Umid Bekmuhammad. Soxtalashtirilgan Xayyom.

052
Умар Хайём номини эшитган, ўқиган инсон борки, унинг тасаввурида май, шаробхўрлик ва айш-ишрат ҳақидаги рубоийлар муаллифи кўз олдида гавдаланди.Ўзининг шаробхўрлигини Хайём тимсолида бир қадар оқлаб, ниқоблаб оладиган зиёлинамо замондошларимиз ҳам йўқ эмас.
Хўш, аслида Умар Хайём ким эди? Бу ҳақда тарихий манбалар ва хорижий тадқиқотчилар қандай фикрда? Бундай саволларнинг туғилиши табиий.Бу саволлар ўзининг шаробхўрлигини Ҳайём тимсолида ниқоблаб олган айрим замондошларимизни ўйлантирмаслиги мумкин.Аммо…

077
Умид Бекмуҳаммад
СОХТАЛАШТИРИЛГАН УМАР ХАЙЁМ

xayyam Умар Хайём номини эшитган, ўқиган инсон борки, унинг тасаввурида май, шаробхўрлик ва айш-ишрат ҳақидаги рубоийлар муаллифи кўз олдида гавдаланди.Ўзининг шаробхўрлигини Хайём тимсолида бир қадар оқлаб, ниқоблаб оладиган зиёлинамо замондошларимиз ҳам йўқ эмас.
Хўш, аслида Умар Хайём ким эди? Бу ҳақда тарихий манбалар ва хорижий тадқиқотчилар қандай фикрда? Бундай саволларнинг туғилиши табиий.Бу саволлар ўзининг шаробхўрлигини Ҳайём тимсолида ниқоблаб олган айрим замондошларимизни ўйлантирмаслиги мумкин.Аммо…

… МАҚОЛАНИ ҚАЙТИБ ОЛОЛМАДИ

1928 йилда Умар Хайёмнинг 880 йиллиги бутун дунёда кенг нишонланган эди.Шу санага бағишлаб Фитрат ҳам “Қизил қалам” мажмуасига мақола тайёрлаб, унда Хайёмнинг таржимаи ҳоли, Европа олимларининг бу ҳақдаги фикрларини келтириб ўтган, ўзидаги бор манбалар асосида фикр юритган эди.Фитрат мақолани таҳририятга тобширгандан озгина вақт ўтиб,, 119 саҳифадан иборат, милодий 1198 йилда Хоразмда Абул Ҳасан ал-Байҳақий томонидан ёзилган “ Татиммат ус-савон ул-ҳикма” номли арабча ёзилган асарни тасодифан қўлга киритади.Хайёмнинг замондоши, уни кўрган инсон ёзган ушбу асарда шарқ файласуфларидан 100 кишининг таржимаи ҳоли ёритилган, 53-бўлиб эса “ал дастур ул файласуф Умар Ибни Иброҳим ал-Хайёмий” номи келтириб ўтилганди.

Фитрат дунё илму фанидан хабардор олим сифатида Европа олимлари Хайём ҳаётини ёритганларида ушбу асарни назардан қочирганлигини билгач, қолаверса ўзининг ҳам мақоласини шу боис қайта ишлаш лозимлигини англаб, мақоласини қайтиб олмоқ ниятида, ўзининг ёзишича, таҳририятга югуради.
Афсуски, мақола босмахонада териб чоп этилаётган экан.Шу боис “Татиммат ус -савон ул-ҳикма” асаридан фойдаланган ва бошқа манбаларни ҳам умумлаштирган ҳолда 1929 йилда “Форс шоири Умар Хайём” (“Ўзнашр”) номли янги китобини ёзиб нашр этдиради.

Китобда шундай сатрлар бор: “Хайём сарой табиби бўлган,замоннинг олим ҳайъатшуноси, файласуфи, риёзсийси.Тақвимни энг тўғри ислоҳ қилган, илмий ҳайъатда жуда катта нуфуз ва фаолият билан иштирок этган.Ҳукмдорларнинг иш соатларини белгиловчи мунажжим саналған.Бундай бир одамнинг доимий мастлик билан ( пиянисталик билан ) машғул бўлуб қолиши ҳақиқатдан, албатта, узоқдир…”

ХАЙЁМ ҲАҚИДАГИ ХАТОЛАР

1925 йил Германияда “Рубоиёти ҳаким Умар Хайём” номли китоб ёзилиб, унда асарни нашрга тайёрлаган доктор Фридрих Розан, рубоийлар муаллифи деб билган Хайёмни Эроннинг Локар шаҳрида туғилган дея хато фикр ёзган эди.Бу аслида Хайёмни сохталаштиришнинг, у ҳақда хато фикр билдиришнинг давом эди деса бўлади.
Табиийки,фан кишиси сифатида доктор Ф.Розан “Туҳфат уш-шомия” номли Қутбиддин Абулсано Маҳмуд ибни Масъуд Шерозий томонидан, ҳижрий 684 санада ёзилган асарга таянган эди.Ушбу асарда “ Султон Маликшоҳ Салжуқийнинг ҳузурида бир жамоа ҳакимлар, файласуфлар йиғилдилар.Улар орасида Умар Хайём ҳаким -Лўкарий шулардан эди”, дея ёзилган экан.

Лўкар Марвга яқин шаҳар бўлган.Ф.Розан “Туҳфат уш-шомия” асарининг уч нусхаси борлигини, шулардан бирига “Умар ал-Хайём ва-л ҳаким ал-Лўкарий” дея ёзилганини таъкидлаб ўтганди.Қолган икки нусха асарда эса Умар Хайём Лўкарий тўғрисида ёзилмаган экан.

Профессор Фитратнинг аниқлашига кўра эса, “Татимат ус-савон ал-ҳикма” асаридаги файласуф Абул Аббос ал-Лўкарий исмли файласуф ва ҳаким Лўкар шаҳрилик бўлиб, доктор Ф.Розан Хайёмни шу инсон билан адаштириб хато қилган.Яъни Умар Хайём немис олими ёзганидек, Лўкарда эмас ,Хуросоннинг Нишопур шаҳридаги чодирдўз оиласида 1048 йилда туғилган.Унинг асл исми шарифи Ғиёсиддин Абдулфатҳ Умар ибн Иброҳим эди.
Шамсиддин Сомийбекнинг “Қомус ул-аълом” асарида Хайём “Шайх ибни Муҳаммад” дея эъзоз билан тилга олинган.Аслида Хайём сўзи арабча бўлиб, Фитратнинг ёзишича, хаймачи, чодирчи, яъни ота касб чодирдўзлик деган маънони англатган.Яъни Хайём Умарнинг тахаллуси эди.Умар Хайёмнинг ўзи қаламига мансуб “Жабр ва муқобила” асарининг муқаддимасида “Хайёмий” ёзилган экан.Бу ҳолатни Фитрат, “Хайём сўзининг Умар учун касб оти эмас, оила оти (фамилия) бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас” дея изоҳлаганди.
Хайём ҳақида кенг тарқалган хатолардан яна бири шуки, у Низомулмулкдек Салжуқийлар давлатининг машҳур вазири, “Сиёсатнома” асари муаллифи билан мактабдош бўлган.Бу тўғрида кўплаб ривоятлар тарқалган бўлиб, унга кўра, мактабдалик пайтида “ қайсимиз улуғ бир мансабга эришсак, бошқамизга ёрдам қиламиз”, деб аҳд қилишган.Шунга кўра, давлат вазири даражасига эришган Низомулмулк Умар Хайёмни салжуқийлар саройига олиб келиб унга шароит яратган эмиш.

Ваҳоланки, тарихий маълумотларга кўра, Умар Хайём 1048 йилда Нишопур шаҳрида туғилиб, шу ердаги мактабда ўқиган.Абу Али Ҳасан ибн Али Тусий-Низомулмулк эса 1018 йилда, яъни Хайём таваллудидан 30 йил олдин Родкон вилоятининг Навғон қишлоғида таваллуд топган ва шу ердаги мактабда ўқиган.Шундан ҳам кўринадики, улар орасидаги фарқ 30 йилдан иборат ва табиийки, турли вилоятларда туғилган машҳур инсонлар бир мактабда таҳсил олишмаган.Улар фақат орадан йиллар ўтиб қалин ошно-оға-ини тутинишган, маслакдош дўст бўлганлар.

ХАЙЁМНИНГ ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИ

011 Маълумки,Умар Хайём яшаган 11 аср сомонийлар давлатининг инқирозга учраб, қорахонийлар, ғазнавийлар ва салжуқийлар сулолаларининг вужудга келиб кучайиши ва улар орасидаги зиддиятлар даврига тўғри келди.Ана шу даврдаги қийинчиликларга қарамай, Умар Ҳайём дастлаб Балхга келиб ўз даврининг машҳур уламоларидан Муҳаммад Мансурдан сабоқ олади.Кейин эса Самарқанд қозикалони Абутоҳир , сўнгра Бухоро ҳукмдори Шамсулмулк Қорахоний даргоҳларида яшаб, илм билан шуғулланади.Яъни у Самарқанд, Бухоро,Исфаҳон ва Нишопур шаҳарларида яшаб, риёзиёт, фалсафа, мунажжимлик, мантиқ каби илму фан соҳалари билан астойдил шуғулланди.
Ҳайёмнинг маслакдош дўсти бўлган машҳур сиёсатшунос, давлат арбоби Низом ул-Мулк( 1018-1092) нинг Салжуқийлар салтанатида вазирлик қилиши вақти келиб унга ҳам иқтидорини намойиш этишига сабаб бўлди.
Маълумки, 1063-1072 йилларда Салжуқийлар давлати ҳукмдори Алпарслон, ундан сўнгра эса 1072-1092 йилларда Маликшоҳ ҳокимиятни эгаллаган даврларда илму-фанга, маданиятга эътибор қаратилган, олимлар, ижодкорларга етарлича шароит яратиб берилган.Ҳаттоки, империя пойтахти бўлган Марвда 1074 йилда ,1076 йилда эса Исфаҳонда расадхона барпо этилади.

Натижада ана шундай шоҳона мурувватдан фойдаланган Умар Хайём, Исфазорий, Абулаабос Лўкарий,Ҳазиний каби олимлар билан ,Марв ва Исфаҳонда расадхона барпо этилишига ва унинг фаолият кўрсатишига бош бўлди.
Ҳайёмнинг расадхонадаги фаолияти натижасида “ Маликшоҳнинг мунажжимлик жадвали” асари юзага келди.Ушбу асарда 100дан ортиқ юлдузларнинг координаталари ва равшанликлари келтирилиб, Эронда қуёш тақвими ислоҳотининг ўтказилгани ёритилганди.Маълумки, қадимги форс тақвими бўйича, янги йил бўлмиш баҳор байрами Наврўз билан бошланган.Аммо йил боши ҳамма вақт ҳам баҳорги тенгкунликка тўғри келавермаган.Бу ҳолат табиийки, ҳисоб китобда, тақвимда ноқулайликларга сабаб бўлган.

Шу ўринда,Хайёмнинг яратган тақвими нақадар аҳамиятли эканини англаш учун масалага чуқурроқ эътибор берсак.
Тарихдан аёнки, мил.ав. 46 йилда Рим тақвими ўрнига Юлий Цезарнинг фармонига кўра, эски тақвимдаги ноаниқликларга чек қўйилади ва янги Юлий тақвими амалга киритилади.Юлий тақвими бўйича йил давомийлиги шамсий йилдан-Ернинг Қуёш атрофида бир марта айланиб чиқиш давридан 11 дақиқаю 14 лаҳзадан зиёдроқ, яъниким сутканинг 128 дан бир улушича қисқа бўлган.Ҳар йили тўпланиб боравериладиган ана шу қусур абаб 128 йилда ортиқча бир сутка вужудга келаиб қоларди.Шу боисдан Хайём яшаётган пайтга келиб баҳорги тенегкунлик 15 мартга тўғри келиб қолганди.Аслида бўлса 9 асрда баҳорги тенгкунлик 21 мартга тўғри келсада, Юлий тақвимидаги мазкур хатолик оқибатида 10 асрда 6 кун олдинга силжиб, 15 мартга сурилиб қолганди.

Наврўз ҳамиша баҳорги тенгкунликка тўғри келиши учун янги тақвим тузишга эҳтиёж сезилди ва бундай мураккаб ҳамда маъсулиятли ишни Умар Хайём уддалади.Ҳайём Исфаҳондаги расадхонада ва Шиопурда кузатишлар олиб бориб, 1074 йилда янги тақвим лойиҳасини ярата бошлади.Унга кўра, кабиса йилларни Юлий тақвимидан бир оз фарқ қиладиган тарзда ишлатиш таклифини илгари сурди. У ўзи яратган тақвимни доно вазир, илмий ишларига раҳнамолик қилаётган Низом- ул-Мулк шарафига “Маликий” деб атади.Ҳайём яратган тақвим бўйича 33 йилда 8 та кабиса йили келарди.Бу тақвимдаги йил узунлиги 365 кун 5 соат 49 дақиқаю 5,5 лаҳзага тўғри келган.Ҳозирги, амалдаги йил ҳисоби эса 365 кун 5 соат 48 дақиқю 46 лаҳза бўлиб, Ҳайём тақвимидаги “хатолик” йилига фақатгина 19,5 лаҳзани ташкил этади.

Хайём яратган тақвим ўзининг аниқлиги билан Григорий тақвимдан анча устун туради.Маълумки, 1582 йил 24 февралда италиян математиги ва врачи Луижи Лилио тузган тақвим Рим папаси Григорий 13 фармони билан амалга жорий этилганди.1918 йил 24 январдаги қабул қилинган декрет бўйичаям , Россия ва Ўрта Осиёда ҳам Гриогриян тақвими ислоҳ қилиниб, ҳаётга тадбиқ қилинганди.Бу тақвим бўйича хатолик йилига 0,000305 суткага, биноабарин 4000 йилда 1,22 суткага ёки 3300 йилда бир суткага етади.Агар 4000 йилда бир сутка чиқариб ташланса, хатолик бор-йўғи 0,22 суткадангина иборат бўлиб, 18200 йилдагина бир суткага етади.Хайём тақвими бўйича эса 4500 йилда бир суткага ёки 5490 йилда 1,22 суткага хато қилинади.Гриогрий тақвими билан таққослаганимизда Ҳайём тақвимида 5400 йилдан бир сутка чиқариб ташланса, хатолик 24980 йилдагина бир суткага етиши мумкин.

Буларнинг бари Умар Хайёмнинг илк ўрта асрларда — 1074-79 йиллардаги илмий асбоблар билан шарқ расадхонасида турганича кузатганлари, олимнинг ақлий даражаси нақадар юксаклигидан далолат бериб турибди.
1079 йил 16 мартдан бошлаб Эрон қабул қилинган ва ҳозирдаям Эрон,Афғонистонда амал қилиб келаётган Ҳайём тақвими баҳорги тенгкунлик Наврўз байрами билан бошланади.Ушбу тақвим ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жадди, далв ва ҳут ойларидан иборатдир.

ҚОМУСИЙ ОЛИМ

065 Умар Хайём нафақат расадхонада ишлаган мунажжим, балки математика ва геометрияга оид асарлар яратган олим ҳам эди.Ал Хоразмий асос солган, ривож топтирган ва ал-жабр дея аталган математика, геометрия фанларининг кейинги ривожи Умар Ҳайём билан боғлиқдир.Ал жабрда асосийси тенлама ва тенгламалар тизимини ечиш масаласи бўлиб, кубга оид тенгламаларни ечиш бўйича баъзи муаммо ва мураккабликлар бор эди.
Дастлаб бу борада антик юнон олими Архимед, 9 асрда эронлик Ал-Моҳоний, 10 асрда хуросонлик ал-Хозин ,11 асрда яшаган ал-Хайсам Архимед масаласини механик усулда ҳал этиб, оптикага оид масалани тўртинчи даражали тенгламага келтиради ва бу тенегламани айлана ҳамда гипербола ёрдамида ечганди.
Кубли тенлама дея аталадиган ечиш масаласини Ҳайём 1069-71 йилларда яратган “Ал жабр ва ал муқобала масалаларининг исботи ҳақида” номли асарида ҳал қилиб беради.ХҲайём алжабрга оид асарида Ал Хоразмийнинг тенгламаларни гуруҳлаш тўғрисидаги ғоясини камайтириб, квадрат ва кубли тенгламаларнинг 24 хил кўринишдаги таснифини беради ва кубли тенгламаларнинг илдизларини конус кесимлари ёрдамида ҳандасавий усулда топади.

Хайёмнинг “Мушкулот ал-ҳисоб” номли яна бир асарида квадратнинг юзи берилса, унинг томонини ва куб ҳажми берилса, унинг қиррасини топиш, яъни квадрат ва куб илдиз чиқариш маълум эканлигини билдириб, бу тушунчани кенгайтириш билан тўртинчи, бешинчи, олтинчи ва ҳоказо сонлардан исталган натурал кўрсаткичли илдиз чиқариш лозимлигини исботлаб беради.

Шунингдек, “Евклид негизлари” даги қийинчиликларга шарҳ” номли 1077 йилда яратилган Хайём асари ҳандаса илми бўйича бўлиб, унда параллел чизиқлар ва нисбатлар назарияси ривожлантирилган.У исботлаган теоремалардан бири кейинчалик “Саккери теормаси” номи билан ноевклид ҳандаса фанига киритлади.Ҳайёмнинг математикага оид илмларни эгаллашида, унга Абул Ҳасан ул-Анбарий устозлик қилган.

Профессор Фитратнинг аниқлашига кўра, Хайёмнинг фалсафа, математика, тиббиёт, жуғрофияга оид , шунингдек Европада Ҳайёмники дея тасниф қилинадиган рубойилар билан бирга жами ўн битта асари мавжуд.
Умар Хайём шунингдек, табиб ҳам бўлиб, салжуқий ҳукмдорлардан Султон Санжар касалланганда уни даволаган.Шу каби Хуросон ҳукмдорлари саройида Хайём нафақат мунажжим, балки табиб сифатида ҳам фаолият кўрсатиб, давлат арбоблари, уларнинг оилаларини даволаб борарди.У табиб сифатида кейинчалик шарқда довруқ қозонган ал-Ҳижозийга устозлик ҳам қилган.Шунингдек, ўз тажрибалари, кузатувлари ва ўқиганлари асосида тиббиётга оид асар ҳам яратган.

Хайёмнинг яна қирраси фалсафа ва тасаввуфга оид ўз қарашларини баён қилиб, “Зубдат ул-ҳақойиқ” номли асар ёзганидадир.
Шу каби Хайёмнинг замондошлари томонидан яратилган “Татиммат ус-савон”, “Нузҳат ул-арвоҳ” асарларидаги маълумотга кўра, Умар луғат, фиқҳ, тарих бўйича ҳам катта маҳорат соҳиби, хотираси кучли шахс бўлган.У Исфаҳонда эканида бир китобни етти марта ўқиб, Нишопурга қайтганида шуни ёддан ёзган, асл нусхага солиштирганларида эса, умуман бир ҳарфдаям фарқ қилмаган экан.

Шу боисдан ҳам ақлий даражаси сабаб Хайём ўз даврида Бухоро,Самарқанд, Нишопур,Исфаҳонда бўлганида, унга барча ҳокимлар илтифот кўрсатиб туришган .Саройда мунажжимлик қилганида шоҳлар овга чиқишу, омадли кунларни ундан сўраб, сўнггина бир ишга қўл уришган.Натижада айтганлари тўғри келганидан Хайём бой-бадавлат яшаган.Давлатшоҳ Самарқандий, Насриддин Тусийларнинг асарларида ёзилишича,Умарнинг ҳаттоки тиш ковлагичи ҳам олтиндан бўлган экан.”Татиммат ус-савон ул-ҳикма” асарида эса Ҳайём тор феълли дея таърифланади.

Хайёмнинг фанга, айниқса астронмия ва математикага қўшган ҳиссаси Англиялик Д.Тасси, Украиналик Ваценко-Захарченко, Россиялик А.П.Юшкевич, Германиялик Б.Розенфельднинг илмий тадқиқотларида юқори баҳоланиб ўзига хос математика мактаби яратганлиги таъкидланади.

Жадидчилик ҳаракатининг асосчиси Исмоилбек Гаспринский 1892 йилда Бағчасаройда нашр этилган «Маданияти Исломия” асарида “ Овруполилардан бир неча юз йил муқаддам,Маликшоҳ Салжуқий подшоҳлиги даврида ислом уламосидан Умар ал-Хайём билан Абдураҳмон ал-Хароний шамсия йилини пухта ва илмий ҳисоблаб чиқиб, “Санайи жалолия” дея ном берган эдилар” дея ёзганди.

Ҳа, ҳаётда ана шу тарзда ўзига хос из қолдириб яшаган қомусий даражадаги аллома Умар Хайём 1125 йилда вафот этиб қабри Нишопур шаҳридадир.Ҳозирда Эрондаги ушбу шаҳарда Ҳайёмнинг хотирасига бағишлаб “Павильон-ротон” дея номланувчи сағана ёдгорлик ўрнатилган.Одатий мақбаралардан фарқ қилувчи мазкур сағана дабдурустдан назар ташлаганда қабр устига тикланган иншоаатга ўхшамайди.Қабр тоши атрофида салобат, виқор билан кўкка бўй чўзган, узун ромб шаклидаги ўнта гулдор, нақшли мармар-бетон устун ярим йўлда бир-бири билан кесишиб, гўё геометрик бурчаклар ҳосил қилиб, учлари гумбазсимон кўринишда туташиб кетган.

ФИТРАТНИНГ ШУБҲАЛАРИ

064   1928 йилда Хайём таваллудига 880 йил тўлиши айни бизнинг ҳудудда мустамлакачиларнинг динга, диндорларга қарши ташвиқот кучайтирилган даврига тўғри келди.Ана шундай мафкуравий босимлар натижасида табиийки, Ҳайём динга қарши курашувчи тимсол эди гўё.Хўш, аслида-чи?

Фитрат жадид зиёлиси ва нафақат шарқ, балки европа илму фанидан хабардор шахс сифатида, буни яхши билар, аммо Хайёмнинг илмий, ижодий фаолиятини тадқиқ қилиш асносида қаҳрамонимизни даҳрий бўлган деб ҳам, диндор сўфий деб ҳам айтолмасди.Бироқ у Хайём ҳаётини ўзидаги бор манбаларни чуқур тадқиқ қилган ҳолда ўрганиб чиқади:

“Хайёмга нисбатан берилғон рубоийларнинг ҳаммасини кўриб чиққан кишилар унинг ҳақида турли қарорлар берадилар.Шароб, май мажлисларини, ичкиликни махтаб бу қадар рубоийлар ёзғанини кўрганлар унинг оддий бир сархуш (пияниста) деб қарор чиқарадилар.
Баъзи одамлар Хайёмнинг сўфийлардан эканига ишониб, унинг шеърларидаги “май”, “базм”, “қадаҳ” каби сўзларни сўфийлик истилоҳлари билан изоҳ қилмоқчи бўладилар.

Хайёмнинг учинчи хил мухлислари борки, уни ўзининг муҳитидан яшаган жамиятнинг ҳар турли таъсирларидан юқори турган бир доҳий деб биладилар.Уни милодий 11 асрдаги Шарқ жамиятларининг кишиси эмас, 20 асрдаги Оврўпа жамиятларининг одами каби қабул қиладилар.Бизнинг фикримизча,Ҳайём ҳақида берилган шу уч турли қимматда ҳам бир турли ифрот-тафрит (ҳаддан ошиш, чегарадан чиқиш) борлиғи аниқдир”.

Шундан сўнг Фитрат Хайёмнинг эътиқоди, маслагини қуйидагича ифодалашга уринади:”Хайём сарой табиби бўлған, замонининг одил ҳайъатшуноси, файласуфи, риёзийси бўлған.Тақвимни энг тўғри ислоҳ қилган, илми ҳайъатға жуда катта нуфуз ва фаолият билан иштирок этган.Ҳукмдорларнинг иш соатларини белгиловчи мунажжим саналған.Бундай бир одамнинг доимий мастлик билан ( пиянисталик билан) машғул бўлуб қолиши ҳақиқатдан, албатта узоқдир.

Хайёмни сўфий гумон қилиб, унинг майни “Худонинг ишқи” деб изоҳ қилиши эса, биринчи фикрдан ҳам узоқроқ, янглишроқдир.Хайёмнинг рубоийлари орасида шундайлари борки, тасаввуф асосларини улар билан келиштиришнинг имкони йўқ.Бундан бошқа Хайём билан, бизга кўра кўбрак таниш бўлған эски ва ишончли манбаълар унинг тасаввуф маслагида бўлмағанини очиқ суратда кўрсатмакдадирлар…

Хайёмни мутасввиф деганлар унинг баъзи бир фикрларининг тасавввуф қарашлариға мос келганидан шубҳага тушганлар.Унинг баъзи нуқталарда сўфийлар билан бирлашгани, бошқа-бошқа уяларга бормоқ учун ҳавода учиб юрган икки қушнинг йўл орасида бирлашиб, яна айрилишларига ўхшайдир.Ҳақиқатда эса,Хайёмнинг бориб тўхтаған нуқта сўфийларнинг бориб тўхтаған нуқталариға бутунлай қаршудир.

Учинчи даъво, яъни Хайёмни ичида яшағани жамиятнинг ҳар турли таъсиридан озод, ўз жамиятидан таъсирланишдан жудаям юқорида турган бир мустасно одам қилиб кўрсатиш ҳам тўғри эмас.Жамиятдан, муҳитдан бир турли таъсирланмаған, мансуб бўлган синфнинг талабларидан бир қисмиға жавоб беришни ўз устига олмаган бир адибнинг, бир адабиётнинг бўлуви мумкин эмас.Бизнинг фикримизча ҳам,Хайём доҳийдир, аммо санъат доҳийсидир”.

Фитрат фикрига қўшимча қилиб шуни айтиш мумкинки, Хайём ҳажга бориб исломнинг бешинчи шартини бажарган эътиқодли исломий шахс, вафотидан олдинроқ Самарқанд ва Бухорога келиб имом Бухорий ва бошқа қадамжоларни зиёрат қилган муслумон бандаси эканини айтмоқ керак.Хўш, унда Ҳайёмга нисбат бериладиган баъзи даҳриёна рубойлар-чи?

Фитрат бу рубойиларга шубҳа билан қарайди :”Рубойида кўбрак шоирнинг тахаллуси кирмай қоладир.Мана шунинг учун Хайём рубойилариға бир кўб ёт рубойилар ҳам қўшилиб қолғон.Унда-бунда Ҳайёмга нисбатан берилғон рубойиларнинг сонини 5 мингтагача чиқариш мумкин.

Шарқда тош босмада босилғон баъзи “Умар Хайём” нусхаларида мингдан ортиқ рубойи бор.Ҳолбуки, буларнинг ҳаммасини Умар Хайём рубойилари деб қабул қилиш мумкин бўлмайди.Мусташриқлар дунёси Умар Ҳайёмнинг асл рубойиларини ёт рубойилардан ажратиш учун турли йўллар билан тиришиб анча мувффақият қозонди.Бугун асл Умар Ҳайём рубойилари 250-300дан ортуқ бўлмаса керак, деган фикрни кўпчилик қабул этмакдадир.Лекин 250-300 саналган бу асл рубойиларни аниқлаб, “мана” деб кўрсатиш йўлида кўрилган чораларнинг ҳеч биртаси қаноатланарлиқ эмасдир” дея ёзганди Фитрат.

Тўғри, 1928-29 йиллардаги вазиятда, яъни шўро ҳукумати томонидан динга, диндорларга қарши кураш кетаётган, худосизлар жамияти ташкил этилган , атеистик журналлар, газеталар чоп этилиб, бундай ғоялар кенг тарғиб қилинган пайтда Фитрат Умар Хайёмни диндор, исломий шахс бўлган, дея баралла ёзолмасди.Аммо унинг юқоридаги тарзда шубҳа билан қараши ҳам ўз даврида катта жасорат эди.

Маълумки, шарқда бир тахаллус билан бир нечта шоир ижод қилган.Масалан, Хуросоннинг Сабзавор, Қум, Кошон, Карбало шаҳарлари ва бошқа жойлик Мулло Навоий Хуросоний, Бобосултон Навоий, Мулло Шамсуддин Муҳаммад Навоий, Мирмуҳаммад Шариф Навоий, Пирзода Навбаҳорий Навоий, Мирзо Муҳаммад Тақий Навоийлар Навоий тахаллуси билан ижод этишгандир.

Ёки Жомий тахаллуси билан 12 асрда яшаган Аҳмади Жомий, Нишопурда яшаган Хўжа Қутбиддин Аҳё Жомий, Ҳиротда истиқомат қилган Мавлоно Муҳаммад Жомий, Ҳиндистонда умргузаронлик қилган Жалолиддин Жомий, 17 асрда Бухорода шуҳрат қозонган Жомий Ҳисорий, Қоратегинлик Камолиддин Жомий Соқий, ҳамда Жомий Соқий, Жомий Лоҳурий, Жомий Ардабилий, Жомий Гилоний ҳамда Абдураҳмон Жомийлар номи тарихдан маълум.
Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ва Фитрат ёзган Ҳайёмнинг саройда мунажжим, астроном, математик, файласуф, табиб бўлган алломанинг, бунинг устига ҳажга борган эътиқодли инсоннинг даҳриёна рубойилар ёзмагани ойдинлашади.Бундай рубойиларни балки Ҳайём тахаллусидаги бошқа бир шахс ( балки шахслардир) ёзгандир, деган тахмин ўртага чиқади.

Ахир Фитрат 1929 йилдаёқ “асл Хайём рубойларига бошқа рубойилари аралашиб қолганини” тахмин қилганди-ку?! Қолаверса, Қутбиддин Маъсуд Шерозий томонидан ёзилган “Туҳфат уш-шомия”,Низомий Арузийнинг “Чаҳор мақола” , Шайх Нажмиддин Розийнинг “Мирсод ул-ибод”,Авфийнинг “Лубоб ул-албоб” асарларида Умар Хайём шоир сифатида эмас, табиб, астроном ва бошқа соҳаларда фаолият кўрсатган олим сифатида таъкидланади.
Низомий Арузий “Чаҳор мақола” асарида “Мен Балхда бир куни Ғуломон кўчасида амир зиёратида улуғ ҳаким Умар Хайём суҳбатига мушарраф бўлгандим, қувноқ суҳбат асносида устод дедилар: “Ўлганимдан кейин мени дарахтлар ва гуллар ўсган жойга кўмишади, навбаҳор кунлари ёқимли шабада мевали дарахтлар гулини, атигулларнинг баргини қабрим устига сепиб туради”. ( яъни унга нисбат бериб айтилган рубоийидагидек,

“Шундай ичайинки, ўлсам ул шароб —
Ҳиди мозоримдан чиқсин бурқираб.
Хумори ўртаса қабрим бошидан
Иси элитсину айласин хароб

каби, ёки:

Мен ўлсам, май бирла ювишни кўзланг,
Йўқловда жом бирла шаробдан сўзланг.
Қиёмат кунида топмоқ бўлсангиз,
Майхона тупроғин тубидан изланг”

каби шаккокона, даҳриёна васият қилмаган,суҳбатига бундай демаган. У.Б). Йигирма тўрт йил ўтгандан кейин мен Нишопурга бориб қолдим.Хайёмнинг вафотини эшитгач, бу буюк инсоннинг хокини зиёрат қилиш ниятида унинг қабрини кўрсатишларини сўрадим.Мени Хайрия қабристонига олиб келдилар, кўз олдимда боғ девори ёнида қийғос гуллаган ўрик ва нок дарахтлари тагида гул япроқларига кўмилган қабр намоён бўлди, гуллар шунчалик кўп эдики, қабр зўрға кўринарди.Мен Балхда айтилган гапларни эсладим ва кўзимдан дув ёш келди.Бу кўҳна дунёнинг сарҳадларини кезиб, унга ўхшаш табаррук инсонни учратмадим”.

Яъни, Хайём билан суҳбатдош бўлган Арузий уни шоир эмас, ҳаким деб билган ва ҳурмат қилган.
Хуллас, замондошлари ва илк ўрта асрларда уни шоир деб билишмаган.

ХОРИЖДАГИ ХАЙЁМШУНОСЛИК

032 1956 йилда Абу Наср Мубашшир Тарозий “Кашфул лисом ар-рубоиёти Умарул Хайём” номли китоб ёзиб, Фитрат каби масалага ёндошади ва Шерозий,Авфий, Арузий,Розий сингари алломаларнинг тазкираларида юқорида ёзганимиздай, Хайёмни шоир эмас деб таъкидлаганини қаътий айтиб, Низомулмулк, Қози Насавий, имом Абу Ҳасан ал-Ғаззолий,Ҳужжатул Ислом имом Абу Ҳомид Ғаззолий каби алломалар Умар Ҳайём билан бир даврда ,бирга муносабатда яшаб фақат яхши гаплар айтганини, агар даҳриёна рубойилар ёзган тақдирда, буни эътиборсиз қолдирмас, раддия берар эдилар , дея ёзади.

Чиндан ҳам Давлатшоҳ Самарқандийдек (1435-1495) шарқдаги турли шоирлар ҳаёти ва ижодига бағишланган “Тазкират-уш-шуаро” асарида 58 та шоир ҳақида маълумотлар келтирилган ҳолда Умар Хайём ҳаким сифатида қайд этиб ўтилади: “ҳаким Умар Хайём ҳам Нишопурлик эди.Кўп фозил, алхусус, нужум илмида замонасининг етук кишиси эди.Подшолар уни кўп азиз ва мукаррам тутардилар.Айтишларича, Султон Санжар уни тахти ёнида бирга олиб ўлтирар экан”.

Ваҳоланки, ушбу тазкирада барча шоирларнинг феъл-атвори , ҳаттоки ичкиликбозликга берилганлари ҳам ёзиб ўтилади.Масалан:Шоҳфур Ибн Муҳаммад Нишопурий ҳақида маълумот бериш асносида, Шоҳфурнинг вазир Нуриддин мунший ёнига бориб туриши келтирилади:”Нуриддин мунший эртадан кечгача ичкиликбозлик билан машғул эрди.Нақл борки,Шоҳфур ҳафтанинг ҳар тўрт кунида унинг саломига борар ва ҳар гал хожа шароб ичиш билан банд бўларди.Шоҳфур ўша аҳвол ҳақида мана бу нафис рубоийини ёзиб хожа Нуриддинга юборди:

Сенда бор фазлу камол, майпарастлик сенда бор,
Сенда бор олимй ҳиммат, феъли пастлик сенда бор
Қолди ул ой чеҳралар кўзида ҳолинг сенинг,
Ки шаробдин гоҳи нур, гоҳи мастлик сенда бор.

Самрқандийнинг ёзишича, “Шоҳфурнинг насаби машҳур ҳаким Умар Хайёмга бориб туташади”.Аммо Самарқандий тазкирасида Хайёмнинг рубоий ёзгани, ёки юқорида келтирилганидек, бошқалар каби унинг феълида ичкиликбозлик бўлганини келтириб ўтмаган. “ Татимат ус-савон ул ҳикма” асари муаллифи Байҳақий Хайёмнинг Имом Ғаззолий,Абу Ҳотам ул-Музаффар ал-Исфизорий, Алоуддавла Фаромад ибни Али ибни Фаромад, Саъид Шараф уз-Замон Муҳаммад ибни ал-Адиб ал-Илоқий сингари замондош файласуфлари билан фалсафа масаласида баҳсу мунозара қилганларини ёзган ҳолда, рубоийилар масаласида лом-мим дейишмайди.

Агарки, Хайём шу пайтгача биз билган шаккокона, даҳриёна рубоийиларни ёзган тақдирда бу ҳолат замондоши Байҳақий ва бошқаларнинг асарларида бу ҳол ёритиб ўтиларди.

Қолаверса, ўрта асрларда, ислом дини равнақ топган, фан ,маданият, адабиёт ва санъат гуллаб яшнаган шарқ муҳитида Хайёмга нисбат берилиб келинган қуйидагича даҳриёна рубоийларнинг ёзилишини тасаввур этиш мушкул:

Масжидга кетгандим бир ниёз учун,
Рост айтсам, ўйлама, ҳеч намоз учун,
Жойнамоз ўғирлаб эдим, эскибди,
Яна аста келдим жойнамоз учун.

Дунёда улуғ сўз-қуръон ўқилур,
У ҳам мудом эмас, аҳён ўқилур.
Пиёла четида бир оят борки,
Ҳар жойда, ҳамиша, ҳамон ўқилур.

Бир қўлда қуръону биттасида жом,
Баъзида ҳалолмиз,баъзида ҳаром.
Феруза гумбазли осмон тагида
На чин мусулмонмиз,на кофир тамом.

Бундай куфрона рубоийларни, исломий подшоҳ саройида мунажжимлик қилувчи, математик, астроном,табиб олимнинг, ҳажга борган эътиқодли инсоннинг ёзишига нафақат бугунги ақл-идрокли инсон,балки Х1 асрда яшаган кишининг ҳам ишониши қийин эди.Агарки,Хайём шундай даҳриёна сатрларни ёзганида подшоҳ саройида эътиборли шахс саналмас, ўрта асрлардаги вазиятга кўра, тош бўрон қилиниб, осиб ўлдирилиши аниқ эди .
Демак, ўз-ўзидан Умар Ҳайём биз билиб келган рубойиларни ёзмагандир, деган Фитратнинг фикрлари тўғри бўлиб чиқади.

Тарозийнинг таъкидлашича, Умар Хайём ҳақида Европада биринчи бўлиб 1700 йилда Оксфорд университети олимлари Томас Гайд, Фон Гомер Бигестел,Меме Ноколаслар ёзиб чиқишган.Ҳатто 1856 йилда Англиялик шоир Эдвард Витз Геральд 70 рубойини таржима қилиб, устози Говлга ёзган бир мактубида “мен бу рубойиларни ўз аслидек таржима қилмадим, баъзи жузъиётларини сақлаб қолган ҳолда, бир-бирига аралаштириб ўзгартирдим” дея ёзганди.Фитрат яна 1883 йилда Фицжеральд деган олим ва шоирнинг Ҳайём рубоийисини инглиз тилига таржима қилганини ёзганди.

Аслида таржима илгарироқ-1859 йилда амалга оширилган , аммо бирданига довруқ қозонолмаганди. Эдвард Фитцжеральднинг ўз маблағи ҳисобига, ношир Э.Лайброри томонидан 1859 йилда нашр этилган китобча дастлаб китоблар дўконида анча вақтгача чанг босиб ётаверди.Шундан сўнг китобчани арзонлаштирилган бўлимга ўтқазишди ва табиийки, китобга шахсий маблағини тиккан шоир ва таржимон Э.Фитцжеральд пулини қоплайолмай касодга учрай бошлади.

Шундай кунларнинг бирида Россепти ва Суннберн деган иккита китобсевар атиги бир пенцига “Рубоиёт” асарини сотиб олишда ва ўқиб чиққач, ўз фикрларини билдириш билдириш учун Жорж Мередит деган танқидчи дўсти олдига боришди.Шарқга хос бўлган рубоийларни ғарбда оммавийлаштириш ва Европа китобхонига маъқул бўладиган томонларни билган Мередит “Рубоиёт”ни завқ-шавққа тўлиб матбуотда мақтаб чиқди.Натижада Англияда танқидчи сифатида довурқ қозонган Мердитга маъқул кўринган асар бутун мамлакат бўйлаб довруқ қозона бошлади.Шундан кейингина Англиянинг ўзида 1860 йилдан 1900 йилгача бўлган қисқа фурсат ичида “Рубоиёт” 25 марта катта катта нусхаларда чоп этилди.

“Бу шеърлар фавқулодда шуҳрат қозонди.Бутун Британияда Хайём рубоийилари кирмаган хонадон қолмади. Инглиз аскарлари ҳар икки жаҳон урушида ҳам уни ўзлари билан олиб юрдилар”, дея тавсиф берганди Артур Жон Арберри.

Англиялик яна бир олим, шарқшунос профессор И.Ж.Браун эса “Бутун Англияда ва Америкада номи тарқалган форс шоирлари орасида Хайёмчалик шуҳрат қозонган ва қадрланган даҳо йўқ.У ҳаммадан баланд мартабани эгаллади.У шоиргина эмас, зўр мунажжим, математик сифатида тақдирпланмоқда.Бунинг ҳаммаси Хайёмнинг Фитцжералд каби шоир таржимонга рўбарў келгавни туфайлидир” деб баҳо берганди.

Колумбия университети профессори Д.Жонсон эса очиқ ойдин ёзган эдики, “Нишопурда тахминан беш олти киши мунажжим ва ҳаким Хайёмнинг нозик кузатишлар билан тузган тақвимини, ҳисобларини билади, унинг донишманд файласуф бўлганлигини ҳам балки эслашар, аммо шоир бўлганини биладиган йўқ.Европада эса уни энг эъзозли сўз усталаридан бири сифатида кўпчилик танийди”.

Шу каби Фитцжералд таржимасига мансуб бўлган “Рубоийёт” ҳақида Ҳ.М.Кодал, Ф.Ҳенри сингари адабиётшунослар ҳам бир қанча мақола, китоблар ёзишди ва буларнинг натижасида ўз даврида мунажжим, табиб, математик сифатида шарқда довруқ қозонган Умар Хайём,19 асрда Англияда ва ғарб дунёсида шоир сифатида пайдо бўлди.
Айнан маишат, ичкиликбозлик авж олган 19 аср сўнгидаги ғарб дунёси, хусусан Англияда Хайём номи билан боғлиқ жамият, клублар очилди ва унда адабиёт билан боғлиқ мавзулардан баҳс билан бирга “Рубоиёт” шаънига мақтовлар, қадаҳлар жаранги остида билдирилар эди:

Майдан бошқасига қисқа он яхши,
Майни ҳам узатса шўх жонон яхши,
Еру кўкдан ортиқ бир пиёла май,
Бўлмоқ маст, қаландар ҳам сарсон яхши.

Май ич мангу ҳаёт, ҳайҳот, мана шу,
Ёшликнинг даврони, эй зот, мана шу,
Гул фаслида маю маст улфат билан
Бир дам ўйна , аста, ҳаёт мана шу!

Бир кўза май келтир, бўлсин безарар,
Ўзинг ич, менга ҳам узат баробар.
Даврон ўз изидан айланиб ,охир-
Тупроғимиз кўза қилур кўзагар.

Май ичсанг, оқилу доно билан ич,
Ёки бир гул юзли зебо билан ич.
Оз-оз ич, гоҳ-гоҳ ич, ҳам яширин ич,
Эзма, расво бўлма, ҳаё билан ич.

Шундай клублардан бири 1892 йилда Лондонда очилиб, унда шоирлар, адабиёт мухлислари ва кимки “Рубоиёт”ни ўқиган кўнгилёзар борки, клубга келиб шундай шоирни кашф қилган таржимон Фитцжералд руҳига мақтов ўқирди.Чунки, бу пайтга келиб шоир ва таржимон вафот этган эди.

Шундай ҳоллар ҳам бўлдики, “Рубоийёт” ва Фитцжералдга эҳтиром юзасидан Эронга махсус бориб, Хайём қабри атрофидан гул олиб келиб Лондондаги таржимон қабрига гуллар қўйиш ҳам юз берди.Хусусан 1891-93 йилларда Эронда бўлган Вильям Симиси Нишопурга бориб, Хайём қабри атрофидаги гулзордан гул узиб, Лондондаги олиб келганди.

Орадан вақт ўтиб, Англиянинг ўзида тадқиқотчи Артур Арберри Бодлеяндаги қўлёзма кейинги асрларда кўчирилганлигини,Хайём яшаган даврдаги ишончли манба эмаслигини, қолаверса таржимон Фитцжералд ҳам меёъридан ортиқ эркинликка йўл қўйиб, аслидан узоқлашган ”Рубоиёт ” яратганлигини аниқлашга киришди.Арберри назарида булар ҳақиқий Хайём эмас, балки инглизча станслар муаллифи эди.Арберри шундан сўнг Фитцжералднинг кейин иккинчи бўлиб, Хайёмга нисбат берилаётган рубоийилар таржимасига қўл уради.
Аммо унинг ўзи ҳам таржимада хатоликларга йўл қўйганини шундай тан олганди: “ Мен таржима пайтида ғоят қийналдим, ҳолбуки бу сўзма-сўз таржима эди.Мен иложи борича оригиналга яқинлашишга, эмоционал жиҳатларга эътибор бермасликка интилдим,мақсадим қизиқувчиларга асар мазмунини, бадиий далилни етказиш эди.Бу ишга жуда билимдон танқидчини ҳам жалб этган эдим.У меним нуқсонларимни кўрсатиб, ишимни енгиллаштирди.Шунга қарамай, мен таржиманинг ўта мукаммаллигига ишонмайман.Хатолар бўлиши табиий.Ҳатто, оддий нарсаларни тушунмаган бўлишим ҳеч гап эмас.Зеро,Хайёмнинг барча маъноларини англаб етиш жуда мушкул”.

… Фитцжеральд таржималарини таҳлил қилган Е.Ҳерон-Аллен тадқиқоти якунида қуйидагича хулосага келади: Фитцжералд шеърларининг 49 таси Хайём ёзган айрим рубоийиларнинг бутун сатрлари ёхуд уларнинг бир қисмининг мазмунини у ёки бу даражада ифодалай олади; 44 таси эса Хайёмдаги икки ёки ундан ортиқ рубоийининг маъносига мувфоиқ келади, бошқача айтганда, таржимон бунда бир неча рубоийи мазмунидан фойдаланиб, битта шеър яратган; Фитцжеральд Хайёмники деб кўрсатган рубоийилар орасида бошқа шоирларга тегишлиси ҳам бор; 3 та инглизча шеърнинг форсий манбаи бўлса, умуман топилмаган”.
Арберри ҳам Фитцжералд таржима жараёнида хатога йўл қўйганини таъкидлаб,”Фитцжералд Хайём ижодига жуда эркин муносабатда бўлади, рубоийиларни қайта ишлаб чиқиб, янги мазмундаги шеърлар яратади” , деганди.
Чунки,Фитцжералд Англияга машҳур шоир ҳам эди.Нобел мукофоти соҳиби Томас Стернс Элиот ёзганидек, “ “Викторианлар Анеглиясининг номи чиққан шоири-гедонист ва скептик Фитцжералд 19 аср инглиз маданиятининг мафкурачиларидан ва маънавий ҳаётининг аҳамиятли сиймоларидан бири эди”.Яъни шарққа нисбатан мустамлакачилик сиёсатини олиб бораётган Англия ҳукуматининг мафкурачиларидан бири айнан Хайём рубойиларини тақдим қилган шоир Фитцжералд эди.

…. Артур Арберри таржимон Фитцжералднинг хатоликларга йўл қўйганидан сўнг ҳам Англия адабий доираларида нега энди Фитцжеральднинг ўзбошимчалиги сўнгги нашрларда ҳам давом этаверганлигини изоҳлашга уринади: “ Бундай ўзбошимчаликни бирорта ҳам европалик шоирга нисбатан қилиш мумкин эмас.Лекин Фитцжералдни кечирдилар, унинг истеъдодини ҳурмат қилдилар.Очиғи, бунга сабаб шуки, Европа шарқ обидаларига мустамлакачилик кайфияти билан қараб келди, яна шу ҳам маълумки, Шарқ адабиёти образлари Ғарбнинг бегона таъбига мувофиқ эмас, деган тасаввур расм эди, бу бемаъни рефлекснинг таъсири катта бўлган”.
Яъниким, 19 асрдаги Англиянинг шарққа нисбатан мустамалакачилик юришлари давом этаётган пайтда шарқни ўрганиш, у ерни истило қилишда адабиёт ҳам гарчи сохталаштирилган бўлсада мафкуравий қурол эди.
Буни оддий қилиб “мана шарқда маишатпарастлик, ичкиликбозлик ривож топган, шоирлар ислом динида бўла туриб шаккокона шеърлар ёзишган” деган ҳам ислом динига, ҳамда шарқни обрўсизлантириш ғояси ётардики, шундай мафкуравий қарашга Фитцжералднинг хато таржимаси қулай бўлиб қолди.

Табиийки, ўз-ўзидан бундай сохта шуҳратга, ўз даврида шоир сифатида эмас, математик, астроном ,табиб, мунажжим бўлган Умар Хайём муносиб кўрилди.Бу ҳолни шўро мустамлакачиларининг Ҳамзадек жадид, ҳажга борган исломий шахсни идеаллаштириб, ўзга бир сохта Ҳамзани “ясаган”лигига ўхшатиш мумкин…
Худди Англиянинг шарққа нисбатан мустамлакачилигининг мафкуравий нишони Хайём, шўро даври мустамлакачилиги учун ҳам қулай образга айланди.Хайём асарлари собиқ иттифоқ миқёсидаги барча халқлар тилларига таржима қилиниб, катта катта нусхаларда нашр этилди.Масалан, биргина “Умар Хайём.Рубоийлар” тўплами 1976 йилда “Ўзбекистон КП Марказий Комитети нашриёти” да 150000 нусхада чоп этилган….
…. Арберридан олдин, худди у каби Хайёмнинг сохта шуҳратидан шубҳаланган рус олими В.А.Жуковский ҳам 1897 йилда мақола ( “Омар Хайём и странствущие четверостищия”, “Музаффария” тўплами ,СПБ, 323-324 стр.) ёзиб, француз олими Ж.Б. Николас томонидан 1867 йилда Парижда нашр этилган ва Хайёмга нисбат берган 464 рубоийининг 82 таси 39 та бошқа шоирнинг девонида учраганини исботлади.Жуковский бундай рубоийиларни “сайёр рубоийилар” дея атаганди.

Шу каби И.Денисон ва А.Кристенсон сингари Даниялик шарқшунослар рубоийиларнинг 108 таси бошқа шоирга мансублигини исботлайдилар.Натижада халқаро кўламда Францияда Николас ва Англияда Фитцжералдлар чоп эттирган Хайём рубоийларида сохталик борлиги катта баҳсга сабаб бўлди.Даниялик илмда инсофли ва ҳақиқатпарвар шарқшунос дея довруқ қозонган А.Кристенсон 1904 йилга келиб тадқиқотларини чуқурлаштирган ҳолда, муаллифи Умар Хайём ҳисобланадиган тўртликларнинг сони 12тадан ошмаслигини эълон қилди.
Шу тарзда бирданига Англия ва Францияда шуҳрат қозонган Хайём шуҳрати сўна бошлади.Унинг сохталаштирилганига эътибор кучайди.Олимлар ўртасида баҳс бошланди.

Баҳсда инглиз олими Денисон Росс ва даниялик эроншунос А.Кристенсон рубоийиларни фарқлашнинг ўзига хос илмий услубини ишлаб чиққан.Улар шарқ адабиётидаги асарлар таркибида “шоирнинг исми ё унга ишорат яширинган бўлади” денан тасаввур билан рубоийиларни ўрганиб, атиги 12 та рубоийидагина шоирнинг исмини ё исм ишоратини учратган.

Ф.Розен бўлса, дастлаб энг эски қўлланмаларда учраган тўртликларни тўплаб, 23 та “асл рубоийи”ни аниқлаган.
Хуллас, ҳатто Европанинг ўзидаям баҳслар давом этаверди.

И.Ж.Браун “Тадқиқотлар натижаси кўрсатаяптики, Умар Хайём кўп рубоийи ёзмаган, бунга имкон ҳам, вақт ҳам топиши гумон эди.У фавқулодда дамларда бу иш билан шуғулланган.Унга нисбат берилган шеърларнинг қандайдир қисмини ёза олган бўлиши мумкин” дея баҳсини давом этдирган бўлса, Николсон “ Вақт ўтиши билан унинг матни ўса борган, атрофига бошқа рубоийилар қўшилаверган.Бу қўшилиш ва аралашиш шу даражада чигалликка олиб келдики, агар Умар тирилганда ҳам ўз шеърларини топишга ожизлик қиларди” дея фикр билдирди.
Х.А.Шеэдер бўлса 1934 йилда чоп этган мақоласида “Хайём аслида ҳеч нарса ёзмаган, уни форс адабиёти тарихидан ўчириш керак” дея баҳсга нуқта қўймоққа уринди.

Чунки, бунга асос йўқ эдида.Негаки, айнан Хайём яшаган даврда унинг ўзи ёки замондоши томонидан яратилган рубоийиларнинг қўлёзмаси топилмаганди.Унга нисбат берилганлари эса бошқа китобларнинг ҳошияларида, девонларнинг ичида учрар,баъзи тазкиралардаги Хайёмники дея кўрсатилаётган асарлар бир-биридан кескин фарқ қиларди.Ҳаттоки, энг кўҳна деб билинган ва Бодлеянда сақланиб Фитцжералд томонидан таржима қилинган 158 рубоийи, Хайём вафотидан 328 йил ўтганидан сўнг кўчирилган қўлёзма эди.

Профессор Нажмиддин Комиловнинг “Тафаккур карвонлари” китобида ёзилишича, “ аммо рубоийиларни қидириш давом этди.Бу ишга Эрон ва Туркия олимлари ҳам анча ҳисса қўшдилар.Истамбулнинг бой кутубхонасидан “рубоиёт”нинг бир неча қўлёзма нусхалаври топилди, улардан бири Бодлеян нусхаси билан тенгдош бўлиб, унда 315 рубоийи бор эди.Немис олими Ф.Розен 1925 йилда 329 та рубоийиси бор бир қўлёзмани эълон қилдирди.Аммо, олимларнинг аксарияти унинг қадимийлигига ишонмадилар.Бу орада таниқли Эрон олими Мирзо Муҳаммад Қазвиний Хайём рубоийиларининг нисбатан анча илгари кўчирилган нусхасини топишга эришади.741 йил ҳижрий санаси (1341 йил) қўйилган бу қўлёзмада ҳаммаси бўлиб 13 та рубойи бор эди, холос.” (Тошкент, “Маънавият”нашриёти,171 бет).

хайям Хорижлик Хайёмшунослар шу тариқа изланиб яна асл Хайёмни қидира бошладилар. Жумладан айнан Эроннинг ўзида 1942 йили Муҳаммад Фуруғий 178 рубоийини қаътиян Хайёмники дея нашр этдиради.Аммо ҳамон асл манба, бевосита Умар Хайёмнинг ўз қўли, ёки унинг замондош хаттотлари кўчирган “Рубоийёт”дан йўқ эди.
1949 йилда эса арабшунос Артур Арберри лондонлик коллекционер Чистер Битте бисотида 1259 йил Муҳаммад Қавом Нишопурий деган котиб томонидан кўчирилган 172 рубоийидан иборат қўлёзмани топиб, уни 1950 йилда нашр қилдирди.Арберрининг нашри асосланган қўлёзмаям Хайём вафотидан 134 йил кейин кўчирилган эди.Ҳа, астроном, математик Умар Хайёмнинг ўз қўли билан, ёки замондош котиби кўчирган асл қўлёзма йўқ.Ваҳоланки, унинг бошқа соҳаларга оид асарлари сақланиб қолган.

Орадан бир оз вақт ўтиб,1956 йилда Абу Наср Мубашшир Тарозий “Кашфул лисом ар-рубоиёти Умарул Хайём” номли китобида, Умар Хайём аслида Умар Хайёмий эканлиги, Хайём деб келинган инсон эса ,Алоуддийн Али ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Халоф ал-Хуросоний номли бошқа бир форсийнинг тахаллуси эканлигини таъкидлайдилар.
Тарозий ҳазратларининг юқоридаги асарини ва унинг фикрларини Эронлик машҳур адабий танқидчи Али Даштий, Саъйид ал-Омудий, Анвар Жундий, Абдуллатийф ал-Жавҳарий сингари олимлар ҳам қўллаб мақолалар ёзишди.
Яъни Эронлик олимлар ҳам биз даҳриёна рубойилар ёзган деб келган Умар Ҳайём аслида табиб, астроном, математик олим бўлганини таъкидлашди.

1978 йилнинг 6 декабрида Қоҳирада нашр этиладиган “Ал-Аҳром” газетаси “Лондондаги Умар Ҳайём рубоёти қўлёзмаси сохта экан “ дея хабарни чоп этди.Унга кўра, “Илмий текширишлар Лондондаги Кембриж дорулфунинида сақланаётган “Умар Ҳайём рубоиёти” дейилган қўлёзмалар сохта эканлигини исботлади.Бу қўлёзмалар милодий 1200-санада ёзилган, деб эълон қилинар эди.У кўп йиллардан бери илмий изланишларга асос ҳисобланарди.Энди эса, фақат юз йил аввал ёзилганлиги маълум бўлди.Кембриж университети бу қўлёзмаларни уларни Эрондан топган марҳум устоз Артур Арбортисдан сотиб олган эди”.

Хуллас, биз май, шаробхўрлик ва маишатпарастлик тўғрисидаги рубоийилар муаллифи деб билганимиз астроном, математик, табиб ва мунажжим Умар Ҳайём, ҳажга борган эътиқодли инсон сифатида даҳриёна ижод қилмаган,унга нисбат берилган беш мингдан ортиқ рубоийларнинг, 1929 йилда Фитрат ёзганидай ,“Умар Ҳайём рубойилари деб қабул қилиш мумкин бўлмайди. Ҳайём сарой табиби бўлған, замонининг одил ҳайъатшуноси, файласуфи, риёзийси бўлған.Тақвимни энг тўғри ислоҳ қилган, илми ҳайъатға жуда катта нуфуз ва фаолият билан иштирок этган.Ҳукмдорларнинг иш соатларини белгиловчи мунажжим саналған.Бундай бир одамнинг доимий мастлик билан ( пиянисталик билан) машғул бўлуб қолиши ҳақиқатдан, албатта узоқдир”.

099 Муаллиф ҳақида

Умид Бекмуҳаммад 1975 йилда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган.1997 йилда Урганч Давлат Университетининг тарих факультетини тугатган.Унинг Ўзбекистон ва хориждаги 55 та газета ва журналларда 600 га яқин мақолалари, “Хоразм тарихидан саҳифалар”,“Навоийнинг армонлари”, “Қатағон қурбонлари-5 китоб”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Гурлан тарихи”, “Амударё”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Хоразмга ошуфта кўнгил”, “Тарихга боғланган тақдирлар” каби 30 дан ортиқ китоби, «Пушкиннинг армонлари» роман-эссеси нашр этилган.

Мақолани кўчириб босишда муаллиф ҳақида маълумот бериш ва «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтидан олингани кўрсатилиши шарт

XDK

(Tashriflar: umumiy 584, bugungi 1)

1 izoh

  1. Улуг Инсон Умар Хайем файласуф,математик ва астроном,хукукшунос ва охирги навбатда шоир. Умар Хайемга бир кимса келиб савол берибди: «Таксир сизни ташкарида шоир деб аташади, шу ростми?» -деб сураганда жавоб айтилар- Бу дунъеда хеч ким узини Шоир деишига хаки йук. Шоир деб инсонни улимидан кейин айтиш мумкин — Агар шерълари халк тилида ва дилида сакланиб колса Бу инсонни Шоир деб атаса булади. 1968 йилда грузиялик ёзувчи Георгий Гулиа Умар Хайемнинг хаетини урганиш учун Эронга, Исфагон шахрига бориб, Умар Хайем музейида 3 ой ишлаб, китобларини урганиб, Умар Хайем хаёти хакида бир киска китоб ёзган эди.
    Ажоиб инсон Буюк Инсон, Олим, Шоир тугрисида ажоиб китоб.
    Ажоиб макола учун ташаккур.

Izoh qoldiring