Xuan Kabo. Lorkani otganlar

07719 август — Федерико Гарсиа Лорка хотираси куни

Лорканинг франкочилар томонидан ваҳшийларча ўлдирилиши тарихи борасида Виснер жарлиги яқинидаги улкан биродарлик қабристонидан шоир кўмилган жойини аниқлашдан бошқа муаммо қолмагандек эди. Бироқ испан тарихчиси Мигель Кабальеронинг “Гарсиа Лорка ҳаётининг сўнгги 13 соати” номли яқинда чоп этилган китоби узоқ пайтдан бери давом этиб келаётган тадқиқотга муҳим янгиликларни киритиши мумкин.

04
Хуан КАБО
ЛОРКАНИ ОТГАНЛАР
Федерико Гарсиа Лорка ўлими билан боғлиқ тафсилотлар
05

Лорканинг франкочилар томонидан ваҳшийларча ўлдирилиши тарихи борасида Виснер жарлиги яқинидаги улкан биродарлик қабристонидан шоир кўмилган жойини аниқлашдан бошқа муаммо қолмагандек эди. Бироқ испан тарихчиси Мигель Кабальеронинг “Гарсиа Лорка ҳаётининг сўнгги 13 соати” номли яқинда чоп этилган китоби узоқ пайтдан бери давом этиб келаётган тадқиқотга муҳим янгиликларни киритиши мумкин.

Зеро, ушбу китобда бу жиноятнинг нафақат ғоявий илҳомчилари, балки унинг юқори ва ўрта даражадаги франкочи ташкилотчиларининг номлари илк бор тилга олинган. Китобда қотиллик иштирокчилари, шоирга ва унинг ҳамроҳлари – икки тореадор-анархист ва чўлоқ мактаб ўқитувчисига ўқ узган тўданинг олти аъзоси номма-ном саналган. Шунингдек, китобда бу жаллодларнинг қайси табақадан келиб чиққанлиги ва уларнинг кейинги тақдири батафсил баён қилинади.

Шоирни отишга ким буйруқ берган?

Лорканинг ўлдирилиши тўғрисида кўплаб китоблар битилган ва уларнинг ҳар бири испан тарихининг бу машъум саҳифаларига маълум янгилик олиб кирган. Лекин уларнинг ҳаммасида бир савол ўртага кўндаланг қўйилади: шоирни отишга ким буйруқ берган? Ёлғонлар қобиғига ўралган Франко ҳукумати бу жиноят борасида сўз очишдан то мудом бўйин товлаб, яъни уни чигал ишқий можаролар ажримига тақаб ҳамда бу қабоҳатга Гранададаги турли табақалар ўртасидаги ўч-адоват оқибатларини рўкач қилиб келаркан, бу мавзу долзарблигича қолаверди. Ҳақиқат остонасига биринчи бўлиб инглиз адиби Жералд Бреннан 1950 йилда чоп этилган “Испания қиёфаси” китобида қадам қўйди. Кейин француз адиби Клод Круффон (“Жиноят Гранадада содир этилди. Федерико Гарсиа Лорка ҳалок бўлди”, 1951), италян адиби Энцо Кобели (“Гарсиа Лорка”, 1959), француз адибаси Марсель Оклер (“Гарсиа Лорканинг ҳаёти ва ўлими”, 1968) ўз сўзларини айтдилар. Улар бирин-кетин шоир ўлимига боғлиқ франкочилар ташвиқоти яратган ёлғон ва бўҳтонлар пардасини кўтариб ташламоққа жазм этдилар. Ниҳоят 1975 йилда, Франко ўлимидан олдин, испан адиби Хосе Луис Виласан Хуаннинг бу мавзуга бағишланган “Гарсиа Лорканинг ўлими ҳақида бор ҳақиқат” номли илк жиддий китоби эълон қилинди. Ундан сўнг Мануэль Молина Фахардонинг “Гарсиа Лорканинг сўнгги кунлари” тадқиқоти чоп этилди.

Бу мавзуда, айниқса, ирландиялик Ян Гибсоннинг “Гранада 1936 йилда. Федерико Гарсиа ўлими” китоби машҳур бўлди. У Париждаги “Руэдо Иберико” номли нашриётда чоп этилиб, дунёвий шов-шувга сазовор бўлган китобга айланди. Фақат 1979 йилда бу китоб кенгайтирилган ва тўлдирилган ҳолда дунё юзини кўрди. Ирландиялик тадқиқотчи жиддий хулоса сифатида шоирни ўлдириш ҳақидаги қарор Гранадада эмас, исёнчи ҳарбийлар қўмондони генерал Клейпо-де-Льяно қароргоҳи жойлашган Севильеда қабул қилинганлигини айтади. Унинг таъкидлашича, генерал 18 август куни Вальдесга Лоркани ўлдириш ҳақида буйруқ берган.

1983 йили Гибсон асари рус тилига таржима қилиниб, Москвадаги “Прогресс” нашриётида каминанинг умумий таҳрири, сўзбошиси билан чоп этилди. Гибсон китобининг русча нашрига ёзган “Лоркани ўлдиришга ким буйруқ берган? ” номли сўзбошисида камина ўз талқинимни баён этганман. Ўша даврдаги испан рўзномаларидан воқеаларнинг кунма-кун ривожи борасида олиб борилган жиддий тадқиқотлардан кейин шу нарса аён бўлдики, Лорка тақдири, ирландиялик адиб таъкидлаганидек, 18 августда эмас, 16 август кунида ҳал қилинган ва у 17-кечаси отилган. Энг муҳими: шоир тақдири ҳал қилинаётган пайтда исёнкорларнинг тан олинган бош қўмондони генерал Франко Севильега (7-16 августда) келиб жойлашиб бўлганди. У Марокашдан немислар ва италянлар томонидан тарихда биринчи марта “ҳаво кўприги” орқали бу қитъага ташланган Мадридга қараб ҳаракат қилаётган колониал корпусни бошқарарди.

Вазият таҳлили шуни кўрсатадики, Франкодан юрак олдириб қўйган Клейпо-де-Льяно унинг қошида бўлатуриб, Испания ва жаҳонда шуҳрат топган ҳамда халқнинг чинакам муҳаббатини қозонган шоирни қатл этиш борасидаги қарорни ёлғиз ўзи қабул қилишга журъати етмайди. Франко Клейпо-де-Льянони уқувсиз ва ўзбошимча санаганлиги учун кўргани кўзи йўқ эди ва фуқаролар уруши тугаганидан кейин биринчи имкон бўлиши биланоқ уни ҳамма мансаблардан маҳрум этиб, истеъфога кетишга мажбур қилади.

1937 йили Франко Лорка ўлими “сиёсий ва ҳарбий вазият тақозоси билан” содир бўлганлигини баён қилади. Бунда унинг мудҳиш мантиғи мавжуд эди. Аёвсизлиги ва бағритошлиги билан эл оғзига тушган Франко дастлабки пайтларданоқ ўз тарафдорлари олдига бутун мамлакат бўйлаб нафақат “қизил”ларни, балки “жуҳуд қиёфа”ларни ҳам, шунингдек, жамики ғайри-фикрловчиларни ҳам узил-кесил тугатиш вазифасини жиддий қилиб қўяди. Бу қонли қирғин исён бошланиши биланоқ амалда қўлланди ва фуқаролар уруши тугаганидан кейин ҳам узоқ вақт давом этди. Бундай йўлни қатъий тутишдан дастлабки муддао шу эдики, токи ҳамма англаб олсин: душманларни ҳеч қандай обрў ва эътибор муҳаққақ жазодан қутқариб қололмайди, ҳеч қандай дўстлик-биродарлик, одамийлик ришталари улар мустаҳиқ бўлувчи қисмат йўлига тўсиқ бўла олмайди. Лорка ва унинг атрофидаги эътибор ва эъзоз муҳити Франко нуқтаи назарида бундай ғоя ва унинг ижроси учун айни муддао эди.

Шоир туғилган жойи қадрдон Гранадага 14 июль куни келади ва боши устида тўпланаётган қора булутлар тарқалгунига қадар ташқаридаги Сан-Висентада яшаб туришга қарор қилади. Бу ҳақда ҳамма газеталар хабар тарқатади. Бироқ душманлар унга хуруж қилишга узоқ вақт ботинолмайди, чунки у жуда машҳур бўлиб, сиёсатга сира ўралашмас эди. Республика тарафдори ва “Москва жосуси” деган тамға босилган шоирга қарши чора кўрмоқ керак дея мамлакат сиёсатчилари жар солаётган бир пайтда, Лорканинг эски қадрдон дўстлари – фалангист[1] Росалес оиласи 10 августда Гранада марказидаги ўз уйидан унга бошпана беради ва бу журъат дарҳол ҳаммага маълум бўлади.

Шоир тимсолида Франко, афтидан, Испанияда унинг ҳукмидан “истисно” кимса йўқлигини исботламоқчи бўлади. Ҳақиқатан ҳам жоҳил ва тўпори генерал ўша вақтда ўзининг бу қилмиши кейинчалик бутун дунёга овоза бўлиб, унинг номини тоабад қора қилишини хаёлига ҳам келтирмаганди, йўқса бундай саъи ҳаракатдан у ўзини тийган бўларди. Ҳолбуки, айни даврда шафқат билмас қаттол зот учун ҳеч кимни авф этмаслик, барчага кескин чора кўриш ўта муҳим бўлиб кўринган. Масалан, номи бутун дунёга машҳур композитор Мануэль де-Фаль Лоркани ҳимоя қилишга уринганида унга шу қадар дўқ ва дағдаға қилишадики, у ўзини ҳибсга олишларидан қўрқиб шошилинч равишда Испанияни тарк этади. Шоирга бошпана берган ака-ука Росалеслар гарчи фаол фалангистлар бўлишса-да, қаттиқ жазодан базўр қутулиб қолишади, бироқ ўзларининг бундай саъй-ҳаракатлари учун шак-шубҳасиз жабр кўришади. Лоркани йўқ қилиш буюрилган фуқаролар губернатори Хосе Вальдес, бу ишни ўзи бажаришни истамай, бошқалар зиммасига юклаб, “муҳим ишлар” билан шаҳардан чиқиб кетади ва пировардида у кўп ўтмай ўз лавозимидан олиниб, фронтга жўнатилади. У ерда жароҳати туфайли кўп яшамайди, ҳаётдан кўз юмади.

Айтиб ўтиш жоизки, Вальдеснинг ўғли отасидан шоир ўлимига дахлдор айбловни олиб ташлаш мақсадида узоқ йиллар давомида архив идорасидан отасининг ишини кўрсатишларини талаб қилади. Ва ниҳоят унга жилдни тутқазишади, лекин у не кўз билан кўрсинки, унинг ичи бўм-бўш эди. Ундаги варақлар нима учун олиб қўйилган? Агар Лоркани ўлдириш ҳақидаги буйруқ Клейпо-де-Льяно ( бу пайтда у аллақачон ҳаётдан кўз юмиб кетган эди) ёки бошқа кимдир томонидан берилган бўлса, бу Франкога, айниқса қўл келган, яъни унинг бу қабоҳатга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги далилланган бўларди. Демак…

Халқдан чиққан ижрочилар

Шоирнинг қотиллари айнан кимлар бўлганлиги шу чоққача мубҳамлигича қолиб, унчалик аҳамиятли туюлмасди. Бу борада турли номлар тилга олинганди, лекин уларнинг ҳеч қайсиси тасдиқланмаганди. Мигель Кабальеро бу ишнинг уддасидан чиқа олди, яъни у кўплаб гувоҳларни сўроқ қилиб, архив материалларини, фуқаролик ҳолати ҳақида далолатнома ва ёзувларни, испан полицияси ва армияси кадрлар бошқармасидаги кўплаб ҳужжатларни узоқ йиллар давомида ўрганиб, улкан ишни амалга оширди.

Ўқ узувчилар гуруҳини Толедо яқинидаги камбағал, кўп болали деҳқон оиласида туғилган Мариано Асенхо деган кимса бошқарган. У армияга киргач, қашшоқлик уқубатидан қутулади. Аскарлик хизматидан кейин у жандарме-риянинг бир тури бўлган штурмчилар гвардиясига қабул қилинади. Ҳарбий тажрибаси бўлишига қарамасдан, ёшини ҳисобга олган ҳолда – 53 ёшда эди, уни Гранада яқинига олти кишидан иборат жаллодлар гуруҳига бошлиқ қилиб юборишади. Уларнинг ҳисобида уч мингдан ортиқ қурбон бўлиб, улар қоғозда “бедарак кетганлар” ҳисобланарди. Яна шуни қайд этиш керакки, ундан-да кўп республикачилар судсиз, сўроқсиз Альгамбра саройи яқинидаги музофот қабристонида отилган эди, бироқ бу қурбонлар рўйхат қилинганди. Лорка отилгандан 13 кун кейин Асенхо хизмат йўналишида узоқ йиллардан бери кутгани – сержант даражасига кўтарилади. У 15 йилдан кейин ҳаётдан кўз юмган.

“Бало-қазо” фалангчи Антонио Бенавидес аъмоли разиллик бўлган фашистлар гуруҳидан иборат “қора эскадрон”дан қотиллар командасига ўз ихтиёри билан келиб қўшилади. Лорка уни илк бора кўрганида қалбини қандай даҳшат чулғаганини фақат хаёлда тасаввур қилиш мумкин, — у унга узоқ қариндош бўлиб, отаси биринчи хотинининг синглисига набира эди. Бенавидес Гранададаги Альба сулоласи вакили эди. Бу сулола Лорка хонадонига тааллуқли бўлган омадли ва ўзига тўқ Рольданлар авлодини узоқ вақтдан бери кўролмасди. Бенавидес хусуматининг яна бир сабаби, шоир “Бернарда Альбанинг уйи” номли пьесасида унинг туғишган синглисини ушбу асар қаҳрамони образида тасвирлаган эди: у ҳам Горькийнинг Васса Железновасига ўхшаб, бутун оилани ўзига қарам қилган, уни муттасил қийновчи бир муртад, золима эди. Шунингдек, Бенавидеснинг амакиваччаси Хосе пьесада Пепеэль-Романо образида тасвирланган эдики, ҳаётда ҳам у нақ қуйиб қўйгандек безори ва товламачи бўлиб, унинг учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ эди. Армия хизматидан кейин Антонио Бенавидес оддий деҳқон даражасида кун кечиради, кейин омадини излаб Аргентинага йўл олади, бироқ, у ердан юртига ҳеч вақосиз қайтади. Лорка ўлдирилишидан кейин у штурмчилар гвардиясига қабул қилиниб, 3250 песет, унга қўшимча яна “махсус хизмат” (отишга қатнашганлиги) учун 300 песет миқдорида қатъий йиллик мояна ола бошлайди. Урушдан кейин уни армиядан “ичкиликбозлиги учун” (хизмат тавсифномасидан) ҳайдашади, кейин у ҳаётда тубанликнинг энг сўнгги нуқтасигача боради, қўшмачилик билан шуғулланади.

Отувчилар командасининг учинчи аъзоси – у ҳам штурмчи-гвардиячи Сальвадор Варо – Кадисда этикдўз оиласида туғилган. Ҳарбий хизматга киради, анархистларга қарши жанг амалиётларида қатнашади. Ёлғиз у Лорка ўлдирилганидан кейин бирон-бир даражага кўтарилмайди. Хизматдан бўшагандан сўнг Гранада атрофида кўчмас мулкларини сотиш билан кун кечиради.

Тўртинчи қотил — Антонио Эрнандес Мартин — хизмат йўналишида капрал даражасига кўтарилади. У ҳеч қачон ўзининг ўтмиши ҳақида оғиз очмаган. 1940 йилда “ижтимоий-сиёсий текширишлар”га бардош беролмаганлигидан армиядан бўшатилади. Нафақага чиққач, у Гранададаги барлардан бирида бош кўтармай, қарта ўйнаб пулларини ўтқазади.

Бешинчи қотил – Альпухарре (Андалусия қишлоғида туғилган) Фернандо Корреа. Унинг гўдаклигида отасини, ўгай онасини ва унинг ортидан келган акасини ўлдиришади. Армияда хизмат қилаётганда, Марокашга босқинчилик юриши даврида 1921 йили Гуруг тоғига испан байроғини ўрнатиб довруғ қозонади. Унинг қуролни яхши ишлата билишлиги жаллодлар гуруҳига олинишига сабаб бўлади. Урушдан кейин шип-шийдон, ҳеч вақосиз қолади. У ўлганида жасадини дафн этиш учун ҳеч ким сўраб келмайди, шу сабабли уни умумий қабристонга қўйишади.

Олтинчи қотил – Хуан Хименес Каскалес, пистолетдан моҳир отувчи бўлган ва кўп мусобақаларда ғолиб чиққан, урушдан сўнг анархистларга қарши курашда қатнашган, Испанияда Франко ғалабасидан кейин ҳаракатда бўлган республикачи-партизанларга қарши жанг қилган. Қисман, француз қаршилик кўрсатиш ҳаракатида Республика мағлубиятидан кейин Францияга тушиб қолган ва 1945 йилда Пиренейдан Испанияга ўтиб, Франко ҳокимиятини ағдаришга муваффақиятсиз уринган собиқ партизан жангчилари армиясига қарши курашда иштирок этади. Лоркага қарши ўқ отган олти жаллоднинг ичида виждон азобини туйган ёлғиз угина эди. “Бу менинг ишим эмасди”, — дерди у ўзига ўзи. Кўплар уни ақлидан озиб ўлади, деб ўйларди. Аммо унинг сўнгги кунлари ҳақида маълумот йўқ.

“Испан деҳқонлари еб ташлар мени…”

Шундай қилиб, 16 август куни Франко Севильяни ташлаб, шимол сари ҳаракатланди. Айнан ўша куни Росалеслар қаршилигига қарамай, Лорка ҳибсга олинди – буйруқ кескин эди. Кабальеро шуни тасдиқлайдики, губернатор Вальдеснинг йўқлигида кўрсатма унинг ўринбосари — истеъфодаги жандар-мерия подполковниги Николас Веласко Симарро томонидан берилганди. У бу ишни сира иккиланмай зудлик билан амалга оширди – у Альба сулоласидан эди. Боз устига унинг дилида жандармерия ҳақида қаҳрли сатрларни битган шоирга нисбатан заррача шафқат бўлиши мумкин эмасди. Зеро, халқ уларни бойларнинг садоқатли югурдаклари сифатида кўргани кўзи йўқ эди:
Қўрғошин қора манглай –
Ювмаган кипригин ёш;
Белида таранг камар,
Юраги бамисли тош.
Кифтида элтар улар
Ёвузлик хусуматин –
Самум янглиғ қўрқувни,
Совуқ тун сукунатин.
Қочиб бўлмас улардан
Бирон-бир манзил сари,
Ялтираб кўринади
Милтиғининг ниллари.

Губернатор Вальдеснинг қайтишини кутмай, собиқ жандарм Лоркани Виснарга олиб боришларини буюради. 16 августдан 17-га ўтар кечаси тунги соат тўртларда ўқ овозлари янграйди. Айтишларича, шоир енгил ич кийимда бўлган ва совуқдан дилдираб турган…

Бу қабоҳат Гранададан ўн километрлар олисликда араблар даврида машҳур бўлган Айадамар (“Кўз ёшлар чашмаси”)да содир этилади. Бамисоли шоирнинг сўзлари рўёбга чиқди: “Испания чашмадирким. Унда ўликлар ҳайвонлар каби сув ичиб ётадилар”.

Мигель Кабальеро ўз гувоҳлари тилидан, шоир Гибсон кўрсатган жойдан 400 метр нарида кўмилганини таъкидлайди ва 2009 йилнинг октябр-ноябрь ойларида олимларнинг бутун бир гуруҳи Лорка қабрини топишга, уни исботлашга беҳуда уринади. Ирландиялик тадқиқотчи энди афсус билан айтадики, улар излаган жой “жуда чекланган” бўлган. Бошқаларнинг таъкидлашича, бу иш пухта тайёргарликсиз, шошма-шошарлик билан амалга оширилган. Гибсоннинг фикрича, бу изланишни яна қайтариш керак. Бироқ муваффақиятли бўлармикин? Шоирнинг авлодлари унинг хокини безовта қилиш керак эмас, дейишади: минглаб бахтсиз биродарлари орасида, майли, бир рамз бўлиб ётаверсин.

“…Мен тайёрман, испан деҳқонлари еб ташласинлар”. Лорканинг бу кароматли калимасини шу йилнинг январь ойида Бостон университети профессори Кристофер Маурер АҚШ Конгресси кутубхонасидан топди. Бу “Шоир Нью-Йоркда” достони қораламасидан бўлиб, ўз даврида аукционда 230 долларга сотиб олинганди. Қандайдир йўл билан мусиқа бўлимига тушиб қолган бу вараққа ҳеч ким эътибор бермаган.

Ҳар қанча изтиробли бўлмасин, шоирни жисман йўқ қилишга гарчи юқори доираларда қарор қилинган бўлса-да, унинг бевосита қотиллари оддий одамлар эди. Билъакс, Лорка қалбида халққа нисбатан беғараз ва самимий муҳаббатини ҳар қанча ардоқламасин, ўзининг жоҳиллиги билан ажралиб турадиган қадрдон шаҳри аҳли томонидан рўшнолик кўрмади. Шунингдек, ер одами бўлган оддий деҳқонлар ҳам фашизм хизматидаги онгсиз, қалбсиз қўғирчоқларга айланиб бўлганди. Зеро, шоир уларнинг назарида жайдари халқни юрак-юрагидан севувчи ва шеъриятини унинг қалбидан озиқлантирувчи инсон эмас, гитарани елкасига тутганча шеърлар тўқиб, қўшиқлар айтиб юрувчи “дайди лапарчи” эди.

Нима ҳам қилардик, тарихдан қабиҳ лавҳаларни ўчириб бўлмайди.

[1] Ф а л а н г л а р – Қадимги Греция, Македония ва қадимги Римдаги тиш-тирноғигача қуролланган пиёдаларнинг қурч ва метин сафлари. (Тарж.)

М: “Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 10-сон.

091

04
Xuan KABO
LORKANI OTGANLAR
Federiko Garsia Lorka o’limi bilan bog’liq tafsilotlar
05

Lorkaning frankochilar tomonidan vahshiylarcha o‘ldirilishi tarixi borasida Visner jarligi yaqinidagi ulkan birodarlik qabristonidan shoir ko‘milgan joyini aniqlashdan boshqa muammo qolmagandek edi. Biroq ispan tarixchisi Migel Kabaleroning “Garsia Lorka hayotining so‘nggi 13 soati” nomli yaqinda chop etilgan kitobi uzoq paytdan beri davom etib kelayotgan tadqiqotga muhim yangiliklarni kiritishi mumkin.

Zero, ushbu kitobda bu jinoyatning nafaqat g‘oyaviy ilhomchilari, balki uning yuqori va o‘rta darajadagi frankochi tashkilotchilarining nomlari ilk bor tilga olingan. Kitobda qotillik ishtirokchilari, shoirga va uning hamrohlari – ikki toreador-anarxist va cho‘loq maktab o‘qituvchisiga o‘q uzgan to‘daning olti a’zosi nomma-nom sanalgan. Shuningdek, kitobda bu jallodlarning qaysi tabaqadan kelib chiqqanligi va ularning keyingi taqdiri batafsil bayon qilinadi.

Shoirni otishga kim buyruq bergan?

Lorkaning o‘ldirilishi to‘g‘risida ko‘plab kitoblar bitilgan va ularning har biri ispan tarixining bu mash’um sahifalariga ma’lum yangilik olib kirgan. Lekin ularning hammasida bir savol o‘rtaga ko‘ndalang qo‘yiladi: shoirni otishga kim buyruq bergan? Yolg‘onlar qobig‘iga o‘ralgan Franko hukumati bu jinoyat borasida so‘z ochishdan to mudom bo‘yin tovlab, ya’ni uni chigal ishqiy mojarolar ajrimiga taqab hamda bu qabohatga Granadadagi turli tabaqalar o‘rtasidagi o‘ch-adovat oqibatlarini ro‘kach qilib kelarkan, bu mavzu dolzarbligicha qolaverdi. Haqiqat ostonasiga birinchi bo‘lib ingliz adibi Jerald Brennan 1950 yilda chop etilgan “Ispaniya qiyofasi” kitobida qadam qo‘ydi. Keyin frantsuz adibi Klod Kruffon (“Jinoyat Granadada sodir etildi. Federiko Garsia Lorka halok bo‘ldi”, 1951), italyan adibi Entso Kobeli (“Garsia Lorka”, 1959), frantsuz adibasi Marsel Okler (“Garsia Lorkaning hayoti va o‘limi”, 1968) o‘z so‘zlarini aytdilar. Ular birin-ketin shoir o‘limiga bog‘liq frankochilar tashviqoti yaratgan yolg‘on va bo‘htonlar pardasini ko‘tarib tashlamoqqa jazm etdilar. Nihoyat 1975 yilda, Franko o‘limidan oldin, ispan adibi Xose Luis Vilasan Xuanning bu mavzuga bag‘ishlangan “Garsia Lorkaning o‘limi haqida bor haqiqat” nomli ilk jiddiy kitobi e’lon qilindi. Undan so‘ng Manuel Molina Faxardoning “Garsia Lorkaning so‘nggi kunlari” tadqiqoti chop etildi.

Bu mavzuda, ayniqsa, irlandiyalik Yan Gibsonning “Granada 1936 yilda. Federiko Garsia o‘limi” kitobi mashhur bo‘ldi. U Parijdagi “Ruedo Iberiko” nomli nashriyotda chop etilib, dunyoviy shov-shuvga sazovor bo‘lgan kitobga aylandi. Faqat 1979 yilda bu kitob kengaytirilgan va to‘ldirilgan holda dunyo yuzini ko‘rdi. Irlandiyalik tadqiqotchi jiddiy xulosa sifatida shoirni o‘ldirish haqidagi qaror Granadada emas, isyonchi harbiylar qo‘mondoni general Kleypo-de-Lyano qarorgohi joylashgan Sevileda qabul qilinganligini aytadi. Uning ta’kidlashicha, general 18 avgust kuni Valdesga Lorkani o‘ldirish haqida buyruq bergan.

1983 yili Gibson asari rus tiliga tarjima qilinib, Moskvadagi “Progress” nashriyotida kaminaning umumiy tahriri, so‘zboshisi bilan chop etildi. Gibson kitobining ruscha nashriga yozgan “Lorkani o‘ldirishga kim buyruq bergan? ” nomli so‘zboshisida kamina o‘z talqinimni bayon etganman. O‘sha davrdagi ispan ro‘znomalaridan voqealarning kunma-kun rivoji borasida olib borilgan jiddiy tadqiqotlardan keyin shu narsa ayon bo‘ldiki, Lorka taqdiri, irlandiyalik adib ta’kidlaganidek, 18 avgustda emas, 16 avgust kunida hal qilingan va u 17-kechasi otilgan. Eng muhimi: shoir taqdiri hal qilinayotgan paytda isyonkorlarning tan olingan bosh qo‘mondoni general Franko Sevilega (7-16 avgustda) kelib joylashib bo‘lgandi. U Marokashdan nemislar va italyanlar tomonidan tarixda birinchi marta “havo ko‘prigi” orqali bu qit’aga tashlangan Madridga qarab harakat qilayotgan kolonial korpusni boshqarardi.

Vaziyat tahlili shuni ko‘rsatadiki, Frankodan yurak oldirib qo‘ygan Kleypo-de-Lyano uning qoshida bo‘laturib, Ispaniya va jahonda shuhrat topgan hamda xalqning chinakam muhabbatini qozongan shoirni qatl etish borasidagi qarorni yolg‘iz o‘zi qabul qilishga jur’ati yetmaydi. Franko Kleypo-de-Lyanoni uquvsiz va o‘zboshimcha sanaganligi uchun ko‘rgani ko‘zi yo‘q edi va fuqarolar urushi tugaganidan keyin birinchi imkon bo‘lishi bilanoq uni hamma mansablardan mahrum etib, iste’foga ketishga majbur qiladi.

1937 yili Franko Lorka o‘limi “siyosiy va harbiy vaziyat taqozosi bilan” sodir bo‘lganligini bayon qiladi. Bunda uning mudhish mantig‘i mavjud edi. Ayovsizligi va bag‘ritoshligi bilan el og‘ziga tushgan Franko dastlabki paytlardanoq o‘z tarafdorlari oldiga butun mamlakat bo‘ylab nafaqat “qizil”larni, balki “juhud qiyofa”larni ham, shuningdek, jamiki g‘ayri-fikrlovchilarni ham uzil-kesil tugatish vazifasini jiddiy qilib qo‘yadi. Bu qonli qirg‘in isyon boshlanishi bilanoq amalda qo‘llandi va fuqarolar urushi tugaganidan keyin ham uzoq vaqt davom etdi. Bunday yo‘lni qat’iy tutishdan dastlabki muddao shu ediki, toki hamma anglab olsin: dushmanlarni hech qanday obro‘ va e’tibor muhaqqaq jazodan qutqarib qololmaydi, hech qanday do‘stlik-birodarlik, odamiylik rishtalari ular mustahiq bo‘luvchi qismat yo‘liga to‘siq bo‘la olmaydi. Lorka va uning atrofidagi e’tibor va e’zoz muhiti Franko nuqtai nazarida bunday g‘oya va uning ijrosi uchun ayni muddao edi.

Shoir tug‘ilgan joyi qadrdon Granadaga 14 iyul kuni keladi va boshi ustida to‘planayotgan qora bulutlar tarqalguniga qadar tashqaridagi San-Visentada yashab turishga qaror qiladi. Bu haqda hamma gazetalar xabar tarqatadi. Biroq dushmanlar unga xuruj qilishga uzoq vaqt botinolmaydi, chunki u juda mashhur bo‘lib, siyosatga sira o‘ralashmas edi. Respublika tarafdori va “Moskva josusi” degan tamg‘a bosilgan shoirga qarshi chora ko‘rmoq kerak deya mamlakat siyosatchilari jar solayotgan bir paytda, Lorkaning eski qadrdon do‘stlari – falangist[1]Rosales oilasi 10 avgustda Granada markazidagi o‘z uyidan unga boshpana beradi va bu jur’at darhol hammaga ma’lum bo‘ladi.

Shoir timsolida Franko, aftidan, Ispaniyada uning hukmidan “istisno” kimsa yo‘qligini isbotlamoqchi bo‘ladi. Haqiqatan ham johil va to‘pori general o‘sha vaqtda o‘zining bu qilmishi keyinchalik butun dunyoga ovoza bo‘lib, uning nomini toabad qora qilishini xayoliga ham keltirmagandi, yo‘qsa bunday sa’i harakatdan u o‘zini tiygan bo‘lardi. Holbuki, ayni davrda shafqat bilmas qattol zot uchun hech kimni avf etmaslik, barchaga keskin chora ko‘rish o‘ta muhim bo‘lib ko‘ringan. Masalan, nomi butun dunyoga mashhur kompozitor Manuel de-Fal Lorkani himoya qilishga uringanida unga shu qadar do‘q va dag‘dag‘a qilishadiki, u o‘zini hibsga olishlaridan qo‘rqib shoshilinch ravishda Ispaniyani tark etadi. Shoirga boshpana bergan aka-uka Rosaleslar garchi faol falangistlar bo‘lishsa-da, qattiq jazodan bazo‘r qutulib qolishadi, biroq o‘zlarining bunday sa’y-harakatlari uchun shak-shubhasiz jabr ko‘rishadi. Lorkani yo‘q qilish buyurilgan fuqarolar gubernatori Xose Valdes, bu ishni o‘zi bajarishni istamay, boshqalar zimmasiga yuklab, “muhim ishlar” bilan shahardan chiqib ketadi va pirovardida u ko‘p o‘tmay o‘z lavozimidan olinib, frontga jo‘natiladi. U yerda jarohati tufayli ko‘p yashamaydi, hayotdan ko‘z yumadi.

Aytib o‘tish joizki, Valdesning o‘g‘li otasidan shoir o‘limiga daxldor ayblovni olib tashlash maqsadida uzoq yillar davomida arxiv idorasidan otasining ishini ko‘rsatishlarini talab qiladi. Va nihoyat unga jildni tutqazishadi, lekin u ne ko‘z bilan ko‘rsinki, uning ichi bo‘m-bo‘sh edi. Undagi varaqlar nima uchun olib qo‘yilgan? Agar Lorkani o‘ldirish haqidagi buyruq Kleypo-de-Lyano ( bu paytda u allaqachon hayotdan ko‘z yumib ketgan edi) yoki boshqa kimdir tomonidan berilgan bo‘lsa, bu Frankoga, ayniqsa qo‘l kelgan, ya’ni uning bu qabohatga hech qanday aloqasi yo‘qligi dalillangan bo‘lardi. Demak…

Xalqdan chiqqan ijrochilar

Shoirning qotillari aynan kimlar bo‘lganligi shu choqqacha mubhamligicha qolib, unchalik ahamiyatli tuyulmasdi. Bu borada turli nomlar tilga olingandi, lekin ularning hech qaysisi tasdiqlanmagandi. Migel Kabalero bu ishning uddasidan chiqa oldi, ya’ni u ko‘plab guvohlarni so‘roq qilib, arxiv materiallarini, fuqarolik holati haqida dalolatnoma va yozuvlarni, ispan politsiyasi va armiyasi kadrlar boshqarmasidagi ko‘plab hujjatlarni uzoq yillar davomida o‘rganib, ulkan ishni amalga oshirdi.

O‘q uzuvchilar guruhini Toledo yaqinidagi kambag‘al, ko‘p bolali dehqon oilasida tug‘ilgan Mariano Asenxo degan kimsa boshqargan. U armiyaga kirgach, qashshoqlik uqubatidan qutuladi. Askarlik xizmatidan keyin u jandarme-riyaning bir turi bo‘lgan shturmchilar gvardiyasiga qabul qilinadi. Harbiy tajribasi bo‘lishiga qaramasdan, yoshini hisobga olgan holda – 53 yoshda edi, uni Granada yaqiniga olti kishidan iborat jallodlar guruhiga boshliq qilib yuborishadi. Ularning hisobida uch mingdan ortiq qurbon bo‘lib, ular qog‘ozda “bedarak ketganlar” hisoblanardi. Yana shuni qayd etish kerakki, undan-da ko‘p respublikachilar sudsiz, so‘roqsiz Algambra saroyi yaqinidagi muzofot qabristonida otilgan edi, biroq bu qurbonlar ro‘yxat qilingandi. Lorka otilgandan 13 kun keyin Asenxo xizmat yo‘nalishida uzoq yillardan beri kutgani – serjant darajasiga ko‘tariladi. U 15 yildan keyin hayotdan ko‘z yumgan.

“Balo-qazo” falangchi Antonio Benavides a’moli razillik bo‘lgan fashistlar guruhidan iborat “qora eskadron”dan qotillar komandasiga o‘z ixtiyori bilan kelib qo‘shiladi. Lorka uni ilk bora ko‘rganida qalbini qanday dahshat chulg‘aganini faqat xayolda tasavvur qilish mumkin, — u unga uzoq qarindosh bo‘lib, otasi birinchi xotinining singlisiga nabira edi. Benavides Granadadagi Alba sulolasi vakili edi. Bu sulola Lorka xonadoniga taalluqli bo‘lgan omadli va o‘ziga to‘q Roldanlar avlodini uzoq vaqtdan beri ko‘rolmasdi. Benavides xusumatining yana bir sababi, shoir “Bernarda Albaning uyi” nomli pesasida uning tug‘ishgan singlisini ushbu asar qahramoni obrazida tasvirlagan edi: u ham Gorkiyning Vassa Jeleznovasiga o‘xshab, butun oilani o‘ziga qaram qilgan, uni muttasil qiynovchi bir murtad, zolima edi. Shuningdek, Benavidesning amakivachchasi Xose pesada Pepeel-Romano obrazida tasvirlangan ediki, hayotda ham u naq quyib qo‘ygandek bezori va tovlamachi bo‘lib, uning uchun muqaddas narsaning o‘zi yo‘q edi. Armiya xizmatidan keyin Antonio Benavides oddiy dehqon darajasida kun kechiradi, keyin omadini izlab Argentinaga yo‘l oladi, biroq, u yerdan yurtiga hech vaqosiz qaytadi. Lorka o‘ldirilishidan keyin u shturmchilar gvardiyasiga qabul qilinib, 3250 peset, unga qo‘shimcha yana “maxsus xizmat” (otishga qatnashganligi) uchun 300 peset miqdorida qat’iy yillik moyana ola boshlaydi. Urushdan keyin uni armiyadan “ichkilikbozligi uchun” (xizmat tavsifnomasidan) haydashadi, keyin u hayotda tubanlikning eng so‘nggi nuqtasigacha boradi, qo‘shmachilik bilan shug‘ullanadi.

Otuvchilar komandasining uchinchi a’zosi – u ham shturmchi-gvardiyachi Salvador Varo – Kadisda etikdo‘z oilasida tug‘ilgan. Harbiy xizmatga kiradi, anarxistlarga qarshi jang amaliyotlarida qatnashadi. Yolg‘iz u Lorka o‘ldirilganidan keyin biron-bir darajaga ko‘tarilmaydi. Xizmatdan bo‘shagandan so‘ng Granada atrofida ko‘chmas mulklarini sotish bilan kun kechiradi.

To‘rtinchi qotil — Antonio Ernandes Martin — xizmat yo‘nalishida kapral darajasiga ko‘tariladi. U hech qachon o‘zining o‘tmishi haqida og‘iz ochmagan. 1940 yilda “ijtimoiy-siyosiy tekshirishlar”ga bardosh berolmaganligidan armiyadan bo‘shatiladi. Nafaqaga chiqqach, u Granadadagi barlardan birida bosh ko‘tarmay, qarta o‘ynab pullarini o‘tqazadi.

Beshinchi qotil – Alpuxarre (Andalusiya qishlog‘ida tug‘ilgan) Fernando Korrea. Uning go‘dakligida otasini, o‘gay onasini va uning ortidan kelgan akasini o‘ldirishadi. Armiyada xizmat qilayotganda, Marokashga bosqinchilik yurishi davrida 1921 yili Gurug tog‘iga ispan bayrog‘ini o‘rnatib dovrug‘ qozonadi. Uning qurolni yaxshi ishlata bilishligi jallodlar guruhiga olinishiga sabab bo‘ladi. Urushdan keyin ship-shiydon, hech vaqosiz qoladi. U o‘lganida jasadini dafn etish uchun hech kim so‘rab kelmaydi, shu sababli uni umumiy qabristonga qo‘yishadi.

Oltinchi qotil – Xuan Ximenes Kaskales, pistoletdan mohir otuvchi bo‘lgan va ko‘p musobaqalarda g‘olib chiqqan, urushdan so‘ng anarxistlarga qarshi kurashda qatnashgan, Ispaniyada Franko g‘alabasidan keyin harakatda bo‘lgan respublikachi-partizanlarga qarshi jang qilgan. Qisman, frantsuz qarshilik ko‘rsatish harakatida Respublika mag‘lubiyatidan keyin Frantsiyaga tushib qolgan va 1945 yilda Pireneydan Ispaniyaga o‘tib, Franko hokimiyatini ag‘darishga muvaffaqiyatsiz uringan sobiq partizan jangchilari armiyasiga qarshi kurashda ishtirok etadi. Lorkaga qarshi o‘q otgan olti jallodning ichida vijdon azobini tuygan yolg‘iz ugina edi. “Bu mening ishim emasdi”, — derdi u o‘ziga o‘zi. Ko‘plar uni aqlidan ozib o‘ladi, deb o‘ylardi. Ammo uning so‘nggi kunlari haqida ma’lumot yo‘q.

“Ispan dehqonlari yeb tashlar meni…”

Shunday qilib, 16 avgust kuni Franko Sevilyani tashlab, shimol sari harakatlandi. Aynan o‘sha kuni Rosaleslar qarshiligiga qaramay, Lorka hibsga olindi – buyruq keskin edi. Kabalero shuni tasdiqlaydiki, gubernator Valdesning yo‘qligida ko‘rsatma uning o‘rinbosari — iste’fodagi jandar-meriya podpolkovnigi Nikolas Velasko Simarro tomonidan berilgandi. U bu ishni sira ikkilanmay zudlik bilan amalga oshirdi – u Alba sulolasidan edi. Boz ustiga uning dilida jandarmeriya haqida qahrli satrlarni bitgan shoirga nisbatan zarracha shafqat bo‘lishi mumkin emasdi. Zero, xalq ularni boylarning sadoqatli yugurdaklari sifatida ko‘rgani ko‘zi yo‘q edi:
Qo‘rg‘oshin qora manglay –
Yuvmagan kiprigin yosh;
Belida tarang kamar,
Yuragi bamisli tosh.
Kiftida eltar ular
Yovuzlik xusumatin –
Samum yanglig‘ qo‘rquvni,
Sovuq tun sukunatin.
Qochib bo‘lmas ulardan
Biron-bir manzil sari,
Yaltirab ko‘rinadi
Miltig‘ining nillari.

Gubernator Valdesning qaytishini kutmay, sobiq jandarm Lorkani Visnarga olib borishlarini buyuradi. 16 avgustdan 17-ga o‘tar kechasi tungi soat to‘rtlarda o‘q ovozlari yangraydi. Aytishlaricha, shoir yengil ich kiyimda bo‘lgan va sovuqdan dildirab turgan…

Bu qabohat Granadadan o‘n kilometrlar olislikda arablar davrida mashhur bo‘lgan Ayadamar (“Ko‘z yoshlar chashmasi”)da sodir etiladi. Bamisoli shoirning so‘zlari ro‘yobga chiqdi: “Ispaniya chashmadirkim. Unda o‘liklar hayvonlar kabi suv ichib yotadilar”.

Migel Kabalero o‘z guvohlari tilidan, shoir Gibson ko‘rsatgan joydan 400 metr narida ko‘milganini ta’kidlaydi va 2009 yilning oktyabr-noyabr oylarida olimlarning butun bir guruhi Lorka qabrini topishga, uni isbotlashga behuda urinadi. Irlandiyalik tadqiqotchi endi afsus bilan aytadiki, ular izlagan joy “juda cheklangan” bo‘lgan. Boshqalarning ta’kidlashicha, bu ish puxta tayyorgarliksiz, shoshma-shosharlik bilan amalga oshirilgan. Gibsonning fikricha, bu izlanishni yana qaytarish kerak. Biroq muvaffaqiyatli bo‘larmikin? Shoirning avlodlari uning xokini bezovta qilish kerak emas, deyishadi: minglab baxtsiz birodarlari orasida, mayli, bir ramz bo‘lib yotaversin.

“…Men tayyorman, ispan dehqonlari yeb tashlasinlar”. Lorkaning bu karomatli kalimasini shu yilning yanvar oyida Boston universiteti professori Kristofer Maurer AQSh Kongressi kutubxonasidan topdi. Bu “Shoir Nyu-Yorkda” dostoni qoralamasidan bo‘lib, o‘z davrida auktsionda 230 dollarga sotib olingandi. Qandaydir yo‘l bilan musiqa bo‘limiga tushib qolgan bu varaqqa hech kim e’tibor bermagan.

Har qancha iztirobli bo‘lmasin, shoirni jisman yo‘q qilishga garchi yuqori doiralarda qaror qilingan bo‘lsa-da, uning bevosita qotillari oddiy odamlar edi. Bil’aks, Lorka qalbida xalqqa nisbatan beg‘araz va samimiy muhabbatini har qancha ardoqlamasin, o‘zining johilligi bilan ajralib turadigan qadrdon shahri ahli tomonidan ro‘shnolik ko‘rmadi. Shuningdek, yer odami bo‘lgan oddiy dehqonlar ham fashizm xizmatidagi ongsiz, qalbsiz qo‘g‘irchoqlarga aylanib bo‘lgandi. Zero, shoir ularning nazarida jaydari xalqni yurak-yuragidan sevuvchi va she’riyatini uning qalbidan oziqlantiruvchi inson emas, gitarani yelkasiga tutgancha she’rlar to‘qib, qo‘shiqlar aytib yuruvchi “daydi laparchi” edi.

Nima ham qilardik, tarixdan qabih lavhalarni o‘chirib bo‘lmaydi.

[1] F a l a n g l a r – Qadimgi Gretsiya, Makedoniya va qadimgi Rimdagi tish-tirnog‘igacha qurollangan piyodalarning qurch va metin saflari. (Tarj.)

М: “Jahon adabiyoti” jurnali, 2011 yil, 10-son.

034

(Tashriflar: umumiy 102, bugungi 1)

1 izoh

  1. Лорка ўлимига дахлдор бу «Пинҳона қотиллик қиссаси» жуда даҳшатли.Оташқалб шоирлар ҳар доим совуққонлик билан ўлдирилганми деб ўйлаб қоласан:мантиқсиз дуэл қурбони бўлган Пушкин ва Лермонтов,давр қурбони Гумилёву Усмон Носирдан тортиб фожиаси ўзидан бошқага ўхшамас Есенин ёдингга тушади. Менимча, улуғ шоир Шавкат Раҳмон ижодига кўрсатган беназир таъсири учун ҳам Гарсиа Лоркадан миннатдор бўлсак арзийди.(Гулноз)

Izoh qoldiring