Abdulla Sodiq. She’rlar & Abdullaning hayot qo’shig’i

033    Шеърларидаги қатъий тартиб, товушларнинг мусиқий оҳангдорлиги, кутилмаган ташбеҳ, бадиий вақт ва макон шоир эгзу ниятининг бадиий ифодасидир. У сўзларни ўз ўрнида моҳирлик билан қўллаш орқали икки аср, икки хил жамият чорраҳасидаги ҳаёт қўшиғини куйлаб кетди (Бундан 2 йилча аввал эълон қилинган Абдулла Содиқ ва шеърлари ҳақидаги саҳифа билан мана бу ерда танишинг)...

АБДУЛЛАНИНГ ҲАЁТ ҚЎШИҒИ
Қ. Йўлчиев
Фарғона Университети катта илмий ходими
005

    Мустақиллик давридаги ўзбек шеъриятининг етакчи хусусиятларидан бири, бу шеъриятимизда лирик субъективлиликнинг кучайгани бўлди. Яъни лирик шеър ўзининг азалий вазифасига қайтди. Энди шоирлар орасида ижтимоийликдан кўра, борлиқни лирик субъект орқали тасвирлаш сезиларли даражада ошди. Натижада асар мазмунидаги салмоқдорлик, умуминсонийлик, бадиийлик кучайди. Бу хусусиятни истеъдодли шоир Абдулла Содиқ ижодида ҳам кузатиш мумкин:

Кўкка қўлим чўздим,
жоним жимирлади,
кўксим симиллади.
Дарахт томиридай ер бағирладим,
Узоқларга кетдим,
булоқларга етдим.

Шеърдаги лирик субъект ўзини, ҳаётини таҳлил қилади. Қалбида туғилган ҳаётсеварлик ғоясини, халқнинг бир зарраси эканлигини англаш, жамиятда ўз ўрнини топиш ва комилликка интилиш истагини ифодалашда бошқача йўлдан боради. Шеърий парчадаги “кўк”, “томир”, “булоқ” деталларига шоир поэтик ниятини юклаган. Кўк – эркинлик, етуклик, бахт, орзулар парвози каби маъноларни англатади.

“Жоним жимирлади”, “кўксим симиллади” ибораларида шоир жонининг улкан денгиз каби жимирлаб, мавжланиши, тоғ каби кўкси симиллашига баён қилган. Чунки орзулар осмонида, эркинлик қучоғида яшаш учун халқ маънавий оламидаги теран илдизларга боғлиқлинигини унутмаслик керак. Ундан узилган қалб оғриққа, азобга дучор бўлади.

Шеърдаги дарахт образи Ватан тимсолидир. Лирик қаҳрамон томирлари, яъни Ватанидан узоққа кетолмайди. Ўз илдизидан озиқланиб ер бағирлаб учади. Натижада ҳаётда кўп ютуқларга эришдим, маънавий булоқларга етдим дея эътироф этяпти. Лекин бу булоқ бағрида оддий одамнинг кўзини қамаштирадиган нурдан бошқа нарса йўқ.

Шоир ўз эрки, бахти, орзусига интилган эди, жони оғриди, кўксида оғриқ пайдо бўлди. Чунки, бу Ватандан, она-юртдан айрилиш билан боғлиқ эди. Шеър собиқ тузумнинг сўнгги йилларида ҳарбийда юрган ўзбек йигити тилидан ёзилганига эътибор қаратсак, ундаги лирик образнинг дарди янада аниқроқ очилади.

Ҳамёним ўғирлаб қайси бир нодон
Сўнгра қайтиб келди кўзи ёшланиб,
Ва деди: “Адашдим, кўзим қамашди,
Нурдан бошқа нарса йўқ экан очсам…”

Аввало, ўғри ижтимойи ҳаётда лирик субъектдан фойдаланиб жамиятда маълум бир мартаба, амал, муҳаббат ёки ўткинчи омадга эга бўлмоқчи бўлган одамдир. Иккинчидан, ўғри – собиқ тузум ёки унинг типик вакилларидан бири. У собиқ тузумда аскарликка бориб, у ерда ўз миллий тафаккурига зид муносабатларни кўрган лирик қаҳрамоннинг аскарлик, йигитлик бурчи ҳар бир йигит учун шараф деган тушунчага тескари ишларни қилади. Бу билан шоир қалбини ўғирлади. Хамён эса лирик субъект қалби,руҳиятидир.

Шеърдаги товушларнинг вертикал ва горизонтал мутаносиблиги ундаги туйғуларнинг динамикасини янада таъсирли бўлишини таъминлаган.
Шоир ўзи эътироф этганидек унинг қалби нурдан порлар эди. Руҳияти мўъжизага тўлиқ эди. Олам ва одамни кузатар, икки ўртадигаи азалий муносабатни ўрганар ва ўзига хос хулосалар топа олар эди.

Кўзларимга мўъжиза тўлди,
Юмолмасман сира уларни.
Она, менга нимадир бўлди.
Эшитяпман сирли унларни.

Мазкур мисралар бағрига Абдулла Содиқнинг кўнгли яширинган. Унда ҳаётга ташналик, табиат билан уйғунликни англаш учун кўзини юммасдан яшаш истаги кучли эди. Бадиий асардаги эстетик идеал ва гўзаллик ижодкор англаган ҳаётий ҳақиқат деган азалий тамойил унга тинчлик бермаган.

Кўзларимга тўлган мўъжиза
Ёшлик номли беором дунё.
Юрагимдан оппоқ куй сизар
Гўзалликка тўймайин асло.

Шоир қалбидан оқиб чиқаётган куй бу тириклик, ҳаётдан баҳра олиб яшаш, ижод қилиш, кишиларга меҳр-муҳаббат улашиш, ҳатто баҳордаги кўкаришни, гуллашни ўргатиш куйи эди. Буни у қуйидаги шеърида баралла айтади:

Ношуд баҳор, гулламоқни мендан ўрган,
Ҳеч бўлмаса бир бор мендай тўкилгин куз.
Эй саратон, оҳлар уриб мендай ўртан,
Кел қаҳратон, эриб кетма, кийдирай муз.

Бу ерда ўзи билан ўзи курашиб, ўзини топиб, баъзан ўзини йўқотиб, олға интилиб яшаётган шоир образи намоён бўлган. Унинг теран нигоҳидан ҳаётга ташналик, адолат ва поклик учун кураш порлаб турарди. Шунинг учун мазкур шеърини шундай якунлайди:

Битганларим гарчи узун, жўн, саёздир,
Лекин, дилим буткул жўр, ҳамроздир,
Ҳақиқатдан кўзингизни юмолмассиз –
Мендан қанча ўргансангиз шунча оздир.

Абдулал Содиқ шеъриятида Ватан, юрт, озодлик каби мавзулар ўзига хос жаранглади. Ватанни Ватан, Озодликни Озодлик сўзларини қатнаштирмасдан шеърлар ёзди:

Сўздан томган надир, бўғзим ловуллар.
Қуёшнинг нурига нур қўшар оҳим.
Руҳим туб-тубида интиқ шовуллар,
Мевалари пишиб етилган боғим.

Шеърий парчадаги “сўз” бу Ватанни озод ва обод кўриш, кишиларни маънан етукликка ундаш дарди, нур эса шоирнинг одамларга улашувчи меҳри, боғ эса Ватан ва унга бўлган муҳаббатининг тимсолидир. У лирик қаҳрамоннинг қалб тубида яшайди. Шоир уни ташқарига олиб чиқиб, бошқаларга мен Ватанни мана бундай севаман дейишга ор қилган.

Булоқ, дарё, сув, райҳон, ҳаво, шамол каби қатор деталлар янгича поэтик товланмаларга эга бўлиб, унда шоирнинг яшаш усули, яшаганда ҳам мукаммаликка интилиб яшаш, борлиқнинг пинҳона гўзаллигини кашф этиб яшаш усули кўзга ташланади. Шеърларидаги қатъий тартиб, товушларнинг мусиқий оҳангдорлиги, кутилмаган ташбеҳ, бадиий вақт ва макон шоир эгзу ниятининг бадиий ифодасидир. У сўзларни ўз ўрнида моҳирлик билан қўллаш орқали икки аср, икки хил жамият чорраҳасидаги ҳаёт қўшиғини куйлаб кетди.

Абдулла СОДИҚ
ЯКУН ТОПАЁТИР СУКУНАТ ФАСЛИ…
005

Абдулла Содиқ (Абдуллажон Содиқов) 1970 йил 9 февралда Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида туғилган. Кўп йиллардан буён матбуот соҳасида хизмат қилиб келган. Шеърлари вилоят ва республика миқёсидаги газета-журналларда эълон қилинган. 2002 йили “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан “Пок сирлар булоғи”, 2012 йилда «Дарёларим» номли шеърлар тўплами чоп этилган. Абдулла Содиқ бир неча йиллар “Фарғона” нашриёти муҳаррири лавозимида фаолият юритган.

005

* * *045

Шиорлар ўзгарар, сўзлар қолади,
Қарашлар эскирар, кўзлар қолади,
Қорлар эриб битар, излар қолади,
Менинг титроғимдан қолмайди нишон.

Кун келар, дунёга тўлиб оққайман,
Кибор дарахтларни юлиб, оққайман,
Тошларнинг устидан кулиб, оққайман,
Менинг қирғоғимдан қолмайди нишон.

Ичимда юз очар чексиз бир само,
Унга бор овозим этадирман жо,
Ҳур розим таъмамга қул бўлмас асло,
Менинг ингроғимдан қолмайди нишон.

Йилларнинг ёмғири чўктирар лойим,
Исёнкор, чарс феълим тортар мулойим,
Кашфиётим ичра бўлурман ғойиб,
Менинг тирноғимдан қолмайди нишон…

* * *

Менинг йўқотганим нақадар улкан,
Балким бу йўқотиш топишдир асли.
Жангга ҳозирланар руҳим-ҳур ўлкам,
Якун топаётир сукунат фасли.

Сукунат, сукунат, муз қотган титроқ,
Шаффоф парда ичра шаффоф ғалаён.
Бўйним қучоқласин муаттар сиртмоқ,
Энди менга аён сирли жараён.

Аламдан ёрилиб, парчаланар кўк,
Яна фош бўлади минг-минг коинот.
Ҳей чақин, кел яқин, кўксим чокин сўк,
Асл ёринг-қалбим қучоғида ёт…

Товланар эгнимда илоҳий совут,
Қўлимга боғланган қалқон-камалак,
Мени бир эпкин-ла, илоҳим, совут,
Вулқоним тўйгунча ухлаши керак…

Токи уйғонгунча йўқотган вақтим
Энг улкан топмишим бўлиб қолгайдир.
Унгача қалбимда болалаб чақин,
Ботир аскарларин жангга солгайдир…

* * *

Бунчалар ўзимга бино қўйдим мен,
Бунчалар ўзимни доно санадим.
Кўмсам, фақат сохта тилло кўмдим мен,
Синиқ бардошимни яна синадим.

Синиқ бардошимнинг парчаларига
Қуш патидай енгил дардларим жойлаб,
Кун ўтказдим кўнглим ғунчаларига
Ханжардай тиконлар битишин пойлаб.

Аммо улар ҳануз майин, беозор,
Аммо улар ҳануз ишонувчан, ғўр.
Рўпарамда эса каттакон бозор,
Каттакон бозорнинг даллоллари кўр.

Менинг ўз сўзим йўқ, менга кўп оғир
Йўқ осмонда учмак, йўқ ойни қучмак.
Сандиғим қулф, гарчи йўқдир жавоҳир,
Аччиқ савдо экан йўқ майни ичмак.

Йўқ, йўқ, ҳеч нарса йўқ афсусдан бўлак,
Мушт тугсам, муштимни ёзворма, шамол.
Агар шу пайтгача бор бўлсанг, юрак,
Энди сен ҳам йўқ бўл, кўксимдан йўқол…

Даллоллар кўр эмас, мен ўзим кўрман,
Зарим деб бошимдан сочганим тупроқ
Мени кўмиб бўлган, кўзимга тўлган,
Ўзим қайдалигим билмасман мутлоқ…

Бунчалар ўзимга бино қўйдим мен,
Бунчалар ўзимни доно санадим…

* * *

Тонгда туриб астойдил кўз ёшлолмасман,
Ҳаётимни қайта бошдан бошлолмасман,
Хотиржам, тинч ҳатто ош ҳам ошолмасман,
Тақдир мени қуюнларга солиб ўйнар,
Эски-туски буюмларга солиб ўйнар.

Чўққиларнинг энг учида унди гулим,
Менга боқиб маъюсгина кулди гулим,
Кафтимга бош қўёлмасдан сўлди гулим,
Тақдир мени қуюнларга солиб ўйнар,
Эски-туски буюмларга солиб ўйнар.

На келар, на кетаримда маъно йўқдай,
Ўзни эълон этаримда маъно йўқдай,
Учсам, кўкка етаримда маъно йўқдай,
Тақдир мени қуюнларга солиб ўйнар,
Эски-туски буюмларга солиб ўйнар.

Оғир дўппим мени эзиб-янчадими,
Нақшлари бошимга тиғ санчадими,
Энди уни кўтаришдан чарчадимми,
Тақдир мени қуюнларга солиб ўйнар,
Эски-туски буюмларга солиб ўйнар.

Олиш мушкул юзимдги ниқобимни,
Аллақачон йўқотганман ҳисобимни,
Хўрсиниғим ютган нидо-хитобимни,
Тақдир мени қуюнларга солиб ўйнар,
Эски-туски буюмларга солиб ўйнар.

Бешигимни тебратганди қандай шамол,
Эшигимни очиб қўйган ким бемалол,
Ёқасидан тутиб, кимга берай савол,
Тақдир мени қуюнларга солиб ўйнар,
Эски-туски буюмларга солиб ўйнар.

Ҳаловатим, қайда менинг ҳаловатим,
Ўчиб борар тўлин ойим малоҳати,
Муқаррардай бола кўнглим ҳалокати,
Тақдир мени қуюнларга солиб ўйнар,
Эски-туски буюмларга солиб ўйнар.

Қисматим не, Ҳақ олдида хизматим не,
Гар харидор келса ногоҳ, қийматим не,
Оёқ титрар, бўйнимдаги иллатим не,
Тақдир мени қуюнларга солиб ўйнар,
Эски-туски буюмларга солиб ўйнар.

Остимдаги тоғорани тешолсайдим,
Қорнимдаги ноғорани тешолмсайдим,
Ўз арқоним ўз билгимча эшолсайдим,
Тонгда туриб астойдил кўз ёшлолсайдим,
Яшолсайдим, яшолсайдим, яшолсайдим…

* * *

«Кўнгил» сўзи сиғмай қолди кундалигимга,
Даври ўтган созни охир ғилофга солдим.
Гувоҳим йўқ унда ёки бундалигимга,
Жамладим-да, жами йўқлик ичра йўқолдим.

Дастурхонга қўл чўзмасдан туриб тўйдим мен,
Совуқ соям пасайтирар ҳароратимни.
Йўлим бошин орқа томон буриб қўйдим мен,
Олқишлайман халоскорим-ҳалокатимни.

Тутаб-бурқсиб ёнмоқликдан сўнмоқлик афзал,
Осмонимдан тирноғимдек кўчсин ҳилолим.
Қадни букиб кўкармоқдан синмоқлик афзал,
Гулбаҳорнинг миннатли, талх бўлса висоли…

«Кўнгил» сўзин майда ҳарф билан битмасман,
Гар сиғмаса сиғмай турсин шундоқлигича.
Аламимга чидолмасдан букиб-йиртмасман-
Саҳифалар ёпилгайдир муштоқлигича.

Жамлаганим жами йўқлик тумандай тарқар,
Қиров эрир-авалгидек қораяр қошим.
Кундалигим узра зиё таратиб балқар
Мендан қочиб омон қолган кўнглим-қуёшим…

* * *

Ёмғир меникимас, қор меникимас,
Ғунча меникимас, хор меникимас,
Ҳаёт ҳам ўлимдай мендан юз бурган,
Бош суққаним кўча- тор, меникимас.

Найимга қон тошиб ўтар бўғзимдан,
Ютинсам, ичимга тўлади олов.
Ҳеч қачон тонмасман ҳеч бир сўзимдан,
Виждон солаверар жонимга буров.

Майда нарсадан-да улкан нарса йўқ,
Беҳуда уриндим-ағдарай дедим.
Жилмай тураверди кўзин қилиб лўқ,
Оҳ, қанча йилларнинг бошини едим…

Улардан турфа таъм оғзимда қолмиш,
Чучугу шўр, тузсиз, аччиғу нордон.
Юзимдан кечаги зиё йўқолмиш,
Не учун ҳилолга боқдим мен нодон…

Юзимнинг нурини сўриб олди у,
Кўзимнинг сирини кўриб олди у,
Ишонганим-тоза қуватларимни
Барра майса каби ўриб олди у.

Айблашни билмайман кимни, нимани,
Шунданми, туюлар барча нобакор.
Уммон узра сузган ҳар бир кемани
Тўхтатиб сўрайман: «Менда не айб бор?»

Аммо саволимга жавоб этишмас,
Мени ўзлари-ла олиб кетишмас,
Бефайз, бешукуҳми менинг маконим,
Нечун ҳузуримда қолиб кетишмас…

Муз парчаси ёғар чақмоқларимдан,
Тутиб, эритмоқ-чун қайноқ кафт лозим.
Қаъримнинг нурафшон қамоқларида
Кексайиб, ҳикматга тўлар овозим.

Дарвоза очиғу, чиқмоққа шошмас,
Арзон озодликда ғарибдир мантиқ.
Дунё эса ўша, шаштидан тушмас,
Дунё эса ўша, норасо, тантиқ.

Ёмғир уникидир, қор уникидир,
Ғунча уникидир, хор уникидир,
Ҳаёт ҳам ўлимдай унингдир, унинг,
Бош суққаним кўча тор- уникидир.

Бошим суғураман мен бу кўчадан,
Бағримга босиб қор, ёмғирларимни,
Тамом ўзга кенгликларга кўчаман,
Бошқатдан тикаман чодирларимни…

* * *

Тан олиш, олмаслик ихтиёримми,
Ташлаб юборайми, тутайми маҳкам,
Нимадир ул, тортган эътиборимни,
Дунё барчага бир, мен учун минг кам…

Кафтим чизиқлари қайга элтади,
Нечун тиканларни излар товоним,
Кўксим музи қачон эриб кетади,
Қачон, ахир қачон оқади жоним…

Улкан, тош ёнғоқлар синди бошимда,
Қуртлар бижғиб ётган мағзини кўрдим.
Қора қушлар учиб келди қошимга,
Улардан оқ тонглар дарагин сўрдим.

Кўзим очилмади, кирмади ақлим,
Зарур сабоқларга осмадим қулоқ.
Не учундир ҳадеб изладим фарқим,
Топмадим, топмадим, топмадим бироқ…

Осмоним шу осмон, ерим шу ердир,
Сўлсам, оддийгина гулдек сўламан.
Кунларим қиёси одатий-елдир,
Тўлсам, нари борса ойдек тўламан.

Рангим турланади борлиққа монанд,
Таъна тошин тўсгич қалқоним тайёр.
Ширин тилларга боз ялатаман қанд,
Қўлимда чармдай чўзилар меъёр…

Гоҳ ўзимдан руҳдек чиқдим сирғалиб,
Афти-ангоримга боқдим бир четдан.
Фош бўлди нотавон, ғариб сирларим,
Ҳеч ким эмаслигим ҳақиқат экан…

Тан олсам, олмасам, борим шу маним,
Бирдай, ташласам, ё, ўзимни, тутсам.
Тўларми ақалли мингдан бир камим,
Ҳеч ким эмаслигим унутсам…

Йўқ қилсам, йўқликни йўқликка ишқаб,
Кессам, аччиқ билан аччиқни, зотан,
Фақат қон ютганча тер тўкиб, ишлаб,
Улуш юлиб олиш мумкин ҳаётдан…

Меҳнат, меҳнат тортар эътиборимни…

* * *

Менга қолгани шу: кул, хазон, ҳалқоб,
Қамчинлари аччиқ изғиринларнинг.
Мени босиб қолди тутганим қалқон,
Теграмда бошланди базми жинларнинг…

Туғилмоқлик агар мағлубиятдир,
Яна курашмоқдан недир муддао.
Гарчи қалбим тўла улуғ ниятдир,
Кўрмасман уларда заррача маъно.

Пок гулханлар ёқмоқ бўлгандим аста,
Бармоқларим чақди чақмоқтошларим.
Ҳушёрлик дарёсин сипқориб, мастман,
Нечун қўл бермайсиз, эй қардошларим…

Мен ахир осмондан тушганим йўқ-ку,
Тўкиб қоним, ҳидланг, тупроқ ҳиди бор.
Ахир кўнглим тоза, назарим тўқ-ку,
Кўзим айёрона қисилмас зинҳор.

Кўзим айёрона қисмоқ истадим,
Булоқ каби тошиб кетаверди ёш.
Минг йил тўкмоқ учун пок ер изладим,
Минг йил пастга боқдим, кўтармадим бош.

Ўзимга кирдим мен, ўзимдан чиқдим,
Ўзимни тикладим, ўзимни йиқдим.
Моҳир чевар каби тикдим ўзимни,
Тикканим ёқмади, майдалаб қирқдим…

Менинг майда-майда қийқимларимни
Қутурган бўрон ҳам учиролмади.
Беаёв тешдию юпун бағримни,
Тоғларимни кўчиролмади…

Ёрдам сўрамоққа энди ҳожат йўқ,
Елкамда турибди, чунки, тоғларим.
Мен-чун бундан ортиқ бахт-саодат йўқ,
Гулини ичимга тўкар оҳларим…

Бошингизни тўсманг қўрқиб, хавфсираб,
Кўзимдан томмагай бир қатра ёшим.
Пастга қулашига қўймасман сира
Азим тоғларимнинг биронта тошин…

Менга қолганини ўзим биламан…

* * *

Қачонлардир шоир эдим мен,
Туйғуларим куйга солардим.
Ўз ўзимга қойил эдим мен,
Ўз сўзимдан қувват олардим.

Қачонлардир шоир бўлгандим,
Мулким эди гўзал иқтидор.
Ноилож, яшашни ўргандим,
Яъни қўлдан кетди ихтиёр…

Оҳ, кўнглимдан кетди наволар,
Мен келган шу йўлимдан кетди.
Мени қучган биллур ҳаволар
Кетди, ўнгу сўлимдан кетди…

Энди фақат миллион йилда бир
Гуллагувчи ношуд дарахтман.
Не хатога йўл қўйдим ахир,
Лолман, гирён, бахтсиз, карахтман…

Қачонлардир шоир бўлганим
Эслаб қолган ким бор, нима бор?
Оҳ, нечун яшашни ўргандим,
Нега қўлдан бердим ихтиёр…

Қачонлардир шоир эдимми?..

ОПАЛАРИМГА

Сизни кўрсам янгиланар яраларим,
Эй, онамдан қолган азиз ёдгоралар.
Бағри дилим ўртар ўтли наъраларим,
Болам дея, уйим дея овворалар.

Гарчи инсон барча ишдан огоҳ келди,
Лек айрилиқ бошимизга ногоҳ келди,
Ҳали-ҳануз мен ўзимга келолмасман,
Онам қўмсаб кўзларимнинг ёши селдир.

Сизни кўрсам, худди онам қайтган каби,
Алдамчи бир тасаввурга чалғиб кетиб,
Сўз айтсангиз, худди онам айтган каби,
Орзиқарман, ич-ичимдан қалқиб кетиб.

Сизлар менинг оққушим, оққайинларим,
Қўли қадоқ, товушлари майинларим,
Ботиб кетган ул қуёшим ёқиб кетган
Гулханларсиз, юзлари кундайинларим.

Гулханимсиз, меҳр бўйли гулшанимсиз,
Мудом ғамин сир тутиб, жим кулганимсиз.
Бизнинг шоир укамиз бор дея қувнаб,
Зимдан менга омад тилаб юрганимсиз.

Қувончингиз қувватимдир, опажонлар,
Жон ипимга тизганим, эй дур-маржонлар,
Сиздан ўзга кимга дилим очайин мен,
Сиздан ўзга кимдан топай куч, дармонлар.

Мени кутар узун, оғир йўлларми ё,
Оқизгучи дарё, кўмар кўлларми ё,
Қодир,ерга киргизурга, муштлаб бошим,
Осмонларга кўтаргучи қўлларми ё.

Чин юракдан тиланг, Тангрим йўлим очсин,
Очилмаган ҳали не-не гулим очсин,
Ишқим ўти бошдан -оёқ ёқсин мени,
Ватан узра бошдан- оёқ кулим сочсин…

Ватан, менинг мангу ўлмас онам ўзинг,
Опаларим кўзидаги олам ўзинг,
Аждодларим ёди каби узилмассан-
Жон ипим-ла эшилган жон толам ўзинг!..

АПРЕЛ БОҒЛАРИДА
Ҳазилдан ташқари

Мен фақирнинг омади ҳам бир кулсаю,
Нимқоронғу кулбам ичра нур тўлсаю,
Чўнтагимда жарақ-жарақ пул бўлсаю,
Бу боғларни, қанча деса, сотиб олсам!..

Биров менинг мушугимни «пишт» демаса,
Тирикчилик, югур-югур, иш демаса,
Ёз келмаса, куз келмаса, қиш келмаса,
Бу боғларни очкўз вақтдан тортиб олсам!..

Сабо-ёрим, гуллар-кўрпам, барглар-болиш,
Бошим узра ишқ қушлари қилса хониш,
Унут бўлса недир ҳасрат, недир нолиш,
Бу боғларда айш-ишратга ботиб қолсам…

Тинмай тўлиб тошармиди давлатим ҳам,
Отлар ҳуркиб қочармиди савлатимдан,
Шундай довруқ топармидим санъатимдан,
Бу боғларда ёзган шеърим сотиб қолсам!..

Эҳ, шеър, яна сенми, кайфим буздинг нечун?
Сенингсиз ҳам ечилганди неча тугун,
Не тонг, энди аламимдан чиқмоқ учун
Бу боғларда аччиқ шароб «отиб» олсам…

Боғбон ака, мени койиб бўғилгунча,
Сабр қилинг шу бир шеърим ўқилгунча,
Сабр қилинг, то гуллари тўкилгунча-
Боғингизда уч-тўрт кеча ётиб қолсам…

044

ABDULLANING HAYOT QO’SHIG’I
Q. Yo’lchiev
Farg’ona Universiteti katta ilmiy xodimi
005

Mustaqillik davridagi o’zbek she’riyatining yetakchi xususiyatlaridan biri, bu she’riyatimizda lirik sub’ektivlilikning kuchaygani bo’ldi. Ya’ni lirik she’r o’zining azaliy vazifasiga qaytdi. Endi shoirlar orasida ijtimoiylikdan ko’ra, borliqni lirik sub’ekt orqali tasvirlash sezilarli darajada oshdi. Natijada asar mazmunidagi salmoqdorlik, umuminsoniylik, badiiylik kuchaydi. Bu xususiyatni iste’dodli shoir Abdulla Sodiq ijodida ham kuzatish mumkin:

Ko’kka qo’lim cho’zdim,
jonim jimirladi,
ko’ksim similladi.
Daraxt tomiriday yer bag’irladim,
Uzoqlarga ketdim,
buloqlarga yetdim.

She’rdagi lirik sub’ekt o’zini, hayotini tahlil qiladi. Qalbida tug’ilgan hayotsevarlik g’oyasini, xalqning bir zarrasi ekanligini anglash, jamiyatda o’z o’rnini topish va komillikka intilish istagini ifodalashda boshqacha yo’ldan boradi. She’riy parchadagi “ko’k”, “tomir”, “buloq” detallariga shoir poetik niyatini yuklagan. Ko’k – erkinlik, yetuklik, baxt, orzular parvozi kabi ma’nolarni anglatadi.

“Jonim jimirladi”, “ko’ksim similladi” iboralarida shoir jonining ulkan dengiz kabi jimirlab, mavjlanishi, tog’ kabi ko’ksi simillashiga bayon qilgan. Chunki orzular osmonida, erkinlik quchog’ida yashash uchun xalq ma’naviy olamidagi teran ildizlarga bog’liqlinigini unutmaslik kerak. Undan uzilgan qalb og’riqqa, azobga duchor bo’ladi.

She’rdagi daraxt obrazi Vatan timsolidir. Lirik qahramon tomirlari, ya’ni Vatanidan uzoqqa ketolmaydi. O’z ildizidan oziqlanib yer bag’irlab uchadi. Natijada hayotda ko’p yutuqlarga erishdim, ma’naviy buloqlarga yetdim deya e’tirof etyapti. Lekin bu buloq bag’rida oddiy odamning ko’zini qamashtiradigan nurdan boshqa narsa yo’q.

Shoir o’z erki, baxti, orzusiga intilgan edi, joni og’ridi, ko’ksida og’riq paydo bo’ldi. Chunki, bu Vatandan, ona-yurtdan ayrilish bilan bog’liq edi. She’r sobiq tuzumning so’nggi yillarida harbiyda yurgan o’zbek yigiti tilidan yozilganiga e’tibor qaratsak, undagi lirik obrazning dardi yanada aniqroq ochiladi.

Hamyonim o’g’irlab qaysi bir nodon
So’ngra qaytib keldi ko’zi yoshlanib,
Va dedi: “Adashdim, ko’zim qamashdi,
Nurdan boshqa narsa yo’q ekan ochsam…”

Avvalo, o’g’ri ijtimoyi hayotda lirik sub’ektdan foydalanib jamiyatda ma’lum bir martaba, amal, muhabbat yoki o’tkinchi omadga ega bo’lmoqchi bo’lgan odamdir. Ikkinchidan, o’g’ri – sobiq tuzum yoki uning tipik vakillaridan biri. U sobiq tuzumda askarlikka borib, u yerda o’z milliy tafakkuriga zid munosabatlarni ko’rgan lirik qahramonning askarlik, yigitlik burchi har bir yigit uchun sharaf degan tushunchaga teskari ishlarni qiladi. Bu bilan shoir qalbini o’g’irladi. Xamyon esa lirik sub’ekt qalbi,ruhiyatidir.

She’rdagi tovushlarning vertikal va gorizontal mutanosibligi undagi tuyg’ularning dinamikasini yanada ta’sirli bo’lishini ta’minlagan.
Shoir o’zi e’tirof etganidek uning qalbi nurdan porlar edi. Ruhiyati mo»jizaga to’liq edi. Olam va odamni kuzatar, ikki o’rtadigai azaliy munosabatni o’rganar va o’ziga xos xulosalar topa olar edi.

Ko’zlarimga mo»jiza to’ldi,
Yumolmasman sira ularni.
Ona, menga nimadir bo’ldi.
Eshityapman sirli unlarni.

Mazkur misralar bag’riga Abdulla Sodiqning ko’ngli yashiringan. Unda hayotga tashnalik, tabiat bilan uyg’unlikni anglash uchun ko’zini yummasdan yashash istagi kuchli edi. Badiiy asardagi estetik ideal va go’zallik ijodkor anglagan hayotiy haqiqat degan azaliy tamoyil unga tinchlik bermagan.

Ko’zlarimga to’lgan mo»jiza
Yoshlik nomli beorom dunyo.
Yuragimdan oppoq kuy sizar
Go’zallikka to’ymayin aslo.

Shoir qalbidan oqib chiqayotgan kuy bu tiriklik, hayotdan bahra olib yashash, ijod qilish, kishilarga mehr-muhabbat ulashish, hatto bahordagi ko’karishni, gullashni o’rgatish kuyi edi. Buni u quyidagi she’rida baralla aytadi:

Noshud bahor, gullamoqni mendan o’rgan,
Hech bo’lmasa bir bor menday to’kilgin kuz.
Ey saraton, ohlar urib menday o’rtan,
Kel qahraton, erib ketma, kiydiray muz.

Bu yerda o’zi bilan o’zi kurashib, o’zini topib, ba’zan o’zini yo’qotib, olg’a intilib yashayotgan shoir obrazi namoyon bo’lgan. Uning teran nigohidan hayotga tashnalik, adolat va poklik uchun kurash porlab turardi. Shuning uchun mazkur she’rini shunday yakunlaydi:

Bitganlarim garchi uzun, jo’n, sayozdir,
Lekin, dilim butkul jo’r, hamrozdir,
Haqiqatdan ko’zingizni yumolmassiz –
Mendan qancha o’rgansangiz shuncha ozdir.

Abdulal Sodiq she’riyatida Vatan, yurt, ozodlik kabi mavzular o’ziga xos jarangladi. Vatanni Vatan, Ozodlikni Ozodlik so’zlarini qatnashtirmasdan she’rlar yozdi:

So’zdan tomgan nadir, bo’g’zim lovullar.
Quyoshning nuriga nur qo’shar ohim.
Ruhim tub-tubida intiq shovullar,
Mevalari pishib yetilgan bog’im.

She’riy parchadagi “so’z” bu Vatanni ozod va obod ko’rish, kishilarni ma’nan yetuklikka undash dardi, nur esa shoirning odamlarga ulashuvchi mehri, bog’ esa Vatan va unga bo’lgan muhabbatining timsolidir. U lirik qahramonning qalb tubida yashaydi. Shoir uni tashqariga olib chiqib, boshqalarga men Vatanni mana bunday sevaman deyishga or qilgan.

Buloq, daryo, suv, rayhon, havo, shamol kabi qator detallar yangicha poetik tovlanmalarga ega bo’lib, unda shoirning yashash usuli, yashaganda ham mukammalikka intilib yashash, borliqning pinhona go’zalligini kashf etib yashash usuli ko’zga tashlanadi. She’rlaridagi qat’iy tartib, tovushlarning musiqiy ohangdorligi, kutilmagan tashbeh, badiiy vaqt va makon shoir egzu niyatining badiiy ifodasidir. U so’zlarni o’z o’rnida mohirlik bilan qo’llash orqali ikki asr, ikki xil jamiyat chorrahasidagi hayot qo’shig’ini kuylab ketdi.

Abdulla SODIQ
YAKUN TOPAYOTIR SUKUNAT FASLI…
005

   Abdulla Sodiq (Abdullajon Sodiqov) 1970 yil 9 fevralda Farg’ona viloyatining Quvasoy shahrida tug’ilgan. Ko’p yillardan buyon matbuot sohasida xizmat qilib kelgan. She’rlari viloyat va respublika miqyosidagi gazeta-jurnallarda e’lon qilingan. 2002 yili “Yangi asr avlodi” nashriyoti tomonidan “Pok sirlar bulog’i”, 2012 yilda «Daryolarim» nomli she’rlar to’plami chop etilgan. Abdulla Sodiq bir necha yillar “Farg’ona” nashriyoti muharriri lavozimida faoliyat yuritgan.

005

* * *045

Shiorlar o’zgarar, so’zlar qoladi,
Qarashlar eskirar, ko’zlar qoladi,
Qorlar erib bitar, izlar qoladi,
Mening titrog’imdan qolmaydi nishon.

Kun kelar, dunyoga to’lib oqqayman,
Kibor daraxtlarni yulib, oqqayman,
Toshlarning ustidan kulib, oqqayman,
Mening qirg’og’imdan qolmaydi nishon.

Ichimda yuz ochar cheksiz bir samo,
Unga bor ovozim etadirman jo,
Hur rozim ta’mamga qul bo’lmas aslo,
Mening ingrog’imdan qolmaydi nishon.

Yillarning yomg’iri cho’ktirar loyim,
Isyonkor, chars fe’lim tortar muloyim,
Kashfiyotim ichra bo’lurman g’oyib,
Mening tirnog’imdan qolmaydi nishon…

* * *

Mening yo’qotganim naqadar ulkan,
Balkim bu yo’qotish topishdir asli.
Jangga hozirlanar ruhim-hur o’lkam,
Yakun topayotir sukunat fasli.

Sukunat, sukunat, muz qotgan titroq,
Shaffof parda ichra shaffof g’alayon.
Bo’ynim quchoqlasin muattar sirtmoq,
Endi menga ayon sirli jarayon.

Alamdan yorilib, parchalanar ko’k,
Yana fosh bo’ladi ming-ming koinot.
Hey chaqin, kel yaqin, ko’ksim chokin so’k,
Asl yoring-qalbim quchog’ida yot…

Tovlanar egnimda ilohiy sovut,
Qo’limga bog’langan qalqon-kamalak,
Meni bir epkin-la, ilohim, sovut,
Vulqonim to’yguncha uxlashi kerak…

Toki uyg’onguncha yo’qotgan vaqtim
Eng ulkan topmishim bo’lib qolgaydir.
Ungacha qalbimda bolalab chaqin,
Botir askarlarin jangga solgaydir…

* * *

Bunchalar o’zimga bino qo’ydim men,
Bunchalar o’zimni dono sanadim.
Ko’msam, faqat soxta tillo ko’mdim men,
Siniq bardoshimni yana sinadim.

Siniq bardoshimning parchalariga
Qush patiday yengil dardlarim joylab,
Kun o’tkazdim ko’nglim g’unchalariga
Xanjarday tikonlar bitishin poylab.

Ammo ular hanuz mayin, beozor,
Ammo ular hanuz ishonuvchan, g’o’r.
Ro’paramda esa kattakon bozor,
Kattakon bozorning dallollari ko’r.

Mening o’z so’zim yo’q, menga ko’p og’ir
Yo’q osmonda uchmak, yo’q oyni quchmak.
Sandig’im qulf, garchi yo’qdir javohir,
Achchiq savdo ekan yo’q mayni ichmak.

Yo’q, yo’q, hech narsa yo’q afsusdan bo’lak,
Musht tugsam, mushtimni yozvorma, shamol.
Agar shu paytgacha bor bo’lsang, yurak,
Endi sen ham yo’q bo’l, ko’ksimdan yo’qol…

Dallollar ko’r emas, men o’zim ko’rman,
Zarim deb boshimdan sochganim tuproq
Meni ko’mib bo’lgan, ko’zimga to’lgan,
O’zim qaydaligim bilmasman mutloq…

Bunchalar o’zimga bino qo’ydim men,
Bunchalar o’zimni dono sanadim…

* * *

Tongda turib astoydil ko’z yoshlolmasman,
Hayotimni qayta boshdan boshlolmasman,
Xotirjam, tinch hatto osh ham osholmasman,
Taqdir meni quyunlarga solib o’ynar,
Eski-tuski buyumlarga solib o’ynar.

Cho’qqilarning eng uchida undi gulim,
Menga boqib ma’yusgina kuldi gulim,
Kaftimga bosh qo’yolmasdan so’ldi gulim,
Taqdir meni quyunlarga solib o’ynar,
Eski-tuski buyumlarga solib o’ynar.

Na kelar, na ketarimda ma’no yo’qday,
O’zni e’lon etarimda ma’no yo’qday,
Uchsam, ko’kka yetarimda ma’no yo’qday,
Taqdir meni quyunlarga solib o’ynar,
Eski-tuski buyumlarga solib o’ynar.

Og’ir do’ppim meni ezib-yanchadimi,
Naqshlari boshimga tig’ sanchadimi,
Endi uni ko’tarishdan charchadimmi,
Taqdir meni quyunlarga solib o’ynar,
Eski-tuski buyumlarga solib o’ynar.

Olish mushkul yuzimdgi niqobimni,
Allaqachon yo’qotganman hisobimni,
Xo’rsinig’im yutgan nido-xitobimni,
Taqdir meni quyunlarga solib o’ynar,
Eski-tuski buyumlarga solib o’ynar.

Beshigimni tebratgandi qanday shamol,
Eshigimni ochib qo’ygan kim bemalol,
Yoqasidan tutib, kimga beray savol,
Taqdir meni quyunlarga solib o’ynar,
Eski-tuski buyumlarga solib o’ynar.

Halovatim, qayda mening halovatim,
O’chib borar to’lin oyim malohati,
Muqarrarday bola ko’nglim halokati,
Taqdir meni quyunlarga solib o’ynar,
Eski-tuski buyumlarga solib o’ynar.

Qismatim ne, Haq oldida xizmatim ne,
Gar xaridor kelsa nogoh, qiymatim ne,
Oyoq titrar, bo’ynimdagi illatim ne,
Taqdir meni quyunlarga solib o’ynar,
Eski-tuski buyumlarga solib o’ynar.

Ostimdagi tog’orani tesholsaydim,
Qornimdagi nog’orani tesholmsaydim,
O’z arqonim o’z bilgimcha esholsaydim,
Tongda turib astoydil ko’z yoshlolsaydim,
Yasholsaydim, yasholsaydim, yasholsaydim…

* * *

«Ko’ngil» so’zi sig’may qoldi kundaligimga,
Davri o’tgan sozni oxir g’ilofga soldim.
Guvohim yo’q unda yoki bundaligimga,
Jamladim-da, jami yo’qlik ichra yo’qoldim.

Dasturxonga qo’l cho’zmasdan turib to’ydim men,
Sovuq soyam pasaytirar haroratimni.
Yo’lim boshin orqa tomon burib qo’ydim men,
Olqishlayman xaloskorim-halokatimni.

Tutab-burqsib yonmoqlikdan so’nmoqlik afzal,
Osmonimdan tirnog’imdek ko’chsin hilolim.
Qadni bukib ko’karmoqdan sinmoqlik afzal,
Gulbahorning minnatli, talx bo’lsa visoli…

«Ko’ngil» so’zin mayda harf bilan bitmasman,
Gar sig’masa sig’may tursin shundoqligicha.
Alamimga chidolmasdan bukib-yirtmasman-
Sahifalar yopilgaydir mushtoqligicha.

Jamlaganim jami yo’qlik tumanday tarqar,
Qirov erir-avalgidek qorayar qoshim.
Kundaligim uzra ziyo taratib balqar
Mendan qochib omon qolgan ko’nglim-quyoshim…

* * *

Yomg’ir menikimas, qor menikimas,
G’uncha menikimas, xor menikimas,
Hayot ham o’limday mendan yuz burgan,
Bosh suqqanim ko’cha- tor, menikimas.

Nayimga qon toshib o’tar bo’g’zimdan,
Yutinsam, ichimga to’ladi olov.
Hech qachon tonmasman hech bir so’zimdan,
Vijdon solaverar jonimga burov.

Mayda narsadan-da ulkan narsa yo’q,
Behuda urindim-ag’daray dedim.
Jilmay turaverdi ko’zin qilib lo’q,
Oh, qancha yillarning boshini yedim…

Ulardan turfa ta’m og’zimda qolmish,
Chuchugu sho’r, tuzsiz, achchig’u nordon.
Yuzimdan kechagi ziyo yo’qolmish,
Ne uchun hilolga boqdim men nodon…

Yuzimning nurini so’rib oldi u,
Ko’zimning sirini ko’rib oldi u,
Ishonganim-toza quvatlarimni
Barra maysa kabi o’rib oldi u.

Ayblashni bilmayman kimni, nimani,
Shundanmi, tuyular barcha nobakor.
Ummon uzra suzgan har bir kemani
To’xtatib so’rayman: «Menda ne ayb bor?»

Ammo savolimga javob etishmas,
Meni o’zlari-la olib ketishmas,
Befayz, beshukuhmi mening makonim,
Nechun huzurimda qolib ketishmas…

Muz parchasi yog’ar chaqmoqlarimdan,
Tutib, eritmoq-chun qaynoq kaft lozim.
Qa’rimning nurafshon qamoqlarida
Keksayib, hikmatga to’lar ovozim.

Darvoza ochig’u, chiqmoqqa shoshmas,
Arzon ozodlikda g’aribdir mantiq.
Dunyo esa o’sha, shashtidan tushmas,
Dunyo esa o’sha, noraso, tantiq.

Yomg’ir unikidir, qor unikidir,
G’uncha unikidir, xor unikidir,
Hayot ham o’limday uningdir, uning,
Bosh suqqanim ko’cha tor- unikidir.

Boshim sug’uraman men bu ko’chadan,
Bag’rimga bosib qor, yomg’irlarimni,
Tamom o’zga kengliklarga ko’chaman,
Boshqatdan tikaman chodirlarimni…

* * *

Tan olish, olmaslik ixtiyorimmi,
Tashlab yuboraymi, tutaymi mahkam,
Nimadir ul, tortgan e’tiborimni,
Dunyo barchaga bir, men uchun ming kam…

Kaftim chiziqlari qayga eltadi,
Nechun tikanlarni izlar tovonim,
Ko’ksim muzi qachon erib ketadi,
Qachon, axir qachon oqadi jonim…

Ulkan, tosh yong’oqlar sindi boshimda,
Qurtlar bijg’ib yotgan mag’zini ko’rdim.
Qora qushlar uchib keldi qoshimga,
Ulardan oq tonglar daragin so’rdim.

Ko’zim ochilmadi, kirmadi aqlim,
Zarur saboqlarga osmadim quloq.
Ne uchundir hadeb izladim farqim,
Topmadim, topmadim, topmadim biroq…

Osmonim shu osmon, yerim shu yerdir,
So’lsam, oddiygina guldek so’laman.
Kunlarim qiyosi odatiy-yeldir,
To’lsam, nari borsa oydek to’laman.

Rangim turlanadi borliqqa monand,
Ta’na toshin to’sgich qalqonim tayyor.
Shirin tillarga boz yalataman qand,
Qo’limda charmday cho’zilar me’yor…

Goh o’zimdan ruhdek chiqdim sirg’alib,
Afti-angorimga boqdim bir chetdan.
Fosh bo’ldi notavon, g’arib sirlarim,
Hech kim emasligim haqiqat ekan…

Tan olsam, olmasam, borim shu manim,
Birday, tashlasam, yo, o’zimni, tutsam.
To’larmi aqalli mingdan bir kamim,
Hech kim emasligim unutsam…

Yo’q qilsam, yo’qlikni yo’qlikka ishqab,
Kessam, achchiq bilan achchiqni, zotan,
Faqat qon yutgancha ter to’kib, ishlab,
Ulush yulib olish mumkin hayotdan…

Mehnat, mehnat tortar e’tiborimni…

* * *

Menga qolgani shu: kul, xazon, halqob,
Qamchinlari achchiq izg’irinlarning.
Meni bosib qoldi tutganim qalqon,
Tegramda boshlandi bazmi jinlarning…

Tug’ilmoqlik agar mag’lubiyatdir,
Yana kurashmoqdan nedir muddao.
Garchi qalbim to’la ulug’ niyatdir,
Ko’rmasman ularda zarracha ma’no.

Pok gulxanlar yoqmoq bo’lgandim asta,
Barmoqlarim chaqdi chaqmoqtoshlarim.
Hushyorlik daryosin sipqorib, mastman,
Nechun qo’l bermaysiz, ey qardoshlarim…

Men axir osmondan tushganim yo’q-ku,
To’kib qonim, hidlang, tuproq hidi bor.
Axir ko’nglim toza, nazarim to’q-ku,
Ko’zim ayyorona qisilmas zinhor.

Ko’zim ayyorona qismoq istadim,
Buloq kabi toshib ketaverdi yosh.
Ming yil to’kmoq uchun pok yer izladim,
Ming yil pastga boqdim, ko’tarmadim bosh.

O’zimga kirdim men, o’zimdan chiqdim,
O’zimni tikladim, o’zimni yiqdim.
Mohir chevar kabi tikdim o’zimni,
Tikkanim yoqmadi, maydalab qirqdim…

Mening mayda-mayda qiyqimlarimni
Quturgan bo’ron ham uchirolmadi.
Beayov teshdiyu yupun bag’rimni,
Tog’larimni ko’chirolmadi…

Yordam so’ramoqqa endi hojat yo’q,
Yelkamda turibdi, chunki, tog’larim.
Men-chun bundan ortiq baxt-saodat yo’q,
Gulini ichimga to’kar ohlarim…

Boshingizni to’smang qo’rqib, xavfsirab,
Ko’zimdan tommagay bir qatra yoshim.
Pastga qulashiga qo’ymasman sira
Azim tog’larimning bironta toshin…

Menga qolganini o’zim bilaman…

* * *

Qachonlardir shoir edim men,
Tuyg’ularim kuyga solardim.
O’z o’zimga qoyil edim men,
O’z so’zimdan quvvat olardim.

Qachonlardir shoir bo’lgandim,
Mulkim edi go’zal iqtidor.
Noiloj, yashashni o’rgandim,
Ya’ni qo’ldan ketdi ixtiyor…

Oh, ko’nglimdan ketdi navolar,
Men kelgan shu yo’limdan ketdi.
Meni quchgan billur havolar
Ketdi, o’ngu so’limdan ketdi…

Endi faqat million yilda bir
Gullaguvchi noshud daraxtman.
Ne xatoga yo’l qo’ydim axir,
Lolman, giryon, baxtsiz, karaxtman…

Qachonlardir shoir bo’lganim
Eslab qolgan kim bor, nima bor?
Oh, nechun yashashni o’rgandim,
Nega qo’ldan berdim ixtiyor…

Qachonlardir shoir edimmi?..

OPALARIMGA

Sizni ko’rsam yangilanar yaralarim,
Ey, onamdan qolgan aziz yodgoralar.
Bag’ri dilim o’rtar o’tli na’ralarim,
Bolam deya, uyim deya ovvoralar.

Garchi inson barcha ishdan ogoh keldi,
Lek ayriliq boshimizga nogoh keldi,
Hali-hanuz men o’zimga kelolmasman,
Onam qo’msab ko’zlarimning yoshi seldir.

Sizni ko’rsam, xuddi onam qaytgan kabi,
Aldamchi bir tasavvurga chalg’ib ketib,
So’z aytsangiz, xuddi onam aytgan kabi,
Orziqarman, ich-ichimdan qalqib ketib.

Sizlar mening oqqushim, oqqayinlarim,
Qo’li qadoq, tovushlari mayinlarim,
Botib ketgan ul quyoshim yoqib ketgan
Gulxanlarsiz, yuzlari kundayinlarim.

Gulxanimsiz, mehr bo’yli gulshanimsiz,
Mudom g’amin sir tutib, jim kulganimsiz.
Bizning shoir ukamiz bor deya quvnab,
Zimdan menga omad tilab yurganimsiz.

Quvonchingiz quvvatimdir, opajonlar,
Jon ipimga tizganim, ey dur-marjonlar,
Sizdan o’zga kimga dilim ochayin men,
Sizdan o’zga kimdan topay kuch, darmonlar.

Meni kutar uzun, og’ir yo’llarmi yo,
Oqizguchi daryo, ko’mar ko’llarmi yo,
Qodir,yerga kirgizurga, mushtlab boshim,
Osmonlarga ko’targuchi qo’llarmi yo.

Chin yurakdan tilang, Tangrim yo’lim ochsin,
Ochilmagan hali ne-ne gulim ochsin,
Ishqim o’ti boshdan -oyoq yoqsin meni,
Vatan uzra boshdan- oyoq kulim sochsin…

Vatan, mening mangu o’lmas onam o’zing,
Opalarim ko’zidagi olam o’zing,
Ajdodlarim yodi kabi uzilmassan-
Jon ipim-la eshilgan jon tolam o’zing!..

APREL BOG’LARIDA
Hazildan tashqari

Men faqirning omadi ham bir kulsayu,
Nimqorong’u kulbam ichra nur to’lsayu,
Cho’ntagimda jaraq-jaraq pul bo’lsayu,
Bu bog’larni, qancha desa, sotib olsam!..

Birov mening mushugimni «pisht» demasa,
Tirikchilik, yugur-yugur, ish demasa,
Yoz kelmasa, kuz kelmasa, qish kelmasa,
Bu bog’larni ochko’z vaqtdan tortib olsam!..

Sabo-yorim, gullar-ko’rpam, barglar-bolish,
Boshim uzra ishq qushlari qilsa xonish,
Unut bo’lsa nedir hasrat, nedir nolish,
Bu bog’larda aysh-ishratga botib qolsam…

Tinmay to’lib tosharmidi davlatim ham,
Otlar hurkib qocharmidi savlatimdan,
Shunday dovruq toparmidim san’atimdan,
Bu bog’larda yozgan she’rim sotib qolsam!..

Eh, she’r, yana senmi, kayfim buzding nechun?
Seningsiz ham yechilgandi necha tugun,
Ne tong, endi alamimdan chiqmoq uchun
Bu bog’larda achchiq sharob «otib» olsam…

Bog’bon aka, meni koyib bo’g’ilguncha,
Sabr qiling shu bir she’rim o’qilguncha,
Sabr qiling, to gullari to’kilguncha-
Bog’ingizda uch-to’rt kecha yotib qolsam…

044

(Tashriflar: umumiy 513, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring