XX asr uyg’ur she’riyatidan

054    ХХ аср уйғур шеърияти табиий равишда умумтурк шеъриятининг ёрқин саҳифаларидан биридир. Ўтган асрда атоқли ёзувчи Эмин Усмон ва бошқа ижодкорлар томонидан таржима ва табдил қилинган уйғур шоирлари шеърларини тақдим этамиз. Яқин кунларда эса бугунги уйғур шеъриятининг ёш авлоди ижодига саҳифаси ҳам эълон қилинади.

09
ХХ АСР УЙҒУР ШЕЪРИЯТИДАН
НАМУНАЛАР
07

АБДУХОЛИҚ УЙҒУР

071Абдухолиқ Уйғур 1901 йили Шинжоннинг Турфон шаҳрида туғилган. У маърифатпарвар савдогар оиласида туғилганлиги учун мактаб ёшигача уйида саводини чиқарган. Дастлаб диний мактабда таълим олган Абдухолиқ араб, форс тилларини ўрганиб, шарқ ва уйғур мумтоз адабиёти билан танишган. Абдухолиқ Уйғур замонавий уйғур адабиёти асосчиларидан биридир. У 1933 йили ўлдирилган.

КЎНГИЛ ХОҲИШИ

Шуҳрат эмас юксаклик, ном чиқарур тоғ кон билан,
Унвон эмас теранлик, сув шуҳрати маржон билан.

Салтанат, бойлик, каср ҳам зийнат баҳоси — мис чақа,
Мос келмаса айтган сўзим дилдаги виждон билан.

Сўзлашурга, сирлашурга эр йигит, мардлар керак,
Ошно бўлмасман ақли қосиру нодон билан.

Зим-зиё тун ичра ёлғизликка ҳамдамдир чироқ,
Ҳар томонга нур сочар ул илм билан, урфон билан.

Бул Ватан фирдавсу жаннат, тоғу дарё, гул-чаман,
Тупроғи кўзимга сурма, таърифи достон билан.

Тўлғаниб инграйди эл-юрт боскинчиларнинг зулмидан,
Эр йигит, мардлар Ватани қутқазурлар жон билан.

Қийнагай виждон азоби, кўзларимда уйқу йўқ,
Элни уйғотмоқ тиларман, тонгда бир имкон билан.

Ушбу йўлдан қайтма бошинг кетса ҳам, Абдухолиқ,
Элни ғамдан эт халос, шамширни поклаб қон билан.

Эмин Усмон нашрга тайёрлаган

АБДУРАҲИМ ЎТКИР

075Абдураҳим Ўткир 1923 йили Шинжоннинг Қумул шаҳрида туғилган. Ёзувчи Абдураҳим Ўткирнинг “Умр манзиллари”, “Уйғонган замин” каби китоблари нашр этилган. Унинг “Қашқар кечаси” номли достони Хитойда ўтказилган кам сонли миллатлар адабий танловида 1-ўринни эгаллаган. Абдураҳим Ўткир 1995 йили Урумчида вафот этган.

ХАРЖЛАНГ, ХОИНЛАР, ХАРЖЛАНГ

Харжланг, хоинлар, харжланг, бу элнинг молини харжланг,
Камдек туюлса агар, олиб сиз жонини харжланг.

Жонимга ўсма деб харжланг, белимга тасма деб харжланг,
Талон-торождан қолган бир бурда нонини харжланг.

Деҳқонга очтириб бўзни, косибга тўқитиб бўзни,
3улмни ошириб минг бор, ичиб эл қонини харжланг.

Кўлида балиғи кўп деб, ерида бойлиги кўп деб,
Қадамда топиб минг ҳийла, очиб сиз конини харжланг.

Фалончи оқчию-кўкчи*, бу Ўткир ҳам ёмон дўқчи,
Деб парчалаб бу миллатни, сотиб виждонини харжланг.
_______________
* Оқчи-кўкчи — фалондай-пусмадондай маъносида.

Эмин Усмон нашрга тайёрлаган

ТЕМУР ДАВОМАТ

045Темур Давомат 1927 йили Шинжоннинг Турфон вилояти Тўқсун туманида туғилган.Унинг Унинг «Юрак нақшлари», «Юрт муҳаббати», «Ҳаёт машъали» каби китоблари дунёнинг турли тилларида чоп этилган. Унинг «Тиёншон шодлиги» «Ватанга муҳаббат», «Давр илҳомлари»,»Ҳаёт машъали» каби шеърий китоблари уйғур тилида чоп этилган. “Жарангласин уйғур дутори” тўплами ўзбек тилида нашр этилган (1993). Темур Давомат Шинжон ёзувчилар жамиятининг аъзоси, Шинжон «Қутадғу билик» илмий-тадқиқот жамиятининг фахрий раиси.

ҚАШҚАР

Ассалом, бахти ёр, эй гўзал Қашқар,
Ассалом, навбаҳор фаслидай манзар.
Ҳар қадам остонангдан кирганимда,
Қадрдон деҳқонингни кўрганимда,
Сўнгсиз хаёлларга чўмарман ширин,
Дилни умидларга кўмарман ширин…
Шу ишчан, оқ кўнгил халқ кулса дерман,
Фароғат дамларда айш сурса дерман.

О, кеча бало-қазо йилларида
Истаклар осмондай тўзиб кетгандир.
Қалдирғоч минг хилда уя солганда
Шамоллар инини бузиб кетгандир…
Азиз остонангдан кирдиму бугун
Бир олам шодмонлик босди ўйимни.
Эҳтиром, туйғулардан тошди дарё,
Тўлқини ювиб ўтсин гул бўйингни.
Халқингнинг лабларида кулгу кўрсам,
Туманда тўлқинланиб кулгу оқур.
Гул рангидай ҳаёт ранги тансиқ бўлса,
Боғларинг жамолида чақнаса нур.

Ҳаяжон хаёл билан сирлашди,
Хаёллар асрлардан суҳбат очди.
Асрлар бирин-кетин тушди гапга,
Тиллодай тарихингдан кўз қамашди.
Илму фан бобида сен Чўлпон эдинг,
Беҳисоб юлдуз сенга тикилмоқда.
Фаробий, Маҳмуд чақнаб осмонингдан,
Сирларинг даштига нур тўкилмоқда.
Ҳожиб, Машраб, Нисорий ўсган сенда,
Фаросат ғазнасига ганжлар тўккан.
Асрлар гултожига ёқут безак
Ато қилиб, тарихингни зарда битган.
Нозугим ўннаб ўсган Туман бийи,
Ҳали ҳам ёд этдингми шу қизингни?
Икки юз ёшга кирган кекса макон,
Кўргинг келмоқдами Нозугимингни?
Ўн икки мақом сенда таралганди,
Қаддингни осмон қилган Омоннисо.
Қаршимда олтин тори жаранглайди,
Созингдан мақомларни пайдо қилса.
Одобли, диёнатли халқинг шундоқ,
Қошида ҳуру ғилмон уюладир.

Меҳмондўст, дилкаш инсон, латофатинг
Қалбимга кавсар бўлиб қуюладир.
Хуш ҳунар, санъат билан танилгансан,
Мен эмас, олам сенга қойил эрур.
Таомлар, меваларинг шунча ширин,
Жаннатнинг неъматидек туюладир.
Ғурурим, шаг.катимпинг тожи сен,
Дайдимасмиз, бирлигимиз боши сен.
Кул, Қашқар замон берсин фароғатдан,
Бу кулгунг то абад ҳеч узилмасин.
Тожингда ёқут жомдай зийнатларинг
Сақлансин, то абад ҳеч бузилмасин,
Халқларинг ўсгин, дейди сени Қашқар,
Қанотлан, учгин кўкка қани, Қашқар.

1981

ҚАБУЛ ҚИЛГИН САЛОМИМНИ

Соғиндим-ку, она юртим, жануб — олтин диёримни,
Кўришга шунча термулдим гўзал ер, гулузоримни.

Қанча тунни ухлаб чиқдим, гўзал тонгни хаёл айлаб,
Симирай деб атир сочган хуш исли боғ-ифоримни.

Бугун келганда шу фурсат сел бўлиб шодлигим тошди,
Роҳат қилдим егандек зўр ширин-шарбат аноримни.

Салом дейман, гўзал Торим, азиз Қашқар, Хўтан, Корла,
Салом айтиб мард деҳқонларга эгай қадду чиноримни.

Келаётир, ана, билдим элимнинг шавқидан кулгу,
Чаманзор бўйича топдим дилимга чин оромимни.

Кулар муз тоғ этагида булутни ҳайдаган чўпон
Куйига жўр қилай деб ман олиб келдим сеторимни.

Яна Оқсув — гуруч кони, Қизилсув — сут, қимиз юрти,
Қабул қилгин сенга меҳрим юрак куйи саломимни.

БУЮК КИТОБ
(Юсуф Хос Ҳожибга)

Инсон яралдики, қилади фикр,
Фикрлар билимнинг онаси, аён.
Сўнгсиз изланишлар, сўнгсиз енгилиш
Чархлаб келмоқдадир онгингни, инсон.

Фикрлар денгизи остига шўнғиб,
Жавоҳир топибди бул Юсуф бобом.
Ўн аср бурунги инсон фикрининг
Жавоҳири бугун қилди бизни ром.

Ўн аср ўтганда ўқиб севиндик,
Донолик тахтида бобомиз султон.
Фикримиз йўлини ёритиб борар
Тол-тол нури билан чақнаган чўлпон.

Ўн аср муқаддам ёзилган китоб,
Урган дейди, бизга қилиб чин хитоб.
Маърифат кўкида қанот қоқолсак,
Ҳаво тоза бўлар, роҳатбахш офтоб.

Карим Баҳриев ва Муҳаммад Ҳамроев таржималари

АБЛАТ АБДУЛЛО

09    Аблат Абдулло 1944 йили Ғулжа шаҳрида туғилди. Ҳа-ҳу, дегунча чиллак отиб, лайлак учириб болалик ўтди, – дейди шоир “Чидасанг яша…” номли китоби (Пекин. Миллатлар нашриёти. 2007 й.)га ёзган сўзбошисида. У илм осмонида парвоз қилсам, чет элларда ўқисам, ишласам, деб орзу қиларди. Бироқ тақдир лавҳи тасодифларга тўла экан. Ўрта мактабни битириб, илм истаб кўкка қанот қоққан Аблат Ханбин шаҳридаги саноат кархоналаридан бирига бориб тушди. Начора, шу корхонада ҳунар ўрганди. Аввал ғазначи, ҳисобчи бўлиб ишлади. 1976 йилдан эса Гунший радиотармоғига ишга жойлашди. 1983 йилдан Ғулжа радиостанцияси (ҳозирги Или халқ радиоси)да мухбирлик қила бошлади. Бу ерда у оддий мухбир, муҳаррир, бўлим масъули вазифаларида ишлаб, 1997 йили нафақага чиққан.
Унинг “Илк муҳаббати”, “Оқ дала” (шеър ва достонлар), “Кумуш узанги”, “Доғда қолган илк муҳаббат” (ҳикоя ва қиссалар), “Қанъом ботир”, “Шаҳзода Дармон ва малика Даврон” (эртак ва чўпчаклар) номли китоблари чоп этилган.Асарлари Қозоғистон, Туркия, Россияда чиқадиган турли нашрларда ҳам босилган.
Аблат Абдулло Уйғур автоном райони ёзувчилар жамияти, халқ адабиёти ва санъатчилари жамияти ва Хитой оз сонлик миллатлар ижодиёти илмий жамиятнинг аъзосидир.

* * *

Ёшлик,
Кўрдим, қандай бахтлисан,
Илк ишқ туни – висол кечаси.
Хаёлларим латиф фаслисан,
Туйғуларим нафис ғунчаси.

Ёшликдай кенг
Ёшликдай равон,
Муҳаббатнинг гўзал кўчаси.
Дилда илҳом, юракка ором,
Ишқ кечаси, илк ишқ кечаси!..

ИШҚ

Мақтагулик гўзал эмассан,
Бироқ, тун-кун сенда хаёлим.
Гўзалларни писанд қилмасман,
Оромимни олдинг, хаёлим.

Менга байрам, беҳад хушонлик,
Рўбарў кепқолсам йўлингда.
Тўхтатолсам шу лаҳза, онни,
Имкон бўлса уни узайтсам.

Сулув рафтор, фазилатларинг,
Хаёлимга тикилган кашта.
Бахт онлари, ёшлик баҳори,
Бари-бари унга пайваста.

Мени бунча маҳлиё этган,
Қандай қудрат, сеҳр бор сенда?
Жавоб берар соҳир кўзларинг:
“Ишқнинг асл гавҳари менда…”

СОҒИНИШ

Сени олисларга кузатиб,
Бедапояга арқонлаб отим.
Бир ҳазин, бир маҳзун ғамларга ботиб
Хун бўлиб далалар дўлида ётдим.

Пайкал жим-жит, борлиқ осуда,
Ҳазин бир навони куйлаб ётадир.
Қайдасан, шу топда, гўзал ҳурлиқо?
Кўнглингдан не хаёл, ўйлар ўтади?

Эслайман, бир лазиз, суйгун дамларни,
Севгидан порлаган чарос кўзларинг.
Излайман, теварак кўнглимдай ярим,
Хуш кулиб тургандай, лобар юзларинг.

О бироқ, шу дамда сен йўқсан, йўқсан,
Юзларим силайди меҳрибон шамол.
Мана, юлдузларга тўлди осимон,
Мени юпатмоққа чиққандай, ҳилол.

Балки, аҳволимдан юлдузлар ниҳон,
Хабарлар топганми, сендан – ишорат.
Менинг ичу бағрим куйганда жизғон,
Сенинг юрагинг ҳам эдими пора?..

ТОМЧИ

Ёмғир тинди,
Япроқ юзида
Томчи – маржон қолди жимирлаб.
У япроқнинг қулоқларига
Қўшиқ куйлар, куйлар шивирлаб:

“Сени дедим, тушдим аршдан,
Риёзатлар чекдим… Ошиқман…”
Япроқ кулди, юзи ёришди,
Кумуш томчи айтган қўшиқдан.

Ки, ногаҳон қуёш порлади,
Маржон томчи кетди парланиб.
Энди… япроқ уни чорлайди,
Томчисини қўмсар, зорланиб…

ВАТАНИМ, СЕНИ

Сеҳри ила табиат агар,
Дарахт қилиб яратса мени.
Шу ондаёқ томирларим-ла
Қучар эдим, Ватаним, сени.

Ё, шарқироқ сой бўлиб қолсам,
Бағрингда оқардим, ўйноқлаб.
Тафт-меҳрингдан парга айлансам,
Ёғар эдим ёмғирлар бўлиб.

Бўлиб қолсам баҳор шамоли,
Сочларингни суйиб тарардим.
Гар кўкдаги юлдуз бўпқолсам,
Жамолинга тўймай қарардим.

Куйлар эдим, ифтихорланиб
Инсонман деб, – сенда тўралган,
Яшаяпман, меҳрингга қониб,
Эркалатдинг туғилган ондан.

Ватан, менинг тақдирдошимсан,
Меҳрибоним ўзинг тоабад.
То тирикман, ўчмагай асло,
Юрагимда ёнган муҳаббат!

ЛУТФУЛЛА МУТАЛЛИП ХОТИРАСИГА

Бу ҳавойи гапмас: Шоир – эл дарди,
Тийра ҳаётидан ашъорий нафас.
Лутфулла алами уйғурга доир,
У шу халқ ўғлони, булбулидир, бас!

Уни Навоий деб айтмайман, аммо,
Изин босмаганлар юрагимга ёт.
Кўмилиб кетмагай тупроққа, илло,
Лутфулла умридек жанговар ҳаёт.

Ғамгин бир ҳисларга ботиб қоламан,
Ул мудҳиш йилларга ташласам назар.
Қора тун қўйнида ярақлаб эди,
Эрксуяр бу ўғлон, мисоли ханжар.

Олис хотиралар… Ғўр бола эдим,
Ёдимдан ўчмайди машъум бир қисса.
Шоирни жодига босди, деган кун,
Мен тирик аламга айландим, ғусса…

Кўз юмди бир ботир – йиллар куйчиси,
Итлар ялоғига боқмаган Арслон.
Бир донғил “Шовқинли дарё”* қуриди,
Ундан таниб қолди ўзини замон.

Мактабдан билардим “Ўтар ёшлик…”*ни,
Уйғотди қалбларда илмга ҳавас.
Қора юракларни даҳшатга солди,
Ҳасад бандалари тортдилар уввос…

“Муҳаббат – нафрат”*ни ўқирдим тўлиб,
Шул замон илкимдан олдилар тортиб.
Юракда дард бўлиб, дилда доғ бўлиб,
Ул тутқин йиллар ҳам қолдилар ортда.

Соғиндим, Муталлип, соғиндим сени,
Хотирлаб қўшиқлар куйлолмадим, оҳ!
Бўйнимга арқонлар ташланган йиллар,
Ҳатто, чўпчак тўқиш саналди гуноҳ.

Қутурган қашқирлар ув торта, деди:
“Йўқот, Муталлипни ёруғ дунёдан!..”
Йўқолди. Йитмади ва лекин ёди,
Чунки шеър санъатин гултожи эди.

Эл уни ардоқлар – токи миллат бор,
Халқ қалбига жо у битган қўшиқлар.
“Йилларга жавоб”ни авлодлар ёдлар,
Шоир Муталлип бўп куйлар ошиқлар.
______________
* Шоир Лутфулла Муталлипнинг китоблари.

 

ШОИР ҲАЁТИ

Шоир умри…
Майли, бўлса қисқароқ,
Ёзғутлари ўлмаса бу – омаддир.
Нақл борки, шоир халқи қариса,
Шуҳрат, унвонларга қул бўп қолади.

Муҳаббат лаззати интизорликда,
Интизор қалбларда туғилгай наво.
Ҳаёт ўнқир-чўнқир, қия, ростликдир,
Майли, шоир умри бўлсин қисқароқ…

Фақат, ёзғутлари бўлсин, умрзоқ…

БЕВАНИНГ ДЕРАЗАСИ

Йигит бўлсанг…
Нор йигит бўлсанг,
Икки ўт орасида қолган
Беванинг деразасин чертма,
Узма, ҳазин хаёлларини.

Икки ўт орасида
Тақдир билан юзма-юз қолган,
Ашклари-ла аламин ювган
Жувон ору номусин ая!..

Ҳа, у сулув, у сулув эди,
Ўт солганди не-не юракка.
Фақат бир ёр асири эди,
Кимларга хор энди у, якка…

Ҳа у гўзал, ҳам мағрур эди,
Олами ҳам ўзидай гўзал.
Бироқ, тақдир бешафқат келди,
Юлиб кетди барини… Ажал!

Ана у, ана у…
Титраб қақшар,
Кесакига юзини босиб.
Йигит бўлсанг, нор йигит бўлсанг,
Бемаҳалда чертма дарчасин.

СУВ БЎЙИДА

Ўлтирибмиз, елкама-елка,
Сўз сиғмайди ўртага, зинҳор.
Икки… воланг, ҳай, бахтли экан,
Нима учун йиғлайсан, баҳор?

Уйғур тилидан Абдунаби Бойқўзиев таржимаси

БУҒДО АБДУЛЛА

09Буғдо Абдулла 1941 йили Қашқарнинг Енгисар туманида туғилган. 1965 йили Шинжон университетининг адабиёт факултетини битирган. Ҳозирда Шинжон университетида ишлайди. Асарлари 1956 йилдан эълон қилина бошлаган.
Машҳур китоблари: «Елкан», «Қиз қалъаси», «Ёзувчилик билими» (илмий асар), «Ёзувчилик маҳорати» (илмий асар). Унинг айрим асарлари мамлакатлдаги оз сонли миллатлар адабиёти бўйича «Тулпор» мукофотига, Шинжон «Тангритоғ адабиёт ва санъат мукофоти»га сазовор бўлган.

ДЕНГИЗ, ЯПРОҚ, СОҲИБЖАМОЛ

Денгиз…
Уни яшил япроқ деяр эмишман,
Гўзалим турганмиш устида.
Мен соҳилдан кўриб,
Ҳайрон бўлар эмишман.
Гўзалим қўлини қанотдек ёйиб,
Маҳкам турармиш.
Бир зумдан кейин
у ўзини сувга отармиш.

Оҳ, менга жабр!
Юрагим қинидан чиққудай…
Вақт ўтар эмиш,
Ичимни ит таталар эмиш,
У кўринмасмиш,
Кўринмасмиш ҳеч!
Ногаҳон
Отилиб чиққанмиш соҳилга,
Қўлларида қадимий шамшир…

Уйғондиму билдим:
Бу тушим.
Дедим:
Гавҳар — мангу гавҳар.
Шамшир — қадим жавоҳир.
У ҳамон қадрли
Сув остида ҳам,
Ер устида ҳам…

Эмин Усмон нашрга тайёрлаган

АБДУРАҲИМ АБДУЛЛО

09Абдураҳим Абдулло 1954 йили Оқсув вилоятининг Келпин туманида туғилган. 1983 йили Шинжон университетини тамомлаган. Унинг “Оҳ, оталар”, “Ишқнома” номли шеърий, “Довонли йўллар”, “Бўйноқ” каби қисса ва ҳикоялар тўпламлари нашр этилган. Ҳозирда Шинжон Ун-син нашриётида ишлайди.

ТЕМИРЧИ САНДОНИДАН ТАРАЛГАН САДО

Нолакор бир садо қучар фалакни,
Юрагим увишиб, тўхтайди қоним.
Шунчалар кучли у, шунчалар аччиқ,
Бамисли тутқуннинг оҳу афғони.

Юзландим шу овоз келган томонга,
Мени ҳайрон этди ажойиб бир сир.
Овоз ҳам тўхтади, турибди ана,
Учоқда лағча чўғ — бир бўлак темир.

Қийноқ хонасини эслатди менга,
Асбобларга тўла қоп-қора дўкон.
Учқунлар сачрайди тараф-тарафга,
Ғолиб ва мағлублар кўтарар чуқон*…

Бир қисқич темирни олиб сандонга,
Алпкелбат темирчи урди аёвсиз.
Сандон ҳам болғача бермоқда мадад,
Эзилди зарбадан темир мажолсиз.

Англадим, темирни ўтда юмшатиб
Итоат илкига олган ҳам темир,
Қисқич ҳам темирдир, болғага содиқ,
Афсуски, сандон ҳам, болға ҳам темир.

Англадим дунёнинг кўҳна сирини:
Ёт зарбаси мардга ҳечдек туюлар,
Оғриқ қақшатарди суяк-суякни,
Ўзиники бўлса урган қўл агар.

Чин ботир жаллодга асло ялинмас,
Кесилган томирдан қонлар шарқирар.
Билса гар дўстининг сотқинлигини,
Кўкнинг пардасини йиртиб бақирар.

Инсофга ундайман дўстларимни мен,
Алафлар босмасин гулгун боғимиз.
Эзилган юракни эзмайлик баттар,
Биримиз сандондек, болға — биримиз.
__________________
* Чуқон — шовқин-сурон.

Эмин Усмон нашрга тайёрлаган

ИШҚНОМА

Қисматим шундоқмикин ғамлар менга кам бўлмади,
Тушди бошга янги савдо эскиси гъам бўлмади.

Тегди ғойибдан келиб бошимга севги чақмогъи,
Дам-бадам куйдирди тинмай менга бир дам бўлмади.

Лабларинг шарбатидан яйради жон-тан маст бўлиб,
Унга тенг келгудай бу оламда зам-зам бўлмади.

Гулга тўйдурсам ёшимни ғунча бўлди қип-қизил,
Ғунча бўлди лек ёшим гулларга шабнам бўлмади.

Согъинурман туну-кун нимжон илондек толғониб,
Еганим овқат – заҳар ош – тузда ҳеч та‘м бўлмади.

Дили зардоб, тани ёнғин, чўлда мажнун мен шу дам,
Неча Луқмон дориси дардимга малҳам бўлмади.

Тунда бедормен ҳамон зориқиб ёр васлига,
Кўзларим юлдуз, гоҳо киприкларим жам бўлмади.

Термулуб ёрим томон багъримда қон-қон йигъласам,
Воҳ ажабким багъри тошнинг кўзлари нам бўлмади.

Бул ишқ учун бир умр йигълаб яшашга розиман,
Минг бахтдан бу азобнинг лаззати кам бўлмади.

* * *

Ёр дебон оҳ урганим тошларда вулқон бўлди-ку,
Оҳларим чақмоқлари сойларда гулхон бўлди-ку.

Ёр десам ёр васлини кўрсам хаёлан дилбарим,
Тилга олсам номини дардимга дармон бўлди-ку.

Зориқиб ёр васлига ўтган висолсиз кунларим,
Севги савдо бобида тилларда достон бўлди-ку.

Кўзларим тўфонидан кетди киприкларим оқиб,
Ҳар ёли шамшод бўлиб чўлларда бўстон бўлдику.

Нур сочиб тун багърида ёнган бедор кўзларим,
Жилвалаб севгим каби тонгларда чўлпон бўлди-ку.

Бошқалар чўзса гул, чўздим юрагимни анга,
Ёр учун ёнган юрак тунларда гулхон бўлди-ку.

Ёр кетип, мунгга ботиб қолдим ягона қабрдай,
Ёшларимнинг донаси тупроқда маржон бўлди-ку.

Уйғурчадан Асқар Абдукарим табдили

МУХТОР МАҚСУД

09Мухтор Мақсуд 1957 йили Хўтан вилоятининг Гума ноҳиясида туғилган. 1983 йили Шинжон университетининг адабиёт факултетини тамомлаган. Унинг “Ошиқлар сири”, “Танҳо қайиқ”, “Илоҳа чўққиси” каби шеърий китоблари чоп этилган.

МАҚОМ

Ёзнинг беҳол оқшомларида
Зил сукунат олганда қучиб
Олислардан келасан учиб,
Орзуларга тўлган хаёлим.
Юксаласан аршлардан оша.
Умидларим ниҳоли сўлса,
Обиҳаёт бўлиб оқасан,
Томиримда ўтлар ёқасан.
Чечакларга тўлади олам
Ва ҳаётга масрур боқаман.
Ҳориб қолса олис сафарда
Эгарлайман учқур отларим
Ва тушимда тишлаб онтларим
Манзилимга албат етаман
Қайрилса-да қўш қанотларим.
Сен қуёшдан таралган наво,
Кўз ёшию исёнкор даъват,
Маёқдирсан ёнгувчи абад.
Ҳар нафасинг умид риштаси,
Куйлатгувчи ўтли муҳаббат.

УФҚ

Уфқ адаштирди
Чирмаб мени пардаларига,
Олаговгум
Судраб кирди тун қўйнига тез.
Ора-чора чақнаган юлдуз
Кўзларимдан олиб қочди нишонни.
Хира тушларим
Солиб мени тахтиравонга
Ўйнатмоқда вазнсизликда.
Қуёш
мени олқишларми
Ёки
Ўзимга сира ҳам ўхшамайдиган
Соямни?..

СОЯМ

1

Соямни излаб кетяпман,
Излаб кетяпман
Шаҳид бўлган қуёшни
Уфқлар томон.

2

Соям
Сингиб кетган чоғи йўлларга.
Кўмилган чоғи
Хира нурларга.

3

Соям
Кетган балки қуёшни излаб,
Келар уни бошлаб бир куни
Ютоққан уфқни қабрга ташлаб.

Эмин Усмон нашрга тайёрлаган

ФАРҲОД ИЛЁС

09Фарҳод Илёс 1964 йили Ғулжа шаҳрида туғилган. 1987 йили Пекин марказий миллатлар университетини тамомлаган. “Чўғ сўраган бола”, “Гўлиб ташвишлар” каби ше‘рий ва бир қанча ҳикоя ва романлари нашр этилган. У бир қанча чет-эл ёзувчиларининг ше‘р, ҳикоя ва қиссаларини уйғурчага таржима қилган. Ҳозирда Шинжон маориф нашриётида ишлайди.

ИЛТИЖО

Чаноғимга марваридларни солинг,
балиқларим,
Яралсин янги-янги чўпчаклар.
Бўйнимга осинглар тумор қилиб
қоятошни,
Тирилсин тўнгиб қолган нафасларим.
Томирларимга, боғланг
булут-чақмоқларни тутиб,
Майда-чуйда ҳисларим
Қизариб пишсин…

Эмин Усмон нашрга тайёрлаган

АБДУҚОДИР ЖАЛОЛИДДИН

09Абдуқодир Жалолиддин 1964 йили Қашқар шаҳрида туғилган. 1986 йили Қашқар педагогика институтини тамомлаган. 1988 йилдан Шинжон маориф институтида институтида, 2009 йилдан Шинжон педагогика университетининг адабиёт институтида ишлаб келмоқда. Абдуқодир Жалолиддин шеър, мақола, таржима ва дарсликлардан иборат 20 дан ортиқ китобнинг муаллифидир.

СЕМУРҒ ҚЎШИҒИ

1

Қайга олиб кетди йўллар гирён бошимни,
Тўзон ичра қолди ҳазин қўнғироқ уни.
Пора-пора булутларнинг совуқ ёшини,
Яширмоқда тунда учган кузнинг эпкини.
Излаб кўҳна масканини кўчди ёлқинлар,
Кўчамдаги улкан тошга айтиб сирини.
Хўш, деб аста тоғ ортига кетган ўрмонлар,
Тушларимга юбормоқда япроқларини.
Хушбўй атр қутилардан чўзиб бўйнини,
Қорли тоққа тикилмоқда зиёда сумбат.
Олиб кетди тошқин сувлар йироққа мени,
Чумчуқларнинг изларини этганимда ёд.

2

Кўксимизга уриб қат-қат яшил тўлқини,
Нечун кундуз оташида ўчди юлдузлар?
Шафақларнинг тўлқинида учар киприклар,
Кўрсатмайди қорачуғин нечун шўх қизлар?
Оч қирғоқлар бир-бирига силкитишса қўл,
Чақнар гавҳар беҳуш оқшом истакларида.
Асалари кетдимикин тунашга бугун,
Қора туннинг титраб турган чечакларида.
Боғлар нечоғ унутдилар тоғлар куйини,
Етар сароб тўлқинида яшнаб сақич ўт.
Кўм-кўк ўтнинг зумрад ичра қилган ўйинин,
Пичир-пичир мақташади шўх кизлар беҳуд.

3

Қудратини кўрсатмайди нечун коинот?
Нечун бунча лаззатлидир ишқнинг меваси?
Қай маҳалда қилган экан кўзларни ватан.
Учқунлардан либос кийган ҳаёт севгиси?
Тўфон суви покламаса дунёни агар,
Ялтирарми илоҳ нури тоблаган имон?
Кун кечирар ботқоқларга беланиб бу чоғ,
Қуртлаб битган юраклардан зериккан виждон.

4

Кумуш тоғлар шовқин солиб оққанда дилга,
Сирли дарча соя ташлаб жилмаяр нега?
Кўк қаърида арғамчидек силкинган чақмоқ,
Ҳароратли гавдасини отади ерга.
Чаноқларнинг бурчагида ётган умидлар,
Карсиллаган муз устида ўт ёқар шодон.
Туманларга сингиганда гулсафсар ҳиди,
Юксакларга олиб қочар юлдузни осмон.
Томар ёмғир томчилари — биллурий шода,
Тешилмоқда тош ҳайкалнинг баҳайбат кафти.
У дунёнинг юрагини улаб ҳаётга,
Илдизларга югурмоқда ўйларим тафти.

5

Хаёлимда барханларни ютган қуюнлар,
Юриб кетди мени кутиб турган шом гўрга.
Қўлларимда ҳилпираган фаранг рўмоллар,
Шуъласини ёғдирмоқда саҳрою чўлга.
Унутилар мозийларда хароба шаҳар,
Қишлоқларга бормоқдаман висолинг истаб.
Равон йўллар, шинам қаср, оппоқ пиёла,
Ичолмадим шаробимни қўлларим титраб.
Бўлиб гўё биёбоннинг қувноқ юлдузи,
Симирмоқда ой нурини ҳўмрайган тошлар.
Шувоқларнинг юзларидан бўлиб қалбим маст,
Ёстиғимга томиб кетди кўзимдан ёшлар.

6

Қумликларга менинг номим ёзилди қачон?
Билолмадим шамоллардан сўраб сирини.
Қайси тилда дардин айтди чинордек туғроқ*,
Тушунмадим япроқларнинг шивирларини.
Булутларнинг кўрфазига кўчган оққушлар,
Ташлаб менга патларини, йўқолди қаён?
Бу дунёнинг шунча чексиз жимжитлигида,
Менинг номим аста-секин бўлмоқда аён.
Сокин саҳар қирғоғида битган чуғлуқни*
Кўролмадим опкелса-да атай узиб шом.
Икки ҳаёт сарҳадида турибман ёлғиз,
Этакларин ҳўлламокда бу таниш оқшом.

7

Шовқинингни излаб келсам қатра ёшингда,
Эгиб нозик белларини тебранар гуллар.
Сенинг жонбахш нафасларинг сингиган ҳаво,
Ҳасан-Ҳусан шуъласида титрайди унлар.
Сени қучиб йироқларда ўйнатган қайиқ,
Кўринмайди жимирлаган кўлнинг юзида.
Шабнам тушган чаманзорда ўксик туйғулар,
Қилмоқдалар ушбу саҳар кўнглимни зада.
Ғофилликнинг тўлқинида кетган шу кеча,
Туш кўрибман момиққина ой қучоғида.
Сочларингнинг шамолларга тўкилган оҳи,
Қотиб колти юлдузларнинг кўз чаноғида.

8

Кўнглим нурлар дастасига узатганда қўл,
Хотирада уйғонади сеҳрли кеча.
Ажир олиб юрганимда маҳалланг томон,
Милтирайди хира чироқ туманлар ичра.
Бутун шаҳар зулумотга чўмганда ғамгин,
Туйғуларим ювилмоқда покланиб бир қур.
Ёлбораман қимирламас битта пардага,
Деразалар тикилса-да мен томон ёвқур.
Туғилдим мен саҳар билан бўлиб эгизак,
Она бўлди шундан бери менга шу кеча.
Ажир олиб қайтганимда маҳаллам томон,
Милтирарди яшил чироқ туманлар ичра.

9

Кутавериб тоқатларим тоқ бўлди охир,
Шан деб боқдим ўлимларнинг оппоқ туғига.
Чарчаб кетдим, ёпинчиғин ташласин осмон,
Уйғотманглар, ухлаб қолсам қилич тиғида.
Қалбларимиз ҳаёт учун интиқ, хумордир,
Ўйнатмоқда арвоҳини денгиз бетида.
Тиригимда ҳамроҳ эдим сизларга ҳар чоқ,
Видо айтдим тикланганда менга обида.
________________
* Туғроқ — дашт-саҳроларда ўсадиган чинорсимон дарахт.
* Чуғлуқ — тоғ тепасида битадиган чўғдек қип-қизил гул.

Эмин Усмон нашрга тайёрлаган

АҲМАДЖОН УСМОН

045Аҳмаджон Усмон 1964 йили Урумчида туғилган. 1987 йили Дамашқ университетининг (Сурия) араб адабиёти факултетини тамомлаган. Уйғур тилида “Уйғиур қизи лирикаси”, араб тилида “Тойлар сири” каби китоблари нашр этилган. Аҳмаджон Усмон уйғур модерн шеъриятининг машҳур вакилларидан бири. Ҳозирда Канаданинг Торонто шаҳрида истиқомат қилади.

ОШИҚ ҚАСИДАСИ

1

Уфқ…
Олаговгум кўйнида нур.
Ёноғида томчи чирмовуқ гулнинг,
Чаманларда ям-яшил ёмғир.

2

Туғилдим,
Олаговгум билан эгизак эдим.
Қўшиқ айтдим ёмғирни куйлаб,
Болалик чоғим…
Шуъла кўрсам йироқдан
Югурдим унга.
Ошиқ бўлдим чумчуқларга,
Чумчуқлардек
Учсам, дедим йироқларга.
Тердим толларнинг
Тўкилган япроқларини
Анҳор бўйида.
Кўрдим тушимда юлдузларни
Ухлаб колсам говгум қўйнида.

3

Уфқда нур.
Ёноғида жилва чирмовук гулнинг.
Сингиб кетдим тупрокка,
Ер остида кучоклаб мени
Ўлади ёмғир.

ОНА ҚАСИДАСИ

1

Ҳаққушмикин қўнган
Шохига лабингнинг?
Учдими олиб
Қолдиғини маржонларингнинг?

2

Ўқиб чиқди Чўлпон
Қанча чўпчакни
Номозшом гулидек сўлган кўзингдан.

3

Айтгин-чи, нечун
Бўзаради қорнинг юзи,
Боққанида ҳар сафар
Оқлигига сочингнинг?

4

Ростмикин, она,
Доғ тушди, дейди
Юзига ойнинг —
Ҳасратида
Учиб кетган гўзаллигингнинг?

5

Бир кун
Излаб келса сени фаришта,
Кетарсанми эмизгани
Болаларини жаннатнинг?
Йиғлармикин паризод
Ўтиб олиб қуёш ортига
Рўмол қилсам дея
Кафанингни?..

6

Она!..
Кўтаролмас кабрингни тупроқ!..

ЧЎҒ

Чўғман,
кулга кўмилган.
Тағин ёнгум гуриллаб.
Ўчмаганман, ўтман, ёғдуман,
Эҳ, сен, шамол,
Оҳ, ёлғиз умид!
Қалбим уфқларида
Бир сен қолдинг юлдуздек чақнаб.
Кул остида ўчаман охир,
Ёки ёнгум мангу ловуллаб.

Эмин Усмон нашрга тайёрлаган

088

09
XX ASR UYG’UR SHE’RIYATIDAN
NAMUNALAR
07

ABDUXOLIQ UYG’UR

09Abduxoliq Uyg’ur 1901 yili Shinjonning Turfon shahrida tug’ilgan. U ma’rifatparvar savdogar oilasida tug’ilganligi uchun maktab yoshigacha uyida savodini chiqargan. Dastlab diniy maktabda ta’lim olgan Abduxoliq arab, fors tillarini o’rganib, sharq va uyg’ur mumtoz adabiyoti bilan tanishgan. Abduxoliq Uyg’ur zamonaviy uyg’ur adabiyoti asoschilaridan biridir. U 1933 yili o’ldirilgan.

KO’NGIL XOHISHI

Shuhrat emas yuksaklik, nom chiqarur tog’ kon bilan,
Unvon emas teranlik, suv shuhrati marjon bilan.

Saltanat, boylik, kasr ham ziynat bahosi — mis chaqa,
Mos kelmasa aytgan so’zim dildagi vijdon bilan.

So’zlashurga, sirlashurga er yigit, mardlar kerak,
Oshno bo’lmasman aqli qosiru nodon bilan.

Zim-ziyo tun ichra yolg’izlikka hamdamdir chiroq,
Har tomonga nur sochar ul ilm bilan, urfon bilan.

Bul Vatan firdavsu jannat, tog’u daryo, gul-chaman,
Tuprog’i ko’zimga surma, ta’rifi doston bilan.

To’lg’anib ingraydi el-yurt boskinchilarning zulmidan,
Er yigit, mardlar Vatani qutqazurlar jon bilan.

Qiynagay vijdon azobi, ko’zlarimda uyqu yo’q,
Elni uyg’otmoq tilarman, tongda bir imkon bilan.

Ushbu yo’ldan qaytma boshing ketsa ham, Abduxoliq,
Elni g’amdan et xalos, shamshirni poklab qon bilan.

Emin Usmon nashrga tayyorlagan

ABDURAHIM O’TKIR

09Abdurahim O’tkir 1923 yili Shinjonning Qumul shahrida tug’ilgan. Yozuvchi Abdurahim O’tkirning “Umr manzillari”, “Uyg’ongan zamin” kabi kitoblari nashr etilgan. Uning “Qashqar kechasi” nomli dostoni Xitoyda o’tkazilgan kam sonli millatlar adabiy tanlovida 1-o’rinni egallagan. Abdurahim O’tkir 1995 yili Urumchida vafot etgan.

XARJLANG, XOINLAR, XARJLANG

Xarjlang, xoinlar, xarjlang, bu elning molini xarjlang,
Kamdek tuyulsa agar, olib siz jonini xarjlang.

Jonimga o’sma deb xarjlang, belimga tasma deb xarjlang,
Talon-torojdan qolgan bir burda nonini xarjlang.

Dehqonga ochtirib bo’zni, kosibga to’qitib bo’zni,
3ulmni oshirib ming bor, ichib el qonini xarjlang.

Ko’lida balig’i ko’p deb, yerida boyligi ko’p deb,
Qadamda topib ming hiyla, ochib siz konini xarjlang.

Falonchi oqchiyu-ko’kchi*, bu O’tkir ham yomon do’qchi,
Deb parchalab bu millatni, sotib vijdonini xarjlang.
_______________
* Oqchi-ko’kchi — falonday-pusmadonday ma’nosida.

Emin Usmon nashrga tayyorlagan

TEMUR DAVOMAT

09Temur Davomat 1927 yili Shinjonning Turfon viloyati To’qsun tumanida tug’ilgan.Uning Uning «Yurak naqshlari», «Yurt muhabbati», «Hayot mash’ali» kabi kitoblari dunyoning turli tillarida chop etilgan. Uning «Tiyonshon shodligi» «Vatanga muhabbat», «Davr ilhomlari»,»Hayot mash’ali» kabi she’riy kitoblari uyg’ur tilida chop etilgan. “Jaranglasin uyg’ur dutori” to’plami o’zbek tilida nashr etilgan (1993). Temur Davomat Shinjon yozuvchilar jamiyatining a’zosi, Shinjon «Qutadg’u bilik» ilmiy-tadqiqot jamiyatining faxriy raisi.

QASHQAR

Assalom, baxti yor, ey go’zal Qashqar,
Assalom, navbahor fasliday manzar.
Har qadam ostonangdan kirganimda,
Qadrdon dehqoningni ko’rganimda,
So’ngsiz xayollarga cho’marman shirin,
Dilni umidlarga ko’marman shirin…
Shu ishchan, oq ko’ngil xalq kulsa derman,
Farog’at damlarda aysh sursa derman.

O, kecha balo-qazo yillarida
Istaklar osmonday to’zib ketgandir.
Qaldirg’och ming xilda uya solganda
Shamollar inini buzib ketgandir…
Aziz ostonangdan kirdimu bugun
Bir olam shodmonlik bosdi o’yimni.
Ehtirom, tuyg’ulardan toshdi daryo,
To’lqini yuvib o’tsin gul bo’yingni.
Xalqingning lablarida kulgu ko’rsam,
Tumanda to’lqinlanib kulgu oqur.
Gul rangiday hayot rangi tansiq bo’lsa,
Bog’laring jamolida chaqnasa nur.

Hayajon xayol bilan sirlashdi,
Xayollar asrlardan suhbat ochdi.
Asrlar birin-ketin tushdi gapga,
Tilloday tarixingdan ko’z qamashdi.
Ilmu fan bobida sen Cho’lpon eding,
Behisob yulduz senga tikilmoqda.
Farobiy, Mahmud chaqnab osmoningdan,
Sirlaring dashtiga nur to’kilmoqda.
Hojib, Mashrab, Nisoriy o’sgan senda,
Farosat g’aznasiga ganjlar to’kkan.
Asrlar gultojiga yoqut bezak
Ato qilib, tarixingni zarda bitgan.
Nozugim o’nnab o’sgan Tuman biyi,
Hali ham yod etdingmi shu qizingni?
Ikki yuz yoshga kirgan keksa makon,
Ko’rging kelmoqdami Nozugimingni?
O’n ikki maqom senda taralgandi,
Qaddingni osmon qilgan Omonniso.
Qarshimda oltin tori jaranglaydi,
Sozingdan maqomlarni paydo qilsa.
Odobli, diyonatli xalqing shundoq,
Qoshida huru g’ilmon uyuladir.

Mehmondo’st, dilkash inson, latofating
Qalbimga kavsar bo’lib quyuladir.
Xush hunar, san’at bilan tanilgansan,
Men emas, olam senga qoyil erur.
Taomlar, mevalaring shuncha shirin,
Jannatning ne’matidek tuyuladir.
G’ururim, shag.katimping toji sen,
Daydimasmiz, birligimiz boshi sen.
Kul, Qashqar zamon bersin farog’atdan,
Bu kulgung to abad hech uzilmasin.
Tojingda yoqut jomday ziynatlaring
Saqlansin, to abad hech buzilmasin,
Xalqlaring o’sgin, deydi seni Qashqar,
Qanotlan, uchgin ko’kka qani, Qashqar.

1981

QABUL QILGIN SALOMIMNI

Sog’indim-ku, ona yurtim, janub — oltin diyorimni,
Ko’rishga shuncha termuldim go’zal yer, guluzorimni.

Qancha tunni uxlab chiqdim, go’zal tongni xayol aylab,
Simiray deb atir sochgan xush isli bog’-iforimni.

Bugun kelganda shu fursat sel bo’lib shodligim toshdi,
Rohat qildim yegandek zo’r shirin-sharbat anorimni.

Salom deyman, go’zal Torim, aziz Qashqar, Xo’tan, Korla,
Salom aytib mard dehqonlarga egay qaddu chinorimni.

Kelayotir, ana, bildim elimning shavqidan kulgu,
Chamanzor bo’yicha topdim dilimga chin oromimni.

Kular muz tog’ etagida bulutni haydagan cho’pon
Kuyiga jo’r qilay deb man olib keldim setorimni.

Yana Oqsuv — guruch koni, Qizilsuv — sut, qimiz yurti,
Qabul qilgin senga mehrim yurak kuyi salomimni.

BUYUK KITOB
(Yusuf Xos Hojibga)

Inson yaraldiki, qiladi fikr,
Fikrlar bilimning onasi, ayon.
So’ngsiz izlanishlar, so’ngsiz yengilish
Charxlab kelmoqdadir ongingni, inson.

Fikrlar dengizi ostiga sho’ng’ib,
Javohir topibdi bul Yusuf bobom.
O’n asr burungi inson fikrining
Javohiri bugun qildi bizni rom.

O’n asr o’tganda o’qib sevindik,
Donolik taxtida bobomiz sulton.
Fikrimiz yo’lini yoritib borar
Tol-tol nuri bilan chaqnagan cho’lpon.

O’n asr muqaddam yozilgan kitob,
Urgan deydi, bizga qilib chin xitob.
Ma’rifat ko’kida qanot qoqolsak,
Havo toza bo’lar, rohatbaxsh oftob.

Karim Bahriev va Muhammad Hamroev tarjimalari

ABLAT ABDULLO

09Ablat Abdullo 1944 yili G’ulja shahrida tug’ildi. Ha-hu, deguncha chillak otib, laylak uchirib bolalik o’tdi, – deydi shoir “Chidasang yasha…” nomli kitobi (Pekin. Millatlar nashriyoti. 2007 y.)ga yozgan so’zboshisida. U ilm osmonida parvoz qilsam, chet ellarda o’qisam, ishlasam, deb orzu qilardi. Biroq taqdir lavhi tasodiflarga to’la ekan. O’rta maktabni bitirib, ilm istab ko’kka qanot qoqqan Ablat Xanbin shahridagi sanoat karxonalaridan biriga borib tushdi. Nachora, shu korxonada hunar o’rgandi. Avval g’aznachi, hisobchi bo’lib ishladi. 1976 yildan esa Gunshiy radiotarmog’iga ishga joylashdi. 1983 yildan G’ulja radiostantsiyasi (hozirgi Ili xalq radiosi)da muxbirlik qila boshladi. Bu yerda u oddiy muxbir, muharrir, bo’lim mas’uli vazifalarida ishlab, 1997 yili nafaqaga chiqqan. Uning “Ilk muhabbati”, “Oq dala” (she’r va dostonlar), “Kumush uzangi”, “Dog’da qolgan ilk muhabbat” (hikoya va qissalar), “Qan’om botir”, “Shahzoda Darmon va malika Davron” (ertak va cho’pchaklar) nomli  kitoblari chop etilgan.Asarlari Qozog’iston, Turkiya, Rossiyada chiqadigan turli nashrlarda ham bosilgan.  Ablat Abdullo Uyg’ur avtonom rayoni yozuvchilar jamiyati, xalq adabiyoti vasan’atchilari jamiyati va Xitoy oz sonlik millatlar ijodiyoti ilmiy jamiyatning a’zosidir.

* * *

Yoshlik,
Ko’rdim, qanday baxtlisan,
Ilk ishq tuni – visol kechasi.
Xayollarim latif faslisan,
Tuyg’ularim nafis g’unchasi.

Yoshlikday keng
Yoshlikday ravon,
Muhabbatning go’zal ko’chasi.
Dilda ilhom, yurakka orom,
Ishq kechasi, ilk ishq kechasi!..

ISHQ

Maqtagulik go’zal emassan,
Biroq, tun-kun senda xayolim.
Go’zallarni pisand qilmasman,
Oromimni olding, xayolim.

Menga bayram, behad xushonlik,
Ro’baro’ kepqolsam yo’lingda.
To’xtatolsam shu lahza, onni,
Imkon bo’lsa uni uzaytsam.

Suluv raftor, fazilatlaring,
Xayolimga tikilgan kashta.
Baxt onlari, yoshlik bahori,
Bari-bari unga payvasta.

Meni buncha mahliyo etgan,
Qanday qudrat, sehr bor senda?
Javob berar sohir ko’zlaring:
“Ishqning asl gavhari menda…”

SOG’INISH

Seni olislarga kuzatib,
Bedapoyaga arqonlab otim.
Bir hazin, bir mahzun g’amlarga botib
Xun bo’lib dalalar do’lida yotdim.

Paykal jim-jit, borliq osuda,
Hazin bir navoni kuylab yotadir.
Qaydasan, shu topda, go’zal hurliqo?
Ko’nglingdan ne xayol, o’ylar o’tadi?

Eslayman, bir laziz, suygun damlarni,
Sevgidan porlagan charos ko’zlaring.
Izlayman, tevarak ko’nglimday yarim,
Xush kulib turganday, lobar yuzlaring.

O biroq, shu damda sen yo’qsan, yo’qsan,
Yuzlarim silaydi mehribon shamol.
Mana, yulduzlarga to’ldi osimon,
Meni yupatmoqqa chiqqanday, hilol.

Balki, ahvolimdan yulduzlar nihon,
Xabarlar topganmi, sendan – ishorat.
Mening ichu bag’rim kuyganda jizg’on,
Sening yuraging ham edimi pora?..

TOMCHI

Yomg’ir tindi,
Yaproq yuzida
Tomchi – marjon qoldi jimirlab.
U yaproqning quloqlariga
Qo’shiq kuylar, kuylar shivirlab:

“Seni dedim, tushdim arshdan,
Riyozatlar chekdim… Oshiqman…”
Yaproq kuldi, yuzi yorishdi,
Kumush tomchi aytgan qo’shiqdan.

Ki, nogahon quyosh porladi,
Marjon tomchi ketdi parlanib.
Endi… yaproq uni chorlaydi,
Tomchisini qo’msar, zorlanib…

VATANIM, SENI

Sehri ila tabiat agar,
Daraxt qilib yaratsa meni.
Shu ondayoq tomirlarim-la
Quchar edim, Vatanim, seni.

YO, sharqiroq soy bo’lib qolsam,
Bag’ringda oqardim, o’ynoqlab.
Taft-mehringdan parga aylansam,
Yog’ar edim yomg’irlar bo’lib.

Bo’lib qolsam bahor shamoli,
Sochlaringni suyib tarardim.
Gar ko’kdagi yulduz bo’pqolsam,
Jamolinga to’ymay qarardim.

Kuylar edim, iftixorlanib
Insonman deb, – senda to’ralgan,
Yashayapman, mehringga qonib,
Erkalatding tug’ilgan ondan.

Vatan, mening taqdirdoshimsan,
Mehribonim o’zing toabad.
To tirikman, o’chmagay aslo,
Yuragimda yongan muhabbat!

LUTFULLA MUTALLIP XOTIRASIGA

Bu havoyi gapmas: Shoir – el dardi,
Tiyra hayotidan ash’oriy nafas.
Lutfulla alami uyg’urga doir,
U shu xalq o’g’loni, bulbulidir, bas!

Uni Navoiy deb aytmayman, ammo,
Izin bosmaganlar yuragimga yot.
Ko’milib ketmagay tuproqqa, illo,
Lutfulla umridek jangovar hayot.

G’amgin bir hislarga botib qolaman,
Ul mudhish yillarga tashlasam nazar.
Qora tun qo’ynida yaraqlab edi,
Erksuyar bu o’g’lon, misoli xanjar.

Olis xotiralar… G’o’r bola edim,
Yodimdan o’chmaydi mash’um bir qissa.
Shoirni jodiga bosdi, degan kun,
Men tirik alamga aylandim, g’ussa…

Ko’z yumdi bir botir – yillar kuychisi,
Itlar yalog’iga boqmagan Arslon.
Bir dong’il “Shovqinli daryo”* quridi,
Undan tanib qoldi o’zini zamon.

Maktabdan bilardim “O’tar yoshlik…”*ni,
Uyg’otdi qalblarda ilmga havas.
Qora yuraklarni dahshatga soldi,
Hasad bandalari tortdilar uvvos…

“Muhabbat – nafrat”*ni o’qirdim to’lib,
Shul zamon ilkimdan oldilar tortib.
Yurakda dard bo’lib, dilda dog’ bo’lib,
Ul tutqin yillar ham qoldilar ortda.

Sog’indim, Mutallip, sog’indim seni,
Xotirlab qo’shiqlar kuylolmadim, oh!
Bo’ynimga arqonlar tashlangan yillar,
Hatto, cho’pchak to’qish sanaldi gunoh.

Quturgan qashqirlar uv torta, dedi:
“Yo’qot, Mutallipni yorug’ dunyodan!..”
Yo’qoldi. Yitmadi va lekin yodi,
Chunki she’r san’atin gultoji edi.

El uni ardoqlar – toki millat bor,
Xalq qalbiga jo u bitgan qo’shiqlar.
“Yillarga javob”ni avlodlar yodlar,
Shoir Mutallip bo’p kuylar oshiqlar.
______________
* Shoir Lutfulla Mutallipning kitoblari.

 

SHOIR HAYOTI

Shoir umri…
Mayli, bo’lsa qisqaroq,
Yozg’utlari o’lmasa bu – omaddir.
Naql borki, shoir xalqi qarisa,
Shuhrat, unvonlarga qul bo’p qoladi.

Muhabbat lazzati intizorlikda,
Intizor qalblarda tug’ilgay navo.
Hayot o’nqir-cho’nqir, qiya, rostlikdir,
Mayli, shoir umri bo’lsin qisqaroq…

Faqat, yozg’utlari bo’lsin, umrzoq…

BEVANING DERAZASI

Yigit bo’lsang…
Nor yigit bo’lsang,
Ikki o’t orasida qolgan
Bevaning derazasin chertma,
Uzma, hazin xayollarini.

Ikki o’t orasida
Taqdir bilan yuzma-yuz qolgan,
Ashklari-la alamin yuvgan
Juvon oru nomusin aya!..

Ha, u suluv, u suluv edi,
O’t solgandi ne-ne yurakka.
Faqat bir yor asiri edi,
Kimlarga xor endi u, yakka…

Ha u go’zal, ham mag’rur edi,
Olami ham o’ziday go’zal.
Biroq, taqdir beshafqat keldi,
Yulib ketdi barini… Ajal!

Ana u, ana u…
Titrab qaqshar,
Kesakiga yuzini bosib.
Yigit bo’lsang, nor yigit bo’lsang,
Bemahalda chertma darchasin.

SUV BO’YIDA

O’ltiribmiz, yelkama-yelka,
So’z sig’maydi o’rtaga, zinhor.
Ikki… volang, hay, baxtli ekan,
Nima uchun yig’laysan, bahor?

Uyg’ur tilidan Abdunabi Boyqo’ziev tarjimasi

BUG’DO ABDULLA

09Bug’do  Abdulla 1941 yili Qashqarning Yengisar tumanida tug’ilgan. 1965 yili Shinjon universitetining adabiyot fakultetini bitirgan. Hozirda Shinjon universitetida ishlaydi. Asarlari 1956 yildan e’lon qilina boshlagan.
Mashhur kitoblari: «Yelkan», «Qiz qal’asi», «Yozuvchilik bilimi» (ilmiy asar), «Yozuvchilik mahorati» (ilmiy asar). Uning ayrim asarlari mamlakatldagi oz sonli millatlar adabiyoti bo’yicha «Tulpor» mukofotiga, Shinjon «Tangritog’ adabiyot va san’at mukofoti»ga sazovor bo’lgan.

DENGIZ, YAPROQ, SOHIBJAMOL

Dengiz…
Uni yashil yaproq deyar emishman,
Go’zalim turganmish ustida.
Men sohildan ko’rib,
Hayron bo’lar emishman.
Go’zalim qo’lini qanotdek yoyib,
Mahkam turarmish.
Bir zumdan keyin
u o’zini suvga otarmish.

Oh, menga jabr!
Yuragim qinidan chiqquday…
Vaqt o’tar emish,
Ichimni it tatalar emish,
U ko’rinmasmish,
Ko’rinmasmish hech!
Nogahon
Otilib chiqqanmish sohilga,
Qo’llarida qadimiy shamshir…

Uyg’ondimu bildim:
Bu tushim.
Dedim:
Gavhar — mangu gavhar.
Shamshir — qadim javohir.
U hamon qadrli
Suv ostida ham,
Yer ustida ham…

Emin Usmon nashrga tayyorlagan

ABDURAHIM ABDULLO

09Abdurahim Abdullo 1954 yili Oqsuv viloyatining Kelpin tumanida tug’ilgan. 1983 yili Shinjon universitetini tamomlagan. Uning “Oh, otalar”, “Ishqnoma” nomli she’riy, “Dovonli yo’llar”, “Bo’ynoq” kabi qissa va hikoyalar to’plamlari nashr etilgan. Hozirda Shinjon Un-sin nashriyotida ishlaydi.

TEMIRCHI SANDONIDAN TARALGAN SADO

Nolakor bir sado quchar falakni,
Yuragim uvishib, to’xtaydi qonim.
Shunchalar kuchli u, shunchalar achchiq,
Bamisli tutqunning ohu afg’oni.

Yuzlandim shu ovoz kelgan tomonga,
Meni hayron etdi ajoyib bir sir.
Ovoz ham to’xtadi, turibdi ana,
Uchoqda lag’cha cho’g’ — bir bo’lak temir.

Qiynoq xonasini eslatdi menga,
Asboblarga to’la qop-qora do’kon.
Uchqunlar sachraydi taraf-tarafga,
G’olib va mag’lublar ko’tarar chuqon*…

Bir qisqich temirni olib sandonga,
Alpkelbat temirchi urdi ayovsiz.
Sandon ham bolg’acha bermoqda madad,
Ezildi zarbadan temir majolsiz.

Angladim, temirni o’tda yumshatib
Itoat ilkiga olgan ham temir,
Qisqich ham temirdir, bolg’aga sodiq,
Afsuski, sandon ham, bolg’a ham temir.

Angladim dunyoning ko’hna sirini:
Yot zarbasi mardga hechdek tuyular,
Og’riq qaqshatardi suyak-suyakni,
O’ziniki bo’lsa urgan qo’l agar.

Chin botir jallodga aslo yalinmas,
Kesilgan tomirdan qonlar sharqirar.
Bilsa gar do’stining sotqinligini,
Ko’kning pardasini yirtib baqirar.

Insofga undayman do’stlarimni men,
Alaflar bosmasin gulgun bog’imiz.
Ezilgan yurakni ezmaylik battar,
Birimiz sandondek, bolg’a — birimiz.
__________________
* Chuqon — shovqin-suron.

Emin Usmon nashrga tayyorlagan

ISHQNOMA

Qismatim shundoqmikin g’amlar menga kam bo’lmadi,
Tushdi boshga yangi savdo eskisi g’am bo’lmadi.

Tegdi g’oyibdan kelib boshimga sevgi chaqmog’i,
Dam-badam kuydirdi tinmay menga bir dam bo’lmadi.

Lablaring sharbatidan yayradi jon-tan mast bo’lib,
Unga teng kelguday bu olamda zam-zam bo’lmadi.

Gulga to’ydursam yoshimni g’uncha bo’ldi qip-qizil,
G’uncha bo’ldi lek yoshim gullarga shabnam bo’lmadi.

Sog’inurman tunu-kun nimjon ilondek tolg’onib,
Yeganim ovqat – zahar osh – tuzda hech ta‘m bo’lmadi.

Dili zardob, tani yong’in, cho’lda majnun men shu dam,
Necha Luqmon dorisi dardimga malham bo’lmadi.

Tunda bedormen hamon zoriqib yor vasliga,
Ko’zlarim yulduz, goho kipriklarim jam bo’lmadi.

Termulub yorim tomon bag’rimda qon-qon yig’lasam,
Voh ajabkim bag’ri toshning ko’zlari nam bo’lmadi.

Bul ishq uchun bir umr yig’lab yashashga roziman,
Ming baxtdan bu azobning lazzati kam bo’lmadi.

* * *

Yor debon oh urganim toshlarda vulqon bo’ldi-ku,
Ohlarim chaqmoqlari soylarda gulxon bo’ldi-ku.

Yor desam yor vaslini ko’rsam xayolan dilbarim,
Tilga olsam nomini dardimga darmon bo’ldi-ku.

Zoriqib yor vasliga o’tgan visolsiz kunlarim,
Sevgi savdo bobida tillarda doston bo’ldi-ku.

Ko’zlarim to’fonidan ketdi kipriklarim oqib,
Har yoli shamshod bo’lib cho’llarda bo’ston bo’ldiku.

Nur sochib tun bag’rida yongan bedor ko’zlarim,
Jilvalab sevgim kabi tonglarda cho’lpon bo’ldi-ku.

Boshqalar cho’zsa gul, cho’zdim yuragimni anga,
Yor uchun yongan yurak tunlarda gulxon bo’ldi-ku.

Yor ketip, mungga botib qoldim yagona qabrday,
Yoshlarimning donasi tuproqda marjon bo’ldi-ku.

Uyg’urchadan Asqar Abdukarim tabdili

MUXTOR MAQSUD

09Muxtor  Maqsud 1957 yili Xo’tan viloyatining Guma nohiyasida tug’ilgan. 1983 yili Shinjon universitetining adabiyot fakultetini tamomlagan. Uning “Oshiqlar siri”, “Tanho qayiq”, “Iloha cho’qqisi” kabi she’riy kitoblari chop etilgan.

MAQOM

Yozning behol oqshomlarida
Zil sukunat olganda quchib
Olislardan kelasan uchib,
Orzularga to’lgan xayolim.
Yuksalasan arshlardan osha.
Umidlarim niholi so’lsa,
Obihayot bo’lib oqasan,
Tomirimda o’tlar yoqasan.
Chechaklarga to’ladi olam
Va hayotga masrur boqaman.
Horib qolsa olis safarda
Egarlayman uchqur otlarim
Va tushimda tishlab ontlarim
Manzilimga albat yetaman
Qayrilsa-da qo’sh qanotlarim.
Sen quyoshdan taralgan navo,
Ko’z yoshiyu isyonkor da’vat,
Mayoqdirsan yonguvchi abad.
Har nafasing umid rishtasi,
Kuylatguvchi o’tli muhabbat.

UFQ

Ufq adashtirdi
Chirmab meni pardalariga,
Olagovgum
Sudrab kirdi tun qo’yniga tez.
Ora-chora chaqnagan yulduz
Ko’zlarimdan olib qochdi nishonni.
Xira tushlarim
Solib meni taxtiravonga
O’ynatmoqda vaznsizlikda.
Quyosh
meni olqishlarmi
Yoki
O’zimga sira ham o’xshamaydigan
Soyamni?..

SOYAM

1

Soyamni izlab ketyapman,
Izlab ketyapman
Shahid bo’lgan quyoshni
Ufqlar tomon.

2

Soyam
Singib ketgan chog’i yo’llarga.
Ko’milgan chog’i
Xira nurlarga.

3

Soyam
Ketgan balki quyoshni izlab,
Kelar uni boshlab bir kuni
Yutoqqan ufqni qabrga tashlab.

Emin Usmon nashrga tayyorlagan

FARHOD ILYOS

09Farhod Ilyos 1964 yili G’ulja shahrida tug’ilgan. 1987 yili Pekin markaziy millatlar universitetini tamomlagan. “Cho’g’ so’ragan bola”, “Go’lib tashvishlar” kabi she‘riy va bir qancha hikoya va romanlari nashr etilgan. U bir qancha chet-el yozuvchilarining she‘r, hikoya va qissalarini uyg’urchaga tarjima qilgan. Hozirda Shinjon maorif nashriyotida ishlaydi.

ILTIJO

Chanog’imga marvaridlarni soling,
baliqlarim,
Yaralsin yangi-yangi cho’pchaklar.
Bo’ynimga osinglar tumor qilib
qoyatoshni,
Tirilsin to’ngib qolgan nafaslarim.
Tomirlarimga, bog’lang
bulut-chaqmoqlarni tutib,
Mayda-chuyda hislarim
Qizarib pishsin…

Emin Usmon nashrga tayyorlagan

ABDUQODIR JALOLIDDIN

09Abduqodir Jaloliddin 1964 yili Qashqar shahrida tug’ilgan. 1986 yili Qashqar pedagogika institutini tamomlagan. 1988 yildan Shinjon maorif institutida institutida, 2009 yildan Shinjon pedagogika universitetining adabiyot institutida ishlab kelmoqda. Abduqodir Jaloliddin she’r, maqola, tarjima va darsliklardan iborat 20 dan ortiq kitobning muallifidir.

SEMURG’ QO’SHIG’I

1

Qayga olib ketdi yo’llar giryon boshimni,
To’zon ichra qoldi hazin qo’ng’iroq uni.
Pora-pora bulutlarning sovuq yoshini,
Yashirmoqda tunda uchgan kuzning epkini.
Izlab ko’hna maskanini ko’chdi yolqinlar,
Ko’chamdagi ulkan toshga aytib sirini.
Xo’sh, deb asta tog’ ortiga ketgan o’rmonlar,
Tushlarimga yubormoqda yaproqlarini.
Xushbo’y atr qutilardan cho’zib bo’ynini,
Qorli toqqa tikilmoqda ziyoda sumbat.
Olib ketdi toshqin suvlar yiroqqa meni,
Chumchuqlarning izlarini etganimda yod.

2

Ko’ksimizga urib qat-qat yashil to’lqini,
Nechun kunduz otashida o’chdi yulduzlar?
Shafaqlarning to’lqinida uchar kipriklar,
Ko’rsatmaydi qorachug’in nechun sho’x qizlar?
Och qirg’oqlar bir-biriga silkitishsa qo’l,
Chaqnar gavhar behush oqshom istaklarida.
Asalari ketdimikin tunashga bugun,
Qora tunning titrab turgan chechaklarida.
Bog’lar nechog’ unutdilar tog’lar kuyini,
Yetar sarob to’lqinida yashnab saqich o’t.
Ko’m-ko’k o’tning zumrad ichra qilgan o’yinin,
Pichir-pichir maqtashadi sho’x kizlar behud.

3

Qudratini ko’rsatmaydi nechun koinot?
Nechun buncha lazzatlidir ishqning mevasi?
Qay mahalda qilgan ekan ko’zlarni vatan.
Uchqunlardan libos kiygan hayot sevgisi?
To’fon suvi poklamasa dunyoni agar,
Yaltirarmi iloh nuri toblagan imon?
Kun kechirar botqoqlarga belanib bu chog’,
Qurtlab bitgan yuraklardan zerikkan vijdon.

4

Kumush tog’lar shovqin solib oqqanda dilga,
Sirli darcha soya tashlab jilmayar nega?
Ko’k qa’rida arg’amchidek silkingan chaqmoq,
Haroratli gavdasini otadi yerga.
Chanoqlarning burchagida yotgan umidlar,
Karsillagan muz ustida o’t yoqar shodon.
Tumanlarga singiganda gulsafsar hidi,
Yuksaklarga olib qochar yulduzni osmon.
Tomar yomg’ir tomchilari — billuriy shoda,
Teshilmoqda tosh haykalning bahaybat kafti.
U dunyoning yuragini ulab hayotga,
Ildizlarga yugurmoqda o’ylarim tafti.

5

Xayolimda barxanlarni yutgan quyunlar,
Yurib ketdi meni kutib turgan shom go’rga.
Qo’llarimda hilpiragan farang ro’mollar,
Shu’lasini yog’dirmoqda sahroyu cho’lga.
Unutilar moziylarda xaroba shahar,
Qishloqlarga bormoqdaman visoling istab.
Ravon yo’llar, shinam qasr, oppoq piyola,
Icholmadim sharobimni qo’llarim titrab.
Bo’lib go’yo biyobonning quvnoq yulduzi,
Simirmoqda oy nurini ho’mraygan toshlar.
Shuvoqlarning yuzlaridan bo’lib qalbim mast,
Yostig’imga tomib ketdi ko’zimdan yoshlar.

6

Qumliklarga mening nomim yozildi qachon?
Bilolmadim shamollardan so’rab sirini.
Qaysi tilda dardin aytdi chinordek tug’roq*,
Tushunmadim yaproqlarning shivirlarini.
Bulutlarning ko’rfaziga ko’chgan oqqushlar,
Tashlab menga patlarini, yo’qoldi qayon?
Bu dunyoning shuncha cheksiz jimjitligida,
Mening nomim asta-sekin bo’lmoqda ayon.
Sokin sahar qirg’og’ida bitgan chug’luqni*
Ko’rolmadim opkelsa-da atay uzib shom.
Ikki hayot sarhadida turibman yolg’iz,
Etaklarin ho’llamokda bu tanish oqshom.

7

Shovqiningni izlab kelsam qatra yoshingda,
Egib nozik bellarini tebranar gullar.
Sening jonbaxsh nafaslaring singigan havo,
Hasan-Husan shu’lasida titraydi unlar.
Seni quchib yiroqlarda o’ynatgan qayiq,
Ko’rinmaydi jimirlagan ko’lning yuzida.
Shabnam tushgan chamanzorda o’ksik tuyg’ular,
Qilmoqdalar ushbu sahar ko’nglimni zada.
G’ofillikning to’lqinida ketgan shu kecha,
Tush ko’ribman momiqqina oy quchog’ida.
Sochlaringning shamollarga to’kilgan ohi,
Qotib kolti yulduzlarning ko’z chanog’ida.

8

Ko’nglim nurlar dastasiga uzatganda qo’l,
Xotirada uyg’onadi sehrli kecha.
Ajir olib yurganimda mahallang tomon,
Miltiraydi xira chiroq tumanlar ichra.
Butun shahar zulumotga cho’mganda g’amgin,
Tuyg’ularim yuvilmoqda poklanib bir qur.
Yolboraman qimirlamas bitta pardaga,
Derazalar tikilsa-da men tomon yovqur.
Tug’ildim men sahar bilan bo’lib egizak,
Ona bo’ldi shundan beri menga shu kecha.
Ajir olib qaytganimda mahallam tomon,
Miltirardi yashil chiroq tumanlar ichra.

9

Kutaverib toqatlarim toq bo’ldi oxir,
Shan deb boqdim o’limlarning oppoq tug’iga.
Charchab ketdim, yopinchig’in tashlasin osmon,
Uyg’otmanglar, uxlab qolsam qilich tig’ida.
Qalblarimiz hayot uchun intiq, xumordir,
O’ynatmoqda arvohini dengiz betida.
Tirigimda hamroh edim sizlarga har choq,
Vido aytdim tiklanganda menga obida.
________________
* Tug’roq — dasht-sahrolarda o’sadigan chinorsimon daraxt.
* Chug’luq — tog’ tepasida bitadigan cho’g’dek qip-qizil gul.

Emin Usmon nashrga tayyorlagan

AHMADJON USMON

09Ahmadjon Usmon 1964 yili Urumchida tug’ilgan. 1987 yili Damashq universitetining (Suriya) arab adabiyoti fakultetini tamomlagan. Uyg’ur tilida “Uyg’iur qizi lirikasi”, arab tilida “Toylar siri” kabi kitoblari nashr etilgan. Ahmadjon Usmon uyg’ur modern she’riyatining mashhur vakillaridan biri. Hozirda Kanadaning Toronto shahrida istiqomat qiladi.

OSHIQ QASIDASI

1

Ufq…
Olagovgum ko’ynida nur.
Yonog’ida tomchi chirmovuq gulning,
Chamanlarda yam-yashil yomg’ir.

2

Tug’ildim,
Olagovgum bilan egizak edim.
Qo’shiq aytdim yomg’irni kuylab,
Bolalik chog’im…
Shu’la ko’rsam yiroqdan
Yugurdim unga.
Oshiq bo’ldim chumchuqlarga,
Chumchuqlardek
Uchsam, dedim yiroqlarga.
Terdim tollarning
To’kilgan yaproqlarini
Anhor bo’yida.
Ko’rdim tushimda yulduzlarni
Uxlab kolsam govgum qo’ynida.

3

Ufqda nur.
Yonog’ida jilva chirmovuk gulning.
Singib ketdim tuprokka,
Yer ostida kuchoklab meni
O’ladi yomg’ir.

ONA QASIDASI

1

Haqqushmikin qo’ngan
Shoxiga labingning?
Uchdimi olib
Qoldig’ini marjonlaringning?

2

O’qib chiqdi Cho’lpon
Qancha cho’pchakni
Nomozshom gulidek so’lgan ko’zingdan.

3

Aytgin-chi, nechun
Bo’zaradi qorning yuzi,
Boqqanida har safar
Oqligiga sochingning?

4

Rostmikin, ona,
Dog’ tushdi, deydi
Yuziga oyning —
Hasratida
Uchib ketgan go’zalligingning?

5

Bir kun
Izlab kelsa seni farishta,
Ketarsanmi emizgani
Bolalarini jannatning?
Yig’larmikin parizod
O’tib olib quyosh ortiga
Ro’mol qilsam deya
Kafaningni?..

6

Ona!..
Ko’tarolmas kabringni tuproq!..

CHO’G’

Cho’g’man,
kulga ko’milgan.
Tag’in yongum gurillab.
O’chmaganman, o’tman, yog’duman,
Eh, sen, shamol,
Oh, yolg’iz umid!
Qalbim ufqlarida
Bir sen qolding yulduzdek chaqnab.
Kul ostida o’chaman oxir,
Yoki yongum mangu lovullab.

Emin Usmon nashrga tayyorlagan

088

(Tashriflar: umumiy 1 075, bugungi 1)

Izoh qoldiring