Erkin Vohidov. Bir xatoning iztiroblari

044
Тақдир тақозоси билан Ойбекка отилган тошга адабиётшунос Ботир Файзиев палахмон бўлди. Ўзкомпартия газетаси бўлган “Қизил Ўзбекистон”да Ойбекни миллатчиликда айбловчи мақола шу олим имзоси билан босилди. Ёзувчига қўйилган айб ўтакетган уйдирма, кулгили даражада саёз ва мантиқсиз эди. “Навоий” романида тасвир этилган бир қаҳрамоннинг шароб ичиши лутф билан қозоқнинг қимиз сипқоришига ўхшатилган. Мақолада айтилишича, бу ўхшатиш қозоқ ҳалқини масхара қилиш бўлар экан. Бундан хулоса, Ойбекнинг романида миллатчилик ғояси олға сурилган, ҳалқлар дўстлигига бегона руҳ мавжуд.

099

Эркин Воҳидов
БИР ХАТОНИНГ ИЗТИРОБЛАРИ
Xотиралардан

   Беайб – Парвардигор. Инсон зоти xатолардан эмин эмас. Бу чалкаш дунёда, айниқса, биз бошдан кечирган янглишлар тўла давронда адашмоқ табиий эди, бугун ҳам шундай ва балки одамзод ноқисликдан ҳеч қачон xоли бўлмас. Лекин бу оламда шундай хатолар борки, уларнинг чоҳига тушган киши умрбод ёруғликка чиқолмайди. Мен ўз кўзим билан кўрган бир воқеа бундай фалокатнинг аянчли намунасидир.

Иккинчи жаҳон уруши тугаб, ғалаба ҳайқириқлари тинмасдан, байрам мушаклари сўнмасдан Шўролар давлатида ялпи қаматишларнинг навбатдаги тўлқини бошланди. Бу тўлқиннинг дастлабки зарбасига зиёлилар – атоқли олимлар, шоирлар, ёзувчилар учрадилар. Миллий адабиёт вакиллари ичида умумэьтироф этилган барҳаёт мумтоз адиб, ўша замонда, шуҳасиз, Ойбек эди ва шўро мафкуравий сиёсатининг палаҳмон тоши даставвал шу улуғ ёзувчига қарата отилди.

Биз бошдан кечирган тузумнинг ўта нозик, кўп синалган ва очиғини айтганда ўта қабиҳ услуби бор эди. Уни қисқача қилиб, сопини ўзидан чиқариш услуби дейиш мумкин. Агар бирор миллат фарзандига зарба уриш керак бўлса, бу иш албатта ўша миллат вакилининг қўли билан қилинар, ҳукмни ижро этувчи ўша юртнинг ўзидан топилар эди.

Тақдир тақозоси билан Ойбекка отилган тошга адабиётшунос Ботир Файзиев палаҳмон бўлди. Ўзкомпартия газетаси бўлган “Қизил Ўзбекистон”да Ойбекни миллатчиликда айбловчи мақола шу олим имзоси билан босилди. Ёзувчига қўйилган айб ўтакетган уйдирма, кулгили даражада саёз ва мантиқсиз эди. “Навоий” романида тасвир этилган бир қаҳрамоннинг шароб ичиши лутф билан қозоқнинг қимиз сипқоришига ўхшатилган. Мақолада айтилишича, бу ўхшатиш қозоқ ҳалқини масхара қилиш бўлар экан. Бундан хулоса, Ойбекнинг романида миллатчилик ғояси олға сурилган, ҳалқлар дўстлигига бегона руҳ мавжуд.

Аввало қозоқнинг қимизхўрлиги, ўзбекнинг чойхўрлиги, француз ёки гуржининг мусалласхўрлиги каби одатий ҳол ва бундан ор қилиш ўринсиз. Бильакс, миллий одат сифатида қадрланадиган ҳолатдир. Қолаверса, асардаги тасвирда азал-азалдан ўзбекка биродар, туғишган, ҳазилкаш дўст ҳалққа нисбатан беозор ва меҳр тўла лутфдан бошқа туйғу йўқ. Буни қозоқ ҳам ўзбек ҳам ҳис қилиб турганда улуғ адиб бошида гумбурлаган момақалдироқ, айниқса бугунги кўз билан қараганда, бағоят таажжублидир. Лекин у замонда ёзувчини миллатчиликда айблаш, унга ўлим ҳукмини чиқаришдек даҳшатли иш эди. Чўлпон, Қодирий, Усмон Носир каби ўнлаб ижодкорларнинг шу каби танқидлардан сўнг йўқ қилинганини ўз кўзи билан кўрган Ойбек адолатсизлик изтиробидан фалаж ҳолатга тушди ва умрининг сўнгигача ўнгланолмади. Бу зарбадан кейин яратилган асарлар яримта жон билан, кучли сабот ва ирода эвазига дунёга келган ижод намуналаридир.

Ойбекни фалаж қилган аслида қаттол тузум эди. Аммо тузум кўз билан кўриб, қўл билан тутиб бўлмайдиган бир қудрат бўлгани учун элнинг ғазаб ва қарғиши ўша тузум ҳукмини ижро этган аниқ ва мавжуд шахс – Ботир Файзиев бошига ёғилди.

Мен 1960-йили университетни битириб ёшлар нашриётига ишга келганимда Ботир Файзиев шу даргоҳда муҳаррир бўлиб ҳизмат қилар экан. Тақдирнинг тақозосини қарангки, Ойбек ижодининг ашаддий мухлиси, Ойбек сўзининг сеҳрига маҳлиё бўлиб юрган ёш шоир Ойбекка тош отиб ўзбекнинг Дантеси дея ном олган одам билан бир ҳонада бир йилга яқин рўбарў ўтириб ишладим.

Ошкора ва пинҳон надоматлардан, таҳқир ва қарғишлардан зада бўлган бу одам кун бўйи қоғоздан бош кўтармай ишлар, ҳеч ким билан гаплашмас, девонаваш ҳолатда хаёл суриб юрар эди. Ҳеч бир гуруҳ, ҳеч бир улфат уни ўз қаторига чақирмас, ўзи ҳам бунга интилмас, ёлғизликни ҳаёт тарзига айлантирган инсон эди у. Бундайлар тўғрисида, ерда унинг ўзи эмас, сояси юрипти, дейдилар.

Бир йилга яқин индамас одам билан бир хонада ўтириб ишлаш осон эмас. Мен неча бор оғиз жуфтлаб Ботир Файзиевдан ўша машьум мақоланинг ёзилиш тарихи тўғрисида, уни шундай ишга мажбур қилган ҳолат тўғрисида сўрамоқчи бўлдим. Лекин бу мажруҳ юракнинг ярасини янгилагим келмади. Уни биринчи кўргандаги ҳушламаслик ойлар ўтиб ачинишга, замоннинг тирик қурбони бўлган инсонга нисбатан раҳм-шафқатга айланди.

Ҳар қандай жазо гуноҳга яраша бўлса дуруст. Салгина паришонлиги учун машина уриб ўлдирган йўловчининг очиқ қолган кўзларида ҳайрат қотиб қолади… Ботир Файзиевни замон машинаси тириклай тилка-пора қилган эди. Бу йигирма йиллик қамоқдан ёки сургундан оғир жазо. Ботир Файзиевнинг изтиробларини ҳеч ким англамади ва кечирмади. Фақат бир олижаноб инсонгина уни кечириб, мадад қўлини узатди. Бу инсон — Ойбекнинг ўзи эди. Адашган олимнинг илмий асарини улуғ адибнинг ўзи қўллаб қувватлади.

Бу воқеа – мен гувоҳ бўлган бир тақдир ҳикоясидир. Ойбекнинг ўзи кечирган инсонни Оллоҳ ҳам раҳматига олган бўлсин. Улуғ адиб ва улуғ инсон бўлган устозга эса ўзи гўзал шеьрларида таьрифлаган боғу чаманлар бақо салтанатида насиб этсин. Биз — янглиш тўла дунёда яшаб юрганларни Оллоҳ оғир хатолардан, умрни ҳазон қилгувчи гумроҳликлардан асрасин.

Яна бир тилагим, жамият баркамол, ҳаёт маьноли ва ёруғ бўлмоғи учун инсонлар ичида Ойбек каби олижаноб, кечиримли қалб эгалари кўпроқ бўлсин.

(Tashriflar: umumiy 38, bugungi 1)

Izoh qoldiring