Matyoqub Abdullayev. She’rlar va xotira-hikoya & Umid Bekmuhammad. Matyoqub Abdullayev kim edi?

09    1938 йилнинг 4-7 октябрида миллатимизнинг улуғ зиёлилари қатл этилган эди

Матёқуб Қўшжонов “Шарқ юлдузи” журналида 90-йиллар бошида хоразмлик Матёқуб Абдуллаев тўғрисида “Ўтмиш фожеаларидан бир лавҳа” деган мақола ёзган эди. М.Абдуллаев 30-йиллари адабий жараёнда фаол бўлган. “Қилич” номли роман ҳам ёзган. Бу ижодкор урушда асирга олиниб, легионерга айланади. Аммо М.Қўшжонов унинг олмонлар томонидаги тақдиридан бехабар эди.
Мақола айнан шу мазмундаги гаплар билан тугалланади. Илмий сафарга борганимда, Берлиннинг Унтер ден линден кўчасидаги Марказий кутубхонага кириб, Туркистон легионерлари фаолиятига оид матбуот манбаларини изладим. Буни қарангки, Матёқуб Абдуллаев ҳақида янги маълумотлар топилди. Шу асосда мақола ёздим. Мақола мазмунан Матёқуб ака фикрларини тўлдирган эди. Домла ўз мақоласидаги тахминга ойдинлик киритилганидан мамнун бўлганини яширмади (Баҳодир Каримнинг «Ижоди ҳам, ҳаёти ҳам ибрат» мақоласидан).

Умид БЕКМУҲАММАД
МАТЁҚУБ АБДУЛЛАЕВ КИМ ЭДИ?
045

    Матёқуб Абдуллаев номи бугунги кунда аксарият илмий тадқиқотчилар ва айрим ижодкорларга таниш бўлса керак.  Негаки, таниқли шарқшунос Исмоил Бекжонов шоирнинг бир дафтар шеърларини Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида яшовчи қизи Дилбар опадан олиб, 1991 йилда адабиётшунос Матёқуб Қўшжоновга берган экан.Ўшанда таниқли мунаққид М.Қўшжонов “Шарқ юлдузи” журналининг 1992 йил 6-сонида “Ўтмиш фожиаларидан бир лавҳа” номли мақола ёзган ва шеърларидан айримларини чоп этдирган эди.

“Ҳажм ва шакл жиҳатидан кичик шеърлар тўпламини эслатадиган тўқ-сариқ рангли дафтарча. Узоқ йиллар чўнтакда юргани шундоқ кўриниб турибди.Қоғозининг ранги ўчиб кетган.Баъзи варақларининг четлари титилган.Айримлари нима сабабдандир ўткир тиғ билан тилинган. Олабўз либосда, эрк-ихтиёрсиз тутқунликда кун кечирганлар ҳиди келгандек бўлади уни қўлга олсангиз.Дафтарча фабрика маҳсулоти эмаслиги кўриниб турибди. У оддий қоғозлардан буклаб, ип тортиб китобча шаклига келтирилган.Бир қисми оқ бўлиб, асл нусхадан ажралиб турибди.Назаримда, бу варақлар кейин илова қилинган.Уни шеърлар тўплами деса ҳам бўлаверади” дея ёзади академик Қўшжонов дафтарни таърифлаб.

Хўш, ана шу дафтарга дилидаги дардларини битган ижодкор — Матёқуб Абдуллаев ким эди?

Матёқуб Абдуллаев 1910 йилда Ҳазорасп туманида туғилади.Ёшлигидан бадиий адабиётга қизиқиб, Урганчдаги ўқитувчилар тайёрлаш курсида ўқийди. Кейин эса Урганчдаги округ театрида, “Инқилоб қуёши” газетасида, ёшлар ташкилотида фаолият юритади. “Зуҳра” шеърлар тўпламини, “Оловли зарба”, “Питнак ва фитначилар” пьесаларини ,”Пўлат” қиссасини Хоразмнинг довруқ қозонган шоирига айланади.

Хоразмда чоп этилган “Инқилоб қуёши” газетасининг 1930 -1938 йиллардаги сонларини варақласак, бу номга кўп кўзимиз тушади.Матёқуб Абдуллаев ана шу давр оралиғида вилоят ижтимоий – маданий ҳаётида фаол қатнашиб, кўплаб мақолалар, шеърлар, насрий асарлар ёзган ва уларни “Инқилоб қуёши”да чоп қилдириб борган.

Газетанинг 14 апрелдаги сонида Хоразм округи театрида Матёқуб Абдуллаевнинг “Ойша” достони асосидаги шу номли пьеса премерьаси бўлиб ўтгани ёзилган. Шунингдек, 20 апрелдаги “Инқилоб қуёши” нашрида эса, газетанинг 15 йиллигига атаб Хива шаҳрида ва “Қизил аскар” колхозида учрашувлар бўлиб ўтгани, ушбу тадбирларда Матёқуб Абдуллаевнинг “Ойша”, “Ошиқ Ғариб “ достонлари ва шеърлари ўқувчиларда қизиқиш уйғотгани ёзилган. Ушбу тадбирлардан мақола ёзган ёш журналистлар Хивалик Отабой Абдуллаев-Хушнуд Абдулла,Урганчлик Матёқуб Жавлонийлар бўлган.Вақт ўтиб,Хоразм округи бўйлаб ўтказилган тадбирларда бирга юрган, ўз даврида шуҳрат қозонган шоирлар олис Германияда ҳам бирга бўлишларини ўшанда ўйламангандирлар?!

1930 йилларда:

Хоразмдир узоқ округ,
Келиш қийин, темир йўл йўқ.
Сиздан бизга кўп яхшилик,
Хуш келдингиз Хоразмга...

каби давр даъвати асосида ёзилган замондошларининг шеърларини тинглаб, ўзлари ҳам шу руҳда асарлар ёзиб,М.Абдуллаев ва Х.Абдуллаев,Матёқуб Жавлонийлар адабий муҳитда фаол қатнашардилар.

05

Ўша вақтлари Москва, Тошкент шаҳарларидан вилоятга келган ижод ва санъаткорлар билан ўтган ҳар бир учрашувда Матёқуб Абдулла ва Хушнуд Абдулла,Матёқуб Жавлонийлар иштирок этишган, улар билан қизғин суҳбат қуришган. Шулардан таъсирланиб эса шеърлар, мақолалар ёзишган. Хусусан, Тамарахоним, Юсуфжон Шакаржонов, Ваҳобжон Фаёзов,Усмон Носирлар билан ўтган воҳадаги учрашувлар асосида уларнинг мақолалари “Инқилоб қуёши” саҳифаларига муҳрланиб борган.Шу билан бирга Матёқуб Жавлонийнинг ҳам сатира ва юморга йўғрилган мақола, масал, шеърлари чоп қилиниб, уларда қолоқ колхоз раислари, омборчи,бригада бошлиқлари ҳажв остига олинган.
Айниқса Усмон Носирнинг 1935 йилда Хоразмга келиб апрель,май ойларида воҳада яшаганича ижодий учрашувлар ўтказганида Матёқуб Абдуллаев ҳамиша унинг ёнида юрган.Ўшанда Усмон Носир “Хоразм қизига” номли достон ва кўплаб туркумлар ёзган, уларни Матёқуб Абдуллаев “Инқилоб қуёши” газетасида чоп этдириб турганди.

Матёқуб Абдуллаев ижодидаги юксалиш унинг Тошкентга келиб ижод қилган даврида акс этди.1938 йилда чоп этилган ”Қилич” романи унинг адабий муҳитдаги ўрнини янада мустаҳкамлади.Бироқ Комил Яшин,Ойбек,Ҳамид Олимжонлар билан сафдош бўлган таниқли адиб ҳарбийлар ҳаётидан “Полк ўғли” деган қисса ёзиш мақсадида ариза ёзиб, ҳарбий хизматга кетади.

Маълумки, 1937-38 йиллардаги “катта террор” даврида ўзбек адабиётидаги энг иқтидорли ижодкорлар қатағон давр қурбонига айланиб, отилди, қамоққа ҳукм этилди.Отилган, қамалган ижодкорлар бўшлиғини эса янги даврда ижод “куртаклари уйғонган” ёшлар эгаллашди. Ана шу сафдан Матёқуб Абдуллаевдек иқтидорли ижодкор ҳам жой олиб, ҳарбий хизматга кетмай ишлаб юравериши мумкин эди-ку?!Негаки, у вазирлар кенгашининг санъат бошқармасида ишлаётган,Тошкентдаги Энгельс кўчасида давлат томонидан уй ажратилган, Йўлдош Охунбобоевдек республика раҳбарларидан бири (Матёқуб Абдуллаевнинг “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” драмасидаги ижросидаги роль ва қўшиқдан ҳайратланиб, Охунбобоев ўз тўнини ечиб саҳнада унга кийгизган, ўн минг сўм пул мукофоти билан тақдирланган экан) назарига тушган ижодкор эди.

Академик Матёқуб Қўшжоновнинг ёзишича, “Матёқуб Абдуллаевнинг ижодий ютуқлари баъзиларда ҳасад уйғотиб, ижод баҳона армияга жўнатилган бўлиши ҳам мумкин”.Шу тариқа тошкентда рафиқаси ва қизи Дилбар, Тошкентда ижодкор сафдошлари, Хоразмда Хушнуд Абдулла,Матёқуб Жавлонийдек шогирдларини олисда қолдириб, Беларуссиядаги ҳарбий қисмга жўнаб кетади…

Устозининг ҳарбийга кетганини эшитган Отабой-Хушнуд Абдулла (у 1910 йилда Хивада туғилган бўлиб, Урганчдаги ўқитувчилар тайёрлаш институтини тугатиб, “Инқилоб қуёши” газетасида, вилоят кутубхонасида ишлаётган, 1937 йилдаги Тошкентда ўтган ёзувчилар уюшмаси анжуманида вилоятдан вакил бўлиб қатнашганди) ва Матёқуб Жавлонийлар Матёқуб Абдуллаевга мактублар йўллаб, Хоразмда учрашишларини билдириб қолишди.

Бироқ 1941 йилда бошланган уруш уларнинг учалловини Хоразмда эмас, олис Германияда учраштирди.

Хўш,Матёқуб Абдуллаев қандай ҳолатда урушга асир тушди? Ёки 1939 йилда армияга кетган хизматчининг қайтиб келиш муддати бўлмаганмиди?, каби саволлар туғилади.Чунки, у 18-20 ёшли хизмат ёшидаги йигитча эмас,29 ёшли республикага маълум ёзувчи, маъсул вазифадаги раҳбарлардан эди. Агар эслайдиган бўлсак, ҳаттоки уруш даврида кўплаб хизмат ёшидаги ёзувчилар ҳам “бронь” асосида фронтдан олиб қолинган.

Адибнинг қисматдошларидан Қурбон Қутлимуродов бу тўғрисида шундай хотирлаганди:
“Жума куни у Брестдан ўз қисмига қайтиши керак эди.Қандайдир сабаб билан сафарини яна бир кунга чўзибди.Аммо якшанба куни уруш бошланиб, ўз қисмига қайтишнинг имконини топаолмабди.Орадан бир ҳафта ўтгачгина Минскдаги ўз ҳарбий қисмига етиб келаолди. Бироқ бу ерда ҳам уруш даҳшатлари кечарди.Жанглардан бирида ярадор бўлгач, Матёқуб Абдуллаев асирга олинади.Мен уни 1942 йилнинг октябрида Харьков шаҳридаги трактор заводида кўрдим.Етти кун бирга бўлдик.У “СЮ” ( Совет Иттифоқи) ёзувли кийимда эди.Бу кийимдаги асирларнинг аҳволи оғир эди”.Ҳа, Матёқуб Абдуллаев асирликнинг ғоятда азобу-уқубатларини кўриб, инсон сифатида жисмоний эзилгачгина легионга ўтишга мажбур бўлади.

Табиийки, асирликка тушган инсоннинг фронт ортида қолган қариндошларига ҳам қийин,жабр эди бу ҳолат.

Матёқуб қўшжонов “Шарқ юлдузи”даги мақоласида шоирнинг укаси Иброҳим Абдуллаевнинг бу тўғридаги фикрларини келтиради: “Акам бизни 1933 йил кузида Tошкентга олиб кетди.Унинг хотини, 3-4 яшар қизи ва меним оилам ҳамда Исмоил исмли укам билан бирга яшай бошладик. Мен дастлаб, тўртинчи комбинатнинг “Ударник” газетасида маъсул котиб бўлиб, сўнгроқ “Қизил тонг” шаҳар газетасида шу вазифада ишладим. Кейин “ Большевик” журналида адабий ходим бўлдим. Укам Исмоил Тошкент вилоятидаги “Беш йиллик” совхозида чиқадиган кўп тиражли газетанинг ҳарф терувчиси ва тахловчиси эди. Мақсадларимиз катта, акам бизни ўқитмоқчи эди.У армияга кетиб қолди.Сўнгра укам ҳам урушга кетди.Биз Тошкентда қийналиб, уруш бошлангач Хоразмга қайтдик.Мен Ҳазораспда “Сталин йўли” газетасида 1943 йилгача масъул котиб, кейин муҳаррир бўлиб ишладим.1943 йили декабрдан туман фирқа қўмитаси учинчи котиблигига сайландим.1945 йили февралида Марказқўмдан комиссия келиб , мени ишдан бўшатдилар.НКВД эса партиядан ўчирилишимни талаб қилди.1956 йилда Ўзбекистон раҳбари Нуриддин Муҳиддинов ҳузурида бўлдим ва у кишининг тавсияси билан қайтадан партияга тикландим.Ўртоқ Муҳиддинов ўшанда “сизни партиядан нотўғри ўчиришган” дегандилар”.Укам Исмоил афсуски урушда ҳалок бўлди”.

Мана, урушнинг, фашистлар босқинчилигининг бир оилага кўрсатган мудҳиш таъсири, оғриқлари…. Шу боис ҳам Матёқуб Абдуллаев қалбидаги оғриқ, жудоликни шундай дея қоғозга туширганди:

Айрилиқ тушди бошимга беқарор бўлди кўнгил,
Сен гўзал элдан чиқиб кетганди ёнди жон ва дил.
Ўзга элларда ўтиб кетди ҳайф бир неча йил,
Қайғу-ғамни торта-торта ёш юрак ҳам бўлди сил.

Ҳа, ватанидан жудолик ҳар бир инсонга, айниқса шоирдек эҳтиросли бандага шундай қаттиқ таъсир қилиши аниқ. Аммо унинг “ўзга эллардаги” бир неча йили бекорга ўтмаган, ўзи айтмоқчи “ҳайф” эмасди, менимча. Чунки, у “Туркистон легиони”да хизмат қилишга мажбур бўлган даврида “Миллий адабиёт” адабий журнали, “Янги Туркистон” газетасида Европада яратган шеърларини чоп қилдиради. “Равшан” тахаллуси билан эълон этилган ушбу шеърларини тўплаб эса “ Менинг туйғуларим” (1944) номли китобини нашр қилдиради. Шунингдек, “Балиқчи қизи” деган маиший мавзудаги пьесасини ҳам яратади.

Филология фанлари доктори Баҳодир Каримов Берлин марказидаги “Унтер ден линден” кўчасида жойлашган “Штатсбиблистек”да уруш даврида легион чоп этган нашрларни варақлаб, “Ёшлик” журналининг 2000 йил 3-сонида мақола эттирганди. “Миллий адабиёт”, Равшан ва “Қурбон” сарлавҳали мақолада ёзилишига кўра, Матёқуб Абдуллаев Туркистон Миллий Бирлик Қўмитаси қошидаги илмий-адабий бўлим хизматчиси сифатида фаолият кўрсатган.

Баҳодир Каримовнинг ёзишича, “ Матёқуб Абдуллаевнинг Берлин ижоди аввалги қирмизи рангли ижодидан фарқланади. Кейинги асарларида миллий руҳ, эркпарварлик, ватанпарварлик, босқинчиларга нисбатан нафрат туйғуларининг устунлиги сезилади.Ҳар ҳолда қўлимиздаги айрим асарлари шундай хулоса учун асос беради. Ёзувчи “Сўнгги кеча” ( “Миллий адабиёт журнали 1943 йил 1-сон) деган воқеий ҳикоясида устози Абдулҳамид Мажидийнинг НКВД ходимлари томонидан қай тарзда олиб кетилганлиги, “Кунжара” ( “Миллий Адабиёт” журнали, 1943 йил 1-сон) номли воқеий ҳикоясида 1932 йиллардаги очарчилик фожеалари тўғрисида сўз юритади.”Балиқчи қизи ( “Миллий Адабиёт” журнали, 1943 йил 3-сон, 1944 йил, 4-5-6 сонлар) номли пьесасида эса Туркистон заминидаги адолатсиз бошқарув ва унинг қайғули оқибатлари манзарасини саҳнага келтиради.

“Миллий Адабиёт”нинг 1944 йилги сонларида 1937-38 йиллардаги оммавий қирғин ва қатағон воқеаларига бағишланган “Қурбон” деган романи босилади. Асар номи икки маъноли.Аввало бош қаҳрамон — ўша пайтларда маъсул вазифаларда ишлаган Қурбон Берегин исмини англатса, иккинчидан қирғин этилган юзлаб қурбонларга ишора бўлса керак..Бадиий савия масаласида роман юксаклик даъво қилмайди, чамамда…

…Хулоса учун : “Миллий Туркистон”, “Миллий Адабиёт” журналининг бошқа сонлари қандай? Уларда нималар ёритилган? Журналда ишлаган ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман миллатига мансуб ёзувчи-шоирлар ва журналистлар кимлар? Бунга ўхшаш қатор саволлар ҳали жавобсиздир. Аммо , биласизки, Туркистон Миллий Бирлик Қўмитаси, унинг аъзолари, уларнинг фаолияти, орзу-умидлари, мақсад-режалари, амалга оширган ишлари-бу тарих.Ундан кўз юмиб бўлмайди. Яхшими-ёмонми, ижобийми-салбийми-бундан қаътий назар-ўтмишдаги бу воқеалик, туркистонлик шахслар билан боғлиқ бўлган бу ҳодисалар тафсилоти тарих китобларидан ўрин олиши керак, деб ўйлаймиз.Чунки булар замирида инсон бор; инсон тақдири яширин. Бу тақдир эгаларининг айримлари хорижда қолиб, тирикчилик ғамига берилган бўлса,М.Равшан ( Матёқуб Абдуллаев)га ўхшаб юртига қайтганларга “сотқин”лик тамғаси босилди, қамоққа олинди ва сургун қилинди.Бир зиндондан олиб, бошқасига солинди. ”Ё биз уларни қутқарамиз ёки улар бизни қутқаради” дея миллатига ён босиб гапириб юрган Матёқуб Абдуллаев-Равшандек шахсларнинг ҳар икки тахмини ҳам пуч бўлиб чиқди.Уларни ғолиблар ғалаба шарафига “қурбон” қилиб юборган эдилар”.

Айнан Матёқуб Абдуллаев ҳам юртига қайтиб “сотқин” тамғасини олди ва қамоққа ҳукм қилинди. 1945 йил 11 июлда Оренбург турмасида, 1946 йил 3 февралда Орск, 16 апрелда Сибир, 30 августда Лемью, 1948 йил 7 мартида эса Сангаровка турмаларида азоб чекиб ётади.Хуллас, бепоён Россиянинг совуқ ўлкаларида маҳбуслик азобини тортади.Аммо ён дафтарчасига ўзининг дилидаги дардларини шеър тарзида қоғозга тушириб боради.Бироқ дардни фақат қоғозгина кўтара оларди.Шу боис у “сотқин” тамғаси, қийноқлардан ўлимни афзал билиб, Сибирдаги ўрмонзорда қулаётган дарахт тагига ўзини ташлаб жон берди…

Ана шу тариқа 1930 йиллардаги ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга бўла бошлаган, Қодирий, Чўлпон,А.Қаҳҳордан кейин тўртинчи бўлиб роман яратган адиб Матёқуб Абдуллаев 1948 йил фожиали вафот этади…

Матёқуб АБДУЛЛАЕВ
ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР
067

КЎНГИЛ

Кўнгил, сан бунчалар нозик ажаб ҳиссиётларинг бордир,
Қувонмоқ истасанг, ҳар дам гўзал севги сенга ёрдир.
Сенинг севгинг билан олам ёшарған-ёшноған ҳаргиз
Киши, қушлар ва ҳайвонлар бу севгингга сени зордир.

Кўнгил қолсаки, бир сўздан кўҳиқофдан-да оғирроқ,
Бу кенг олам, гўзал боғлар, чиройлик ўлкалар тордир.
Кўнгиллар бўлдими шамшод, умр бўйи бу дунёдан
Аламлар бирла ёнғондур, йиғи-ҳасрат бунга кордир,
Бу Равшан оламни гулшан қиларға шунда тайёрдир.

ДЎСТЛАР

Дўстлар,қилманг пичинг айбимни ошкор айласам,
Бошдан ўтган камчиликни сўз этиб зор айласам,
Ўйлар ҳар ҳам ортгай деб дўст яқин жондан азиз,
Пуч бўлиб чиқди хаёлим, йўқни мен бор айласам.

Борида менда нуфуз бўлди менга ҳамкорлар,
Шунда мен фикр айладим душман йўлин тор айладим.
Бошима тушган кезинда мушкил савдо бу гал,
Қочти бори танимай, арзир буни жор айласам.

Бағридан кечсам, унутсам розидир кўнглим менинг
Баъзи дўстларни аҳдсиз койисам, хор айласам.
Дўст бўлсанг бўлгил умрбод ажралмас ошиқ каби,
Мард бўлиб турғин сўзингда менам донгдор айласам.

Бу сифат олижаноб дўстлиқни мен мақтовчиман,
Бу даврнинг шоири Равшанга дилдор айласам.

5 октябр 1947 йил

ДИЛБАРИМГА
Қизимнинг 13 ёшга киришига

Кўз очиб, дунё кўриб, кўрган қизимсан Дилбарим,
Дунёдан орттирғоним,ҳам бойлиғим, дур-гавҳарим.
Кўрмайин тўлди юзингни оҳ ила бул дафтарим,
Боғимнинг гулзорида сен якка ёлғиз каптарим.

Сен даданг дийдорини кўрмай камол топмоқдасан,
Лайлидек балки ўзинг янги жамол топмоқдасан.
Ўрганиб илму ҳунарлар, бир амал топмоқдасан,
Бер хабар, ҳолинг нечук, билгум келур, эй сарварим.

Сақланур қалбимда чексиз Дилбаримга эътиқод,
Эътиқод бирлан севилганлар бўлур дилларда ёд.
Ёд этиб исмин қизимнинг, мен бўлурман бунда шод,
“Ўс, етил” дер лолаларға гул Ватан ҳам раҳбарим,

Сен ўсиб унган маҳалда балки кўзга кўз тушур,
Кўз тушиб қолғонда мен айтғусиман ҳам кўп узр.
Сенсиз ўтган кунларимда мен тополмай ҳеч ҳузур,
Бўлғоним сарсон менинг ростдур қизим, эй жавҳарим.

Менда бир ёлғиз тилак бор,бахтимиз кулгай қизим,
Бизни ажратган ғаним дам тортмайин ўлғай қизим.
Боғчасида бўлса гуллар, қолмайин сўлғай қизим,
Шунда Равшан боғида гул ғунча яшнар,Дилбарим.

22 март 1947 йил

ИСТАДИМ

Май ичиб дил дардини кўкларга сочмоқ истадим,
Сўнгра бу муз элларидан сўқмоқ очмоқ истадим.
Шул кичик сўқмоқ йўлим бирлан баҳор айёмига,
Ҳур бўлиб етмоқ учун тоғлардан ошмоқ истадим.

Косагул,қуй, соқиё май жомингни тўлдир жон учун,
Кучли тўлқиндек бўлиб ҳар ерда тошмоқ истадим.
Гоҳи-гоҳи тушса эсга ёри-дўстлар базмиким,
Гул-гулистоним томон бағрида шошмоқ истадим.

Марҳаматсиз ҳам ёруғсиз бул совуқ чўлдан бугун
Қуш бўлиб, боғлаб қанот, юртимга қочмоқ истадим.
Қуй шароб, аччиқ шароб, эй косагул,Равшанни деб,
Май ичиб, дил дардини кўкларга сочмоқ истадим.

1946 йил июл, Косова

АЙРИЛИҚ

Айрилиқ тушди бошимга беқарор бўлди кўнгил,
Сен, гўзал элдан, чиқиб кетганда ёнди жон ва дил.
Ўзга элларда ўтиб кетди ҳайф бир неча йил,
Қайғу-ғамни торта-торта ёш юрак ҳам бўлди сил.

Мен ўсиб-унган еримдек кўрмадим ер, кўп кезиб,
Бўлсам ҳар ерда ўнг юрдим фақат меҳрин сезиб,
Ўзга элда ўзгаларга зор бўлдим минг безиб,
Қайғуга йўлдош бўлиб мен чарчадим ёшликда ,бил.

Бил,гўзал эл қайғуси бул қул ғариб бечоранинг,
Кўнгли тундан-да бўлиб қолғон қора начоранинг,
Малҳамин топсанг эди, сан сарсон дил ёранинг,
Шерингни занжирлаган ёвнинг юрагин тиғла, тил!

Ол мени қўйнинға тортиб, шонли эл, гулзор-чаман,
Сенда бойлиқ, сенда шодлиқ, сендадир иқбол ва шан.
Сенсиз ўтган кунларимда топмади роҳат бу тан,
Ётма уйқуда, яратғон халқ мени, ёрдамға кел.

Сан, гўзал элга атаб ёзди ғазал Равшан шогирд,
Бўлса нуқсони сўзинда кўр, тузат, айбини ўт.
Шоир… етказса агар таърифи юрт,
Ҳусниға қўшғай ҳусн шоир ватанинг жони деб.

1947 йил 19 март

Матёқуб АБДУЛЛАЕВ
СЎНГГИ КЕЧА
Мақола М.Р. имзоси билан эълон қилинган

045

Шахсга сиғиниш балоси инсоният тарихида абадий муҳрланиб қоладиган қора доғ бўлди. Қўрқув салтанати соғлом кишини ногирон, осойишта одамни безовта, булбулигўёни гунг қилган эди. 30-йилларнинг мудҳиш фожиалари “бахтли совет халқи”га узоқ йиллар мутлақо ошкор этилмади. Фақат мустақиллик замонига келиб, Ўзбекистон осмонидаги баҳайбат қора булутлар кетгандан сўнггина ўша машъум ҳодисалар хусусида юрак ютиб гапириш, ёзиш имкони туғилди. Ҳужжатгоҳлар тилга кирди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, “миллатлар турмаси” саналган собиқ иттифоқ ҳудудидан ташқарида, гарчи жисми тутқунликда бўлса-да, руҳи нисбатан эркин кишилар ўзлари гувоҳ бўлган ўша воқеалар тўғрисида баъзи хотираларни ҳам ёзган эди.
Иккинчи жаҳон уруши вақтида “Миллий адабиёт” журнали билан ҳамкорлик қилган Матёқуб Абдуллаев исмли ижодкорнинг ҳукмингизга тақдим қилинаётган “Сўнгги кеча” воқеий ҳикояси ўша қоралама — хотиралардан биридир.  Уруш йиллари Берлинда нашр этилган “Миллий адабиёт” мажмуасида М.Р., Равшан, А.М. каби имзолар билан қатнашган Матёқуб Абдуллаев “Сўнгги кеча”да устози Абдулҳамид Мажидийнинг НКВД ходимлари томонидан қандай олиб кетилганлиги хусусида сўзлайди.
Абдулҳамид Мажидий (1902—1939) 20-йиллари Самарқанд адабий-илмий муҳитида фаол қатнашган. Шу муҳитда тарбия топган Мажидий “Абутанбал” тахаллуси билан ҳам бир қатор ҳажвий асарлар ёзган. У 30-йиллари Хоразмдаги округ давлат театри ташкил топишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшади. Айни чоғда, Хоразм ёш ижодкорлари билан ишлайди. Фикримизча, Матёқуб Абдуллаев Абдулҳамид Мажидий билан ана шу йиллари танишган, унга шогирд тушган.
Гарчанд янги ҳукуматга, қизиллар матбуоти ва маданиятига юрак-юракдан хизмат қилган бўлса-да, қаттол жамият Мажидийнинг бу хизматларини инобатга олмади. “Айбдор”лар, “гуноҳкор”лар қаторида қатл этишга кўрсатма беради. Гуноҳсиз бир инсон шу зайлда сиёсат қурбони бўлди. 30-йиллар охиридаги ана шу мудҳиш қатағон-қирғин авжига чиққан давр манзараси ушбу воқеий ҳикояда ўзининг ҳаққоний ифодасини топган.

Баҳодир Карим

045

17 январ кечаси мен беш яшар қизим билан уйда ёлғиз қолдим. Дилбарнинг опаси хизматчи хотин билан бирга от ўйинига кетган эди.

У ўта шўх эди. Бўйнимга миниб олганини сезмай қолар эдим мен. У бўйнимга миниб олгандан сўнг ингичка қўллари билан сочларимдан ушлаб, “туя-туя” қилар, унинг айтганини қилмай, тушириб қўйсам, ҳеч бир сўзлашмасдан бир бурчакка бориб йиғлар эди. Мен унинг ёнига бориб аҳвол сўрасам, юпатмоққа тиришсам, ўзича сира англаб бўлмайтурган бир товуш билан сўзланар эди.
— Қизим, нима деяпсан, тушунтириб сўйла! — дер эдим мен.
— Нигорнинг дадаси яхши, ҳар кун, ҳар кун “туя-туя” қилади! — дер эди у.
— Нигор дадасининг айтганини қилади, ақлли қиз. Сен ҳам менинг айтганимни қилсанг “туя-туя” қиламан. Қани айт, қиласанми, айт! — дедим.

Дилбарнинг юзида қувонч пайдо бўлди:
— Қиламан, дада, айтинг! — деганича бўйнимга осилиб, мени қайта-қайта ўпти (суйди). Мен уни кўтариб олиб, ичкари уйга киритдим. Патифонни қўйиб “ўйна” дедим. У ҳам “Хўп, дада!” деб ўйинга тушди.

У жуда ҳам келиштириб, баъзан қизиқчилик қилиб, бошини тебратиб, қошларини чимириб, мени кулдира-кулдира бирдан қулай фурсат топиб, худди чаққон маймун болаларидек бўйнимга миниб олиб, “туя-туя” деганича оёқлари билан тепсиниб, “ҳайт-ҳайт” дер эди. Мен бўлсам, уй ичида туядек лўкиллаб, у ёқ-бу ёққа чопар эдим.

Шу пайт эшикдан кимдир келиб қолди. Дарров елкамдан Дилбарни тушириб, ташқи уйга чиқдим. Қарасам, Абдулҳамид Мажидийнинг хизматчиси экан. У мени кўриши билан бир хатни бериб, жавоб ёзиб беришимни русчалаб сўради. Мен хатни ўқиб бўлиб, хатга бошқа бир қоғоз орқали жавоб бериб жўнатдим.

Бу вақт кечки соат ўн бир ярим эди. Хатда Мажидий мени оилам билан уйига таклиф қилган. Келишимни таъкидлаб сўрабди.
— Дада, — деди Дилбар, — қаерга борасиз?
— Нигорларникига. Опангга хат ёзиб қолдирамиз. Унинг ўзи борар! — дедим. “Мен ҳам бораман, дада”.

Мен уни кийинтирдим. Ўртоғимга хат қолдириб, ташқарига чиқдик. Иссиқ уйдан чиқиш билан изғирин шамол аралаш аччиқ совуқ юзга урилди. Биз югуриб бориб трамвайга миндик.

Биз тунги бир яримгача ҳангомалашиб ўтирдик. Ичимлик ҳам ҳаддан ортиқ, озғин, чакка суяклари бўртиб чиқиб турган, ожизгина Мажидий, бу сафар ҳеч ҳам қизармади. Аввалларда икки рюмка ичиш билан тулумдек қизариб, ҳар хил қизиқ-қизиқ ҳикоя, эртаклар, ҳикматли сўзлар ва афандилар сўзлаб бера турган киши бугун қовоғи солинган, ранги ўчган ва замоннинг бевафолигидан ёнган қиёфада эди.

Ўртоғим билан Мажидийнинг ўртоғи Шарифахон Хива сомсаси пишириш учун чиқиб кетганда Мажидий менга бир сўзни қочирим қилиб қўйди:
— Равшан! — деди у, — шу кунларда менда тинчлик йўқ. Хавотир ичидаман!
Мен унга дунёнинг қайғулари ҳақида камроқ ўйлашни тавсия қилдим. У бўлса, қўл силтаб, менга зарда қилгандек боқди:
— Ана! — деди у қўли билан уйнинг тўрида қўғирчоқ ўйнаб ўтирган Нигор билан Дилбарни кўрсатиб, — улар дунё ҳақида ғам емаса ҳақли. Чунки улар гўдакчалар. Биз-чи? Ота бўлган кишилармиз, ота бўлган кишилар!

У менинг устозим эди. 1930 йилда уни адабий ишдан четлаштирдилар. Пойтахтдан узоқ Хоразмга сургун қилгандек қилиб ҳайдадилар.

У Хоразмда бир қанча вақтларга қадар ишсиз юрди. Кейин кўп қийинчиликлар билан Хоразм вилоят театрини ташкил қилиб, унда адабий қисм бошлиғи бўлиб ишга тутинди. Ана шу вақтларда мен эндигина газетада ишлай бошлаган, майда-чуйда адабий нарсалар ёзишга киришган эдим. “Абутанбал” ва А.Мажидий деб машҳур от чиқазган бу ёзувчининг қалами Хоразм газеталари бетларида ва театрда машҳур бўлиб кетди. Мен унинг билан танишиб олгандан кейин уни вилоят газетасига ишга жойлаштиришга сабабчи бўлдим. Шундан сўнг у менга то сўнгги кунларгача ўз ёрдамини аямади. Ҳатто бир қанча катта асарларимни унинг ўзи таҳрир этиб, камчиликларимни кўрсатиб бериб, асарларимнинг силлиқ — кучли чиқувига сабабчи бўлди. У асарда адабий нуқтадан нуқсон бўлувини сира кўра билмас, адабий нодонлиққа қарши марҳаматсиз курашар эди. 1926 йилда бўлса керак, унинг “Хандон лолалар” деган шеърлар тўплами босилиб чиққан эди. У бу тўпламда ўзининг миллатчилик қарашларини очиқча ёзган. Ва шу сабабдан Хоразмга ҳайдалган!

Мен бу воқеаларни хаёлимдан ўтказиб олдим. Хива сомсаси келтирилди. Тағин ичдик. Суҳбат қизиди… Соат иккидан 20 минут ўтганда мен кетиш учун рухсат сўрадим. Абдулҳамид рухсат бермади. У шунда бу кун қолиб кетувимизни таклиф этди. Унинг сўзини ўлдиришни мен истамас эдим. Хотинлар ичкариги уйда, биз бўлсак ташқариги уйда ётдик.

Энди ширин уйқуга кетганимизда, эшик қоқилиб қолди. Қарасак, битта милисия ва НКВД ходими келиб турибди. Мажидий аввало бироз оқаринди. Кейин ўзини босиб ола билди. Мен не қиларимни бимай, ҳайрон бўлиб турар эдим.
— Сиз ким бўласиз? — деди менга қараб НКВД ходими.

Мен дадиллик билан жавоб қайтардим:
— Мен бу кишининг биродариман. Кеча оила аъзоларим билан меҳмон бўлиб келган эдим!
— Қаерда ишлайсиз? Ҳужжатларингизни кўрсатинг!

Мен ҳужжатимни кўрсатдим. Шундан сўнг менинг иштирокимда келган киши уйни тинтувга киришди. Уй шундай тинтилдики, қаралмаган не шкаф, не оржа — сандиқ, не ёстиқ, не карават таглари қолди! Икки соатга чўзилган тинтувдан сўнг битта қўлёзма асар чиқди. Бу бир қанча шаҳар театрларида зўр ютуқ қозонган “Отсиз” номли пиеса эди. Бу қўлёзманинг бир чеккасига бир неча йил илгари: “Акмал Икромовга! Шу асарни саҳналаштирувга (ўйнатувга) кўмак этинг!” деб ёзилган экан. Бу сўз ёзилган чоқда А.Икромов фирқа қўмитасининг бош саркотиби бўлган. Бу ёзувчининг “аксилинқилобчилар” билан яқин муносабатда, алоқада бўлганини кўрсатувчи катта (?) ҳужжат! Иккинчи ҳужжат топилмади. У А.Мажидийнинг 1919-1921 йилларда Истанбулга бориб чет элда ўқигани ҳақидаги гувоҳнома эди.
— Сиз қамоққа олиндингиз! Айбингизни шу ёқда эълон қиламиз. Кўрпача, пул-мул олингиз, зарар қилмас!

Нигор уни олиб чиқаётганда узала ётиб, оёқ чалиб йиғлаб, Дилбар бўлса милисияга қараб, хўмрайганча турар эди.

Мен устозимнинг кўзига боқдим. У менга боқди. Буни сезиб қолган чекист:
— Хайрлашинглар, балким қайтиб кўришмак насиб бўлмас! — деди. Бу сўзни эшитгандан сўнг Шарифахон билан менинг ўртоғим ҳам, опасига эргашиб қизим Дилбар ҳам йиғлаб юборди.

Мажидийнинг ўтли кўзлари чекистга ташланди:
— Эй бағритош одам! Не учун илжаясан?! Бу йиғи сенга роҳатми бағишлайди?

У шу сўзларнигина айта олди. Чекист унга сўзлов учун имкон бермади. Олдига солиб олиб чиқиб кетди. Уй ичи мотамга айланди.
— Нигор, энди бизларникига юр, дадангни милисия олиб кетди. Менинг дадам сени ҳам, мени ҳам “туя-туя” қилади! — деди Дилбар. У бу сўзни Нигорни тиндириш ниятида айтган эди. Аммо у бу билан тинмади.

Бу сўнгги кеча мени устозимдан ажратди. Эртаси китоб магазинига борсам, унинг янгигина босилиб чиққан “Қалдирғоч”, “Ҳангома” деган асарлари сотишдан тўхтатилибди. Босилаётган девони, ҳажвий ҳикоялари тўплами ҳам босувдан тўхтатилибди.

Мана, халқ ичиндан чиққан битта ёзувчи нима учун йўқ қилиниб юборилди. Одамни ҳар нарсадан “қиммат” санайтурган Сталин замонинда интеллигентга нисбатан тутилган йўл мана қандай!!!

Берлин. “Миллий адабиёт” журнали 1943 йил, 1-сон.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 30-сонидан олинди.

009

1938 yilning 4-7 oktyabrida millatimizning ulug’ ziyolilari qatl etilgan edi

Umid BEKMUHAMMAD
MATYOQUB ABDULLAEV KIM EDI?
045

Matyoqub Abdullaev nomi bugungi kunda aksariyat ilmiy tadqiqotchilar va ayrim ijodkorlarga tanish bo’lsa kerak. Negaki, taniqli sharqshunos Ismoil Bekjonov shoirning bir daftar she’rlarini Xorazm viloyatining Hazorasp tumanida yashovchi qizi Dilbar opadan olib, 1991 yilda adabiyotshunos Matyoqub Qo’shjonovga bergan ekan.O’shanda taniqli munaqqid M.Qo’shjonov “Sharq yulduzi” jurnalining 1992 yil 6-sonida “O’tmish fojialaridan bir lavha” nomli maqola yozgan va she’rlaridan ayrimlarini chop etdirgan edi.

“Hajm va shakl jihatidan kichik she’rlar to’plamini eslatadigan to’q-sariq rangli daftarcha. Uzoq yillar cho’ntakda yurgani shundoq ko’rinib turibdi.Qog’ozining rangi o’chib ketgan.Ba’zi varaqlarining chetlari titilgan.Ayrimlari nima sababdandir o’tkir tig’ bilan tilingan. Olabo’z libosda, erk-ixtiyorsiz tutqunlikda kun kechirganlar hidi kelgandek bo’ladi uni qo’lga olsangiz.Daftarcha fabrika mahsuloti emasligi ko’rinib turibdi. U oddiy qog’ozlardan buklab, ip tortib kitobcha shakliga keltirilgan.Bir qismi oq bo’lib, asl nusxadan ajralib turibdi.Nazarimda, bu varaqlar keyin ilova qilingan.Uni she’rlar to’plami desa ham bo’laveradi” deya yozadi akademik Qo’shjonov daftarni ta’riflab.

Xo’sh, ana shu daftarga dilidagi dardlarini bitgan ijodkor — Matyoqub Abdullaev kim edi?

Matyoqub Abdullaev 1910 yilda Hazorasp tumanida tug’iladi.Yoshligidan badiiy adabiyotga qiziqib, Urganchdagi o’qituvchilar tayyorlash kursida o’qiydi. Keyin esa Urganchdagi okrug teatrida, “Inqilob quyoshi” gazetasida, yoshlar tashkilotida faoliyat yuritadi. “Zuhra” she’rlar to’plamini, “Olovli zarba”, “Pitnak va fitnachilar” p`esalarini ,”Po’lat” qissasini Xorazmning dovruq qozongan shoiriga aylanadi.

Xorazmda chop etilgan “Inqilob quyoshi” gazetasining 1930 -1938 yillardagi sonlarini varaqlasak, bu nomga ko’p ko’zimiz tushadi.Matyoqub Abdullaev ana shu davr oralig’ida viloyat ijtimoiy – madaniy hayotida faol qatnashib, ko’plab maqolalar, she’rlar, nasriy asarlar yozgan va ularni “Inqilob quyoshi”da chop qildirib borgan.

Gazetaning 14 apreldagi sonida Xorazm okrugi teatrida Matyoqub Abdullaevning “Oysha” dostoni asosidagi shu nomli p`esa premer`asi bo’lib o’tgani yozilgan. Shuningdek, 20 apreldagi “Inqilob quyoshi” nashrida esa, gazetaning 15 yilligiga atab Xiva shahrida va “Qizil askar” kolxozida uchrashuvlar bo’lib o’tgani, ushbu tadbirlarda Matyoqub Abdullaevning “Oysha”, “Oshiq G’arib “ dostonlari va she’rlari o’quvchilarda qiziqish uyg’otgani yozilgan. Ushbu tadbirlardan maqola yozgan yosh jurnalistlar Xivalik Otaboy Abdullaev-Xushnud Abdulla,Urganchlik Matyoqub Javloniylar bo’lgan.Vaqt o’tib,Xorazm okrugi bo’ylab o’tkazilgan tadbirlarda birga yurgan, o’z davrida shuhrat qozongan shoirlar olis Germaniyada ham birga bo’lishlarini o’shanda o’ylamangandirlar?!

1930 yillarda:

Xorazmdir uzoq okrug,
Kelish qiyin, temir yo’l yo’q.
Sizdan bizga ko’p yaxshilik,
Xush keldingiz Xorazmga...

kabi davr da’vati asosida yozilgan zamondoshlarining she’rlarini tinglab, o’zlari ham shu ruhda asarlar yozib,M.Abdullaev va X.Abdullaev,Matyoqub Javloniylar adabiy muhitda faol qatnashardilar.

O’sha vaqtlari Moskva, Toshkent shaharlaridan viloyatga kelgan ijod va san’atkorlar bilan o’tgan har bir uchrashuvda Matyoqub Abdulla va Xushnud Abdulla,Matyoqub Javloniylar ishtirok etishgan, ular bilan qizg’in suhbat qurishgan. Shulardan ta’sirlanib esa she’rlar, maqolalar yozishgan. Xususan, Tamaraxonim, Yusufjon Shakarjonov, Vahobjon Fayozov,Usmon Nosirlar bilan o’tgan vohadagi uchrashuvlar asosida ularning maqolalari “Inqilob quyoshi” sahifalariga muhrlanib borgan.Shu bilan birga Matyoqub Javloniyning ham satira va yumorga yo’g’rilgan maqola, masal, she’rlari chop qilinib, ularda qoloq kolxoz raislari, omborchi,brigada boshliqlari hajv ostiga olingan.
Ayniqsa Usmon Nosirning 1935 yilda Xorazmga kelib aprel`,may oylarida vohada yashaganicha ijodiy uchrashuvlar o’tkazganida Matyoqub Abdullaev hamisha uning yonida yurgan.O’shanda Usmon Nosir “Xorazm qiziga” nomli doston va ko’plab turkumlar yozgan, ularni Matyoqub Abdullaev “Inqilob quyoshi” gazetasida chop etdirib turgandi.

Matyoqub Abdullaev ijodidagi yuksalish uning Toshkentga kelib ijod qilgan davrida aks etdi.1938 yilda chop etilgan ”Qilich” romani uning adabiy muhitdagi o’rnini yanada mustahkamladi.Biroq Komil Yashin,Oybek,Hamid Olimjonlar bilan safdosh bo’lgan taniqli adib harbiylar hayotidan “Polk o’g’li” degan qissa yozish maqsadida ariza yozib, harbiy xizmatga ketadi.

Ma’lumki, 1937-38 yillardagi “katta terror” davrida o’zbek adabiyotidagi eng iqtidorli ijodkorlar qatag’on davr qurboniga aylanib, otildi, qamoqqa hukm etildi.Otilgan, qamalgan ijodkorlar bo’shlig’ini esa yangi davrda ijod “kurtaklari uyg’ongan” yoshlar egallashdi. Ana shu safdan Matyoqub Abdullaevdek iqtidorli ijodkor ham joy olib, harbiy xizmatga ketmay ishlab yuraverishi mumkin edi-ku?!Negaki, u vazirlar kengashining san’at boshqarmasida ishlayotgan,Toshkentdagi Engel`s ko’chasida davlat tomonidan uy ajratilgan, Yo’ldosh Oxunboboevdek respublika rahbarlaridan biri (Matyoqub Abdullaevning “Oshiq G’arib va Shohsanam” dramasidagi ijrosidagi rol` va qo’shiqdan hayratlanib, Oxunboboev o’z to’nini yechib sahnada unga kiygizgan, o’n ming so’m pul mukofoti bilan taqdirlangan ekan) nazariga tushgan ijodkor edi.

Akademik Matyoqub Qo’shjonovning yozishicha, “Matyoqub Abdullaevning ijodiy yutuqlari ba’zilarda hasad uyg’otib, ijod bahona armiyaga jo’natilgan bo’lishi ham mumkin”.Shu tariqa toshkentda rafiqasi va qizi Dilbar, Toshkentda ijodkor safdoshlari, Xorazmda Xushnud Abdulla,Matyoqub Javloniydek shogirdlarini olisda qoldirib, Belarussiyadagi harbiy qismga jo’nab ketadi…

Ustozining harbiyga ketganini eshitgan Otaboy-Xushnud Abdulla (u 1910 yilda Xivada tug’ilgan bo’lib, Urganchdagi o’qituvchilar tayyorlash institutini tugatib, “Inqilob quyoshi” gazetasida, viloyat kutubxonasida ishlayotgan, 1937 yildagi Toshkentda o’tgan yozuvchilar uyushmasi anjumanida viloyatdan vakil bo’lib qatnashgandi) va Matyoqub Javloniylar Matyoqub Abdullaevga maktublar yo’llab, Xorazmda uchrashishlarini bildirib qolishdi.

Biroq 1941 yilda boshlangan urush ularning uchallovini Xorazmda emas, olis Germaniyada uchrashtirdi.

Xo’sh,Matyoqub Abdullaev qanday holatda urushga asir tushdi? Yoki 1939 yilda armiyaga ketgan xizmatchining qaytib kelish muddati bo’lmaganmidi?, kabi savollar tug’iladi.Chunki, u 18-20 yoshli xizmat yoshidagi yigitcha emas,29 yoshli respublikaga ma’lum yozuvchi, ma’sul vazifadagi rahbarlardan edi. Agar eslaydigan bo’lsak, hattoki urush davrida ko’plab xizmat yoshidagi yozuvchilar ham “bron`” asosida frontdan olib qolingan.

Adibning qismatdoshlaridan Qurbon Qutlimurodov bu to’g’risida shunday xotirlagandi:
“Juma kuni u Brestdan o’z qismiga qaytishi kerak edi.Qandaydir sabab bilan safarini yana bir kunga cho’zibdi.Ammo yakshanba kuni urush boshlanib, o’z qismiga qaytishning imkonini topaolmabdi.Oradan bir hafta o’tgachgina Minskdagi o’z harbiy qismiga yetib kelaoldi. Biroq bu yerda ham urush dahshatlari kechardi.Janglardan birida yarador bo’lgach, Matyoqub Abdullaev asirga olinadi.Men uni 1942 yilning oktyabrida Xar`kov shahridagi traktor zavodida ko’rdim.Yetti kun birga bo’ldik.U “SYU” ( Sovet Ittifoqi) yozuvli kiyimda edi.Bu kiyimdagi asirlarning ahvoli og’ir edi”.Ha, Matyoqub Abdullaev asirlikning g’oyatda azobu-uqubatlarini ko’rib, inson sifatida jismoniy ezilgachgina legionga o’tishga majbur bo’ladi.

Tabiiyki, asirlikka tushgan insonning front ortida qolgan qarindoshlariga ham qiyin,jabr edi bu holat.

Matyoqub qo’shjonov “Sharq yulduzi”dagi maqolasida shoirning ukasi Ibrohim Abdullaevning bu to’g’ridagi fikrlarini keltiradi: “Akam bizni 1933 yil kuzida Toshkentga olib ketdi.Uning xotini, 3-4 yashar qizi va menim oilam hamda Ismoil ismli ukam bilan birga yashay boshladik. Men dastlab, to’rtinchi kombinatning “Udarnik” gazetasida ma’sul kotib bo’lib, so’ngroq “Qizil tong” shahar gazetasida shu vazifada ishladim. Keyin “ Bol`shevik” jurnalida adabiy xodim bo’ldim. Ukam Ismoil Toshkent viloyatidagi “Besh yillik” sovxozida chiqadigan ko’p tirajli gazetaning harf teruvchisi va taxlovchisi edi. Maqsadlarimiz katta, akam bizni o’qitmoqchi edi.U armiyaga ketib qoldi.So’ngra ukam ham urushga ketdi.Biz Toshkentda qiynalib, urush boshlangach Xorazmga qaytdik.Men Hazoraspda “Stalin yo’li” gazetasida 1943 yilgacha mas’ul kotib, keyin muharrir bo’lib ishladim.1943 yili dekabrdan tuman firqa qo’mitasi uchinchi kotibligiga saylandim.1945 yili fevralida Markazqo’mdan komissiya kelib , meni ishdan bo’shatdilar.NKVD esa partiyadan o’chirilishimni talab qildi.1956 yilda O’zbekiston rahbari Nuriddin Muhiddinov huzurida bo’ldim va u kishining tavsiyasi bilan qaytadan partiyaga tiklandim.O’rtoq Muhiddinov o’shanda “sizni partiyadan noto’g’ri o’chirishgan” degandilar”.Ukam Ismoil afsuski urushda halok bo’ldi”.

Mana, urushning, fashistlar bosqinchiligining bir oilaga ko’rsatgan mudhish ta’siri, og’riqlari…. Shu bois ham Matyoqub Abdullaev qalbidagi og’riq, judolikni shunday deya qog’ozga tushirgandi:

Ayriliq tushdi boshimga beqaror bo’ldi ko’ngil,
Sen go’zal eldan chiqib ketgandi yondi jon va dil.
O’zga ellarda o’tib ketdi hayf bir necha yil,
Qayg’u-g’amni torta-torta yosh yurak ham bo’ldi sil.

Ha, vatanidan judolik har bir insonga, ayniqsa shoirdek ehtirosli bandaga shunday qattiq ta’sir qilishi aniq. Ammo uning “o’zga ellardagi” bir necha yili bekorga o’tmagan, o’zi aytmoqchi “hayf” emasdi, menimcha. Chunki, u “Turkiston legioni”da xizmat qilishga majbur bo’lgan davrida “Milliy adabiyot” adabiy jurnali, “Yangi Turkiston” gazetasida Yevropada yaratgan she’rlarini chop qildiradi. “Ravshan” taxallusi bilan e’lon etilgan ushbu she’rlarini to’plab esa “ Mening tuyg’ularim” (1944) nomli kitobini nashr qildiradi. Shuningdek, “Baliqchi qizi” degan maishiy mavzudagi p`esasini ham yaratadi.

Filologiya fanlari doktori Bahodir Karimov Berlin markazidagi “Unter den linden” ko’chasida joylashgan “Shtatsbiblistek”da urush davrida legion chop etgan nashrlarni varaqlab, “Yoshlik” jurnalining 2000 yil 3-sonida maqola ettirgandi. “Milliy adabiyot”, Ravshan va “Qurbon” sarlavhali maqolada yozilishiga ko’ra, Matyoqub Abdullaev Turkiston Milliy Birlik Qo’mitasi qoshidagi ilmiy-adabiy bo’lim xizmatchisi sifatida faoliyat ko’rsatgan.

Bahodir Karimovning yozishicha, “ Matyoqub Abdullaevning Berlin ijodi avvalgi qirmizi rangli ijodidan farqlanadi. Keyingi asarlarida milliy ruh, erkparvarlik, vatanparvarlik, bosqinchilarga nisbatan nafrat tuyg’ularining ustunligi seziladi.Har holda qo’limizdagi ayrim asarlari shunday xulosa uchun asos beradi. Yozuvchi “So’nggi kecha” ( “Milliy adabiyot jurnali 1943 yil 1-son) degan voqeiy hikoyasida ustozi Abdulhamid Majidiyning NKVD xodimlari tomonidan qay tarzda olib ketilganligi, “Kunjara” ( “Milliy Adabiyot” jurnali, 1943 yil 1-son) nomli voqeiy hikoyasida 1932 yillardagi ocharchilik fojealari to’g’risida so’z yuritadi.”Baliqchi qizi ( “Milliy Adabiyot” jurnali, 1943 yil 3-son, 1944 yil, 4-5-6 sonlar) nomli p`esasida esa Turkiston zaminidagi adolatsiz boshqaruv va uning qayg’uli oqibatlari manzarasini sahnaga keltiradi.

“Milliy Adabiyot”ning 1944 yilgi sonlarida 1937-38 yillardagi ommaviy qirg’in va qatag’on voqealariga bag’ishlangan “Qurbon” degan romani bosiladi. Asar nomi ikki ma’noli.Avvalo bosh qahramon — o’sha paytlarda ma’sul vazifalarda ishlagan Qurbon Beregin ismini anglatsa, ikkinchidan qirg’in etilgan yuzlab qurbonlarga ishora bo’lsa kerak..Badiiy saviya masalasida roman yuksaklik da’vo qilmaydi, chamamda…

…Xulosa uchun : “Milliy Turkiston”, “Milliy Adabiyot” jurnalining boshqa sonlari qanday? Ularda nimalar yoritilgan? Jurnalda ishlagan o’zbek, qozoq, qirg’iz, turkman millatiga mansub yozuvchi-shoirlar va jurnalistlar kimlar? Bunga o’xshash qator savollar hali javobsizdir. Ammo , bilasizki, Turkiston Milliy Birlik Qo’mitasi, uning a’zolari, ularning faoliyati, orzu-umidlari, maqsad-rejalari, amalga oshirgan ishlari-bu tarix.Undan ko’z yumib bo’lmaydi. Yaxshimi-yomonmi, ijobiymi-salbiymi-bundan qa’tiy nazar-o’tmishdagi bu voqealik, turkistonlik shaxslar bilan bog’liq bo’lgan bu hodisalar tafsiloti tarix kitoblaridan o’rin olishi kerak, deb o’ylaymiz.Chunki bular zamirida inson bor; inson taqdiri yashirin. Bu taqdir egalarining ayrimlari xorijda qolib, tirikchilik g’amiga berilgan bo’lsa,M.Ravshan ( Matyoqub Abdullaev)ga o’xshab yurtiga qaytganlarga “sotqin”lik tamg’asi bosildi, qamoqqa olindi va surgun qilindi.Bir zindondan olib, boshqasiga solindi. ”YO biz ularni qutqaramiz yoki ular bizni qutqaradi” deya millatiga yon bosib gapirib yurgan Matyoqub Abdullaev-Ravshandek shaxslarning har ikki taxmini ham puch bo’lib chiqdi.Ularni g’oliblar g’alaba sharafiga “qurbon” qilib yuborgan edilar”.

Aynan Matyoqub Abdullaev ham yurtiga qaytib “sotqin” tamg’asini oldi va qamoqqa hukm qilindi. 1945 yil 11 iyulda Orenburg turmasida, 1946 yil 3 fevralda Orsk, 16 aprelda Sibir, 30 avgustda Lem`yu, 1948 yil 7 martida esa Sangarovka turmalarida azob chekib yotadi.Xullas, bepoyon Rossiyaning sovuq o’lkalarida mahbuslik azobini tortadi.Ammo yon daftarchasiga o’zining dilidagi dardlarini she’r tarzida qog’ozga tushirib boradi.Biroq dardni faqat qog’ozgina ko’tara olardi.Shu bois u “sotqin” tamg’asi, qiynoqlardan o’limni afzal bilib, Sibirdagi o’rmonzorda qulayotgan daraxt tagiga o’zini tashlab jon berdi…

Ana shu tariqa 1930 yillardagi o’zbek adabiyotida o’z o’rniga ega bo’la boshlagan, Qodiriy, Cho’lpon,A.Qahhordan keyin to’rtinchi bo’lib roman yaratgan adib Matyoqub Abdullaev 1948 yil fojiali vafot etadi…

Matyoqub ABDULLAEV
SHE’RLARIDAN NAMUNALAR
067

KO’NGIL

Ko’ngil, san bunchalar nozik ajab hissiyotlaring bordir,
Quvonmoq istasang, har dam go’zal sevgi senga yordir.
Sening sevging bilan olam yosharg’an-yoshnog’an hargiz
Kishi, qushlar va hayvonlar bu sevgingga seni zordir.

Ko’ngil qolsaki, bir so’zdan ko’hiqofdan-da og’irroq,
Bu keng olam, go’zal bog’lar, chiroylik o’lkalar tordir.
Ko’ngillar bo’ldimi shamshod, umr bo’yi bu dunyodan
Alamlar birla yong’ondur, yig’i-hasrat bunga kordir,
Bu Ravshan olamni gulshan qilarg’a shunda tayyordir.

DO’STLAR

Do’stlar,qilmang piching aybimni oshkor aylasam,
Boshdan o’tgan kamchilikni so’z etib zor aylasam,
O’ylar har ham ortgay deb do’st yaqin jondan aziz,
Puch bo’lib chiqdi xayolim, yo’qni men bor aylasam.

Borida menda nufuz bo’ldi menga hamkorlar,
Shunda men fikr ayladim dushman yo’lin tor ayladim.
Boshima tushgan kezinda mushkil savdo bu gal,
Qochti bori tanimay, arzir buni jor aylasam.

Bag’ridan kechsam, unutsam rozidir ko’nglim mening
Ba’zi do’stlarni ahdsiz koyisam, xor aylasam.
Do’st bo’lsang bo’lgil umrbod ajralmas oshiq kabi,
Mard bo’lib turg’in so’zingda menam dongdor aylasam.

Bu sifat olijanob do’stliqni men maqtovchiman,
Bu davrning shoiri Ravshanga dildor aylasam.

5 oktyabr 1947 yil

DILBARIMGA
Qizimning 13 yoshga kirishiga

Ko’z ochib, dunyo ko’rib, ko’rgan qizimsan Dilbarim,
Dunyodan orttirg’onim,ham boylig’im, dur-gavharim.
Ko’rmayin to’ldi yuzingni oh ila bul daftarim,
Bog’imning gulzorida sen yakka yolg’iz kaptarim.

Sen dadang diydorini ko’rmay kamol topmoqdasan,
Laylidek balki o’zing yangi jamol topmoqdasan.
O’rganib ilmu hunarlar, bir amal topmoqdasan,
Ber xabar, holing nechuk, bilgum kelur, ey sarvarim.

Saqlanur qalbimda cheksiz Dilbarimga e’tiqod,
E’tiqod birlan sevilganlar bo’lur dillarda yod.
Yod etib ismin qizimning, men bo’lurman bunda shod,
“O’s, yetil” der lolalarg’a gul Vatan ham rahbarim,

Sen o’sib ungan mahalda balki ko’zga ko’z tushur,
Ko’z tushib qolg’onda men aytg’usiman ham ko’p uzr.
Sensiz o’tgan kunlarimda men topolmay hech huzur,
Bo’lg’onim sarson mening rostdur qizim, ey javharim.

Menda bir yolg’iz tilak bor,baxtimiz kulgay qizim,
Bizni ajratgan g’anim dam tortmayin o’lg’ay qizim.
Bog’chasida bo’lsa gullar, qolmayin so’lg’ay qizim,
Shunda Ravshan bog’ida gul g’uncha yashnar,Dilbarim.

22 mart 1947 yil

ISTADIM

May ichib dil dardini ko’klarga sochmoq istadim,
So’ngra bu muz ellaridan so’qmoq ochmoq istadim.
Shul kichik so’qmoq yo’lim birlan bahor ayyomiga,
Hur bo’lib yetmoq uchun tog’lardan oshmoq istadim.

Kosagul,quy, soqiyo may jomingni to’ldir jon uchun,
Kuchli to’lqindek bo’lib har yerda toshmoq istadim.
Gohi-gohi tushsa esga yori-do’stlar bazmikim,
Gul-gulistonim tomon bag’rida shoshmoq istadim.

Marhamatsiz ham yorug’siz bul sovuq cho’ldan bugun
Qush bo’lib, bog’lab qanot, yurtimga qochmoq istadim.
Quy sharob, achchiq sharob, ey kosagul,Ravshanni deb,
May ichib, dil dardini ko’klarga sochmoq istadim.

1946 yil iyul, Kosova

AYRILIQ

Ayriliq tushdi boshimga beqaror bo’ldi ko’ngil,
Sen, go’zal eldan, chiqib ketganda yondi jon va dil.
O’zga ellarda o’tib ketdi hayf bir necha yil,
Qayg’u-g’amni torta-torta yosh yurak ham bo’ldi sil.

Men o’sib-ungan yerimdek ko’rmadim yer, ko’p kezib,
Bo’lsam har yerda o’ng yurdim faqat mehrin sezib,
O’zga elda o’zgalarga zor bo’ldim ming bezib,
Qayg’uga yo’ldosh bo’lib men charchadim yoshlikda ,bil.

Bil,go’zal el qayg’usi bul qul g’arib bechoraning,
Ko’ngli tundan-da bo’lib qolg’on qora nachoraning,
Malhamin topsang edi, san sarson dil yoraning,
Sheringni zanjirlagan yovning yuragin tig’la, til!

Ol meni qo’yning’a tortib, shonli el, gulzor-chaman,
Senda boyliq, senda shodliq, sendadir iqbol va shan.
Sensiz o’tgan kunlarimda topmadi rohat bu tan,
Yotma uyquda, yaratg’on xalq meni, yordamg’a kel.

San, go’zal elga atab yozdi g’azal Ravshan shogird,
Bo’lsa nuqsoni so’zinda ko’r, tuzat, aybini o’t.
Shoir… yetkazsa agar ta’rifi yurt,
Husnig’a qo’shg’ay husn shoir vataning joni deb.

1947 yil 19 mart

Matyoqub ABDULLAEV
SO’NGGI KECHA
Maqola M.R. imzosi bilan e’lon qilingan

045

Shaxsga sig’inish balosi insoniyat tarixida abadiy muhrlanib qoladigan qora dog’ bo’ldi. Qo’rquv saltanati sog’lom kishini nogiron, osoyishta odamni bezovta, bulbuligo’yoni gung qilgan edi. 30-yillarning mudhish fojialari “baxtli sovet xalqi”ga uzoq yillar mutlaqo oshkor etilmadi. Faqat mustaqillik zamoniga kelib, O’zbekiston osmonidagi bahaybat qora bulutlar ketgandan so’nggina o’sha mash’um hodisalar xususida yurak yutib gapirish, yozish imkoni tug’ildi. Hujjatgohlar tilga kirdi.Shuni ham ta’kidlash joizki, “millatlar turmasi” sanalgan sobiq ittifoq hududidan tashqarida, garchi jismi tutqunlikda bo’lsa-da, ruhi nisbatan erkin kishilar o’zlari guvoh bo’lgan o’sha voqealar to’g’risida ba’zi xotiralarni ham yozgan edi.Ikkinchi jahon urushi vaqtida “Milliy adabiyot” jurnali bilan hamkorlik qilgan Matyoqub Abdullaev ismli ijodkorning hukmingizga taqdim qilinayotgan “So’nggi kecha” voqeiy hikoyasi o’sha qoralama — xotiralardan biridir. Urush yillari Berlinda nashr etilgan “Milliy adabiyot” majmuasida M.R., Ravshan, A.M. kabi imzolar bilan qatnashgan Matyoqub Abdullaev “So’nggi kecha”da ustozi Abdulhamid Majidiyning NKVD xodimlari tomonidan qanday olib ketilganligi xususida so’zlaydi.Abdulhamid Majidiy (1902—1939) 20-yillari Samarqand adabiy-ilmiy muhitida faol qatnashgan. Shu muhitda tarbiya topgan Majidiy “Abutanbal” taxallusi bilan ham bir qator hajviy asarlar yozgan. U 30-yillari Xorazmdagi okrug davlat teatri tashkil topishida o’zining ulkan hissasini qo’shadi. Ayni chog’da, Xorazm yosh ijodkorlari bilan ishlaydi. Fikrimizcha, Matyoqub Abdullaev Abdulhamid Majidiy bilan ana shu yillari tanishgan, unga shogird tushgan.Garchand yangi hukumatga, qizillar matbuoti va madaniyatiga yurak-yurakdan xizmat qilgan bo’lsa-da, qattol jamiyat Majidiyning bu xizmatlarini inobatga olmadi. “Aybdor”lar, “gunohkor”lar qatorida qatl etishga ko’rsatma beradi. Gunohsiz bir inson shu zaylda siyosat qurboni bo’ldi. 30-yillar oxiridagi ana shu mudhish qatag’on-qirg’in avjiga chiqqan davr manzarasi ushbu voqeiy hikoyada o’zining haqqoniy ifodasini topgan.

Bahodir Karim

045

17 yanvar kechasi men besh yashar qizim bilan uyda yolg‘iz qoldim. Dilbarning opasi xizmatchi xotin bilan birga ot o‘yiniga ketgan edi.
U o‘ta sho‘x edi. Bo‘ynimga minib olganini sezmay qolar edim men. U bo‘ynimga minib olgandan so‘ng ingichka qo‘llari bilan sochlarimdan ushlab, “tuya-tuya” qilar, uning aytganini qilmay, tushirib qo‘ysam, hech bir so‘zlashmasdan bir burchakka borib yig‘lar edi. Men uning yoniga borib ahvol so‘rasam, yupatmoqqa tirishsam, o‘zicha sira anglab bo‘lmayturgan bir tovush bilan so‘zlanar edi.
— Qizim, nima deyapsan, tushuntirib so‘yla! — der edim men.
— Nigorning dadasi yaxshi, har kun, har kun “tuya-tuya” qiladi! — der edi u.
— Nigor dadasining aytganini qiladi, aqlli qiz. Sen ham mening aytganimni qilsang “tuya-tuya” qilaman. Qani ayt, qilasanmi, ayt! — dedim.
Dilbarning yuzida quvonch paydo bo‘ldi:
— Qilaman, dada, ayting! — deganicha bo‘ynimga osilib, meni qayta-qayta o‘pti (suydi). Men uni ko‘tarib olib, ichkari uyga kiritdim. Patifonni qo‘yib “o‘yna” dedim. U ham “Xo‘p, dada!” deb o‘yinga tushdi.
U juda ham kelishtirib, ba’zan qiziqchilik qilib, boshini tebratib, qoshlarini chimirib, meni kuldira-kuldira birdan qulay fursat topib, xuddi chaqqon maymun bolalaridek bo‘ynimga minib olib, “tuya-tuya” deganicha oyoqlari bilan tepsinib, “hayt-hayt” der edi. Men bo‘lsam, uy ichida tuyadek lo‘killab, u yoq-bu yoqqa chopar edim.
Shu payt eshikdan kimdir kelib qoldi. Darrov yelkamdan Dilbarni tushirib, tashqi uyga chiqdim. Qarasam, Abdulhamid Majidiyning xizmatchisi ekan. U meni ko‘rishi bilan bir xatni berib, javob yozib berishimni ruschalab so‘radi. Men xatni o‘qib bo‘lib, xatga boshqa bir qog‘oz orqali javob berib jo‘natdim.
Bu vaqt kechki soat o‘n bir yarim edi. Xatda Majidiy meni oilam bilan uyiga taklif qilgan. Kelishimni ta’kidlab so‘rabdi.
— Dada, — dedi Dilbar, — qaerga borasiz?
— Nigorlarnikiga. Opangga xat yozib qoldiramiz. Uning o‘zi borar! — dedim. “Men ham boraman, dada”.
Men uni kiyintirdim. O‘rtog‘imga xat qoldirib, tashqariga chiqdik. Issiq uydan chiqish bilan izg‘irin shamol aralash achchiq sovuq yuzga urildi. Biz yugurib borib tramvayga mindik.
Biz tungi bir yarimgacha hangomalashib o‘tirdik. Ichimlik ham haddan ortiq, ozg‘in, chakka suyaklari bo‘rtib chiqib turgan, ojizgina Majidiy, bu safar hech ham qizarmadi. Avvallarda ikki ryumka ichish bilan tulumdek qizarib, har xil qiziq-qiziq hikoya, ertaklar, hikmatli so‘zlar va afandilar so‘zlab bera turgan kishi bugun qovog‘i solingan, rangi o‘chgan va zamonning bevafoligidan yongan qiyofada edi.
O‘rtog‘im bilan Majidiyning o‘rtog‘i Sharifaxon Xiva somsasi pishirish uchun chiqib ketganda Majidiy menga bir so‘zni qochirim qilib qo‘ydi:
— Ravshan! — dedi u, — shu kunlarda menda tinchlik yo‘q. Xavotir ichidaman!
Men unga dunyoning qayg‘ulari haqida kamroq o‘ylashni tavsiya qildim. U bo‘lsa, qo‘l siltab, menga zarda qilgandek boqdi:
— Ana! — dedi u qo‘li bilan uyning to‘rida qo‘g‘irchoq o‘ynab o‘tirgan Nigor bilan Dilbarni ko‘rsatib, — ular dunyo haqida g‘am yemasa haqli. Chunki ular go‘dakchalar. Biz-chi? Ota bo‘lgan kishilarmiz, ota bo‘lgan kishilar!
U mening ustozim edi. 1930 yilda uni adabiy ishdan chetlashtirdilar. Poytaxtdan uzoq Xorazmga surgun qilgandek qilib haydadilar.
U Xorazmda bir qancha vaqtlarga qadar ishsiz yurdi. Keyin ko‘p qiyinchiliklar bilan Xorazm viloyat teatrini tashkil qilib, unda adabiy qism boshlig‘i bo‘lib ishga tutindi. Ana shu vaqtlarda men endigina gazetada ishlay boshlagan, mayda-chuyda adabiy narsalar yozishga kirishgan edim. “Abutanbal” va A.Majidiy deb mashhur ot chiqazgan bu yozuvchining qalami Xorazm gazetalari betlarida va teatrda mashhur bo‘lib ketdi. Men uning bilan tanishib olgandan keyin uni viloyat gazetasiga ishga joylashtirishga sababchi bo‘ldim. Shundan so‘ng u menga to so‘nggi kunlargacha o‘z yordamini ayamadi. Hatto bir qancha katta asarlarimni uning o‘zi tahrir etib, kamchiliklarimni ko‘rsatib berib, asarlarimning silliq — kuchli chiquviga sababchi bo‘ldi. U asarda adabiy nuqtadan nuqson bo‘luvini sira ko‘ra bilmas, adabiy nodonliqqa qarshi marhamatsiz kurashar edi. 1926 yilda bo‘lsa kerak, uning “Xandon lolalar” degan she’rlar to‘plami bosilib chiqqan edi. U bu to‘plamda o‘zining millatchilik qarashlarini ochiqcha yozgan. Va shu sababdan Xorazmga haydalgan!
Men bu voqealarni xayolimdan o‘tkazib oldim. Xiva somsasi keltirildi. Tag‘in ichdik. Suhbat qizidi… Soat ikkidan 20 minut o‘tganda men ketish uchun ruxsat so‘radim. Abdulhamid ruxsat bermadi. U shunda bu kun qolib ketuvimizni taklif etdi. Uning so‘zini o‘ldirishni men istamas edim. Xotinlar ichkarigi uyda, biz bo‘lsak tashqarigi uyda yotdik.
Endi shirin uyquga ketganimizda, eshik qoqilib qoldi. Qarasak, bitta milisiya va NKVD xodimi kelib turibdi. Majidiy avvalo biroz oqarindi. Keyin o‘zini bosib ola bildi. Men ne qilarimni bimay, hayron bo‘lib turar edim.
— Siz kim bo‘lasiz? — dedi menga qarab NKVD xodimi.
Men dadillik bilan javob qaytardim:
— Men bu kishining birodariman. Kecha oila a’zolarim bilan mehmon bo‘lib kelgan edim!
— Qaerda ishlaysiz? Hujjatlaringizni ko‘rsating!
Men hujjatimni ko‘rsatdim. Shundan so‘ng mening ishtirokimda kelgan kishi uyni tintuvga kirishdi. Uy shunday tintildiki, qaralmagan ne shkaf, ne orja — sandiq, ne yostiq, ne karavat taglari qoldi! Ikki soatga cho‘zilgan tintuvdan so‘ng bitta qo‘lyozma asar chiqdi. Bu bir qancha shahar teatrlarida zo‘r yutuq qozongan “Otsiz” nomli piesa edi. Bu qo‘lyozmaning bir chekkasiga bir necha yil ilgari: “Akmal Ikromovga! Shu asarni sahnalashtiruvga (o‘ynatuvga) ko‘mak eting!” deb yozilgan ekan. Bu so‘z yozilgan choqda A.Ikromov firqa qo‘mitasining bosh sarkotibi bo‘lgan. Bu yozuvchining “aksilinqilobchilar” bilan yaqin munosabatda, aloqada bo‘lganini ko‘rsatuvchi katta (?) hujjat! Ikkinchi hujjat topilmadi. U A.Majidiyning 1919-1921 yillarda Istanbulga borib chet elda o‘qigani haqidagi guvohnoma edi.
— Siz qamoqqa olindingiz! Aybingizni shu yoqda e’lon qilamiz. Ko‘rpacha, pul-mul olingiz, zarar qilmas!
Nigor uni olib chiqayotganda uzala yotib, oyoq chalib yig‘lab, Dilbar bo‘lsa milisiyaga qarab, xo‘mraygancha turar edi.
Men ustozimning ko‘ziga boqdim. U menga boqdi. Buni sezib qolgan chekist:
— Xayrlashinglar, balkim qaytib ko‘rishmak nasib bo‘lmas! — dedi. Bu so‘zni eshitgandan so‘ng Sharifaxon bilan mening o‘rtog‘im ham, opasiga ergashib qizim Dilbar ham yig‘lab yubordi.
Majidiyning o‘tli ko‘zlari chekistga tashlandi:
— Ey bag‘ritosh odam! Ne uchun iljayasan?! Bu yig‘i senga rohatmi bag‘ishlaydi?
U shu so‘zlarnigina ayta oldi. Chekist unga so‘zlov uchun imkon bermadi. Oldiga solib olib chiqib ketdi. Uy ichi motamga aylandi.
— Nigor, endi bizlarnikiga yur, dadangni milisiya olib ketdi. Mening dadam seni ham, meni ham “tuya-tuya” qiladi! — dedi Dilbar. U bu so‘zni Nigorni tindirish niyatida aytgan edi. Ammo u bu bilan tinmadi.
Bu so‘nggi kecha meni ustozimdan ajratdi. Ertasi kitob magaziniga borsam, uning yangigina bosilib chiqqan “Qaldirg‘och”, “Hangoma” degan asarlari sotishdan to‘xtatilibdi. Bosilayotgan devoni, hajviy hikoyalari to‘plami ham bosuvdan to‘xtatilibdi.
Mana, xalq ichindan chiqqan bitta yozuvchi nima uchun yo‘q qilinib yuborildi. Odamni har narsadan “qimmat” sanayturgan Stalin zamoninda intelligentga nisbatan tutilgan yo‘l mana qanday!!!

M.R.
Berlin. “Milliy adabiyot” jurnali 1943 yil, 1-son.
«O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2004 yil 30-sonidan olindi.

98

(Tashriflar: umumiy 460, bugungi 1)

2 izoh

  1. Matyoqub Abdullayev mening bobokalonimdir. Chunki Ibrohimva Saparboy Abdullaevlarning bobosi va otasi ham bo‘lgan. Men buni otam Abdullaev Kudratdan eshitdim. Aytishlaricha,bobom Qilich asarini yozgan ekanlar va bu haqda Matyoqub ismli Toshkentdagi jurnalist aytib o‘tgan ekan. Shundan buyon oilamning 7 pushtini aniqlashga kirishdim.Menga ayon bo‘lgani Matyoqub,Ibrohim,Saparboy,Shuhrat,Kudrat,Azamat va boshqa Abdullayevlar mening avlodimdir.Oilamizda barchaning shu sulolaga mansublarning barchasining familiasi Abdullaevdir. Buni bir bobom istagan ekan.Men buni ham albatta aniqlayman. Shunday insonlar mening ajdodim ekanligidan faxrlanaman

Izoh qoldiring