Zamonaviy nemis she’riyatidan.

087
Сизга тақдим этилаётган шоирлар ХХ аср ва янги аср немис шеъриятида ўзига хос ўрин ва мавқе эгаллаган. Хусусан,Ханс Магнус Энценсбергер ижоди бу шоирлар ичида алоҳида диққатга сазовор шоирдир. 1981 йил йили Пауль Целан,Эрих Фрид қаторида Ханс Магнус Энценсбергер шеърларини таржима қилган эдим. Архивимдан топсам, албатта, сизларга тақдим этаман.

006
ЗАМОНАВИЙ НЕМИС ШЕЪРИЯТИДАН
Немис тилидан Мирзаали Акбаров ва Баҳром Рўзимуҳаммад таржималари
099

0112Ханс Магнус Энценсбергер жаҳонга машҳур немис ёзувчиларидан биридир. У насрнавис сифатида ҳам, шоир сифатида ҳам бирдек танилган. Шунингдек, ноанъанавий усуллар тўғрисидаги адабий- танқидий мақолалари адабиёт ихлосмандларида қизиқиш уйғотган.
У 1929 йилда Германиянинг Кауфбойрен шаҳрида туғилган. Ҳозирги даврда Мюнхенда истиқомат қилади. “Булутлар тарихи”, “Ребус”, “Вужуд остида” сингари кўплаб шеърий тўпламлари босилган. Унинг шеърлари ўзбек тилига илк бора 1997 йилларда ўгирилган. Робия Абдуллаева ва Баҳром Рўзимуҳаммад таржимасида “Ёшлик” журналида босилган ўша шеърлар “Танишув” китобига (Тошкент, “Ўқитувчи” нашриёти, 2000 йил) киритилган.

Ханс Магнус ЭНЦЕНСБЕРГЕР
ШЕЪРЛАР
099

ВУЖУД ОСТИДА

Бу зим-зиё коинот
вужуд остидаги коинотдир.
У хаёл сурмайди.
сен пинакка кетар экансан оромингга ором қўшар у.
Ер ости маъбуди Плутонга хос нотинчлик,
ерда, кўкда содир бўлажак зилзилалар
улкан кимёвий офатлар чизгилари
зоҳир бўлган идишга у ҳам алоқадор.

Туш кўраётганинг – чакалакзорлар
энг олис ўтмишларга хос.
кўзни алдайдиган ранглар.
ҳовури чиқаётган ҳаво.
оби ёвғон.
урчитилаётган текинтомоқлар.
антиқа тўда
йилт этиб ўтиб кетаверади,
қирилиб битар йилт этганида.
Цайтрсфер асбобида шундоқ тасвир,
сен эса не бўлаётганини билмайсан.
Тинчгина, сокингина нафас олиб ётибсан,
ҳеч нени кўрмайсан, ҳеч нени эшитмайсан.
нелар содир бўлаётир – ишинг йўқ.
Оператор эса
ичингга
резина ичак юбориб
кузатиб турибди
улкан экран оша
тан аъзоларининг
қий-чув шовқинларини.

ЛЕВИАФАН*

Бу тарвақайлаб кетган махлуқ
бўрни паққос туширди кўз олдимизда.
оқ тишларини кўрсатиб тиржаймокда у.
Агарда гапирмоқчи бўлса
тепадан пастга қараб гапиради
ўзининг тушуниксиз олмон тилида.
Биз аниқ биламизки,
у қатлиомда устаси фаранг,
ҳар жойда ҳозиру нозир.
Очофат. Овқат берсанг еб тўймас сира,
одамови,
ёкимсиз.
Гоҳо гандираклаб йиқилиб қолар,
сўнг ўрнидан туради аранг.
У бизсиз, хеш-ақраболарисиз
ҳеч кас эмас.
У елимталоқдек бизга ёпишар,
бу абадий мижғов жонимизга теккан,
бу бефойда махлуққа
иши тушмас ҳеч кимнинг.

* Л е в и а ф а н – Тавротда номи келтирилган денгиз ҳайвони.

015Марица Бодрожич 1973 йилнинг 3 августида Хорватияда таваллуд топган. 1983 йили Германияга кўчиб келган. Ўн ёшидан эътиборан Берлин шаҳрида истиқомат қилмоқда. “Тито ўлди” номли ҳикоялар тўплами (2000) орқали адабий жамоатчиликка танилди. “Ботиний лаҳзалар ўйинчиси” (2005) романи, “Битта патида ўзгармабди колибри*нинг” (2007) шеърий китоби нашр этилган. “Хотиранинг қалб сурати” бадиий фильми томошабинлар олқишига сазовор бўлган. Ўнга яқин мукофотлар совриндори.
М.Бодрожичнинг туркум шеърлари “Гулистон”, “Жаҳон адабиёти” журналларида, “Ҳуррият” газетасида, “Мерос юлдузлар жилоси” эссеси “Жаҳон адабиёти” журналида босилган. Немисзабон хорват адибаси шеърий туркуми “ХХ аср жаҳон шеърияти” антологиясига (Тошкент, 2011) киритилган.

* К о л и б р и – энг митти қуш (тарж.).

Марица БОДРОЖИЧ
ШЕЪРЛАР
099

ОТАМ МЕНИ ҚОР ҚИЗИМ ДЕРДИ

Боиси туғилган вақтимда
оғзимдан онамнинг кўксига
қор учқунлари сочилган экан.
Қиш келса кўзгунинг ичига кириб
қайта чиққиси келмайдиган қорқиз эдим
Онамнинг юмшоққина бағрида
осуда ухлардимми ёки…
буларнинг бари хотирамда йўқ.,
Жигарранг чамбарли дўнг кўкрак,
бироқ аввалгига нисбатан ўта янги жой.
Ҳали “Мен” қиёмига етмаган
қайга қараманг менсизлик.,
барча-барчаси менсиз,
барчаси ҳамиша менсиз.
Ота-онам саёҳатга чиқишларидан сал олдин
мени бошқа исм билан атаган эканлар.
Бири Денгизга Яқин дейишса,
иккинчиси Ёруғ деб чақирган.
Айнан ўшанда
ёз соям узра узоқ чўзилган,
бироқ менга яқин келмай шувиллаганича
ўтгану кетган.
Отамнинг тушларида: Қор, Қор Аёл,
Миллионлаб ҳужайралар
ва вергул,
вергул ортида миллионлар –
ўзини батамом унутиш учун.
Мен Денгизга Яқин ва Ёруғ,
Ўзимни ҳақиқий ёзга атаб асрамоқда эдим.
Оқ учқунлар
оқ рангни суриб олиб
юз-кўзларга урилар эди.
Ҳатто қулоқлардан паға-паға бўлиб
қор ёғар эди.
Қулоқлардан ёғаётган қорни назорат қилиб
бўлмасди. Бурундан муз тушар эди,
муздан бошқа ҳеч вақо йўқ эди.
У ерда менинг музим
чана учишга мўлжалланиб қотиб қолганди.
Кандай яхши ҳаммаёқ ях, ях, ях –
бўғиқ товушли қиш,
учиб кетолмаган каптарларнинг совуқ ини,
ғўнгиллаб юрган эски асалари
ўз феълидан қочиб
тўппа-тўғри менга қараб учиб келмоқда.
Тош отдим – қулаб тушди.
Қўлимдаги ашё – мусиқа негизи.
Қишлоққа росмана ёз келди,
Ёздан туғилган кунимга атаб бир бўлак
тортиб олдим.
Онам шаҳарга келди,
эшик қўнғироғини чалди
ва бор вужуди билан
тўлдириб турди август ойини.
Чўнтагидан чак-чак
томарди
бўсағага,
на-да бўсағага, оёғим остига,
на-да оёғим ости, бутун ҳаётимга
муқаддас Биби Марям байрамининг дақиқалари.

017Марио Вирц (Mario Wirz)  1956 йилда Марбург шаҳрида туғилган. Марио кўпроқ табиат гўзалликларини, митти жониворлар ҳаётини шеърда акс эттиради, бу шоирнинг севимли услубидир. М. Вирцнинг «Ҳафтада етти ҳаёт бор» (2003),”Ойпараст” (2003), «Бўрон арафасидаги сукунат» ( 2006) сингари шеърий китоблари адабий жамоатчилик тарафидан илиқ қаршиланган. Шунингдек, унинг 10 дан ортиқ насрий китоблари нашр этилган.Марио Вирц   2013 йил 30 май куни  вафот этган.

Марио ВИРЦ
ШЕЪРЛАР
099

УЙҚУ

Уйқудаги киши қайиғи
Тушга кирган оғочдан ясалган,
Шу боис тунги бўронда
Чирпирак бўлиб чўкиб кетди-ку.
Доду фиғон ҳам
Тўлқин устида
Узоқ сақлай олмади қайиқни.
То денгиз
Шаҳд ила
Уйқудаги киши юрагига
Бориб қуйилмаганига қадар.

ОЙПАРАСТ

Тушимда сояларим узра
Тез ва чаққон сакраб ўтаман.
Жавоб қайтараман мудроқлар нидосига,
Туннель охирида тўхтаб,
Паролни шивирлаб айтаман.
Тушимда ой нурида шалаббо бўлиб,
Дуч келганни ўзим билан олиб кетаман.
Даст суғуриб оламан юрагимни,
Шунда шаҳардаги барча соатларни
Заррин чанг қоплаган бўлади.

МУЖДА

Унутганларимнинг барчаси
Қайтиб келар яна
Ёруғ из соларак
Тун хотирасига.
Уларнинг номи янграр
Овлоқдаги кулбамда.
Бедор кимсага дахлдор
Ҳукм каби хотирот.
Кўланкаларнинг саслари
Қарзга олинган Вақтнинг
Дақиқаларин санаб биткарар.
Олов ва оташ аро,
Изсиз йўқолган ёз ва қиш
Буларга илова тарзида
Чинқираётган зим-зиёликлар аро
Мағзини чақади мужданинг
Ва берилиб тинглар
Ташна юрак овозларини.

ОИЛА

Барча ҳайрон
Бу йил қалдирғочлар
Уча солиб сочларимга ин қурганига.
Эҳтиёткорлик ила аста нафас оламан –
Чунки қўлтиғим остида тўр тўқимоқда
Ўргимчаклар.
Чап елкам узра тин олиб турар
Қанотлари сариқ митти капалак.
Халал бермаслик лозим буларга!
Янги оиламдан ҳамма ҳайратда,
Бахтимдан озуқа олмоқда, қаранг:
Асаларилар
Ва уларнинг қироличаси.

019Ҳерта Мюллер «Инсон – баҳайбат қирғовул», «Тулки ўша даврлардаям овчи эди» сингари ғаройиб романлари билан жаҳонга танилган немис адибаси. Хусусан, 2009 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлганидан сўнг дунё миқёсида довруқ қозонди. Ҳерта Мюллер 1953 йилда Руминиянинг Ницкидорф қишлоғида туғилган. Ҳозирги даврда Берлин шаҳрида истиқомат қилади. «Соч тугунида бир хоним яшар»,
«Ўлдирилган дўст», «Кумуш қўнғироқ сочли автомобил қаёққа бора-
ди» номли шеърий тўпламлари машҳур.

Ҳерта МЮЛЛЕР
ШЕЪРЛАР
099

* * *

Кўйлак остига кўмилиб мен,
Сичқонларнинг толесига эврилишим мумкин.
Ҳа, стол атрофида жимирлаяпти жимлик,
Чолни қоғоздан ясаб қўйишибди.
Катдаги каттакон очликми,
Тиззадан сачраяптими юраккача отқулоқ
Ёхуд булар тамомила ўзгача мавжудотмилар.
Яна сени ўзига тортар давлат иплари,
Бир соат чамаси уйма-уй юрмасдан,
Кумуш ва қўрқувдан иборат калавани кўрасан.

ОЛМА

Устахонасида
Порлоқ пўст
Картошкагул устахонасида
Киндик бурамаси
Пашша устахонасида
Хода ютган каби озғин тан мусиқаси
Лаблар устахонасида қор
Паға-паға ватан соғинчини деб
Кўмирга қарши исён қилиб турибди

***

Эй, кумуш қўнғироқ сочли автомобил қайга боради?
Чинниданмикан, чин иякмикан ҳайдовчи ияги,
Деди: чивинлар кун ўтиб, қора кларнетга ҳамда орзудаги
Жўнгина қўшиққа эга бўлишар экан.
Тафовут шу. У сочларини олдирди.
Қулоқларига ёпишмиш тола-тола соч.
Деди: кўча марҳум ишвагар хоним номида экан,
Бир куни қўрқув ўша хонимга ўхшаб гумбур-гумбур қилди.
Пальто киссасида турган гугурт қутиси эмасман,
Бир куни йўлда кетаётиб йўқолиб қолдим.
Бир куни ломакон зиналарини кўрдим.

***

Ўт-ўланлар маконида ўлдирилган дўст
Бепул тунаш ҳуқуқини қўлга киритди.
Кўча мушуги қорнида
Иссиққина сутни олиб юрибди.
Бош суягида яшил мудҳиш чўғ учқунламоқда
Шамол ўзи ғувиллаб кираётган
Япроқлар сокинлигини билмайди
Тун ҳам билмас ўзи тиккан овозни
Кўтараётган кўйлакни
Бугун барвақтроқ оқшом чўкдими

016Вольф Бирманн 1936 йил 15 ноябрда Гамбург шаҳрида таваллуд топган.Шоирнинг отаси 1943  йилда Освенцим  концентрацион лагерида ҳалок бўлган. 1953 йили Ғарбий Германияни тарк этиб Германия Демократик Республикасига кўчиб ўтган. Театр соҳаси билан ҳам шуғулланган.  У ташкил этган театр жиддий ижтимоий мавзуларда ёзилган асарларни саҳналаштиради. Шу сабабдан у 1976 йили ГДР  фуқаролигидан маҳрум этилади. Унинг «Ердаги жаннат», «Ватан», «Ватан соғинчи» номли кўплаб шеърий тўпламлари эълон қилинган. У ўз шеърларини қўшиқ қилиб ижро этади.

Вольф БИРМАНН
ШЕЪРЛАР
099

ВАТАН

Мен ором излаб бош оғриқларга дуч келаётган одамман,
Қизғин ҳаётга ташна инсон сингари
Умрим қисқа бўлиб туюлаётир.
Ҳамма нарсага эга бўларак,
Ҳамма нарсани тарқатишни истамоқдаман.
Мен пировардида ўз ватанимда ўлмоқчиман.
Ўлсам бас,
Ортга қайтмасман ҳеч.

Туш кўриб бақирмоқчи эмасман,
Уйғонсанг, жиндеккина мизғисанг яна.
Аслида бир қултум чой ва бир бурда бутербурод
Инсоният муаммосини ечиши мумкин.
Абадий навқирон,
Озодлик жанггида

Чида чидаб бўлмас вокеликка.
Чунки ғалабада акс этар мағлубият,
Парво қилма. Сев. Севмоққа журъат эт.

Шу оқшом учун бир қадаҳ шароб ичаман,
Гўзал аёл, сен шу шароб сингари жимирлайсан,
Қўш ҳўкизга айланайлик, кел,
Кел, биргаликда учиб кетайлик!
Агарда саламандрамнинг
Тишланган думи
Қайта ўсиб чиқса, сенга шеър бағишлайман!

Мен ором излаб бош оғриқларга дуч келаётган одамман,
Қизғин ҳаётга ташна инсон сингари
Умрим қисқа бўлиб туюлаётир.
Ҳамма нарсага эга бўларак,
Ҳамма нарсани тарқатишни истамоқдаман.
Мен пировардида ўз ватанимда ўлмоқчиман.
Ўлсам бас,
Ортга қайтмайман ҳеч.

Манба: «Жаҳон адабиёти» журнали, 01/2013

09

(Tashriflar: umumiy 85, bugungi 1)

1 izoh

  1. Рахмат, Хуршид ака, замонавий немис шеъриятидан баҳраманд этганингиз учун.Шахсан менга Марио Вирцнинг «Оила» шеъри ёқди. Афсус, шоир ўтган йили вафот қилган экан. Шу боис журналдаги «Марио Вирц… ҳозирги вақтда Берлинда истиқомат қилмоқда» деган маълумот эскирибди… Яна бир бор раҳмат.

Izoh qoldiring