Yuriy Kazakov. Yozuvchining matonati haqida & Teddi

Ashampoo_Snap_2017.06.28_14h02m48s_003_.png Атоқли адиб Юрий Казаков таваллудининг 90 йиллиги олдидан

 Ажойиб рус ёзувчиси Юрий Казаков ҳикояларини жуда яхши кўраман. Уларни ўқиганимда,юрагим юмшагандай,тиниқлашгандай бўлади. Айниқса, «Тушларингда маҳзун йиғладинг», «Ана, кучук югуриб ўтди», «Мовий ва яшил», «Йиғлайман ва бўзлайман»,  «Икковлон декабрда»   ҳикояларини соғиниб қайта- қайта ўқийман. Бу ҳикояларда инсон дарди, ёлғизлиги шундай самимий ифодасини топганки, ҳар гал юрак танҳоликдан азоб чекканда бу ҳикоялар мутолааси бамисоли малҳамдай ёрдамга келади.
Юрий Казаков рус ҳикоячилигида ўзига хос оҳанг ва ранг топа олган ёзувчи сифатида тан олинган. Бугун адибнинг ижод машаққати ва масъулияти ҳақида ёзган эссесини тақдим этиш билан сизни бетакрор  ижодкорнинг ижодий оламига бир назар ташлашга  таклиф этамиз. Ушбу асарни бундан қарайиб 30 йилча аввал истеъдодли ёзувчи Олим Отахон менинг таклифим билан «Камалак» тўплами учун таржима қилган эди.

Хуршид Даврон

ЮРИЙ КАЗАКОВ
ЁЗУВЧИНИНГ МАТОНАТИ ҲАҚИДА
Олим Отахонов таржимаси
011

022Мен турли-туман денгизчилар ва сайёҳлар келавериб, оёқ ости қилиб юборган ивирсиқ ҳамда ажойиб Архангельск меҳмонхонасининг юқори қаватида, латта-путта, бўм-бўш халталар; бу этигу сигарет қутилари, олмослару милтиқлар, патронлар ва қўйингчи ҳар бало палпис сочилиб ётган хонада адабиёт ҳақидаги асабий, беҳуда мунозаралардан сўнг ҳориб-чарчаб, ойна ёнида ғамгин ўтирардим. Алламаҳал бўлиб қолган; сокин, оппоқ-ойдин тун вужудимга аччиқ бир оғу сингари сингиб-сингиб борар, негадир беихтиёр мени йироқларга чорлар… Кўнглим ғаш эди ва боягина маҳаллий бир билимдон билан адабиёт ҳақида қилган баҳсимизни эслаб ёзувчининг жасорати ҳақида ўй сурардим.

Ёзувчи довюрак бўлмоғи керак, дея фикр юритардим мен, чунки ҳаётининг турган-битгани машаққат. У қўлига қалам тутиб ёлғиз қолган кезларида дунёдаги ҳамма нарса унга халал бера бошлайди. Шу чоққача ёзилган миллион-миллион китоблардан тортиб, қўйингчи, буларнинг бари эски, сийқаси чиққан гап, булар ҳақида аллақачон айтилган, яна бош қотиришнинг кимга кераги бор-а, деган хаёл ҳам кони зарар; баъзан туйқис жунбушга келувчи бош оғриғи ва умидсизлик, шу лаҳзаларда унинг ҳолидан хабар олгани келган ёки келаётган, қўнғироқ қилаётган таниш-билишлар; шу тобда қилиниши шарт ишлардан ҳам муҳимроқ туюлаётган тирикчилик ташвишлари, икир-чикир юмушлар ҳам душман. Илло, ташқарига – мусаффо, сўлим табиат қўйнига чорлаётган алланимани ҳис қилиш, номаълум бир бахт намосини бир мартагина тотиб кўришга даъват этаётган нурафшон офтоб ҳам дардисар. Қўйингчи, юраги ўртаниб оғриган ва ишлагиси келмаган булутли оқшомлари унга ёмғир ҳам ҳалал беради.

Атрофида ҳаёт барқ уриб яшайди, энтикади ва нафас олади, олам қаёққадир талпинади, йўргакланган онлариданоқ ана шу оламнинг асири бўлган ёзувчи эса эл қатори яшашга ҳақли эканига қарамасдан бундай дақиқаларда бир ўзи ёлғиз қолишга маҳкум, ёлғиз қолишга мажбур. Шунинг учун ёнида на маҳбубаси, на онаси, на болалари – ҳеч кимса бўлмаслиги, у ҳаётини, умрини бахш этган ҳис-ҳаяжон, қаҳрамонлари, уни мафтун этган муқаддас Сўз билан қолиши шарт.

Ёзувчи топ-тоза қоғоз билан ёлғиз қолдими, бас, унинг ёзишига ўша заҳоти шунчалар кўп, шунчалар кўп нарса ҳалақит бера бошлайдики, тасаввур қилолмайсан. У дахлсиз, фақат ўзига тегишли тасаввурлар оламида яшамоғи лозим ва алланечук номаълум, ҳеч ким ҳеч қачон кўрмаган, ўзи учунгина тирик, жонли одамлар ҳақида гўё ўз хешу-ақробаларидек ўйлашга мажбур; буёқда – ташқарида эса ҳар бир гиёҳ, ҳар бир нарса ўзининг мавжудлигини кўз-кўз қилади, уни чалғитади, ўз бағрига чорлайди. Ёзувчи деразадан аллақаёқларга кўз ташлаб ўтиради-ю, бироқ бари бир ҳеч нимани кўрмайди, кўролмайди; унинг кўзига ёлғиз шу кунгача ёзган саҳифалари, ўтган ва ўтаётган кунлар ҳамда эртанги ҳаёт, омадсизлик ва умидсизлик кўринади.

Бундай пайтларда у жудаям қийналади, ўзини беҳол ночор ва ожиз сезади. Ҳолбуки, у ўзига ҳеч ким ёрдам беролмаслигини билади. Чунки бу оламда у танҳо қолишга маҳкум.

Ҳамма бало шундаки, ҳеч ким, ҳеч қачон унга ёрдам беролмайди, қалами ёки ёзув машинкасини олиб оғирини енгил қилолмайди, қандай ёзиш кераклигини ўргатолмайди. Бинобарин, ёлғиз ўзи буни эплаши зарур. Мабодо, ўзи эплолмадими, тамом, у ҳеч қачон ёзувчи бўлолмайди. Сени соғ-касаллигинг, ёзишни эплайсанми-йўқми, бардошинг етадими – ҳеч кимга қизиғи йўқ. Мана шуни била туриб, ёзиш, ишонсанг, ҳақиқий жасоратдир. Агарда ёмон ёзган бўлсанг, унутма, на унвон, на мукофот, на ўтмишдаги шон-шуҳратинг жонингга ора киради. Тўғри, баъзан бўш асарингни эълон қилиниши учун амалинг асқотиб қолади, дўстларинг оғзини кўпиртириб мақташга ошиқадилар ҳамда сен қалам ҳақини ҳам оласан, аммо шуни унутмаки, сен энди бари бир ёзувчи ҳисобланмайсан…

Ҳаммасини ибтидодан бошламоқ учун эса матонатли, мард бўлиши керак. Узоқ вақт ёзолмай қийналиб, ўз ёғингга ўзинг қовурилиб юрганинг ёки умуман ёзишдан безиб кетганингда кутмоқ ва чидамоқ учун ҳам катта жасорат керак. Агар ироданг кучли бўлса, тоқат-шижоатинг етса, бас, бир кун келиб яна истеъдод билан ёза оласан.

Ҳақиқий ёзувчи бир суткада кам деганда 10 соат ишлайди. Кўпинча у ёзолмай қолади, шунда кунлар, ҳафталар ўтиб кетади, ёзаётган асарини давом эттиролмай ҳамда буларнинг барчасидан воз кечиб кетолмай, қийналиб юрганида олтиндан қиммат вақти тез ва самарасиз ўтиб бораётганини телбаларча, йиғлагудек ҳис қилади.

Ва ниҳоят асар тугайди. Ажабо… ўша лаҳзалардан сўнг кўнгли шунчалар ҳувиллаб қоладики, назарида энди бир мисра ҳам ёзолмайдигандек туюлади. – Хўш, нима бўпти, мен ахир ўз вазифамни адо этдим, деб ўйлаши мумкин у. Бундай асарни шу пайтгача ҳеч ким ёзмаган. Мендан аввал Толстой ва Чеховлар ижод қилса қилгандир, аммо буни мен ёздим. Бу ўзига хос асар. Менинг ёзганим уларникидан ёмондир. Аммо меники ҳам бари бир анчайин маъқул асар-ку. Ҳар қалай, ҳали яхши-ёмонлиги ҳам маълум эмас, қани, бирорта ёзувчи менчалик ёзиб кўрсинчи!

Хаёлини муттасил банд этган асарини тугатгач, ёзувчи худди шундай деб ўйлашга тамом ҳақлидир. У ахир сўнгги нуқтани қўйди, бу ўзидан ўзи ғолиб чиқди, дегани эмасми?! Оҳ, шодликнинг умри бунчалар қисқа!.. У ҳориган, айни чоқда зудлик билан янги асарини ёзишга ўтиради; ҳозир эса кўнгли қувонч тусаяпти. Хушбахтлик қанчалар мухтасар…

Дарвоқе, баҳор ўтиб кетганини, айтайлик, ўша апрелнинг илк кунлари – тунда, осмоннинг ғарб томонида йиғилган қора булутлар қаъридан бетиним, мунтазам ва кучли илмилиқ шамол эсиб қорлар эрий бошлаган пайтдан бери анча вақт ўтганини бирдан пайқаб қолади. Орадан шунча вақт ўтибди. Музлар кўчиб, ирмоқлар жилдираб оқа бошлабди; илк майсалар кўз уқалаб, қушлар учиб келибди, бошоқлар тўлиб, сарғайиб пишибди ҳамки у сезмабди; буларнинг биронтасидан огоҳ бўлмабди. Ҳолбуки, у куну тун ёзишдан бош кўтармай, хаёлан ўз қаҳрамонлари оламида яшаган кезлар ер юзида нималар содир бўлмади, халқлар, мамлакатлар ҳаётида қандай воқеа ва ҳодисалар юз бермади дейсиз. Унинг учун бу кунлар энди сира қайтиб келмайди. Умрнинг бу фаслини ҳеч ким ҳеч қачон унга қайтариб беролмайди.

Кейин у асарини журналга элтиб беради.

Иши ўнгидан келиб, масалан, унинг асарини катта қувонч билан қабул қилишди, дейлик. Ёзувчига зудлик билан сим қоқадилар ёки телеграмма жўнатадилар: уни табриклайдилар. Бу асар бошқа журналда эмас, ўзларида эълон қилинаётганида фахрланадилар ҳам. Ёзувчи редакцияга ташриф буюрганида ўзини эркин ва хуррам тутади. Ҳамма одамлар уни кўрганликларидан, у эса одамларнинг бунчалар ёқимтой эканлигидан қувонади. “Азизам, албатта эълон қиламиз, албатта – дейишади, — уни 12-сонига киритдик”. Бу декабрда чиқади дегани. Декабрь – қиш. Ҳозир эса айни ёз…

Ҳамма ёзувчига жилмайиб, очиқ юз билан қарайди. Унинг қўлини қисиб, елкасига дўстона қоқиб қўядилар. Уларнинг ҳаммаси гўё ёзувчи яна 50 йил умр кўрадигандек муомала қиладилар. Гўё олти ой, унга олти кундек гап.

Ёзувчи учун эса, ғалати, машаққатли давр бошланади. У кунларининг тезроқ ўтишини истайди. Ёз тезроқ ўта қолсайди. Кейин куз келади. Уни ҳам жин урсин. Унга декабрь керак! Мана нима! Қишни кутавериб унинг тоқати-тоқ бўлади.

Ҳолбуки, у яна боши билан ишга шўнғийди. Ёзганлари яна ўзига гоҳ ёқиб, гоҳ ёқмайди. Йил ўтади, яна апрель – баҳор сабил қолади. Ниҳоят, навбат танқидчиларга етади ва эски нарса учун унинг таъзирини бера бошлайдилар.

Ёзувчилар ўз асарлари хусусидаги мулоҳазаларни ўқишади. Баъзилар асарлари хусусида айтилаётган гапларга гўё қизиқишмасмиш. Бу нотўғри. Турли миш-мишлар, адолатсиз танқидларга ортиқча куйинмаслик, ғазабланмаслик учун, қаттиқроқ сўкаётган бўлсалар ёзишдан совиб кетмаслик, мақтанаётганларида эриб кетмаслик учун айниқса, мана шу дамларда жасорат сув билан ҳаводек зарур. Мақтов ёзувчи учун бамисли заҳар. Бунинг оқибатида у ўзига ортиқча баҳо бера бошлайди. Пировардида ёзувчининг ўзи ўрганиш, изланиш ўрнига бошқаларга насиҳат қила бошлайди. Ахир, бу асарини ҳар қанча яхши ёзган бўлмасин, ундан аълороқ ёзиши мумкин эмасми?! Бунинг учун мард бўлиши ва ўқиб ўрганишдан қочмаслиги керак холос.
Аммо, мақтов ёки миш-мишлар ҳолва. Энг ёмони сени тилга олмайдилар. Мана бу даҳшат. Ёзувчи яхши асарлар ёзганига қарамай, ҳеч ким аҳамият бермаётган пайтда, айниқса, матонатли бўлиши керак.

Адабий ҳақиқат, ҳамиша ҳаёт ҳақиқатларидан туғилади, модомики, шундай экан совет ёзувчилари ижодкорлик жасоратига ўзлари қаламга олаётган одамлар – замин қиёфасини пешона тери билан ўзгартираётган ишчилар, учувчилар, денгизчилар шижоатини ҳам сингдира олиши лозим. Ҳар бир ёзувчи имкони борича турли-туман одамлар, бир-бирига мутлақо ўхшамаган тақдирлар ҳақида ёзади, модомики шундай экан, у ўша одамларнинг ҳаёт тарзини билиши ва ҳис қилиши учун улар билан яшаши, жилла қурса уларнинг турмушини ўз кўзи билан кўриб ўрганиши керак. Зарур бўлса ўшалар каби геолог, ўрмончи, деҳқон, овчи, ҳатто тракторчи бўлиб ишлаши керак.

Совет ёзувчиси ҳали дунёда зулм барҳам топмаганини, қаердадир оддий инсоний ҳуқуқларидан маҳрум эрксиз одамлар яшаётганлигини, зўравонлик ва очлик, жаҳолат, уруш ҳамда фашизм ҳукм сураётганини унутмаслиги керак. У имкони борича бу иллатларга қарши исён кўтармоғи, одамларни курашга даъват этмоғи лозим. Бўҳтон, риё ҳамда жиноятларга қарши бонг урмоғи керак. Бундай даъват алоҳида таҳсинга лойиқ жасоратдир.

Ниҳоят, зарурият туғилса, солдат бўлиши, солдатдек жангга кирмоғи, омон қолса яна ҳақиқатни ёзишга ўзида куч, бардош топмоғи керак.

Зеро ёзувчининг ижодий жасорати ҳар маҳал турғун ва собит бўлмоғи лозимдир. Чунки ёзувчининг ҳаёти ва фаолияти ҳар кун, ҳар дақиқа жасорат талаб қилади.

Буни у ҳеч қачон унутмаслиги лозим. Негаки, у бир, икки кун эмас, умрбод ижод қилади. Ҳар сафар янгитдан бошлаш зарурлигини, эндиги гал қийинроқ бўлажагини у яхши билади.

Агар ёзувчи шижоатли бўлмас экан – тамом. У ҳар қанча истеъдодли бўлса ҳам фойдаси йўқ, иқтидори уни сақлаб қололмайди. У ҳасадгўйга айланади, ўз биродарлари – қаламкаш дўстларига хиёнат қила бошлайди. Мудом ўз номини аллақайси бир мақола ёки маърузада тилга олмаганликлари ва мукофот берилмаётганлиги ҳақида ўйлаб ғазабдан кўкариб юради. Пировард натижада ёзувчилик бахти нимадан иборат эканлигини бир умр билмай ўтиб кетади… Ваҳоланки, ижоднинг қувончлари бор.

Зеро, бундай дақиқалар ёзувчининг ҳаётида албатта содир бўлади. Ҳар нечук унинг пешонасига ҳам яхши кунлар ёзилган. Бу айниқса, кеча ёки аввалги кунлар кўнглига умидсизлик солган асарини бугун яхши ва мароқ билан ёзаётган ёзув машинкаси тўхтовсиз чиқиллаётган ва битган саҳифалар бирин-сирин кўпайиб бораётган маҳалда кўпроқ билинади. Бу, айниқса, ёзувчи ўзини ҳалол, ҳар нарсага қодир эканини ҳис этганда сезилади.

Асарнинг энг кучли бобини ёзаётган чоғида у ҳаммаси бир сўздан бошлангани ёки пайдо бўлгани ва бу сўз – илоҳий эканини бирдан эслаганда билинади. Бундай ажойиб сониялар буюкларга ҳам насиб этмаслиги мумкин. Аммо шижоатли ёзувчиларга уларнинг барча қийинчиликлари – машаққатли меҳнати, умидсизлик ва қониқмасликлари эвазига мукофот тариқасида илоҳий лаҳзалар ато этилган бўлади. Ёзувчи ёзиб тугатгач, мана шу саҳифалар асарнинг бошқа боблари ва қисмларидан кучлироқ эканлигини, бундан ташқари айнан мана шу саҳифалар адабиёт оламида қолажагини ҳис қилади.

У фақат ҳақиқатни ёзиши кераклигини, унинг учун нажот ёлғиз мана шунда эканлигини тушуниб қолганда ўзини бахтиёр сезади. Фақат сен кашф қилган ҳақиқатни ўша заҳоти сўзсиз қабул қиладилар, деб ўйлаш ярамайди. Сен ўша сон-саноқсиз нотаниш одамлар учун ёзаверишинг, ҳеч қачон иккиланмаслигинг, юрагингдаги ҳақиқатларни ўша одамлар учун тўкиб солаверишинг керак. Ахир, сен редактор ва танқидчи учун эмас, ёки эл қатори сенинг ҳам бир эҳтиёжларинг бўлишига қарамай, жин урсин, пул учун ёзмайсан. Дарвоқе, пул топиш учун ёзувчилик қилиш шарт эмас. Пул топишнинг бундан ҳам осонроқ йўллари бор. Сен эса авваламбор сўз ва ҳақиқатнинг муқаддаслигига имон келтириб, сўнгра қалам тебратасан. Демак, ёзиш жараёнида адабиёт инсониятнинг ўзлигини англаш воситаси ёки ўзини макон ва замонда устувор, қойим ифодалаши ҳақида фикр юритасан. Буни эса ҳеч қачон унутмаслик керак ҳамда зиммангга яратишдек шарафли бурч тушганидан фахрланиб юриш лозим.

Гоҳо бирдан соатга кўзинг тушиб қолади-ю, вақт алламаҳал бўлиб қолганини, ер юзига тун чўккани, поёнсиз кенгликларга чўзилиб кетган курраи-заминда тирик жон ором олаётгани ёки бир-бирини севишдан бўлак ҳеч нарса билан қизиқмаётганликлари, хунрезликка иқтидо қилаётганлари ва аллақаерларда бомбалар ортилган самолётлар изғиб юргани, боз устига қаердадир кимлардир рақсга тушаётганлари кўз олдингга келади. Ҳар хил радиостанцияларнинг дикторлари қандайдир ёлғон-яшиклар, беҳуда юпанч, ташвиш, шоду-хуррамлик, умидсизлик ва ишонч ҳақидаги ваъзлари учун электр қувватини исроф қилаётганликлари ҳақида ўйлайсан ва ушбу соатда сен шунчалар дармонсиз, танҳо бедор ўтириб, бутун олам ҳақида қайғурасан, жамики одам болалари оқибат – охир бахтиёр ва озод бўлишини, ер юзида меҳнат, ижод қилиш сув билан ҳаводек бир заруриятга айланажагини, тенгсизлик, уруш, ирқчилик ва қашшоқлик батамом барҳам топишини истайсан.

Зеро, энг катта бу зим-зиё тун қўйнида бедор ўтирган фақат ўзинг эмаслигини ҳис қилишда. Сенга ўхшаб ҳамқадам биродарларинг – бошқа ёзувчилар ҳам бедор ўтирибдилар. Зотан, барчангизнинг мақсадингиз битта – у ҳам бўлса олам чароғон, одам янаям инсоний бўлишидир.

Дунёни янгитдан қуриш ёки ўзгартириш ҳуқуқинг йўқ. Аммо бу ҳаётда сени ўз ҳақиқатинг ва ўз каломинг бор. Ва сен ўз бахтсизлигинг, муваффақиятсизлигинг ҳамда омадсизлигингга қарамай одамларга қувонч улашиш ва ҳаёт бундан кўра гўзалроқ бўлиши керак, деб муттасил равишда бонг урмоғинг учун яна минг чандон жасурроқ бўлмоғинг зарур!

Юрий КАЗАКОВ
ТЭДДИ
Олим Отахон таржимаси
008

Kazakov_Yu.P.-P001.jpg    Казаков Юрий Павлович (1927–1982) —  атоқли рус ёзувчиси. 1927 йил 8 августда Москвада туғилган. Ўрта мактабдан кейин, 1946-1951 йилларда Гнесин номидаги мусиқа билим юртида таълим олган.  1940-йиллар охирида Юрий Казаков шеър ёзишни бошлайди, ҳикоя, пьесалар машқ қилади.   1953 йилдан Максим Горький номидаги Адабиёт инститида таҳсил олган.
1956 йили  Юрий Казаковнинг илк  ҳикоялар тўпламлари «Мовий ва яшил», «Хунук» номлари билан нашр этилади. Унинг илк асарларидан «Тэдди» (1956) ва «Арктур – този ит» (1957) қиссалари рус адабиётига катта истеъдод кириб келганидан дарак беради.
Адабиёт нститутини тугатгандан сўнг (1958), Казаков Печора, Тарус ва бошқа жойларга саёҳат қилади. Саёҳат таассуротлари  ўлароқ «Йўлда» (1960), «Йиғлайман ва ҳўнграйман» (1963), «Лаънати Шимол» (1964) ҳикоялари яралади. Казаковнинг «Шимол кундалиги» (1977) «Нестор ва Кир» (1961), «Қор ўрадаги бола» (1972–1976), «Эман ўрмонларида» (1969) каби асарлари машҳур.

008

I

074Баҳайбат, қўнғир айиқни Тэдди деб аташарди. Бошқа ҳайвонларнинг ҳам номи бор эди-ю, лекин Тэдди уларни сираям эслаёлмас, доим адаштириб юрарди. Фақат ўз лақабини яхши билар, қачон чақирсалар қулоқ солар ва айтганларини бажарарди.

Унинг ҳаёти жуда зерикарли эди. У аллазамонларда бери циркда ишларди. У итоатгўй, ювош бўлиб қолган ва энди унга қафаснинг ҳожати йўқ эди, аммо шунга қарамай одатлари бўйича қафасда сақлашарди. Тэддига ҳеч нарсанинг қизиғи қолмаган, ҳаммаси жонига теккан, фақат тинч қўйишларини истарди. Бироқ у кекса тажрибали артист бўлганидан сира ҳол- жонига қўйишмас эди.

Кечқурун уни ўртасида юз-кўзига упа-элик суртилган новча одам уёқдан-буёққа юрган чароғон саҳнага олиб чиқишар эди. Бу одам оппоқ кўйлак-иштон, чарм қора этик ва олдига зар уқа тутилган лоларанг камзул кийиб оларди Унинг кўйлак-иштони ҳам, камзули ҳам, рангпар, ҳиссий юзи ҳам Тэддига ёмон таъсир қиларди. Лекин айиқ, айниқса унинг кўзларидан қўрқарди.

Бир замонлар Тэдди бир неча бор йиртқичлигига бориб исён кўтарганди. У аламидан бўкирар, қафас симлариш суғуриб ташларди, ўшанда уни тинчитишнинг сира иложиш қилишолмаган эди. Аммо қафас ёнига рангпар одам келиб Тэддига тикилганида, айиқнинг уни ўчиб, орадан бир соат ўтар-ўтмас репетицияга чиққан эди.

Энди Тэдди хархаша қилмас ва турли-туман қўпол ва бекорчи, ҳатто кўпинча бемаъни нарсаларни ҳам жимгина бажараверар эди. Оқ кўйлак-иштонли одам ҳам энди унга ўқрайиб қарамасди, айиқ ҳақида гап кетса уни эркалаб «Юввошгина қария» деб атарди.

Тэдди саҳнага чарм бурундиқда чиқар ва ўзини олқишлаб кутиб олган томошабинларга таъзим қиларди. Унга велосипед келтириб беришар, у эгар оша оёқларини ўтказиб рулни маҳкам  тутганча педални бор кучи билан босарди-да музика садолари остида саҳна бўйлаб айланарди.

Томошабинлар эса тинмай қийқирар ва қарсак чалардилар.

Тэдди яна бир неча антиқа нарсаларни бажара оларди: Панжалари билан тез-тез айлантириб ғўлаларда учар, узун, ингичка темир таёқ тепасига чиқиб мувозанат сақлаб турар, қўлларига қўлқоп кийиб бошқа бир айиқ билан бокс тушарди. Тэдди ҳазилни тушунмасди, тўғрироғи ҳайвонларга хос ҳазилнигина тушуна олиши мумкин эди, шунинг учун бундай кўпол ва бемаъни ҳаракатларни бажараётганда одамлар нима сабабдан шодланарди, сира тушунолмасди.

Кечалари айиқ кўпинча ухламас, йўлакда миттигина чироқ хира нур сочар, кийимидан доим ёқимли ҳид анқиб турадиган қоровул чол роса хуррак отарди. Ҳайвонлар уйқусида ириллар ва ғингшир эди, қафаслардан қўланса ҳид анқирди. Йўлакнинг қоп-қоронғу бурчакларида йирик-йирик суқатой каламушлар югуриб юрар, орқа оёқларида тик туриб бирдан қотиб қолар, шундай пайтда уларнинг соялари узун бўлиб полга тушарди.

Бирмунча вақт ғингшиб ётгач, Тэдди ўзини ялаб-юлқашга тушарди. У жиққа ҳўл бўлиб кетгунча эринмай панжалари билан қорнини ялар, сўнгра биқини билан орқасига ўтарди.

Бироқ орқасини ялаш жуда ноқулай эди, натижада у тез чарчар, кейин нохуш хаёлларга бериларди.

У болалигини ва онасини — панжалари юмшоқ, узун тили ҳароратли, келишган айиқни эслашга уринарди. Бироқ болалигини деярли эслолмасди. Фақатгина анҳор, сарғиш қум  тўшалган соҳил ёдига тушарди холос; қум майин ва қайноқ бўларди. У яна чумолиларнинг ўткир ҳидини эсларди, афсуски ўшандан буён бундай ҳидга рўпара келмади.

У яна ўзига циркда бир пайтлар беришган тотли емишлар ҳақида ҳам ўйларди. Яна жуда кўп нарсалар унинг эсига тушарди: қандайдир шакл-шамойиллар кўз олдига келар, юрагини ғазаб ва ҳасрат тўлдирар, унинг ўкиргиси, аллақаёқларга бош олиб кетгиси, ўзига муносиб  йиртқичона ишларни бажаргиси келар ва кечаси билан ўкириб чиқар, эртасига эса ўзини беҳад ланж ва тунд сезар, репетицияга ҳам истар-истамас чиқарди.

II

Кунлардан бир кун цирк сафарга отланди. Тэддини ҳам ола кетишди.

Шу чоққача у жуда кўп сафарга чиққан, шу боис уни ҳеч нарса ҳайратга сололмасди; у автомашиналардан анқиб турувчи бензин ҳидини ёмон кўрарди, холос.

Ҳаммаси одатдагидек юз берди: станцияда ҳайвонлар солинган қафасларни вагонга жойладилар, алланималар деб қичқирдилар, сўкиндилар, бир нималарни михладилар, охири  эшиклар гумбурлаб ёпилди-да, йўлга тушишди. Кўп ўтмай ҳамма нарса бир маромда чайқала бошлади. Тэддининг ниҳоятда уйқуси келди. Шу алфозда икки кечаю икки кундуз юришди, кейин поезд тўхтади. Эшикларни очиб вагонлардаги қафасларни юк машиналарига орта бошлаганларида Тэдди нотаниш ерга келиб қолганларини ва аллақандай бегона ҳидлар келаётганини пайқади, лекин бунга ажабланмади.

Яна йўлга тушишдан аввал ҳайвонларни овқатлантиришга қарор қилишди. Хизматчи келиб қафасларни тозалаб, емиш келтирди. Тэддининг қафасига сувда қайнатилган картошка, нон ҳамда бир тоғора сули қуйиб, хизматчи бир нимага чалғидими, эшигини ёпмай чиқиб кетди.

Айиқ эшикнинг очиқ қолганига парво қилмади, роса очиққан эди шекилли, картошка билан сулини пок-покиза туширди. Кейин одати бўйича товоқни эшик ёнига суриб қўйди, худди шунда қафаснинг очиқ қолганини сезди. Тэдди жуда ҳайрон бўлди, бошини чиқариб уёқ — буёққа аланглади, эснади, ичкарига қайтиб кирди-да, кўзларини юмиб ётди. Аммо орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас ўрнидан туриб яна бошини чиқариб қаради. Ҳавони искади, атрофни кўздан кечирди, худди бир нима эсига тушгандек тараддудланди, сўнг қафасдан чиқиб машинадан  ерга сакради.

Шу чоқ шофёр кўринди. У кепкасини қўлтиғига қистириб олганча кавшаниб машинага яқинлашарди. Шамол шофёр тарафдан эсарди. Тэдди колбаса хидини туйиб унга пешвоз юрди.

Айиққа кўзи тушган шофёр кавшашдан тўхтаб тахтадек қотиб қолди. Тэдди орқа оёқларида ғоз туриб эркаланганча ғингшиди. Шофёрнинг қўлтиғидан кепкаси тушиб кетди, ўзи эса орқа-ўнгига қарамай эшиги тепасига аллақандай шиор осилган пастаккина уй томонга қочди.

— Ёрдам беринглар,— деб қичқирди у ўтакаси ёрилиб.

Тэдди олдинги оёқларини ерга қўйди ва ҳар эҳтимолга қарши нари кетди. У ҳатто аввалига қафасга қайтиб кирмоқчи бўлиб ортига ўгирилди, бироқ худди шу пайт айюҳаннос солиб уйдан одамлар югуриб чиқди. Тэдди одамлариинг орасидан таниш қиёфани излаб қўрқа-писа  ўгирилди, лекин танишларини тополмади. Унинг юрагини бирдан ваҳм босди ва урра қочди. У  тушовлаб қўйилган отлар ёнидан ўтди: уни кўриб отлар ўзларини орқага ташлаб кишнадилар.

Бунга жавобан Тэдди ҳам ўкириб, югуришда давом этди.

У пушталарда қоқилиб-суқулиб полиздан югурди, четандан ошиб ўтди-да, дала билан ўрмон томонга йўл солди. У пишқириб, қулоқларини чимириб елиб борар экан, вужудида номаълум  ҳаловат туярди, лекин бутазорга етиб бориб тўхтади ва хавотирланиб ортига ўгирилди: на станция, на одамлар, на машиналар кўзга чалинар, фақат жимжит дала ва йироқларда қорайиб  турган уйлардан бошқаси кўринмасди.

Айиқ ўкинди, дафъатан унинг циркка қайтиб боргиси ва яна ғира-шира йўлакда ётгиси келди, ёқимли ҳидлар анқувди қоровулнинг хурракларини соғинди. Ортига қайтишдан у қўрқди  ва орқа оёқларида ғоз туриб чайқалган кўйи ғамгин ғингшиб қўйди. Сўнгра ўрмон томонга қаради, тумшуғини тозалаш учун бир неча бор пишқириб ҳавони искади. Мум билан қўзиқорин  ва яна аллақандай хушбўй ҳидлар анқирди. Тэдди ўрмонга қараб юрди. У буталар оралаб оҳиста борар ва ҳар сафар ялангликка чиққач, бирор хизматчи ёки оқ кўйлак-иштонли кишини кўриб қоламанми, деган умидда ортига ўгирилиб қарарди. У ҳозир ўзини эркалаб «Тэдди!» деб  чақиришларини истарди. Лекин ҳеч ким кўринмади, уни чақириш тугул тиқ этган товуш эшитилмас, ўрмондан эса тобора қудратли бир даъват баралла эшитилаётгандек бўларди.

Тэдди ҳадиксираб ўрмон ичига кирди.

III

Тэддининг омади юришмади. У ўрмоннинг одамлар истиқомат қилаётган қисмига келиб қолган эди. Бу ерда ўрмон саноати хўжалиги жойлашган бўлиб, катта майдондаги дарахтлар кесилган, ҳар ерда ўрмонга алоқасиз буюмлар: тор изли темир йўл, узуқ-юлуқ пўлат симлар, ёғ латталар, пайҳон қилинган сўқмоқлар, хода ётқизиб очилган йўллар кўзга ташланарди. Бу ерда қушлар билан ҳайвонлардан асар ҳам йўқ эди, кечалари эса темир-терсакларнинг садоси, мотор шовқини, паровозларнинг чинқириғи тинмасди.

Тэддига ўрмон ғайритабиий ва кўнгилсиз бир жой бўлиб кўринди. Шунинг учун дастлаб қандай бўлмасин одамларни учратиш ҳақида ўйлади. Аммо айни чоқда алланима унинг машиналар тарафга юришига монелик қиларди. Ҳамма нарса унинг ғашига тегарди; у очиққан, уйқуси келар ва дармонсиз эди. У биронтаси чиқиб, егулик бирон нарса берар деган умидда ўрганиб қолган фокусларини бажаришга чоғланди. Олдинги оёқларида туриб, орқа оёқларини худди коптокни отиб ўйнаётгандек ўйнатди, шу алфозда ялангликни айланиб чиқди, кейин умбалоқ ошди, рақсга тушди, худди циркдагидек ўзини ўлганга солиб ётди, кейин ўзидан мамнун бир қиёфада ўрнидан туриб ёнверига аланглади. Агар циркда шундай қилса унга бирон нима берган бўлишарди. Аммо бу ерда уни ҳеч ким олқишламади, сули ёрмаси ҳам осмондан тушмади. Шунда айиқнинг митти кўзларида ғамгин ҳайрат аломати акс этди.

Айиқнинг умиди пучга чиқди, у одамлар ёнига қайтиб кетган бўларди-ю, аммо содир бўлган бир воқеа одамдан қанчалар қўрқиш кераклиги ҳақидаги тасаввурини тасдиқлади.

Кунлардан бир кун эрталаб Тэдди жарликда аллақандай гиёҳларни еб юрарди.

Бошини кўтарганда, бирдан юқорида турган одамга кўзи тушди. Тэдди ҳайрон бўлди ва орқа панжаларида ғоз туриб, ҳатто қувонганидан хўриллаб қўйди. Бироқ одам унга ўхшаб қувониб  кетмади, айиқ кутганидек «Тэдди» деб эркалаб чақирмади — у ранги оқариб, милтиғини ола айиққа тўғрилади, ўқ овози янгради, нимадир Тэддининг қулоғини куйдириб ўтди.  У ўкириб  юборди-да, чалқанча йиқилди: Тэдди оғриқдан эмас, алам ва талвасага тушганидан бўкирарди.

Одам эса орқа-олдига қарамай қочди.

Орадан бир дақиқа ўтгач, Тэдди қутуриб одамнинг ортидан қувиб кетди. Бироқ одам қочишга улгурдими, бирон ерга яшириндими Тэдди уни тополмади. Шу пайтдан бошлаб  одамлардан қўрқадиган бўлди ва иложи борича кимсасиз, овлоқ ерларни излашга тушди.

Аммо ҳақиқий ўрмон, овлоқ ерларга кетиш учун дарёдан сузиб ўтиш лозим эди, Тэдди эса сузишни билмас, шунинг учун аҳволи оғирлашарди. Бир неча бор дарё бўйига келиб сувда  оқиб кетаётган ходаларга қараб турди, ўкинди ва яна ўрмон ичига кириб кетди.

IV

Орадан икки кеча, икки кундуз ўтди. Учинчи куни кечаси Тэдди дарё бўйига борди-ю, ҳайратдан қотиб қолди: соҳилга туташ ерда ўртасига кулбача қурилган ҳайҳотдек сол турарди. Тўлин ой нур сочар, соҳилда деразалари қоп-қора оқиш уйлар саф тортган, теварак-атрофда биронта тирик жон кўринмас, тиқ этган товуш йўқ, фақатгина сол ходалари орасида сув сокин чайқаларди. Тэдди орқа оёқларида туриб ҳавони искади. Солдаги уячадан чидаб бўлмайдиган даражада жавдар ундан қилинган нон билан картошка ҳиди келарди. Тэдди лабларини ялади ва турган ерида чайқалди. Чайқала туриб у нима қилиш кераклиги ҳақида ўйларди.

Ҳид келаётган ёққа боришга қўрқди, чунки у ерда одамлар борлигини биларди, бироқ кўнгли шунчалар суст кетган эдики, айиқ соҳил бўйлаб уёқдан-буёққа юра бошлади, икки-уч  бор сувга панжасини солиб кўрди ва охири кулбанинг рўпарасида тўхтади. Вой-бў, шундай ҳам ажойиб ҳид бўладими?!

Сол қирғоқдан хиёл нарида турарди, бир еридан кўприк ўрнида қирғоққа тахта ташлаб қўйилган эди. Аммо шошиб қолган Тэдди буни пайқамади, сувга тушиб бир зумда солга чиқиб олди. Ходалардан секин-аста одимлаганча кулбага яқин борди-да, атрофини айланиб чиқди.

Ичкаридан хуррак овози эшитилди. Тэдди цирк қоровулини эслаб дадилланди. У деразадан ичкарига қаради-ю, ҳеч нимани кўрмади. Шундан сўнг эшикни очиб уйгача кирди. Кирган  заҳоти оғзидан сўлаги оқди — уйда пайтава, нон ва картошка ҳиди гуркирарди. Нон билан картошка столда эди. Тэдди стол ёнига келиб, аввал декча ёпилган илиққина лаганни тушириб юборди, кейин қозонни ағдариб ўкирди-да, апил-тапил ея бошлади.

— Ҳой, ким бор?— деди дафъатан хуррак отаётган одам.— Федя! Сенмисан?

Айиқ қўрқиб кетганидан ўтириб қолди, сўнгра ғазабдан ўкириб, панжаси билан столга урди.

Декча билан лаган полга тушди. Ўша заҳоти бир нима нардан сакраб тушди, зипиллаганча эшикка ошиқди ва сол бўйлаб соҳилга югурди. Тэдди аҳвол чатоқ эканлигини тушунди, лекин шунда ҳам шоша-пиша ютоққанча чапиллатиб, овқатни тушираверди. У одамга қарши иш қилаётганини биларди.

Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас соҳилда шовқин кўтарилди. Қочиш керак, аммо ҳали айиқ тўймаган эди, Тэдди полда ётган картошкалардан бир нечасини чангаллаб эшикка югурди.
Аммо эшикнинг қаердалигини бирданига тополмади. Уйчадан чиққанида эса тумонат одам  йиғилганини кўрди. Айиқни кўрган одамлар бараварига, худди станциядагига ўхшаб қийқириб юборишди. Тэдди нима қиларини билмай тўхтади. Соҳилга олиб борувчи йўл берк эди.

У солнинг нариги тарафига ўтиб қочмоқчи бўлган эди, тўсатдан рўпарасида бир ёлқин   чақнаб, ўқ овози янгради. Айиқнинг ўтакаси ёрилиб ортига қайтди-да, ўгирилиб кулбанинг орқасига қараб қочди. Одамлар ёй шаклида солнинг бурчагига сиқиб кела бошладилар. Орқа тарафидан яна ўқ овози янгради, ўқ учириб юборган пўстлоқ айиқнинг қорнига тегди. У бўкирганча олдинга сакради ва сувга ўзини ташлади. Ой нурида кумуш томчилар сачради. Тэдди умрида сузиб кўрмаган эди, шунинг учун сув остидан қалқиб чиққанда дастлаб нима қилишини билмади. Лекин қўл-оёқлари беихтиёр ҳаракатга келди ва у тумшуғини кўтарганча жон-жаҳди билан шалоплатиб сузиб кетди. Сув уни секин-аста қуйига оқизиб кета бошлади, солда қолган одамларнинг қичқириғи анчагача эшитилиб турди, айиқ эса тобора панжалариии куч билан силкитиб, аксириб-пишқириб тумшуғини кўтариб сузиб борарди. Ярим соатча сувда оқиб боргач, қорайиб турган ўрмонга кўзи тушди. Бу яқингинада айиқ чиққан бояги ўрмон эмас, бошқаси эди. Бу ерда дарахтлар кесилмаган, сўқмоқлар билан одамларнинг бошпаналари кўзга чалинмасди.

Тэдди оёқлари ерга текканида эран-қаран юриб соҳилга чиқди. Унинг пўстинидан тинмай сув оқарди. Ортига ўгирилиб йироқларда, чироқларнинг заифгина нури қўйнида элас-элас  жимирлаб кўринаётган алланималарни пайқади-да, одамлар билан бараклар ва бояги сол ҳам ўша ёқда қолиб кетганини англади, шовқин билан хатар аригани, бу ер энди сокин, ёқимли эканини ҳис қилди. У кулбада қолган картошкаларни эслаб, норози оҳангда ғингшиди, кейин бир неча бор силкинди-да, тикка жарликдан кўтарилиб, улкан қарағайлар ва арчалар сари кўтарила бошлади.

V

Бу дарёнинг у бошидан бу бошига қадар чўзилиб кетган ҳайбатли ўрмон эди. Бундан ташқари ўрмон Урал тоғ тизмалари ва ўшанақаси шимолга — тундрагача қўшилиб кетарди.

Бу ерда бўрилару тулкилар, олмахонлару қуёнлар бисёр эди. Буғулар билан чағир кўзли қоплонлар ҳам учрарди. Одам оёғи етмаган бу ерларда бир замонлар қулаган дарахтлар туфайли ўтиб бўлмас чангалзорга айланган хилват гўшалар ҳам учрарди.

Бу ўрмонда баъзан бесабабдан-бесабаб ёнғин чиқарди. Ўт кетган пайтларда поёнсиз кенгликлардаги дарахтлар билан ўт-ўланлар ёниб кулга айланар, сон-саноқсиз ҳайвонлар  нобуд бўларди. Йўлида учраган нарсани кулга айлантирган олов қандай бошланган бўлса шундай, тўсатдан, ўз-ўзидан ўчиб қолар, ундан эсдалик сифатида култепалар ва ёниб битган дарахтларнинг яккам-дуккам таналари қоларди. Кўп ўтмай мана шу ўт кетган ўрмон  қолдиқларини дағал қизғиш ўт-ўланлар қопларди, сўнгра ўнқир-чўнқир ерларда черника билан брусника, қайин билан қарағай новдалари қулоқ чиқарарди; ўрмоннинг беткай ерларида  наъматак билан хўжағат буталари кўзга чалиниб қолар ва секин-аста бу ўрмон ҳайвонлар учун машъум биёбон эмас, ризқ-рўз сочилиб ётган ошиёнга — ҳурпайган қарқурлар, серҳадик булдуруқлар, ўрмон қарчиғайлари ва қуёнлар танда қўйган ризқ-рўз маконига айланарди.

Буғулар ҳам шу ерга келиб, оқиш кулранг йўсинда чуқур излар қолдириб юришарди.

Одам оёғи етмаган ўрмонда ҳаёт қайнарди. Тўғри, бу ерда ҳам доимий кураш тўхтамасди, бу ерда ҳам зўрлик билан ваҳшийлик қонунлари ҳукм сурарди. Эҳ-ҳе, мана шу мафтункор маконда  ҳар куни қанчадан-қанча патлар ва суяклар чириб кетмади, дейсиз! Бироқ бу ерда хатарли  курашлар одамзод билан тўқнашувчалик омонсиз бўлмасди.

Мана шу ўрмонларда камдан-кам ўқ овози янграрди, башарти шундай бўлиб қолса,  тепаликлар, жимжит қарағайзорлар устидан кескин ва шиддатли ўқ товуши момақалдироқдек гумбурлаб ўтар ва дарёнинг нариги соҳилида акс-садо берарди. Шунда олмахонлар  ҳовучларидаги бужурларини ташлаб, қизиқиб қараш учун дарахтнинг қир учига чиқиб  олишарди; ўтакаси ёрилган қуёнлар сакраб ўрнидан туришарди; бу қудратли товушни бир дақиқа тинглаган буғулар ҳам бошқа ерга кўчишарди: чангалзор қўйнида мудраётган қоплонлар бир лаҳзагина уйқу босган сариқ кўзларини очиб, қулоқларини асабий равишда чимириб қўйишарди: фақат одамзодни яқиндан билган бўриларгина ҳамма нарсани ташлаб, тепаликка қочиб чиқишар ва анчагача лаънати одамнинг исини олиш учун жонҳолатда ҳавони искашарди.

Бу ерда яна майингина шалдираётган чашмалар ҳам кўп эди: жазирама иссиқ пайтларда ҳам бу чашмаларнинг теграси салқин бўларди. У ер-бу ердаучраб қоладиган жарликлар, бир-  бирига иланг-биланг уланиб, дарё томонга чўзилиб кетарди. Мана шу жарликларда бўрсиқлар билан тулкилар уя қуришни яхши кўради, шу ерда — дарё яқинида бўрилар яшарди.

VI

Тэдди қирғоқ ёқалаб кун бўйи шимолга қараб юрди. Ўрмон ичига киришга ботинолмай, бир неча марта ҳаётини сақлаб қолган дарёни кимсасиз ва номаълум ўрмондан афзал биларди у. Ҳар тарафдан турли товушлар билан ҳидлар уни таъқиб қиларди. Тэдди эса буларни ажратолмай қийналарди. Айрим ҳидлар унга яхши таниш эди. Йўлда икки маротаба қоплоннинг  изларига дуч келди-ю, ўша заҳоти циркдаги қоплон эсига тушди. Тўғри, циркдаги қоплоннинг ҳиди ёмон эди: тутқунликдаги ҳайвонлар қўлансароқ бўлади. Сўнгра Тэдди баҳайбат арчанинг остки шохида ўтирган булдуруқларни ҳуркитиб юборди-да, дастлаб ўзи ҳам чўчиб тушди. Буларнинг шунчаки оддий паррандалар эканини билгач, енгил тортди. Тулкининг изларини ҳам дарҳол ажратиб олди. Бироқ ҳа деса безовта қилаётган бир-биридан янги, нотаниш таассуротлар охири уни шунчалик ҳолдан тойдирдики, Тэдди ноилож баҳайбат арчанинг тагидаги қулайроқ жойга ётди-да, донг қотиб ухлаб қолди.

Ҳар қанча ғалати туюлмасин, бу баҳайбат йиртқич ўрмонда бутунлай ожиз ва ночор эди.

Узоқ йиллар давомида у ўрмондан, бир замонлар кўришга улгурган нарсалардан беҳад узоқлашиб кетган, деярли унутиб юборган эди. Табиат унга ато этган барча сезгилари ўтмаслашиб қолган, шу боис арзимаган нарсалар олдида ўзини йўқотиб қўярди. Унинг дам- бадам қорни очарди, илгари тўйиб овқатланишга ўрганганидан ҳозир очликдан қийналмоқда эди. Циркда унинг ҳолидан ҳар куни хабар олиб турувчи ходим бу ерда йўқ эди, у ўз ғамини ўзи еб, овқат излашга мажбур бўларди. У овқат излаб топиш уёқда турсин, нима ейишни ҳам билмасди. Эҳтимол, ҳеч ким она нима эканини ёввойи йиртқиччалик ҳис қилмаса керак. Она ўз боласига яширинишни, уришишни, қочишни ўргатади, ким дўсту ким душман эканини тушунтиради. У чумолининг уяси қаерда бўлишини, черника, қулупнай, хушхўр илдизлар, балиқлар билан бақалар борлигини билади; у қаерда зилол сувлар, тинч, осойишта жойлар, офтобрўя майсазорлар қаердалигини яхши билади; унга ҳидлар сири ва яшаш жойини ўзгартириш сабаблари жуда яхши аён. У яна ўрмонда биронта йиртқич узоқ яшамаслиги, албатта бирор кулфатга гирифтор бўлиб нобуд бўлишини, бундан сақланиб узоқроқ яшаш ва насл қолдириш учун эпчил, довюрак ҳамда доим ҳушёр юриш лозимлигини ҳам билади.

Мабодо Тэдди дастлаб ҳайвонот боғида, сўнг циркда улғаймай, она айиқ бағрида ҳаёт кечирганда, ҳозир қудратли йиртқич бўлиб нима қилиш лозимлигини билол-май қийналмасди.

Афсуски, Тэдди оқ кўйлак, иштон кийган одам қўлида ҳаёт сабоқларини олди ва унинг ўжар  руҳи болалигидаёқ эзилган эди. У ўрмонда яшов-чи айиқлар учун мисли кўрилмаган даҳшатли нарсаларни билишга улгурган эди. Шаҳарда у шак-шубҳасиз бошқа айиқлардан кўра беҳад тажрибалироқ, ақллироқ бўлиши мумкин эди, аммо унинг билган-кўрганлари ўрмонда нимага ҳам ярарди! Ўрмонда у бир думалаб гўё қайтадан заиф ва ночор айиқ болага айланиб қолган эди.

Бор-йўқ фарқи шунда эдики, у энди жажжи айиқча эмас, балки қафасга ишқаланавериб жунлари тўкилиб кетган баҳайбат улкан айиқ эди, бунинг устига тадбиркор онаси ҳам ёнида йўқ эди.

VII

Тэдди қушлар овозидан уйғониб кетди. Бу қушчалар шудрингдан нам тортган новдаларда сакраб-сакраб чирқиллашарди. Тепалик ортидан куёш кўтарилди. Қарағайзорни ҳарир туман қоплаган, шудринг жилва қилар, ҳаво беғубор эди. Тэдди тунги ошиёнидан чиқиб шимолга қараб йўлга тушди. Ўрмонда сандироқлаб юришга одатланмаганидан икки кундирки, унинг панжалари оғриб-оғриб қўярди, шунга қарамай у қайсарлик билан йўлда давом этарди. У шимол сари кетиб бораркан, учиб кетишга чоғланган қушлардек ҳеч нарса ҳақида қайғурмасди. У ички бир туйғуга қайишиб серқуёш, емиш мўл, осойишта ва зилол сувлар оқиб ётган бемисл ўлка сари борарди.

Пешин пайти ялангликдан ўтаётганда айиқнинг димоғига ажабтовур бир ҳид урилди-ю, алланарсалар эсига тушди. Бироқ бу ёқимли ҳид қаердан келяпти? Тэдди кун чиқар тарафга ўгирилиб озгина юрганди, ҳид йўқолди. У безовталаниб изига қайтди — ҳид яна димоғига урилди. Шунда Тэдди чумоли уясининг қайси томонда жойлашганини аниқлагунча турган ерида айланаверди, йиллар ўтиб чумолиларни унутиб юборган бўлса ҳам бу ҳидни дарҳол  сезганди.

Чумолидан ажойиб нарса борми дунёда! Улардан ширин нарса борми. Ёғли, нордонгина,  иштаҳани қитиқлайдиган, бунинг устига тўйимли — истаганча ейиш мумкин!

Тэдди тумшуғини чумолининг уясига суқди ва ҳузурланиб пишқириб юборди — бу ҳид шунчалар ўткир эди. У тумшуғини янаям чуқурроқ суқди-да, кўзларини юмиб, тилини чапиллата бошлади. Бир зумда унинг тумшуғини йирик-йирик сариқ чумолилар қоплади, қулоқларига ўрмалаб кирди, бироқ Тэдди бошини силкитиб яна ҳам иштаҳа билан тамшана бошлади. Ниҳоят у нафаси қайтиб, орқа оёғига ўтирди-да, тин олди. Дафъатан аллақачон унутиб юборган бир нима эсига тушди-да, у чумоли уясини буза бошлади. Чумолилар энди унинг панжасига ёпишди-ю Тэддининг бамайлихотир ўтириб, панжасини ялашдан бошқа иши қолмади. Бу жуда қулай эди — энди чумолилар унинг тумшуғига, қулоқларига кириб ғашига тегмас, оғзига тупроқ билан ўт-ўлан ҳам кирмасди. Тэдди охири чумоли уясида ҳеч вақо қолмагач, нари кетди.

Чумоли уясини бузиб ташлагач, Тэдди йўлида давом этди, ёнбағирларини арчалар қоплаган бир тепаликдан ошди, жарликдан ўтди. Хўжағатзорга дуч келиб кечгача ўша ердан чиқмади.
Олдинига булдуруқ ва қарқурларнинг парр этиб кўтарилиши, ҳовузлардаги балиқларнинг бехос сакрашлари, ўрмон шовқини, яқин атрофда кетаётган буғуларнинг қасира-қусуридан Тэдди чўчирди. Ғалати, номаълум, ўткир ҳидлар ҳам хавотирга соларди. Бироқ у қўрқувни  енгиб, бу номаълум ҳиддар ва товушларга кўникиш, кейинроқ яна дуч келганда улардан нарироқ бўлиш ёки пешвоз чиқиш учун кўникиб борарди.

Ҳозирги ҳаётининг дастлаб ўзи ҳам пайқамаган яхши томони бор эди: одамдан бошқа ҳеч нарсадан қўрқмаса ҳам бўларди. У на бўрилар, на қоплонлар, на сувсарлардан ҳайиқарди. Уни ҳеч нима безовта қилмас, у ҳеч нарсадан тап тортмас ва ҳеч нима уни таъқиб этмасди.

Аксинча, ундан ҳамма ҳайвонлар қўрқарди, ҳолбуки, ўрмонда энг баҳайбат ва хавфли йиртқич ўзи эканини Тэдди билмасди. Буни анчадан кейин, кунларнинг бирида иккита катта-катта бўри  буғу жасадини хомталаш қилаётганини кўриб қолган пайтда англади. Бўриларга кўзи тушган айиқ нима қиларини билмай тўхтаб қолди. Бўрилар эса таҳдидона ириллаб, ўша заҳоти нари  кетишди ва Тэдди буғу гўштини пок-покиза тушираётганида яқин келишга ботинолмай анча нарида айланиб юришди. Ўшанда Тэдди ўзининг қудратли эканини сезган ва бундан фахрланган эди. Шундан кейин ҳам бир неча бор бу ерга қайтиб келди. Ҳар сафар уни кўрди  дегунча оч бўрилар ўлжани ташлаб нари қочаётганидан қувонарди.

VIII

Бир манзилда бир кун, бошқасида икки кун тунаб, Тэдди тобора шимолга яқинлашиб борарди. Кун сайин қарағайлар йириклашарди: хўжағатлар, қулупнай ва брусникалар кўпайиб, қишлоқлар камайиб борарди. Беҳад гўзал, одам оёғи етмаган хилват гўшалар ва сукунат ҳукмрон. Яна нима керак?! Бироқ Тэдди хотирасида шунчалар гўзал манзаралар ўрнашиб қолган эдики, кўз ўнгидаги воқелик уии қаноатлантирмас ва у ҳамон аллақандай қадрдон юрти, аллақандай жаннатмакон айиқлар ошиёнига ошиқарди.

Ўзи қулай деб ҳисоблаган жойни топиб, Тэдди атрофни кўздан кечириб чиқарди. У чириган тўнкаларни кавлар, каламуш ва куёнлар, олмахонларнинг уясини бузар, оқиш йўсин қоплаған тошларни ағдариб, шиллиққуртлар ва чувалчанглар изларди.

Бир сафар камбаргина кўл бўйида, сувнинг туйқус шалоплашидан ўтакаси ёрилиб тўхтаб қолди. Қирғоқдаги қиёқзорда исинаётган чўртан балиқлар айиқдан қўрқиб, ўт-ўланлар   орасидан чиқа солиб сувга шўнғир эди. Тэдди сувдан ва қиёқлар орасидан кўз узмай қирғоқ ёқалаб йўлга тушди.

У ҳали балиқ гўштининг таъмини билмасди. Бироқ нимадир мана шу жониворлардан бирини тутиб ейишга ундарди. Ниҳоят у қилт этмай турган чўртан балиқнинг қорамтир шарпасини   сезиб, товуш чиқармай, ерга қапишиб яқинлаша бошлади. Четдан қараганда у жуда ғалати алфозда эди. Олдинги панжалари билан тумшуги ерга қапишгудек, гумбаздек кети эса кулгули тарзда селкилларди. Бироқ айиқ пусиб келар, митти кўзлари эса мудҳиш йилтилларди. Чўртан балиқ ётган ерни пойлаб туриб панжаси билан кескин урди ва бўкириб олдинги панжалари билан сувга тушди. Дастлаб зарби нишонга тегдими, йўқми ўзи ҳам билолмади. Бироқ зум ўтмай лойқа сув сатҳида чўртан балиқнинг оқиш чўтир қорни қалқиб чиқди. Тэдди уни қирғоққа улоқтирди. Пок-покиза туширгач, балиқ гўштининг таъми оғзида қолди. Икки ҳафта давомида Тэдди кўп нарса ўрганди. Ҳидлар қайси тарафидан келаётган бўлса ўша томонга бошини қўйиб ётадиган бўлди. Мевалар билан илдизлардан ташқари қўзиқоринлар ҳам хушҳўр эканини англаб етди. Энди Тэдди дастлабки кунлардагидек дуч келган нарсани оғзига тиқиб кавшайвермасди; у ширали илдизлар зах ерда бўлажагини билиб олди: муздек булоқ сувларидан ичишга ва шамол йўналишидан фойдаланишга ўрганиб олди, унинг зийраклиги ошди ва энди энг нозик ҳидларнинг ҳам эски ёки янги эканини ажратадиган бўлди: у яна ўрмондаги ҳамма нарсани оғзига олавермасликдан ташқари баъзи мевалар ва қўзиқоринларни яхшиси емаслик кераклигини тушунди.

У чиниқди, ҳуда-беҳудага толиқмайдиган бўлди ва биринчи кунлари оғриб безовта қилаётган товонлари чўп-тиканлар, тошлар ботавериб дағаллашди, циркда юрганида қирқиб ташлашган тирноқлари яна ўсиб чикди. У секин, деярли овоз чиқармай юрадиган бўлди.

Бошида Тэдди одатдагидек кўпинча кечаси ухларди. Бироқ кейинчалик ўрмон кечаси жуда мароқли бўлишини сезди. Тунда дайдиб юрган қуёнлар билан тулкиларнинг изи уларнинг  яқингинада шу ердан ўтганидан дарак берарди, ўт-ўланлар орасида бир нималар ғимирлар, бутазорда аллақандай ҳайвонлар кезар, жарликда ва ялангликда қандайдир махлуқлар уёқдан- буёққа ўтар, тун сукунати қўйнида хўп аломат товушлар эшитиларди. Қолаверса, Тэддини куни  билан безор қилиб юборувчи чивинлар билан искабтопарлар ҳам кечаси ғойиб бўларди.

Оқибат, кундузи у хилват ошиёнларда ётиб ухлайдиған, кечаси эса тез-тез дайдиб юрадиган бўлди.

IX

Кунлардан бир кун Тэдди қишлоққа яқин ердаги ўрмонда чоғроққина сули экилган майдонга дуч келди. Бу ташландиқ майдон бўлмай одамзодга тегишли ер эди.

Тэдди экинзор ёқалаб юрди. Сули бошоқлари майингина қитиқлар, унинг баҳри дилини очарди. Экинзорни айланиб чиқиб ҳам бирон нарса тополмагач, Тэдди нари кетди, бироқ  анчадан кейин қайтиб келди-да, экинзорга шўнғиди ва ой нурига ғарқ бўлган бехавотир ерда ётиб, бошоқларини каппалай бошлади. Шу тариқа у сули мазасини билиб олди, бу бошоқлар  нимаси биландир деярли унутиб юбораёзган сули ёрмасини унга эслатди. Дастлаб Тэдди очкўзларча, донини ажратиб ўтирмай бандини қўшиб еяверди, сўнгра фақат бошоқларини шимиб чайнашга ўтди, тонгга яқин экинзорнинг бир қисмини пайҳон қилиб жўнаб қолди. Сули жуда ёқиб қолган айиқ эртасига яна келди ва кечаси билан маза қилди. У индинига ҳам келарди-ю, лекин йўлда ботқоқликка тушиб чалғиди: ўша ерда ўттизга яқин қурбақаларни ҳуркитиб юборди-да, тутиб ейман, деб тоза балчиққа ағанади ва аичагача шалтоғини тозалашдан ортмади.

Тэдди шу куни эрталаб экинзор ёқасидаги йўлда аравада одамлар ўтганини, улар экинни узоқ кўздан кечиргач, фиғонлари фалакка чиқиб қайтиб кетганлари ва кечқурин болта-ю, тахта кўтариб келишганларини ҳамда ўзлари учун қулай деб билган баҳайбат қарағайга бир  нималарни қоққанларини билмасди.

— Жуда соз!— деди улардан бири кафтларини бир-бирига ишқаб, бошқалари совуққина кулиб қўйишди.

Сўнгра одамлар четроққа чиқиб, чекишди, аравадан милтиқларини олгач, иккитаси  тирмашиб қарағай тепасига чиқди, учинчи шериклари эса қайтиб кетди.

Тэдди уйғонганда ой ўрмон узра ҳаволаниб улгурган эди. У сассиз, уёқ-буёққа аланглаб ва ҳавони искаб, сукунат бағрида анча ётди. Сўнгра ўрнидан туриб эснади, керишди, сули эсига   тушиб экинзорга жўнади. Йўлда бирор ис олиб тўхтар, тумшуғини ўт-ўланлар орасига суқиб искай-искай ширали илдизни суғуриб шапиллатиб ерди.

Тэдди экинзорга етиб келди-да, ўзи икки кеча маза қилган жойни кўздан кечириб бораётганда ўша ерга ўн беш қадам қолганда бирдан таққа тўхтади.

Йўқ, у тиқ этган товуш эшитмади ва бирон нима сезмади. Ички бир сезги уни огоҳлантирди:  бу ерда нимадир ўтирганга ўхшарди.

Тэдди экинзорни ўрмон ичи билан айланиб ўтиш учун ўнгга бурилди, унинг жунлари ҳурпайди, бироқ одатдагадек бўкирмади: товуш чиқармаслик зарурлигини у ҳис қиларди.

Ҳеч зог кўринмас, қилт этган шарпа йўқ эди. Кучсизгина шабада эсиб, Тэддининг димоғига яна сулининг ҳиди урилди. Бироқ Тэдди ҳар сафаргидек тамшанмади, сўлагини ютиб ой нурида  оқариб кўринаётган йўлга чиқди. Димоғига куйинди, гўнг, тамаки ва одам иси келди. У тўхтаб ҳавони искади. От минган одамлар келгани, шу ерда тўхтаб чекишгани, сўнг жўнаб  кетишганини англади. У яна ҳам дадилланиб йўл ёқасидан юрди, яна уни кесиб ўтиб, энди экинзорнинг бошқа тарафида пайдо бўлди.

У кундузи шу ерга келган одамларнинг жўнаб кетганига қатъий ишонарди-ю, бироқ,— ажабо! — барибир хавотири аримас, жунлари ҳамон тикрайиб турарди. Айиқнинг бу хавотирли ердан бутунлай кетгиси келди — чунки ҳамма номаълум нарсалар қўрқинчли эди — ва ўрмон тарафга бурилди-ю, лекин сал наридан яна қайтиб келди.

Тэдди онасиз ўсган ва ҳеч ким оёғи тортмаган ерга бормаслик лозимлигини унга ўргатмаган эди. Шунинг учун, у арчалар ортида яшириниб турганида сулининг тотли, ўткир ҳиди қўрқув  ҳиссидан устун келиб уни чорларди.

Айиқ дарахтлар орқасида тура-тура охири чиқди. У энди бошоқларга чўзилган эди, туйқус,  шу атрофда, юқорида нимадир шарақлади ва қимирлади. Тэдди ўзини четга олишга ва бошини кўтариб қарашга ҳам улгурмай бир шуъла ялт этди ва тун сукунатида даҳшатли ўқ овози янгради, чўғдек бир нима айиқнинг олдинги, чап панжасига тегиб, у йиқилди. Тэдди ўзининг энг хавфли душмани — одамнинг тузоғига тушганини, зудлик билан ўрмон сари қочиш кераклигини, ўша бир нима шарақлагандаёқ билган, сезган эди; аммо афсус, улгуролмади. Шунинг учун ҳозир ҳар қанча қутурган бўлмасин, сапчиб туриб ўрмонга югурди. У иложи борича тезроқ югуриш лозимлигини биларди, бироқ бахтга қарши у бирдан муккасидан кетиб йиқилди, худди шу пайт орқа тарафдаги беўхшов қарағай тепасидан яна икки ўқ янгради, ўқлар унинг шундоққина ёнига чийиллаб урилди ва чатнаб кетди. У қўрқди, йўқ, ўқлар овози билан чатнаган товушдан эмас, балки қоча олмай йиқилгани учун даҳшатга тушди. У яна сапчиб турди-да, ўрмон сари отилди, яна бояги ҳол такрорланди; унга бир бало бўлгандек тумшуғи билан йиқилди. Шундагина Тэдди олдинги панжаси ишламаётгани, жонсиз бўлиб— қолганини англади. У энди оғирлигини соғ панжасига солиб югурди: у орқа-олдига қарамай саросима ичида пишқирганча, шох-шаббаларга урилиб, чайқалиб, қоқилиб-суқилиб қоча бошлади.

У узоқ югурди, ҳар лаҳза ортидан қувиб келишаётгандек, ана-мана етиб олишадигандек туюлиб, ҳамон илдамроқ чопишга уринарди. Охири у ҳолдан тойди ва қочиб қутулишга кўзи етмай тўхтади-да, ўкирганча душманини қарши олишга ўгирилди. У даҳшат билан ўкириб оғриқ беҳад зўраяётган панжасини йиғиштириб чўккалади. Уиинг кўзлари ёнар, биқинлари кўтарилиб тушар, яғринидаги ва биқинларидаги жунлари ғазаб ва қўрқувдан тикка бўлган эди. У ўзининг хириллаб нафас олишидан бўлак товушни эшитмади, атрофга қулоқ солиш учун нафасини ичига ютди: жимжит. Бу жимликка ишонмай, ғанимини яшириниб олган деб ҳисоблаётган айиқ яна бўкирди, сўнг орқасига қарай-қарай кета бошлади.

Лекин уни ҳеч ким қувмади, унинг ўкиригидан ўтакаси ёрилган ўрмон қайтанга жим бўлиб  қолган эди. Тэдди панжасини ялай бошлади. Иссиқ қон унинг иштаҳасини қўзғаб юборди ва бу машғулотдан ҳузурланаётгандек тобора ғайрат билан ялашга тушди. Шу нарса унинг жонига ора кирди. Тоиг отгач, овчилар милтиқларини ўқлаб айиқнинг қонли изидан йўл олишди. Улар айиқнинг шох-шаббаларни синдириб ерни тирноқлари билан ўйиб, ўтларга қон сачратиб роса югурганини қонли излар орқали фаҳмлашди. Улар яна унинг бир ерда ўтириб кутганини пайқашди: шу ерда қон кўп оққан, майсалар кўпроқ эзилган эди. Бироқ нарироқ боргач, изни сезиш қийинлашди, қон камроқ кўринарди, охири улар изни бутунлай йўқотиб қўйишди. Овчилар айиқ изини йўқотгач, яқин орадаги жарликларни кўздан кечириб, қишлоққа қайтиб кетдилар.

X

Тэдди эса бу пайтда узоқда, қалин ўрмон ичидаги ялангликда азоб чекиб ётарди. Унинг панжаси шишиб кетиб, кун бўйи қимирлаёлмай қолди. Тун кирди, бироқ айиқ оғриқдан кўз юмолмади. Ундан ташқари, яна аллақандай безовталик унинг тинчини бузди, ҳар қанча қилмасин бунинг сабабини билолмади. Ўрмон жимжит. Тиқ этган товуш йўқ эди. Мана шу ўлик сукунат борган сари айиқни безовта қилар ва қийнар эди.

Кечга яқин олисда кетма-кет чақмоқ чақди. Кейин ўша ёқдан момақалдироқнинг гулдирагани эшитилди. Тэдди бунга жавобан ўкирди ва арча остидаги ошиёнидан  безовталаниб тўлғана бошлади. Теварагида ҳукм сурган машъум сукунат, гоҳ-гоҳ олислардан  келаётган гулдурос айиқни саросимага солиб қўйганидан, у бирор ерга яшириниб олишни истарди. Бироқ бунинг сира иложи йўқ эди.
Кўп ўтмай бўрон бошланди, дарахт шохлари орасидан кўзга чалинаётган юлдузлар юзини  қоп-қора булут тўсиб қўйди ва зулмат бағрини тилка-пора қилиб чақмоқ чақилди, кетидан ўрмонни ларзага солгудек даҳшатли момақалдироқ гулдиради.

Кучли шамолда қарағайлар билан арчаларнинг учи шовуллар, пастда эса жимжит, қимир этган ҳаракат сезилмасди. Тўсатдан шаррос жала куйиб юборди. Бу дарахт япроқларига   чирсиллаб уриладиган одатдаги ёмғир эмасди, унақаси Тэддига таниш эди, лекин буниси бирданига челаклаб, гувиллаб қуйиб берди, бу гувиллаш — фақат аҳён-аҳён момақалдироқ гулдираганини айтмаса, ҳамма товушларни босиб кетди.

Жала эрталабга яқин тинди, қуёш нурларидан ўрмон яшнаб. кетди. Зумрад томчилар шохларидан қуйидаги шохларга томар, ундан майсалар узра тўкиларди. Тонгги ўрмон жўшқин  шовулларди.
Боёқиш Тэдди! Оғриқ азобидан тинкаси қуриган, бўрон ва одамлардан лорагини олдириб қўйган, бир неча кундан бери уйқу нималигини билмаган, жалада бўккан бечора айиқ арча  остида ўтирар ва оғриқдан куёш нурлари юрагига сиғмас, қаерга бориб емиш излаш ҳақида ўйлаёлмас эди. У яраси битиб, очликдан ўлар ҳолатга етгунча сўппайиб бир неча кун ётди.

Сўнг бир амаллаб йўлга тушди, у тепаликлар ёнбағрида панжасини аранг босиб тентираркан, шох-шаббалар, илдизлар ёки чўп-тиканлар ярасига ботиб унинг жонини суғуриб олгандек бўларди. Аммо орадан бир неча кун ўтгач, айиқ оёғини оҳиста босадиган бўлди ва шу тариқа аста-секин дарди ариб, яна ғайрати жўш уриб тетикланди.

У жуда узоқ сафарга отлангандек ҳамон йўлда давом этарди. Ҳеч ерда тўхтамай шамол сари минг чақиримдан зиёд юриб қўйди. Энди у дастлабки пайтлардагидек нотавон эмасди. У ҳидларнинг сирли жиҳатларини кашф этди ва энди унча-мунчанинг фарқига борадиган бўлди.

У ўзини қуршаб турган буюмлар ва ҳодисаларни борган сари яхшироқ ўзлаштирарди. Шу тариқа у хўжасавдогарлар билан ҳаккалар бетамиз куш деб ҳисобланса ҳам уларга ишониш лозимлигини билиб олди. У желнинг нима учун қичқирганини билишга ўрганди, башарти узоқдан дарахт тепасида тумшуғини тозалаётган қарғага ҳамда унинг остидаги шохларда тизилиб ўтирган загизғонларга кўзи тушса, ҳеч иккиланмасдан ўша томонга йўл соларди, чунки  қорни тўқ қарғалар ўтирган ерда албатта емиш бўлажаги энди унга аён эди. Тэдди дарахтга тармаша олмасди, лекин сербутоқ қарағайни учратиб қолса албатта тепасига чиқиб, теварак- атрофни бир қур кўздан кечирарди. У хўжасавдогарлар билан ҳаккалар хира пашшадек ўзига ёпишиб қолишини ёқтирмасди. Шундай кезларда улардан қутулиш учун тумшуғини кўтариб бўкирар, агар қушлар шунда ҳам дарахтдан дарахтга ўтиб, чирқиллашиб, эргашаверсалар яшириниб олиш пайига тушарди. Сўнг яқин атрофдаги дарахтларга назар солар, бу шилқим қушларни кўрмаса мамнунона хўриллаб, йўлда давом этарди. Шаҳарда яшаса умр бўйи ўрганиш насиб этмайдиган нарсаларни қисқа вақт ичида ўрганган Тэдди бир қараганда чинакам йиртқичга айланган эди. Бироқ асло бундай эмасди.

Бир сафар эрта билан сув ичгани анҳор бўйига борган Тэдди қўққисдан тўхтади-ю, қотиб қолди: анҳор бўйидан айиқ ҳиди келарди. Бу ҳид эски эди, тахминан икки кун бурун шу ердан ўтган бўлса керак. Лекин бу аранг сезилаётган ҳид шунчалар таҳдидли эдики, Тэдди ташналигини ҳам унутиб атрофни узоқ кўздан кечирди: у сира ўзини босолмасди. Демак, бу  ўрмонларда ундан бошқа яна бир ҳукмдор бор экан-да! Бундан буён шундан эҳтиёт бўлиб юриш лозим. Ўша кундан бошлаб Тэддининг тинчи бузилди.

У борган сари бузилган чумоли уяларига, пайҳон қилинган малиназорга, топтаб ташланган брусникаларга тез-тез дуч келабошлади. Баъзан Тэдди олисдан ўлакса ҳидини илғаб етиб келса, анови айиқ аллақачон бу ердан ўтган ва ўлаксадан ному нишон қолмаган бўларди. Энди  ўрмоннинг ҳамма ерида бегона айиқнинг ҳиди анқирди. Тэдди эса бунга тоқат қилолмади.

Унинг ғазаби шунчалар кучайдики, оқибат у бир нарсани — икковларидан бири бу ўрмондан кетиши кераклигини англади. Агар ёмон бўлса Тэдди ҳеч иккиланмасдан бу ерни тарк этарди.

Бироқ бу ерлар шундай ажойиб, хўрак шунчалар мўл эдики, натижада Тэдди ганимини ҳайдаб юборишга қасд қилди ва у билан учрашиш пайига тушди. У гоҳ янга, гоҳо эски изларга дуч  келди, аммо айиқнинг ўзини сира учратолмади.

Улар ҳеч кутилмаганда тўқнаш келдилар. Тэдди эрталаб кун бўйи ётиш учун бир жойни танлади-да, қарағайлар орасидаги кафтдеккина ялангликдан ўтиб бораётганда бирдан  димоғига ўша айиқнинг жирканч ҳиди урилди. Ҳид шу атрофдан уфурарди. Тэдди бошини  кўтариб, ҳид келаётган ёққа қаради-ю, рақибини кўрди. Бу безбетнинг ҳозир адабини беради! Тэддининг кўзларида мудҳиш аланга ёнди. Рақиби бир лаҳза қарағайлар ортига яширинган бўлди-да, сўнг ялангликка чиқди…

Бу баҳайбат йиртқични кўрган Тэдди қуёндек қотиб қолди. У атиги бир сония бурун бағоят дарғазаб, жангга ташна ваҳший йиртқич эди. Унинг ваҳшийлиги рақибининг ваҳшийлиги  олдида ҳеч нарса бўлмай қолди. Ана уни йиртқич деса бўлади — жунлари осилиб тушган, соқолли, тирноқлари пўлатдек, ўзи ҳам пўлатдан қуйилгандек бақувват, кўзлари мудҳишона чақчайган. Унинг қаршисида Тэддидек улкан йиртқич ҳам қўрқувдан донг қотиб қолди.

Айиқ калласини осилтириб турганидан букурга ўхшарди. У чурқ этмай Тэддига тикилди.

Ҳали ораларида ҳеч нарса содир бўлмай — на униси, на буниси товуш чиқармай, бирон ҳаракатга чоғланмай, Тэдди бу ажойиб ўлкани айнан ўзи тарк этиши лозимлигини тушунди. Бу  мудҳиш баҳайбат йиртқич билан у тенглаша олармиди!

Тэдди билган нарсани ўша заҳоти рақиби ҳам ҳис этди. Бу ҳам етмагандек, у Тэддининг ҳам шуни англаганини тушунди. Йўқ, у Тэддини ғажиб ташлагани ҳамла қилмади, балки паст  овозда ўкириб қўйди. Унинг ўкириги Тэддиникидан кам деганда беш парда баланд эди.

Йиртқичларнинг ўкириши одамларга бир хилда эшитилади, улар йиртқичлар овозидаги нозик ишораларни ажратиб олишга қодир эмас. Тэдди эса рақиби нимани истаётганини дарҳол сезди. Унинг паст ўкириши «йўқол бу ердан!» деганини англатарди. Бу амр-фармонга қулоқ солмаслик Тэдди учун ўлим билан тугаши аниқ эди. Тэдди лоақал ғинг демади, ортига ўгирилиб, ўша заҳоти жўнаб кетди. Ўрмонга кирганда у сўнгги бор ўгирилиб қаради: айиқ ҳамон яккам-дуккам қарағайлар фонида улкан ғарамдек қимир этмай турарди. Тэдди бу лиқ- лиқ сариқ чумолилар ва қизил брусникалар ўлкасини бутунлай тарк этди. У ҳаёт учун курашда  заиф экан, енгилди, дарвоқе, вақтида қутулдим деб ҳисоблашга унинг тўла асоси бор эди.

XI

Қайин билан терак япроқлари деярли тўкилиб битди, заҳ ерни ҳазон қоплади, қушлар тўда- тўда бўлиб иссиқ ўлкаларга учиб кетишга чоғланишди, малина пишди, қўзиқоринлар кўпайди ва Тэдди кўпдан-кўп тепаликларни ошиб ўтди, дарёнинг ирмоғи бўйлаб юра-юра бир кун эрталаб хийла кенг ялангликка чиққанда совуқ тушди.

У ялангликда тўхтаб, ҳавони искади, атрофни кузатди-да, ниҳоят ўзи орзу қилган, бир вақтлар, болалигида яшаган ўлкага етиб келганини бирдан англади. У энди бошқа ерга бормайди, хулласи калом унинг сафари тугаган эди.

Бу ердаги ҳамма нарса ўша пайтдагидек — Тэдди ҳали ҳеч нарсани фарқига бормайдиган,  чумолилар ва қулупнайлар еб юрган ва онаси уни анҳор сувига пишиб оладиган замонларда қандай бўлса шундай — ўзгармагандек эди. У пайтларда ҳаёт беҳад гўзал, бахтиёр дамлардан  иборат эди, мана ҳозир Тэдди яна ўша ерга қайтиб келди. Аммо минг қилганда ҳам бу бошқача  эди. Йўқ, у даврлар — болалиги ўтмишда қолиб кетди, энди қайтмайди, қайтиб келмайди. Қуёш нурлари ва ям-яшил майсалар сингари жилваланмайди.. Оҳ, қанийди, яна бир думалаб жажжи айиқчага айланиб қолса, онасини излаб топса, унинг майингина, иссиқ оғушида тин олса! Минг афсус, бунинг иложи йўқ…

Тэдди кечаю кундуз тинмай бу ўлкани секин-аста айланиб чиқди, айланиб юрганида ўз мулкининг чегараларини белгилаб олди. У анҳорларни, ботқоқлар, жарлар, шудринг босган  ўтлоқларни, ўрмон ёқалари ва хилват гўшаларни кўздан кечирди. Сон-саноқсиз бўрилар,  буғулар, олмахонлар, кундузлар, қуёнларнинг изларини учратди. Уларнинг айримларига парво қилмади, айримлари ғашига тегди ва у ўрмон тугул ҳаво ҳам ўзига тегишли эканидан огоҳ  қилиш учун ерни кавлаб, тупроғини ҳар томонга сочди, дарахт пўстлоқларини шилди.

Булдуруқлар билан қарқурлар ковжираган япроқларни тўзғитиб, унинг тумшуғи тагидан париллаб кўтарилар, бироқ энди у ҳеч нарсага ҳайратланмас, барчасини табиийдек қабул қиларди. Энди у турли ҳайвонларнинг изига дуч келган пайтда хавотирга тушмас ёки қизиқиб искамас, балки бир қарашда ниманинг изи эканини илғар ва ортиқча аҳамият бермасди.

Унинг жуни ўсиб майинлашди ва товланадиган бўлди. Панжасининг оғриғи қолиб кетди ва у тўнкани кавлаб олиш ёки қулаган залварли дарахт танасини ағдариш чоғида бемалол ўша  панжасини ишга соларди. Тэдди иштаҳаси карнай бўлиб кетганидан тинч ўтиролмай дайдигани  дайдиган эди. Бу ерда ҳамма нарса етарли эди, у кўпинча ўзини ҳар доимгидан кўра озод ва кучли сезиб беҳад ҳузурланарди.

Эркинликка нима етсин! У қуёшга, юлдузлар чарақлаган поёнсиз самога ўхшайди; у  ҳузурбахш шамолга ёки шарқираб оқаётган сувга ўхшайди.

Ҳеч кимдан қўрқмаслик керак, ўзингга ёқмаган ишни қилмаса ҳам бўлаверади!

XII

Ноябрь — қора совуқ бошланадиган ой кирди, буғуларнинг кузги куйикиш даври бошланди. Тепаликларда юрганида Тэдди уларнинг бўкиришларига аччиғланиб қулоқ соларди. Баҳайбат шохли, улкан буғуни у бир неча бор узоқдан кўрди. Буғу эҳтиёткорликни унутиб, бемалол юрарди. У тинимсиз пишқирар ва бўкирарди. Айиққа бундай қўшничилик ёқмади. Тэдди баъзан ўзини босолмай шовқин кўтарадиган йиртқич бўлгани билан бошқаларнинг шовқин-суронига чидаёлмасди, кўп ўтмай бир пайтлар айиқдан қанчалик жирканса буғудан шунчалик ҳазар қиладиган бўлди.

Кунлардан бир кун у буғуларнинг изига дуч келди ва бу ердан ҳозиргина анови улкан буғу урғочи буғулар билан ўтганини англади. Шу куни Тэдди дарғазаб эди, бу сурбет буғуни ҳайдаб  юбориш истаги бутун вужудини қамраб олди-ю, уларнинг изидан йўлга тушди. Юқорига кўтарилгач, изни йўқотиб қўйди, бир айланиб яна буғуларнинг ҳидини илғади. Кўп ўтмай уларнинг қораси кўринди. Буғулар теракзорда новдаларни чимдиб-чимдиб ейишарди.

Тэдди ўкирганча уларнинг ёнига, юқорига чиқа бошлади. Айиқни кўриб ҳуркиб кетган урғочи буғулар пастга қочдилар. Эркаги эса кутилмаганда пишқириб айиқнинг йўлини тўсиб  чиқди. Албатта, бошқа пайт у ҳеч иккиланмасдан урғочи буғуларга эргашган бўларди. Ҳозир эса куйикиш оқибатида қўрқмасдан рақибининг устига бостириб борди: улар ялангликка тушдилар. Тэдди жаҳл билан ўкирди. Бунга жавобан буғу пишқирди. Унинг вужуди жанг қилиш иштиёқидан титрар, кўзларига қон қуйилган эди. Буғунинг авжи кучга тўлган пайти эди, сербутоқ баҳайбат шохлари, бақувват бўйни шундан далолат берарди.

Бундай тўқнашувни мутлақо кутмаган Тэдди шошиб қолди, у қўрқмади, фақат тўхтаб қандай ҳамла қилишни мўлжаллаб тараддудланди. Лекин унинг тараддудини ўзича тушунган буғу, бирдан бошини қуйи солиб, пишқирди-да, айиққа ташланди. Тэдди қочишга улгуролмай буғунинг зарбидан йиқилди. Қони жўшиб кетган буғу йиқилган рақибининг тепасида ҳамлага ҳозирланди, ким билсин, буғу айиқнинг бошига сузганда борми, унинг куни битарди. Аммо буғу мўлжаллаганидек, Тэддининг бошига эмас, елкасига сузди. Айиқ суяги тошдан қаттиқ эди — синмади, аммо энди олишиш қайда, дейсиз, соғ қолганига шукр!

Зарби хато кетганини кўрган буғу яна ташланди, аммо Тэдди чап бериб қолди-ю, бу гал буғу нишонга уролмади. Шунда у яна биринчи сафаргидек бошини қуйи солиб ҳамла қилди. Тэдди  яна чап бериб бута ортига сакради, буғу эса дабдурустдан ўзини тўхтатолмай, айиқнинг  ортидан бурилган эди, айиқ оқсоқланганча жонҳолатда пастга қараб қочди. Буғу мисли кўрилмаган ғалабага эришган эди. Бироқ ҳозир бу унга камлик қилди. У рақибини янчиб ташлаш ёки бу ердан бутунлай ҳайдаб юборишни истарди. Алоҳа у айиқни қувиб осонгина етиб олди ва бир-икки марта сузишга улгурди. Кейин бир нима эсига тушгандек тўхтади-да, урғочи буғулар ёнига қайтди. Абжағи чиққан, боёқиш Тэдди эса бўронда синиб тушган шох-шаббалар орасига кириб олиб, узоқ инграб, мағлубият аламини чекиб ётди. Яқинда уни соқолли айиқ ҳайдади, энди буғу… Ҳаммасидан ёмони у энди барча буғулардан қочиб юриши керак: модомики биттаси адабини бердими, демак бошқалари ҳам шундай қилиши мумкин. Шу кундан эътиборан ҳаёти азобга айланди-қолди. Жўрттага қилгандек, у тез-тез буғу изларига дуч келади. Брусниками, чумоли уясини излаб изғийдими ёки анҳорга сув ичгани борадими — фарқи йўқ, буғу изига дуч келса ўша заҳоти ортига қайтиб кетарди.

Аммо бу узоқ давом этмади. Унинг томирларида аждодларининг қони жўшди ва рақибини топиб ўлдириш истаги хуруж қилиб унинг ҳаловатини ўғирлади. Тэдди буғуни учратиш  илинжида ўрмонда айланиб юрадиган бўлди. Баъзан пистирмада соатлаб кутарди. Бир куни анҳор бўйида буғу изларини учратиб, буталар орасига кириб яширинди-да, кута бошлади. У ерга тумшуғини қўйиб, шохлар оралаб сўқмоқдан кўз узмай ётди. Ҳаммаёқни сап-сариқ япроқлар гиламдек қоплаган эди. Дарахтлар яп-яланғоч, қорамтир арчалар бу аянчли дарахтлар орасидан кўзга яққол ташланарди. Кун совуқ, ҳавонинг авзойи бузуқ эди.

Куннинг иккинчи ярмида юқорида шохларнинг қирсиллагани ва пишқириш эшитилди. Тэдди бошини кўтариб, ҳавони искади: буғу иси келди. Унинг бутун вужуди сезгига айланди. Айиқ ерга қапишиб, орқа панжаларини остига йиғиштириб олди. Буғулар бир-икки тўхташди. Улар атрофга қулоқ солишдими, бирон-бир новдаларни чимдиб узишдими, Тэдди билолмади, жимгина ётаверди. Ниҳоят буталар ортидан буғу шохлари, кейин унинг ўзи кўринди. Эркак буғунинг ортидан уч чоғли урғочиси келарди. Улар тўхтаб, диққат билан пастга қарашди, сўнгра сув бўйига туша бошладилар: олдинда — эркаги, орқада — урғочилари.

Лекин барибир буғу айиқни сезди ва ўша заҳоти қоққан қозиқдек туриб қолди. Тэдди наъра тортганича яширинган еридан отилиб чиқди, буғу пишқириб айиққа ташланди. Айиқ чап бериб буғунинг биқинига панжаси билан уришга улгурди. Чангалнинг зарби унчалик қаттиқ эмасди, бироқ буғунинг биқинидаги териси шилиниб қонади. Қон ҳидини илғаган Тэдди ваҳшийланиб  кетди. Умрида биринчи бор тирик жоннинг гўштини бурдалагиси, ғажигиси, қурбонининг жон талвасасида хириллашларини тинглагиси келди. Шу асно буғу яна унга ташланди. Айиқ ниғоятда оғир эди, лекин буғу қудратли шохлари билан уни мушук боласидек улоқтириб юборди. Тэдди худди ўтган сафаргидек умбалоқ ошиб йиқилди. Бироқ бу гал буғунинг бўйнида янги жароҳат пайдо бўлди. Тэдди сапчиб ўрнидан турди-да, бутун вужудини ларзага солгулик даҳшат билан бўкирганча буғуга ташланди.

Улар қовжираган майсаларни топтаб, атрофдаги шох-шаббалар, буталарни синдириб узоқ олишдилар. Буғунинг силласи қуриб борарди. Унинг жароҳатларидан қон отилар, аёзли кунда унинг бутун танасидан буғ кўтарилаётганга ўхшарди. Ниҳоят айиқ буғунинг ёнбошидан ҳамла қилиб, бақувват бўйнига осилиб олди ва айни чоқда орқа панжалари билан биқинини тилка-пора қилиб юборди. Сўнг бўйнидан чап панжаси билан чангаллаб, тишлаган кўйи бор кучи билан бўйнига урди-да, пастга тортди. Умуртқа поғонаси бўғинларидан ажралиб кетган буғу йиқилди. Айиқ унинг кўксини ёриб ташлади, аммо шунда ҳам буғу ўрнидан туриб айиқни улоқтириб юборишга кучанарди — у шунчалар кучли эди! Тэдди ўкириб, ютоққанча жон таслим қилган рақибининг қонини ичарди.

***

…Кун сайин буталар момиқлашиб, сўқмоқлар кўмилиб, қарағайлар билан арчалар дилбарлашиб борар, ёлғиз қайинларгина яланғоч турар ва кечқурунлари уларнинг шохларида қарқурлар ўтиришарди. Совуқ кучайди, ўрмон бўйлаб чинакам рус қиши қанот қоқди.

Қаттиқ уйқуга кетган Тэдди эса бир текис нафас ола бошлади, унинг ошиёни узра буғ кўтарилмай қолди ва кун ўтмай қор босган айиқ уясини, тасодифан туйнук оғзида осилган сарғиш сумалаклардангина билиш мумкин бўлиб қолди.

055     Ajoyib rus yozuvchisi Yuriy Kazakov hikoyalarini juda yaxshi ko’raman. Ularni o’qiganimda,yuragim yumshaganday,tiniqlashganday bo’ladi. Ayniqsa, «Tushlaringda mahzun yig’lading», «Ana, kuchuk yugurib o’tdi», «Moviy va yashil», «Yig’layman va bo’zlayman», «Ikkovlon dekabrda» hikoyalarini sog’inib qayta- qayta o’qiyman. Bu hikoyalarda inson dardi, yolg’izligi shunday samimiy ifodasini topganki, har gal yurak tanholikdan azob chekkanda bu hikoyalar mutolaasi bamisoli malhamday yordamga keladi.
Yuriy Kazakov rus hikoyachiligida o’ziga xos ohang va rang topa olgan yozuvchi sifatida tan olingan. Bugun adibning ijod mashaqqati va mas’uliyati haqida yozgan essesini taqdim etish bilan sizni betakror  ijodkorning ijodiy olamiga bir nazar tashlashga  taklif etamiz. Ushbu asarni bundan qarayib 30 yilcha avval iste’dodli yozuvchi Olim Otaxon mening taklifim bilan «Kamalak» to’plami uchun tarjima qilgan edi.

Xurshid Davron

YURIY KAZAKOV
YOZUVCHINING MATONATI HAQIDA
Olim Otaxonov tarjimasi
011

021 Men turli-tuman dengizchilar va sayyohlar kelaverib, oyoq osti qilib yuborgan ivirsiq hamda ajoyib Arxangel`sk mehmonxonasining yuqori qavatida, latta-putta, bo’m-bo’sh xaltalar; bu etigu sigaret qutilari, olmoslaru miltiqlar, patronlar va qo’yingchi har balo palpis sochilib yotgan xonada adabiyot haqidagi asabiy, behuda munozaralardan so’ng horib-charchab, oyna yonida g’amgin o’tirardim. Allamahal bo’lib qolgan; sokin, oppoq-oydin tun vujudimga achchiq bir og’u singari singib-singib borar, negadir beixtiyor meni yiroqlarga chorlar… Ko’nglim g’ash edi va boyagina mahalliy bir bilimdon bilan adabiyot haqida qilgan bahsimizni eslab yozuvchining jasorati haqida o’y surardim.

Yozuvchi dovyurak bo’lmog’i kerak, deya fikr yuritardim men, chunki hayotining turgan-bitgani mashaqqat. U qo’liga qalam tutib yolg’iz qolgan kezlarida dunyodagi hamma narsa unga xalal bera boshlaydi. Shu choqqacha yozilgan million-million kitoblardan tortib, qo’yingchi, bularning bari eski, siyqasi chiqqan gap, bular haqida allaqachon aytilgan, yana bosh qotirishning kimga keragi bor-a, degan xayol ham koni zarar; ba’zan tuyqis junbushga keluvchi bosh og’rig’i va umidsizlik, shu lahzalarda uning holidan xabar olgani kelgan yoki kelayotgan, qo’ng’iroq qilayotgan tanish-bilishlar; shu tobda qilinishi shart ishlardan ham muhimroq tuyulayotgan tirikchilik tashvishlari, ikir-chikir yumushlar ham dushman. Illo, tashqariga – musaffo, so’lim tabiat qo’yniga chorlayotgan allanimani his qilish, noma’lum bir baxt namosini bir martagina totib ko’rishga da’vat etayotgan nurafshon oftob ham dardisar. Qo’yingchi, yuragi o’rtanib og’rigan va ishlagisi kelmagan bulutli oqshomlari unga yomg’ir ham halal beradi.

Atrofida hayot barq urib yashaydi, entikadi va nafas oladi, olam qayoqqadir talpinadi, yo’rgaklangan onlaridanoq ana shu olamning asiri bo’lgan yozuvchi esa el qatori yashashga haqli ekaniga qaramasdan bunday daqiqalarda bir o’zi yolg’iz qolishga mahkum, yolg’iz qolishga majbur. Shuning uchun yonida na mahbubasi, na onasi, na bolalari – hech kimsa bo’lmasligi, u hayotini, umrini baxsh etgan his-hayajon, qahramonlari, uni maftun etgan muqaddas So’z bilan qolishi shart.

Yozuvchi top-toza qog’oz bilan yolg’iz qoldimi, bas, uning yozishiga o’sha zahoti shunchalar ko’p, shunchalar ko’p narsa halaqit bera boshlaydiki, tasavvur qilolmaysan. U daxlsiz, faqat o’ziga tegishli tasavvurlar olamida yashamog’i lozim va allanechuk noma’lum, hech kim hech qachon ko’rmagan, o’zi uchungina tirik, jonli odamlar haqida go’yo o’z xeshu-aqrobalaridek o’ylashga majbur; buyoqda – tashqarida esa har bir giyoh, har bir narsa o’zining mavjudligini ko’z-ko’z qiladi, uni chalg’itadi, o’z bag’riga chorlaydi. Yozuvchi derazadan allaqayoqlarga ko’z tashlab o’tiradi-yu, biroq bari bir hech nimani ko’rmaydi, ko’rolmaydi; uning ko’ziga yolg’iz shu kungacha yozgan sahifalari, o’tgan va o’tayotgan kunlar hamda ertangi hayot, omadsizlik va umidsizlik ko’rinadi.

Bunday paytlarda u judayam qiynaladi, o’zini behol nochor va ojiz sezadi. Holbuki, u o’ziga hech kim yordam berolmasligini biladi. Chunki bu olamda u tanho qolishga mahkum.

Hamma balo shundaki, hech kim, hech qachon unga yordam berolmaydi, qalami yoki yozuv mashinkasini olib og’irini yengil qilolmaydi, qanday yozish kerakligini o’rgatolmaydi. Binobarin, yolg’iz o’zi buni eplashi zarur. Mabodo, o’zi eplolmadimi, tamom, u hech qachon yozuvchi bo’lolmaydi. Seni sog’-kasalliging, yozishni eplaysanmi-yo’qmi, bardoshing yetadimi – hech kimga qizig’i yo’q. Mana shuni bila turib, yozish, ishonsang, haqiqiy jasoratdir. Agarda yomon yozgan bo’lsang, unutma, na unvon, na mukofot, na o’tmishdagi shon-shuhrating joningga ora kiradi. To’g’ri, ba’zan bo’sh asaringni e’lon qilinishi uchun amaling asqotib qoladi, do’stlaring og’zini ko’pirtirib maqtashga oshiqadilar hamda sen qalam haqini ham olasan, ammo shuni unutmaki, sen endi bari bir yozuvchi hisoblanmaysan…

Hammasini ibtidodan boshlamoq uchun esa matonatli, mard bo’lishi kerak. Uzoq vaqt yozolmay qiynalib, o’z yog’ingga o’zing qovurilib  yurganing yoki umuman yozishdan bezib ketganingda kutmoq va chidamoq uchun ham katta jasorat kerak. Agar irodang kuchli bo’lsa, toqat-shijoating yetsa, bas, bir kun  kelib yana iste’dod bilan yoza olasan.

Haqiqiy yozuvchi bir sutkada kam deganda 10 soat ishlaydi. Ko’pincha u yozolmay qoladi, shunda kunlar, haftalar o’tib ketadi, yozayotgan  asarini davom ettirolmay hamda bularning barchasidan voz kechib ketolmay, qiynalib yurganida oltindan qimmat vaqti tez va samarasiz o’tib borayotganini telbalarcha, yig’lagudek his qiladi.

Va nihoyat asar tugaydi. Ajabo… o’sha lahzalardan so’ng ko’ngli shunchalar huvillab qoladiki, nazarida endi bir misra ham yozolmaydigandek tuyuladi. – Xo’sh, nima bo’pti, men axir o’z vazifamni ado etdim, deb o’ylashi mumkin u. Bunday asarni shu paytgacha hech kim yozmagan. Mendan avval Tolstoy va Chexovlar ijod qilsa qilgandir, ammo buni men yozdim. Bu o’ziga xos asar. Mening yozganim ularnikidan yomondir. Ammo meniki ham bari bir anchayin ma’qul asar-ku. Har qalay, hali yaxshi-yomonligi ham ma’lum emas, qani, birorta yozuvchi menchalik yozib ko’rsinchi!

Xayolini muttasil band etgan asarini tugatgach, yozuvchi xuddi shunday deb o’ylashga tamom haqlidir. U axir so’nggi nuqtani qo’ydi, bu o’zidan o’zi g’olib chiqdi, degani emasmi?! Oh, shodlikning umri bunchalar qisqa!.. U horigan, ayni choqda zudlik bilan yangi asarini yozishga o’tiradi; hozir esa ko’ngli quvonch tusayapti. Xushbaxtlik qanchalar muxtasar…

Darvoqe, bahor o’tib ketganini, aytaylik, o’sha aprelning ilk kunlari – tunda, osmonning g’arb tomonida yig’ilgan qora bulutlar qa’ridan betinim, muntazam va kuchli ilmiliq shamol esib qorlar eriy boshlagan paytdan beri ancha vaqt o’tganini birdan payqab qoladi. Oradan shuncha vaqt o’tibdi. Muzlar ko’chib, irmoqlar jildirab oqa boshlabdi; ilk maysalar ko’z uqalab, qushlar uchib kelibdi, boshoqlar to’lib, sarg’ayib pishibdi hamki u sezmabdi; bularning birontasidan ogoh bo’lmabdi. Holbuki, u kunu tun yozishdan bosh ko’tarmay, xayolan o’z qahramonlari olamida yashagan kezlar yer yuzida nimalar sodir bo’lmadi, xalqlar, mamlakatlar hayotida qanday voqea va hodisalar yuz bermadi deysiz. Uning uchun bu kunlar endi sira qaytib kelmaydi. Umrning bu faslini hech kim hech qachon unga qaytarib berolmaydi.

Keyin u asarini jurnalga eltib beradi.

Ishi o’ngidan kelib, masalan, uning asarini katta quvonch bilan qabul qilishdi, deylik. Yozuvchiga zudlik bilan sim qoqadilar yoki telegramma jo’natadilar: uni tabriklaydilar. Bu asar boshqa jurnalda emas, o’zlarida e’lon qilinayotganida faxrlanadilar ham. Yozuvchi redaktsiyaga tashrif buyurganida o’zini erkin va xurram tutadi. Hamma odamlar uni ko’rganliklaridan, u esa odamlarning bunchalar yoqimtoy ekanligidan quvonadi. “Azizam, albatta e’lon qilamiz, albatta – deyishadi, — uni 12-soniga kiritdik”. Bu dekabrda chiqadi degani. Dekabr` – qish. Hozir esa ayni yoz…

Hamma yozuvchiga jilmayib, ochiq yuz bilan qaraydi. Uning qo’lini qisib, yelkasiga do’stona qoqib qo’yadilar. Ularning hammasi go’yo yozuvchi yana 50 yil umr ko’radigandek muomala qiladilar. Go’yo olti oy, unga olti kundek gap.

Yozuvchi uchun esa, g’alati, mashaqqatli davr boshlanadi. U kunlarining tezroq o’tishini istaydi. Yoz tezroq o’ta qolsaydi. Keyin kuz keladi. Uni ham jin ursin. Unga dekabr` kerak! Mana nima! Qishni kutaverib uning toqati-toq bo’ladi.

Holbuki, u yana boshi bilan ishga sho’ng’iydi. Yozganlari yana o’ziga goh yoqib, goh yoqmaydi. Yil o’tadi, yana aprel` – bahor sabil qoladi.  Nihoyat, navbat tanqidchilarga yetadi va eski narsa uchun uning ta’zirini bera boshlaydilar.

Yozuvchilar o’z asarlari xususidagi mulohazalarni o’qishadi. Ba’zilar asarlari xususida aytilayotgan gaplarga go’yo qiziqishmasmish. Bu noto’g’ri. Turli mish-mishlar, adolatsiz tanqidlarga ortiqcha kuyinmaslik, g’azablanmaslik uchun, qattiqroq so’kayotgan bo’lsalar yozishdan sovib ketmaslik, maqtanayotganlarida erib ketmaslik uchun ayniqsa, mana shu damlarda jasorat suv bilan havodek zarur. Maqtov yozuvchi uchun bamisli zahar. Buning oqibatida u o’ziga ortiqcha baho bera boshlaydi. Pirovardida yozuvchining o’zi o’rganish, izlanish o’rniga boshqalarga nasihat qila boshlaydi. Axir, bu asarini har qancha yaxshi yozgan bo’lmasin, undan a’loroq yozishi mumkin emasmi?! Buning uchun mard bo’lishi va o’qib o’rganishdan qochmasligi kerak xolos.
Ammo, maqtov yoki mish-mishlar holva. Eng yomoni seni tilga olmaydilar. Mana bu dahshat. Yozuvchi yaxshi asarlar yozganiga qaramay, hech kim ahamiyat bermayotgan paytda, ayniqsa, matonatli bo’lishi kerak.

Adabiy haqiqat, hamisha hayot haqiqatlaridan tug’iladi, modomiki, shunday ekan sovet yozuvchilari ijodkorlik jasoratiga o’zlari qalamga olayotgan odamlar – zamin qiyofasini peshona teri bilan o’zgartirayotgan ishchilar, uchuvchilar, dengizchilar shijoatini ham singdira olishi lozim. Har bir yozuvchi imkoni boricha turli-tuman odamlar, bir-biriga mutlaqo o’xshamagan taqdirlar haqida yozadi, modomiki shunday ekan, u o’sha odamlarning hayot tarzini bilishi va his qilishi uchun ular bilan yashashi, jilla qursa ularning turmushini o’z ko’zi bilan ko’rib o’rganishi kerak. Zarur bo’lsa o’shalar kabi geolog, o’rmonchi, dehqon, ovchi, hatto traktorchi bo’lib ishlashi kerak.

Sovet yozuvchisi hali dunyoda zulm barham topmaganini, qaerdadir oddiy insoniy huquqlaridan mahrum erksiz odamlar yashayotganligini, zo’ravonlik va ochlik, jaholat, urush hamda fashizm hukm surayotganini unutmasligi kerak. U imkoni boricha bu illatlarga qarshi isyon ko’tarmog’i, odamlarni kurashga da’vat etmog’i lozim. Bo’hton, riyo hamda jinoyatlarga qarshi bong urmog’i kerak. Bunday da’vat alohida tahsinga loyiq jasoratdir.

Nihoyat, zaruriyat tug’ilsa, soldat bo’lishi, soldatdek jangga kirmog’i, omon qolsa yana haqiqatni yozishga o’zida kuch, bardosh topmog’i kerak.

Zero yozuvchining ijodiy jasorati har mahal turg’un va sobit bo’lmog’i lozimdir. Chunki yozuvchining hayoti va faoliyati har kun, har daqiqa jasorat talab qiladi.

Buni u hech qachon unutmasligi lozim. Negaki, u bir, ikki kun emas, umrbod ijod qiladi. Har safar yangitdan boshlash zarurligini, endigi gal qiyinroq bo’lajagini u yaxshi biladi.

Agar yozuvchi shijoatli bo’lmas ekan – tamom. U har qancha iste’dodli bo’lsa ham foydasi yo’q, iqtidori uni saqlab qololmaydi. U hasadgo’yga aylanadi, o’z birodarlari – qalamkash do’stlariga xiyonat qila boshlaydi. Mudom o’z nomini allaqaysi bir maqola yoki ma’ruzada tilga olmaganliklari va mukofot berilmayotganligi haqida o’ylab g’azabdan ko’karib yuradi. Pirovard natijada yozuvchilik baxti nimadan iborat ekanligini bir umr bilmay o’tib ketadi… Vaholanki, ijodning quvonchlari bor.

Zero, bunday daqiqalar yozuvchining hayotida albatta sodir bo’ladi. Har nechuk uning peshonasiga ham yaxshi kunlar yozilgan. Bu ayniqsa, kecha yoki avvalgi kunlar ko’ngliga umidsizlik solgan asarini bugun yaxshi va maroq bilan yozayotgan yozuv mashinkasi to’xtovsiz chiqillayotgan va bitgan sahifalar birin-sirin ko’payib borayotgan mahalda ko’proq bilinadi. Bu, ayniqsa, yozuvchi o’zini halol, har narsaga qodir ekanini his etganda seziladi.

Asarning eng kuchli bobini yozayotgan chog’ida u hammasi bir so’zdan boshlangani yoki paydo bo’lgani va bu so’z – ilohiy ekanini birdan eslaganda bilinadi. Bunday ajoyib soniyalar buyuklarga ham nasib etmasligi mumkin. Ammo shijoatli yozuvchilarga ularning barcha qiyinchiliklari – mashaqqatli mehnati, umidsizlik va qoniqmasliklari evaziga mukofot tariqasida ilohiy lahzalar ato etilgan bo’ladi. Yozuvchi yozib tugatgach, mana shu sahifalar asarning boshqa boblari va qismlaridan kuchliroq ekanligini, bundan tashqari aynan mana shu sahifalar adabiyot olamida qolajagini his qiladi.

U faqat haqiqatni yozishi kerakligini, uning uchun najot yolg’iz mana shunda ekanligini tushunib qolganda o’zini baxtiyor sezadi. Faqat sen kashf qilgan haqiqatni o’sha zahoti so’zsiz qabul qiladilar, deb o’ylash yaramaydi. Sen o’sha son-sanoqsiz notanish odamlar uchun yozaverishing, hech qachon ikkilanmasliging, yuragingdagi haqiqatlarni o’sha odamlar uchun to’kib solaverishing kerak. Axir, sen redaktor va tanqidchi uchun emas, yoki el qatori sening ham bir ehtiyojlaring bo’lishiga qaramay, jin ursin, pul uchun yozmaysan. Darvoqe, pul topish uchun yozuvchilik qilish shart emas. Pul topishning bundan ham osonroq yo’llari bor. Sen esa avvalambor so’z va haqiqatning muqaddasligiga imon keltirib, so’ngra qalam tebratasan. Demak, yozish jarayonida adabiyot insoniyatning o’zligini anglash vositasi yoki o’zini makon va zamonda ustuvor, qoyim ifodalashi haqida fikr yuritasan. Buni esa hech qachon unutmaslik kerak hamda zimmangga yaratishdek sharafli burch tushganidan faxrlanib yurish lozim.

Goho birdan soatga ko’zing tushib qoladi-yu, vaqt allamahal bo’lib qolganini, yer yuziga tun cho’kkani, poyonsiz kengliklarga cho’zilib ketgan kurrai-zaminda tirik jon orom olayotgani yoki bir-birini sevishdan bo’lak hech narsa bilan qiziqmayotganliklari, xunrezlikka iqtido qilayotganlari va allaqaerlarda bombalar ortilgan samolyotlar izg’ib yurgani, boz ustiga qaerdadir kimlardir raqsga tushayotganlari ko’z oldingga keladi. Har xil radiostantsiyalarning diktorlari qandaydir yolg’on — yashiklar, behuda yupanch, tashvish, shodu-xurramlik, umidsizlik va ishonch haqidagi va’zlari uchun elektr quvvatini isrof qilayotganliklari haqida o’ylaysan va ushbu soatda sen shunchalar darmonsiz, tanho bedor o’tirib, butun olam haqida qayg’urasan, jamiki odam bolalari oqibat – oxir baxtiyor va ozod bo’lishini, yer yuzida mehnat, ijod qilish suv bilan havodek bir zaruriyatga aylanajagini, tengsizlik, urush, irqchilik va qashshoqlik batamom barham topishini istaysan.

Zero, eng katta bu zim-ziyo tun qo’ynida bedor o’tirgan faqat o’zing emasligini his qilishda. Senga o’xshab hamqadam birodarlaring – boshqa yozuvchilar ham bedor o’tiribdilar. Zotan, barchangizning maqsadingiz bitta – u ham bo’lsa olam charog’on, odam yanayam insoniy bo’lishidir.

Dunyoni yangitdan qurish yoki o’zgartirish huquqing yo’q. Ammo bu hayotda seni o’z haqiqating va o’z kaloming bor. Va sen o’z baxtsizliging, muvaffaqiyatsizliging hamda omadsizligingga qaramay odamlarga quvonch ulashish va hayot bundan ko’ra go’zalroq bo’lishi kerak, deb muttasil ravishda bong urmog’ing uchun yana ming chandon jasurroq bo’lmog’ing zarur!

Yuriy KAZAKOV
TEDDI
Olim Otaxon tarjimasi
008

045 Kazakov Yuriy Pavlovich (1927–1982) — atoqli rus yozuvchisi. 1927 yil 8 avgustda Moskvada tug’ilgan. O’rta maktabdan keyin, 1946-1951 yillarda Gnesin nomidagi musiqa bilim yurtida ta’lim olgan. 1940-yillar oxirida Yuriy Kazakov she’r yozishni boshlaydi, hikoya, p`esalar mashq qiladi. 1953 yildan Maksim Gor`kiy nomidagi Adabiyot institida tahsil olgan.
1956 yili Yuriy Kazakovning ilk hikoyalar to’plamlari «Moviy va yashil», «Xunuk» nomlari bilan nashr etiladi. Uning ilk asarlaridan «Teddi» (1956) va «Arktur – tozi it» (1957) qissalari rus adabiyotiga katta iste’dod kirib kelganidan darak beradi.
Adabiyot nstitutini tugatgandan so’ng (1958), Kazakov Pechora, Tarus va boshqa joylarga sayohat qiladi. Sayohat taassurotlari o’laroq «Yo’lda» (1960), «Yig’layman va ho’ngrayman» (1963), «La’nati Shimol» (1964) hikoyalari yaraladi. Kazakovning «Shimol kundaligi» (1977) «Nestor va Kir» (1961), «Qor o’radagi bola» (1972–1976), «Eman o’rmonlarida» (1969) kabi asarlari mashhur.

008

I

i_012.jpgBahaybat, qo‘ng‘ir ayiqni Teddi deb atashardi. Boshqa hayvonlarning ham nomi bor edi-yu, lekin Teddi ularni sirayam eslayolmas, doim adashtirib yurardi. Faqat o‘z laqabini yaxshi bilar, qachon chaqirsalar quloq solar va aytganlarini bajarardi.
Uning hayoti juda zerikarli edi. U allazamonlarda beri tsirkda ishlardi. U itoatgo‘y, yuvosh bo‘lib qolgan va endi unga qafasning hojati yo‘q edi, ammo shunga qaramay odatlari bo‘yicha qafasda saqlashardi. Teddiga hech narsaning qizig‘i qolmagan, hammasi joniga tekkan, faqat tinch qo‘yishlarini istardi. Biroq u keksa tajribali artist bo‘lganidan sira hol-joniga qo‘yishmas edi.
Kechqurun uni o‘rtasida yuz-ko‘ziga upa-elik surtilgan novcha odam uyoqdan-buyoqqa yurgan charog‘on sahnaga olib chiqishar edi. Bu odam oppoq ko‘ylak-ishton, charm qora etik va oldiga zar uqa tutilgan lolarang kamzul kiyib olardi Uning ko‘ylak-ishtoni ham, kamzuli ham, rangpar, hissiy yuzi ham Teddiga yomon ta’sir qilardi. Lekin ayiq, ayniqsa uning ko‘zlaridan qo‘rqardi.
Bir zamonlar Teddi bir necha bor yirtqichligiga borib isyon ko‘targandi. U alamidan bo‘kirar, qafas simlarish sug‘urib tashlardi, o‘shanda uni tinchitishning sira ilojish qilisholmagan edi. Ammo qafas yoniga rangpar odam kelib Teddiga tikilganida, ayiqning uni o‘chib, oradan bir soat o‘tar-o‘tmas repetitsiyaga chiqqan edi.
Endi Teddi xarxasha qilmas va turli-tuman qo‘pol va bekorchi, hatto ko‘pincha bema’ni narsalarni ham jimgina bajaraverar edi. Oq ko‘ylak-ishtonli odam ham endi unga o‘qrayib qaramasdi, ayiq haqida gap ketsa uni erkalab «Yuvvoshgina qariya» deb atardi.
Teddi sahnaga charm burundiqda chiqar va o‘zini olqishlab kutib olgan tomoshabinlarga ta’zim qilardi. Unga velosiped keltirib berishar, u egar osha oyoqlarini o‘tkazib rulni mahkam tutgancha pedalni bor kuchi bilan bosardi-da muzika sadolari ostida sahna bo‘ylab aylanardi. Tomoshabinlar esa tinmay qiyqirar va qarsak chalardilar.
Teddi yana bir necha antiqa narsalarni bajara olardi: Panjalari bilan tez-tez aylantirib g‘o‘lalarda uchar, uzun, ingichka temir tayoq tepasiga chiqib muvozanat saqlab turar, qo‘llariga qo‘lqop kiyib boshqa bir ayiq bilan boks tushardi. Teddi hazilni tushunmasdi, to‘g‘rirog‘i hayvonlarga xos hazilnigina tushuna olishi mumkin edi, shuning uchun bunday ko‘pol va bema’ni harakatlarni bajarayotganda odamlar nima sababdan shodlanardi, sira tushunolmasdi.
Kechalari ayiq ko‘pincha uxlamas, yo‘lakda mittigina chiroq xira nur sochar, kiyimidan doim yoqimli hid anqib turadigan qorovul chol rosa xurrak otardi. Hayvonlar uyqusida irillar va g‘ingshir edi, qafaslardan qo‘lansa hid anqirdi. Yo‘lakning qop-qorong‘u burchaklarida yirik-yirik suqatoy kalamushlar yugurib yurar, orqa oyoqlarida tik turib birdan qotib qolar, shunday paytda ularning soyalari uzun bo‘lib polga tushardi.
Birmuncha vaqt g‘ingshib yotgach, Teddi o‘zini yalab-yulqashga tushardi. U jiqqa ho‘l bo‘lib ketguncha erinmay panjalari bilan qornini yalar, so‘ngra biqini bilan orqasiga o‘tardi. Biroq orqasini yalash juda noqulay edi, natijada u tez charchar, keyin noxush xayollarga berilardi.
U bolaligini va onasini — panjalari yumshoq, uzun tili haroratli, kelishgan ayiqni eslashga urinardi. Biroq bolaligini deyarli eslolmasdi. Faqatgina anhor, sarg‘ish qum to‘shalgan sohil yodiga tushardi xolos; qum mayin va qaynoq bo‘lardi. U yana chumolilarning o‘tkir hidini eslardi, afsuski o‘shandan buyon bunday hidga ro‘para kelmadi.
U yana o‘ziga tsirkda bir paytlar berishgan totli yemishlar haqida ham o‘ylardi. Yana juda ko‘p narsalar uning esiga tushardi: qandaydir shakl-shamoyillar ko‘z oldiga kelar, yuragini g‘azab va hasrat to‘ldirar, uning o‘kirgisi, allaqayoqlarga bosh olib ketgisi, o‘ziga munosib yirtqichona ishlarni bajargisi kelar va kechasi bilan o‘kirib chiqar, ertasiga esa o‘zini behad lanj va tund sezar, repetitsiyaga ham istar-istamas chiqardi.

II

Kunlardan bir kun tsirk safarga otlandi. Teddini ham ola ketishdi.
Shu choqqacha u juda ko‘p safarga chiqqan, shu bois uni hech narsa hayratga sololmasdi; u avtomashinalardan anqib turuvchi benzin hidini yomon ko‘rardi, xolos.
Hammasi odatdagidek yuz berdi: stantsiyada hayvonlar solingan qafaslarni vagonga joyladilar, allanimalar deb qichqirdilar, so‘kindilar, bir nimalarni mixladilar, oxiri eshiklar gumburlab yopildi-da, yo‘lga tushishdi. Ko‘p o‘tmay hamma narsa bir maromda chayqala boshladi. Teddining nihoyatda uyqusi keldi. Shu alfozda ikki kechayu ikki kunduz yurishdi, keyin poezd to‘xtadi. Eshiklarni ochib vagonlardagi qafaslarni yuk mashinalariga orta boshlaganlarida Teddi notanish yerga kelib qolganlarini va allaqanday begona hidlar kelayotganini payqadi, lekin bunga ajablanmadi.
Yana yo‘lga tushishdan avval hayvonlarni ovqatlantirishga qaror qilishdi. Xizmatchi kelib qafaslarni tozalab, yemish keltirdi. Teddining qafasiga suvda qaynatilgan kartoshka, non hamda bir tog‘ora suli quyib, xizmatchi bir nimaga chalg‘idimi, eshigini yopmay chiqib ketdi.
Ayiq eshikning ochiq qolganiga parvo qilmadi, rosa ochiqqan edi shekilli, kartoshka bilan sulini pok-pokiza tushirdi. Keyin odati bo‘yicha tovoqni eshik yoniga surib qo‘ydi, xuddi shunda qafasning ochiq qolganini sezdi. Teddi juda hayron bo‘ldi, boshini chiqarib uyoq-buyoqqa alangladi, esnadi, ichkariga qaytib kirdi-da, ko‘zlarini yumib yotdi. Ammo oradan bir daqiqa o‘tar-o‘tmas o‘rnidan turib yana boshini chiqarib qaradi. Havoni iskadi, atrofni ko‘zdan kechirdi, xuddi bir nima esiga tushgandek taraddudlandi, so‘ng qafasdan chiqib mashinadan yerga sakradi.
Shu choq shofyor ko‘rindi. U kepkasini qo‘ltig‘iga qistirib olgancha kavshanib mashinaga yaqinlashardi. Shamol shofyor tarafdan esardi. Teddi kolbasa xidini tuyib unga peshvoz yurdi. Ayiqqa ko‘zi tushgan shofyor kavshashdan to‘xtab taxtadek qotib qoldi. Teddi orqa oyoqlarida g‘oz turib erkalangancha g‘ingshidi. Shofyorning qo‘ltig‘idan kepkasi tushib ketdi, o‘zi esa orqa-o‘ngiga qaramay eshigi tepasiga allaqanday shior osilgan pastakkina uy tomonga qochdi.
— Yordam beringlar,— deb qichqirdi u o‘takasi yorilib.
Teddi oldingi oyoqlarini yerga qo‘ydi va har ehtimolga qarshi nari ketdi. U hatto avvaliga qafasga qaytib kirmoqchi bo‘lib ortiga o‘girildi, biroq xuddi shu payt ayyuhannos solib uydan odamlar yugurib chiqdi. Teddi odamlariing orasidan tanish qiyofani izlab qo‘rqa-pisa o‘girildi, lekin tanishlarini topolmadi. Uning yuragini birdan vahm bosdi va urra qochdi. U tushovlab qo‘yilgan otlar yonidan o‘tdi: uni ko‘rib otlar o‘zlarini orqaga tashlab kishnadilar. Bunga javoban Teddi ham o‘kirib, yugurishda davom etdi.
U pushtalarda qoqilib-suqulib polizdan yugurdi, chetandan oshib o‘tdi-da, dala bilan o‘rmon tomonga yo‘l soldi. U pishqirib, quloqlarini chimirib yelib borar ekan, vujudida noma’lum halovat tuyardi, lekin butazorga yetib borib to‘xtadi va xavotirlanib ortiga o‘girildi: na stantsiya, na odamlar, na mashinalar ko‘zga chalinar, faqat jimjit dala va yiroqlarda qorayib turgan uylardan boshqasi ko‘rinmasdi.
Ayiq o‘kindi, daf’atan uning tsirkka qaytib borgisi va yana g‘ira-shira yo‘lakda yotgisi keldi, yoqimli hidlar anquvdi qorovulning xurraklarini sog‘indi. Ortiga qaytishdan u qo‘rqdi va orqa oyoqlarida g‘oz turib chayqalgan ko‘yi g‘amgin g‘ingshib qo‘ydi. So‘ngra o‘rmon tomonga qaradi, tumshug‘ini tozalash uchun bir necha bor pishqirib havoni iskadi. Mum bilan qo‘ziqorin va yana allaqanday xushbo‘y hidlar anqirdi. Teddi o‘rmonga qarab yurdi. U butalar oralab ohista borar va har safar yalanglikka chiqqach, biror xizmatchi yoki oq ko‘ylak-ishtonli kishini ko‘rib qolamanmi, degan umidda ortiga o‘girilib qarardi. U hozir o‘zini erkalab «Teddi!» deb chaqirishlarini istardi. Lekin hech kim ko‘rinmadi, uni chaqirish tugul tiq etgan tovush eshitilmas, o‘rmondan esa tobora qudratli bir da’vat baralla eshitilayotgandek bo‘lardi. Teddi hadiksirab o‘rmon ichiga kirdi.

III

Teddining omadi yurishmadi. U o‘rmonning odamlar istiqomat qilayotgan qismiga kelib qolgan edi. Bu yerda o‘rmon sanoati xo‘jaligi joylashgan bo‘lib, katta maydondagi daraxtlar kesilgan, har yerda o‘rmonga aloqasiz buyumlar: tor izli temir yo‘l, uzuq-yuluq po‘lat simlar, yog‘ lattalar, payhon qilingan so‘qmoqlar, xoda yotqizib ochilgan yo‘llar ko‘zga tashlanardi. Bu yerda qushlar bilan hayvonlardan asar ham yo‘q edi, kechalari esa temir-tersaklarning sadosi, motor shovqini, parovozlarning chinqirig‘i tinmasdi.
Teddiga o‘rmon g‘ayritabiiy va ko‘ngilsiz bir joy bo‘lib ko‘rindi. Shuning uchun dastlab qanday bo‘lmasin odamlarni uchratish haqida o‘yladi. Ammo ayni choqda allanima uning mashinalar tarafga yurishiga monelik qilardi. Hamma narsa uning g‘ashiga tegardi; u ochiqqan, uyqusi kelar va darmonsiz edi. U birontasi chiqib, yegulik biron narsa berar degan umidda o‘rganib qolgan fokuslarini bajarishga chog‘landi. Oldingi oyoqlarida turib, orqa oyoqlarini xuddi koptokni otib o‘ynayotgandek o‘ynatdi, shu alfozda yalanglikni aylanib chiqdi, keyin umbaloq oshdi, raqsga tushdi, xuddi tsirkdagidek o‘zini o‘lganga solib yotdi, keyin o‘zidan mamnun bir qiyofada o‘rnidan turib yonveriga alangladi. Agar tsirkda shunday qilsa unga biron nima bergan bo‘lishardi. Ammo bu yerda uni hech kim olqishlamadi, suli yormasi ham osmondan tushmadi. Shunda ayiqning mitti ko‘zlarida g‘amgin hayrat alomati aks etdi.
Ayiqning umidi puchga chiqdi, u odamlar yoniga qaytib ketgan bo‘lardi-yu, ammo sodir bo‘lgan bir voqea odamdan qanchalar qo‘rqish kerakligi haqidagi tasavvurini tasdiqladi.
Kunlardan bir kun ertalab Teddi jarlikda allaqanday giyohlarni yeb yurardi.
Boshini ko‘targanda, birdan yuqorida turgan odamga ko‘zi tushdi. Teddi hayron bo‘ldi va orqa panjalarida g‘oz turib, hatto quvonganidan xo‘rillab qo‘ydi. Biroq odam unga o‘xshab quvonib ketmadi, ayiq kutganidek «Teddi» deb erkalab chaqirmadi — u rangi oqarib, miltig‘ini ola ayiqqa to‘g‘riladi, o‘q ovozi yangradi, nimadir Teddining qulog‘ini kuydirib o‘tdi. U o‘kirib yubordi-da, chalqancha yiqildi: Teddi og‘riqdan emas, alam va talvasaga tushganidan bo‘kirardi. Odam esa orqa-oldiga qaramay qochdi.
Oradan bir daqiqa o‘tgach, Teddi quturib odamning ortidan quvib ketdi. Biroq odam qochishga ulgurdimi, biron yerga yashirindimi Teddi uni topolmadi. Shu paytdan boshlab odamlardan qo‘rqadigan bo‘ldi va iloji boricha kimsasiz, ovloq yerlarni izlashga tushdi.
Ammo haqiqiy o‘rmon, ovloq yerlarga ketish uchun daryodan suzib o‘tish lozim edi, Teddi esa suzishni bilmas, shuning uchun ahvoli og‘irlashardi. Bir necha bor daryo bo‘yiga kelib suvda oqib ketayotgan xodalarga qarab turdi, o‘kindi va yana o‘rmon ichiga kirib ketdi.

IV

Oradan ikki kecha, ikki kunduz o‘tdi. Uchinchi kuni kechasi Teddi daryo bo‘yiga bordi-yu, hayratdan qotib qoldi: sohilga tutash yerda o‘rtasiga kulbacha qurilgan hayhotdek sol turardi. To‘lin oy nur sochar, sohilda derazalari qop-qora oqish uylar saf tortgan, tevarak-atrofda bironta tirik jon ko‘rinmas, tiq etgan tovush yo‘q, faqatgina sol xodalari orasida suv sokin chayqalardi. Teddi orqa oyoqlarida turib havoni iskadi. Soldagi uyachadan chidab bo‘lmaydigan darajada javdar undan qilingan non bilan kartoshka hidi kelardi. Teddi lablarini yaladi va turgan yerida chayqaldi. Chayqala turib u nima qilish kerakligi haqida o‘ylardi.
Hid kelayotgan yoqqa borishga qo‘rqdi, chunki u yerda odamlar borligini bilardi, biroq ko‘ngli shunchalar sust ketgan ediki, ayiq sohil bo‘ylab uyoqdan-buyoqqa yura boshladi, ikki-uch bor suvga panjasini solib ko‘rdi va oxiri kulbaning ro‘parasida to‘xtadi. Voy-bo‘, shunday ham ajoyib hid bo‘ladimi?!
Sol qirg‘oqdan xiyol narida turardi, bir yeridan ko‘prik o‘rnida qirg‘oqqa taxta tashlab qo‘yilgan edi. Ammo shoshib qolgan Teddi buni payqamadi, suvga tushib bir zumda solga chiqib oldi. Xodalardan sekin-asta odimlagancha kulbaga yaqin bordi-da, atrofini aylanib chiqdi. Ichkaridan xurrak ovozi eshitildi. Teddi tsirk qorovulini eslab dadillandi. U derazadan ichkariga qaradi-yu, hech nimani ko‘rmadi. Shundan so‘ng eshikni ochib uygacha kirdi. Kirgan zahoti og‘zidan so‘lagi oqdi — uyda paytava, non va kartoshka hidi gurkirardi. Non bilan kartoshka stolda edi. Teddi stol yoniga kelib, avval dekcha yopilgan iliqqina laganni tushirib yubordi, keyin qozonni ag‘darib o‘kirdi-da, apil-tapil yeya boshladi.
— Hoy, kim bor?— dedi daf’atan xurrak otayotgan odam.— Fedya! Senmisan?
Ayiq qo‘rqib ketganidan o‘tirib qoldi, so‘ngra g‘azabdan o‘kirib, panjasi bilan stolga urdi. Dekcha bilan lagan polga tushdi. O’sha zahoti bir nima nardan sakrab tushdi, zipillagancha eshikka oshiqdi va sol bo‘ylab sohilga yugurdi. Teddi ahvol chatoq ekanligini tushundi, lekin shunda ham shosha-pisha yutoqqancha chapillatib, ovqatni tushiraverdi. U odamga qarshi ish qilayotganini bilardi.
Oradan bir daqiqa o‘tar-o‘tmas sohilda shovqin ko‘tarildi. Qochish kerak, ammo hali ayiq to‘ymagan edi, Teddi polda yotgan kartoshkalardan bir nechasini changallab eshikka yugurdi. Ammo eshikning qaerdaligini birdaniga topolmadi. Uychadan chiqqanida esa tumonat odam yig‘ilganini ko‘rdi. Ayiqni ko‘rgan odamlar baravariga, xuddi stantsiyadagiga o‘xshab qiyqirib yuborishdi. Teddi nima qilarini bilmay to‘xtadi. Sohilga olib boruvchi yo‘l berk edi.
U solning narigi tarafiga o‘tib qochmoqchi bo‘lgan edi, to‘satdan ro‘parasida bir yolqin chaqnab, o‘q ovozi yangradi. Ayiqning o‘takasi yorilib ortiga qaytdi-da, o‘girilib kulbaning orqasiga qarab qochdi. Odamlar yoy shaklida solning burchagiga siqib kela boshladilar. Orqa tarafidan yana o‘q ovozi yangradi, o‘q uchirib yuborgan po‘stloq ayiqning qorniga tegdi. U bo‘kirgancha oldinga sakradi va suvga o‘zini tashladi. Oy nurida kumush tomchilar sachradi. Teddi umrida suzib ko‘rmagan edi, shuning uchun suv ostidan qalqib chiqqanda dastlab nima qilishini bilmadi. Lekin qo‘l-oyoqlari beixtiyor harakatga keldi va u tumshug‘ini ko‘targancha jon-jahdi bilan shaloplatib suzib ketdi. Suv uni sekin-asta quyiga oqizib keta boshladi, solda qolgan odamlarning qichqirig‘i anchagacha eshitilib turdi, ayiq esa tobora panjalariii kuch bilan silkitib, aksirib-pishqirib tumshug‘ini ko‘tarib suzib borardi. Yarim soatcha suvda oqib borgach, qorayib turgan o‘rmonga ko‘zi tushdi. Bu yaqinginada ayiq chiqqan boyagi o‘rmon emas, boshqasi edi. Bu yerda daraxtlar kesilmagan, so‘qmoqlar bilan odamlarning boshpanalari ko‘zga chalinmasdi.
Teddi oyoqlari yerga tekkanida eran-qaran yurib sohilga chiqdi. Uning po‘stinidan tinmay suv oqardi. Ortiga o‘girilib yiroqlarda, chiroqlarning zaifgina nuri qo‘ynida elas-elas jimirlab ko‘rinayotgan allanimalarni payqadi-da, odamlar bilan baraklar va boyagi sol ham o‘sha yoqda qolib ketganini angladi, shovqin bilan xatar arigani, bu yer endi sokin, yoqimli ekanini his qildi. U kulbada qolgan kartoshkalarni eslab, norozi ohangda g‘ingshidi, keyin bir necha bor silkindi-da, tikka jarlikdan ko‘tarilib, ulkan qarag‘aylar va archalar sari ko‘tarila boshladi.

V

Bu daryoning u boshidan bu boshiga qadar cho‘zilib ketgan haybatli o‘rmon edi. Bundan tashqari o‘rmon Ural tog‘ tizmalari va o‘shanaqasi shimolga — tundragacha qo‘shilib ketardi.
Bu yerda bo‘rilaru tulkilar, olmaxonlaru quyonlar bisyor edi. Bug‘ular bilan chag‘ir ko‘zli qoplonlar ham uchrardi. Odam oyog‘i yetmagan bu yerlarda bir zamonlar qulagan daraxtlar tufayli o‘tib bo‘lmas changalzorga aylangan xilvat go‘shalar ham uchrardi.
Bu o‘rmonda ba’zan besababdan-besabab yong‘in chiqardi. O’t ketgan paytlarda poyonsiz kengliklardagi daraxtlar bilan o‘t-o‘lanlar yonib kulga aylanar, son-sanoqsiz hayvonlar nobud bo‘lardi. Yo‘lida uchragan narsani kulga aylantirgan olov qanday boshlangan bo‘lsa shunday, to‘satdan, o‘z-o‘zidan o‘chib qolar, undan esdalik sifatida kultepalar va yonib bitgan daraxtlarning yakkam-dukkam tanalari qolardi. Ko‘p o‘tmay mana shu o‘t ketgan o‘rmon qoldiqlarini dag‘al qizg‘ish o‘t-o‘lanlar qoplardi, so‘ngra o‘nqir-cho‘nqir yerlarda chernika bilan brusnika, qayin bilan qarag‘ay novdalari quloq chiqarardi; o‘rmonning betkay yerlarida na’matak bilan xo‘jag‘at butalari ko‘zga chalinib qolar va sekin-asta bu o‘rmon hayvonlar uchun mash’um biyobon emas, rizq-ro‘z sochilib yotgan oshiyonga — hurpaygan qarqurlar, serhadik bulduruqlar, o‘rmon qarchig‘aylari va quyonlar tanda qo‘ygan rizq-ro‘z makoniga aylanardi. Bug‘ular ham shu yerga kelib, oqish kulrang yo‘sinda chuqur izlar qoldirib yurishardi.
Odam oyog‘i yetmagan o‘rmonda hayot qaynardi. To‘g‘ri, bu yerda ham doimiy kurash to‘xtamasdi, bu yerda ham zo‘rlik bilan vahshiylik qonunlari hukm surardi. Eh-he, mana shu maftunkor makonda har kuni qanchadan-qancha patlar va suyaklar chirib ketmadi, deysiz! Biroq bu yerda xatarli kurashlar odamzod bilan to‘qnashuvchalik omonsiz bo‘lmasdi.
Mana shu o‘rmonlarda kamdan-kam o‘q ovozi yangrardi, basharti shunday bo‘lib qolsa, tepaliklar, jimjit qarag‘ayzorlar ustidan keskin va shiddatli o‘q tovushi momaqaldiroqdek gumburlab o‘tar va daryoning narigi sohilida aks-sado berardi. Shunda olmaxonlar hovuchlaridagi bujurlarini tashlab, qiziqib qarash uchun daraxtning qir uchiga chiqib olishardi; o‘takasi yorilgan quyonlar sakrab o‘rnidan turishardi; bu qudratli tovushni bir daqiqa tinglagan bug‘ular ham boshqa yerga ko‘chishardi: changalzor qo‘ynida mudrayotgan qoplonlar bir lahzagina uyqu bosgan sariq ko‘zlarini ochib, quloqlarini asabiy ravishda chimirib qo‘yishardi: faqat odamzodni yaqindan bilgan bo‘rilargina hamma narsani tashlab, tepalikka qochib chiqishar va anchagacha la’nati odamning isini olish uchun jonholatda havoni iskashardi.
Bu yerda yana mayingina shaldirayotgan chashmalar ham ko‘p edi: jazirama issiq paytlarda ham bu chashmalarning tegrasi salqin bo‘lardi. U yer-bu yerdauchrab qoladigan jarliklar, bir-biriga ilang-bilang ulanib, daryo tomonga cho‘zilib ketardi. Mana shu jarliklarda bo‘rsiqlar bilan tulkilar uya qurishni yaxshi ko‘radi, shu yerda — daryo yaqinida bo‘rilar yashardi.

VI

Teddi qirg‘oq yoqalab kun bo‘yi shimolga qarab yurdi. O’rmon ichiga kirishga botinolmay, bir necha marta hayotini saqlab qolgan daryoni kimsasiz va noma’lum o‘rmondan afzal bilardi u. Har tarafdan turli tovushlar bilan hidlar uni ta’qib qilardi. Teddi esa bularni ajratolmay qiynalardi. Ayrim hidlar unga yaxshi tanish edi. Yo‘lda ikki marotaba qoplonning izlariga duch keldi-yu, o‘sha zahoti tsirkdagi qoplon esiga tushdi. To‘g‘ri, tsirkdagi qoplonning hidi yomon edi: tutqunlikdagi hayvonlar qo‘lansaroq bo‘ladi. So‘ngra Teddi bahaybat archaning ostki shoxida o‘tirgan bulduruqlarni hurkitib yubordi-da, dastlab o‘zi ham cho‘chib tushdi. Bularning shunchaki oddiy parrandalar ekanini bilgach, yengil tortdi. Tulkining izlarini ham darhol ajratib oldi. Biroq ha desa bezovta qilayotgan bir-biridan yangi, notanish taassurotlar oxiri uni shunchalik holdan toydirdiki, Teddi noiloj bahaybat archaning tagidagi qulayroq joyga yotdi-da, dong qotib uxlab qoldi.
Har qancha g‘alati tuyulmasin, bu bahaybat yirtqich o‘rmonda butunlay ojiz va nochor edi. Uzoq yillar davomida u o‘rmondan, bir zamonlar ko‘rishga ulgurgan narsalardan behad uzoqlashib ketgan, deyarli unutib yuborgan edi. Tabiat unga ato etgan barcha sezgilari o‘tmaslashib qolgan, shu bois arzimagan narsalar oldida o‘zini yo‘qotib qo‘yardi. Uning dam-badam qorni ochardi, ilgari to‘yib ovqatlanishga o‘rganganidan hozir ochlikdan qiynalmoqda edi. Sirkda uning holidan har kuni xabar olib turuvchi xodim bu yerda yo‘q edi, u o‘z g‘amini o‘zi yeb, ovqat izlashga majbur bo‘lardi. U ovqat izlab topish uyoqda tursin, nima yeyishni ham bilmasdi. Ehtimol, hech kim ona nima ekanini yovvoyi yirtqichchalik his qilmasa kerak. Ona o‘z bolasiga yashirinishni, urishishni, qochishni o‘rgatadi, kim do‘stu kim dushman ekanini tushuntiradi. U chumolining uyasi qaerda bo‘lishini, chernika, qulupnay, xushxo‘r ildizlar, baliqlar bilan baqalar borligini biladi; u qaerda zilol suvlar, tinch, osoyishta joylar, oftobro‘ya maysazorlar qaerdaligini yaxshi biladi; unga hidlar siri va yashash joyini o‘zgartirish sabablari juda yaxshi ayon. U yana o‘rmonda bironta yirtqich uzoq yashamasligi, albatta biror kulfatga giriftor bo‘lib nobud bo‘lishini, bundan saqlanib uzoqroq yashash va nasl qoldirish uchun epchil, dovyurak hamda doim hushyor yurish lozimligini ham biladi.
Mabodo Teddi dastlab hayvonot bog‘ida, so‘ng tsirkda ulg‘aymay, ona ayiq bag‘rida hayot kechirganda, hozir qudratli yirtqich bo‘lib nima qilish lozimligini bilol-may qiynalmasdi. Afsuski, Teddi oq ko‘ylak, ishton kiygan odam qo‘lida hayot saboqlarini oldi va uning o‘jar ruhi bolaligidayoq ezilgan edi. U o‘rmonda yashov-chi ayiqlar uchun misli ko‘rilmagan dahshatli narsalarni bilishga ulgurgan edi. Shaharda u shak-shubhasiz boshqa ayiqlardan ko‘ra behad tajribaliroq, aqlliroq bo‘lishi mumkin edi, ammo uning bilgan-ko‘rganlari o‘rmonda nimaga ham yarardi! O’rmonda u bir dumalab go‘yo qaytadan zaif va nochor ayiq bolaga aylanib qolgan edi.
Bor-yo‘q farqi shunda ediki, u endi jajji ayiqcha emas, balki qafasga ishqalanaverib junlari to‘kilib ketgan bahaybat ulkan ayiq edi, buning ustiga tadbirkor onasi ham yonida yo‘q edi.

VII

Teddi qushlar ovozidan uyg‘onib ketdi. Bu qushchalar shudringdan nam tortgan novdalarda sakrab-sakrab chirqillashardi. Tepalik ortidan kuyosh ko‘tarildi. Qarag‘ayzorni harir tuman qoplagan, shudring jilva qilar, havo beg‘ubor edi. Teddi tungi oshiyonidan chiqib shimolga qarab yo‘lga tushdi. O’rmonda sandiroqlab yurishga odatlanmaganidan ikki kundirki, uning panjalari og‘rib-og‘rib qo‘yardi, shunga qaramay u qaysarlik bilan yo‘lda davom etardi. U shimol sari ketib borarkan, uchib ketishga chog‘langan qushlardek hech narsa haqida qayg‘urmasdi. U ichki bir tuyg‘uga qayishib serquyosh, yemish mo‘l, osoyishta va zilol suvlar oqib yotgan bemisl o‘lka sari borardi.
Peshin payti yalanglikdan o‘tayotganda ayiqning dimog‘iga ajabtovur bir hid urildi-yu, allanarsalar esiga tushdi. Biroq bu yoqimli hid qaerdan kelyapti? Teddi kun chiqar tarafga o‘girilib ozgina yurgandi, hid yo‘qoldi. U bezovtalanib iziga qaytdi — hid yana dimog‘iga urildi. Shunda Teddi chumoli uyasining qaysi tomonda joylashganini aniqlaguncha turgan yerida aylanaverdi, yillar o‘tib chumolilarni unutib yuborgan bo‘lsa ham bu hidni darhol sezgandi.
Chumolidan ajoyib narsa bormi dunyoda! Ulardan shirin narsa bormi. Yog‘li, nordongina, ishtahani qitiqlaydigan, buning ustiga to‘yimli — istagancha yeyish mumkin!
Teddb tumshug‘ini chumolining uyasiga suqdi va huzurlanib pishqirib yubordi — bu hid shunchalar o‘tkir edi. U tumshug‘ini yanayam chuqurroq suqdi-da, ko‘zlarini yumib, tilini chapillata boshladi. Bir zumda uning tumshug‘ini yirik-yirik sariq chumolilar qopladi, quloqlariga o‘rmalab kirdi, biroq Teddi boshini silkitib yana ham ishtaha bilan tamshana boshladi. Nihoyat u nafasi qaytib, orqa oyog‘iga o‘tirdi-da, tin oldi. Daf’atan allaqachon unutib yuborgan bir nima esiga tushdi-da, u chumoli uyasini buza boshladi. Chumolilar endi uning panjasiga yopishdi-yu Teddining bamaylixotir o‘tirib, panjasini yalashdan boshqa ishi qolmadi. Bu juda qulay edi — endi chumolilar uning tumshug‘iga, quloqlariga kirib g‘ashiga tegmas, og‘ziga tuproq bilan o‘t-o‘lan ham kirmasdi. Teddi oxiri chumoli uyasida hech vaqo qolmagach, nari ketdi.
Chumoli uyasini buzib tashlagach, Teddi yo‘lida davom etdi, yonbag‘irlarini archalar qoplagan bir tepalikdan oshdi, jarlikdan o‘tdi. Xo‘jag‘atzorga duch kelib kechgacha o‘sha yerdan chiqmadi.
Oldiniga bulduruq va qarqurlarning parr etib ko‘tarilishi, hovuzlardagi baliqlarning bexos sakrashlari, o‘rmon shovqini, yaqin atrofda ketayotgan bug‘ularning qasira-qusuridan Teddi cho‘chirdi. G’alati, noma’lum, o‘tkir hidlar ham xavotirga solardi. Biroq u qo‘rquvni yengib, bu noma’lum hiddar va tovushlarga ko‘nikish, keyinroq yana duch kelganda ulardan nariroq bo‘lish yoki peshvoz chiqish uchun ko‘nikib borardi.
Hozirgi hayotining dastlab o‘zi ham payqamagan yaxshi tomoni bor edi: odamdan boshqa hech narsadan qo‘rqmasa ham bo‘lardi. U na bo‘rilar, na qoplonlar, na suvsarlardan hayiqardi. Uni hech nima bezovta qilmas, u hech narsadan tap tortmas va hech nima uni ta’qib etmasdi. Aksincha, undan hamma hayvonlar qo‘rqardi, holbuki, o‘rmonda eng bahaybat va xavfli yirtqich o‘zi ekanini Teddi bilmasdi. Buni anchadan keyin, kunlarning birida ikkita katta-katta bo‘ri bug‘u jasadini xomtalash qilayotganini ko‘rib qolgan paytda angladi. Bo‘rilarga ko‘zi tushgan ayiq nima qilarini bilmay to‘xtab qoldi. Bo‘rilar esa tahdidona irillab, o‘sha zahoti nari ketishdi va Teddi bug‘u go‘shtini pok-pokiza tushirayotganida yaqin kelishga botinolmay ancha narida aylanib yurishdi. O’shanda Teddi o‘zining qudratli ekanini sezgan va bundan faxrlangan edi. Shundan keyin ham bir necha bor bu yerga qaytib keldi. Har safar uni ko‘rdi deguncha och bo‘rilar o‘ljani tashlab nari qochayotganidan quvonardi.

VIII

Bir manzilda bir kun, boshqasida ikki kun tunab, Teddi tobora shimolga yaqinlashib borardi. Kun sayin qarag‘aylar yiriklashardi: xo‘jag‘atlar, qulupnay va brusnikalar ko‘payib, qishloqlar kamayib borardi. Behad go‘zal, odam oyog‘i yetmagan xilvat go‘shalar va sukunat hukmron. Yana nima kerak?! Biroq Teddi xotirasida shunchalar go‘zal manzaralar o‘rnashib qolgan ediki, ko‘z o‘ngidagi voqelik uii qanoatlantirmas va u hamon allaqanday qadrdon yurti, allaqanday jannatmakon ayiqlar oshiyoniga oshiqardi.
O’zi qulay deb hisoblagan joyni topib, Teddi atrofni ko‘zdan kechirib chiqardi. U chirigan to‘nkalarni kavlar, kalamush va kuyonlar, olmaxonlarning uyasini buzar, oqish yo‘sin qoplag‘an toshlarni ag‘darib, shilliqqurtlar va chuvalchanglar izlardi.
Bir safar kambargina ko‘l bo‘yida, suvning tuyqus shaloplashidan o‘takasi yorilib to‘xtab qoldi. Qirg‘oqdagi qiyoqzorda isinayotgan cho‘rtan baliqlar ayiqdan qo‘rqib, o‘t-o‘lanlar orasidan chiqa solib suvga sho‘ng‘ir edi. Teddi suvdan va qiyoqlar orasidan ko‘z uzmay qirg‘oq yoqalab yo‘lga tushdi.
U hali baliq go‘shtining ta’mini bilmasdi. Biroq nimadir mana shu jonivorlardan birini tutib yeyishga undardi. Nihoyat u qilt etmay turgan cho‘rtan baliqning qoramtir sharpasini sezib, tovush chiqarmay, yerga qapishib yaqinlasha boshladi. Chetdan qaraganda u juda g‘alati alfozda edi. Oldingi panjalari bilan tumshugi yerga qapishgudek, gumbazdek keti esa kulguli tarzda selkillardi. Biroq ayiq pusib kelar, mitti ko‘zlari esa mudhish yiltillardi. Cho‘rtan baliq yotgan yerni poylab turib panjasi bilan keskin urdi va bo‘kirib oldingi panjalari bilan suvga tushdi. Dastlab zarbi nishonga tegdimi, yo‘qmi o‘zi ham bilolmadi. Biroq zum o‘tmay loyqa suv sathida cho‘rtan baliqning oqish cho‘tir qorni qalqib chiqdi. Teddi uni qirg‘oqqa uloqtirdi. Pok-pokiza tushirgach, baliq go‘shtining ta’mi og‘zida qoldi. Ikki hafta davomida Teddi ko‘p narsa o‘rgandi. Hidlar qaysi tarafidan kelayotgan bo‘lsa o‘sha tomonga boshini qo‘yib yotadigan bo‘ldi. Mevalar bilan ildizlardan tashqari qo‘ziqorinlar ham xushho‘r ekanini anglab yetdi. Endi Teddi dastlabki kunlardagidek duch kelgan narsani og‘ziga tiqib kavshayvermasdi; u shirali ildizlar zax yerda bo‘lajagini bilib oldi: muzdek buloq suvlaridan ichishga va shamol yo‘nalishidan foydalanishga o‘rganib oldi, uning ziyrakligi oshdi va endi eng nozik hidlarning ham eski yoki yangi ekanini ajratadigan bo‘ldi: u yana o‘rmondagi hamma narsani og‘ziga olavermaslikdan tashqari ba’zi mevalar va qo‘ziqorinlarni yaxshisi yemaslik kerakligini tushundi.
U chiniqdi, huda-behudaga toliqmaydigan bo‘ldi va birinchi kunlari og‘rib bezovta qilayotgan tovonlari cho‘p-tikanlar, toshlar botaverib dag‘allashdi, tsirkda yurganida qirqib tashlashgan tirnoqlari yana o‘sib chikdi. U sekin, deyarli ovoz chiqarmay yuradigan bo‘ldi.
Boshida Teddi odatdagidek ko‘pincha kechasi uxlardi. Biroq keyinchalik o‘rmon kechasi juda maroqli bo‘lishini sezdi. Tunda daydib yurgan quyonlar bilan tulkilarning izi ularning yaqinginada shu yerdan o‘tganidan darak berardi, o‘t-o‘lanlar orasida bir nimalar g‘imirlar, butazorda allaqanday hayvonlar kezar, jarlikda va yalanglikda qandaydir maxluqlar uyoqdan-buyoqqa o‘tar, tun sukunati qo‘ynida xo‘p alomat tovushlar eshitilardi. Qolaversa, Teddini kuni bilan bezor qilib yuboruvchi chivinlar bilan iskabtoparlar ham kechasi g‘oyib bo‘lardi. Oqibat, kunduzi u xilvat oshiyonlarda yotib uxlaydig‘an, kechasi esa tez-tez daydib yuradigan bo‘ldi.

IX

Kunlardan bir kun Teddi qishloqqa yaqin yerdagi o‘rmonda chog‘roqqina suli ekilgan maydonga duch keldi. Bu tashlandiq maydon bo‘lmay odamzodga tegishli yer edi.
Teddi ekinzor yoqalab yurdi. Suli boshoqlari mayingina qitiqlar, uning bahri dilini ochardi. Ekinzorni aylanib chiqib ham biron narsa topolmagach, Teddi nari ketdi, biroq anchadan keyin qaytib keldi-da, ekinzorga sho‘ng‘idi va oy nuriga g‘arq bo‘lgan bexavotir yerda yotib, boshoqlarini kappalay boshladi. Shu tariqa u suli mazasini bilib oldi, bu boshoqlar nimasi bilandir deyarli unutib yuborayozgan suli yormasini unga eslatdi. Dastlab Teddi ochko‘zlarcha, donini ajratib o‘tirmay bandini qo‘shib yeyaverdi, so‘ngra faqat boshoqlarini shimib chaynashga o‘tdi, tongga yaqin ekinzorning bir qismini payhon qilib jo‘nab qoldi. Suli juda yoqib qolgan ayiq ertasiga yana keldi va kechasi bilan maza qildi. U indiniga ham kelardi-yu, lekin yo‘lda botqoqlikka tushib chalg‘idi: o‘sha yerda o‘ttizga yaqin qurbaqalarni hurkitib yubordi-da, tutib yeyman, deb toza balchiqqa ag‘anadi va aichagacha shaltog‘ini tozalashdan ortmadi.
Teddi shu kuni ertalab ekinzor yoqasidagi yo‘lda aravada odamlar o‘tganini, ular ekinni uzoq ko‘zdan kechirgach, fig‘onlari falakka chiqib qaytib ketganlari va kechqurin bolta-yu, taxta ko‘tarib kelishganlarini hamda o‘zlari uchun qulay deb bilgan bahaybat qarag‘ayga bir nimalarni qoqqanlarini bilmasdi.
— Juda soz!— dedi ulardan biri kaftlarini bir-biriga ishqab, boshqalari sovuqqina kulib qo‘yishdi.
So‘ngra odamlar chetroqqa chiqib, chekishdi, aravadan miltiqlarini olgach, ikkitasi tirmashib qarag‘ay tepasiga chiqdi, uchinchi sheriklari esa qaytib ketdi.
Teddi uyg‘onganda oy o‘rmon uzra havolanib ulgurgan edi. U sassiz, uyoq-buyoqqa alanglab va havoni iskab, sukunat bag‘rida ancha yotdi. So‘ngra o‘rnidan turib esnadi, kerishdi, suli esiga tushib ekinzorga jo‘nadi. Yo‘lda biror is olib to‘xtar, tumshug‘ini o‘t-o‘lanlar orasiga suqib iskay-iskay shirali ildizni sug‘urib shapillatib yerdi.
Teddi ekinzorga yetib keldi-da, o‘zi ikki kecha maza qilgan joyni ko‘zdan kechirib borayotganda o‘sha yerga o‘n besh qadam qolganda birdan taqqa to‘xtadi.
Yo‘q, u tiq etgan tovush eshitmadi va biron nima sezmadi. Ichki bir sezgi uni ogohlantirdi: bu yerda nimadir o‘tirganga o‘xshardi.
Teddi ekinzorni o‘rmon ichi bilan aylanib o‘tish uchun o‘ngga burildi, uning junlari hurpaydi, biroq odatdagadek bo‘kirmadi: tovush chiqarmaslik zarurligini u his qilardi.
Hech zog ko‘rinmas, qilt etgan sharpa yo‘q edi. Kuchsizgina shabada esib, Teddining dimog‘iga yana sulining hidi urildi. Biroq Teddi har safargidek tamshanmadi, so‘lagini yutib oy nurida oqarib ko‘rinayotgan yo‘lga chiqdi. Dimog‘iga kuyindi, go‘ng, tamaki va odam isi keldi. U to‘xtab havoni iskadi. Ot mingan odamlar kelgani, shu yerda to‘xtab chekishgani, so‘ng jo‘nab ketishganini angladi. U yana ham dadillanib yo‘l yoqasidan yurdi, yana uni kesib o‘tib, endi ekinzorning boshqa tarafida paydo bo‘ldi.
U kunduzi shu yerga kelgan odamlarning jo‘nab ketganiga qat’iy ishonardi-yu, biroq,— ajabo! — baribir xavotiri arimas, junlari hamon tikrayib turardi. Ayiqning bu xavotirli yerdan butunlay ketgisi keldi — chunki hamma noma’lum narsalar qo‘rqinchli edi — va o‘rmon tarafga burildi-yu, lekin sal naridan yana qaytib keldi.
Teddi onasiz o‘sgan va hech kim oyog‘i tortmagan yerga bormaslik lozimligini unga o‘rgatmagan edi. Shuning uchun, u archalar ortida yashirinib turganida sulining totli, o‘tkir hidi qo‘rquv hissidan ustun kelib uni chorlardi.
Ayiq daraxtlar orqasida tura-tura oxiri chiqdi. U endi boshoqlarga cho‘zilgan edi, tuyqus, shu atrofda, yuqorida nimadir sharaqladi va qimirladi. Teddi o‘zini chetga olishga va boshini ko‘tarib qarashga ham ulgurmay bir shu’la yalt etdi va tun sukunatida dahshatli o‘q ovozi yangradi, cho‘g‘dek bir nima ayiqning oldingi, chap panjasiga tegib, u yiqildi. Teddi o‘zining eng xavfli dushmani — odamning tuzog‘iga tushganini, zudlik bilan o‘rmon sari qochish kerakligini, o‘sha bir nima sharaqlagandayoq bilgan, sezgan edi; ammo afsus, ulgurolmadi. Shuning uchun hozir har qancha quturgan bo‘lmasin, sapchib turib o‘rmonga yugurdi. U iloji boricha tezroq yugurish lozimligini bilardi, biroq baxtga qarshi u birdan mukkasidan ketib yiqildi, xuddi shu payt orqa tarafdagi beo‘xshov qarag‘ay tepasidan yana ikki o‘q yangradi, o‘qlar uning shundoqqina yoniga chiyillab urildi va chatnab ketdi. U qo‘rqdi, yo‘q, o‘qlar ovozi bilan chatnagan tovushdan emas, balki qocha olmay yiqilgani uchun dahshatga tushdi. U yana sapchib turdi-da, o‘rmon sari otildi, yana boyagi hol takrorlandi; unga bir balo bo‘lgandek tumshug‘i bilan yiqildi. Shundagina Teddi oldingi panjasi ishlamayotgani, jonsiz bo‘lib—qolganini angladi. U endi og‘irligini sog‘ panjasiga solib yugurdi: u orqa-oldiga qaramay sarosima ichida pishqirgancha, shox-shabbalarga urilib, chayqalib, qoqilib-suqilib qocha boshladi.
U uzoq yugurdi, har lahza ortidan quvib kelishayotgandek, ana-mana yetib olishadigandek tuyulib, hamon ildamroq chopishga urinardi. Oxiri u holdan toydi va qochib qutulishga ko‘zi yetmay to‘xtadi-da, o‘kirgancha dushmanini qarshi olishga o‘girildi. U dahshat bilan o‘kirib og‘riq behad zo‘rayayotgan panjasini yig‘ishtirib cho‘kkaladi. Uiing ko‘zlari yonar, biqinlari ko‘tarilib tushar, yag‘rinidagi va biqinlaridagi junlari g‘azab va qo‘rquvdan tikka bo‘lgan edi. U o‘zining xirillab nafas olishidan bo‘lak tovushni eshitmadi, atrofga quloq solish uchun nafasini ichiga yutdi: jimjit. Bu jimlikka ishonmay, g‘animini yashirinib olgan deb hisoblayotgan ayiq yana bo‘kirdi, so‘ng orqasiga qaray-qaray keta boshladi.
Lekin uni hech kim quvmadi, uning o‘kirigidan o‘takasi yorilgan o‘rmon qaytanga jim bo‘lib qolgan edi. Teddi panjasini yalay boshladi. Issiq qon uning ishtahasini qo‘zg‘ab yubordi va bu mashg‘ulotdan huzurlanayotgandek tobora g‘ayrat bilan yalashga tushdi. Shu narsa uning joniga ora kirdi. Toig otgach, ovchilar miltiqlarini o‘qlab ayiqning qonli izidan yo‘l olishdi. Ular ayiqning shox-shabbalarni sindirib yerni tirnoqlari bilan o‘yib, o‘tlarga qon sachratib rosa yugurganini qonli izlar orqali fahmlashdi. Ular yana uning bir yerda o‘tirib kutganini payqashdi: shu yerda qon ko‘p oqqan, maysalar ko‘proq ezilgan edi. Biroq nariroq borgach, izni sezish qiyinlashdi, qon kamroq ko‘rinardi, oxiri ular izni butunlay yo‘qotib qo‘yishdi. Ovchilar ayiq izini yo‘qotgach, yaqin oradagi jarliklarni ko‘zdan kechirib, qishloqqa qaytib ketdilar.

X

Teddi esa bu paytda uzoqda, qalin o‘rmon ichidagi yalanglikda azob chekib yotardi. Uning panjasi shishib ketib, kun bo‘yi qimirlayolmay qoldi. Tun kirdi, biroq ayiq og‘riqdan ko‘z yumolmadi. Undan tashqari, yana allaqanday bezovtalik uning tinchini buzdi, har qancha qilmasin buning sababini bilolmadi. O’rmon jimjit. Tiq etgan tovush yo‘q edi. Mana shu o‘lik sukunat borgan sari ayiqni bezovta qilar va qiynar edi.
Kechga yaqin olisda ketma-ket chaqmoq chaqdi. Keyin o‘sha yoqdan momaqaldiroqning guldiragani eshitildi. Teddi bunga javoban o‘kirdi va archa ostidagi oshiyonidan bezovtalanib to‘lg‘ana boshladi. Tevaragida hukm surgan mash’um sukunat, goh-goh olislardan kelayotgan gulduros ayiqni sarosimaga solib qo‘yganidan, u biror yerga yashirinib olishni istardi. Biroq buning sira iloji yo‘q edi.
Ko‘p o‘tmay bo‘ron boshlandi, daraxt shoxlari orasidan ko‘zga chalinayotgan yulduzlar yuzini qop-qora bulut to‘sib qo‘ydi va zulmat bag‘rini tilka-pora qilib chaqmoq chaqildi, ketidan o‘rmonni larzaga solgudek dahshatli momaqaldiroq guldiradi.
Kuchli shamolda qarag‘aylar bilan archalarning uchi shovullar, pastda esa jimjit, qimir etgan harakat sezilmasdi. To‘satdan sharros jala kuyib yubordi. Bu daraxt yaproqlariga chirsillab uriladigan odatdagi yomg‘ir emasdi, unaqasi Teddiga tanish edi, lekin bunisi birdaniga chelaklab, guvillab quyib berdi, bu guvillash — faqat ahyon-ahyon momaqaldiroq guldiraganini aytmasa, hamma tovushlarni bosib ketdi.
Jala ertalabga yaqin tindi, quyosh nurlaridan o‘rmon yashnab. ketdi. Zumrad tomchilar shoxlaridan quyidagi shoxlarga tomar, undan maysalar uzra to‘kilardi. Tonggi o‘rmon jo‘shqin shovullardi.
Boyoqish Teddi! Og‘riq azobidan tinkasi qurigan, bo‘ron va odamlardan loragini oldirib qo‘ygan, bir necha kundan beri uyqu nimaligini bilmagan, jalada bo‘kkan bechora ayiq archa ostida o‘tirar va og‘riqdan kuyosh nurlari yuragiga sig‘mas, qaerga borib yemish izlash haqida o‘ylayolmas edi. U yarasi bitib, ochlikdan o‘lar holatga yetguncha so‘ppayib bir necha kun yotdi.
So‘ng bir amallab yo‘lga tushdi, u tepaliklar yonbag‘rida panjasini arang bosib tentirarkan, shox-shabbalar, ildizlar yoki cho‘p-tikanlar yarasiga botib uning jonini sug‘urib olgandek bo‘lardi. Ammo oradan bir necha kun o‘tgach, ayiq oyog‘ini ohista bosadigan bo‘ldi va shu tariqa asta-sekin dardi arib, yana g‘ayrati jo‘sh urib tetiklandi.
U juda uzoq safarga otlangandek hamon yo‘lda davom etardi. Hech yerda to‘xtamay shamol sari ming chaqirimdan ziyod yurib qo‘ydi. Endi u dastlabki paytlardagidek notavon emasdi. U hidlarning sirli jihatlarini kashf etdi va endi uncha-munchaning farqiga boradigan bo‘ldi. U o‘zini qurshab turgan buyumlar va hodisalarni borgan sari yaxshiroq o‘zlashtirardi. Shu tariqa u xo‘jasavdogarlar bilan hakkalar betamiz kush deb hisoblansa ham ularga ishonish lozimligini bilib oldi. U jelning nima uchun qichqirganini bilishga o‘rgandi, basharti uzoqdan daraxt tepasida tumshug‘ini tozalayotgan qarg‘aga hamda uning ostidagi shoxlarda tizilib o‘tirgan zagizg‘onlarga ko‘zi tushsa, hech ikkilanmasdan o‘sha tomonga yo‘l solardi, chunki qorni to‘q qarg‘alar o‘tirgan yerda albatta yemish bo‘lajagi endi unga ayon edi. Teddi daraxtga tarmasha olmasdi, lekin serbutoq qarag‘ayni uchratib qolsa albatta tepasiga chiqib, tevarak-atrofni bir qur ko‘zdan kechirardi. U xo‘jasavdogarlar bilan hakkalar xira pashshadek o‘ziga yopishib qolishini yoqtirmasdi. Shunday kezlarda ulardan qutulish uchun tumshug‘ini ko‘tarib bo‘kirar, agar qushlar shunda ham daraxtdan daraxtga o‘tib, chirqillashib, ergashaversalar yashirinib olish payiga tushardi. So‘ng yaqin atrofdagi daraxtlarga nazar solar, bu shilqim qushlarni ko‘rmasa mamnunona xo‘rillab, yo‘lda davom etardi. Shaharda yashasa umr bo‘yi o‘rganish nasib etmaydigan narsalarni qisqa vaqt ichida o‘rgangan Teddi bir qaraganda chinakam yirtqichga aylangan edi. Biroq aslo bunday emasdi.
Bir safar erta bilan suv ichgani anhor bo‘yiga borgan Teddi qo‘qqisdan to‘xtadi-yu, qotib qoldi: anhor bo‘yidan ayiq hidi kelardi. Bu hid eski edi, taxminan ikki kun burun shu yerdan o‘tgan bo‘lsa kerak. Lekin bu arang sezilayotgan hid shunchalar tahdidli ediki, Teddi tashnaligini ham unutib atrofni uzoq ko‘zdan kechirdi: u sira o‘zini bosolmasdi. Demak, bu o‘rmonlarda undan boshqa yana bir hukmdor bor ekan-da! Bundan buyon shundan ehtiyot bo‘lib yurish lozim. O’sha kundan boshlab Teddining tinchi buzildi.
U borgan sari buzilgan chumoli uyalariga, payhon qilingan malinazorga, toptab tashlangan brusnikalarga tez-tez duch kelaboshladi. Ba’zan Teddi olisdan o‘laksa hidini ilg‘ab yetib kelsa, anovi ayiq allaqachon bu yerdan o‘tgan va o‘laksadan nomu nishon qolmagan bo‘lardi. Endi o‘rmonning hamma yerida begona ayiqning hidi anqirdi. Teddi esa bunga toqat qilolmadi. Uning g‘azabi shunchalar kuchaydiki, oqibat u bir narsani — ikkovlaridan biri bu o‘rmondan ketishi kerakligini angladi. Agar yomon bo‘lsa Teddi hech ikkilanmasdan bu yerni tark etardi. Biroq bu yerlar shunday ajoyib, xo‘rak shunchalar mo‘l ediki, natijada Teddi ganimini haydab yuborishga qasd qildi va u bilan uchrashish payiga tushdi. U goh yanga, goho eski izlarga duch keldi, ammo ayiqning o‘zini sira uchratolmadi.
Ular hech kutilmaganda to‘qnash keldilar. Teddi ertalab kun bo‘yi yotish uchun bir joyni tanladi-da, qarag‘aylar orasidagi kaftdekkina yalanglikdan o‘tib borayotganda birdan dimog‘iga o‘sha ayiqning jirkanch hidi urildi. Hid shu atrofdan ufurardi. Teddi boshini ko‘tarib, hid kelayotgan yoqqa qaradi-yu, raqibini ko‘rdi. Bu bezbetning hozir adabini beradi! Teddining ko‘zlarida mudhish alanga yondi. Raqibi bir lahza qarag‘aylar ortiga yashiringan bo‘ldi-da, so‘ng yalanglikka chiqdi…
Bu bahaybat yirtqichni ko‘rgan Teddi quyondek qotib qoldi. U atigi bir soniya burun bag‘oyat darg‘azab, jangga tashna vahshiy yirtqich edi. Uning vahshiyligi raqibining vahshiyligi oldida hech narsa bo‘lmay qoldi. Ana uni yirtqich desa bo‘ladi — junlari osilib tushgan, soqolli, tirnoqlari po‘latdek, o‘zi ham po‘latdan quyilgandek baquvvat, ko‘zlari mudhishona chaqchaygan. Uning qarshisida Teddidek ulkan yirtqich ham qo‘rquvdan dong qotib qoldi.
Ayiq kallasini osiltirib turganidan bukurga o‘xshardi. U churq etmay Teddiga tikildi. Hali oralarida hech narsa sodir bo‘lmay — na unisi, na bunisi tovush chiqarmay, biron harakatga chog‘lanmay, Teddi bu ajoyib o‘lkani aynan o‘zi tark etishi lozimligini tushundi. Bu mudhish bahaybat yirtqich bilan u tenglasha olarmidi!
Teddi bilgan narsani o‘sha zahoti raqibi ham his etdi. Bu ham yetmagandek, u Teddining ham shuni anglaganini tushundi. Yo‘q, u Teddini g‘ajib tashlagani hamla qilmadi, balki past ovozda o‘kirib qo‘ydi. Uning o‘kirigi Teddinikidan kam deganda besh parda baland edi. Yirtqichlarning o‘kirishi odamlarga bir xilda eshitiladi, ular yirtqichlar ovozidagi nozik ishoralarni ajratib olishga qodir emas. Teddi esa raqibi nimani istayotganini darhol sezdi. Uning past o‘kirishi «yo‘qol bu yerdan!» deganini anglatardi. Bu amr-farmonga quloq solmaslik Teddi uchun o‘lim bilan tugashi aniq edi. Teddi loaqal g‘ing demadi, ortiga o‘girilib, o‘sha zahoti jo‘nab ketdi. O’rmonga kirganda u so‘nggi bor o‘girilib qaradi: ayiq hamon yakkam-dukkam qarag‘aylar fonida ulkan g‘aramdek qimir etmay turardi. Teddi bu liq-liq sariq chumolilar va qizil brusnikalar o‘lkasini butunlay tark etdi. U hayot uchun kurashda zaif ekan, yengildi, darvoqe, vaqtida qutuldim deb hisoblashga uning to‘la asosi bor edi.

XI

Qayin bilan terak yaproqlari deyarli to‘kilib bitdi, zah yerni hazon qopladi, qushlar to‘da-to‘da bo‘lib issiq o‘lkalarga uchib ketishga chog‘lanishdi, malina pishdi, qo‘ziqorinlar ko‘paydi va Teddi ko‘pdan-ko‘p tepaliklarni oshib o‘tdi, daryoning irmog‘i bo‘ylab yura-yura bir kun ertalab xiyla keng yalanglikka chiqqanda sovuq tushdi.
U yalanglikda to‘xtab, havoni iskadi, atrofni kuzatdi-da, nihoyat o‘zi orzu qilgan, bir vaqtlar, bolaligida yashagan o‘lkaga yetib kelganini birdan angladi. U endi boshqa yerga bormaydi, xullasi kalom uning safari tugagan edi.
Bu yerdagi hamma narsa o‘sha paytdagidek — Teddi hali hech narsani farqiga bormaydigan, chumolilar va qulupnaylar yeb yurgan va onasi uni anhor suviga pishib oladigan zamonlarda qanday bo‘lsa shunday — o‘zgarmagandek edi. U paytlarda hayot behad go‘zal, baxtiyor damlardan iborat edi, mana hozir Teddi yana o‘sha yerga qaytib keldi. Ammo ming qilganda ham bu boshqacha edi. Yo‘q, u davrlar — bolaligi o‘tmishda qolib ketdi, endi qaytmaydi, qaytib kelmaydi. Quyosh nurlari va yam-yashil maysalar singari jilvalanmaydi.. Oh, qaniydi, yana bir dumalab jajji ayiqchaga aylanib qolsa, onasini izlab topsa, uning mayingina, issiq og‘ushida tin olsa! Ming afsus, buning iloji yo‘q…
Teddi kechayu kunduz tinmay bu o‘lkani sekin-asta aylanib chiqdi, aylanib yurganida o‘z mulkining chegaralarini belgilab oldi. U anhorlarni, botqoqlar, jarlar, shudring bosgan o‘tloqlarni, o‘rmon yoqalari va xilvat go‘shalarni ko‘zdan kechirdi. Son-sanoqsiz bo‘rilar, bug‘ular, olmaxonlar, kunduzlar, quyonlarning izlarini uchratdi. Ularning ayrimlariga parvo qilmadi, ayrimlari g‘ashiga tegdi va u o‘rmon tugul havo ham o‘ziga tegishli ekanidan ogoh qilish uchun yerni kavlab, tuprog‘ini har tomonga sochdi, daraxt po‘stloqlarini shildi.
Bulduruqlar bilan qarqurlar kovjiragan yaproqlarni to‘zg‘itib, uning tumshug‘i tagidan parillab ko‘tarilar, biroq endi u hech narsaga hayratlanmas, barchasini tabiiydek qabul qilardi. Endi u turli hayvonlarning iziga duch kelgan paytda xavotirga tushmas yoki qiziqib iskamas, balki bir qarashda nimaning izi ekanini ilg‘ar va ortiqcha ahamiyat bermasdi.
Uning juni o‘sib mayinlashdi va tovlanadigan bo‘ldi. Panjasining og‘rig‘i qolib ketdi va u to‘nkani kavlab olish yoki qulagan zalvarli daraxt tanasini ag‘darish chog‘ida bemalol o‘sha panjasini ishga solardi. Teddi ishtahasi karnay bo‘lib ketganidan tinch o‘tirolmay daydigani daydigan edi. Bu yerda hamma narsa yetarli edi, u ko‘pincha o‘zini har doimgidan ko‘ra ozod va kuchli sezib behad huzurlanardi.
Erkinlikka nima yetsin! U quyoshga, yulduzlar charaqlagan poyonsiz samoga o‘xshaydi; u huzurbaxsh shamolga yoki sharqirab oqayotgan suvga o‘xshaydi.
Hech kimdan qo‘rqmaslik kerak, o‘zingga yoqmagan ishni qilmasa ham bo‘laveradi!

XII

Noyabr — qora sovuq boshlanadigan oy kirdi, bug‘ularning kuzgi kuyikish davri boshlandi. Tepaliklarda yurganida Teddi ularning bo‘kirishlariga achchig‘lanib quloq solardi. Bahaybat shoxli, ulkan bug‘uni u bir necha bor uzoqdan ko‘rdi. Bug‘u ehtiyotkorlikni unutib, bemalol yurardi. U tinimsiz pishqirar va bo‘kirardi. Ayiqqa bunday qo‘shnichilik yoqmadi. Teddi ba’zan o‘zini bosolmay shovqin ko‘taradigan yirtqich bo‘lgani bilan boshqalarning shovqin-suroniga chidayolmasdi, ko‘p o‘tmay bir paytlar ayiqdan qanchalik jirkansa bug‘udan shunchalik hazar qiladigan bo‘ldi.
Kunlardan bir kun u bug‘ularning iziga duch keldi va bu yerdan hozirgina anovi ulkan bug‘u urg‘ochi bug‘ular bilan o‘tganini angladi. Shu kuni Teddi darg‘azab edi, bu surbet bug‘uni haydab yuborish istagi butun vujudini qamrab oldi-yu, ularning izidan yo‘lga tushdi. Yuqoriga ko‘tarilgach, izni yo‘qotib qo‘ydi, bir aylanib yana bug‘ularning hidini ilg‘adi. Ko‘p o‘tmay ularning qorasi ko‘rindi. Bug‘ular terakzorda novdalarni chimdib-chimdib yeyishardi.
Teddi o‘kirgancha ularning yoniga, yuqoriga chiqa boshladi. Ayiqni ko‘rib hurkib ketgan urg‘ochi bug‘ular pastga qochdilar. Erkagi esa kutilmaganda pishqirib ayiqning yo‘lini to‘sib chiqdi. Albatta, boshqa payt u hech ikkilanmasdan urg‘ochi bug‘ularga ergashgan bo‘lardi. Hozir esa :kuyikish oqibatida qo‘rqmasdan raqibining ustiga bostirib bordi: ular yalanglikka tushdilar. Teddi jahl bilan o‘kirdi. Bunga javoban bug‘u pishqirdi. Uning vujudi jang qilish ishtiyoqidan titrar, ko‘zlariga qon quyilgan edi. Bug‘uning avji kuchga to‘lgan payti edi, serbutoq bahaybat shoxlari, baquvvat bo‘yni shundan dalolat berardi.
Bunday to‘qnashuvni mutlaqo kutmagan Teddi shoshib qoldi, u qo‘rqmadi, faqat to‘xtab qanday hamla qilishni mo‘ljallab taraddudlandi. Lekin uning taraddudini o‘zicha tushungan bug‘u, birdan boshini quyi solib, pishqirdi-da, ayiqqa tashlandi. Teddi qochishga ulgurolmay bug‘uning zarbidan yiqildi. Qoni jo‘shib ketgan bug‘u yiqilgan raqibining tepasida hamlaga hozirlandi, kim bilsin, bug‘u ayiqning boshiga suzganda bormi, uning kuni bitardi. Ammo bug‘u mo‘ljallaganidek, Teddining boshiga emas, yelkasiga suzdi. Ayiq suyagi toshdan qattiq edi — sinmadi, ammo endi olishish qayda, deysiz, sog‘ qolganiga shukr!
Zarbi xato ketganini ko‘rgan bug‘u yana tashlandi, ammo Teddi chap berib qoldi-yu, bu gal bug‘u nishonga urolmadi. Shunda u yana birinchi safargidek boshini quyi solib hamla qildi. Teddi yana chap berib buta ortiga sakradi, bug‘u esa dabdurustdan o‘zini to‘xtatolmay, ayiqning ortidan burilgan edi, ayiq oqsoqlangancha jonholatda pastga qarab qochdi. Bug‘u misli ko‘rilmagan g‘alabaga erishgan edi. Biroq hozir bu unga kamlik qildi. U raqibini yanchib tashlash yoki bu yerdan butunlay haydab yuborishni istardi. Aloha u ayiqni quvib osongina yetib oldi va bir-ikki marta suzishga ulgurdi. Keyin bir nima esiga tushgandek to‘xtadi-da, urg‘ochi bug‘ular yoniga qaytdi. Abjag‘i chiqqan, boyoqish Teddi esa bo‘ronda sinib tushgan shox-shabbalar orasiga kirib olib, uzoq ingrab, mag‘lubiyat alamini chekib yotdi. Yaqinda uni soqolli ayiq haydadi, endi bug‘u… Hammasidan yomoni u endi barcha bug‘ulardan qochib yurishi kerak: modomiki bittasi adabini berdimi, demak boshqalari ham shunday qilishi mumkin. Shu kundan e’tiboran hayoti azobga aylandi-qoldi. Jo‘rttaga qilgandek, u tez-tez bug‘u izlariga duch keladi. Brusnikami, chumoli uyasini izlab izg‘iydimi yoki anhorga suv ichgani boradimi — farqi yo‘q, bug‘u iziga duch kelsa o‘sha zahoti ortiga qaytib ketardi.
Ammo bu uzoq davom etmadi. Uning tomirlarida ajdodlarining qoni jo‘shdi va raqibini topib o‘ldirish istagi xuruj qilib uning halovatini o‘g‘irladi. Teddi bug‘uni uchratish ilinjida o‘rmonda aylanib yuradigan bo‘ldi. Ba’zan pistirmada soatlab kutardi. Bir kuni anhor bo‘yida bugu izlarini uchratib, butalar orasiga kirib yashirindi-da, kuta boshladi. U yerga tumshug‘ini qo‘yib, shoxlar oralab so‘qmoqdan ko‘z uzmay yotdi. Hammayoqni sap-sariq yaproqlar gilamdek qoplagan edi. Daraxtlar yap-yalang‘och, qoramtir archalar bu ayanchli daraxtlar orasidan ko‘zga yaqqol tashlanardi. Kun sovuq, havoning avzoyi buzuq edi.
Kunning ikkinchi yarmida yuqorida shoxlarning qirsillagani va pishqirish eshitildi. Teddi boshini ko‘tarib, havoni iskadi: bug‘u isi keldi. Uning butun vujudi sezgiga aylandi. Ayiq yerga qapishib, orqa panjalarini ostiga yig‘ishtirib oldi. Bug‘ular bir-ikki to‘xtashdi. Ular atrofga quloq solishdimi, biron-bir novdalarni chimdib uzishdimi, Teddi bilolmadi, jimgina yotaverdi. Nihoyat butalar ortidan bug‘u shoxlari, keyin uning o‘zi ko‘rindi. Erkak bug‘uning ortidan uch chog‘li urg‘ochisi kelardi. Ular to‘xtab, diqqat bilan pastga qarashdi, so‘ngra suv bo‘yiga tusha boshladilar: oldinda — erkagi, orqada — urg‘ochilari.
Lekin baribir bug‘u ayiqni sezdi va o‘sha zahoti qoqqan qoziqdek turib qoldi. Teddi na’ra tortganicha yashiringan yeridan otilib chiqdi, bug‘u pishqirib ayiqqa tashlandi. Ayiq chap berib bug‘uning biqiniga panjasi bilan urishga ulgurdi. Changalning zarbi unchalik qattiq emasdi, biroq bug‘uning biqinidagi terisi shilinib qonadi. Qon hidini ilg‘agan Teddi vahshiylanib ketdi. Umrida birinchi bor tirik jonning go‘shtini burdalagisi, g‘ajigisi, qurbonining jon talvasasida xirillashlarini tinglagisi keldi. Shu asno bug‘u yana unga tashlandi. Ayiq nig‘oyatda og‘ir edi, lekin bug‘u qudratli shoxlari bilan uni mushuk bolasidek uloqtirib yubordi. Teddi xuddi o‘tgan safargidek umbaloq oshib yiqildi. Biroq bu gal bug‘uning bo‘ynida yangi jarohat paydo bo‘ldi. Teddi sapchib o‘rnidan turdi-da, butun vujudini larzaga solgulik dahshat bilan bo‘kirgancha bug‘uga tashlandi.
Ular qovjiragan maysalarni toptab, atrofdagi shox-shabbalar, butalarni sindirib uzoq olishdilar. Bug‘uning sillasi qurib borardi. Uning jarohatlaridan qon otilar, ayozli kunda uning butun tanasidan bug‘ ko‘tarilayotganga o‘xshardi. Nihoyat ayiq bug‘uning yonboshidan hamla qilib, baquvvat bo‘yniga osilib oldi va ayni choqda orqa panjalari bilan biqinini tilka-pora qilib yubordi. So‘ng bo‘ynidan chap panjasi bilan changallab, tishlagan ko‘yi bor kuchi bilan bo‘yniga urdi-da, pastga tortdi. Umurtqa pog‘onasi bo‘g‘inlaridan ajralib ketgan bug‘u yiqildi. Ayiq uning ko‘ksini yorib tashladi, ammo shunda ham bug‘u o‘rnidan turib ayiqni uloqtirib yuborishga kuchanardi — u shunchalar kuchli edi! Teddi o‘kirib, yutoqqancha jon taslim qilgan raqibining qonini ichardi.

***

…Kun sayin butalar momiqlashib, so‘qmoqlar ko‘milib, qarag‘aylar bilan archalar dilbarlashib borar, yolg‘iz qayinlargina yalang‘och turar va kechqurunlari ularning shoxlarida qarqurlar o‘tirishardi. Sovuq kuchaydi, o‘rmon bo‘ylab chinakam rus qishi qanot qoqdi.
Qattiq uyquga ketgan Teddi esa bir tekis nafas ola boshladi, uning oshiyoni uzra bug‘ ko‘tarilmay qoldi va kun o‘tmay qor bosgan ayiq uyasini, tasodifan tuynuk og‘zida osilgan sarg‘ish sumalaklardangina bilish mumkin bo‘lib qoldi.

хдк

(Tashriflar: umumiy 199, bugungi 1)

Izoh qoldiring