Abdulla Oripov. Buyuk bunyodkor & Mangulik

002      Шарқ халқлари қадим замонлардан доно йўлбошчини орзу қилиб келганлар. Бу орзу ҳар доим ҳам ушалавермаган. Даврлар ўтгач, Ислом Каримов соҳибқирон Амир Темурнинг маънавий вориси сифатида тарих майдонига чиқди. Ўзбекистонни расман ягона давлат сифатида бирлаштирди.

БУЮК БУНЁДКОР
Абдулла Орипов
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
003

Шарқ халқлари қадим замонлардан доно йўлбошчини орзу қилиб келганлар. Бу орзу ҳар доим ҳам ушалавермаган. Даврлар ўтгач, Ислом Каримов соҳибқирон Амир Темурнинг маънавий вориси сифатида тарих майдонига чиқди. Ўзбекистонни расман ягона давлат сифатида бирлаштирди.

Амир Темур буюк салтанат тузиб, жаҳоннинг деярли ярмини ўзининг тузуклари асосида йўриғига юргизган бўлса, кейинчалик тарихнинг қора кунларида бир неча бўлакка бўлиниб кетган Ватанимизни Ислом Каримов мужассам этди, халқимизнинг ғурур ва ифтихори, маънавий камолоти билан доимий шуғулланди. Халқнинг қаддини ҳам, қадрини ҳам кўтарди. Озод Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни – Конституциямизнинг асосий муаллифи бўлди.

Бизнинг мафкурамиз миллий мафкура. Бироқ, миллий мафкура кенг тушунча, у ҳар қандай даврга ҳам тўғри келиши мумкин. Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган миллий мафкурамиз эса, айнан бизнинг давримизга хос бўлгани учун Миллий Истиқлол мафкураси, деб аталди.

Ўзбекистон – келажаги буюк давлат деган шиорни ҳам Ислом ака таомилга киритди. Бу – абадий янграйдиган умрбоқий шиордир!

Ислом аканинг теран тафаккур билан айтилган қуйма, халқона, қанотли фикрлари жуда кўп. Биргина “Янги уйни қурмасдан эскисини бузма”, деган ўгитига хозир бутун дунё амал қилмоқда. У зот, тарихий хотирасиз келажак йўқ, деди. Бизга улуғ  боболаримиз, халкимиз кадриятларига суяниб яшашдан сабоқ берди.

Ҳар бир суверен давлатнинг биринчи расмий белгиси, албатта, унинг тилидир. Ислом ака тилимизнинг давлат тили сифатидаги юксак макомини мустакилликдан олдин эълон қилди. Бизнинг руҳоний дунёмиз бўлган диннинг асл ўрнини ҳам бағоят тўғри белгилаб берди. Юртдошларга қарата, биз ҳам умумжахон даражасига чиқайлик, лекин ўз миллий қиёфамизни йўқотмайлик деди. Ўзбек халқи ўз ғурурини тиклади. Ислом аканинг ўзлари шу ғурурнинг тимсоли бўлди. Не-не улуғ давлатларга қуллуқ қилмади.

Яратганга халқимизнинг бир фазилати ёқди-ю, тарихнинг ғоятда қалтис даврида шу улуғ инсон бизга раҳнамолик қилди. Марказий Осиё дунё маърифати, диний таълимотига Имом ат-Термизий, Имом Бухорий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд каби биринчи даражали буюк шахсларни етказиб берган. Уларнинг зиёратгоҳлари хароб бўлиб ётарди. Бу киши барча авлиёю алломаларнинг ҳурматини жойига қўйиб, муаззам ёдгорликлар бино эттирди. Муборак қадамжоларни обод қилди.

Бир вақтлар, Шўро давлати таркибида бўлганимизда муаллифлик ҳуқуқи бўйича халқаро анжуманларда қатнашишимга тўғри келган. Африкадаги, бизнинг каттароқ қишлоғимизга тенг келадиган айрим давлатчалар Америка билан теппа-тенг овоз берарди. Биз эса, гўёки ҳеч ким эмасдик, шўроларнинг умумий қозонида қайнардик, холос. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин хорижга бирор халқаро машваратга борадиган бўлсак, ўз элчихонамиз вакиллари кутиб оладиган бўлди. Ўзбекистон элчихонаси менинг ўз уйимдир. Буни бошдан ўтказган билади.

Ислом акада башоратгўйлик — мантиқий равишда келажакни кўра билиш қобилияти бор эди. Бу мистика эмас — илмий иқтидор. У киши, бир иш қилсанг, вазиятдан қандай чиқиш йўлини ҳам ўйлаб қўйгин, дердилар.

Парвардигор бу зотга ҳамма соҳада буюк қобилият ато атган эди ва бу ҳол ҳар қадамда сезиларди. Мустақил юртимиздаги барча бунёдкорлик ишлари, улуғ боболаримизга қўйилган ёдгорликларнинг ҳаммаси Ислом аканинг ижод маҳсули, десак хато бўлмайди. Масалан, Қарши шаҳридаги “Эл-юрт таянчи” монументи Юртбошимизнинг ғояси асосида қиёфа касб этган. Президентимиз шаҳарнинг Мустақиллик майдонида ушбу бадиий обиданинг очилишида ёдгорликнинг маъно-моҳиятини ниҳоятда теъран ифоалаб берганди:

“Қанча-қанча синов ва бўронларни бошидан кечириб, ўз она заминини не-не босқинчи, ёвуз кучлардан, ҳар қандай бало қазолардан кўз қорачиғидай асраб-авайлаб келган, ўз зурриёди ва насл-насабини ақл заковат, мардлик ва матонат соҳиби этиб тарбиялаган, улар орасидан дунёни ҳайратга солган олиму уламолар ва саркардаларни вояга етказган, шу эл-юртнинг мана шундай мунаввар кунларга етиб келишида беқиёс куч-қувват ва мадад берган ким? Бунга жавоб битта-минг йиллар олдин мана шу мўътабар заминда илдиз отиб, Оллоҳнинг марҳамати ва неъмати, ўзининг оғир ва машаққатли меҳнати билан шу юртни обод этган, ҳаётни тебратган — бу инсон ва шу инсонни тарбиялаган оила ва халқдир… Ушбу ҳайкал пойидаги тегирмон тоши бамисоли ҳаёт гардиши каби шиддат билан айланиб, замон, давр тинимсиз ўзгариб боришини англатиб турибди. Тегирмон тоши узра эса бир-бирини асраб авайлаб, бир-бирига елкадош бўлиб, ўз она заминида мустаҳкам турган, диёрини бутун дунёга танитган, ҳар қандай мушкул вазиятда ҳам ўзига ишониб яшаётган, халқимизнинг таянчи ва суянчи бўлган меҳнаткаш оила тасвири мужассамлашган.”

Самарқанддаги таъзия маросимида иштирок этган хориж давлатларининг барча раҳбарлари эътироф этганидек, Ислом ака жаҳоний кўламда фикрлайдиган ўткир сиёсатчи, узоқни кўра олган улуғ мутафаккир инсон эди. Дархақиқат, бу зот халққа ва давлатга, миллатга хизмат қилишнинг бетимсол намунасини намоён этди. Халқни ва мамлакатни оғир асоратлардан олиб чиқди. Эътироф этилганидек, Ислом ака ҳар доим “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”, дер эдилар. Улуғ Йўлбошчимиз ўзидан шундай озод ва обод Ватан қолдирди.

Мен салкам йигирма йил аввал ёзган бир шеъримда:

Афсус, жаҳон аро денгизимиз йўқ…
Гоҳо ўкинч билан янграр сўзингиз,
Лекин, Ислом ака, менинг кўнглим тўқ:
Ўзбекистон учун денгиз ўзингиз!

деган эдим. Ҳозир ҳам шу гапимни такрорлайман.

Ислом ака ҳақитатан буюк ибрат тимсоли эди. У киши яратган миллий истиқлол мафкураси келажакка чорловчи ўчмас маёқ булиб қолади.

Ислом Каримов бозор иқтисодиётига ўтишнинг “ўзбек модели”ни яратган тенгсиз ислоҳотчи эди. Амир Темур бобомизнинг она Ватанига қайтишида жиловбардорлик қилиб, пойтахтнинг қоқ марказида маҳобатли ҳайкал қўйган, бунёдкорлик соҳасидаги ишларига ворислик қилиб, ўз салоҳиятини жаҳон миқёсида намоён этган беназир меъмор ҳам эди. Энг муҳими, бизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигимиз тўла тўкис аён бўлди.

Ислом ака улуғ инсонпарвар шахс эди. Ҳатто шўролар замонида, Қашқадарёда вилоят раҳбари бўлиб турганларида, “пахта иши” бўйича ноҳақ қамалганларнинг ёнини олди, уларнинг оилаларига ҳар тарафлама ёрдам кўрсатди. Бунга мен ўзим гувоҳман.

Албатта, ҳар қандай одам мамлакатини тараққий этган давлатлар қаторида кўришни хоҳлайди. Мен ҳам қадим юртим Ўзбекистонни бугунги жамолини кўриб, беҳад қувонаман. Уни ёмон кўзлардан асрагин, деб Парвардигорга илтижолар қиламан. Ўтган 25 йил мобайнида юз берган тарихий ўзгаришлар, тарихий тараққиёт, бунёдкорликлар фикримга яққол далил бўла олади.

Маънавиятсиз ҳаёт юлдузсиз тундир. Ислом Каримов маънавиятни “енгилмас куч” деб атади. Шу ўринда тарихий бир ривоятни келтириб ўтмоқчиман. Эмишки, Самарқанд Регистони барпо бўлаётганда бир қурувчи иккинчисига дебди: -Хозир бир лаган ош бўлса эди. Иккинчиси жавоб қилибди: -Ош икки соатда ҳазм бўлиб кетади, каллаварам. Биз бунёд этаётган иншоот эса минг йиллаб қад кўтариб туради. Ривоят асосида маънавиятли ва маънавиятсиз кишиларнинг мунозараси ётибди. Биз эса, бир лаган ошнинг ҳам, буюк иншоотнинг ҳам ўз ўрнида бўлишини хоҳлаймиз. Маънавий юксакликнинг олтин зиналарига қадам қўя бошладик. Ислом ака биз айтиб улгурган ва улгурмаган барча фазилатлари, рўёбга чиқарган улуғ ишлари, тарихнинг ғоят қисқа даврида кўрсатган юксак жасорати билан келгуси авлодларимизга буюк ибрат тимсоли бўлиб қолади, иншооллоҳ.

04.09.2016

МАНГУЛИК
003

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти
Ислом Каримов хотирасига

Бир хабар тарқалди,
Ярим тун эди,
Гўё ғам селига ботдим, йўқолдим.
Кимдир йўлбошчидан айрилдик деди,
Мен-чи, азиз дўстдан айрилиб қолдим.

Кимнинг хаёлига келмишдир ахир,
Бирдан қулаб тушса буюк бир чинор.
Алам бўғзимизда аччиқ ва тахир,
Бу ғамнинг на чеки-чегараси бор.

Кетди ногаҳонда айтмай бирор сўз,
Ҳижрон оловига барчани ташлаб.
Ўзбек осмонида сўнди чўнг юлдуз,
Катта-ю кичикнинг кўзини ёшлаб.

Биз — ноқис бандалар, ўйламай гоҳо,
Бошимиз силаган қўлни тишладик.
Юз йиллаб тескари айланди дунё,
Ўз эмас, ўзгалар учун ишладик.

Биз — ожиз бандалар, англамай туриб,
Бировнинг забонин санадик афзал.
Шу юрт даҳоларин билиб ва кўриб,
Бегона зотларга ясадик ҳайкал.

Босқин тепамизда турар эди зил,
Уни таг-тубидан бузмоқ шарт эди.
Асрий вайронанинг ўрнида дадил,
Янгича мамлакат тузмоқ шарт эди.

Фоний бу дунёнинг баланд-пастига,
Теран назар ташлаб ўтди бу Инсон.
Миллат қадри дея яшаб аслида,
Халқининг дардига бўлолди дармон.

Бугун жудолик бор гар қалбимизда,
Лекин ғурур яшар ҳавас қилгулик.
Абадият ўсди кўз олдимизда,
Шундоқ ёнимиздан ўтди Мангулик.

04.09.2016

034

BUYUK BUNYODKOR
Abdulla Oripov
O’zbekiston Qahramoni, Xalq shoiri
003

Sharq xalqlari qadim zamonlardan dono yo’lboshchini orzu qilib kelganlar. Bu orzu har doim ham ushalavermagan. Davrlar o’tgach, Islom Karimov sohibqiron Amir Temurning ma’naviy vorisi sifatida tarix maydoniga chiqdi. O’zbekistonni rasman yagona davlat sifatida birlashtirdi.

Amir Temur buyuk saltanat tuzib, jahonning deyarli yarmini o’zining tuzuklari asosida yo’rig’iga yurgizgan bo’lsa, keyinchalik tarixning qora kunlarida bir necha bo’lakka bo’linib ketgan Vatanimizni Islom Karimov mujassam etdi, xalqimizning g’urur va iftixori, ma’naviy kamoloti bilan doimiy shug’ullandi. Xalqning qaddini ham, qadrini ham ko’tardi. Ozod O’zbekistonning Asosiy Qonuni – Konstitutsiyamizning asosiy muallifi bo’ldi.

Bizning mafkuramiz milliy mafkura. Biroq, milliy mafkura keng tushuncha, u har qanday davrga ham to’g’ri kelishi mumkin. Islom Karimov rahbarligida ishlab chiqilgan milliy mafkuramiz esa, aynan bizning davrimizga xos bo’lgani uchun Milliy Istiqlol mafkurasi, deb ataldi.

O’zbekiston – kelajagi buyuk davlat degan shiorni ham Islom aka taomilga kiritdi. Bu – abadiy yangraydigan umrboqiy shiordir!

Islom akaning teran tafakkur bilan aytilgan quyma, xalqona, qanotli fikrlari juda ko’p. Birgina “Yangi uyni qurmasdan eskisini buzma”, degan o’gitiga xozir butun dunyo amal qilmoqda. U zot, tarixiy xotirasiz kelajak yo’q, dedi. Bizga ulug bobolarimiz, xalkimiz kadriyatlariga suyanib yashashdan sabok berdi.

Har bir suveren davlatning birinchi rasmiy belgisi, albatta, uning tilidir. Islom aka tilimizning davlat tili sifatidagi yuksak makomini mustakillikdan oldin e’lon kildi. Bizning ruhoniy dunyomiz bo’lgan dinning asl o’rnini ham bag’oyat tug’ri belgilab berdi. Yurtdoshlarga qarata, biz ham umumjaxon darajasiga chiqaylik, lekin o’z milliy kiyofamizni yo’qotmaylik dedi. O’zbek xalqi o’z g’ururini tikladi. Islom akaning o’zlari shu g’ururning timsoli bo’ldi. Ne-ne ulug’ davlatlarga qulluq qilmadi.

Yaratganga xalqimizning bir fazilati yoqdi-yu, tarixning g’oyatda qaltis davrida shu ulug’ inson bizga rahnamolik qildi. Markaziy Osiyo dunyo ma’rifati, diniy ta’limotiga Imom at-Termiziy, Imom Buxoriy, Ahmad Yassaviy, Bahouddin Naqshband kabi birinchi darajali buyuk shaxslarni yetkazib bergan. Ularning ziyoratgohlari xarob bo’lib yotardi. Bu kishi barcha avliyoyu allomalarning hurmatini joyiga qo’yib, muazzam yodgorliklar bino ettirdi. Muborak qadamjolarni obod qildi.

Bir vaqtlar, Sho’ro davlati tarkibida bo’lganimizda mualliflik huquqi bo’yicha xalqaro anjumanlarda qatnashishimga to’g’ri kelgan. Afrikadagi, bizning kattaroq qishlog’imizga teng keladigan ayrim davlatchalar Amerika bilan teppa-teng ovoz berardi. Biz esa, go’yoki hech kim emasdik, sho’rolarning umumiy qozonida qaynardik, xolos. O’zbekiston mustaqil bo’lgandan keyin xorijga biror xalqaro mashvaratga boradigan bo’lsak, o’z elchixonamiz vakillari kutib oladigan bo’ldi. O’zbekiston elchixonasi mening o’z uyimdir. Buni boshdan o’tkazgan biladi.

Islom akada bashoratgo’ylik — mantiqiy ravishda kelajakni ko’ra bilish qobiliyati bor edi. Bu mistika emas — ilmiy iqtidor. U kishi, bir ish qilsang, vaziyatdan qanday chiqish yo’lini ham o’ylab qo’ygin, derdilar.

Parvardigor bu zotga hamma sohada buyuk qobiliyat ato atgan edi va bu hol har qadamda sezilardi. Mustaqil yurtimizdagi barcha bunyodkorlik ishlari, ulug’ bobolarimizga qo’yilgan yodgorliklarning hammasi Islom akaning ijod maxsuli, desak xato bo’lmaydi. Masalan, Qarshi shahridagi “El-yurt tayanchi” monumenti Yurtboshimizning g’oyasi asosida qiyofa kasb etgan. Prezidentimiz shaharning Mustaqillik maydonida ushbu badiiy obidaning ochilishida yodgorlikning ma’no-mohiyatini nihoyatda te’ran ifoalab bergandi:

“Qancha –qancha sinov va bo’ronlarni boshidan kechirib, o’z ona zaminini ne-ne bosqinchi, yovuz kuchlardan, har qanday balo qazolardan ko’z qorachig’iday asrab-avaylab kelgan, o’z zurriyodi va nasl-nasabini aql zakovat, mardlik va matonat sohibi etib tarbiyalagan, ular orasidan dunyoni hayratga solgan olimu ulamolar va sarkardalarni voyaga yetkazgan, shu el-yurtning mana shunday munavvar kunlarga yetib kelishida beqiyos kuch-quvvat va madad bergan kim? Bunga javob bitta-ming yillar oldin mana shu mo»tabar zaminda ildiz otib, Ollohning marhamati va ne’mati, o’zining og’ir va mashaqqatli mehnati bilan shu yurtni obod etgan, hayotni tebratgan-bu inson va shu insonni tarbiyalagan oila va xalqdir… Ushbu haykal poyidagi tegirmon toshi bamisoli hayot gardishi kabi shiddat bilan aylanib, zamon, davr tinimsiz o’zgarib borishini anglatib turibdi. Tegirmon toshi uzra esa bir-birini asrab avaylab, bir-biriga yelkadosh bo’lib, o’z ona zaminida mustahkam turgan, diyorini butun dunyoga tanitgan, har qanday mushkul vaziyatda ham o’ziga ishonib yashayotgan, xalqimizning tayanchi va suyanchi bo’lgan mehnatkash oila tasviri mujassamlashgan.”

Samarqanddagi ta’ziya marosimida ishtirok etgan xorij davlatlarining barcha raxbarlari e’tirof etganidek, Islom aka jahoniy ko’lamda fikrlaydigan o’tkir siyosatchi, uzoqni ko’ra olgan ulug’ mutafakkir inson edi. Darxaqiqat, bu zot xalqqa va davlatga, millatga xizmat qilishning betimsol namunasini namoyon etdi. Xalqni va mamlakatni og’ir asoratlardan olib chiqdi. E’tirof etilganidek, Islom aka har doim “Bizdan ozod va obod Vatan qolsin”, der edilar. Ulug’ Yo’lboshchimiz o’zidan shunday ozod va obod Vatan qoldirdi.

Men salkam yigirma yil avval yozgan bir she’rimda:

Afsus, jahon aro dengizimiz yo’q…
Goho o’kinch bilan yangrar so’zingiz,
Lekin, Islom aka, mening ko’nglim to’q:
O’zbekiston uchun dengiz o’zingiz!

degan edim. Hozir ham shu gapimni takrorlayman.

Islom aka haqitatan buyuk ibrat timsoli edi. U kishi yaratgan milliy istiqlol mafkurasi kelajakka chorlovchi o’chmas mayoq bulib qoladi.

Islom Karimov bozor iqtisodiyotiga o’tishning “o’zbek modeli”ni yaratgan tengsiz isloxotchi edi. Amir Temur bobomizning ona Vataniga qaytishida jilovbardorlik qilib, poytaxtning qoq markazida mahobatli haykal qo’ygan, bunyodkorlik sohasidagi ishlariga vorislik qilib, o’z salohiyatini jahon miqyosida namoyon etgan benazir me’mor ham edi. Eng muhimi, bizning hech kimdan kam emasligimiz to’la to’kis ayon bo’ldi.
Islom aka ulug’ insonparvar shaxs edi. Hatto sho’rolar zamonida, Qashqadaryoda viloyat rahbari bo’lib turganlarida, “paxta ishi” bo’yicha nohaq qamalganlarning yonini oldi, ularning oilalariga har taraflama yordam ko’rsatdi. Bunga men o’zim guvohman.

Albatta, har qanday odam mamlakatini taraqqiy etgan davlatlar qatorida ko’irishni xoxlaydi. Men ham qadim yurtim O’zbekistonni bugungi jamolini ko’rib, behad quvonaman. Uni yomon ko’zlardan asragin, deb Parvardigorga iltijolar qilaman. O’tgan 25 yil mobaynida yuz bergan tarixiy o’zgarishlar, tarixiy taraqqiyot, bunyodkorliklar fikrimga yaqqol dalil bo’la oladi.

Ma’naviyatsiz hayot yulduzsiz tundir. Islom Karimov ma’naviyatni “engilmas kuch” deb atadi. Shu o’rinda tarixiy bir rivoyatni keltirib o’tmoqchiman. Emishki, Samarqand Registoni barpo bo’layotganda bir quruvchi ikkinchisiga debdi: -Xozir bir lagan osh bo’lsa edi. Ikkinchisi javob qilibdi: -Osh ikki soatda xazm bo’lib ketadi, kallavaram. Biz bunyod etayotgan inshoot esa ming yillab qad ko’tarib turadi. Rivoyat asosida ma’naviyatli va ma’naviyatsiz kishilarning munozarasi yotibdi. Biz esa, bir lagan oshning ham, buyuk inshootning ham o’z o’rnida bo’lishini xohlaymiz. Ma’naviy yuksaklikning oltin zinalariga qadam qo’ya boshladik. Islom aka biz aytib ulgurgan va ulgurmagan barcha fazilatlari, ro’yobga chiqargan ulug’ ishlari, tarixning g’oyat qisqa davrida ko’rsatgan yuksak jasorati bilan kelgusi avlodlarimizga buyuk ibrat timsoli bo’lib qoladi, inshoolloh.

04.09.2016

MANGULIK
003

O’zbekiston Respublikasining Birinchi Prezidenti
Islom Karimov xotirasiga

Bir xabar tarqaldi,
Yarim tun edi,
Go’yo g’am seliga botdim, yo’qoldim.
Kimdir yo’lboshchidan ayrildik dedi,
Men-chi, aziz do’stdan ayrilib qoldim.

Kimning xayoliga kelmishdir axir,
Birdan qulab tushsa buyuk bir chinor.
Alam bo’g’zimizda achchiq va taxir,
Bu g’amning na cheki – chegarasi bor.

Ketdi nogahonda aytmay biror so’z,
Hijron oloviga barchani tashlab.
O’zbek osmonida so’ndi cho’ng yulduz,
Katta-yu kichikning ko’zini yoshlab.

Biz — noqis bandalar, o’ylamay goho,
Boshimiz silagan qo’lni tishladik.
Yuz yillab teskari aylandi dunyo,
O’z emas, o’zgalar uchun ishladik.

Biz — ojiz bandalar, anglamay turib,
Birovning zabonin sanadik afzal.
Shu yurt daholarin bilib va ko’rib,
Begona zotlarga yasadik haykal.

Bosqin tepamizda turar edi zil,
Uni tag-tubidan buzmoq shart edi.
Asriy vayronaning o’rnida dadil,
Yangicha mamlakat tuzmoq shart edi.

Foniy bu dunyoning baland-pastiga,
Teran nazar tashlab o’tdi bu Inson.
Millat qadri deya yashab aslida,
Xalqining dardiga bo’loldi darmon.

Bugun judolik bor gar qalbimizda,
Lekin g’urur yashar havas qilgulik.
Abadiyat o’sdi ko’z oldimizda,
Shundoq yonimizdan o’tdi Mangulik.

04.09.2016

034

(Tashriflar: umumiy 265, bugungi 1)

Izoh qoldiring