Alisher Narzullo. Yerning qonli mushti yoxud gullayotgan tosh qissasi

005     Шоир катта бир муҳит ичида, ёр-биродарлари даврасида бўлса-да, негадир ўзини ёлғиз ҳис этган кўринади. Ижоди аллақачон тан олинган, шахс сифатида миллатнинг мустаҳкам устунларидан бири эканлиги кундай равшан бўлган муҳитда ўз яқин улфатлари, ён-атрофида бўлган кишилар орасида ўзи истаган мард, дили очиқ дўстни негадир у учратолмайди. Ҳатто бунга кўзи етмайди ҳамки, денгиз-уммонларни қўмсаб қолади. Денгиз, уммонлар шиддатигина унинг беором қалбига таскин бера олиши мумкин эди, илло…

Алишер Нарзулло
ЕРНИНГ ҚОНЛИ МУШТИ
ЁХУД ГУЛЛАЁТГАН ТОШ ҚИССАСИ

Шавкат Раҳмонни хотирлаб
033

Жийда гуллаб,
райҳонлар
таратганда бўй,
аза бўлар бир куним,
бир кунларим тўй…

Қадам Саййид Мурод

Мундайроқ машина моторининг гулдурагидай аянчли ва дўриллаган овоз чиққан томон қарадим.

Овоз соҳиби аллақачон столдан кўзини олиб деразадан ташқарига боқарди. Борлиққа чиройли манзаралар ҳосил қилиб лайлакқор ёғарди.

– Бугун ҳамма Шавкатни улуғлайди, мақтайди, аммо…
– …
– Шавкатни мен билардим, яқин эдик, дўстим эди, кўп йиллар бирга ишлаганмиз.

Ўй-хаёлим, нигоҳларим қўлларини чўнтагига солиб олганча лайлакқорни томоша қилаётган Шавкат Раҳмоннинг дўстида эди.

Бироз жимликдан сўнг у “Шавкат ўзидан сал ўтиб кетганларни кўролмасди”, деди.

Яна нималардир деди, аммо буёғини эслолмайман.

Пайғамбар ёшига етган, Навоий ҳазратлари ёшидан чандон ўтиб кетган, ҳаётнинг пасту баландини обдон кўрган бу киши аллақачон бу дунёни тарк этиб кетган дўсти ҳақида нега бундай деди?

Ўйлаб ўйимга етолмадим.
Шу шартмиди?

045Шавкат Раҳмондан сал ўтиб кетганлар… кимлар эди? Бормиди ўзи?
Билолмадим.

Аммо бир муддат бурун атоқли болалар шоири – устоз Турсунбой Адашбоев: “Тўғри нашриётдан олиб келаяпман”, деб болаларча суюниб қолдириб кетган ҳамма қўл-қўл қилаётган ”Шавкат Раҳмонни хотирлаб” китобини нега қўлига ҳам олиб кўрмаганини, лоақал варақламаганини англадим. Англадиму…

…мункиллаб қолган бояги овоз соҳиби – бечорага раҳмим келди.

Шу тобда Набижон Боқий гапириб берган бир воқеа хаёлимдан ўтди: “Мен фарғоналик ёши улуғ шоирни ҳурмат қилиб юрардим, – деган эди ёзувчи акамиз, – қачон Фарғонага йўлим тушса, йўқлаб қўярдим. Дарди бедавога учраган одамнинг кўнглини шод қилиш савоб бўлади. Ўша ўксик ижодкорга унвон берилди. Қутлагани борсам: “Шавкат Раҳмон ўттиз йил бурун китобимни нашриёт планидан чиқариб ташлаган эди, мана бугун ундан ҳам зўр шоир эканимни ҳукумат тан олди-ку!” деди шилпиқ кўзларини лўқ қилиб. Ниҳоятда ажабландим. Бу одам ўзига ортиқча баҳо берар экан-ку? Ўша-ўша ёши тўқсонга қараб кетган бачкана шоирдан кўнглим қолган. Шавкат Раҳмон унинг китобини нашриёт планидан чиқариб ташлаган бўлса, у бадиий қарор кенгашига кўра, нашриётга Эркин Воҳидов директор бўлиб келгач, “макалатура” чоп этишни тўхтатган эди. Шилпиқ шоир эса ўттиз йилдан буён қўйнида Шавкат Раҳмонга отиш учун тош сақлаб юрган экан. Афсус…”.

Шавкат ака билан учрашган онларим кўз ўнгимга келаверди. Менга қилган яхшиликлари, берган далдалари, ишончлари…

Модомики, энг хунук гапни ҳам истаган даврада заррача хижолат бўлмай айтиш мумкин экан, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам унитилмас замонда жим туриш, кўрган яхшиликлар ҳақида ёзмаслик мумкинми?

У чинакамига шоир эди. Ёзганлари ҳеч бир сўз сеҳргари “мўъжиза“ларига ўхшамасди.

Шундай ҳам бўлади-да!
Ҳар бир шеър – бир куй.
Ҳар бир шеър – бир обида.

Куйни чалғимасдан тугал тинглаш керак. Бинонинг бир устуни ё ғиштини кўчириб кўринг-чи?

Нега энди у ўз билганича ёзади?

Шеър маълум бир доира ичида, темир қоидаларга риоя қилиб ёзиладиган санъат намунаси эмасми?..

Бир жиззаки, аламзада “танқидчи” попугини тушириб қўймоқчи бўлди. Ўтлуғ шеърларидан “қайсар“ сатрларни узиб–юлқиб матбуотда “дўппослади”. Шеърни бу тахлит – “қассобларча“ таҳлил қилиш адабий танқид одоб доирасига хилоф бўлса-да, ҳеч бир мунаққид лом-мим демади. Шоир сукут сақлади.

Аблаҳсан демадим, ростини айтсам,
бу сўзни шунчаки дегим келмади.
Ассалом дедиму сендай кимсанинг
қўлингга қўлимни бергим келмади.

Ё

… неча бор ўзимга
ғазабингдан кеч,
пасткашлар арзимас дедим ўйлашга,
аслида, худодан ҳаққим борми ҳеч
бирорта муносиб душман сўрашга

дея шеърлар ёзди.

Эҳтимол, бу сатрлар шоирнинг умр йўлида дуч келган шу каби пасткаш кимсаларнинг бир нечасига биратўла берган жавобидир.

Мен ҳеч шубҳасиз шундай бўлса керак деб ўйлайман. Аммо…

…Синглиси Мамлакатхоннинг хотирлашича, у болалигида дадаси ва аяси билан “…сафо ва ҳавода тенгсиз қасаба Ўш”дан (“Бобурнома”) Тошкентга сайр қилгани келишади. Қайтишда, поездга чиқишаётганда у дўпписини тушириб қолдиради. Кейинчалик онаси бир умр “ўкиниб” юради: дўпписи тушиб қолмаганда, ўғлим мусофир бўлмасмиди, дея …

У бир пайтлар “ёшлик”, балки “хомлик” қилибми, тушириб қолдирган дўпписи эвазига кўп нарсаларга чидаши керак эди.

* * *

Менинг фикри ожизимча, шеър жанр ва туридан қатъи назар икки хил бўлади: ҳақиқий, яъни, асл ва авомбоп.

Асл шеър – мўъжиза, унга дуч келганда, сўз сеҳри-қудратига тан берасиз. Оллоҳ ўз ҳикмати билан сийлаган шоир номи ва сатрлари хотирангизда муҳрланиб қолади.
Авомбоп шеърлар эса шуҳрат, мақтовга ўч шоирлар томонидан тинимсиз ёзиб борилади. Бундай шеърлар йиғилиш – мажлисларда, овқат тановвул қилаётганда, биров билан гаплашиб туриш жараёнида, хуллас, истаган пайтда дунёга келиши мумкин. Қайтариқ қофиялар, таниш шакл. Мавзулар ҳам ўша-ўша якранг. Бир шеъри бировнинг аёлини кўриб, севиб қолгани ҳақда бўлса, кейингиси, албатта, Ватан ҳақида…

* * *

Аммо, асл шеър кам! Асл шоир камёб!
Неча бор муножот қилдим худога,
нечун сен бунчалар ёлғиз яратдинг,
дилимга бахш этиб тошдай ирода,
кўзимни баҳайбат дардга қаратдинг.
Нечун ўзгаларнинг шандир хаёли –
настарин очилган,
сайрар қумрилар?!
Нечун етимларнинг ўткир фарёди
шажардай чайқалур тасаввуримда?!

Баҳайбат дард қошида турган шоирнинг маҳзун қиёфасидаги малолликни қаранг, мен қанчалар “ёлғиз”ман дея шикоят қилади. Бу нола дардсизлик гирдобига чалинганлардан безган кўнгил фарёди. Нечун у нолимасин? Етимлар кўзидан оқаётган ёшни артиб қўйиш тугул, лоақал уни кўра олмаётган, йиқилганни суяш етти ухлаб хаёлига ҳам келмаётган муҳитда ташвишга тушмаслик мумкинми? Шундай экан, настарин бўйини у қандай ҳис этсин, қумрилар хонишига қандай қулоқ тутсин? Одамларнинг бир-бирига сал меҳрибонроқ, оқибатлироқ бўлмоғи тўрт кунлик дунёи дунда шунчалар ғайри имкон бўлса.

Шоирнинг тириклигида ҳеч қачон амалга ошмаган орзуларининг акс садоси бўлган мана бу сатрларга эътибор беринг:

Армоним улғайди…
кеча сўйлардим –
қанийди бўлса деб бирорта мард дўст.
Бугун қон йиғларман –
денгиз бўлсайди,
бўлсайди улуғвор уммонларга йўл.

Шоир катта бир муҳит ичида, ёр-биродарлари даврасида бўлса-да, негадир ўзини ёлғиз ҳис этган кўринади. Ижоди аллақачон тан олинган, шахс сифатида миллатнинг мустаҳкам устунларидан бири эканлиги кундай равшан бўлган муҳитда ўз яқин улфатлари, ён-атрофида бўлган кишилар орасида ўзи истаган мард, дили очиқ дўстни негадир у учратолмайди. Ҳатто бунга кўзи етмайди ҳамки, денгиз-уммонларни қўмсаб қолади. Денгиз, уммонлар шиддатигина унинг беором қалбига таскин бера олиши мумкин эди, илло…

* * *

Сўз темирчи печида тобланган темир парчаларига ўхшайди. Тушган жойини куйдиради. Албатта, мен асл сўзни назарда тутяпман. Сўзамол, сўзбознинг қўлига тушса борми, қадри сомон-кепакка тенг бўлади.

Сўз умри – инсон умридан узун. Минг йиллик кўҳна ўтмишни китобат қилган, оқибатда, “келиб-келиб афсоналарни шеърга солдингми”, дея дашномлар эшитган – хўрланган кекса шоир шеърларини атайин ўқиганман. Аммо Сўз ҳақида бутун бошли китоб ёзган аллома суҳбатида ҳам бўлганман.

Сўз нима?

Нега у нишонга текканда яраланган шер ҳолатига тушади киши?!

Нега баъзан жон куйдириб нималардир деяверасан-у, рўпарангдаги киши маъносиз кўзларини нигоҳингдан узмай бўзрайганча қараб тураверади.

Сўзнинг гавҳарлиги рост бўлса, қачон у Атторнинг бошига етган бир қоп сомонга айланади?..

Мабуотда “Ёш ўзбек шоирларига“ деган мурожаат – шеър пайдо бўлди.

Сўзларни қайрайлик,
обдон тоблайлик,
идрок-ла совутиб тағин қайрайлик,
Ўзбекнинг қоракўз болаларига
битта дунё қолсин мустаҳкам…

Бу сатрлар унга тегишли эди. Худбинлик ақлдан анча ўзиб кетган, боз устига, эртаю кеч лойга ишлов бергандек сўзга зўр бериб “асарлар“ яратаётган бир замон қалам аҳлига бундай нозик мурожаат қилиш учун кишида биргина журъатнинг ўзи камлик қиларди. Бу каби насиҳатни фақат унга ўхшаган шоиргина қилишга ҳақли эди. Унинг ўзи ва мухлислари томонидан тартиб берилган бир неча китоблар, сайланмаларида ушбу шеър учрайди. Бу қалам аҳли, сўз билан ҳар кун юзма-юз келадиган ижодкорларни Сўзга масъуллик туйғусини ҳис қилибгина қўлга қалам олишга бўлган бир даъват. Унга қулоқ тутмоқ қоғоз билан юзма-юз келаётган ҳар бир соҳиби қаламнинг ўзига ҳавола. Аммо орадан қанча йиллар ўтмасин, кун келиб кимдир Шавкат Раҳмон шеърларидан яна бир китоб тартиб беришга ўтирар экан, албатта унинг ”Ёш ўзбек шоирларига” деган шеърига бўлажак китоб саҳифаларидан жой ажратади.

* * *

1992 йилнинг кеч кузи. Скверга (ҳозирги Амир Темур хиёбони) ўтиб ЎзАнинг иккинчи қаватига кўтарилишим… ва Шавкат Раҳмон билан учрашишим керак эди.

Халқаро бўлим. Шоир исми-шарифи битилган залворли эшик олдида турибман-у, тошдек қотганман. Кирсамми, ё…

Йўлакдан Шавкат аканинг ўзи пайдо бўлиб қолмаганида, эҳтимол, ортимга қайтиб кетардим.

– Э-э, келинг! – Саломлашдик. – Қани, – эшикни очиб ичкарига бошлади шоир.

Кенг, шинамгина хона, аммо…

Хонада папирос иси шу қадар қаттиқ ўрнашган эдики, эркинроқ нафас олишнинг ўзи бўлмасди.

Мен бурун ҳам Шавкат ака билан учрашган эдим. 1989 йили – ҳали шўролар замонида… иккинчи курс талабаси Хўжанддан Тошкентга шеър кўтариб келгандим.

Ғафур Ғулом номидаги нашриётнинг назм бўлимига кирганим эсимда: Муҳаммад Юсуф, Абдували Қутбиддин, хотирам панд бермаса, Зебо Мирзо ва Минҳожиддин Ҳайдар…

Одобсизлик бўлса-да, ана шундай номдор шоирлар қаршисидан нақ бир папкага жой бўлган машқларимни кўтариб, ичкарига – Шавкат Раҳмон ўтирган хонага кирганман. Кимларнинг ёнидан ўтиб, кимнинг ёнига кираётганимни ғўр бир қаламкаш ҳолимда, тахминан, билардим. Замонавий ўзбек шеъриятининг овозадор, ҳар бири ўз мухлисига эга вакиллари ва албатта унинг худди ҳақиқий шеърдек сирли, мағрур шоири…

Шу ўринда бир лирик чекиниш: шеърият бўлимини излаб қандайдир ҳашаматли эшикдан мўраладим, хона тўрида икки киши – дарров танидим: таниқли адиб Эркин Аъзам ва таржимон Низом Комилов.

Мендақа адашиб юрганлар сонмингта бўлса-да, шундай зотларни четлаб ўтиб бўладими? Соддаликми, одобсизликми… бориб, саломлашдим.

Шу пайт хонага Ўткир Ҳошимов (Оллоҳ раҳмат қилсин) кириб қолди. “Э, э!..” деб Низом Комилов ўрнидан туриб кетди. “Келсинлар… шундай улуғ ёзувчи қадам ранжида қилдилар. – Кутилмаганда Низом ака: – Мана бунақалар сизни қаердан билсинлар?!” – дея мени кўрсатиб зорланиб қолса борми! Ҳайрон бўлдим, боз устига, суюкли адибни илк бор кўриб турардим.

Низом ака ёшлардан нолир – булар улуғларини қаердан билишсин, қабилида гап қиларди. Мен хонадан секин чиқдим ва коридор бўйлаб кетдим. Нега Ўткир Ҳошимовни билмас эканман? Ана, папкамда адибнинг “Икки эшик ораси“ романидан мутаассир бўлиб ёзган “Музаффарнинг Мунавварга айтган сўнгги сўзлари” деган машқим …

Бир зиёрат қилай деб қўлларини олган кишиларни ҳам яхши билардим: индамай жилмайиб турган киши – ёзувчи Эркин Аъзам ва ўзлари – таржимон Низом Комилов. Назаримда, Низом ака одамларнинг нодонлигидан азият чекаётганга ўхшарди. Ҳамма нарсани бир ўзим биламан деб ўйларди ва кимнидир ўринсиз хафа қилиб қўйишни хаёлига ҳам келтирмасди. Кейин билсам, Низом ака доим ҳазил аралаш жиддий, жиддий аралаш ҳазил гап қилар экан.

Шавкат аканинг хонасига бўлим муҳаррирлари ўтирадиган хонадан ўтиб кириларди. Аммо бу хонада негадир дераза тугул чоғроқ бўлса-да, туйнук ҳам йўқ эди. Ичкарига бош суққанимда оқ кўйлакда бўйинбоғи хиёл қийшайган… ўрта ёшлардаги шоир тутунга кўмилиб қўлёзма ўқирди.

– Келинг, – деди Шавкат ака…

“Болаликнинг сўнгги куни” деб ёзилган папкамни қўлларим ўзимга бўйсунмаган ҳолда узатдим. Одатда, газета ё журналларга нимадир олиб борсанг, муҳаррир хушлаб-хушламайроқ қўлёзмани олиб қолар, журъат қилсанг бир-икки ойлар ўтказиб, тилинг калимага келмай, ака, бир кўз югуртирдингизми дегандек, узрхоҳлик қилардинг.

Шавкат ака негадир ўқиётган қўлёзмасини бир четга суриб қўйиб, менинг машқларимни қўлига олди.

Мен эса, нари борса, кейинроқ келасиз, деган амрни кутгандим ва бордию шундай бўлса, бундан бошим осмонга етиб Хўжанд сари қанот чиқариб учардим.
Аммо Шавкат Раҳмон папкани очиб бир варақлаб кўрдию кейин жиддий мутолаага шўнғиди.
Ана шунда мен терга ботиб кетдим.

Ўзимга келганда Шавкат ака шеърларни қайтиб папкага жойлаб, унинг четига 1989 йил 3 март санасини қайд қилиб, қўл қўярди. Нозима опа деган истарали, юзлари кулиб турган опани чақириб: “Буни рўйхатга олиб, қайд қилиб қўйинг”, деди. Мен билан хайрлашиш учун ўрнидан қўзғоларкан: “Асқар тузукми?” деб қолди. Нозима опа энди қўлига олган папкага ишора қилиб: “Яхши”, деб қолгани то ҳануз қулоғим остида.

Кейин маълум бўлишича, эҳтиёти шарт, менга ҳали ўқувчилигимдаёқ адабиётдан сабоқ берган устозим Асқар Маҳкам Шавкат акага қўнғироқ қилиб қўйган экан.

Энди яна 1992 йилга қайтсам.

ЎзАда ҳам Шавкат Раҳмон худди бурунгидек жиддий эди.
– Қани, олинг, – деди, ҳол-аҳвол сўралгач.

Бор бисотимни узатдим. Ҳарҳолда биринчи бор кўраётгани йўқ, имтиҳондан ўтганман, ўқимасалар керак, деб ўйлардим. Хонада сукунат ҳукмрон. Шоир стол четидаги кулдонни ўзига тортиб, сигарет олди. У сигаретдан чуқур-чуқур тортар, аҳён-аҳён қора чойдан ҳўплаб, менинг қораламаларимни ўқирди. Назаримда, оғиз-бурундан буруқсиб чиқаётган тутун ва аччиқ қора чой уйғунликда шоир руҳини қиличдай ўткирлар, заррача бўлсин, чалғишига имкон бермаётгандай эди. Яна ноқулай аҳволда қолдим, энди кутишдан ўзга чора йўқ…

Бир вақт қарасам, мутолаа поёнига етган, шоир оқ қоғоз юзига нималарнидир ёзарди. Кейин уни машинистка қизни чақиртириб кўчиртирди. Яна бир марта ўқиб, имзо чекд. Бу Шавкат Раҳмонни менинг машқларим ҳақидаги мулоҳазалари ва айни пайтда Адиблар иттифоқига берган тавсияномаси эди. “Ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлимидагилар ҳам розилик беришлари керак”, деди шоир .

Шу тавсияномани кўтариб мен кейин “Саодат“ журналига –Эшқобил Шукур ҳузурига бордим. Эшқобил ака ҳол-аҳвол сўрашиш жараёнининг ўзидаёқ йўлланмани тайёр қилдилар. Адиблар иттифоқининг ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлимида Эшқобил Шукурдан ташқари Абдували Қутбиддин ва Азиз Саидлар ҳам бор ва тавсияномада уларнинг ҳам қўллари бўлиши шарт эди. Эшқобил ака аввал ўзи, кейин икки шоир дўсти ўрнида ҳам қўл қўйди: “Мен уларга ўзим айтиб қўяман”, деди. Сўнг қўшиб қўйди: “Энг муҳими – Шавкат аканинг тавсияномаси”.

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлашим керак, Шавкат ака менинг ишсизлигимни билгач, шу заҳотиёқ иш топиб бериш пайига тушди. Қайгадир чиқиб келди. Кадрлар бўлими билан учрашиб қайтди чоғи: “Яқинда биздаям янги иш ўринлари бўлиб қоларкан, ўзим чақириб оламан сизни”, деди.

Сўнг бир оз ўйлангач, кутилмаганда телефон гўшагини олди… ва тера бошлади. Шавкат ака Муҳаммад Раҳмон билан гаплашаётганини сездим. Раҳматли Муҳаммад Раҳмон ўшанда Президент девонида ишларди. Демак, нақ девоннинг ўзи билан гаплашяпти. Ўнғайсизландим. Ахир, кап-катта бир идоранинг Халқаро бўлимини бошқараётган одам ўз иши қолиб…

– Шундай қилинг, яхши, кутаман. – Шоир гўшакни қўяркан, кутилмаганда юзида жилмайиш зоҳир бўлди. – Бир ҳафта-ўн кун. Муҳаммад акангиз маоши тузукроқ иш топиб берадиган бўлди…

Энди мен туришим, раҳматлар айтиб чиқиб кетишим керак эди. Аммо…

Шавкат ака:
– Ҳозир, – деб кутилмаганда хона тўридаги шкафдан нимадир излай бошлади. Бир ҳафтадан кейин учрашиш шарти билан қўл бериб хайрлашаётганимизда у менга бир даста пул узатди. Мусофирлик, ишсизлик, прописка ўлда-жўлда бўлса-да, мен бу пулларни ололмасдим. Ҳеч бўлмаса, ёнимда пулим борлигини кўрсатишим керак эди.

– Мана, бор, мана…
– Хўп-хўп, – шоир жилмайди.

Кейин ўз-ўзидан ишлар юришиб кетди. Прописка ҳал бўлди, иш топилди, бошпанали бўлдим. Тақдирдан айланай, турфа тоифа одамлар билан учраштирди. Кичкина кўлмак қошида тилла балиқчага маҳлиё бўлиб ўтирган ақлли – ақлдан озганлар кимсаларни истаганча кўрдим. Ўзбеклар Икки дарё оралиғидек кенг ҳудудларда эмас, Денов-Қўнғирот оралиғидаги минтақадагина умргузаронлик қиладилар деган тасаввурдаги ўзини ўта эҳтиёткор, кўп бор оғзи кўйган кишидек сирли-силлиқ тутган кимсаларни учратганимда дилим оғриди. Бола-чақасини боқишга зўрға қуввати етадиган, баъзида бошида бошпанаси ҳам бўлмаган бу кимсалар нимадан чўчиганларини мен ҳали-ҳамон англолмайман. Менимча, булар ўлгудай эҳтиёткор, қўрқоқ ва бебурд кимсалар эди.

Яқинда устоз адиб, болалар адабиётининг забардаст шоири Турсунбой Адашбоев тартиб берган “Шавкат Раҳмоннинг хотирлаб” деган китобни варақлаб туриб, шундай сатларга дуч келдим: “Онам, – деб ёзади шоирнинг синглиси Мамлакатхон, – пулларини йиғиб қўяр, акам Шавкатбек келганида билинтирмасдан ёнларига солиб қўярди. Ва бизни ҳам туфлими, костюм-шимми олиб қўйишимизни ва акамга совға қилишимизни тайинлардилар, токим, акам узоқларда ўзини мусофирдек тутмасдан бошини мағрур кўтариб юрсин дердилар”, – дея хотирлайди. Шавкат Раҳмон деган шоир бу дунёда ошиб-тошиб яшаганига ҳеч ким гувоҳлик бера олмайди. Аммо орият, андиша феълида кучли бўлган шоирни билганлар унинг ўз сўзларидан қиёс қилибми, қайсар, дейишарди. Мен: ”Шавкат Раҳмон мард эди”, дейман. Ишонасизми, у учун қаршисидаги кишининг “асли қаерлик экани” ҳеч нарсани англатмасди. Шунинг учун ҳам у Шавкат Раҳмон эди.

Шавкат ака ҳали ўзи тузукроқ танимайдиган кишиларга ҳам беғараз ёрдам бера оладиган, тўлиб-тошиб ётган бўлмаса-да, сўнгги чақаси, охирги бурда нонини қўллари қалтирамасдан ўзидан ночорроқ деб билган кимсага бера оладиган шоир эди.

Академик В.Воҳидов номидаги Республика Ихтисослашган кўкрак қафаси жарроҳлиги илмий марказида ётганида ишдан қайтаётиб ҳар-ҳар замон зиёратига бориб турардик.

– Дунёда нима гаплар? – сўради бир гал. – Қани, сўйланглар-чи! – Шавкат ака Саъдулла Сиёевнинг “Аҳмад Яссавий” романини четга суриб, хасталик ҳали дахл қила олмаган ўткир нигоҳлари билан бизга боқаркан.

– Алишер уйли бўлди.
– Зўр иш бўпти-ку, зўр.

– Фақат сал қимматроқ олиб қўйдик-да, Шавкат ака, – деди Асқар Маҳкам.
– Қанча бўлди ?
– …

– Энг муҳими, бошпанали бўлгани, – шифтга қараб ётган шоир Асқар акага юзланади: – Асқар, зўр иш бўпти лекин… – Кейин унинг юзида ним табассум пайдо бўлди: – Бу сизу биз учун катта пул. Аммо пулдорларнинг ювиниш хонасига қўядиган бир тоғоранинг пули асли.

Кейин орадан ҳеч қанча вақт ўтмай дўконларнинг бирида жимжимадор – антиқа ванна хаёлимни тортди. Касалхонадаги гап ёдимга тушиб, нархини чоғиштириб кўрсам, аслзодаларга мўлжалланган бу тоғоранинг нархи чиндан ҳам менинг бир хонали уйимнинг қиймати билан тенг эди.

* * *

Касал зотига теккан яна бир хос “касаллик” бўладики, Шавкат акада йўқ эди. У вужудини кемириб, тинкасини қуритиб бораётган дардни атрофдагиларга сездирмасликка интиларди. Умри хазон бўлиб бораётган шоир қаршисида музтар қўл қовуштириб турган яқинларини суҳбатга чорларди – янгиликларни сўрарди ва, таажжубки, кўча-кўйда, матбуотдан эшитмай қолган кўп нарсаларни ана шу дори иси ҳукмронлик қилгучи палатада эшитиб қолардик. Касаллик ўз йўлида, у эса бутун жисми жони билан бугун-эрта қайтаман дея ният қилаётган жўшқин ҳаётда эди.

– Шеърлар ёзяпман, – дея палатанинг оппоқ деворларига ишора қилиб мақтанганига бир гал мен ҳам гувоҳ бўлганман. Уззукун михланиб қолган каравотида чўзилганча дард хуружи чекинганда палатанинг оппоқ шифтига шеърлар ёзиш…

– Кейин оққа кўчираман, – дея жилмайганди ўшанда. Мен палата шифтига қарайман – оппоқ, шоир юрак қони билан ёзган сатрларни кўролмайман.

“Худонинг ҳовлисида бир шоир ётибди денг…”, “Осмон тўла ҳаволар фақат менга етмайди…” каби сатрларни ўқиш шунчалар қийинми?

Аммо на илож?..

Набижон Боқийгина шоир кўмагида ана шу шеърларни маълум бир қисмини оққа кўчира олди, холос. Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган кўкрак қафаси жарроҳлиги илмий маркази касалхонаси палаталарининг бирида хаста шоирнинг энг сўнгги нолалари ҳамон ўчмагандир. Аммо уни ким ҳам ўқий олади, ким оққа кўчиради, ким таҳлил қилиб беради?

“Бир минг бир юз бир шоир” ҳақида ривоят-шеър бўларди. Адашмасам, бу шеър устоз Хуршид Даврон қаламига мансуб эди. Сўнгги нафасларини қанчалар қийинчилик билан олаётган бўлмасин, Шавкат ака шеърни унутмади. Жисмоний оғриқ сал чекинганда, шеър дарди вужудини эзарди. Ривоятда келтирилган сўнгги ягона шоир унинг ўзи эди. У ривоятни ҳақиқатга айлантира олган шоир бўлиб шеър майдонини тарк этди.

* * *

Қишнинг авж палласи, адашмасам, январнинг ўрталари эди. Набижон Боқий ҳомийлигида санаторийда бир муддат даволаниб чиқадиган бўлдим.
– Китоб-митоб олдингизми? – сўраб қолди ака.

– Ҳа, – деб ён сумкамга ишора қилдим.
– Қани, – деб эринмай бир-бир китобларни кўради.

Набижон ака шунчаки қизиқяпти-да, дейман …

– Чингиз Айтматов, Шавкат Раҳмон… Кўрдингизми?! – деб Иброҳим акага юзланди. – Каллаварам! – деди кутилмаганда. – Юракни даволатаётган одам Шавкат Раҳмонни ўқирканми?
– Нима қипти? – дедим.

– Неъмат Аминовнинг ”Ёлғончи фаришталар”, “Яллама ёрим”ига ўхшаган нарсаларни ўқинг. Шавкат Раҳмонни жангга киришдан олдин ўқиш керак!

Мен жилмайиб қўя қолдим.

– Набихон тўғри айтади, – дея кулади Иброҳим Ҳаққул ҳам.

Кейинчалик шоир шеърлари мутолаасидан шуни англадимки, унинг юки чиндан ҳам оғир эди.

* * *

Ижоди билан табиати, феъл-атвори бир-бирига яқин бўлган қалам аҳли кўп эмас. Ёзган асарлари бир дунё, ўзи бунинг акси – бошқа бир дунё бўлган адиб, шоирлар қанча! Ҳар қадамда учрайди.

Шавкат Раҳмон шеърлари Шавкат Раҳмон шахсиятининг инъикоси. Бу тан олинган ҳақиқат.

Ёзишга имкон қани?..

Ён-атрофи қалам-қоғоз эмас, дори-дармонлар, сунъий кислород халтачалари билан банд бўлганда ҳам сўнгги нафаслари билан оппоқ деворларга видо шеърларини битган шоир ким эди?

Кимлар юбилей, кимлар мукофот илинжида жиғибийрони чиқиб юрганда, ўлим тўшагида ётиб ҳам тириклик ҳақида ўйлаган, миллатнинг нурли келажагидан қувонган ким эди?

Москвада турфа ранг-тус, феълдаги хоним-жувонлар ичида яшаб туриб майда ҳиссиётларни шеър қилиш хаёлига ҳам келмаган, битта бўлса ҳам пардасиз – суюқ шеър ёзишни ўзига эп кўрмаган шоир ким эди?

Миллат келажаги, Ватан тақдири билан боғлиқ беғараз, энг самимий ва ҳаққоний шеърлар ёзган шоирни биласизми?

Шавкат Раҳмон ижоди ва шахсияти ҳақида гап кетганда беихтиёр ана шундай саволлар қаршингизда гавдаланаверади.

Шоир 1996 йилнинг 2 октябрида вафот этди. Вақтни қаранг, шунга ҳам қанча сувлар оқиб ўтибди.

Аммо гоҳ Бишкек, гоҳ Ўшда, гоҳ Тошкенту гоҳ Душанбе томонларда шоир китоблари тез-тез чоп этилади, хотира кечалари ўтказилганини эшитиб қоламиз.

Ўзи бош-қош бўлиб юбилейини ўтказишга қийналаётган зотларни кўрганда уни эслайман.

Дуч келган қиз-жувонлар, ҳатто бировларнинг аёли ҳақида вақт сарфлаб ёзилган кўпдан-кўп “суюқ” шеърларга кўзим тушганда шоирга раҳмат айтаман.

Ватан, Миллат ҳақида носамимий, зўрма-зўраки шеърларга дуч келганда уни эслайман.

Ҳамма ишини йиғиштириб бу йил албатта мукофот олишим керак, деб бел боғлаб турган қалам аҳлини кўрганимда унинг мағрур, мардона қиёфаси кўз ўнгимдан кетмайди.

Бугун ўсиб келаётган миллат фарзандлари руҳиятини кўтарадиган асл адабиёт ҳақида; катта йўл бошида турган ёш авлоднинг онг-шуури; ҳаётни, одамларни, юртни, миллатни бутун борлиғи билан севиш ва ўзни унга бахшида қила олиш туйғуларини шакллантириш ҳақида гап кетганда Набижон Боқийнинг Шавкат Раҳмонни қачон ўқиш кераклиги ҳақидаги сўзлари, болалигида Ўшдан бир саёҳат баҳонасида дадаси ва аяси билан Тошкентга келган, қайтишда бекатда дўпписини тушириб қолдирган ва… жисму жони билан шу заминга боғланиб қолган – оқибатда Тошкентнинг Яланғоч ота мозоридан бир парча ер насиб этган миллатпарвар шоир қиёфаси кўз ўнгимда гавдаланаверади…

033

Alisher Narzullo
YERNING QONLI MUSHTI
YOXUD GULLAYOTGAN TOSH QISSASI

Shavkat Rahmonni xotirlab
033

Jiyda gullab,
rayhonlar
taratganda bo’y,
aza bo’lar bir kunim,
bir kunlarim to’y…

Qadam Sayyid Murod

Mundayroq mashina motorining gulduragiday ayanchli va do’rillagan ovoz chiqqan tomon qaradim.

Ovoz sohibi allaqachon stoldan ko’zini olib derazadan tashqariga boqardi. Borliqqa chiroyli manzaralar hosil qilib laylakqor yog’ardi.

– Bugun hamma Shavkatni ulug’laydi, maqtaydi, ammo…
– …
– Shavkatni men bilardim, yaqin edik, do’stim edi, ko’p yillar birga ishlaganmiz.

O’y-xayolim, nigohlarim qo’llarini cho’ntagiga solib olgancha laylakqorni tomosha qilayotgan Shavkat Rahmonning do’stida edi.

Biroz jimlikdan so’ng u “Shavkat o’zidan sal o’tib ketganlarni ko’rolmasdi”, dedi.

Yana nimalardir dedi, ammo buyog’ini eslolmayman.

Payg’ambar yoshiga yetgan, Navoiy hazratlari yoshidan chandon o’tib ketgan, hayotning pastu balandini obdon ko’rgan bu kishi allaqachon bu dunyoni tark etib ketgan do’sti haqida nega bunday dedi?

O’ylab o’yimga yetolmadim.
Shu shartmidi?

Shavkat Rahmondan sal o’tib ketganlar… kimlar edi? Bormidi o’zi?
Bilolmadim.

Ammo bir muddat burun atoqli bolalar shoiri – ustoz Tursunboy Adashboev: “To’g’ri nashriyotdan olib kelayapman”, deb bolalarcha suyunib qoldirib ketgan hamma qo’l-qo’l qilayotgan ”Shavkat Rahmonni xotirlab” kitobini nega qo’liga ham olib ko’rmaganini, loaqal varaqlamaganini angladim. Angladimu…

…munkillab qolgan boyagi ovoz sohibi – bechoraga rahmim keldi.

Shu tobda Nabijon Boqiy gapirib bergan bir voqea xayolimdan o’tdi: “Men farg’onalik yoshi ulug’ shoirni hurmat qilib yurardim, – degan edi yozuvchi akamiz, – qachon Farg’onaga yo’lim tushsa, yo’qlab qo’yardim. Dardi bedavoga uchragan odamning ko’nglini shod qilish savob bo’ladi. O’sha o’ksik ijodkorga unvon berildi. Qutlagani borsam: “Shavkat Rahmon o’ttiz yil burun kitobimni nashriyot planidan chiqarib tashlagan edi, mana bugun undan ham zo’r shoir ekanimni hukumat tan oldi-ku!” dedi shilpiq ko’zlarini lo’q qilib. Nihoyatda ajablandim. Bu odam o’ziga ortiqcha baho berar ekan-ku? O’sha-o’sha yoshi to’qsonga qarab ketgan bachkana shoirdan ko’nglim qolgan. Shavkat Rahmon uning kitobini nashriyot planidan chiqarib tashlagan bo’lsa, u badiiy qaror kengashiga ko’ra, nashriyotga Erkin Vohidov direktor bo’lib kelgach, “makalatura” chop etishni to’xtatgan edi. Shilpiq shoir esa o’ttiz yildan buyon qo’ynida Shavkat Rahmonga otish uchun tosh saqlab yurgan ekan. Afsus…”.

07Shavkat aka bilan uchrashgan onlarim ko’z o’ngimga kelaverdi. Menga qilgan yaxshiliklari, bergan daldalari, ishonchlari…

Modomiki, eng xunuk gapni ham istagan davrada zarracha xijolat bo’lmay aytish mumkin ekan, yaxshilik ham, yomonlik ham unitilmas zamonda jim turish, ko’rgan yaxshiliklar haqida yozmaslik mumkinmi?

U chinakamiga shoir edi. Yozganlari hech bir so’z sehrgari “mo»jiza“lariga o’xshamasdi.

Shunday ham bo’ladi-da!
Har bir she’r – bir kuy.
Har bir she’r – bir obida.

Kuyni chalg’imasdan tugal tinglash kerak. Binoning bir ustuni yo g’ishtini ko’chirib ko’ring-chi?

Nega endi u o’z bilganicha yozadi?

She’r ma’lum bir doira ichida, temir qoidalarga rioya qilib yoziladigan san’at namunasi emasmi?..

Bir jizzaki, alamzada “tanqidchi” popugini tushirib qo’ymoqchi bo’ldi. O’tlug’ she’rlaridan “qaysar“ satrlarni uzib–yulqib matbuotda “do’pposladi”. She’rni bu taxlit – “qassoblarcha“ tahlil qilish adabiy tanqid odob doirasiga xilof bo’lsa-da, hech bir munaqqid lom-mim demadi. Shoir sukut saqladi.

Ablahsan demadim, rostini aytsam,
bu so’zni shunchaki degim kelmadi.
Assalom dedimu senday kimsaning
qo’lingga qo’limni bergim kelmadi.

YO

… necha bor o’zimga
g’azabingdan kech,
pastkashlar arzimas dedim o’ylashga,
aslida, xudodan haqqim bormi hech
birorta munosib dushman so’rashga

deya she’rlar yozdi.

Ehtimol, bu satrlar shoirning umr yo’lida duch kelgan shu kabi pastkash kimsalarning bir nechasiga birato’la bergan javobidir.

Men hech shubhasiz shunday bo’lsa kerak deb o’ylayman. Ammo…

…Singlisi Mamlakatxonning xotirlashicha, u bolaligida dadasi va ayasi bilan “…safo va havoda tengsiz qasaba O’sh”dan (“Boburnoma”) Toshkentga sayr qilgani kelishadi. Qaytishda, poezdga chiqishayotganda u do’ppisini tushirib qoldiradi. Keyinchalik onasi bir umr “o’kinib” yuradi: do’ppisi tushib qolmaganda, o’g’lim musofir bo’lmasmidi, deya …

U bir paytlar “yoshlik”, balki “xomlik” qilibmi, tushirib qoldirgan do’ppisi evaziga ko’p narsalarga chidashi kerak edi.

* * *

Mening fikri ojizimcha, she’r janr va turidan qat’i nazar ikki xil bo’ladi: haqiqiy, ya’ni, asl va avombop.

Asl she’r – mo»jiza, unga duch kelganda, so’z sehri-qudratiga tan berasiz. Olloh o’z hikmati bilan siylagan shoir nomi va satrlari xotirangizda muhrlanib qoladi.

Avombop she’rlar esa shuhrat, maqtovga o’ch shoirlar tomonidan tinimsiz yozib boriladi. Bunday she’rlar yig’ilish – majlislarda, ovqat tanovvul qilayotganda, birov bilan gaplashib turish jarayonida, xullas, istagan paytda dunyoga kelishi mumkin. Qaytariq qofiyalar, tanish shakl. Mavzular ham o’sha-o’sha yakrang. Bir she’ri birovning ayolini ko’rib, sevib qolgani haqda bo’lsa, keyingisi, albatta, Vatan haqida…

* * *

Ammo, asl she’r kam! Asl shoir kamyob!
Necha bor munojot qildim xudoga,
nechun sen bunchalar yolg’iz yaratding,
dilimga baxsh etib toshday iroda,
ko’zimni bahaybat dardga qaratding.
Nechun o’zgalarning shandir xayoli –
nastarin ochilgan,
sayrar qumrilar?!
Nechun yetimlarning o’tkir faryodi
shajarday chayqalur tasavvurimda?!

Bahaybat dard qoshida turgan shoirning mahzun qiyofasidagi malollikni qarang, men qanchalar “yolg’iz”man deya shikoyat qiladi. Bu nola dardsizlik girdobiga chalinganlardan bezgan ko’ngil faryodi. Nechun u nolimasin? Yetimlar ko’zidan oqayotgan yoshni artib qo’yish tugul, loaqal uni ko’ra olmayotgan, yiqilganni suyash yetti uxlab xayoliga ham kelmayotgan muhitda tashvishga tushmaslik mumkinmi? Shunday ekan, nastarin bo’yini u qanday his etsin, qumrilar xonishiga qanday quloq tutsin? Odamlarning bir-biriga sal mehribonroq, oqibatliroq bo’lmog’i to’rt kunlik dunyoi dunda shunchalar g’ayri imkon bo’lsa.

Shoirning tirikligida hech qachon amalga oshmagan orzularining aks sadosi bo’lgan mana bu satrlarga e’tibor bering:

Armonim ulg’aydi…
kecha so’ylardim –
qaniydi bo’lsa deb birorta mard do’st.
Bugun qon yig’larman –
dengiz bo’lsaydi,
bo’lsaydi ulug’vor ummonlarga yo’l.

Shoir katta bir muhit ichida, yor-birodarlari davrasida bo’lsa-da, negadir o’zini yolg’iz his etgan ko’rinadi. Ijodi allaqachon tan olingan, shaxs sifatida millatning mustahkam ustunlaridan biri ekanligi kunday ravshan bo’lgan muhitda o’z yaqin ulfatlari, yon-atrofida bo’lgan kishilar orasida o’zi istagan mard, dili ochiq do’stni negadir u uchratolmaydi. Hatto bunga ko’zi yetmaydi hamki, dengiz-ummonlarni qo’msab qoladi. Dengiz, ummonlar shiddatigina uning beorom qalbiga taskin bera olishi mumkin edi, illo…

* * *

So’z temirchi pechida toblangan temir parchalariga o’xshaydi. Tushgan joyini kuydiradi. Albatta, men asl so’zni nazarda tutyapman. So’zamol, so’zbozning qo’liga tushsa bormi, qadri somon-kepakka teng bo’ladi.

So’z umri – inson umridan uzun. Ming yillik ko’hna o’tmishni kitobat qilgan, oqibatda, “kelib-kelib afsonalarni she’rga soldingmi”, deya dashnomlar eshitgan – xo’rlangan keksa shoir she’rlarini atayin o’qiganman. Ammo So’z haqida butun boshli kitob yozgan alloma suhbatida ham bo’lganman.

So’z nima?

Nega u nishonga tekkanda yaralangan sher holatiga tushadi kishi?!

Nega ba’zan jon kuydirib nimalardir deyaverasan-u, ro’parangdagi kishi ma’nosiz ko’zlarini nigohingdan uzmay bo’zraygancha qarab turaveradi.

So’zning gavharligi rost bo’lsa, qachon u Attorning boshiga yetgan bir qop somonga aylanadi?..

Mabuotda “Yosh o’zbek shoirlariga“ degan murojaat – she’r paydo bo’ldi.

So’zlarni qayraylik,
obdon toblaylik,
idrok-la sovutib tag’in qayraylik,
O’zbekning qorako’z bolalariga
bitta dunyo qolsin mustahkam…

Bu satrlar unga tegishli edi. Xudbinlik aqldan ancha o’zib ketgan, boz ustiga, ertayu kech loyga ishlov bergandek so’zga zo’r berib “asarlar“ yaratayotgan bir zamon qalam ahliga bunday nozik murojaat qilish uchun kishida birgina jur’atning o’zi kamlik qilardi. Bu kabi nasihatni faqat unga o’xshagan shoirgina qilishga haqli edi. Uning o’zi va muxlislari tomonidan tartib berilgan bir necha kitoblar, saylanmalarida ushbu she’r uchraydi. Bu qalam ahli, so’z bilan har kun yuzma-yuz keladigan ijodkorlarni So’zga mas’ullik tuyg’usini his qilibgina qo’lga qalam olishga bo’lgan bir da’vat. Unga quloq tutmoq qog’oz bilan yuzma-yuz kelayotgan har bir sohibi qalamning o’ziga havola. Ammo oradan qancha yillar o’tmasin, kun kelib kimdir Shavkat Rahmon she’rlaridan yana bir kitob tartib berishga o’tirar ekan, albatta uning ”Yosh o’zbek shoirlariga” degan she’riga bo’lajak kitob sahifalaridan joy ajratadi.

* * *

1992 yilning kech kuzi. Skverga (hozirgi Amir Temur xiyoboni) o’tib O’zAning ikkinchi qavatiga ko’tarilishim… va Shavkat Rahmon bilan uchrashishim kerak edi.

Xalqaro bo’lim. Shoir ismi-sharifi bitilgan zalvorli eshik oldida turibman-u, toshdek qotganman. Kirsammi, yo…

Yo’lakdan Shavkat akaning o’zi paydo bo’lib qolmaganida, ehtimol, ortimga qaytib ketardim.

– E-e, keling! – Salomlashdik. – Qani, – eshikni ochib ichkariga boshladi shoir.

Keng, shinamgina xona, ammo…

Xonada papiros isi shu qadar qattiq o’rnashgan ediki, erkinroq nafas olishning o’zi bo’lmasdi.

Men burun ham Shavkat aka bilan uchrashgan edim. 1989 yili – hali sho’rolar zamonida… ikkinchi kurs talabasi Xo’janddan Toshkentga she’r ko’tarib kelgandim.

G’afur G’ulom nomidagi nashriyotning nazm bo’limiga kirganim esimda: Muhammad Yusuf, Abduvali Qutbiddin, xotiram pand bermasa, Zebo Mirzo va Minhojiddin Haydar…

Odobsizlik bo’lsa-da, ana shunday nomdor shoirlar qarshisidan naq bir papkaga joy bo’lgan mashqlarimni ko’tarib, ichkariga – Shavkat Rahmon o’tirgan xonaga kirganman. Kimlarning yonidan o’tib, kimning yoniga kirayotganimni g’o’r bir qalamkash holimda, taxminan, bilardim. Zamonaviy o’zbek she’riyatining ovozador, har biri o’z muxlisiga ega vakillari va albatta uning xuddi haqiqiy she’rdek sirli, mag’rur shoiri…

Shu o’rinda bir lirik chekinish: she’riyat bo’limini izlab qandaydir hashamatli eshikdan mo’raladim, xona to’rida ikki kishi – darrov tanidim: taniqli adib Erkin A’zam va tarjimon Nizom Komilov.

Mendaqa adashib yurganlar sonmingta bo’lsa-da, shunday zotlarni chetlab o’tib bo’ladimi? Soddalikmi, odobsizlikmi… borib, salomlashdim.

Shu payt xonaga O’tkir Hoshimov (Olloh rahmat qilsin) kirib qoldi. “E, e!..” deb Nizom Komilov o’rnidan turib ketdi. “Kelsinlar… shunday ulug’ yozuvchi qadam ranjida qildilar. – Kutilmaganda Nizom aka: – Mana bunaqalar sizni qaerdan bilsinlar?!” – deya meni ko’rsatib zorlanib qolsa bormi! Hayron bo’ldim, boz ustiga, suyukli adibni ilk bor ko’rib turardim.

Nizom aka yoshlardan nolir – bular ulug’larini qaerdan bilishsin, qabilida gap qilardi. Men xonadan sekin chiqdim va koridor bo’ylab ketdim. Nega O’tkir Hoshimovni bilmas ekanman? Ana, papkamda adibning “Ikki eshik orasi“ romanidan mutaassir bo’lib yozgan “Muzaffarning Munavvarga aytgan so’nggi so’zlari” degan mashqim…

Bir ziyorat qilay deb qo’llarini olgan kishilarni ham yaxshi bilardim: indamay jilmayib turgan kishi – yozuvchi Erkin A’zam va o’zlari – tarjimon Nizom Komilov. Nazarimda, Nizom aka odamlarning nodonligidan aziyat chekayotganga o’xshardi. Hamma narsani bir o’zim bilaman deb o’ylardi va kimnidir o’rinsiz xafa qilib qo’yishni xayoliga ham keltirmasdi. Keyin bilsam, Nizom aka doim hazil aralash jiddiy, jiddiy aralash hazil gap qilar ekan.

Shavkat akaning xonasiga bo’lim muharrirlari o’tiradigan xonadan o’tib kirilardi. Ammo bu xonada negadir deraza tugul chog’roq bo’lsa-da, tuynuk ham yo’q edi. Ichkariga bosh suqqanimda oq ko’ylakda bo’yinbog’i xiyol qiyshaygan… o’rta yoshlardagi shoir tutunga ko’milib qo’lyozma o’qirdi.

– Keling, – dedi Shavkat aka…

“Bolalikning so’nggi kuni” deb yozilgan papkamni qo’llarim o’zimga bo’ysunmagan holda uzatdim. Odatda, gazeta yo jurnallarga nimadir olib borsang, muharrir xushlab-xushlamayroq qo’lyozmani olib qolar, jur’at qilsang bir-ikki oylar o’tkazib, tiling kalimaga kelmay, aka, bir ko’z yugurtirdingizmi degandek, uzrxohlik qilarding.

Shavkat aka negadir o’qiyotgan qo’lyozmasini bir chetga surib qo’yib, mening mashqlarimni qo’liga oldi.

Men esa, nari borsa, keyinroq kelasiz, degan amrni kutgandim va bordiyu shunday bo’lsa, bundan boshim osmonga yetib Xo’jand sari qanot chiqarib uchardim.

Ammo Shavkat Rahmon papkani ochib bir varaqlab ko’rdiyu keyin jiddiy mutolaaga sho’ng’idi.

Ana shunda men terga botib ketdim.

O’zimga kelganda Shavkat aka she’rlarni qaytib papkaga joylab, uning chetiga 1989 yil 3 mart sanasini qayd qilib, qo’l qo’yardi. Nozima opa degan istarali, yuzlari kulib turgan opani chaqirib: “Buni ro’yxatga olib, qayd qilib qo’ying”, dedi. Men bilan xayrlashish uchun o’rnidan qo’zg’olarkan: “Asqar tuzukmi?” deb qoldi. Nozima opa endi qo’liga olgan papkaga ishora qilib: “Yaxshi”, deb qolgani to hanuz qulog’im ostida.
Keyin ma’lum bo’lishicha, ehtiyoti shart, menga hali o’quvchiligimdayoq adabiyotdan saboq bergan ustozim Asqar Mahkam Shavkat akaga qo’ng’iroq qilib qo’ygan ekan.

Endi yana 1992 yilga qaytsam.

O’zAda ham Shavkat Rahmon xuddi burungidek jiddiy edi.
– Qani, oling, – dedi, hol-ahvol so’ralgach.

Bor bisotimni uzatdim. Harholda birinchi bor ko’rayotgani yo’q, imtihondan o’tganman, o’qimasalar kerak, deb o’ylardim. Xonada sukunat hukmron. Shoir stol chetidagi kuldonni o’ziga tortib, sigaret oldi. U sigaretdan chuqur-chuqur tortar, ahyon-ahyon qora choydan ho’plab, mening qoralamalarimni o’qirdi. Nazarimda, og’iz-burundan buruqsib chiqayotgan tutun va achchiq qora choy uyg’unlikda shoir ruhini qilichday o’tkirlar, zarracha bo’lsin, chalg’ishiga imkon bermayotganday edi. Yana noqulay ahvolda qoldim, endi kutishdan o’zga chora yo’q…

Bir vaqt qarasam, mutolaa poyoniga yetgan, shoir oq qog’oz yuziga nimalarnidir yozardi. Keyin uni mashinistka qizni chaqirtirib ko’chirtirdi. Yana bir marta o’qib, imzo chekd. Bu Shavkat Rahmonni mening mashqlarim haqidagi mulohazalari va ayni paytda Adiblar ittifoqiga bergan tavsiyanomasi edi. “Yosh ijodkorlar bilan ishlash bo’limidagilar ham rozilik berishlari kerak”, dedi shoir .

Shu tavsiyanomani ko’tarib men keyin “Saodat“ jurnaliga –Eshqobil Shukur huzuriga bordim. Eshqobil aka hol-ahvol so’rashish jarayonining o’zidayoq yo’llanmani tayyor qildilar. Adiblar ittifoqining yosh ijodkorlar bilan ishlash bo’limida Eshqobil Shukurdan tashqari Abduvali Qutbiddin va Aziz Saidlar ham bor va tavsiyanomada ularning ham qo’llari bo’lishi shart edi. Eshqobil aka avval o’zi, keyin ikki shoir do’sti o’rnida ham qo’l qo’ydi: “Men ularga o’zim aytib qo’yaman”, dedi. So’ng qo’shib qo’ydi: “Eng muhimi – Shavkat akaning tavsiyanomasi”.

Shu o’rinda yana bir narsani ta’kidlashim kerak, Shavkat aka mening ishsizligimni bilgach, shu zahotiyoq ish topib berish payiga tushdi. Qaygadir chiqib keldi. Kadrlar bo’limi bilan uchrashib qaytdi chog’i: “Yaqinda bizdayam yangi ish o’rinlari bo’lib qolarkan, o’zim chaqirib olaman sizni”, dedi.

So’ng bir oz o’ylangach, kutilmaganda telefon go’shagini oldi… va tera boshladi. Shavkat aka Muhammad Rahmon bilan gaplashayotganini sezdim. Rahmatli Muhammad Rahmon o’shanda Prezident
devonida ishlardi. Demak, naq devonning o’zi bilan gaplashyapti. O’ng’aysizlandim. Axir, kap-katta bir idoraning Xalqaro bo’limini boshqarayotgan odam o’z ishi qolib…

– Shunday qiling, yaxshi, kutaman. – Shoir go’shakni qo’yarkan, kutilmaganda yuzida jilmayish zohir bo’ldi. – Bir hafta-o’n kun. Muhammad akangiz maoshi tuzukroq ish topib beradigan bo’ldi…

Endi men turishim, rahmatlar aytib chiqib ketishim kerak edi. Ammo…

Shavkat aka:
– Hozir, – deb kutilmaganda xona to’ridagi shkafdan nimadir izlay boshladi. Bir haftadan keyin uchrashish sharti bilan qo’l berib xayrlashayotganimizda u menga bir dasta pul uzatdi. Musofirlik, ishsizlik, propiska o’lda-jo’lda bo’lsa-da, men bu pullarni ololmasdim. Hech bo’lmasa, yonimda pulim borligini ko’rsatishim kerak edi.

– Mana, bor, mana…
– Xo’p-xo’p, – shoir jilmaydi.

Keyin o’z-o’zidan ishlar yurishib ketdi. Propiska hal bo’ldi, ish topildi, boshpanali bo’ldim. Taqdirdan aylanay, turfa toifa odamlar bilan uchrashtirdi. Kichkina ko’lmak qoshida tilla baliqchaga mahliyo bo’lib o’tirgan aqlli – aqldan ozganlar kimsalarni istagancha ko’rdim. O’zbeklar Ikki daryo oralig’idek keng hududlarda emas, Denov-Qo’ng’irot oralig’idagi mintaqadagina umrguzaronlik qiladilar degan tasavvurdagi o’zini o’ta ehtiyotkor, ko’p bor og’zi ko’ygan kishidek sirli-silliq tutgan kimsalarni uchratganimda dilim og’ridi. Bola-chaqasini boqishga zo’rg’a quvvati yetadigan, ba’zida boshida boshpanasi ham bo’lmagan bu kimsalar nimadan cho’chiganlarini men hali-hamon anglolmayman. Menimcha, bular o’lguday ehtiyotkor, qo’rqoq va beburd kimsalar edi.

Yaqinda ustoz adib, bolalar adabiyotining zabardast shoiri Tursunboy Adashboev tartib bergan “Shavkat Rahmonning xotirlab” degan kitobni varaqlab turib, shunday satlarga duch keldim: “Onam, – deb yozadi shoirning singlisi Mamlakatxon, – pullarini yig’ib qo’yar, akam Shavkatbek kelganida bilintirmasdan yonlariga solib qo’yardi. Va bizni ham tuflimi, kostyum-shimmi olib qo’yishimizni va akamga sovg’a qilishimizni tayinlardilar, tokim, akam uzoqlarda o’zini musofirdek tutmasdan boshini mag’rur ko’tarib yursin derdilar”, – deya xotirlaydi. Shavkat Rahmon degan shoir bu dunyoda oshib-toshib yashaganiga hech kim guvohlik bera olmaydi. Ammo oriyat, andisha fe’lida kuchli bo’lgan shoirni bilganlar uning o’z so’zlaridan qiyos qilibmi, qaysar, deyishardi. Men: ”Shavkat Rahmon mard edi”, deyman. Ishonasizmi, u uchun qarshisidagi kishining “asli qaerlik ekani” hech narsani anglatmasdi. Shuning uchun ham u Shavkat Rahmon edi.

Shavkat aka hali o’zi tuzukroq tanimaydigan kishilarga ham beg’araz yordam bera oladigan, to’lib-toshib yotgan bo’lmasa-da, so’nggi chaqasi, oxirgi burda nonini qo’llari qaltiramasdan o’zidan nochorroq deb bilgan kimsaga bera oladigan shoir edi.

Akademik V.Vohidov nomidagi Respublika Ixtisoslashgan ko’krak qafasi jarrohligi ilmiy markazida yotganida ishdan qaytayotib har-har zamon ziyoratiga borib turardik.

– Dunyoda nima gaplar? – so’radi bir gal. – Qani, so’ylanglar-chi! – Shavkat aka Sa’dulla Siyoevning “Ahmad Yassaviy” romanini chetga surib, xastalik hali daxl qila olmagan o’tkir nigohlari bilan bizga boqarkan.

– Alisher uyli bo’ldi.
– Zo’r ish bo’pti-ku, zo’r.

– Faqat sal qimmatroq olib qo’ydik-da, Shavkat aka, – dedi Asqar Mahkam.
– Qancha bo’ldi ?
– …

– Eng muhimi, boshpanali bo’lgani, – shiftga qarab yotgan shoir Asqar akaga yuzlanadi: – Asqar, zo’r ish bo’pti lekin… – Keyin uning yuzida nim tabassum paydo bo’ldi: – Bu sizu biz uchun katta pul. Ammo puldorlarning yuvinish xonasiga qo’yadigan bir tog’oraning puli asli.

Keyin oradan hech qancha vaqt o’tmay do’konlarning birida jimjimador – antiqa vanna xayolimni tortdi. Kasalxonadagi gap yodimga tushib, narxini chog’ishtirib ko’rsam, aslzodalarga
mo’ljallangan bu tog’oraning narxi chindan ham mening bir xonali uyimning qiymati bilan teng edi.

* * *

Kasal zotiga tekkan yana bir xos “kasallik” bo’ladiki, Shavkat akada yo’q edi. U vujudini kemirib, tinkasini quritib borayotgan dardni atrofdagilarga sezdirmaslikka intilardi. Umri xazon bo’lib borayotgan shoir qarshisida muztar qo’l qovushtirib turgan yaqinlarini suhbatga chorlardi – yangiliklarni so’rardi va, taajjubki, ko’cha-ko’yda, matbuotdan eshitmay qolgan ko’p narsalarni ana shu dori isi hukmronlik qilguchi palatada eshitib qolardik. Kasallik o’z yo’lida, u esa butun jismi joni bilan bugun-erta qaytaman deya niyat qilayotgan jo’shqin hayotda edi.

– She’rlar yozyapman, – deya palataning oppoq devorlariga ishora qilib maqtanganiga bir gal men ham guvoh bo’lganman. Uzzukun mixlanib qolgan karavotida cho’zilgancha dard xuruji chekinganda palataning oppoq shiftiga she’rlar yozish…

– Keyin oqqa ko’chiraman, – deya jilmaygandi o’shanda. Men palata shiftiga qarayman – oppoq, shoir yurak qoni bilan yozgan satrlarni ko’rolmayman.

“Xudoning hovlisida bir shoir yotibdi deng…”, “Osmon to’la havolar faqat menga yetmaydi…” kabi satrlarni o’qish shunchalar qiyinmi?

Ammo na iloj?..

Nabijon Boqiygina shoir ko’magida ana shu she’rlarni ma’lum bir qismini oqqa ko’chira oldi, xolos. Akademik V.Vohidov nomidagi Respublika ixtisoslashtirilgan ko’krak qafasi jarrohligi ilmiy markazi kasalxonasi palatalarining birida xasta shoirning eng so’nggi nolalari hamon o’chmagandir. Ammo uni kim ham o’qiy oladi, kim oqqa ko’chiradi, kim tahlil qilib beradi?

“Bir ming bir yuz bir shoir” haqida rivoyat-she’r bo’lardi. Adashmasam, bu she’r ustoz Xurshid Davron qalamiga mansub edi. So’nggi nafaslarini qanchalar qiyinchilik bilan olayotgan bo’lmasin, Shavkat aka she’rni unutmadi. Jismoniy og’riq sal chekinganda, she’r dardi vujudini ezardi. Rivoyatda keltirilgan so’nggi yagona shoir uning o’zi edi. U rivoyatni haqiqatga aylantira olgan shoir bo’lib she’r maydonini tark etdi.

* * *

Qishning avj pallasi, adashmasam, yanvarning o’rtalari edi. Nabijon Boqiy homiyligida sanatoriyda bir muddat davolanib chiqadigan bo’ldim.
– Kitob-mitob oldingizmi? – so’rab qoldi aka.

– Ha, – deb yon sumkamga ishora qildim.
– Qani, – deb erinmay bir-bir kitoblarni ko’radi.

Nabijon aka shunchaki qiziqyapti-da, deyman …

– Chingiz Aytmatov, Shavkat Rahmon… Ko’rdingizmi?! – deb Ibrohim akaga yuzlandi. – Kallavaram! – dedi kutilmaganda. – Yurakni davolatayotgan odam Shavkat Rahmonni o’qirkanmi?
– Nima qipti? – dedim.

– Ne’mat Aminovning ”Yolg’onchi farishtalar”, “Yallama yorim”iga o’xshagan narsalarni o’qing. Shavkat Rahmonni jangga kirishdan oldin o’qish kerak!

Men jilmayib qo’ya qoldim.
– Nabixon to’g’ri aytadi, – deya kuladi Ibrohim Haqqul ham.

Keyinchalik shoir she’rlari mutolaasidan shuni angladimki, uning yuki chindan ham og’ir edi.

* * *

Ijodi bilan tabiati, fe’l-atvori bir-biriga yaqin bo’lgan qalam ahli ko’p emas. Yozgan asarlari bir dunyo, o’zi buning aksi – boshqa bir dunyo bo’lgan adib, shoirlar qancha! Har qadamda uchraydi.

Shavkat Rahmon she’rlari Shavkat Rahmon shaxsiyatining in’ikosi. Bu tan olingan haqiqat.

Yozishga imkon qani?..

Yon-atrofi qalam-qog’oz emas, dori-darmonlar, sun’iy kislorod xaltachalari bilan band bo’lganda ham so’nggi nafaslari bilan oppoq devorlarga vido she’rlarini bitgan shoir kim edi?

Kimlar yubiley, kimlar mukofot ilinjida jig’ibiyroni chiqib yurganda, o’lim to’shagida yotib ham tiriklik haqida o’ylagan, millatning nurli kelajagidan quvongan kim edi?

Moskvada turfa rang-tus, fe’ldagi xonim-juvonlar ichida yashab turib mayda hissiyotlarni she’r qilish xayoliga ham kelmagan, bitta bo’lsa ham pardasiz – suyuq she’r yozishni o’ziga ep ko’rmagan shoir kim edi?
Millat kelajagi, Vatan taqdiri bilan bog’liq beg’araz, eng samimiy va haqqoniy she’rlar yozgan shoirni bilasizmi?

Shavkat Rahmon ijodi va shaxsiyati haqida gap ketganda beixtiyor ana shunday savollar qarshingizda gavdalanaveradi.

Shoir 1996 yilning 2 oktyabrida vafot etdi. Vaqtni qarang, shunga ham qancha suvlar oqib o’tibdi.

Ammo goh Bishkek, goh O’shda, goh Toshkentu goh Dushanbe tomonlarda shoir kitoblari tez-tez chop etiladi, xotira kechalari o’tkazilganini eshitib qolamiz.
O’zi bosh-qosh bo’lib yubileyini o’tkazishga qiynalayotgan zotlarni ko’rganda uni eslayman.

Duch kelgan qiz-juvonlar, hatto birovlarning ayoli haqida vaqt sarflab yozilgan ko’pdan-ko’p “suyuq” she’rlarga ko’zim tushganda shoirga rahmat aytaman.

Vatan, Millat haqida nosamimiy, zo’rma-zo’raki she’rlarga duch kelganda uni eslayman.

Hamma ishini yig’ishtirib bu yil albatta mukofot olishim kerak, deb bel bog’lab turgan qalam ahlini ko’rganimda uning mag’rur, mardona qiyofasi ko’z o’ngimdan ketmaydi.

Bugun o’sib kelayotgan millat farzandlari ruhiyatini ko’taradigan asl adabiyot haqida; katta yo’l boshida turgan yosh avlodning ong-shuuri; hayotni, odamlarni, yurtni, millatni butun borlig’i bilan sevish va o’zni unga baxshida qila olish tuyg’ularini shakllantirish haqida gap ketganda Nabijon Boqiyning Shavkat Rahmonni qachon o’qish kerakligi haqidagi so’zlari, bolaligida O’shdan bir sayohat bahonasida dadasi va ayasi bilan Toshkentga kelgan, qaytishda bekatda do’ppisini tushirib qoldirgan va… jismu joni bilan shu zaminga bog’lanib qolgan – oqibatda Toshkentning Yalang’och ota mozoridan bir parcha yer nasib etgan millatparvar shoir qiyofasi ko’z o’ngimda gavdalanaveradi…

033

(Tashriflar: umumiy 117, bugungi 1)

Izoh qoldiring