Hamidulla Akbarov. Lutfixonim Sarimsoqova

018 май – Ўзбек театр ва кино санъатининг ёрқин юлдузи Лутфихоним Саримсоқова таваллудининг 120 йиллиги.

     Ўзбек театр ва кино санъатининг ёрқин юлдузи,бетакрор истеъдод соҳибаси, халқ томонидан «Ая» деб эъзозланган Лутфихоним Саримсоқова талқинида дунёга келган образлар ҳаётий, жонли ва табиийлиги билан алоҳида ажралиб туради. Улар шу даражада моҳирона ижро этилганки, бирини иккинчисидан устун қўйиш, камситиш мумкин эмас. Ўзбек театр саҳнасида етук образлар яратган актриса кинода ҳам ёрқин, эсда қоларли образлар яратиб, кино санъатида ўз ўрни ва ижодий услубига эга бўлди.

06

02  Лутфихоним Саримсоқова (1896.8.5, Фарғона вилояти Риштон тумани — 1991.14.1, Тошкент) — актриса, хонанда. Ўзбекистон халқ артисти (1937). Ижодий фаолиятини 1924 й. Қўқон хотин-қизлар ҳаваскорлик тўгарагида бошлаган. Қўқон (1926—28), Андижон (1928—31), Марғилон (1931—34) театрларида, Ўзбек давлат мусиқа театрида (1934—39), Муқимий театрида (1940—73) ишлаган. Ўзбекистон давлат филармонияси қошидаги дуторчи хотин-қизлар ансамблининг ташкилотчиси ва бадиий раҳбари (1939—40).
Халқ санъатига хос бўлган соддалик ва мукаммаллик, ўткир ҳажв ва заковат, самимият ва қудрат, мазмундорлик ва таъсирчанлик каби хислатлар актриса ижодий услубининг асосини ташкил қилади. Лутфихоним Саримсоқова ҳам лирик, ҳам фожиавий, ҳам ҳажвий актриса бўлиб, халқ қўшикларининг моҳир ижрочиси, ҳозиржавоб аскиячи, уста раққоса ва яхшигина дуторчи сифатида ҳам танилган. Кўқон театрида саҳналаштирилган «Аршинмололон» (У.Ҳожибеков) мусиқали комедиясида дастлаб Зебо, кейинроқ Жаҳон хола, Гулчеҳра, «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин» (Хуршид) спектаклларида Лайли ва Ширин образларини яратган. Туғма истеъдод, шижоат, ўз касбига муҳаббат, ҳаракатчанлик натижасида Адельма (К. Гоцци, «Маликаи Турандот»), Смеральдина (К.Гольдони, «Икки бойга бир малай»), Турсун (В.Ян, Чўлпон, «Ҳужум») каби образларни маҳорат б-н яратди. Актриса ижодида, асосан, 2 йўналиш етакчилик қилди: бири лироэпик тарздаги муштипар оналар образи бўлса, иккинчиси салбий ва сатирик роллардир. Иккала йўналишда ҳам Лутфихоним Саримсоқова чинакам маҳорат чўққиларини эгаллади. Ойсара (К.Яшин, «Гулсара»), Она (Ғ.Зафарий,«Ҳалима»), Ёсуман (Хуршид, «Фарҳод ва Ширин») роллари бунга мисоддир. Актриса айниқса Ёсуман образини халқ санъати воситалари ёрдамида юксак бадиий умумлашма даражасига кўтарди. Уни ёвузлик, разиллик, макр-ҳийла тимсоли сифатида гавдалантирди. «Майсаранинг иши» (Ҳамза) комедиясидаги Майсаpa образида ўз имкониятларини аёл эрки ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратган бўлса, «Паранжи сирлари»даги Мастура сатанг образида, аксинча, аыл-идроки ва куч-қудратини аёлларнинг ҳуқуқ ва туйғуларини поймол қилишга сарфлайди. Халча хола («Қурбон Умаров»), Хайри хола («Офтобхон»), Жамол опа («Олтин кўл»), Рисолат чевар («Муқимий»), Хадича хола («Фарғона тонг отгунча») каби муштипар, мунис оналарнинг ранг- баранг образлари б-н ўзбек театри ва актёрлик санъати ривожига катта ҳисса қўшган. Айниқса, актриса ижросидаги Кимё («Нурхон») образи ўз жигарбандининг эркин нафас олиши учун ҳар қандай қийинчиликларга бардошли, оқ кўнгил оналар образининг мумтоз намунаси бўлиб, ижроси соддалиги, гўзаллиги б-н ажралиб туради.
Лутфихоним Саримсоқова ўзбек кино санъати тараққиётига улкан ҳисса қўшган. Унинг кино роллари саҳна фаолиятининг давоми бўлиб, бу ерда ҳам меҳрибон, мунис, жафокаш ўзбек оналари образини яратган. Она («Қасам»), Шарофат («Опа-сингил Раҳмоновалар») ва б. образларда актриса ўзига хос қиёфа касб этди. Лутфихоним Саримсоқова энг кичик ролни ҳам ниҳоятда моҳирлик б-н ижро этиб, унга улкан мавзу ва ҳаётий ҳақиқатни мужассамлаштирган, мустақил ва йирик образ ярата олиш мумкинлигини телба аёл («Фарзандлар») роли б-н исботлади. Актрисанинг кино санъатидаги ҳақиқий истеъдоди ва маҳорати Мехринисо («Мақаллада дувдув ran»), Фотима опа («Сен етим эмассан») образларида тўла намоён бўлди. Мехринисо образи орқали оддий оналарнинг феъл-атвори ва руҳиятини табиий бўёклар б-н ифодалаган бўлса, Фотима опа образида 14 етим болани ўз бағрига олиб тарбиялаган ўзбек аёлининг оқ кўнгил, куюнчаклиги, саховати, одамийлиги ва буюк иродасини юксак маҳорат б-н етказа олди. Лутфихоним Саримсоқова хонанда сифатида «Қулинг», «Ўзганча», «Ёр-ёр», «Ҳаккалакам ўйнасам ман», «Жамбилхон», «Ёргинам», «Омон бўлайлик», «Қилпиллама» каби ўзбек хотин-қизларининг халқ ашула, қўшиқ ва лапарларини маҳорат б-н ижро этган.
Лутфихоним Саримсоқова ҳаёти ва ижодига бағишланган «Ая» (1976), «Лутфихон ая» ҳужжатли фильмлари ишланган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени б-н мукофотланган (2001) (Ўзбекистон миллий энциклопедиясидан).

Ҳамидулла Акбаров
ЛУТФИХОНИМ САРИМСОҚОВА
09

   09  Лутфихоним Саримсоқова ҳақида шингил ҳикояларни онамдан — композитор Хафияхон Муҳамедовадан эшитиб, у киши билан учрашишни, суҳбатини олишни орзу қилиб юрардим. Тошкентнинг «Оқ мачит» даҳасидаги маҳаллаларга электр қуввати етмай қолар, кўп қатори бизнинг болохонали хонадонимизда ҳам лампа чироқ ёқилар, ярим тунга қадар сандал атрофида ўтириб ҳикоя, латифа, мусиқа эшитардик. Ғира-шира ёритилган, лекин илиққина хонанинг бир четида савлат тўкиб турган қоп-қора пианинонинг оқ ва қора клавишларига онамизнинг нозик бармоқлари текканида атроф ёришиб кетгандек бўларди. Ёқимли куй, лирик тароналар зулматни енгиб, ҳар биримизга хушкайфият бағишларди.

«Омон ёр», «Қилпиллама, ёр», «Барно йигит», «Фабриканинг йўлида рўмолча топиб олдим» каби қўшиқларни хиргойи қилиб, уларнинг оҳангидан завқ олиб бизни қоронғи тунда овутаётган онамиз: «Мана бу қўшиқни Лутфихон аядан ёзиб олганмиз. Бу машҳур хонанда, уста санаъткорни Марғилондан излаб топганмиз!» — дерди.

04   Шокилали зирак таққан, ироқи дўппи кийган, узун, тим қора сочларини орқага ташлаб олган Лутфихон аянинг хонадонига борганимизда у бироз таажжубланди. Мени эслагандек бўлди. Лекин ёнимдаги пешонасига тўр дуррача танғиб олган рус аёлини кўриб ҳайратомуз тикилиб қолди. Салом-аликдан кейин нима важдан келганимизни айтдим:
— Қўшиқларингизни нотага олишга келдик. Ҳамроҳим Елена Евгеневна Романовская. Петербург консерваториясини битирган. Ҳозир Тошкентда истиқомат қилади. Елена опа маданиятимизга меҳр қўйган. Қуръонни билади. Ҳозир водийда аёллар айтадиган қўшиқларни ёзиш билан бандмиз.
— Осон бўлмаётгандир. Аёлларимиз жуда тортинчоқ-да, — қизиқиб қолди мезбон. Ичкарига таклиф этдию, биздан яна маълумот олишга ошиқарди. — Тўй-ҳашам, қизлар даврасида ўртага тенгдошларимни, ёш қизалоқларни тортмоқчи бўламан. Ҳеч унашмайди.

— Қайси хонадонга бормайлик, бажонидил сўрашиб, дастурхон ёзиб, чой узатишади. Лекин «Бир жуфт ашула айтиб беринг, дугоналарингиз сизни тавсия этишди», деб илтимос қилсак, дуррачалари билан юзларини беркитиб «Ким айтди? Ашула, ўйинни билмаймиз. Артистлар бор-ку, ўшаларга айтинг. Қойил қилиб айтиб беришади» деб ҳеч кўнмайдилар. Лутфихон ая тажрибалари билан ўртоқлашгандек бўлди:

— Бир учрашувдан кейин улар дарҳол ўртага тушиб, ўйнаб, хиргойи қилиб, катта ашулаларни баралла айтиб бериши амримаҳол. Сиз кетганингиздан кейин эшикни тамбалаб, лапар ҳам айтишади, дугоналари билан аския ҳам қилишади. Фарғонача рақс тушишини айтмайсизми? — дейди ва деворга осиғлиқ дуторни олиб уни шунақанги сайратдики, биз опа билан (Елена Евгеневнага шу тарзда мурожаат этардим) шошиб қолдик. Чамадондан метирономни — оҳангнинг янграш суръатини белгилайдиган учбурчак шаклдаги асбобни олиб, уни дарҳол ишга солишга уриндик. Нота тагига кичикроқ патнис қўйиб, янграётган товушларни махсус белгилар билан қоғозга тушира бошладик.

Қўшиқ кетма-кет айтилди. Шоша-пиша биримиз ашуланинг сўзини, биримиз эса оҳангни илғаб олиб нотага муҳрлаш билан банд бўлдик. Уч-тўрт қўшиқ айтиб бўлгач, пиёладаги совиб қолган чойни ҳўплаб, нотага тикилиб қолди:
— Шу нуқталар билан ҳозир мен айтган ашулаларни ёзиб олдингизми? — деб қаҳқаҳа уриб кулиб юборди. Чамаси, «ҳаракатингиз беҳуда» демоқчи бўларди.
— Ҳа. Оҳанг ҳам, айтилиш мароми, сўзларини ҳам ёзиб олдик.
— Йўғ-э. Айтиб беринг-чи? Ҳеч янглишмайсизми? — бу таклиф адо этилишига ишонқирамай ёзувимизга қараб қолди.
— Сизникидек янгроқ овозим йўқ. Лекин сўзингиз ҳурмати уннаб кўраман дедим-да, Лутфихон аянинг қўлидаги дуторга ишора қилиб:
— Дуторингизни ишонасизми? — деб сўрадим.

08Мезбон бизни фақат ёзувчи, шарҳловчи, мусиқа тўпловчи сифатида қабул қилган экан, шекилли, таажжубини яширмай созини узатди. Олдин водийнинг шаҳар ва қишлоқларида ёзиб олган «Ёр-ёр» ашуласи турли оҳангда, ранг-баранг сўзлар билан айтилишини эслатдим. Лутфихон ая бағримга босиб олган дутор косасида ҳаракат қилиб торлардан майин товушни «тортиб олаётган» бармоқларимга қараб кўзларига ишонмай ўтирди. «Ёр-ёр»нинг эркакларга хос йўллари бошланиб, мен сунъий равишда баритон овози билан айтмоқчи бўлганимда, мезбон «Кўп яшанг! Бормисиз!» дедию, ўзи ҳам қўшилиб, машҳур «Ёр-ёр»нинг Фарғона йўлида айтиладиганини баланд овоз билан ижро эта бошлади.

Бизга таниш бўлган куй ўзгача сўз билан айтилди. Опа иккимиз бир-биримизга имо-ишора қилишга улгурдик. Қўшиқнинг Лутфихон ая ижросидаги нусхаси ҳам ёзиб олинди. Фурсат ўтмай ҳозиргина нотага олинган куй-қўшиқларни попурри шаклида кетма-кет чалиб, ашуласини ҳам баҳоли қудрат айтдик. Шунда Лутфихон ая ўрнидан туриб юзини-юзимизга қўйиб:
— Айланай сиздан! Шундай иш билан бандмисиз? Авлодларимизга сақланиб қоладими биз айтиб юрган ашулалар? — деди-да, бироз жиддийлашиб, — лекин буни савоб иш дея олмайман. Мусиқани қоғозга ёзиш динимизда ножоиз иш эмасми? — деб сўради. Бу мулоҳазага жавоб ҳам борлигига ишора қилиб ўрнидан туриб кетди. Ошхонага бориб сариқ самоварга ўтин қалашга киришган мезбонга қарашдим.

— Ўзим қайнатаман самоварни. Хизматга қўйдик сизни, — деб яна гап бошлаган эдим, суҳбатдошимиздан садо ҳам чиқмади. Ўша пайтда тарғиботчилар кўп бўларди. Улар сингари мен ҳам ташвиқот қила бошладим. — Тошкентда ҳам шундай воқеа рўй берган эди. Фарғона ва Тошкент мақомларининг устаси Шораҳим ота Шоумаровдан «Дугоҳ Ҳусайин», «Баёт», «Чоргоҳ», «Гулёр-Шаҳноз» ёзиб олинди.

— Мақом ижросининг ўзи анча мураккаб. Уни ёзиб олиш ундан ҳам қийин бўлгандир. Қай йўсинда ўтди ўша дамлар? — Лутфихон ая тобора ишимизга кўпроқ қизиқа бошлади. — Шораҳим ота танбур чертиб, мақомни қай тарзда айтса ўша маромда, ўша паузалар билан ёзиб олинди. Петербургдан юртимизга келган, мусиқамизни севиб қолган композитор, этнограф билимдон олим ва ижодкор Виктор Успенский Илёс Акбаров билан мақомни тўлалигича ёза бошлаганида уларга қарши чиққанлар кўп бўлди. «Номувофиқ ишни қилдинг. Оҳангни қоғозга ёзиб бўладими? Ҳеч ким қилмаган иш бу…» деб айниқса, Шораҳим ота ва Виктор Александровични таъқиб қилишган эди. Шунда тумонат одам йиғилиб, Баландмачитдаги мусиқа билим юртининг катта хонасида кескин тортишув бўлиб, Шораҳим танбурчини, ҳофизни имонсизга чиқариб қўйишларига оз қолди.

Ўшанда Виктор Успенский саҳнада қўлини пахса қилиб гапираётган бир нотиқни олдига Шораҳим отани бошлаб олиб чиқди-да, «Ҳозир шашмақомнинг сиз танлаган ашула йўлларидан бирини Шораҳим созанда ва хонанда сифатида ижро этади. Мен уни айни бир вақтда ёзиб оламан. Ижродан кейин Шораҳимга жавоб берамиз-да, мен мана бу пианинода ўша куйни айнан чалиб бераман», деб саҳнадаги пианинога ишора қилди. Ҳамма ҳайрон бўлиб созандага қараб қолди. У эса шашмақомдан олинган парчаларни аста чала бошлади. Виктор Успенский ёзишга улгураяптими-йўқми, дея унга тез-тез қараб қўяр, ишора ҳам қилар, айрим мусиқа жумлаларини қайта ижро этарди… Ижро ниҳоясига етгач, созанда саҳнани тарк этди. Успенский эса ҳозиргина ёзиб олган куйни нотага қараб завқ-шавқ билан ижро этди. Йиғилганлар ҳанг-манг бўлиб қолди… Шораҳим отадан узр сўрагандек бўлиб тарқалдилар.

Бу воқеа Лутфихон аяга таъсир этди, шекилли, гоҳ дуторни, гоҳ эса оддий ликопчани чертиб кетма-кет халқ қўшиқларини шунақанги берилиб, эҳтирос ва қизалоқларга хос назокат билан айта бошладики, биз Елена опа билан товушни нотага олиш, шеърий мисраларнинг ўзига хос талаффузини — транскрипциясини қоғозга муҳрлашни унутаёзибмиз. Рақс тушиб, бир зум тўхтаб ашулаларнинг авжини айтиб, сўнгра жозибали рақсида давом этаётган ая дафъатан бизга мурожаат этиб қолди:

— Нимага чапак чалиб ўтирибсизлар? Сизларга кўпчиликни ўзбек рақси, мусиқаси, шўх ва ўйчан, ҳазил-мутойибага бой, баъзан эса киноя, кесатиқлардан ҳам холи бўлмаган қўшиқлари билан таништирсин, деб лапар айтсаму, қўлингизга қалам ҳам олмай, томоша қилиб ўтираверсангиз, — деб чойдан ҳўплаган мезбон ироқи дўппини ечди. Токчадаги қалампир расми солинган Қўқон дўппини олиб пешонаси аралаш бостириб кийди. Катта ашулага ҳозирлангандек кўринган эди шу чоғ. Лекин таълим-тарбияга оид шўх ашуласини бошлаб юборди. Хонанданинг бу чиқишини у ҳозиргина бизга ҳазил аралаш айтган кинояли сўзларининг давомидек қабул қила бошладик:

— Бозор борайми, қизим,
Шолпар олайми, қизим?
— Йўқ, йўқ, жон дадажон,
Асло очилмайди кўзим.
— Бозор борайми, қизим,
Атлас олайми, қизим?
— Йўқ, йўқ, жон дадажон,
Аста очилмайди кўзим.
— Бозор борайми, қизим,
Санга эр олайми, қизим?
— Йўқ, йўқ, жон дадажон,
Аста очилмайди кўзим.
— Бозор борайми, қизим,
Мактаб берайми, қизим?
— Ҳа, ҳа, жон дадажон,
Энди очилди кўзим!

Дастлабки мусиқа жумлаларини нотага туширдик, бирламчи тўртликни сўзма-сўз ёзиб олдик. Ундан сўнг Лутфихон ая шундай ҳаракат, нигоҳ, имо-ишора билан айтаётган шўх қўшиқни бошлаб юбордики, ёзолмадик. Қотиб-қотиб кулар, «дадажон» бўлиб эрка қизининг кўнглини овламоқчи бўлган хонанданинг йўғон овоз билан савол айлашига қойил қолар, фурсат ўтмай шўх, эркатойнинг ҳозиржавоблигини, Марғилоннинг атласини эмас, ёрни ҳам эмас, ўқишни истаган қизалоқнинг ҳолатини, ҳатто жозибали қиёфасини майин овоз, ноз-карашмалар билан бизга етказишидан завқланиб, оддий томошабин ва тингловчига айландик. Бу хонанда ва раққосанинг унча катта бўлмаган сўрида худди саҳнадагидек ҳаракат қилишини, ҳар бир қаҳрамонининг ҳолатига кира олишига маҳлиё бўлиб қолган ҳамроҳим Елена Романовская тўлқинланиб:

— Қандай серқирра истеъдод! Ритмни ҳис этиб туришини қаранг. У хонанда, раққосагина эмас, актриса, зўр актриса-ку! -деб аяни қучоқлаб олди. Ҳали ҳолатдан чиқишга улгурмаган Лутфихон эса одатда режиссёр актёрга айтадиган сўзларини бизга йўллаб:
— Бу қўшиқ қаҳрамони зукко қиз. Фаҳм-фаросатли, билимга ташна қизалоқ дадажониси ҳузуридагина ўзини бироз эрка тутади. Падари бузруквори ҳам сержаҳл, қаҳри қаттиқ эмас, дийдаси бўш, кўнгилчан киши. Қаранг, кичкинагина қўшиқда ота ва қизнинг ўйлари, ўзаро муносабатлари очилган.

Елена опа ҳозиргина айтилган қўшиқни хиргойи қилиб, қалин дафтарга нималарнидир ёзиб қўйди. Ая менга юзланди:
— Бу овруполик аёл ўзбек қўшиғини ҳиргойи қилиб ўтирибдими?
— Ҳа, Елена Евгеневна куйларимизни ёқтиради. Куйларимиз тилидан тушмайди. Айниқса, «Ёр-ёр»ни кўп айтади. Биз уни «Ёр-ёр шайдоси» деймиз. Саволларимизни уларга ўзингиз бераверинг, -деб суҳбатимиздан баҳраманд бўлиб, кулимсираб ўтирган Елена Романовскаяга ишора қилдим. Лутфи ая билан Елена опанинг ўртасидаги суҳбатнинг ўзи бир достон… Машҳур ўзбек қизи Петербургда таҳсил кўрган, Полшада истиқомат қилган, лекин юртимизга меҳр қўйиб, унинг мусиқасини тўплаш, нашр этишда ташаббус кўрсатган, бу йўлда мусиқашунос-этнограф сифатида иш кўрган Е.Романовская билан дарҳол тил топишгани, биргалашиб қўшиқ айтгани, рақс тушгани — бу дақиқаларни унутиб бўлмайди.

Кўчага чиққанимизда қоронғу тушган эди. Тошкентда учрашишни ният этиб, хайрлашдик. Волидаи меҳрибонимиз Хафия Муҳамедова ҳикоялари билан тиклашга уринган учрашув, суҳбат, тадқиқот ишларининг биргина кўриниши, аввало, Лутфихон Саримсоқовага таъриф ва тавсиф беради. Аниқроғи, етуклик бўсағасидаги хонанда, раққоса, ижрочилик санъатини намоён эта бошлаган истеъдод соҳибининг 1933-1934 йиллардаги ижодий мавқеи, даражаси ҳақида фикр юритиш учун эстетик даражадаги ахборот беради.

Кейинчалик мамлакатимизнинг шаҳар ва қишлоқларида актрисага барча «Ая» деб мурожаат эта бошлади. Зеро, театр ва кинода ўнлаб меҳри дарё Она образларини яратиб шуҳрат қозонган Л.Саримсоқова саҳнага, экранга файз киритган дамлар бўлди. Лекин аянинг мусиқа, вокал соҳасидаги билими, имкониятларидан кинода бир марта — «Стадионда учрашамиз» (1956) комедиясида кенг фойдаланилди. Ваҳоланки, экрандаги биринчи ролларидаёқ ая ашула айтиб ҳам қаҳрамонининг характерини очиб бериши мумкинлигини кўрсатган эди. «Асал»да (1940) Лутфихон ая қўшиқ айтиб, фироқ ўтида ёнган қизини юпатади.

«Насриддин Бухорода» (1943) комедиясида унинг қаҳрамони башанг аёл, айш-ишратга берилган таннозхон тошойна олдида кўз ёшини тўкаётган келинчакка қалин ўсма, упа-сурма қўйиб, сатанг аёлларга ўхшатиши саҳнасида чапани қўшиқ айтган ҳолда намоён бўлади. Бошқа бирорта филмда актрисанинг вокал имкониятларидан фойдаланилмади. Ая узоқ йиллар давомида мусиқали театрнинг етакчи актрисаси сифатида самарали ижод этиб келди. Бу ҳақидаги ҳикоямизни, серқирра истеъдод соҳибаси бўлган аямиз билан бўлган суҳбатларимизни давом эттириш ниятидамиз.

Шаҳримизнинг Кўкча ва Оқлон маҳаллаларига яқин жойда «Катта ҳовуз» деб аталмиш файзли гузар бўларди. Ҳар томондан қад кўтара бошлаган иморатлар ўша машҳур ҳовузни бамисоли қуршовга олиб, сатҳини торайтира борди. Бора-бора у кўлмакка айланди. Ниҳоят, суви қуриб, ўша ердаги ҳамиша гавжум чойхонанинг кичкина гулзорига айланди. Лекин «Катта ҳовуз» номи билан қолди.

Ўша чойхонанинг ёнгинасидаги бир мўътабар хонадонга бориб «Ҳовузнинг ўзи йўғу, номи қолган» деб таажжублансам, Тожизода исмли машҳур актёр бир гал бундай жавоб қилган эди: «Бир йигит уйининг атрофига бақатерак новдаларини қадаб, парвариш қилиб, вояга етказганда, унинг исмига «бақатерак» сўзини қўшиб айтадиган бўлишибди. Боғбон йигит жаҳли чиқиб барча теракларни арралабдию, тўнкалар бақрайиб ўтган-кетганнинг ғашига тегибди. Энди «Карим тўнка» лақабини олган йигит чидай олмай тўнкаларни таг-туги билан қўпориб ташлабдию, йиғилган тупроқдан супачалар ясаб, текислаб, сув сепиб ўша ерга қайта чирой киритибди. Шунда у «Карим — саранжом» лақабини олибди…»

-Маҳалламиздаги ҳовуз аллақачон қуриб қолган бўлса ҳам «Катта ҳовуз» номи қолди, — деб ичкарига таклиф этди уй бекаси Лутфихоним Саримсоқова. — Тожизода акангиз менга айтмайдиган гапларини сизга айтади. Аёлларга очилиб-сочилиб сўзламайди. Ҳозир сизни «Карим бақатерак», «Карим тўнка», «Карим саранжом» деб кулдирганини эшитиб, мен ҳам баҳраманд бўлдим. Уларга кўпроқ мен гапираман. Айниқса рол устида ишлаётганимда. «Сурайё» филмини суратга олишаётганида бир қиз — Сайрам Исаеванинг қаҳрамони сенарий бўйича йиғлаши талаб этилганди. Ҳеч йиғламаса денг. Режиссёр Учқун Назаровнинг хуноби чиқди. Менга эса уйини, қишлоғини севган йигити деб тарк этаётган ўша довюрак қизнинг онаси ролини ўйнаш топширилганди.

Уйга вақт хуфтондан ўтган пайтда келганимда Тожизода акангиз «Нима бўлди, яна ўйнай олмадими? деб сўради. Мўмин-қобил акангизнинг жаҳли чиқиб, дабдурустдан «мана сенга, деб, қулоғининг тагига солмайсизми. Уйини ташлаб кетаётган қизнинг адабини берардингиз. Бошқаларга ибрат бўларди» деб қолди. Бу маслаҳат менга тескари таъсир кўрсатди: уриш, сўкишбилан эмас, меҳрли сўзлар ила, мулойим муомала қилиш йўли билан ёш актриса юрагига таъсир этиш мумкин-ку, деб ўйлаб қолдим.
Эртасига суратга олиш майдончасига борганимда Сайрам билан оналардек кўришдим. Ҳол-аҳвол сўрадим. Пардозхонадан чиқиб камера рўпарасида пайдо бўлганимизда «Она қизим Сайрам, узоқ Хўжанддан келдинг-а, неча ой бўлди онангни, отангни кўрмаганингга, онаизор Хўжандда, бепарво қиз павилонда! Соғинмадингми волидаи меҳрибонингни? — деганимни биламан, Сайрам Исаева ҳўнг-ҳўнг йиғлаб юборса бўладими?! «Мотор!» буйруғи эшитилди. Камера ишлаб кетди. Сайрамнинг катта-катта кўзларидан ёш оқиб, оппоқ кўйлагига томаётгани суратга олинди.

Актрисанинг устахонаси сирларига оид бир сирни билмоқчи бўлиб савол бердим:
— «Сурайё» филмида умр йўлдошингиз Тожизода мулоҳазаларига нисбатан тескари иш қилиб, вазиятдан чиқибсиз. Ҳар гал бундай бўлмас. Имо-ишора, нигоҳ ташлаш, умуман, жисмоний ҳаракат, руҳий ҳолатларни ифода этувчи сўз оҳангини, орзу-умидлар ифодасини топишингиз жараёни қандай кечади? «Маҳаллада дув-дув гап»да қаҳрамонингиз Меҳри холанинг узоқ сафардан қайтган ўғлига бўлган муносабатининг теран ифодасини топганингиздан ҳайратга келамиз…

— Тожизода акангиз билан кўп ўзбек оилалари каби болажонмиз. Уруш етимларини биз ҳам уйимизга олиб келганмиз. Актёрнинг ўзида эҳтирос, меҳр бўлмаса бундай руҳий тўлқинларни ифодалаб бера олмайди. Актёр учун яна бир хазина: ҳаёт оқими, замондошлари қиёфаси, сўзлаш оҳанги, юриш-туриши, рўмол ўраши, сочини тараши.…

Чорсу билан Эски Жўва оралиғида бир аёлни кўрардим.Сочи таги билан олинган, узун кўйлак кийган ҳолда бошяланг юрарди. «Ая-я! Ая-я!» деб ўтган-кетганга нималарнидир айтмоқчи бўларди. Уни кўп кузатганман. «Фарзандлар» филмида эса шундай ҳолатни тасвирлашим талаб этилди. Чор Россияси ҳукмронлик қилган йиллари сувсиз, нонсиз, бошпанасиз қолган ўзбек қишлоғи аҳолиси қаергадир кўчиб кета бошлайди. Биргина қари аёл — менинг қаҳрамоним пиёла кўтариб «сув беринг, сув бера қолинг» деб ҳувиллаб қолган қишлоқ кўчалари бўйлаб юради. Бу эпизодда бир шахснинг эмас, қашшоқ қишлоқнинг фожиаси тасвирланади. Кузатишларимни ўрганиш, ўзлаштиришга бўлган интилишимни кўрган, менга ишонган режиссёр Зоҳид Собитов эркинлик берди.

Кино тасмасини аямади. Образнинг филмда тутган ўрни ҳақида мулоҳаза қилди, холос. Ижод жараёнига эса суқилиб кирмади.
— Ташқи қиёфангизни пардоз усталарига топширасизми ёки ўзингиз танлаган кўриниш, портретлар ҳам бўладими?
— Сценарийдан келиб чиқамиз, албатта. Бу жараёнда режиссёр, баъзан либослар бўйича рассом ҳам иштирок этади. Лекин, менга қолса, бу ўринда актёр ёки актриса ўз қаҳрамонини режиссёрдан ҳам кўпроқ билиши, ҳар дақиқа уни кўриб, эшитиб, сезиб туриши керак. Шунда у ташқи кўринишини қаҳрамонига мослаб ўзгартира олади.

Мен 38 ёшимда қари кампир ролини ўйнаганман. «Қасам» филмидаги (1936) она келини паранжини ташлаганини эшитиб, дод-фарёд кўтаради, айни пайтда у пичоғини яланғочлаб «иснод келтирган», паранжисиз кўчага чиққан келинни чавақлаб ташламоқчи бўлган ўғлига таскин бермоқчи бўлади. Зоминдаги қишлоқлардан бирида хонадонга кирдим-у, сочимга упа сепиб оқартирдим, тишимга қора сақич ёпиштирдим, кўйлагимга ямоқ солдим, оёқ-қўлимга тупроқ суртиб ўтган асрнинг 20-йилларидаги қишлоқнинг манзарасига мос келадиган кампирнинг кўринишини яратгандек бўлдим. Кейин экранда ёйилиб ётган сочимнинг оқлари, ора-сира «сақланиб қолган» тишларим, жазирама иссиқ ва чангдан «ёрилиб» кетаёзган оёқ ва қўлларим, жулдур кийимим эпизодга, умуман, филмга мос келибди.

— Бундай изланишингизда сизга киночилар кўмаклашадими? Сиз танлаган кийим-кечак, кўриниш, қиёфа кино тасмасида ҳам ўз мазмунини, моҳиятини сиз ўйлаган даражада сақлаб қолиши учун операторнинг камераси «зийрак» режиссёрнинг фикри теран, маданияти юксак бўлиши, ниҳоят сизнинг партнёрингиз малакали бўлиши зарур эмасми?

— Бу ҳақда мен кўп ўйлайман. Шерик актёрни олайлик. Ёнимда ҳамиша дуруст ижрочилар бўлади. Улар билан ёнма-ён туриб ижод этиш менга маъқул. Фақат Қудрат Хўжаев билан бирорта филмда рол ўйнамаганимдан афсусланаман. Салбий ролларни қиёмига етказиб ўйнайди. У билан кинода суратга тушмаганимдан армондаман. Суратга олиш гуруҳининг бошқа аъзолари ҳақида мулоҳаза қилсам З.Собитовни, Ш.Аббосовни, Ҳ.Файзиевни тилга олардим. Бири тажрибали режиссёр, иккинчиси эндигина кинога кириб келган санъаткор, учинчиси эса оператор. Улар билан бажонидил ишлайман. Чунки актёрни чекламайди, уни тинглайди, бирор сўзини эътиборсиз қолдирмайди. Собитов- актёрларнинг энг яқин дўсти. Ҳар биримизнинг имкониятларимизни кўра билади, дадиллик билан гоҳ чуқур психологик, гоҳ ҳажвий, гоҳ фожеавий унсурларга бой бўлган ролларни топширади. Натижада ижронинг турли қирралари намоён бўлиб, актёр хазинаси бойиб боради.

Кинога келибманки, менга эзилган, муштипар, заҳмат чеккан аёл образи топширилади. «Қасам»да (1936), «Асал»да (1940), «Ер фарзанди»да (1965) — бундай филмлар кўп — бир хил образларни ўйнаб келдим. Зоҳид Собитов эса «Стадионда учрашамиз» комедиясида қувноқ, ҳазил-мутойибани севадиган, турмуш ўртоғи билан ҳам шундай мулоқотда бўладиган ўзбек аёли образини менга ишониб топширди. Худди шу режиссёр «Фарзандлар» тарихий драмасида (1958) ночорлик, адолатсизликдан руҳий касалликка чалинган шахс образини яратишни менга топширганида сенарийни, ролимни, ҳатто филмнинг метражини ўзгартирдик. Бу кинода камдан-кам бўладиган воқеа. Бир кичкина эпизод уч-тўрт катта эпизодга айланди. Актёрга эрк берилди. Кинотасмаси аялмади. Мен қўлимда бўм-бўш пиёлани ушлаганимча кимсасиз қолган қишлоқни кезиб юраман. Сўз билан эмас, нигоҳ, жисмоний ҳаракат, сезилар-сезилмас ишора билан фожиага учраганини ўзи ҳам англамаган аёлнинг мураккаб образини кўрсатишга ҳаракат қилганман. Режиссёрдан бирор марта мени тўхтатиб ҳолатдан чиқиб кетишимга йўл қўймагани учун миннатдорман.

Кинокамералар у вақтда баҳайбат, қўпол эди. Қўлда кўтариб юриб суратга олиш амримаҳол эди. Кичкина аравачага камерани ўрнатиб гоҳ орқамдан, гоҳ ёнимдан суратга олаверган. «Сув беринг!» деб кулишим, гоҳ ёлворишим ҳам тасмага айнан ёзилган. Усти қамиш билан ёпилган бир ҳужрага кириб қолганимда йирик планда суратга олинган кадрлар кўпинча ўзимга ҳам маъқул бўлади. Сочларим ёйилган. Бўз рўмолнинг бир четигина елкамга илиниб қолган. Қўлимдаги катта бўм-бўш пиёлага термулиб аччиқ қисмат ҳақида ўйлаётган муштипар аёлнинг руҳий ҳолати акс этган. Оператор Ҳотамжон Файзиевдан норози бўлган вақтларим кўп бўлган.

07   «Сен етим эмассан» филмида кадрни шунчалик узоқ қўяр эдики, тоқатимиз тоқ бўларди. Иссиқ кунда электр ёғдулари қиздириб юборган павилонда ўтираверардик. Кўп машаққат чекардик. Барибир миннатдорман ундан. Суратга олган кадрларини кўрганимизда санъатига қойил қолардик. Воқеа бир текисда ривожланиб боради. Актёрнинг хуноби чиққани, оператор эртадан-кечгача «кадрни қўйгани» сезилмайди. Бунда режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг хизмати катта. Истиқболи порлоқда бу йигитнинг!

Лутфихон Саримсоқованинг сўзларини «бўлиб» шуни қайд этмоқчиманки, актриса Ш.Аббосов эндигина («Маҳаллада дув-дув гап» (1961 й.), «Сен етим эмассан» (1963 й.) филмларини яратгану, аммо ҳали мақтов сўзларни эшитмаган, ҳеч қандай мукофотга муносиб топилмаган, биронта соврин ҳам олмаган дамда унинг серқирра истеъдодини, порлоқ истиқболини ая кўра билган эди.

Тилга олинган бу санъаткор кейинчалик «Абу Райҳон Беруний», «Тошкент — нон шаҳри», «Муҳаббат можароси», «Қалбингда қуёш» каби турли жанрда, бадиий услубда суратга олган филмлари билан шуҳрат қозонганидан бугунги томошабин хабардор. Ая ҳикоясини давом эттирди: -Кино мухлисининг диди нозиклашди, талаби ўсди. Унга лойиқ асар яратиш машаққати менга кўп қатори маълум. Эсимда, 20-йилларда Андижонда овозсиз филмлар кўрсатиларди.

Ашур картиначи тахаллусини олган узун бўйли киши экраннинг ёнида турарди-да, барча воқеаларни тушунтириб борарди. Ҳозир бу ҳол кўпчиликда кулги уйғотади. Ўша йиллари эса бу «шарҳловчи» кино кўригининг ажралмас, жуда зарур жонли бўлаги ҳисобланарди. У нос отмоқчи бўлиб ёки пиёладаги чойидан бир хўплам ичиш учун бир зум жим қолса, «Гапиринг, нима бўлаяпти. У нега югуриб кетаяпти?» каби саволлар ёғилиб кетарди. Шу боис Ашур картиначи ёд бўлиб кетган кадрларни қайта-қайта кўришга, «Тунда кутилмаган меҳмон келди», «Осуда қишлоқ уйқуда» деб ёки кадрдаги тасвирни айнан қайтариб «Қаранг, ёмғир эзиб ёғаяпти. Камбағал йигит эса эшикма-эшик юриб, ишини битира олмаяпти» каби жумлалар билан томошабинга хабар бериб турарди.

Ҳозир эса кино ихлосмандлари билан бирга кинонинг ўзи ҳам кескин равишда ўсиши зарур. Бунинг учун, аввало, ижодкорлар имкониятидан фойдаланиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида ўйлаш даркор! Мен ўзбек аёлининг мукаммал, ҳар жиҳатдан камол топган образини яратсам, дейман! Она, мураббий, олим, севикли ва севадиган ёр, санъаткор!.. Буларнинг фаолиятида, ҳаётида қанчадан-қанча мураккабликлар мавжуд! Мен шундай ролни ўйнашга бажонидил рози бўлардим.

Лутфихон аянинг бу сўзларини эшитганимда, истеъдод эгасининг кинода бир хил ролларни ўйнашга мажбур бўлганини эсладим. Ҳатто бақувват асар ҳисобланмиш «Сен етим эмассан»да ҳам аянинг қаҳрамони Фотима кўп ўринда иккинчи планга ўтиб қолган. Театрда эса яйраб ижод этган вақтлари кўп бўлди. Саҳнадаги роллари, ранг-баранг образлари кўпинча катта адабиётдан олинди…

Аямиз сўнгги суҳбатда ҳам ҳали ўйналмаган роллари, ушалмаган орзулари ҳақида сўзлаган эди. Мўътабар 90 ёшида ҳам ёқимли табассуми юзидан аримади. Ўша кезлари у «Катта ҳовуз» маҳалласидан янги — «экспериментал уй»га кўчиб ўтган эди. Ўша хонадон ҳозирги «Ғунча» кинотеатрининг орқа томонида жойлашган.

хдк

(Tashriflar: umumiy 281, bugungi 1)

Izoh qoldiring