Ikrom Otamurod.»Men endi ketarman pinhon va yolg’iz…»

021
Асқарнинг ният қилган сафарларининг йўли бошқа томонга кетди. Нима ҳам қилардик. Энди фақат хотирадан нажот сўраймиз. Ётган жойинг нурга тўлсин, укам. Билиб айтган экансан-да, жим кетишингни: “Мен энди кетарман пинҳон ва ёлғиз…”
Кунлар ўз йўриғида гоҳ билдириб, гоҳ билдирмай ўтаверади…

065

Икром Отамурод
“МЕН ЭНДИ КЕТАРМАН ПИНҲОН ВА ЁЛҒИЗ…”

Ҳеч ишонгим келмайди. Ишонмасдан иложим ҳам йўқ. Ўйласам, ҳар гал юрагим тўкилиб кетади. Канглумда нимадир чирсиллаб узилади. Бу нимадир унинг ўзи айтгандек: “Мен ҳам армон билан бир кун кўз юмгум” дегани. Бу нимадир унинг кетгани, унинг энди қаватимда йўқлиги. Хотира ёзиш оғир. Айниқса, канглунгга мадад бериб, ёнингда қувват бўлиб юрган, дарахтдай ўсиб бораётган… ва… бирдан “пинҳон ва ёлғиз” кетган ининг ҳақида… На илож! Аллоҳнинг иродаси. Асқар Маҳкам доғда қолдириб кетди. Хотирага айланди.
Хаёлимда Асқарнинг узоқ манзилдан келиб, илк бор насиб этган суҳбатлари, сўнгра ака-укаликка йўйилиб, боғланиб кетган меҳр ришталари, оқибат боғичлари, собитлик сиралари ўтаверади. Асқар Маҳкам пойтахтга ижодкор бўламан, деган мурод билан келган эди. Уни ана шу ният ижодкорлар оламига бошлаганди. У ижодкор бўлди. Катта-катта достонлар ёзди. Катта-катта таржималар қилди. Сўзнинг машаққатини, сўзнинг моҳиятини, сўзнинг улуғлигини қалбига жойлади ва шу собитлик билан яшаб ўтди.
Асқарнинг яшаш тарзи билан фаолиятида чинакам собитликнинг, чинакам субутликнинг мустаҳкам бирлиги бор эди. У мабодо бировга меҳр қўйса, уни ўзига яқин кўрса, зинҳор ундан қўл узмасди. Ўзининг беҳудчилигини унутса ҳам дўсти ёки биродарининг ҳолини асло эсдан чиқармасди. Қачон қараманг, қайсидир биродарининг корига яраш мақсади билан юрарди. Биродарининг ҳожатига ярарди. У ёши каттага собит ука, тенгдошга собит дўст, кичикка собит ака эди. Яшаш йўсинидаги айнан ана шу жиҳат ёзувига уйғунлашиб кетарди. Ёзувига куч берарди. У ҳамма нарсага моҳият сирасидан қарарди. Биродарликни берк тутарди. Муносабатларда омонатликни ёқтирмасди. Ўзига ярашадиган “чарс”лиги ҳам бор эди. Қалбини яқин оларди. Қалбга яқин борарди. Аллома Фаридуддин Аттор шундай деган эканлар: “Одамзотнинг руҳи ичкарисидадир, сен унга сафар қилмоғинг керак”. Асқарнинг ижоди ана шу тахлит, яъни “ичкарига сафар” йўсинига йўғрилган қалб маҳсули. Инсоннинг моҳиятини англатишга қаратилган ёзувлар сирасига мансуб.
Асқар билан узоқ вақт бир бинода, бир эшикдан кириб-чиқиб, ёнма-ён ишладик. Асқар аввалига “Санъат” журналида, сўнгра “Гулистон” журналида, кейинги пайтларда “Файласуфлар миллий жамияти”да хизмат қилди. Асқар ҳамиша фикр бағрида бўларди. Хонасига қачон кирмай, гоҳо дилим ҳуриллаб ўзим тушардим, гоҳо меҳри товлаб ўзи чақирарди, хуллас, қават-қават китоблар тахи столи устида варақлари очилган, ёзувларга, таржималарга кўчаётган ҳолатда турарди. Бу китоблар орасида Қуръони карим, шунингдек, Жалолиддин Румий, Шамс Табризий, Саъдий, Ҳофиз, Навоий асарлари, хилма-хил луғатлар доимо бўларди. Булар, шубҳасиз, Асқарнинг ҳам руҳига, ҳам сўзига қувват берарди. Қалбига мадад бўларди. Асқарнинг бу улуғ неъмат — китобларга ҳамда уларнинг муаллифларига ихлоси ва эътиқоди баланд эди. Ана шу ихлос ҳамда эътиқод Асқарнинг қалбига кўчди. У шу йўсинда, яъни қалб маъноси йўсинида яшади, қалб маъноси йўсинида ёзди. Асқар билан мени яқинлаштирган яна бир нарса, бу қисматларимиздаги уйқашлик бўлди. Мен ҳам, Асқар ҳам камлик билан, етимлик билан ўсган эканмизки, бундай ҳолат кейинчалик бизни бир-биримизга маҳкам боғлади. Мен ўзим ўсиб вояга етган даштларни, кенгликларни, тўрғайларни яхши кўраман. Асқарнинг дилида ҳам шундай, яъни ўзи ўсган жойларни соғиниш, унга интилиш ҳисси кучли эди.
2001 йилда бизнинг элимизга бориладиган бўлди. Сафардошлар — Ҳалима Худойбердиева, Омон Мухтор, Асад Дилмурод, Ўрол Ўтаев, Салим Ашур, Сирожиддин Рауф, Асқар Маҳкам ва мен биргаликда йўлга чиқдик. Атайин кечи билан чиқдик. Салқин билан кетамиз деб. Йўл-йўлакай қаерлардадир тўхтаб, оқшомнинг тиниқ осмонини, борлиқнинг кечга ёнбошлаган сукунатини томоша қилиб кетдик. Эртасига учрашувлар, суҳбатлар бўлди. Қарши, Касби, Муборак тупроқларида юрдик. Ҳаммамизда ҳам ҳайрат қайсидир даражада улғайди, таассурот, тасаввурлар тўлишди. Асқарда эса бу жиҳат жуда бошқача кечди. Унинг кўзлари яшнаб кетди. Учрашувлар, суҳбатлардан кейин ўзи бир ерларга чиқар, кенгликларга болаларча термулар, нималарнидир фикридан ўтказар, гоҳ маъноли ўзига хос жилмайиш билан, гоҳ чуқур ўйлов билан яна давраларга қўшиларди. Бизнинг элимизнинг табаррук жойлари — Қўрғонни кўриб, Сардобанинг сувига қўлларини ботириб, Султон Мирҳайдарни зиёрат қилиб, тошларини қўллари билан силаб чуқур ўйга ботарди. Бу ўй фақат унга ярашарди. Кейин бўлиқ овоз билан шеърлар ўқирди. Овозидаги жаранг, мунг, оҳанг, маъно қўшилиб қўнғироқдек садо берарди. Биз сафардошлар ярим ҳазил билан:
— Асқар, яхшиям, қўшиқ айтмас экансиз, бўлмаса, бу қўнғироқ овоз билан кўп қўшиқчиларни доғда қолдириб кетаркансиз, — деганимизда қалбидаги ўй, сукут шундай бир кулгига айландики, бу унинг юрагидаги чуқур ўйнинг, чуқур сукутнинг кенгликларда майдонга чиққан товушига менгзаб кетди. Бундай кулгу доим ҳам бўлавермасди. У ё тўлиб келган кезда, ё ҳайратлар, соғинчлар ғужурга дўнган маҳалда бўларди. Мен шунда Асқар овозининг сеҳрини англадим… Ёзувларининг руҳига янаям яқин бордим. Ич-ичидан чиқаётган Сўзнинг, руҳиятнинг мавжи қанчалик тўлқинли бўлишини англадим. Бу тасаввуфий йўсиндаги катта Сўз, катта Овоз эканлигини билдим. Бизнинг элимизга Асқарнинг жудаям меҳри ортди. Олдинги ака-укалик боғичларимиз янаям мустаҳкам бўлди. Соғинган кенгликларни, даштларни бирга-бирга “канглумизга” олиб қайтдик.
Кунлар ўз йўриғида гоҳ билдириб, гоҳ билдирмай ўтаверади.
Асқар бир кун бир жўраси билан ўзларига нисбатан ёш йигитни бошлаб келишди. Танишдик. Ёш шоир экан.
— Шеърлар ёзади. Ўзингиз шеърларини кўриб, иложи бўлса, ният билдирсангиз, — дейишди биродари билан.
— Укалар, майли, мен шеърларини кўраман, маъқул бўлса тайёрлайман. Лекин бу йигитга ўзларингиздан бирларингиз сўз ёзиб беринглар. Чунки уни сизлар топгансиз ва сизларнинг ҳаққингиз бор сўз тилашга, — дедим.
Асқар билан жўраси: “Йўқ! — дейишди. — Биз эркин тортиб сизга олиб келдик, ўзининг хоҳиши ҳам сиздан маслаҳат олиш, сўз олиш”, — дейишди бараварига. Бу йигит Асқарнинг элдоши — истеъдодли ёш шоир Алишер Нарзулло эди. Бу Асқар қалбида ўрнашган хайрихоҳликнинг биттагина кўриниши, холос. Хайрихоҳлик Асқарнинг қалб фаолияти эди…
Кунлар ўз йўриғида гоҳ билдириб, гоҳ билдирмай ўтаверади…
Асқарнинг тоби қочди. Олдинига унчалик эътибор бермай, тик оёқда ўтказмоқчи бўлди. Чунки у ҳала-була дардга ён бермасди. Дард, ташвишлар, ўксинишлар… Изма-кетин келди. Ҳолдонлашиб, канглуни кўтариб турилди.
Бир кун эрталаб, Асад Дилмурод ишга келди-да: “Асқар сал толиқиб қолибди. Ишга келаётиб, Алишер Нарзулло билан кўришиб қолдим. Ўша айтди”, деди.
Ишдан кейин уйига ўтдик. Ётган экан. Кўришдик. Ҳол-аҳвол сўрадик. Кўзларига ёш келди.
— Икром ака, сизни соғиндим, жудаям соғиндим, — деди.
Юрагим тўлди. Сукут босди.
— Шу ёшга келиб, сизнинг элингиздан бошқа жойга бормабман. Имом Бухорийни, Баҳовуддин Нақшбандни ҳам ҳалигача кўрмабман. Агар оёққа турсам, бундан буён фақат юраман, айтган жойларимни бориб зиёрат қиламан, — деди чеҳрасига ажиб нур югуриб.
— Укам, алп укам, насиб бўлса соғайиб кетасиз. Ҳали нафақат айтган ерларингиз, ундан бошқа ҳам кўп жойларни кўрасиз. Қолаверса, сиз муборак сафарда бўлгансиз, Румий, Табризийни таржима қилиш асносида, нафақат улар бўлган манзилларда, кўпчилик бора олмайдиган макон — уларнинг руҳий оламларига саёҳатлар қилгансиз. Соғайиб, оёққа туришингиз билан, иложи бўлса, айтган жойларингизга бирга борамиз, — дедим юрагим тўлиб.
— Қанийди, — деди. Кейин гапни бошқа томонларга буриб, дилини анча равшан қилишга уриндик. Қўлимни қўллари орасига олиб анча фурсат тутиб турди. Акаси, укаси, қайинлари келишган экан. Кетаётганда:
— Чой ичиб кетинглар. Овқат тайёр. Бўлмаса, хафа бўламан, — деди. Иродасига бўйсундик. Иноғалари билан суҳбатлашдик.
Афсус. Асқарнинг ният қилган сафарларининг йўли бошқа томонга кетди. Нима ҳам қилардик. Энди фақат хотирадан нажот сўраймиз. Ётган жойинг нурга тўлсин, укам. Билиб айтган экансан-да, жим кетишингни:
“Мен энди кетарман пинҳон ва ёлғиз…”
Кунлар ўз йўриғида гоҳ билдириб, гоҳ билдирмай ўтаверади…

асқар

Ikrom OTAMUROD
“MEN ENDI KETARMAN PINHON VA YOLG`IZ…”

Hech ishongim kelmaydi. Ishonmasdan ilojim ham yo‘q. O‘ylasam, har gal yuragim to‘kilib ketadi. Kanglumda nimadir chirsillab uziladi. Bu nimadir uning o‘zi aytgandek: “Men ham armon bilan bir kun ko‘z yumgum” degani. Bu nimadir uning ketgani, uning endi qavatimda yo‘qligi. Xotira yozish og‘ir. Ayniqsa, kanglungga madad berib, yoningda quvvat bo‘lib yurgan, daraxtday o‘sib borayotgan… va… birdan “pinhon va yolg‘iz” ketgan ining haqida… Na iloj! Allohning irodasi. Asqar Mahkam dog‘da qoldirib ketdi. Xotiraga aylandi.
Xayolimda Asqarning uzoq manzildan kelib, ilk bor nasib etgan suhbatlari, so‘ngra aka-ukalikka yo‘yilib, bog‘lanib ketgan mehr rishtalari, oqibat bog‘ichlari, sobitlik siralari o‘taveradi. Asqar Mahkam poytaxtga ijodkor bo‘laman, degan murod bilan kelgan edi. Uni ana shu niyat ijodkorlar olamiga boshlagandi. U ijodkor bo‘ldi. Katta-katta dostonlar yozdi. Katta-katta tarjimalar qildi. So‘zning mashaqqatini, so‘zning mohiyatini, so‘zning ulug‘ligini qalbiga joyladi va shu sobitlik bilan yashab o‘tdi.
Asqarning yashash tarzi bilan faoliyatida chinakam sobitlikning, chinakam subutlikning mustahkam birligi bor edi. U mabodo birovga mehr qo‘ysa, uni o‘ziga yaqin ko‘rsa, zinhor undan qo‘l uzmasdi. O‘zining behudchiligini unutsa ham do‘sti yoki birodarining holini aslo esdan chiqarmasdi. Qachon qaramang, qaysidir birodarining koriga yarash maqsadi bilan yurardi. Birodarining hojatiga yarardi. U yoshi kattaga sobit uka, tengdoshga sobit do‘st, kichikka sobit aka edi. Yashash yo‘sinidagi aynan ana shu jihat yozuviga uyg‘unlashib ketardi. Yozuviga kuch berardi. U hamma narsaga mohiyat sirasidan qarardi. Birodarlikni berk tutardi. Munosabatlarda omonatlikni yoqtirmasdi. O‘ziga yarashadigan “chars”ligi ham bor edi. Qalbini yaqin olardi. Qalbga yaqin borardi. Alloma Fariduddin Attor shunday degan ekanlar: “Odamzotning ruhi ichkarisidadir, sen unga safar qilmog‘ing kerak”. Asqarning ijodi ana shu taxlit, ya’ni “ichkariga safar” yo‘siniga yo‘g‘rilgan qalb mahsuli. Insonning mohiyatini anglatishga qaratilgan yozuvlar sirasiga mansub.
Asqar bilan uzoq vaqt bir binoda, bir eshikdan kirib-chiqib, yonma-yon ishladik. Asqar avvaliga “San’at” jurnalida, so‘ngra “Guliston” jurnalida, keyingi paytlarda “Faylasuflar milliy jamiyati”da xizmat qildi. Asqar hamisha fikr bag‘rida bo‘lardi. Xonasiga qachon kirmay, goho dilim hurillab o‘zim tushardim, goho mehri tovlab o‘zi chaqirardi, xullas, qavat-qavat kitoblar taxi stoli ustida varaqlari ochilgan, yozuvlarga, tarjimalarga ko‘chayotgan holatda turardi. Bu kitoblar orasida Qur’oni karim, shuningdek, Jaloliddin Rumiy, Shams Tabriziy, Sa’diy, Hofiz, Navoiy asarlari, xilma-xil lug‘atlar doimo bo‘lardi. Bular, shubhasiz, Asqarning ham ruhiga, ham so‘ziga quvvat berardi. Qalbiga madad bo‘lardi. Asqarning bu ulug‘ ne’mat — kitoblarga hamda ularning mualliflariga ixlosi va e’tiqodi baland edi. Ana shu ixlos hamda e’tiqod Asqarning qalbiga ko‘chdi. U shu yo‘sinda, ya’ni qalb ma’nosi yo‘sinida yashadi, qalb ma’nosi yo‘sinida yozdi. Asqar bilan meni yaqinlashtirgan yana bir narsa, bu qismatlarimizdagi uyqashlik bo‘ldi. Men ham, Asqar ham kamlik bilan, yetimlik bilan o‘sgan ekanmizki, bunday holat keyinchalik bizni bir-birimizga mahkam bog‘ladi. Men o‘zim o‘sib voyaga yetgan dashtlarni, kengliklarni, to‘rg‘aylarni yaxshi ko‘raman. Asqarning dilida ham shunday, ya’ni o‘zi o‘sgan joylarni sog‘inish, unga intilish hissi kuchli edi.
2001 yilda bizning elimizga boriladigan bo‘ldi. Safardoshlar — Halima Xudoyberdieva, Omon Muxtor, Asad Dilmurod, O‘rol O‘taev, Salim Ashur, Sirojiddin Rauf, Asqar Mahkam va men birgalikda yo‘lga chiqdik. Atayin kechi bilan chiqdik. Salqin bilan ketamiz deb. Yo‘l-yo‘lakay qaerlardadir to‘xtab, oqshomning tiniq osmonini, borliqning kechga yonboshlagan sukunatini tomosha qilib ketdik. Ertasiga uchrashuvlar, suhbatlar bo‘ldi. Qarshi, Kasbi, Muborak tuproqlarida yurdik. Hammamizda ham hayrat qaysidir darajada ulg‘aydi, taassurot, tasavvurlar to‘lishdi. Asqarda esa bu jihat juda boshqacha kechdi. Uning ko‘zlari yashnab ketdi. Uchrashuvlar, suhbatlardan keyin o‘zi bir yerlarga chiqar, kengliklarga bolalarcha termular, nimalarnidir fikridan o‘tkazar, goh ma’noli o‘ziga xos jilmayish bilan, goh chuqur o‘ylov bilan yana davralarga qo‘shilardi. Bizning elimizning tabarruk joylari — Qo‘rg‘onni ko‘rib, Sardobaning suviga qo‘llarini botirib, Sulton Mirhaydarni ziyorat qilib, toshlarini qo‘llari bilan silab chuqur o‘yga botardi. Bu o‘y faqat unga yarashardi. Keyin bo‘liq ovoz bilan she’rlar o‘qirdi. Ovozidagi jarang, mung, ohang, ma’no qo‘shilib qo‘ng‘iroqdek sado berardi. Biz safardoshlar yarim hazil bilan:
— Asqar, yaxshiyam, qo‘shiq aytmas ekansiz, bo‘lmasa, bu qo‘ng‘iroq ovoz bilan ko‘p qo‘shiqchilarni dog‘da qoldirib ketarkansiz, — deganimizda qalbidagi o‘y, sukut shunday bir kulgiga aylandiki, bu uning yuragidagi chuqur o‘yning, chuqur sukutning kengliklarda maydonga chiqqan tovushiga mengzab ketdi. Bunday kulgu doim ham bo‘lavermasdi. U yo to‘lib kelgan kezda, yo hayratlar, sog‘inchlar g‘ujurga do‘ngan mahalda bo‘lardi. Men shunda Asqar ovozining sehrini angladim… Yozuvlarining ruhiga yanayam yaqin bordim. Ich-ichidan chiqayotgan So‘zning, ruhiyatning mavji qanchalik to‘lqinli bo‘lishini angladim. Bu tasavvufiy yo‘sindagi katta So‘z, katta Ovoz ekanligini bildim. Bizning elimizga Asqarning judayam mehri ortdi. Oldingi aka-ukalik bog‘ichlarimiz yanayam mustahkam bo‘ldi. Sog‘ingan kengliklarni, dashtlarni birga-birga “kanglumizga” olib qaytdik.
Kunlar o‘z yo‘rig‘ida goh bildirib, goh bildirmay o‘taveradi.
Asqar bir kun bir jo‘rasi bilan o‘zlariga nisbatan yosh yigitni boshlab kelishdi. Tanishdik. Yosh shoir ekan.
— She’rlar yozadi. O‘zingiz she’rlarini ko‘rib, iloji bo‘lsa, niyat bildirsangiz, — deyishdi birodari bilan.
— Ukalar, mayli, men she’rlarini ko‘raman, ma’qul bo‘lsa tayyorlayman. Lekin bu yigitga o‘zlaringizdan birlaringiz so‘z yozib beringlar. Chunki uni sizlar topgansiz va sizlarning haqqingiz bor so‘z tilashga, — dedim.
Asqar bilan jo‘rasi: “Yo‘q! — deyishdi. — Biz erkin tortib sizga olib keldik, o‘zining xohishi ham sizdan maslahat olish, so‘z olish”, — deyishdi baravariga. Bu yigit Asqarning eldoshi — iste’dodli yosh shoir Alisher Narzullo edi. Bu Asqar qalbida o‘rnashgan xayrixohlikning bittagina ko‘rinishi, xolos. Xayrixohlik Asqarning qalb faoliyati edi…
Kunlar o‘z yo‘rig‘ida goh bildirib, goh bildirmay o‘taveradi…
Asqarning tobi qochdi. Oldiniga unchalik e’tibor bermay, tik oyoqda o‘tkazmoqchi bo‘ldi. Chunki u hala-bula dardga yon bermasdi. Dard, tashvishlar, o‘ksinishlar… Izma-ketin keldi. Holdonlashib, kangluni ko‘tarib turildi.
Bir kun ertalab, Asad Dilmurod ishga keldi-da: “Asqar sal toliqib qolibdi. Ishga kelayotib, Alisher Narzullo bilan ko‘rishib qoldim. O‘sha aytdi”, dedi.
Ishdan keyin uyiga o‘tdik. Yotgan ekan. Ko‘rishdik. Hol-ahvol so‘radik. Ko‘zlariga yosh keldi.
— Ikrom aka, sizni sog‘indim, judayam sog‘indim, — dedi.
Yuragim to‘ldi. Sukut bosdi.
— Shu yoshga kelib, sizning elingizdan boshqa joyga bormabman. Imom Buxoriyni, Bahovuddin Naqshbandni ham haligacha ko‘rmabman. Agar oyoqqa tursam, bundan buyon faqat yuraman, aytgan joylarimni borib ziyorat qilaman, — dedi chehrasiga ajib nur yugurib.
— Ukam, alp ukam, nasib bo‘lsa sog‘ayib ketasiz. Hali nafaqat aytgan yerlaringiz, undan boshqa ham ko‘p joylarni ko‘rasiz. Qolaversa, siz muborak safarda bo‘lgansiz, Rumiy, Tabriziyni tarjima qilish asnosida, nafaqat ular bo‘lgan manzillarda, ko‘pchilik bora olmaydigan makon — ularning ruhiy olamlariga sayohatlar qilgansiz. Sog‘ayib, oyoqqa turishingiz bilan, iloji bo‘lsa, aytgan joylaringizga birga boramiz, — dedim yuragim to‘lib.
— Qaniydi, — dedi. Keyin gapni boshqa tomonlarga burib, dilini ancha ravshan qilishga urindik. Qo‘limni qo‘llari orasiga olib ancha fursat tutib turdi. Akasi, ukasi, qayinlari kelishgan ekan. Ketayotganda:
— Choy ichib ketinglar. Ovqat tayyor. Bo‘lmasa, xafa bo‘laman, — dedi. Irodasiga bo‘ysundik. Inog‘alari bilan suhbatlashdik.
Afsus. Asqarning niyat qilgan safarlarining yo‘li boshqa tomonga ketdi. Nima ham qilardik. Endi faqat xotiradan najot so‘raymiz. Yotgan joying nurga to‘lsin, ukam. Bilib aytgan ekansan-da, jim ketishingni:
“Men endi ketarman pinhon va yolg‘iz…”
Kunlar o‘z yo‘rig‘ida goh bildirib, goh bildirmay o‘taveradi…

(Tashriflar: umumiy 94, bugungi 1)

Izoh qoldiring