Abdulla She’r. «Majnuntol tagiga o’tqazing meni…»

324
Митемир жиддий, айни пайтда, хушчақчақ, мағрур, айни пайтда, камтарин инсон, ажойиб суҳбатдош эди. Шоир сифатида ўз қадри, ўз ўрнини яхши билса-да, бироқ, ҳеч қачон мен зўр шоирман деган эмас, доимо ўзидан, ёзганларидан кўнгли тўлмасди.

112

Абдулла Шер
“МАЖНУНТОЛ ТАГИГА ЎТҚАЗИНГ МЕНИ…”

Ўн беш ёшда эдим, саккизинчи синфда ўқирдим, шеър машқ қилишни бошлаганимга кўп вақт бўлган эмас. Уста кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар қабилида, қисқа вақт ичида қалин дафтарлардан бирини тўлдириб ҳам улгурганман. Уйимизда болаликдан шеър тинглаб ўрганганим учун мумтоз шеъриятимизни анча-мунча дуруст биламан, лекин замонавий шоирларни кўп ўқиган эмасман. Энг севган китобларимдан бири Миртемирнинг бичими кичкина, бироқ қалин муқовали, ўзи ҳам қалингина, 1947 йилда нашр этилган “Танланган асарлар” тўплами эди.
Тагига беда сепилган боғимиз бўларди, ўша боғда гоҳ айланиб юриб, гоҳ кўм-кўк бедаларга бағримни бериб, мутолаа қилардим. Айниқса, Миртемирнинг ўша китобидаги: “Бугун ўн беш яшар йигитдай шўхман…”, деб бошланган шеъри менга бошқача таъсир қиларди, қалбимга қувонч, орзулар тўла шукуҳ бағишларди. Ўзим ҳам ўн беш яшар эдим-да, эҳтимол шунданми, ҳар ҳолда, шу шеърни қайта-қайта ўқирдим…
Орадан икки йил ўтгач, машқларим ҳам сал эпақага келиб, вазну қофияси жойига тушиб қолганга ўхшарди, у пайтда ўзим ўнинчи синфда ўқирдим. Кунлардан бирида, ўзимга ёққан уч-тўрт шеърим ва бир неча тўртликларимни ўқувчилар дафтарининг ўртасидан олинган икки вараққа орқа-олди қилиб кўчирдим-да, таваккал қилиб, Чиноздан Тошкентга, Ёзувчилар уюшмасига йўл олдим. У пайтда Уюшма 1 Май кўчасида жойлашганди. Мен ҳаяжондан тиззаларим қалтираб, Уюшманинг адабий маслаҳатчилар ўтирадиган бўлимига бордим. Эшик очиқ эди, зўрға овозим чиқиб, рухсат сўраб, ичкарига кирдим, салом бердим. У ерда мен сувратлари орқали танийдиган ҳурматли адиблар ўтиришарди: бир ёнда Миртемир, бир ёнда Темур Фаттоҳ, бурчакроқда Шотурсун Ғуломов. Нима дейишимни билмай, бир четда серрайиб туриб қолдим. Шу пайт, аёл пошналари “тақ-тақ” қилиб, қирқи чиққан чақалоқ билан Саида Зуннунова кириб қолди, чамаси, у ҳам шу ерда ишлар, ҳозир декрет таътилида эди. Ҳаммалари ўринларидан туришиб, чақалоқни кўриб, фарзанд муборак қилишди. Миртемир чақалоқнинг бурнини сал чимчилаб, эркалади-да: “Худди Саид Аҳмаднинг ўзи-я, ё тавба, айниқса, бурни”, – деб ҳазиллашди. Ҳаммалари кулишди. Менга ҳам сал жон кирди, уларга бир оз ўргандим, шекилли, Саида Зунунова чиқиб кетгач, қўлимдаги варақни қалтирабгина Миртемирга бердим. У киши варақни олиб, шу заҳоти ўқиб чиқди, кейин қайтадан яна бир кўрди-да, “Оқшом” деган бир шеър ва икки тўртликни ёнига “плюс” белгиси қўйиб, менга қайтарди: “Мана шулар бўлади”, – деди. Сўнг кимлигимни, қаерданлигимни суриштириб, бир-икки маслаҳат ва далда берди. Мен ўзимда йўқ хурсанд эдим. Ахир, бир шеъриму икки тўртлигимни шундай катта шоир кўриб, маъқуллаб берганидан кейин, уларни асар дейиш мумкин эди-да, қолаверса, халқ орасида ҳурмат қозонган ижодкорларни ўз кўзим билан кўриб турардим. Уюшмадан чиқиб бекатга бордим ва у ерда бир муддат автобусни кутиб қолдим. Бир пайт, Шотурсун Ғуломов ҳам келди. Иккаламиз адабиёт, шеърият ҳақида гаплашдик, мен билан ҳақиқий ёзувчи тенгма-тенг гаплашаётганидан бутун борлиғимни фахрланиш ҳисси қамраб олган эди.
Йўл-йўлакай китоб дўконига кирдим, “Хазойин ул-маъоний”нинг биринчи жилди чиққан экан, биз томонларга кечроқ боради, дарҳол сотиб олдим. Қайтишда йўлкирага пулим етиб-етмаганидан, шаҳарлараро автобусдан манзилга бир бекат қолганда тушиб, у ёғига пиёда кетдим. Қўлимда Навоийнинг китоби бу дунёда мендан бахтиёр одам йўқ. Миртемир, билан биринчи учрашувим ана шундай содир бўлган эди.
Орадан сал ўтмай, Миртемирнинг “Танланган асарлар”и чиқди. Ундаги “Сурат” лирик қиссаси мени бутунлай ром қилиб олди. Бу достон шеъриятимиздаги биринчи кўклам нафаси эди. Мен, ҳозир, олтмишинчи йиллар бошидаги ўзбек шеъриятида бурилиш ясаган Эркин Воҳидовнинг дастлабки китоблари ана шу кўклам нафасидан руҳ олган деб ўйлайман. 1956-1957 йилларда ёзилган ушбу достонда инсон қалбига, авваллари эътиборсиз, майда саналган интим ҳиссиётларига биринчи марта мурожаат қилинган ва бу ҳиссиётлар ички бир туғён билан тасвирланган эди. Инсон – олий қадрият, унинг муҳаббати ҳам, дардлари ҳам қадрлидир – мана достоннинг асосий ғояси. Шунинг учун ҳам у, гарчанд, композицион жиҳатдан эркин, қалб парчаларидан ташкил топган бўлса-да, ниҳоятда пухта бадиий яхлитлик сифатида кишини лол қолдирарди. Ундаги тасвирлар, тимсоллар ва ташбеҳлар жуда ўзига хос, бўртиб кўзга ташланарди, асарда доимо ижодкор учун эришилиши қийин бўлган бадиий соддалик ўзининг олий шаклини топган эди. Тошлон ва Ойсулув оқ мармардан ясалган, бироқ жонли, ҳаракатдаги қиёфалар сифатида хотирада ўчмас из қолдирарди, уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати жуда ҳаётий ва, айни пайтда, шеърий-шоирона эди. Мен достонни бутунисича ёд олдим, ўн йиллар чамаси уни айтиб юрдим.
Бу орада шеърларим ва кейинчалик ёқиб юборган достонимни тўплам ҳолига келтириб, Ёзувчилар уюшмасига почта орқали юбордим, 1962 йилнинг баҳор пайтлари эди, мен туман газетасида адабий ходим бўлиб ишлардим. Август ойининг охирларида ҳарбий хизматга чақирилдим, Шарқий Олмонияга жўнатиладиган қисм сафида бўлганим учун аввал Термиз шаҳрида алоҳида тайёргарликдан ўтишим керак эди. Термиздалигимда уйдан олган хатларимдан бирида Ёзувчилар уюшмаси котиби Рамз Бобожон имзо чеккан телеграмма ҳам бўлиб, унда тўпламим Дўрмонда ўтадиган Республика Ёшлар семинарида муҳокамага лойиқ топилганини айтилиб, мен шу семинарга таклиф қилингандим. Бу телеграмма аввал уйга, кейин уйдан Термизга етиб келгунига қадар анча вақт ўтган ва семинар бошланиб кетган эди. Шу сабабли, ҳарбий бошлиғим: “Уч кун ўтиб кетибди, яна бир-икки кун йўлга кетади, шундан шуёққа боргунингизча семинар ҳам охирлаб қолади, бормай қўя қолинг”, – деди мулойимлик билан. Шундай қилиб, мен семинарга боролмадим. Кейин билсам, тўпламимни Миртемир муҳокамага тавсия этган, мен семинарнинг энг кичик ёшдаги – 19 ёшли қатнашчиси эканман. Бу Миртемир билан менинг иккинчи, сиртдан учрашувим эди.
Ҳарбий хизматни тугатиб келгач, университетга кирдим, кейин ўқишни битирмасданоқ, “Гулистон” журналига ишга жойлашдим. Мен адабиёт ва санъат бўлимида ходим, Саъдулла Сиёев бўлим мудири эди. Саъдулла Сиёев билан, унинг менга ёзиб берган бир китобидаги дастхатидагидек, “қаймоқлашиб” ишлардик. Саъдулла Сиёев ҳам туркистонлик эди, Миртемир билан гоҳ-гоҳ кўришиб турарди. Бир куни у мени Миртемир йўқлаганини, шу болани бир олиб келгин, кўрайин, деганини айтди. Ёшим ўттизга яқинлашиб қолган бўлса ҳам, мен анчагина тортинчоқ эдим, бундай катта шоир билан қандай гаплашаман, деган истиҳола туфайли унинг гапини қулоғимнинг ёнидан ўтказиб юбордим. Орадан бир-икки ой ўтгач, Саъдулла Сиёев мени Миртемир тағин сўраганини айтди. Хўп дейишга хўп дедиму, лекин яна тортинчоқлигим панд бериб, тайсаллайвердим. Шунда Саъдулла Сиёев: “Шоир, бу ёғи энди камтарлик эмас, манманлик, кибр бўлиб кетади, шундай улуғ одам сизни кўрмоқчи бўлади-ю…”, – деб танбеҳ берди. Мен тортинишимни айтдим. Саъдулла Сиёев Миртемирнинг ниҳоятда одамшаванда ва камтарин инсон эканини тушунтириб, менга далда берди. Хуллас, яқин кунларнинг бирида узун-қисқа бўлиб, Миртемирнинг уйига бордик. Устоз ош қилдириб, ҳовлидаги олча тагига дастурхон ёздирган экан. Учаламиз алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтирдик.
Миртемир мени қайта-қайта сўраганига сабаб  – тўртинчи курсдалик пайтимда, “Шарқ юлдузи” журналида (1969 йил, 7-сон) Сайёрнинг “Ўттиз ёшим” китобига эълон қилинган “Меъёр, тасодиф ва тил” деган тақризим экан. “Кейинги йилларда адабиётимизда достончилик катта ютуқларга эришди. Шоир Миртемир “Сурат”ни яратиш билан эллигинчи йиллар достончилигида бурилиш ясади”, деб бошланган бу тақризда мен Сайёрнинг китобидан жой олган беш достонини таҳлил қилиб, уларнинг тўрттасини умуман ярамайди, фақат биттасини – “Бошсиз ҳайкал”ни достон деса бўлади, лекин унда ҳам анча-мунча заиф ўринлар бор, деган фикрни билдирган эдим. Тақриз аёвсиз танқиддан иборат эди. Ўша пайтгача Озод Шарафиддинов, Лазиз Қаюмов, Умарали Норматов, умуман, танқидчиларнинг деярли ҳаммаси Сайёр ижодини алоҳида таҳлил қилмасалар-да, ўз мақолаларида унинг номини ижобий маънода, умидли ёшлар сифатида санаб ўтишарди. Ана шу манзара орасида Сайёрни достончи сифатида йўққа чиқарган бу тақриз ёзда ёққан қордек катта шов-шувга сабаб бўлган ва кўпчилик, бу бола ким экан ўзи, деб мен билан қизиқиб қолган эди. Миртемир ҳам тақризимни синчиклаб ўқиб, бу бола тилимнинг учида турган кўп гапларни айтибди, деб Саъдулла Сиёевга ўз фикрларини билдирган экан. Тақризнинг шакли, таҳлил услуби, қиёсларим устозга маъқул тушиб, уни оддий тақриз эмас, ҳақиқий мақола бўлибди, дебди. Бугунги суҳбатимизда ҳам Миртемир тақриз яхши ёзилганини, ундаги чуқур, холисона таҳлилни, дадилликни мақтади ва шу муносабат билан ёшлар орасидаги тақлидчилик тўғрисида сўзлади. Баъзи ёшлар тақлидчилик босқичида қолиб кетаётганини, натижада, улар учун ўзгаларнинг шоирона топилмаларини, ҳатто, услубини ўзлаштириб олиш одат тусига кириб қолаётганини айтди, шу маънода менинг тақризим яхши нарса бўлганини яна бир бор таъкидлади.
Миртемирнинг бу гапларида асос бор эди. Сайёрнинг энг яхши ҳисобланган “Бошсиз ҳайкал” достони сўнггида бир ўрин бўлиб, унда муаллиф “Дилкушо” достонидаги услубдан фойдалангану лекин муваффақиятга эришмаганди. Шу муносабат билан тақризда мен мана бундай деб ёзгандим:
“Муаллифнинг тил борасидаги энг катта камчилиги шуки, у сўзни ҳис қилмасдан ишлатади. Сўзларнинг мантиқий кучини, салмоғини, маъно урғусини ҳисобга олмайди. Оқибатда, ҳаяжон бирданига нурсизланиб кетади.” Мана, Сайёрнинг энг яхши достон ҳисобланган – “Бошсиз ҳайкал”идан бир парча:

Аёл кетди,
Аммо ҳар дилда
Бир ғулғула, бир тўфон қолди(!!)
Аёл кетди,
Аммо ҳар дилда
Бир орзиқиш, бир армон қолди(!)
Аёл кетди,
Кетди бевафо,
Шарпа каби изсиз йўқолди(…)

Энди шоир Миртемирнинг 1937 йилда ёзган “Дилкушо” достонидаги худди шунга ўхшаш ҳолатга диққат қилинг:

Ғарибларнинг ўксик дилида
Бир ўч қолди, беомон қолди. (!)
Гадоларнинг бадбахт элида
Қўзғалажак бир бўрон қолди, (!!)
Саҳарларнинг мармар юзида
Битта коса тўла қон қолди. (!!!)
Боболарнинг ўлмас сўзида,
Тарихларда шу достон қолди. (!!!)

Шу икки мисолни таққослаб кўрайлик. Биринчи парчадаги “Бир ғулғула, бир тўфон” аввал “Бир орзиқиш, бир армон” даражасигача пасаяди, ундан кейинги “Шарпа каби изсиз йўқолди” мисрасига келиб, бутун жаҳон бирданига изсиз йўқолиб кетади. Иккинчи парчада эса, аксинча. Унда сўзнинг салмоғи тобора ортиб боради, мисралар борган сари ҳаяжонни кучайтиради. Ниҳоят, ҳаяжон ўзининг энг юксак нуқтасига кўтарилгандагина, шоир якун ясайди: “Тарихларда шу достон қолди”.
Ўша кеча, ўша суҳбат бугунгидек эсимда, доим кўз олдимда туради: олча барглари оралаб, тушиб турган чироқ нурида, оппоқ дастурхон атрофида гурунг боради, кўпроқ Миртемирни эшитамиз. Гоҳ-гоҳ суҳбат орасида устоз бир зум хаёлга чўмиб, олдидаги қоғоз салфетакага кўрсаткич бармоғи билан арабча нималарнидир ёзган бўлади, Саъдулла Сиёев менга имлаб, кулиб қўяди… Суҳбатимиз ширин эди, анча чўзилди, лекин мен Миртемирга у киши бундан ўн йиллар муқаддам бир шеъру икки тўртлигимни мақуллаб берганини, ундан сал кейин, нашр юзини кўрмаган илк тўпламимни Республика Ёшлар семинари муҳокамасига тавсия этганини айтмадим, истиҳола қилдим. Миртемир бизни кузатар экан, менга энди қадрдонлардек: “Абдуллажон, келиб туринг, йўқ бўлиб кетманг” – деб хўшлашди.
Шундан кейин гоҳ-гоҳ Миртемирни зиёрат қилиб турадиган бўлимдим.
Миртемир сўнгги шеърларининг кўпчилигида ўзи туғилган, болалиги ўтган Туркистон томонларни, она қишлоғини қўмсарди, унинг гўзаллигини ҳам ўзи учун, ҳам китобхон учун яна бир бор қайтадан кашф этарди.

Митемир жиддий, айни пайтда, хушчақчақ, мағрур, айни пайтда, камтарин инсон, ажойиб суҳбатдош эди. Шоир сифатида ўз қадри, ўз ўрнини яхши билса-да, бироқ, ҳеч қачон мен зўр шоирман деган эмас, доимо ўзидан, ёзганларидан кўнгли тўлмасди. Эсимда, мен қайсидир бир байрам муносабати билан “Гулистон” журнали учун шеър ёзиб беришни илтимос қилдим. Миртемир рози бўлди. Муддат келиб, шеърни олиб келгани бордим. Устоз менга бир варақ газета қоғозига, ҳар бир ҳарфи аниқ, катта, чиройли қилиб ёзилган шеърни тутқазди. Тутқаза туриб: “Шеър, назаримда, ҳали қиёмига етмади, Асқадга айтинг, ўзи яхшилаб жиддий таҳрир қилсин”, – деди. Мен келиб, Бош муҳарриримиз Асқад Мухторга Миртемирнинг гапларини айтдим. Асқад Мухтор мийиғида кулиб қўйди-да, шеърнинг бирор ерига қалам урмай журналга тушириб юборди. Шеър чиққанида, Миртемир менга қўнғироқ қилиб, раҳмат айтди-да, сўнг: “Асқадга менинг гапимни етказганмидингиз? Нега Асқад қалам тегизмади, ҳали шеър у қадар пишиб-етилмаган эди-ку!” – деди. Мен: “Гапингизни Асқад акага етказганман, лекин у киши шеър ўзи яхши экан, деб қалам урмади”, – дедим. Барибир, Миртемирнинг кўнгли тўлмади. Шеърни ҳар нарсадан улуғ ва қутлуғ санаб, уни ўзига қул деб эмас, ўзини унга қул деб ҳисоблаш, ижодни бир умр шеър ёзишни ўрганиш жараёни, бир умр мукаммалликка, гўзалликка интилиш деб билиш Миртемирнинг нафақат ҳаётий тамойили, балки яшаш тарзи эди, ундаги камтарликнинг моҳияти ана шу ақидага бориб тақаларди.
Миртемир ёшларга алоҳида эътибор билан қарарди, уларни “киприкларим” деб атарди. Уларни танқид қилганида танқиднинг тагидан меҳр, эзгу тилак уфуриб турарди. Ёдимда, Ёзувчилар уюшмасининг ёшлар семинарида Отаёрнинг илк китоби муҳокама қилинадиган бўлди. Янглишмасам, 1974 йил эди. Семинарни Ёзувчилар уюшмасининг котиби Рамз Бобожон бошқарарди. Асосий маърузачи қилиб мен тайинланган эдим. Нима бўлди-ю, таксида келсам ҳам, андак кечикдим. Шошиб келиб, тўғри ҳайъатга чиқдим. Маърузадан сўнг муҳокама бошланди. Мундоқ қарасам, Миртемир залда ўтирибди. Мен Рамз Бобожонга: “Нега Миртемир ҳайъатда эмас?” – дедим шивирлаб. “Бир неча бор таклиф қилдим, ҳеч унамади”, – деб жавоб берди Рамз Бобожон.

Ўша йиғинда Миртемир минбарга чиқмасдан, залда ўрнидан туриб, чорак соатлар чамаси Отаёрнинг шеърлари ҳақида жуда чиройли гапирди, мақтови ҳам, танқиди ҳам ўринли эди, ҳар бир жумласидан оталарча талабчанлик ва меҳрибонлик гупуриб турарди. Ёш шоирнинг шеърларини, аслида, дурустроқ ўқимасдан, у ер-бу еридан чўқилаб, китобни ерга уришга ҳаракат қилган баъзи “танқидчилар” Миртемирнинг сўзлари ва таклифидан кейин тинчиб қолишди. Китоб семинар йиғилиши қарори билан нашрга тавсия этилди.
Миртемирнинг энг ёмон кўргани ўзгаларнинг шеърий топилмаларини ўзлаштириб олиш эди. Мақолаларида ва суҳбатларида шу масалага тез-тез тўхталарди. Суҳбатларидан бирида: “Катта ёзувчиларда ҳам такрор, қайтариқлар кўп. Бу китобхонни кўзга илмаслик, ўзига талабчан бўлмасликнинг оқибати. Таъсир, назира – булар биринчи қадамлардагина сал кечириш мумкин бўлган гап. Тажрибали ёзувчиларда учраши бу гуноҳ”, – деган эди. Бу ўринда, у бунақа ҳолатни киссавурликка ўхшатади. Жўн ҳайқириқларни, олди-қочди, ўткинчи гапларни шеър деб тақдим этишни назмбозлик деб атарди. Ёшларни устоз ана шу иллатлардан қочишга ундарди.
Миртемир Ватанни, ўз халқини чин дилдан севарди. Ўзбекистон учун, ўзбек учун бутун умрини бағишлаган, шу юрт, шу халқ деб гоҳ кулиб, гоҳ йиғлаб ўтган улкан шоир эди.

Миртемир ҳамма нарсага, шу жумладан, ҳақиқий шахс бўлишга ҳам чеклов қўйилган, исон индивид сифатида ўзини эркин кашф этиш имконидан маҳрум этилган шўролар даврида яшаб, ижод этди. Сургун азобини ҳам, кўрсатмалар асосида шеър ёзиш азобини ҳам бошидан кечирди. Лекин букилмади. Мана бу сатрларни ўшанга ишора, тўғрироғи, ўзига хос исён деб аташ мумкин. Улардаги ички бир дард, ҳайқириққа айланган фарёд ҳар қандай лоқайд одамни ҳам сергаклантиради, кишини титратиб юборади:

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Шу кунгача ўзни мен чеклаб бўлдим.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим.

Мен ҳозир ҳам Миртемирнинг китобларини қўлимдан қўймайман. Илк шеърларимни кўриб, маъқул топиб, дастлаб менга далда берган, кейинчалик отамдек қадрдон бўлиб кетган бу улуғ инсон ва улкан шоирни доимо соғиниб яшайман. Ушбу хотираларимни ўша соғинч овози билан – устоз вафот этганида, унга бағишлаб ёзган шеърим билан якунламоқчиман:

Ҳатто сўнг нафасин юртга бахш этди –
Январ осмонига қуёшдек тутди;
Гарчанд олис эди қулф урган баҳор,
Эриди музлаган қалбларда ҳам қор.
У кетди қаҳратон бағрини тилиб,
Баҳорни бизларга васият қилиб;
Кетди, мажнунтолни қидириб, ёлғиз,
Эргашдик ортидан унсиз, қайғули.
Қошида бир лаҳза тик туриб, сўнг биз
Мажнунтол тагига ўтқаздик уни!..
Ажаб гардун экан бу сирли фалак;
Дийдор рамзи экан оний камалак,
Киприклар яшаркан кўзни соғиниб,
Тил ҳам ҳаёт экан сўзни соғиниб,
Тўлқинни соғиниб яшаркан қирғоқ,
Соғинчдан иборат экан яшамоқ.
Ҳатто шеърият ҳам соғинч тутқуни –
Ўқини бой берган салқи ёй мисол…
Мажнунтол тагига ўтқаздик уни,
Мажнунга айланиб бир оҳ тортди тол…
Йиғласин энди тол аталган Мажнун,
Йиғламоқ ҳуқуқи ундадир бугун…
Соғинчдан иборат экан яшамоқ…

(Tashriflar: umumiy 174, bugungi 1)

Izoh qoldiring