1920 yilning aprelida butun Turkiston motam tutgan edi.

011

   Маҳмудхўжа Беҳбудий  ХХ асрнинг биринчи чорагида Туркистоннинг энг машҳур кишиларидан эди. Унинг номи Туркистон генерал губернатори у ёқда турсин, оқ подшонинг ўзига ҳам аён бўлган.  Бухоро хони  маишатпараст  Олимхон эса  уни ўзининг шахсий душмани деб билган.  «Беҳбудий афанди 1919-нчи йил 25-нчи мартда йўлдошлари Мардонқули ва Муҳаммадқул билан сафарга чиққанда (Бухоро тупроғида) Қарши шаҳрида Бухоро амирининг золим беклари томонидан қўлға олиниб, ваҳшиёна суратда шаҳид қилинди, ёши 45 да эди» (Ҳожи Муиннинг «Зарафшон» газетасида 1923 йилнинг 25 мартида босилган мақоласидан).
Беҳбудийнинг қатли ҳақидаги хабар ўша пайтдаги пойтахтимиз Самарқандга роса бир йилдан кейин маълум бўлади. 1920 йилнинг апрелида бутун Туркистон мотам тутади
20-йилнинг матбуот хабарлари Беҳбудийни бизга мана шундай етказдилар. Кейинги пайтда унинг фожиали қатлига доир гаплар ўртага ташланмоқда. Уни амир одамлари эмас, чекистлар томонидан йўқ қилинганлиги ҳақида фикрлар айтилмоқда. Бу эҳтимолдаям етарли (ҳужжатли)  асослар бор. Зеро  миллий истиқлолни муқаддас тутган, ўлканинг  тараққиёти учун курашган, халқ орасида катта мавқега эга Беҳбудий маҳдудлик ботқоғига ботган Бухоро амири ва унинг амалдорлари учун ҳам, чор Россияси мустамлакачилик сиёсатини давом эттирган совет тузуми учун  ҳам жуда хавфли киши  эди.  Бухоро амири ва унинг одамлари айбсиз,дейиш ҳам ҳақиқатга хилоф бир гапдир. Узил-кесил қарорга келиш учун асосли далиллар келтириш керак.

090

Садриддин Айний
МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ ХОТИРАСИГА ИККИ ШЕЪР

БЕҲБУДИЙ РУҲИҒА ИТҲОФ
(Шаби ҳижрон ҳавосиға)

Сани мундин буён Турон кўролурму, кўролмасму?
Санинг мислингни Туркистон тополурму, тополмасму?

Сан, эй устоди олийшон, эдинг ажубаи даврон,
Отингни тилга ҳар инсон буюк ҳурмат-ла олмасму?

Санинг тарихий давронинг, санинг осору урфонинг,
Санинг номинг, санинг шонинг жаҳон қолдиқча қолмасму?

Санинг кўксунг чўкулганму, санинг белинг букулганму?
Санинг қонинг тўкулганму? Муни(нг) ҳеч ким сўролмасму?

Бошингни кесдуран қотил, у бадтийнат, у сангин дил,
Худодан гар эса ғофил, халойиқдан уёлмасму?

Ватан авлоди ёд этди, сани ҳурмат-ла шод этди,
Ва лекин интиқомингни ололурму, ололмасму?

Жаҳонда зулмдур зоҳир, жаҳон хунхўр, жаҳон жобир,
Жаҳондан бир замон охир ситамгарлик йўқолмасму?

Беҳишту ҳурии ғилмон санга Ҳақ айласун эҳсон,
Санга раҳмат, санга ғафрон Худойим етказолмасму?!

БЕҲБУДИЙ АФАНДИНИ ЭСГА ТУШИРИБ, ҚАТЛ ВА ҚАТЛГОҲИГА ХИТОБАН

Эй мадфуни инсоният, эй мақтули аҳрор!
Эй маркази ваҳшоният, эй маҳмани ашрор!

Мингларча йигитлар бошини тандан аюрудинг,
Мингларча асоратзада ўғлонлари қирдинг.

Қон тўк, яна қон тўк, яна қон тўк!
Қон сели билан оқибат-ал-амр, ёрил, чўк!

Қон тўк-да, чўмул қонға! Йиқил қонға! Бўғул, ўл!
То қонга булғанмасин озода бирор қўл!

Эй деви жаҳолат уйи, эй, қон-ла тўлан ғор!
Шод ўл бу кун! Аммо бу куннинг эртаси ҳам бор!

Бир дасти риё, дасти жафо, дасти хиёнат
Мумкинми сани айласа кетдикча сиёнат?!…

Эй қотила, эй фожира, эй фитнаи Турон!
Турон эли фитнанг ила бўлсунми паришон?!

Мингларча йигит бошини калтак билан эздинг,
Мингларча йигит нашъини саржин каби тиздинг.

Зиндонлара мингларча тирикларни чирутдинг,
Тезоб ила мингларча ўлукларни эритдинг.

Қуръонни, шариатни аёғ остида бостинг,
Беҳбудий каби доҳийи Туронни-да остинг!

Бош кес, яна бош кес, неча кун кайфу сафо сур!
Лекин кўзингни оч! Келаси кунларинги кўр!

Билгилки, бу аҳмол эмас! Аҳмоли илоҳи!
Билгил, абадий қолмаяжак мунча малоҳи!

Бир кун келур албат, келур албат, келур албат
Эй хоина! Ўч олмаға ожизлара навбат!

Эй мақтули аҳрор! Эй мамкини ашрор!
Қон тўк, яна қон тўк!
Қон тўк-да, ёрил, чўк!
Бир дасти хиёнат
Айларми сиёнат
Доим осор?
— Асло! Бир кун келур албат, ожизлара навбат
Ўч олмаға сандан.
Эй манбаи накбат,
Кўрсам ўша кунни!

1920, ИВ, Самарқанд.

090

Вадуд Маҳмуд
МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ

Маҳмудхўжа Беҳбудий … (Аввал ким эди)?
Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон деган ўлканинг бошлиғи эди. Маҳмудхўжа Туркистоннинг йўлбошчиси эди.
Маҳмудхўжа ўзининг Туркистон боласи эканини тушунган бир йигит эди. Шунинг учун у бизга, Туркистонга ҳар нарса эди. Маҳмудхўжа Туркистоннинг янгилик даври тарихинда ёруғ
бир чироғ эди. Маҳмудхўжанинг оти Туркистон тарихида зийнатлик мумтоз ўрун олишга муносиб бир отдир.
Ай Беҳбуд ўғли! Тинч ёт сағанангда! Бу кун биз сенинг руҳинг роҳати учун дуо қиламиз.
Тинч ёт кабрингда, бу кун сенга болаларинг сан учун маросим киладирлар.
Сан, сан ҳаққа масъуд бир одамсан!
Негаким, тирик чоғингда қайғу чекканларинг, ўлганинг учун ҳасратланадирлар. Тирик
чоғингда сани сўкмакдан чарчамаганлар, раҳмат ўқишдан чарчамайдирлар. Тирик чоғингда санга тош отғонлар, тош отмоқчи бўлғонларга ота бошладилар. Чунки санинг ким эканингни бир оз тушундилар, санинг кимлигингни билмаганлар ҳам қайғуга туширилғондирлар.
Тинч ёт мозорингда, ай муҳтарам, санинг меҳнатларинг бўшга кетмади, бу кун санинг қадрингни билатурганлар топидди, санинг йўлинг билан кетатурганлар бор, санинг изинг босатурғонлар, Тангрига шукр, кўпдирлар.
Биз ҳаммамиз санинг болаларинг эрурмиз, санинг тузган планларинг бизим йўлимиздир. Санинг кўрсатган йўлларингга бизам ишонамиз. Сан бу дунёдан кетган бўлсанг-да, тупроқ
ичинда кўмулган бўлсангда хафаланма! Чунки гавданг тупроға кўмулди.
У санинг фикринг, мақсадинг бизда, бизим юрагимизда ўрун топди. Бизга санинг гавдангдан
фикринг ке-раклик эди.
Сан ўлмадинг ва ўлмассан, яшамакка ҳақинг бордир!
Яшагин, муҳтарам устоз!

АЙ ДОҲИЙ!

Бу кун дунёда бир маҳшар қўпубди,
Бу ер юзини титратма тутубди.
Кўк бўлса, қоп-қоронғу чодини
Бошига ўраган йиғлаб ётибдир.
Кун сайин чиқатурғон қуёш бўлса
Бу кун чиқмай қоронғулик сочибдир.
Мана мадрасалар, юксак минорлар
Бўйнин эгиб таъзим билан турубдир.
Кишиларни демайсанми? Нимага?
Йиғи бирлан сурон ва оҳ айтадир:
Бу кун Маҳмудхўжа Беҳбудий ўлмиш,
Шунинг-чун бутун ўзбек куядир.

090

Ҳожи Муин
МУФТИ МАҲМУДХЎЖА ҲАЗРАТЛАРИНИНГ ҚАНДАЙ ШАҲИД БЎЛҒОНЛИҒИ ВА УНИНГ ТОМОНИДАН ЁЗИЛГАН ВАСИЯТНОМА

Беҳбудий афанди 1919 йил 25 мартда, йўлдошлари Мардонқул Шомаҳмуд ўғли ва Маҳаммадқул Ўринбой ўғиллари билан Самарқанддан Бухоро тупроғига ўткан, шундан қаерга борғанлиғи билинмай, бу тўғрида турли сўзлар сўйланған ва гумонлар қилинғон эди. Охири, халқ орасида шайх бўлғон сўзлардан гумон ғолиб ила англашилған эдики, Беҳбудий афанди мазкур икки йўлдошлари ила золим амир Олимхоннинг ғаддор беклари қўлида шаҳид бўлғонлар. Бултур (1921 йил) март ойида Бухоро тупроғидан келган ўртоқ Ҳожимурод Худойберди ўғли, Беҳбудий ҳазратлари билан йўлдошлари Муҳаммадқул ва Мардонқул афандиларни Қарши шаҳрида, Қаршининг беги Тоғайбек қандай шаҳид этганлиги ҳақида дуруст маълумот кетурди.
Ўртоқ Ҳожимурод Бухоро инқилоби бошланған кунда, Самарқанддан ҳукумат томонидан бир маъмурият ила Шаҳрисабз ва Китоб тарафлариға бориб, андин бир иш ила Қарши шаҳриға ўтқан ва ўшал ерларда 6—7 ой хизмат қилиб юрған, бу вақтда хила ишлар қилған ва кўп воқеаларни кўрған.
Ҳожимурод афанди Қарши бегида бир неча вақт «маҳрамлик» хизматида бўлғон фарғоналик 17 яшар Содиқжондан Беҳбудий ва анинг йўлдошлари ҳақида кўп маълумот олғон: Беҳбудий афанди ва йўлдошлари, бошлаб Шаҳрисабзда қўлға тушиб, тахминан, икки ойдан сўнг, Қарши шаҳрига юборилиб, онда (зиндонда) бир неча кун ётқондан кейин, мазкур Тоғайбек томонидан шаҳид қилинған.
Бек Беҳбудий ва йўлдошларини ҳузуриға чақириб: «Сизлар на учун қўлға тушдингиз?», деб сўраған. Беҳбудий афандилар: «Бизлар Байтуллони зиёрат қилмак учун Самарқанддан чиққан эдик. Йўлда амир маъмурлари: «Сизлар жадид, кофир ва «тилчи», деб бизни қўлға олдилар». Бундан бир неча кун ўтгандан сўнг, Содиқжон амирдан бекка қатл буйруғи келганлигини, ўзининг ҳаётидан умидини узиб, йиғлай-йиғлай Беҳбудий афандиларға билдирған, сўнгра Беҳбудий тубандаги «Васиятнома»ни ёзиб, Содиқжонға топширмоқ учун Аҳмадға берган ва ҳар қандай йўл ила бўлса-да, шул васиятномани Самарқандға юборишни ўтинған. Васиятноманинг остида бошлаб, Беҳбудий афандининг ўзи, сўнгра Мардонқул  ва  Муҳаммадқул афандилар қўл  қўйғанлар.

ВАСИЯТНОМА УШБУДУР:

«Эй, Туркистон Маориф ишларида бўлғон ўртоқ ва ўғлонларим! Мани ўзим гарчанд банди бўлсам-да, сизларни зсимдан чиқармайман ва сизларга бир оз васият қилиб ўтаман. Мен севар ўртоқларим! Маним сўзларимни қулоқларинғизға  олингизлар! Биз икки ойдан бери Бухоро шаҳарларида банди бўлиб юриб, ахир ўн кундан бери бир ерда (Қарши шаҳрида) бу золимларнинг қўлиға тушиб банд бўлдик. Жадид — кофирлик отини кўтардик. Сипоҳлар ичида тилчилик (жосуслик демоқчи.Х.Д.) отини кўтардик. Бу ердан қутулмоғимиз гумон бўлди. Ўртоқларим Сиддиқий, Айний, Фитрат, Қори ва Акобир Маҳдум ва ўғлонларим Вадуд Махдум, Абдулқодир Шакурий!
Сизларға васият қиламан:  Маориф йўлида ишлайтурғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Маорифға ёрдам этингиз!  Ўртадан нифоқни кўтарингиз!  Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар! Ҳар иш қилсангиз жамият ила қилингизлар!  Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатингизлар! Биздек маориф қурбонларини йўқлангизлар! Бухоро тупроғига тезлик ила йўл бошлангизлар! Озодликни тезлик ила юзага чиқарингизлар! Бизнинг қонимнзни золим беклардан талаб қнлингизлар!  Маорифки Бухоро тупроғига жорий қилингизлар!
Бизнинг отимизға мактаблар очинғизлар! Бизлар ул чоқда қабримизда тинч ётурмиз. Маним ўғлонларимға салом еткурингизлар! Бу ҳамроҳларнинг авлодларидан хабардор бўлинглар! Ушбу васиятларимни ёзиб Аҳмадға бердим».

Бу васиятномадан 3—4 кун ўтар-ўтмас, бек Беҳбудий афанди ва йўлдошларини ҳам Аҳмадни  ўлдирурға буюрғон ва алар зиндоннинғ ёнидағи подшоҳлик  чорбоққа юборилғанлар. Шунда аларнинг қатллари ўзларига билдирилган ва ўзлари учун шу боғда тўрт қабр қаздирилған. Сўнгра Беҳбудий афанди ва йўлдошлари таҳорат олиб, намоз ўқимоқчи бўлғонлар. Лекин шул чоғда, раҳмсиз жаллод маҳовийлари ила етишуб келиб, аларни намоз ўқирға қўймаган ва энг аввал Беҳбудий ҳазратларини жойнамоз устида бошини кесган. Бу ҳолни кўриб, Мардонқули, Махаммадқули ва Аҳмад афандилар тавҳид ва шаҳодат калималарини ўқиб, ўлимни кутиб турғонлар. Андан кейин жаллод аларнинг бошини бир-бир кесган, сўнгра бекнинг хизматкорлари мазкур шаҳидларнинг нишларини чиқариб, ўзлари қазғон қабрларға кўмганлар  ва  қабрларннн  (билинмасун деб)  ер ила тегиз (текис) этганлар.
Бекнинг маҳрами Содиқжон бу воқеани бошидан охиригача кўрган ва билгани учун ҳам, Беҳбудий афандиларға мухлис бўлғонидан шу воқеани бир дафтарчада айнан ёзиб қўйғон ва ондан ўртоқ Ҳожимурод кўчириб олиб, бу фожиани театр шаклида тартиб этуб, «Маориф қурбонлари»ни қўйғон.
Уч пардадан иборат бўлғон  мазкур рисолани биз кўрдик. Рисола керак, ибрат керак, саҳнага қўйиш жиҳатдан хили нуқсонлидир. Агар бу рисола театр оламидан хабардор бўлғон бирор кишининг қалами ила тузатилса, биринчи театру рисоласи қаториға кириши шубҳасиздир.
Ўртоқ Ҳожимуроднинг сўзига кўра, мазкур Содиқжон 1920 йил 21 декабрда амир томонидан Шаҳрисабз, Китоб ва Ғузор тарафларида қўзғатилғон аксил ҳаракатчилик вақтида,исёнчилар тарафидан Шаҳрисабзда ўлдирилған. Шунинг ила Содиқжон ёзған воқеа ила васиятноманинг асл нусхасида ўшал чоғда йўқолиб кетган.

Самарқанд

Ҳожи Муин Шукрулло ўғли,
1922 йил, 7 январь

090

Умид Бекмуҳаммад
БЕҲБУДИЙНИ КИМ ВА НИМА УЧУН ЎЛДИРГАНДИ?

Ўша вақтдаги АҚШнинг 28-президенти Томас Вудро Вильсон (1856-1924) большевикларга қарши кураш ташаббускори бўлиб, қад тиклаётган «ўрис айиғи» ни «бешиги»даёқ бўғиш ниятида эди. У АҚШ президенти сифатида эмас, «Нобель» мукофоти совриндори сифатида ҳам дунёда обрўси баланд бўлиб, большевикларга қарши курашчилар билан музокарага тайёр эди. Вильсон 1919 йил 18 январда Парижда бошланган тинчлик конференциясида большевикларга қарши курашаётган барча мухолифатчиларга махсус хат йўллаб, уларни Шаҳзода оролларига таклиф этганди. Олти оролдан иборат мазкур сўлим маскан Истанбулнинг ёнгинасида бўлиб, ғарб давлатлари раҳбарларининг бу ерга денгиз йўли билан етиб келиши кутилаётганди.
Вильсон мухолифатчилар билан кучларни бирлаштириб, большевикларга зарба бериш ва тугатишни Париж тинчлик конференцияси кун тартибидаги долзарб масалалардан бири этиб қўйганди. Шу боис, бу масалани Истанбул яқинидаги оролда бевосита мухолифатчилар билан муҳокама қилиш, вазиятни батафсил таҳлил қилишга тайёр эди. АҚШ президенти билан эса теран мулоҳазали, вазиятни беш қўлдай биладиган туркистонлик большевиклар мухолифатчиси музокара олиб бориши керак эди. Бундай инсон эса ўша вақтда Беҳбудий бўлиб, у Бокуга, ундан Истанбулга ўтиб, Шаҳзода оролларига етиб бориши ва биринчи жаҳон урушида ғолиб бўлган давлат раҳбарлари билан болшевизмга қарши кураш буйича музокарани бошлаши керак эди.

Муфтийни ким қўлга туширди

Бу пайтга келиб, Хива хонлиги ва Бухоро амирлигидан ташқари, Ўрта Осиёнинг катта қисмини забт этган большевиклар, хусусан, уларнинг айғоқчилик маҳкамаси—ВЧК» кенг тармоқ отиб улгурганди. ВЧК аксилайғоқчилик тармоғи орқали Версал конференциясида большевикларга қарши кураш масаласи муҳокама этилишидан, унда болшевикларнинг ичкаридаги мухолифатчилари иштирок этишидан бохабар бўлганди. Шундай экан, қайсики мухолиф киши ёки гуруҳнинг четга чиқиши қандайдир йўллар билан Версал конференциясига боришидан дарак берарди. Ўша вақтда Туркистон ичида «босмачилар»дан ташқари, бош мухолифат лидери, табиийки, муфтий Беҳбудий ҳазратлари бўлиб, унинг 1919 йил февралида Тошкентга келиб, вазият билан танишиб кетгани ҳам ВЧКга маълум бўлган.
Кўп ўтмай, Самарқандга қайтиб келган Беҳбудийнинг у ерда туркиялик Наим афанди билан учрашгани ҳақидаги хабар тезда уларга етиб боради. Бундай вазиятда эса кузатув остидаги Беҳбудий уйида кўринмай қолди. Шунинг ўзиёқ ён-атрофдан муфтийнинг дарагини излаш ишлари олиб борилишига сабаб бўлди. Тошкентдаги большевиклар ВЧКасига Русиянинг Бухородаги элчихонаси ходими Уткин, Беҳбудийнинг Бухорога келганини кўрган одамлар борлиги ҳақида хабар беради. Муфтийнинг яна бир мухолифи—амир Сайд Олимхондан уни тутишда фойдаланиш маъқуллиги эса тезда энг мақбул вариант сифатида танланади. Бундан олдинроқ большевиклар Беҳбудийнинг амир билан рақиблигини билиб, муфтийдан Олимхонни қулатишда фойдаланишни ҳам ўйлагандилар. Бироқ Беҳбудийнинг нафақат амир билан, балки большевиклар билан ҳам муросага боролмаслиги аён бўлганди. Шундай экан, уни амир қўли билан гумдон қилиш энг осон йўл эди. Беҳбудийнинг Самарқанддан пинҳона чет элга чиққанлигидан огоҳ бўлгач эса бундан қулай пайт сифатида фойдаландилар. Яъни, олдинига чор охранкаси, эндиликда эса ВЧК айғоқчиси бўлган Уткин Бухородаги қизил Русия элчихонаси ходими сифатида амир билан тезда боғланиб, Беҳбудийнинг Бухорога келиб, «ёш бухороликлар» билан учрашгани, бу ердан Олимхонга қарши куч тўпламоқ мақсадида хорижга кетаётганини шипшитган. Бу эса муфтий Беҳбудийни шундоғам жини суймайдиган амир учун қулай бўлди. Боз устига, муфтий амирлик ҳудудида экан. Шу тарзда большевиклар амир қўли билан Беҳбудийнинг изига тушди.
Натижада, 1919 йил апрелида амир буйруғига кўра, Шаҳрисабзга етиб борган Беҳбудий ва унинг уч ҳамроҳи қамоққа олинади. Бу ҳақдаги хабар 1919 йилнинг 23 апрелида «Меҳнаткашлар товуши» газетасида чоп этилиб, муфтий «Бухоро тупроғидан ўтаётганларида турк муаллим Наим Афанди ила Қарши шаҳри беги тарафидан қўлга олиниб, зиндонга ташлангани» айтиб ўтилганди. Большевикча матбуот цензураси томонидан тайёрланган бу хабар орқали гўёки Беҳбудий амир буйруғига кўра, Тоғайбек томонидан зиндонга солингани, яъни муфтийнинг халқ орасида обрў қозонганини била туриб, халқдаям амирга қарши кайфиятни кучайтириб, ўзларини оқ қилиб кўрсатмоқчи бўлгандилар.

Зиндондаги раҳмдил… жаллод

Муфтийнинг ҳамроҳи бўлмиш Наим афандини Туркия билан муносабатларни ёмонлаштирмай, дея Қарши шаҳри беги кўйиб юбортиради. Беҳбудий, Мардонқул ва Муҳаммадқуллар эса, Қарши шаҳрига олиб келиниб, шахсан Тоғайбек томонидан зиндонда қийноқ ва азобларга солинади. Обрў-эътиборли муфтийнинг қийноққа солинишидан, ҳатто, бекнинг жаллоди Аҳмад ваҳимага тушиб, Тоғайбекдан муфтийни озод қилишни ўтиниб сўрайди. Бекдан буни илтимос қилишининг сабаби, улар муфтийни зиндонбанд қилганларида, Беҳбудий уларга ўз махфий сафарларини яшириб, ҳажга кетаётибмиз, деб айтган эди. Шу йўл билан у мусулмон бек ва жаллодларнинг қўлидан озод бўлишни ўйлаганди.

Аммо Тоғайбек муфтийга қарата: «сизлар жадид ва кофирдирсиз, Бухорога, жаноби олийга тиғ тортган сизнинг маслакдошингиз эмасмилар эди? Сизларни ўлдурмоқ керак. Сизлар қутулмоқ учун Байтуллоҳга бормоқни баҳона этиб кўрсатасиз», дейди. Ҳатто, муфтийнинг тарафини олган жаллоди Аҳмадниям калтаклатиб, сўнг ўлимга ҳукм қилади.
Беҳбудий ва унинг ҳамроҳларини эса, «Наука и просвещение» журналининг 1922 йил 1-сонидаги ҳожи Муиннинг мақоласидаги фикрларга кўра, «ўзлари учун қабр қазишга мажбур этадилар ва шу қабр ёнида уларни бўғизлаб, шу ерга кўмадилар».

Шу тариқа 1919 йил июн ойининг бошларида Қарши шаҳрида буюк маърифатпарвар муфтий Маҳмудхўжа Беҳбудий 44 ёшида фожиали қатл қилинди. Гарчи, улуғ маърифатчи Беҳбудий шаҳид бўлса-да, истиқлолга интилган аждодимиз сифатида тарихда қолди ва қолажак.

090

Шарофат Ашурова
БЕҲБУДИЙНИНГ ҚАБРИ ҚАЕРДА?

Ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи ярмида мустамлакачилар Туркистонни батамом қўлга киритдилар. Аммо халқнинг катта қисми босқинчиларнинг асл ниятини яхши англаб етмасди. Чунки босқинчилар ўз мақсадларини очиқ-ойдин намоён этмас, гоҳ иттифоқчи кўринишида, гоҳо Ўрта Осиёни Ғарб давлатларидан қўриқлаётган “дўст” сифатида майдонга чиқардилар. Бундай сиёсий маккорликка дастлаб Хива, Қўқон хонлари, ҳаттоки, анча ҳушёр Бухоро амири ҳам ишондилар.
Ана шундай мураккаб вазиятда халқ орасидан чиққан зиёлилар авом халққа бор ҳақиқатни айтишга уриндилар. Босқинчилар эса ерли халқнинг кўзини очаётган маърифат фидойиларини ҳаёт саҳнасидан бутунлай олиб ташлаш режасини туздилар. Маҳмудхўжа Беҳбудий ана шундай мунавварларнинг бири эди.
Туркистон жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси, янги маориф меъмори, олим, драматург, публицист Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қатл этилиши, унинг қотиллари борасида турли тахминлар мавжуд. Мустақилликка қадар Беҳбудийнинг шахси ва фаолияти деярли ёритилмади ёки атайин турли хил талқин этилди…
Шу муносабат билан бир воқеа эсимга тушади. 1985 йили Қарши шаҳрининг Иқбол кўчасидан чоққина ҳовли сотиб олдик. Қамашидан отам келиб бир ҳафтача меҳмон бўлди. Қўшнимиз Мусахон бувани суҳбатга чақирди. Мусахон бува йигирманчи йиллари Қарши маҳбусхонасида ишлаган экан. Ёши тўқсонларга бориб қолган бўлса-да, кўп воқеалар кечагидек хотирасида эди. Отам у кишига дедилар:
— Бой-қулоқ қилиш кампанияси бошланиб, мол-мулкларимиз тортиб олингач, бу ерлар торлик қилиб қолди. Туяларимни ҳайдаб Тожикистоннинг Қўрғонтепа туманига ўтиб кетдим. У ерда Файзулла Хўжаев билан учрашиб қолдим. Файзулла ака қаердан эканлигимни билиб, “Бизнинг устозимиз Беҳбудийни Қаршида қатл этганлар, аммо қабри ҳамон сир сақланмоқда. Имкони бўлса, Қаршига тушиб, яқинларингиздан суриштирсангиз”, деди. Қашқадарё билан Тожикистон ўртасида бориб келувчиларни кузатувчи, ҳимоячи қилиб қўлимга қурол берди. Қаршига жўнадим, танишларни ишга солиб, суриштирдим. Бироқ ҳеч нарсани аниқлаб бўлмади. Файзулла Хўжаевдек раҳбар қизиққан одам ким бўлди экан, деб ўйлардим. Сиз қамоқхонада ишлагансиз, балки, биларсиз?
— Беҳбудий деганлари қатл этилганда биз ўсмир бола бўлганмиз. Айни қама-қамалар даврида Қарши қамоқхонасида ишладим. Биз билан бирга ишлаганлар Беҳбудий Хўжа Абдулазизхон мадрасаси яқинидаги беклик чорбоғида қатл этилиб, шу ернинг ўзида кўмиб, қабри текислаб ташланган, дейишарди. Шаҳидлар бир неча киши бўлган экан. Уларни ўлдирган йигит кейин жинни бўлиб қолганини айтадилар.
Беҳбудий домланинг шогирдлари кўп экан чоғи, тинимсиз қабрини излашган, бироқ тополмаганлар. У кишининг қабри қаердалигини билганлар ҳам, ўлдирилган, дейишади. Қаршига Беҳбудий номи қўйилди, аммо Беҳбудийни тилга олганларни жадидчи деб қамадилар. Қамоқхоналар тиқилиб кетди. Сиёсатга аралашганларни Тошкентга жўнатишарди. Қолганларини тунда олиб чиқиб, эски қалъа ёнида йўқ қилардилар…
Бугунги кун зиёлилари истиқлол фидойиларининг фаолиятларига доир манбаларни излаяптилар. Кўп манбалар изсиз йўқолган. Ёки воқеа-ҳодисалар тескари талқин этилган. Шундай бўлишига қарамай, халқ ҳофизасига таянган ҳолда изланишлар давом этмоқда. Кунларнинг бирида “Олтин мерос” хайрия жамғармаси Нишон тумани бўлимининг бошлиғи Пўлат Хидиров бир суҳбатни хотирлаб қолди.
— 1967 йил эди, чамамда, отам билан қўшнимиз Ҳусайинов бобо гурунглашиб ўтирган экан. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида гап кетди. Қўшнимиз қартайиб қолган, ғассолларнинг пири эди. У киши, 1919 йилнинг март ёки апрел ойларининг охири эди, дея эслади. Қарши беги Тоғайбекнинг миршаби руҳий касал бўлиб, ҳузурига келгани, у йигит Беҳбудийнинг қатли вақтида ҳовлиқиб қолганидан болтаси қўлидан чиқиб кетгани, амаллаб бошини олгани, шу кундан буён кўзида уйқу йўқлигини гапириб берганини айтди. Суҳбатни эшитиб, мен ҳам қизиқиб қолдим. Чунки Беҳбудий ким эканини билишни истардим. Қатлда қатнашган миршаб йигит Беҳбудий ва дўстларининг қабрларини текислаб, устига йўнғичқа уруғи сепганларини айтибди. Шунда ғассол: Бу мусулмоннинг иши эмас, қандай бўлмасин қабрга белги қўйиб, Қуръон тилавот қилиб келасан, шундан сўнг у одам сени безовта қилмайди, дебди. Миршаб уч чоршанба даволаниб, ўзи кўмган икки қабрнинг устига тупроқ уйиб, белги қўйиб келганини айтган экан. Мен гапга аралашиб, ўша жойнинг қаердалигини сўраганимда Хўжа Абдулазизхон мадрасаси деворининг ортидаги иккита тутнинг тагидалигини айтди. Ўша пайтлари ғайратли журналистман, қўшнимиз айтган жойни бориб кўрдим, ҳақиқатан ҳам иккита қабр қаровсиз ётарди. У кишининг суҳбатидан кейин радиода Беҳбудий ва унинг қабри тўғрисида каттагина эшиттириш бердим, бироқ бунга ҳеч ким эътибор қилмади. Ҳақиқатан ҳам Ҳусайинов бобо айтган воқеалар бўлган экан…
1909 йили Хўжа Абдулазизхон томонидан қурилган мадрасага Қарши беклигининг чорбоғи туташиб кетган. Маҳмудхўжа Беҳбудий шу чорбоғда сўроқ қилинган, пинҳона шу ерда Аҳмад афанди билан 4 кишининг ўзларига қабр қаздириб, қатл этилган. Бу воқеаларни кимлардандир эшитган кишилар 1980-йиллари зиёратга келганлар. Ҳозирги кунда Хўжа Абдулазизхон мадрасасида вилоят ўлкани ўрганиш музейи жойлашган. Музей ходимларидан Муҳтарам опа бир қария киши келиб, ўзини 1-мактабнинг тарих ўқитувчиси, деб таништиргани, музей девори ортидаги икки тут тагида Беҳбудий ва унинг маслакдошлари кўмилганини айтиб, жойларини кўрсатиб, бу гаплар омонат эканини айтиб қаровсизликда ётган қабрлар устида дуои фотиҳа қилиб кетганини сўзлаб берди…
Вилоятда кўпгина қатағон-қирғин қурбонлари, шу жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг фаолиятини ўрганиш, қабрини излаб топиш борасида баъзи ишлар олиб борилди. Жумладан, таниқли олимлар — Бегали Қосимов, Поён Равшанов, устозларимиз — Самар Нуров, Чори Ҳамро, вилоят ўлкани ўрганиш музейининг директори Солижон Пўлатовнинг саъй-ҳаракатлари диққатга сазовор.
Урушдан кейинги йилларда бекликнинг чорбоғи ёнидан шоир, маорифчи Чори Ҳамро ҳовли олганди. У киши мадраса, чорбоғнинг атрофида кўплаб қабрлар чиққач, одам суякларини йиғиштириб, Эшон шаҳид қабристонига олиб бориб кўмгани, аммо шоир Беҳбудийнинг қабри деворга яқин жойда бўлиб, бузилмаганини айтган эди.
Бу ҳақда драматург Солижон Пўлатов “Насаф” газетасида (2000 йил) шундай ёзади: “Мен Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қатлига доир маълумотларни кўздан кечирдим, қариялар билан суҳбатлашдим. Шу нарсаларга амин бўлдимки, улар яширин ҳолда атрофи қалин деворлар билан ўралган хилват чорбоғда ўлдирилиб, сўнг мадраса девори яқинидаги тут дарахти ёнига кўмилган. Бу қабрлар 1950-йилларгача мавжуд бўлгани, кейинчалик бошқа жойга кўчирилгани, қаердалиги номаълумлигини сўзлаб беришди, жойини кўрсатишди, ҳозир бу тут сақланиб қолмаган. ( Ҳозирги “Умид” болалар боғчаси дарвозасига яқин жойда бўлган.)”
Беҳбудий ҳазратларининг ҳаёти ҳақида устозимиз таниқли ёзувчи Самар Нуров билан ҳам суҳбатлашдим. У киши шундай деди:
— Балки, Хўжа Абдулазизхон мадрасаси девори тагидаги тутнинг ёнидаги қабрлар у киши ва дўстлариникидир. Аммо, яна бир нарсани таъкидлашни истардим, бошимизда етмиш йил қилич ўйнатган сиёсатдонлар ўз ортларини тозалаб кетишни ҳам билганлар. Балки, Қарши шаҳридаги болалар боғига тўртта қабр кўчирилган эди, шулар жадид боболаримизники бўлиши мумкин. Чунки ўттизинчи йиллари шаҳид бўлганларнинг қабрларини шу ерга кўчириб келтириш урфга айланган. Аммо у киши буюк зот бўлган, Амирни қоралаш учун ҳам, жадидларни қатағон қилишда ҳам Беҳбудийнинг улуғлиги қўл келган. Беҳбудийни Амир ўлдиртирди, деб халқни чалғитганлар, шогирдлари сифатида зиёли қатламлар йўқ қилинган. Шунинг учун ҳам қотиллик, унинг қабри пинҳона сақланган…
Умид қиламизки, олимларимиз бу борадаги изланишларини давом эттирадилар.

Шарофат Ашурова мақоласи «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 33-сонидан олинди.

(Tashriflar: umumiy 74, bugungi 1)

Izoh qoldiring