Uilyam Shekspir: serqirra Ijod va mashaqqatli hayot

011   Жаҳон санъати тарихини Шекспирсиз тасаввур қилиш қийин. Унинг театр санъати ривожига бўлган таъсири беқиёс. Унинг трагедиялари жаҳон адабиёти дурдоналари сафидан ўрин олган. Шекспир асарлари бугунги кунда ҳам дунё саҳнасидан тушмай келаётир. Шунча самарали меҳнати ва шон-шуҳратига қарамай, Уильям Шекспир ҳеч қандай мукофот олмаган, диплом билан ҳам тақдирланмаган…

04
УИЛЬЯМ ШЕКСПИР: СЕРҚИРРА ИЖОД ВА МАШАҚҚАТЛИ ҲАЁТ
Анвар Намозов
02

06Уильям Шекспир — инглиз драматурги ва Уйғониш даврининг шоири, қирол труппаси актёри. “Венера ва Адонис” (1593, мифологик сюжет), “Лукреция” (1594, Рим тарихи) каби жами 4 та достон, 154 та сонет ва 37 та пьесани ўз ичига олган “Шекспир канони” муаллифи. Шекспир театр санъати ривожига улкан таъсир кўрсатган. Унинг трагедиялари жаҳон адабиёти дурдоналари сафидан ўрин олган. Шекспир асарлари бугунги кунда ҳам дунё саҳнасидан тушмай келаётир. Шунча самарали меҳнати ва шон-шуҳратига қарамай, Уильям Шекспир ҳеч қандай мукофот олмаган, диплом билан ҳам тақдирланмаган…

Туғилгани… аниқ эмас!

Уильям Шекспир Шимолий Лондондан 1600 чақирим олисдаги, аҳолиси 1500 киши бўлган Стратфорд-Эйвонда туғилган. Бу шаҳарча қўйларни сўйиш ва сотиш ҳамда тери савдоси маркази эди.

Шекспирнинг таваллуд санаси маълум эмас. 1564 йилнинг 26 апрелида чўқинтирилгани ёзиб қолдирилган. холос. Елизавета I замонида туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилмагани боис, бу санани расмий шаҳодатнома дейиш мумкин. Чўқинтириш туғилгандан бир неча кун ўтганидан сўнг ўтказилгани боис, Шекспир 1564 йилнинг апрель ойида туғилгани ҳақиқатга яқин. Унинг 23 апрелда дунёга келгани ҳеч қандай тарихий асосга эга эмас (ўша пайтларда чақалоқларни 3 кундан сўнг чўқинтиришган). Бироқ ажабланарлиси шундаки, у 1616 йилнинг айнан шу кунида ҳаётдан кўз юмган. Бу авлиё Георгий, яъни Англия олижаноб ҳомийсининг байрами эди, шундай экан, улуғ инглиз драматургининг таваллуд санасини яхши кун деб ҳисоблаш мумкин.

Уильям Шекспир шитерфилдлик косиб Жон Шекспир ва Мэри Арденнинг ўғли эди. Улар 1557 йили турмуш қуришди ва машҳур драматург туғилган деб ҳисобланган Хэнли-Стритдаги уйда яшай бошлашди. Оилада саккиз нафар фарзанд бор эди: Жоан (1558 йил 15 сентябрда чўқинтирилган, кичкиналигида вафот этган), Маргарет (1562 йил 2 декабрда чўқ., 1563 йил 30 апрелда дафн этилган), Уильям, Гилберт (1566 йил 13 октябрда чўқ., 1612 йилнинг 2 февралида дафн этилган), Жоан (1569 йил 15 апрелда чўқ., 1646 йил 4 ноябрда дафн қилинган), Энн (1571 йил 28 сентябрда чўқ., 1579 йил 4 апрелда дафн этилган), Ричард (1574 йилнинг 11 мартида чўқ., 1613 йил 4 февралда дафн қилинган), Эдмунд (1580 йил 3 майда чўқ., 1607 йил 31 декабрь куни Лондонда дафн этилган).

Оила бошлиғи Жон Шекспир Уильям туғилгунга қадар жун газлама олибсотарлиги учун жавобгарликка тортилган ва олдермен унвони бекор қилинган эди. Мазкур хонадоннинг Рим-католикликка майли бўлгани ҳақида айрим маълумотлар мавжуд.

Шекспирнинг қаерда таҳсил олгани ҳақида ҳам аниқ манба йўқ. Афтидан, у 1553 йили Стратфордда очилган бепул мактабда ўқиган. Мазкур билимгоҳ уларнинг уйидан чорак чақирим нарида эди. Мактабни ўзи номи билан юритган қирол Эдуард VI “бутун қироллик бўйича яхши адабиётларни тарқатиш” мақсадида маблағ билан таъминларди. Таълимнинг маълум қисми тилни яхши ўрганиш, лотинда томошалар уюштиришдан иборат эди. Шекспирнинг олий маълумот олгани борасида манбалар қолдирилмаган.

У Стратфордда доимий яшаган вақтида театр труппалари шаҳарга камида 12 марта ташриф буюрарди. Жумладан, амалдорлар учун икки бор чиқиш қилинар, томошабинлар орасида эса Жон Шекспир ҳам бўларди. У суд нозири сифатида труппанинг чиқишлари учун рухсатнома берарди.

Шошилинч тўй

1582 йилнинг 28 ноябрида Стратфордга яқин Тэмпл-Графтонда 18 ёшли Шекспир 26 яшар Энн Хататуйга уйланди. Қизнинг икки қўшниси Фулк Сэндэлс ва Жон Ричардсон мазкур никоҳ учун ҳеч қандай ҳуқуқий тўсиқ йўқлигига кафолат беришди. Афтидан, тўйга шошилинч тайёргарлик кўрилган, уларнинг тўнғич қизи Сусанна 1583 йил 26 майда, яъни тўйдан 6 ой ўтиб дунёга келди.

Эгизаклар — ўғил Хамнэт ва қизалоқ Жудит 1585 йилнинг 2 февралида чўқинтирилди. Хамнэт 1596 йили, Сусанна 1649 ва Жудит 1662 йили вафот этди.

Эгизаклари туғилганидан сўнг ва Лондон театри саҳнасидаги ишлари эсга олинмагунча, онасининг мулки учун судга мурожаат қилганидан ташқари, Шекспир ҳеч қандай тарихий из қолдирмаган. 1585 ва 1592 йиллар орасидаги етти йилни Шекспирнинг йўқотилган йиллари дейиш мумкин, чунки бу вақтда унинг қаерда бўлгани, нима сабабдан Стратфордни тарк этганини исботловчи ҳеч қандай маълумот учрамайди.

Уйланган эркак сифатида Шекспирнинг университетда таҳсил олишга ҳаққи йўқ эди. Қолаверса, у жиддий актёрлар гильдиясига расмий равишда қабул қилинмасди. Бироқ “ўқувчилик даргоҳи” ҳисобланган айрим компаниялар ҳам бўлганки, уларнинг қатъий талаблари Шекспир учун имконият эди.

Бу пайтда Шекспирлар оиласи аллақачон жентльменлар ҳуқуқий ҳолати ва гербини олишни хоҳларди. Уильямнинг отаси Жон, худди хотини каби, насл-насаби жиҳатидан герб олишга ҳаққи бўлган. У геральд палатасига мурожаат қилиши мумкин эди, бироқ моддий аҳволининг ёмонлашгани бунга халақит берган. Арзнома 1596 йили — ишлари гуллаб-яшнаётган Уильям ташаббуси билан тақдим этилди. Гербга “ҳуқуқсиз эмас” жумласи илова қилинди, бироқ ўша пайтдаги тасвирларда у қўлланилмади. Дарвоқе, ижтимоий ҳуқуқий ҳолатнинг тикланиш мавзуси Шекспир пьесаларида учрайди.

1596 йили у авлиё Еленадаги Бишолгейтга кўчиб ўтди, 1598 йили эса Бен Жонсон ёзган “Every Man in His Humour” пьесаси актёрлари рўйхатининг юқорисидан жой олди. Шунингдек, Жонсон қаламига мансуб “Sejanus: His Fall” пьесаси актёрлари рўйхатига ҳам киритилди. Ўша йилдан эътиборан Шекспирнинг исми унинг асарлари нашрида пайдо бўла бошлади.

Драматурглик фаолиятидан ташқари, Шекспир ўзининг спектаклларида ҳам роль ижро этган деган фикрлар бор, масалан, Гамлет отасининг арвоҳини ўйнаган…
Тахминан 1599 йили Шекспир Темза орқали Саутуаркка кўчиб ўтди. Кейин эса хотинининг хархашаларидан безор бўлиб, Лондонга ташриф буюради.

Кутилган (ёки кутилмаган) ҳамла

Унинг биринчи пьесаси “Генрих VI” шу йилларда ёзилган. Асарлари тилга олина бошлангач, ўша пайтда Лондон саҳналарида “ҳукмронлик” қилган Роберт Грин бошчилигидаги драматурглар гуруҳи томонидан ҳамлага дуч келди. Улар Шекспирни ўзларининг патқаламига тенглашламоқчи бўлган қарғага қиёс қилишди. Роберт Грин ёш драматургни “маҳмадона” ҳисоблади. У Шекспир қаламига мансуб “Генрих IV” пьесасининг учинчи қисмидаги “О, аёл терисидаги арслон юраги!” жумласини ҳажвий тарзда “Муғомбир терисидаги арслон юраги” деб ёзиб чиқди. Биринчи акс-садо шундай эди.

1592 — 1594 йилларда вабо касаллиги туфайли театрлар ёпиб қўйилди. Орадаги мажбурий танаффус вақтида Шекспир “Ричард III” хроникаси, “Хатолар комедияси”, “Қайсарнинг қуйилиши” комедиялари ва биринчи трагедияси бўлмиш “Тит Андроник” ҳамда “Венера ва Адонис”, “Лукреция” достонларини ёзди. Театр иш бошлагач, у Хандсон ҳомийлигидаги лорд-камергер труппаси таркибига қўшилди. Грин гуруҳи саҳнадан кетди. Шекспир даври бошланди.

1594 йилнинг охирида Шекспир Lord Chamberlain’s Men театрининг шерикликдаги хўжайинига айланди. Ўша замондаги бошқа муассасалар каби ушбу даргоҳ ҳам оқсуяк-ҳомий лорд Чемберлен шарафига шундай номланганди.

1595 — 1596 йилларда Шекспир “Ромео ва Жульетта” трагедиясини, ортидан эса “Венециялик савдогар” комедиясини ёзди.

1599 йили “Глобус” театри очилди. Ўша йили у “Юлий Цезарь” трагедияси ва “Бу сизга ёқадими?” комедиясини ёзди. Бир йил ўтиб эса “Ҳамлет”ни яратди. Шу билан “улуғвор трагедиялар” даври бошланди. Кетма-кет “Отелло” (1604), “Қирол Лир” (1605), “Макбет” (1606) ёзилди. Комедиялар оҳанги жиддийлашди, “Троил ва Крессида” (1601 — 1602), “Яхши бўлганида ҳаммаси яхши тугайди” (1603) каби баъзи асарлар эса маҳзунлашди.
Шекспирнинг драматургияни “ичкаридан” билиши пьесалари дунё миқёсида шуҳрат қозонишини таъминлади. У 1603 йилгача саҳнада роллар ўйнади, бу даврдан кейинги ижросидаги спектакллар ҳақида эса маълумотлар йўқ. Шекспирнинг нима сабабдан актёр сифатида шуҳрат қозонмагани сабаби эса иккинчи даражали ва эпизодик ролларни ўйнагани билан боғлиқ. Ҳар ҳолда саҳна мактаби босиб ўтилган — бу иш актёрларнинг томошабин билан ўзаро муносабатларини ўрганиш ва англашига мислсиз ёрдам берди. Шекспир учун асарларининг томошабинбоп бўлиши муҳим эди, шу боис барча пьесаларини саҳналаштирган “Глобус” театри билан мустаҳкам алоқада бўлди.

Ғавғоли гувоҳлик

“Глобус” турли ижтимоий ва мулкий қатламдаги 1500 нафар томошабинни ўзида сиғдирарди. Драматург ва актёрлар олдида турли-туман доирадаги томошабинлар диққатини бир тарзда жалб этишдек мураккаб вазифа турарди. Шекспир пьесалари ҳар жиҳатдан бу талабга жавоб берарди. Унинг репертуари туфайли кўплаб актёрлар номи жаҳонга танилган.

Ҳуқуқий ва молиявий масалаларга оид турли ҳужжатлар Лондонда истиқомат қилган даврида Шекспирнинг анча бойиб кетганини тасдиқлайди. У Блэкфриарс, Лондондан кўчмас мулк ва Стратфорд, Нью-Плейсдан улкан уй сотиб олиш имкониятига эга эди.

1603 йилнинг 24 мартида Елизавета I вафот этгач, Англия тожи Яков I га кийдирилди. Театр труппаси унинг тасарруфига ўтди. Шекспир эса Стратфордга кетгунга қадар “Антоний ва Клеопатра”, “Кориолан”, “Афиналик Тина” пьесаларини ёзди. Кейин эса 1610 — 1612 йилларда “Қиш эртаги” ва “Тўфон” асарларини яратди.
1604 йили хўжайинининг қизи турмушга чиқди ва Шекспир тўйда гувоҳ сифатида қатнашди. 1612 йилги ҳужжатлар унинг бош кийимлари ишлаб чиқарувчи гугенот (француз протестанти) Кристофер Маунтжойнинг ижарачиси бўлгани ва шу иш юзасидан суд текшируви бўлганини кўрсатади. Маунтжойнинг шогирди Стифен Беллот унинг қизига уйланаётганида Шекспир сеп масаласида воситачи (гувоҳ) эди. Драматург ўзаро келишув олиб бориши керак бўлган. Тўй ўтди, бироқ орадан саккиз йилдан сўнг Беллот қайнотасини судга берди. У сеп-сидирғанинг фақат маълум қисми берилганини айтиб, даъво қўзғаган эди. Судга чақирилган Шекспир тафсилотлар ёдида қолмаганини маълум қилди.

1613 йили у Блэффриарсдаги собиқ монастир қоровулхонасини сотиб олди. Ўша йили июнь ойида Шекспирнинг қизи Сюзанна Жон Лейн сўзак касалини юқтирганини айтиб, унга туҳмат қилди. Сюзанна ва эри судга мурожаат қилишди. Суд мажлисига бормаган Сюзанна бўҳтончиликда айбланди. 1614 йилнинг ноябрида Шекспир бир неча ҳафтани Лондондаги куёви Холлнинг уйида ўтказди.

Ноодатий, мураккаб

Шекспирнинг биринчи пьесалари 1590 йил бошларида, охиргиси 1612 йилда ёзилган. Шундай экан, унинг ижод йўли унча узоқ эмас — йигирма йилдан сал кўпроқ. Бироқ мана шу икки ўн йилликда Шекспир драматургияда улкан ўзгариш ясади.

Унинг дастлабки комедияларида ўша пайтда урф бўлган қувлик, маккорлик мавзуси учрамайди. Хурсандчилик учун хурсандчилик, ҳазил учун ҳазил қиладилар. Қаҳрамонларнинг барчаси серқирра, психологик ечимлар — мураккаб ва хилма-хил. Шекспир комедиялари қаҳрамонлари ҳамиша ноодатий, улар тимсолида Ренессанс даври хислатлари жам бўлган: эркинлик, ўткир ақл, мустақилликка интилиш ва, албатта, ғам-ғусса ила ҳаётни севиш.

Айтиш жоизки, ҳатто комедиянинг масхарабозларча саҳналарида ҳам Шекспир мураккаб реалистик феъл-атворларни яратади (“Хатолар комедияси”). Бундай асарларда эркакларга хос эмин-эркинлик, серғайратлик, фаоллик ва ёқимтойлик аёллар тимсолида гавдаланиши, айниқса, эътиборга моликдир.
Унинг пьесалари тили мисли кўрилмаган тарзда бой: филолог ва адабиётшуносларнинг тадқиқотига кўра, Шекспир луғати 12000-15000 сўзни ташкил этгани аниқланган. Қаҳрамонлар нутқи турли истиора, киноя, қочиримлар билан бойитиларди. Драматург ўз пьесаларида XVI аср лирик шеъриятининг кўплаб шакллари — сонет, канцон (миллий колорит сақланиб ёзилган содда мусиқий асар), эпиталама (никоҳ тўйи қўшиғи) ва бошқалардан фойдаланган.

Ҳаётининг сўнгги йилларида Шекспир адабий фаолиятдан узоқлашди ва оилавий даврасида сезилмай яшади. Афтидан, бунга оғир касалллиги сабаб бўлган — 1616 йил 15 мартда шошма-шошарлик билан ёзилган васиятномаси шундан далолат беради.

Унинг асарлари… ўзиникими?

XVIII асрдан бошлаб ҳозирги кунгача Шекспирнинг пьесалари мутлақо бошқа кишига тегишли эканлиги ҳақида тахминлар юради. Икки асрдан зиёд вақтки, бундай фаразлар замирида муаллиф “роли”да ўттизга яқин инсонлар — Френсис Бэкон ва Кристофер Марлодан тортиб қароқчи Фрэнсис Дрейк ва қиролича Елизаветагача бўлган даъвогарлар тилга олинган. Шекспир номи остида бутун бошли муаллифлар жамоаси иш юритган деган тахминлар ҳам мавжуд. Бунга эса драматургнинг кўп қиррали ижоди сабаб бўлган: трагедия, комедия, тарихий йилнома, ҳиссий-фалсафий шеърият — машҳур сонетларни эслаш кифоя. Ҳатто санаб ўтилганлардан битта жанр олинганда ҳам Шекспир ҳайратомуз тарзда кўп қиррали бўлгани ойдинлашади. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам — драматург ва шоирнинг шахси ҳақида ҳали-бери нуқта қўйилмайди — Ренессанс даҳосининг ёзганлари аввалгидек бутун дунё режиссёрлари ва актёрларига илҳом бераверади.

Вафотидан бир неча йил аввал Шекспирнинг Стратфордни тарк этгани ҳақида илк маълумот берган биограф Роу ҳисобланади. Бироқ ўша даврда ишдан бутунлай узоқлашиш ноёб ҳодиса бўлиб, Шекспир Лондонга боришни канда қилмаган.

Драматург ҳаётининг сўнгги ҳафтасида қизи Жудитга уйланган Томас Куини исм-шарифли киши хиёнаткорликда айбланди. Маргарет Вилер исмли аёл бола кўрган ва унинг отаси Куини эканлигини айтиб, жар солганди. Орадан кўп ўтмай, аёл ва чақалоқ ҳаётдан кўз юмишди. Шекспир қизи Жудитга тегишли меросга Куиннинг дахл қилмаслиги учун васиятномани яхшилаб кўриб чиқди.

1616 йилнинг 23 апрелида барча замонлар ва халқларнинг энг машҳур драматурги 52 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Унинг сўнгги авлоди Сюзанна ва Жон Холлнинг қизи Элизабет Холл ҳисобланади. Бугунги кунда машҳур драматургнинг бевосита авлодлари йўқ, бироқ мемуарчи Жон Обри ёзиб қолдиришига кўра, чўқинтирилган Уильям Давенант ўзини Шекспирнинг ўғли ҳисоблаган. Унинг онаси шароб ишлаб чиқарувчи бўлиб, бир куни Оксфордга кетаётиб йўл устида Лондонда Шекспирнинг уйида бўлган экан.

Шекспир Стратфорддаги авлиё Троица меҳробида кўмилган. У улуғ драматург бўлгани учун эмас, балки катта миқдордаги тўловни амалга ошириб келгани боис бу шарафга лойиқ деб топилган. Қабрдан унча узоқ бўлмаган деворда қариндошлари ўрнатган ёдгорлик эса Шекспирнинг ёзаётган ҳолатини ўзида жо этган. Ҳар йили драмататургнинг таваллуд кунида ёдгорликдаги Шекспирнинг қўлидаги ғоз пати янгиланади. У қабр тошига битилган сўзларни ўзи ёзган муаллиф ҳисобланади.

03

011

(Tashriflar: umumiy 189, bugungi 1)

Izoh qoldiring