Yusuf Xos Hojib. Qutadg’u bilik. 26-30 boblar. Emin Usmon tarjimasi

kitob     БУ БОБЛАРДА БЕГЛИККА МУНОСИБ БЕГ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ, БЕГЛАРГА ВАЗИР БЎЛГУВЧИ КИШИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ, ЛАШКАРБОШИ ВА СИПОҲИЛАР ҚАНДАЙ БЎЛИШИ, УЛУҒ ҲОЖИБ ҚАНДАЙ КИШИ, ЭШИК ОҒАСИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ БАЁНИ АКС ЭТГАН.

001

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ
ҚУТАДҒУ БИЛИГ
Қадим туркчадан Эмин УСМОН таржимаси
09

ЙИГИРМА ОЛТИНЧИ БОБ
БЕГЛИККА МУНОСИБ БЕГ ҚАНДАЙ
БЎЛИШИ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

1924. Элиг айтди: Билағон, доно кўзим,
Энди айтай сенга дилдаги сўзим.
1925. Бир Оллоҳ яратди одам боласин,
Улуғин, кичигин, ёмон, яхшисин.
1926. Билимли, билимсиз, фақир, бадавлат,
Оқилу ақлсиз, жоҳил, беиллат.
1927. Кўпга бош бўлмоққа қандай бег керак,
Ном қозонсин, ишига ривож керак.
1928. Эл-юрт обод бўлса, бойиса будун*,
Яхши ном козонса, кўпайса будун.
1929. Дуру жавоҳирга тўлса хазина,
Ёв боши янчилса, йўқолса фитна.
1930. Илки кучли бўлса, йиғса зўр қўшин,
Илм бирла юритса қонуну йўсин.
1931. Топиб шуҳрат, дунёга ёйилса оти,
Улуғ бўлиб кун сайин ортса қути.
1932. Узоқ йил яшаса роҳатда омон,
Фидо бўлса жонлар, у сурса даврон.

[*] Будун – халқ

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1933. Жавоб берди Ўгдулмиш, деди: Элиг,
Сўради мендан жуда мушкул билиг.
1934. Бу беглик ишин ҳамма беглар билар,
Қонун, тартиб, расм-русум улардан келар.
1935. Туғилади у онадан бег бўлиб,
Билар яхши ишни, ўрганар кўриб.
1936. Беглик ишини кимга берса Худо,
Шунга мос ақл-ҳуш, кўнгил этгай ато.
1937. Кимни бег қилишни истаса Худо,
Заковат, уқув, қаноат этгай ато.
1938. Беглик мартабаси бегларнинг иши,
Уни билар бегликка етган киши.
1939. Бу ишни элиг мендан яхши билур,
Отаси бег эди, ўзи бег эрур,

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

1940. Элиг: Уқдим сўзингни чиндир, деди,
Рост айтдинг, сўзингнинг ифордек ҳиди.
1941. Иш қилгувчи ишнинг йўриғин билар,
Яхши-ёмонлигин кузатган билар.
1942. Мен иш қилгувчиман, сен кузатгувчи,
Кузатгувчидан ўрганар иш қилгувчи.
1943. Худо берди сенга ақл-идрок, кўнгил,
Заковат, билим бирла бўлдинг омил.
1944. Ёшлигингдан бошлаб хизматим қилдинг,
Адолат қонунин ўрганиб билдинг.
1945. Барча ишни уқиб, мағзига етдинг,
Амалу тилингда жон фидо этдинг.
1946. Меҳр кўрсатганга киши айтар сўзин,
Меҳрибон бахш этар кишига ўзин.
1947. Меҳринг учун умид боғлайман сенга,
Садоқат-ла сўзлар мағзин чақ менга.
1948. Нима дер эшитгин меҳрибон киши,
Меҳру шафқат одамгарчилик боши.
1949. Меҳрибон кишини алқар оқиллар,
Меҳру шафқатлини кўп азиз билар.
1950. Меҳрибон топсанг қалб тўридан жой бер,
Ақлу билим таълим бериб шундай дер.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1951. Ўгдулмиш жавоб берди: Доно элиг,
Тинч-омон яша, узун бўлсин илик.
1952. Бегликка аввал зоти поклик керак,
Ботирлик, куч-қувват, жасорат керак.
1953. Ота насаби улуғ бўлса гар бег,
Ўғил ҳам бег бўлар оталаридек.
1954. Бег ақлли, билимли бўлмоғи керак,
Саҳоватли, хушфеъл бўлмоғи керак.
1955. Билим бирла беглар элга бош бўлар,
Заковат-ла эл-юрт ишларин қилар.
1956. Бегнинг номи билим-ла боғлиқ эрур,
Билиг ломи кетса бег номи қолур*.
1957. Бег оқил, билимли бўлмоғи зарур,
Лек илмли кишининг ёви кўп эрур.
1958. Нима дер эшитгин билим олган эр,
Кўпни кўрган ҳамда кўпни билган эр:
1959. Зийрак бўлсин беглар, билимдон, закий,
Бехос бало-қазо етмагай токи.
1960. Феъл-атвори эзгу, юмуши ардам,
Ўзин тутса яхши ном бўлар ҳамдам.
1961. Одам боласи асли улуғ эрур,
Кўр, билим бирла кўпга сарвар бўлур.
1962. Асли зоти яхшидан асл туғилар,
Яхшилик туфайли тўрдан жой олар.
1963. Беглик муқаддас ишдир, софлик лозим,
Софлик-ла эл аро зийраклик лозим.
1964. Эл сарвари бўлсин баҳодир, абжир,
Сўнг улуғ ишларга қўл урса арзир.
1965. Эшитгин Ўтукан** беги нима дер,
Хар бир сўзни пухта ўйлаб айтган эр:

[*] Л ҳарфи арабчада лом деб ўқилади. Билиг сўзи эски ёзувда учта ҳарфдан иборат. Агар лом тушиб колса, бег ҳосил бўлади
[*] Ўтукан — Кўк туркларнинг Ўрхун водийсидаги ота макони

1966. Юртнинг беги сара бўлмоғи керак,
Тил, дили туз, хушфеъл бўлмоғи керак.
1967. Оқилу билимдон, комилу етук,
Кенг феъл, саҳоватли, кўзи, кўнгли тўқ.
1968. Яхшилик қилмоққа қўл бўлсин узун,
Ҳаёли, феъл-атвор, одоби мавзун,
1969. Эл-юртга муносиб бундай бег — улуғ,
Ундан тарқар яхши бир авлод — уруғ.
1970. Илм-ла бошлар инсон иш кушойишин,
Ақл — идрок-ла қилса, ўнгланар иши.
1971. Илм барла бошқарар элини беги,
Ҳеч ишга етмас илмсиз ақли – ўги.
1972. Гар беглар янглишса ишида алҳол,
Беглик бемор эрур, давола дарҳол.
1973. Бу дарднинг давоси ақл-идрок, билим,
Ақл бирла давола, хулқи мулойим.
1974. Бег оқил, билимли бўлмоғи керак,
Дардни шулар билан даволаш керак.
1975. Билимдон, ақлли, доно бўлса хон,
Обод бўлар албат ҳар икки жаҳон.
1976. Икки жаҳон бахтини топгаи киши,
Шод бўлар, саодатдан чиқмас боши.
1977. Шоир бунга монанд айтибди бир сўз,
Бу сўзнинг маъноси билимсизга кўз:
1978. Менга очиғин айт, фароғатли ким?
Инсонлар ичра бахт-саодатли ким?
1979. Еб-ичса, ҳадя берса, яшаб бахтли,
У дунёда ҳам бўлар тожу тахтли.
1980. Хушфеълу хушхулқ бўлса бег агар,
Кунлари шод-хуррамлик билан кечар.
1981. Худо кимга берса одобу аҳлоқ,
Эзгуликнинг йўли очилар мутлоқ.
1982. Бу неъмат-ла дунё уники бўлар,
Хоҳ барин олсин, хоҳ улашса бўлар.
1983. Ҳақ қулига қутли фазил бахш этар,
Хулқин гўзал, ишларин тугал этар.
1984. Эзгу одоб, касб-кор лозим минг туман,
Обод бўлса шаҳар, кент, тарқаб туман.
1985. Феъл-атвор эзгуси нақадар яхши,
Яхши феъл-атвор инсоннинг нақши.
1986. Худо қилса кимнинг феълини ёмон,
Ўқи бирла уни ранжитар замон.
1987. Қайси бегнинг ножўя феъл-атвори,
Иши чаппа, забун бўлар аҳволи.
1988. Бег албат тақволи, хуснихулқ бўлсин,
Зоти тоза, ўзи ҳам покдомон бўлсин.
1989. Тақводор қалби Ҳақдан қўрқиб турар,
Бу зот беглик ишин тўғри юритар.
1990. Бег тақводор, софдил бўлмаса агар,
Қилмишлари нопок, нуқсонли бўлар.
1991. Бег ақлли бўлсин юритмоқ-чун ишин,
Ўнгланар билиб тутса ҳар иш бошин.
1992. Ақллилар ўхшатиб юритар ишин,
Йироқ тутмоқ лозимдир нодон кишин.
1993. Фойдасиз эрур кўз, кўнгил бўлмаса,
Кўнгилнинг ороми йўқ, ақл бўлмаса.

1994. Нима дер эшитгин, эй элнинг боши,
Дили равшан сабрли, синалган киши:
1995. Агар қай кишида бўлса заковат, ақл,
Уни эр сана, мақта, айлагин нақл.
1996. Ақл, заковат, илм кимда бўлса етук,
Гар ёмон мақта, улуғла гар кичик.
1997. Инсонга нечоғли бахт ақл-заковат,
Ақли бор мақталар, топар саодат.
1998. Шошқалоқлик барча нарсага ёвдир,
Ҳовлиқма бўлса бег: юзи қорадир.
1999. Ховлиқиш, енгиллик ҳамда жаҳолат,
Нодонлик нишони, ярамас одат.
2000. Шошиб қилинган иш кўнгилсиз бўлар,
Шошиб еб ичилган ош, сув дард бўлар.
2001. Барча ишда босиқ, собир бўлиб тур,
Фақат ибодатга шошилиб югур.
2002. Инсофли, кўзи тўқ ва ҳаёли бўл,
Амал, сўзда очиқ юз, мулойим бўл.
2003. Сира тўймас бўлар кўзи оч киши,
Кўзи очга етмас бу дунё оши.
2004. Очкўзлик дард эрур, йўқ унинг эми,
Уни эмлай олмас бу дунё қоми.
2005. Барча оч еса, ичса охир тўяр,
Кўзи суқ очлигини ўлса қўяр.
2006. Кўзи оч ҳеч бўлмас дунё билан бой
Дунё молин йиғса, барибир гадой.
2007. Бег бўлмоғи лозим идрокли, омил,
Оқил киши бўлар безавол, комил.
2008. Беглар кўп ҳаёли ҳам фозил бўлар,
Ким ҳаёли феъли айнимас, тўлар.
2009. Кимда ҳаё бўлса, хушодобли ул,
Ножўя ишларга сира урмас қўл.
2010. Худо кимга берса ҳаё, фазилат,
Берар давлат, чексиз обрўю иззат.
2011. Ножўя ишлардан тиювчи ҳаё,
Бор яхши ишларга ундовчи ҳаё.
2012. Ҳаё — яхши зийнат кишиларга хос,
Ҳамда барча эзгу ишларга асос.
2013. Кўнгли тўғри, тили ростгўй бўлса гар,
Куни туғиб, элга фойда келтирар.

2014. Нияти бузуқ бўлса бегнинг ёҳу,
Ундан элга наф йўқдир, қўлингни юв.
2015. Феъл-атвор яхши, тўғри бўлмаса тил,
Бу элдан қочар бахт, тутиб бўлмас бил.
2016. Сўзида турмас бегга тутма умид,
Умринг зое кетар, қилар ноумид.
2017. Бўлмоғи керак бег зийрагу ҳушёр,
Ғофил бўлса бег, фитна бўлар бисёр.
2018. Элни маҳкам тутувчи икки жилов,
Хушёрлик, қонун — адл асоси иков.
2019. Қай бег хушёр бўлса, элин сақлади,
Ёвнинг бошин янчиб, бағрин доғлади.
2020. Қай бег тутса элда тўғри сиёсат,
Эл яшнар, ёруғликка чиқар албат.
2021. Беглик асоси шу иккиси албат,
Гар улар тугал бўлса, беглик абад.
2022. Нима дер эшитгин жасоратли эр,
Хушёр бўлиб, ёвни яксон қилган эр:
2023. Беглар, бўлсин десангиз элиг хушёр,
Бор элга одил боқинг, бўлинг хушёр.
2024. Беглар эли ортди хушёрлик билан,
Беглик завол топди ғофиллик билан.
2025. Хушёрлик билан янч ёвнинг бошини,
Адолат қил халққа тамал тошини.
2026. Бег икки нарса-ла беглигин бузар,
Кириб эгри йулга, ҳақ йўлдан озар.
2027. Бири ғофил бўлмоқ, биридир зулм,
Булар бирла бег элин этар мазлум.
2028. Истасанг гар ёғи бўйнини узиш,
Кўз-қулоқ бирла керак хушёр туриш.
2029. Хушёрлик бирла бег йўқотди ёғи,
Ғофиллик бирла бузди беглик боғин.
2030. Ғофил бўлса беглар иш битмас тамом,
Ғофилнинг беглиги этмайди давом.
2031. Хушёр киши доим ғофилни урар,
Ғофил бўлмаса ёв ким ҳужум қилар.
2032. Хушёр бўлса бег элга тегмас илик,
Тегса чора топар ақл-идрок, билик.
2033. Золим беглик давронини суролмас,
Халқ золимнинг зулмини кўтаролмас.
2034. Нима дейди тингла дононинг сўзин,
Золим ҳукмронлик қололмас узун.
2035. Зулм мисли ўт, ким яқинлашса куяр,
Адолат — сув, оқса неъматлар унар.
2036. Бўлай десанг элга узоқ ҳукмрон,
Туз тут низомни, элни асра ҳар он.
2037. Адолат-ла эл унар, тузалар жаҳон,
Зулм-ла завол топар, бузилар жаҳон.
2038. Кўп шаҳар бузди золим зулм била,
Тик туриб ўлди охир очлик ила.
2039. Кунглин тузаб, тутса одил сиёсат,
Беглик узоқ яшар, чекмас риёзат.
2040. Кўп ёмон бир ҳолдир, эй соҳибқирон,
Ёлғончи аталиб қолса агар хон.
2041. Сўзи чин бўлса бегнинг, гузал хулқи,
Ишониб, бахтиёр яшагай халқи.
2042. Ёлғончи кишилар вафосиз бўлар,
Вафосизлар юртга офат келтирар.
2043. Нима дер эшитгин вафодор киши,
Вафо эрур инсонийликнинг боши:
2044. Тили ёлғон эрнинг ҳар иши жафо,
Мол сифатдир кимнинг қилмиши жафо.
2045. Каззоблардан сен асло вафо кутма,
Бу кўпдан синалган ҳикмат, унутма.

2046. Эр бўлмоғи керак юрақли, ботир,
Жасур киши ёвга албатта татир.
2047. Лашкарбоши бўлсин жасоратли, мард,
Юраксизлар ундан олсинлар ибрат.
2048. Гар ёвқур қўрқоқларнинг бўлса боши,
Жасоратли бўлар албат бор киши.
2049. Ушбу сўз исботи бу байтни тингла,
Мағзин ақл, кўнгил кўзи билан англа:
2050. Агар итларга сардор бўлса арслон,
Итлар бўлар унга мос арслонсимон.
2051. Агар арслонларга ит бўлса сардор,
Арслонлар ҳам итга тенг бўлар мурдор.
2052. Бег учун саҳоват, хушфеъллик лозим,
Камтаринлик ҳамда ювошлик лозим.
2053. Саҳовати-ла беглар шуҳрат топар,
Улар номи-ла олам қарор топар.
2054. Мард йигитлар тўпланиб лашкар бўлар,
Лашкар билан беглар максадга етар.
2055. Тўплаб тарқатувчи эшит нима дер:
Жанг-жадалда йиғиб сўнг мардларга бер.
2056. Сахий бўл, инъом қил, ичир ҳам кийдир,
Камайса тортиб ол, сўнг яна едир.
2057. Ризқли, мард кишига дунё камаймас,
Оққуш палапонига дон камаймас,
2058. Қилич, болта, камон билан куч, юрак —
Бор экан сира ҳам қўрқмаслик керак,
2059. Жаҳонгир, оқил бег нечук йиғар ганж,
Лашкар қайда бўлса албат олар ганж.
2060. Юрт олиш учун кўплаб лашкар керак,
Уларни сақлашга мол-дунё керак.
2061. Мол-дунё йиғишга бой будун керак,
Элни бойитмоқ-чун туз қонун керак.

2062. Бундан бири бўлмаса, тўрти бўлмас,
Тўрти бўлмаса-чи, беглик ҳам бўлмас.
2063. Қозонмоғи-чун бег шуҳрат, яхши ном,
Беш нарсадан йироқ бўлгулик тамом:
2064. Бири — шошқалоқлик, бахилик — бири,
Учинчи — жаҳолат, қоч ундан нари.
2065. Тўртинчи — бадфеъллик, энг хунук ҳолат,
Бешинчи — каззоблик, номақбул одат.
2066. Булардан йироқ тутсин беглар ўзин,
Номи булғанмай, ўтсин деса сўзин.
2067. Булардан бузуқ феъллик беҳад ёмон,
Феълидан азоб чекар бадфеъл, нодон.
2068. Бунга монанд сўзни айтар бир шоир,
Унинг сўзин тутса ким сўзга бойир:
2069. Инсонга ёмон феъл оғир юкдир, бил,
Бадфеъл киши мисли копоғон ит, бил.
2070. Ёғи қилмас ишни шу феъли қилар,
Бу ҳам ёв, душмандан қандай фарқ қилар.
2071. Кўп элларни тутай десанг, эй элиг,
Учта ишни қилгин гар етса илик:
2072. Қилич тутиб, сермаб урса ўнг қўлинг,
Сўл қўл билан эҳсон айлагин пулинг.
2073. Тилинг сўзласа гар шакардек чучук,
Бўйин эгар қул, бег, улуғу кичик.
2074. Эй элиг, бегга бу нарсалар зарур,
Халқи эъзоз этса, ўрни тўр бўлур,
2075. Очиқ юз, чучук сўз, латиф феъл керак,
Феъли ҳам бунга мос бўлмоғи керак.
2076. Кўнгли юмшоқ ҳам қўли очиқ бўлса,
Шунга монанд меҳрибон, раҳмдил бўлса.
2077. У турли касб-корларни тугал билса,
Яроқсиз нарса ундан йироқ бўлса.

2078. Инсонлар оарвари, эл етуги у,
Нуқсонсиз, энг сара, комил инсон у.
2079. Олам аҳли унга буткул қул бўлар,
Топиб тилагин, оламга хон бўлар.
2080. Хунук юз, қўпол сўз, ғурур, манманлик,
Барчани бездирар — келар сарсонлик.
2081. Шошқалоқлик, енгиллик, кўпол ва шалоқ –
Тубанлар хулқи бу, қоч ундан йироқ.
2082. Авом хулқи бегга муносиб эмас,
Бегга юқса агар қадри бўлар пас.
2083. Қул рангги қорадир, беглар бўлар оқ,
Оқ, қора шу тарзда фарқ этилар, боқ.
2084. Етук бег бўлайин деса белгилик,
Эй номдор, фазилни маҳкам тутгулик.
2085. Ўзи бег, феъл-атвори бўлса қора,
Бўлар корадан ҳам ёмон эл аро.
2086. Бегнинг юзи кўркли, хушбичим бўлса,
Ўрта бўй, шуҳрати оламни тутса.
2087. Унга боққанларнинг меҳри товланса,
Фахрланса эл-юрт, боқиб қувонса.
2088. Ёвга беаёв бўлса, элпдек жасур,
Хусни кўрар кўзга бахш этса ҳузур.
2089. Ўта баланд бўйни хўп кўрмас билим,
Пак-пакана эса бўлмас хушбичим.
2090. Шундай экан ўрта бўй бўлган яхши,
Ўрта бўй ярашиқли бегнинг нақши.
2091. Не дер яхши-ёмонни кўрган киши,
Бошидан кўп ишни кечирган киши:
2092. Пакана нотавон, қилмиши ғазаб,
Қаерда жаҳолат, урушга сабаб.
2093. Ўрта бўйга феълинг муносиб бўлсин,
Эй доно, ҳар ишинг ўрта ҳол бўлсин.

2094. Бег фасодчи бўлмасин ҳам май ичар,
Бу икки қилмишдан бахт қочиб кетар.
2095. Беглар маишатга берилса агар,
Юрт хароб, эл қисмати забун бўлар.
2096. Жаҳрнгир айш-ишратга кўнгил берар,
Юртин бузар, гадоликда ризқ терар.
2097. Гар юмуш вақтида адо этилмас,
Қуш солиб изласа, қувиб етолмас.
2098. Нима дейди тингла таълим бергувчи,
Нодонни шаробдан сўкиб тўсгувчи:
2099. Май ичма, майпараст, эй нафснинг қули,
Май ичса очилар фақирлик йўли.
2100. Майхўр бўлса халқ совурилгай моли,
Қарор топгайми майхўр бегнинг эли.
2101. Май ёғидир, емиши олтин, кумуш,
Унинг иши жанжал, ёвлашиш, уруш,
2102. Маст киши албат ақлсиз, телба бўлар,
Телбанинг ишин кўр, қачон туз бўлар.
2103. Нима дер эшатгин хушёрнинг тили,
Амал қил бу сўзга, эй нафснинг қули:
2104. Қанча битар ишлар май сабаб қолар,
Не ножўя ишлар кайф билан бўлар.
2105. Май ичиб ишратга берилса гар хон,
Эс-ҳуш давлат ишига ортгай қачон?
2106. Май ичса не бўлмағур ишлар бўлар,
Кайф қилгач, қанча хайрли ишлар қолар.
2107. Фасод қайда бўлса, бахт қочар тўзиб,
Фасод юрар доим бегликни бузиб.
2108. Бахт покизадир, покликни тилар,
Давлат мусаффодир, софликни қўллар.
2109. Беги бўлса майхўр, қўпол ҳам бузуқ,
Пасткаш, ароқхўр бўлар халқи тўлиқ.

2110. Авомнинг номаъқул ишин бег тузар,
Гар бег номаъқул иш қилса, ким тузар?
2111. Нажосатни одам поклар сув билан,
Сув булғанса уни поклар не билан?
2112. Табиб дори берар биров оғриса,
Ким чора излайди табиб оғриса?
2113. Бегнинг иши, феъли тўғри бўлгулик,
Бегнинг хулқи элга бўлар йўл-йўриқ.
2114. Бег низом, қонуни қай йўсин бўлар,
Халқ шу қонун йўсинига мос бўлар.
2115. Қулоқ сол бу сўзлар исботдир унга,
Зеҳн солсанг маъноси кўп уйғун бунга:
2116. Беглар қандай йўлни тутиб юрса гар,
Улар йўлин тутар албат тобелар.
2117. Беги яхши, тўғри бўлса ишлари,
Яна яхши бўлар тобе кишилари.
2118. Такаббурлик бегга муносиб эмас,
Кибр адаштирар туз йўлдан абас.
2119. Саодат-ла беглар улуғ бўлдилар,
Ўзин кичик тутиб қутлуғ бўлдилар.
2120. Нима дер эшит фозил, яхши киши,
Элнинг сараси, доно ҳам бег киши:
2121. Ўзин катта олиб, чўнг тутса кўнгил,
Муқаррар кўрар у хорлик, эй ўғил.
2122. Кибр бирла кўкка чиқмайди киши,
Камтар бўлса агар бузилмас иши.
2123. Манманлик бефойда, дилни тўнглатар,
Кичик феъллик кишини улуғлатар.
2124. Мулойим ва юмшоқ кўнгил бўлсин хон,
Гар ундай бўлмаса қоч ундан шу он.
2125. Бег очиқ дил, мулойим бўлсин албат,
Гуноҳкорнинг айбин кечирсин ҳар вақт.

2126. Меҳр қўйиб, эл унга меҳрибон бўлар,
Меҳрибон кишилар меҳнаткаш бўлар.
2127. Юрт, боши бўлган бегга ҳиммат керак,
Ҳиммат билан бирга мурувват керак.
2128. Савоб, мурувват-ла топса шараф-шон,
Дови келар, тилагин топар ҳар он.
2129. Ҳиммати йўқ кииш бамисли ўлик,
Ҳар икки жаҳонда бўлолмас буюк.
2130. Ҳиммат билан бирга сиёсат керак,
Сиёсатга беглик риёсат керак.
2131. Қонун, сиёсат-ла элни тузар хон,
Авом хулқин унга мослар бегумон.
2132. Бу сўз исботига гувоҳ ушбу байт,
Гувоҳ — ҳужжат, дея этилади қайд.
2133. Беглар даргоҳини сиёсат безар,
Сиёсат бирла бег элини тузар.
2134. Ёмонга сиёсат юритмоқ керак,
Бузилса эл сйёсат тузар бешак.
2135. Давлатнинг устуни мустаҳкам асос,
Шаксиз икки нарса эрур беқиёс:
2136. Бири — эл-юртга адолат бахш этиш,
Иккинчиси лашкарга кумуш бериш.
2137. Адолатдан халқ шод, юрт обод бўлса,
Кумуш олиб лашкар қувончга тўлса,
2138. Шу икки тоифа бўлса миннатдор,
Эл-юрти яшнаб, бег фароғат топар.
2139. Қай бег юртда адолат ўрнатмаса,
Муттаҳам ортар, элин асрамаса
2140. Бузилар эл, сочилади раҳна — ўт,
Бегликнинг асоси бўлади нобуд.
2141. Лашкарин кўнглини олмаса ҳоқон,
Қинидан чиқмагай қилич ҳеч қачон.

2142. Қилич бирла баланд бегларнинг қўли,
Қиличсиз бег ночор, тутолмас элин.
2143. Қилич бирла болта элнинг соқчиси,
Қилич бирла бег бўлар эл бошчиси.
2144. Нима дейди тингла жаҳон тутгувчи,
Қилич, болта бирла ёвни ютгувчи:
2145. Элни сақлаш керак, эй эл тутган эр,
Ғафлатда қолганлар албат заҳар ер.
2146. Қилич, болтани ўзингга соқчи қил,
Қилич соқчи бўлса, бег тинч ўтар, бил.
2147. Қилич тебранаркан, ёғи тебранмас,
Қилич қинга кирса, бег тинчиёлмас.
2148. Қилич тутгувчини қувонтир, эй бег,
Ҳамиша шод яша, ғам кўрма, элиг.
2149. Яна айтди Ўгдулмиш: Элиг қути,
Эл иши мушкулдир, улуғдир оти.
2150. Халқка бош бўлмоқ кўп мушкул эрур,
Ҳамиша бош оғриқ ва ташвиш келур.
2151. Қувончи оз эрур, ташвиши кўпдир,
Мақтовчи оз бўлур, сўкувчи кўпдир.
2152. Қай томонга боқмагин даҳшат эрур,
Сўраб-суриштирсанг шодлик кам эрур.
2153. Суймаслар кўп эрур, суярлари оз,
Жафоси кўп эрур, ҳаловати оз.
2154. Беҳаловат бўлар ишончсиз кўнгил,
Кўнгил ишонмаса, ташвиш эрур ул.
2155. Қараб кўрса, ҳар бир ишида хатар,
Хатар ишни кўрса, фароғат кетар.
2156. Нима дер тинглагин фозилнинг сўзин,
Фозил кишин сўзи инжунинг ўзи:
2157. Гар элиг бўйни нозик, катта боши,
Унга кўп ишонмас ақлли киши.
2158. Хар бир бош узра шоҳликдек оғир –
Кундалик юмуши хатардир охир.
2159. Шундай эрур доим бегликнинг иши,
Бири ҳузур кўрса, бири ер бошин.
2160. Топай десанг рахмат икки дунёлик,
Керакдир бир неча ишни қилмоқлик.
2161. Кўнгил, тилни туз тут, Худога сиғин,
Эгамнинг буйруғин ҳурмат кил, топин.
2162. Рози бўл Худодан не келса сенга,
Сабр ила розилик куллуғинг унга.
2163. Халққа чин юракдан бўлгин меҳрибон,
Эзгулик, яхшилик излагин ҳар он.
2164. Зарар қилма, халқка манфаат келтир,
Яхши бўл, ёмонларга қирон келтир.
2165. Ҳаёту мол-дунё сеники бўлса,
Ётиб е, ўйнаб-кул гар насиб бўлса.
2166. Жон чиқса-да умидинг узма ҳаргиз,
Яхшига Ҳақ яхши йўл бергай шаксиз.

2167. Фикрим баён этдим, эшитди элиг,
Бегга керак шундай фазилат, билиг.
2168. Қай бир бегда бўлса мужассам ардам,
Бўлар уни элга бош қилса ҳар дам.
2169. Бундай зот элга муносиб бош бўлар,
Ҳар бир киши ундан эҳсонлар олар.
2170. Нима дер эшитгин билимдон, зийрак,
Унинг илми элга бўлгувси безак:
2171. Заковатли, олим, тўғри бўлсин хон,
Оширсин шуҳратин бўлиб қаҳрамон.
2172. Сахий, олийҳиммат, закий, ҳаёли,
Меҳр ила асрасин элнинг ҳаётин.
2173. Кўзи тўқ, сабрли ҳамда мулойим,
Кечиримли, хушфеъл бўлсин у доим.
2174. Фазли билан бўлсин барчадан устун,
Юртда одил қонунни қилсин устун.
2175. Шундай бўлса агар қай элнинг хони,
Элнинг дарди ариб, гуллар макони.
2176. Халқнинг бахти кулиб, юрт маъмур бўлар,
Афсуски, бу янглиғ кишилар ўлар.
2177. Шу эрур, эй элиг, менинг билганим,
Сенга баён этдим неки уққаним.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

2178. Элиг: Уқдим, тўғри сўзладинг, деди,
Илмда адашмадинг, шу керак эди.
2179. Яна айтадиган сўзим бор сенга,
Унинг ҳам маъносин чақиб бер менга.
2180. Оқилу фозил бўлса агарда бег,
Комил бўлсин вазир худди унингдек.
2181. Тўплаб олтин, кумуш, бойиса ғазна,
Эл яшнаб, кўпайса шаҳар, кент яна.
2182. Сўраса элин одил қонун била,
Лашкар меҳри ортса эзгулик ила.
2183. Халқ фаравон, зўрлик қўли тегмаса,
Бегнинг яхши номи сира йитмаса.

ЙИГИРМА ЕТТИНЧИ БОБ
БЕГЛАРГА ВАЗИР БЎЛГУВЧИ КИШИ ҚАНДАЙ
БЎЛШИ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

2184. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Элиг,
Вазирдир бегларга тутгувчи илик.
2185. Керакдир бегларга вазир бегумон,
Вазир яхши бўлса, тинч ухлайди хон.
2186. Беглар юкин кўтаргувчи вазирдир,
Юртни мустаҳкамлагувчи вазирдир.
2187. Бунинг-чун сара, етук инсон керак,
Қалби, ақли комил, жўш урган юрак.
2188. Зеҳни ўткир бўлса, билими денгиз,
Бор ишни битирса, ёруғ бўлса юз.
2189. Зийрагу тақводор ҳам ростгўй бўлсин,
Токи куни тўғрилик билан ўтсин.
2190. Вазирлик улуғ иш, керак асл киши,
Ишончли, мукаммал, хуснихулқ киши.
2191. Оқил, доно, одил бўлиши керак,
Зеҳни ўткир, хушфеъл бўлиши керак.
2192. Ақлли кишининг насли яхши уруғ,
Қайда бўлса унар, нест бўлмас уруғ.
2193. Иймонли, тақволи, соф бўлсин албат,
Ундан эл-юрт кўнгли тўқ бўлсин албат.
2194. Тақводорлар ичра у аъло эрур,
Хожандманд дардига у даво эрур.
2195. Тақводор ҳар ишда хушёрлик қилар,
Ёмонликдан йироқ, иш кўзин билар.
2196. Бегидан сўнг дасти узун эл-юртда,
Элиг учун давлат ишин юритар.
2197. Асли зоти пастлар ғирт нопок бўлур,
Нопок вазирликка нолойиқ эрур.
2198. Насли тоза киши вафоли бўлар,
Зоти пастнинг иши жафоли бўлар.
2199. Эшит, нималар дер тадбирли киши,
Тадбирлилар бўлар эл-юртнинг боши:
2200. Хушфеъл, насли тоза бўлса кишининг,
Халққа очар саодатнинг эшигин.
2201. Боқсанг ҳамки шакару илик бериб,
Бевафолик қилар нопок панд бериб.
2202. Ҳаёли, кўзи тўқ, ишончли бўлсин,
Уятсиз керак эмас, нари турсин.
2203. Кўзи тўқ бўлсин, мол-мулкка суқ эмас,
Кўзи оч дунёни еса ҳам тўймас.
2204. Инсонлар сархили ҳаёли киши,
Ҳаёли кишидир иисонлар боши.
2205. Ҳаёли кишига бор ишни топшир,
Уят-ла жаҳолат эшигин ёптир.
2206. Беҳаёлар бўлар одам разили,
Тўғри сўз сўзламас, уятсиз тили.
2207. Ҳаёли, бамаъни нима дер эшит,
Сенга у чин дилдан қилади ўгит:
2208. Уятсиз кишидан қоч нари, йироқ,
Унинг кўзи қаттиқ, хунук бир қароқ.
2209. Этсиз бир суякдир беҳаё юзи,
Ёпилмас тешикдир беҳаё кўзи.
2210. Ор — номус-ла инсон обрўли бўлар,
Ор — номус-ла инсон кўзи нурланар.
2211. Очиқ юз ва кўркам соч-соқол керак,
Хулқи бўлсин халқка ибрат бўлгудек.
2212. Иши тўғри, феъли соз бўлса агар,
Ундан халққа ой, йиллаб фойда тегар.

2213. Гар тўғри бўлмаса ишда ишбоши,
Эгри бўлар бутунлай беглар иши.
2214. Мулозим тўғри бўлсин, иш, сўзда чин,
Токи беглар унга доим ишонсин.
2215. Кўркам кишининг хулқи гўзал бўлур,
Хушхулқнинг элга нафи бисёр эрур.
2216. Кимнинг юзи, таши гўзал бўлса гар,
Ичи ҳам ташидек чиройли бўлар.
2217. Нима дер эшитгин синаган киши,
Ҳар яхши-ёмонни англаган киши:
2218. Кишининг кўркига калби ҳам ўхшаш,
Юзи, кўрки бирла феъли ҳам уйқаш.
2219. Сиртин кўриб ичин билиш мумкиндир,
Ичи ҳам ташига айнан уйғундир.
2220. Вазирда салобат, бўлгай соқол, соч,
Салобатли бўлса, иш топар ривож.
2221. Ҳисоб билсин ҳам бўлсин олим, тетик,
Билим бирла билсин у турли битик.
2222. Вазир иши фақат ҳисоб-ла битар,
Ҳисоб билмаса у иш ортга кетар.
2223. Киши иш — амалин ҳисоб-ла билар,
Ҳисоб-ла йил, ой, кун, вақтни аниқлар.
2224. Саноқ, тўғрилик-ла ном олди ҳисоб,
Кўп асл иш эрур билсанг бу ҳисоб.
2225. Тетик бўлмаса иш қилолмас киши,
Тетиклик билан қилар инсон ишин.
2226. Ёзув билан одам битар билганин,
Ёзиб қўйса билар нима қилганин.
2227. Тетиклик нишони эрур бу битик,
Ёзув билан инсон бўлар кўп тетик.

2228. Ёзув билмаганда инсон ўғлони,
Қандай билар эди ой, кун сонини.
2229. Ёзиб қолдирмаса олимлар битик,
Бўлар эди ҳисобга чора нечук?
2230. Яратмасдан аввал Худо бу олам,
Лавҳ яратди, унга юритди қалам.
2231. Фаришта ёзиб турар не қилса қул,
Сўнгра Эгам сўрар не иш қилди ул.
2232. Вазир бўлсин мулойим ва ширин тили,
Бу ўзини халққа суйдуриш йўли.
2233. Мулойим бўлса у шод этар кишин,
Шодмон киши ўрнига қўяр ишин.
2234. Очиқ дил, мулойим киши не дер, кўр,
Кўнгил очиқлиги эзгулик эрур.
2235. Эл ичра севилар кўнгли пок киши,
Номатлуб такаббур, тошбағир киши.
2236. Кичик феъл улуғликда сурар даврон,
Такаббур етолмас — улуғлик армон,
2237. Вазирликка комил, етук эр керак,
Саводли, билимли оқил шер керак.
2238. Ишлари тўғри-ю, тали, дили бир,
Номусли, меҳрибон, энг чин одамдир.
2239. Кўзи тўқ, хушёр, пок ҳам иш билгувчи,
Яроқли, яроқиизни фарқ қилгувчи.
2240. Меҳнаткаш, вафодор ҳам иймангувчи,
Омонатга кўнглини тўқ тутгувчи.
2241. Тугал бўлса кимда бу фазил, балик,
Вазирликни берса бўлади элиг.
2242. Вазир бўлса бегга шундайин киши,
Бўлар бег бирла халқнинг осойиши.

2243. Бег иши тилагандек тугал бўлар,
Эли бойиб, юрти ҳам гўзал бўлар.
2244. Ярамас, ёвуз бўлса агар вазир,
Бу эл бузилар, бой бўлар ҳақир.
2245. Вазир яхши бўлса халқнинг омади,
Халқ фойдаси, элигнинг ҳаловати.
2246. Эшит, илми денгиз каби теран эр,
Билим бирла қалби ёришган не дер:
2247. Тўғри бўлса бегнинг дили ва тили,
Ходимлари тутар эзгулик йўлин.
2248. Агар беглар бўлса золим ва ёмон,
Тўғри йўлдан чиқар ходимлар шу он.
2249. Гар бег яхши бўлса, хизмати албат
Яхши бўлар, зарар етказмас ҳеч вақт.
2250. Ёмон бўлмагунча бег ўзи, боққин,
Йўлатмас ёмонни ўзига яқин.
2251. Ёмон қайда бўлса, ёмонлар ила,
Эй яхши, доим яхши йўлдош тила.
2252. Ёмонлар яхшига пеша бўлолмас,
Тўғри эгри бирла чиқиша олмас.
2253. Қора тун, ёрур кун ораси йироқ,
Яшил сув қизил ўтга бўлмас қўноқ.
2254. Нотаниш кишини билмоқ истасанг,
Биларсан танишдан агар сўрасанг.
2255. Ўзин қавми бирла юради ҳар ким,
Тўғри бўл, эгрига қўшилма, ҳаким.
2256. Бу сўзнинг исботи байтни уқиб ол,
Уни уқиб, сен кўнгилга битиб ол.
2257. Учувчи, юрувчи бор нарсага боқ,
Тенгин топиб, ўзига этар ўртоқ.

2258. Ёмон яхши бирла қўшилмас, қочар,
Ибратли тамсил бу, кўр кўзни очар.
2259. Вазир бегга доим кенгашчи бўлар,
Кенгашчи кишилар қиёсчи бўлар.
2260. Ёмонга қўшилма, яхши ҳам мутлоқ,
Хулқи бузилади, дард бўлар у чоқ.
2261. Бег яхшини ўзига тутса яқин,
Яхши ном қозонар, тузатар халқин.
2262. Беглар ёмонларни яқин тутсалар,
Иши барбод бўлар, номи булғанар.
2263. Шу сифатли вазир топилса, эй хон,
Хон фароғат топар, халқ бўлар омон.
2264. Бег ундан тилагин топади тугал,
Ҳамиша, ҳар кезда иши бўлар ҳал.
2265. Халқи бойиб кетар, юрт обод бўлар,
Йиллар қутли келар, хазина тўлар.
2266. Номи ҳеч ўчмас унинг, мангу қолар,
Қариб ўлганда ҳам яхши ном олар.
2267. Бу дунё, у дунёда роҳат топар,
Бахтли яшар, мангу саодат топар.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

2268. Элиг айтди: Уқдим бу сўзни бутун,
Беҳад яхши сўзлар айтилди бу кун.
2269. Айт, хизматга кирса лашкарбоши,
Нечук қилмок керак бегларнинг ишин?
2270. Ишин ишласа-ю, черик бошласа,
Иши пухта бўлса, хатолашмаса.
2271. Айтгин, бу ишга ким муносиб бўлар,
Суриб ёв черигин тор-мор қилар.

ЙИГИРМА САККИЗИНЧИ БОБ
ЛАШКАРБОШИ ВА СИПОҲИЛАР ҚАНДАЙ
БЎЛИШИ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

2272. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Элиг,
Ёвдан ғолиб бўлсин ҳамиша илик.
2273. Бегга сардор керак — бошлар ўрдусин,
Токи келтирмасин ёвнинг уйқусин.
2274. Бу ишга жасуру пишиқ эр керак,
Бўлсин кўпни кўрган ҳамда шер юрак.
2275. Ғоят улкан ишдир лашкар бошламоқ,
Черик йиғиб, ёвни қириб ташламоқ.
2276. Бу ишга кўп хушёр, етук эр керак,
Ғофилликдан зарар кўрмагай зийрак.
2277. Кўнгли очиқ, ботир ва сахий бўлсин,
Дастурхони тўкин ва ўктам бўлсин.
2278. Бўлса саҳоватли гар лашкарбоши,
Ёнига жам бўлгай энг сара киши.
2279. Мол-мулкин улашса, қувонса черик,
Ёру дўст орттирар ва қўлдош, шерик.
2280. Ўзига бир от, тўн, қурол бўлса бас,
Зафар қучиб, яхши ном қозонса бас,
2281. Бола-чақа ғамин еб мол йиғмаса,
Еру сув, боғим деб пастлик қилмаса.
2282. Ўз фазлидан кутса барча мақсадин,
Йиғиб олса, берса ёйиб шуҳратин.
2283. Едирса, ичирса, қийим кийдирса,
Ҳадсиз улов, қурол, қул, чўри берса.
2284. Мард ботирлар атрофига бўлар жам,
Тоғу тошда ётар, кечиб жондан ҳам.
2285. У довюрак, оқил бўлмоғи керак,
Жасур ҳамда кенг феъл бўлмоғи керак.

2286. Савашда ортиқча юраксиз киши,
Юраксиз киши ким — заифа эши.
2287. Бу кўрқоқ кимсалар черикни бузар,
Бузилса гар черик саф ичдан тўзар.
2288. Урушда матонат кўрсатмак керак,
Ёв от солиб келса, даф этмак керак.
2289. Ўлим ҳақ, лек тилсим қазойи қадар,
Эр ўлмас етмаса ажали агар.
2290. Нима дер эшитгин ботир, жасур эр,
Ўлимни унутиб, ёвни урар эр:
2291. Бевақт ўлмас киши онадан туғиб,
Нечук қўрқадурсан сен ёвни кўриб.
2292. Ёғига елдек тег, мардларча уриш,
Қазо етмагунча ҳеч бўлмас ўлиш.
2293. Номусли бўлиш шарт, ки номус учун,
Урар ёвни мардлар олгунча ўчин,
2294. Ор — номуо-ла ёғи черигин сочар,
Урушда энг аввал номуссиз қочар.
2295. Қўрқоқ ҳам уятдан ботирлик қилар,
Шуҳрат топмоқ учун ўзин ўлдирар.
2296. Довюрак аталган номусли бўлар,
Номусли эр ўлса, уришиб ўлар.
2297. Лашкарбоши бўлса камтар, мулойим,
Халқда манзур этар у ўзин доим.
2298. Қалбларни иситар кичик феъл киши,
Элни бездиради тили тез киши.
2299. Ўзин катта олса қўмондон ҳар чоқ,
Шубҳасиз душмандан калтак ер мутлоқ.
2300. Такаббур кишилар ғофиллик қилар,
Ғофиллар бузилар ё бевақт ўлар.

2301. Номим чиқсин деса, бўлсин ботир, мард
Хушрўй, салобатли, алба тта жўмард.
2302. Ҳайбат керак ёмонни қўрқитгали,
Ювошга яхшилик мақбул этгали.
2303. Сиёсат юритсин қўмондон киши,
Сиёсатга боғлиқ қўшиннинг иши.
2304. Сиёеат-ла лашкар хуш қилиқлидир,
Итоатли лашкар доим ризқлидир.
2305. Қайси бир лашкар бўлса бебош, бўшанг,
Бузилар у қўшин, эй хон кўп яшанг.
2306. Ёмонларга таҳдид, сиёсат керак,
Яхшиларга эса эҳтиром керак.
2307. Яхшилик қил сен яхшиларга ҳар кез,
Уларни қувонтир, юк бўлма ҳаргиз,
2308. Эзгулик истар барча бирдек туриб,
Инсон қул бўлади яхшилик кўриб.
2309. Не дер хушхулқ киши бу ҳақда тингла,
Доим шод бўл, бу байт маъносин англа:
2310. Озод, ҳур кишилар яхшилик қули,
Қилиб яхшилик оч тўғрилик йўлин.
2311. Доим одамийлик қилишга шай бўл,
Шундай барпо бўлади инсоний йўл.
2312. Қўмондонга зарур иш бор бир неча,
Ёвга юзланганда тузолсин режа.
2313. Урушганда арслон юракли бўлсин,
Тутишганда қоплон билакли бўлсин.
2314. Тўнғиздек қайсару бўридек кучли,
Айиқдек ҳамлакор, қўтосдек ўчли.
2315. У бўлсин ҳийлакор қизил тулкидек,
Қасоскор бўлсин у буғро туядек.

2316. Ўзин зағизхондан хушёрроқ тутсин,
Лочин каби олисларга кўз тиксин.
2317. Арслон каби ҳимматин баланд тутсин,
Уккидек тонгларни у бедор кутсин.
2318. Ким шундай сифатли — у жангчи бўлар,
Жангчи-ю, ҳар ишга- яроқли бўлар.
2319. Бу жангчи яроқли кишидир албат,
Ёвни янчиб, ўчин олувчи минъбад.
2320. Нон-тузи, емиши мўл-кўл бўлажак,
От, анжом, энгил-бош мос, тенг бўлажак.
2321. Нону туз, еб-ичиш ёяр эр отин,
Еб-ичиш тириклик неъмати – ўти.
2322. Нима дер эшитгин Или отлиги,
Нону тузни мўл қил, киши қутлиги.
2323. Нон-туз едир агар шуҳрат истасанг,
Бу ишларни қилгин ҳаёт тиласанг.
2324. Амин, сахий, одамгарчилик этар,
Туз ҳақи деб ҳар киши ҳақин ўтар.
2325. Улуғлик тиласанг ошу сув тарқат,
Узоқ умр истасанг ҳиммат қил ҳар вақт.
2326. Кўп фазилат зарур саркарда учун,
Ишин юриштирсин тузиб йўл-йўсин.
2327. Сўзи чин, қилмиши рост бўлсин бутун,
Ёлғончи бўлса гар инонмас будун.
2328. Иккинчи — саҳоват, улашиш — иши,
Бахилнинг ёнига йўламас киши.
2329. Учинчи — довюрак ва бўлсин жасур,
Қўрқоқ ёвни кўрганда титраб ётур.
2330. Тўртинчи — макр-ҳийла билсин албат,
Ҳийла билан арслон тутилар ҳар вақт.

2331. Қўшинни бошлашга ўктамлик керак,
Илҳом бермоқ учун шаҳдамлик керак.
2332. Саркардада бўлса бу хислат агар,
Шуҳратга эришиб, ёвни даф этар.
2333. Лашкарни бошласа бу хил қўмондон,
Қўли баланд келар душманга ҳар он.
2334. Лашкарбоши ёғига бўлса дучор,
Туну кун бўлсин у уйғоқ ва хушёр.
2335. Кўп черик керакмас, сара, хил керак,
Черикка танланган асл қурол керак.
2336. Қўшин сони кўп бўлса, бебош бўлар,
Бебош кўшин эса юраксиз булар.
2337. Синалган саркарда одам танламас,
Ўн икки минг лашкарни ҳеч кўп демас.
2338. Ёвни тор-мор этган бир ботир айтмиш,
Менга тўрт минг қўшин етади, демиш.
2339. Кўп қўшин ёйилса, ичдан бузилар,
Уни эплаб бўлмас, яроқсиз бўлар.
2340. Донғи кетган шер юрак ботир айтмиш,
Черик ҳам, қурол ҳам асл бўлсин, демиш.
2341. Номи чиққан жангчи не дер тинглагин,
Сўзларин тинглагач, амал айлагин:
2342. Кўп лашкар истама, эр бўлсин сархил,
Уларнинг яроғин албат сара қил.
2343. Қўшиннинг тартибли, ози хўп албат,
Кўп сонли бетартиб, енгилгай ҳар вақт.
2344. Ёвга юриш бошлаганда қўмондон,
Ёвқурларни яқин тутсин ҳар қачон.
2345. Илғор, айғоқчи сафин танлаш керак,
Кўз, қулоқ динг, йироқни тинглаш керак.
2346. Илғор амғоқчи сафин етганда қувиб,
Ёвни янчиш керак орқадан уриб.

2347. Қўшинни асрасин соқчилар тузиб,
Ортда қолмай ҳеч ким, кетмасин ўзиб.
2348. Қароргоҳ танлай билсин, посбон бўлсин,
Соқчилар мард-майдон ва хушёр бўлсин.
2349. Жангоҳни кузатсин аълам тутган эр,
Бир четда қолмасин ёвни босар шер.
2350. Мустаҳкам жой топиб, жойласин қўшин,
Интизом-ла барчани жам этиб қўйсин.
2351. Ғафлатда қолмасин, бўлсин у хашёр,
Ғофил бўлса душман уради бисёр.
2352. Ёвга яқинлашса хабардор бўлиб,
Қароргоҳ, қурсин у ўт, сувни кўриб.
2353. Қўшинни асрасин, ҳеч тил бермасин,
Қўшин оз-кўплигин ёғи билмасин.
2354. Ўрнашиб энг аввал тил олмоқ керак,

Тил орқали ёв ҳолин билмоқ керак.
2355. Шунга қараб тузсин режасин — ишин,
Ёв бўйнини узсин кўтарса бошин.
2356. Мана шу хушёрлик, уйғоқлик бўлар,
Урушда хушёр қўли баланд бўлар.
2357. Хушёр бег қўшиннинг аждар бошчиси,
Арслонни минар у, қилич қамчиси.
2358. Ёвни енгмоққа керак икки қурол,
Бу икки қуролдан ёв топар завол.
2359. Аввал ҳийла керак ёғига алҳол,
Ҳийла бирла қилгин ёв юзини ол.
2360. Иккинчи, сергаклик, уйғоқлик эрур,
Ким сергак, хушёрдир, у устун келур.
2361. Ким жангда зийрагу хушёр бўлса гар,
Шубҳасиз у ёвга офат келтирар.
2362. Ёвнинг лашкари кўп, гар сеники оз,
Уруш қилма, уни кутганинг кўп соз.
2363. Яраш мумкин бўлса, урушма, яраш,
Йўқ эрса совут кий, бел боғлаб кураш.
2364. Тириш, ғафлатда бос, ҳужум қил тунда,

Лашкар кўп-озлиги билинмас шунда.
2365. Енгишга агарда етмаса кучинг,
Ялавоч юбор сен, ярашгин ўзинг.
2366. Тилда эл бўлгину асрагин ўзинг,
Урушга шошилма, чуватма сўзинг.
2367. Бу ҳам қўл келмаса, ҳаддан ошса ёв,
Кўнгли эримаса, бўлса беаёв,
2368. Ишни ортга сурма, қўшин торт, уруш,
Йигитларни мақта, улаш мол, кумуш.
2369. Жанг чўзилса ёв сиринг билиб олар,
Кўп кўрса кишининг кўзи очилар.
2370. Нима дейди тингла ёвни енгган эр,
Кўпни кўравериб кўзи пишган эр:
2371. Синалмаган ёвнинг овозаси зўр,
Синалса кўнгил тўқ, кўз қўрқмас бўлур.
2372. Ёғини елдек бос, молинг олмасин,
Илдам бўл, ланж бўлсанг сени босмасин.
2373. Пистирмада турсин бир қисм кўшин,
Ўқчиларни бошла жангга шу йўсин.
2374. Ким ёши чўнг, жасур, билса йўл-йўриқ,
Олдинги сафга қўй, бошласин черик.
2375. Ёши улуғ беҳад жанговор бўлар,
Ким жанговор албат тадбиркор бўлар.
2376. Навқирон йигитлар бўлар жуда тез,
Ёвга дуч келганда ўчар ўти тез.
2377. Ишончли кишини олд, орқага қўй,
Бошқаларни эса ўнгу сулга қўй.
2378. Ёвнинг ботирлари чиқса олдинга,
Шер юрак ўғлонлар отланса жангга,

2379. Энг аввал узоқдан ўқ билан ургин,
Яқин келганда-чи, найза-ла ургин.
2380. Олишганда қилич, болта билан ур,
Тиш, тирноқ-ла олиш, ёқа бўғиб ур.
2381. Чида, ёвга орқангни берма тутиб,
Ёвни йўқот ё урушда кет ўлиб.
2382. Нима дейди тингла ёв қувган жасур,
Сабрли бўл, собирлар душманни енгур.
2383. Келин қиз қувончи никоҳ — тўй туни,
Ботирнинг қувончи жанг қилган куни.
2384. Ботир от ўйнатиб, бош олар нуқул,
Ёвга қирон солар ҳамда қилар қул.
2385. Ёв кўрса ботирнинг жўшар ғайрати,
Олишар бировга бермай навбатни.
2386. Ботир черик кўрса, бўлади арслон,
Ёвни маҳв этади ё беради жон.
2387. Ёғи кўрса ботир қизартар юзин,
Жангда ёв қонига бўяр ер юзин.
2388. Оту қурол-яроғ бўлар қип-қизил,
Қизарган қизил юз бўлар ям-яшил.
2389. Ёв от қўйиб агар қаст қилса сенга,
Бардош бер, чекннма, қарши тур унга.
2390. Ёв қўзғалса, сен дарров изидан туш,
Тинмасдан таъқиб эт, бошдан учсин ҳуш.
2391. Гар душман чекинса, дарров қувиб ет,
Сенга даф қилмасин, барин асир эт.

2392. Ёвни маҳв айлаган эрлар шод бўлгай,
Ёвни тиз чўктириб, кўнгиллар тўлгай.
2393. Ёғи қочса, узоқ қувиб бормагил,
Агар ортга ёнса, қочолмассан, бил.
2394. Танг аҳволда тик боқар ёв ўлимга,
Бас келар ким гар қўркмаса ўлимдан.
2395. Ғофил бўлса, киши тик туриб ўлар,
Ким ғафлатдан йироқ тилакка етар.
2396. Бу ҳолда ўзингни асрагин ўғлон,
Хушёр бўлмасанг ўлим кутар ҳар он.
2397. Менга шундай деди кўп кўрган киши,
Кўпни кўрганнинг сўзи тамал тоши:
2398. Ёв қочса, ортидан таъқиб этма кўп,
Таъқиб этган охир калтак ейди хўп.
2399. Ёв тўзиса қайта йиғила-олмас,
Сув ўтни ўчирса, қайтадан ёнмас.
2400. Умидсиз кишилар ўлимни кутар,
Ботир ўлдиради, сўнг ўзи ўлар.
2401. Хизмат қилганларга инъом бергулик,
Хадя бирла юзин ёруғ этгулик.
2402. Кимки мард инъом бер ва алқаш керак,
Хайру саҳоватдан жўш урсин юрак.
2403. Мақтов билан ёмон яхши, хўп бўлар,
Яхшини мақталса, кўнгли хуш бўлар.
2404. Мард мақталса, қўл билан арслон тутар,
Отни силасанг учар қушга етар.
2405. Ярадор бўлса ким даво айлагин,
Товон бер асирга, озод айлагин.
2406. Ўлган бўлса, ҳурматини бажо эт,
Ўғил-қизга бериб ҳақин адо эт.
2407. Суюнгай сарбозлар кўришса буни,
Жонин фидо айлар жанг-жадал куни.
2408. Ширин сўз, очиқ юз ва инъом бериш,
Бу сифат кишига ғоят эзгу иш.
2409. Ҳур, озод кишилар унга қул бўлар,
Ризоси-чун жонини фидо қилар.
2410. Бир сўз бор, эй доно бунга мос келур,
Ўйлаб кўрсанг агар ростдан чин эрур.

2411. Оқ кўнгил, сахийлик билан бер товар,
Озод эрлар бунга келиб тўпланар.
2412. Сен олтин, кумушга зинҳор олма қул,
Уч нарсага мард бўл, барча сенга қул.
2413. Лашкарбоши шундай сифатли бўлсин,
Қўшин бошлагани эзгулик бўлсин.
2414. Сен олтин, кумуш, мол улашсанг агар,
Жон фидо этарлар унга баробар.
2415. Шу уч нарсага хизматчи қул бўлар,
Бу ҳар нарса асоси — беглар билар.
2416. Агар шундай лашкарбоши топса бег,
Ишлари ривож топгай қувонгудек.
2417. Лашкарбоши шундай сифатли эрур,
Бег иши юришиб, қувончга тўлур.
2418. Яроқли вазир десанг шундай бўлсин,
Лашкарбоши истасанг шундай бўлсин.
2419. Бундай кишиларга ишонса бўлар,
Дилдаги мақсадга улар-ла етар.

2420. Яна айтди Ўгдулмиш: Эй элиг қути,
Икки иш буюкдир ҳам улуғ оти.
2421. Бири вазир, бири саркарда аълам,
Бири қилич тутгай, бошқаси қалам.
2422. Иккиси эл-юртнинг йўриғин тузар,
Икковлон бирикса, юртни ким бузар.
2423. Танланган бўлиши керак бу киши,
Бегга бўйсунмаса кесилсин боши.
2424. Рўшнолик келтирса, нафи кўп ҳадсиз,
Бўйсунмаса эл жабр кўради шаксиз.
2425. Бег бўлса агар сара, яхши киши,
Икковлон бўлар халқнинг хизматчиси.
2426. Булардан элу юрт манфаат топар,
Бундан бегнинг ўзи ҳаловат топар.
2427. Элга бошчи доно не дер уқиб ол,
Унинг сўзин неъмат билиб қулок сол:
2428. Юрт олгувчи қилич бирла иш кўрар,
Эл идора қилувчи қалам сурар.
2429. Юртни тез олса бўлар қилич бирла,
Қаламсиз бошқариб бўлмас куч ила.
2430. Қайси элни олса қилич — куч билан,
Сўраб бўлмас уни кўп йил ўч билан.
2431. Қалам-ла тутилса шаҳар, кент агар,
Ниятга яраша насиба тегар.
2432. Менинг билганларим шулар, эй ҳоқон,
Сўровга яраша айладим баён.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

2433. Элиг айтди: Яхши уқдим мен буни,
Яна бир сўзим бор, айтайин уни.
2434. Сўзим пухта ўйлаб кўрмоғинг керак,
Улуғ ҳожиб қандай бўлмоғи керак?
2435. То ҳожиблар устидан бош бўлса у,
Садоқат-ла жонин фидо қилса у.
2436. Ишонса унга беги ҳамда эли,
Алқаб дуо қилса уни халқ тили.
2437. Элиг айтди: Менга шу ҳақда сўз оч,
Маъносин баён эт, кўзларимни оч.

ЙИГИРМА ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
УЛУҒ ҲОЖИБ ҚАНДАЙ КИШИ БЎЛИШИ
КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

2438. Жавобан Ўгдулмиш сўзга очди тил,
Деди: Хон яшасин осуда минг йил.
2439. Улуғ ҳожиб ҳақгўй бўлмоғи керак,
Софдил, диёнатли бўлмоғи керак.
2440. Теги зотли бўлсин дам тўғри феъли,
Ундан нафу рўшнолик кўрсин эли.
2441. Зоти тоза бўлса, у доно бўлар,
Яхши киши халқка эзгулик қилар.
2442. Сахий қалб инсондан келар эзгулик,
Нону туз, от-улов ҳамда кийгулик.
2443. Феъли яхши эр гап уқар бўлар,
Гап уқар кишининг иши соф бўлар.
2444. Кўзи тўқ, ҳаёли, зарифлик керак,
Туман хил билиму зийраклик керак.
2445. Кўзи тўқ киши ишда олмас пора,
Кулгили бўлар ҳожиб олса пора.
2446. Юришиб турган ишни бузар бу ҳол,
Битаётган ишни йўқ қилар алҳол.
2447. Хушфеъл, уят-андишали бўлса гар,
Ишию сўзидан эзгулик келар.
2448. Ҳаёли киши ножўя иш қилмас,
Ёмонга қўшимас, қаҳр-ғазаб қилмас.
2449. Зариф эрга давлат сингишли бўлар,
Зариф кишига бахт қўнимли бўлар.
2450. Зийрак бўлса молга зориқмас асло,
Билим бўлса ишда янглишмас асло.
2451. Ажаб яхши айтмиш билимли улуғ,
Билимлига келар яхшилик тўлиқ.

2452. Билимдон қилажак бегларнинг ишин,
Ҳеч ишга ярамас билимсиз киши.
2453. Тегмаса биламдан кимга бир улуш,
У ўлик, бўлмагай тирикка қўшиш.
2454. Билим-ла юксалар, ном топар киши,
Шуҳрати ортади, унади иши.
2455. Билимсиз бир сурат, қуруқ савлатдир,
Билимлининг ўрни кўкдан баланддир.
2456. Ҳар ишда зеҳину хушёрлик керак,
Гуноҳдан тийилар ким бўлса зийрак.
2457. Ақл бўлса кишига нафи кўп эрур,
Барча эзгуликлар ақлдан келур.
2458. Нодон-чи бамисли мевасиз оғоч,
На қилгай мевасиз дов-дарахтни оч.
2459. Ақлли икки дунёдан баҳра олар,
Агар яхши ном олса, ақлли олар.
2460. Оқилу билимли чин инсон эрур,
Юртга бош кишилар сарвари эрур.
2461. Соқол кузалган, юзи кўркли бўлсин,
Овоз ўктам, сўзи маъноли бўлсин,
2462. Юз кўрки барчага севимли қилур,
Мардона кириб чиқса муносиб эрур.
2463. Кузалган соч-соқол киши савлати,
Савлат билан қозонилар ҳурмати.
2464. Бўлсин диёнатли ҳамда покдомон,
Кўнгли софнинг иши софдир бегумон.
2465. Диёнатли ўзгаларнинг ғамин ер,
Инсонларнинг яхшиси диёнатли эр.
2466. Киши бўлса диндор, тақводор, софдил,
Бош тортмас бировлар хизматидан, бил.

2467. Кўпга юзма-юз бўлар ҳожиб ўзи,
Шу боис кўркли бўлсин унинг юзи.
2468. Гўзал юзни кўриб кўз қувнар — не бахт,
Кўнгил яйрар, жон озиқ олар ҳар вақт.
2469. Бунга мослаб сўз айтмиш билка билиг,
Доно ўгитига амал қилгулик.
2470. Инсон учун яхши нарса кўркам юз,
Чиройидан баҳра олар икки кўз.
2471. Чиройлига ўхшамоқ ҳам бахт эрур,
Сўзни бас қил, ишларинг хайрли бўлур.
2472. Очиқ кўнгил, оқил бўлмоғи зарур,
Оғир-босиқ бўлса, кўп яхши эрур.
2473. Закий киши ҳеч бир сўзни унутмас,
Беақл киши сўзин ёдида тутмас.
2474. Кўнгил очиқ бўлмаса топмас ишин,
Гар оқил бўлмаса қилолмас ишин.
2475. Қуруқ савлат эрур эс-ҳушсиз киши,
Ақл-ҳуш билан инсон қилар ҳар ишни.
2476. Ҳожиб бўлсин оқил, камтар мулойим,
Фақир, тул, етимга куйинсин доим.
2477. Зийрак бўлсин у ҳамда қонун билар,
Жаҳон кўрки фақат зийракдан келар.
2478. Кўнгли оқ бўлсин ҳам феъли кичик,
Тили юмшоқ, сўзи шакардек чучук.
2479. Очиқ чеҳра билан боқсин у кулиб,
Одамгарчилик билсин хушфеъл бўлиб.
2480. Эшит, хушмуомала киши не дер:
Кўнгил, тилинг кичик тут, эй қипчоқ эр.
2481. Кўнгил юмшоқ бўлса киши бахт топар,
Оқ кўнгил, ширин сўз бўлса эл топар.

2482. Очиқ юз, хуснихулқка халқ меҳр қўяр,
Кимки меҳр қўйса асир, қул бўлар.
2483. Сабрли бўлсин у ва тутсин ўзин,
Кўзини пардалаб, тийсин у сўзин.
2484. Қулоқ очиқ бўлсин, ақл, илми кенг,
Қилар иши тўғри, дили, тили тенг.
2485. Фазилатли бўлсин, битиклар битсин,
Хар бир ишда ақл, билимин сарф этсин.
2486. Улуғ ҳожиб деса бўлсин юз ёруғ,
Кўп бўлсин фазилат ва билим тўлиғ.
2487. Кўп нозик иш эрур бор юмуш аро,
Тушуниб етсанг гар ҳожиблик, қара.
2488. Керак бу сифатлар ҳожиб бўлгани,
Пешво бўлиб элга йўл кўрсатгани.
2489. Бунга мос келади бир шоир сўзи,
Бу шоир сўзлари билимсиз кўзи:
2490. Ҳожибликка аввал ўн нарса лозим,
Ўткир кўз, соғ қулоқ, кенг кўнгил лозим.
2491. Гўзал юз, бўй-баст, тил, зеҳн, ақл ва билим,
Феъл-атвор буларга мос бўлсин доим.
2492. Кўп яшасин элиг хотиржам ўзи,
Улуғ ҳожибдир бегнинг кўрар кўзи.
2493. Қонун, низом, расм-русум нозик иш эрур,
Уни билса мушкулотлар ечилур.
2494. Бунга мос келади олимнинг сўзи,
Эшитган кўнгил берсин, уқсин ўзи.
2495. Кўп улуғ иш эрур ҳожиблик иши,
Удда қилар уни муносиб киши.
2496. Ҳожиб юмушин қил ва ё бег ишин,
Каттадир, кичикдир тут дастёр киши.

2497. Хазиначи, котиб, ишбоши даркор,
Косибу тикувчи, ер-мулкка саркор.
2498. Ёт элчилар-ла бўлса бориш-келиш,
Лозимдир уларга инъомлар бериш.
2499. Қароргоҳ, озиқ, ем ғамини емоқ,
Совға бериш ё йўқ тадбирин кўрмок.
2500. Йўл бошида меҳмон кутгувчи турсин,
Расм-русум бузилмасин, тўлиқ бўлсин.
2501. Арз-додин айтса қашшоқ, етим, тул,
Уларнинг арзин бегга етказсин ул.
2502. Албат жабр-дийдалар ҳолини сўрсин,
Ноҳақлик йўқотиш тадбирин кўрсин.
2503. Ичу сиртда кўрса нобоп ишларни,
Тийсин, кўпайтирсин савоб ишларни.
2504. Шундайин бир талай ишларни дарҳол,
Улуғ ҳожиб этар ўз қўлида ҳал.
2505. Бундай ишлар изми унинг илкида,
Бузилиш, тузалиш унинг измида.
2506. Элиг, ҳожиб хушёр бўлмоғи зарур,
Ўрни келса ўзин тиймоғи зарур.
2507. Бири, бег сўзини қаттиқ сир тутсин,
Яна ақлни ҳавасга жилов этсин.
2508. Учинчи, ҳар бир жойда тутсин ўзин,
Ҳар кимга демасин ҳар кандай сўзин.
2509. Ишдан бош тортмасин, пора олмасин,
Ёт бўлган кишини яқин айласин.
2510. Икки иллат бўлса кимда, эй элиг,
Унга иш бермагин, узатма илик.
2511. Бирининг тилидан ёғилса ёлғон,
Бири, ўзин ҳар кўйга солар инсон.

2512. Кимки бу иллатга бўлса гирифтор,
Элиг, яқинингга йўлатма зинҳор.
2513. Хизматчининг яна бордир уч иши,
Эҳтиёт бўлмаса ейди ўз бошин.
2514. Бири, эшитганин қаттик сир тутсин,
Бири, ёмон иш кўрса кўзин юмсин.
2515. Бири, босиқ бўлсин, бўлсин мулойим,
Шунда шодон ўтар кунлари доим.
2516. Нима дер эшитгин бир доно олим,
Амал қил сўзига хуш бўлар ҳолинг:
2517. Бош соғ бўлсин десанг бег сўзин дема,
Сирин элга ёйиб, бошингни ема.
2518. Ёйилса сир агар кетади боши,
Тил янглиш сўзласа синади тиши.
2519. Жуда кўп кўрганман ноқобил инсон,
Сир очган-чун боши кетар бегумон.
2520. Эшитганман кўп бор, сўзлайвериб тил,
Биров сирин ёйиб, оғиз ёрди, бил.
2521. Яна айтди: Билимдон доно деди,
Ўзин тута бйлмаган бошин еди.
2522. Ҳожиб эҳтиёткор бўлсин ўзига,
Кўрганда кўз, арз этганда сўзига.
2523. Элиг ҳузурига бевақт кирмасин,
Сўрамай туриб ишин арз қилмасин.
2524. Нима дер эшитгин донолар тили,
Доно тили очар маънолар йўлин:
2525. Ўз вақтида кўрсат ҳоқонларга юз,
Сўровга жавоб бер, бекор қотма сўз.
2526. Вақти-соати бор ҳар ишнинг шаксиз,
Вақти етса кўрар кўзлар шубҳасиз.
2527. Шу фазилат, билимга эга бўлса у,
Билгин, ҳожибликка муносибдир у,
2528. Манинг билганларим шулар, эй ҳоқон,
Сўровга яраша айладим баён.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

2529. Элиг айтди: Сўзинг тингладим, уқдим,
Яна бир гапим бор маъносин уқдир.
2530. Менга айтгин аъёнларнинг дарғаси,
Қандай бўлиш керак эшик оғаси?

ЎТТИЗИНЧИ БОБ
ЭШИК ОҒАСИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ
КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

2531. Ўгдулмиш жавобан айтди: Одил хон,
Хушвақтликда даврон сургин кўп замон.
2532. Эшик оғаси кўп меҳрибон бўлсин,
Тани-жони бирла тиришқок бўлсин.
2533. Эшикда ёритсин қора тунни у,
Эшикда ботирсин ёруғ кунни у.
2534. Қонун, йўл-йўриқни у пухта билсин,
Феъли юмшоқ, амали тўғри бўлсин.
2535. Саҳоватли бўлсин, нону тузи мўл,
Мардларни жам этсин, олтин бериб ул.
2536. Тунда ётоғига ётишдан бурун,
Ҳар бир соқчига у кўрсатсин ўрнин.
2537. Мусофир, ётларни назорат қилсин,
Ким хушёр ўзига ҳамдам, дўст билсин.
2538. Сарой дарвозасин ёптирган они,
Демак, бу — шу кунги иш тугагани.
2539. Эрта тонгда яна ишга шай бўлсин,
Кеча-кундуз посбон ўрнида турсин.
2540. Барчани ҳурматлаб, етганда фурсат,
Қабулга киритсин олиб у рухсат.
2541. Кўринсину чиқсин, узоқ турмасин,
Таклиф этсин, маҳтал қилиб қўймасин.
2542. Хизматчилар кирса агар жам бўлиб,
Яроқли, яроқсизин турсин кўриб.
2543. Қабул битгач, бўлса бировнинг сўзи,
Олиб кирсин уни қайтадан ўзи.
2544. Ким баён айласа тилагин шу дам,
Бу муҳтож кишига бўлсин у ҳамдам.

2545. Олиб берсин эҳсон, олтину кумуш,
Қай бирига унвон, бирига юмуш.
2546. Ким хизмат қилади юракдан суюб,
Ким зое айлагай вақтин бўш юриб.
2547. Маъқули қайсидир, номаъқули ким?
Бўладиган қайси, фойдалиси ким?
2548. Буларни бегига баён айласин,
Лойиғин ўстирсин, аён айласин.
2549. Эзгу фармонларни арз этсин тили,
Ундан мамнун бўлсин хизматчи дили.
2550. Ўлтмриб, туришга жой бўлсин ҳозир,
Бўлмасин ҳеч кимса бунда мунтазир.
2551. Мусофир, ётларни яхши кутгулик,
Яқин қўлдошларни қадр этгулик.
2552. Лаганда ош кирса кузатсин обдон,
Ножинс кимса кўрса қайтарсин шу он.
2553. Олиб чиқса шира қараб турсин ул,
Тегмасин асло унга бегона қўл.
2554. Қайтиб чиқса нозу неъматлар ортиб,
Бегга мос бир тарзда берсин тарқатиб.
2555. Ҳаммага баробар қилсин у ҳиммат,
Ички-ташқига бирдек етсин неъмат.
2556. Икки нарса оширар бег шонини,
Эшикда — туғи, тўрда дастурхони.
2557. Яна икки нарса сарой хусни, ул –
Бег номин улуғлаб, қутга очар йўл.
2558. Улуғ ҳожиби бўлсин озод киши,
Эшик оға лоёқатли ишбоши.
2559. Бу иккови туфайли сарой обод,
Улуғланар бегнинг номи умрбод.
2560. Назарида турсин соқийи албат,
Тўшакчи-ю, ошпаз, туғчи ҳамма вақт.

2561. Шай турсин доим қушчи, ўқ ёйчини,
Саройда сақласин албат овчини.
2562. Уйига кетар пайт содиқ қўлдошин,
Ўзи билан элтиб, егизсин ошин.
2563. Едирсин, ичирсин, тўйдирсин қорнин,
Қуруқ қўймай яна у берсин борин,
2564. Ўзига бир от, тўн, қурол бўлса бас,
Улашгач, ўзига озроқ қолса бас.
2565. Ҳузурига келса беғона киши,
Синаб кўрсин, суриштирсин касб, ишин.
2566. Хизматга келганда кузатсин уни,
Озиғи, макони, оти, тўнини.
2567. Сўраб турсин ҳукмдори ҳолини,
Очми, тўқми, энгил-бош, аҳволини.
2568. Қўли қисқаликдан у бўлса муҳтож,
Бериб ҳақ, дардига топсин бир илож.
2569. Ким агар саройга бир бор келмаса ,
Сабабин сўрасин ўзи айтмаса.
2570. Бетоб бўлса ҳолини сўраш керак,
Бебошлик қилар бўлса тийиш керак.
2571. Бу бегига садоқат нишони эрур,
Шодлигини истаб чин хизмат қилур.
2572. Нима дейди тингла хизмат қилган эр,
Хизмати-ла қадр-қиммат топган эр:
2573. Хизматчи бегига меҳрибон бўлсин,
Меҳрибон бўлиш-чун у ишчан бўлсин.

2574. Меҳрибон ва содиқ бўлса гар ходим,
Бегликнинг асоси мустаҳкам доим.
2575. Шафқатли бўлар у, ўз нафсин демас,
Бегга фойда, эзгулик тилар абас.
2576. Фойдали гар озғон*, мен эрурман қул,
Томирин кесарман, гар зарарли гул.

[1] Озғон – Олхўрисимонлар туркумига мансуб бута

2577. Бемеҳр, бефойда ўғилдан азал,
Меҳрибон ва содиқ хизматкор афзал.
2578. Қариндош бемеҳр, нодон бўлса қўй,
Дўст тутин нафликни ҳам меҳрига тўй.
2579. Тили юмшоқ, камтарин бўлсин ўзи,
Кўнгли очиқ бўлсин ва ёруғ юзи.
2580. Тунд чеҳра, аччиқ тил кўнгил қолдирар,
Ўзидан барчани албат бездирар.
2581. Бунга монанд ушбу байтни ўқигин,
Ўқигину маъносин албат уққин:
2582. Дил оғритиб ким тилдан сочса заҳар,
Суякни қақшатиб, қалбга ўт ёқар.
2583. Калтак зарби битар, абадий битмас —
Бу тилнинг яраси, бир умр битмас.
2584. Отланган беглар жанг ё юришга,
Чавгон ўйин, шикор ё эл кўришга,
2585. Ҳар ерда авайлаб, асрамоқ керак,
Малоллик, хавф-хатарни тўсмоқ керак.
2586. Ҳатою, хавф-хатар юз берса агар,
Жангу жадал ё шикорда юз берар.
2587. Ишончсизлар бор бўлса, қилсин йироқ,
Шубҳалидан лозимдир хушёр бўлмоқ.
2588. Ишончли, суюкли ва содиқ киши,
Хон ёнида туриб асрасин бошин.
2589. Қўмондон соқчиларга тартиб берсин,
Абжирларин орқа-олдинга терсин.
2590. Кичик саф катталар аро кирмасин,
Четдагилар бегга яқии келмасин.

2591. Нечук булса саройда ўлтириш, туриш,
Сафарда ҳам керак шу зайил юриш.
2592. Эшик оғасининг меҳр, садоқати,
Шундай бўлсин, эй дунё саодати.
2593. Шундай бўлсин ҳар ишга бош-қош киши,
Бег нонин еб, хизматин қилар киши.
2594. Шуларни айтдим мен, эшитди элиг,
Комиллик истаса, ишлатсин билик,

ЭЛИГНИНГ ЎГДДУЛМИШГА САВОЛИ

2595. Элиг айтди: Гапларинг яхши уқдим,
Яна бир сўзим бор маъносин уқдир.
2596. Биларсан албатта дунё беглари,
Юборар элдан элга элчиларин.
2597. Бу ҳақда маълумот — билим бер менга,
Элиг элчи юборса бирон элга,
2598. Қандай бўлмоғи керак элчи киши,
Бег унга ишониб топширса ишин.

044

001

YUSUF XOS HOJIB
QUTADG’U BILIG
Qadim turkchadan Emin USMON tarjimasi
09

YIGIRMA OLTINCHI BOB
BEGLIKKA MUNOSIB BEG QANDAY
BO’LISHI KERAKLIGI BAYONI

1924. Elig aytdi: Bilag’on, dono ko’zim,
Endi aytay senga dildagi so’zim.
1925. Bir Olloh yaratdi odam bolasin,
Ulug’in, kichigin, yomon, yaxshisin.
1926. Bilimli, bilimsiz, faqir, badavlat,
Oqilu aqlsiz, johil, beillat.
1927. Ko’pga bosh bo’lmoqqa qanday beg kerak,
Nom qozonsin, ishiga rivoj kerak.
1928. El-yurt obod bo’lsa, boyisa budun*,
Yaxshi nom kozonsa, ko’paysa budun.
1929. Duru javohirga to’lsa xazina,
Yov boshi yanchilsa, yo’qolsa fitna.
1930. Ilki kuchli bo’lsa, yig’sa zo’r qo’shin,
Ilm birla yuritsa qonunu yo’sin.
1931. Topib shuhrat, dunyoga yoyilsa oti,
Ulug’ bo’lib kun sayin ortsa quti.
1932. Uzoq yil yashasa rohatda omon,
Fido bo’lsa jonlar, u sursa davron.

[*] Budun – xalq

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

1933. Javob berdi O’gdulmish, dedi: Elig,
So’radi mendan juda mushkul bilig.
1934. Bu beglik ishin hamma beglar bilar,
Qonun, tartib, rasm-rusum ulardan kelar.
1935. Tug’iladi u onadan beg bo’lib,
Bilar yaxshi ishni, o’rganar ko’rib.
1936. Beglik ishini kimga bersa Xudo,
Shunga mos aql-hush, ko’ngil etgay ato.
1937. Kimni beg qilishni istasa Xudo,
Zakovat, uquv, qanoat etgay ato.
1938. Beglik martabasi beglarning ishi,
Uni bilar beglikka yetgan kishi.
1939. Bu ishni elig mendan yaxshi bilur,
Otasi beg edi, o’zi beg erur,

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

1940. Elig: Uqdim so’zingni chindir, dedi,
Rost aytding, so’zingning ifordek hidi.
1941. Ish qilguvchi ishning yo’rig’in bilar,
Yaxshi-yomonligin kuzatgan bilar.
1942. Men ish qilguvchiman, sen kuzatguvchi,
Kuzatguvchidan o’rganar ish qilguvchi.
1943. Xudo berdi senga aql-idrok, ko’ngil,
Zakovat, bilim birla bo’lding omil.
1944. Yoshligingdan boshlab xizmatim qilding,
Adolat qonunin o’rganib bilding.
1945. Barcha ishni uqib, mag’ziga yetding,
Amalu tilingda jon fido etding.
1946. Mehr ko’rsatganga kishi aytar so’zin,
Mehribon baxsh etar kishiga o’zin.
1947. Mehring uchun umid bog’layman senga,
Sadoqat-la so’zlar mag’zin chaq menga.
1948. Nima der eshitgin mehribon kishi,
Mehru shafqat odamgarchilik boshi.
1949. Mehribon kishini alqar oqillar,
Mehru shafqatlini ko’p aziz bilar.
1950. Mehribon topsang qalb to’ridan joy ber,
Aqlu bilim ta’lim berib shunday der.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

1951. O’gdulmish javob berdi: Dono elig,
Tinch-omon yasha, uzun bo’lsin ilik.
1952. Beglikka avval zoti poklik kerak,
Botirlik, kuch-quvvat, jasorat kerak.
1953. Ota nasabi ulug’ bo’lsa gar beg,
O’g’il ham beg bo’lar otalaridek.
1954. Beg aqlli, bilimli bo’lmog’i kerak,
Sahovatli, xushfe’l bo’lmog’i kerak.
1955. Bilim birla beglar elga bosh bo’lar,
Zakovat-la el-yurt ishlarin qilar.
1956. Begning nomi bilim-la bog’liq erur,
Bilig lomi ketsa beg nomi qolur*.
1957. Beg oqil, bilimli bo’lmog’i zarur,
Lek ilmli kishining yovi ko’p erur.
1958. Nima der eshitgin bilim olgan er,
Ko’pni ko’rgan hamda ko’pni bilgan er:
1959. Ziyrak bo’lsin beglar, bilimdon, zakiy,
Bexos balo-qazo yetmagay toki.
1960. Fe’l-atvori ezgu, yumushi ardam,
O’zin tutsa yaxshi nom bo’lar hamdam.
1961. Odam bolasi asli ulug’ erur,
Ko’r, bilim birla ko’pga sarvar bo’lur.
1962. Asli zoti yaxshidan asl tug’ilar,
Yaxshilik tufayli to’rdan joy olar.
1963. Beglik muqaddas ishdir, soflik lozim,
Soflik-la el aro ziyraklik lozim.
1964. El sarvari bo’lsin bahodir, abjir,
So’ng ulug’ ishlarga qo’l ursa arzir.
1965. Eshitgin O’tukan** begi nima der,
Xar bir so’zni puxta o’ylab aytgan er:

[*] L harfi arabchada lom deb o’qiladi. Bilig so’zi eski yozuvda uchta harfdan iborat. Agar lom tushib kolsa, beg hosil bo’ladi
[*] O’tukan — Ko’k turklarning O’rxun vodiysidagi ota makoni

1966. Yurtning begi sara bo’lmog’i kerak,
Til, dili tuz, xushfe’l bo’lmog’i kerak.
1967. Oqilu bilimdon, komilu yetuk,
Keng fe’l, sahovatli, ko’zi, ko’ngli to’q.
1968. Yaxshilik qilmoqqa qo’l bo’lsin uzun,
Hayoli, fe’l-atvor, odobi mavzun,
1969. El-yurtga munosib bunday beg — ulug’,
Undan tarqar yaxshi bir avlod — urug’.
1970. Ilm-la boshlar inson ish kushoyishin,
Aql — idrok-la qilsa, o’nglanar ishi.
1971. Ilm barla boshqarar elini begi,
Hech ishga yetmas ilmsiz aqli – o’gi.
1972. Gar beglar yanglishsa ishida alhol,
Beglik bemor erur, davola darhol.
1973. Bu dardning davosi aql-idrok, bilim,
Aql birla davola, xulqi muloyim.
1974. Beg oqil, bilimli bo’lmog’i kerak,
Dardni shular bilan davolash kerak.
1975. Bilimdon, aqlli, dono bo’lsa xon,
Obod bo’lar albat har ikki jahon.
1976. Ikki jahon baxtini topgai kishi,
Shod bo’lar, saodatdan chiqmas boshi.
1977. Shoir bunga monand aytibdi bir so’z,
Bu so’zning ma’nosi bilimsizga ko’z:
1978. Menga ochig’in ayt, farog’atli kim?
Insonlar ichra baxt-saodatli kim?
1979. Yeb-ichsa, hadya bersa, yashab baxtli,
U dunyoda ham bo’lar toju taxtli.
1980. Xushfe’lu xushxulq bo’lsa beg agar,
Kunlari shod-xurramlik bilan kechar.
1981. Xudo kimga bersa odobu ahloq,
Ezgulikning yo’li ochilar mutloq.
1982. Bu ne’mat-la dunyo uniki bo’lar,
Xoh barin olsin, xoh ulashsa bo’lar.
1983. Haq quliga qutli fazil baxsh etar,
Xulqin go’zal, ishlarin tugal etar.
1984. Ezgu odob, kasb-kor lozim ming tuman,
Obod bo’lsa shahar, kent, tarqab tuman.
1985. Fe’l-atvor ezgusi naqadar yaxshi,
Yaxshi fe’l-atvor insonning naqshi.
1986. Xudo qilsa kimning fe’lini yomon,
O’qi birla uni ranjitar zamon.
1987. Qaysi begning nojo’ya fe’l-atvori,
Ishi chappa, zabun bo’lar ahvoli.
1988. Beg albat taqvoli, xusnixulq bo’lsin,
Zoti toza, o’zi ham pokdomon bo’lsin.
1989. Taqvodor qalbi Haqdan qo’rqib turar,
Bu zot beglik ishin to’g’ri yuritar.
1990. Beg taqvodor, sofdil bo’lmasa agar,
Qilmishlari nopok, nuqsonli bo’lar.
1991. Beg aqlli bo’lsin yuritmoq-chun ishin,
O’nglanar bilib tutsa har ish boshin.
1992. Aqllilar o’xshatib yuritar ishin,
Yiroq tutmoq lozimdir nodon kishin.
1993. Foydasiz erur ko’z, ko’ngil bo’lmasa,
Ko’ngilning oromi yo’q, aql bo’lmasa.

1994. Nima der eshitgin, ey elning boshi,
Dili ravshan sabrli, sinalgan kishi:
1995. Agar qay kishida bo’lsa zakovat, aql,
Uni er sana, maqta, aylagin naql.
1996. Aql, zakovat, ilm kimda bo’lsa yetuk,
Gar yomon maqta, ulug’la gar kichik.
1997. Insonga nechog’li baxt aql-zakovat,
Aqli bor maqtalar, topar saodat.
1998. Shoshqaloqlik barcha narsaga yovdir,
Hovliqma bo’lsa beg: yuzi qoradir.
1999. Xovliqish, yengillik hamda jaholat,
Nodonlik nishoni, yaramas odat.
2000. Shoshib qilingan ish ko’ngilsiz bo’lar,
Shoshib yeb ichilgan osh, suv dard bo’lar.
2001. Barcha ishda bosiq, sobir bo’lib tur,
Faqat ibodatga shoshilib yugur.
2002. Insofli, ko’zi to’q va hayoli bo’l,
Amal, so’zda ochiq yuz, muloyim bo’l.
2003. Sira to’ymas bo’lar ko’zi och kishi,
Ko’zi ochga yetmas bu dunyo oshi.
2004. Ochko’zlik dard erur, yo’q uning emi,
Uni emlay olmas bu dunyo qomi.
2005. Barcha och yesa, ichsa oxir to’yar,
Ko’zi suq ochligini o’lsa qo’yar.
2006. Ko’zi och hech bo’lmas dunyo bilan boy
Dunyo molin yig’sa, baribir gadoy.
2007. Beg bo’lmog’i lozim idrokli, omil,
Oqil kishi bo’lar bezavol, komil.
2008. Beglar ko’p hayoli ham fozil bo’lar,
Kim hayoli fe’li aynimas, to’lar.
2009. Kimda hayo bo’lsa, xushodobli ul,
Nojo’ya ishlarga sira urmas qo’l.
2010. Xudo kimga bersa hayo, fazilat,
Berar davlat, cheksiz obro’yu izzat.
2011. Nojo’ya ishlardan tiyuvchi hayo,
Bor yaxshi ishlarga undovchi hayo.
2012. Hayo — yaxshi ziynat kishilarga xos,
Hamda barcha ezgu ishlarga asos.
2013. Ko’ngli to’g’ri, tili rostgo’y bo’lsa gar,
Kuni tug’ib, elga foyda keltirar.

2014. Niyati buzuq bo’lsa begning yohu,
Undan elga naf yo’qdir, qo’lingni yuv.
2015. Fe’l-atvor yaxshi, to’g’ri bo’lmasa til,
Bu eldan qochar baxt, tutib bo’lmas bil.
2016. So’zida turmas begga tutma umid,
Umring zoe ketar, qilar noumid.
2017. Bo’lmog’i kerak beg ziyragu hushyor,
G’ofil bo’lsa beg, fitna bo’lar bisyor.
2018. Elni mahkam tutuvchi ikki jilov,
Xushyorlik, qonun — adl asosi ikov.
2019. Qay beg xushyor bo’lsa, elin saqladi,
Yovning boshin yanchib, bag’rin dog’ladi.
2020. Qay beg tutsa elda to’g’ri siyosat,
El yashnar, yorug’likka chiqar albat.
2021. Beglik asosi shu ikkisi albat,
Gar ular tugal bo’lsa, beglik abad.
2022. Nima der eshitgin jasoratli er,
Xushyor bo’lib, yovni yakson qilgan er:
2023. Beglar, bo’lsin desangiz elig xushyor,
Bor elga odil boqing, bo’ling xushyor.
2024. Beglar eli ortdi xushyorlik bilan,
Beglik zavol topdi g’ofillik bilan.
2025. Xushyorlik bilan yanch yovning boshini,
Adolat qil xalqqa tamal toshini.
2026. Beg ikki narsa-la begligin buzar,
Kirib egri yulga, haq yo’ldan ozar.
2027. Biri g’ofil bo’lmoq, biridir zulm,
Bular birla beg elin etar mazlum.
2028. Istasang gar yog’i bo’ynini uzish,
Ko’z-quloq birla kerak xushyor turish.
2029. Xushyorlik birla beg yo’qotdi yog’i,
G’ofillik birla buzdi beglik bog’in.
2030. G’ofil bo’lsa beglar ish bitmas tamom,
G’ofilning begligi etmaydi davom.
2031. Xushyor kishi doim g’ofilni urar,
G’ofil bo’lmasa yov kim hujum qilar.
2032. Xushyor bo’lsa beg elga tegmas ilik,
Tegsa chora topar aql-idrok, bilik.
2033. Zolim beglik davronini surolmas,
Xalq zolimning zulmini ko’tarolmas.
2034. Nima deydi tingla dononing so’zin,
Zolim hukmronlik qololmas uzun.
2035. Zulm misli o’t, kim yaqinlashsa kuyar,
Adolat — suv, oqsa ne’matlar unar.
2036. Bo’lay desang elga uzoq hukmron,
Tuz tut nizomni, elni asra har on.
2037. Adolat-la el unar, tuzalar jahon,
Zulm-la zavol topar, buzilar jahon.
2038. Ko’p shahar buzdi zolim zulm bila,
Tik turib o’ldi oxir ochlik ila.
2039. Kunglin tuzab, tutsa odil siyosat,
Beglik uzoq yashar, chekmas riyozat.
2040. Ko’p yomon bir holdir, ey sohibqiron,
Yolg’onchi atalib qolsa agar xon.
2041. So’zi chin bo’lsa begning, guzal xulqi,
Ishonib, baxtiyor yashagay xalqi.
2042. Yolg’onchi kishilar vafosiz bo’lar,
Vafosizlar yurtga ofat keltirar.
2043. Nima der eshitgin vafodor kishi,
Vafo erur insoniylikning boshi:
2044. Tili yolg’on erning har ishi jafo,
Mol sifatdir kimning qilmishi jafo.
2045. Kazzoblardan sen aslo vafo kutma,
Bu ko’pdan sinalgan hikmat, unutma.

2046. Er bo’lmog’i kerak yuraqli, botir,
Jasur kishi yovga albatta tatir.
2047. Lashkarboshi bo’lsin jasoratli, mard,
Yuraksizlar undan olsinlar ibrat.
2048. Gar yovqur qo’rqoqlarning bo’lsa boshi,
Jasoratli bo’lar albat bor kishi.
2049. Ushbu so’z isboti bu baytni tingla,
Mag’zin aql, ko’ngil ko’zi bilan angla:
2050. Agar itlarga sardor bo’lsa arslon,
Itlar bo’lar unga mos arslonsimon.
2051. Agar arslonlarga it bo’lsa sardor,
Arslonlar ham itga teng bo’lar murdor.
2052. Beg uchun sahovat, xushfe’llik lozim,
Kamtarinlik hamda yuvoshlik lozim.
2053. Sahovati-la beglar shuhrat topar,
Ular nomi-la olam qaror topar.
2054. Mard yigitlar to’planib lashkar bo’lar,
Lashkar bilan beglar maksadga yetar.
2055. To’plab tarqatuvchi eshit nima der:
Jang-jadalda yig’ib so’ng mardlarga ber.
2056. Saxiy bo’l, in’om qil, ichir ham kiydir,
Kamaysa tortib ol, so’ng yana yedir.
2057. Rizqli, mard kishiga dunyo kamaymas,
Oqqush palaponiga don kamaymas,
2058. Qilich, bolta, kamon bilan kuch, yurak —
Bor ekan sira ham qo’rqmaslik kerak,
2059. Jahongir, oqil beg nechuk yig’ar ganj,
Lashkar qayda bo’lsa albat olar ganj.
2060. Yurt olish uchun ko’plab lashkar kerak,
Ularni saqlashga mol-dunyo kerak.
2061. Mol-dunyo yig’ishga boy budun kerak,
Elni boyitmoq-chun tuz qonun kerak.

2062. Bundan biri bo’lmasa, to’rti bo’lmas,
To’rti bo’lmasa-chi, beglik ham bo’lmas.
2063. Qozonmog’i-chun beg shuhrat, yaxshi nom,
Besh narsadan yiroq bo’lgulik tamom:
2064. Biri — shoshqaloqlik, baxilik — biri,
Uchinchi — jaholat, qoch undan nari.
2065. To’rtinchi — badfe’llik, eng xunuk holat,
Beshinchi — kazzoblik, nomaqbul odat.
2066. Bulardan yiroq tutsin beglar o’zin,
Nomi bulg’anmay, o’tsin desa so’zin.
2067. Bulardan buzuq fe’llik behad yomon,
Fe’lidan azob chekar badfe’l, nodon.
2068. Bunga monand so’zni aytar bir shoir,
Uning so’zin tutsa kim so’zga boyir:
2069. Insonga yomon fe’l og’ir yukdir, bil,
Badfe’l kishi misli kopog’on it, bil.
2070. Yog’i qilmas ishni shu fe’li qilar,
Bu ham yov, dushmandan qanday farq qilar.
2071. Ko’p ellarni tutay desang, ey elig,
Uchta ishni qilgin gar yetsa ilik:
2072. Qilich tutib, sermab ursa o’ng qo’ling,
So’l qo’l bilan ehson aylagin puling.
2073. Tiling so’zlasa gar shakardek chuchuk,
Bo’yin egar qul, beg, ulug’u kichik.
2074. Ey elig, begga bu narsalar zarur,
Xalqi e’zoz etsa, o’rni to’r bo’lur,
2075. Ochiq yuz, chuchuk so’z, latif fe’l kerak,
Fe’li ham bunga mos bo’lmog’i kerak.
2076. Ko’ngli yumshoq ham qo’li ochiq bo’lsa,
Shunga monand mehribon, rahmdil bo’lsa.
2077. U turli kasb-korlarni tugal bilsa,
Yaroqsiz narsa undan yiroq bo’lsa.

2078. Insonlar oarvari, el yetugi u,
Nuqsonsiz, eng sara, komil inson u.
2079. Olam ahli unga butkul qul bo’lar,
Topib tilagin, olamga xon bo’lar.
2080. Xunuk yuz, qo’pol so’z, g’urur, manmanlik,
Barchani bezdirar — kelar sarsonlik.
2081. Shoshqaloqlik, yengillik, ko’pol va shaloq –
Tubanlar xulqi bu, qoch undan yiroq.
2082. Avom xulqi begga munosib emas,
Begga yuqsa agar qadri bo’lar pas.
2083. Qul ranggi qoradir, beglar bo’lar oq,
Oq, qora shu tarzda farq etilar, boq.
2084. Yetuk beg bo’layin desa belgilik,
Ey nomdor, fazilni mahkam tutgulik.
2085. O’zi beg, fe’l-atvori bo’lsa qora,
Bo’lar koradan ham yomon el aro.
2086. Begning yuzi ko’rkli, xushbichim bo’lsa,
O’rta bo’y, shuhrati olamni tutsa.
2087. Unga boqqanlarning mehri tovlansa,
Faxrlansa el-yurt, boqib quvonsa.
2088. Yovga beayov bo’lsa, elpdek jasur,
Xusni ko’rar ko’zga baxsh etsa huzur.
2089. O’ta baland bo’yni xo’p ko’rmas bilim,
Pak-pakana esa bo’lmas xushbichim.
2090. Shunday ekan o’rta bo’y bo’lgan yaxshi,
O’rta bo’y yarashiqli begning naqshi.
2091. Ne der yaxshi-yomonni ko’rgan kishi,
Boshidan ko’p ishni kechirgan kishi:
2092. Pakana notavon, qilmishi g’azab,
Qaerda jaholat, urushga sabab.
2093. O’rta bo’yga fe’ling munosib bo’lsin,
Ey dono, har ishing o’rta hol bo’lsin.

2094. Beg fasodchi bo’lmasin ham may ichar,
Bu ikki qilmishdan baxt qochib ketar.
2095. Beglar maishatga berilsa agar,
Yurt xarob, el qismati zabun bo’lar.
2096. Jahrngir aysh-ishratga ko’ngil berar,
Yurtin buzar, gadolikda rizq terar.
2097. Gar yumush vaqtida ado etilmas,
Qush solib izlasa, quvib yetolmas.
2098. Nima deydi tingla ta’lim berguvchi,
Nodonni sharobdan so’kib to’sguvchi:
2099. May ichma, mayparast, ey nafsning quli,
May ichsa ochilar faqirlik yo’li.
2100. Mayxo’r bo’lsa xalq sovurilgay moli,
Qaror topgaymi mayxo’r begning eli.
2101. May yog’idir, yemishi oltin, kumush,
Uning ishi janjal, yovlashish, urush,
2102. Mast kishi albat aqlsiz, telba bo’lar,
Telbaning ishin ko’r, qachon tuz bo’lar.
2103. Nima der eshatgin xushyorning tili,
Amal qil bu so’zga, ey nafsning quli:
2104. Qancha bitar ishlar may sabab qolar,
Ne nojo’ya ishlar kayf bilan bo’lar.
2105. May ichib ishratga berilsa gar xon,
Es-hush davlat ishiga ortgay qachon?
2106. May ichsa ne bo’lmag’ur ishlar bo’lar,
Kayf qilgach, qancha xayrli ishlar qolar.
2107. Fasod qayda bo’lsa, baxt qochar to’zib,
Fasod yurar doim beglikni buzib.
2108. Baxt pokizadir, poklikni tilar,
Davlat musaffodir, soflikni qo’llar.
2109. Begi bo’lsa mayxo’r, qo’pol ham buzuq,
Pastkash, aroqxo’r bo’lar xalqi to’liq.

2110. Avomning noma’qul ishin beg tuzar,
Gar beg noma’qul ish qilsa, kim tuzar?
2111. Najosatni odam poklar suv bilan,
Suv bulg’ansa uni poklar ne bilan?
2112. Tabib dori berar birov og’risa,
Kim chora izlaydi tabib og’risa?
2113. Begning ishi, fe’li to’g’ri bo’lgulik,
Begning xulqi elga bo’lar yo’l-yo’riq.
2114. Beg nizom, qonuni qay yo’sin bo’lar,
Xalq shu qonun yo’siniga mos bo’lar.
2115. Quloq sol bu so’zlar isbotdir unga,
Zehn solsang ma’nosi ko’p uyg’un bunga:
2116. Beglar qanday yo’lni tutib yursa gar,
Ular yo’lin tutar albat tobelar.
2117. Begi yaxshi, to’g’ri bo’lsa ishlari,
Yana yaxshi bo’lar tobe kishilari.
2118. Takabburlik begga munosib emas,
Kibr adashtirar tuz yo’ldan abas.
2119. Saodat-la beglar ulug’ bo’ldilar,
O’zin kichik tutib qutlug’ bo’ldilar.
2120. Nima der eshit fozil, yaxshi kishi,
Elning sarasi, dono ham beg kishi:
2121. O’zin katta olib, cho’ng tutsa ko’ngil,
Muqarrar ko’rar u xorlik, ey o’g’il.
2122. Kibr birla ko’kka chiqmaydi kishi,
Kamtar bo’lsa agar buzilmas ishi.
2123. Manmanlik befoyda, dilni to’nglatar,
Kichik fe’llik kishini ulug’latar.
2124. Muloyim va yumshoq ko’ngil bo’lsin xon,
Gar unday bo’lmasa qoch undan shu on.
2125. Beg ochiq dil, muloyim bo’lsin albat,
Gunohkorning aybin kechirsin har vaqt.

2126. Mehr qo’yib, el unga mehribon bo’lar,
Mehribon kishilar mehnatkash bo’lar.
2127. Yurt, boshi bo’lgan begga himmat kerak,
Himmat bilan birga muruvvat kerak.
2128. Savob, muruvvat-la topsa sharaf-shon,
Dovi kelar, tilagin topar har on.
2129. Himmati yo’q kiish bamisli o’lik,
Har ikki jahonda bo’lolmas buyuk.
2130. Himmat bilan birga siyosat kerak,
Siyosatga beglik riyosat kerak.
2131. Qonun, siyosat-la elni tuzar xon,
Avom xulqin unga moslar begumon.
2132. Bu so’z isbotiga guvoh ushbu bayt,
Guvoh — hujjat, deya etiladi qayd.
2133. Beglar dargohini siyosat bezar,
Siyosat birla beg elini tuzar.
2134. Yomonga siyosat yuritmoq kerak,
Buzilsa el syyosat tuzar beshak.
2135. Davlatning ustuni mustahkam asos,
Shaksiz ikki narsa erur beqiyos:
2136. Biri — el-yurtga adolat baxsh etish,
Ikkinchisi lashkarga kumush berish.
2137. Adolatdan xalq shod, yurt obod bo’lsa,
Kumush olib lashkar quvonchga to’lsa,
2138. Shu ikki toifa bo’lsa minnatdor,
El-yurti yashnab, beg farog’at topar.
2139. Qay beg yurtda adolat o’rnatmasa,
Muttaham ortar, elin asramasa
2140. Buzilar el, sochiladi rahna — o’t,
Beglikning asosi bo’ladi nobud.
2141. Lashkarin ko’nglini olmasa hoqon,
Qinidan chiqmagay qilich hech qachon.

2142. Qilich birla baland beglarning qo’li,
Qilichsiz beg nochor, tutolmas elin.
2143. Qilich birla bolta elning soqchisi,
Qilich birla beg bo’lar el boshchisi.
2144. Nima deydi tingla jahon tutguvchi,
Qilich, bolta birla yovni yutguvchi:
2145. Elni saqlash kerak, ey el tutgan er,
G’aflatda qolganlar albat zahar yer.
2146. Qilich, boltani o’zingga soqchi qil,
Qilich soqchi bo’lsa, beg tinch o’tar, bil.
2147. Qilich tebranarkan, yog’i tebranmas,
Qilich qinga kirsa, beg tinchiyolmas.
2148. Qilich tutguvchini quvontir, ey beg,
Hamisha shod yasha, g’am ko’rma, elig.
2149. Yana aytdi O’gdulmish: Elig quti,
El ishi mushkuldir, ulug’dir oti.
2150. Xalqka bosh bo’lmoq ko’p mushkul erur,
Hamisha bosh og’riq va tashvish kelur.
2151. Quvonchi oz erur, tashvishi ko’pdir,
Maqtovchi oz bo’lur, so’kuvchi ko’pdir.
2152. Qay tomonga boqmagin dahshat erur,
So’rab-surishtirsang shodlik kam erur.
2153. Suymaslar ko’p erur, suyarlari oz,
Jafosi ko’p erur, halovati oz.
2154. Behalovat bo’lar ishonchsiz ko’ngil,
Ko’ngil ishonmasa, tashvish erur ul.
2155. Qarab ko’rsa, har bir ishida xatar,
Xatar ishni ko’rsa, farog’at ketar.
2156. Nima der tinglagin fozilning so’zin,
Fozil kishin so’zi injuning o’zi:
2157. Gar elig bo’yni nozik, katta boshi,
Unga ko’p ishonmas aqlli kishi.
2158. Xar bir bosh uzra shohlikdek og’ir –
Kundalik yumushi xatardir oxir.
2159. Shunday erur doim beglikning ishi,
Biri huzur ko’rsa, biri yer boshin.
2160. Topay desang raxmat ikki dunyolik,
Kerakdir bir necha ishni qilmoqlik.
2161. Ko’ngil, tilni tuz tut, Xudoga sig’in,
Egamning buyrug’in hurmat kil, topin.
2162. Rozi bo’l Xudodan ne kelsa senga,
Sabr ila rozilik kullug’ing unga.
2163. Xalqqa chin yurakdan bo’lgin mehribon,
Ezgulik, yaxshilik izlagin har on.
2164. Zarar qilma, xalqka manfaat keltir,
Yaxshi bo’l, yomonlarga qiron keltir.
2165. Hayotu mol-dunyo seniki bo’lsa,
Yotib ye, o’ynab-kul gar nasib bo’lsa.
2166. Jon chiqsa-da umiding uzma hargiz,
Yaxshiga Haq yaxshi yo’l bergay shaksiz.

2167. Fikrim bayon etdim, eshitdi elig,
Begga kerak shunday fazilat, bilig.
2168. Qay bir begda bo’lsa mujassam ardam,
Bo’lar uni elga bosh qilsa har dam.
2169. Bunday zot elga munosib bosh bo’lar,
Har bir kishi undan ehsonlar olar.
2170. Nima der eshitgin bilimdon, ziyrak,
Uning ilmi elga bo’lguvsi bezak:
2171. Zakovatli, olim, to’g’ri bo’lsin xon,
Oshirsin shuhratin bo’lib qahramon.
2172. Saxiy, oliyhimmat, zakiy, hayoli,
Mehr ila asrasin elning hayotin.
2173. Ko’zi to’q, sabrli hamda muloyim,
Kechirimli, xushfe’l bo’lsin u doim.
2174. Fazli bilan bo’lsin barchadan ustun,
Yurtda odil qonunni qilsin ustun.
2175. Shunday bo’lsa agar qay elning xoni,
Elning dardi arib, gullar makoni.
2176. Xalqning baxti kulib, yurt ma’mur bo’lar,
Afsuski, bu yanglig’ kishilar o’lar.
2177. Shu erur, ey elig, mening bilganim,
Senga bayon etdim neki uqqanim.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

2178. Elig: Uqdim, to’g’ri so’zlading, dedi,
Ilmda adashmading, shu kerak edi.
2179. Yana aytadigan so’zim bor senga,
Uning ham ma’nosin chaqib ber menga.
2180. Oqilu fozil bo’lsa agarda beg,
Komil bo’lsin vazir xuddi uningdek.
2181. To’plab oltin, kumush, boyisa g’azna,
El yashnab, ko’paysa shahar, kent yana.
2182. So’rasa elin odil qonun bila,
Lashkar mehri ortsa ezgulik ila.
2183. Xalq faravon, zo’rlik qo’li tegmasa,
Begning yaxshi nomi sira yitmasa.

YIGIRMA YETTINCHI BOB
BEGLARGA VAZIR BO’LGUVCHI KISHI QANDAY
BO’LSHI KERAKLIGI BAYONI

2184. Javob berib O’gdulmish aytdi: Elig,
Vazirdir beglarga tutguvchi ilik.
2185. Kerakdir beglarga vazir begumon,
Vazir yaxshi bo’lsa, tinch uxlaydi xon.
2186. Beglar yukin ko’targuvchi vazirdir,
Yurtni mustahkamlaguvchi vazirdir.
2187. Buning-chun sara, yetuk inson kerak,
Qalbi, aqli komil, jo’sh urgan yurak.
2188. Zehni o’tkir bo’lsa, bilimi dengiz,
Bor ishni bitirsa, yorug’ bo’lsa yuz.
2189. Ziyragu taqvodor ham rostgo’y bo’lsin,
Toki kuni to’g’rilik bilan o’tsin.
2190. Vazirlik ulug’ ish, kerak asl kishi,
Ishonchli, mukammal, xusnixulq kishi.
2191. Oqil, dono, odil bo’lishi kerak,
Zehni o’tkir, xushfe’l bo’lishi kerak.
2192. Aqlli kishining nasli yaxshi urug’,
Qayda bo’lsa unar, nest bo’lmas urug’.
2193. Iymonli, taqvoli, sof bo’lsin albat,
Undan el-yurt ko’ngli to’q bo’lsin albat.
2194. Taqvodorlar ichra u a’lo erur,
Xojandmand dardiga u davo erur.
2195. Taqvodor har ishda xushyorlik qilar,
Yomonlikdan yiroq, ish ko’zin bilar.
2196. Begidan so’ng dasti uzun el-yurtda,
Elig uchun davlat ishin yuritar.
2197. Asli zoti pastlar g’irt nopok bo’lur,
Nopok vazirlikka noloyiq erur.
2198. Nasli toza kishi vafoli bo’lar,
Zoti pastning ishi jafoli bo’lar.
2199. Eshit, nimalar der tadbirli kishi,
Tadbirlilar bo’lar el-yurtning boshi:
2200. Xushfe’l, nasli toza bo’lsa kishining,
Xalqqa ochar saodatning eshigin.
2201. Boqsang hamki shakaru ilik berib,
Bevafolik qilar nopok pand berib.
2202. Hayoli, ko’zi to’q, ishonchli bo’lsin,
Uyatsiz kerak emas, nari tursin.
2203. Ko’zi to’q bo’lsin, mol-mulkka suq emas,
Ko’zi och dunyoni yesa ham to’ymas.
2204. Insonlar sarxili hayoli kishi,
Hayoli kishidir iisonlar boshi.
2205. Hayoli kishiga bor ishni topshir,
Uyat-la jaholat eshigin yoptir.
2206. Behayolar bo’lar odam razili,
To’g’ri so’z so’zlamas, uyatsiz tili.
2207. Hayoli, bama’ni nima der eshit,
Senga u chin dildan qiladi o’git:
2208. Uyatsiz kishidan qoch nari, yiroq,
Uning ko’zi qattiq, xunuk bir qaroq.
2209. Etsiz bir suyakdir behayo yuzi,
Yopilmas teshikdir behayo ko’zi.
2210. Or — nomus-la inson obro’li bo’lar,
Or — nomus-la inson ko’zi nurlanar.
2211. Ochiq yuz va ko’rkam soch-soqol kerak,
Xulqi bo’lsin xalqka ibrat bo’lgudek.
2212. Ishi to’g’ri, fe’li soz bo’lsa agar,
Undan xalqqa oy, yillab foyda tegar.

2213. Gar to’g’ri bo’lmasa ishda ishboshi,
Egri bo’lar butunlay beglar ishi.
2214. Mulozim to’g’ri bo’lsin, ish, so’zda chin,
Toki beglar unga doim ishonsin.
2215. Ko’rkam kishining xulqi go’zal bo’lur,
Xushxulqning elga nafi bisyor erur.
2216. Kimning yuzi, tashi go’zal bo’lsa gar,
Ichi ham tashidek chiroyli bo’lar.
2217. Nima der eshitgin sinagan kishi,
Har yaxshi-yomonni anglagan kishi:
2218. Kishining ko’rkiga kalbi ham o’xshash,
Yuzi, ko’rki birla fe’li ham uyqash.
2219. Sirtin ko’rib ichin bilish mumkindir,
Ichi ham tashiga aynan uyg’undir.
2220. Vazirda salobat, bo’lgay soqol, soch,
Salobatli bo’lsa, ish topar rivoj.
2221. Hisob bilsin ham bo’lsin olim, tetik,
Bilim birla bilsin u turli bitik.
2222. Vazir ishi faqat hisob-la bitar,
Hisob bilmasa u ish ortga ketar.
2223. Kishi ish — amalin hisob-la bilar,
Hisob-la yil, oy, kun, vaqtni aniqlar.
2224. Sanoq, to’g’rilik-la nom oldi hisob,
Ko’p asl ish erur bilsang bu hisob.
2225. Tetik bo’lmasa ish qilolmas kishi,
Tetiklik bilan qilar inson ishin.
2226. Yozuv bilan odam bitar bilganin,
Yozib qo’ysa bilar nima qilganin.
2227. Tetiklik nishoni erur bu bitik,
Yozuv bilan inson bo’lar ko’p tetik.

2228. Yozuv bilmaganda inson o’g’loni,
Qanday bilar edi oy, kun sonini.
2229. Yozib qoldirmasa olimlar bitik,
Bo’lar edi hisobga chora nechuk?
2230. Yaratmasdan avval Xudo bu olam,
Lavh yaratdi, unga yuritdi qalam.
2231. Farishta yozib turar ne qilsa qul,
So’ngra Egam so’rar ne ish qildi ul.
2232. Vazir bo’lsin muloyim va shirin tili,
Bu o’zini xalqqa suydurish yo’li.
2233. Muloyim bo’lsa u shod etar kishin,
Shodmon kishi o’rniga qo’yar ishin.
2234. Ochiq dil, muloyim kishi ne der, ko’r,
Ko’ngil ochiqligi ezgulik erur.
2235. El ichra sevilar ko’ngli pok kishi,
Nomatlub takabbur, toshbag’ir kishi.
2236. Kichik fe’l ulug’likda surar davron,
Takabbur yetolmas — ulug’lik armon,
2237. Vazirlikka komil, yetuk er kerak,
Savodli, bilimli oqil sher kerak.
2238. Ishlari to’g’ri-yu, tali, dili bir,
Nomusli, mehribon, eng chin odamdir.
2239. Ko’zi to’q, xushyor, pok ham ish bilguvchi,
Yaroqli, yaroqiizni farq qilguvchi.
2240. Mehnatkash, vafodor ham iymanguvchi,
Omonatga ko’nglini to’q tutguvchi.
2241. Tugal bo’lsa kimda bu fazil, balik,
Vazirlikni bersa bo’ladi elig.
2242. Vazir bo’lsa begga shundayin kishi,
Bo’lar beg birla xalqning osoyishi.

2243. Beg ishi tilagandek tugal bo’lar,
Eli boyib, yurti ham go’zal bo’lar.
2244. Yaramas, yovuz bo’lsa agar vazir,
Bu el buzilar, boy bo’lar haqir.
2245. Vazir yaxshi bo’lsa xalqning omadi,
Xalq foydasi, eligning halovati.
2246. Eshit, ilmi dengiz kabi teran er,
Bilim birla qalbi yorishgan ne der:
2247. To’g’ri bo’lsa begning dili va tili,
Xodimlari tutar ezgulik yo’lin.
2248. Agar beglar bo’lsa zolim va yomon,
To’g’ri yo’ldan chiqar xodimlar shu on.
2249. Gar beg yaxshi bo’lsa, xizmati albat
Yaxshi bo’lar, zarar yetkazmas hech vaqt.
2250. Yomon bo’lmaguncha beg o’zi, boqqin,
Yo’latmas yomonni o’ziga yaqin.
2251. Yomon qayda bo’lsa, yomonlar ila,
Ey yaxshi, doim yaxshi yo’ldosh tila.
2252. Yomonlar yaxshiga pesha bo’lolmas,
To’g’ri egri birla chiqisha olmas.
2253. Qora tun, yorur kun orasi yiroq,
Yashil suv qizil o’tga bo’lmas qo’noq.
2254. Notanish kishini bilmoq istasang,
Bilarsan tanishdan agar so’rasang.
2255. O’zin qavmi birla yuradi har kim,
To’g’ri bo’l, egriga qo’shilma, hakim.
2256. Bu so’zning isboti baytni uqib ol,
Uni uqib, sen ko’ngilga bitib ol.
2257. Uchuvchi, yuruvchi bor narsaga boq,
Tengin topib, o’ziga etar o’rtoq.

2258. Yomon yaxshi birla qo’shilmas, qochar,
Ibratli tamsil bu, ko’r ko’zni ochar.
2259. Vazir begga doim kengashchi bo’lar,
Kengashchi kishilar qiyoschi bo’lar.
2260. Yomonga qo’shilma, yaxshi ham mutloq,
Xulqi buziladi, dard bo’lar u choq.
2261. Beg yaxshini o’ziga tutsa yaqin,
Yaxshi nom qozonar, tuzatar xalqin.
2262. Beglar yomonlarni yaqin tutsalar,
Ishi barbod bo’lar, nomi bulg’anar.
2263. Shu sifatli vazir topilsa, ey xon,
Xon farog’at topar, xalq bo’lar omon.
2264. Beg undan tilagin topadi tugal,
Hamisha, har kezda ishi bo’lar hal.
2265. Xalqi boyib ketar, yurt obod bo’lar,
Yillar qutli kelar, xazina to’lar.
2266. Nomi hech o’chmas uning, mangu qolar,
Qarib o’lganda ham yaxshi nom olar.
2267. Bu dunyo, u dunyoda rohat topar,
Baxtli yashar, mangu saodat topar.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

2268. Elig aytdi: Uqdim bu so’zni butun,
Behad yaxshi so’zlar aytildi bu kun.
2269. Ayt, xizmatga kirsa lashkarboshi,
Nechuk qilmok kerak beglarning ishin?
2270. Ishin ishlasa-yu, cherik boshlasa,
Ishi puxta bo’lsa, xatolashmasa.
2271. Aytgin, bu ishga kim munosib bo’lar,
Surib yov cherigin tor-mor qilar.

YIGIRMA SAKKIZINCHI BOB
LASHKARBOSHI VA SIPOHILAR QANDAY
BO’LISHI KERAKLIGI BAYONI

2272. Javob berib O’gdulmish aytdi: Elig,
Yovdan g’olib bo’lsin hamisha ilik.
2273. Begga sardor kerak — boshlar o’rdusin,
Toki keltirmasin yovning uyqusin.
2274. Bu ishga jasuru pishiq er kerak,
Bo’lsin ko’pni ko’rgan hamda sher yurak.
2275. G’oyat ulkan ishdir lashkar boshlamoq,
Cherik yig’ib, yovni qirib tashlamoq.
2276. Bu ishga ko’p xushyor, yetuk er kerak,
G’ofillikdan zarar ko’rmagay ziyrak.
2277. Ko’ngli ochiq, botir va saxiy bo’lsin,
Dasturxoni to’kin va o’ktam bo’lsin.
2278. Bo’lsa sahovatli gar lashkarboshi,
Yoniga jam bo’lgay eng sara kishi.
2279. Mol-mulkin ulashsa, quvonsa cherik,
Yoru do’st orttirar va qo’ldosh, sherik.
2280. O’ziga bir ot, to’n, qurol bo’lsa bas,
Zafar quchib, yaxshi nom qozonsa bas,
2281. Bola-chaqa g’amin yeb mol yig’masa,
Yeru suv, bog’im deb pastlik qilmasa.
2282. O’z fazlidan kutsa barcha maqsadin,
Yig’ib olsa, bersa yoyib shuhratin.
2283. Yedirsa, ichirsa, qiyim kiydirsa,
Hadsiz ulov, qurol, qul, cho’ri bersa.
2284. Mard botirlar atrofiga bo’lar jam,
Tog’u toshda yotar, kechib jondan ham.
2285. U dovyurak, oqil bo’lmog’i kerak,
Jasur hamda keng fe’l bo’lmog’i kerak.

2286. Savashda ortiqcha yuraksiz kishi,
Yuraksiz kishi kim — zaifa eshi.
2287. Bu ko’rqoq kimsalar cherikni buzar,
Buzilsa gar cherik saf ichdan to’zar.
2288. Urushda matonat ko’rsatmak kerak,
Yov ot solib kelsa, daf etmak kerak.
2289. O’lim haq, lek tilsim qazoyi qadar,
Er o’lmas yetmasa ajali agar.
2290. Nima der eshitgin botir, jasur er,
O’limni unutib, yovni urar er:
2291. Bevaqt o’lmas kishi onadan tug’ib,
Nechuk qo’rqadursan sen yovni ko’rib.
2292. Yog’iga yeldek teg, mardlarcha urish,
Qazo yetmaguncha hech bo’lmas o’lish.
2293. Nomusli bo’lish shart, ki nomus uchun,
Urar yovni mardlar olguncha o’chin,
2294. Or — nomuo-la yog’i cherigin sochar,
Urushda eng avval nomussiz qochar.
2295. Qo’rqoq ham uyatdan botirlik qilar,
Shuhrat topmoq uchun o’zin o’ldirar.
2296. Dovyurak atalgan nomusli bo’lar,
Nomusli er o’lsa, urishib o’lar.
2297. Lashkarboshi bo’lsa kamtar, muloyim,
Xalqda manzur etar u o’zin doim.
2298. Qalblarni isitar kichik fe’l kishi,
Elni bezdiradi tili tez kishi.
2299. O’zin katta olsa qo’mondon har choq,
Shubhasiz dushmandan kaltak yer mutloq.
2300. Takabbur kishilar g’ofillik qilar,
G’ofillar buzilar yo bevaqt o’lar.

2301. Nomim chiqsin desa, bo’lsin botir, mard
Xushro’y, salobatli, alba tta jo’mard.
2302. Haybat kerak yomonni qo’rqitgali,
Yuvoshga yaxshilik maqbul etgali.
2303. Siyosat yuritsin qo’mondon kishi,
Siyosatga bog’liq qo’shinning ishi.
2304. Siyoeat-la lashkar xush qiliqlidir,
Itoatli lashkar doim rizqlidir.
2305. Qaysi bir lashkar bo’lsa bebosh, bo’shang,
Buzilar u qo’shin, ey xon ko’p yashang.
2306. Yomonlarga tahdid, siyosat kerak,
Yaxshilarga esa ehtirom kerak.
2307. Yaxshilik qil sen yaxshilarga har kez,
Ularni quvontir, yuk bo’lma hargiz,
2308. Ezgulik istar barcha birdek turib,
Inson qul bo’ladi yaxshilik ko’rib.
2309. Ne der xushxulq kishi bu haqda tingla,
Doim shod bo’l, bu bayt ma’nosin angla:
2310. Ozod, hur kishilar yaxshilik quli,
Qilib yaxshilik och to’g’rilik yo’lin.
2311. Doim odamiylik qilishga shay bo’l,
Shunday barpo bo’ladi insoniy yo’l.
2312. Qo’mondonga zarur ish bor bir necha,
Yovga yuzlanganda tuzolsin reja.
2313. Urushganda arslon yurakli bo’lsin,
Tutishganda qoplon bilakli bo’lsin.
2314. To’ng’izdek qaysaru bo’ridek kuchli,
Ayiqdek hamlakor, qo’tosdek o’chli.
2315. U bo’lsin hiylakor qizil tulkidek,
Qasoskor bo’lsin u bug’ro tuyadek.

2316. O’zin zag’izxondan xushyorroq tutsin,
Lochin kabi olislarga ko’z tiksin.
2317. Arslon kabi himmatin baland tutsin,
Ukkidek tonglarni u bedor kutsin.
2318. Kim shunday sifatli — u jangchi bo’lar,
Jangchi-yu, har ishga- yaroqli bo’lar.
2319. Bu jangchi yaroqli kishidir albat,
Yovni yanchib, o’chin oluvchi min’bad.
2320. Non-tuzi, yemishi mo’l-ko’l bo’lajak,
Ot, anjom, engil-bosh mos, teng bo’lajak.
2321. Nonu tuz, yeb-ichish yoyar er otin,
Yeb-ichish tiriklik ne’mati – o’ti.
2322. Nima der eshitgin Ili otligi,
Nonu tuzni mo’l qil, kishi qutligi.
2323. Non-tuz yedir agar shuhrat istasang,
Bu ishlarni qilgin hayot tilasang.
2324. Amin, saxiy, odamgarchilik etar,
Tuz haqi deb har kishi haqin o’tar.
2325. Ulug’lik tilasang oshu suv tarqat,
Uzoq umr istasang himmat qil har vaqt.
2326. Ko’p fazilat zarur sarkarda uchun,
Ishin yurishtirsin tuzib yo’l-yo’sin.
2327. So’zi chin, qilmishi rost bo’lsin butun,
Yolg’onchi bo’lsa gar inonmas budun.
2328. Ikkinchi — sahovat, ulashish — ishi,
Baxilning yoniga yo’lamas kishi.
2329. Uchinchi — dovyurak va bo’lsin jasur,
Qo’rqoq yovni ko’rganda titrab yotur.
2330. To’rtinchi — makr-hiyla bilsin albat,
Hiyla bilan arslon tutilar har vaqt.

2331. Qo’shinni boshlashga o’ktamlik kerak,
Ilhom bermoq uchun shahdamlik kerak.
2332. Sarkardada bo’lsa bu xislat agar,
Shuhratga erishib, yovni daf etar.
2333. Lashkarni boshlasa bu xil qo’mondon,
Qo’li baland kelar dushmanga har on.
2334. Lashkarboshi yog’iga bo’lsa duchor,
Tunu kun bo’lsin u uyg’oq va xushyor.
2335. Ko’p cherik kerakmas, sara, xil kerak,
Cherikka tanlangan asl qurol kerak.
2336. Qo’shin soni ko’p bo’lsa, bebosh bo’lar,
Bebosh ko’shin esa yuraksiz bular.
2337. Sinalgan sarkarda odam tanlamas,
O’n ikki ming lashkarni hech ko’p demas.
2338. Yovni tor-mor etgan bir botir aytmish,
Menga to’rt ming qo’shin yetadi, demish.
2339. Ko’p qo’shin yoyilsa, ichdan buzilar,
Uni eplab bo’lmas, yaroqsiz bo’lar.
2340. Dong’i ketgan sher yurak botir aytmish,
Cherik ham, qurol ham asl bo’lsin, demish.
2341. Nomi chiqqan jangchi ne der tinglagin,
So’zlarin tinglagach, amal aylagin:
2342. Ko’p lashkar istama, er bo’lsin sarxil,
Ularning yarog’in albat sara qil.
2343. Qo’shinning tartibli, ozi xo’p albat,
Ko’p sonli betartib, yengilgay har vaqt.
2344. Yovga yurish boshlaganda qo’mondon,
Yovqurlarni yaqin tutsin har qachon.
2345. Ilg’or, ayg’oqchi safin tanlash kerak,
Ko’z, quloq ding, yiroqni tinglash kerak.
2346. Ilg’or amg’oqchi safin yetganda quvib,
Yovni yanchish kerak orqadan urib.

2347. Qo’shinni asrasin soqchilar tuzib,
Ortda qolmay hech kim, ketmasin o’zib.
2348. Qarorgoh tanlay bilsin, posbon bo’lsin,
Soqchilar mard-maydon va xushyor bo’lsin.
2349. Jangohni kuzatsin a’lam tutgan er,
Bir chetda qolmasin yovni bosar sher.
2350. Mustahkam joy topib, joylasin qo’shin,
Intizom-la barchani jam etib qo’ysin.
2351. G’aflatda qolmasin, bo’lsin u xashyor,
G’ofil bo’lsa dushman uradi bisyor.
2352. Yovga yaqinlashsa xabardor bo’lib,
Qarorgoh, qursin u o’t, suvni ko’rib.
2353. Qo’shinni asrasin, hech til bermasin,
Qo’shin oz-ko’pligin yog’i bilmasin.
2354. O’rnashib eng avval til olmoq kerak,

Til orqali yov holin bilmoq kerak.
2355. Shunga qarab tuzsin rejasin — ishin,
Yov bo’ynini uzsin ko’tarsa boshin.
2356. Mana shu xushyorlik, uyg’oqlik bo’lar,
Urushda xushyor qo’li baland bo’lar.
2357. Xushyor beg qo’shinning ajdar boshchisi,
Arslonni minar u, qilich qamchisi.
2358. Yovni yengmoqqa kerak ikki qurol,
Bu ikki quroldan yov topar zavol.
2359. Avval hiyla kerak yog’iga alhol,
Hiyla birla qilgin yov yuzini ol.
2360. Ikkinchi, sergaklik, uyg’oqlik erur,
Kim sergak, xushyordir, u ustun kelur.
2361. Kim jangda ziyragu xushyor bo’lsa gar,
Shubhasiz u yovga ofat keltirar.
2362. Yovning lashkari ko’p, gar seniki oz,
Urush qilma, uni kutganing ko’p soz.
2363. Yarash mumkin bo’lsa, urushma, yarash,
Yo’q ersa sovut kiy, bel bog’lab kurash.
2364. Tirish, g’aflatda bos, hujum qil tunda,

Lashkar ko’p-ozligi bilinmas shunda.
2365. Yengishga agarda yetmasa kuching,
Yalavoch yubor sen, yarashgin o’zing.
2366. Tilda el bo’lginu asragin o’zing,
Urushga shoshilma, chuvatma so’zing.
2367. Bu ham qo’l kelmasa, haddan oshsa yov,
Ko’ngli erimasa, bo’lsa beayov,
2368. Ishni ortga surma, qo’shin tort, urush,
Yigitlarni maqta, ulash mol, kumush.
2369. Jang cho’zilsa yov siring bilib olar,
Ko’p ko’rsa kishining ko’zi ochilar.
2370. Nima deydi tingla yovni yenggan er,
Ko’pni ko’raverib ko’zi pishgan er:
2371. Sinalmagan yovning ovozasi zo’r,
Sinalsa ko’ngil to’q, ko’z qo’rqmas bo’lur.
2372. Yog’ini yeldek bos, moling olmasin,
Ildam bo’l, lanj bo’lsang seni bosmasin.
2373. Pistirmada tursin bir qism ko’shin,
O’qchilarni boshla jangga shu yo’sin.
2374. Kim yoshi cho’ng, jasur, bilsa yo’l-yo’riq,
Oldingi safga qo’y, boshlasin cherik.
2375. Yoshi ulug’ behad jangovor bo’lar,
Kim jangovor albat tadbirkor bo’lar.
2376. Navqiron yigitlar bo’lar juda tez,
Yovga duch kelganda o’char o’ti tez.
2377. Ishonchli kishini old, orqaga qo’y,
Boshqalarni esa o’ngu sulga qo’y.
2378. Yovning botirlari chiqsa oldinga,
Sher yurak o’g’lonlar otlansa jangga,

2379. Eng avval uzoqdan o’q bilan urgin,
Yaqin kelganda-chi, nayza-la urgin.
2380. Olishganda qilich, bolta bilan ur,
Tish, tirnoq-la olish, yoqa bo’g’ib ur.
2381. Chida, yovga orqangni berma tutib,
Yovni yo’qot yo urushda ket o’lib.
2382. Nima deydi tingla yov quvgan jasur,
Sabrli bo’l, sobirlar dushmanni yengur.
2383. Kelin qiz quvonchi nikoh — to’y tuni,
Botirning quvonchi jang qilgan kuni.
2384. Botir ot o’ynatib, bosh olar nuqul,
Yovga qiron solar hamda qilar qul.
2385. Yov ko’rsa botirning jo’shar g’ayrati,
Olishar birovga bermay navbatni.
2386. Botir cherik ko’rsa, bo’ladi arslon,
Yovni mahv etadi yo beradi jon.
2387. Yog’i ko’rsa botir qizartar yuzin,
Jangda yov qoniga bo’yar yer yuzin.
2388. Otu qurol-yarog’ bo’lar qip-qizil,
Qizargan qizil yuz bo’lar yam-yashil.
2389. Yov ot qo’yib agar qast qilsa senga,
Bardosh ber, cheknnma, qarshi tur unga.
2390. Yov qo’zg’alsa, sen darrov izidan tush,
Tinmasdan ta’qib et, boshdan uchsin hush.
2391. Gar dushman chekinsa, darrov quvib yet,
Senga daf qilmasin, barin asir et.

2392. Yovni mahv aylagan erlar shod bo’lgay,
Yovni tiz cho’ktirib, ko’ngillar to’lgay.
2393. Yog’i qochsa, uzoq quvib bormagil,
Agar ortga yonsa, qocholmassan, bil.
2394. Tang ahvolda tik boqar yov o’limga,
Bas kelar kim gar qo’rkmasa o’limdan.
2395. G’ofil bo’lsa, kishi tik turib o’lar,
Kim g’aflatdan yiroq tilakka yetar.
2396. Bu holda o’zingni asragin o’g’lon,
Xushyor bo’lmasang o’lim kutar har on.
2397. Menga shunday dedi ko’p ko’rgan kishi,
Ko’pni ko’rganning so’zi tamal toshi:
2398. Yov qochsa, ortidan ta’qib etma ko’p,
Ta’qib etgan oxir kaltak yeydi xo’p.
2399. Yov to’zisa qayta yig’ila-olmas,
Suv o’tni o’chirsa, qaytadan yonmas.
2400. Umidsiz kishilar o’limni kutar,
Botir o’ldiradi, so’ng o’zi o’lar.
2401. Xizmat qilganlarga in’om bergulik,
Xadya birla yuzin yorug’ etgulik.
2402. Kimki mard in’om ber va alqash kerak,
Xayru sahovatdan jo’sh ursin yurak.
2403. Maqtov bilan yomon yaxshi, xo’p bo’lar,
Yaxshini maqtalsa, ko’ngli xush bo’lar.
2404. Mard maqtalsa, qo’l bilan arslon tutar,
Otni silasang uchar qushga yetar.
2405. Yarador bo’lsa kim davo aylagin,
Tovon ber asirga, ozod aylagin.
2406. O’lgan bo’lsa, hurmatini bajo et,
O’g’il-qizga berib haqin ado et.
2407. Suyungay sarbozlar ko’rishsa buni,
Jonin fido aylar jang-jadal kuni.
2408. Shirin so’z, ochiq yuz va in’om berish,
Bu sifat kishiga g’oyat ezgu ish.
2409. Hur, ozod kishilar unga qul bo’lar,
Rizosi-chun jonini fido qilar.
2410. Bir so’z bor, ey dono bunga mos kelur,
O’ylab ko’rsang agar rostdan chin erur.

2411. Oq ko’ngil, saxiylik bilan ber tovar,
Ozod erlar bunga kelib to’planar.
2412. Sen oltin, kumushga zinhor olma qul,
Uch narsaga mard bo’l, barcha senga qul.
2413. Lashkarboshi shunday sifatli bo’lsin,
Qo’shin boshlagani ezgulik bo’lsin.
2414. Sen oltin, kumush, mol ulashsang agar,
Jon fido etarlar unga barobar.
2415. Shu uch narsaga xizmatchi qul bo’lar,
Bu har narsa asosi — beglar bilar.
2416. Agar shunday lashkarboshi topsa beg,
Ishlari rivoj topgay quvongudek.
2417. Lashkarboshi shunday sifatli erur,
Beg ishi yurishib, quvonchga to’lur.
2418. Yaroqli vazir desang shunday bo’lsin,
Lashkarboshi istasang shunday bo’lsin.
2419. Bunday kishilarga ishonsa bo’lar,
Dildagi maqsadga ular-la yetar.

2420. Yana aytdi O’gdulmish: Ey elig quti,
Ikki ish buyukdir ham ulug’ oti.
2421. Biri vazir, biri sarkarda a’lam,
Biri qilich tutgay, boshqasi qalam.
2422. Ikkisi el-yurtning yo’rig’in tuzar,
Ikkovlon biriksa, yurtni kim buzar.
2423. Tanlangan bo’lishi kerak bu kishi,
Begga bo’ysunmasa kesilsin boshi.
2424. Ro’shnolik keltirsa, nafi ko’p hadsiz,
Bo’ysunmasa el jabr ko’radi shaksiz.
2425. Beg bo’lsa agar sara, yaxshi kishi,
Ikkovlon bo’lar xalqning xizmatchisi.
2426. Bulardan elu yurt manfaat topar,
Bundan begning o’zi halovat topar.
2427. Elga boshchi dono ne der uqib ol,
Uning so’zin ne’mat bilib qulok sol:
2428. Yurt olguvchi qilich birla ish ko’rar,
El idora qiluvchi qalam surar.
2429. Yurtni tez olsa bo’lar qilich birla,
Qalamsiz boshqarib bo’lmas kuch ila.
2430. Qaysi elni olsa qilich — kuch bilan,
So’rab bo’lmas uni ko’p yil o’ch bilan.
2431. Qalam-la tutilsa shahar, kent agar,
Niyatga yarasha nasiba tegar.
2432. Mening bilganlarim shular, ey hoqon,
So’rovga yarasha ayladim bayon.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

2433. Elig aytdi: Yaxshi uqdim men buni,
Yana bir so’zim bor, aytayin uni.
2434. So’zim puxta o’ylab ko’rmog’ing kerak,
Ulug’ hojib qanday bo’lmog’i kerak?
2435. To hojiblar ustidan bosh bo’lsa u,
Sadoqat-la jonin fido qilsa u.
2436. Ishonsa unga begi hamda eli,
Alqab duo qilsa uni xalq tili.
2437. Elig aytdi: Menga shu haqda so’z och,
Ma’nosin bayon et, ko’zlarimni och.

YIGIRMA TO’QQIZINCHI BOB
ULUG’ HOJIB QANDAY KISHI BO’LISHI
KERAKLIGI BAYONI

2438. Javoban O’gdulmish so’zga ochdi til,
Dedi: Xon yashasin osuda ming yil.
2439. Ulug’ hojib haqgo’y bo’lmog’i kerak,
Sofdil, diyonatli bo’lmog’i kerak.
2440. Tegi zotli bo’lsin dam to’g’ri fe’li,
Undan nafu ro’shnolik ko’rsin eli.
2441. Zoti toza bo’lsa, u dono bo’lar,
Yaxshi kishi xalqka ezgulik qilar.
2442. Saxiy qalb insondan kelar ezgulik,
Nonu tuz, ot-ulov hamda kiygulik.
2443. Fe’li yaxshi er gap uqar bo’lar,
Gap uqar kishining ishi sof bo’lar.
2444. Ko’zi to’q, hayoli, zariflik kerak,
Tuman xil bilimu ziyraklik kerak.
2445. Ko’zi to’q kishi ishda olmas pora,
Kulgili bo’lar hojib olsa pora.
2446. Yurishib turgan ishni buzar bu hol,
Bitayotgan ishni yo’q qilar alhol.
2447. Xushfe’l, uyat-andishali bo’lsa gar,
Ishiyu so’zidan ezgulik kelar.
2448. Hayoli kishi nojo’ya ish qilmas,
Yomonga qo’shimas, qahr-g’azab qilmas.
2449. Zarif erga davlat singishli bo’lar,
Zarif kishiga baxt qo’nimli bo’lar.
2450. Ziyrak bo’lsa molga zoriqmas aslo,
Bilim bo’lsa ishda yanglishmas aslo.
2451. Ajab yaxshi aytmish bilimli ulug’,
Bilimliga kelar yaxshilik to’liq.

2452. Bilimdon qilajak beglarning ishin,
Hech ishga yaramas bilimsiz kishi.
2453. Tegmasa bilamdan kimga bir ulush,
U o’lik, bo’lmagay tirikka qo’shish.
2454. Bilim-la yuksalar, nom topar kishi,
Shuhrati ortadi, unadi ishi.
2455. Bilimsiz bir surat, quruq savlatdir,
Bilimlining o’rni ko’kdan balanddir.
2456. Har ishda zehinu xushyorlik kerak,
Gunohdan tiyilar kim bo’lsa ziyrak.
2457. Aql bo’lsa kishiga nafi ko’p erur,
Barcha ezguliklar aqldan kelur.
2458. Nodon-chi bamisli mevasiz og’och,
Na qilgay mevasiz dov-daraxtni och.
2459. Aqlli ikki dunyodan bahra olar,
Agar yaxshi nom olsa, aqlli olar.
2460. Oqilu bilimli chin inson erur,
Yurtga bosh kishilar sarvari erur.
2461. Soqol kuzalgan, yuzi ko’rkli bo’lsin,
Ovoz o’ktam, so’zi ma’noli bo’lsin,
2462. Yuz ko’rki barchaga sevimli qilur,
Mardona kirib chiqsa munosib erur.
2463. Kuzalgan soch-soqol kishi savlati,
Savlat bilan qozonilar hurmati.
2464. Bo’lsin diyonatli hamda pokdomon,
Ko’ngli sofning ishi sofdir begumon.
2465. Diyonatli o’zgalarning g’amin yer,
Insonlarning yaxshisi diyonatli er.
2466. Kishi bo’lsa dindor, taqvodor, sofdil,
Bosh tortmas birovlar xizmatidan, bil.

2467. Ko’pga yuzma-yuz bo’lar hojib o’zi,
Shu bois ko’rkli bo’lsin uning yuzi.
2468. Go’zal yuzni ko’rib ko’z quvnar — ne baxt,
Ko’ngil yayrar, jon oziq olar har vaqt.
2469. Bunga moslab so’z aytmish bilka bilig,
Dono o’gitiga amal qilgulik.
2470. Inson uchun yaxshi narsa ko’rkam yuz,
Chiroyidan bahra olar ikki ko’z.
2471. Chiroyliga o’xshamoq ham baxt erur,
So’zni bas qil, ishlaring xayrli bo’lur.
2472. Ochiq ko’ngil, oqil bo’lmog’i zarur,
Og’ir-bosiq bo’lsa, ko’p yaxshi erur.
2473. Zakiy kishi hech bir so’zni unutmas,
Beaql kishi so’zin yodida tutmas.
2474. Ko’ngil ochiq bo’lmasa topmas ishin,
Gar oqil bo’lmasa qilolmas ishin.
2475. Quruq savlat erur es-hushsiz kishi,
Aql-hush bilan inson qilar har ishni.
2476. Hojib bo’lsin oqil, kamtar muloyim,
Faqir, tul, yetimga kuyinsin doim.
2477. Ziyrak bo’lsin u hamda qonun bilar,
Jahon ko’rki faqat ziyrakdan kelar.
2478. Ko’ngli oq bo’lsin ham fe’li kichik,
Tili yumshoq, so’zi shakardek chuchuk.
2479. Ochiq chehra bilan boqsin u kulib,
Odamgarchilik bilsin xushfe’l bo’lib.
2480. Eshit, xushmuomala kishi ne der:
Ko’ngil, tiling kichik tut, ey qipchoq er.
2481. Ko’ngil yumshoq bo’lsa kishi baxt topar,
Oq ko’ngil, shirin so’z bo’lsa el topar.

2482. Ochiq yuz, xusnixulqka xalq mehr qo’yar,
Kimki mehr qo’ysa asir, qul bo’lar.
2483. Sabrli bo’lsin u va tutsin o’zin,
Ko’zini pardalab, tiysin u so’zin.
2484. Quloq ochiq bo’lsin, aql, ilmi keng,
Qilar ishi to’g’ri, dili, tili teng.
2485. Fazilatli bo’lsin, bitiklar bitsin,
Xar bir ishda aql, bilimin sarf etsin.
2486. Ulug’ hojib desa bo’lsin yuz yorug’,
Ko’p bo’lsin fazilat va bilim to’lig’.
2487. Ko’p nozik ish erur bor yumush aro,
Tushunib yetsang gar hojiblik, qara.
2488. Kerak bu sifatlar hojib bo’lgani,
Peshvo bo’lib elga yo’l ko’rsatgani.
2489. Bunga mos keladi bir shoir so’zi,
Bu shoir so’zlari bilimsiz ko’zi:
2490. Hojiblikka avval o’n narsa lozim,
O’tkir ko’z, sog’ quloq, keng ko’ngil lozim.
2491. Go’zal yuz, bo’y-bast, til, zehn, aql va bilim,
Fe’l-atvor bularga mos bo’lsin doim.
2492. Ko’p yashasin elig xotirjam o’zi,
Ulug’ hojibdir begning ko’rar ko’zi.
2493. Qonun, nizom, rasm-rusum nozik ish erur,
Uni bilsa mushkulotlar yechilur.
2494. Bunga mos keladi olimning so’zi,
Eshitgan ko’ngil bersin, uqsin o’zi.
2495. Ko’p ulug’ ish erur hojiblik ishi,
Udda qilar uni munosib kishi.
2496. Hojib yumushin qil va yo beg ishin,
Kattadir, kichikdir tut dastyor kishi.

2497. Xazinachi, kotib, ishboshi darkor,
Kosibu tikuvchi, yer-mulkka sarkor.
2498. Yot elchilar-la bo’lsa borish-kelish,
Lozimdir ularga in’omlar berish.
2499. Qarorgoh, oziq, yem g’amini yemoq,
Sovg’a berish yo yo’q tadbirin ko’rmok.
2500. Yo’l boshida mehmon kutguvchi tursin,
Rasm-rusum buzilmasin, to’liq bo’lsin.
2501. Arz-dodin aytsa qashshoq, yetim, tul,
Ularning arzin begga yetkazsin ul.
2502. Albat jabr-diydalar holini so’rsin,
Nohaqlik yo’qotish tadbirin ko’rsin.
2503. Ichu sirtda ko’rsa nobop ishlarni,
Tiysin, ko’paytirsin savob ishlarni.
2504. Shundayin bir talay ishlarni darhol,
Ulug’ hojib etar o’z qo’lida hal.
2505. Bunday ishlar izmi uning ilkida,
Buzilish, tuzalish uning izmida.
2506. Elig, hojib xushyor bo’lmog’i zarur,
O’rni kelsa o’zin tiymog’i zarur.
2507. Biri, beg so’zini qattiq sir tutsin,
Yana aqlni havasga jilov etsin.
2508. Uchinchi, har bir joyda tutsin o’zin,
Har kimga demasin har kanday so’zin.
2509. Ishdan bosh tortmasin, pora olmasin,
Yot bo’lgan kishini yaqin aylasin.
2510. Ikki illat bo’lsa kimda, ey elig,
Unga ish bermagin, uzatma ilik.
2511. Birining tilidan yog’ilsa yolg’on,
Biri, o’zin har ko’yga solar inson.

2512. Kimki bu illatga bo’lsa giriftor,
Elig, yaqiningga yo’latma zinhor.
2513. Xizmatchining yana bordir uch ishi,
Ehtiyot bo’lmasa yeydi o’z boshin.
2514. Biri, eshitganin qattik sir tutsin,
Biri, yomon ish ko’rsa ko’zin yumsin.
2515. Biri, bosiq bo’lsin, bo’lsin muloyim,
Shunda shodon o’tar kunlari doim.
2516. Nima der eshitgin bir dono olim,
Amal qil so’ziga xush bo’lar holing:
2517. Bosh sog’ bo’lsin desang beg so’zin dema,
Sirin elga yoyib, boshingni yema.
2518. Yoyilsa sir agar ketadi boshi,
Til yanglish so’zlasa sinadi tishi.
2519. Juda ko’p ko’rganman noqobil inson,
Sir ochgan-chun boshi ketar begumon.
2520. Eshitganman ko’p bor, so’zlayverib til,
Birov sirin yoyib, og’iz yordi, bil.
2521. Yana aytdi: Bilimdon dono dedi,
O’zin tuta bylmagan boshin yedi.
2522. Hojib ehtiyotkor bo’lsin o’ziga,
Ko’rganda ko’z, arz etganda so’ziga.
2523. Elig huzuriga bevaqt kirmasin,
So’ramay turib ishin arz qilmasin.
2524. Nima der eshitgin donolar tili,
Dono tili ochar ma’nolar yo’lin:
2525. O’z vaqtida ko’rsat hoqonlarga yuz,
So’rovga javob ber, bekor qotma so’z.
2526. Vaqti-soati bor har ishning shaksiz,
Vaqti yetsa ko’rar ko’zlar shubhasiz.
2527. Shu fazilat, bilimga ega bo’lsa u,
Bilgin, hojiblikka munosibdir u,
2528. Maning bilganlarim shular, ey hoqon,
So’rovga yarasha ayladim bayon.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

2529. Elig aytdi: So’zing tingladim, uqdim,
Yana bir gapim bor ma’nosin uqdir.
2530. Menga aytgin a’yonlarning darg’asi,
Qanday bo’lish kerak eshik og’asi?

O’TTIZINCHI BOB
ESHIK OG’ASI QANDAY BO’LISHI
KERAKLIGI BAYONI

2531. O’gdulmish javoban aytdi: Odil xon,
Xushvaqtlikda davron surgin ko’p zamon.
2532. Eshik og’asi ko’p mehribon bo’lsin,
Tani-joni birla tirishqok bo’lsin.
2533. Eshikda yoritsin qora tunni u,
Eshikda botirsin yorug’ kunni u.
2534. Qonun, yo’l-yo’riqni u puxta bilsin,
Fe’li yumshoq, amali to’g’ri bo’lsin.
2535. Sahovatli bo’lsin, nonu tuzi mo’l,
Mardlarni jam etsin, oltin berib ul.
2536. Tunda yotog’iga yotishdan burun,
Har bir soqchiga u ko’rsatsin o’rnin.
2537. Musofir, yotlarni nazorat qilsin,
Kim xushyor o’ziga hamdam, do’st bilsin.
2538. Saroy darvozasin yoptirgan oni,
Demak, bu — shu kungi ish tugagani.
2539. Erta tongda yana ishga shay bo’lsin,
Kecha-kunduz posbon o’rnida tursin.
2540. Barchani hurmatlab, yetganda fursat,
Qabulga kiritsin olib u ruxsat.
2541. Ko’rinsinu chiqsin, uzoq turmasin,
Taklif etsin, mahtal qilib qo’ymasin.
2542. Xizmatchilar kirsa agar jam bo’lib,
Yaroqli, yaroqsizin tursin ko’rib.
2543. Qabul bitgach, bo’lsa birovning so’zi,
Olib kirsin uni qaytadan o’zi.
2544. Kim bayon aylasa tilagin shu dam,
Bu muhtoj kishiga bo’lsin u hamdam.

2545. Olib bersin ehson, oltinu kumush,
Qay biriga unvon, biriga yumush.
2546. Kim xizmat qiladi yurakdan suyub,
Kim zoe aylagay vaqtin bo’sh yurib.
2547. Ma’quli qaysidir, noma’quli kim?
Bo’ladigan qaysi, foydalisi kim?
2548. Bularni begiga bayon aylasin,
Loyig’in o’stirsin, ayon aylasin.
2549. Ezgu farmonlarni arz etsin tili,
Undan mamnun bo’lsin xizmatchi dili.
2550. O’ltmrib, turishga joy bo’lsin hozir,
Bo’lmasin hech kimsa bunda muntazir.
2551. Musofir, yotlarni yaxshi kutgulik,
Yaqin qo’ldoshlarni qadr etgulik.
2552. Laganda osh kirsa kuzatsin obdon,
Nojins kimsa ko’rsa qaytarsin shu on.
2553. Olib chiqsa shira qarab tursin ul,
Tegmasin aslo unga begona qo’l.
2554. Qaytib chiqsa nozu ne’matlar ortib,
Begga mos bir tarzda bersin tarqatib.
2555. Hammaga barobar qilsin u himmat,
Ichki-tashqiga birdek yetsin ne’mat.
2556. Ikki narsa oshirar beg shonini,
Eshikda — tug’i, to’rda dasturxoni.
2557. Yana ikki narsa saroy xusni, ul –
Beg nomin ulug’lab, qutga ochar yo’l.
2558. Ulug’ hojibi bo’lsin ozod kishi,
Eshik og’a loyoqatli ishboshi.
2559. Bu ikkovi tufayli saroy obod,
Ulug’lanar begning nomi umrbod.
2560. Nazarida tursin soqiyi albat,
To’shakchi-yu, oshpaz, tug’chi hamma vaqt.

2561. Shay tursin doim qushchi, o’q yoychini,
Saroyda saqlasin albat ovchini.
2562. Uyiga ketar payt sodiq qo’ldoshin,
O’zi bilan eltib, yegizsin oshin.
2563. Yedirsin, ichirsin, to’ydirsin qornin,
Quruq qo’ymay yana u bersin borin,
2564. O’ziga bir ot, to’n, qurol bo’lsa bas,
Ulashgach, o’ziga ozroq qolsa bas.
2565. Huzuriga kelsa beg’ona kishi,
Sinab ko’rsin, surishtirsin kasb, ishin.
2566. Xizmatga kelganda kuzatsin uni,
Ozig’i, makoni, oti, to’nini.
2567. So’rab tursin hukmdori holini,
Ochmi, to’qmi, engil-bosh, ahvolini.
2568. Qo’li qisqalikdan u bo’lsa muhtoj,
Berib haq, dardiga topsin bir iloj.
2569. Kim agar saroyga bir bor kelmasa ,
Sababin so’rasin o’zi aytmasa.
2570. Betob bo’lsa holini so’rash kerak,
Beboshlik qilar bo’lsa tiyish kerak.
2571. Bu begiga sadoqat nishoni erur,
Shodligini istab chin xizmat qilur.
2572. Nima deydi tingla xizmat qilgan er,
Xizmati-la qadr-qimmat topgan er:
2573. Xizmatchi begiga mehribon bo’lsin,
Mehribon bo’lish-chun u ishchan bo’lsin.

2574. Mehribon va sodiq bo’lsa gar xodim,
Beglikning asosi mustahkam doim.
2575. Shafqatli bo’lar u, o’z nafsin demas,
Begga foyda, ezgulik tilar abas.
2576. Foydali gar ozg’on*, men erurman qul,
Tomirin kesarman, gar zararli gul.

[1] Ozg’on – Olxo’risimonlar turkumiga mansub buta

2577. Bemehr, befoyda o’g’ildan azal,
Mehribon va sodiq xizmatkor afzal.
2578. Qarindosh bemehr, nodon bo’lsa qo’y,
Do’st tutin naflikni ham mehriga to’y.
2579. Tili yumshoq, kamtarin bo’lsin o’zi,
Ko’ngli ochiq bo’lsin va yorug’ yuzi.
2580. Tund chehra, achchiq til ko’ngil qoldirar,
O’zidan barchani albat bezdirar.
2581. Bunga monand ushbu baytni o’qigin,
O’qiginu ma’nosin albat uqqin:
2582. Dil og’ritib kim tildan sochsa zahar,
Suyakni qaqshatib, qalbga o’t yoqar.
2583. Kaltak zarbi bitar, abadiy bitmas —
Bu tilning yarasi, bir umr bitmas.
2584. Otlangan beglar jang yo yurishga,
Chavgon o’yin, shikor yo el ko’rishga,
2585. Har yerda avaylab, asramoq kerak,
Malollik, xavf-xatarni to’smoq kerak.
2586. Hatoyu, xavf-xatar yuz bersa agar,
Jangu jadal yo shikorda yuz berar.
2587. Ishonchsizlar bor bo’lsa, qilsin yiroq,
Shubhalidan lozimdir xushyor bo’lmoq.
2588. Ishonchli, suyukli va sodiq kishi,
Xon yonida turib asrasin boshin.
2589. Qo’mondon soqchilarga tartib bersin,
Abjirlarin orqa-oldinga tersin.
2590. Kichik saf kattalar aro kirmasin,
Chetdagilar begga yaqii kelmasin.

2591. Nechuk bulsa saroyda o’ltirish, turish,
Safarda ham kerak shu zayil yurish.
2592. Eshik og’asining mehr, sadoqati,
Shunday bo’lsin, ey dunyo saodati.
2593. Shunday bo’lsin har ishga bosh-qosh kishi,
Beg nonin yeb, xizmatin qilar kishi.
2594. Shularni aytdim men, eshitdi elig,
Komillik istasa, ishlatsin bilik,

ELIGNING O’GDDULMISHGA SAVOLI

2595. Elig aytdi: Gaplaring yaxshi uqdim,
Yana bir so’zim bor ma’nosin uqdir.
2596. Bilarsan albatta dunyo beglari,
Yuborar eldan elga elchilarin.
2597. Bu haqda ma’lumot — bilim ber menga,
Elig elchi yuborsa biron elga,
2598. Qanday bo’lmog’i kerak elchi kishi,
Beg unga ishonib topshirsa ishin.

044

(Tashriflar: umumiy 369, bugungi 1)

Izoh qoldiring