Alibek Anvariy. Isinib olgan shuur & Muhammadjon Mahmudov Usmon Nosir haqida. Video

Ashampoo_Snap_2016.11.28_15h49m16s_007_.png     Ёш журналист Алибек Анварийнинг кекса навоийшунос  олим Муҳаммаджон Маҳмудовнинг Усмон Носир ҳақидаги хотираларига бағишланган эссеси ўзига хос шаклда қоғозга туширилган ва уни сизга тақдим этар эканмиз, устоз олимга саломатлик, Алибекка эса мана шундай мазмунли битиклар тилаб қоламиз.

ИСИНИБ ОЛГАН ШУУР
ёки Усмон Носир ҳақида сўз
Алибек АНВАРИЙ
008

MM.png   Муҳаммаджон Маҳмудов 1916 йилда туғилган. Филология фанлари номзоди. Унинг Алишер Навоий, Мирий, Шавқий, Хиромий, Вола, Мадюн, Ажзий, Ноқис, Вафоий, Ҳакима, Мутриба, Бектош каби шоир ва шоиралар ҳаёти ва ижоди ҳақида рисола, мақолалари, “Яна Навоийни ўқиб” (навоийшуносликда ёр муаммоси) илмий тадқиқотлари китоб ҳолида чоп этилган (2011). У меҳнат фахрийси, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” ва “Шуҳрат” медали соҳиби

008

— Бир одамнинг уйига борамиз, — деди катта шоир.
— Ким у? — дедим.

— Усмон Носирнинг курсдоши! Самарқандлик Муҳаммаджон Маҳмуд деган олим… новоийшунос. Ёши 98 да!
— Йўғ-е?

— Ҳа, сўрайдиган нарсаларим бор.
— Эртага борармиз… совуқ буйракдан олди, — дедим қунишиб.

— Эртагача ўлиб қолса-чи?!

— Ўлмайди! Оёғимдаги жуда юқа… эрталабдан бери чопҳа-чоп — тик оёқдаман. Қорин ҳам оч… мен бормайман! — дедим “Чилонзор” метро бекатидан “Фарҳод бозори”га етмай, келадиган биринчи муйилишда тортишарканмиз.

Ноябр изғиринидан қорнинг ҳиди гупуради. Катта йўлда ҳар доимгидек пайтавасига қурт тушган мошинлар еляпти. Тошустунларга осиғлиқ чироқлар айланиб-айланиб тушаётган япроқларга паришон боқиб турар, одамлар такси тўхтатиб, тезгина жўнаб кетар, тўрт-беш қадам наридаги қуюқ кўланка томондан қийқириқ кулги ва ҳар икки сўзнинг бирида пойтахтликлар “истеъмол”га киритган сўкиниш эшитилар; уларнинг бармоғига қистирилган митти чўғлар бир-бир сесканарди.

— Юргин, энди. Бугун бормасак бўлмайди. Бовани телфонингга ёзиб оласан, — деди катта шоир юлборгансимон. — Тезда чиқамиз!
— Тиззадан нари ёғи қотиб қолган… ҳам кеч бўлди! Уларни безовта қилмайлик.

— Айтганман. Ўғли — Алишер ака келавер, деди. Сен юрсанг бўлгани.
— Эртага борамиз!

— Уф-ф!

***

Ўзимни оқламоқчи эмасману, лекин чиндан ҳам эрталабки қуёшга алданиб, бўларим бўлган эди. Қолаверса, ҳорғинлик ва қувватсизлик туфайли, айни вақтда ҳеч нарса сиғмасди кўнглимга. Катта шоир эса Усмон Носирни, Адабиётни, кейин… бироз исиниб олишни ўртага қўйди, охири кўндирди!

Шота Руставели кўчаси. Қайсидир кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидамиз. Катта шоир эшик тугмасини босди… Эшик очилди.

— Волейкум. Хуш кепсила… сиз билан тилифонлашди(к) шакил, — деди у, аввал катта шоир билан кўришаркан.

— Шундай… Алишер ака.
— Кирийла! Қани-қани, залга кировуз!

Даҳлиз орқали “зал”га кирдик. Кўзим ичи китоблар билан лиқ тўла катта ойнали жавонга тушди… Бир бобо қўзғалиб, секин ўрнидан турди. Авайлабгина қўл бериб кўришдик. Бобонинг кўзлари қарийб юмилаёзган; бошида тошкентча дўппи, эгнида кўк тўн. Муштдеккина жуссаси, қўлларидаги сезилар-сезилмас титроқ, овозидаги кексаларга хос маҳзун шира умумлашиб, киши кўз ўнгида ажиб қиёфа касб этадики, бу қиёфага болаларга қарагандек эҳтиёткор разм ташлайсиз… Ў дунёи бевафо! Бир пайтлар бу шафақланган кўзлар не-не расида сулувлар қалбига ўт қўймаган экан; бу мунғайган қомат ким қанча тушларнинг оёғини осмондан қилмаган, дейсиз? Воҳ, бешафқат йиллар!..

“Газетчилар биноси”нинг ертўласида бир қовоқхона бор. Борганлар билади. Шипга қотирилган бургут осилган! Ана ўша ерда ўзингизни ўтган асрнинг 80-йилларидами-е, ҳис этасиз: жиҳозлари, идиш-товоқлари, ҳатто рутубати ҳам ўтган асрга тааллуқли. Шу он Муҳаммаджон бобо ҳам нечукдир тарихнинг бир вакили ўлароқ бизга пешвоз чиққандек туюларди.

“Омин” ва ўзбекона ҳол сўрашдан сўнг, катта шоир муддаонинг учини чиқарди. Усмон Носир ҳақида уч томлик роман ёзмоқчи эканини, Нодира Рашидова тавсиясига кўра, бобонинг суҳбатини олиш учун бу ерга келганини, бобонинг улуғ шоир билан боғлиқ хотираларидан баҳраманд бўлиш нияти борлиги баён этди.

Бобо обдан саволга тутар, афтидан, муродимизнинг жиддий ёки жиддий эмаслигини синарди. Бизнинг Усмон Носир ҳақидаги муқаддам маълумотларимизни гап оралатиб текширарди. Пастдарғомдаги қайсидир мактаб; бир пайтлар Чархинда ишлагани, яна Камсомол калхозидаги қандайдир Эшонқул бобо ҳақида узуқ-юлуқ хотираларини бўлишарди-ю, ҳали-бери Усмон Носир ҳақида сўз очадиганга ўхшамасди. Катта шоир эса диққинафас бўлаётганини сездирмасликка тиришар, бобога мажҳул ҳикоядан ҳикояга ўтиш чоғида “Усмон Носир”ни эслатар, ўзининг ҳам шоир эканини, Усмон Носирга бағишлаб достон ёзганини, шу кунга қадар “роман” учун тўплаган материалларининг пичоққа илинарли жиҳатларини бир-бир санаб ўтар эди.

— Ҳа!.. — деди бобо тақдирга тан бергандек. — Ётоқда бирга эдик. Ётоғимиз Номозгоҳда эди. Номозгоҳни биласизми қатталигини? Университет “Булвар”да, а, арқа тарафида битта ётоғи бор, бешинчи курслар шу ерга келарди. А, бешинчи курсгачалари бу ичкарига киради-да, кичкинагина тор кўчача йўл билан кириб боради-да, янги бир кўчага чиқади. Йўлнинг нариги бетида ётоқлар бор. Кейинги вақтларда у ер ётоқ бўлмади-да, ваенний кафедра бўлди.

Бобонинг овозида андак тутилиш бўлса-да, форсча гўзал талаффузда босиқлик билан сўзларди.

— Бўлди-бўлди, биламан ваенний кафедрани, — тасдиқлади катта шоир. — Бир этажлик.
— Икки этажлик, — деди бобо.

— Бирми-иккими, калтагина бино.
— Ҳа, паст қурилган! Ўша ерда ётганмиз, ётоғимиз ўша ер эди. Усмон ҳам ўша ерда эди. Ҳм, сиз сёмкани кўрган эдизми?

— Ҳа-ҳа, кўрганман, сёмкани кўрганман, — деди катта шоир.
— Ҳалиги… билан бирга борган эдик…

— Нодира (Рашидова — А. А.) опами?
— Э, йўқ, анаву нима… ўша бўлса керак, ҳа, ҳозир борми-йўқми, телестудияда, нималарни… тарихий ёдгорликларни суратга олган киши ким, ҳалиги… шоир уям.

— Хуршид Давронми?
— Й-йўқ. Шошманг, ким эди Алишер, ҳалиги кеган киши? Қари… касал бўлиб ётибди, деб эшитувдим, ҳозир борми-йўқми…

— Анақа… Аҳмад… ҳалиги, — бош қотирди Алишер ака.
— Э, ҳа! Аҳмад Аъзам! — деди бобо.

— Ҳа, устоз бўлади, — деди катта шоир, — худо раҳматли ўтган йили оламдан ўтди.
— Э-э, худо раҳмат қилсин! У киши сёмка қилди, бир эмас, икки марта сёмка қилди. Усмон Носир ҳақида ўша ерда анча гапирувдим…

Бобо қайсидир журналда чоп этилган “Шаҳиднома” номли мақоласи (Чор империясининг Жиззахни босиб олгани даҳшатлари ҳақида каттақўрғонлик шоир Искандар Мадюн “Шаҳиднома” деган шеър битган экан. Бобо мақоласи учун Мадюн шеъри тарихий дастак бўлганини таъкидлади — А. А.) шарҳига берилиб, “асосий мавзу”дан яна чекинди. Катта шоир хижолат бўлиб, “асосий мавзу”ни эслатди.

— Хўп, ана энди ман 34-35-ўқув йилида ўқишга кирдим тил-адабиёт факултетига, — деди бобо фикрини пешлаб. Бир сергак тортдим: “34-35-ўқув йили!”… Мен каби борингки, “2015-2016 ўқув йили” қулоғига ўрнашган илми толиблар учун ушбу рақамлар томдан тараша тушгандек ғалати туюлиши табиий эди, албатта. — Ўша пайтда университет Акмал Икромов номидаги Ўзбекистон, Самарқандмас, Ўзбекистон давлат университети ҳисобланарди, — давом этди бобо. — Фақат Ўзбекистондан келган талабаларни қабул қиларди. А… Тошканда, СаГУда Ўрта Осиёдан келган талабаларни қабул қиларди. Усмон учинчи курсни битириб, учинчи ва тўртинчи курснинг имтиҳонларини ҳам бирваракайига топшириб, бешинчи курсга ўтди. Бу ҳам унинг катта талантли эканлиги… бу айрим ўқитувчиларда норозилик туғдирди. Бир тилшунос домламиз бор эди, профессор ҳм… Ғози Олим Юнусов, деган. Асли келиб чиқиши татарлардан, ўша ёқтирмади Усмонни. Усмон жуда кўп нарсаларни билар эди, унақа домлаларни назар-писанд қилмас эди. Назар-писанд қилмасди эмас, унақа хушомад қилмас эди уларга. Жуда кучли хотираси бор эди Усмон Носирнинг.

Бобо тимсол тариқасида ўша машҳур “Демон” достонининг таҳририятда ўғирланиши ва буюк шоирнинг бутун бошли достонни ёддан тиклаб берганини келтирди.

— Усмон ўзи илгариям достонлар ёзган, ҳм, лекин 33-йилгача бўлган достонлари унинг катта босқичга кўтарилганини кўрсатмайди. Лекин 33-йилнинг ёзида, хўш, демак, иккинчи курсдан учинчи курсга ўтган пайти, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси… Арманистонга ижодий камандировкага боради. Ана ўшанда у “Нахшон” деган поэмани ёзиб келади. Уни Кавказ ҳақидаги шеърлари ҳам бор “Юрак” тўпламида. Сизда “Юрак” тўплами борми?

— Ҳа-ҳа, бор. Менда “Юрак” бор, — деди катта шоир.

— Энди ўша “Нахшон” достонини ҳм… ўша “Евгений Онегин” ва Лермонтовнинг поэмалари таъсирида мен ҳам шундай умрбоқий достонлар ёзишга қодирман, деган фикр билан ёзди-да. Энди, ҳали гапирган гапим нима эди, ҳа, у баъзи нималарга… домлаларга ёқмади; ўзини курсини баланд тутар эди Ғози Олим Юнусов, тўғри истеъдодли одам эди, у вақтда доктор эмас эди, ҳм… профессор эди. Шу 27-йилда Самарқандда ўша икки йиллик ўқитувчилар институти ташкил бўлган пайтда… шу Фитрат домла адабиёт кафедрасининг мудири бўлди-да, ҳм… ўшанда Ғози Олимга, Фитратга, кейин Ўзбекистон тарихчиси эди, тарихшунослигининг асосчиси ўша ҳм…

— Пўлат Солиев деган киши, астрахонлик татар киши (1908 йилда келган, кейин Қўқонда ўқитувчилик қилиб юриб, ўша ерда газета редакциясида ишлайди. Бу газета кейинчалик Қўқон мухториятининг органи бўлади) бизда тарих кафедрасининг мудири эди — буларнинг ҳаммаси отилиб кетди 37-38-йилларда, тушундингизми? Ғози Олим, Фитрат, Пўлат Солиев, ҳа, кейин Абдураҳмон Саъдий дарс берган 27-йилда. Тўртовларига профессор унвони берилган. Шуларнинг ичида Ғози Олим Усмоннинг ҳалиги… фанидан имтиҳон топширмай, курсдан курсга ўтиб кетгани дилини хижил қилди. Энди… 34-йил СССР Ёзувчилар саюзи раиси Максим Горкий бўлди-да, Ўзбекистонда Раҳмат Мажидий бўлди. Манинг каттақўрғонлик шоир Мирий ижоди бўйича кандидатлик ишимда Мажидий домла илмий раҳбар бўлди. Булар ҳам қамалиб кетди. Биласиз, 37-йилда миллатнинг гултожлари қатл этилган. Хрушёвнинг ҳам даклади бор, биласизми: Сталин, дейди, бошни олиб кел, дейди. “Бош”ни биласизми, ҳалиги… энг ақлли одамлар. Ана энди, Москвада СССР Ёзувчилар саюзининг биринчи қурилтойи бўлади. Ўшанда Ўзбекистондан Раҳмат Мажидий бошчилигида Ойбек домла, Усмон Носир борган. Энди… у сезддан қайтиб келганида даклад қилди сезд таассуротларини. Университетнинг катта залини кўрганмисиз, иккинчи қаватда, ҳа, ана ўша ерда Усмон маъруза қилди. Бешинчи курсга ўтган, ҳали айтдим-ку. Ўшанда бўлган воқеа қизиқ… нима воқеа бўлди, денг, Усмонга савол тушди. “Талант туғмами, ёки туғма эмасми, яъни меҳнат орқали ҳосил бўладими?”, деган савол тушди. Энди ўша пайтда ҳамма нарса эскиликка қарши эди: ҳалиги диний ақидалар, анъаналарни ҳеч ёқтиришмас эди-да, фақат шу шўро мафкураси ҳукмрон бўлиши керак. Мозорларни бузишган ўша вақтларда. Шунақа замон эди. Ҳа, 34-йилда партияни тозалаш йили бўлди — “Чистка”. Чунки, 24-йил Ленин ўлган йили жуда кўп кишиларни қабул қилишган эди: савдогарлар ҳам, бойлар ҳам, руҳонийлар ҳам ҳаммаси кирган эди партияга. Хўп, энди ҳалиги ерда савол тушади “Туғмами талант, ёки меҳнат орқали ҳосил бўладими?”. Энди комунистик нуқтаи назардан “туғма” деган нарса бўлмаслиги керак. Ҳамма нарса меҳнатнинг натижасида ҳосил бўлади, “туғма”, деса, бу Оллоҳга боғлиқ бўлиб қолади, тушуняпсизми? Ҳм. Шунда Усмон “Талант — туғма бўлади”, — деб жавоб берди. Прездиумда раҳматли Саидолим Шарафиддинов деган тарихчи домла бор эди, Шокир Сулаймон деган христоматия чиқарган домла ўтирибди, Ғози Олим ҳам ўтирибди ва бошқалар ҳам. Мажлисдан кейин Ғози Олим келиб, Усмонга: Сан нотўғри жавоб бердинг, талант туғма бўлмайди, талант меҳнат билан юзага келади, деди. Мана шу ерда мунозара бошланди. Биз ўша ерда ўтирибмиз. Улар гаплашаётган пайтда ман гувоҳ эдим. Усмон: Манга ишонмасангиз, мана, Белинский, Чернишенский Добролюбовларнинг асарларини ўқинг, улар талантни туғма бўлади, деб айтади, деди домлага. Нотўғри у гаплар, деди домла қизишиб. У киши жуда ўзига бино қўйган одам эди, лекин билимдон эди, диалектология бўйича, эсимда бор, “Ўзбек шеваларининг таснифи”, деган китоби чиққан эди… Хўп, ана кейин мунозара нима билан тугади, денг… узоқ давом этди, ҳеч бўш келмади У-Усмон. Охирида айтдики: Э, домла, деди, Сиз — тилшуноссиз, деди, сиз, деди, ўз соҳангизни янада чуқурроқ ўрганиб, шу, тил билан шуғуллансангиз, деди, ҳозирги замонда талаб кучли-ку, деди. Энди бу ерда қўпол қилиб айтганда, ўзинг тилшунос бўла туриб, адабиётшуносликка бурнингни тиқяпсан, деган гапга опкелди-да, Усмон. Бу гап ботиб кетди… нимага, ҳа, Ғози Олимга. Кейин, алами келиб, ҳм… нимага ариза ёзди, камсомол ташкилотининг секретари… ургутлик йигит, ҳозир оти эсимдан чиқди, ўшанга ариза ёзди. У: Усмон мани таҳқирлади, унга чора кўриш керак. Уни камсомолдан ўчириб, университет студентлари сафидан ҳам ҳайдаш керак, деб ариза ёзди. Кейин мажлис бўлди. Бизнинг факултетимиз манастрнинг ёнидан кириб борарди, ўша ерда облсуд бўларди — Энглиз кўчасида. Факултетнинг иккинчи қаватида кутубхона бўларди, ана ўша ерда камсомол мажлиси бўлди. Ҳамма йиғилган, нимага чора кўриш керак… У-Усмон Носирга, профессорни таҳқирлагани, камситгани, ҳм… учун! Узун стол бор эди икки томонли. Ман рўпарасида ўтирувдим, профессорни рўпарасида. Шулар ҳақида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да катта мақолам чиққан кўрганмисиз, “Усмонни эслаб” деган?

— Нечанчи йилда чиққан, бобо? — дедим.

— 95-йилдамиди, шундай.

— Падшифкадан товволамиз, — деди катта шоир.

— Ана ўшанда шу гаплар бор, — деди бобо. — Бу воқеа, ҳм… Наим Каримов иккита китоб ёзди, у кўрмаган бу воқеаларни, бировлар нима деса шуни маҳкам ушлаб олиб ёзган. Усмон қизларга жуда ўч эди, қизларнинг номусига тегарди, ким унга ҳуқуқ берди, деб ёзибди. Кейин ман ўша мақолада ёздим. У, ўша… қамалган пайтда — йигирма беш ёшда, бўйдоқ йигит эди. А… йигит бўлгандан кейин, ўзига муносиб қиз қидирган, энди мана битиряпман университетни, деган маънода. Бировларнинг гапига кўра Наим Каримов шундай нотўғри хулосалар чиқарган…

Усмонни “Рим ва Нил” деган шеъри бор эди. Қамалишига шу сабаб бўлди.

Лампам ёнур… яраланган қанотдай оғир,
Ўй босади. Юрагимда гўё сел ёғир…

Тўғрими! — деди бобо.

 Даҳшат! Бу форсча овоз мисралар ила гўё ўтолди. Назаримда, шеър ёнгинамда одамдай ўлтирибди… Қандай ўктам ифода! Қандай бардам нафас билан шеър ўқияпти бобо! Ғафур Ғулом шиддатидан Шукур Қурбон мавжигача кўзга кўринган шоирларнинг шеър ўқиганини эшитганману, лекин бобонинг… агар Усмон Носир ўқиса ҳам, худди ҳозиригидек ажиб карахтликка тушадигандек ҳис этдим ўзимни…

— Ҳм-ҳм, — тасдиқлади катта шоир.
— Ана ўшанда бир жойи бор “қуллар” деган:

Қуллар… (Менман у қулларнинг ўлмас авлоди,
Мана менман, у қулларнинг ҳеч сўнмас ёди,
Озодлигим обидасин қурган инсонман!
Ўша жонман, ўша қонман ва ўша шонман!!!

Ё, тавба! Шеър бор вужудга бирданига минглаб майин игна санчмоқда!

— 37-йилда унинг қамалишига шу сўзлар сабаб бўлган, — деди бобо. — “Бизнинг шўролар даврида “Қулман”, деяпти”, деб “айбдор” қилишди. Энди… мани сўзларим гоҳ олдинга, гоҳ арқага кетяпти… Ана энди ҳалиги камсомол йиғилишида: шунақа гапларни гапирибсиз, деди, домланинг иззат-нафсига қаттиқ тегибсиз, деди, домламиз сизни камсомолдан чиқариш масаласини қўйяптилар, деди камитет секретари. Шундан кейин овозга қўйди. Факултетда тил группалари ва адабиёт группалари бўларди, иккига бўлинарди. Тил группасидан қатнашганлар кўпчилик эди. Усмонни камсомолдан ўчириш ва студентлар сафидан ҳайдашни ректоратдан сўраш ҳақида қарор қабул қилишди. Ҳа, ундан олдин охирги сўзни Усмонга беришди. Усмон шундай бир нутқ сўзладики, гапирдики, тош бўлса, эриб кетар эди. Энди мазмуни шуки: Домла, деди, ман, деди, отам вафот этгандан кейин кўчада қолиб кетдим тарбиясиз бўлиб. Мани, деди, ўқитувчилар кўчадан ушлаб олиб, деддомда ўқитдилар, деди. Улар манга ўқитувчигина эмас, ота мақомида ғамхўрлик қилди, деди. Мана, деддомни битирдим. Кейин, университетга келдим. Ман уларнинг ғамхўрлигини бир умр унутмайман. Сизниям (Ғози Олим Юнусовни — А. А.) домла, фақат домлам эмас, отам мақомида кўраман. Агар фарзанд хато қилган бўлса, унга шу қадар қаттиққўллик қилишингиз керакми?! Ман қаттиқ гапирган бўлсам, энди ёшликда оғир шароитда ўсганман, асабларим бузилган, қаттиқ гапирган бўлсам, сиз мани кечиринг, домла, деди. Сиздан ўғил сифатидаям илтимос қилиб сўрайман, ўғлингизнинг хатосини кечиринг, деди. Ғози Олим бошини силкитди. Мундай-мундай қилди. “Йўқ, кечирмайман”, дегандай қилди. Кейин овозга қўйди. Овозга қўйишини кўриши билан Усмон ўрнидан туриб кетди. Кўрдики, кўпчилик овоз беради. Шундай чиқди-да, сўкди, домлани: Ҳе, домлангни фалонини фалон қилай, деб эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетди. Кейин адабиётчилар: Амин Умарий, Иброҳим Назир, Адҳам Ҳамдам, мани кусдошларим бор эди Насрулло Даврон бошқа-бошқалар, ман — ҳаммамиз чиқиб кетдик…

— Усмон Носирнинг энг яқин дўстларидан бири, деб эшитганман, Насрулло Давронни, — деди катта шоир.

— Насрулло Даврон, Ўткир Рашид, ман — курсдошмиз. У Усмон билан Қўқондалигидаёқ яқин бўлган. Насрулло Даврон асли қўқонлик. Унинг отаси зўр фотограф бўлган. Биринчи фотографларидан Қўқоннинг. Ҳалиги отасининг гапи бор: Кўчадан, дейди, Муқимий домла ўтиб кетаётгандилар, ман дарров югуриб чиқдим. Домла, бир суратингизни олиб қўяй, эсдалик бўлади, деганимда, Муқимий: Ман, яқинда сариқ касалидан турдим, сал ўзимга келай, кейин келаман, деган экан-да. Кейин, лекин бўлмаган. Шу воқеани Насрулло Даврон айтарди. Насруллоям деддомда ўқиган, ўшандан булар бир-бирини яхши танийдилар, тушундингизми?

— Ҳа. Ётоқхонада қанча вақт бирга бўлгансизлар?

— Буниям айтаман. Энди биз 34-35-ўқув йилида бирга пахтада ҳам бўлганмиз. Усмон сил касали эди, лекин қўли очиқ эди. Шу пахтада бўлганимизда, эсимдан чиқмайди, баъзан жа чарчаб келганимизда шу нимага айтарди… Насруллога: Насрулло, чарчаб келдик, азгина дам олайлик, манави пулни олинг, магазинга кириб, ул-бул опчиқинг, деб пул берарди. Энди у закуска оларди, кейин яримта арақ ҳам оларди. Буям бир воқеа. Усмон жуда саховатли эди, бағри кенг эди. Энди шу, унда улуғ шоирларга хос барча хусусиятлар бор эди, десам муболаға бўлмайди.

Кейин, Усмон қарорни ректоратга юборилганини кутиб ўтирмади. Ректоримиз жуда истеъдодли одам эди Карим Абдуллаев, деган, туркистонлик эди… Шунга юборишди студентлар сафидан чиқаришни. Усмон бешинчи курсда-ку, энди! Ректор то ГОС эгзаменгача студентлар сафидан чиқаришга буйруқ бермади, Усмон ГОСга келса битиради, деган маънода. Усмон ГОС эгзаменга ҳам келмади. Тилдан имтиҳон бўладиган бўлса, Ғози Олим Юнусов барибир мани йиқитади, деб ўйлади. Кейин, ГОСга келмагани учун студентлар сафидан чиқариш учун буйруқ берилди.

Сўнгра, Усмон аввал, Қўқонга боради, онаси, қариндошлари билан хайрлашиб, Тошканга келади, ана ўша ерда ижод қилиб, машҳур бўлиб кетади, бутун республикага, тушундизми?

Биз учинчи курсни битиргандан кейин, ман Ўткир Рашид, Насрулло Даврон Усмонни кўриш учун бордик уйига, кейин билсак, у дўрмонда — ёзувчиларнинг ижод боғида экан. Бордик. Уйига кирсак, ҳеч ким йўқ. Бир одамдан “қаерда”, деб сўрасак, у боғни четида ўтирибди Чўлпон билан сўҳбатлашиб, деди. Борсак, Чўлпон билан, манимча, шу икковидан қайси бири, ё Пушкиннинг “Боқчасарой фонтани”, ё Лермонтовнинг “Демон”ини муҳокама қилиб ўтирган эканлар. Энди, Чўлпон — зўр таржимон-ку! Салом-алик қилиб кўришдик. Усмон бизни таништирди, бирга ўқиганмиз университетда, деди. Чўлпон биздан ҳол-аҳвол сўради, ўқишларимизни сўради, у ёқ-бу ёқдан: қандай курсларни ўқиганимиз, кимлар дарс берганлиги… шу ҳар томондан сўҳбатлашиб ўтирди. Кейин, айтдики Усмонга: Усмонжон, деди, сиз, деди, таржима асар яратмабсиз, сиз оригинал асар яратибсиз, деди. Буни юксак даражада ҳам таржима асари, ҳам ўзингизнинг асарингиз деса бўлади, деди, тушундингизми? Ўзингизнинг оригинал асарингиз деса, бўлади, деди-да, энди манга рухсат беринг, сизлар суҳбатлашиб ўтиринглар, деб хайрлашиб, кетди. Усмон бизлар билан гаплаша туриб, эсига бир гап тушиб кетди-да, ўрнидан туриб: Александр Сергеевич, деди Чўлпонга. Ман, деди, чойхонага ош буюрганман, деди, соат бирларга, кечикмасдан келинг, деди. А… Чўлпон табассум қилиб: Хўп бўлади, Михаил Юревич, деди. Буям ҳозиржавобликда! Кейин, анча вақт сўҳбатлашиб ўтирдик. Бу Усмон билан сўнгги учрашувимиз эди. Бу ҳақда қайсидир йили “Адабиёт” газетасида “Сўнгги хайрлашув” деган мақолам чиққан. Буни ҳалиги… Отабой (Аҳмад Отабоев — А. А.) деган йигит яхши билади.

Ўша… ётоқда ётганимизда қизиқ воқеалар бўлган. Ҳм… Телмон (Эрнст Тельман. ХДК изоҳи) деган киши — Германия коммунистлар партияси раҳбари қамоққа тушди. Бутун СССР бўйича норозилик эълон қилинди-да, шу ишга. Ўзбек шоирларидан ҳам шеърлар ёзишди. “Телмон қамоқда” деган шеър чиқди. Вилоят драма театридан бир актёр келиб, шу шеърни ёддан ўқиб берди активзалимизда. Шунда Усмон Носир, Амин Умарий, Адҳам Ҳамдан, Иброҳим Назир — биринчи қаторда ўтирувди. Ман иккинчи қаторда ўтирувдим. Аввалроқ, ўша шеърни манга Адҳам Ҳамдам ўқитган эди, сиз шеърни яхши ўқир экансиз, деб. Ман “Телмон қамоқда” шеърини ярим бадиий, ярим ифодали қилиб ўқидим. Кейин, у бориб Усмонга айтибди… Артист саҳнада шу шеърни ўқиганда Усмон манга қаради. “Қандай ўқияпти, сан яхши кўрган шеърни”, деган маънода табассум қилди. Ман ҳам табассум қилган бўлдим… Ман ҳам битта-яримта шеър ёзардим. Ўша вақтда вилоят газеталарида чиққан. Ана ўша шеърларни Усмон ҳам ўқиган экан. Кейин ман билан яқин бўлиб қолди. Сан яхши шеърлар ёзар экансан, лекин камчиликлари ҳам бор. Камчиликларини бундан кейин олиб келсанг, ман тузатиб бераман, деди. Кейин, шеър ёзсам, аввал Усмонга кўрсатадиган бўлдим… ётоқда уёқ-буёқдан сўҳбатлашар эдик Усмон билан. Энди сўҳбатларнинг темаси ҳар хил бўларди. У Навоийдан ҳам билар эди. Атоий, Лутфий, Фузулийдан ҳам кўп нарсаларни ёд билар эди. Мани адабиёт тарихига қизиқишимни билиб, кўп нарсаларни гапириб берарди.

Кўпроқ Навоийдан шеърлар ўқирди. Усмоннинг машҳур “Юрак” шеърида:

Юрак, сенсан менинг созим,
Тилимни найга жўр этдинг.
Кўзимга ойни беркитдинг,
Юрак, сенсан ишқибозим,

— Эсингизга келяптими? Ҳа, охирида айтади:

Итоат эт!
Агар сендан
Ватан рози эмас бўлса,
Ёрил, чақмоққа айлан сен,
Ёрил! Майли тамом ўлсам!..

— Эсингизда борми? Ҳа, охири шу. Энди мана шу ерда “эмас бўлса”, деган иборага эътибор қилинг. Бунақа ибора фақат шеъриятда бўлади. “Эмас бўлса”ни классик шеъриятимизда, айниқса Навоий ижодидагина учратиш мумкин…

Бобо бироз чарчаганини айтди. Бобонинг дуосини олиб, хўшлашдик. Бобо менга қўлини узатди. Бу кафтнинг бир вақтлар Усмон Носирнинг кифтидан тутгани, Чўлпоннинг кафтини сиққани хаёлимдан кетмасди…

***

Яшаб турган муҳитимизни унутаёзиб, тушунтириб бўлмас кўтаринкилик оғушида кўчага чиқдик. Лекин шууримнинг тубида бир истиҳола чўғланар эди: бобонинг хотираси, сийрати, теран тафаккури қаршисида бугунги баркамол авлоднинг битта вакили сифатида мўртлигимдан уялдим.

Ҳужрага қайтдик. Хонада акамиз Беҳзод Бийболаев ўзбекнинг пешонасига битилган иккинчи Усмоннинг шеърларини ўқиб ўтирган экан. Энди у бизни саволга тутди. Таассуротларни кўпириб-тошиб ўртоқлашдик…

Ўшандан бери катта шоирни кўрганим йўқ. Бир сабаб боис, қўл ювилиб, қўлтиққа урилди! Аудиоёзув ҳам менда қолди. У “роман” ёздими-йўқми, менга қоронғи, бу воқеа адабиёт учун янгилик ҳам эмас: “Адабиёт” газетасида ушбу воқеликнинг тўкис муқобили чоп этилган! Шундай бўлса ҳам, қачондир бу аудиоёзувни оққа кўчириб, қаердадир эълон қилишни дилга тугган эдим. Шукрки, насиб этди. Гарчи у кичик воқеалардан иборат эса-да, буюк шоиримизнинг жиловланмаган руҳияти ҳақида тасаввур уйғотади, деб ўйлаймиз.

Энди шерикни нега “катта шоир” дейишим ҳақида икки оғиз изоҳ: мен билган, ёши мендан бирор мучал катта қаламкашларнинг деярли ҳаммаси сархушликда ўзини “мен катта шоирман” дея эълон қилган. Тавба!

Нима бўлганда ҳам катта шоирга раҳмат, агар у исиниб олишни ўртага қўймаганда, улуғ навоийшунос олим Муҳаммаджон бобо Маҳмуд билан учрашмас эдим. Дарвоқе, бобо бу йил табаррук юз ёшни қаршиладилар. Усмон Носир эса назаримизда мудом навқирон.

Эссе муаллифи:
Алибек Анварий  1994 йил Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида туғилган. Ўзбекистон миллий университети талабаси.

Манба: Алибек Анварийнинг фейсбукдаги саҳифаси
Видеосуҳбатни тайёрлашда BBC Ўзбек хизмати материалларидан фойдаланилди

       Yosh jurnalist Alibek Anvariyning keksa navoiyshunos  olim Muhammadjon Mahmudovning Usmon Nosir haqidagi xotiralariga bag’ishlangan essesi o’ziga xos shaklda qog’ozga tushirilgan va uni sizga taqdim etar ekanmiz, ustoz olimga salomatlik,  Alibekka esa mana shunday mazmunli bitiklar tilab qolamiz.

ISINIB OLGAN SHUUR
yoki Usmon Nosir haqida so‘z
Alibek Anvariy
09

   Muhammadjon Mahmudov 1916 yilda tug‘ilgan. Filologiya fanlari nomzodi. Uning Alisher Navoiy, Miriy, Shavqiy, Xiromiy, Vola, Madyun, Ajziy, Noqis, Vafoiy, Hakima, Mutriba, Bektosh kabi shoir va shoiralar hayoti va ijodi haqida risola, maqolalari, “Yana Navoiyni o‘qib” (navoiyshunoslikda yor muammosi) ilmiy tadqiqotlari kitob holida chop etilgan (2011). U mehnat faxriysi, “O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan xalq ta’limi xodimi” va “Shuhrat” medali sohibi

09

usmonnosir.jpg— Bir odamning uyiga boramiz, — dedi katta shoir.
— Kim u? — dedim.

— Usmon Nosirning kursdoshi! Samarqandlik Muhammadjon Mahmud degan olim… novoiyshunos. Yoshi 98 da!
— Yo‘g‘-ye?

— Ha, so‘raydigan narsalarim bor.
— Ertaga borarmiz… sovuq buyrakdan oldi, — dedim qunishib.
— Ertagacha o‘lib qolsa-chi?!

— O‘lmaydi! Oyog‘imdagi juda yuqa… ertalabdan beri chophachop — tik oyoqdaman. Qorin ham och… men bormayman! — dedim “Chilonzor” metro bekatidan “Farhod bozori”ga yetmay, keladigan birinchi muyilishda tortisharkanmiz.

Noyabr izg‘irinidan qorning hidi gupuradi. Katta yo‘lda har doimgidek paytavasiga qurt tushgan moshinlar yelyapti. Toshustunlarga osig‘liq chiroqlar aylanib-aylanib tushayotgan yaproqlarga parishon boqib turar, odamlar taksi to‘xtatib, tezgina jo‘nab ketar, to‘rt-besh qadam naridagi quyuq ko‘lanka tomondan qiyqiriq kulgi va har ikki so‘zning birida poytaxtliklar “iste’mol”ga kiritgan so‘kinish eshitilar; ularning barmog‘iga qistirilgan mitti cho‘g‘lar bir-bir seskanardi.

— Yurgin, endi. Bugun bormasak bo‘lmaydi. Bovani telfoningga yozib olasan, — dedi katta shoir yulborgansimon. — Tezda chiqamiz!
— Tizzadan nari yog‘i qotib qolgan… ham kech bo‘ldi! Ularni bezovta qilmaylik.

— Aytganman. O‘g‘li — Alisher aka kelaver, dedi. Sen yursang bo‘lgani.
— Ertaga boramiz!
— Uf-f!

***

O‘zimni oqlamoqchi emasmanu, lekin chindan ham ertalabki quyoshga aldanib, bo‘larim bo‘lgan edi. Qolaversa, horg‘inlik va quvvatsizlik tufayli, ayni vaqtda hech narsa sig‘masdi ko‘nglimga. Katta shoir esa Usmon Nosirni, Adabiyotni, keyin… biroz isinib olishni o‘rtaga qo‘ydi, oxiri ko‘ndirdi!

Shota Rustaveli ko‘chasi. Qaysidir ko‘p qavatli uyning birinchi qavatidamiz. Katta shoir eshik tugmasini bosdi… Eshik ochildi.

— Voleykum. Xush kepsila… siz bilan tilifonlashdi(k) shakil, — dedi u, avval katta shoir bilan ko‘risharkan.

— Shunday… Alisher aka.
— Kiriyla! Qani-qani, zalga kirovuz!

Dahliz orqali “zal”ga kirdik. Ko‘zim ichi kitoblar bilan liq to‘la katta oynali javonga tushdi… Bir bobo qo‘zg‘alib, sekin o‘rnidan turdi. Avaylabgina qo‘l berib ko‘rishdik. Boboning ko‘zlari qariyb yumilayozgan; boshida toshkentcha do‘ppi, egnida ko‘k to‘n. Mushtdekkina jussasi, qo‘llaridagi sezilar-sezilmas titroq, ovozidagi keksalarga xos mahzun shira umumlashib, kishi ko‘z o‘ngida ajib qiyofa kasb etadiki, bu qiyofaga bolalarga qaragandek ehtiyotkor razm tashlaysiz… O‘ dunyoi bevafo! Bir paytlar bu shafaqlangan ko‘zlar ne-ne rasida suluvlar qalbiga o‘t qo‘ymagan ekan; bu mung‘aygan qomat kim qancha tushlarning oyog‘ini osmondan qilmagan, deysiz? Voh, beshafqat yillar!..

“Gazetchilar binosi”ning yerto‘lasida bir qovoqxona bor. Borganlar biladi. Shipga qotirilgan burgut osilgan! Ana o‘sha yerda o‘zingizni o‘tgan asrning 80-yillaridami-ye, his etasiz: jihozlari, idish-tovoqlari, hatto rutubati ham o‘tgan asrga taalluqli. Shu on Muhammadjon bobo ham nechukdir tarixning bir vakili o‘laroq bizga peshvoz chiqqandek tuyulardi.

“Omin” va o‘zbekona hol so‘rashdan so‘ng, katta shoir muddaoning uchini chiqardi. Usmon Nosir haqida uch tomlik roman yozmoqchi ekanini, Nodira Rashidova tavsiyasiga ko‘ra, boboning suhbatini olish uchun bu yerga kelganini, boboning ulug‘ shoir bilan bog‘liq xotiralaridan bahramand bo‘lish niyati borligi bayon etdi.

Bobo obdan savolga tutar, aftidan, murodimizning jiddiy yoki jiddiy emasligini sinardi. Bizning Usmon Nosir haqidagi muqaddam ma’lumotlarimizni gap oralatib tekshirardi. Pastdarg‘omdagi qaysidir maktab; bir paytlar Charxinda ishlagani, yana Kamsomol kalxozidagi qandaydir Eshonqul bobo haqida uzuq-yuluq xotiralarini bo‘lishardi-yu, hali-beri Usmon Nosir haqida so‘z ochadiganga o‘xshamasdi. Katta shoir esa diqqinafas bo‘layotganini sezdirmaslikka tirishar, boboga majhul hikoyadan hikoyaga o‘tish chog‘ida “Usmon Nosir”ni eslatar, o‘zining ham shoir ekanini, Usmon Nosirga bag‘ishlab doston yozganini, shu kunga qadar “roman” uchun to‘plagan materiallarining pichoqqa ilinarli jihatlarini bir-bir sanab o‘tar edi.

— Ha!.. — dedi bobo taqdirga tan bergandek. — Yotoqda birga edik. Yotog‘imiz Nomozgohda edi. Nomozgohni bilasizmi qattaligini? Universitet “Bulvar”da, a, arqa tarafida bitta yotog‘i bor, beshinchi kurslar shu yerga kelardi. A, beshinchi kursgachalari bu ichkariga kiradi-da, kichkinagina tor ko‘chacha yo‘l bilan kirib boradi-da, yangi bir ko‘chaga chiqadi. Yo‘lning narigi betida yotoqlar bor. Keyingi vaqtlarda u yer yotoq bo‘lmadi-da, vayenniy kafedra bo‘ldi.
Boboning ovozida andak tutilish bo‘lsa-da, forscha go‘zal talaffuzda bosiqlik bilan so‘zlardi.

— Bo‘ldi-bo‘ldi, bilaman vayenniy kafedrani, — tasdiqladi katta shoir. — Bir etajlik.

— Ikki etajlik, — dedi bobo.
— Birmi-ikkimi, kaltagina bino.

— Ha, past qurilgan! O‘sha yerda yotganmiz, yotog‘imiz o‘sha yer edi. Usmon ham o‘sha yerda edi. Hm, siz syomkani ko‘rgan edizmi?

— Ha-ha, ko‘rganman, syomkani ko‘rganman, — dedi katta shoir.
— Haligi… bilan birga borgan edik…
— Nodira (Rashidova — A. A.) opami?

— E, yo‘q, anavu nima… o‘sha bo‘lsa kerak, ha, hozir bormi-yo‘qmi, telestudiyada, nimalarni… tarixiy yodgorliklarni suratga olgan kishi kim, haligi… shoir uyam.

— Xurshid Davronmi?

— Y-yo‘q. Shoshmang, kim edi Alisher, haligi kegan kishi? Qari… kasal bo‘lib yotibdi, deb eshituvdim, hozir bormi-yo‘qmi…

— Anaqa… Ahmad… haligi, — bosh qotirdi Alisher aka.
— E, ha! Ahmad A’zam! — dedi bobo.

— Ha, ustoz bo‘ladi, — dedi katta shoir, — xudo rahmatli o‘tgan yili olamdan o‘tdi.

— E-e, xudo rahmat qilsin! U kishi syomka qildi, bir emas, ikki marta syomka qildi. Usmon Nosir haqida o‘sha yerda ancha gapiruvdim…

Bobo qaysidir jurnalda chop etilgan “Shahidnoma” nomli maqolasi (Chor imperiyasining Jizzaxni bosib olgani dahshatlari haqida kattaqo‘rg‘onlik shoir Iskandar Madyun “Shahidnoma” degan she’r bitgan ekan. Bobo maqolasi uchun Madyun she’ri tarixiy dastak bo‘lganini ta’kidladi — A. A.) sharhiga berilib, “asosiy mavzu”dan yana chekindi. Katta shoir xijolat bo‘lib, “asosiy mavzu”ni eslatdi.

— Xo‘p, ana endi man 34-35-o‘quv yilida o‘qishga kirdim til-adabiyot fakultetiga, — dedi bobo fikrini peshlab. Bir sergak tortdim: “34-35-o‘quv yili!”… Men kabi boringki, “2015-2016 o‘quv yili” qulog‘iga o‘rnashgan ilmi toliblar uchun ushbu raqamlar tomdan tarasha tushgandek g‘alati tuyulishi tabiiy edi, albatta. — O‘sha paytda universitet Akmal Ikromov nomidagi O‘zbekiston, Samarqandmas, O‘zbekiston davlat universiteti hisoblanardi, — davom etdi bobo. — Faqat O‘zbekistondan kelgan talabalarni qabul qilardi. A… Toshkanda, SaGUda O‘rta Osiyodan kelgan talabalarni qabul qilardi. Usmon uchinchi kursni bitirib, uchinchi va to‘rtinchi kursning imtihonlarini ham birvarakayiga topshirib, beshinchi kursga o‘tdi. Bu ham uning katta talantli ekanligi… bu ayrim o‘qituvchilarda norozilik tug‘dirdi. Bir tilshunos domlamiz bor edi, professor hm… G‘ozi Olim Yunusov, degan. Asli kelib chiqishi tatarlardan, o‘sha yoqtirmadi Usmonni. Usmon juda ko‘p narsalarni bilar edi, unaqa domlalarni nazar-pisand qilmas edi. Nazar-pisand qilmasdi emas, unaqa xushomad qilmas edi ularga. Juda kuchli xotirasi bor edi Usmon Nosirning.

Bobo timsol tariqasida o‘sha mashhur “Demon” dostonining tahririyatda o‘g‘irlanishi va buyuk shoirning butun boshli dostonni yoddan tiklab berganini keltirdi.

— Usmon o‘zi ilgariyam dostonlar yozgan, hm, lekin 33-yilgacha bo‘lgan dostonlari uning katta bosqichga ko‘tarilganini ko‘rsatmaydi. Lekin 33-yilning yozida, xo‘sh, demak, ikkinchi kursdan uchinchi kursga o‘tgan payti, Yozuvchilar uyushmasi a’zosi… Armanistonga ijodiy kamandirovkaga boradi. Ana o‘shanda u “Naxshon” degan poemani yozib keladi. Uni Kavkaz haqidagi she’rlari ham bor “Yurak” to‘plamida. Sizda “Yurak” to‘plami bormi?

— Ha-ha, bor. Menda “Yurak” bor, — dedi katta shoir.

— Endi o‘sha “Naxshon” dostonini hm… o‘sha “Yevgeniy Onegin” va Lermontovning poemalari ta’sirida men ham shunday umrboqiy dostonlar yozishga qodirman, degan fikr bilan yozdi-da. Endi, hali gapirgan gapim nima edi, ha, u ba’zi nimalarga… domlalarga yoqmadi; o‘zini kursini baland tutar edi G‘ozi Olim Yunusov, to‘g‘ri iste’dodli odam edi, u vaqtda doktor emas edi, hm… professor edi. Shu 27-yilda Samarqandda o‘sha ikki yillik o‘qituvchilar instituti tashkil bo‘lgan paytda… shu Fitrat domla adabiyot kafedrasining mudiri bo‘ldi-da, hm… o‘shanda G‘ozi Olimga, Fitratga, keyin O‘zbekiston tarixchisi edi, tarixshunosligining asoschisi o‘sha hm… — Po‘lat Soliyev degan kishi, astraxonlik tatar kishi (1908 yilda kelgan, keyin Qo‘qonda o‘qituvchilik qilib yurib, o‘sha yerda gazeta redaksiyasida ishlaydi. Bu gazeta keyinchalik Qo‘qon muxtoriyatining organi bo‘ladi) bizda tarix kafedrasining mudiri edi — bularning hammasi otilib ketdi 37-38-yillarda, tushundingizmi? G‘ozi Olim, Fitrat, Po‘lat Soliyev, ha, keyin Abdurahmon Sa’diy dars bergan 27-yilda. To‘rtovlariga professor unvoni berilgan. Shularning ichida G‘ozi Olim Usmonning haligi… fanidan imtihon topshirmay, kursdan kursga o‘tib ketgani dilini xijil qildi. Endi… 34-yil SSSR Yozuvchilar sayuzi raisi Maksim Gorkiy bo‘ldi-da, O‘zbekistonda Rahmat Majidiy bo‘ldi. Maning kattaqo‘rg‘onlik shoir Miriy ijodi bo‘yicha kandidatlik ishimda Majidiy domla ilmiy rahbar bo‘ldi. Bular ham qamalib ketdi. Bilasiz, 37-yilda millatning gultojlari qatl etilgan. Xrushyovning ham dakladi bor, bilasizmi: Stalin, deydi, boshni olib kel, deydi. “Bosh”ni bilasizmi, haligi… eng aqlli odamlar. Ana endi, Moskvada SSSR Yozuvchilar sayuzining birinchi quriltoyi bo‘ladi. O‘shanda O‘zbekistondan Rahmat Majidiy boshchiligida Oybek domla, Usmon Nosir borgan. Endi… u sezddan qaytib kelganida daklad qildi sezd taassurotlarini. Universitetning katta zalini ko‘rganmisiz, ikkinchi qavatda, ha, ana o‘sha yerda Usmon ma’ruza qildi. Beshinchi kursga o‘tgan, hali aytdim-ku. O‘shanda bo‘lgan voqea qiziq… nima voqea bo‘ldi, deng, Usmonga savol tushdi. “Talant tug‘mami, yoki tug‘ma emasmi, ya’ni mehnat orqali hosil bo‘ladimi?”, degan savol tushdi. Endi o‘sha paytda hamma narsa eskilikka qarshi edi: haligi diniy aqidalar, an’analarni hech yoqtirishmas edi-da, faqat shu sho‘ro mafkurasi hukmron bo‘lishi kerak. Mozorlarni buzishgan o‘sha vaqtlarda. Shunaqa zamon edi. Ha, 34-yilda partiyani tozalash yili bo‘ldi — “Chistka”. Chunki, 24-yil Lenin o‘lgan yili juda ko‘p kishilarni qabul qilishgan edi: savdogarlar ham, boylar ham, ruhoniylar ham hammasi kirgan edi partiyaga. Xo‘p, endi haligi yerda savol tushadi “Tug‘mami talant, yoki mehnat orqali hosil bo‘ladimi?”. Endi komunistik nuqtai nazardan “tug‘ma” degan narsa bo‘lmasligi kerak. Hamma narsa mehnatning natijasida hosil bo‘ladi, “tug‘ma”, desa, bu Ollohga bog‘liq bo‘lib qoladi, tushunyapsizmi? Hm. Shunda Usmon “Talant — tug‘ma bo‘ladi”, — deb javob berdi. Prezdiumda rahmatli Saidolim Sharafiddinov degan tarixchi domla bor edi, Shokir Sulaymon degan xristomatiya chiqargan domla o‘tiribdi, G‘ozi Olim ham o‘tiribdi va boshqalar ham. Majlisdan keyin G‘ozi Olim kelib, Usmonga: San noto‘g‘ri javob berding, talant tug‘ma bo‘lmaydi, talant mehnat bilan yuzaga keladi, dedi. Mana shu yerda munozara boshlandi. Biz o‘sha yerda o‘tiribmiz. Ular gaplashayotgan paytda man guvoh edim. Usmon: Manga ishonmasangiz, mana, Belinskiy, Chernishenskiy Dobrolyubovlarning asarlarini o‘qing, ular talantni tug‘ma bo‘ladi, deb aytadi, dedi domlaga. Noto‘g‘ri u gaplar, dedi domla qizishib. U kishi juda o‘ziga bino qo‘ygan odam edi, lekin bilimdon edi, dialektologiya bo‘yicha, esimda bor, “O‘zbek shevalarining tasnifi”, degan kitobi chiqqan edi… Xo‘p, ana keyin munozara nima bilan tugadi, deng… uzoq davom etdi, hech bo‘sh kelmadi U-Usmon. Oxirida aytdiki: E, domla, dedi, Siz — tilshunossiz, dedi, siz, dedi, o‘z sohangizni yanada chuqurroq o‘rganib, shu, til bilan shug‘ullansangiz, dedi, hozirgi zamonda talab kuchli-ku, dedi. Endi bu yerda qo‘pol qilib aytganda, o‘zing tilshunos bo‘la turib, adabiyotshunoslikka burningni tiqyapsan, degan gapga opkeldi-da, Usmon. Bu gap botib ketdi… nimaga, ha, G‘ozi Olimga. Keyin, alami kelib, hm… nimaga ariza yozdi, kamsomol tashkilotining sekretari… urgutlik yigit, hozir oti esimdan chiqdi, o‘shanga ariza yozdi. U: Usmon mani tahqirladi, unga chora ko‘rish kerak. Uni kamsomoldan o‘chirib, universitet studentlari safidan ham haydash kerak, deb ariza yozdi. Keyin majlis bo‘ldi. Bizning fakultetimiz manastrning yonidan kirib borardi, o‘sha yerda oblsud bo‘lardi — Engliz ko‘chasida. Fakultetning ikkinchi qavatida kutubxona bo‘lardi, ana o‘sha yerda kamsomol majlisi bo‘ldi. Hamma yig‘ilgan, nimaga chora ko‘rish kerak… U-Usmon Nosirga, professorni tahqirlagani, kamsitgani, hm… uchun! Uzun stol bor edi ikki tomonli. Man ro‘parasida o‘tiruvdim, professorni ro‘parasida. Shular haqida “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”da katta maqolam chiqqan ko‘rganmisiz, “Usmonni eslab” degan?

— Nechanchi yilda chiqqan, bobo? — dedim.
— 95-yildamidi, shunday.

— Padshifkadan tovvolamiz, — dedi katta shoir.

— Ana o‘shanda shu gaplar bor, — dedi bobo. — Bu voqea, hm… Naim Karimov ikkita kitob yozdi, u ko‘rmagan bu voqealarni, birovlar nima desa shuni mahkam ushlab olib yozgan. Usmon qizlarga juda o‘ch edi, qizlarning nomusiga tegardi, kim unga huquq berdi, deb yozibdi. Keyin man o‘sha maqolada yozdim. U, o‘sha… qamalgan paytda — yigirma besh yoshda, bo‘ydoq yigit edi. A… yigit bo‘lgandan keyin, o‘ziga munosib qiz qidirgan, endi mana bitiryapman universitetni, degan ma’noda. Birovlarning gapiga ko‘ra Naim Karimov shunday noto‘g‘ri xulosalar chiqargan…

Usmonni “Rim va Nil” degan she’ri bor edi. Qamalishiga shu sabab bo‘ldi.

Lampam yonur… yaralangan qanotday og‘ir,
O‘y bosadi. Yuragimda go‘yo sel yog‘ir…

— To‘g‘rimi! — dedi bobo.

Dahshat! Bu forscha ovoz misralar ila go‘yo o‘toldi. Nazarimda, she’r yonginamda odamday o‘ltiribdi… Qanday o‘ktam ifoda! Qanday bardam nafas bilan she’r o‘qiyapti bobo! G‘afur G‘ulom shiddatidan Shukur Qurbon mavjigacha ko‘zga ko‘ringan shoirlarning she’r o‘qiganini eshitganmanu, lekin boboning… agar Usmon Nosir o‘qisa ham, xuddi hozirigidek ajib karaxtlikka tushadigandek his etdim o‘zimni…

— Hm-hm, — tasdiqladi katta shoir.

— Ana o‘shanda bir joyi bor “qullar” degan:

Qullar… (Menman u qullarning o‘lmas avlodi,
Mana menman, u qullarning hech so‘nmas yodi,
Ozodligim obidasin qurgan insonman!
O‘sha jonman, o‘sha qonman va o‘sha shonman!!!

Yo, tavba! She’r bor vujudga birdaniga minglab mayin igna sanchmoqda!

— 37-yilda uning qamalishiga shu so‘zlar sabab bo‘lgan, — dedi bobo. — “Bizning sho‘rolar davrida “Qulman”, deyapti”, deb “aybdor” qilishdi. Endi… mani so‘zlarim goh oldinga, goh arqaga ketyapti… Ana endi haligi kamsomol yig‘ilishida: shunaqa gaplarni gapiribsiz, dedi, domlaning izzat-nafsiga qattiq tegibsiz, dedi, domlamiz sizni kamsomoldan chiqarish masalasini qo‘yyaptilar, dedi kamitet sekretari. Shundan keyin ovozga qo‘ydi. Fakultetda til gruppalari va adabiyot gruppalari bo‘lardi, ikkiga bo‘linardi. Til gruppasidan qatnashganlar ko‘pchilik edi. Usmonni kamsomoldan o‘chirish va studentlar safidan haydashni rektoratdan so‘rash haqida qaror qabul qilishdi. Ha, undan oldin oxirgi so‘zni Usmonga berishdi. Usmon shunday bir nutq so‘zladiki, gapirdiki, tosh bo‘lsa, erib ketar edi. Endi mazmuni shuki: Domla, dedi, man, dedi, otam vafot etgandan keyin ko‘chada qolib ketdim tarbiyasiz bo‘lib. Mani, dedi, o‘qituvchilar ko‘chadan ushlab olib, deddomda o‘qitdilar, dedi. Ular manga o‘qituvchigina emas, ota maqomida g‘amxo‘rlik qildi, dedi. Mana, deddomni bitirdim. Keyin, universitetga keldim. Man ularning g‘amxo‘rligini bir umr unutmayman. Sizniyam (G‘ozi Olim Yunusovni — A. A.) domla, faqat domlam emas, otam maqomida ko‘raman. Agar farzand xato qilgan bo‘lsa, unga shu qadar qattiqqo‘llik qilishingiz kerakmi?! Man qattiq gapirgan bo‘lsam, endi yoshlikda og‘ir sharoitda o‘sganman, asablarim buzilgan, qattiq gapirgan bo‘lsam, siz mani kechiring, domla, dedi. Sizdan o‘g‘il sifatidayam iltimos qilib so‘rayman, o‘g‘lingizning xatosini kechiring, dedi. G‘ozi Olim boshini silkitdi. Munday-munday qildi. “Yo‘q, kechirmayman”, deganday qildi. Keyin ovozga qo‘ydi. Ovozga qo‘yishini ko‘rishi bilan Usmon o‘rnidan turib ketdi. Ko‘rdiki, ko‘pchilik ovoz beradi. Shunday chiqdi-da, so‘kdi, domlani: He, domlangni falonini falon qilay, deb eshikni qattiq yopib chiqib ketdi. Keyin adabiyotchilar: Amin Umariy, Ibrohim Nazir, Adham Hamdam, mani kusdoshlarim bor edi Nasrullo Davron boshqa-boshqalar, man — hammamiz chiqib ketdik…

— Usmon Nosirning eng yaqin do‘stlaridan biri, deb eshitganman, Nasrullo Davronni, — dedi katta shoir.

— Nasrullo Davron, O‘tkir Rashid, man — kursdoshmiz. U Usmon bilan Qo‘qondaligidayoq yaqin bo‘lgan. Nasrullo Davron asli qo‘qonlik. Uning otasi zo‘r fotograf bo‘lgan. Birinchi fotograflaridan Qo‘qonning. Haligi otasining gapi bor: Ko‘chadan, deydi, Muqimiy domla o‘tib ketayotgandilar, man darrov yugurib chiqdim. Domla, bir suratingizni olib qo‘yay, esdalik bo‘ladi, deganimda, Muqimiy: Man, yaqinda sariq kasalidan turdim, sal o‘zimga kelay, keyin kelaman, degan ekan-da. Keyin, lekin bo‘lmagan. Shu voqeani Nasrullo Davron aytardi. Nasrulloyam deddomda o‘qigan, o‘shandan bular bir-birini yaxshi taniydilar, tushundingizmi?

— Ha. Yotoqxonada qancha vaqt birga bo‘lgansizlar?

— Buniyam aytaman. Endi biz 34-35-o‘quv yilida birga paxtada ham bo‘lganmiz. Usmon sil kasali edi, lekin qo‘li ochiq edi. Shu paxtada bo‘lganimizda, esimdan chiqmaydi, ba’zan ja charchab kelganimizda shu nimaga aytardi… Nasrulloga: Nasrullo, charchab keldik, azgina dam olaylik, manavi pulni oling, magazinga kirib, ul-bul opchiqing, deb pul berardi. Endi u zakuska olardi, keyin yarimta araq ham olardi. Buyam bir voqea. Usmon juda saxovatli edi, bag‘ri keng edi. Endi shu, unda ulug‘ shoirlarga xos barcha xususiyatlar bor edi, desam mubolag‘a bo‘lmaydi.

Keyin, Usmon qarorni rektoratga yuborilganini kutib o‘tirmadi. Rektorimiz juda iste’dodli odam edi Karim Abdullayev, degan, turkistonlik edi… Shunga yuborishdi studentlar safidan chiqarishni. Usmon beshinchi kursda-ku, endi! Rektor to GOS egzamengacha studentlar safidan chiqarishga buyruq bermadi, Usmon GOSga kelsa bitiradi, degan ma’noda. Usmon GOS egzamenga ham kelmadi. Tildan imtihon bo‘ladigan bo‘lsa, G‘ozi Olim Yunusov baribir mani yiqitadi, deb o‘yladi. Keyin, GOSga kelmagani uchun studentlar safidan chiqarish uchun buyruq berildi.

So‘ngra, Usmon avval, Qo‘qonga boradi, onasi, qarindoshlari bilan xayrlashib, Toshkanga keladi, ana o‘sha yerda ijod qilib, mashhur bo‘lib ketadi, butun respublikaga, tushundizmi?

Biz uchinchi kursni bitirgandan keyin, man O‘tkir Rashid, Nasrullo Davron Usmonni ko‘rish uchun bordik uyiga, keyin bilsak, u do‘rmonda — yozuvchilarning ijod bog‘ida ekan. Bordik. Uyiga kirsak, hech kim yo‘q. Bir odamdan “qayerda”, deb so‘rasak, u bog‘ni chetida o‘tiribdi Cho‘lpon bilan so‘hbatlashib, dedi. Borsak, Cho‘lpon bilan, manimcha, shu ikkovidan qaysi biri, yo Pushkinning “Boqchasaroy fontani”, yo Lermontovning “Demon”ini muhokama qilib o‘tirgan ekanlar. Endi, Cho‘lpon — zo‘r tarjimon-ku! Salom-alik qilib ko‘rishdik. Usmon bizni tanishtirdi, birga o‘qiganmiz universitetda, dedi. Cho‘lpon bizdan hol-ahvol so‘radi, o‘qishlarimizni so‘radi, u yoq-bu yoqdan: qanday kurslarni o‘qiganimiz, kimlar dars berganligi… shu har tomondan so‘hbatlashib o‘tirdi. Keyin, aytdiki Usmonga: Usmonjon, dedi, siz, dedi, tarjima asar yaratmabsiz, siz original asar yaratibsiz, dedi. Buni yuksak darajada ham tarjima asari, ham o‘zingizning asaringiz desa bo‘ladi, dedi, tushundingizmi? O‘zingizning original asaringiz desa, bo‘ladi, dedi-da, endi manga ruxsat bering, sizlar so‘hbatlashib o‘tiringlar, deb xayrlashib, ketdi. Usmon bizlar bilan gaplasha turib, esiga bir gap tushib ketdi-da, o‘rnidan turib: Aleksandr Sergeyevich, dedi Cho‘lponga. Man, dedi, choyxonaga osh buyurganman, dedi, soat birlarga, kechikmasdan keling, dedi. A… Cho‘lpon tabassum qilib: Xo‘p bo‘ladi, Mixail Yurevich, dedi. Buyam hozirjavoblikda! Keyin, ancha vaqt so‘hbatlashib o‘tirdik. Bu Usmon bilan so‘nggi uchrashuvimiz edi. Bu haqda qaysidir yili “Adabiyot” gazetasida “So‘nggi xayrlashuv” degan maqolam chiqqan. Buni haligi… Otaboy (Ahmad Otaboyev — A. A.) degan yigit yaxshi biladi.

O‘sha… yotoqda yotganimizda qiziq voqealar bo‘lgan. Hm… Telmon (Ernst Telman. XDK izohi) degan kishi — Germaniya kommunistlar partiyasi rahbari qamoqqa tushdi. Butun SSSR bo‘yicha norozilik e’lon qilindi-da, shu ishga. O‘zbek shoirlaridan ham she’rlar yozishdi. “Telmon qamoqda” degan she’r chiqdi. Viloyat drama teatridan bir aktyor kelib, shu she’rni yoddan o‘qib berdi aktivzalimizda. Shunda Usmon Nosir, Amin Umariy, Adham Hamdan, Ibrohim Nazir — birinchi qatorda o‘tiruvdi. Man ikkinchi qatorda o‘tiruvdim. Avvalroq, o‘sha she’rni manga Adham Hamdam o‘qitgan edi, siz she’rni yaxshi o‘qir ekansiz, deb. Man “Telmon qamoqda” she’rini yarim badiiy, yarim ifodali qilib o‘qidim. Keyin, u borib Usmonga aytibdi… Artist sahnada shu she’rni o‘qiganda Usmon manga qaradi. “Qanday o‘qiyapti, san yaxshi ko‘rgan she’rni”, degan ma’noda tabassum qildi. Man ham tabassum qilgan bo‘ldim… Man ham bitta-yarimta she’r yozardim. O‘sha vaqtda viloyat gazetalarida chiqqan. Ana o‘sha she’rlarni Usmon ham o‘qigan ekan. Keyin man bilan yaqin bo‘lib qoldi. San yaxshi she’rlar yozar ekansan, lekin kamchiliklari ham bor. Kamchiliklarini bundan keyin olib kelsang, man tuzatib beraman, dedi. Keyin, she’r yozsam, avval Usmonga ko‘rsatadigan bo‘ldim… yotoqda uyoq-buyoqdan so‘hbatlashar edik Usmon bilan. Endi so‘hbatlarning temasi har xil bo‘lardi. U Navoiydan ham bilar edi. Atoiy, Lutfiy, Fuzuliydan ham ko‘p narsalarni yod bilar edi. Mani adabiyot tarixiga qiziqishimni bilib, ko‘p narsalarni gapirib berardi. Ko‘proq Navoiydan she’rlar o‘qirdi. Usmonning mashhur “Yurak” she’rida:

Yurak, sensan mening sozim,
Tilimni nayga jo‘r etding.
Ko‘zimga oyni berkitding,
Yurak, sensan ishqibozim,

— Esingizga kelyaptimi? Ha, oxirida aytadi:

Itoat et!
Agar sendan
Vatan rozi emas bo‘lsa,
Yoril, chaqmoqqa aylan sen,
Yoril! Mayli tamom o‘lsam!..

— Esingizda bormi? Ha, oxiri shu. Endi mana shu yerda “emas bo‘lsa”, degan iboraga e’tibor qiling. Bunaqa ibora faqat she’riyatda bo‘ladi. “Emas bo‘lsa”ni klassik she’riyatimizda, ayniqsa Navoiy ijodidagina uchratish mumkin…

Bobo biroz charchaganini aytdi. Boboning duosini olib, xo‘shlashdik. Bobo menga qo‘lini uzatdi. Bu kaftning bir vaqtlar Usmon Nosirning kiftidan tutgani, Cho‘lponning kaftini siqqani xayolimdan ketmasdi…

***

Yashab turgan muhitimizni unutayozib, tushuntirib bo‘lmas ko‘tarinkilik og‘ushida ko‘chaga chiqdik. Lekin shuurimning tubida bir istihola cho‘g‘lanar edi: boboning xotirasi, siyrati, teran tafakkuri qarshisida bugungi barkamol avlodning bitta vakili sifatida mo‘rtligimdan uyaldim.

Hujraga qaytdik. Xonada akamiz Behzod Biybolayev o‘zbekning peshonasiga bitilgan ikkinchi Usmonning she’rlarini o‘qib o‘tirgan ekan. Endi u bizni savolga tutdi. Taassurotlarni ko‘pirib-toshib o‘rtoqlashdik…

O‘shandan beri katta shoirni ko‘rganim yo‘q. Bir sabab bois, qo‘l yuvilib, qo‘ltiqqa urildi! Audioyozuv ham menda qoldi. U “roman” yozdimi-yo‘qmi, menga qorong‘i, bu voqea adabiyot uchun yangilik ham emas: “Adabiyot” gazetasida ushbu voqelikning to‘kis muqobili chop etilgan! Shunday bo‘lsa ham, qachondir bu audioyozuvni oqqa ko‘chirib, qayerdadir e’lon qilishni dilga tuggan edim. Shukrki, nasib etdi. Garchi u kichik voqealardan iborat esa-da, buyuk shoirimizning jilovlanmagan ruhiyati haqida tasavvur uyg‘otadi, deb o‘ylaymiz.

Endi sherikni nega “katta shoir” deyishim haqida ikki og‘iz izoh: men bilgan, yoshi mendan biror muchal katta qalamkashlarning deyarli hammasi sarxushlikda o‘zini “men katta shoirman” deya e’lon qilgan. Tavba!

Nima bo‘lganda ham katta shoirga rahmat, agar u isinib olishni o‘rtaga qo‘ymaganda, ulug‘ navoiyshunos olim Muhammadjon bobo Mahmud bilan uchrashmas edim. Darvoqe, bobo bu yil tabarruk yuz yoshni qarshiladilar. Usmon Nosir esa nazarimizda mudom navqiron.

14446235_689927201157889_6642514237924017865_n.jpgEsse muallifi:
Alibek Anvariy 1994 yil  Surxondaryo viloyatining Termiz shahrida tug’ilgan. O’zbekiston milliy universiteti talabasi.

Manba: Alibek Anvariyning feysbukdagi sahifasi
Videosuhbatni tayyorlashda BBC O’zbek xizmati materiallaridan foydalanildi

005

(Tashriflar: umumiy 5 924, bugungi 1)

Izoh qoldiring