Van Yanmin. Hikmatlar

Ashampoo_Snap_2017.02.04_00h24m42s_001_.png    Яхши одамларга қутқу солишга қурби етадиган битта ҳам ёвуз куч йўқдир. Энг қўрқинчлиси — қалбнинг маккорлик иллатига мубтало бўлиши. Ана шунинг ўзиёқ инсонга қутқу солади. Агар инсон аёл гўзаллигига ўч бўлса, ишқивозлик васвасасини пайдо қилувчи кучлар, агар бойликка ружу қўйса, манфаатпарастлик ва таъмагирлик васвасасини уйғотувчи кучлар, агар у бўлар-бўлмасга ғазабланаверса, дарғазаблик васвасасини ҳосил қилгувчи кучлар, агар арзимаган нарсадан ҳам қўрқувга тушаверса, қўрқоқлик васвасасининг уйғотувчи кучлар таъсири остида бўлади.

Ван Янмин
ҲИКМАТЛАР
011

1480592143906_0.jpg Хитойлик файласуф, сиёсатдон ва ҳарб илми билимдони Ван Шоужен (лақаби Боань, одамлар уни Ван Янмин деб аташган) Юйяо музофотида туғилиб ўсди. Унинг отаси Ван Хуа зиёли оиладан бўлиб, хизмат поғоналаридан тез юқорилаб борган. Ван Шоужен тўрт ёшигача гапиролмаган. Бир будда роҳиби болакайни кўриб: «Яхши бола экан. Фақат, афсуски, унинг тақдири зоҳирида шундоққина аён бўлиб турибди», — дейди. Роҳиб афтидан файласуф Лао-цзининг: «Билгувчи гапирмайди», — деган машҳур нақлига ишора қилганди. Бу сўзни эшитган бобоси боланинг исмини Шоужен (инсонпарварлик ҳимоячиси) деб ўзгартиради. Ажабки, шундан сўнг Шоужен гапира бошлайди.

Шоужен ўн ёшидан бошлаб шеърлар ёзган. Бу шеърлар фақатгина адабий нуқтаи назардан эмас, балки фалсафий мазмуни билан ҳам диққатни жалб этарди. Шоужен 12 ёшида онасидан етим қолади. 16 ёшида уйланади. 1489 йилда Ван Шоужен файласуф Чуж Си издоши Лоу Лян (1422-1491) билан танишади ва ундан таҳсил олади. 1493-1499 йиллар орасида Ван Шоужен даоцизм, буддавийлик ва Конфуцийнинг мумтоз фалсафасини қунт билан ўрганади. Айни пайтда бадиий ижод ва ҳарб илми сирларини ўрганишга ҳам вақт ажратади.

1499 йилда Ван Шоужен цзин ши даражаси учун имтиҳон топшириб, император саройи мансабдорлари орасидан ўрин олади. Хизмат вазифаларининг кетма-кет ўзгариши туфайли мамлакат бўйлаб тинимсиз кезишлар ёш Шоуженнинг саломатлигига салбий таъсир ўтказади. 1502 йилда у императорнинг рухсати билан даволаниш учун туғилган гўшасига қайтиб келади. У Чжэцзян музофоти ҳудудида жойлашган тоғ бағрига — Янмин ғори яқинига бошпана қуриб яшай бошлайди. Шу боис уни Янмин-цзи деб атай бошлайдилар (яъни, файласуф Янмин). «Янмин» сўзи «қуёш нури» деган маънони англатади. Шунингдек, инсон жисмидаги муҳим қувват ришталаридан бири ҳам ана шу ном билан аталади.

1504 йилда Ван Янмин Пекинга қайтади ва Шандун музофотига ҳоким қилиб тайинланади. 1505 йилда Хитой тахтига 15 ёшли Хоучжао ўтиргач, бир гуруҳ сарой аъёнлари қатори Ван Янмин ҳам қувғинга учрайди. Қувғин йиллари файласуф учун жуда катта ҳаётий мактаб вазифасини ўтайди. У руҳан камолга етиб, дунёвий илмларнинг ўткир билимдонига айланади. Файласуф айни шу кезларда «билим ва ҳаракатнинг бирлиги» ҳақидаги ғоят муҳим тамойилни ишлаб чиқади.
1509 йилда Ван Янмин қувғиндан қайтади ва Гуйчжоу музофотининг пойтахти Гуйянда фалсафадан дарс бера бошлайди.Буюк файласуф 1529 йилнинг 9 январида бетобликдан вафот этади.

011

* * *

Билим ҳаракатдадир.

* * *

Табиий билим нима? У ҳақиқат ва ёлғонни ажратувчи, ўйламасдан, ўрганмасдан билгувчи қалбдир.

* * *

Қалб — табиат, табиат эса қоида.

* * *

Ҳақиқий қувонч доноликда камолга етган зотлар ва оддий одамларга хосдир. Бироқ бу неъматга эга бўлган оддий одамларнинг ўзлари бундан бехабар бўладилар.

* * *

Билим — ҳаракатни бошқарувчи асосий фикр. Ҳаракат эса илмнинг амалий манбаи. Билим — ҳаракат ибтидоси, ҳаракат — билим интиҳосидир.

* * *

Билим ҳаракатдадир. Бунинг исботини қуйидаги ҳолатлар занжири орқали кўриш мумкин.

Таомнинг таъми яхши ёки ёмонлигини билиш учун уни оғизга солиб, чайнаб кўрмоқ зарур. Таомдан татиб кўрмай туриб, унга баҳо бериб бўладими? Йўлнинг равон ёки норавонлигини аниқлаш учун ўша йўлни босиб ўтишингиз керак. Йўлни бориб кўрмасдан унинг қандайлигини айтиш мумкинми? Камондан ўқ отиш учун найзани жойлаб, ёйни таранг тортиш ва нишонга олиб, қўйиб юбориш талаб этилади. Китоб ўқиб илм олмоқ учун эса қўлга қалам тутиб, ёзмоқ жоиз. Оламда ҳеч бир илм йўқки, у ҳаракатсиз ўрганилса. Шу боис илмга ва олий қоидаларга ҳаракатсиз етишиб бўлмайди.

* * *

Фикр ва сўз амалиётга йўналтирилганда уларнинг ҳар иккиси ҳам моддиятга — нарсага айланади.

* * *

Буюмлар, воқеалар, қоидалар, адолат ва эзгулик дилдан ташқарида қололмайди.

* * *

Бир куни Ван Янмин шаҳар кўчаларида айланиб юрганда дўстларидан бири қояларда барқ урган гулларга ишора қилиб, ундан сўради:

— Оламда ҳеч нарса дилдан ташқарида мавжуд бўлолмайди, дейсан. Аммо мана бу қоя бағридаги гуллар ўзидан ўзи ўсади ва қурийди. Қани айт-чи, бу гул билан менинг қалбим ўртасида қандай боғлиқлик бўлиши мумкин?

Ван Янмин дўстига шундай жавоб қайтарди:

— Гулларга қарамасингдан аввал улар ҳам, сенинг қалбинг ҳам осойишта эди. Гулларга кўзинг тушган они эса сен уларнинг рангини қалбинг ила англадинг. Шундан кўриниб турибдики, гуллар сенинг қалбингдан ташқарида қололмайди.

* * *

Нарсаларнинг моҳиятини англаш қалбдаги, фикрдаги ва илмдаги нарсаларнинг моҳиятини англаш демакдир.

* * *

Шогирдларидан бири Ван Янминдан сўради:

— Баъзи одамлар тунда руҳлар, шайтон ва ажинадан қўрқишади. Шундай пайтларда нима қилиш керак?

Ван Янмин деди:

— Кундуз куни адолат захирасини яратолмаган одамнинг қалбида қониқмаслик ҳисси пайдо бўлади. Бу туйғу ўз навбатида қўрқувни етаклаб келади. Кундалик амаллар ақл чироғи билан ёритилар экан, ҳеч қандай қўрқувга ўрин қолмайди.

Шунда шогирдларидан яна бири савол берди:

— Безарар инс-жинслардан қўрқмаса ҳам бўлади. Аммо маккорлари ким яхши, ким ёмонлигини ажратиб ўтирмайди. Шу боис одамлар қўрқувдан қутулолмайдилар.

Файласуф бу саволга шундай жавоб қайтарди:

— Яхши одамларга қутқу солишга қурби етадиган битта ҳам ёвуз куч йўқдир. Энг қўрқинчлиси — қалбнинг маккорлик иллатига мубтало бўлиши. Ана шунинг ўзиёқ инсонга қутқу солади. Агар инсон аёл гўзаллигига ўч бўлса, ишқивозлик васвасасини пайдо қилувчи кучлар, агар бойликка ружу қўйса, манфаатпарастлик ва таъмагирлик васвасасини уйғотувчи кучлар, агар у бўлар-бўлмасга ғазабланаверса, дарғазаблик васвасасини ҳосил қилгувчи кучлар, агар арзимаган нарсадан ҳам қўрқувга тушаверса, қўрқоқлик васвасасининг уйғотувчи кучлар таъсири остида бўлади.

* * *

Ван Янминдан дўсти сўради:

— Китоб ўқигандан сўнг ҳеч нарса ёдда қолмаса нима қилмоқ керак?

Ван Янмин деди:

— Уни тушунмоқ керак, ёдлаш шарт эмас. Тушунмоқ зарурияти ҳам иккинчи даражали нарса. Энг аввалло китобнинг асосий моҳиятини англамоқ жоиз.

* * *

Қарамоқлик ва кўрмаслик, тингламоқлик ва эшитмаслик, емоқлик ва таъм билмаслик… Таъмни билиш учун инсон юрагида ейиш истаги бўлиши жоиз. Тановулни истаган юрак бу — фикр, бошқача айтганда, ҳаракат ибтидосидир.

* * *

Инсон қалби — осмон каби тубсиз.

* * *

Комил инсон ҳар бир одамнинг комил бўлиши учун қайғуради.

* * *

Инсон табиати аслида олий фазилатлар мажмуасидир. Унинг табиати ўз ибтидосида заррача ёвузликдан ҳам холи бўлган.

* * *

Биз бирор илмни имкониятимиз ва мавқеимиз даражасида ўрганиб, ниҳоясига етказамиз.

* * *

Олий эзгулик — қалбнинг асл моҳияти. Зеро, ҳатто учига чиққан қароқчи ҳам талончилик қилмаслик кераклигини яхши англайди. У ўзини ўғри деб аташларидан орланади.

129227652.jpg Van Yanmin
HIKMATLAR
011

07Xitoylik faylasuf, siyosatdon va harb ilmi bilimdoni Van Shoujen (laqabi Boan, odamlar uni Van Yanmin deb atashgan) Yuyyao muzofotida tug’ilib o’sdi. Uning otasi Van Xua ziyoli oiladan bo’lib, xizmat pog’onalaridan tez yuqorilab borgan. Van Shoujen to’rt yoshigacha gapirolmagan. Bir budda rohibi bolakayni ko’rib: «Yaxshi bola ekan. Faqat, afsuski, uning taqdiri zohirida shundoqqina ayon bo’lib turibdi», — deydi. Rohib aftidan faylasuf Lao-szining: «Bilguvchi gapirmaydi», — degan mashhur naqliga ishora qilgandi. Bu so’zni eshitgan bobosi bolaning ismini Shoujen (insonparvarlik himoyachisi) deb o’zgartiradi. Ajabki, shundan so’ng Shoujen gapira boshlaydi.

Shoujen o’n yoshidan boshlab she’rlar yozgan. Bu she’rlar faqatgina adabiy nuqtai nazardan emas, balki falsafiy mazmuni bilan ham diqqatni jalb etardi. Shoujen 12 yoshida onasidan yetim qoladi. 16 yoshida uylanadi. 1489 yilda Van Shoujen faylasuf Chuj Si izdoshi Lou Lyan (1422-1491) bilan tanishadi va undan tahsil oladi. 1493-1499 yillar orasida Van Shoujen daotsizm, buddaviylik va Konfutsiyning mumtoz falsafasini qunt bilan o’rganadi. Ayni paytda badiiy ijod va harb ilmi sirlarini o’rganishga ham vaqt ajratadi.

1499 yilda Van Shoujen szin shi darajasi uchun imtihon topshirib, imperator saroyi mansabdorlari orasidan o’rin oladi. Xizmat vazifalarining ketma-ket o’zgarishi tufayli mamlakat bo’ylab tinimsiz kezishlar yosh Shoujenning salomatligiga salbiy ta’sir o’tkazadi. 1502 yilda u imperatorning ruxsati bilan davolanish uchun tug’ilgan go’shasiga qaytib keladi. U Chjetszyan muzofoti hududida joylashgan tog’ bag’riga — Yanmin g’ori yaqiniga boshpana qurib yashay boshlaydi. Shu bois uni Yanmin-szi deb atay boshlaydilar (ya’ni, faylasuf Yanmin). «Yanmin» so’zi «quyosh nuri» degan ma’noni anglatadi. Shuningdek, inson jismidagi muhim quvvat rishtalaridan biri ham ana shu nom bilan ataladi.

1504 yilda Van Yanmin Pekinga qaytadi va Shandun muzofotiga hokim qilib tayinlanadi. 1505 yilda Xitoy taxtiga 15 yoshli Xouchjao o’tirgach, bir guruh saroy a’yonlari qatori Van Yanmin ham quvg’inga uchraydi. Quvg’in yillari faylasuf uchun juda katta hayotiy maktab vazifasini o’taydi. U ruhan kamolga yetib, dunyoviy ilmlarning o’tkir bilimdoniga aylanadi. Faylasuf ayni shu kezlarda «bilim va harakatning birligi» haqidagi g’oyat muhim tamoyilni ishlab chiqadi.1509 yilda Van Yanmin quvg’indan qaytadi va Guychjou muzofotining poytaxti Guyyanda falsafadan dars bera boshlaydi.Buyuk faylasuf 1529 yilning 9 yanvarida betoblikdan vafot etadi.

011

* * *

Bilim harakatdadir.

* * *

Tabiiy bilim nima? U haqiqat va yolg’onni ajratuvchi, o’ylamasdan, o’rganmasdan bilguvchi qalbdir.

* * *

Qalb — tabiat, tabiat esa qoida.

* * *

Haqiqiy quvonch donolikda kamolga yetgan zotlar va oddiy odamlarga xosdir. Biroq bu ne’matga ega bo’lgan oddiy odamlarning o’zlari bundan bexabar bo’ladilar.

* * *

Bilim — harakatni boshqaruvchi asosiy fikr. Harakat esa ilmning amaliy manbai. Bilim — harakat ibtidosi, harakat — bilim intihosidir.

* * *

Bilim harakatdadir. Buning isbotini quyidagi holatlar zanjiri orqali ko’rish mumkin.

Taomning ta’mi yaxshi yoki yomonligini bilish uchun uni og’izga solib, chaynab ko’rmoq zarur. Taomdan tatib ko’rmay turib, unga baho berib bo’ladimi? Yo’lning ravon yoki noravonligini aniqlash uchun o’sha yo’lni bosib o’tishingiz kerak. Yo’lni borib ko’rmasdan uning qandayligini aytish mumkinmi? Kamondan o’q otish uchun nayzani joylab, yoyni tarang tortish va nishonga olib, qo’yib yuborish talab etiladi. Kitob o’qib ilm olmoq uchun esa qo’lga qalam tutib, yozmoq joiz. Olamda hech bir ilm yo’qki, u harakatsiz o’rganilsa. Shu bois ilmga va oliy qoidalarga harakatsiz yetishib bo’lmaydi.

* * *

Fikr va so’z amaliyotga yo’naltirilganda ularning har ikkisi ham moddiyatga — narsaga aylanadi.

* * *

Buyumlar, voqealar, qoidalar, adolat va ezgulik dildan tashqarida qololmaydi.

* * *

Bir kuni Van Yanmin shahar ko’chalarida aylanib yurganda do’stlaridan biri qoyalarda barq urgan gullarga ishora qilib, undan so’radi:

— Olamda hech narsa dildan tashqarida mavjud bo’lolmaydi, deysan. Ammo mana bu qoya bag’ridagi gullar o’zidan o’zi o’sadi va quriydi. Qani ayt-chi, bu gul bilan mening qalbim o’rtasida qanday bog’liqlik bo’lishi mumkin?

Van Yanmin do’stiga shunday javob qaytardi:

— Gullarga qaramasingdan avval ular ham, sening qalbing ham osoyishta edi. Gullarga ko’zing tushgan oni esa sen ularning rangini qalbing ila anglading. Shundan ko’rinib turibdiki, gullar sening qalbingdan tashqarida qololmaydi.

* * *

Narsalarning mohiyatini anglash qalbdagi, fikrdagi va ilmdagi narsalarning mohiyatini anglash demakdir.

* * *

Shogirdlaridan biri Van Yanmindan so’radi:

— Ba’zi odamlar tunda ruhlar, shayton va ajinadan qo’rqishadi. Shunday paytlarda nima qilish kerak?

Van Yanmin dedi:

— Kunduz kuni adolat zaxirasini yaratolmagan odamning qalbida qoniqmaslik hissi paydo bo’ladi. Bu tuyg’u o’z navbatida qo’rquvni yetaklab keladi. Kundalik amallar aql chirog’i bilan yoritilar ekan, hech qanday qo’rquvga o’rin qolmaydi.

Shunda shogirdlaridan yana biri savol berdi:

— Bezarar ins-jinslardan qo’rqmasa ham bo’ladi. Ammo makkorlari kim yaxshi, kim yomonligini ajratib o’tirmaydi. Shu bois odamlar qo’rquvdan qutulolmaydilar.

Faylasuf bu savolga shunday javob qaytardi:

— Yaxshi odamlarga qutqu solishga qurbi yetadigan bitta ham yovuz kuch yo’qdir. Eng qo’rqinchlisi — qalbning makkorlik illatiga mubtalo bo’lishi. Ana shuning o’ziyoq insonga qutqu soladi. Agar inson ayol go’zalligiga o’ch bo’lsa, ishqivozlik vasvasasini paydo qiluvchi kuchlar, agar boylikka ruju qo’ysa, manfaatparastlik va ta’magirlik vasvasasini uyg’otuvchi kuchlar, agar u bo’lar-bo’lmasga g’azablanaversa, darg’azablik vasvasasini hosil qilguvchi kuchlar, agar arzimagan narsadan ham qo’rquvga tushaversa, qo’rqoqlik vasvasasining uyg’otuvchi kuchlar ta’siri ostida bo’ladi.

* * *

Van Yanmindan do’sti so’radi:

— Kitob o’qigandan so’ng hech narsa yodda qolmasa nima qilmoq kerak?

Van Yanmin dedi:

— Uni tushunmoq kerak, yodlash shart emas. Tushunmoq zaruriyati ham ikkinchi darajali narsa. Eng avvallo kitobning asosiy mohiyatini anglamoq joiz.

* * *

Qaramoqlik va ko’rmaslik, tinglamoqlik va eshitmaslik, yemoqlik va ta’m bilmaslik… Ta’mni bilish uchun inson yuragida yeyish istagi bo’lishi joiz. Tanovulni istagan yurak bu — fikr, boshqacha aytganda, harakat ibtidosidir.

* * *

Inson qalbi — osmon kabi tubsiz.

* * *

Komil inson har bir odamning komil bo’lishi uchun qayg’uradi.

* * *

Inson tabiati aslida oliy fazilatlar majmuasidir. Uning tabiati o’z ibtidosida zarracha yovuzlikdan ham xoli bo’lgan.

* * *

Biz biror ilmni imkoniyatimiz va mavqeimiz darajasida o’rganib, nihoyasiga yetkazamiz.

* * *

Oliy ezgulik — qalbning asl mohiyati. Zero, hatto uchiga chiqqan qaroqchi ham talonchilik qilmaslik kerakligini yaxshi anglaydi. U o’zini o’g’ri deb atashlaridan orlanadi.

089

(Tashriflar: umumiy 286, bugungi 1)

Izoh qoldiring