Usta va Margarita yoxud tilsimlangan mohiyat.

045Таниқли рус адиби таваллуд топган куннинг 125 йиллигига

    Барча халқларнинг қадимги битикларида, барча динларда бир хил сифат билан тарифланадиган ёвузлик ортида тургувчи барҳаёт куч, инсониятнинг ошкора душмани иллатлар ҳомийси. Унинг ҳукмронлигига изн берилган жойда инсониятнинг ҳалокати муқаррар.

Умид Холлиев
УСТА ВА МАРГАРИТА
ЁХУД ТИЛСИМЛАНГАН МОҲИЯТ

02

Умид Холлиев 1973 йилда туғилган. Бухоро давлат университетининг физика-математика факултетини тамомлаган. Қоракўл туманидаги саноат ва транспорт коллежида физика фанидан дарс беради.

02

087«Уста ва Маргарита» – у менда дастлаб имловий ва луғавий хатоси йўқ тушунарсиз муаллифнинг мақсади мавҳум бўлган бир асар сифатида таассурот қолдирганди. Хақиқатда бу асар жудаям мураккаб ва одатий мен ўқиб юрган асарларга мутлақо ўхшамасди. Булгаковнинг бу асар орқали инсониятга етказмоқчи бўлган фикрини мен биринчи ўқишда англай олмаганман. Ўзим университетни физика – математика факультетида ўқисамда адабиёт кафедраси ўқитувчиларига мурожаат қилиб ҳам мени қаноатлантира оладиган жавоб ололмагандим. Китобнинг бошланишида келтирилган К. Симоновнинг муқаддимаси ҳар қандай ўқувчига асарни тўлиқ ҳазм қилиш учун керакли бўладиган қувватни бераолмасди. Асар воқеалари турли – туман ва ранг-баранг эди.
Мен асардаги икки минг йиллар аввал Исо Масиҳ нинг пракуратор Понтий Пилат томонидан қатл қилинишга ҳукм этилган тарихий воқеалар билан Маргаританинг парвози тасвирланган фантастик воқеалар ўртасидаги фалсафий умумийликни топа олмасдим. Аммо адабиётшунослар орасида бу асарнинг шон-шухрати анча юқори эди. Мен ҳатто бу асарнинг моҳиятини тушуниш қийин эканлиги унга сохта шон-шуҳрат келтирган деган шубҳага ҳам борган бўлсамда уни қачонлардир тушуниб етишни ўзимга мақсад қилиб олгандим.

Орадан йиллар ўтиб мен бу мақсад йўлида Гётенинг «Фауст»ини, Кантнинг фалсафий қарашларини ва бошқа жаҳон адабиёти дурдоналари билан танишиб чиқдим. Назаримда Булгаков бу асари орқали инсониятни нимадан огоҳлантириб, нимани башорат қилганини сал-пал англаб етгандек эдим. Мен истардимки кўпчилик севиб мутолаа қиладиган матбуотда эътиқоди, миллати, урф-одати деган чегараларни ёриб ўтиб бутун бошли инсониятга ҳақиқат ва адолат тантанаси учун хизмат қиладиган буюк асарлар ҳақидаги баҳс – мунозаралар ҳам бериб борилса. Бу эзгу иш ҳарҳолда баркамол авлод тарбиясида нотабиий «юлдуз»ларнинг мантиқсиз фикр-мулоҳазаларидан кўра фойдалироқ бўларди.

Энди асосий мақсад «Уста ва Маргаританинг» тилсимланган моҳиятига қайтсак.

Булгаков бу асарни ёзишни бошлаган даврда ер юзасининг катта бир қисмида революцион тўнтариш орқали кўплаб миллат ва элатларни ўз тасарруфига олган янги ижтимоий тузум янги бир давлат барпо қилинганди. Булгаков фуқароси бўлган бу давлат ва унинг ҳукмдорлари ҳеч қандай этиқодга ён бермасдилар. Фуқароларига озодлик, мутлоқ ҳурлик, моддий фаровонлик ва яна олам жаҳон афзалликларни ваъда қилган бу ишчи- деҳқон ҳукумати диний этиқоднинг ашаддий кушандаси бўлиб чиққанди. Бу давлатнинг асосчилари ва давомчилари инсоният маънавиятининг юксак чўққисини худоларсиз забт этиб ҳаёт тарзининг мукаммал шакли деб ҳисоблаганлари коммунизмни қуришни даъво қилардилар. Коммунистлар партиясининг мақсади ўзларига тобе бўлган халқлар онгидан диний этиқодни сиқиб чиқариш ва барча этиқод, барча ишончни ўзларига қаратишдан иборат бўлган. Улар бу йўлни энг мақбул ва мақсад сари тез элтгу восита сифатида танлагандилар. Асар персонажлари мухаррир Бездомний ва ёш шоир Берлиоз ана шу тузумнинг беминнат хизматкорлари эди. Мухаррир ва шоир жамият маънавиятининг гултожлари. Ана шундай башариятга маърифат тарқатиши лозим бўлган мўтабар касб, мўтабар даргоҳ қорни тўқ яшаши учун ҳар қандай тузумга хизмат қилишга тайёр олчоқлар томонидан забт этилганди. Асар воқеалари мухаррир Бездомний ва шоир Берлиознинг ўзларининг зиммаларига юклатилган вазифани сидқидилдан адо қилишга киришган ҳолатларидан бошланади. Уларнинг вазифалари ўз ижодлари аниқроғи ўз фаолиятлари билан жамиятни атеистик рухда тарбиялаш. Мухаррир Бездомний МАССОЛИТ аъзоси ёш шоирга диний этиқодга зарба беришга қаратилган катта достон ёзишга буюртма берган ва бу достон тезда матбуот юзини кўриши керак эди. Достонда Исо пайғамбар шахс сифатида дунёда ҳеч қачон бўлмаганлиги, унга тааллуқли гаплар эса оддий уйдурмаю афсона эканлиги исботланиши лозим эди. Мақсад келажак авлодга атеистик руҳни сингдириш. Булгаковнинг башариятга айтмоқчи бўлган сўзи худди шу нуқтадан бошланади. Этиқоди тақибга олинган халқлар ва этиқоддан айрилган авлодлар билан инсон маънавиятининг юксак чўққисини забт этиш мумкин эдими? Коммунистик тузум ўз фуқаросига ўғрилик ёки фоҳишаликни ўз қонунлари орқали тақиқлаб қўйиши мумкин эдию, аммо ўзининг маъжусий аждодлари бу ишларни гуноҳ эканлигини диний ҳукмлар орқалигина тушуниб етганини англамаган авлодни бу иллатлардан сақлаб қола олмасди.

Булгаков ғарбу шарқ фалсафасининг чуқур билимдони сифатида этиқод йўқотилган жойда иллатлар ҳомийси Шайтони — Лаъин ҳукронлик қилишини ва бундай муҳит, бундай тузум пировардида ҳалокатга маҳкум эканлигини башорат қилган. Булгаковдек даҳога коммунистларнинг диний этиқодни рад этишдек мақсадлари остида ҳукуматни диндорлар билан бўлишмасликдек режа яширингани пайқай олиш ва уни бадиий адабиёт қонун-қоидалари асосида устамонлик билан фош этиш муҳим кашфиёт ҳисобланмасди. Аммо асар шундай бошланганда асар ҳам, Булгаковнинг ижоди ҳам натижаси аниқ бўлган тақиб остига олиниши муқаррар эди. Коммунистик партия ва уни рахнамоларининг шаънига тегиб кетадиган ҳар қандай бадиий қочириқ у ҳатто арзимас бўлса ҳам асло кечирилмасди.

Бу даврга келиб адабиётнинг ҳар қандай тури ҳам партия ташвиқотининг қуролига айланиб бўлганди. Мана шу сабаблар Булгаковга ўз саховатини эркин намоён этишига йўл қўймасди. Аммо у ҳар қандай қўрқоқликдан қаттиқ нафратланган ва этиқодсиз жамият, этиқодсиз давлатни қандай зулмат чулғаб олишини ҳис қилиб турган. Бундай мураккаб вазиятдан у ўз ҳис туйғуларига хиёнат қилмаган ва тарих қурбонига айланмаган ҳолатда чиқиши керак эди. Булгаков асар орқали инсониятга етказмоқчи бўлган фикрни ҳасадгўй ҳамкасблари ҳам ғаразгўй танқидчилар ҳам тушиниб етишини хохламаган ва бу йўлда ўзининг серқирра истедодини, чуқур тафаккурини ишга солган. Натижада асар ошиб ўтиш қийин бўлган илм деворлари, оригинал бадиий услуб ва ғарбу-шарқ фалсафаси билан ҳимояланган ҳолда дунёга келтирилган.

Ижодкорнинг вазифаси аллақандай манфаат ва мақсад қисқа умрли воқеалар билан ҳисоблашиб утирмасдан адолат ва ҳақиқат тантанасига хизмат килиш керак бўлса у аъло даражада уддаланган. Асарда турли-туман гўёки тушунарсиздек кўринадиган тимсол ва персонажлардан фойдаланилган. Бундай тимсол ва персонажларни ёлғон бадиий тўқима ёки фантастика сифатида қабул қилиш мумкиндек аммо улар орқали ифодаланган фикр ва ҳақиқатни ҳеч қандай партия, ҳеч қандай тузум инкор этаолмайди.

Асарнинг бошланишида мифологик персонаж Волландни моддийлашуви ўқувчи учун ажабланарли ҳол бўлсада Булгакавга у фақат худонинг мавжудлиги хақидаги фикрларни унинг номидан баралла айтиш учун керак булган. Муҳаррир Берлиоз Волланднинг худонинг мавжудлиги хақидаги мулоҳазаларни ҳеч бир мантиқий жавоб билан рад этаолмаганидек хар қандай китобхон ҳам бу мулоҳазаларни рад этаолмайди. Бу мулоҳазаларнинг инсон қалбида иймон уйғотиш кучи Инжилдаги ҳеч бир ривоят ёки Куръони-Карим оятларидан кам эмас. Асар воқеалари орқали Булгаков худонинг мавжудлигини исботлайдиган Фома Аквинскийнинг беш фалсафий далилини ва Кантнинг олтинчи далилини эсдан чиқариб бораётган инсониятга ўзининг фалсафий еттинчи далилини рўпара қилади. Волланднинг ўз тили билан айтганда: шайтоннинг борлигига ишонинг! Ягона илтимосим шу. Билингки, буни исботловчи еттинчи далил мавжуд, у энг ишончли далил! Бу далилнинг ишончлилиги шундаки, уни ҳеч ким кўрмаган аммо ҳамма мавжудлигини хис қилиб туради.

034Барча халқларнинг қадимги битикларида, барча динларда бир хил сифат билан тарифланадиган ёвузлик ортида тургувчи барҳаёт куч, инсониятнинг ошкора душмани иллатлар ҳомийси. Унинг ҳукмронлигига изн берилган жойда инсониятнинг ҳалокати муқаррар. Асар вокеаларининг давоми Волланд ва унинг малайлари фаолиятига изн берилган бир муҳитда давом этади. Бундай муҳитда юксак манавиятли инсонлар жамияти коммунизмни қуриш мумкин эдими? Асар бу саволга: аксинча бундай жамиятнинг ҳар бир бўғини иллатлар гирдобига ғарқ бўлади-деган жавобни беради ва буни ўзининг ҳакқоний воқеалари билан исботлайди. Бу воқеаларнинг реаллиги шундаки, асар персонажлариниг хулқ-атворига, уларнинг ижодкор томонидан очиб ташланган ички дунёларига ўхшаш бўлган инсонларга ҳаётда дуч келмасликнинг иложи йўқ. Хеч бир китобхон топилмаса керакки, асарни ўқиб туриб ундаги бирор бир воқеа ёки ҳолатга мос тушадиган ҳодисани бошдан кечирмаган бўлса, Ёки асарда Булгаков томонидан қаттиқ сатира остига олинган иллатлардан азият чекмаган бўлса.

Асар муқаддимасида келтирилган К.Симоновнинг: «Булгаковнинг сахий истеъдодида эҳтимол ёзувчининг бутун адабий фаолияти давомидадир, уч турдаги иқтидор — сатирик иқтидор, фантаст иқтидори ва ўта аниқ психологик таҳлилга суянган реалистик иқтидори қўшничилик қилиб бир-биридан устунликка эришиш учун баҳслашиб келган десак хато бўлмайди»-деган фикри асар услубига берилган жуда оқилона жавоб десак янглишмаган бўламиз. Асарда инсоният ҳанузгача қутула олмай келаётган мешчанлик, мунофиқлик, порахўрлик ва қўрқоқлик каби иллатлар Булгаков томонидан аниқ ва бетакрор ҳажв йўли билан фош этилади. Йигирманчи асрнинг 40-йилларида Москвада ва икки минг йиллар аввал Ершалаимда яшаган инсонлар ҳаётини асар этиқодга бўлган эътиборсизлик ва иллатларга бўлган мойиллик каби умумийлик билан бириктиради. Булгаков «Уста ва Маргаритада» инсониятнинг ҳеч қандай ҳокимиятга эҳтиёжи қолмай, ҳакиқат ва адолат салтанатида яшай бошлашини башорат қилган Исо Масих ва унга тарафдор булиб қола олган Устагача бўлган улкан даврда яшаган инсонлар хатоларининг кенг қамровли манзарасини чизган бўлсада ҳукм чиқаришни китобхонни ўзига қолдириб келаверган эди. Асарда бир-бирига қарама-қарши, қарама-қарши бўлганда ҳам жуда теран чуқур мулоҳазали қарама-қаршиликлар мавжудки, ҳатто Уста ва Маргаританинг мухаббати соф мухаббатми ёки инсоннинг эҳтирослар олдидаги ожизлигими қаътий ҳукм чиқариш мушкул.

Уста ва Маргаританинг мухаббати бир жиҳати билан Гётенинг «Фауст»идаги доктор Фауст ва Маргаританинг ишқ мажорасини эслатса, иккинчи жиҳатидан бу манзара Насроний ва Ислом динида хиёнат ва зино деб қаътий ҳукм чиқарилган ҳолатни эслатади. Афтидан Булгаков эҳтирослар уммонига ғарқ бўлишни шайтон измига бўйсунилган чин муҳаббатдан ташқаридаги нарса деб ҳисоблаган.

Асарда Маргарита ва бошқа аёллар билан боғлиқ бўлган воқеалар шундай ифодаланганки, уларнинг майллари Аристотелнинг: «Аёлларда эҳтиросли ибтидо доимо ақлдан устун туради»-деган фикрини гўёки қўллаб-қувватлаб тургандек. Узида инсоний ожизлик ва тутриқсизликлар ҳақидаги дунёқарашларни мужассам этган бу асар хулласи калом МАССОЛИТ ва унинг аъзоларининг ҳалокати билан тугайди. Мана асар илк бора нашр қилинганига ҳам 70-йил бўлибди. Орадан шунча вақт ўтиб инсоният Булгаков огоҳлантирган хатарни пайкай олдими, у фош қилган иллатлардан қутила олдими? Келинг бу саволга жавобни асарнинг ўзидан излаймиз:

— Сенинг ҳузурингга келдим, ёвузлик султони, арвоҳлар ҳукмдори,- деб жавоб қилди девордан чиқкан одам Воландга қовоқ остидан ҳўмрайиб қараркан.
— Баски, ҳузуримга келган экансан, нечун менга салом бермадинг, эй собиқ ўлпон йиғувчи-деди Воланд қаҳр билан.
— Негаки мен сенинг саломат бўлишингни истамайман,- деб жавоб қилди келган одам густоҳлик билан.
— Лекин менинг бархаётлигимга кўникишингга тўғри келади,-деб эътироз билдирди Воланд ва оғзини қийшайтириб истехзо қилди,-сен бу томда пайдо бўлган заҳотинг беъмани иш қилдинг, бу беъманилигинг гапириш оҳангингда. Сен сўзларни шундай талаффуз қилдингки, гўё арвоҳларни, шунингдек, ёвузликни хам эътироф этмайман демоқчи бўлдинг. Сен бир илтифот қилиб, мана шу савол устида бош қотириб кўрсанг: агар ёвузлик бўлмаса , сен хомийси булган ўша эзгулик нима билан шуғулланган бўларди, агар жамики кўланкалар ғойиб бўлса, ер юзи қандай қиёфа касб этган бўлур эди? Ахир буюмлар ва одамзот бор эканки, кўланкалар мавжуд. Мана шамширимнинг кўланкаси. Лекин дов-дарахтнинг ҳам, барча жонзодларнинг ҳам кўланкаси бўлади. Ё сен ўзингнинг ёлғиз зиё билан завқланаман деган хомхаёлинг туфайли ер юзини қиртишлаб, барча дов-дарахтни, бутун жонзодларни йўқ қилмоқчимисан? Сен тентаксан.

Михаил Булгаков. Уста ва Маргарита. Роман

089

Umid Xolliev
USTA VA MARGARITA
YOXUD TILSIMLANGAN MOHIYAT

02

Umid Xolliev 1973 yilda tug’ilgan. Buxoro davlat universitetining fizika-matematika fakultetini tamomlagan. Qorako’l tumanidagi sanoat va transport kollejida fizika fanidan dars beradi.

02

087«Usta va Margarita» – u menda dastlab imloviy va lug’aviy xatosi yo’q tushunarsiz muallifning maqsadi mavhum bo’lgan bir asar sifatida taassurot qoldirgandi. Xaqiqatda bu asar judayam murakkab va odatiy men o’qib yurgan asarlarga mutlaqo o’xshamasdi. Bulgakovning bu asar orqali insoniyatga yetkazmoqchi bo’lgan fikrini men birinchi o’qishda anglay olmaganman. O’zim universitetni fizika – matematika fakul`tetida o’qisamda adabiyot kafedrasi o’qituvchilariga murojaat qilib ham meni qanoatlantira oladigan javob ololmagandim. Kitobning boshlanishida keltirilgan K. Simonovning muqaddimasi har qanday o’quvchiga asarni to’liq hazm qilish uchun kerakli bo’ladigan quvvatni beraolmasdi. Asar voqealari turli – tuman va rang-barang edi.
Men asardagi ikki ming yillar avval Iso Masih ning prakurator Pontiy Pilat tomonidan qatl qilinishga hukm etilgan tarixiy voqealar bilan Margaritaning parvozi tasvirlangan fantastik voqealar o’rtasidagi falsafiy umumiylikni topa olmasdim. Ammo adabiyotshunoslar orasida bu asarning shon-shuxrati ancha yuqori edi. Men hatto bu asarning mohiyatini tushunish qiyin ekanligi unga soxta shon-shuhrat keltirgan degan shubhaga ham borgan bo’lsamda uni qachonlardir tushunib yetishni o’zimga maqsad qilib olgandim.

Oradan yillar o’tib men bu maqsad yo’lida Gyotening «Faust»ini, Kantning falsafiy qarashlarini va boshqa jahon adabiyoti durdonalari bilan tanishib chiqdim. Nazarimda Bulgakov bu asari orqali insoniyatni nimadan ogohlantirib, nimani bashorat qilganini sal-pal anglab yetgandek edim. Men istardimki ko’pchilik sevib mutolaa qiladigan matbuotda e’tiqodi, millati, urf-odati degan chegaralarni yorib o’tib butun boshli insoniyatga haqiqat va adolat tantanasi uchun xizmat qiladigan buyuk asarlar haqidagi bahs – munozaralar ham berib borilsa. Bu ezgu ish harholda barkamol avlod tarbiyasida notabiiy «yulduz»larning mantiqsiz fikr-mulohazalaridan ko’ra foydaliroq bo’lardi.

Endi asosiy maqsad «Usta va Margaritaning» tilsimlangan mohiyatiga qaytsak.

Bulgakov bu asarni yozishni boshlagan davrda yer yuzasining katta bir qismida revolyutsion to’ntarish orqali ko’plab millat va elatlarni o’z tasarrufiga olgan yangi ijtimoiy tuzum yangi bir davlat barpo qilingandi. Bulgakov fuqarosi bo’lgan bu davlat va uning hukmdorlari hech qanday etiqodga yon bermasdilar. Fuqarolariga ozodlik, mutloq hurlik, moddiy farovonlik va yana olam jahon afzalliklarni va’da qilgan bu ishchi- dehqon hukumati diniy etiqodning ashaddiy kushandasi bo’lib chiqqandi. Bu davlatning asoschilari va davomchilari insoniyat ma’naviyatining yuksak cho’qqisini xudolarsiz zabt etib hayot tarzining mukammal shakli deb hisoblaganlari kommunizmni qurishni da’vo qilardilar. Kommunistlar partiyasining maqsadi o’zlariga tobe bo’lgan xalqlar ongidan diniy etiqodni siqib chiqarish va barcha etiqod, barcha ishonchni o’zlariga qaratishdan iborat bo’lgan. Ular bu yo’lni eng maqbul va maqsad sari tez eltgu vosita sifatida tanlagandilar. Asar personajlari muxarrir Bezdomniy va yosh shoir Berlioz ana shu tuzumning beminnat xizmatkorlari edi. Muxarrir va shoir jamiyat ma’naviyatining gultojlari. Ana shunday bashariyatga ma’rifat tarqatishi lozim bo’lgan mo’tabar kasb, mo’tabar dargoh qorni to’q yashashi uchun har qanday tuzumga xizmat qilishga tayyor olchoqlar tomonidan zabt etilgandi. Asar voqealari muxarrir Bezdomniy va shoir Berliozning o’zlarining zimmalariga yuklatilgan vazifani sidqidildan ado qilishga kirishgan holatlaridan boshlanadi. Ularning vazifalari o’z ijodlari aniqrog’i o’z faoliyatlari bilan jamiyatni ateistik ruxda tarbiyalash. Muxarrir Bezdomniy MASSOLIT a’zosi yosh shoirga diniy
etiqodga zarba berishga qaratilgan katta doston yozishga buyurtma bergan va bu doston tezda matbuot yuzini ko’rishi kerak edi. Dostonda Iso payg’ambar shaxs sifatida dunyoda hech qachon bo’lmaganligi, unga taalluqli gaplar esa oddiy uydurmayu afsona ekanligi isbotlanishi lozim edi. Maqsad kelajak avlodga ateistik ruhni singdirish. Bulgakovning bashariyatga aytmoqchi bo’lgan so’zi xuddi shu nuqtadan boshlanadi. Etiqodi taqibga olingan xalqlar va etiqoddan ayrilgan avlodlar bilan inson ma’naviyatining yuksak cho’qqisini zabt etish mumkin edimi? Kommunistik tuzum o’z fuqarosiga o’g’rilik yoki fohishalikni o’z qonunlari orqali taqiqlab qo’yishi mumkin ediyu, ammo o’zining ma’jusiy ajdodlari bu ishlarni gunoh ekanligini diniy hukmlar orqaligina tushunib yetganini anglamagan avlodni bu illatlardan saqlab qola olmasdi.

Bulgakov g’arbu sharq falsafasining chuqur bilimdoni sifatida etiqod yo’qotilgan joyda illatlar homiysi Shaytoni — La’in hukronlik qilishini va bunday muhit, bunday tuzum pirovardida halokatga mahkum ekanligini bashorat qilgan. Bulgakovdek dahoga kommunistlarning diniy etiqodni rad etishdek maqsadlari ostida hukumatni dindorlar bilan bo’lishmaslikdek reja yashiringani payqay olish va uni badiiy adabiyot qonun-qoidalari asosida ustamonlik bilan fosh etish muhim kashfiyot hisoblanmasdi. Ammo asar shunday boshlanganda asar ham, Bulgakovning ijodi ham natijasi aniq bo’lgan taqib ostiga olinishi muqarrar edi. Kommunistik partiya va uni raxnamolarining sha’niga tegib ketadigan har qanday badiiy qochiriq u hatto arzimas bo’lsa ham aslo kechirilmasdi.

Bu davrga kelib adabiyotning har qanday turi ham partiya tashviqotining quroliga aylanib bo’lgandi. Mana shu sabablar Bulgakovga o’z saxovatini erkin namoyon etishiga yo’l qo’ymasdi. Ammo u har qanday qo’rqoqlikdan qattiq nafratlangan va etiqodsiz jamiyat, etiqodsiz davlatni qanday zulmat chulg’ab olishini his qilib turgan. Bunday murakkab vaziyatdan u o’z his tuyg’ulariga xiyonat qilmagan va tarix qurboniga aylanmagan holatda chiqishi kerak edi. Bulgakov asar orqali insoniyatga yetkazmoqchi bo’lgan fikrni hasadgo’y hamkasblari ham g’arazgo’y tanqidchilar ham tushinib yetishini xoxlamagan va bu yo’lda o’zining serqirra istedodini, chuqur tafakkurini ishga solgan. Natijada asar oshib o’tish qiyin bo’lgan ilm devorlari, original badiiy uslub va g’arbu-sharq falsafasi bilan himoyalangan holda dunyoga keltirilgan.

Ijodkorning vazifasi allaqanday manfaat va maqsad qisqa umrli voqealar bilan hisoblashib utirmasdan adolat va haqiqat tantanasiga xizmat kilish kerak bo’lsa u a’lo darajada uddalangan. Asarda turli-tuman go’yoki tushunarsizdek ko’rinadigan timsol va personajlardan foydalanilgan. Bunday timsol va personajlarni yolg’on badiiy to’qima yoki fantastika sifatida qabul qilish mumkindek ammo ular orqali ifodalangan fikr va haqiqatni hech qanday partiya, hech qanday tuzum inkor etaolmaydi.

Asarning boshlanishida mifologik personaj Vollandni moddiylashuvi o’quvchi uchun ajablanarli hol bo’lsada Bulgakavga u faqat xudoning mavjudligi xaqidagi fikrlarni uning nomidan baralla aytish uchun kerak bulgan. Muharrir Berlioz Vollandning xudoning mavjudligi xaqidagi mulohazalarni hech bir mantiqiy javob bilan rad etaolmaganidek xar qanday kitobxon ham bu mulohazalarni rad etaolmaydi. Bu mulohazalarning inson qalbida iymon uyg’otish kuchi Injildagi hech bir rivoyat yoki Kur’oni-Karim oyatlaridan kam emas. Asar voqealari orqali Bulgakov xudoning mavjudligini isbotlaydigan Foma Akvinskiyning besh falsafiy dalilini va Kantning oltinchi dalilini esdan chiqarib borayotgan insoniyatga o’zining falsafiy yettinchi dalilini ro’para qiladi. Vollandning o’z tili bilan aytganda: shaytonning borligiga ishoning! Yagona iltimosim shu. Bilingki, buni isbotlovchi yettinchi dalil mavjud, u eng ishonchli dalil! Bu dalilning ishonchliligi shundaki, uni hech kim ko’rmagan ammo hamma mavjudligini xis qilib turadi.

034Barcha xalqlarning qadimgi bitiklarida, barcha dinlarda bir xil sifat bilan tariflanadigan yovuzlik ortida turguvchi barhayot kuch, insoniyatning oshkora dushmani illatlar homiysi. Uning hukmronligiga izn berilgan joyda insoniyatning halokati muqarrar. Asar vokealarining davomi Volland va uning malaylari faoliyatiga izn berilgan bir muhitda davom etadi. Bunday muhitda yuksak manaviyatli insonlar jamiyati kommunizmni qurish mumkin edimi? Asar bu savolga: aksincha bunday jamiyatning har bir bo’g’ini illatlar girdobiga g’arq bo’ladi-degan javobni beradi va buni o’zining hakqoniy voqealari bilan isbotlaydi. Bu voqealarning realligi shundaki, asar personajlarinig xulq-atvoriga, ularning ijodkor tomonidan ochib tashlangan ichki dunyolariga o’xshash bo’lgan insonlarga hayotda duch kelmaslikning iloji yo’q. Xech bir kitobxon topilmasa kerakki, asarni o’qib turib undagi biror bir voqea yoki holatga mos tushadigan hodisani boshdan kechirmagan bo’lsa, Yoki asarda Bulgakov tomonidan qattiq satira ostiga olingan illatlardan aziyat chekmagan bo’lsa.

Asar muqaddimasida keltirilgan K.Simonovning: «Bulgakovning saxiy iste’dodida ehtimol yozuvchining butun adabiy faoliyati davomidadir, uch turdagi iqtidor — satirik iqtidor, fantast iqtidori va o’ta aniq psixologik tahlilga suyangan realistik iqtidori qo’shnichilik qilib bir-biridan ustunlikka erishish uchun bahslashib kelgan desak xato bo’lmaydi»-degan fikri asar uslubiga berilgan juda oqilona javob desak yanglishmagan bo’lamiz. Asarda insoniyat hanuzgacha qutula olmay kelayotgan meshchanlik, munofiqlik, poraxo’rlik va qo’rqoqlik kabi illatlar Bulgakov tomonidan aniq va betakror hajv yo’li bilan fosh etiladi. Yigirmanchi asrning 40-yillarida Moskvada va ikki ming yillar avval Yershalaimda yashagan insonlar hayotini asar etiqodga bo’lgan e’tiborsizlik va illatlarga bo’lgan moyillik kabi umumiylik bilan biriktiradi. Bulgakov «Usta va Margaritada» insoniyatning hech qanday hokimiyatga ehtiyoji qolmay, hakiqat va adolat saltanatida yashay boshlashini bashorat qilgan Iso Masix va unga tarafdor bulib qola olgan Ustagacha bo’lgan ulkan davrda yashagan insonlar xatolarining keng qamrovli manzarasini chizgan bo’lsada hukm chiqarishni kitobxonni o’ziga qoldirib kelavergan edi. Asarda bir-biriga qarama-qarshi, qarama-qarshi bo’lganda ham juda teran chuqur mulohazali qarama-qarshiliklar mavjudki, hatto Usta va Margaritaning muxabbati sof muxabbatmi yoki insonning ehtiroslar oldidagi ojizligimi qa’tiy hukm chiqarish mushkul.

Usta va Margaritaning muxabbati bir jihati bilan Gyotening «Faust»idagi doktor Faust va Margaritaning ishq majorasini eslatsa, ikkinchi jihatidan bu manzara Nasroniy va Islom dinida xiyonat va zino deb qa’tiy hukm chiqarilgan holatni eslatadi. Aftidan Bulgakov ehtiroslar ummoniga g’arq bo’lishni shayton izmiga bo’ysunilgan chin muhabbatdan tashqaridagi narsa deb hisoblagan.

Asarda Margarita va boshqa ayollar bilan bog’liq bo’lgan voqealar shunday ifodalanganki, ularning mayllari Aristotelning: «Ayollarda ehtirosli ibtido doimo aqldan ustun turadi»-degan fikrini go’yoki qo’llab-quvvatlab turgandek. Uzida insoniy ojizlik va tutriqsizliklar haqidagi dunyoqarashlarni mujassam etgan bu asar xullasi kalom MASSOLIT va uning a’zolarining halokati bilan tugaydi. Mana asar ilk bora nashr qilinganiga ham 70-yil bo’libdi. Oradan shuncha vaqt o’tib insoniyat Bulgakov ogohlantirgan xatarni paykay oldimi, u fosh qilgan illatlardan qutila oldimi? Keling bu savolga javobni asarning o’zidan izlaymiz:

— Sening huzuringga keldim, yovuzlik sultoni, arvohlar hukmdori,- deb javob qildi devordan chiqkan odam Volandga qovoq ostidan ho’mrayib qararkan.
— Baski, huzurimga kelgan ekansan, nechun menga salom bermading, ey sobiq o’lpon yig’uvchi-dedi Voland qahr bilan.
— Negaki men sening salomat bo’lishingni istamayman,- deb javob qildi kelgan odam gustohlik bilan.
— Lekin mening barxayotligimga ko’nikishingga to’g’ri keladi,-deb e’tiroz bildirdi Voland va og’zini qiyshaytirib istexzo qildi,-sen bu tomda paydo bo’lgan zahoting be’mani ish qilding, bu be’maniliging gapirish ohangingda. Sen so’zlarni shunday talaffuz qildingki, go’yo arvohlarni, shuningdek, yovuzlikni xam e’tirof etmayman demoqchi bo’lding. Sen bir iltifot qilib, mana shu savol ustida bosh qotirib ko’rsang: agar yovuzlik bo’lmasa , sen xomiysi bulgan o’sha ezgulik nima bilan shug’ullangan bo’lardi, agar jamiki ko’lankalar g’oyib bo’lsa, yer yuzi qanday qiyofa kasb etgan bo’lur edi? Axir buyumlar va odamzot bor ekanki, ko’lankalar mavjud. Mana shamshirimning ko’lankasi. Lekin dov-daraxtning ham, barcha jonzodlarning ham ko’lankasi bo’ladi. YO sen o’zingning yolg’iz ziyo bilan zavqlanaman degan xomxayoling tufayli yer yuzini qirtishlab, barcha dov-daraxtni, butun jonzodlarni yo’q qilmoqchimisan? Sen tentaksan.

Mixail Bulgakov. Usta va Margarita.Roman. Lotin

09

(Tashriflar: umumiy 2 663, bugungi 1)

Izoh qoldiring