Umberto Ekoga bag’ishlov

07     Ўқувчи ҳақиқатни англаши учун муаллиф ўлиши керак. Бу ҳикмат менинг севимли асарларимдан бири — «Атиргул исми» номли романнинг муаллифи, таниқли итальян адиби ва файласуфи Умберто Экога тегишли. Бундан бир неча кун аввал у дунёни тарк этди. У қолдирган ҳақиқатларни англаш бошланишига ишонгимиз келади. Унинг юқоридаги ҳикматида ҳам гап муаллиф ўлими ҳақида эмас, аксинча, ундан қолган Фикрнинг ўлмаслиги, унинг ўқувчилар онгида давом этишида ҳақидадир.

«Атиргул исми»  романини ўтган асрнинг 80-йилларида ўқиган чоғимдаги ҳайратларим ёдимдан ўчгани йўқ. Асар, энг аввало, сирли матни билан,  матнни англаш, идрок этиш ўқувчидан катта билимни ҳам талаб қиларди. Адибнинг юксак илмий салоҳияти ва теран бадиий тафаккурининг маҳсулоти бўлган асар кўпчиликка бегона бўлиб қолиши табиий.  Зеро,  «Атиргул исми»  ҳамма осон ўқийдиган китоб эмас,  у тажрибали  ва ижодкорликка мойил китобхон учун ёзилган.  Неча танишимга бу китобни берганимда, орадан кун ўтмай «Ҳеч нимани тушунмадим», деб қайтариб берганларини эслайман.

Умберто Эко Ғарб интеллектуал дунёсидаги саноқли, ўзига хос  фикрловчи инсон тимсоли эди.  У  бутун умри давомида Сўз инсониятга туҳфа этилган  беназир  қадрият эканлигини, Ҳар бир Сўз алоҳида олам, олам бўлгандаям, саноқсиз сирга эга олам эканлигини англаш ва англатишга уринган ижодкор. У бугунги интернет дунёсида    китоб ва мутолаани ҳимоя қилган  ижодкор эди.  Шу кунларда унинг ўлими муносабати билан ёзилган мақолаларнинг бирида «Умберто Эконинг ўрнини бошқа биров эгаллай олмайди» деган жумлани ўқидим. Дарҳақиқат шундай. Зеро, муборак ҳикматларнинг бирида айтилганидек «Олимнинг ўлими оламнинг ўлимидир». Яъни, ҳар қандай ижодкор инсон ўзидан кейин улуғвор мерос қолдиргани баробарида вафот этганидан кейин ўзи билан катта бир оламни олиб кетади.
Ушбу саҳифани ёзувчи хотирасига бағишладик.

Хуршид Даврон

УМБЕРТО ЭКО ҲАҚИДА
Маъруфжон Йўлдошев
012

045Умберто Эко 1932 йилнинг 5 январида Италиянинг шимолидаги Алессандра шаҳарчасида дунёга келди. Бошланғич ва ўрта таълимни католик мактабда тамомлаган Умберто таҳсилини Турин университетининг Ўрта аср фалсафаси ва адабиёти бўлимида давом эттиради. Университетни битиргач ўзи ўқиган соҳадан дарс бера бошлайди. Магистрлик ва докторлик диссертациясини томасчилик оқими ва унинг эстетик фалсафаси мавзусида олиб боради. 1962 йилда Турин университетида доцент, 1969 йилда Флоренция университетида профессор унвонини олди. 1971 йилдан Болонья университетида ишлай бошлайди ва 1975 йилда мазкур даргоҳнинг илмий текшириш институтига директор этиб тайинланади. Умрининг охиригача айни институтга раҳбарлик қилади.

Тарихчи, файласуф ва ўрта асрлар бўйича мутахассис Умберто Эко Жеймс Жойс асарларининг энг йирик тадқиқотчиси ҳисобланади. У Ролан Бартдан кейин “майда деталларнинг аҳамияти” ёки “майда деталлар социологияси” деб номланадиган ёндашувнинг энг таниқли назариётчилардан бири сифатида эътироф қилинади.

Умберто Эконинг бугунга қадар чоп қилинган 6 романи мавжуд. Унинг илк асари “Атиргул исми” номли роман бўлиб 1980 йилда нашр қилинган. Бу роман олимни уста ёзувчи сифатида дунёга танитади. IV асрда бир монастрда рўй берган сирли воқеалар ва заҳарланиб ўлдирилган роҳиб ҳаётини ҳикоя қилувчи мазкур асар қисқа вақт ичида оммалашиб кетади ва 8 миллиондан ортиқ нусҳада чоп қилинади. Шундан кейин бу асар экранлаштирилади. Фильмда бош ролни машҳур актёр Шон Коннери ўйнаган. Иккинчи романи “Фуко маятниги” 1988 йилда чоп қилинган. Бу асар Кабала, симёгарлик ва конспирологик фаолиятлар билан боғлиқ бўлиб номини ер шарининг айланиб туришини исбот этиш учун тажрибалар ўтказган француз физиги Фуко томонидан қўлланилган маятникдан олган.

Адибнинг учинчи романи “Ўтган куннинг ороли” номи билан 1994 йилда нашр қилинган. Эконинг ички дунёси ва сирли хаёлларининг бадиий инъикоси ҳисобланган бу асарда ўн еттинчи аср италян зодагонларидан Роберто делла Гриванинг бошидан ўтган воқеалар тасвирланади.

“Баудолино” деб аталган романида 1204 йилда Византиянинг пойтахти Истанбулда бўлиб ўтган воқеалар, хочли сафари туфайли шаҳарнинг вайрон қилиниши, шаҳардаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт асар қаҳрамони Алессандрианинг бошидан ўтказган воқеалари фонида тасвирланади.

Муаллифнинг бешинчи романи “Қиролича Лоананинг сири олами” деб аталади. Бу роман 2005 йилда нашр қилинган. Асарда оғир комадан уйғониб ўқиган барча китобларини нуқта-нуқтасигача хотирлайдиган аммо қариндош-уруғ ва яқинларини умуман эслай олмайдиган 59 ёшли эски китоб сотувчисининг даҳшатли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Қаҳрамон ўз ҳаёти билан боғлиқ ҳужжатарни ўрганган сари баъзи нарсаларни эслай бошлайди. Бироқ қаҳрамоннинг ички дунёси унинг талабалик йилларида ўзи ошиқ бўлган қиз юзини эслашга уриниши тасвирида ниҳоятда таъсирчан очиб берилади.

Файласуфнинг сўнгги романи “Прага қабристони” деб аталади. 2010 йилда нашр қилинган бу роман тарихий мавзуда бўлиб қаҳрамонлар тарихий шахслардир. Асар воқеалари 1897 йилда рўй берган суйиқасдни текшириш учун тайинланган детектив тилидан ҳикоя қилинади. Асарда ирқчилик ва антисемитизмнинг илдизлари бадиий тадқиқ қилинади.

Умберто Эко 20 февраль 2016 йилда 84 ёшида вафот этди. Ундан 6 роман ва ўнлаб илмий-фалсафий асарлар қолди.

Қуйида ёзувчининг турли суҳбатларидан тўпланган баъзи жумлаларни келтирдик.

Умберто ЭКО
АСАРЛАРИДАН ИҚТИБОСЛАР
012

Адабиётнинг қудрати бетўхтов ва бетакрор мутолаа имкони яратишидадир.

***

Кутубхонада инсон совқотмайди. Энг камида жаҳолатнинг музлатгувчи совуқларидан ҳимояланган бўлади.

***

Яхши билан ёмон орасида ниҳоятда инжа чизиқ бор. Кимгадир яхши туюлган нарса бировлар учун ёмон бўлиши мумкин.

***

Кучли шовқин ҳамиша ўз ортидан теран сукутни эргаштириб юради.

***

Худбинлик ва жоҳиллик устун бўлган дунёда яхшиямки яшашга ундовчи китоблар бор.

***

Замона зайлини қаранг: қушлар қанот ёзмай учаман дейди, эшаклар машшоғу ҳўкизлар раққос.

***

Менга кимсасиз оролга бориш ва бир дона китоб олишимга изн берилса, телефон дафтаримни олган бўлардим. Чунки рўйхатдаги исмлардан саноқсиз асар қаҳрамонларини чиқара олардим.

***

Ёлғизик бир нави озодликдир.

***

Мен учун энг катта муаммо, кўрганларим билан кўришни истаганларимни адаштириб юришимдир.

***

Кўп билган кўп қийналади. Билган сари дардларинг ҳам ортаверади.

***

Давлат кучли бўлса, шеърият сукут сақлайди.

***

Ҳеч нима ўзгараётгани йўқ, бор йўғи жисмлар алмашмоқда.

Манба: Маҳмуджон Йўлдошевнинг веб-саҳифаси

ОЛОВГА ҚАРАБ ЭРТАК СЎЗЛАМОҚ
Умберто Эко билан Нили Андрос суҳбатлашди
Русчадан Амир Файзулла таржимаси
012

— Болаларбоп эртак — дунё ҳақида нимадир билишнинг биринчи йўли. Бугунги кунда бола кўпгина ҳикояларни телевизор ёки IPAD орқали билиб олаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Улардан айримларининг аъло даражада бажарилганига тан бермай иложинг йўқ. Аммо барибир ҳам бу ҳикоялар болалар учун оғирлик қилади, улар болалар идроки учун махсус мўлжалланмаган.

011— Бугунги кунда таълим олиш ҳеч гап бўлмай қолган. Ҳамма гап унинг сифатида. Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, одамни ўқитишдан кўра, тарбиялаш қийинроқ. Зеро, тарбия — узоқ, мураккаб ва ғоят масъулиятли жараён. Болада яхши нарсага мойиллик туғдирмоқ, унинг яхшилик ва ёмонликни англашида ёрдам бермоқ, унда асосий инсоний туйғу — қайғудош бўлишни ривожлантирмоқ, қизиқишни оширмоқ ғоят қийин вазифалардир, бу нарса катта чидам ва уқувни талаб этади, ёш шахсда билишга доимий қизиқишни қўллаб-қувватламоқ керак бўлади. Тарбия таълим жараёнида биринчи қадам бўлиши керак, деган гапга қандай қарайсиз?

— Ҳақиқий таълим ўқитувчининг жонли муносабатда ўқувчига кўрсатадиган ўрнагидан иборат. Бу бошланғич мактаб билан бир қаторда университетга ҳам тааллуқлидир. Замонамизнинг муаммоси шундаки, ўқувчининг ўқитувчи билан бевосита муносабати сустлашиб бораётибдигина эмас, бутунлай йўққа чиқмоқда. Мактабларда тобора кўпроқ болалар компьютер билан ўйнамоқдалар ва улардан зарурий ахборотларни олиш учун ҳамма нарсага қўлимиз етади, деб билишади. Улар ўқитувчининг сўзларига қулоқ солмай қўйганлар.

Афтидан, бу университетларда у қадар кўзга ташланмаётгандир, аммо у ерларда ҳам ўқитувчи билан суҳбат фақат тадқиқотчилик ишига чинакам рағбати борлардагина кузатилади. Қолганлар ҳам уларга керакли ахборотни Википедиядан ва бошқа шундай манбалардан олишга ҳавасманд.

Замонамизнинг таълим фожиасини шартли равишда “Суқротнинг ўлими” деб таърифлаш мумкин. Яъни, ўқитувчининг, тарбиячининг ўлими. Талабалар билан тўлиб-тошган шундай университетлар борки, уларда талабалар ва ўқитувчилар ўртасида ҳеч қандай мулоқот йўқ. Аммо айрим Америка университетларининг обрўси ( ва муносиб обрўси!) босқичдаги кам сонли талабаларга, ўқитувчи билан доимий мулоқот олиб бориш имкониятига асосланади.

Жимитвойларга келганда эса… Бирон нарса билан андармон қилиб қўйиш учун болаларини кун бўйи телевизор олдига ўтқазиб қўядиган ота-оналар тарбиячи бўлмай қўя қоладилар.

— Энг яхши насиҳатларимиз билан болага яқин бора туриб, унга шунчаки “Яхшилик қилиш — бу яхши, ёмонлик қилиш — бу ёмон” деб айтолмаймиз, бу тушунарли. Бундай тарбиядан наф камроқ. Жаҳон маданияти ва халқ ҳикматлари болаларга мурожаат қилишнинг энг яхши жанрини белгилаб берган — бу эртак сўйлаш.

Қизиқ, кўпинча эртаклар ойилар, дадалар, бувилар, боболарнинг ўз болалари ва невараларига (Астрид Лингредда бўлгани каби, ёки дўстларнинг болаларига (Льюис Керролда бўлгани каби) айтиб берган ҳикояларида яшайди. Сиз учта китобингизни болаларга бағишлагансиз. Қандай қилиб ва нима учун энг ёш авлодга мурожаат қилишга азми қарор этдингиз? Умуман олганда, ХХI аср болаларига эртаклар керакми? Қолаверса, улар сувратли анъанавий китобларга эҳтиёж сезадиларми?

— Биз атрофимиздаги дунё ҳақида ҳамма нарсани ҳикоялар орқали биламиз. Ҳатто зоологияни ўрганаётган талаба ҳам фақат илмий таърифлар ёрдамида эмас (ит — бу плацентар сут эмизувчи), балки ўша итлар ҳақидаги “ҳикоялар” орқали ўрганиши керак. У ёки бу ҳолларда итлар қандай яшайди ёки қандай ҳаракат қилади — шулар тўғрисидаги ҳикоялар (ёки гувоҳлар) орқали ўрганиши керак.

Болалар ҳам шундай. Айниқса, уларга бошқача ёндашиш лозим бўлади. Болалар дунё билан ўша итлар ёки бошқа ҳайвонлар ҳақидаги “ҳикоялар” орқали алоқа ўрнатадилар. Оловга қўл теккизиб бўлмайди — буни тушунадилар, чунки уларга олов ҳақидаги ҳикоя(эртак)ни айтиб беришган. Болаларбоп эртак — дунё ҳақида нимадир билишнинг биринчи йўли. Бугунги кунда бола кўпгина ҳикояларни телевизор ёки IPAD орқали билиб олаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Улардан айримларининг аъло даражада бажарилганига тан бермай иложинг йўқ. Аммо барибир ҳам бу ҳикоялар болалар учун оғирлик қилади, улар болалар идроки учун махсус мўлжалланмаган. Болани ўз ҳикояларини тўқишга ундайдиган кўплаб ўйинлар болаларда зўравонликка, бетизгин рақобатга, ўзбошимчалик билан вазиятни чуқур ўрганмай туриб таваккалига иш тутишга одатланишни тарбиялайди.

Иймоним комил: бола учун ҳаётда бош қаҳрамон унга эртаклар айтиб берувчи ота-она бўлмоғи керак. Қолгани — ёрдамчи нарсалар. Ёрдамчи нарсалар нимагадир ишора қилиши, аниқлик киритиши мумкиндир, аммо ҳеч қачон киши оғзи билан айтиб берганидек бўлолмайди.

— Бугунги кунда олий илм ва оддий, ҳатто маълумотли одамлар ўртасида чуқур жарлик пайдо бўлган. Ўтмишдаги ва ҳозирги замондаги санъат дурдоналари ҳам кенг омма эътиборидан четда қолиб кетмоқда. Эҳтимол, бундай нарсалар оддий истеъмолчиларга мўлжаллаб яратилмагандир, аммо барибир ҳам телевидение, радио, кино, интернет кўпроқ юксак ва муносиб нарсалар ҳақида гапиришлари керак. Ўша телевидение сохта адабиёт, сохта мусиқа, сохта санъат билан тўлиб-тошган. Бу ҳам етмагандай, барча оммавий ахборот воситалари салбий нарсалар, шафқатсизлик билан тўла…

— Ҳаётимизга телевидение орқали кириб келадиганларнинг кўпчилиги чинакам таълим учун керакмаслиги кундай равшан, улар тарбия кушандаларидир. Аммо болаларим ўн ва ўн икки ёшга кирганларида уларда бир нарса бўлгани эсимда. Биз ўшанда ўзимизнинг шаҳар ташқарисидаги уйимизга биринчи марта борган эдик. Ўша уйда камин бор эди. Болаларим оловнинг ёнишига шу қадар маҳлиё бўлиб қолишдики, телевизор кўриш ҳам эсларидан чиқиб кетди. Биз оилаларимизда ана шундай муносабатни тиклашимиз керак — ота-оналар ва болалар, бутун оила гулхан атрофида тўпланишимиз, бир-биримизга эртакларми ё ичимиздан тўқиб чиқарган эртакларми — фарқи йўқ, муҳими, ота-оналар ва фарзандлар бир-бирларига кўнгилларидаги гапларни айтиб оладилар.

— Барибир ҳам, салбий таъсир этувчи, гоҳо ўша интернетда тўлиб-тошиб ётган хатарли ахборотдан болаларни қисман бўлса-да, қандай ҳимоя қилмоқ керак?

— Бу бизнинг замонамиз муаммоси. Маънавиятли киши яхши сайтларни зарарлисидан ажратиб олишга қодир. Афсуски, ёш ва камроқ маълумотли одамлар учун бу муаммони ечиш амри маҳол. Албатта, мактаб интернетга танқидий, ҳушёр ёндашишга ўргатмоғи шарт. Аммо ўқитувчининг ўзи ишончли ва ишончсиз сайтларни фарқлашга қодир бўлмаса, бунга қандай эришиб бўлади?

Мен мактабларда ўқувчиларга интернетда маслаҳатлар талаб этувчи мавзулар беришни тавсия қилган бўлардим, аммо шунда ҳам олинган ахборотни бошқа манбалар билан таққослаш жоиз, деб билардим. Бир-бирига зид ҳужжатларни бир-бирига таққословчи жиддий олимлар қилгани каби. Балки шу йўл билан ўқувчи ёки талаба мавзу бўйича дуч келган биринчи ахборотга ишонмаслик кераклигини англар. Аммо… бундай танқидий таълимни ташкил этиш ғоятда мушкул. Интернетни ўзлаштиришда ўқувчига қадам-бақадам ҳамроҳлик қилиб бориш керак, бироқ бу ерда бизга яна ҳақиқий ўқитувчи керак бўлади… Ана гап шунда.

— Сиз бир гал ёғочдан қоғоз қилиб чиқариш технологияси билан боғлиқ бир муаммо ҳақида гапирган эдингиз: ХIХ –ХХ асрнинг қимматли китоблари ғорат топиб ва йўқолиб кетиши мумкин, дегандингиз. Очиғини айтсам, мен бу гапни биринчи марта эшитишим эди. Нашрни арзонлаштириш ортидан қувиш оқибатида кўпгина китоблар шунчаки ёмон қоғозга ёмон бўёқларда чоп этадилар, шунинг учун улар тез титилиб, ҳаводаги намликни кўтаролмайди, деб ўйлар эдим.

— Ҳамма гап шундаки, ХIХ аср ўрталари ва ундан кейинги чиққан китобларнинг кўпчилиги латта лахтакларидан тайёрланган қоғозда чоп этилган. Кейин ёғочдан тайёрланган қоғозга ўтишган, унинг “умр”и эса етмиш йил. ХХ аср 50-йилларидаги матбаа китобларида урушдан кейин ёмон қоғозлар ишлатилгани боис, бугун уларни қўлга олиб бўлмайди, варақласанг, нақ қўлингнинг ўзида титилиб тушади. Менинг шахсий кутубхонамда эса ХV асрда чоп этилган китоблар бор — худди ҳозир босмахонадан келтирилгандай турибди! Шу боис бугунги кунда кутубхоналар китобларни сақлаб қолиш учун уларни ёмон қоғозларга кўчирмоқдалар. Аммо кўплаб китоб хазиналарида миллионлаб жилдлар мавжуд ва уларни қутқариб қолиш ишлари ғоят серчиқим бўлиб, кўп вақтни ҳам олади.

Ҳозир кўпгина ноширлар китобларни тезоб(кислота)сиз қоғозда босмоқдалар, бундай китоб узоқ яшайди. Бироқ сўнгги юз йилдаги нашрларга келсак, кўп ўтмай катта хазинадан маҳрум бўлишимиз ҳеч гап эмас.

Фақат кўнгил бир нарсадан сал тасалли топгандай бўлади: шу тариқа кўплаб фойдасиз китоблардан қутулганимиз қолади. Аммо, бу, албатта, озроқ тасалли, холос.

Умберто Эко
ҚАДРДОН НАБИРАМ, ЎҚИБ ЁД ОЛ!
Русчадан Мавлон Бобохонов таржимаси
01

Азиз набирам!

097 Мен Исо Масиҳ мавлуди муносабати билан ёзилган ушбу мактубимни Де Амичис руҳида насиҳатомуз бўлишини ва уни атрофимиздаги инсонларга, ватанга, инсониятга ва шунга ўхшаш нарсаларни севишга даъват деб қабул қилишингни истамайман. Зеро бугун қадриятлар тизими шу қадар ўзгариб кетдики, маслаҳатларим ўринсиз туюлиб,сен уларга қулоқ тутмаслигинг ҳам мумкин (чунки сен энди ёш бола эмассан, мен эса анча қариб қолганман).

Хуллас, ҳозир планшетингдан фойдаланаётган кезларинг сенга амалда асқотиб қоладиган биттагина маслаҳат бермоқчиман. Мен бу маслаҳатни сенга мияси айниган қарияга ўхшаб кўринишдан чўчиётганим учун бераётганим йўқ. Мен, ахир, ўзим ҳам ундан фойдаланаман. Ҳар ҳолда, сенга инсонлар билан инсонлар, одамлар билан ҳайвонлар ўртасидаги шаҳвоний ўйинларни намойиш этувчи юзлаб порнографик сайтларга эътиборингни қаратмасликни маслаҳат бера оламан. Ишқий муносабатлар бунақанги хийла бир зайлдаги ҳаракатлардан иборатлигига ишонма! Бундай саҳналар сени ҳаётдаги мавжуд қизлар олдига бориб танишишдан кўра, атайлаб уйда тутиб туриш учун ўйлаб чиқарилган. Тахминимча, сен ҳақиқий йигит бўлиб улғайдинг, аксинча бўлса, менинг тавсияларимни ўз ҳолатингга илова сифатида қабул қил, лекин мактаб ёки ўйин майдончаларидаги қизларга назар сол, негаки улар телеперсонажпардан яхшироқ ва пайти келиб сенга «опПпе» қизлардан кўра кўпроқ қувонч бахш эта оладилар. Сўзларимга ишон, чунки менингтажрибам катта (агарда мен компьютердаги бу шаҳвоний ўйинларни кузатиб вақт ўтказганимда эди, отанг ҳеч қачон туғилмас ва сен ҳам ҳозир ёруғ дунёда бўлмас эдинг).

Бироқ мен сен билан бу ҳакда эмас, балки тенгқурларинг ва ҳозир университетларда таҳсил олаётган сендан аввалги авлодни шикастлашга улгурган бир касаллик ҳақида гаплашмоқчиман. Мен хотирани йўқотиш ҳақида гапиряпман.

Чиндан ҳам, агар сен Буюк Карл кимлигини ёки Куала-Лумпур қаерда жойлашганлигини билмоқчи бўлсанг, шу заҳоти тугмачани босишинг ва барчасини интернетдан аниқлашинг мумкин. Зарурати бўлса, шундай қил, аммо керакли маълумотни олгач, қачонки, масалан, мактабда шу билимлар сенга зарур бўлганда, қайта қидириб ўтирмаслик учун, унинг маъносини ёдда сақла! Энг ёмони шуки, хоҳлаган пайтингда саволингга компьютер орқали жавоб олишга бўлган ишонч сенда ахборотни эсда сақлаш истагини сўндиради. Бунга қуйидагича муқояса келтирса бўлади: шошилганда бир кўчадан бошқасига автобус ёки метрода етиб олиш мумкинлигини англаган киши эндиликда яёв юрмасам ҳам бўлаверади, деган қарорга келади. Аммо пиёда юрмас экансан, сен ногиронлар аравачасида юрадиган одамга айланасан. Эй, айтганча, сен спорт билан шуғулланасан ва танангни бошқара оласан-а, бироқ, кел, сенинг миянгга қайтамиз.

Хотира худди оёқларинг мушакларига ўхшайди. Машқ қилмай қўйсанг, улар шалвираб қолади ва сен (дангал гаплашайлик) овсарга айланасан. Бундан ташқари, биз барчамиз кексарганимизда Апьцгеймер касаллиги билан оғриш хавфидан холи эмасмиз ва бундай кўнгилсизликнинг олдини олишнинг йўлларидан бири ҳамиша хотирамизни машқ қилдиришдир.

Мана, менингйўсиним.Ҳаркуниэрталаб.худдиболаликдабизнимажбурлашганидек, бирорта қисқагина шеърни ёд ол. Ўртоқларинг билан кимнинг хотираси кучли эканлиги бўйича мусобақа уюштиришларинг мумкин. Агар шеъриятга майлинг йўқ эса, унда футбол жамоаларининг таркибини эсда сақлашга уриниб кўр, лекин сен нафақат Рим кпубининг ҳозирги ўйинчиларини, балки жамоанинг аввалги таркибини ҳам билишинг шарт (ўйлаб кўргин-а, мен Суперга тепалигида ҳалокатга учраган самолёт бортидаги Турин жамоаси ўйинчиларининг исмларини ёд биламан: Бачигалупо, Балларин, Марозо ва бошқалар). Ўқилган китобларнинг мазмунини ким яхши эслай олиши бўйича беллашинглар (хазиналар оролини қидиришга отланган “Испанъол» кемаси бортида кимлар бўлган? Лорд Трелони, капитан Смоллетт, доктор Ливси, Жон Силвер, Жим…). Ўртоқларинг уч мушкетёрлар ва д’Артаньян хизматкорларининг исмларини (Гримо, Базен, Мушкетон ва Планше) эслай оладиларми-йўқми, ойдинлаштир… Мабодо, “Уч мушкетёрлар”ни ўқишни хоҳламасанг (гарчи бу билан нимани бой бераётганингни билмасанг-да), унда ўзинг ўқиган бирорта китобдан баҳс оч.

Бу сенга ўйиндек туюлади, аслида ҳам бу бир ўйин холос, аммо кўрасан, миянг персонажпар, афсоналар ва турли эсдаликларга тўлади. Нимага қачонлардир компьютерни электрон мия деб аташганлигини сўрайсан. Шунингучунки, у миямизнинг нусхаси сифатида ўйланган, бироқ инсон миясининг алоқалари компьютерникидан чандон ортиқ. Мия — бу шундай компьютер-ки, у ҳамиша сен билан, унинг имкониятлари машқлар натижасида кенгая боради, столинг устидаги компьютернинг эса давомли фойдаланишдан сўнг тезлиги пасаяди ва бир неча йилдан сўнг бошқасига алмаштиришни талаб этади. Миянг эса сенга 90 ёшгача хизмат қилиши ва машқ қилдириб турсанг, тўқсондан кейин ҳам ҳозиргидан кўп нарсани эслай олишинг мумкин. Устига-устак, у текин ҳам.
Бундан ташқари ҳаётингдаги воқеа-ҳодисалар ёки сен ўқиган нарсалар билан боғлиқ бўлмаган тарихий хотира ҳам бор. У сен туғилгунга қадар юз берган воқеаларни ўзида сақлайди.

Бугунги кунда, агар сен кинотеатрга бормоқчи бўлсанг, фильм бошланишига келишинг шарт. Кино бошлангач эса, худди нима юз бераётганини сенга изоҳлаб беришаётгандек бўлишади. Бизнинг замонларда кинотеатрга хоҳлаган пайтда, ҳатто фильм ўртасида ҳам кириш мумкин эди. Кўпгина воқеалар сен келгунча бўлиб ўтар ва нималар рўй берганини тусмоллашга тўғри келарди. Фильм янгидан бошланганда эса, хаёлингда тикпаган воқеаларинг қанчалик тўғри эканлигини кўрсанг бўларди.

Агар фильм ёққан бўлса, кинотеатрда қолиш ва уни яна бир маротаба томоша қилиш мумкин эди.

Ҳаёт ҳам фильмни бизнинг замонлардагидай томоша қилишни эслатади. Биз юз минглаб йиллар давомида кўплаб воқеалар юз берган пайтга келиб туғиламиз ва таваллудимизга қадар нималар содир бўлганини билиш жуда муҳимдир. Шунинг учун ҳам муҳимки, бугун нимага бунча кўп воқеалар юз бераётганини англашимизга керак бўлади.
Бугун мактабда (сен ўқийдиган китоблар доирасидан ташқари) сенга сен туғилгунга қадар бўлган нарсаларни эслаб қолишни ўргатишлари лозим, аммо ҳозир бунинг уддасидан чиқолмаяптилар. Кўплаб сўровларнинг кўрсатишича, бугунги ёшлар, ҳатто 1990 йилда туғилган университет талабалари ҳам, 50 йил аввалги воқеаларни қўя турайлик, бор-йўғи 1980 йилда нималар рўй берганини билмайдилар, балки билишни истамаслар.

Аттанг, бундан бор-йўғи ўттиз йил аввал сиёсат саҳнасида бўлган “Қизил бригадалар”нинг фаолияти бугун кўпчилик учун сир бўлиб қолмокда. Мен фашистлар ҳокимият тепасига келганидан ўн йил ўтиб, 1932 йилда туғилганман, аммо Римга қилинган юриш чоғида ким бош вазир бўлганлигини билардим. Эҳтимол, ҳокимиятдан четлатилган бу вазирнинг қанчалик аҳмоқ ва ёмон одам бўлганлигини англатиш учун фашистлар мактабида менга у ҳакда гапиришгандир. Шундай бўла қолсин, аммо мен бу ҳакда билардим. Лекин мактабни бир четга қўя турайлик. Бугунги ёшлар йигирма йил аввалги кинода ўйнаган аёл артистларни билмайди, мен эса дунёга келишимдан йигирма йил аввал овозсиз кинода суратга тушган Франческа Бертини ким эканлигини билардим. Балки, бунга уйимиз омборчасидаги эски журналларни бирма-бир варақлаганим сабабдир. Мен сенга ҳам эски журналларни варақлашни таклиф қиламан, чунки бу сен дунёга келмасингдан аввал бўлиб ўтган нарсаларни ўрганишга ёрдам беради.

Хўш, узоқ ўтмишдаги воқеаларни билишнинг нимаси бунча муҳим? Чунки кўпинча шунга ўхшаш билимлар бугунги воқеаларнинг кечишини тушунишга кўмаклашади ва ҳар қандай вазиятда, футбол жамоаларининг таркибини билганинг сингари, хотирамизни бойитишга хизмат қилади.
Эътиборга олиб қўй, сен ўз хотирангни нафақат китоб ва журналлар кўмагида, балки интернет ёрдамида ҳам чиниқтиришинг мумкин. Интернет фақатгина дўстларинг билан суҳбатлашишда эмас, балки жаҳон тарихини ўрганишда ҳам қўл келади. Хеттлар ва камизарлар кимлар? Колумбнинг учта кемаси қандай номланарди? Динозаврлар қачон қирилиб битган? Афсонавий тўфонда Нуҳ алайҳиссалом, унинг оиласи ва ҳайвонлар жон сақлаб қолган кеманинг штурвали бўлганми? Буқанинг аждодлари нима деб аталган? Юз йил аввал йўлбарслар ҳозиргидан кўпроқ бўлганми? Мали империяси ҳақида сен нималарни биласан? У ҳақца кимдан эшитгансан? Тарихда иккинчи Папа ким эди? Микки Маус қачон яратилган?
Мен бундай саволларни поёнсиз бера олишим мумкин ва улар тадқиқотлар олиб бориш учун ажойиб мавзулар бера оладилар. Буларнинг барчасини ёдда тутиш керак. Кун келиб қартайганингда, сен ўзингни худди Ватерлоо жангида қатнашгандек, Юлий Цезарга қотиллик уюштирилганини кўргандек, Бертольд Шварц олтин оламан деб ҳовончада турли моддаларни аралаштира туриб, тасодифан порох кашф этган ва портлаб парча-парча бўлиб кетган (унга ўзи шу керак эди!) жойда бўлгандек ҳис қиласан. Хотираларини бойитишга интилмайдиган сенинг айрим дўстларинг эса, ўзларининг бир зайлдаги зерикарли ва ёрқин ҳиссиётлардан мосуво биргина умрларини яшаб ўтадилар.
Шундай экан, хотирангни бойит ва эртагаёқ «La Vispa Teresa» ни ёд ол.

Манба: «Шарқ юлдузи журнали,2014/04

07        O’quvchi haqiqatni anglashi uchun muallif o’lishi kerak. Bu hikmat mening sevimli asarlarimdan biri — «Atirgul ismi» nomli romanning muallifi, taniqli ital`yan adibi va faylasufi Umberto Ekoga tegishli. Bundan bir necha kun avval u dunyoni tark etdi. U qoldirgan haqiqatlarni anglash boshlanishiga ishongimiz keladi. Uning yuqoridagi hikmatida ham gap muallif o’limi haqida emas, aksincha, undan qolgan Fikrning o’lmasligi, uning o’quvchilar ongida davom etishida haqidadir.

«Atirgul ismi»  romanini o’tgan asrning 80-yillarida o’qigan chog’imdagi hayratlarim yodimdan o’chgani yo’q.  Asar, eng avvalo, sirli matni bilan,  matnni anglash, idrok etish o’quvchidan katta bilimni ham talab qilardi. Adibning yuksak ilmiy salohiyati va teran badiiy tafakkurining mahsuloti bo’lgan asar ko’pchilikka begona bo’lib qolishi tabiiy.  Zero,  «Atirgul ismi»  hamma oson o’qiydigan kitob emas,  u tajribali  va ijodkorlikka moyil kitobxon uchun yozilgan.  Necha tanishimga bu kitobni berganimda, oradan kun o’tmay «Hech nimani tushunmadim», deb qaytarib berganlarini eslayman.

Umberto Eko G’arb intellektual dunyosidagi sanoqli, o’ziga xos  fikrlovchi inson timsoli edi.  U  butun umri davomida So’z insoniyatga tuhfa etilgan  benazir  qadriyat ekanligini, Har bir So’z alohida olam, olam bo’lgandayam, sanoqsiz sirga ega olam ekanligini anglash va anglatishga uringan ijodkor. U bugungi internet dunyosida    kitob va mutolaani himoya qilgan  ijodkor edi.  Shu kunlarda uning o’limi munosabati bilan yozilgan maqolalarning birida «Umberto Ekoning o’rnini boshqa birov egallay olmaydi» degan jumlani o’qidim. Darhaqiqat shunday. Zero, muborak hikmatlarning birida aytilganidek «Olimning o’limi olamning o’limidir». Ya’ni, har qanday ijodkor inson o’zidan keyin ulug’vor meros qoldirgani barobarida vafot etganidan keyin o’zi bilan katta bir olamni olib ketadi.
Ushbu sahifani yozuvchi xotirasiga bag’ishladik.

Xurshid Davron  

UMBERTO EKO HAQIDA
Ma’rufjon Yo’ldoshev
012

045Umberto Eko 1932 yilning 5 yanvarida Italiyaning shimolidagi Alessandra shaharchasida dunyoga keldi. Boshlang’ich va o’rta ta’limni katolik maktabda tamomlagan Umberto tahsilini Turin universitetining O’rta asr falsafasi va adabiyoti bo’limida davom ettiradi. Universitetni bitirgach o’zi o’qigan sohadan dars bera boshlaydi. Magistrlik va doktorlik dissertatsiyasini tomaschilik oqimi va uning estetik falsafasi mavzusida olib boradi. 1962 yilda Turin universitetida dotsent, 1969 yilda Florentsiya universitetida professor unvonini oldi. 1971 yildan Bolon`ya universitetida ishlay boshlaydi va 1975 yilda mazkur dargohning ilmiy tekshirish institutiga direktor etib tayinlanadi. Umrining oxirigacha ayni institutga rahbarlik qiladi.

Tarixchi, faylasuf va o’rta asrlar bo’yicha mutaxassis Umberto Eko Jeyms Joys asarlarining eng yirik tadqiqotchisi hisoblanadi. U Rolan Bartdan keyin “mayda detallarning ahamiyati” yoki “mayda detallar sotsiologiyasi” deb nomlanadigan yondashuvning eng taniqli nazariyotchilardan biri sifatida e’tirof qilinadi.

Umberto Ekoning bugunga qadar chop qilingan 6 romani mavjud. Uning ilk asari “Atirgul ismi” nomli roman bo’lib 1980 yilda nashr qilingan. Bu roman olimni usta yozuvchi sifatida dunyoga tanitadi. IV asrda bir monastrda ro’y bergan sirli voqealar va zaharlanib o’ldirilgan rohib hayotini hikoya qiluvchi mazkur asar qisqa vaqt ichida ommalashib ketadi va 8 milliondan ortiq nus’hada chop qilinadi. Shundan keyin bu asar ekranlashtiriladi. Fil`mda bosh rolni mashhur aktyor Shon Konneri o’ynagan. Ikkinchi romani “Fuko mayatnigi” 1988 yilda chop qilingan. Bu asar Kabala, simyogarlik va konspirologik faoliyatlar bilan bog’liq bo’lib nomini yer sharining aylanib turishini isbot etish uchun tajribalar o’tkazgan frantsuz fizigi Fuko tomonidan qo’llanilgan mayatnikdan olgan.

Adibning uchinchi romani “O’tgan kunning oroli” nomi bilan 1994 yilda nashr qilingan. Ekoning ichki dunyosi va sirli xayollarining badiiy in’ikosi hisoblangan bu asarda o’n yettinchi asr italyan zodagonlaridan Roberto della Grivaning boshidan o’tgan voqealar tasvirlanadi.

“Baudolino” deb atalgan romanida 1204 yilda Vizantiyaning poytaxti Istanbulda bo’lib o’tgan voqealar, xochli safari tufayli shaharning vayron qilinishi, shahardagi ijtimoiy-siyosiy hayot asar qahramoni Alessandrianing boshidan o’tkazgan voqealari fonida tasvirlanadi.

Muallifning beshinchi romani “Qirolicha Loananing siri olami” deb ataladi. Bu roman 2005 yilda nashr qilingan. Asarda og’ir komadan uyg’onib o’qigan barcha kitoblarini nuqta-nuqtasigacha xotirlaydigan ammo qarindosh-urug’ va yaqinlarini umuman eslay olmaydigan 59 yoshli eski kitob sotuvchisining dahshatli hayoti haqida hikoya qilinadi. Qahramon o’z hayoti bilan bog’liq hujjatarni o’rgangan sari ba’zi narsalarni eslay boshlaydi. Biroq qahramonning ichki dunyosi uning talabalik yillarida o’zi oshiq bo’lgan qiz yuzini eslashga urinishi tasvirida nihoyatda ta’sirchan ochib beriladi.

Faylasufning so’nggi romani “Praga qabristoni” deb ataladi. 2010 yilda nashr qilingan bu roman tarixiy mavzuda bo’lib qahramonlar tarixiy shaxslardir. Asar voqealari 1897 yilda ro’y bergan suyiqasdni tekshirish uchun tayinlangan detektiv tilidan hikoya qilinadi. Asarda irqchilik va antisemitizmning ildizlari badiiy tadqiq qilinadi.

Umberto Eko 20 fevral` 2016 yilda 84 yoshida vafot etdi. Undan 6 roman va o’nlab ilmiy-falsafiy asarlar qoldi.

Quyida yozuvchining turli suhbatlaridan to’plangan ba’zi jumlalarni keltirdik.

Umberto EKO
ASARLARIDAN IQTIBOSLAR
012

Adabiyotning qudrati beto’xtov va betakror mutolaa imkoni yaratishidadir.

***

Kutubxonada inson sovqotmaydi. Eng kamida jaholatning muzlatguvchi sovuqlaridan himoyalangan bo’ladi.

***

Yaxshi bilan yomon orasida nihoyatda inja chiziq bor. Kimgadir yaxshi tuyulgan narsa birovlar uchun yomon bo’lishi mumkin.

***

Kuchli shovqin hamisha o’z ortidan teran sukutni ergashtirib yuradi.

***

Xudbinlik va johillik ustun bo’lgan dunyoda yaxshiyamki yashashga undovchi kitoblar bor.

***

Zamona zaylini qarang: qushlar qanot yozmay uchaman deydi, eshaklar mashshog’u ho’kizlar raqqos.

***

Menga kimsasiz orolga borish va bir dona kitob olishimga izn berilsa, telefon daftarimni olgan bo’lardim. Chunki ro’yxatdagi ismlardan sanoqsiz asar qahramonlarini chiqara olardim.

***

Yolg’izik bir navi ozodlikdir.

***

Men uchun eng katta muammo, ko’rganlarim bilan ko’rishni istaganlarimni adashtirib yurishimdir.

***

Ko’p bilgan ko’p qiynaladi. Bilgan sari dardlaring ham ortaveradi.

***

Davlat kuchli bo’lsa, she’riyat sukut saqlaydi.

***

Hech nima o’zgarayotgani yo’q, bor yo’g’i jismlar almashmoqda.

Manba: Mahmudjon Yo’ldoshevning veb-sahifasi

OLOVGA QARAB ERTAK SO’ZLAMOQ
Umberto Eko bilan Nili Andros suhbatlashdi
Ruschadan Amir Fayzulla tarjimasi
012

— Bolalarbop ertak — dunyo haqida nimadir bilishning birinchi yo’li. Bugungi kunda bola ko’pgina hikoyalarni televizor yoki IPAD orqali bilib olayotganidan ko’z yumib bo’lmaydi.Ulardan ayrimlarining a’lo darajada bajarilganiga tan bermay ilojing yo’q. Ammo baribir ham bu hikoyalar bolalar uchun og’irlik qiladi, ular bolalar idroki
uchun maxsus mo’ljallanmagan.

07— Bugungi kunda ta’lim olish hech gap bo’lmay qolgan. Hamma gap uning sifatida. Yana shuni ham ta’kidlash kerakki, odamni o’qitishdan ko’ra, tarbiyalash qiyinroq. Zero, tarbiya — uzoq, murakkab va g’oyat mas’uliyatli jarayon. Bolada yaxshi narsaga moyillik tug’dirmoq, uning yaxshilik va yomonlikni anglashida yordam bermoq, unda asosiy insoniy tuyg’u — qayg’udosh bo’lishni rivojlantirmoq, qiziqishni oshirmoq g’oyat qiyin vazifalardir, bu narsa katta chidam va uquvni talab etadi, yosh shaxsda bilishga doimiy qiziqishni qo’llab-quvvatlamoq kerak bo’ladi. Tarbiya ta’lim jarayonida birinchi qadam bo’lishi kerak, degan gapga qanday qaraysiz?

— Haqiqiy ta’lim o’qituvchining jonli munosabatda o’quvchiga ko’rsatadigan o’rnagidan iborat. Bu boshlang’ich maktab bilan bir qatorda universitetga ham taalluqlidir. Zamonamizning muammosi shundaki, o’quvchining o’qituvchi bilan bevosita munosabati sustlashib borayotibdigina emas, butunlay yo’qqa chiqmoqda. Maktablarda tobora ko’proq bolalar komp`yuter bilan o’ynamoqdalar va ulardan zaruriy axborotlarni olish uchun hamma narsaga qo’limiz yetadi, deb bilishadi. Ular o’qituvchining so’zlariga quloq solmay qo’yganlar.

Aftidan, bu universitetlarda u qadar ko’zga tashlanmayotgandir, ammo u yerlarda ham o’qituvchi bilan suhbat faqat tadqiqotchilik ishiga chinakam rag’bati borlardagina kuzatiladi. Qolganlar ham ularga kerakli axborotni Vikipediyadan va boshqa shunday manbalardan olishga havasmand.

Zamonamizning ta’lim fojiasini shartli ravishda “Suqrotning o’limi” deb ta’riflash mumkin. Ya’ni, o’qituvchining, tarbiyachining o’limi. Talabalar bilan to’lib-toshgan shunday universitetlar borki, ularda talabalar va o’qituvchilar o’rtasida hech qanday muloqot yo’q. Ammo ayrim Amerika universitetlarining obro’si ( va munosib obro’si!) bosqichdagi kam sonli talabalarga, o’qituvchi bilan doimiy muloqot olib borish imkoniyatiga asoslanadi.

Jimitvoylarga kelganda esa… Biron narsa bilan andarmon qilib qo’yish uchun bolalarini kun bo’yi televizor oldiga o’tqazib qo’yadigan ota-onalar tarbiyachi bo’lmay qo’ya qoladilar.

— Eng yaxshi nasihatlarimiz bilan bolaga yaqin bora turib, unga shunchaki “Yaxshilik qilish — bu yaxshi, yomonlik qilish — bu yomon” deb aytolmaymiz, bu tushunarli. Bunday tarbiyadan naf kamroq. Jahon madaniyati va xalq hikmatlari bolalarga murojaat qilishning eng yaxshi janrini belgilab bergan — bu ertak so’ylash.

Qiziq, ko’pincha ertaklar oyilar, dadalar, buvilar, bobolarning o’z bolalari va nevaralariga (Astrid Lingredda bo’lgani kabi, yoki do’stlarning bolalariga (L`yuis Kerrolda bo’lgani kabi) aytib bergan hikoyalarida yashaydi. Siz uchta kitobingizni bolalarga bag’ishlagansiz. Qanday qilib va nima uchun eng yosh avlodga murojaat qilishga azmi qaror etdingiz? Umuman olganda, XXI asr bolalariga ertaklar kerakmi? Qolaversa, ular suvratli an’anaviy kitoblarga ehtiyoj sezadilarmi?

— Biz atrofimizdagi dunyo haqida hamma narsani hikoyalar orqali bilamiz. Hatto zoologiyani o’rganayotgan talaba ham faqat ilmiy ta’riflar yordamida emas (it — bu platsentar sut emizuvchi), balki o’sha itlar haqidagi “hikoyalar” orqali o’rganishi kerak. U yoki bu hollarda itlar qanday yashaydi yoki qanday harakat qiladi — shular to’g’risidagi hikoyalar (yoki guvohlar) orqali o’rganishi kerak.

Bolalar ham shunday. Ayniqsa, ularga boshqacha yondashish lozim bo’ladi. Bolalar dunyo bilan o’sha itlar yoki boshqa hayvonlar haqidagi “hikoyalar” orqali aloqa o’rnatadilar. Olovga qo’l tekkizib bo’lmaydi — buni tushunadilar, chunki ularga olov haqidagi hikoya(ertak)ni aytib berishgan. Bolalarbop ertak — dunyo haqida nimadir bilishning birinchi yo’li. Bugungi kunda bola ko’pgina hikoyalarni televizor yoki IPAD orqali bilib olayotganidan ko’z yumib bo’lmaydi.

Ulardan ayrimlarining a’lo darajada bajarilganiga tan bermay ilojing yo’q. Ammo baribir ham bu hikoyalar bolalar uchun og’irlik qiladi, ular bolalar idroki uchun maxsus mo’ljallanmagan. Bolani o’z hikoyalarini to’qishga undaydigan ko’plab o’yinlar bolalarda zo’ravonlikka, betizgin raqobatga, o’zboshimchalik bilan vaziyatni chuqur o’rganmay turib tavakkaliga ish tutishga odatlanishni tarbiyalaydi.

Iymonim komil: bola uchun hayotda bosh qahramon unga ertaklar aytib beruvchi ota-ona bo’lmog’i kerak. Qolgani — yordamchi narsalar. Yordamchi narsalar nimagadir ishora qilishi, aniqlik kiritishi mumkindir, ammo hech qachon kishi og’zi bilan aytib berganidek bo’lolmaydi.

— Bugungi kunda oliy ilm va oddiy, hatto ma’lumotli odamlar o’rtasida chuqur jarlik paydo bo’lgan. O’tmishdagi va hozirgi zamondagi san’at durdonalari ham keng omma e’tiboridan chetda qolib ketmoqda. Ehtimol, bunday narsalar oddiy iste’molchilarga mo’ljallab yaratilmagandir, ammo baribir ham televidenie, radio, kino, internet ko’proq yuksak va munosib narsalar haqida gapirishlari kerak. O’sha televidenie soxta adabiyot, soxta musiqa, soxta san’at bilan to’lib-toshgan. Bu ham yetmaganday, barcha ommaviy axborot vositalari salbiy narsalar, shafqatsizlik bilan to’la…

— Hayotimizga televidenie orqali kirib keladiganlarning ko’pchiligi chinakam ta’lim uchun kerakmasligi kunday ravshan, ular tarbiya kushandalaridir. Ammo bolalarim o’n va o’n ikki yoshga kirganlarida ularda bir narsa bo’lgani esimda. Biz o’shanda o’zimizning shahar tashqarisidagi uyimizga birinchi marta borgan edik. O’sha uyda kamin bor edi. Bolalarim olovning yonishiga shu qadar mahliyo bo’lib qolishdiki, televizor ko’rish ham eslaridan chiqib ketdi. Biz oilalarimizda ana shunday munosabatni tiklashimiz kerak — ota-onalar va bolalar, butun oila gulxan atrofida to’planishimiz, bir-birimizga ertaklarmi yo ichimizdan to’qib chiqargan ertaklarmi — farqi yo’q, muhimi, ota-onalar va farzandlar bir-birlariga ko’ngillaridagi gaplarni aytib oladilar.

— Baribir ham, salbiy ta’sir etuvchi, goho o’sha internetda to’lib-toshib yotgan xatarli axborotdan bolalarni qisman bo’lsa-da, qanday himoya qilmoq kerak?

— Bu bizning zamonamiz muammosi. Ma’naviyatli kishi yaxshi saytlarni zararlisidan ajratib olishga qodir. Afsuski, yosh va kamroq ma’lumotli odamlar uchun bu muammoni yechish amri mahol. Albatta, maktab internetga tanqidiy, hushyor yondashishga o’rgatmog’i shart. Ammo o’qituvchining o’zi ishonchli va ishonchsiz saytlarni farqlashga qodir bo’lmasa, bunga qanday erishib bo’ladi?

Men maktablarda o’quvchilarga internetda maslahatlar talab etuvchi mavzular berishni tavsiya qilgan bo’lardim, ammo shunda ham olingan axborotni boshqa manbalar bilan taqqoslash joiz, deb bilardim. Bir-biriga zid hujjatlarni bir-biriga taqqoslovchi jiddiy olimlar qilgani kabi. Balki shu yo’l bilan o’quvchi yoki talaba mavzu bo’yicha duch kelgan birinchi axborotga ishonmaslik kerakligini anglar. Ammo… bunday tanqidiy ta’limni tashkil etish g’oyatda mushkul. Internetni o’zlashtirishda o’quvchiga qadam-baqadam hamrohlik qilib borish kerak, biroq bu yerda bizga yana haqiqiy o’qituvchi kerak bo’ladi… Ana gap shunda.

— Siz bir gal yog’ochdan qog’oz qilib chiqarish texnologiyasi bilan bog’liq bir muammo haqida gapirgan edingiz: XIX –XX asrning qimmatli kitoblari g’orat topib va yo’qolib ketishi mumkin, degandingiz. Ochig’ini aytsam, men bu gapni birinchi marta eshitishim edi. Nashrni arzonlashtirish ortidan quvish oqibatida ko’pgina kitoblar shunchaki yomon qog’ozga yomon bo’yoqlarda chop etadilar, shuning uchun ular tez titilib, havodagi namlikni ko’tarolmaydi, deb o’ylar edim.

— Hamma gap shundaki, XIX asr o’rtalari va undan keyingi chiqqan kitoblarning ko’pchiligi latta laxtaklaridan tayyorlangan qog’ozda chop etilgan. Keyin yog’ochdan tayyorlangan qog’ozga o’tishgan, uning “umr”i esa yetmish yil. XX asr 50-yillaridagi matbaa kitoblarida urushdan keyin yomon qog’ozlar ishlatilgani bois, bugun ularni qo’lga olib bo’lmaydi, varaqlasang, naq qo’lingning o’zida titilib tushadi. Mening shaxsiy kutubxonamda esa XV asrda chop etilgan kitoblar bor — xuddi hozir bosmaxonadan keltirilganday turibdi! Shu bois bugungi kunda kutubxonalar kitoblarni saqlab qolish uchun ularni yomon qog’ozlarga ko’chirmoqdalar. Ammo ko’plab kitob xazinalarida millionlab jildlar mavjud va ularni qutqarib qolish ishlari g’oyat serchiqim bo’lib, ko’p vaqtni ham oladi.

Hozir ko’pgina noshirlar kitoblarni tezob(kislota)siz qog’ozda bosmoqdalar, bunday kitob uzoq yashaydi. Biroq so’nggi yuz yildagi nashrlarga kelsak, ko’p o’tmay katta xazinadan mahrum bo’lishimiz hech gap emas.

Faqat ko’ngil bir narsadan sal tasalli topganday bo’ladi: shu tariqa ko’plab foydasiz kitoblardan qutulganimiz qoladi. Ammo, bu, albatta, ozroq tasalli, xolos.

Umberto Eko
QADRDON NABIRAM, O’QIB YOD OL!
Ruschadan Mavlon Boboxonov tarjimasi
01

Aziz nabiram!

Men Iso Masih mavludi munosabati bilan yozilgan ushbu maktubimni De Amichis ruhida nasihatomuz bo’lishini va uni atrofimizdagi insonlarga, vatanga, insoniyatga va shunga o’xshash narsalarni sevishga da’vat deb qabul qilishingni istamayman. Zero bugun qadriyatlar tizimi shu qadar o’zgarib ketdiki, maslahatlarim o’rinsiz tuyulib,sen ularga quloq tutmasliging ham mumkin (chunki sen endi yosh bola emassan, men esa ancha qarib qolganman).

Xullas, hozir planshetingdan foydalanayotgan kezlaring senga amalda asqotib qoladigan bittagina maslahat bermoqchiman. Men bu maslahatni senga miyasi aynigan qariyaga o’xshab ko’rinishdan cho’chiyotganim uchun berayotganim yo’q. Men, axir, o’zim ham undan foydalanaman. Har holda, senga insonlar bilan insonlar, odamlar bilan hayvonlar o’rtasidagi shahvoniy o’yinlarni namoyish etuvchi yuzlab pornografik saytlarga e’tiboringni qaratmaslikni maslahat bera olaman. Ishqiy munosabatlar bunaqangi xiyla bir zayldagi harakatlardan iboratligiga ishonma! Bunday sahnalar seni hayotdagi mavjud qizlar oldiga borib tanishishdan ko’ra, ataylab uyda tutib turish uchun o’ylab chiqarilgan. Taxminimcha, sen haqiqiy yigit bo’lib ulg’ayding, aksincha bo’lsa, mening tavsiyalarimni o’z holatingga ilova sifatida qabul qil, lekin maktab yoki o’yin maydonchalaridagi qizlarga nazar sol, negaki ular telepersonajpardan yaxshiroq va payti kelib senga «opPpe» qizlardan ko’ra ko’proq quvonch baxsh eta oladilar. So’zlarimga ishon, chunki meningtajribam katta (agarda men komp`yuterdagi bu shahvoniy o’yinlarni kuzatib vaqt o’tkazganimda edi, otang hech qachon tug’ilmas va sen ham hozir yorug’ dunyoda bo’lmas eding).

Biroq men sen bilan bu hakda emas, balki tengqurlaring va hozir universitetlarda tahsil olayotgan sendan avvalgi avlodni shikastlashga ulgurgan bir kasallik haqida gaplashmoqchiman. Men xotirani yo’qotish haqida gapiryapman.

Chindan ham, agar sen Buyuk Karl kimligini yoki Kuala-Lumpur qaerda joylashganligini bilmoqchi bo’lsang, shu zahoti tugmachani bosishing va barchasini internetdan aniqlashing mumkin. Zarurati bo’lsa, shunday qil, ammo kerakli ma’lumotni olgach, qachonki, masalan, maktabda shu bilimlar senga zarur bo’lganda, qayta qidirib o’tirmaslik uchun, uning ma’nosini yodda saqla! Eng yomoni shuki, xohlagan paytingda savolingga komp`yuter orqali javob olishga bo’lgan ishonch senda axborotni esda saqlash istagini so’ndiradi. Bunga quyidagicha muqoyasa keltirsa bo’ladi: shoshilganda bir ko’chadan boshqasiga avtobus yoki metroda yetib olish mumkinligini anglagan kishi endilikda yayov yurmasam ham bo’laveradi, degan qarorga keladi. Ammo piyoda yurmas ekansan, sen nogironlar aravachasida yuradigan odamga aylanasan. Ey, aytgancha, sen sport bilan shug’ullanasan va tanangni boshqara olasan-a, biroq, kel, sening miyangga qaytamiz.

Xotira xuddi oyoqlaring mushaklariga o’xshaydi. Mashq qilmay qo’ysang, ular shalvirab qoladi va sen (dangal gaplashaylik) ovsarga aylanasan. Bundan tashqari, biz barchamiz keksarganimizda Ap`tsgeymer kasalligi bilan og’rish xavfidan xoli emasmiz va bunday ko’ngilsizlikning oldini olishning yo’llaridan biri hamisha xotiramizni mashq qildirishdir.

Mana, meningyo’sinim.Harkuniertalab.xuddibolalikdabiznimajburlashganidek, birorta qisqagina she’rni yod ol. O’rtoqlaring bilan kimning xotirasi kuchli ekanligi bo’yicha musobaqa uyushtirishlaring mumkin. Agar she’riyatga mayling yo’q esa, unda futbol jamoalarining tarkibini esda saqlashga urinib ko’r, lekin sen nafaqat Rim kpubining hozirgi o’yinchilarini, balki jamoaning avvalgi tarkibini ham bilishing shart (o’ylab ko’rgin-a, men Superga tepaligida halokatga uchragan samolyot bortidagi Turin jamoasi o’yinchilarining ismlarini yod bilaman: Bachigalupo, Ballarin, Marozo va boshqalar). O’qilgan kitoblarning mazmunini kim yaxshi eslay olishi bo’yicha bellashinglar (xazinalar orolini qidirishga otlangan “Ispan’ol» kemasi bortida kimlar bo’lgan? Lord Treloni, kapitan Smollett, doktor Livsi, Jon Silver, Jim…). O’rtoqlaring uch mushketyorlar va d’Artan`yan xizmatkorlarining ismlarini (Grimo, Bazen, Mushketon va Planshe) eslay oladilarmi-yo’qmi, oydinlashtir… Mabodo, “Uch mushketyorlar”ni o’qishni xohlamasang (garchi bu bilan nimani boy berayotganingni bilmasang-da), unda o’zing o’qigan birorta kitobdan bahs och.

Bu senga o’yindek tuyuladi, aslida ham bu bir o’yin xolos, ammo ko’rasan, miyang personajpar, afsonalar va turli esdaliklarga to’ladi. Nimaga qachonlardir komp`yuterni elektron miya deb atashganligini so’raysan. Shuninguchunki, u miyamizning nusxasi sifatida o’ylangan, biroq inson miyasining aloqalari komp`yuternikidan chandon ortiq. Miya — bu shunday komp`yuter-ki, u hamisha sen bilan, uning imkoniyatlari mashqlar natijasida kengaya boradi, stoling ustidagi komp`yuterning esa davomli foydalanishdan so’ng tezligi pasayadi va bir necha yildan so’ng boshqasiga almashtirishni talab etadi. Miyang esa senga 90 yoshgacha xizmat qilishi va mashq qildirib tursang, to’qsondan keyin ham hozirgidan ko’p narsani eslay olishing mumkin. Ustiga-ustak, u tekin ham.
Bundan tashqari hayotingdagi voqea-hodisalar yoki sen o’qigan narsalar bilan bog’liq bo’lmagan tarixiy xotira ham bor. U sen tug’ilgunga qadar yuz bergan voqealarni o’zida saqlaydi.

Bugungi kunda, agar sen kinoteatrga bormoqchi bo’lsang, fil`m boshlanishiga kelishing shart. Kino boshlangach esa, xuddi nima yuz berayotganini senga izohlab berishayotgandek bo’lishadi. Bizning zamonlarda kinoteatrga xohlagan paytda, hatto fil`m o’rtasida ham kirish mumkin edi. Ko’pgina voqealar sen kelguncha bo’lib o’tar va nimalar ro’y berganini tusmollashga to’g’ri kelardi. Fil`m yangidan boshlanganda esa, xayolingda tikpagan voqealaring qanchalik to’g’ri ekanligini ko’rsang bo’lardi.

Agar fil`m yoqqan bo’lsa, kinoteatrda qolish va uni yana bir marotaba tomosha qilish mumkin edi.

Hayot ham fil`mni bizning zamonlardagiday tomosha qilishni eslatadi. Biz yuz minglab yillar davomida ko’plab voqealar yuz bergan paytga kelib tug’ilamiz va tavalludimizga qadar nimalar sodir bo’lganini bilish juda muhimdir. Shuning uchun ham muhimki, bugun nimaga buncha ko’p voqealar yuz berayotganini anglashimizga kerak bo’ladi.
Bugun maktabda (sen o’qiydigan kitoblar doirasidan tashqari) senga sen tug’ilgunga qadar bo’lgan narsalarni eslab qolishni o’rgatishlari lozim, ammo hozir buning uddasidan chiqolmayaptilar. Ko’plab so’rovlarning ko’rsatishicha, bugungi yoshlar, hatto 1990 yilda tug’ilgan universitet talabalari ham, 50 yil avvalgi voqealarni qo’ya turaylik, bor-yo’g’i 1980 yilda nimalar ro’y berganini bilmaydilar, balki bilishni istamaslar.

Attang, bundan bor-yo’g’i o’ttiz yil avval siyosat sahnasida bo’lgan “Qizil brigadalar”ning faoliyati bugun ko’pchilik uchun sir bo’lib qolmokda. Men fashistlar hokimiyat tepasiga kelganidan o’n yil o’tib, 1932 yilda tug’ilganman, ammo Rimga qilingan yurish chog’ida kim bosh vazir bo’lganligini bilardim. Ehtimol, hokimiyatdan chetlatilgan bu vazirning qanchalik ahmoq va yomon odam bo’lganligini anglatish uchun fashistlar maktabida menga u hakda gapirishgandir. Shunday bo’la qolsin, ammo men bu hakda bilardim. Lekin maktabni bir chetga qo’ya turaylik. Bugungi yoshlar yigirma yil avvalgi kinoda o’ynagan ayol artistlarni bilmaydi, men esa dunyoga kelishimdan yigirma yil avval ovozsiz kinoda suratga tushgan Francheska Bertini kim ekanligini bilardim. Balki, bunga uyimiz omborchasidagi eski jurnallarni birma-bir varaqlaganim sababdir. Men senga ham eski jurnallarni varaqlashni taklif qilaman, chunki bu sen dunyoga kelmasingdan avval bo’lib o’tgan narsalarni o’rganishga yordam beradi.

Xo’sh, uzoq o’tmishdagi voqealarni bilishning nimasi buncha muhim? Chunki ko’pincha shunga o’xshash bilimlar bugungi voqealarning kechishini tushunishga ko’maklashadi va har qanday vaziyatda, futbol jamoalarining tarkibini bilganing singari, xotiramizni boyitishga xizmat qiladi.
E’tiborga olib qo’y, sen o’z xotirangni nafaqat kitob va jurnallar ko’magida, balki internet yordamida ham chiniqtirishing mumkin. Internet faqatgina do’stlaring bilan suhbatlashishda emas, balki jahon tarixini o’rganishda ham qo’l keladi. Xettlar va kamizarlar kimlar? Kolumbning uchta kemasi qanday nomlanardi? Dinozavrlar qachon qirilib bitgan? Afsonaviy to’fonda Nuh alayhissalom, uning oilasi va hayvonlar jon saqlab qolgan kemaning shturvali bo’lganmi? Buqaning ajdodlari nima deb atalgan? Yuz yil avval yo’lbarslar hozirgidan ko’proq bo’lganmi? Mali imperiyasi haqida sen nimalarni bilasan? U haqtsa kimdan eshitgansan? Tarixda ikkinchi Papa kim edi? Mikki Maus qachon yaratilgan?
Men bunday savollarni poyonsiz bera olishim mumkin va ular tadqiqotlar olib borish uchun ajoyib mavzular bera oladilar. Bularning barchasini yodda tutish kerak. Kun kelib qartayganingda, sen o’zingni xuddi Vaterloo jangida qatnashgandek, Yuliy Sezarga qotillik uyushtirilganini ko’rgandek, Bertol`d Shvarts oltin olaman deb hovonchada turli moddalarni aralashtira turib, tasodifan porox kashf etgan va portlab parcha-parcha bo’lib ketgan (unga o’zi shu kerak edi!) joyda bo’lgandek his qilasan. Xotiralarini boyitishga intilmaydigan sening ayrim do’stlaring esa, o’zlarining bir zayldagi zerikarli va yorqin hissiyotlardan mosuvo birgina umrlarini yashab o’tadilar.
Shunday ekan, xotirangni boyit va ertagayoq «La Vispa Teresa» ni yod ol.

Manba: «Sharq yulduzi jurnali,2014/04

088

(Tashriflar: umumiy 112, bugungi 1)

Izoh qoldiring