Buyuk Rey Bredberi (Ray Bradbury) vafot etdi

bredbery

     Бугун ўсмирлигимдан китобларини севиб ўқиган машҳур америкалик фантаст ёзувчи Рей Брэдбери 92 ёшида АҚШнинг Калифорния шаҳрида вафот этди.
1920 йилнинг 22 августида Уокиган (Иллинойс штати) шаҳрида дунёга келган,илк ҳикояси 1941 йилда босилган Рей Брэдбери узоқ яшади ва улкан адабий мерос қолдирди. Унинг китоблари бутун дунёдаги фантаст адабиёти ихлосмандларига таниш ва севимли эди. Айниқса,унинг “Момақаймоқ шароби”,»Марс хроникалари»,»Фаренгейт бўйича 451 даражада» китоблари адиб ижодининг гултожи ҳисобланади.
Рей Брэдбери адабиётдаги хизматлари ва асарлари учун кўплаб мукофотларга сазовор ёзувчи эди. Бугундан бошлаб Брэдбери ҳақида нима ёзмасак “эди” деб тугатишга мажбур бўламиз. Аммо, бир нарсани “эди” деб тугатолмаймиз.
У буюк ёзувчи сифатида китобхонлар юрагида абадий яшайди. Унинг китоблари абадий қолади.

Рей Брэдберининг ўзбек тилида нашр этилган «Марсга ҳужум» романини ziyouz.com сайти саҳифасидан юклаб олишингиз мумкин.
001

Оламшумул адиб эди
Ҳамидбек Юсупов

06Бешинчи июндан олтинчи июнга ўтар кечаси илмий фантастика жанрига улкан ҳисса қўшган ёзувчи Рэй Брэдбери Лос-Анжелес шаҳрида 91 ёшида вафот этди. У «Марс йилномалари», «Момақаймоқ шароби», «Фаренгейт бўйича 451 даража» каби юзлаб асарлари билан оламшумул шуҳрат қозонганди. Брэдбери ўта кучли шахс эди: кейинги йилларда у ногиронлик курсисига михланиб қолган, битта қўли умуман ишламасди, аммо кўзларида ҳаёт порлар эди. У тўқсон ёшида, касал ҳолида ҳам дунёдаги воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиб турар ва тинимсиз ишлар эди! Инсультни бошидан кечирганидан кейин Брэдбери ёзув машинкасида ишлай олмас ва ручка ҳам ушлай билмас эди. Аммо у ҳар куни қизига телефон орқали ўзининг барча асарларини айтиб туриб ёздирган. Уни илмий фантастика даҳоси, коинот асри шоири деб ҳисоблашарди, аммо ўзи бу таърифларни ёқтирмас ва одамлар ҳақида ёзяпман, дея таъкидларди. Гарчи ярим аср муқаддам плазмали телевизорлар, банкоматлар ва кузатув камералари ҳақида ўз асарларида башорат қилган бўлса-да, адибнинг уйидаги бор-йўқ техника телевизор ва оддий телефондангина иборат эди. Рэй Брэдбери машиналардан, компьютерлардан ва интернетдан нафратланишини яшириб ўтирмаган: «Улар бизнинг яшашимизга халақит беришади, улар бизнинг вақтимизни олиб қўйишади. Одамлар компьютерда жуда кўп ишлашади. Улар бир-бирларини тинглаш ўрнига, жуда кўп вайсашади». Ўз умри давомида Брэдбери 30дан ортиқ роман ва қиссалар, юзлаб ҳикоялар, шунингдек, шеърлар, пьесалар, сценарийлар ёзган; уларнинг барчаси бутун дунё бўйлаб миллион-миллион ададларда нашр этилган. Сўнгги интервьюларидан бирида бу ёзувчи шундай деган экан: «Ўлим — тирик бўлишдек ҳашам эвазига коинот билан ҳисоб-китоб қилиш шаклидир»

(Tashriflar: umumiy 82, bugungi 1)

Izoh qoldiring