг фикри мутлақо ўз ифодасига эга бўлмаган.Шоир: дунё бир дарё, ким бу дунёга келса шу дарёга дуч бўлади, демоқчи.
Аслиятда:

Saýýat yzyň yzlar, gapyl sen öýde,
Ahyret ýaragyň kylmadyň peyda.

Таржимаси:
Sayyod izing poylar, o`t pana joyga,
Oxirat yarog`in g`amlarsan qayga.
Аслиятнинг биринчи мисрасида o`t pana joyga, деган даъват йўқ. Иккинчи мисра ҳам аслиятдаги маънога тўғри келмайди.
Шоир: сен ғофил бандасан, ажал доимо изингда, агар маҳшар кунига тайёргарлик кўриб бормасанг фожеага йўлиқасан, кўзинг ёш бўлади, деган ғояни илгари суради.
Аслиятда:
Dünýäniň hyrsyndan öte bilmez sen,
Maksatly jaýyňa menzil daş bolar.

Таржимаси:

Dunyodan xo`rsinib keta bilmassan,
Maqsudli joyingda manzil tosh bo`lar.

Аслиятда дунё ҳирсидан-ҳавасидан кеча билмассан, шу боис кўзлаган жойинг,манзилинг узоқ бўлади, деган маъно бор.
Ҳирс сўзи хўрсиниб, дош-узоқ сўзи тош тарзида нотўғри ўгирилган.
Аслиятда:

Dünýäni dost tutmak külli zyýandyr,
Aşnadan daş salar, mekri aýandyr.

Таржимаси:

Dunyoni do`st tutmak zahmat, ziyondir
Og`aynim deganning makri ayondir.

Биринчи мисра тўғри ўгирилган. Иккинчи мисра тескари маънога эга бўлган. Шоир мол-дунёга ҳирс бўлиш ошна-дўстдан айиради, демоқчи. Мисрада оғайнининг макри ҳақида сўз йўқ.
Аслиятда:

Muhannesler gider nebsiň raýyna,
Çyn adam nebs bilen der talaş bolar.

Таржимаси:

Moldorlar yiqilar nafsin poyiga,
Odam nafsi bilan der talosh bo`lar.

Аввало муханнас-молдор эмас. Бу сўз ўзбек тилида хунаса шаклида учрайди. Мисрада хунасалар-нафс бандаси, деган маъно бор. Иккинчи мисрадаги der talosh сўзини таржимон тушунмаган ва ўз ҳолича қолдирган. Аммо бу бирикмани ўзбек китобхони англай олмайди. Бу мисрада чин инсон баднафсликдан ҳазар қилади, деган маъно мавжуд. Der talaş сўзи маъноси қарама-қарши, ёв деган сўзларга тўғри келади.

Аслиятда:

Mömin azaryna mömin aglaýyr,
Biimanyň ol gün wagty hoş bolar.

Таржимада:

Mo`minga g`am kelsa, mo`min yig`laydi,
Iymonlining u kun vaqti xush bo`lar.

Биринчи мисра таржимасига эътироз йўқ. Аммо иккинчи мисрада аслиятдаги беиймон сўзи иймонли деб тескари таржима этилган. Мўмин ғамига мўмин йиғласаю иймонлининг вақти хуш бўлса…
Аслиятда:

Duşmanyň müň bolar, dostuň bäş bolar.
Nepes diýr, biwepa jahan ragnasy.

Таржимада:

Dushmaning ming bo`lar, do`sting bosh bolar,
Nafas der, bevafo jahon raxnasi.

Bäş сўзи беш маъносига эга, таржимон уни бош сўзига алмаштирган. Иккинчи мисрадаги ragna сўзи раъно сўзининг туркманча шаклидир. Таржимадаги raxna мутлақо бу жойга мос тушмайди.
“Қайсидир” шеърига ҳам тўхтаб ўтишни лозим кўрдик.
Бу шеър Мулланафаснинг сарахслик шоир билан айтишувидир. Аммо таржимон сарахс (жой номи) сўзини шараф деб ўйлаган ва шарафли шоир дея таржима қилган.
Ғализ ўгирилган мисраларни келтирамиз:
Аслиятда:

Niçelerni azdyryp, öz ýanyna algan nedir?
Gerdenine ýüklenen aglaýu-harwar kaýsydyr? (252-бет.)

Таржимаси:

Kim-kimlarni yo`ldan urib o`z yoniga olgan nadir?
Gardaningga yuklangan ko`zda yoshy yuk qaysidir? (149-бет.)

Мисраларда гап шайтони лаъин ҳақида кетаётир. Биринчи мисрадаги нечаларни сўзига ким-кимларни бирикмаси муқобил бўла олмайди. Сўз бир киши ҳақида кетаётир. Шунингдек шахс ҳақида гап кетганда ўзбек тилида ким? саволи берилади. Туркман тилида нима? саволининг берилиши ўз ҳалқи учун одатдаги ҳол бўлиши табиий. Иккинчи мисрадаги гарданига сўзи аслиятда учинчи шахсга нисбатан айтилаётир. Таржимада иккинчи шахс тилга олинган. Шу мисрадаги аълойи хорвар бирикмасини таржимон англай олмай кўз ёши шаклида ўгирган. Бу бирикма туркман тилида бир эшак юкидан оғир маъносини англатади.
Қуйидаги мисра ҳам таваккалчасига ўгирилган.
Аслиятда:

Ýazgaly ýerni tutan ganatlary leňňerlidir.

Таржимаси:

Ovozi yerni tutgan qanotlari turnalidir.

Аслиятда ovoz, turna сўзлари йўқ. Шоир: Ёзса гар ерни қоплаган қанотлари лангарлидир, деб шоҳпар қушларнинг афсонавий шоҳи ҳақида сўзлаётир.

Мулланафаснинг “Назар солса тишларинга” номли машҳур шеъри бор. Бу шеърни ўткан асрнинг 50-йилларида буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзов таржима қилиб, узоқ йиллар куйлаб, халқ орасида машҳурлик қозонган эди. Бу шеърни “Тишларингга” номи остида Э.Очилов ҳам таржима қилди. Гўзал Бегим ҳам уни “Кўрса агар тишларингни” номи остида таржима қилган. Аммо ҳар иккала таржима ҳам Комилжон ака амалга оширган вариантга тенглаша олмайди. Энди ўша шеър таржимаси хусусида қисқача тўхталамиз.

Аслиятда:

Dür derýadan çyka bilmez,
Nazar kylsa dişleriñe.
Dowzah meni ýaka bilmez,
Ýanyp men ataşlaryňa. (54-бет.)

Таржимада:

Dur daryodan chiqa olmas,
Tishlaringni ko`rganida.
Do`zax meni yoqa bilmas,
Yondim otashlaringda. (19-бет.)

Таржимада банд мазмуни ўз ифодасига эга бўлган. Аммо шоир услуби, вазн, туроқ, оҳангдорлик барҳам топган. Бинобарин, “Вазннинг салгина ўзгартиришнинг ўзи ҳам таржиманинг дастлабки нуқсони бўлади”5.
Аслиятда:

Bolsa müslim bazeragat.
Behişt içre bergil rahat,
Dowzahyň kylgyl zyýapat,
Hindiňe, hebeşleriňe.

Таржимада:

Muslim agar qilsa toat,
Jannatingdan bergil rohat,
Do`zaxni qildir ziyorat,
Hindiyu habashlaringga.

Аслиятнинг биринчи мисрасида тоат сўзи йўқ. Bazeragat сўзи бозироат маъносига эга бўлиб, бу ерда меҳнаткаш, зироат етказувчи назарда тутилган. Учинчи мисрадаги ziyorat сўзи нотўғри, шоир уни zyýapat –зиёфат тарзида қўллаган. Ғайри динларга дўзах зиёфатини тақдим қил, демоқчи.

Хуллас, айтаверсак нуқсонлар адо бўлмайди.

Ҳар иккала таржимон ҳам яхшигина шоиралик талантига эга. Аммо шоиралик бошқа, таржимонлик бошқа. Ҳар ким ўз қўлидан келадиган ишни қилса муваффақиятга эришади. Акс ҳолда юқоридаги таҳлил қилганимиз таржималарга ўхшаб ноқулай ҳолат юзага келади.

Мулланафасдек буюк сўз санъаткорининг нодир шеъриятини амал-тақал таржима қилиб, халққа тақдим қилиш ўнғайсиз бир ҳолдир.  Таниқли таржимашунос олимлар Ғ.Саломов ва Н.Комиловларнинг қуйидаги сўзларини унутмаслик лозим: “Таржима оригиналга муқобил ҳолда шаклан ҳам мазмунан ҳамоҳанг бўлиши даркор”6.

Шу сабабли келгуси нашрларда бундай нуқсонларга йўқ қўймаслик чораларини кўриш зарур.

022

(Tashriflar: umumiy 676, bugungi 1)

Izoh qoldiring