Viktor Alimasov.Ikki esse & «Falsafa yoxud fikrlash lazzati» kitobi.

034
    Виктор Алимасов мен суҳбатлашишни истаган одамлардан бири. Унинг «Тафаккур» журнали ва бошқа нашрларда эълон қилинган мақолалари, суҳбатлари ҳамиша диққатимни тортиб келган. Хусусан, «Фалсафа ёхуд фикрлаш лаззати» китоби яқин йилларда мен катта завқ ва ҳавас билан ўқиган китобларимдан бири бўлди. Бугун бу мутафаккир шахснинг икки мақоласини ва тилга олинган китобини тақдим этишдан бениҳоя мамнунман.

087
Виктор Алимасов
ИККИ ЭССЕ
09

ИНСОНИЙ ЁХУД ЎТА ИНСОНИЙ

… Ҳаёт шундай қурилганки, у одоб — ахлоққа асосланмаган; у адашиш излайди ва адашишдан барқарор.
Фридрих Нисше

90Нисше профессионал файласуф эмас, у мухолифларига: “Мен файласуф эмасманми? Бунинг нима аҳамияти бор?” деб жавоб беради. Нисше файласуфлардек профессионал субъект ва объект нима, ким қайси “изм” нинг тарафдори, методи объективми ёки субъективми деган ўқувчи қалби ва онгига ҳеч нарса бермайдиган саволларга жавоблар, таърифлар беришга эмас, балки ақлу идрок доирасини, ҳатто ғайримантиқликка ва зиддайнларга тўла бўлса-да, кенгайтирувчи, бетакрор ва ноодатий фикралар излашга мойил. У қолипга тушган «муаммо – ечим» қидирмайди, ақлни чалғитувчи мавҳум таълимотлар яратмайди, қисқа афоризмларида ва лўнда талқинларида бадиий фалсафий ифоданинг маҳобати ва қудратини намоён этади. Нафақат Европанинг, балки бутун тафаккур оламининг насибига айланганига юз йилдан ошган бўлса-да, бирорта ҳам професионал файласуф Нисшени ўрганолган, тўла идрок этаолган эмас, чунки унинг маданий-фалсафий мероси қурумсоқ ва чекланган ақл, мантиқ доирасида фикрловчи «мутахассислар» нинг тасаввурларидан кенгдир. Шунинг учун Нисше фалсафасидан таълимот, система, метод эмас, фикр, қарши фикр, фикр тубидан фикр излаш вожибдир. “Мен,- деб ёзади у,- ўз стилимда клавиатурадагидек ўйнашим зарур; аммо ёдланган пеьсаларни эмас, балки эркин фантазияга, тўла маънода ҳурликка, мантиққа ва чуқур асосга эга фикрларни чалишим керак.”

Нисше “Инсоний, ўта инсоний” асарини “ Ҳур ақллар учун китоб” деб номлаганида эрк талаб килган демонининг, туғё¬нли андишаларининг даъватларидан келиб чиққан. У Вагнер атрофида ва таъсирида қолишни ҳур ақл учун зарарли топади, унга адашишлар ҳисобига бўлса-да, ўз эҳтиросларини, тасаввурларини, ҳаёт ҳақидаги қарашларини эркин баён қилиш, шу тариқа ҳур ақларнинг туғилишига йўл очиш қизиқарли». Ҳали ҳур ақллар йўқ”,-деб ёзади у, -валек чексиз хасталиклар, ноқулайликлар ва ёлғизлик эзаётган бир пайтда “ҳур ақллар”ни ўйлаб топишим, улар билан истаган мавзуда бемалол суҳбат, мусобақа қуришим лозим эди. Мен шундай ақлларни Европада борлигига шубҳа билан қарайман, бироқ улар аста-аста пайдо бўлаётганини кўриб турибман; мен уларнинг тезроқ келишига ёрдам бераман.”

Нисше ўзини ва фикрларини нафақат Вагнерга , шу билан бирга мавжуд барча анъаналар, қадриятлар , ахлоқий назарларга қарши қўйишга журъат этади. «Барча қадриятларни ағдар- тўнтар қилиш мумкинми? Ва, мабода, эзгулик ёвузликдир? Худо иблиснинг макри ва ҳийласи эмасми? Балки ҳамма нарса, ўзининг охирги асосига кўра, ёлғондир? Мабода биз алданган чиқсак, шу алдоқчи ҳам ўзимиздир. Аслида биз ёлғончи бўлмаслигимиз зарур эмасмиди?” Кўриниб турибдики, ҳурликка интилаётган ақл мавжуд ҳаёт ва тарихий-маданий тажрибалар билан дадил беллашишни, “хавф-хатарга берилиб яшашни” ўйлайди. Файласуф барча тарихий – “маданий қадриятларни ҳеч қандай асосиз рад этмайди, лекин у илгариги қадриятларнинг ақлу идрок, ҳаёт ва тараққиёт талабларига тўла мос келишини шубҳа остига олади. У, файласуфларда “Тарихий ҳис-туйғу” йўқ, тил, маданият, метафизика, эзгулик ва ёвузлик, мантиқ ва мантиқсизлик, тараққиёт, одоб-ахлоқ, интеллект, тарихий ҳурфикрлик, хуллас, ҳаётга тааллуқли барча қадриятларни баҳолашда янгича «тарихий-фалсафий фикрлаш», таҳлил лозим деган якунга келади.

Тилни Нисше ” сохта фан ” деб атайди. Унинг назарида тил борлиқни тўла ва тўғри ифода этмайди. У нотўғри қарашларни кўпайтиради. Шунинг учун кишилар тилга ишониши орқали хатоларни беқиёс кенгайтирдилар. «Албатта, бу фикрларга эътироз билдириш, уларнинг баъзи томонларини инкор этиш мумкин. Тил, худди шунингдек, ақлу идрок борлиқни айнан ифода эта оладими? Инсонда маҳдудотни, ҳис-туйғулар ва фикрларни тилдан бошқа восита билан тўла ифодалаш имкони бормиди? Тил фақат хатоларни кўпайтирадими? Минг ваҳки, Нисше ўз фикрларини давом этирмайди, акс ҳолда у ушбу саволларга, шубҳасиз, дуч келган бўларди.

Фалсафа ҳақиқат излайди, у табиий-равишда барча тан олган пайқаш, кўриш мумкин бўлган зоҳирий ҳақиқатлар билан чегараланиб қололмайди. Нисше, сезилмайдиган ботиний ҳақиқатлар ҳам бор, улар инсон маънавий оламидадир; маданиятнинг юксаклик белгиси ботиний ҳақиқатларни юқори баҳолашдадир, деб билади. Нигоҳимизни зоҳирий ҳақиқатлар (тананинг гўзал тузилиши, архитектура иншоотлари ва б.) қанчалик шод қилса, ботиний ҳақиқатлар ҳам маънавиятимизни шунчалик улуғвор қилади; ўтган даврларда ушбу маънавий гўзалликнинг ҳаётга ижобий таъсири пайқалмаган; энди фалсафа маънавиятда ўз таянчини топади. Бу ўринда Нисше фалсафасига хос позитивизм кўзга ташланади. Нимани, қайси қадриятларни одам ўз юрагига яқин тутса, уларни нарсаларнинг моҳияти, юраги деб ўйлайди. Аслида улар, Нисшенинг фикрига кўра, инсонда омад ва омадсизлик ҳиссини уйғотади ва уни шу тариқа алдайди.

Қадриятлар борлиқнинг асл моҳияти, айнан ўзи эмас, аслида улар инсонда борлиқнинг юрагига етаяпман деган ўткинчи ўй, ёлғон ҳис-туйғулар уйғотади, холос. Оламни, маҳдудотни инсон метафизик идрок этади. Келажак метафизикадан воз кечолмайди, чунки «нарсаларнинг ўзи учун», «ўзи ўзида мавжуд» лиги ҳақидаги илмий назарлар кишилар ақлу-идрокини бир томонлама бойитади; дин, эътиқод, санъат, астрология, психология каби инсоннинг ботиний оламини ўрганувчи илмлар бор экан, уларнинг йўқ бўлишини ҳеч ким асослай олмайди, метафизика ҳам муқаррардир. Демак, келажак учун метафизиканинг мавжудлиги эмас, балки унинг йўқлиги аянчлидир. Шу билан бирга Нисше, метафизикани субстанция ва ирода эркинлиги ҳақидаги илк қарашларга асосланган фан сифатида одам адашишининг маҳсули деб билади. Чунки билим борлиқнинг ўзидан, уни айнан акс эттиришдан эмас, балки инсонинг ўз тасаввурларини борлиққа тадбиқ этишидан келиб чиққан.

«Инсоний, ўта инсоний» илмий асар эмас, бироқ ундаги афоризмлар ва талқинларда ички бир тартиб, яьни барча анъаналар, ахлоқ ва қадриятларни танқид остига олиш мавжуд. Тўғри yш6y танқид, субъектив, гоҳо эса ўта субъективдир. Бундан ташқари файласуфнинг ўз танқидида нимага асосланганини, таянганини топиш ҳам мушкул. Инчунин, у диндан илмий дунёқарашга ўтиш «мажбурий сакраш» орқали амалга оширилган, шундай зўровонлик бўлмаслиги учун «ўтиш воситаси» сифатида санъатдан фойдаланиш зарур, “санъатдан эса ҳақиқий ҳур фалсафий илмга ўтиш осон бўлади” деб ҳисоблайди. Ёки дейди: “йўқолсин “оптимизм” ва “пессимизм” деган эскириб кетган алфозлар! Кундан кунга уларни ишлатишга эҳтиёж кам; фақат маҳмадоналар уларсиз яшай олмайдилар.

Агар мукаммал дунё яратишга ваъда берган худони ҳимоя қилишга энди ҳожат бўлмаса оптимист, худони оқловчи файласуфларга илтижоларинг бекор кетса, ҳаётда зўравонлик, изтироблар муқаррар турса пессимист бўлишдан наф борми?» Шубҳасиз, ушбу фикрлар ўзининг ноодатийлиги билан қизиқиш уйғотади. Саньатда диний-мистик ва фалсафий мушоҳада чатишиб келишини инкор қилиб бўлмайди; оҳанглар ва товушларнинг нафислиги боис мусиқа хаёлот оламига, рангларининг жилоси, ранг-баранглиги боис рангтасвир илоҳий улуғворликка, комилликка чорлайди.

Лекин санъат, Нисше назарда тутганидек, илмий дунёқарашга эмас, балки ғайриҳаётийга, трансценденталга қизиқиш уйғотсачи? Нафосат аҳлида ғайриҳаётий символларга, ҳаёлот оламига, енгил жунбушга берилиш юқори эканлигини унутиб бўладими? Оптимизм ва пессимизм ҳақида ҳам шундай фикрларни билдириш мумкин. Балки «оптимизм» ва «пессимизм» тушунчалар сифатида истеъмолдан чиқар, бироқ уларнинг инсон руҳиятига оид ҳодисалар сифатида қолиши муқаррардир.

Бу Нисше ўйлаганидек билишнинг чекланганлиги, ақлу идрокнинг ибтидодан адашганлиги ёки инсонинг моҳиятан «номантиқий, шунинг учун ноадолат мавжудотлиги” билангина эмас, энг аввало оптимизм ва пессимизмнинг борлиқдаги номураттаблик ҳамда маънавий-руҳий кечинмаларнинг таркибий қисмлари эканлиги билан ҳам боғлиқдир. Нисше бутун кишилик ҳаёти чуқур ҳақсизликка, адолатсизликка ботган деганида моҳиятан юқоридаги зиддайнлардан келиб чиққан.

Файласуфнинг фикрига кўра, шу пайтгача кишини айрим олган яхши ёки ёмон хатти-ҳаракатига қараб баҳолаганлар, бунда хатти-ҳаракатни келтириб чиқарган боислар ҳам, унинг оқибатлари ҳам ҳисобга олинмаган. Кейин маълум бўлганки, киши хатти-ҳаракатлари учун жавобгар эмас, чунки у ўтмиш ва мавжуд шарт-шароитлар таъсири маҳсулидир. “Шу тариқа англанадики,-деб ёзади Нисше,- одоб-ахлоқ, ҳис-туйғулар тарихи адашишлар тарихидир…” Бу ўринда, биринчидан, киши хатти-ҳаракатларига ўтмиш ҳам, ҳозир ҳам баб-баробар масъул, чунки инсон тарихий шарт-шароитлар маҳсулидир; иккинчидан, инсоннинг адашиши унинг табиий ҳолати; аслида янглишиш инсоннинг ибтидога бориб тақалувчи тарихий қисматидир деган хулосага келамиз.

Шу нуқтаи назардан “одоб-ахлоқнинг ўзи щам мажбурий ёлғондир. Агар ушбу ёлғон бўлмаганида ичимиздаги бабр бизни тилка-пора қиларди. Одоб-ахлоқ негизидаги ушбу янглишларсиз одам баҳим бўлиб қолаверади.” Демак, одоб-ахлоқ ҳам бошдан адашишларга қурилган бўлса-да, у башардаги инсоний сифатларни асраб қолишга, уларнинг кўпайишига хизмат қилган. Нисше уқтиради: «Ҳозирда бор бераҳм кишилар аввалги маданиятларнинг сақланиб қолган намуналари сифатида қаралаши даркор…

Қолоқ кишиларнинг мияси авлодлар ўтишига қарамай, турли тасодифлар боис етарли даражада нозик ва ҳар томонлама ривожланмай қолган. Улар бизни қўрқитиб, илгари ким бўлганимизни кўрсатиб турадилар.”
Нисше яхшилик ва ёмонликнинг келиб чиқиши бир томондан, ҳукмронлик қилишга интилган яхшиликка яхшилик, ёмонликка ёмонлик билан жавоб бериб, ҳақиқатда ўч ола биладиган, бирлашиш ҳиссига эга бўлган,” раҳматли ва кек сақловчи уруғ, тоифа, иккинчи томондан, заиф, интиқомга қодир бўлмаган, бирлашиш ҳиссидан маҳрум тўдага бориб тақалади, деб ёзади.

“Яхшилик юқори тоифанинг моҳиятидир, ёмонлик- тўданинг; яхшилик ва ёмонлик маълум бир вақт давомида аслзодалик ва ҳақирлик, тўра ва қул билан айнандир. Бизнинг ҳозирги ахлоқимиз юқори тоифанинг ҳукмронлиги негизида юзага келган.”

Ҳа, Европа ахлоқи, маънавияти табақавий фарқлар, синфий манфаатлар, гуруҳий ўзига хосликларга қурилган. Ҳар ҳолда Нисше яшаган давргача ана шу тартиб ҳукмрон эди. Валек Нисшенинг қуйи гуруҳга менсимай қараганига, унга мансуб кишиларни «виждонсиз, зўравонликка мойил, қаҳрли, маккор” деб аташига ҳам дуч келамиз. Бундай бадсифат кишилар ичида нафақат қуйи табақа, худди шунингдек, юқори тоифа вакиллари ҳам бўлиши мумкин. Аслида Нисше аслзодалар турмуш тарзи, маданий ҳаёти ва фалсафий қарашларининг тарафдори бўлган, шу боис унинг асарларида авомга, тўдага ишончсизлик, ҳазар билан қараш учрайди. Айнан ушбy фикрлари учун баъзилар Нисшени ғайриинсонийликда айблашади. Башар ҳаёти қанчалик адашишларга қурилган бўлмасин, ақлу идрок адашишлар кетидан сўқирона эргашиб кетавермайди, (даҳо шахсларнинг тарихий тажрибаларни қайта баҳолашга интилиши ибратли мисолдир), даҳо шахсларнинг ижтиҳодлари тарихни кескин олдинга силжитади.

Шарт-шароитлар, бутун маънавий ҳаёт жирканчли, ҳур фикрга, ўзлигини ошкор этишга ҳеч қандай имкон қолмаган бўлса-да, бир бор эрк гаштини тотган руҳ, ақлу идрок қайта ҳурлик қўмсамай қолмайди. Даҳо шахслар ана шу истакнинг, ҳар бир ақлнинг эҳтиёжига айланишини тезлаштирадилар.
Бутун Европа тафаккури ва фалсафаси дин, диний қарашлар билан яқинлашиб ёки баҳслашиб ривожланиб келган. Ушбу жараёнлардан қадриятлар ҳам чеккада қолмаган, шунинг учун файласуф динга ўз муносабатини билдириши вожиб эди.

Нисше, диний тушинчалар қўрқувдан, муҳтожликдан, онгнинг адашишидан келиб чиққан, илм-фан билан дин ўртасида «яқинлик ҳам йўқ, биродарлик ҳам йўқ, рақобат ҳам йўқ; улар турли сайёрада яшайдилар,» деб ёзади. Христианлик ўтмиш сифатида черков ҳайбатида ва мис жомларнинг жарангларида ҳамон яшаб келади. У Исонинг ўгитлари ва кароматларини эслаб киноя билан дейди: “Шундай нарсаларга ҳамон ишонаётганларга ишониш мумкинми? ” Ҳаёт ташвишлари билан мудом банд, у ёки бу нарсани яратишни мақсадига айлантирган кишининг динга эътиқод қилиши уни безайди; ҳаёти зерикарли, яратиш иштиёқидан узоқ кишининг динпарастлиги унинг мутелигидир, ҳатто диний ахлоқ ҳам уни безамайди. ” Христианлик юракни дардлардан бўшатиши учун юзага келган, энди эса у ушбу вазифани башариш учун аввало юракни андуҳларга ботириши лозим.”

Инсон меҳрга, муҳаббатга зор, у аслида диндан ҳам меҳр-муҳаббат қидиради. Лекин унинг ўз меҳр-муҳаббатини ғайриҳаётий тасаввурларга исроф этиши файласуфда таажжуб уйғотади. «Дунёда муҳаббат ва хушдиллик ғайриҳаётий мавжудотларга исроф қилиш мумкин даражада кўп эмас». Содда ақллар ушбу нозик туйғуларни ўзлари кўрмаган, билмаган, мажҳул тушунчаларга ўралган символларга сарфлаб ўзларини гуноҳлардан холи қилмоқчи бўладилар. Бироқ гуноҳдан халос бўлиш шахснинг ўз ихтиёрида эмас; одамнинг гуноҳлардан холи бўлиши маҳдудотнинг ҳам гуноҳлардан тўла холи бўлишини тақозо этади, бу эса амри маҳолдир. Ушбу чексиз зиддайнлар Нисшени Калдероннинг «Одамнинг энг катта айби унинг дунёга келганидадир,” деган сўзларини келтиришга мажбур этади.

Асарда адолат, айб, ноҳақлик ва ҳаққоният, бахт ҳақида ҳам талайгина фикрлар бор. Унда ахлоқий хатти-ҳаракатлар билан инте¬ллектуал билимлар ўртасида мудом алоқа бўлиши зарур, адолат ушбу алоқани тўғри англаш чегарасидир. “Абадий адолат йўқ, адолат ўзгариб турувчи ахлоқий хатти-ҳаракатлар билан интеллектуал билимлар уйғунлигидадир,” демак, адолатнинг ўзи ҳам ўзгарувчандир, деб уқтирилади.
Нисше адолатсизликка табиий—тархий ҳодиса деб қарайди. Агар бадавлат киши камбағалнинг маҳбубасини тортиб олса, у кейингиси учун ўта адолатсизлик, ёвузлик туюлиши турган гап. Валек Нисшенинг фикрига кўра, «бадавлат кишилар қадимдан кўп нарсаларга эгалик қилишга ўрганган. Аслида эса қудратли кишиларнинг адолатсизлиги, тасаввур қилишганидек,улкан эмас. Ўзининг юқори эҳтиёжларга эга эканлиги ҳақидаги туйғунинг наслий ўтиши бадавлат кишини адолатсизликка совуққон ва виждонини бефарқ қилиб қўяди; ахир биз виждонимиз қийналмай чивинни ўлдирганимизда ҳеч қандай адолатсизлик сезмаймизку?”

Чунки, “барча юришларга чексиз ишончсизлик ва қўрқоқлик билдиргани учун ўғлини падаридан тортиб олиб уни тилка-тилка қилишга буюргани Ксеркснинг адолатсизлигидан гувоҳлик бермайди (уни ҳатто греклар мутлақ олижаноблик деб аташади), бу ҳолатда айрим киши ёқимсиз қумурсқа сифатида мавҳ этилади; у паст тургани учун жаҳонгирни оғир ғамга солмайди.” Демак, Нисше адолатсизликнинг юқори тоифа томонидан содир этилишини табиий ҳол деб билади. Унинг оддий кишиларни чивинга, ёқимсиз қумурсқага қиёслагани, қумурсқани ўлдириш билан одамни ўлдиришни айнанлаштиргани ачинарлидир, албатта.

Худди шунингдек, Нисше тоифалар, бадавлат ва камбағал кишилар ўртасидаги маълум бир шартномага асосланган ҳуқуқлар бўлишини тан олган ҳолда, “қулнинг зарурлиги тўрасига унинг қанчалик фойдали ва лозимлигидадир”, деб ҳисоблайди. Нисше икки томоннинг бир-бирига қанчалик зарурлигидан эмас, балки аслзода учун қулнинг қанчалик зарурлигидан келиб чиқади; бу, шубҳасиз, адолат негизидаги тенгликнинг аксидир.

Файласуф назарида бадавлат ва камбағал, тўра ва қул, аслзода ва қуйи табақа кишиси ҳуқуқда тенг эмас, иккинчиси биринчисининг манфаатларига хизмат қилиши зарур, чунки ҳар ким ўз кучининг аҳамияти меъёрида ҳуқуқга эга” (Спиноза). Зўравонликни, адолатсизликни “қониқиш олиш, изтироблардан қутулиш”, “ҳар қандай ҳолда ўзини асраш”, бир кишининг ёки тоифанинг иккинчи киши ёки тоифадан устунлигини ҳаёт, тараққиёт учун зарур деб талқин қилиш эътирозлар уйғотмай қолмайди. Умумий ҳуқуқий тенгликни таъминлаш мақсадида куч, айрим шахслар манфаатига нисбатан адолатсизлик зарур, валек адолатсизлик ижтимоий-ахлоқий норма сифатида тарғиб қилинмаслиги керак.

Нисше учун ақлу идрокни янги-янги тўсиқларга, мавзуларга, изланишларга етаклаш, мажбур қилиш муҳим. Эркин, ҳур руҳ беором изланишлар орқали фикрни қотиб қолишдан асрайди, у «шиддатли кўчки» сифатида ақлни эски тасаввурлар билан, ҳатто адашсада, курашиб, бир фикрдан иккинчи фикрга кўчиб, ўзгаришлардан маъно-мағз излаб яшашга ундайди. Башарга кураш ва изланишлардан, чексиз изтироблардан ҳузур топиб яшаш имконигина берилган.

Нисше беҳуда ёзмайди: ” Ҳузур-лаззатсиз ҳаёт йўқ, ҳузур-лаззат учун кураш ҳаёт учун курашдир.” Тўғри, бу кураш ҳаммага ҳам ҳузур бахш этавермайди, унда хавф кўп, адашиш кўп, аммо ушбу азалий қисматидан қочиб инсоний сифатлар топган ва инсоний сифатларини намоён этган бирорта ақл бўлганмикан ? …

021

ДАҲОЛИК

093 Даҳолари бор давр – мўъжиз, даҳолари бор халқ – муаззам; айнан даҳо шахслар туфайли ҳаёт – боқий, келажак мунаввардир. Инсоният тарихи ноёб истеъдод эгалари амалга оширган буюк ўзгаришлар ва кашфиётлар тарихи бўлиб қолмоқда.

Даҳолар орамизда яшайди, чунки беш ёшгача бўлган ҳар бир гўдакда даҳолик сифатлари мавжуд. Аммо ён-атроф талабларига, анъаналарига мослашиш гўдакдаги бетакрор сифатларни сўндиради, уни бир қолипда фикрлайдиган ва бир тарзда яшайдиган оммадан бирига айлантириб қўяди. Тўғри, ён-атроф ҳаммани ҳам ўзига тўла муте этолмайди, айрим ўжар зотлар мавжуд тартибларга, догмаларга ва сийқа ҳаёт тарзига қарши чиқади; улар ўзлари топган аллақандай ғояларга телбанома эргашади, савдойилик ва девоналикни ихтиёрий тарзда ўз устига олади. Айнан ушбу ҳол даҳоликда истеъдоддан, иқтидордан ва закий ақлдан бошқа нимадир бор деган ўйга олиб келади. Ва беихтиёр италиялик руҳшунос олим Ц.Ломброзо эсга тушади. У ўзининг машҳур «Даҳолик ва телбалик» асарида, «телбалар орасида даҳолик учқунларига эга субъектлар бўлганидек, даҳо кишилар орасида ҳам телбалар бор», деб ёзади. Шу билан бирга у уқтиради, «бундан даҳо шахслар телба бўлиши керак деб хулоса чиқариш ката гумроҳликдир». Демак, даҳолик билан телбалик айнан воқеликлар эмас, бироқ улар ўртасида нималардадир ўхшашлик мавжуд.

Телбалик телбаларда барқарор, даҳоларда ўткинчи ҳолатдир. Телбалар ҳам ижод қилади, аммо уларнинг яратганларида мантиқ, ижобий мақсад кам, даҳоларнинг ижоди, яратганлари дарк, ижобий мақсад амридадир. Телбалар мантиқни бузадилар ва буни салбий ҳодиса деб билмайдилар, даҳолар мантиқдан ўзадилар ва ушбу ҳаракатини онгли тарзда амалга оширадилар. Телбалар учун ҳақиқатан ҳам қонун йўқ, улар ижтимоий тартибларни бузаётганларини идрок этмайдилар, даҳолар ижтимоий тартибларни ижодий зўриқиш пайтида бузадилар, ушбу он ўтгач, улар мавжуд тартибларга бўйсунадилар. Телбалар ижоди кимларгадир, нималаргадир хизмат қилиши зарурлиги ҳақида деярли фикр юритмайдилар, даҳолар эса ҳар бир асари, фикри кимларгадир завқ ва ақлий қувват бағишлаши кераклигини унутмайдилар. Тўғри, даҳолар ижодий зўриқиш онларида ўқувчиларни, томошабинларни эсламаслиги ҳатто уларнинг бадиий-эстетик дидига, ижтимоий тасаввурлари ва қарашларига қарши чиқиши мумкин, лекин бу уларнинг кимлар учун, нима учун ижод қилаётганини унутгани эмас. Телбалар яратган нарсаларини изчиллик билан янада такомиллаштириш мумкинлигини билмайдилар, даҳо шахслар эса асарлари устида тинмай ишлайдилар, уларни янада мукаммаллаштириш йўлларини изчил қидирадилар. Телбаларда «мен»ни ижобий, бетакрор воқелик сифатида қадрлаш тажрибаси йўқ, даҳо шахслар «мен»ини ноёб, муаззам нарса сифатида улуғлайдилар, уларда нарқизим – ўзини севиш кучли. Телбаларнинг ён-атрофга даъволарида ҳиссиётга, ҳавойи ўйларга берилиши, булҳаваслик устун туради, даҳолар ижодий зўриқиш онларида фаноликка берилса-да, ўзининг талаб ва даъволарини рационал асослай оладилар. Телбалар билан даҳолар ўртасида яқинлик, мунтабиқлик ҳам мавжуд: биринчидан, улар ўзининг изланишларига, соҳасига машрабона ошиқдирлар; иккинчидан, уларнинг иккаласини ҳам замондошлари тушунмайди, тан олмайди, гоҳо эса ўз даврасидан қувади; учинчидан, улар ижодида ғайриҳаётийлик ва эротикага берилиш бўртиб туради…

Олам ранг-баранг. Фақат оқ ва қора ранглар уйғунлигидан минг-минглаб оралиқ ранг (полутон)лар ҳосил бўлар, онг сезгир ва моҳир мусаввирлар улардан 600 тасини илғаши мумкин экан. Ижтимоий ҳаёт ва кишилараро муносабатлардаги ранг-барангликлар улардан ҳам зиёд, беҳисобдир. Шунинг учун инсон ҳаёти, саъй-ҳаракатлари икки-эзгулик ва ёвузлик каби мунофий қутбларидангина иборат эмас. Оддий киши ёки ўрта-миёна иқтидор эгаси Ушбу ранг-баранг, беҳисоб муносабатларни шунчаки қайд этиши ёки уларнинг уч-тўрттасини тасвирлаши мумкин. Даҳо ижодкорлар оддий ақл англаб етмаган, илғамаган, ҳатто илғаган бўлса-да, маҳорати, истеъдоди камлиги боис очиб беролмаган воқеликлар тубидаги воқеликларни, киши қалби, руҳи тубидаги мавҳум, серсир тўлқинлар ва жилғаларни тасвирлаб, одам ва олам ҳақидаги тасаввурларни Янги поғонага кўтаради. Айнан ушбу хислат даҳо ижодкорларни сертуйғу, таъсирчан ва ўта нафис ҳиссиётли қилади. Гўёки улар ҳаёти ва ижодида дунёнинг бор ранг-баранглиги, зиддиятлари, кишилараро муносабатларидаги гоҳ шод, гоҳ ғамгин фикрлар уйғотувчи мунофий тарафларнинг тўқнашувлари тўла ўз ифодасини топгандек.

Мутлақ бетакрорлик ва мутлақ янгилик излаш даҳо ижодкорлар умр бўйи амал қиладиган тамойилдир. Айнан ушбу фазилати уларни ўрта-миёна иқтидорлар давласидан йироқлаштиради. Бу ўринда Қадимги Хитой мутафаккирлари, даосизм асосчиси Лао-цзи мисол бўлиши мумкин.

Донишманднинг фикрлари ҳар доим ҳайрат уйғотиб келган. «Тўғри-нотўғри, – деб ёзади у, – шундай шундай эмас. Агар тўғри ҳақиқатан ҳам тўғри бўлганида нотўғридан шунчалик фарқ қилардики, баҳсга ҳеч қандай ҳожат қолмасди. Агар шундай ҳақиқат ҳам шундай бўлганида шундай эмасдан шунчалик фарқ қилардики, тортишувга ҳеч ўрин қолмасди. Вақтни унутинг, фарқларни унутинг! Чексизлик бағрига шўнғинг, уни ўз кулбангизга айлантиринг!».

Ҳамма «тўғри» деб топган нарсани қандай қилиб нотўғрига чиқариш, ҳамма «шундай» деб тан олган нарсани қайси асосга таяниб «шундай эмас» дейиши мумкин? Вақтни, нарсалар ўртасидаги кўриниб турган фарқларни унутиб бўладими? Ахир ақлу идрок объектив борлиқдан, реалликдан била туриб воз кечиши мумкинми? Агар «Чексизлик бағрига шўнғинг!» даъвоси бўлмаганида юқоридаги сўзларни телба айтаябди дейишингиз турган гап. «Тўғри-нотўғри», «шундай-шундай эмас» деган тушунчалар дарк кашфиётларидир. Чексизлик учун бундай тушунчалар ҳам, ҳолатлар ҳам йўқ, фақат Чексизлик мавжуд, барча нарсалар ушбу Чексизликка монанд ва унинг ичидадир. Антиномиялар билан фикрлайдигшан киши зиддиятлар ичида яшашга мажбур, у ҳаётни қарама-қаршиликларсиз тасаввур этолмайди. Чексизлик интиладиган Яхлитлик, Умумийлик у учун мавҳум тушунчалар-дир. Бундай киши ҳеч қачон ҳаётдан, борлиқдан қониқмайди, у нафақат ўзининг, шунингдек бошқаларнинг ҳам бошига кулфатлар келтиради. Онги тоза, антиномиялардан холи киши Мавжудлик билан иноқ, уйғун ва муросада яшайди, унинг учун ҳар бир он – мутлақ янгилик, ҳар бир нарса – мутлақ бетакрор, Чексизлик бетакрорлик ва янгилик манбаидир. Дао эса Чексиз томон бориладиган мудом чексиз йўлдир.

Даосизм радикал экзистенциал фалсафадир. У «мен»дан, такаббурлик-дан мутлақ воз кечишга чақиради. Бу талаб даҳо шахсларнинг ҳаёт тарзига ҳам, ижодий тамойилларига ҳам зиддир. Аслида кишини «мен»идан воз кечишга даъват этишнинг ўзи такаббурликдир. Шу тариқа Лао-цзи, даосизм ўз «мен»ини ўрнатишга интиладики, бу ҳар қандай ақлда эътироз уйғотади. Юқоридаги фикрлари боис Лао-цзи одамлар даврасидан воз кечиб аҳад яшаган.

Даосизм ҳузурни, ютуқни, унвонни тан олмайди, бурчни, ахлоқни, тартибларни зўрлаб сингдиришга қарши. Даҳо шахсларда ҳам шундай ёндашишлар кўзга ташланади, аммо улар ушбу тамойилни мутлақлаштирмайдилар, гоҳо улар ҳузур, ҳаззга, унвон ваш он топишга бериладилар.

Даосизм узоққа мўлжалланган режалар тузишни, дунёни, ён-атрофни ўзгартиришни борлиқдаги гармонияни бузиш деб билади, у борлиқни шундайлигича кўриш, шундайлигича асраш тарафдоридир. Даҳо шахслар кўпинча дунёни ўзгартириш, янги тартибларни шакллантириш тарафдорлари бўлиб чиқадилар, айнан шундай ташаббус, саъй-ҳаракатлар уларнинг фаолиятига ижтимоий моҳият бахш этади.

Даосизм даҳоликни рад қилади, чунки шаклланган фазилат догмага, мутаассибликка мойил. Шунинг учун даосизм шаклланган нарса эмас, шаклланаётган нарса мавжуд, қарор топган фазилат, хислат эмас, шаклланаётган фазилатлар, хислатлар бор деб ҳисоблайди. Беором изланиш ва янгиликка ўчликда даосизм билан даҳолик тўла мунтабиқдир. Шу нуқтаи назардан ҳар бир даҳо даочидир.

Истеъдодсиз, иқтидорсиз ижодкорлик ва даҳолик йўқ, аммо ҳамма истеъдод, иқтидор эгалари ҳам даҳо ижодкор бўлавермайди. Истеъдод даҳолик томон ташланган илк қарамдир, холос. Жамият аслида иқтидорли кишиларнинг кўп бўлишини истайди, унга даҳолар эмас, иқтидорли кишилар керак. Шунинг учун даҳолар жамият хоҳишига зид тарзда, инод билан пайдо бўладилар, улардаги қайсарлик ҳам шундандир. Даҳолар азалдан ноёб ҳодиса ҳисобланади, бундан кейин ҳам улар кўп бўлмайди. Тарбия билан ўрта-миёна иқтидор эгаларини шакллантириш мумкин, лекин даҳоларни эмас. Даҳолар ўзини ўзи шакллантирадилар. «Тарбия воситасида айиқни рақсга тушишга ўргатиш мумкин, аммо даҳо кишини етиштириш амри маҳолдир» (Гельвеций). Ҳақиқатан ҳам даҳо шахсларда тарбияга, анъаналарга, одатий ҳаёт тарзига бўйсуемайдиган қандайдир муъжиб, ўжар куч мавжуд.

Юксак иқтидор ва истеъдод эгаси, даҳо шахслар мавжудликдан қониқмайди, уни рад этади ва тубдан ўзгартириш ташаббускорлари, назариётчилари бўлиб чиқадилар. Кишилар анъанавий фикрлаш ва ҳаёт тарзига мойил бўлганлари учун ушбу ташаббусларга, назарияларга қарши турадилар; бу даҳолар билан жамият ўртасида зиддиятларни келтириб чиқаради. Шунинг учун муҳтожликда, қувғинда ва аҳад яшаш даҳоларнинг қисмати бўлиб келган.

Даҳо ижодкорлар афсоналарни севадилар ва ўзлари ҳам афсоналар тўқийдилар. Афсоналарда ғайриҳаётийлик мавжуд, даҳолар ҳаётдан, реалликдан ўзиш учун (тўғрироғи, ибтидоий тасаввурларни тиклаши учун) афсоналарни севимли мавзуларига айлантирадилар. Ю.Мейер «Иқтидорли кишининг фантазияси мавжуд нарсаларни ўзидек тасвирлайди, даҳо шахснинг фантазияси мутлақ янги нарса, афсона яратади» деганида ҳақ эди.

Даҳо шахсларда ўзининг билимига, кучига, бошқалардан довюраклигига, муваффақият қозонишига ишониш, жанговарлик туйғуси юқори бўлади. Ушбу хислатлар Юлий Цезарь, Кир, Александр Македонский, Чингизхонда тожпарастлик, шуҳратпарастлик ва дунёга якка ҳукмронлик қилиш, Наполеон ва Сталинда некрофиллик билан чатишиб келади, шу боис улар курашишни, ёвлар билан олишиб яшашни ҳаёт тарзига айлантирганлар. Улар кимларнидир устидан ғолиб келаётганидан завқ олганлар, ҳатто ҳамроҳларини, яқин кишиларини қурбон бериш ҳам уларни изтиробга, ғамга солмаган. Агар бундай шахслар инсонпарвар, халқпарвар бўлса, улар бор билимини ва кучини кишиларни зулмдан, адолатсизликдан халос қилишга сарфлайдилар. Масалан, Мхатма Ганди шундай шахсдир.

Қадимги Ҳиндистон мутафаккирларининг куч ишлатмаслик ғояларига таянган М.Ганди ҳинд халқини Буюк Британия мустамлакачилигига қарши кўтаради. Зўравонлик, интиқом яшаш тарзига айланган ХХ асрда куч ишлатмасдан мустамлакачилардан халос бўлиш ғояси билан чиқиш ғайриҳаётий ҳодиса эди. Бундан ташқари Махатма Ганди Ғарбнинг индустриал тараққиёт моделини рад этди ва Ҳиндистоннинг келажагини «қишлоқ социализми»да кўрди. Унинг фикрича, аҳолиси кўп бўлмаган қишлоқларда ўзини ўзи бошқариш институтларини шакллантириш орқали фаровон яшашни таъминлаш, қолоқликни, саводсизликни тугатиш осон. Бу Платон ва Аристотелнинг аҳолиси кўп бўлмаган жойлардагина демократия ўрнатиш мумкин деган қарашларига ҳамоҳанг ёндашув.

Йирик индустриал шаҳарлар нафақат бошқариш ишларини мураккаблаштиради, шу билан бирга экологик, демографик, этник муаммоларни келтириб чиқаради, уларда турли иллатларнинг, жиноятчилик ва бузғунчи қарашларнинг пайдо бўлишига замин мавжуд. Урушлар, революциялар, низолар ташаббускорлари йирик индустриал шаҳарлар бўлиб қолаётгани М.Ганди «қишлоқ социализми»нинг буюк ғоя эканлигининг тасдиғидир.

Даҳоликни кўпинча бадиий ёки илмий ижод билан боғлашади. Айнан ушбу соҳаларда дарк-ақлу идрокни, инсон имкониятларини кенгайтиришга қаратилган буюк кашфиётлар қилинган. Ц.Ломброзонинг кўрсатишича, бадиий ёки илмий ижод билан шуғулланишга интилиш телбалар орасида кенг тарқалган. Шуни назарда тутиб у «телбахона истеъдодлар ватани» деб ёзади. Телбалар ора-сира юз, ҳатто икки юзлаб асарлар ёзганлар топилади.

Ўз пайтида Аристотель Сиракузлик Маркнинг васвасага берилганида яхшигина шеърлар ёзишини, одатдаги ҳолида, ушбу қобилиятини мутлақ йўқотиб қўйишини қайд этган. У, машҳур шоирлар, сиёсатчилар ва мусаввирлар дилгир, савдойи ёки одамови бўлади, бундай сифатлар Суқрот, Эмпедокл, Платонда мавжуд, деб ёзади. Платоннинг фикрига кўра, «алаҳсираш асло хасталик эмас, балки, аксинча, худолар кишиларга инъом этган энг юксак неъматдир». Донишварнинг евгеника (наслдор ҳайвонларни етиштириш усули)ни ҳукмрондорлар етиштиришга тадбиқ этиш ҳақидаги тавсияси телбаликдан бошқа нарса эмас. Демокрит соғлом ақл эгаси ҳақиқий шоир бўлолмайди, Паскаль ва Шеллинг даҳолик билан телбалик ёнма-ён юради деб ҳисоблаганлар. ХХ аср тасвирий санъатига жиддий таъсир кўрсатган, йирик сюрреалист Сальвадор Дали ўзини ошкора «телба» ва «даҳо» деб атаган. Демак, бадиий ва илмий ижодда даҳолик билан телбаликнинг уйғун келадиган қирралари кўп.

Даҳолар таъсирчан бўладилар, табиатдаги ўзгаришлар, шамол, совуқ, иссиқ, Қуёш ва Ой ҳаракатлари, денгиз ҳавоси, қояларнинг маҳорати, майсаларнинг бўй кўрсатиши, тундаги осудалик, хуллас, бутун борлиқ даҳо ижодкорларини жунбушга келтиради, уларни қўлига қалам олишга ундайди. «Мен соғ ва очиқ кунлари ўзимни дуруст сезаман, – деб ёзади М.Монтень. – «Тажрибалар»имдаги эътиборли фикрларни анна шу кунлари ёзганман». Д.Дидро кучли шамолдан, Байрон ва Гейне совуқдан қўрқишган, Ф.Нисше юмшоқ иқлим, очиқ ҳаво излаб тинмай бир шаҳардан иккинчи шаҳарга кўчиб яшаган. Буюк шоирларнинг энг нафис ва улуғвор шеърлари ҳам табиат ҳақидадир.

Севаману, аммо – билмайман нучун?
Жимжит ҳамда мудроқ далаларини,
Мавж уриб туручи кенг ўрмонларин,
Ва шўх дарёларин, барии-барини…

Қишлоқлар йўлида юрмоқлик маза!
Чопсам аравада дейман, тун чоғи:
Ҳасрат-ла қўнимгоҳ излаган лаҳза-
Дуч келса кулбалар, хира чироғи.

Севаман ёқилган анғизлар дудин,
Чўлда йўлга чиққан карвонни – тунни,
Севаман адрда етилган экин-
Ичида оқарган қўша қайинни.

(М.Лермонтов)

Айниқса баҳор фаслини, кўм-кўк далаларни, табиат бор кучини сарфлаб гуллаб-яшнатган ён-атрофни куйлаш деярли барча ижодкорларга хосдир. Шунинг учун ҳам «ўсимликларга фойдали таъсир этувчи иссиқ кунлар, – деб ёзади Ломброзо, – баъзи истисноларсиз, телбаларда кучли ҳаяжон уйғотгани каби, даҳоларнинг сермаҳсул ишлашига ҳам таъсир этади». Унинг ҳисоб-китобларига кўра, буюк асарлар ва кашфиётларнинг яратилиши жазирама иссиқ кунларига, ойларига тўғри келади. Мазкур фикр билан баҳслашиш, ҳатто уни рад этиш мумкин. Масалан, иссиқ ўлкаларда яшаш учун зарур неъматлар табиатда етарлича топилади, озгина меҳнат билан озиқ-овқат муаммоси ҳал этилади. Бундай шароитда буюк кашфиётларга эҳтиёж сезилмайди, унда руҳий-спиритуалистик ва хаёлий-фалсафий мушоҳадаларга мойиллик кўпроқ учрайди. Совуқ ўлкаларда эса киши тирик қолиши учун табиат билан курашишга, уни ўзига итоат эттирувчм воситаларни, қуролларни яратишга, ихтиро этишга мажбур.

Даҳоликни ирқий, ирсий омиллар билан боғлаш одати қадимдан мавжуд. Тадқиқотчилар Ушбу мавзуни ўрганишга журъат этолмаябдилар шекилли. Тўғри, француз социологи ва элшуноси Г.Лебон халқларни ибтидоий ирқ, қуйи, ўрта ва олий ирқларга бўлиб, фақат олий ирққа мансубҳиндоевропаликлар буюк кашфиётларга қодир, «цивилизациянинг шу даражага етиб келгани улар туфайлидир» деган фикрни илгари суради. Агар, деб ўз фикрини давом эттиради у, «олий ирққа мансуб ҳиндлар санъат, адабиёт ва фалсафада юқори даражага кўтарилган бўлса, монголлар, хитойликлар ва сомийлар ушбу даражага ҳеч қачон кўтарилмаган».

Минг ваҳки, Г.Лебон Хитой тарихи ва маданиятидан яхши хабардор эмасга ўхшайди, акс ҳолда у конфуцийлик буддавийликдан, даосизм брахманизмдан, Қадимги Хитой адабиёти, санъати, архитектураси Қадимги Ҳиндистон адабиёти, санъати ва архитектурасидан асло қолишмаслигини курган бўларди. Аммо Шарқда етишиб чиққан даҳо шахсларнинг ҳаёти ва ижоди етарли ўрганилмаганини, бу борада психологик тадқиқотлар умуман йўқлигини, чоп этилган асарлар эса санохонликдан иборатлиги учун бирор янгилик беролмаслигини тан олиш даркор.

Ваҳоланки, Ла-цзи, Конфуций, Хан Фэй, Будда, Нагаржуна, Мхатма Ганди, Шри Ауробиндо, Ибн Сино, Беруний, Румий, Навоий, Абай каби донишмандларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш муаммога кўп ойдинлик киритган бўларди. Шунинг учун Ломброзонинг ёҳудийлардан кўп даҳо шахслар чиққани, «ирсият уларга беҳад ката таъсир кўрсатгани» ҳақидаги хулосалари эътирозлар уйғотади. Шунингдек унинг, 100 ҳодисадан 85, ҳатто 88 тасида ирсият ҳал қилувчи омил ҳисобланади, деган фикрлари ҳам шубҳалидир. Ҳа, айрим бир авлодлар (Моцарт, Бах, Веронези, Караччи, Чициан, Дарвин, Эйлер, Гук, Дюма ва б.)да истеъдод наслдан наслга ўтгани кузатилади, лекин улар истиснодир.

Даҳолик илоҳий неъмат деган фикр юради. Алҳақки, ижод, изланиш кимларгадир чексиз завқу шавқ, ҳузур манбаидир, улар зарур оҳангни, рангни, мисрани осонгина топишади. Улар учун ижод, изланиш ақл, хаёл ўйинларидир; улар ҳаётни ҳам ўйин деб аташдан қайтмайдилар. Бундай кишилар муваффақиятсизликдан фожиа яратмайдилар, ҳар қандай муаммони ҳазил ёки оптимизм билан ҳал этадилар. Улар рад этилган севгиси, барбод бўлган оиласи ҳақида изо чекмайдилар, осонгина бошқа аёлни севиб ёки бошқа оила қуриб яшайверадилар. Аммо ҳаётда бундай даҳо ижодкорлар ниҳоятда кам учрайди.

Иккинчи тоифадаги даҳолар учун изланиш, ижод машаққат, азоб-уқубатдир. Улар истеъдоднинг шундай доҳийона асар яратишга ундаши мумкин.

Даҳолар одатда иззатталаб ва шуҳратга ўч шахслардир. Ўз асарларида камтарликни, хоксорликни куйлаганлари улар фазилатларининг ифодаси бўлавермайди. Гоҳо у ёки бу ижодкор шахси ҳақида унинг асарларидаги ғояларига қараб хулоса чиқаришади, даҳо ижодкорларнинг ўта ниқорли, зиддиятли шахслар экани унутилади. Иззатталаблик, шуҳрат излаш қораланадиган фазилатлар эмас, улар барча одамга хос истакдир.

Тақдирланиш, шуҳрат топиш истаги айниқса ижодкорларда кучли ривожланган. «Одам ҳайвонлар ичида энг шуҳратпарастдир деб ёзган эди Г.Гейне, -шоирлар эса одамлар ичида энг шуҳратпарастидир». Айнан ушбу истак изамондошларининг бефарқлигига, ҳақоратларига, қувғинларига чидашга, оромидан, ҳазз-ҳузурдан, мартабалардан кечиб бошқаларга беъманилик бўлиб кўринган нарсаларни излашга, яратишга ундайди. Оддий кишиларга беъмани кўринган нарсалар ижодкор шахслар учун шон-шуҳрат манбаи ҳисобланади; биринчиси оиласи, дўстлари даврасида хушнуд яшашни ўйлайди, иккинчиси оромидан кечиб, ярим оч, ярим ялонғоч алланималардандир юксак маъно-мағз қидиради; биринчисига даҳолар савдойи, ҳавойи, иккинчисига оддий кишилар ғафил, қусурли кўринади.

Ён-атроф, жамият бизни хоҳиши ва иродасига бўйсундиришга интилади, ўрнатиган тартибларига мувофиқ яшашимизни истайди. Шунинг учун улар анъаналарни, ахлоқни, қонунларни, бошқариш усулларини ўйлаб топган. Аслида бу ранг-баранг ҳаётни унификациялаштириш ҳур ақлни, ўй-хаёл ва фикрни сийқалаштириш, бир қолипга солишдир.

Юксак истеъдод эгалари ушбу анъаналар ва қонунлардан ўзиб, ҳар қандай жиловлашга, сийқалаштиришга қарши чиқиб, гоҳо уларни намойишкорона бузиб яшайдилар. Улар сийқа фикрлар ва ёндашувларнинг адувидирлар. Бу борада улар асрлар давомида кишилар улуғлаб, сиғиниб келган қарашларга, шахсларга қарши чиқишдан қўрқмайдилар. Ҳа, гоҳо бу такаббурлик кўринади. Аслида такаббур бўлмай мутакаббирлар ҳукмрон жамиятда эътиборли бирор нарса яратиш амри маҳолдир. Бироқ даҳо шахслардаги такаббурлик уларнинг ўз иқтидорини, ижодини ҳимоя қилиш усулидир. Шунинг учун даҳоларнинг такаббурлиги, бошқаларнинг ҳуқуқларини топтамаса кечирарли ҳолдир.

Юксак қобилият, ноёб иқтидор ижодкорни кўпинча ниқорли, зиддиятли шахсга айлантиради. Унинг ён-атрофдан, мавжуд тартиблардан қониқмаслиги, ноанъанавий фикрларни илгари суриши турли зиддиятлар келтириб чиқаради. Натижада, агар ижодкор ўзини забун, ожиз сезса ўзини ён-атрофдан олиб қочади, кишиларга, ҳатто ақраболарига ҳам шубҳа билан қарайди, ҳатто у одамзодни, инсоният яратган бойликларни рад этиш даражасига боради.

Масалан, Шопенгауэр қўлёзмаларини китоб ҳолида чоп эттиришга тайёрлаган бўлса-да, уларни оила аъзоларидан беркитиб юрган. Ўзи фалсафа билан шуғулланган ва ўзини файласуф деб аташларини ёқтирган, аммо фалсафа профессорларини жинидан баттар ёмон кўрган. Фр.Нисше ўзи шаклланган ва маҳсули бўлган икки минг йиллик Ғарб, аниқса христианлик маданияти, дини, ахлоқига қарши жанг эълон қилади, Янги ахлоқ, маданият ва Алподам («Сверхчеловек») яратишни орзу қилади. Р.Декард, Ф.Бэкон, Д.Юм ўзидан олдинги файласуфларга қарши чиқдилар ва улар меросига шубҳа билан қарадилар.

Ибн Сино ва Берунийнинг ҳам зиддиятли шахслар бўлгани маълум. Ибн Сино медицинага оид буюк кашфиётлар қилган бўлса-да, умрининг иккинчи ярмини ўз кашфиётларининг нотўғри эканини исботлашга сарфлади, майхўрликка, зинога ружу қўйди. Беруний ўз қарашлари учун қувғинда яшади. Л.Н.Толстой оилавий ҳаётга, фарзандлар тарбиясига оид дидактик асарлар, дарсликлар ёзди, бироқ умрининг охирида ақраболаридан безиб, улардан қочади. Ҳайратли ҳол шундаки, доҳийона фикрларига мувофиқ ҳар қандай низони, тўқнашувни тинч, «сен-мен»сиз ҳал этишлари мумкин бўлган ижодкорлар арзимаган сабани чуқурлаштирадилар. Уларнинг қалби, руҳи мутлақ ҳурлик истайди, минг афсуски, жамиятда мутлақ ҳур яшаш мумкин эмас.

Даҳо ижодкорлар дабдабаларни, ўзини кўз-кўз қилиб йиғинлар тўрида ўтиришни, унвон ва нишон тилаб саройга эгилишни ёқтирмайдилар. Улар учун юксак мукофот – ижод; ижод дақиқаларидан ҳам серзавқ, сермағз нарса йўқ. Эркин руҳнинг турмуш таршвишлариан, фисқу-фужурлардан, алдоқчи шарафлашлардан холи парвози у топган юксак унвон, мукофотдир. Улар ҳеч бир даврани, ҳеч бир олқишни ушбу дақиқаларга алмаштирмайдилар, удақиқалардан маҳрум қолганларида ўзини бахтсиз сезадилар; улар қалбидаги туғён ва исён ҳам ушбу важдандир.

Даҳолик ноёбликда, бетакрорликдадир. Ўрта миёна иқтидор эгалари бир-бирларига ўхшайдилар, бир-бирларига монанд ҳаёт кечирадилар. Улар анъаналарга қарши чиқмайдилар, жамият билан муросада яшайдилар; уларнинг идеаллари ҳам айнандир. Даҳо ижодкорлар фикрлашда ҳам, яшашда ҳам, идеаллар излашда ҳам бетакрордирлар.

Агар ноёб иқтидор эгаси сиёсий муҳитни, борлиқни ўзгартирмоқчи бўлса уни фидойилик, улуғ бир мақсадга ўзини бағишлаш, кишиларни бирлаштириш ўйи чулғаб олади, у халоскорлик режаларини ишлаб чиқади, ҳатто янги эътиқод, дин яратишдан ҳам қайтмайди. У ички бир туйғу билан сезадики, айнан ўзи кишиларни ғофиллик ботқоғидан олиб чиқиши, уларнинг онгини, ҳаётини ўзгартириши мумкин; агар берилган имкониятдан фойдаланмаса, бор кучи ва ақлини ишга солмаса келажак уни кечирмайди. Ўз мақсадига эришишда у дағаллик, қаттиққуллик, ҳатто айрим кишиларга нисбатан жоҳиллик қилишдан қайтмайди, чунки у одамнинг бир елкасида эзгулик, иккинчи елкасида ёвузлик фариштаси ўтиришини билади.

Халқлар тарихидаги бирорта ҳам йирик ўзгаришлар азиятларсиз, кураш ва қурбонларсиз бўлмаган.
Ноёб, хусусиятлари билан даҳо шахслар ёнидагилардан ажралиб турадилар. Кир ва Александр Македонский ўз аскарларини номма-ном билишган, кейингиси эса 30 мингдан зиёд аскарларининг отини, отитуёқларининг изларини ҳам ажратолмаган. Сенека икки минг сўздан иборат матннни бир ўқиганида ёдлаб қолиш қобилиятига эга эди.

Буюк математик Леопард Эйлур юзгача бўлган сонларнинг олтидан бир даражаларини, академик А.Ф.Иоффе логарифлар жадвалини ёддан айтиб беролмаган. Тарихда юз, икки юз, ҳатто уч юзга яқин тилларни билган шахслар учрайди. Демак, мутлақ қобилиятсиз киши йўқ, аммо ҳамма ҳам дарк-ақлу идрок беқиёс имкониятларга эга эканини билавермайди. Бу ўринда муҳит эмас, шахснинг ўзи айбдор. Мисоллар курсатадики, муҳитнинг бефарқлиги, ҳатто қаршилиги қобилият эгасини ўз устида янада кўпроқ ишлашга ундайди, уни чиниқтиради ва истеъдодини сайқаллаштиради.

Муҳитнинг таъсирини мутлақ рад этиш нотўғри, албатта. Гоҳо муҳит оддий қобилиятнип буюк истеъдод, даҳолик деб кўкка кўтаради. Шахсга сиғинишларнинг барчаси шундай яратилган. Гоҳо муҳит даҳо шахсларни камситади, уларнинг хизматларини холисона баҳоламайди. XVII аср Шекспирни даҳо ижодкор сифатида улуғлаган, XIX аср уни менсимади, ХХ аср қайтадан даҳолар қаторига киритди. Совет мафкурасилари Н.Бердяев, Ф.Нисше, З.Фрейд, Ж.П.Сартр, А.Камю ва К.Поппер фалсафасини инкор қилди, Европа эса улар юксак истеъдод эгалари сифатида шарафлади. Хуллас, даҳолик маълум бир даврда, муҳитда рад қилиниши мумкин, аммо у ўткинчи ҳолдир. «Зарнинг қадрини зарган билар» деб халқ беҳуда айтмайди; энг муҳими «зар» яратилса, уни муносиб баҳоловчи «заргарлар» топилади.

Даҳолар ҳаётдан ўзиб яшайдилар. Бугуннинг талаби улар учун ўткинчи, беъмани. Улар ўз бурчини келажакни яртиб яшашда деб биладилар. Уларнинг фикрлари, ғоялари бугун талаблари доирасидан кенг. Шунинг учун улар кўпинча ўзининг суратига, оила ташвишларига, фисқу фужур гапларга бефарқдирлар. Паришонхотирлик уларнинг ҳамроҳидир. Масалан, Ньютон шунчалик паришонхотир бўлганки, ташқарига нима учун чиққанини билмайди яна орқасига қайтади. Эйнштейн оддий кўпайтиришларни ҳам билмас, Тюшерель эса ўз исмини ҳам унутиб қуяр экан. Архимеднинг ялонғоч ҳолда «Эврика» деб кўчага отилгани, Гей-Люссак ва Дэви кашфиётларидан шод бўлиб гўдаклардек рақсга тушганлари, тилдан қолган Линнейнинг севикли гербарийси олдига олиб боришганида сўзлаб юборгани каби ҳайратли мисолларни я на келтириш мумкин. Улар даҳо шахсларда ўз соҳасига, мавзусига, ижодга инстинктив берилиш кучли ривож топганини кўрсатади. «Барча буюк асарлар, – деб ёзади Вольтер, – инстинктив яратилган. Бутун Дуне файласуфлари йиғилганида ҳам Лофонтеннинг оғзаки тўқиган «Ҳайвонлар уммони» масаласини ёзолмасди».

Даҳо ижодкорлар оила ва ижод бир-бирига номуносиб, ҳатто ёв нарсалар эканини ҳам инстинктив сезадилар. Уларнинг аёл, севги, висол, вафо ҳақидаги фикрлари ва даъволарида ҳавойилик кўп. Реал ҳаётда улар бевафо, бераҳм, серқаҳр кишилар бўлиши мумкин. «Ижодкор фақат стол устида фаришта» (Б.Шоу). аслида даҳо ижодкорлар «стол устида», яъни ижодий зўриқиш онлаида борлиқни унутадидар, шу онда халақит берганларнинг ҳолига вой!

Шу сабабли улар аҳбобу ақраболарига қўрслик, бераҳмлик қиладилар, хаёлидаги айлни улуғлагани, куйлагани ҳолда қўйнидаги хотинидан сангдиллик билан воз кечиши мумкин; улар хотини қўйнида ўлишдан кўра қўлида қалам билан ўлишни афзал кўрадилар. Муза даҳо ижодкорларнинг ягона сирдошидир, шунинг учун улар бахтни ҳаётдан эмас, халёдан қидирадилар. Хаёлдаги бахт эса фақат хаёл эгасинигина хушнуд этади.

Даҳолик қанчалик ноёб ва улуғ нарса бўлмасин ҳеч ким уни изламайди ва унга етиш учун яшамайди. Келгуси авлодларни ҳайратга соладиган дурдоналар яратганни даҳоликнинг ўзи излаб топади.

035
Виктор Алимасовнинг «Фалсафа ёхуд фикрлаш лаззати» китобини мутолаа қилинг
09

хдк

(Tashriflar: umumiy 723, bugungi 1)

2 izoh

  1. Менга ёкди иккала кузатиш хам. Аммо негадир Виктор Алмазовда субьектив фикрларига нихоятда катьий тус бериш холатлари кузатилади. Дахолар хакида хам шуни айтиш мумкин. Шунингдек, у кишининг Гендер фалсафаси номли китобларидаги айрим уринлар хакида шу фикрдаман. Качонлардан буён у киши билан илмий бахсни хохлайман. Лекин у кишининг илмий ишларини роса кадрлайман ва кучли олим деб биламан.

  2. Ҳурматли Саодат! Сиз агар Виктор Алимасов ҳақида,аниқроғи унинг асарлари ва фикрларига бўлган муносабатингизни мақола тарзида тайёрлшга рози бўлсангиз, мен мақолани сайтда эълон қилишга тайёрман.

Izoh qoldiring