10 may — G’afur G’ulom tavalludining 110 yilligi.

1234
Ғафур акани кўпчилик сиёсий, гоҳо баландпарвоз шеърлар орқали танийди. Уни аксар минбарда турган ҳолатда тасаввур қиладилар. Бироқ, “Севсам, севибман-да. Ўзбекман, содда!” деб ёзган Ғафур ака эди…

121

Омон Мухтор
ЙИГИРМАНЧИ АСР НАСРИДДИНИ

Миртемир ака бетоб эди. Кўргани борсам, мени ҳовлида бир айлантир, бўтам, ўзимнинг чиқишга ҳолим йўқ, деди.
Касалхонанинг иккинчи қаватидан пастга тушсак, эшик олдида Ғафур ака – эгнида шоҳи яктак, белида белбоғ, бошида дўппи, оёғида калиш-маҳси – ўйланиб турибди. Уни кўриб Миртемир ака бирдан жонланди. Бу жонланишда Ғафур акага нисбатан ҳурматдан ташқари қандайдир сунюнч ҳам, завқ-шавқ ҳам бор эди.
— Кўкан батрак бўлиб олибсиз-ку, Ғафур ака, — деб ҳазиллашди Миртемир ака.
— Ота-бобомиздан ўтиб қаёққа борардик! – деди Ғафур ака. – Шу ерга жой қилиб, чой келтиришни буюрдим. Отамлашамиз.
Ҳаш-паш дегунча, гулзор этагида “жой ва чой” муҳайё бўлди. Дам ўтмай беш-олти кишилик давра тўпланди. Ғафур аканинг ошна-оғайниси кўп эди.
У яктагининг бир чўнтагидан “Казбек” папироси ва гугурт, иккинчи чўнтагидан қоғозга ўроғлиқ нос билан носқовоқ чиқариб, хонтахта устига қўйди.
— Ғафур ака, биттасини қилсангиз бўлмайдими? – деди даврага қўшилганлардан бири.
Ғафур ака ўйчан, шошмасдан:
— Мени баъзан юқорига чақириб қолишади, ноқулай, — деди. – Ўзимизга ўхшаш фуқаро ичида носвой ҳам кетаверади.
Мен Ғафур аканинг ёнида ўтирардим. У менга қараб, кўзлари муғомбирона кулиб, секин:
— Сен ёш нарса, гапга аралашсанг уят бўлади. Лекин ичинг қизийди, — деди. – Зерикмаслик учун мана бу носни эзиб, носқовоққа солиб ўтир. Ичинг жуда қизиса “қисқичбақа” сўзига битта тўлиқ қофия топ. Кейин ишлатамиз…

* * *

Ғафур Ғулом умри сўнгида тўқиб ташлаган (худди шундай!) асарлар, уларнинг радиога ёзиб олиниши тарихини ҳикоя қилмоқчи эдим. Аммо шулар, айниқса, “Ҳасан Кайфий” тўғрисида ўйлаётиб, юқоридаги воқеа ёдимга тушди. Узуқ-юлуқ яна баъзи бир воқеаларни эсладим.
Бизнинг авлодимиздан кўпчилик мактабда ўқиб юрган пайтимдаёқ Ғафур акани кўрган. Ғафур ака бот-бот Бухорога (бошқа вилоятларга ҳам) бориб турар эди. бир учрашувда раҳматли Максим Карим шеър ўқиётганида Ғафур ака ўша шеърга мос тўрт сатр ёзиб, буни ҳам шеърингга қўшиб қўй, дегани кўз ўнгимда. (Бухорода Султон Жўрани қидириб топиб, вақтида уни адабиётга олиб кирган ҳам Ғафур ака эди!)
“Бухоро” деган меҳмонхона (ҳозиргиси эмас) бўларди. Талабалик йилларим самолётга билет олгани бир куни эрталаб шу ёққа кирсам, одатда гавжум пастки майдончада ҳеч ким йўқ, негадир Ғафур ака ёлғиз турибди. Ботиниб-ботинмай салом бердим.
— Сен бу ерда нима қилиб юрибсан? – деб сўради Ғафур ака эски ошнасини учратгандек.
Мен бухоролик эканим, Тошкентда ўқиётганим, уйга хабарлашгани келганимни айтдим.
— Юр-чи, бу ёққа, — деди Ғафур ака.
Биз ташқари чиқиб, эшик ёнидаги харакка ўтирдик.
— Ота-онанг Бухорода экан, Тошкентда нега бизникига кирмайсан? Хоҳласанг, мен билан гаплашиб ўтирасан, хоҳласанг, ҳовли катта, болалар билан ўйнаб юрасан.
У кайфият одами эди. Маврид-бемаврид безовта қилган баъзи бир талаба ёки ҳаваскорларни эшикдан ҳайдаб солганини ҳам эшитганман… Менинг омадим чопган. Ўша йиллари (балки, дорилфунунда ўқиган Олмос опам сабаб) биз Ғафур аканинг уйини кўриб, суҳбатидан баҳраманд бўлганмиз.
Ўқишни битиргач эса, ўшанда оқсоқоллар ёки олтмишвойлар деб аталган улуғ адиблар орасида менга асосан Ғафур ака билан кўпроқ мулоқотда бўлиш, суҳбатлашиш насиб этди.

* * *

Ғафур акани кўпчилик сиёсий, гоҳо баландпарвоз шеърлар орқали танийди. Уни аксар минбарда турган ҳолатда тасаввур қиладилар. Бироқ, “Севсам, севибман-да. Ўзбекман, содда!” деб ёзган Ғафур ака эди…
Бухорода Лабиҳовуздаги Насриддин Афанди ҳайкалига разм солсангиз, Ғафур акани эслатади: ҳайкалтарош ундан нусха олган, дейишади. Умуман, Хўжа Насриддинга хос деярли барча хислат – эзгулик, донолик, топқирлик, ҳатто шумлик (“Шум бола”ни бекордан ёзмаган!) – бу одамда мужассам эди. Шунинг баробарида у ниҳоятда жиддий, юз-кўзида бир маҳзунлик акс этар, кўпинча осойишта эмас, ташвишланиб тургандек таассурот қолдирарди. Гоҳида тоқатсизланиб, асабийланганини ҳам сезиш мумкин эди. Қизиқ жойи, бу ҳолатларга лутфкорлик, ҳазил-мутойиба ҳам эш келаверарди. Халқ ичида юриш, гап-гаштак – Ғафур аканинг жону-дили эди. Унинг учун чойхона, бозор, ҳаммомсиз ҳаёт йўқ эди гўё. У оилапарвар, болапарвар, уйбоп бўлиш билан бирга, кўчабоп киши эди. Тенгдошлари орасида Ғафур ака давра кўрган, энг ХАЛҚЧИЛи эди. Албатта, Ғафур аканинг бир қанча шеърларида КЕЧАГИ КУН СИЁСАТИ муҳрланган. Ҳали айтганимиз, минбардаги (яловбардор) шоир сифатида танилган Ғафур ака аслида файласуф, мутафаккир эди. давр имкон берса, у фақат фалсафий, умуминсоний шеърлар ёзарди. Зотан, ХХ аср ўзбек шеъриятида Ғафур акага етказиб, “Энг кичик заррадан Юпитергача…” дея кенг нафасда сўзлаган бошқа шоир учрамайди.
Эсимда: ўша пайтдаги (60-йиллар) адабиёт газетамизда иш ўрганиб юрган эдим. Домламиз, газета муҳаррири Лазизхон ака: “Байрамга бағишлаб Ғафур акадан шеър олиб келгин”, деди. Май арафаси эди. Бу даврда Ғафур ака йилда бир-икки марта (баъзан кўпроқ ҳам) бояги, сўзимиз бошидаги катта касалхонада дам олиб, даволанарди. Мен “бостириб” бордим. Қарасам, Ғафур ака ўзига тегишли хонада пастак курсида энкайиб, яна шундай пастак курси устидаги қоғозга араб имлосида алланималарни ёзиб ўтирибди.
— Эшит! – деди хонага кириб, салом беришим билан.
— Зўр! – дедим шеърни эшитиб бўлгандан кейин.
— Беш-ўн сатр қолди, — деди Ғафур ака. – Мен биринчи сатр билан учинчи сатрни қофиялаб тураман, сен иккинчи сатр билан тўртинчи сатрга қофия топиб тур.
Қофия топиш қаёқда! Мен лаб жуфтлашга улгурмай, Ғафур ака шеърни биткарди-қўйди.
Бошдан-охир қайтиб ўқиди.
— Қалай?
— Зўр! – дедим яна.
— Илжаймай қўяқол! Бу сенинг газетангга эмас. Бош газетамизга, — деди Ғафур ака. Анча паришонланиб ўтирди. – Сенга энди нимани ёздик?
Деразадан кўм-кўк йўлка кўринар эди.
— Атрофга қараб бир нарса ёзинг-да! – дедим. Бу ёққа келаётиб шеър тайёр деб ўйлаган, иш унмаганидан руҳим сал чўккан эди.
— Бўлмаса, сен чой ичиб ўтир, — деди Ғафур ака хонтахтага имо қилиб. – Мен ўзимни у ён-бу ёнга бир солай.
Чиқиб кетди. Кўп ўтмай йўлкада айланиб юргани кўринди.
Ниҳоят, келиб яна пастак курсига энкайиб ўтирганича араб имлосида ёзишга киришди. Ва борини менга ўқиб ҳам бера бошлади:

…атроф гулгун, лоларанг.
…асаблар –
Фарҳод ГЭСидай таранг!

Мен донг қотдим. Ана, Ғафур Ғулом!
Иккала шеърни ҳам ҳижжалаб турди, мен янги имлога кўчирдим. Иккинчи шеър тўғрисида ҳам Ғафур ака:
— Қалай? – деб фикр сўради.
— Зўр!
— Унчалик чиқмади, — деди менинг суюнганимга қарамай, ўзи қаноат ҳосил қилмаган Ғафур ака. Сўнг мамнун, қўшиб қўйди: — Газетангга барибир ҳеч ким бундан зўр шеър ёзиб беролмайди!
Бир-икки сатрда Ғафур ака баъзан олам-жаҳонни ифодалар, аниқ, ғаройиб манзара чизарди: “…кўзига – ўргимчак ин қўйган йигитлар ҳам бор”, дегандек.
Дарвоқе, Бухоро тўғрисида. Атиги икки сатр, лекин гўёки бутун роман:

Бухоро – бир олтин коса,
Қон-ёш билан лиммо-лим…

* * *

Ғафур ака ҳар кимга, ҳар нарсага фақат меҳр қўйиши ёки норозилик билан қараши мумкин (унинг ҳаёти ва ижоди мағзи муҳаббат ва нафратдан иборат) эди. У “Отелло”ни бекорга таржима қилмаган. Учинчи йўлни билмайди (шундай одам замон билан қандай муросага борганига ажабланасиз).
Уруш пайти бир ёқлардан олиб келинган етим-есирларга шу қадар кўнгли ачийдики, “Тинчлан, жигарим!” дейди, “Ўз уйингдасан!” дейди. Бу билан ёнма-ён ғазаби тошади:

Ота-онасининг тайини ҳам йўқ,
Сут кўр қилгур, ҳароми
Гитлер оқпадар…

Кундалик ҳолатларда ҳам Ғафур ака ё боладек суюнади, ёки “аччиғи бурни учида” деган қабилида лов этиб ёнади. Жаҳли чиққанда кўзлари чақнаб, бурнигача қизариб кетади.
Эсимда, олиму-фозиллар, арбоблар тўпланган давра эди. Мен ёшман, хизматдаман. Ора-орада четдан суҳбат тинглайман. Ғафур аканинг кайфи чоғ, яйраб ўтирарди.
Кимдир икки вилоят ёшлари тўполон чиқарганидан гап очди. Бир вилоят раҳбари, ёшлар шўхлик қилган, холос, деди.
Ғафур ака нохос бўғилиб, портлади:
— Бу нима деган гап?! Дўппи кийган бир халқ “чуқур дўппили”ю “япасқи дўппили” деб бир-бирига тирғалса! Қўл кўтарса! Сиз тарбия ўрнида уларни оқласангиз! Мен бир мақола ёзаман. Сизнинг исмингизни қўшиб!..
Раҳбар лой бўлиб қолди. Давра тарқагунча бошини қайтиб кўтармади.
Ғафур ака бировни ноҳақ ранжитганми?
Кимдир ундан жабр кўрганми?
Ҳаёт инсонни не кўйларга солмайди!
Лекин у табиатан марҳаматли эди.
Яна “шеър ундиргани” касалхонага борганимда, унинг аҳволи ночор эди. лекин шеърни тайёрлаб қўйган экан. Янги имлога кўчирдим. Толиқтирмаслик учун тез қўзғалдим.
— Ҳозир машина келади, шошма, — деди Ғафур ака. Ўзининг ҳам шаҳарда, марказда иши борлигини айтди.
Машина келди. Йўлга тушдик. Ўрдага яқин муюлишга етганда, тўхтатишни сўрадим. Бу ёғи яқин, ўзим бораман, дедим. Ғафур ака ҳайдовчига тўғри юраверишни буюрди.
У хаста эди, яна денг ташвиш билан кўчага чиққан эди; айниқса, мен ундан анча ёш, шунчаки бир ҳаваскор эдим. Буниси етмагандек, тушиб қоламан, деб сипогарчилик қилиб ўтирибман!
Ғафур ака ниҳоятда беозор жилмайди:
— Сен бизга хизмат қиласан, биз ҳам бир хизмат қилайлик-да!
Ҳаётимда кейин бундай олийҳиммат муносабатни кам учратдим.

* * *

Машина тўғрисида ёздиму, ўйга ботдим.
Ғафур ака ўзини “машинанинг бир винти” деган эди.
Ҳайбатли “машина” айбдор-айбсиз кўп одамни босган-янчган, шовқин кўтариб илгарилаётган эди.
Халқ, миллат дардида ёниб-куйиб мустақил ҳаётни орзу қилган бутун бир авлод (“машина”га сал-пал ён бериб, йўл бўшатганига ҳам қарамай!) оёқ остида қолиб кетган эди…
Ғафур ака буни биларди. Аммо “етимлик… ўнинчи йилларнинг саргардонлиги… бир меҳрибон қўл, бир оғиз ширин сўз нондек арзанда…”дан кейин, киши ҳаётини, ўзини ўйлаб, бор имкониятдан фойдаланиб, машина билан “бирлашиб” кетишга уриниши табиий ҳол эди. Қолаверса, у янгича муҳитда тарбия топган: онгли равишда замонни маъқуллаган, ишонганга ўхшайди (ҳар ҳолда, ёзганларидан шундай фикр туғилади). Бундан ташқари, фақат Ғафур ака эмас, тенгдошлари, кейинги ижодкорлар барчаси энди “винт”га айланган эди. Улар учун олдинги авлод каби топталишдан жон сақлашга интилиш – ҳақиқатдан, адолатдан устун келди. Банданинг ожизлигига манфаат балоси, ялтоқланиш қўшилиб кетди. (Бу кечаги кун адабиётининг фожиасидир!)
Ғафур ака ўз даврининг одами эди. Лекин (олдин айтганимиз) у халқ ичида, ўзбекона бир тарзда умр кечиради. ЎТГАН АВЛОДга хос, ХАЛҚ, МИЛЛАТ дарди унинг қони-жонида яшаб қолаверади! Тенгдошлари ёки кейинги ижодкорлардан ҳеч ким Ғафур ака даражасида ўзбек халқи номидан гапирган, халқни ҳар томонлама кўрсатган, миллатни ҳимоя қилган, улуғлаган эмас!
Балки адашарман, лекин менга баъзан Ғафур ака сиёсий шеърлару-мақолалар билан ўзини “ниқоб”лаб (шум, муғомбир-да!), инсоний шеърлар, теран илмий мақолалар, айниқса, насрий асарларини ёзгандек туюлади… У Алишер Навоий ғазалига “Тун била тонг” деб мухаммас боғлаган. Кўпдан буён бир сатри диққатимни тортади: “Ки бирни икки дейиб бўлмагай замон элига…” Илк қарашда замон элининг донолиги айтилаяпти. Бироқ шикоят оҳанги, умумий мазмундан бошқа гап келиб чиқади: “Замон эли, афсуски, коса тагида нимкоса борлигини тушунмайди!”

* * *

Радиодаги ёзув баҳона кўп нарса хаёлимдан кечди…
Қисқаси, Ғафур ака радиони яхши кўрар эди. адабиёт бўлимига тез-тез қўнғироқ қилиб турарди. Бўлимда Ўлмас Умарбеков, Фарҳод Мусажонов, Насиба Эргашева, Баҳодир Абдуллаев ва камина ишлар эдик. Баҳодир ака Олмос опам билан бирга ўқиган, баъзан Ғафур акани чақиртириб, ёзиб олар эди. бир куни у банд бўлиб қолиб, бу иш менга юкланди.
Ғафур ака келди. Латифанамо икки асарини ўқиб берди. Бериги хонага чиқиб, ўқиганини шошмай эшитди.
— Қалай? – деб сўради ҳар галгидек.
— Зўр! – дедим. – Бошқа йўқми?
— Бор. Бор! – деди Ғафур ака завқланиб. – Лекин ўзимда нусха қолмади. Нашриётга берганман. Эринмасанг, келтириб кўчириб қўй, жума куни соат бирда келиб ўқиб ташлайман.
— Хўп бўлади, — дедим.
Жума куни эрталаб – барвақт қўнғироқ қилди:
— Тайёрми?
— Тайёр, Ғафур ака!
— Қалай, ҳақини ҳам ёздирганмисан? – Унинг одати шу, нимадир ўқиса, бирйўла ҳақини олиб кетар эди. Юксак обрў-эътиборига қарамай, пулга эҳтиёжи йўқ эди деб бўлмасди.
— Ҳаммаси тайёр!
Роппа-роса соат бирда келди.
Студияга кириб, ўқишга тутинди.
Булар “Афанди ўлмайдиган бўлди” ва “Ҳасан Кайфий” деган, аввалгиларидан ҳажми каттароқ асарлар эди.
(Жуда ўзига хос, ажиб маҳорат билан ўқиган).
Қайтиб ёзув хонасига чиқди.
Ўқиганини эшитди.
— Қалай?
— Зўр, Ғафур ака! – дедим. – Хафа бўлмасангиз, бир гап айтаман.
— Айт!
— Сиз буюк шоирсиз. Шеърларингиз зўр. Лекин менга қолса, насрий асарларингиз ундан ҳам кучли. Тенги йўқ.
Ғафур ака кўзларини катта очиб қаради.
— Шунақами?! Шунақами? – деди. Кейин, бир нуқтага тикилиб, ўйчан пичирлади: — Балки! Балки…

* * *

Икки оғиз хотима.
Ўтганларни эслаш хайрли ишдир. Бугунги авлод Ғафур аканинг ҳаёти ва ижодини яхши билмайди. Менинг ниятим уни бир оз таништириш эди, холос.

(Tashriflar: umumiy 87, bugungi 1)

Izoh qoldiring