Viktor Alimasov. Beorom qalb qiynoqlari.

033

   ”Ёзувчи стол устидагина фаришта” (Б. Шоу). У шуҳратпарастлик, манфаатпарастлик ва мутакаббирлик важидан ёза бошлайди. Бадииятдан имон қидиради. Топгандек бўлади ҳам. Кўп ўтмай у ”ёзувчилар виждонсиз одамлар, икки пулга арзимайдиган каслар” эканини англайди, одамларни ёмон кўриб қолади. Ўзидан ҳам кўнгли қолади. У яна қидиришга тушади, аммо нимани қидираётганини ўзи ҳам билмайди. Маълум нарсани қидиришда азият йўқ. Ҳикмат ҳам йўқ, Азият ва ҳикмат йўқ жойда эса руҳ учун моҳият ҳам йўқ.

033
БЕОРОМ ҚАЛБ ҚИЙНОҚЛАРИ
Виктор Алимасов

022 Кўп марта Лев Толстой ва унинг асарлари ҳақида ёзмоқчи бўлганман, лекин ҳар гал Навоийнинг ”Керакдир шер олдида ҳам шер жанги” деган ўгитини эслаб, мақсадимдан қайтганман. Толстой ижоди билан ҳам, исми билан ҳам Лев – Шер эди-да.

Онг тубидан жой олган фикр бир кунимас-бир куни қайта жонланади. Агар унга руҳий қийноқлар,шуурни туну кун безовта қилган, ҳатто ўзини-ўзи ўлдиришгача бориб етган ўйлар қўшилса, ақл, идрок ўз иззини йўқотади, умр бежилов туйғуларда ё нобуд бўлади ёки улар туфайли янада қадрли улуғворликка кўтарилади. Толстойнинг элликдан ошгандан кейин худо излаши ёшлигида христиан дини руҳида чўқинтирилганлигининг, шу маънавий муҳитда, ҳатто динни онгсиз рад этган бўлса-да, ўсганининг, ҳаётдан маъно ва азалий саволларга жавоб излаши эса изтиробли руҳий изланишларининг натижасидир. ‘”Иқрорнома”даги ўқувчини, ҳар бир онгли кишини ўйга соладиган фикр шундаки, ҳаёт бемаъниликдир.

”Мен, – деб ёзади Толстой, – на бутун ҳаётимга, на ундаги бирор хатти-ҳаракатимга ақл бовар қиладиган ҳеч қанақа маъно бера олмадим”. Давлати, шуҳрати, севимли оиласи, хизматкор-чўрилари бор, ҳаёт лаззатларидан истаганича баҳраманд бўлиш имконига эга кишининг ҳаётни лағвона дейиши ғалатидир. Бу тўқликка шўхлик, янада айшона яшаш истаги эмасмикан? ”Мен фақат бир нарсага ҳайрон эдим, – деб давом этади у. – Қандай қилиб ҳаётимнинг дастлабки фаслларида менинг бунга ақлим етмадийкин? Бугун бўлмаса, эртага севган одамларим бошига хасталиклар ёғилиб келади, ажал ғиппа бўғади. Хасталиклару ажал менинг бошимга ҳам тушади ва улардан кейин қўланса ҳид билан қуртлардан бошқа ҳеч нарса қолмайди. Нимаики иш қилган бўлмай, уларнинг ҳаммаси унут бўлади, эртами-кечми ўзимнинг хотирам ҳам ўчади. Шундоқ бўлгандан кейин бу сарсону оворагарчиликнинг нима кераги бор? Булар ўта шафқатсизлик ва бемаъниликдан бошқа нарса эмас. Ҳаммаси – ёлғон; ҳаммаси- газоф. Ҳаётнинг маъносизлиги инсон эришиши мумкин бўлган бирдан-бир хулосадир”

Ҳаётнинг бемаънилиги ҳақидаги фикрларни Буддадан илк бор эшитганлар ушбу ҳақиқатга юраклари бардош беролмай ўлган эканлар. Балки шундан бери ҳаётнинг лағвоналиги ҳақидаги фикр ўлим ҳақида ўйлашга олиб келади. Биз қадрлайдиган нарсалар вақти келиб ўз қимматини йўқотса, биз севган кишилар вақти-соати етиб даврамизни тарк этса, куч-қувват сарфлаб тиклаган кулбаларимиз емирилса, чўкса, одам умрининг ўзи ҳам вақт деб аталган беаёв ҳакам ҳукмига маҳв бўлса, хўш, ким ҳаётнинг лағвоналигини рад эта олади? Ҳамма нарса устидан ўлим, емирилиш ҳукмрон эканлиги мутлақ ҳақиқат эмасми? Бироқ ҳаёт бемаъни бўлса, ўлим мудом умрни маҳв этса, нималаргадир умид қилиб, нималарнидир муқаддас билиб, қадрлаб яшаб келаётган миллиардлаб одамларнинг ҳаётини нима деб атамоқ керак?

Ҳа, шубҳасиэ, одамлар вақтдан, макондан, истакларидан, ҳатто ўз ҳаётидан ҳам муқаддасроқ нарса бор деб билмаганларида, эрамиздан аввалги VI-V асрларда яшаган Буддадан кейин ҳаёт тўхтаган бўлар эди. Демак, ё ҳаётни бемаънилик деб атаётган Будда, Шопенгауэр, Толстой ёки нимагадир умид қилиб, ишониб яшаётган миллиардлаб одамлар адашаяпти. Айрим кишилар, шахсларнинг фикрлари ”халқ” деб аталган миллионлаб, миллиардлаб одамларнинг ҳам фикрлари бўла олмайди. Бу хулосага келиши учун ёзувчи узун ҳамда қийноқли руҳий изланишлар йўлини босиб ўтиши зарур эди.

”Мен урушда одам ўлдирганман, – деб жаҳрона тан олади Толстой. – Ўлдирмоқ ниятида дуэлга чақирганман, тасарруфимдаги мужикларни картага бой берганман, уларнинг меҳнати эвазига яшаганман, уларни қатл этганман, фаҳш ишлар билан шуғулланганман, алдаганман. Ёлғончилик, ўғирлик, ҳар хил рангдаги зинокорлик, ичкиликбозлик, зўравонлик, қотиллик… Мен қилмаган жиноят қолган эмас”.

Начора, ”Ёзувчи стол устидагина фаришта” (Б. Шоу). У шуҳратпарастлик, манфаатпарастлик ва мутакаббирлик важидан ёза бошлайди. Бадииятдан имон қидиради. Топгандек бўлади ҳам. Кўп ўтмай у ”ёзувчилар виждонсиз одамлар, икки пулга арзимайдиган каслар” эканини англайди, одамларни ёмон кўриб қолади. Ўзидан ҳам кўнгли қолади. У яна қидиришга тушади, аммо нимани қидираётганини ўзи ҳам билмайди. Маълум нарсани қидиришда азият йўқ. Ҳикмат ҳам йўқ, Азият ва ҳикмат йўқ жойда эса руҳ учун моҳият ҳам йўқ.

Аслида ижодкор учун моҳият эмас, моҳиятни излаб азият тортиш ва ҳикмат топиб ҳузурланиш қадрлидир.
Толстой Европа бўйлаб саёҳат қилади, ўз даврининг аҳли ирфонлари ва уларнинг таълимотлари билан танишади. Юртига қайтиб, деҳқонлар болалари учун мактаб очади, дарс беради, дарсликлар ёзади, журнал нашр эттиради, маърифат билан кишиларни, шу жумладан, ўзини ҳам бахтиёр этмоқчи бўлади. Тез орада югур-югур, чоп-чоплардан безади. Тушкунлик қалбини чулғаб олади.

Бекаслик тушкунлик азобига тортаётгандек кўринади унга. Уйланади. Бутун ўю ҳаёлларини оиласига қаратади. Фарзандлар қувончи, оила ҳузур-ҳаловати, фароғати “ягона ҳақиқат”га айланади. Асарларида ҳам уни бахт сифатида улуғлайди. Оила қувончлари ва ташвишлари “Умрнинг маъноси нима?” деган саволни ёддан кўтаргандек бўлса-да, савол унинг онги тубини тарк этмаган эди. Шу боис, қандай яшаш керак, деган савол қайтадан жонланади. Ҳатто ўзини ўзи ўлдириш хаёлидан кетмай қолади, бироқ у ҳали нимадандир ҳали муамил, умидвор эди. “Рус қалби қўним билмайди, – деб ёзганди Н.Бердяев, – унга мудом излаш, аллақандай нажоткор маконни қидириш, дарбадарлик хос”.

Толстойнинг тез-тез тушкунликка берилиб, ўзидан қониқмаганлигининг боиси ҳам қўним билмас онг, беором қалбнинг дарбадарлигидандир. Ҳатто имон, худо излаш ҳаёт маъноси тарзида қалбига тасалли берганида ҳам у, Н. Бердяев ибораси билан айтганда, ”динсиз диндор” бўлиб қолган эди. Ёзиш, беадад изланиш, фикрлаш эса унинг эрки аа ирода измидан аллақачон чиққан, ҳатто адувваш бир куч сифатида эрки ва иродасини ён-атрофга, даҳрга қарши қўйиши муқаррар эди. Демак, ҳаёт маъносини излаш ўзига бино қўйган такаббур ақлнинг эрмаги эмас.

Толстой илмдан нажот қидиради ва тез орада англайдики, илмда ҳамма нарса бор: қонунлар, таърифлар, тартиблар, тавсиялар, хулосалар, бироқ асосий нарсага жавоб йўқ. ”Мен бугун қилаётган ишдан қандай самара чиқади? Эртага қиладиган ишимдан-чи? Менинг жамики ҳаётимдан нима маъно чиқади? Мен яшаб нима қиламан? Бирор нарсани исташимдан нима маъно? Ўлим ҳақ, мен албатта бу дунёдан ўтаман. Менинг яшашимда шундай маъно бормики, менинг ўлимим уни маҳв эта олса?..” Тўғри, илмда ушбу саволларга жавоб мутлақ йўқ, деб бўлмайди, бироқ у жавоб айрим шахслар тажрибасининг ифодаси бўлгани боис қолганларнинг беором қалбига таскин бера олмайди. Масалан, метафизика ёки фалсафанинг ҳаёт моҳияти инсонда, одам мудом ўзгаришда, у бир кўринишдан иккинчи кўринишга ўтиб, барчани ушбу тартибга монанд яшашга ундайди, ўлим бор нарса, у янгиланишнинг боши ҳамдир, деган хулосалари қалбнинг бетиним изланишларини қаноатлантира оладими? Агар ҳаёт моҳияти инсонда бўлса, инсон ҳаётининг моҳияти нимада? Ҳа, кимдир яшашда, севишда, курашда, хуллас, жаҳон тилларидаги барча кесимларни келтириш мумкин.

Бироқ ушбу ижтиҳодларнинг вақт ва маконда чекланганлигини эслашингиз биланоқ барча жавоблар лағвона эканига иқрор бўласиз. Ёки олам мудом ўзгаришда бўлса, бугун бор нарсалар эртага бошқа кўринишга ўтса, йўқ бўлса, одам ушбу тартибга мувофиқ яшашга мажбур бўлса, унинг ором билмай эртаю кеч чопганларидан, яратганларидан нима фойда? Беаёв вақт ҳаммани супуриб хокка, тупроққа айлантирса, хўш, инсон умрининг маъноси қани? Бу саволлар аслида нозик ҳис-туйғулардан келиб чиққан, шунинг учун уларни, бу табиий, қуруқ ақл ва далилларга асосланадиган илм-фаннинг эмас, фақат руҳий-маънавий олам, хаёлот дунёсининг жавобларигина қониқтириши мумкин. Ҳақиқатан ҳам охир-оқибатда Толстойни овунтирган ”худо излаш” ғояси ана шу олам, хаёлот дунёсининг маҳсули эди.

Бемаънилик Толстойнинг ҳаёт ҳақидаги хулосаси эмас, балки ҳаётдан маъно излашининг бошидир. Мавжудликни тўлароқ ва мукаммалроқ англаш учун мавжудлик тартибларининг оқилона эканлигини шубҳа остига олиш ёки уларни назарда рад этиш зарур. Мавжудликка қарши қўйилган фикрларгина борлиқда, ён-атрофда азалий ва сермаъно тартиблар борлигига тўла ишонч уйғотади. Ҳаётнинг бемаънилигидан маъно излаш “Иқрорнома”даги бош ғоядир.

Ҳаётда маъно бор, деган фикргина кишини ўзини-ўзи ўлдиришдан сақлаб туради. Толстойнинг кундаликларидан маълум бўладики, у ўзини ўлдириш билан яна нимадандир умидвор бўлиш ўртасида яшаган. То умрининг охиригача шундай. Ҳатто у худо излаш ғоясини топганида ҳам ҳаётнинг бемаънилиги ва ўзини-ўзи ўлдириш фикрларидан батамом халос бўлмаган.

”Инсониятнинг ҳаёти тўғрисида гапириб, ўйлайдиган бўлсанг, ҳаётдаги бир неча текинхўрларнинг эмас, инсониятнинг ҳаёти тўғрисида ўйлаш ва гапириш керак”. Демак, айрим олган киши умрининг бемаънилиги бутун ҳаётни бемаъни деб аташга асос бўла олмайди. Айрим шахс учун ҳаёт бемаъни бўлиши мумкин, аммо азалдан давом этиб, миллиардлаб кишилар, халқлар ишониб келаётган ҳаётни бемаъни дейишнинг ўзи бемаъниликдир.

Хўш, одамлар қандай яшамоғи керак? Ёзувчи жавоб берди: ”У ҳам худди жониворлар қилган ишларни қилиб ҳаёт кечирмоғи керак, фақат фарқ шундаки, бу ишларни инсон ёлғиз ўзи қилса, у муқаррар тарзда ҳалок бўлади, у фақат ўзи учун эмас, ҳамма учун қилмоғи зарур”. Шу билан бирга у ўзининг тор манфаатлари билан яшаётган тоифалар даврасини қоралаб, оддий халқнинг ҳаёти чинакам ҳаёт эканини эътироф этади. Минг афсуски, бу жавоб ҳали у излаётган нарса эмас эди.

Чексиз дунёни англашга интилаётган қалбни шахсий ҳаёт билан инсоният ҳаётини ўлчаш мумкин эмас, халққа хизмат қилиш лозим, ана шунда ҳаётингдан маъно топасан, деган жавоблар қониқтирмайди, унга чексизнинг ўзи керак. Минг ваҳки, чекланган чексизни идрок этолмайди, ўзига ҳам сиғдиролмайди. Унга фақат чексизга интилиб яшаш имкони берилган, холос.

Ҳамма нарсанинг сабаби бор. Сабабларнинг ҳам сабаби бор. У худодир. Ёзувчи ана шу Чексизнинг мавжудлигига имон келтиради, шу билан бирга ундан нажот кутади. Аммо ”ҳеч ким унга раҳм қилмас, тўғри йўлни кўрсатмас эди”. Ёзувчи яна тушкунликка тушади, у излаган худо оддий, беҳис тушунча эди. Бундай тушунчани одам ҳосил қилиши ҳам, ҳосил қилмаслиги ҳам мумкин. Демак, худони ҳам. Одам яратган сабаб унинг яратилишига сабаб бўла олмайди. У иқрор бўлади: ”Бу мен излаётган нарса эмас. Мен шундай нарсани излаяпманки, усиз ҳаётнинг бўлиши мумкин эмас” бўлиб кўринган нарса ҳам охир натижаларда тушунчалардан иборат, аммо улар онгсиэ эмас, балки серҳис қалб қаъридан ситилиб чиққан имон, худо – худо излашдир. ”Бу излаш тўғридан-тўғри юракдан чиқиб келган. Бу туйғу жамики ёт, бегона нарсалар ўртасида қўрқув, ёлғизлик, кимсасизлик туйғуси ва кимнингдир ёрдамидан умидворлик туйғуси эди”. Шу тариқа ҳаётдан маъно излаш худо излашга айланган.

Шу ўринда сўнгги нуқта қўйиш мумкин эди, бироқ буюк шахслар ўз фожеаларида ҳам буюкдирлар.
Худо излаш мужоҳадалари Толстойнинг беором қалбини овунтирдими? Йўқ. Демак, унинг ҳаёт моҳияти ҳақидаги фикрлари тағин газоф чиқибди-да. Ҳа. Нега? Биринчидан, ҳаёт моҳиятини айрим кишиларгина фақат эътиқодда деб билишлари мумкин, аммо бутун халқ, миллиардлаб кишилар бу фикрга абкамона эргашолмайдилар. Кимгадир ҳаёт айни севишда, кимгадир оилада, бошқа биров учун бой-бадавлат яшашда. Умуман, дунёни эътиқод орқали халос қилмоқчи бўлганлар кўплаб топилади, бироқ уларнинг бирортаси ҳам ўз мақсадларига етолмаганлар. Иккинчидан, Толстойнинг ”Иқрорнома”сидан кейинги кундаликларини ўқиб, умрининг охирларида аҳбобларидан, амволидан воз кечганининг боисини қидириб иқрор бўлдимки, ўзи билан ўзи муроса қилолмаган даҳр билан муросага келолмайди. Даҳр эса ўжар зотларнинг нафақат тириклигида, ҳатто вафотидан кейин ҳам ўзига ғайр билиб, улар устидан таажжубнома кулиб келади…

034

(Tashriflar: umumiy 56, bugungi 1)

Izoh qoldiring