Xusrav Shohoniy. Hikoyalar

044
Хисрав Шоҳоний 1968 йили «Амири Кабир» нашриёти сўровномасида ўзи ҳақида шундай ёзган эди: Ўйлашимча, мен жуда бой ва мураккаб ҳаёт йўлига эга инсонман…Келажак биографлари мен ҳақимда нима ёзишни билмай қолмасин деган мақсадда, менинг ижодимни келгусида ўрганишни истаган тадқиқотчиларнинг вазифаларини осонлаштириш мақсадида қуйидаги маълумотларни маълум қилишни маъқул кўрдим:

Исмим —Хисрав.
Фамилиям — Шоҳони Шарқ
Отамнинг исми — Али Асқар (марҳум). Муҳтарам тадқиқотчилардан унинг қабрини қидириб овора бўлмасликларини сўрайман — ҳаракатлари бекор кетади.
Онамнинг исми — Алавия Бегам (марҳум).
Туғилган вақтим ва жойим: 1930 йилнинг 2 январида Машҳадда туғилганман. Демак, ҳозир мен 38 ёшдаман.
Бўйим — 161 см, оғирлигим — 61 кг. Муҳим белгиларим — қоп-қора мўйловим бор (ҳозирча қоп-қора ).
Яшаб турган жойим — ҳозирча Теҳрон, уёғини ёлғиз Оллоҳ билади.
Ҳаётимнинг энг муҳим воқеалари — туғилиш ва ўлим.
Ҳаётимдан айрим лавҳалар — болалигимда сув ости ёки учоқкемаси қўмондони бўлишни орзу қилганман. Аммо, мендан ким чиққанини аниқлаш сизга ҳавола…»

Хуршид Даврон

Хусрав Шоҳоний
ИККИ ҲИКОЯ
Рус тилидан Мурод Парпихўжаев таржимаси
08

ТАНИШУВ ҲАНГОМАСИ

9 Зиёли оилада туғилган Хусрав Шоҳоний асли машҳадлик бўлса-да, умрининг охиригача Теҳронда яшаган. У асосан новеллист, ҳажвиячи ҳикоянавис сифатида шуҳрат қозонди. Хусрав Шоҳоний табиатан ҳалол ва адолатпеша бўлганидан ижодининг етакчи мавзусини турмуш иллатларини, турли тоифа кишилари ўртасидаги мунофиқлик, амалпарастлик, мансаб-мартабасини суиистеъмол қилишни қоралаш каби масалалар ташкил қилади.‘‘Боружалининг кўргуликлари’’, ‘‘Ишратхона’’, ‘‘Оғиз-бурун ўпишганлар”, “Тўфон” ва бошқа ҳикоялари фикримиз далилидир. Ёзувчи асарлари китобхонни ўйлантиради, фикрлашга ундайди. Ҳаётдаги ғайриинсоний, ғайришаръий хатти-ҳаракатларга, қусурларга қарши курашга ундайди. Шунинг учун ҳам Хусрав Шоҳоний ҳозирги Эрон насрида пешқадам ҳикоянавис сифатида эътироф этилади.

09

Ҳаётимда илк маротаба менинг ана шундай тантанавор маросимда иштирок этишимга тўғри келиб қолди. Бу воқеа янги ҳоким тайинлашдан кўп ўтмай содир бўлди. Ўшанда мен қуйидаги  мазмунда битилган таклиф мактубчаси олдим: “Ҳурматли жаноб… Сиздан янги ҳоким Банинов ҳамда у кишининг рафиқалари билан танишув учун ҳокимлик қабулхонасига ташриф буюришингизни сўраймиз. Кийиниш услуби – ҳар кимнинг ўз таъбича”.

Мўъжазгина шаҳарчамизда маскунлар бир-бирининг хатидаги икир- чикирларигача хабардор бўлгани учун мен қабулхонага қадам ранжида қилар эканман, ўзимни мутлақо бегона ҳис этмадим. Мен ҳар томондан оқиб келаётган меҳмонларнинг кўпчилигини яхши билардим. Бу катта қабул тантанаси бўлиб, унга муассасаларнинг бошлиқларидан тортиб, мактаб муаллимларигача ва ҳатто бозорнинг савдогарларидан сотувчиларигача – турли соҳа кишилари таклиф этилганди.

Орадан кўп ўтмай, аввалги барча ҳокимларга ёрдамчилик қилган, агар адашмасам, умр бўйи шу лавозимда ишлаб келаётган ҳамда саккиз нафар бошлиқни кўрган жаноб Садоқатпеша овозини баралла қўйиб эълон қилди:
– Ҳурматли хонимлар ва жаноблар! Ҳозир бизнинг янги ҳокимимиз жаноб Банинов ўз рафиқалари билан ташриф буюражаклар. Таништирувимиз қулай бўлсин учун меҳмонлардан бир сафга тизилишларини илтимос қиламиз.
Бундай тантаналарга аллақачон кўникиб кетган меҳмонлар дарҳол жамиятда мавқеларига ҳамда хизмат лавозимларига қараб жойларини эгалладилар. Табиийки, сизнинг содиқ қулингиз узундан-узоқ чўзилиб кетган сафнинг охирига илинди. Орадан кўп ўтмай жаноб Банинов  рафиқаси билан пайдо бўлди. Барча саф тортиб турганлар гўё шамолдан эгилган буғдой бошоқларидек бирдан олдинга эгилишди. Худди сафда турганлар бир-бирига кўз илғамас мурватчалар ҳамда ошиқ-мошиқлар билан бирлаштириб қўйилгандек. Сизнинг содиқ қулингиз ҳам истаса- истамаса уларга эргашишига тўғри келди ва улар билан биргаликда эгилганча қотиб тураверди. Жамоавий етти букилиш тантанаси тугаб, икки қўлни ёнга тушириб ғоз турар эканмиз, мен беихтиёр, хўш, очиғини айтганда, бу жаноб нима учун аллада азиз ва нега энди биз унинг олдида бош эгишимиз керак, деган ўйга бордим.

Бундай қараганда, бу кимсанинг ўзгалардан ажралиб, кўз-кўз бўлиб турадиган ортиқча хислати кўзга ташланмасди, ўрта бўйли оддий одам эди.

Танишув тантанасига саф тортганларнинг бошида бўйнини чўзиб турган шаҳримизнинг дев келбатли бош имоми билан ёнма-ён тураркан, ҳоким туя ёнидаги бўталоққа ўхшаб кўринарди. Энди унинг рафиқасини айтмайсизми, Оллоҳ номи билан қасамёд қиламанки, шаҳримизнинг кўпчилик аёллари ва ҳатто танишув тантанасида иштирок этаётган аёллар ҳам унга қараганда анча кўҳли ва жозибалироқ эдилар.

Ҳоким рафиқаси билан биргаликда саф тортганлар яқинига келиб, бош имом қаршисида тўхтади. Таништирув тантаналари маросимларида беқиёс тажрибага эга бўлган ҳамда саф тортган барча меҳмонларнинг уруғ-аймоқларигача танийдиган жаноб Садоқатпеша ўз вазифасини ижро этишга киришди:
– Бу киши машҳур дин пешвоси, шаҳримизнинг атоқли олими Жаноб Ҳожат ол-фалон Авлодободий бўладилар. Ҳазратнинг эътиқодлари мустаҳкам бўлиб, масжидимизда имомлик қиладилар. У кишининг жонкуярлиги ва меҳрибонлиги туфайли ҳаммамиз тинч-осойишта ва ҳузур-ҳаловатда яшаяпмиз.

“Ана, холос. Бундан чиқди, бизнинг бош имомимиз чиндан ҳам олийжаноб Садоқатпеша кўкка кўтариб таърифлаганидек, иззат-икромга лойиқ инсон экан-да”, деб ўйлаб қолдим мен.
– Сиз бу кишининг исми-шарифини нима дедингиз? – суриштирди ҳоким.
– Жаноби олийлари, Авлодободий, дедим.
– У ўзига шундай пурмаъно исм-шариф танлаган экан, демак унинг жужуқлари сероб экан-да, – ҳазиллашиб қўйди ҳоким.
– Худди шундай, жаноби олийлари,– деб жавоб берди Садоқатпеша.– Сиз сезиб олганингиздек, руҳий раҳнамомизнинг оилалари катта: иккита муқим никоҳдаги аёллари ҳамда тўртта шаръий никоҳлаб олган хотинлари бор. Шуни ҳам айтиб қўйишим лозимки, уларнинг барчаси оқсуяк оилалардан. Булардан ташқари Авлодободий жанобларининг ўн олти нафар ўғиллари, етти қизлари ҳамда кўплаб келинлари ва набиралари бор.
“Бундан чиқди,– деб ўйладим мен.–Бизнинг бош имомимиз инкубатор экан-да”.
– Елкангизга,–деди унга жилмайиб ҳоким, – оғир вазифалар юкланади. Сиз бу масалаларга жамоат олдида барча масъулиятни сезган ҳолда виждонан ёндашишингиз керак бўлади.
Бунга жавобан бизнинг бош имомимиз етти букилар экан, Оллоҳ томонидан буюрилган дин йўлидаги барча ишларни холис ва оғишмай бажаришга жаноб ҳокимни ишонтирди.
Кейинги одамга навбат келганида жаноб Садоқатпеша ҳамма эшитадиган қилиб деди:

– Бу киши жаноб Покфамил бўладилар, молия бошқармасининг ҳурматга сазовор бошлиғи. Исм-шарифларининг ўзи яққол таъкидлаб турганидек, давлатнинг соф ва беғараз хизматчиларидан бири ҳисобланадилар. Жаноб Покфамил бу соҳада кўп йилдан буён тер тўкиб келадилар ва…

Мен бу исм-шарифни эшитгач, шаҳар аҳли даҳшатдан дир-дир титрайдиган, қийноққа соладиган жаллод эмасмикин, дея бўйнимни чўзиб қарадим. Не кўз билан кўрайки, худди ўша – ўзлари! Қани, айтинг-чи, ахир буни қандай тушунмоқ керак? Номи қаттиққўллик ва раҳм-шафқатсизлик тимсолига айланиб кетган бу қонхўр кимса бирдан исми-шарифига заррача доғ туширмаган покиза ва беғараз инсонга айланиб қолса-я?!
Шу тобда миямга қон қуйилаётганини сездим. Бутун аъзойи баданим қизиб кетар, гоҳ қалтироқ тутарди. Жаноб ҳоким, барча гаплар ёлғон! Сизнинг шон-шарафингиз билан қас амёд қиламанки, бу турқи- тароватнинг исми-шарифи Покфамил эмас, Нажасфамилдир. У замонамиз ярамасларининг ярамаси, муттаҳамларнинг муттаҳами, деб қичқириб юборишимга сал қолди. Хайриятки, шу заҳотиёқ ўзимни қўлга олиб ўйлай бошладим: “Сенинг нима ишинг бор-а? Яна бирон-бир ғалвага аралашиб қолиб, сенинг ишларингни ҳам ағдар-тўнтар қилишларини истаяпсанми? Эҳтимол сен янглишиб қолгандирсан, бу Покфамилнинг сен ўйлаётган ифлос турқ-тароватга ҳеч қандай алоқаси йўқ чиқар!”

Ҳоким Покфамил билан танишувни ниҳоясига етказиб, унинг қўлини қаттиқ қисиб қўйди-да, учинчи меҳмон рўпарасига борди.
– Бу киши жаноб Етимнавоз бўладилар, – Садоқатпешанинг қулоқни қоматга келтирувчи овозини эшитдим. – Шаҳримизнинг ҳалол-пок, ғамхўр савдогарларидан бири. Худди шу жаноб кўп йиллардан буён шаҳримизнинг гуллаб-яшнаши учун жонбозлик қилмоқдалар. Ўзларига мерос бўлиб қолган кўп ерларни мактаб, шифохона ҳамда болалар боғчалари қуриш учун сахийлик билан давлатга бериб юборганлар. Етимнавоз жаноблари ҳар ҳафта бечораҳол ва қашшоқ кишиларни меҳмон қиладилар, уларга ўз мол-мулкларидан улашадилар.

Етимнавознинг исм-шарифи қулоғимга чалингунча мен Покфамил ҳақида эшитганларим таъсири остида бўлиб, ҳамон ўз-ўзимни юпатардим. “Ия, қанақасига! Наҳотки бу ўша – биз ҳожи мумсик деб атайдиган ва ўтакетган зиқна, ҳаромхўр чайқовчи Ҳожи Етимнавоз бўлса? Қарасам, нақ ўшанинг ўзгинаси! Бу нима деган гап ахир? Нега энди Садоқатпеша деган кас кўзини бақрайтириб туриб ёлғон гапиради? Ҳожи Етимнавоз дегани ўзига мерос қолган ерини давлатга мактаб, шифохона ҳамда болалар уйлари қуриш учун таг-туги билан текинга бериб юборди, деган гапни қаёқдан олди? Ахир, унинг ер олди-сотдисида қалбаки ҳужжатлар тайёрлагани ҳақидаги “иши” ҳамон ёпилгани йўқ, тергов ишлари давом этмоқда-ку. Бошқа бир кимса эмас, нақ шу жанобнинг ўзи икки йил бурун шаҳар бошқаруви аъзоси бўлиб, адлия бўлими бошлиғининг ёрдамида бахтсиз бева-бечоралар ҳамда етим-есирларнинг уйларини ҳам қўшиб олиб, барча ишлаган ва ишламаган вақф ерларини ўзига ўтказиб, ўзлаштириб олган эди-ку. Ахир қандай қилиб, бу жиноятчи, таъбир жоиз бўлса, тўсатдан ҳақиқатгўй ва адолатли инсонга айланиб қолди?! Макка сафарига бориб келгани билан керилиб юрувчи ва тақводор мунофиқ чайқовчилик орқасидан ҳамда қарз берган ҳар бир тумани устига икки ҳисса фойда олиб, кун кўрарди-ку. Ночор қолган кимсаларнинг қонини сўрувчи бу зулук қачондан буён инсонпарвар ва саховатпеша қиёфасига кириб, муҳтожларнинг ҳожатбарорлиги билан шуғулланадиган бўлиб  қолипти! Наҳотки бу турқ-тароватнинг кимлигини Садоқатпеша билмаса?” Мен яна бор овозда барча азиз-авлиёлар номи билан қасам ичаманки, Садоқатпеша ёлғон гапиряпти, деб юборишимга сал қолди. Бироқ шу тобда ҳокимнинг Етимнавоздан буёғига ҳам Қуръон кўрсатмаларига биноан иш юритишни давом эттиришини илтимос қилаётгани қулоғимга чалиниб, тилим танглайимга ёпишиб қолди. Гўё симёғочга айланиб қолган эдим.

Шу тобда навбат кейинги меҳмонга келган эди ва Садоқатпешанинг  товуши қўнғироқ товушидек миямда акс-садо берарди:
– Бу ҳазрат жаноб Синэпахи бўладилар. Шаҳримизнинг мақтаса арзугудек ёш спортчиларидан бири. Бу бизнинг фахримиз, мамлакатимизнинг  шон-шуҳрати. Ўзининг бағрикенглиги билан бу инсон мамлакатимизда  биринчи ўринлардан бирида туради. Сахийликда, қалби очиқлик,  одамшавандаликда тенги йўқ. У ўзининг ҳалол меҳнати эвазига топган  даромадидан учта спорт клуби қуриб ташлади.

“ Ана холос ! Ахир бунинг т аниқли ка ллаке с ар , пичоқбоз ва йўлтўсарлигини бутун шаҳар билади-ку. Ахир, у учта фоҳишахонанинг эгаси-ку! Спорт клублари бу ерда нима қилиб юрибди? Худди шу Синэпахи дегани пичоқбозлиги ва қотиллиги учун Кешм, Харк оролларига  ҳамда Бандар-Аббосга тўрт марта сургун қилиниб, тўрт мартасида ҳам у  ерлардан қочиб келган-ку. Бу безорининг тушига инсонпарварлик номига
ҳам кирмаган бўлса керак. Ундаги сахийлик, бағрикенглик ва бошқа  сифатлар қаёқдан пайдо бўлиб қолдийкин? Шаҳримиз аҳолиси кўчада   уни кўриб қолгудек бўлса, оч бўрига йўлиққан қўйлардек ҳар томонга  тарқалиб кетишади-ку. Қандай қилиб бу йўлтўсар мамлакатимизнинг  ғурури-ю, шон-шуҳратига айланиб қолди?!”.
Мен бор кучимни жамлаб, шижоат билан олдинга чиқиб: “Жаноби  ҳоким! Сизнинг рафиқангиз номи билан қасамёд қиламанки, Садоқатпеша   ҳалиям алдашда давом этмоқда! У кўз кўриб, қулоқ эшитмаган гапларни тўқиб ташлаяпти”, деб юбормаслик учун тишимни тишга босдим. Бироқ  шу тобда жаноб ҳокимнинг рафиқаси табассум ила меҳри товланиб,  ҳайратланган бир ҳолатда Синэпахининг қўлини қисаркан, ўзининг ташқи  кўринишига ҳечам мос тушмайдиган эркаловчи ҳамда нозик товуш билан  унга мурожаат қилиб, сўзланарди:
– Бизнинг ватанимиз, бизнинг халқимиз сиз каби инсонларга муҳтож!  Бизнинг миллатимиз сизга ўхшаш довруғи довон ошган спортчилар билан  ғурурланмай иложи йўқ. Бизнинг замонамиз ёшлари жисмонан кучли  ҳамда жаҳон спорт майдонларида байроғимизнинг шонли ҳилпирашига  имкон туғдириб берган жамоатларгина ривожланишга ва оламшумул  эътирофга сазовор бўлишига ҳақли. Мен ёшларимизнинг бақувватлиги,  жисми пўлатдек мустаҳкамлиги ва соғломлигини ҳар кўрганимда ўзимда  қониқиш ҳосил қиламан.

Назаримда бошимдан кимдир муздек сув қуйиб юборгандек бўлди. Афтим буришиб, мазам қочди ва аъзойи баданимдан совуқ тер чиқиб  кетди.
Олтинчи ўринда турган одам билан танишувга навбат етди. Садоқатпеша  аввалгиларидек ахборот йиғиш бошқармасининг штатдан ташқари хуфия  ходими бўлмиш Пачевармалидэнинг кўкрагига ўнг қўли билан ниқтар  экан, деди:
– Жаноб Пачевармалидэ атоқли адабиётшунос, олим ва нозиктаъб  шоирлардан бири. У шон-шуҳратга эга бўлишига қарамасдан, хокисоргина  ҳаёт кечиради ва жамоа орасида кам кўринади ҳамда ўзини кўз-кўз қилишни ёқтирмайди.

Пачевармалидэ жанобларининг ажойиб ва қалбларни жунбушга солувчи шеърлари оғиздан оғизга ўтиб юради, унинг ўзи эса шаҳримиздаги барчанинг ҳурматини қозонган ва тан олинган. Ҳафта сайин унинг уйида адабиёт кечалари уюштирилади ва унда шаҳарнинг шоир ва ёзувчилари қатнашиб янги-янги асарларни қўйиб берадилар. Биз ҳозир Пачевармалидэ жанобларидан жаноб ҳоким ва унинг рафиқаларининг шаҳримизга шарафига бағишлаб махсус битилган қасидани ўқиб беришини илтимос қиламиз.
Жаноб ҳоким ва унинг рафиқаси Пачевармалидэга ўзининг шоирлик қобилиятини намойиш этиши учун розилик берганлигини ишора қилиб, назокат ила жилмайиб қўйди.

Ахборот йиғиш бошқармасининг штатсиз ходими ҳамда барча қонуний ва ғайриқонуний битимлар даллолининг шаҳар маркази ва ташқарисидаги уйлари шаҳарнинг турли муассасалари бошлиқлари учун ишратхона бўлиб, шулар орқали мўмайгина кўчмас мулк даромадига эга бўлган Пачевармалидэ бир қадам олдинга чиқиб, етти букилиб таъзим бажо этгач, баланд овозда хониш билан ҳоким ҳамда унинг рафиқаси шаънига бағишланган қасидани ўқий кетди.

“Ана холос! Шунчалик ҳам сурбетлик бўладими, ахир! – ўйга толдим мен. – Шундай разил кимсанинг шеъриятга, умуман адабиётга қандай алоқаси бўлиши мумкин? Бу ярамасни шаҳарда ҳамма яхши билади- ку. У фирибгарлик ва ёлғончилик мактабини ўқиган кимса-ку. Ахир у ўтакетган фирибгар ва бузғунчи-ку. Хат-саводи йўқ гумроҳ-ку. У шу қадар саводсизки, ҳатто имзо чекишни ҳам уддалай олмайди. Буни қарангки, ана шу ярамасни улкан адабиётчи ва шеъриятнинг билимдони сифатида намойиш этмоқдалар. Бизнинг шаҳримизда чиндан ҳам шундай ажойиб шоирлар борки, уларнинг шеърлари буюк Низомий ғазаллари билан бемалол рақобатлаша олади, бироқ улар муҳтожликка маҳкум этилгандек зўр-базўр кун кечирмоқдалар. Бу муттаҳамни ҳоким ва унинг рафиқасига шоир сифатида таништириш фикри кимдан чиқдийкин?”

Хаёлларим танишувда иштирок этаётганларнинг қарсаклари ва “Яшасин!”, “Яшасин!” дея қичқириқлардан бўлиниб кетди. Ҳоким жаноблари ва унинг рафиқаси бу тўнканинг қофиябозлигини юксак баҳолашгач, кейинги меҳмон билан таниша бошлашди.

Қисқасини айтганда, жаноб Садоқатпеша ғишт терувчини – тоғ муҳандисига, гўрковни – археологга, бўёқчини – улуғ мусаввирга, фолбин ва башоратчини – мулла ва донишмандга, хачирбоқарни – моҳир чавандозга, хат ташувчини – ёзувчи ва адабиётшуносга, ғирт каптарбозни – биолог олимга чиқариб қўярди.
Садоқатпеша бошқаларни қандай таништирган бўлса, мени ҳам худди шундай таништира бошлади:
– Бу жаноб – жўшқин ёшларимиздан бири, ватанпарвар, жасур, мустаҳкам иродали, серфикр, меҳрибон, итоаткор, сипо, ақлли, донишманд ва ҳоказо.

Бу ҳангомани давом эттиришга сабрим чидамай тоқатим тоқ бўлиб кетди. Агар бошқаларга нисбатан шундай ҳол рўй берганида бир амаллаб чидаса бўларди-ю, аммо худди шу алфозда менга баҳо беришар экан, ўзимни қўлга олишга қурбим етмай қолди. Шаҳд билан бир қадам ташлаб, сафнинг олдига чиқдим-да, бор овозим билан дедим:

– Ҳоким жаноблари, сизнинг шуҳратингиз билан қасамёд қиламанки, бу одам ғирт ёлғон гапираяпти. Барча авлиёлар номига қасамки, бари бўлмаган гап! Мен, умуман, довюрак эмасман! Агар мен довюрак бўлганимда эди, сурбетлик билан неча йиллардан бери мана, ўн йилдирки, барчани боплаб лақиллатиб келаётган жаноб Садоқатпешанинг ўрнида ўтирган бўлардим. Мен журъатли ҳам эмасман, йўқса, Синэпахига ўхшаб шаҳарда учта ишратхона очиб қўйиб, ойига ўн минг, ўн беш минг тумандан пул ишлаб ётган бўлардим! Мен донишманд ҳам эмасман, агар шундай бўлганимда, жаноб Етимнавознинг ўрнини эгаллаб, олтинга чўмилиб ётардим! Агар мен ақлли бўлиб, елкамдаги каллам ишлаганида эди, унда аллақачон анави Пачевармалидэга ўхшаб, ахборот йиғиш бошқармасининг штатсиз ходими вазифасига ўтиб олардим ва худди ўшанга ўхшаб, ўз уйимни ишратхонага ва ахлоқсиз кимсалар, яъни шаҳримизнинг нуфузли отахонлари тўпланадиган масканга айлантириб қўярдим! Мен ватанпарвар ҳам эмасман, йўқса, мана шу ерларнинг жуда бўлмаганида ярми меники бўларди. Агар итоаткор ва сипо бўлганимда эди, барча мени асраб-авайларди, бошида кўтариб юрарди…

Мен шу топда яна нималар деб валдираганимни аниқ эслай олмайман! Фақат нима деб бақирмай, меҳмонлар менга ачиниш билан қарашарди ҳамда гапларимга қўшилганликларини билдириш маъносида бошларини чайқашарди.
Жаноби ҳоким ва унинг рафиқаси бўлса яккаш менга далда беришар ва давом эттиришимга ундашарди. Улар: “Жуда зўр! Довюраклигингга балли! Ана жасорат! Мана, ҳақиқий ватанпарвар! Мана, беғараз ва софдил инсон! Мана, биз ҳақиқатни бетга айтишни кимдан ўрганишимиз керак! Яша, йигит, яшавор! Гапиравер, йигит, асло чўчима! Агар сен бўлмаганингда эди, бизлар ҳеч қачон ҳақиқат нималигини, қачон ва қаерда номаъқулчиликлар содир этилаётганини билмас эдик. Ахир биз бу ерга ишларингизни кўриб чиқишга, қийинчиликлар, пишиб етилган масалалар билан танишишга, газакнинг олдини олишга келганмиз-да. Ахир биз барча одамларни била олмаймиз-ку. Гапиравер, ўғлим, гапира бер, юрагингда қандай дард бўлса тўкиб сол! Ҳечам қолдирма! Асло чўчима, биз ҳаммасини кўриб чиқамиз ва сенга ёрдам берамиз! Бизнинг ватанимиз шундай ёшлар билан ғурурланади, биз бундай ёшларга муҳтожмиз…”

Бу ҳангома қандай якун топганини билишни истайсизми? Марҳамат! Орадан бир ҳафта ўтгач, жаноб ҳоким ўзининг марказга юборган махфий ҳисоботида шундай дебди: “Бу нусха (яъни, сизнинг содиқ қулингиз) – фитнакор, ғаламис ва бетгачопар экан. Буюринг, уни нима қилай?”
…Олинган жавоб мазмунини сизга баён қилиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак, деб ўйлайман.

ТОШҚИН ҚУРБОНЛАРИ

Шу йилги қиш аввалгиларга қараганда қаттиқ келиб, ҳаммадан кўра қашшоқ бечораларга оғир бўлди.
Ҳозир қайси кун эканлигини аниқ айта олмайман, аммо Бахман ойида росаям жала қуйиб юборди ва унинг кетидан шаҳарни даҳшатли сув босди. Қишлоқда жойлашган тўрт минг уйдан асосан, қашшоқлар истиқомат қиладиган маҳаллалардан икки юзга яқин хонадон бутунлай вайрон бўлди ёхуд шикастланди, уч мингга яқин одам бошпанасиз қолди ва ўн беш ёки йигирма киши қурбон бўлди ва бедарак йўқолди.

Бу фожиали ҳодисадан хабардор бўлган кўплаб марказий газеталарнинг махсус мухбирлари фалокат рўй берган жойнинг ўзидан Теҳронга маълумотлар ва ахборотларни юбориш учун шаҳарга ёпирилиб келишди. Қарангки, газеталарда ёритилаётган маълумотлар билан бизнинг билганларимиз орасида от билан туяча фарқ бор. Газеталарда ёзилишича, шаҳардаги бутун бошли икки мингта бино вайрон бўлиб, ўттиз-қирқ минг киши бошпанадан айрилганди, чўкиб кетганлар ва бедарак йўқолганлар сони эса салкам бир юз эллик, ҳатто икки юз нафарни ташкил этарди.

Ўз-ўзидан равшанки, шаҳримиз оқсоқоллари биздан ақллироқ ва тажрибалироқ бўлишиб, расмий маълумотлар тўплашганди. Уларнинг маълумотлари ҳар томонлама асосланган эканлиги ва рўй берган фалокат оқибатлари жиддий ўрганиб чиқилганлиги ҳеч кимда шубҳа туғдирмади.
Тошқиннинг эртасигаёқ уй-жойдан ҳамда озиқ-овқатдан маҳрум бўлган оёқяланг ва йиртиқ-ямоқ кийимли одамлар ёрдам сўраб, ҳокимлик биноси ёнида тўпланишди. Бечоралар бундан ортиқ нима ҳам қилишлари мумкин эди? Ахир бизларнинг бирдан-бир паноҳгоҳимиз жаноб ҳоким, жаноб муниципалитет раиси, унинг ўринбосарлари эдилар-да.

Яратганнинг ўзи марҳаматига олгур жаноб ҳокимимиз талофат кўрганлар тўпланишиб, уни кутаётганлардан хабар топган заҳотиёқ ҳокимиятнинг катта эшиги олдига стол ва курси қўйишларига фармон берди ҳамда ўзи мотамсаро қиёфада енгига мотам тасмаси тақиб, курсига чиқди. Унинг икки томонида шаҳримизда эълон қилинган умум мотам белгиси сифатида қора тасма таққан жаноб муниципалитет раиси ва жаноб ўринбосарлари саф тортди.

Турли идоралар – почталар, молия, сув таъминотлари, халқ таълими раҳбарлари эса ҳамдардлик билдириш мақсадида муниципалитет раиси ҳамда унинг ўринбосарлари ортида туришди. Бироқ, афтидан, уларга қора тасма етмаган бўлса керак, улар жабрланганларга қандай қилиб бўлса-да, ўз ҳамдардликларини ифода этиш мақсадида ўзларининг оппоқ кўйлакларига қоп-қора капалак нусхаларни тақиб олишганди.
Ҳоким жаноблари таъзим бажо этаркан, бағрикенг аҳоли томонидан гулдурос қарсаклар авжига чиқиб кетди. Ахир биз ўша куни биринчи маротаба ҳокимимизнинг таъзим қилганини кўришга мушарраф бўлган эдик-да. Бу таъзимга ана шундай гулдурос қарсаклар жавоб бўлиши керак эди.

Ҳоким жаноблари сўз бошлашдан бурун лойга беланганидан доғ-дуғ бўлиб кетган шимининг чўнтагидан рўмолча олди-да, сезилар-сезилмас ҳиқиллаб, кўз ёшларини артиб қўйди. Қаранг-а, ҳокимимизнинг ўзи йиғлаб юборибдимики, унда биз нима қилишимиз керак бўларди. Турган гап биз ҳам ҳўнграй бошладик. Ҳар томондан ҳўнграб йиғлашлари ва оҳу нолалар эшитила бошланди.
…Менинг оға-иниларим… ва опаю сингилжонларим, – деди ҳоким томоғига тиқилиб бўғиб келаётган ўкрикни зўр-базўр босиб,– мен бошингизга тушган кулфатдан ўзимни йўқотиб қўйдим…менинг қадрдонларим… ботирларим… жасурларим… барча… сабр-тоқатли.. ҳамюртларим…

Унинг ёнида турган муниципалитет раиси биқинига туртиб шивирлади: “Бизларни ҳам қўшиб ўтинг… ҳалиги, биз ҳам қайғудамиз!”
– Фақат мен эмас, – дея сўзини давом эттирди ҳоким, – манави жаноблар –муниципалитет раисию унинг ҳурматли ўринбосарлари ҳам ич-ичларидан қайғуга чўмганлар.
Шу топда муниципалитет раиси орқасида турган халқ таълими бўлимининг мудири ҳам ҳоким жанобларини туртиб шивирлади: “Биз ҳам қайғуда эканимизни айтиб ўтинг… Қаранг, биз қанчали қайғуга чўкканмиз…”.
Ҳоким ҳиқиллаганча сўзини давом эттирарди:
– Фақат бизларгина , мен , муниципа литет раиси ва унинг  ўринбосарларигина содир бўлган воқеадан қайғуда эмасмиз… халқ таълими, молия, ер тузиш… ва… ҳамда ва… бўлимлари бошлиқлари ҳам ғам-андуҳдалар (ҳоким жаноблари ўта таъсирчан одам эдилар).
– Мен тун бўйи мижжа қоқмадим, – сўзини давом эттирди ҳоким, – шаҳардаги вайрон бўлган маҳаллаларни айланиб чиқдим. Мана, кўриб қўйинглар.

У шундай деб оёғини кўтарди ва уни оломон томон чўзиб, шимининг почасига ёпишган лойларни кўрсатди. Бунга жавобан гулдурос қарсаклар яна авжига чиқиб кетди (Шаҳримиз халқи ўта мулойим табиатли эмасми, шундай бўлгач, ҳоким жаноблари оёқларини бизга биринчи марта кўрсатар экан, албатта, биз бунга бефарқ қараб тура олмас эдик-да).
– Фақат мен эмас, – дея сўзини чўзиб кетди ҳоким, – бошқа муассасаларимизнинг ҳурматли бошлиқлари ҳам тонг отгунча мижжа қоқмадилар…
(Сезилдики, ҳоким жанобларини ўз вақтида нуқиб қўйишган). Энг охирги аниқланган маълумотларга қараганда, кечаги тошқинда тўрт минг киши бошпанасиз қолган, шунингдек, тахминан уч юз одамни том босган ва сув оқизиб кетган!

Ҳамкасблари ҳамдардлик билдириб турган ҳоким жанобларининг оҳу ноласи, жабрдийдаларнинг фалакка чиқаётган фиғони-ю бақириб- чақириқларидан ақлга сиғмайдиган шовқин-сурон кўтариларди.
– Биз қасамёд қилиб сизларни ишонтирамизки, – дея сўзини якунларди ҳоким жаноблари, – бир ой ичида аввалги истиқомат қилган уйларингизга қараганда ҳашамдорроқ уйлар қуриб берамиз. Бугуннинг ўзидаёқ самолётларда бизга ёрдам кела бошлади ва ҳар бир жабрдийда ўзига етарли нарсаларни ва озиқ-овқатни олади.

Ҳоким жанобларининг қисқа бўлса-да, кишига умидворлик бахш этувчи нутқи ниҳоясига етди ва биз уни узундан-узоқ дуолар қилишиб, совуқдан дилдираганча тарқала бошладик. Ҳамма йўл-йўлакай ҳоким жанобларининг ажойиб нутқини ҳаяжонли бир тарзда миннатдорчилик билан муҳокама этиб борарди, фақат бизни вафот этганлар ва бошпанасиз қолганларнинг ҳайратга соларли даражадаги сони бошимизни қотирарди. Ахир шаҳримизнинг аҳолиси ҳеч қачон қирқ минг кишига етмаган эди- да. Шундай бўлгач, қандай қилиб қирқ минг киши бошпанасиз қолсин… Уч-тўрт минг хонадон вайрон бўлди деган маълумотга келганда эса, шаҳримизда ҳеч қачон шунча уй бўлмаган…

Аммо бу рақамлар нақ ҳоким жанобларининг ўзи томонидан айтилган экан, ўз-ўзидан маълумки, у бу рақамларни шифтга қараб тўқимайди.
Худди ўша куни тушдан кейин шакар, чой, гуруч, одеяллар, ун, буғдой, палаткалар юкланган самолётлар турналар галасидек шаҳримизга келиб қўна бошлади. Ҳокимлик ҳамда муниципалитет қошидаги омборлар тўлиб-тошиб кетди. Модомики, озиқ-овқатлар ва иссиқ кийим-кечаклару бошқа молларни кўчада қолдириб бўлмас экан, жўнатилган молларнинг бир қисми ҳоким жанобларининг ҳужрасига ва бир қисми муниципалитет раиси ва унинг ўринбосарлари ҳужраларига жойлаштирилди. Ким нима деса деяверсину шундай қилинса, ишончли ҳолда яхши сақланарди.

Эртасига марказий газеталар ва журналларнинг биринчи саҳифаларини бизнинг шаҳримизда рўй берган фалокат ҳақидаги суратлар ҳамда хабарлар эгаллаб турарди. Маълум бўлишича, иш биз тахмин қилганимизга қараганда анчагина жиддий ва тошқин биз тасаввур қилганимиздан даҳшатли бўлганди (Газеталардаги маълумотларга биноан шаҳримизда  олти-етти минг хонадон вайрон бўлиб, етти юз-саккиз юз киши ҳалок бўлганди!) Маълумки, газеталар ҳеч қачон ёлғон ёзмас экан, чиндан ҳам шундай бўлибди-да!
Қуёш тоғ ортига беркиниши биланоқ шундай изғирин бошландики, биз бошпанасиз ва оч-наҳор бечоралар ҳаммом ва нонвойхонанинг нам ва сирпанчиқ томига чиқиб, итдек қалтираган ҳолда оз бўлса-да, исиниш мақсадида бир-биримизнинг пинжимизга кириб кетдик. Биз хуштаъвозе ва интизомли одамлар эмасмизми, марказдан жўнатилган адёл тантанали равишда, тартиб ўрнатилган ҳолда тарқалиши кераклигини тушунардик. Ахир бу ҳазилакам гап эмас-да! Орамиздаги айрим ҳовлиқмалар ҳоким ҳузурига бориб адёл сўрамоқчи бўлганларида, бошқалар уларни бу йўлдан қайтаришда жонбозлик кўрсатишди, ҳар қандай ишда тартиб ва сабр-тоқат бўлиши кераклигини исботлашга уринишарди.

Ўша куни тундаёқ хорижий радиостанциялар ўз эшиттиришларида шаҳримиздаги вайрон бўлган уйлар сонини ўн-ўн икки мингтага етказишди ва бошпанасиз қолганлар сони эса бир юз йигирма-бир юз ўттиз мингтага сакраб кетди ҳамда ҳалок бўлганлар сони уч-тўрт минг кишини ташкил этди!

Ана, холос! Тошқингача биз қандай улкан шаҳарда истиқомат қилаётганимизни тасаввур ҳам қила олмаган эканмиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг: ўн икки минг уй вайрон бўлган жойда, тошқин уч-тўрт минг қурбонни оқизиб кетган тақдирда кам деганда ўттиз-қирқ минг хонадон мавжуд бўлиб, тўрт юз-беш юз минг жон истиқомат қилиши керак эди-да! Ўтган йилги аҳолини рўйхатга олинишида шаҳримизда бор-йўғи тўрт минг одам истиқомат қилишини билган бўлсак-да, радиода айтилган хабарни ҳақиқат дея тан олишдан бошқа илож қолмаганди. Ахир бу маълумотларни радио эшиттириб турибди-ку. У ҳеч қачон янглишмайди ва ҳеч қачон алдамайди. Афтидан радио мухбирларининг маълумотлари аниқроқ бўлиб, биз ўзимиз айбдор эдик, чунки шу маҳалгача бизлар қандай улкан шаҳарда яшаётганимизни билмаганмиз.

Хорижий агентликларнинг хабарларидан кейиноқ бизнинг шаҳарчамизга хорижий ёрдам оқиб кела бошлади. Венесуэланинг Қизил хоч ташкилоти беш юз минг тонна буғдой ҳамда туя жунидан тўқилган тўрт минг дона адёлни аяб ўтирмади; Норвегиянинг Қизил хоч жамияти эса, қирқ минг тонна шакар, ўн икки минг дона адёл ва ўн беш минг дона банкада ширин сут жўнатди; Гватемаланинг Қизил хочи бўлса, беш юз минг туман нақд пул, ўн икки минг тонна ун ва беш юз палаткани қурбон қилди; англиялик нудистлар жамияти бир минг икки юзта шолча, икки юз элликта палатка, беш юз қоп қанд юборди; Халқаро жониворларга хайрихоҳлик жамияти нақд миллион доллар пул билан олий навли ўн минг тонна ун, саккиз минг дона аёлларнинг жун рўмоли, катта миқдорда эркаклару аёлларнинг кийим-бошлари, пойафзаллари ҳамда шляпалари ва бошқаларни ҳиммат қилиб юборди…

Ахир бизнинг шаҳримизда ўн икки мингта уй-жой вайрон бўлиб, бир юз йигирма минг киши бошпанасиз қолган ва уч-тўрт минг одам ҳалок бўлганди-да! Бу ҳазилакам гапми, ахир? Наҳотки, бу кўмаклар барчага етарли бўлса?
Ҳоким жаноблари, муниципалитет раиси ҳамда унинг ўринбосарларининг омборлари ва ҳужралари тўлиб-тошиб кетганди. Озиқ-овқат ва молларни яна қаерларга жойлаштириш мумкин? Ўз-ўзидан маълумки, буларни ишончли сақлаш жойлари молия, халқ таълими, ер билан шуғулланиш ва адлия бўлимлари бошлиқларининг омборлари ҳисобланарди.

Оллоҳ улардан марҳаматини дариғ тутмасин! Агар улар бўлмаганида барча кўмак ҳавога учиб кетарди. Ахир биз, тошқин жабрдийдалари шунча бойликни қаерда ҳам сақлай олардик, дейсиз!

Тошқиндан кейинги тун ғам-ташвиш билан ўтди. Эртасига эрталаб каллаи саҳарданоқ безгак тутаётгандек қалтираётган халқ тағин ҳокимлик биноси олдига тўпланди. Аммо бу сафар табуретканинг қораси кўринмайди. Ҳоким жаноблари тошқин қурбонларига ёрдам кўрсатувчи комиссия мажлисини ўтказаётган бўлгани учун жабрдийдалар билан дийдорлашиш жаноб муниципалитет раисига топширилган эди.

Муниципалитет раиси столга чиқиб олди. У бугун кечагига қараганда анча қувноқ эди. Худо марҳаматига олгурнинг ўзини тутишини қаранг-а! Ахир бизга раҳм-шафқати келиб, юрак-бағри қонга тўлиб турган бўлса ҳамки, бизда ҳушёрлик уйғотиш ва келажакка ишонтириш учун табассум қилишига тўғри келди! Қарабсизки, бизлар ҳам ҳушёр тортдик.

Муниципалитет раиси ҳоким жанобларининг шахсан ўзлари қаршимизга чиқа олмагани учун кечирим сўради. Гап шундаки, дея тушунтирди у, ҳоким жаноблари тун бўйи шаҳримизга етган зиённи ҳисоблаш чиқиш билан овора бўлибди. Тошқин жабрдийдаларига адёл ва озиқ-овқатлар тарқатиш масаласи тез орада ҳал этиларкан. Фақат сабр-тоқатли бўлиб, энг муҳими хотиржамликни ва тартибни сақлаш керак эди. Шу билан у мухтасаргина нутқига якун ясади. Шу тунда совуққа дош беролмай бир неча киши жон таслим қилди. Эртасига ҳоким жаноблари билан муниципалитет раиси комиссия ишлари билан машғул бўлишар экан, тўпланганлар қаршисида муниципалитет девонхонаси бошлиғи – жиккаккина серғайрат киши сўзга чиқди. (бу сафар столнинг ҳам, табуретканинг ҳам қораси кўринмади). Девонхона бошлиғи ҳам тез орада комиссия ўз ишини якунлаши ва ана ўшанда қимматли ҳамшаҳарларимизга зарур кўмак берилиши ҳақида қуюқ ваъдалар қилди.

Халқ яна тарқаб кетди ва эртасигаёқ яна ҳокимлик биноси олдида тўпланди. Бу сафар бизнинг кўз олдимизда муниципалитетнинг бош фарроши намоён бўлди.
– Сизларнинг ҳадеб бу ерда пайдо бўлаверишларингиз, – деди у – жаноб комиссия аъзолари ишининг бир меъёрда боришига халақит бермоқда. Жаноб муниципалитет раиси ўз ўринбосарларига, ўринбосарлари эса ўз навбатида бўлим бошлиғига, бўлим бошлиғи бўлса менга ҳадеб бундай сабр-тоқатсизлик қила беришга барҳам беришни айтиб қўйишни буюрдилар. Вақти-соати келиб сизларга тегишли ёрдам кўрсатилади!
Биз яна қўлимизни бурнимизга тиқиб қайтдик. Шаҳримизнинг аҳолиси ўта кетган ишонувчан, соддадил ва умидвор халқ.

Орадан ўн кун ўтиб кетган бўлса-да, жабрдийдалар икки юз-уч юз адёлдан (яъни, ҳар ўн икки кишига биттадан) бўлак ҳеч қандай ёрдам олганлари йўқ.
Ниҳоят ажойиб тонгларнинг бирида тоқатимиз тоқ бўлди ва яна ҳокимлик биноси олдида саф тортдик ҳамда ҳоким жанобларининг ўзлари чиқишларини талаб қилдик.
Орада бўлиб ўтган узоқ, кераксиз тортишувлардан кейин ахири саноқли аъёнлар кузатувида ҳоким намоён бўлди. Бу сафар унинг енгида ҳеч қандай қора тасма кўринмаганди, биз бундан қувониб кетдик: демак, ҳамма иш ўз жойига тушибди, мотам якунига етган.
Халойиқ ҳокимни гулдурос қарсаклар ва “ура” садолари остида кутиб олди. Бақириқ-чақириқлар тинчигач, ҳоким жаноблари зинага кўтарилди- да, оломонга қараб сўради:
– Бу ерга нега тўпландинглар?
– Ҳоким жаноблари, ўзингиз биласизки, – дадиллик билан сўз бошладилар олдинги қаторда турганлар, – сув тошқини бизни бошпанасиз қолдирди. Биз ваъда қилинган кўмакни олгани келдик.

Ҳоким жаноблари қип-қизил, гўштдор бўйнини қашиб туриб, ҳайратомуз деди:
– Наҳотки шу маҳалгача ёрдамни олмаган бўлсангиз?
– Йўқ, ўн кишига бир дона адёлдан бошқа ҳеч вақо олмадик…
Ҳоким жаноблари ғазабдан қизариб кетди ва бирдан ғайритабиий овозда  бақириб қолди:
–Аблаҳлар! Сизнингча, биз қанча адёл беришимиз керак эди? Виждонсизлар, тамагирлар, озгина бўлса ҳам уялинглар!

Шаҳар посбонларининг бошлиғи Абдулқодир бир неча ўнлаб девқомат посбонлари ёрдамида халқни ҳайдаб солди. Кимки озгина қаршилик кўрсатгудек бўлса, қўлларини орқага қайтариб, жамоат тартибини бузганликда айблаб, олис туманларга бадарға қилинди.

Эртасига қуёш мўралаб чиқди, ҳаво илиб кетди, ҳаяжонлар сўнди.  Абдулқодирнинг буралган мўйловидан ҳамда посбонларининг таёқларидан қўрқиб, юрак олдирганларнинг биронтаси ҳокимлик биносининг яқинига йўллашга журъат қилолмади.

Орадан бир неча кун ўтгандан кейин биз марказий матбуот кўплаб саховатпеша жамиятлар ҳамда турли ташкилотлар, ер юзининг деярли барча жойидан шаҳримизнинг тошқиндан жабр кўрганларига талайгина
кўмак берилгани ҳақида хабар ўқиб қолдик. Қарангки, ҳар бир жабрланган кимсага биттадан брезент палатка, тўрттадан туя жунидан тўқилган адёл, беш қопдан икки марта тегирмондан ўтказилган ун, юз килограммдан қанд ҳамда эллик мингдан юз минг риёлгача нақд пул берилибди. Бундан ташқари, тошқиндан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш комиссияси томонидан олти минг беш қаватли, кенг пешайвонли, ваннали, борингки, барча қулайликлар мавжуд бўлган хонадонлар қурилиши лойиҳалаштирилибди. Ва ниҳоят, тошқин содир этилганидан ўн беш кун ўтгач, ҳоким жаноблари бошлиқ номи зикр этилган комиссиянинг жонбозлиги туфайли шундай хонадонлардан икки мингтаси қуриб битказилибди ва кейинги ҳафтадан аҳолига тантанавор топшириларкан. Қолган тўрт минг хонадоннинг қурилиши эса жадал суръатлар билан олиб борилаётгани ва яқин кунларда қуриб битказилиши айтилганди.
Тошқин қурбонлари ўзларининг беҳисоб телеграммаларида ташкилотлар бошлиқларига , комиссия аъзоларига беғараз ёрдам берганлари ҳамда ҳушёрлик билан кўрсатган муносабатлари учун чин дилдан миннатдорчилик билдирганди.

хдк

Xisrav Shohoniy 1968 yili «Amiri Kabir» nashriyoti so’rovnomasida o’zi haqida shunday yozgan edi: O’ylashimcha, men juda boy va murakkab hayot yo’liga ega insonman…Kelajak biograflari men haqimda nima yozishni bilmay qolmasin degan maqsadda, mening ijodimni kelgusida o’rganishni istagan tadqiqotchilarning vazifalarini osonlashtirish maqsadida quyidagi ma’lumotlarni ma’lum qilishni ma’qul ko’rdim:

Ismim —Xisrav.
Familiyam — Shohoni Sharq
Otamning ismi — Ali Asqar (marhum). Muhtaram tadqiqotchilardan uning qabrini qidirib ovora bo’lmasliklarini so’rayman — harakatlari bekor ketadi.
Onamning ismi — Alaviya Begam (marhum).
Tug’ilgan vaqtim va joyim: 1930 yilning 2 yanvarida Mashhadda tug’ilganman. Demak, hozir men 38 yoshdaman.
Bo’yim — 161 sm, og’irligim — 61 kg. Muhim belgilarim — qop-qora mo’ylovim bor (hozircha qop-qora ).
Yashab turgan joyim — hozircha Tehron, uyog’ini yolg’iz Olloh biladi.
Hayotimning eng muhim voqealari — tug’ilish va o’lim.
Hayotimdan ayrim lavhalar — bolaligimda suv osti yoki uchoqkemasi qo’mondoni bo’lishni orzu qilganman. Ammo, mendan kim chiqqanini aniqlash sizga havola…»

Xurshid Davron

Xusrav Shohoniy
HIKOYALAR
Rus tilidan Murod Parpixo‘jayev tarjimasi
08

TANISHUV HANGOMASI

Hayotimda ilk marotaba mening ana shunday tantanavor marosimda ishtirok etishimga to‘g‘ri kelib qoldi. Bu voqea yangi hokim tayinlashdan ko‘p o‘tmay sodir bo‘ldi. O‘shanda men quyidagi mazmunda bitilgan taklif maktubchasi oldim: “Hurmatli janob… Sizdan yangi hokim Baninov hamda u kishining rafiqalari bilan tanishuv uchun hokimlik qabulxonasiga tashrif buyurishingizni so‘raymiz. Kiyinish uslubi – har kimning o‘z ta’bicha”.
Mo‘‘jazgina shaharchamizda maskunlar bir-birining xatidagi ikir- chikirlarigacha xabardor bo‘lgani uchun men qabulxonaga qadam ranjida qilar ekanman, o‘zimni mutlaqo begona his etmadim. Men har tomondan oqib kelayotgan mehmonlarning ko‘pchiligini yaxshi bilardim. Bu katta qabul tantanasi bo‘lib, unga muassasalarning boshliqlaridan tortib, maktab muallimlarigacha va hatto bozorning savdogarlaridan sotuvchilarigacha – turli soha kishilari taklif etilgandi.
Oradan ko‘p o‘tmay, avvalgi barcha hokimlarga yordamchilik qilgan, agar adashmasam, umr bo‘yi shu lavozimda ishlab kelayotgan hamda sakkiz nafar boshliqni ko‘rgan janob Sadoqatpesha ovozini baralla qo‘yib e’lon qildi:
– Hurmatli xonimlar va janoblar! Hozir bizning yangi hokimimiz janob Baninov o‘z rafiqalari bilan tashrif buyurajaklar. Tanishtiruvimiz qulay bo‘lsin uchun mehmonlardan bir safga tizilishlarini iltimos qilamiz.
Bunday tantanalarga allaqachon ko‘nikib ketgan mehmonlar darhol jamiyatda mavqelariga hamda xizmat lavozimlariga qarab joylarini egalladilar. Tabiiyki, sizning sodiq qulingiz uzundan-uzoq cho‘zilib ketgan safning oxiriga ilindi. Oradan ko‘p o‘tmay janob Baninov rafiqasi bilan paydo bo‘ldi. Barcha saf tortib turganlar go‘yo shamoldan egilgan bug‘doy boshoqlaridek birdan oldinga egilishdi. Xuddi safda turganlar bir-biriga ko‘z ilg‘amas murvatchalar hamda oshiq-moshiqlar bilan birlashtirib qo‘yilgandek. Sizning sodiq qulingiz ham istasa- istamasa ularga ergashishiga to‘g‘ri keldi va ular bilan birgalikda egilgancha qotib turaverdi. Jamoaviy yetti bukilish tantanasi tugab, ikki qo‘lni yonga tushirib g‘oz turar ekanmiz, men beixtiyor, xo‘sh, ochig‘ini aytganda, bu janob nima uchun allada aziz va nega endi biz uning oldida bosh egishimiz kerak, degan o‘yga bordim.
Bunday qaraganda, bu kimsaning o‘zgalardan ajralib, ko‘z-ko‘z bo‘lib turadigan ortiqcha xislati ko‘zga tashlanmasdi, o‘rta bo‘yli oddiy odam edi.
Tanishuv tantanasiga saf tortganlarning boshida bo‘ynini cho‘zib turgan shahrimizning dev kelbatli bosh imomi bilan yonma-yon turarkan, hokim tuya yonidagi bo‘taloqqa o‘xshab ko‘rinardi. Endi uning rafiqasini aytmaysizmi, Olloh nomi bilan qasamyod qilamanki, shahrimizning ko‘pchilik ayollari va hatto tanishuv tantanasida ishtirok etayotgan ayollar ham unga qaraganda ancha ko‘hli va jozibaliroq edilar.
Hokim rafiqasi bilan birgalikda saf tortganlar yaqiniga kelib, bosh imom qarshisida to‘xtadi. Tanishtiruv tantanalari marosimlarida beqiyos tajribaga ega bo‘lgan hamda saf tortgan barcha mehmonlarning urug‘-aymoqlarigacha taniydigan janob Sadoqatpesha o‘z vazifasini ijro etishga kirishdi:
– Bu kishi mashhur din peshvosi, shahrimizning atoqli olimi Janob Hojat ol-falon Avlodobodiy bo‘ladilar. Hazratning e’tiqodlari mustahkam bo‘lib, masjidimizda imomlik qiladilar. U kishining jonkuyarligi va mehribonligi tufayli hammamiz tinch-osoyishta va huzur-halovatda yashayapmiz.
“Ana, xolos. Bundan chiqdi, bizning bosh imomimiz chindan ham oliyjanob Sadoqatpesha ko‘kka ko‘tarib ta’riflaganidek, izzat-ikromga loyiq inson ekan-da”, deb o‘ylab qoldim men.
– Siz bu kishining ismi-sharifini nima dedingiz? – surishtirdi hokim.
– Janobi oliylari, Avlodobodiy, dedim.
– U o‘ziga shunday purma’no ism-sharif tanlagan ekan, demak uning jujuqlari serob ekan-da, – hazillashib qo‘ydi hokim.
– Xuddi shunday, janobi oliylari,– deb javob berdi Sadoqatpesha.– Siz sezib olganingizdek, ruhiy rahnamomizning oilalari katta: ikkita muqim nikohdagi ayollari hamda to‘rtta shar’iy nikohlab olgan xotinlari bor. Shuni ham aytib qo‘yishim lozimki, ularning barchasi oqsuyak oilalardan. Bulardan tashqari Avlodobodiy janoblarining o‘n olti nafar o‘g‘illari, yetti qizlari hamda ko‘plab kelinlari va nabiralari bor.
“Bundan chiqdi,– deb o‘yladim men.–Bizning bosh imomimiz inkubator ekan-da”.
– Yelkangizga,–dedi unga jilmayib hokim, – og‘ir vazifalar yuklanadi. Siz bu masalalarga jamoat oldida barcha mas’uliyatni sezgan holda vijdonan yondashishingiz kerak bo‘ladi.
Bunga javoban bizning bosh imomimiz yetti bukilar ekan, Olloh tomonidan buyurilgan din yo‘lidagi barcha ishlarni xolis va og‘ishmay bajarishga janob hokimni ishontirdi.
Keyingi odamga navbat kelganida janob Sadoqatpesha hamma eshitadigan qilib dedi:
– Bu kishi janob Pokfamil bo‘ladilar, moliya boshqarmasining hurmatga sazovor boshlig‘i. Ism-shariflarining o‘zi yaqqol ta’kidlab turganidek, davlatning sof va beg‘araz xizmatchilaridan biri hisoblanadilar. Janob Pokfamil bu sohada ko‘p yildan buyon ter to‘kib keladilar va…
Men bu ism-sharifni eshitgach, shahar ahli dahshatdan dir-dir titraydigan, qiynoqqa soladigan jallod emasmikin, deya bo‘ynimni cho‘zib qaradim. Ne ko‘z bilan ko‘rayki, xuddi o‘sha – o‘zlari! Qani, ayting-chi, axir buni qanday tushunmoq kerak? Nomi qattiqqo‘llik va rahm-shafqatsizlik timsoliga aylanib ketgan bu qonxo‘r kimsa birdan ismi-sharifiga zarracha dog‘ tushirmagan pokiza va beg‘araz insonga aylanib qolsa-ya?!
Shu tobda miyamga qon quyilayotganini sezdim. Butun a’zoyi badanim qizib ketar, goh qaltiroq tutardi. Janob hokim, barcha gaplar yolg‘on! Sizning shon-sharafingiz bilan qas amyod qilamanki, bu turqi- tarovatning ismi-sharifi Pokfamil emas, Najasfamildir. U zamonamiz yaramaslarining yaramasi, muttahamlarning muttahami, deb qichqirib yuborishimga sal qoldi. Xayriyatki, shu zahotiyoq o‘zimni qo‘lga olib o‘ylay boshladim: “Sening nima ishing bor-a? Yana biron-bir g‘alvaga aralashib qolib, sening ishlaringni ham ag‘dar-to‘ntar qilishlarini istayapsanmi? Ehtimol sen yanglishib qolgandirsan, bu Pokfamilning sen o‘ylayotgan iflos turq-tarovatga hech qanday aloqasi yo‘q chiqar!”
Hokim Pokfamil bilan tanishuvni nihoyasiga yetkazib, uning qo‘lini qattiq qisib qo‘ydi-da, uchinchi mehmon ro‘parasiga bordi.
– Bu kishi janob Yetimnavoz bo‘ladilar, – Sadoqatpeshaning quloqni qomatga keltiruvchi ovozini eshitdim. – Shahrimizning halol-pok, g‘amxo‘r savdogarlaridan biri. Xuddi shu janob ko‘p yillardan buyon shahrimizning gullab-yashnashi uchun jonbozlik qilmoqdalar. O‘zlariga meros bo‘lib qolgan ko‘p yerlarni maktab, shifoxona hamda bolalar bog‘chalari qurish uchun saxiylik bilan davlatga berib yuborganlar. Yetimnavoz janoblari har hafta bechorahol va qashshoq kishilarni mehmon qiladilar, ularga o‘z mol-mulklaridan ulashadilar.
Yetimnavozning ism-sharifi qulog‘imga chalinguncha men Pokfamil haqida eshitganlarim ta’siri ostida bo‘lib, hamon o‘z-o‘zimni yupatardim. “Iya, qanaqasiga! Nahotki bu o‘sha – biz hoji mumsik deb ataydigan va o‘taketgan ziqna, haromxo‘r chayqovchi Hoji Yetimnavoz bo‘lsa? Qarasam, naq o‘shaning o‘zginasi! Bu nima degan gap axir? Nega endi Sadoqatpesha degan kas ko‘zini baqraytirib turib yolg‘on gapiradi? Hoji Yetimnavoz degani o‘ziga meros qolgan yerini davlatga maktab, shifoxona hamda bolalar uylari qurish uchun tag-tugi bilan tekinga berib yubordi, degan gapni qayoqdan oldi? Axir, uning yer oldi-sotdisida qalbaki hujjatlar tayyorlagani haqidagi “ishi” hamon yopilgani yo‘q, tergov ishlari davom etmoqda-ku. Boshqa bir kimsa emas, naq shu janobning o‘zi ikki yil burun shahar boshqaruvi a’zosi bo‘lib, adliya bo‘limi boshlig‘ining yordamida baxtsiz beva-bechoralar hamda yetim-esirlarning uylarini ham qo‘shib olib, barcha ishlagan va ishlamagan vaqf yerlarini o‘ziga o‘tkazib, o‘zlashtirib olgan edi-ku. Axir qanday qilib, bu jinoyatchi, ta’bir joiz bo‘lsa, to‘satdan haqiqatgo‘y va adolatli insonga aylanib qoldi?! Makka safariga borib kelgani bilan kerilib yuruvchi va taqvodor munofiq chayqovchilik orqasidan hamda qarz bergan har bir tumani ustiga ikki hissa foyda olib, kun ko‘rardi-ku. Nochor qolgan kimsalarning qonini so‘ruvchi bu zuluk qachondan buyon insonparvar va saxovatpesha qiyofasiga kirib, muhtojlarning hojatbarorligi bilan shug‘ullanadigan bo‘lib qolipti! Nahotki bu turq-tarovatning kimligini Sadoqatpesha bilmasa?” Men yana bor ovozda barcha aziz-avliyolar nomi bilan qasam ichamanki, Sadoqatpesha yolg‘on gapiryapti, deb yuborishimga sal qoldi. Biroq shu tobda hokimning Yetimnavozdan buyog‘iga ham Qur’on ko‘rsatmalariga binoan ish yuritishni davom ettirishini iltimos qilayotgani qulog‘imga chalinib, tilim tanglayimga yopishib qoldi. Go‘yo simyog‘ochga aylanib qolgan edim.
Shu tobda navbat keyingi mehmonga kelgan edi va Sadoqatpeshaning tovushi qo‘ng‘iroq tovushidek miyamda aks-sado berardi:
– Bu hazrat janob Sinepaxi bo‘ladilar. Shahrimizning maqtasa arzugudek yosh sportchilaridan biri. Bu bizning faxrimiz, mamlakatimizning shon-shuhrati. O‘zining bag‘rikengligi bilan bu inson mamlakatimizda birinchi o‘rinlardan birida turadi. Saxiylikda, qalbi ochiqlik, odamshavandalikda tengi yo‘q. U o‘zining halol mehnati evaziga topgan daromadidan uchta sport klubi qurib tashladi.
“ Ana xolos ! Axir buning t aniqli ka llake s ar , pichoqboz va yo‘lto‘sarligini butun shahar biladi-ku. Axir, u uchta fohishaxonaning egasi-ku! Sport klublari bu yerda nima qilib yuribdi? Xuddi shu Sinepaxi degani pichoqbozligi va qotilligi uchun Keshm, Xark orollariga hamda Bandar-Abbosga to‘rt marta surgun qilinib, to‘rt martasida ham u yerlardan qochib kelgan-ku. Bu bezorining tushiga insonparvarlik nomiga
ham kirmagan bo‘lsa kerak. Undagi saxiylik, bag‘rikenglik va boshqa sifatlar qayoqdan paydo bo‘lib qoldiykin? Shahrimiz aholisi ko‘chada uni ko‘rib qolgudek bo‘lsa, och bo‘riga yo‘liqqan qo‘ylardek har tomonga tarqalib ketishadi-ku. Qanday qilib bu yo‘lto‘sar mamlakatimizning g‘ururi-yu, shon-shuhratiga aylanib qoldi?!”.
Men bor kuchimni jamlab, shijoat bilan oldinga chiqib: “Janobi hokim! Sizning rafiqangiz nomi bilan qasamyod qilamanki, Sadoqatpesha haliyam aldashda davom etmoqda! U ko‘z ko‘rib, quloq eshitmagan gaplarni to‘qib tashlayapti”, deb yubormaslik uchun tishimni tishga bosdim. Biroq shu tobda janob hokimning rafiqasi tabassum ila mehri tovlanib, hayratlangan bir holatda Sinepaxining qo‘lini qisarkan, o‘zining tashqi ko‘rinishiga hecham mos tushmaydigan erkalovchi hamda nozik tovush bilan unga murojaat qilib, so‘zlanardi:
– Bizning vatanimiz, bizning xalqimiz siz kabi insonlarga muhtoj! Bizning millatimiz sizga o‘xshash dovrug‘i dovon oshgan sportchilar bilan g‘ururlanmay iloji yo‘q. Bizning zamonamiz yoshlari jismonan kuchli hamda jahon sport maydonlarida bayrog‘imizning shonli hilpirashiga imkon tug‘dirib bergan jamoatlargina rivojlanishga va olamshumul e’tirofga sazovor bo‘lishiga haqli. Men yoshlarimizning baquvvatligi, jismi po‘latdek mustahkamligi va sog‘lomligini har ko‘rganimda o‘zimda qoniqish hosil qilaman.
Nazarimda boshimdan kimdir muzdek suv quyib yuborgandek bo‘ldi. Aftim burishib, mazam qochdi va a’zoyi badanimdan sovuq ter chiqib ketdi.
Oltinchi o‘rinda turgan odam bilan tanishuvga navbat yetdi. Sadoqatpesha avvalgilaridek axborot yig‘ish boshqarmasining shtatdan tashqari xufiya xodimi bo‘lmish Pachevarmalidening ko‘kragiga o‘ng qo‘li bilan niqtar ekan, dedi:
– Janob Pachevarmalide atoqli adabiyotshunos, olim va nozikta’b shoirlardan biri. U shon-shuhratga ega bo‘lishiga qaramasdan, xokisorgina hayot kechiradi va jamoa orasida kam ko‘rinadi hamda o‘zini ko‘z-ko‘z qilishni yoqtirmaydi.
Pachevarmalide janoblarining ajoyib va qalblarni junbushga soluvchi she’rlari og‘izdan og‘izga o‘tib yuradi, uning o‘zi esa shahrimizdagi barchaning hurmatini qozongan va tan olingan. Hafta sayin uning uyida adabiyot kechalari uyushtiriladi va unda shaharning shoir va yozuvchilari qatnashib yangi-yangi asarlarni qo‘yib beradilar. Biz hozir Pachevarmalide janoblaridan janob hokim va uning rafiqalarining shahrimizga sharafiga bag‘ishlab maxsus bitilgan qasidani o‘qib berishini iltimos qilamiz.
Janob hokim va uning rafiqasi Pachevarmalidega o‘zining shoirlik qobiliyatini namoyish etishi uchun rozilik berganligini ishora qilib, nazokat ila jilmayib qo‘ydi.
Axborot yig‘ish boshqarmasining shtatsiz xodimi hamda barcha qonuniy va g‘ayriqonuniy bitimlar dallolining shahar markazi va tashqarisidagi uylari shaharning turli muassasalari boshliqlari uchun ishratxona bo‘lib, shular orqali mo‘maygina ko‘chmas mulk daromadiga ega bo‘lgan Pachevarmalide bir qadam oldinga chiqib, yetti bukilib ta’zim bajo etgach, baland ovozda xonish bilan hokim hamda uning rafiqasi sha’niga bag‘ishlangan qasidani o‘qiy ketdi.
“Ana xolos! Shunchalik ham surbetlik bo‘ladimi, axir! – o‘yga toldim men. – Shunday razil kimsaning she’riyatga, umuman adabiyotga qanday aloqasi bo‘lishi mumkin? Bu yaramasni shaharda hamma yaxshi biladi- ku. U firibgarlik va yolg‘onchilik maktabini o‘qigan kimsa-ku. Axir u o‘taketgan firibgar va buzg‘unchi-ku. Xat-savodi yo‘q gumroh-ku. U shu qadar savodsizki, hatto imzo chekishni ham uddalay olmaydi. Buni qarangki, ana shu yaramasni ulkan adabiyotchi va she’riyatning bilimdoni sifatida namoyish etmoqdalar. Bizning shahrimizda chindan ham shunday ajoyib shoirlar borki, ularning she’rlari buyuk Nizomiy g‘azallari bilan bemalol raqobatlasha oladi, biroq ular muhtojlikka mahkum etilgandek zo‘r-bazo‘r kun kechirmoqdalar. Bu muttahamni hokim va uning rafiqasiga shoir sifatida tanishtirish fikri kimdan chiqdiykin?”
Xayollarim tanishuvda ishtirok etayotganlarning qarsaklari va “Yashasin!”, “Yashasin!” deya qichqiriqlardan bo‘linib ketdi. Hokim janoblari va uning rafiqasi bu to‘nkaning qofiyabozligini yuksak baholashgach, keyingi mehmon bilan tanisha boshlashdi.
Qisqasini aytganda, janob Sadoqatpesha g‘isht teruvchini – tog‘ muhandisiga, go‘rkovni – arxeologga, bo‘yoqchini – ulug‘ musavvirga, folbin va bashoratchini – mulla va donishmandga, xachirboqarni – mohir chavandozga, xat tashuvchini – yozuvchi va adabiyotshunosga, g‘irt kaptarbozni – biolog olimga chiqarib qo‘yardi.
Sadoqatpesha boshqalarni qanday tanishtirgan bo‘lsa, meni ham xuddi shunday tanishtira boshladi:
– Bu janob – jo‘shqin yoshlarimizdan biri, vatanparvar, jasur, mustahkam irodali, serfikr, mehribon, itoatkor, sipo, aqlli, donishmand va hokazo.
Bu hangomani davom ettirishga sabrim chidamay toqatim toq bo‘lib ketdi. Agar boshqalarga nisbatan shunday hol ro‘y berganida bir amallab chidasa bo‘lardi-yu, ammo xuddi shu alfozda menga baho berishar ekan, o‘zimni qo‘lga olishga qurbim yetmay qoldi. Shahd bilan bir qadam tashlab, safning oldiga chiqdim-da, bor ovozim bilan dedim:
– Hokim janoblari, sizning shuhratingiz bilan qasamyod qilamanki, bu odam g‘irt yolg‘on gapirayapti. Barcha avliyolar nomiga qasamki, bari bo‘lmagan gap! Men, umuman, dovyurak emasman! Agar men dovyurak bo‘lganimda edi, surbetlik bilan necha yillardan beri mana, o‘n yildirki, barchani boplab laqillatib kelayotgan janob Sadoqatpeshaning o‘rnida o‘tirgan bo‘lardim. Men jur’atli ham emasman, yo‘qsa, Sinepaxiga o‘xshab shaharda uchta ishratxona ochib qo‘yib, oyiga o‘n ming, o‘n besh ming tumandan pul ishlab yotgan bo‘lardim! Men donishmand ham emasman, agar shunday bo‘lganimda, janob Yetimnavozning o‘rnini egallab, oltinga cho‘milib yotardim! Agar men aqlli bo‘lib, yelkamdagi kallam ishlaganida edi, unda allaqachon anavi Pachevarmalidega o‘xshab, axborot yig‘ish boshqarmasining shtatsiz xodimi vazifasiga o‘tib olardim va xuddi o‘shanga o‘xshab, o‘z uyimni ishratxonaga va axloqsiz kimsalar, ya’ni shahrimizning nufuzli otaxonlari to‘planadigan maskanga aylantirib qo‘yardim! Men vatanparvar ham emasman, yo‘qsa, mana shu yerlarning juda bo‘lmaganida yarmi meniki bo‘lardi. Agar itoatkor va sipo bo‘lganimda edi, barcha meni asrab-avaylardi, boshida ko‘tarib yurardi…
Men shu topda yana nimalar deb valdiraganimni aniq eslay olmayman! Faqat nima deb baqirmay, mehmonlar menga achinish bilan qarashardi hamda gaplarimga qo‘shilganliklarini bildirish ma’nosida boshlarini chayqashardi.
Janobi hokim va uning rafiqasi bo‘lsa yakkash menga dalda berishar va davom ettirishimga undashardi. Ular: “Juda zo‘r! Dovyurakligingga balli! Ana jasorat! Mana, haqiqiy vatanparvar! Mana, beg‘araz va sofdil inson! Mana, biz haqiqatni betga aytishni kimdan o‘rganishimiz kerak! Yasha, yigit, yashavor! Gapiraver, yigit, aslo cho‘chima! Agar sen bo‘lmaganingda edi, bizlar hech qachon haqiqat nimaligini, qachon va qaerda noma’qulchiliklar sodir etilayotganini bilmas edik. Axir biz bu yerga ishlaringizni ko‘rib chiqishga, qiyinchiliklar, pishib yetilgan masalalar bilan tanishishga, gazakning oldini olishga kelganmiz-da. Axir biz barcha odamlarni bila olmaymiz-ku. Gapiraver, o‘g‘lim, gapira ber, yuragingda qanday dard bo‘lsa to‘kib sol! Hecham qoldirma! Aslo cho‘chima, biz hammasini ko‘rib chiqamiz va senga yordam beramiz! Bizning vatanimiz shunday yoshlar bilan g‘ururlanadi, biz bunday yoshlarga muhtojmiz…”
Bu hangoma qanday yakun topganini bilishni istaysizmi? Marhamat! Oradan bir hafta o‘tgach, janob hokim o‘zining markazga yuborgan maxfiy hisobotida shunday debdi: “Bu nusxa (ya’ni, sizning sodiq qulingiz) – fitnakor, g‘alamis va betgachopar ekan. Buyuring, uni nima qilay?”
…Olingan javob mazmunini sizga bayon qilib o‘tirishning hojati bo‘lmasa kerak, deb o‘ylayman.

TOSHQIN QURBONLARI

Shu yilgi qish avvalgilarga qaraganda qattiq kelib, hammadan ko‘ra qashshoq bechoralarga og‘ir bo‘ldi.
Hozir qaysi kun ekanligini aniq ayta olmayman, ammo Baxman oyida rosayam jala quyib yubordi va uning ketidan shaharni dahshatli suv bosdi. Qishloqda joylashgan to‘rt ming uydan asosan, qashshoqlar istiqomat qiladigan mahallalardan ikki yuzga yaqin xonadon butunlay vayron bo‘ldi yoxud shikastlandi, uch mingga yaqin odam boshpanasiz qoldi va o‘n besh yoki yigirma kishi qurbon bo‘ldi va bedarak yo‘qoldi.
Bu fojiali hodisadan xabardor bo‘lgan ko‘plab markaziy gazetalarning maxsus muxbirlari falokat ro‘y bergan joyning o‘zidan Tehronga ma’lumotlar va axborotlarni yuborish uchun shaharga yopirilib kelishdi. Qarangki, gazetalarda yoritilayotgan ma’lumotlar bilan bizning bilganlarimiz orasida ot bilan tuyacha farq bor. Gazetalarda yozilishicha, shahardagi butun boshli ikki mingta bino vayron bo‘lib, o‘ttiz-qirq ming kishi boshpanadan ayrilgandi, cho‘kib ketganlar va bedarak yo‘qolganlar soni esa salkam bir yuz ellik, hatto ikki yuz nafarni tashkil etardi.
O‘z-o‘zidan ravshanki, shahrimiz oqsoqollari bizdan aqlliroq va tajribaliroq bo‘lishib, rasmiy ma’lumotlar to‘plashgandi. Ularning ma’lumotlari har tomonlama asoslangan ekanligi va ro‘y bergan falokat oqibatlari jiddiy o‘rganib chiqilganligi hech kimda shubha tug‘dirmadi.
Toshqinning ertasigayoq uy-joydan hamda oziq-ovqatdan mahrum bo‘lgan oyoqyalang va yirtiq-yamoq kiyimli odamlar yordam so‘rab, hokimlik binosi yonida to‘planishdi. Bechoralar bundan ortiq nima ham qilishlari mumkin edi? Axir bizlarning birdan-bir panohgohimiz janob hokim, janob munitsipalitet raisi, uning o‘rinbosarlari edilar-da.
Yaratganning o‘zi marhamatiga olgur janob hokimimiz talofat ko‘rganlar to‘planishib, uni kutayotganlardan xabar topgan zahotiyoq hokimiyatning katta eshigi oldiga stol va kursi qo‘yishlariga farmon berdi hamda o‘zi motamsaro qiyofada yengiga motam tasmasi taqib, kursiga chiqdi. Uning ikki tomonida shahrimizda e’lon qilingan umum motam belgisi sifatida qora tasma taqqan janob munitsipalitet raisi va janob o‘rinbosarlari saf tortdi.
Turli idoralar – pochtalar, moliya, suv ta’minotlari, xalq ta’limi rahbarlari esa hamdardlik bildirish maqsadida munitsipalitet raisi hamda uning o‘rinbosarlari ortida turishdi. Biroq, aftidan, ularga qora tasma yetmagan bo‘lsa kerak, ular jabrlanganlarga qanday qilib bo‘lsa-da, o‘z hamdardliklarini ifoda etish maqsadida o‘zlarining oppoq ko‘ylaklariga qop-qora kapalak nusxalarni taqib olishgandi.
Hokim janoblari ta’zim bajo etarkan, bag‘rikeng aholi tomonidan gulduros qarsaklar avjiga chiqib ketdi. Axir biz o‘sha kuni birinchi marotaba hokimimizning ta’zim qilganini ko‘rishga musharraf bo‘lgan edik-da. Bu ta’zimga ana shunday gulduros qarsaklar javob bo‘lishi kerak edi.
Hokim janoblari so‘z boshlashdan burun loyga belanganidan dog‘-dug‘ bo‘lib ketgan shimining cho‘ntagidan ro‘molcha oldi-da, sezilar-sezilmas hiqillab, ko‘z yoshlarini artib qo‘ydi. Qarang-a, hokimimizning o‘zi yig‘lab yuboribdimiki, unda biz nima qilishimiz kerak bo‘lardi. Turgan gap biz ham ho‘ngray boshladik. Har tomondan ho‘ngrab yig‘lashlari va ohu nolalar eshitila boshlandi.
…Mening og‘a-inilarim… va opayu singiljonlarim, – dedi hokim tomog‘iga tiqilib bo‘g‘ib kelayotgan o‘krikni zo‘r-bazo‘r bosib,– men boshingizga tushgan kulfatdan o‘zimni yo‘qotib qo‘ydim…mening qadrdonlarim… botirlarim… jasurlarim… barcha… sabr-toqatli.. hamyurtlarim…
Uning yonida turgan munitsipalitet raisi biqiniga turtib shivirladi: “Bizlarni ham qo‘shib o‘ting… haligi, biz ham qayg‘udamiz!”
– Faqat men emas, – deya so‘zini davom ettirdi hokim, – manavi janoblar –munitsipalitet raisiyu uning hurmatli o‘rinbosarlari ham ich-ichlaridan qayg‘uga cho‘mganlar.
Shu topda munitsipalitet raisi orqasida turgan xalq ta’limi bo‘limining mudiri ham hokim janoblarini turtib shivirladi: “Biz ham qayg‘uda ekanimizni aytib o‘ting… Qarang, biz qanchali qayg‘uga cho‘kkanmiz…”.
Hokim hiqillagancha so‘zini davom ettirardi:
– Faqat bizlargina , men , munitsipa litet raisi va uning o‘rinbosarlarigina sodir bo‘lgan voqeadan qayg‘uda emasmiz… xalq ta’limi, moliya, yer tuzish… va… hamda va… bo‘limlari boshliqlari ham g‘am-anduhdalar (hokim janoblari o‘ta ta’sirchan odam edilar).
– Men tun bo‘yi mijja qoqmadim, – so‘zini davom ettirdi hokim, – shahardagi vayron bo‘lgan mahallalarni aylanib chiqdim. Mana, ko‘rib qo‘yinglar.
U shunday deb oyog‘ini ko‘tardi va uni olomon tomon cho‘zib, shimining pochasiga yopishgan loylarni ko‘rsatdi. Bunga javoban gulduros qarsaklar yana avjiga chiqib ketdi (Shahrimiz xalqi o‘ta muloyim tabiatli emasmi, shunday bo‘lgach, hokim janoblari oyoqlarini bizga birinchi marta ko‘rsatar ekan, albatta, biz bunga befarq qarab tura olmas edik-da).
– Faqat men emas, – deya so‘zini cho‘zib ketdi hokim, – boshqa muassasalarimizning hurmatli boshliqlari ham tong otguncha mijja qoqmadilar…
(Sezildiki, hokim janoblarini o‘z vaqtida nuqib qo‘yishgan). Eng oxirgi aniqlangan ma’lumotlarga qaraganda, kechagi toshqinda to‘rt ming kishi boshpanasiz qolgan, shuningdek, taxminan uch yuz odamni tom bosgan va suv oqizib ketgan!
Hamkasblari hamdardlik bildirib turgan hokim janoblarining ohu nolasi, jabrdiydalarning falakka chiqayotgan fig‘oni-yu baqirib- chaqiriqlaridan aqlga sig‘maydigan shovqin-suron ko‘tarilardi.
– Biz qasamyod qilib sizlarni ishontiramizki, – deya so‘zini yakunlardi hokim janoblari, – bir oy ichida avvalgi istiqomat qilgan uylaringizga qaraganda hashamdorroq uylar qurib beramiz. Bugunning o‘zidayoq samolyotlarda bizga yordam kela boshladi va har bir jabrdiyda o‘ziga yetarli narsalarni va oziq-ovqatni oladi.
Hokim janoblarining qisqa bo‘lsa-da, kishiga umidvorlik baxsh etuvchi nutqi nihoyasiga yetdi va biz uni uzundan-uzoq duolar qilishib, sovuqdan dildiragancha tarqala boshladik. Hamma yo‘l-yo‘lakay hokim janoblarining ajoyib nutqini hayajonli bir tarzda minnatdorchilik bilan muhokama etib borardi, faqat bizni vafot etganlar va boshpanasiz qolganlarning hayratga solarli darajadagi soni boshimizni qotirardi. Axir shahrimizning aholisi hech qachon qirq ming kishiga yetmagan edi- da. Shunday bo‘lgach, qanday qilib qirq ming kishi boshpanasiz qolsin… Uch-to‘rt ming xonadon vayron bo‘ldi degan ma’lumotga kelganda esa, shahrimizda hech qachon shuncha uy bo‘lmagan…
Ammo bu raqamlar naq hokim janoblarining o‘zi tomonidan aytilgan ekan, o‘z-o‘zidan ma’lumki, u bu raqamlarni shiftga qarab to‘qimaydi.
Xuddi o‘sha kuni tushdan keyin shakar, choy, guruch, odeyallar, un, bug‘doy, palatkalar yuklangan samolyotlar turnalar galasidek shahrimizga kelib qo‘na boshladi. Hokimlik hamda munitsipalitet qoshidagi omborlar to‘lib-toshib ketdi. Modomiki, oziq-ovqatlar va issiq kiyim-kechaklaru boshqa mollarni ko‘chada qoldirib bo‘lmas ekan, jo‘natilgan mollarning bir qismi hokim janoblarining hujrasiga va bir qismi munitsipalitet raisi va uning o‘rinbosarlari hujralariga joylashtirildi. Kim nima desa deyaversinu shunday qilinsa, ishonchli holda yaxshi saqlanardi.
Ertasiga markaziy gazetalar va jurnallarning birinchi sahifalarini bizning shahrimizda ro‘y bergan falokat haqidagi suratlar hamda xabarlar egallab turardi. Ma’lum bo‘lishicha, ish biz taxmin qilganimizga qaraganda anchagina jiddiy va toshqin biz tasavvur qilganimizdan dahshatli bo‘lgandi (Gazetalardagi ma’lumotlarga binoan shahrimizda olti-etti ming xonadon vayron bo‘lib, yetti yuz-sakkiz yuz kishi halok bo‘lgandi!) Ma’lumki, gazetalar hech qachon yolg‘on yozmas ekan, chindan ham shunday bo‘libdi-da!
Quyosh tog‘ ortiga berkinishi bilanoq shunday izg‘irin boshlandiki, biz boshpanasiz va och-nahor bechoralar hammom va nonvoyxonaning nam va sirpanchiq tomiga chiqib, itdek qaltiragan holda oz bo‘lsa-da, isinish maqsadida bir-birimizning pinjimizga kirib ketdik. Biz xushta’voze va intizomli odamlar emasmizmi, markazdan jo‘natilgan adyol tantanali ravishda, tartib o‘rnatilgan holda tarqalishi kerakligini tushunardik. Axir bu hazilakam gap emas-da! Oramizdagi ayrim hovliqmalar hokim huzuriga borib adyol so‘ramoqchi bo‘lganlarida, boshqalar ularni bu yo‘ldan qaytarishda jonbozlik ko‘rsatishdi, har qanday ishda tartib va sabr-toqat bo‘lishi kerakligini isbotlashga urinishardi.
O‘sha kuni tundayoq xorijiy radiostantsiyalar o‘z eshittirishlarida shahrimizdagi vayron bo‘lgan uylar sonini o‘n-o‘n ikki mingtaga yetkazishdi va boshpanasiz qolganlar soni esa bir yuz yigirma-bir yuz o‘ttiz mingtaga sakrab ketdi hamda halok bo‘lganlar soni uch-to‘rt ming kishini tashkil etdi!
Ana, xolos! Toshqingacha biz qanday ulkan shaharda istiqomat qilayotganimizni tasavvur ham qila olmagan ekanmiz. O‘zingiz o‘ylab ko‘ring: o‘n ikki ming uy vayron bo‘lgan joyda, toshqin uch-to‘rt ming qurbonni oqizib ketgan taqdirda kam deganda o‘ttiz-qirq ming xonadon mavjud bo‘lib, to‘rt yuz-besh yuz ming jon istiqomat qilishi kerak edi-da! O‘tgan yilgi aholini ro‘yxatga olinishida shahrimizda bor-yo‘g‘i to‘rt ming odam istiqomat qilishini bilgan bo‘lsak-da, radioda aytilgan xabarni haqiqat deya tan olishdan boshqa iloj qolmagandi. Axir bu ma’lumotlarni radio eshittirib turibdi-ku. U hech qachon yanglishmaydi va hech qachon aldamaydi. Aftidan radio muxbirlarining ma’lumotlari aniqroq bo‘lib, biz o‘zimiz aybdor edik, chunki shu mahalgacha bizlar qanday ulkan shaharda yashayotganimizni bilmaganmiz.
Xorijiy agentliklarning xabarlaridan keyinoq bizning shaharchamizga xorijiy yordam oqib kela boshladi. Venesuelaning Qizil xoch tashkiloti besh yuz ming tonna bug‘doy hamda tuya junidan to‘qilgan to‘rt ming dona adyolni ayab o‘tirmadi; Norvegiyaning Qizil xoch jamiyati esa, qirq ming tonna shakar, o‘n ikki ming dona adyol va o‘n besh ming dona bankada shirin sut jo‘natdi; Gvatemalaning Qizil xochi bo‘lsa, besh yuz ming tuman naqd pul, o‘n ikki ming tonna un va besh yuz palatkani qurbon qildi; angliyalik nudistlar jamiyati bir ming ikki yuzta sholcha, ikki yuz ellikta palatka, besh yuz qop qand yubordi; Xalqaro jonivorlarga xayrixohlik jamiyati naqd million dollar pul bilan oliy navli o‘n ming tonna un, sakkiz ming dona ayollarning jun ro‘moli, katta miqdorda erkaklaru ayollarning kiyim-boshlari, poyafzallari hamda shlyapalari va boshqalarni himmat qilib yubordi…
Axir bizning shahrimizda o‘n ikki mingta uy-joy vayron bo‘lib, bir yuz yigirma ming kishi boshpanasiz qolgan va uch-to‘rt ming odam halok bo‘lgandi-da! Bu hazilakam gapmi, axir? Nahotki, bu ko‘maklar barchaga yetarli bo‘lsa?
Hokim janoblari, munitsipalitet raisi hamda uning o‘rinbosarlarining omborlari va hujralari to‘lib-toshib ketgandi. Oziq-ovqat va mollarni yana qaerlarga joylashtirish mumkin? O‘z-o‘zidan ma’lumki, bularni ishonchli saqlash joylari moliya, xalq ta’limi, yer bilan shug‘ullanish va adliya bo‘limlari boshliqlarining omborlari hisoblanardi.
Olloh ulardan marhamatini darig‘ tutmasin! Agar ular bo‘lmaganida barcha ko‘mak havoga uchib ketardi. Axir biz, toshqin jabrdiydalari shuncha boylikni qaerda ham saqlay olardik, deysiz!
Toshqindan keyingi tun g‘am-tashvish bilan o‘tdi. Ertasiga ertalab kallai sahardanoq bezgak tutayotgandek qaltirayotgan xalq tag‘in hokimlik binosi oldiga to‘plandi. Ammo bu safar taburetkaning qorasi ko‘rinmaydi. Hokim janoblari toshqin qurbonlariga yordam ko‘rsatuvchi komissiya majlisini o‘tkazayotgan bo‘lgani uchun jabrdiydalar bilan diydorlashish janob munitsipalitet raisiga topshirilgan edi.
Munitsipalitet raisi stolga chiqib oldi. U bugun kechagiga qaraganda ancha quvnoq edi. Xudo marhamatiga olgurning o‘zini tutishini qarang-a! Axir bizga rahm-shafqati kelib, yurak-bag‘ri qonga to‘lib turgan bo‘lsa hamki, bizda hushyorlik uyg‘otish va kelajakka ishontirish uchun tabassum qilishiga to‘g‘ri keldi! Qarabsizki, bizlar ham hushyor tortdik.
Munitsipalitet raisi hokim janoblarining shaxsan o‘zlari qarshimizga chiqa olmagani uchun kechirim so‘radi. Gap shundaki, deya tushuntirdi u, hokim janoblari tun bo‘yi shahrimizga yetgan ziyonni hisoblash chiqish bilan ovora bo‘libdi. Toshqin jabrdiydalariga adyol va oziq-ovqatlar tarqatish masalasi tez orada hal etilarkan. Faqat sabr-toqatli bo‘lib, eng muhimi xotirjamlikni va tartibni saqlash kerak edi. Shu bilan u muxtasargina nutqiga yakun yasadi. Shu tunda sovuqqa dosh berolmay bir necha kishi jon taslim qildi. Ertasiga hokim janoblari bilan munitsipalitet raisi komissiya ishlari bilan mashg‘ul bo‘lishar ekan, to‘planganlar qarshisida munitsipalitet devonxonasi boshlig‘i – jikkakkina serg‘ayrat kishi so‘zga chiqdi. (bu safar stolning ham, taburetkaning ham qorasi ko‘rinmadi). Devonxona boshlig‘i ham tez orada komissiya o‘z ishini yakunlashi va ana o‘shanda qimmatli hamshaharlarimizga zarur ko‘mak berilishi haqida quyuq va’dalar qildi.
Xalq yana tarqab ketdi va ertasigayoq yana hokimlik binosi oldida to‘plandi. Bu safar bizning ko‘z oldimizda munitsipalitetning bosh farroshi namoyon bo‘ldi.
– Sizlarning hadeb bu yerda paydo bo‘laverishlaringiz, – dedi u – janob komissiya a’zolari ishining bir me’yorda borishiga xalaqit bermoqda. Janob munitsipalitet raisi o‘z o‘rinbosarlariga, o‘rinbosarlari esa o‘z navbatida bo‘lim boshlig‘iga, bo‘lim boshlig‘i bo‘lsa menga hadeb bunday sabr-toqatsizlik qila berishga barham berishni aytib qo‘yishni buyurdilar. Vaqti-soati kelib sizlarga tegishli yordam ko‘rsatiladi!
Biz yana qo‘limizni burnimizga tiqib qaytdik. Shahrimizning aholisi o‘ta ketgan ishonuvchan, soddadil va umidvor xalq.
Oradan o‘n kun o‘tib ketgan bo‘lsa-da, jabrdiydalar ikki yuz-uch yuz adyoldan (ya’ni, har o‘n ikki kishiga bittadan) bo‘lak hech qanday yordam olganlari yo‘q.
Nihoyat ajoyib tonglarning birida toqatimiz toq bo‘ldi va yana hokimlik binosi oldida saf tortdik hamda hokim janoblarining o‘zlari chiqishlarini talab qildik.
Orada bo‘lib o‘tgan uzoq, keraksiz tortishuvlardan keyin axiri sanoqli a’yonlar kuzatuvida hokim namoyon bo‘ldi. Bu safar uning yengida hech qanday qora tasma ko‘rinmagandi, biz bundan quvonib ketdik: demak, hamma ish o‘z joyiga tushibdi, motam yakuniga yetgan.
Xaloyiq hokimni gulduros qarsaklar va “ura” sadolari ostida kutib oldi. Baqiriq-chaqiriqlar tinchigach, hokim janoblari zinaga ko‘tarildi- da, olomonga qarab so‘radi:
– Bu yerga nega to‘plandinglar?
– Hokim janoblari, o‘zingiz bilasizki, – dadillik bilan so‘z boshladilar oldingi qatorda turganlar, – suv toshqini bizni boshpanasiz qoldirdi. Biz va’da qilingan ko‘makni olgani keldik.
Hokim janoblari qip-qizil, go‘shtdor bo‘ynini qashib turib, hayratomuz dedi:
– Nahotki shu mahalgacha yordamni olmagan bo‘lsangiz?
– Yo‘q, o‘n kishiga bir dona adyoldan boshqa hech vaqo olmadik…
Hokim janoblari g‘azabdan qizarib ketdi va birdan g‘ayritabiiy ovozda baqirib qoldi:
–Ablahlar! Sizningcha, biz qancha adyol berishimiz kerak edi? Vijdonsizlar, tamagirlar, ozgina bo‘lsa ham uyalinglar!
Shahar posbonlarining boshlig‘i Abdulqodir bir necha o‘nlab devqomat posbonlari yordamida xalqni haydab soldi. Kimki ozgina qarshilik ko‘rsatgudek bo‘lsa, qo‘llarini orqaga qaytarib, jamoat tartibini buzganlikda ayblab, olis tumanlarga badarg‘a qilindi.
Ertasiga quyosh mo‘ralab chiqdi, havo ilib ketdi, hayajonlar so‘ndi. Abdulqodirning buralgan mo‘ylovidan hamda posbonlarining tayoqlaridan qo‘rqib, yurak oldirganlarning birontasi hokimlik binosining yaqiniga yo‘llashga jur’at qilolmadi.
Oradan bir necha kun o‘tgandan keyin biz markaziy matbuot ko‘plab saxovatpesha jamiyatlar hamda turli tashkilotlar, yer yuzining deyarli barcha joyidan shahrimizning toshqindan jabr ko‘rganlariga talaygina
ko‘mak berilgani haqida xabar o‘qib qoldik. Qarangki, har bir jabrlangan kimsaga bittadan brezent palatka, to‘rttadan tuya junidan to‘qilgan adyol, besh qopdan ikki marta tegirmondan o‘tkazilgan un, yuz kilogrammdan qand hamda ellik mingdan yuz ming riyolgacha naqd pul berilibdi. Bundan tashqari, toshqindan jabrlanganlarga yordam ko‘rsatish komissiyasi tomonidan olti ming besh qavatli, keng peshayvonli, vannali, boringki, barcha qulayliklar mavjud bo‘lgan xonadonlar qurilishi loyihalashtirilibdi. Va nihoyat, toshqin sodir etilganidan o‘n besh kun o‘tgach, hokim janoblari boshliq nomi zikr etilgan komissiyaning jonbozligi tufayli shunday xonadonlardan ikki mingtasi qurib bitkazilibdi va keyingi haftadan aholiga tantanavor topshirilarkan. Qolgan to‘rt ming xonadonning qurilishi esa jadal sur’atlar bilan olib borilayotgani va yaqin kunlarda qurib bitkazilishi aytilgandi.
Toshqin qurbonlari o‘zlarining behisob telegrammalarida tashkilotlar boshliqlariga , komissiya a’zolariga beg‘araz yordam berganlari hamda hushyorlik bilan ko‘rsatgan munosabatlari uchun chin dildan minnatdorchilik bildirgandi.

05

(Tashriflar: umumiy 191, bugungi 1)

Izoh qoldiring