Zulfiya Nazar haqida

zulfiya nazar

Америкада истиқомат қилаётган таниқли иқтисодчи, машҳур ёзувчи ва иқтидорли журналист, профессор Зулфия-Силвия Назар дунё бўйлаб қўлма-қўл бўлиб кетган «A Beautiful Mind» ( «Тафаккур ўйинлари»)  асари билан тилга тушган. Зулфия-Силвия Назар ҳақида ёзиш мен учун анча қийин кечди. Биргина мақолада унинг кашфиётлари ва қаламига мансуб қўлёзмаларни номма-ном санаб чиқиш осон эмас. Зулфия Назарнинг АҚШ ва жаҳон иқтисодига оид кўплаб мақола, илмий тадқиқот ва китоблари дунёнинг энг нуфузли олимлари томонидан тан олиниб, эътироф этилган.
2002 йили Индиана университетида малака ошираётганимизда катта шов-шувларга сабаб бўлган «A Beautiful Mind» (Тафаккур ўйинлари) фильмини кўриш каминага ҳам насиб қилган эди. Фильм менда чуқур таассурот қолдирди. Унинг титрларида мазкур кинокартина ижодкорларидан бири Силвия Назар эканига кўзим тушиб қолди. Хойнаҳой, бу ўзимизнинг миллатдошимиз бўлса керак, деган хаёлга борган эдим ўшанда. Сал вақт ўтиб, мазкур университет профессори Билл Фиерман менга Зулфия Назарнинг ўзбеклиги ва бу фильм унинг асари асосида суратга олингани тўғрисида сўзлаб берди. Шунда мен ўзбекларни дунёга машҳур қилаётган миллатдошим борлигидан ғурурландим.
2005 йили Вашингтонда Жаҳон ўзбеклари форумида иштирок этганимда, Туркистон миллий озодлик ҳаракати фаоли Рўзи Назар исмли яна бир миллатдошимиз билан танишдим. У киши мени ўз уйига таклиф қилди. Шу одам Зулфия Назарнинг отаси эканлигини ўша пайтда билмаган эдим. Эртаси куни Рўзи ака ва меҳмондўст келинойимиз Линдахонимнинг Виржиниядаги шинамгина уйида меҳмон бўлдим. Кўзим стол устида турли тилларда нашр этилган «A Beautiful Mind» китобига тушди. Рўзи Назар ва Линдахоним Зулфия Назарнинг ота-онаси эканликларини шу ерда билдим. Улар менга қизларининг қизиқарли ҳаёти тўғрисида гапириб беришди.
Рўзи Назар қизининг бир неча суратини уй тўрига осиб қўйган экан. Барча расмларни бирма-бир томоша қилдим. Отахон набиралари Клара, Лилий ва Жекнинг расмларини кўрсатиб, уларнинг ҳар бири тўғрисида ғурур билан гапириб берди ва келажакда уларнинг оналаридай машҳур одам бўлишларига умид билдирди.
Зулфия Назар 1947 йил 17 август куни Олмониянинг Розенхайм шаҳрида туғилган. 1951 йили Рўзи Назар оиласи билан АҚШга кўчиб келгач, Зулфия Назар бошланғич ўрта мактаб таълимини АҚШда олади. У ўқишини 1959 йили Туркияда давом эттиради, чунки бу пайт отаси Туркиядаги дипломатик миссияда фаолият юритаётган эди.
Зулфия ўрта мактабни Анқарада тугатади. Шу ерда у турк тилини ўрганади. Болалигидан ўргангани учун инглиз, олмон ва турк тилларида бемалол гаплаша олади.
Зулфия мактаб ёшидан ижод қилишга қизиқди, ҳикоялар ёзди. Шу боисдан бўлса керак, 1967–1968 йиллар Зулфия Назар Мюнҳен (Олмония) университетида адабиёт ихтисоси бўйича таълим олади. Кейинчалик Антиох Коллежини (АҚШ) битириб, адабиёт соҳасида бакалавр даражасини олади.
Ёш Зулфияда иқтисодга бўлган қизиқиш ҳам кучли эди. Шу боис 1974 йили у Нью-Йорк Иқтисод университетига ўқишга киради. 1976 йили уни битириб, иқтисод магистри илмий унвонини олиш учун диссертация ёқлайди. Университет раҳбарияти иқтидорли Зулфияни мазкур илмгоҳдаги Илмий-тадқиқотлар марказида ишлашга таклиф қилади.

Нобел мукофоти лауреатининг шогирди

1977 йили иқтисод соҳасидаги иқтидорли ёш олима Зулфия Назар жаҳонга машҳур иқтисодчи, Нобел мукофоти лауреати Василий Леонтев назарига тушади. Леонтев ёш олимани ўзи раҳбарлик қилаётган Нью-Йорк университетининг Иқтисодиёт таҳлили институтига таклиф қилади. Ўша пайтлар бу институтда ишлаш кўпчилик иқтисодчи илмий ходимлар учун катта орзу эди. Тез орада Зулфия Назар Василий Леонтев раҳбарлигида иқтисодий таҳлил масаласида қатор қизиқарли тадқиқотлар олиб боради ва профессорнинг ишонган ва севимли шогирдларидан бирига айланади. У устози Василий Леонтев билан ҳамкорликда “АҚШнинг ноёб ерости металларининг 2035 йилга қадар заҳираси ва уларнинг мамлакат иқтисодиётига таъсири” китобини ёзади. Зулфия бу институтда тўрт йил самарали фаолият кўрсатади.
Зулфия 1981 йили ўз соҳасини ўзгартириб, «Жамоатчилик ахборотлари тармоғи илмий-тадқиқот институти»нинг ёқилғи тармоғи директори вазифасида ишлайди. 1982–1983 йиллар эса «Дата Корпорейшн» марказида катта иқтисодчи лавозимида ишлайди.
Америка президентлари тарихида катта из қолдирган Рональд Рейган президент бўлиб сайлангандан кейин одатга кўра ўз иқтисодий дастурини эълон қилади. Зулфия Назар унинг бу дастурига қарши чиқиб, «The New York Times» газетасида ўзининг танқидий мақоласини эълон қилади. Бу мақола катта шов-шувга сабаб бўлади. Шундан сўнг мақола муаллифи Зулфия “Fortune” номли йирик бизнес журналига муҳаррир ўринбосари лавозимига ишга таклиф этилади. Шу тариқа унинг журналистлик фаолияти бошланади.

Зулфиянинг иқтисодиёт соҳасидаги илк кашфиёти

1983 йили Зулфия Назар АҚШ бизнес бозори учун минтақавий иқтисод моделини тузиб, бу соҳада муҳим кашфиёт яратади. Мазкур кашфиёт АҚШ иқтисодчилари томонидан юқори баҳоланади. Бу Зулфиянинг илм-фан соҳасидаги биринчи ва муҳим кашфиёти эди. Айнан шу кашфиёт Зулфия Назарни дунёга танитади, обрўсини ошириб, дунёга машҳур нашриёт ва илмий марказларда ишлаш учун йўл очади. 1983–1990 йилларда Зулфия Назар АҚШнинг етакчи матбуот органларидан «US News & World Report» журналида иқтисодий шарҳловчи, «Fortune» журналида эса ижодкорлик қилиб, ўз тажрибасини оширади ва услубини такомиллаштириб, ўз мактабига асос солади.

Иккинчи кашфиёт

Зулфия Назар ҳурматли устози, буюк иқтисодчи олим Василий Леонтев билан бирга «АҚШ ва жаҳон иқтисодиётида ёқилғи бўлмаган маъданлар ишлаб чиқаришни лойиҳа-лаштириш, 1980–2030» мавзусида йирик иқтисодий кашфиёт яратади. Мазкур илмий кашфиёт дунёнинг етакчи олимлари томонидан иқтисодиёт соҳасида янги йўналиш сифатида тан олинади. Зулфия Назар бундан ташқари В.Леонтев ва М.Беверлар билан ҳамкорликда хомашё ва уни ишлаб чиқариш ҳамда иккиламчи металларни қайта ишлаш таҳлилларига оид туркум илмий кашфиётлар қилади. Зулфия Назар доимий равишда ўз малакасини ошириб боради. У Нью-Йорк, Принстон, Кембриж университетлари ва институтларида малака ошириш тренингларида иштирок этади.

“The New York Times”да ўн йил

Зулфия Назар иқтисодиёт соҳасида илмий изланишлар олиб бориш билан бир қаторда журналистика соҳасида ҳам талай муваффақиятларга эришади. Унинг лаёқати, иқтисодий билими, журналистлик қобилиятини ҳисобга олиб, дунё миқёсида обрўси ва нуфузи баланд «The New York Times» газетаси раҳбарияти 1991 йилда Зулфияни таҳририятга ишга таклиф этади. Унга АҚШ ва жаҳон иқтисодиётининг ривожланишини кузатиб бориш вазифаси топширилади. Март ойидан бошлаб рўзномада Зулфия Назарнинг кўплаб мақолалари чоп этила бошлайди.
Зулфия ўн йилга яқин «The New York Times» газетасининг иқтисод йўналиши соҳасида мухбир вазифасида ишлаб, қатор таҳлил ва шарҳлари билан кўпчилик эътиборини ўзига тортади. Шу билан бирга у 1991–1999 йилларда «The New Yorker», «Newsweek», «The New York Times Sunday Book Review», «Fast Company», «London Telegraph» каби машҳур газета, журнал, нашриёт ва матбуот агентликлари билан ҳамкорликда ишлаб, мақолалар чоп этади.
Зулфия академик соҳада ҳам фаолият олиб боради. У 2001 йилдан буён Нью-Йорк Колумбия университетининг Олий журналистика мактаби Бизнес журналистикаси факультети профессори. Зулфия газеталарда чоп этилган материаллардан ташқари, иқтисодиёт соҳасида ёзилган 300 дан ортиқ илмий мақола муаллифи.

Зулфия Назарнинг ёзувчилик маҳорати

1994 йили Зулфия Назар Нобель мукофоти совриндорлари тўғрисида, хусусан, ўша йили иқтисодиёт соҳаси бўйича мазкур мукофотга сазовор бўлган буюк математик, иқтисодчи, заковатли олим Жон Форбс Неш тўғрисида «The New York Times» газетасида бир саҳифа “Нобель мукофоти лауреатининг йўқотилган йиллари” номли мақоласини чоп этади. Мақола катта шов-шувга сабаб бўлади. Мақола газетада чоп этилиши билан мамлакатнинг олти нашриёти Зулфияга ушбу мақолани кенгайтириб китоб ҳолига келтириш бўйича таклиф қилишади. Зулфия Назар китобни ёзишдан аввал Жон Нешнинг ўзидан, умр йўлдоши Алисиядан, сўнгра уни биладиган жами мингдан ортиқ кишидан интервью олади. Аввалига жиддий қизиқиш билдирмаган Неш Зулфия ишга жуда жиддий киришганини кўриб, унга яқиндан ёрдам беради. Бир ярим йилда китоб тайёр бўлади. Зулфия Назарнинг Beautiful Mind – яъни “Ажойиб ақл: математика даҳоси ва Нобель мукофоти соҳиби Жон Нешнинг ҳаёти” асари Жон Неш ва рафиқасининг ҳаётига бағишланган.
Китоб асосида фильм яратиш фикри туғилгач, Акива Голдстен фильм учун сценарий ёзади ва унда Неш тақдирининг энг драматик лавҳаларига эътибор қаратилади. Фильм яратувчилари илтимосига кўра, Зулфия фильмнинг дунё юзини кўришига яқиндан ёрдам кўрсатади. Режиссор Рон Ховард китоб асосида тайёрланган фильмига Зулфия Назар китобининг ўз номини қолдиради.
Зулфиянинг Жон Неш ҳақидаги китоби 30 дан ортиқ нашриёт томонидан инглиз, олмон, испан, рус, хитой, япон, форс, турк, ҳинду тилларида миллиондан ортиқ нусхада чоп этилган. Мазкур китоб учун Зулфия Назар Америка адабий танқидчилари миллий гилдиясининг «Энг яхши биографик адабий асар» номинацияси мукофотига сазовор бўлган. Ушбу асар, шунингдек, адабиёт, журналистика, мусиқа ва театр соҳасида буюк ҳизматлари учун бериладиган «Пулицер» мукофотига ҳам номзод сифатида тавсия этилган.

«A Beautiful Mind» фильмининг муваффақияти

Ушбу киноасар тўрт йўналиш бўйича «Оскар» совриндори бўлган. 2001 йили Голливуднинг машҳур кинорежиссори Р.Ховард томонидан суратга олинган фильмда асосий ролларни дунёга машҳур Рассел Кроу (Жон Форбс Неш), Эд Харрис (Паркер), Женифер Конели (Алисия Неш), Кристофер Пламмер (Доктор Розен) ва бошқа актёрлар ижро этган. Бу фильм кино оламидаги энг нуфузли «Оскар» мукофотининг: «Энг яхши фильм», «Энг яхши сценарий», «Энг яхши режиссура», «Иккинчи пландаги энг яхши актриса» номли тўрт номинация бўйича мукофот олган. Бош рол ижрочиси Рассел Кроу “Олтин глобус” Америка киномукофотининг совринига ва BAFTAнинг (The British Academy of Film and Television Arts) бир неча мукофотига сазовор бўлди. Бундан ташқари, ушбу фильм «Биринчи пландаги энг яхши актёр», «Оригинал мусиқа», «Энг яхши муҳаррир», «Энг яхши грим» каби тўрт номинация бўйича ҳам «Оскар» мукофотида номзод сифатида қатнашган. Фильм дунёнинг 100 дан ортиқ тилига таржима қилиниб, жаҳон экранларида намойиш этилган.
Зулфия Назарнинг сермаҳсул ва ранг-баранг ижодини қайнар булоққа қиёсласа бўлади. Ўтган бир неча йил давомида Зулфия Назар “The New Yorker” журнали учун россиялик буюк математик, Пуанкаре гипотезасини биринчи бўлиб исботлаган Григо́рий Я́ковлевич Перельма́н (1966 йил туғилган) ҳақида, Manifold Destiny номли катта илмий мақола ёзиш ва унинг бир қанча йирик илмий асарларни таҳрир қилиш билан банд бўлди. Энг асосийси – мазкура бир неча йилдан буён «ХХ асрнинг буюк иқтисодчилари ва уларнинг иқтисод фанига қўшган ҳиссалари» янги илмий китобини яратиш устида ишламоқда. Ушбу илмий-тарихий асар 1850 йиллардаги Лондон ҳаёти, яъни Карл Марксдан бошланиб, ХХ асрнинг энг машҳур 10 та иқтисодчи олимининг қисқача ҳаётларини ўз ичига қамраб олади. Зулфия Назар ҳозир ушбу асарни якунлаш арафасида турибди. Китобда ёритилган мавзулар бўйича Зулфия Россия, Хитой ва Европанинг қатор мамлакатларида маърузалар ўқиган.
Зулфия Назарнинг умр йўлдоши Даррил Маклеод америкалик. Асли келиб чиқиши Шотландиядан. У ҳам иқтисодчи, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор. Нью-Йорк университетида, россиялик Нобель мукофоти совриндори Василий Леонтьевнинг қўл остида ишлаб юрган пайтларида танишиб қолиб, кейин оила қуришган. Зулфия икки қиз ва бир ўғилнинг онаси. Тўнғич қизлари Клара иқтисодчи-ҳуқуқшунос. Бу оиланинг яқин дўсти, «Туркистон – Америка» ассоциацияси Президенти Абдуллоҳ Хўжанинг айтишича, Клара жуда иқтидорли мутахассис, келажаги порлоқ, илм-фан соҳасида ажаб эмаски, онасидан ҳам ошиб кетса.
Кейинги қизи Лилий, коллежни битириб, юқори синф ўқувчиларига математика фанидан дарс бериш билан бирга университетда магистр даражасини олиш учун ўқишни давом эттирмоқда. Ўғли Жек (Жакк) эса Нью-Йорк университети талабаси, иқтисодиёт йўналишида таҳсил олаётган бўлса ҳам мусиқага ниҳоятда ҳаваси баланд.
Зулфия Назар оиласи билан Нью-Йоркнинг Тарритаун ҳудудида истиқомат қилади. Америкалик ўзбек қизи Зулфиянинг дунё миқёсидаги фаолияти, эришган муваффақиятлари бизнинг иқтисодчиларимизга, қолаверса, ўсиб келаётган ёшларимизга ҳар томонлама олий ўрнак намунасидир.

Мавлон ШУКУРЗОДА, Нью-Йорк

Матн www.12.uz сайтидан олинди

(Tashriflar: umumiy 164, bugungi 1)

Izoh qoldiring