Yunon she’riyatidan namunalar.

074

Замонавий юнон шеъриятида шеърият насрга кўра устун ва эътиборли экани яққол назарга ташланади. Бу энг аввало юнонларнинг шеъриятга бўлган кучли муҳаббатининг далолатидир. Ҳамма замонларда, ҳатто юнон адабиётида янги давр деб аталмиш даврда ҳам юнон шоирлари учун ўтмиш, хусусан, қадимий мифлар илҳом манбаи бўлиб қолаверган. Бу сизга тақдим этилаётган шеърларда ҳам кўзга ташланади.

07
ЮНОН ШЕЪРИЯТИДАН
НАМУНАЛАР

01

08

Аристотелис Валаоритис (Αριστοτέλης Βαλαωρίτης Лефкас 1824 — 1879) — XIX асрда яшаб ижод қилган атоқли юнон шоири. У 1824 йили Лефкас оролида туғилган. Шоир юнон шеъриятидаги Етти орол мактабининг энг ёрқин вакили ҳисобланади. У тирик чоғидаёқ миллат шоири деб аталган. Костис Паламас ёзганидек,Валаоритис ҳамиша китобхон миллатдошларига ўз шеърлари орқали «мен» эмас, «биз» деб мурожжат қилган.

01

ДИМОС ВА УНИНГ МИЛТИҒИ

“Болаларим, қаридим мен. Олтмиш йил ортда.
Эллик йилки, тўйиб ухлаганим йўқ, охир чарчадим, уйқуга кетаман энди.
Юрагим тинди, бўлди адо. Дарё бўлиб оққан қонлар тушди сўнги томчисигача.
Уйқуга кетарман энди. Буталарни кесинглар.
Навниҳол бўлсин ҳали суви қочмаган, ҳўлдир новда.
Новдани тўшанглар – ва мени шох-шаббалар устига ётқизинг.

Ким билади, вақт ўтиши билан қабрим тепасида гуллар қай дарахт!
Қад ростласа улкан чинор, унинг қуюқ соясида
ёш ўғлонлар милтиқларин осарлар шохга.
Ёшлар менинг ва сафдошларимнинг жасоратини этарлар мадҳ.
Сарв дарахти ўсиб чиқса, қора азадорлик кийимин кийса –
қариялар ёш дарахтга пишган мева териш учун келарлар.
яраларини юварлар ва Димосни оларлар ёдга.

Олов ўғирлади шамширимни, кучимни олди йиллар.
Вақтим битди. Керакмас кўз ёш. Ўғилларим, бардам бўлинглар.
Жангда тобланган ботирнинг ўлими ёшларга ҳаётни қолдирар мерос.
Яқинроқ келинглар. Атрофимни ўранглар. Бош устимга эгилиб,
кўзларимни ёпинглар, оқ фотиҳа олинглар мендан.

Кенжа ўғлим, баҳодирим тоғ чўққисига чиқсин.
Милтиғимни олсин қўлга, содиқ пилтамилтиқни.
Самога уч марта ўқ отсин ва қичқирсин уч бор:
“Кекса Димос кетди бизни ташлаб, адо бўлди Димос!”

Тоғ дараси оғир хўрсинар, қоя айтар марсия,
тоғлардаги арвоҳлар қўзғолар ва жўшар ирмоқлар,
ва тоғлар бошидаги салқин шабадаларнинг нафаси сиқар,
шамоллар мадорсиз қанотларин пастга туширар,
бу уввосни илиб олиб, тарқатишдан чўчир, –
тарқатса кўҳна Пинд ва Олимп эшитар,
мангу қорлар эриб кетар ва қуриб қолар шоху буталар.
Югур, болам, шошилгин. Чиқ энг юксак чўққига.

Уч бора отилсин милтиқ. Уйқуга кетарканман мангу,
бу гумбур-гумбурни эшитай сўнг бор, сўнгги бор.

Ёш баҳодир чопар оҳу каби. Қояга чиқар шиддаткор.
Тоғнинг чўққисига чиқиб, бақирар уч бор:
“Кекса Димос кетди бизни ташлаб, адо бўлди Димос!”
Қояларни тутди қалтироқ, жарликлар отилар ингроқ.

Баҳодир биринчи бор отар. Иккинчи бор ҳам отар ўқ.
Ва, ниҳоят, мана охирги, учинчи бор. Шонли пилтамилтиқ
ўкирар, ёввойи ҳайвондай ҳайқирар, оғзини очар
ва ёрилар, қўлдан тушар, йиқилар яраланган ботирдай,
қоядан жарликка, дарёга йиқилар – энди йўқ у, энди у йўқ…

Димос бу гумбурлашни эшитди, чуқур уйқу ичра эшитди.
Ва жилмайди, кейин – мангу уйқуга кетди…
Кекса Димос кетди бизни ташлаб, тамом бўлди Димос!
Баҳодирнинг салобатли руҳи учар,
самодаги милтиқ гумбурини учратар,
биродардай бағрига босар,
булутлар ортига кетар –
сўнар, энди улар йўқдир
Йўқликда…

077

Янги давр юнон шеъриятининг вакили ва Янги Афина мактаби асосчиси деб тан олинган Костис Паламис (Κωστής Παλαμάς) 1959 йилда туғилган. Унинг шеърларида эзгу-инсоний ва инқилобий руҳ ёрқин намоён бўлган. Шоирнинг илк шеърий тўплами: «Ватаним қўшиқлари» 1886 йили нашр этилган. Костис Паламис ҳозиргача ижро этиладиган Олимпия мадҳиясини ёзган.Шоир 1943 йили вафот этган.

01

* * *

Мен, қандай бўлсам шундайман, титраётган кўксимдаги
омонат юрагим қафасдаги асир қушга ўхшайди –
юрагим омонат, аммо мен дунёнинг кучлилари
ва қудратлиларидан кўра яқинман нурга,
муқаддас ҳақиқатга яқинроқман.

Шунинг учун юрагим заиф ва соғинчга тўладир ҳамон,
Шунинг учун қалбим қайнар, куйиб-ёнаман,
– кучлилар кучаяр, зўрлар зўраяр ва бўлар зўравон,
мен улардан ёмон нафратланаман…
Ажабо, менга ярашади бу нафрат.

* * *

О, қадимий сўзлар, чирик моғорларга ўранганча
отамнинг китоблари тубида ётибсиз
муқаддас туш ичида ухлаб.
Сиз-чи, қалтираган қўрқоқ қарғалар, нега жимсиз:
кўндалангдир менинг қаршимда тирик ҳаёт.
Мен тақдир билан қадимий баҳсга қанчалар қаттиқ киришсам
ва тафаккур отини нечоғли инонч ила қамчиласам,
шунчалар ташналик билан
юксак тоғларнинг насимини шимираман
ва шунчалар осонлик билан сўзлашаман жайдари тилимизда.

087

Машҳур юнон шоири Михалис Ганас (Μιχάλης Γκανάς) 1944 йили Юнонистоннинг тоғли Феспротия ўлкасида туғилган. Ўн саккиз ёшидан Афинада яшайди. Китоб савдоси билан шуғулланади. Телевидениеда муҳаррир вазифасида ишлайди. Унинг қисқа шеърларидан иборат «Қора тошлар», «Шишали Яннина», «Баллада» номли шеърий тўпламлари ва насрий шеърларидан иборат «Ватаним — ўгай онам» китоби нашр этилган. Бу китобларнинг ҳар бири беш-олти мартадан қайта босилган. «Баллада» китоби учун шеърият йўналишидаги давлат мукофоти билан тақдирланган.

01

* * *

– Сен ўлмайсан-а, онажон?!
– Фонусни ўчиргин, болажон.

– Оналар ҳам ўладими, ахир? Оналар ўлмас ҳеч ҳам.
– Йўқ. Йўқ. Оловдан эҳтиёт бўл, болам.
– Николиснинг онаси нега ўлди?
– Касал эди шўрлик, оғриқ адо қилди.
– Тишинг оғригандими, жоним онам?
– Тиш – бошқа гап. Тиш оғриганидан ўлмас одам.
Бор, болам, ўйна.
– Истамайман. Истагим шу – она, сен ўлма.
– Валдирама, болам. Товани келтир.
– Момомиз ўладими, у – қари кампир?
– Қўрқма, сен унда катта бўласан, албатта.
– Қанчалик катта?
– Эркак бўласан. Хотининг бўлади ва боланг.
Эҳтимол, ё насиб, бўлар неваранг.
– Ўшанда сен қандай бўласан, онажон, ахир?
– Худди момонг каби. Бир қари кампир.
– Момомдай? Тиши йўқ, кўзлари кўрмас…
Йўқ, сен ундоқ бўлмайсан. Оналар ўлмас.
Ўлмассан. Ўлмайсан-а, онажон?
– Йўқ, ўлмайман. Келтиргин қозон.
– Агар ўлсанг, мен ҳам ўламан шу он.
Ишон, онажон.
– Бундай дема, тилингга чиқсин-а чипқон.
– Сен ўлсанг, ўлиб қоламан аниқ,
Билиб қўй, онажон!
– Эшитяпсанми, жим бўл, бундай дема, болажон?!
Эшитяпсанми?

… Эшитяпман. Ёлғончиман мен. Буюк ёлғончиман..
Сен ваъдангда турмадинг-да, онам, ўлмайман, дединг-у, ўлдинг.
Мен сен ўлсанг, ўлиб қоламан, дегандим.
Ҳали ҳам ўлмадим. Ўлолмадим.
Энг моҳир ёлғончиман мен.

Рус тилидан Карим БАҲРИЕВ таржималари

06

Дунёга машҳур юнон шоири Яннис Рицос 1909 йилнинг 1 майида касодга учраган йирик ер эгасининг оиласида дунёга келган. Иккинчи жаҳон уруши пайтида фашист босқинчиларига қарши бошланган юнон қаршилик ҳаракатида фаол иштирок этган. Узоқ йиллар мобайнида қамоқда ўтирган.
Шоирнинг юзга яқин шеърий китоби нашр этилган. Улардан энг машҳурлари: «Тракторлар» (1934), «Аҳромлар» (1935), «Синглимнинг қўшиқлари» (1937), «Синов» (1943), «Ойдин соната» (1956), «Шаҳодатнома» (1 жилд, 1963; 2 жилд 1966). Унинг қадимий юнон миф ва афсоналари асосида ёзган достонлари («Орест», «Филоктет») ҳам 20 аср юнон адабиётиниг етук намуналари саналади. Шоир 1990 йил кузида вафот этган.

01

ЕРНИНГ ТОРТИШ КУЧИ

Ой ойнага ёпишган, худди эскирган марка каби.
Эгасига етмаган мактубдай.
Ёғоч устахонада юмшоқ ўриндиқ, столлар, кўзгу.
Ит ўз соясидан қўрқади, авточироқларга ҳуради.
Қай буюмни қанча баланд отмагин, ҳавода туриб қолмас,
қанот ҳам чиқармас, албатта, ерга қайтиб тушади.
Тушган жойига чилпиллаб ёпишади.
Худди бахтин синаб отилган тангадай,
бошқа юзи тушади,
ният қилган томонинг эмас…

* * *

Ит ҳурди
дарё
тоғ томонда
сўнг жимиб қолди
қачондир
чангал тагига кўмганим
бир қўлли қўғирчоқни тишлаб
пайдо бўлди ёнимда
улар менга тикилишди
кўзлари
бўзарган.

* * *
Қон тўкилар маҳал
Гуноҳинг йўқлигин
оқлаб бўлмайди.

07

Нобель мукофоти соҳиби Одиссеас Элитис (1911-1996) — афсонафий Крит оролидаги Ираклион шаҳрида туғилган. Юнон шеъриятида илк сюрреализм тарафдори сифатида тилга олинади. Дастлаб француз шеъриятида таъсирида бўлган шоир ижоди фашистларнинг Юнонистон тупроғига бостириб кириши оқибатида тубдан ўзгаради. Унинг шеърларида миллий юнон руҳи пайдо бўлади. Уруш йиллари шоир Парижга кетишга мажбур бўлади. Бугунги кунда Одиссеас Элитис янги давр шеъриятининг энг ёрқин вакили ҳисобланади.

01

МАРИНА

Тошчўп ялпиз узат Марина
Ва рухсат бер олайин бўса
Хотирот ҳам ҳаёт ягона
Қай бирини ибтидо десам
Кўкда каптар қанотидандир,
Ҳур шамширин чақин жилоси.
Юлдузлари улкан боғларда,
Тубсиз бўлар қудуқ нидоси.

Гар айлансак тунлар сен билан,
Самонинг из-изли жойига.
Борадурмиз сен-ла ёришган,
Тонг юлдузин кўкиш пойига.

Марина, сен менинг севгилим,
Қаршилаган ёруғ тонгимсан.
Кабутарим ҳуркак севгилим,
Унут дарём отган бонгимсан.

Юлдузимсан доим чорлаган,
Ҳаё қилган ҳуркак кабутар.
Маринам қир гулим порлаган,
Нафис мўъжизалар
Унут дарём ер ости оқар.

08

Таниқли шоир Никифорос Вреттакос (Βρεττάκος Νικηφόρος; 1912 — 1991) — ўртаҳол деҳқон оиласида туғилган. Маблағи бўлмагани учун Афина университетини тугатолмайди. Заводда ишлайди. Иккинчи жаҳон уруши пайтида қаршилик ҳаракатининг фаол иштирокчиси. Унинг бу пайтдаги сиёсий қарашлари «Қаҳрамонлик симфонияси», «33 кун» номланган шеърий тўпламларида акс этади. 1987 йили Афина фанлар академияси аъзолигига сайланади.

01

ЁЛҒИЗЛИК БЎЛМАЙДИ

Қўш қўшилса, қўшиқ куйланса, қўл ювилса,
Одам бор жойда ёлғизлик бўлмайди.
Қаердадир дарахтлар япроқларин силкитса,
Ёлғизлик бўлмайди. Қаердадир ҳашаротлар
Гулларга ёпишса, жилғалар югурса,
Сувда ой, юлдуз акси бўлса,
Гўдак қўлчаларин она кўксига қўйиб
Ухлаётган бўлса, ёлғизлик бўлмайди.

ЛАБИРИНТ

Кунларим бир-бирин қўллайди,
қушларга ўхшаб, кимўзарга ўйнаб,
кесиб ўтар чўлни ғира-ширада.
Бир-бирин қувиб ўтиб, қаҳ-қаҳ отар, урилиб кетар, –
бир бутун бўлар, бирлашар. Душанбалар
якшанбани ёриб кирар, ойлар чийланган қартадай.
Март ва бирдан декабрь, ортидан август,
душанбани бозор ортидан, апрелни майдан олдин
қўймоқчи бўламан, бармоқларим музлайди.
Яна бир ҳафтани
кунларга бўлишим керак.

ШЕЪРЛАРИМ

Шеърларим – олтин нурлар чўмган қор,
От кўзида порлар эзгулик,
Мойчечакни салобати босган тонг,
Илк умид ишқидан ёнган юрак
Жим ёмғирда қолган қўй-қўзидай итоаткор.

Рус тилидан Рауф СУБҲОН таржималари

090

(Tashriflar: umumiy 198, bugungi 1)

Izoh qoldiring