Zu Vinter. Birinchi muhabbat

015

Аёл қувноқлар даврасида гул-гул очилиб ўтирар, қозонилган муваффақият шарафига атрофдагилар билан қадаҳ уриштирар эди. Бир вақт қўшни стол атрофида ўтирган йигитлардан бири ўрнидан туриб, унинг ёнига келди ва рақсга таклиф этди. Қиз ялт этиб қаради-ю, қалбининг тўрида яшириниб ётган туйғулар юзага чиқиб, бутун вужудини ёндириб юборгандай бўлди. Қалтираб кетди. Не кўз билан кўрсинки, бу ўша — мурғак қалбнинг шаффоф эҳтирослари ила севиб қолган, кўз ўнгидан барибир сурати ҳеч қачон кетмаган йигит эди!

001
Зу Винтер,
БИРИНЧИ МУҚАББАТ
Немис тилидан Йўлдош Пардаев таржимаси
011

001Бу воқеа содир бўлган пайтда, қизча эндигина ўн ёшга тўлган эди. Ўша кезларда у мактаб ҳовлисида ва йўлакларда болалар орасида шодумон югуриб юрарди. Ёш болаларнинг шўхликларини бироз тартибга солиш учун ўқитувчилар юқори синф ўқувчиларидан навбатчилар тайинлайдиган бўлишди. Юқори синф ўқувчилари эса бу ишга чинакамига киришиб, қаттиқ назорат ўрнатишди. Кичиклар назарида навбатчилар қандайдир самовий қудратга эга эдилар. Болалар икки қатор бўлиб синфларга кўтарилаётганларида улар зинанинг икки томонида туриб кузатишар, танаффус пайтларида эса йўлка бўйлаб юришар ва синфларни текширишарди. Кимдир югуришдан ўзини тўхтата олмаса ёки бирор ножўя иш қилаётганда қўлга тушиб қолса борми, унинг ҳолига вой — танаффуснинг қолган қисмини эшик ёнида тик туриб ўтказишга мажбур бўларди. Бола — бола-да, шумтакалар аксига олиб, янгидан-янги бебошликлар билан назоратдагиларни алдаб, бегуноҳларни жазога гирифтор қилишарди.

Қизча шунақа шумликка дучор бўлди. У эшик ёнида турганида ўғил болалардан бири келиб орқасидан шашт билан итариб юборди. Қизча эшикдан отилиб чиқиб, тартибни назорат қилиб юрган юқори синф ўқувчиларидан бирига бориб урилди. Йигит унинг қўлидан маҳкам ушлаб эшик ёнига олиб келди:
— Шўхлик қилганинг учун мана шу ерда турасан!

Қиз бошини кўтариб йигитга қаради. Бу ишни унинг ўзи атайлаб қилмаганлигини, ўғил болалар итариб юборишганини айтмоқчи бўлди-ю, айтолмади. Томоғига бир нарса тиқилиб, кўзларидан маржон-маржон ёш юмалаб туша бошлади. йиғисини тиёлмаётган бўлса-да, жазолаётган йигит аҳён-аҳёнда унга қараб қўяётганини пайқади…

Қизча эшик ёнида қотиб турар, кўзларидан ҳамон ёш оқарди. Ниҳоят, йигит унинг ёнига келиб, чўнтагидан дастрўмол олганча, қизнинг кўзларини артиб қўйди. Нега бунақа қилганини эҳтимол ўзи ҳам билмасди, балки шу тариқа қизга озгина ёрдам бермоқчи, кўнглини кўтармоқчи бўлгандир.

Қиз йигитга миннатдорчилик билан қараб қўйди, бир неча дақиқа уларнинг нигоҳлари тўқнашди. Йигит қиз ўйлаганчалик енгилтак ва тошбағир эмас, унинг кўзларида чуқур маъно, олижаноблик ва меҳр бор эди. Кейинги дарсларнинг қандай ўтганини қиз пайқамади. Йигитнинг нигоҳи қизнинг кўз ўнгидан кетмас, мурғак қалбида аллақандай мавҳум, туманли, аммо ширин туйғулар уйғонган эди…

Дарс тугаб, уйга қайтаётганда қиз: «Балки у орқамдан қараб тургандир», деган ўйда бошини мағрур кўтариб кетди. Бироқ бу пайтда орқада йигитнинг қораси ҳам кўринмасди. Кечқурун уйқуга ётаётганда яна ўзининг эшик ёнида тургани, йигит келиб чўнтагидан дастрўмол чиқарганча кўзларини артиб қўйгани қизнинг хаёлидан кетмади.

Эртасига у мактабга ўқдек учиб борди. Эҳтимол бугун ҳам улар учрашиб қолишар… Қизча бу учрашувдан қувонар, бирозгина қўрқарди ҳам. Катта танаффус пайтида у бир неча болалар билан қувлашиб, атайлаб йигитнинг атрофидан айланиб чопди, аммо йигит унга эътибор бермади. У тўполончи ўғил болани огоҳлантириб турган эди. Синфда ўтирганида, қиз: «Кейинги танаффус пайтида ўғил болалар билан жанжаллашаман, кейин у келиб мени эшик ёнига турғизиб қўяди, шунда яхшилаб кўриб оламан», деб кўнглига тугиб қўйди. Қизнинг бу режаси ҳам амалга ошмади, чунки кейинги танаффус йигит йўлакда кўринмади.

Эртасига қиз зинадан кўтарилаётганда улар тасодифан юзма-юз келиб қолишди. Йигит қизнинг кўзларига термилиб қаради, қизча ҳам унга тикилдию, уялиб кетдими, дарров кўзларини олиб қочди. Нигоҳларнинг шу бир лаҳзалик учрашуви қизнинг бир неча ҳафталар давомида ширин-ширин тушлар кўриши учун етарли эди. У йигитга рўбарў келган кезлари завқ-шавққа тўлиб кетар, кўришмаган пайтлари эса рутубатли куз кунларидек, зерикарли ва ғамгин ўтарди.

Йигитни деб у бир марта тушлик овқатга кечикди, онасини анча куттириб, хавотирга солиб қўйди. Ўшанда юқори синф болалари мактаб ҳовлисида қўл тўпи ўйнаётган эдилар. Қиз жилдини деворга суяб қўйганича, йигитнинг қандай ўйнаётганини кузатиш учун томошабинлар орасидан жой олди. Ҳовли бурчагида жимгина ўтириб, унинг ҳар бир ҳаракатини зимдан кузата бошлади. Қизнинг шу ердалигини пайқаган йигит эса болаларнинг барчасидан яхшироқ ўйнарди. Баъзан у рақиб дарвозаси ёнида тўпни қўлига олиб баландга сакрар ва бир лаҳза ҳавода гўёки муаллақ туриб қоларди. Дарвозабон унинг ҳаракатларидан алданиб ўзини бир тарафга олар, йигит эса тўпни иккинчи тарафга секингина ташлаб қўяр ва томошабинларнинг қийкириқларига сазовор бўларди. Қизча ўзининг шу ердалиги йигитга қанот бағишлаётганини ғира-шира ҳис этса-да, бунга ўзини ишонтиролмасди. Йигит унинг назарида баланд бир чўққида, ўзи эса… Одатда, ўнинчи синф болалари ёш қизчаларни унчалик писанд қилишмайди-да…

Ўқув йили тугади. Йигит мактабни битириб кетди. Қиз ғамгин бир ҳолга тушиб қолган, шу билан ҳаммаси тамом бўлди, деб ўйлар эди.

Таътил кунлари тугаб, янги ўқув йили бошланди. Йигитнинг ўрнида энди кичкинтойларни бошқа бир бола назорат қилар, бу эса қизчанинг мурғак қалбига битмас- туганмас жароҳатлар соларди. Бироқ йилларнинг ўтиши, ҳар куни янги-янги воқеалар юз бериб туриши натижасида қизнинг кўз ўнгида йигитнинг сурати аввалига хиралашиб, сўнгра ўчиб кетди. Вақт ҳар қандай дардни даволайди, деганлари рост экан. Қизнинг ғамлари бироз босилгандай бўлди. Сурати кўз ўнгидан кетган бўлса-да, у йигитни бутунлай унутолмади. Йиллар ўтиб, бошқа бир йигит ундан илк бўса олганда ҳам, қиз буни биринчи муҳаббатим, деб атай олмади. Изҳор этилмаган биринчи муҳаббатини у юрагининг энг тўрида, энг махфий жойида, болалик дамларининг сеҳрли ва оҳанрабо эртаги сифатида авайлаб-асраб келарди…

Қиз турмушга чиқди. Фарзанд кўрди. Қизчаси икки ёшга тўлди. Сентябрь ойининг ўрталари эди. Касбдошлари уни зиёфатга таклиф этишди. Кимдир институтни сиртдан тамомлаган экан. Барча бир ресторанга йиғилишди. Аёл қувноқлар даврасида гул-гул очилиб ўтирар, қозонилган муваффақият шарафига атрофдагилар билан қадаҳ уриштирар эди. Бир вақт қўшни стол атрофида ўтирган йигитлардан бири ўрнидан туриб, унинг ёнига келди ва рақсга таклиф этди. Қиз ялт этиб қаради-ю, қалбининг тўрида яшириниб ётган туйғулар юзага чиқиб, бутун вужудини ёндириб юборгандай бўлди. Қалтираб кетди. Не кўз билан кўрсинки, бу ўша — мурғак қалбнинг шаффоф эҳтирослари ила севиб қолган, кўз ўнгидан барибир сурати ҳеч қачон кетмаган йигит эди!

Улар рақсга туша бошладилар. Бир-бирини қўлларидан тутиб айланишаркан, аёлнинг ўзига ҳам ҳозир кулгилй бўлиб туюлаётган ўтмиш болалиги тўғрисида сўзлаб бериш истаги туғилди. Аммо у йигитнинг кўзларига тикилиб қарай олмади. Йигит эса уни оҳиста ўзига тортиб, юзини унинг жингала, қўнғир сочларига қўйганча, қулоғига шивирлади:
— Биласизми, эҳтимол сиз мени масхаралаб куларсиз, аммо бир вақтлар, мактабда ўқиб юрганимизда мен сизни жуда қаттиқ севиб қолган эдим.

Манба: «Шарқ юлдузи» журнали,02/1991

001
Zu Vinter
BIRINCHI MUHABBAT
Nemis tilidan Yo’ldosh Pardaev tarjimasi
011

Bu voqea sodir bo‘lgan paytda, qizcha endigina o‘n yoshga to‘lgan edi. O‘sha kezlarda u maktab hovlisida va yo‘laklarda bolalar orasida shodumon yugurib yurardi. Yosh bolalarning sho‘xliklarini biroz tartibga solish uchun o‘qituvchilar yuqori sinf o‘quv-chilaridan navbatchilar tayinlaydigan bo‘lishdi. Yuqori sinf o‘quvchilari esa bu ishga chinakamiga kirishib, qattiq nazorat o‘rnatishdi. Kichiklar nazarida navbatchilar qandaydir samoviy qudratga ega edilar. Bolalar ikki qator bo‘lib sinflarga ko‘tarilayotganlarida, ular zinaning ikki tomonida turib kuzatishar, tanaffus paytlarida esa yo‘lka bo‘ylab yurishar va sinflarni tekshirishardi. Kimdir yugurishdan o‘zini to‘xtata olmasa yoki biror nojo‘ya ish qilayotganda qo‘lga tushib qolsa bormi, uning holiga voy – tanaffusning qolgan qismini eshik yonida tik turib o‘tkazishga majbur bo‘lardi. Bola bola-da, shumtakalar aksiga olib, yangidan-yangi beboshliklar bilan nazoratdagilarni aldab, begunohlarni jazoga giriftor qilishardi.

Qizcha shunaqa shumlikka duchor bo‘ldi. U eshik yonida turganida o‘g‘il bolalardan biri kelib orqasidan shasht bilan itarib yubordi. Qizcha eshikdan otilib chiqib, tartibni nazorat qilib yurgan yuqori sinf o‘quvchilaridan biriga borib urildi. Yigit uning qo‘lidan mahkam ushlab, eshik yoniga olib keldi:
– Sho‘xlik qilganing uchun mana shu yerda turasan!

Qiz boshini ko‘tarib yigitga qaradi. Bu ishni uning o‘zi ataylab qilmaganligini, o‘g‘il bolalar itarib yuborishganini aytmoqchi bo‘ldi-yu aytolmadi. Tomog‘iga bir narsa tiqilib, ko‘zlaridan marjon-marjon yosh yumalab tusha boshladi. Yig‘isini tiyolmayotgan bo‘lsa-da, jazolayotgan yigit ahyon-ahyonda unga qarab qo‘yayotganini payqadi.

Qizcha eshik yonida qotib turar, ko‘zlaridan hamon yosh oqardi. Nihoyat, yigit uning yoniga kelib, cho‘ntagidan dastro‘mol olgancha, qizning ko‘zlarini artib qo‘ydi. Nega bunaqa qilganini ehtimol o‘zi ham bilmasdi, balki shu tariqa qizga ozgina yordam bermoqchi, ko‘nglini ko‘tarmoqchi bo‘lgandir.
Qiz yigitga minnatdorchilik bilan qarab qo‘ydi, bir necha daqiqa ularning nigohlari to‘qnashdi. Yigit qiz o‘ylaganchalik yengiltak va toshbag‘ir emas, uning ko‘zlarida chuqur ma’no, olijanoblik va mehr bor edi. Keyingi darslarning qanday o‘tganini qiz payqamadi. Yigitning nigohi qizning ko‘z o‘ngidan ketmas, murg‘ak qalbida allaqanday mavhum, tumanli, ammo shirin tuyg‘ular uyg‘ongan edi…

Daryo tugab, uyga qaytayotganda qiz: «Balki u orqamdan qarab turgandir», degan o‘yda boshini mag‘rur ko‘tarib ketdi. Biroq bu paytda orqada yigitning qorasi ham ko‘rinmasdi. Kechqurun uyquga yotayotganda yana o‘zining eshik yonida turgani, yigit kelib cho‘ntagidan dastro‘mol chiqargancha ko‘zlarini artib qo‘ygani qizning xayolidan ketmadi.

Ertasiga u maktabga o‘qdek uchib bordi. Ehtimol bugun ham ular uchrashib qolishar. Qizcha bu uchrashuvdan quvonar, birozgina qo‘rqardi ham. Katta tanaffus paytida u bir necha bolalar bilan quvlashib, ataylab yigitning atrofidan aylanib chopdi, ammo yigit unga e’tibor bermadi. U to‘polonchi o‘g‘il bolani ogohlantirib turgan edi. Sinfda o‘tirganida, qiz: «Keyingi tanaffus paytida o‘g‘il bolalar bilan janjallashaman, keyin u kelib meni eshik yoniga turg‘izib qo‘yadi, shunda yaxshilab ko‘rib olaman», deb ko‘ngliga tugib qo‘ydi. Qizning bu rejasi ham amalga oshmadi, chunki keyingi tanaffusda yigit yo‘lakda ko‘rinmadi.

Ertasiga qiz zinadan ko‘tarilayotganda ular tasodifan yuzma-yuz kelib qolishdi. Yigit qizning ko‘zlariga termulib qaradi, qizcha ham unga tikildiyu, uyalib ketdimi, darrov ko‘zlarini olib qochdi. Nigohlarning shu bir lahzalik uchrashuvi qizning bir necha haftalar davomida shirin-shirin tushlar ko‘rishi uchun yetarli edi. U yigitga ro‘baro‘ kelgan kezlari zavq-shavqqa to‘lib ketar, ko‘rishmagan paytlari esa rutubatli kuz kunlaridek, zerikarli va g‘amgin o‘tardi.

Yigitni deb u bir marta tushlik ovqatga kechikdi, onasini ancha kuttirib, xavotirga solib qo‘ydi. O‘shanda yuqori sinf bolalari maktab hovlisida qo‘l to‘pi o‘ynayotgan edilar. Qiz jildini devorga suyab qo‘yganicha, yigitning qanday o‘ynayotganini kuzatish uchun tomoshabinlar orasidan joy oldi. Hovli burchagida jimgina o‘tirib, uning har bir harakatini zimdan kuzata boshladi. Qizning shu yerdaligini payqagan yigit esa bolalarning barchasidan yaxshiroq o‘ynardi. Ba’zan u raqib darvozasi yonida to‘pni qo‘liga olib balandga sakrar va bir lahza havoda go‘yoki muallaq turib qolardi. Darvozabon uning harakatlaridan aldanib o‘zini bir tarafga olar, yigit esa to‘pni ikkinchi tarafga sekingina tashlab qo‘yar va tomoshabinlarning qiyqiriqlariga sazovor bo‘lardi. Qizcha o‘zining shu yerdaligi yigitga qanot bag‘ishlayotganini g‘ira-shira his etsa-da, bunga o‘zini ishontirolmasdi. Yigit uning nazarida baland bir cho‘qqida, o‘zi esa… Odatda, o‘ninchi sinf bolalari yosh qizchalarni unchalik pisand qilishmaydi-da…

O‘quv yili tugadi. Yigit maktabni bitirib ketdi. Qiz g‘amgin bir holga tushib qolgan, shu bilan hammasi tamom bo‘ldi, deb o‘ylar edi.

Ta’til kunlari tugab, yangi o‘quv yili boshlandi. Yigitning o‘rnida endi kichkintoylarni boshqa bir bola nazorat qilar, bu esa qizchaning murg‘ak qalbiga bitmas-tuganmas jarohatlar solardi. Biroq yillarning o‘tishi, har kuni yangi-yangi voqealar yuz berib turishi natijasida qizning ko‘z o‘ngida yigitning surati avvaliga xiralashib, so‘ngra o‘chib ketdi. Vaqt har qanday dardni davolaydi, deganlari rost ekan. Qizning g‘amlari biroz bosilganday bo‘ldi. Surati ko‘z o‘ngidan ketgan bo‘lsa-da, u yigitni butunlay unutolmadi. Yillar o‘tib, boshqa bir yigit undan ilk bor bo‘sa olganda ham, qiz buni birinchi muhabbatim, deb atay olmadi. Izhor etilmagan birinchi muhabbatini u yuragining eng to‘rida, eng maxfiy joyida, bolalik damlarining sehrli va ohanrabo ertagi sifatida avaylab-asrab kelardi…

Qiz turmushga chiqdi. Farzand ko‘rdi. Qizchasi ikki yoshga to‘ldi. Sentyabr oyining o‘rtalari edi. Kasbdoshlari uni ziyofatga taklif etishdi. Kimdir institutni sirtdan tamomlagan ekan. Barcha bir restoranga yig‘ilishdi. Ayol quvnoqlar davrasida gul-gul ochilib o‘tirar, qozonilgan muvaffaqiyat sharafiga atrofdagilar bilan qadah urishtirar edi. Bir vaqt qo‘shni stol atrofida o‘tirgan yigitlardan biri o‘rnidan turib, uning yoniga keldi va raqsga taklif etdi. Qiz yalt etib qaradi-yu, qalbining to‘rida yashirinib yotgan tuyg‘ular yuzaga chiqib, butun vujudini yondirib yuborganday bo‘ldi. Qaltirab ketdi. Ne ko‘z bilan ko‘rsinki, bu o‘sha – murg‘ak qalbning shaffof ehtiroslari ila sevib qolgan, ko‘z o‘ngidan surati hech qachon ketmagan yigit edi!

Ular raqsga tusha boshladilar. Bir-birini qo‘llaridan tutib aylanisharkan, ayolning o‘ziga ham hozir kulgili bo‘lib tuyulayotgan o‘tmish bolaligi to‘g‘risida so‘zlab berish istagi tug‘ildi. Ammo u yigitning ko‘zlariga tikilib qaray olmadi. Yigit esa uni ohista o‘ziga tortib, yuzini uning jingala, qo‘ng‘ir sochlariga qo‘ygancha, qulog‘iga shivirladi:
– Bilasizmi, ehtimol siz meni masxaralab kularsiz, ammo bir vaqtlar, maktabda o‘qib yurganimizda men sizni juda qattiq sevib qolgan edim.


Manba: «Sharq yulduzi» jurnali,02/1991

021

(Tashriflar: umumiy 210, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring